Тамаз Чиладзе. Турна (ҳикоя)

Куз, – деди оҳиста аёл, – куз… – Эркак жавоб бермай, ёстиқни иккала қўли билан қучоқлаганча, мук тушиб ётарди. – Осмонда турналар… – деди яна аёл. – Учиб кетишяпти… – Бир оздан кейин яна қайтарди: – Учиб кетишяпти!
Эрталаб, одатдагидек, шундайгина қирғоқ яқинидаги сувдан чиқиб турган ходаларга тўр боғлаётганида худди осмони фалакдан кимдир уни чақираётгандай туюлиб, юқорига икки марта кўз ташлаган эди. Осмонда сокин ва унутилган варраксимон турналар галаси учиб борарди.
“Булутларни қара-я,” – деб ўйлаганди ўшанда эркак.
Турналарни узоқ вақт диққат билан кузатиб қолганига қарамай, ке­йин улар ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмади, қайиқда турганича ходачага арқон ўрайверди.
– Ҳар йили кузда шу аҳвол: учиб кетаверишади, кетаверишади, осмони фалак турналарга тўлиб кетади…
– Ухласанг-чи, – дея тўнғиллади эркак, лекин ўзи аёлнинг жим бўлишини сираям истамасди.
Чарчаб ҳолдан тойган танасини аёлнинг овози гўёки аллаларди. Унинг овози худди тушга ўхшарди, фақат бундай тушни кўрмайсану эшитасан, холос. Аммо осмондан учиб ўтаётган турналарни сезиб ётарди.

Тўлқинлар қайиқни чайқатар, у эса оёғини қайиққа маҳкам тираганча ходага арқон ўрарди. Або бобо қайиқнинг қуйруғида, лабида милтираб турган сигаретини ўчиб қолмасин, дея икки қўли билан шамолдан пана қилиб ўтирарди. Або бобо тўрларни ўрай олмайди. Шундай экан, денгизга чиқиб нима қиларкин-а? Биров чиққин демаган бўлса?! Або ўлгудай қайсар, ундан осонликча қутулиб бўпсан, тихирлик қилиб туриб олгандан кейин, нима ҳам дердинг. Ҳар ҳолда, отанг тенги одамга бир нима деб бўлармиди.
Тўсатдан қайиқ оғиб кетиб, гўё осмон ҳам қимирлаб, ҳатто бошқача – қизил тусга кириб қолгандай туюлди. Булутлар ҳам булутларга ўхшамас, худди олачипор сигир подаси ялқовлик билан ўрмалаб келаётганга ўхшарди.
“Қизиқ, подага осмонда пишириб қўйибдими?” – ажабланди эркак.
Ҳақиқатанам пода қишлоқ бўйлаб кетмоқда эди. Кечки ғира-ширада сигирларнинг тўши худди қизил заранг барги билан ямалганга ўхшарди. Сигирлар ноғорага ўхшаш оппоқ елинларини тирсиллатиб, тўйдан келаётган ширакайф ноғорачиларга ўхшаб лапанглаб, бесўнақай қадам ташлашарди.
Мана, эшик очилди-да, кўчага бир аёл чиқди. У хотинини дарҳол таниди. Айтганча, у вақтда ҳали бу қиз унинг хотини эмас эди. У қизни фақат орқаворотдан танирди. Қиз бошини силкиди-да, кафти билан кўзини қуёшдан тўсганча осмонга қаради.
У бирдан:
– Турналар! – дея хитоб қилди-да, баралла кулиб юборди.
Пода, отда ўтирган чўпон, томлар устида сузиб юрган тутун – ҳаммаси бирдан тўхтаб, қотиб қолди. Фақат шўх шалоладай мана шу кулги борлиққа ҳукмронлик қилаётганди. У ҳам аста-секин юқорилар, юқорилаган сари шакли муайян аниқ тусга кириб борарди. У кулранг қоронғиликда аввал ноаниқ, кейин эса борган сари аниқроқ ва равшанроқ турнага айланиб борди, ҳа, узоқларга интилаётган, каттакон қанотларини баралла қоққанча учиб кетаётган турнага айланиб қолди.
Кейин бирдан, ўша вақтда, ҳа, ҳа, худди ўша вақтда ўзи у ерда бўлмаганлигини ҳис қилди. Унда қандай қилиб буларнинг ҳаммасини кўра олди экан?
У қаерда эди?
– Қаерда? – деб сўради у овоз чиқариб ва овозидан уйғониб кетди-ю, ўзи сезмаган ҳолда мудраб кетганини пайқади.
– Қаерда, қаердамиш… – жавоб берди хотини. – Мана шу ерда, томорқамиз орқасидаги қиёқзорда-да… – Афтидан, у нима ҳақдадир ҳикоя қилаётганга ўхшарди.
Ҳар доим шу аҳвол. Ухлаш олдидан хотини доим оҳиста нималарнидир ҳикоя қилиб берарди, у худди ўз-ўзи билан гаплашаётгандай, кун бўйи бўлиб ўтган воқеаларни бир бошдан муҳокама қилаётгандай бир маромда ҳикоя қилишни яхши кўрарди.
Эркак бўлса ётган жойида эшитиб ётар ва бу эшитаётганларининг ҳаммаси тушга ўхшар, фақат бу тушни эшитасану кўрмайсан, холос.
– У бошини қаноти остига яширганча, тик турган ҳолда ухлаётганди… –деб ҳикоя қиларди хотини.
Ҳа-а. Сен ҳақсан, турналар худди шу ҳолатда ухлашади, деб таъкидлашга ҳуши келмаса-да, хотини гапини тўхтатиб қўймаслиги учун бир нима дейиши лозим эди.
– Тўғри, – гапини давом эттирди хотини, – улар тик турганча ухлашади… – деди-да, жим бўлди.
У хотинини ухлаб қолди шекилли, деб ўйловдиямки, унинг кулгиси эшитилди. У ажабланди-ю, лекин ҳеч нарса демади, фақат: “Нега куляпсан?” дегандай елкаси билан уни туртиб қўйди.
– Худди мендақа, – кулганча жавоб қилди у, – ўлай агар, ёлғон бўлса.
У жилмайди: “Яна ўзиникини маъқуллайди-я, жиннивой!..”
Бу унинг қўлидан келарди. Кун бўйи уй-рўзғор ишлари билан банд. Бир қарасанг, юзини қуёшдан беркитиб, рўмол ўраб олганча томорқада, бир қарасанг, иссиқдан юзлари ширмой нондек қип-қизариб ўчоқ бошида ивирсиб юради. Бир дақиқаям бўш турганини кўрмайсиз, шунга қарамай, бирор-бир ажойиботни топмай қўймайди: гоҳ чиғаноқ, гоҳ ҳали ҳеч кимга маълум бўлмаган номсиз ўт, гоҳ шамол учириб балконга келтириб ташлаган қуш пати ва ҳоказолар. Уларни авайлаб қўлига олади-да, бир нуқтага мулойим тикилганча, жилмайиб қўяди. Нега бекордан-бекорга жилмаяркин, балки ўзининг худди манави шамол учириб келтирган патдай енгил-елпи ўй-хаёлларига бўлса керак-да!
Уча бўлса эрталабдан кечгача денгиздан бери келмайди.
– Денгиз – мана бу бошқа гап – қолган ҳаммаси ёлғон-яшиқ, уйдирма нарсалар, – дейди Або бобо ва зўриқиб йўталади.
Бобонинг денгизнинг шўр сувида тиришиб, қуруқшаб кетган қўллари худди қисқичбақанинг панжаларидек доимо ҳаракатда. Абонинг каттакон, сепкилли қўллари, нурсиз сўниқ, худди ўргимчак тўри билан тўсилгандек ҳаракатсиз кўзларини кўрганда, Учага доим эртами-кечми ўзи ҳам худди мана шу шамол ва шўр сув кемириб ташлаган бобо сингари қайиқ қуйруғида ёки мачта олдида тиришиб ўтирадигандек туюларди.
– Бутун дунёда менинг ҳеч кимим йўқ, – деб таъкидлади Або бобо. Агар Уча шу пайтда тўрни тортса, албатта ҳеч вақо чиқмаслигини олдиндан сезарди. “Жин ургур, афсунгар!” – дея ўзича ўйларди-ю, лекин чолни ранжитиб қўймаслик учун оғиз очиб бир нарса демасди.
– Ҳеч кимнинг кераги ҳам йўқ! – ўзиникини маъқулларди Або.
Цира балконда ўтирганча жилмаярди. Уча уни дастлаб ярмаркада кўрганди, ўшанда ҳам худди шундай жилмайган эди. Унинг қўлида худди парашютга ўхшаш қизил шамсия бор эди. Эгнида оқ кўйлак, оёғига эса оқ босоножка кийиб олганди. Мана шу олағовурда – мойланмаган каруселнинг ғирчиллаши-ю, сотишга олиб чиқилган чўчқаларнинг чийиллашини сезмаётганга ва кўрмаётганга ўхшарди. Унинг эътиборини ҳаттоки на пештахталарга ёйиб қўйилган алвон ранг газламалар, на етилганидан ёрилиб кетган тарвузлар, на бир талай томошаталаб одамлар ўраб олган чолғучилар, на шаҳардан келган рассом томонидан чизилган туман кўрсаткичлари тахтаси тортарди. Чой ва цитрус плантациялари тасвирланган расмларга илғор ишчиларнинг думалоқ қилиб қирқилган суратлари ёпиштирилган эди. Натижада у сураткаш Амберкининг холстига ўхшаб қолганди: думалоқ тешикчага бошингни суқасан-да, кейин грузинча чоха ва архалука кийган чавандоз тасвирланган суратни қанддек қилиб қўлга оласан.
– Ким у? – деб сўради Уча оғайнисидан.
Худди шу пайт калта катак шим кийиб бамбук ҳасса ушлаган пакана, бақалоқ турист:
– Анави қизни қаранглар! Унга бир қаранглар-а! – деб қичқирди.
– Ҳа, бирорта эсини еганлардандир-да, – деди оғайниси.
– Қаёқдан биласан?
– Қаёқдан дейсанми, худога шукур, эс-ҳушим ҳали жойида.
– Балки уни танирсан деб ўйловдим…
– Умримда биринчи марта кўриб турибман.
Оғайниси бу қиз билан таниш эмаслигини эшитган Учанинг бош-кўзи айланиб, бутун бошли туристлар группасини – ҳаммалари бир хил сават шляпа кийиб олишганди – росаям ялиниб-ёлвориб вино сотиладиган ертўлага меҳмон қилиш учун олиб тушди.
Майхоначининг қорни шунақанги катта эдики, унга қараган одам, каттакон кўза шундайгина пештахтада турибди, деб ўйлаши мумкин эди.
Майхоначи шунча кўп майхўрларни кўриб, мийиғида кулиб қўйди-да, уларни:
– Хванчкара! Хванчкара! – деб қувониб қарши олди.
Лекин бахтга қарши, цоликаури деган нордон винодан бошқа ҳеч қандай ичимлиги йўқ экан.
Винони у тузлаган бодрингдан бўшаган банкага қуйиб берди. Банкани винога тўлдириб, унга чақалардан ташлашмасмикин дегандай, бир оз қўлида ушлаб турарди. Жуда кўп вино ичишди. Ҳаммалари маст бўлиб қолишди. Учанинг ҳам бирдан кайфи ошиб қолди. У пакана бақалоқ кишини қучоқлаганча ашула айта бошлади. Туристлар қўшиқ сўзларини билишмаса ҳам бажону дил унга жўр бўлишди.
У ўзини жудаям бахтиёр сезганидан, кўзидан бирдан тирқираб ёш оқа бошлади. Уча йиғлаётганини сезган сари янада қаттиқроқ қўшиқ айтарди. Шу вақт нимқоронғи ва салқин ертўлага тушиладиган зинада мусиқачиларнинг қадимги услубида тикилган кенг, бурмали шалварлари кўринди. Улар майхонадаги қўшиқни эшитиб, бу ерда қойилмақом зиёфат бўлаётган бўлса керак деб ўйлаб, пул ишлаб олиш мақсадида таклифсиз кириб келишган эди.
Рангин рўмолларнинг шамолда ҳилпираши янглиғ сурнайнинг сержило садолари ертўлага бостириб кириб бу нимқоронғи масканга ғайритабиий қувноқлик касб этдики, Уча қуёш ярқираб турган, лабида хаёлчан табассум жилваланаётган, қизил шамсияли қизнинг олдига чиқмаса юраги тарс ёрилиб кетажагини тушунди.
Чолғучилар бўм-бўш майдонда лунжларини шишириб сурнайларини чалардилар.
“Оҳ, бу дунёда, – деб куйларди чолғучилардан бири, – оҳ, бу дунёда… Сен ўзинг, қуёшдай порлаб турасан…”
Шундоққина майдончага кираверишда сураткаш Амберки оёқларини олдинга тираб, тик турган отни тинчитаётган бошсиз чавандоз тасвирланган расмни қўйган эди. Уча чопиб келди-да, тешикчага бошини суқиб:
– Амберки, ҳалок бўляпман, оғайни, хонавайрон бўляпман! – деб бақирди.
Кейин у отини денгизга қараб ҳайдади. Лекин барибир туёқларнинг тақ-туқи остида ҳам унга қўшиқнинг куйдирмажон ва юракни ларзага солувчи сўзлари эшитилиб турарди: “Оҳ, бу дунёда, оҳ, бу дунёда!..”
Қирғоқда у отини қўйиб юборганди, от тўлқинлардан чўчиб орқа оёғида тик турди.
“Балиқчига от чикора?” – дегандай ёзғирди денгиз.
У жавоб ўрнига қўлларини бебошларча ёйди-да, яна куйлай бошлади:
“Оҳ, бу дунёда, оҳ, бу дунёда, ёлғиз ўзинг қуёшдай балқиб турасан…”
Кейин ўзини денгизга отди-да, тўлқинларни кесиб, худди ундан аввалроқ сувга тушган одам ортидан қуваётгандай, сузиб кетди. У жон аччиғида сузарди-ю, лекин ҳеч қирғоқдан узоқлашолмасди. Чолғучилар энди қирғоқ бўйидаги қум тепаликда турганча жон-жаҳдлари билан чалишарди.
“Оҳ, бу дунёда, – деб кучининг борича бақирарди у, – оҳ, бу дунёда…”
Кейин Цира икковлари сураткаш Амберкининг олдига қайтиб келишди. Амберки Цирани стулга ўтқазди, уни эса қизнинг ёнига турғазиб, қўлини стул суянчиғига қўйишга мажбур қилди.
– Эсда тутишингизни сўрайман, бу ахир тўйдан эсдалик!
Ўша расм ҳалиям деворда, ота-онасининг сурати ёнида осиғлиқ турибди. Улар ҳам расмга худди шу тарзда тушишганди: онаси стулда ўтирибди, отаси эса ёнида турибди. Наҳотки бу расмни ҳам Амберки ишлаган бўлса?
– Амберки ёшинг нечада?
– Нима?
– Ёшинг нечада деб сўраяпман?
– Сўрамай қўя қол.
– Э қўйсанг-чи!
Кейин ҳаммаси одатдагидек давом этди. Фақат энди у уйга шошиларди: эшик тагида кутиб турган Цира, уни узоқдан кўради-ю, истиқболига югуради. У бўлса ён-верига аланглайди, хўп ажойиб хотини бор-да, эшик тагида кутиб олиб, истиқболига югуради… дейишса-я, деб қўшнилардан уялади. Ўзи эса мамнун, мамнун ҳам гапми – беҳад бахтиёр эди.
“Бахт деганлари мана шунақа бўларкан. Инсон учун кўп нарса керакмас, – деб ўйлар ва шу заҳотиёқ ўзини койирди: – Сенингча, бу камми, тентак?” Йўқ, бу кам эмасди-ю, лекин кўнгли яна нималарнидир тусар, нималигини ўзи ҳам билмас, йиллар эса бир-бирини қувиб ўтиб борарди. Бир… икки… уч… тўрт… Вақт жуда тез ўтарди. Бу балки, доим эртанги кунни кутганлари учун, худди эртага улар бутун вужудлари билан интилаётган нарса рўй бериши лозимдек туюлганидан бўлса керак. Эрта, эртага, эртага… Бугунги кун ҳисобга олинмасди, кун тезроқ ўта қолсаю, тезроқ қоронғи туша қолса – ҳар куни шу аҳвол. Бугун бўлиб ўтган воқеалар эртанги кунда уларни кутаётган ажойибот олдида бир пуллик ҳам қимматга эга эмас. Эртага… Лекин Циранинг қандайдир бошқача бўлиб қолаётганини анчадан бери сезиб юрарди. Уйдан уни бўйнига арқон солиб ҳам чиқаролмайсан, бирор бир нарса билан хурсанд ҳам қилолмайсан, ҳайратлантиролмайсан ҳам.
– Нима мақсадда яшаяпмиз? – деб сўради у бир марта ҳаяжондан бўғилган овозда.
Бу саволни бергунча унинг қанча азоблангани билиниб турарди. Улар қоронғилик қўйнида ётишарди. Ташқарида ёмғир ёғар, денгизнинг тўлқинланаётгани эса шундоққина эшитилиб турарди.
– Нима мақсадда деганинг нимаси? – деб қайта сўради у, лекин Цира жавоб бермади.
– Биз-чи, биз нима учун ишлаяпмиз? – унинг титроқ овозида йиғламсираш сезиларди.
У тирсагига таянганча хотинига қаради:
– Эсингни еб қўйдингми, нима бало?
Хотини адёлни бошига буркаб олди.
Бундан икки йил бурун, одатдагидек денгиздан қайтаётганда, қирғоқда уни хушхабар билан кутиб олишди – ҳатто уйига етиб олишга ҳам қўйишмади!
– Хотинингни аэродромда кўришибди, балки учувчиларнинг битта-яримтаси қариндош чиқиб қолар?
– Аэродромда? – деб ҳайрон бўлди у. – Аэродромда нима бор экан унга?
Қишлоқдан уч километр нарида жойлашган аэродромда битта вертолёт ва иккита даққиюнусдан қолган, занг босиб кетган “кукурузник” бўлиб, булар парашют спорти ишқибозларининг маҳаллий клуби мулки ҳисобланарди. Дабдаласи чиқиб кетган самолётларни ҳам ўзлари тузатиб олишганди. Мана шу қўлбола самолётларнинг вақти келганда ёрдами тегиб турарди. Иккита учувчи эса аэродромнинг ўзида қурилган ёғоч баракда туришарди. Улардан бири кексароқ, иккинчиси эса ёшгина йигит эди.
Цира ростданам уйда йўқ эди. У бундай бўлишини ақлига сиғдиролмасди, эсини егандай кўчага отилиб чиқди-да, аэродромга томон чопиб кетди. Ярим йўлга бориб қолганда ортидан автобус етиб олди.
– Циранинг олдига шошиляпсанми? – деб сўради шофёр қўшниси.
– Нима деяпсан? – у ўзини ҳеч нарса билмайдигандай тутди.
– Уча, – шофёр кўзини четга олди.
– Нима?
– Мен уни кечаям, ўтган куни ҳам ўша ёққа олиб бориб қўйдим.
– Нима бўпти?
– Ҳеч нарса… Чекасанми? – У папирос қутисини узатди.
– Кечаям… Ўтган куни ҳам…
– Хўш, борса борибди-да, шунгаям ота гўри қозихонами? – Энди бу гапни шофёр айтганди.
– Менга қара…
– Кўп бошни қотирма, йигит!
– Нима деяпсан?
– Шундай, ўзим…
Шундайгина аэродром олдида бир уйча бўлиб, унда руҳоний турарди. Автобуснинг охирги бекати худди шу уйнинг дарвозаси олдида эди. Йўл бўйида катта анжир дарахти бор. Унинг барглари чангдан оқариб кўринарди. Шундоққина дарахт тагида узун тош тахта турибди. Афтидан, бирор-бир қабр тоши бўлса керак, лекин бу ерга қандай келиб қолганлигини ҳеч ким билмайди. Анжир соясида парашют спорти ҳаваскорлари автобус кутиб ўтиришарди.
Автобус тўхтади.
– Тағин ўзинг биласан, – дея хайрлашди шофёр.
– Албатта.
– Ҳазилакам иш эмас!
Уча тез-тез юриб кета бошлади, лекин бирдан тўхтаб орқасига қаради: шофёр кабинадан тушиб дарахт остидаги тош тахтага келиб ўтирди. Уча орқасига қайтди, шофёр унга пешвоз турди.
– Нега қайтдинг?
– Кетавер, – деди Уча, – кимни кутяпсан?
– Сизларни ким уйга олиб кетади?
– Кетавер, – деди у қатъий, чунки томошаталаб шофёр иш нима билан тугашини кутмоқда эди-да!
– Марҳамат, мен ўйловдимки…
– Кетавер, деяпман!
Уча автобус кўздан йўқолгунча дарахт остида кутиб турди.
“Бошимда шундан бошқа ғалва йўқмиди. Аэродромда унга пишириб қўйганаканми?” Кейин у руҳонийни кўриб қолди. У сатин иштон кийиб олганча, остонада газета ўқиб ўтирарди. Пайпоқсиз оёғига орқаси йўқ калиш кийиб олибди.
Яқинлашиб келаётган оёқ товушини эшитиб, у чилвир билан қулоғига қистириб олган кўзойнагини олди.
– Салом, – деб сўрашди Уча.
– Соғ бўл, бўтам. – Руҳоний кўзини қисиб унга қаради ва бошини тебратди. – Негадир сени таниёлмай турибман.
У ҳафсала билан газетани буклаб, кўзойнаги билан ёнига қўйди.
Шу вақт Уча Цирани кўриб қолди. У майдоннинг ўртасида, шамол учириб кетмасин дея рўмолининг учларини энгаги остида ушлаганча самолётлар турган томонга қараб турарди. Уча ҳам ўша томонга қаради. Самолёт олдида одамлар уймалашиб туришарди.
“Нега у ёққа қараётганикин?”
Уни кўрган заҳотиёқ дарров тушунди, хавотир оладиган ҳеч нарса бўлмаганди, бўлиши ҳам мумкин эмасди, бирдан елкасидан тоғ ағдирилгандек енгил тортиб кетди. Цирадан, бирор-бир кўнгилхираликни кутишнинг ўзиёқ тентаклик эди. Бирдан Цира мени бу ерда кўриб қолса, нима деб ўйлаши мумкин деб, хижолат чека бошлади.
Шундайликка шундайку-я, лекин бошқаларга хотини ҳар куни аэродромда нима қилишини қандай тушунтиради?
“Бундан чиқди, дуч келган одамга ҳисоб беришим керак экан-да? Хўп, майли, борингки, хотиним шундай ўзи, самолётларни томоша қилиб турганакан деса, унга ишонишармикин? Йўқ, ишонишмайди. Ахир Цирани улар билишмайди-ку”.
Энди Цира мени пайқаб қолмасайди, деб жони ҳалак бўла бошлади, шунинг учун руҳоний билан гаплашишни афзал кўрди.
– Бу ёққа чиқ, бу ер салқинроқ. – Руҳоний бир оз сурилиб унга жой бўшатди. – Ўтир.
У зинапояга кўтарилиб, руҳонийнинг ёнига ўтирди.
– На уйқумда ҳаловат бор, на мириқиб дам оламан, – деб гап бошлади руҳоний. – Мана шу аэродромни қуришгандан бери ўзимни қаёққа уришни билмайман. Бориб, менга ҳам парашютдан сакрашга рухсат беринглар деб сўрасаммикин. Парашютни очмайман-да, тамом вассалом! – Ўзининг ҳазили ўзига ёқиб кетди шекилли, хотинчалиш овозда ҳингиллаб кулди, – кейин газеталарда, руҳоний парашютдан сакради деб ёзиб чиқишади. – У шоша-пиша чўқинди. – Эй поки парвардигор, одамларга нима бўлган ўзи, улар осмондан нима қидиришади, нималарини йўқотишган?
“Нима қилиш керак? – деб ўйларди Уча. – Бирор ёққа олиб кетсамикин. Тўрт девор ортида ўтиргандек, дунёдан хабарсиз уйда ўтиргани-ўтирган. Унинг табиати бошқаларникига ўхшамаган бўлса, нима қилай? Бориб одамларга, у сизларга ўхшаган эмас, бошқача десаммикин?! Нима ҳам қила олардим? Ҳамма шундай яшайди, Цирага бошқача ҳаёт ясаб беролмайман-ку. Ҳамма нарсадан воз кечсам – унда бизни ким боқади? Агар хотиним билан қўл ушлашиб, дунё кезиб юрсам, одамлар нима дейди, тошбўрон қилиб юборишар. Анавини қаранг, шу жазирамада майдонда туриши нимаси. Қизиқ, ҳозир нималар ҳақда ўйлаётганикин?”
– Ҳамма нарса ўтиб кетаверади, ҳаммаси, – руҳонийнинг овози эшитиларди, – қайтмас бўлиб кетади… – у жим бўлиб қолди. – Муздаккина сув бўлсайди… Маза қилардик! – деб яна давом этди руҳоний.
– Булоқ бу ердан узоқми? – деб сўради Уча.
– Ҳув анави ерда, анжирнинг тагида.
– Сув олиб келаман.
– Овора бўлиб нима қиласан…
– Нимада олиб келай.
– Эшик олдида чойнак турибди…
Хона нимқоронғи эди, ойналар қоронғилатилган, шунингдек, хонадан қандайдир ачимсиқ ҳид анқирди, одатда сўққабош чолларнинг хонасида шундай ҳид бўлади – ёлғизлик ҳиди. Кўҳна жавон устида Момо Ҳавонинг деворга тираб қўйилган расми, расм олдидаги лойдан қилинган кичкина идишда шам ёниб турарди. Хоч ёнида Шота, Акакий ва Ильяларнинг портретлари тасвирланган жудаям эски тақвим турарди.
Уча биқини пачоқланган кўк чойнакни олди-да, ташқарига чиқди.
– Топдингми? – деб сўради руҳоний.
– Мана. – Уча чойнакни юқорига кўтарди.
– Ажабо. – Руҳоний кўзойнагини таққандан кейингина чойнакка назар ташлади, – уйимда бор нарсаларнинг ҳаммаси ўз-ўзидан қаёққадир йўқолиб кетган, бўтам. Агар ўғирлаб кетсалар майли эди-я, йўқ, ўз-ўзидан йўқолиб қоладилар. Ҳатто буюмлар ҳам безиллаб мендан қочиб кетишяпти.
Уча сув олиб келди. Чол унинг қўлидан чойнакни олди-да, қопқоғини очиб, унга тўлдириб сув қуйиб, худди қуш мисол майда ҳўплам билан, тўхтаб-тўхтаб ича бошлади. Кейин чойнакни иккала қўли билан қучоқлаб олди-да, кўксига босди.
– Худо хайрингни берсин. – У кўзини юмди. – Раҳмат.
Шу кўйи узоқ вақт ўтирди.
Самолёт учди-да, ҳавода икки марта айланиб яна қўнди. У ерда сирғалиб кетаётганида одамлар ортидан югуришди. Самолёт шундоққина Циранинг яқинида тўхтади. Уча унинг ўзини орқага ташлаганини ҳам яққол кўрди. Кейин моторнинг шовқини ичидан унинг кулгиси эшитилди. Унга шундай эшитилдими ёки у шуни кутаётганмиди: шу вақтда у албатта кулиши лозиммиди.
Ҳамма самолёт олдига югурди. Учувчи кабинадан зўр-базўр чиқиб олди. Одамлар бир-бирига гал бермай гапиришар, ким нима деётганини англаб бўлмасди. Ҳамма қувнаб қўл силкирди. Кейин учувчи яна кабинага ўтирди, бир оздан сўнг мотор овози ўчди. Бирдан атрофга шундай сокинлик чўкдики, одамлар турган жойларида қотиб қолдилар. Ҳаммаси суратга ўхшаб кетди. Кейин яна ғала-ғовур бошланди, учувчини кабинадан чиқариб олиб, осмонга ирғита бошлашди.
Бирдан ҳаммалари Цирага ўгирилишди.
– Цира! – дея уни кимдир чақирди.
Цира секин жойидан қўзғалди – одамлар олдига эмас, аксинча – унинг одамлардан тезроқ нари кетишга шошилаётгани сезилиб турарди.
Лекин у бу ёққа, яъни руҳоний уйи томонга ҳам эмас, балки тўғрига, ёзги майдон чегараси бўйлаб кета бошлади.
– Цира! Цира! – Энди уни бир неча овоз бараварига чақирарди.
– Бу ёққа кел!
Цира қадамини тезлатгандан тезлатиб, нуқул орқасига қарарди. Ҳамма унинг ортидан юра бошлади.
– Цира! Цира!
Худди тор кўчада қишлоқи ойимқизни бир тўда зумрашалар таъқиб қилаётган мисол ҳаммалари унинг ортидан боришди. Лекин одамлар унга ёмонликни раво кўришмасди, фақат қиз уларга қараб турганини кўриб қолишиб ёнларига чақиришди, холос.
Цира энди чопиб борарди, бошқалар ҳам ўзлари сезмаган ҳолда унинг ортидан чопа бошлашди.
– Тўхтасанг-чи, ахир, Цира! Цира!
Энг кейинда орқасига парашют осиб олган учувчи судралиб борарди, парашют сумкасини осиб олганиданми, икки оёғида тик турган тошбақага ўхшаб қолганди.
Уча буларнинг ҳаммаси ҳақиқатда бўляптими ёки унга шундай туюляптими, ҳали англаб етмаёқ, ўрнидан турди-да, ҳамманинг йўлини тўсиб югура кетди. Цира орқасига ўгирилиб қаради-да, янада тезроқ чопиб кетди. Қизни таъқиб қилиб келаётганлар ҳансираганча Учанинг олдига югуриб келишди. Уча иккала қўлини кенг ёйиб, уларнинг йўлини тўсди.
– Сизларга нима керак, нима?
Ҳаммалари нафаслари оғзиларига тиқилганча тўхтадилар. Негадир улар Учанинг кўзига тик қаролмай, бир-бирларига маъноли қараб олишди.
– Сизлардан сўраяпман, ундан нима истайсизлар?
Учанинг назари бир неча таниш башараларга тушди. Худди ўшалар унинг қарашига дош беролмай ерга қараётгандилар.
Ниҳоят, учувчи ҳам етиб келди.
– Ўзи нима гап? – деб сўради у ва ажабланганча Учага қаради.
Уча иккала қўли билан унинг кўкрагидан ушлади-да, қаттиқ силкитди:
– Нега хотин кишига тирғиляпсан? Нега?
Учувчи елкаларини қисди-да, унинг қўлига урди:
– Қўйвор!
Уларга ёшгина йигитча яқинлашди:
– Ҳурматли ўртоқ, – деб мурожаат қилди у Учага ниҳоятда хушмуомалалик билан, – ахир бизда парашют спорти ҳаваскорлари клуби бор, шундайми?
– Хўш? – Уча учувчини қўйиб юборди-да, йигитчага ўгирилди.
У ўтакетган аҳмоқгарчилик қилаётганини сезиб турса-да, ўзини қандай тутишини билмай қолганди.
Учувчи бир амаллаб парашютни ечди-да, уни ерга қўйиб Учага яқинлашди ва елкасидан ушлаб ўзига қаратди.
– Ўзинг бу ерда нимага ирғишлаяпсан?
– Ирғишлаяпсан? – Уча аччиқ кулимсиради. – Демак, мен ирғишлаяпман, шундайми? – дея қулочкашлаб учувчининг юзига тушириб қолди.
У гандираклаб кетди-ю, лекин йиқилмади, оёғида туриб қолди. Кейин Учага яқинлашди-да, тўсатдан иягига калла қўйди. Учанинг кўз олди қоронғилашиб кетди. Кейинги мушт қаншарига тўғри келиб – қон тирқираб кетди.
Кўзини очганда у ерда ётарди, ҳалиги йигитча эса рўмолчаси билан қонларини артмоқда эди.
Кейин олдига учувчи яқинлашди-да, бошини кўтарди ва қўлини олмасдан худди қулоғи тагида шивирлади:
– Кечир, билмабман, дўстим.
Уча бир қўли билан ерга тиралиб ўрнидан турди-да, юриб кетди.
“Билмабман… Билмабман… У нимани билиши керак эди? Бу ерда нимани билиш керак? Нимани?”
Атрофда гиламдек мойчечак ўсиб ётибди. Мойчечакдан бошқа ҳеч нарса кўзга ташланмасди. У Цирага тўқнаш келгунча жуда узоқ тентираб юрди. Хотини қўлларини боши остига қўйганча, осмонга тикилиб ерда ётарди. У Циранинг ёнига ўтирди ва мойчечак юлиб олиб, оғзига солиб чайнай бошлади. Цира бошини кўтарди-да, уни ҳозир кўриб тургандек, ғалати қараб қўйди, сўнг ўрнидан туриб, қўлини эрининг тиззасига қўйиб, юзини унинг қўлига ишқади ва кўзини унга тикиб, жилмайди. Унинг кўзлари тўла ёш эди:
– Бундай тентак хотинни бошингга урасанми?

Денгиз қирғоғида тўлқин тўсувчи тошдан ясалган ғовдан сал нарида ҳар хил тахталардан ясалган уйча бор эди. Уйчада бир аёл балиқ дудлаётганди. Товадаги балиқнинг ўзи у ёнбошидан бу ёнбошига ағдариларди. Балиқнинг иккита кичкина оппоқ кўзлари худди икки бўлак бўрга ўхшарди. Хона жуда иссиқ эди. Устига това қўйилган керосинкадан тутун чиқиб турарди.
– Сен менга хотин бўлишинг керак эди, – дерди Уча аёлга. – Эсингдами, ахир биз бир-биримизни севардик-ку.
Аёл хандон ташлаб куларди.
– Сени кўпдан бери биламан, – дерди Уча ва аёлнинг оқариб кетган сочларига кўзи тушиб, йиғидан ўзини зўрға тутиб турарди.
Аёл кулганча, пичоқ ушлаган қўлининг орқаси билан пешонасига тушган сочларини тўғриларди.
Учани совуқ тер босди. У севишини, буларнинг ҳаммаси ростлигини, уни алдамаётганини айтиб бақирар, ишонтирмоқчи бўларди.
– Наҳотки, ҳаммасини унутган бўлсанг? – деб сўради у ниҳоят тарвузи қўлтиғидан тушиб.
– Жим, – деди аёл, – жим бўл.
– Биз жудаям бахтли бўлган бўлардик!
– Жим-м, – деб қайтарди у яна, – жим-м!
Энди аёл иккала қўлини кўксига босганча, энгагини пичоқнинг учига тираб турарди. Лаблари маҳкам қисилган, худди бирор ери оғриётгандек юзи буришиб кетган ва у ўзини инграшдан зўрға тутиб турарди.
– Ахир бирор нарса десанг-чи? – деб бақирди Уча.
Аёл унга қаради-да, осойишта овозда:
– Ўзинг кимсан ва мендан нима истайсан? – деди.
Шунда у бехосдан жилмайди, қаёққадир бошқа ёққа қараганча:
– Қарагин, қандай қариб кетдим, – деди хижолат-ла.
Энди бунга тоқат қилолмади, буниси ниҳоятда ортиқча эди. У орқасига ўгирилди-ю, югуриб чиқиб кетди. Тўсиқ ортида денгиз ҳайқирарди.
“Кейин биз ҳам изсиз йўқоламиз, биздан ҳам ном-нишон қолмайди”, деган Циранинг овози эшитилди ёки денгиз унинг овозида гапиряптимикин?
Уни моторнинг шовқини уйғотиб юборди.
– Қизиқ, соат неча бўлдийкин? – у кўзини очди.
– Эҳтимол, ўн икки бўлгандир.
– Шундай қилиб тун ҳам ўтади…
– Яхшиси… Ухласанг-чи.
У ҳалиям мотор овозига қулоқ солиб турарди. Афтидан, машина уларнинг эшиклари олдида тўхтаганга ўхшарди. Ярим кечада унинг шовқини ҳар доимгидан ҳам яққолроқ эшитиларди. Машинадагилар уларни уйғотиш учун атиги тарақа-туруқ қилишаётганга ўхшарди.
– Ким бўлди экан-а, – деди хотини.
– Ким билади дейсан. Ухла.
Эшик ғичирлади.
– Бизникига келишяпти! – деди хотини.
– Ким?
– Билмадим. – Хотини ўрнидан тура бошлади.
– Тўхта. – У хотинининг қўлини ушлади.
– Меҳмонлар!
– Ўзим тураман.
У шимини кийди, оёғи билан тимирскилаб, шиппагини топди, чироқни ёқиб, эшикни очди.
Цира қоронғида эри кимнидир чақирганини ва унга қандай жавоб беришганини эшитиб ётди.
Бирмунча вақт қимир этмай ётди-да, кейин ўрнидан туриб, кўйлагининг устидан елкасига халатини ташлаб, эшикка яқинлашди.
“Ҳар ҳолда ярим кечада ким келиши мумкин?”
У ёпиқ эшикка шундай тикилардики, худди ташқарида нима бўлаётганини кўра оладигандек. Кейин балконга чиқиб, эрига яқинлашди ва қўлини эрининг елкасига қўйиб:
– У ерда ким бор? – деб шивирлаб сўради.
– Уйга кир. – У хотинига ўгирилди.
– У ердагилар кимлигини айтсанг-чи?
Қудуқ лайлаги ғижирлаб кетди.
– Хонага кир, ёмғир ёғяпти, – қайтарди у.
Цира энди яққол кўрди: кимдир қудуқ олдида энгашиб турарди, афтидан, челакни кўтаряпти шекилли. Ҳақиқатда ҳам шундай экан, сувни ўзининг челагига қуйиб олаётган экан.
– Сизларни безовта қилдим-да, – у уй эгалари томон ўгирилди.
– Ҳечқиси йўқ, шуям безовталикми, – дея эътироз билдирди Уча, хотинини эшик томонга итарганча.
Челак кўтарган эркак жуда яқинга келди.
– Раҳмат! – Шундагина у Цирани кўриб қолди. – Безовта қилганимиз учун кечиринг, бекача, машинамизга сув керак бўлиб қолувди.
– Уйга киринглар, – у олдинга бир қадам ташлади, – киринглар, марҳамат!
– Овора бўлманг, шундоғам анчагина ташвишга солиб қўйдик.
– Киринглар, йўлда чарчагансизлар, бир оз дам олиб кетасизлар.
– Ҳа, ҳа, киринглар, – бирдан эсига келгандай гапга қўшилди Уча.
– Йўқ, раҳмат!
Эркак киши бирдан орқасига ўгирилиб, эшик томон чопиб кетди. Балконда турганлар ҳайрон бўлганча, бир-бирларига қараб қўйдилар: унга нима бўлди? У ўша заҳоти яна чопганча қайтиб келди. Балконга яқинлашди-да, пастдан ниманидир бехосдан ирғитди. Цира беихтиёр улоқтирилган нарсани иккала қўли билан ушлаб олди ва қичқириб юборди:
– Вой!
– Бу сизга! – деб бақирди киши. – Бизнинг ўлжамиз!
У эшик томон юриб кетди.
– Катта раҳмат!
Цира қўли билан ҳўл турнани кўксига босди. Машина аллақачон кетиб бўлганди, улар эса ҳамон балконда туришарди.
Хонага киргач, Цира турнани эҳтиёткорлик билан столга қўйди-да, гардеробга ўрнатилган ойна олдида тўхтаб, қўллари билан сочини силади. Эри буни кўраркан, юраги орзиқиб кетди.
Томоғига бир нарса тиқилгандек бўлиб, йиғлаб юборай деди. Бу тўсатдан пайдо бўлган қандайдир ноаниқ туйғу эди.
Хотини уни ойнада кўриб турганини биларди, шунинг учун ўзини қўлга олиб, ҳатто жилмайди ва баланд овозда:
– Кийин! – деди.
– Нима? – дея унга ўгирилди хотини.
– Кийин! – У ниҳоят даражада ҳаяжонланганидан тупугини зўрға ютди. – Анави оқ кўйлагингни кийгин.
– Қайси?
– Ҳув, анави-чи…
У эри қандай кўйлак ҳақида гапираётганини тушуниши керак эди. Уча уни тўй куни олиб берганди.
– Уча?
– Кий, деяпман-ку, ахир.
Учанинг ўзи ҳам кийина бошлади.
– Уча? – Цира эрига яқинлашди, – Уча?
Эри шкафни очди-да, хотинининг ҳамма кўйлакларини олди:
– Бунисимас, буниси ҳам эмас… Қани, у?
– Билмайман. Ахир мен уни қачонлардан бери киймайман-ку.
Лекин эрининг кайфияти унга ҳам ўтди. Цира ҳам қидира бошлади, ҳар қалай аёл эмасми, бу машғулот уни анча алахситди.
– Мана у, – деди ниҳоят, – топдим. – У кўйлакни эгнига тутиб кўрди. – Ғижимлигини қара!
– Ҳечқиси йўқ, – деди Уча, – кийин, кетдик.
– Қаёққа борамиз, эсингни еб қўйдингми, нима бало.
– Қўявер. Тезроқ кийин.
– Ҳеч бўлмаса қаёққа кетаётганимизни айтсанг-чи!
– Кийинганингдан кейин биласан!
Қаёққа боришларини, умуман, ярим кечаси қаёққа бориш мумкинлигини ўзи ҳам билмасди.
– Майли, – дея рози бўлди хотини ва секингина кулиб қўйди, – тескари қара, – худди оқ кўйлак унга ўша – илк бўса ҳақида эслатгандай бўлди.
Уча ойнага яқинлашди-да, чекди. Деразадан эвкалиптнинг сояси кўриниб турарди.
Эвкалиптларнинг ортидан, пистирмада тургандек, сирли сокинлик оғушида денгиз турарди. Назарида, қаёққадир шошилаётганга, кечикаётганга ўхшарди. Агар ҳозирнинг ўзида қаёққа ва негалигини эслолмаса, бутунлай кечикиши турган гап. Юраги қинидан чиқиб кетгудай бўлиб дукилларди, бутун борлиғи билан у бирдан вақт оқимини сезди. На соат, на йил фасллари ҳеч қачон бундай туйғуни бермайди, чунки буларнинг ҳаммаси одатдаги ҳодисалар.
Беихтиёр ўрганиб қолган нарсанг тош қотади, жилмайди, тошга айланади, сен ҳам у билан бирга тўхтаб қоласан. Лекин баъзан шундай онлар бўладики, вақт нақ юрагингда акс садо бериб, ўз ортидан мажбуран эргаштираётганга ўхшайди.
Кун, соат, дақиқа, ой билан қадам-бақадам бирор-бир одам бороладими, яъни мангуликка томон бирга-бирга? Ахир шунинг ўзи абадийлик-ку…
– Уча! – дея оҳиста чақирди хотини.
У ўгирилди-да, ундан кўзини ололмай узоқ тикилиб қолди.
Цира бир қўлини кўкрагига босиб иккинчи қўли билан этагини ушлаганча, ҳайрон бўлиб ва уялиб, худди бу турган ўзими ёки бошқа бировми, ишонмагандай турарди.
Ёмғир деярли тинганди-ю, лекин номигагина ёғиб турарди. Уча унинг елкасига плашини ёпди-да, иккови эвкалипт оралаб хиёбон бўйлаб кета бошлашди.
Йўлда кўлмаклар йилтираб турарди. Ой йиртиқ-ямоқ булутлар ҳамроҳлигида эвкалиптлар ортидан бораётгандай. Денгиз уйқусида чўчиб-чўчиб қўяди.
Тўсатдан Цира унинг қўлидан чиқиб, югуриб кетди… Кейин тўхтаб, туфлисини ечиб қўлига олволди-да, яна югуриб кетди.
– Тўхта! – деб қичқирди Уча.
Лекин хотини тўхтамадиям, орқасига ўгирилмадиям.
Турна учиб борарди. Унинг йўлида, сув ичиб ҳурпайган булутлар тўсқинлик қилишарди. Пастда эса туман қоплаган, ҳамма нарсадан воз кечган ва бефарқ денгиз турарди. У учиб бораркан, ҳеч нарсани кўрмасди. Кўролмасди ҳам, чунки ён-атрофини нуқул булутлар қоплаб олганди-да. У бир нарсани яхши биларди – агар яшашни хоҳласанг, учишинг керак, чарчаш нималигини билмай, тўхтовсиз, чексиз учавериши керак. Унга ҳеч ким ёрдам бермайди, фақат учиб қутулиши мумкин. Ва у шамол билан биргаликда учиб борарди, чунки шамол вақтнинг оқими, кучли милтиллайдиган ариқча, у мудом тебраниб турувчи сув сатҳида қанотларини ёйганча нафас ростлаб олар ва шамол уни бепоён денгиз узра узоқ-узоқларга олиб кетарди ва яна кутилмаганда ўша жимжит, қоп-қоронғи ва хавфли йўлдан орқасига қайтарарди – чеки йўқ, ҳисобсиз равишда шундай давом этаверади. Шамол чарчаш нималигини билармикин? Шундай яшашни истар экан, у ҳам чарчаш нималигини билмаслиги лозим.

Рус тилидан Ҳикоят Маҳмудова таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2014 йил, 4-сон