Николай Гумилёв. Саройнинг сўнгги шоири (новелла)

САРОЙНИНГ СЎНГГИ ШОИРИ

Бу қирол аждодлари каби ўта дангаса, ишёқмас ва беғам эди. У саройда бўладиган тантаналар боисгина мадҳиялар ёзиб берадиган кекса шоирни нафақага чиқаролмас, унга етарлича нафақа тайинлаб, хайр-хушлашишга журъати етмасди. Шоирнинг ўзи эса кетишни сираям истамасди.
Қирол оиласида кимдир туғилса ёки вафот этса, бошқа юртлардан элчилар келса ёки қўшни давлатлар билан иттифоқчилик имзоланса, одатий маросимлардан сўнг сарой аҳли қироллик залига йиғилар ва қовоғи солиқ, ҳамиша нимадандир норози шоир шеър ўқий бошларди. Айни кунларда тилдан ва истеъмолдан чиқиб кетган иборалар эскирган сўзлар ғалати жаранглар, қадимги инглиз бичимида тайёрланган соч париги уни янада ожиз қилиб кўрсатар, шунинг баробарида сочининг тўкилган жойлари ярқираб-ярқираб, ажиб улуғлик касб этарди. Олқишлар ҳам олдиндан ўйлаб қўйилгандай енгилгина,қўлқопли қўлларнинг шовқини худди шеъриятни улуғлашга етарли хизмат қилаётгандай кўринарди.
Шоир ерга қадар таъзим қилди, аммо унинг юзи ҳамон тунд, қирол қўлидан қимматбаҳо тошлар билан безатилган узук ёки олтин тамаки қутисини олганда ҳам кўзлари тобора ғамғинлашиб кетарди.
Байрам дастурхони ёзилганда у паригини ечиб қўйиб, кекса мансабдорлар орасида ўтирар, темир йўлларга оид шартномалар, турли хил ўғирликлар, миш-мишлар ҳақида гапирар, тузга солинадиган солиқ лойиҳасига жуда қизиқарди.
Одатдагидай қирол совғасини хазиначига топшириб, ўрнига мўмайгина пул олиб, уйига қайтди. Шоирнинг уйи катта ва беўхшов, отаси – собиқ марҳум сарой шоиридан қолган мерос эди. Марҳум қирол бу лавозимни наслдан наслга ўтувчи қилиб қўйган,бу билан, эҳтимол, тартиб-интизомни сақламоқчи, ҳар хил нохушликлардан йироқ бўлмоқчи эди.
Шоирнинг уйи юраги каби маъюс ва қоронғу эди. Кечга бориб, фақат иш кабинети ёруғлашарди. Жавонларда китоблар ўрнида ноёб қадимий тамаки қутилари терилиб турарди. Отаси шу буюмга ўта иштиёқманд коллекционер чиқиб қолди..Қачонлардир, ҳа, қачонлардир у ҳам уйланган, шу уйда ипак кўйлакларнинг шилдираши эшитилар, нозик қўллар меҳр билан чиройли муқовали китобларни варақлар, жавонлардаги ҳамма нарсалар бу ажиб ҳилқат, қирмизи юзлар шуъласи олдида ҳайратдан қотиб турарди. Бироқ шоирнинг хотини бу ерда бир йилча ҳам яшай олмади – ёш ва номаълум рассом билан қочиб кетди. Шоир қайғули, байронона руҳда қасос ўти билан ёниб турган ишқий поэмасини ёза бошлади. Худди шу пайтда қиролликдан кимдир вафот этиб қолди-ю, шу муносабат билан элегия ёзиш талаб этилди. Шу билан бошланган поэмага яна қайтиш ҳаваси сўнди.
Оғир ва зерикарли йиллар камергернинг тортилган мундирлари каби судралиб ўтди. Бу йилларнинг ягона ҳодисаси янгидан-янги тамаки қутилари олиш бўлиб қолаверди.
Сукунат қанчалик узоқ чўзилса, момоқалдироқ шунчалик кучли бўлишини билганлар шоирга хизмати тугаганлигини айтолмас, айтсалар, унинг юзлари, кўзлари янада маъюсланиб, тушуниксиз киноя аралаш ноўрин ҳазил деб тушунишини олдиндан ҳис этишарди.
Бу ишнинг бошланишига, афтидан, Испания шаҳзодасининг келиши муносабати билан ёзилган байрам дастурхони сабаб бўлди.Таклиф этилганлар орасида шоирга яқин жойда ўтган подшоҳлик даврининг мансабдорларидан бири ўтирарди. У шу қадар қариб, сочлари оқариб, тишлари тўкилиб кетгандики!… Қария нима учундир ҳозиргина ўқилган шеър билан жудаям қизиқиб қолди. Қулоғи яхши эшитмаслиги боис нималарнидир сўраб – суриштирди, ҳатто охирги сатрни қайта кўриб чиқиш лозимлигини ҳам уқтирди. Сўнгра кутилмаганда ҳи-ҳилаб, ҳаммага маълум латифасифат гапни айтиб берди – унда шоирларни граммофонлар билан алмаштириб қўйиш вақти келди, дейиларди.
Шоир уни лоқайдлик билан тинглади. Янги орден таъсис этилиши ҳақида суҳбатлашаётган қўшни столдагиларга қўшилиш иштиёқида турганида, қирол улар томонга қараб турганини, киноя ва ачиниш аралаш кулаётганини сезиб қолди. Сезиб қолди-ю… Агар шуни сезмаганида қарияни бу қалтис ҳазили учун кечирган ҳам бўлармиди!… У собиқ мансабдорга кескин, қаҳрли жавоб қайтарди. Тушлик тугаши билан уйига қайтди. Шоир асабий, ваҳимали, важоҳатли эди.
Тонг отиши билан унинг қалбида қатъий қарор туғилди. Хизматкорини кун бўйи китоб дўконларига югуртирди, авваллари «шаҳарлик шоирлар» деб менсимай қарайдиган шоирларнинг кўплаб китобларини сотиб олди. Тамаки қутилари билан тўлган хонасидан икки ой чиқмади – бу ерда қизғин ва сирли ишлади. Сарой шоири ўзининг кичик укаларидан ўрганди, услубини ўзгартирди.
Саройда хотиржамлик ҳукм сурарди.Шаҳар чеккасидаги ғамғин уйда нималар бўлаётгани ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Бу орада ҳаёт ўз йўлида давом этди. Кимдир севди, кимдир севилди, кимдир тортишди, кимдир ярашди, яна бир-бирларига хушомад қилиб, ерга қадар эгилиб кун кечирдилар. Албатта, мардлик ва жасорат амалларини амалга оширдилар. Ва ҳалиям шеъриятга қадимий ва тантанавор эскилик қолдиғи сифатида қарашдан воз кечмадилар.
Ниҳоят, кутилган кун келди. Аслзода малика турмшга чиқди, шу важдан шеърлар зарур бўлиб қолди ва бу хабарни сарой шоирига етказдилар. У ғамғин, ғалати, савдойи қиёфада кириб келди. Зийрак нигоҳларгина шоирнинг лабларидан учаётган енгил, нохуш ним табассумни, асабийлик билан қўлидаги шеър ёзилган қоғозларни ғижимлаётганини илғай оларди. Аммо шу пайтгача у ва унинг шеърлари билан кимнинг иши бўлганки, энди бўлсин! Ёшлар учун жудаям кексалик қилар, у қатори юқори мартабали амалдорлар эса шунча ҳурмат-эътиборга қарамай, уни ўзларига тенг билмасдилар.
Тантана бошланди. Улуғсифат руҳоний жозибали руҳда никоҳ маросимини тугатди. Тўйга ташриф буюрган элчилар, меҳмонлар келин – куёвга эҳтиром кўрсатишди. Ниҳоят,ранглари оқарган, аммо қатъийлашган шоир шеър ўқишни бошлади. Сарой аҳли орасида англаб бўлмас шивир-шивир ўрмалади. Ҳатто ёшлар, ҳар қадамда кимни кўрса , шунга ошиқ ёшлар ҳам ҳайрат билан бошларини кўтариб, уни тинглай бошлашди.
Нима бўлди? Қани шамол худоси, бургутлар, гулларга аталган, ҳайратомуз оламни мадҳ айлаган баландпарвоз сўзлар жилоси? Шеърлар бутунлай янги, эҳтимол, ажойиб эди. Ҳар қалай, бу қолипга солинган шеър эмас эди. Сарой аҳли унчалик хуш кўрмайдиган шаҳарлик шоирларнинг руҳи бор эди унда. Шеърлар тобора ярқираб, ўзига тортиб борарди. Гўёки сарой шоирининг узоқ вақт ушлаб турилган иқтидори бирдан юзага қалқиб чиқди, чиқди-ю, бир пайтлар ўзи ҳам юз ўгириб келган ўша мўъжизаларни яратди-қўйди. Шиддатли сатрлар оқиб келар, ширали овоз жаранглаб учар, ажойиб манзаралар яралар, мисли кўз илғамас тубсизликдан ёруғлик порлаб чиқарди. Кекса шоирнинг кўзлари парвозга чоғланган бургутникидай ёнар, товуши шу бургутникидай ҳар томонни тутди.
Бутун сарой аҳли, яна қирол ҳузурида бундай яхши шеърлар ўқишга қандай журъати етдийкин унинг!… Ҳеч ким олқишлашга ўзида куч топмади. Камергерлар қаҳр билан шивирлашга тушди, ёш юнкерлар ўзларини тутиб олиб, жиддий тортишди. Ҳайратдан қотиб қолган қоши қалам хонимлар ҳам англаб бўлмас тарзда қошларини чимириб қўйишди. Қирол норози оҳангда мукофот учун тайёрлаб қўйилган узукни бир чеккага улоқтирди.
Саройнинг сўнгги шоири ёлғиз, вабога йўлиққандай тантананинг тугашини ҳам кутмай, чиқиб кетди, кетаётиб, катта канцлер котибга шоирни нафақага чиқариш ҳақидаги буйруқ тайёрлашни буюрганини эшитди.
Аммо биринчи бор уйга қайтиш нечоғли завқли, ёлғиз қолиш эса ундан-да фароғатли кечди. У қаддини мағрур тутиб, кечки залларни кезиб чиқди, сўнгги шеърларини баланд овозда ўқиди, кексаларга хос айёрона табассум билан шаҳарлик шоирларнинг китобларига назар ташлади. У нафақат улар билан тенглашди, ҳатто улардан ўзиб кетганини ҳам ҳис этди. Ниҳоят бу қувончини ким биландир бўлишгиси келиб, ажрашганларидан сўнг илк бора хотинига хат ёзди. Тантанавор оҳанг билан биринчи марта уни олқишламаганликларини битиб, шеърларини қўшди,хат сўнггида ғурур билан қўшиб қўйди: «Шундай одамни ташлаб кетдинг!»

Ойгул Суюндиқова таржимаси


СЎНГГИ САРОЙ ШОИРИ

Ҳа, замонимизнинг бу қироли ҳам худди аждодларидек ғирт дангаса ва ўта беташвиш эди. Ҳатто саройдаги турли-туман йиғилишларга бағишлаб қасидалар битувчи шарти кетиб парти қолган шоирга рухсат бериш ва бундан кейинги умрини тинч, роҳат-фароғатда яшаши учун яхши пенсия тайинлаш борасидаги ҳужжатни имзолашни хаёлининг бир чеккасига ҳам келтирмасди. Шоирнинг ўзи ҳам аслида ундан ажралгиси келмасди.
Қироллик оиласида кимдир дунёга келгани ёхуд вафот этганида, хорижий ўлкалардан элчилар ташриф буюрганида, ё бўлмаса, қўшни давлат билан ҳамкорлик шартномаси имзоланганида ҳам – одатдаги йиғилишдан сўнг саройдагилар улкан залда тўпланар, ғамгин нигоҳли, ҳамиша нимадандир мамнун бўлмаган шоир шеър ўқий бошларди. Оҳори учган сўзлар, замонавийликдан анча орқада қолган шеърий ифодалар зал узра янграб ғалати алфозда акс-садо берарди. Инглизларникидек беками-кўст улама сочли шоирга юз упаси учмаган чеҳралар гоҳ ҳурпайиб, гоҳ бужмайиб, гоҳида эса иршайиб қулоқ тутишарди. Шеърни ўқиб тугатгач қиролга манзур келганини сезишса баралла олқишлашар, қўлқоп кийган нозик қўлларнинг қарсаги бутун зал бўйлаб ёйиларди.
Шоир ерга эгилганча таъзим қиларди. Қиролнинг қўлидан бирорта қимматбаҳо туҳфани – дейлик, ҳар доимгидек узук ёки олтин кулдонни олаётганида ҳам юзи янада ғамгинлашар, кўзлари қайғуга чўмарди.
Йиғилишдан кейинги овқатланиш чоғида улама сочини ечиб бир четга қўяр, даврага ўтириб ҳамма қатори темирйўл муаммолари, ташқи ишлардаги сўнгги янгиликлар ёки туз солиғи борасида суҳбатлашарди.
Ўтиришдан сўнг қиролнинг ҳадясини катта миқдордаги пул эвазига ғазнадорга қайтариб, улкан ва кенг, бироқ шароитлари ҳаминқадар, замонавийликдан йироқ, қачонлардир сарой шоири бўлган отасидан мерос қолган уйига йўл оларди. Марҳум қирол бу уйни отадан ўғилга қолувчи қилиб қўйган, шу орқали сарой шоири деган ном йўқолмаслигини таъминлаганди.
Хонадон марҳум эгасининг руҳи сингари маҳзун ва қоронғу эди. Кечалари деворларига қотирилган жавонларда китоб ўрнига антиқа кулдонлар териб қўйилган хона ёруғлашарди. Яшириб не қилдик, қария шоир нафси ҳакалак отган коллекционер эди.
Бир пайтлари, кўп замонлар илгари уйланганди. Ўша вақтлари бу уйда ҳар кун турфа хил кўйлаклар шитирлаши эшитилар, нозик ва майин қўллар китоблар саҳифаларини муштоқлик билан варақлар, девор узра илинган суратлар эса ойдин юзга зеб бериб турган лабларнинг пуштилигига ҳайрат ичра тикиларди. Аммо шоиринг рафиқаси бу ерда ҳатто бир йил ҳам яшай олмади, ёш ва ҳеч ким танимайдиган бир мўйқалам соҳиби билан бирга қочиб кетди. Шундан сўнг, у ўч олиш бахтиёрлиги борасидаги байронона достонини ёзишга киришган, аксига олиб ўшанда қиролнинг холаваччаси оламдан ўтиб қолганди. Шоирга эса марсия ёзиш буюрилган, кейинчалик бошлаб қўйган достонини давом эттиришга ўзида ҳеч иштиёқ топмаганди.
Шу-шу, юксак мақом сарой камергерлари каби қатор терилган ягона мукофоти – янгидан-янги кулдонлар совға қилинувчи ёлғиз ва бир хил йиллар бир-бирини қувлаб ўтаверди.
Жимлик қанчалик кўп бўлса, момақалдироқ шунчалик кучли бўлади, дейишади. Сарой шоирига бу фаолияти қандай якун топишини минг таъкидлашса-да у ўринсиз ҳазилдай кўринган бу башоратга ғазаб билан жавоб қайтарар, шу чоғда юзи баттар тундлашиб кетарди. Испания қироличасининг ташрифи муносабати билан ташкил этилган меҳмоннавозлик дастурхонида яқинида ўтирган олдинги қиролликнинг кексайган, сочларига оқ оралаган, тишлари тўкилиб чўтири чиққан “ҳукмфармо”си бўлиши аслида бунга туртки бўлди.
У аввалига қулоғи оғирлиги туфайли яхши эшитолмаган шеърларнинг унчалик ҳам гўзал чиқмагани, иложи бўлса охирдан олдинги бир мисра бутунлай бошқатдан ёзилиши жоизлиги борасида узундан-узоқ сўз жуфтлади, кейин эса набирасидан эшитган “Аллақачон шоирлар фонографлар ўрнига ўтиши ҳақида қарор қилиш керак эди”, деган қизиқ гапни айтиб қолди.
Уни ҳавотир ичида тинглаётган ва бу суҳбатга қўшилишни истамаган шоир қиролнинг уларга қараётгани ва мийиғида кулиб сўзини тасдиқлаётганини кўрмаса эди, қариянинг бу тентакона сўзини бемалол афв этса бўларди. Шоир унга қарши аниқ ва лўнда фикр билдирди, кейин овқатланиш тугар-тугамас доимгидан ҳам ғазабланган ҳолда уларни тарк этдию уйига қайтди.
Эртаси кун эрталаб юрагида кескин бир қарор туғилди. Яъни, шоирнинг назарида масхарабозона туюлган “шаҳарлик шоирлар”нинг китобларини ўқишга аҳд қилди ва топиб келишини сўраб хизматкорини кун бўйи кутубхоналарга югуртирди.
Икки ой мобайнида деярли унутилиб қолган кулдонлар тўла хонасида сирли ва ўша маъшум иш адо этилди. Сарой шоири ёш дўстларининг ижодини синчиклаб ўқиди ва ўз услубидан воч кечди, қарашларини тамомила ўзгартирди деса ҳам бўлади ҳатто.
Саройда ҳаммаёқ сув қуйгандек жимжит эди. Шаҳар чеккасидаги маҳзун кулбада ғайритабиий ҳолат содир бўлаётганидан ҳеч кимнинг хабари йўқ эди. Аслзодалар доимгидек ўз замонаси ҳақида оғиз тўлдириб сўз жуфтлашар, ялтоқланишар, қаҳрамонликлар қилиш ҳақида ўй суришарди. Уларнинг фикрича, шеърият ўтмиш ва эски анъаналарнинг қолдиғи эди, ундан бошқа нарса эмас.
Ниҳоят, ўша улуғвор кун келди. Малика турмушга чиқаётганди. Анъанага мувофиқ шеър ўқилиши даркор эди. Дарҳол сарой шоирига бу ҳақида хабар беришди. У ҳар қачонгидек ғамгин чеҳра ва ажнабийларга хос кўринишда ўртага чиқди. Ўткир нигоҳлар, дудоқлар учида титраган билинар-билинмас табассум ва икки ой давомида ёзилган шеърларни ўқишга чоғланаётган фавқулодда ғазабда унинг ўзгариб қолганини сезиш қийинмасди. Аммо бундан кимга нима наф? Ёшлар наздида, шоир аллақачон ёшини яшаб, ошини ошаб бўлганди, қироллик тепасидаги амалдорлар эса унинг ҳассос иқтидор эгаси бўлишига қарамай, ўзлари билан бир мақомда кўришни хоҳлашмасди.
Тўй бошланди. Аввалига роҳиб икки ёшга бахту саодат тилаб никоҳ ўқиди. Ҳориждан ташриф буюрган элчилар маликани табриклаб, қўлини ўпишди. Кейин маҳзун чеҳрали, собитқарор шоирга навбат берилди. Саройдагилар ўртасида билинар-биланмас шивирлаш оралади. Ҳатто ёшлар, бир-бирига ошиғи-шайдо бўлиб тикилаётган хонимлар ҳам сергак тортиб, унга қулоқ осишди.
Ахир қанақасига?! Хўш, шамоллар тангрисига, бургутларга, ҳайратланарли дунёга бағишланган мумтоз мисралар қаерда қолди? Шеърлар янги ва ўзига хос руҳда ёзилганди, ҳатто мукаммал дейиш ҳам ўринли. Лекин, нима бўлгандаям қироллар истагига уйғун эмасди. Одатан саройда унчалик ҳам ёқтирилмайдиган шаҳарлик шоирларнинг ашъорларига менгзар, тан олиш керак, ҳатто уларникидан ҳам авло эди.
Сарой шоирининг узоқ вақтдан бери мудраб ётган нодир иқтидори бир сандиқ хазинани ўртага чиқарганди гўё. Мисралар бир-бирининг ортидан шаршарадек тўкилар, туйғулар турфа рангда товланар, муҳташам рамзлар мажҳул жарликлар тубидан хаёллар лашкари сингари юриб келишарди. Қария шоирнинг кўзлари кўкда ўқдек учиб бораётган бургутнинг кўзларидек чарақлар, овози ҳам уникидек эди – жарангдор.
Нақадар азоб эди – бутун сарой қаршисида, улуғ зот – қиролнинг ҳузурида яхши шеърлар ўқишга журъат этмоқ! Тингловчиларнинг олқишлашга юраги бетламасди. Сарой аъёнлари ғазаб билан бир-бирига қарашар, шивирлашишар, қолганлар ҳам нима бўлганини тушунмай анграйиб қолган, ҳайрат ичида ёқа ушлаган хонимлар эса нозик чизилган қошларини жаҳл билан тириштиришарди. Қирол мукофот сифатида ҳозирлаган узугини улоқтириб юборганди.
Сарой шоири тўй тугашини ҳам кутиб ўтирмай чиқди, чиқасолиб пенсияга чиқишига амр этилгани ҳақида хабар топди, махсус ҳужжатга имзо чекди.
Ҳа, уйга қайтиш, бутунлай ёлғиз қолиш жуда ажойиб эди. Кечқурун хонаси бўйлаб бошини мағрур кўтарганча у ёқдан бу ёққа одимлади, сўнгги ёзган шеърларини баланд овозда ўқиди, кейин кексаликнинг айёрона ва ним табассуми билан шаҳарлик шоирлар китобларига бир қур назар ташлади. Улардан кам эмаслиги, ҳатто олдинлаб кетгани ҳақида ўйлади. Алалоқибат севинчини ким биландир ўртоқлашгиси келди, дарров собиқ хотинига мактуб ёзди. Бу ажралишганидан буён унга ёзган биринчи хати эди. Мактубда музаффарлик ифодаси билан бугунги йиғилишдаги шеър якунида уни олқишлашмагани ҳақида сўз юритди, ниҳоят пенсияга чиққанини билдирди, янги шеърларидан ҳам киритиб, сўзи охирида ўзидан ифтихор туйганча қўшиб қўйди: “Сен ана шундай одамни ташлаб кетдинг, билиб қўй!”

Рус тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси