Радиодан “Авиакомпания 914 – рейсни мажбуран 24 соатга кечиктирди” деб эълон қилишди. Серхио Ривера аламидан ҳатто ерни бир тепди. Уларнинг бунақа қилиғини у яхши билади, турган гапки, бундай вазиятдан кейин деярли ёд бўлиб кетган баҳоналар айтилади: яхшиси кўтарилгандан кейин ҳавода бирон тузатиб бўлмас техник носозликка рўпара келгандан кўра рейсни қолдирган маъқулроқ деган тушунчаларга борилганининг сабаблари айтиб ўтилади. Кўзда тутилмаган кечикиш Серхионинг барча ишларининг белига тепарди. Унинг иш бўйича учрашуви эртага келишиб қўйилган эди.
Майли, ташвиш қилишнинг ҳожати йўқ. Қўлингдан барибир ҳеч нарса келмайди. Аёл кишининг майин овозда компания йўловчиларга кечки овқати, эрталабки нонушта ҳамда аэропортга яқин меҳмонхонага талонлар берилишини эълон қилди. Серхио бу славянлар мамлакатига биринчи келиши бўлгани учунми, очиғи уни томоша қилиш ҳақида ўйлади. Аэропортда банкнинг йўлакай қўниб ўтадиган йўловчиларга хизмат қиладиган бўлими бор эди. Бироқ бир оқшом учун доллар майдалашнинг ҳожати йўқ, шекилли. Яхшиси кечки овқатнинг ўзи билан кифояланиб қолиш керак. Серхио талон бериладиган дарча томонга йўл олди.
Йўловчилар меҳмонхонанинг эшиги олдида автобусдан тушишди. Қор ёғмоқда эди. Серхио ҳаётида бор-йўғи иккинчи бор қорни кўриши. Бир йил аввал худди шундай хизмат сафарига келиб Нью-Йоркда кўрганди. Ўн саккиз градус совуқ. Серхионинг қулоқ учлари шишиб кетди, у совуқдан қалт-қалт титрар ва самолётда қолган кўк шарфи ҳақида хаёл қиларди. Дарвоқе, меҳмонхонанинг эшиги очилди. Илиққина ҳаво юз-кўзига урилиб у тетиклашди ва афсус билан ёнида хотини Клара билан беш яшар ўғли Эдуардо йўқлигига ачинди. Серхио Ривера ҳар қалай нима десангиз ҳам оилапарвар эди.
Ресторанда икки кишилик, тўрт кишилик ҳамда олти кишилик столлар бўш эди. У кечки овқатни бир ўзи ўтириб ейиш ва хотиржам китоб ўқиш умидида икки кишилик столни танлади. Бироқ, ўша заҳоти бир киши келиб: “Рухсат беринг,” – деди-да, жавобини кутмай, бўш ўринга ўтирди.
Чақирилмаган меҳмон аргентиналик бўлиб, парвоз қилишдан ўлгудек қўрқаркан. “Баъзилар тумор тақиб юришади, – деди у. – Мени битта оғайним бор, мана бунақа феруза тошли калит осгичсиз ўла қолса самолётга чиқмайди. Бошқаси парвозга ўзи билан “Мартин Фиерро” китобини олиб олади. Мени айтмайсизми? Мен Сан-Францискода, хитой маҳалласидан японларнинг иккита тангасини сотиб олдим. Кулишнинг ҳожати йўқ, нима кераги бор… Лекин тумор билан ҳам барибир қўрқаман”.
Аввалига Ривера жавоб тариқасида тўнғиллаб, кулиб ўтирди, бироқ бир оздан сўнг китобни қўйиб, у ҳам туморлар ҳақида ҳикоя қилишга тушиб кетди. “Мана мени ваҳималарим, ишонсангиз тумандек тарқалиб кетди. Мен доим ўзим билан “шифер” ручкасини олиб юраман, фақат бесиёҳ. Авваламбор чўнтагимга солганда костюмимни расво қилмаслик учун, қолаверса, ишончим комил, парвоз чоғи у чўнтагимда бўлса ҳаммаси яхши дегани. Фақат албатта бўш, сиёҳсиз бўлиши лозим. Мана бу сафар унинг сиёҳини тўкиб ташлаш эсимдан чиқибди, лекин шунга қарамай, кўриб турганингиздек, соппа-соғман”. Серхиога худди аргентиналик унга ёзғириб қараётгандек туюлди-ю, қўшимча қилишга ошиқди: “Очиғини айтсам, мен тақдирга ишонаман. Башарти, ажалинг етган бўлса, самолёт портлаб кетадими ёки гултувак еттинчи қаватдан тўппа-тўғри бошингга тушиб кетадими. Фарқи йўқ”. “Ҳа, лекин ман, ҳар қалай гултувакни лозим топган бўлардим, – деди аргентиналик. – Турган гапки, восвос, лекин тирик қоласан”.
Аргентиналик ширинликни охиригача емади (“тағин Европада шоколадли крем тайёрлашни билишади, дейишганди!) ва ўзининг хонасига кетди. Риверенинг бошқа ўқигиси келмади, у сигарет тутатиб, туркча қаҳва совушини кута бошлади. Яна қанчадир вақт ўтирди, қараса столлар бўшаб, одамлар туриб кетишибди, у ҳам охирида қолмаслик учун шошилди. Иккинчи қаватга, ўзининг хонасига чиқди. Пижамаси жомадонида қолгани туфайли трусикда ётди. Дастлаб анча вақт китоб ўқиди. Бироқ, Агата Кристи повестидаги сир аллақачон маълум бўлганига қарамай, кўзига уйқу келмасди. Китоб орасига қўядиган картон қоғоз ўрнида ўғлининг сурати турарди. Кичкинтой Эдуардо Эль-Пинардаги баланд дюналарда челак кўтариб турар ва яланғоч қорнини чиқариб олганча илжайиб тушганди. Ривера ҳам кулиб қўйди-да, чироқни ўчириб, радиони ёқди. Бироқ диктор ҳаяжонли овозда, аллақайси тилда бир нималар деб ғўлдирарди, у ҳафсаласи пир бўлиб радиони ўчирди.
Телефон жиринглади. Ривера пайпаслаб гўшакни топди. Кимдир инглиз тилида ҳозир соат саккиз бўлди, хайрли тонг, 914-рейс йўловчилари соат 9.30 да пастга тушишларини сўраймиз, автобус кутади, парвоз тахминан 11.30 ларга белгиланганини эълон қилди. Юз-қўлини ювиб, нонушта қилиб олиш учун вақт етарли эди. Чўмилиб чиққандан кейин Монтевидеодан бери алмаштирилмаган ички кийимларини кийишга кўнгли бўлмади. Ривера соқолини оларкан, ҳафтанинг қолган кунларига учрашувларини қандай режалаш ҳақида ўйларди. “Бугун сешанба, бешинчи – деб хаёл қиларди у, – қайси бир учрашувларни қолдиришга тўғри келади. Бошқа иложи йўқ” . У бошқарув раисининг сўнгги топшириғини эслади; “Шуни унутмангки, Ривера, сизнинг кўтарилишингиз “Сапекс” одамлари билан суҳбатни қандай ҳал қилишингизга боғлиқ. Модомики, шундай экан, бундан чиқди, бошқа ишларнинг бари кутиб туриши мумкин, чоршанба кунини бемалол “Сапекс” нинг илтифотли ишбилармонлари билан учрашувга бағишлаши мумкин. Оқшом улар албатта уни стриптиз кабарега таклиф қилишади. Бояқиш Перейра икки йил аввал улар билан ўша ерда бўлган – ҳалигача ўзига келолмайди.
Серхио бир ўзи нонушта қилди, роппа-роса тўққиз яримда отелнинг эшиги ёнига автобус келди. Қор кечагидан кўра кучлироқ ёғар, совуқ суяк-суякдан ўтай дерди. Аэропортга келишди. Ривера афсусланиб кенг ойнадан қаради. Кулранг комбинезон кийиб олган кишилар самолёт ёнида уймалашарди. Бирдан ўн беш минут ўтганда радиодан 914 – рейсли самолётнинг учиши яна қолдирилади, у эҳтимол уч соатдан кейин учиши мумкин, деб эълон қилишди. Компания йўловчиларга аэропорт ресторанида тушлик қилиш учун талон бераркан.
Ривера тутоқиб кетди. Уни ҳиқичоқ тутиб қолди – нуқул асабийлашганда шунақа бўларди. Жағлари билан қўшиб қандайдир оғриқ турарди. Яна дарича олдида навбатга туришга тўғри келди. Соат уч яримда боя хабар берган овоз ҳавас қиларлик сокинлик билан “техник сабабларга кўра 914 – рейс эртага, 12.30 га қолдирилади, деб эълон қилди. Ниҳоят йўловчилар нолишга тушишди “Бу қанақа бемаънилик”, “шармандалик”, “ҳақорат” деган сўзлар чалинди Болалар қийқириб юборишди, улардан битта-яримтаси жаҳли чиққан ота-оналаридан тарсаки еб, пусиб қолишди. Аргентиналик сал наридан Риверага қараб бош чайқади, афтидан у: “Ана кўрдингизми, сиз бўлсангиз кулаётгандингиз”, дегандек бўларди. Риверанинг олдидаги бир аёл тақдирга тан бергандек итоаткорона: “Лоақал буюмларимизни қайтариб беришса-чи”, – деди.
Риверанинг аччиғи чиқиб бўғилаёзди – радиодан Авиакомпаниянинг марҳамати билан худди ўша бояги овоз дарчадан кечки овқатга, эртанги нонуштага ҳамда меҳмонхонада тунаш учун талонлар олишлари мумкинлигини эълон қилди. Дарча ёнига келган борки, талон бераётган қиз билан маънисиз ва бефойда мунозара қиларди. Ривера хотиржамгина, индамай, аччиқ киноя билан кулимсираган кўйи талонни олишни ўзига эп кўрди, бечора қиз нима қиларини билмай унга тезгина миннатдорлик билан қараб қўйди.
Унинг норозилиги бошқаларга ҳам таъсир қиларди. У шуни ҳис қилиб, тўрт кишилик столга ўтирди. “ Уларни отиб ташлаш камлик қилади”, – дея кўнглидагини айтди сочларини бир тутам қилиб ўраб олган аёл кавшана туриб. Риверанинг рўпарасида ўтирган жаноб дастрўмолини очиб аксирди, сўнг патқоғоз олиб, мўйлабини артди. “Менинг фикримча, улар бизни бошқа компанияга бериб юборишлари мумкин эди”, – деди астойдил хафа бўлиб сеньора. “Биз жудаям кўпмиз”, – деди жаноб мўйлабини патсочиқ билан артаркан. Ривера гапга қўшилишни лозим деб билди. “Қишда учиш жудаям ноқулай”, – деди у, бироқ ўша заҳоти бекорга бундай деганини тушуниб қолди. Сеньора унга эътироз билдирди: “Янглишмасам, компания бирон марта ҳам об-ҳаво ёмонлигини рўкач қилмаяпти. Ёки сиз ҳам гап техник носозликда эканига ишонмайсизми?” Шу чоқ кутилмаганда стол атрофида ўтирган тўртинчи улфатлари гап ташлади, унинг овози хириллаган, немисча акцент билан: “Менга стюардесса тушунтириб айтдики, радиоаппаратурага нимадир бўпти”, – деди. “Яхши, – деди унинг гапини маъқуллаб Ривера, – модомики шундай экан, тушунарли парвозни нега бекор қилишаётгани, тўғрими?”
Рестораннинг нариги бошида аргентиналик қўлини пахса қилиб гапирарди. У, афтидан Авиакомпанияни лаънатлар, дақиқа ўтган сари унинг ҳаракати тобора хунук тус оларди. Қаҳвани ичиб олгач, Ривера залнинг лифтга яқин қисмига бориб ўтирди. Еттинчи қаватнинг залида ўйин-кулгу қилиш учун қандайдир одамлар издиҳоми йиғиларди. Отелга аллақандай одамлар кирар, пальто, шляпа ва шарфларини гардеробдан олишар, лифтни кутиб ёшлар чиройли, башанг қора костюмларда, ёш, гўзал қизлар холлда туришарди. Зиналардан йигит-қизлар гаплашиб, кулишиб тушиб келишар, Ривера уларнинг нега кулаётганига, тушунмаслигига ачинарди. У дафъатан ақлдан озгулик даражада ўзини танҳо сезди. Кимнингдир ёнига келиб чекиш сўрашини, ҳазиллашишини ёки мана шу тушуниксиз – қандайдир кулгули тилда нималардир гапириш мумкин эканини, бирон нима сўрашини ҳохлаб қолди. Бироқ, бирон кимса тўхташи у ёқда турсин, унга ҳеч зоғ қарамади ҳам. Улар ўзлари билан ўзлари машғул эдилар, ундан ўша тушуниксиз тили ва тушуниб бўлмайдиган қувончи билан бегона эдилар.
Ҳафсаласи пир бўлган, ранжиган Ривера ўзининг хонасига кўтарилди, бу сафар унга саккизинчи қават тушганди. Ечиниб ўринга ётди. Зарур ишларини қайта кўриб чиқиш учун бир варақ қоғоз олди. Учта фамилияни ёзди: Корнфельд, Бруннель, Фрид. Тўртинчисини ёзмоқчи бўлди, иложи бўлмади – бутунлай хотирасидан кўтарилибди. Фамилияси “Е” ҳарфидан бошланиши эсида фақат. Ўзининг кутилмаганда эсидан чиқаришидан аччиғи чиққан Ривера чироқни ўчириб ухламоқчи бўлди. Иложи бўлмади. Узок, уйқусиз тун олдинда турганини ҳис қилди. Уйқусизлик нима эканини у яхши биларди, бир неча йил аввал синаб кўрган. Бирон нима ўқиса яхши бўларди, тинчирди. Бунинг ҳам иложи йўқ – Агата Кристининг китоби самолётда қолган эди. Серхио ўғли ҳақида ўйлай бошлади ва шундай хаёл билан бир нарсани англади: у бир сутка мобайнида хотини ҳақида ўйламабди. Кўзларини юмиб ётиши, ухлаши керак… У уч минут ухладим, деб қасам ичиши мумкин, кўп эмас, шунга қарамай, олти соат ухлабди денг. Телефон жиринглади. Яна инглиз тилида автобус меҳмонхона ёнида бирдан чорак ўтганда кутади ва йўловчиларни аэропортга элтиб қўяди, дея эълон қилинди. Ички кўйлагини алмаштиролмаслиги уни шунчалар асабийлаштирар эдики, Ривера умуман ювинмасликка қарор қилди. Аммо тишларини ювишга у ўзини мажбур этди. Аэропортда, ресторанда у кутилмаганда қувонди. Ривера илгари тотиб кўрмаган қандайдир мамнуният туйғуси уни тўлқинлантирди. Бунга чўнтагидан Компаниянинг талонини олиб қанддоннинг тагига қистириб қўйгани сабаб бўлганди.
Компания ҳисобидан нонушта қилиб, у катта диванга ўтирди. Ҳеч ким бу ерга ўтирмади, чунки диван туалетнинг тўғрисига қўйилган эди. Қаердандир беш ёшли оппоққина, сепкилдор қизча пайдо бўлди. У қўлида қўғирчоқ кўтариб олган, тўппа-тўғри Риверага тикилиб қарарди. “Исминг нима?” – деди у сўзларини бузиб талаффуз қиларкан немис тилида. “Карл”, – деб жавоб берди у. “А! – деди қизча. – Меники эса Гертруда”. Унинг илтифотига жавоб қайтариш керак эди, Серхио:”Қўғирчоғингни-чи, исми нима?”, – деб сўради. “Унинг номи Лотта”, – деб жавоб берди Гертруда.
Уларнинг ёнига бошқа қизалоқ келди, ёши тўртларда, у ҳам оппоққинадан келган, униям қўғирчоғи бор. Гертруданинг қаршисига келиб турди-да, французчалаб: “Сенинг қўғирчоғинг кўзларини юмадими?”, – деб сўради. Ривера унинг саволини немис тилига ўгирди, кейин жавобини французчага таржима қилди. Ҳа, Лотта кўзларини юмади. Кейин француз қизчанинг исми Мадлена экани маълум бўлди, қўғирчоғининг исми эса – Иветта экан. Ривера диққат билан таржима қилди: Иветта кўзларини юмади ва бунинг устига “ойи”, – дейди. Худди шу пайт ҳар хил гаплар пайдо бўлди: шоколад ҳақида, масхарабозлар, дадаси ҳақида. Ривера ишини ҳалол, синхронистга ўхшаб бажарарди, лекин қизчалар унга заррача эътибор беришмасди. У қизларни ўзича ўзининг Эдуардоси билан хаёлан солиштирди, шундай хулосага келдики, унинг ўғли худди шу қизларга ўхшар, заррача фарқ қилмас эди, шуни ҳис қилгач, енгил тортди.
Мадлена қўлини Гертрудага узатди. У ўзининг қўлини яшириб, кейин ўйланиб қолди. Қизлар қўл ушлашиб олишди. Гертруданинг мовий кўзлари чарақларди. Мадлена ҳам мамнун чийиллаб қўйди. Уларга таржимон зарур бўлмай қолди. Лотта билан Иветтанинг эгалари қўлларини қўйиб юбормай, ҳатто ўзлари учун жуда кўп ишлар қилган одам билан хайрлашмай узоқлашишди.
“Компания эълон қилади…” – деган овоз янгради радиодан. Бу сафар овоз унчалик майин эмасди. У дилтанг бир сукунат қўйнида янгради. “Компания шуни маълум қиладики, техник носозликни бартараф қилишнинг иложи бўлмаяпти. 914 – рейснинг учиши эртага қолдирилади. Учиш вақтини олдиндан хабар қиламиз”.
Ривера навбатга туриш учун дарча ёнига югуриб борганида ўзига ўзи ҳайрон қолди. Кечки овқатга, нонуштага, тушликка ва меҳмонхонага номер олмоқчи бўлганлар кўп эди ва Серхио саккизинчи бўлди. Начора, бўлар иш бўлди! Даричадаги қиз унга таниш талонни узатди ва … Ривера бамисли имтиҳон топширган ёки амали оширилгандек ўзини ғалати сезди, балки унга ваъда қилинган ҳиссадорлик жамиятидаги ёки ўзи учун ишонч, қўналға, бошпана топгандек бўлди.
Ўша меҳмонхонадаги кечки овқатни танаввул қилиш (сарсабилдан ажойиб соус, венача шницель, қаймоқ билан қулупнай ва бунинг устига қулинг ўргилсин пиво, Серхио эслади, бунақасини қачонлардир ичган эди). Бирдан у беҳад хурсанд бўлиб кетганини тушуниб етмаслигини англади. Яна бир сутка қолишар экан! Яна бир қанча ишларни бошқа кунга қолдириш керак бўлади. Серхио биринчи кеча бирга овқатланган аргентиналик билан гаплашиб қолди. Лекин аргентиналик нуқул перонизмнинг хавфли экани ҳақида тинимсиз гапирарди. Бу мавзу Риверани унчалик ташвишга солмасди. У ўзини чарчаганга солиб бешинчи қаватдаги хонасига жўнади.
Серхио иш бўйича гаплашиши керак бўлган одамларни ёзиб чиқмоқчи бўлди, бироқ у бор-йўғи икки кишининг: Фрид билан Бруннелни эслаб қолган экан. У қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Кулгудан каравот титраб кетди. Ажабо, қўшни хонадан тинчликни сақланг, деб тақиллатишмади. У ўзини босиб олди ва жомадонда барча таниш-билишлари, уларнинг манзиллари ва телефонлари ёзилган ён дафтарча қолганини эслаб хотиржам бўлди. У қавилган кўрпа ва тугма қадалган чойшабда ётар экан, ўзини бахтиёр сезарди. Болалигида, қишнинг узоқ кечалари мана шундай ўринда у ёнбошидан бу ёнбошига ағанаб ётарди. Ухлашдан олдин у Эдуардо ҳақида (бола суратда қўлида челак билан қимирламай турарди), ўйлаб ётди, аммо ўша заҳоти уйқуси келди, у Кларани ўйламаганини ҳам унутиб ухлаб қолди.
У уйғонди ва беихтиёр ўзининг эгни-бошига қаради – кир-чир, оддийгина кир, айниқса, иштони ва майкаси. Кўзларини чала-чулпа ювди ва тишларини ювмасликка қарор қилди. Яна ўрнига ётди ва зарур хабарни телефон қилиб айтишларини кута бошлади. У кийинаркан Авиакомпаниянинг пассажирлар ҳақида қайғураётганидан хурсанд бўлди. “Ҳар доим шу Авиакомпания самолётларида учаман”, – деб ўйлади ўзича ва ёш тўла кўзларини юмди. Кўзларини очганида календарни кўрди. Илгари нега уни сезмаган экан? Чоршанба, ўн биринчи сана турарди календарда. Еттинчи, пайшанба эмасми? У бармоқларини букиб санашга тушди ва шу қоғоз бошқа ой ёки бошқа йилга мансуб, деган қарорга келди. Ҳаётдан нечоғлик орқада қолган давлат! У ўрнидан турди, отланиб ресторанга тушди, нонушта қилгач, автобусга ўтирди.
Аэропорт шовқин эди. Биринчиси чилилик, иккинчиси Испаниядан келган эру хотинлар рейсларни ҳадеб ўзгартирилаётганидан норози бўларди. Улар эмизикли болалари билан – бирларини қиз, бошқаларини ўғли бор эди – саёҳат қилишарди. Авиакомпания уларни таглик билан таъминлади, нари борса самолётда ётган жомадондан ўз тагликларини олишга рухсат берди. Даричадаги қиз қўлидан келганича ўзини ҳимоя қиларди: Компания имкони борича кўзда тутилмаган кечикиш билан боғлиқ ноқулай шароитни бартараф этади, дерди.
Кўзда тутилмаган ушланиш. Тўхтаб қолиш. Мажбурий, кутилмаган. Серхио Ривера бу сўзларни ихтиёрсиз эшитар ва бамисли янгитдан туғиларди. Эҳтимол ўзи шуни ҳохлар. Бир умр, ҳамиша (қайсики, ҳаммаси тескарилиги заруратдан, тез, мумкин бўлмаган тарзда, шошилинч, доим шошилинч). У аэропортдаги ёзувларга тикилди: “Чиқиш”, ”Ташриф буюрган пассажирлар учун”, “Учиб кетаётганлар учун”, “Валюта алмаштириш”, “Эркаклар учун”, “Валюта алмаштириш”, “Хонимлар учун”, “Кириш таъқиқланади”, “Транзит пассажирлар учун”, “Емакхона”… Ҳаммаси одатий, қадрдон.
Вақти-вақти билан ўша аёлнинг овози навбатдаги самолётнинг учиб келгани ёки учиб кетаётгани ҳақида маълумот берарди. Лекин 914 – рейс ҳақида бошқа ҳеч нарса демади. Учишга нимадир бир жойда қимир этмай турган самолёт ҳамон ўт-ўлан устида турар, атрофида комбинезон кийган механиклар уймалашар, узундан-узун шлангларни тортқилашар, “жиплар” ишчиларни гоҳ олиб келишар, гоҳ олиб кетишар, қандайдир эҳтиёт қисмлар…
“Саботаж бу, саботаж”, – деб қичқирарди биринчи классда учиб келаётган баланд бўйли италиялик. Ривера ўзининг билганича иш тутди – у Авиакомпаниянинг даричаси яқинида турди. Ҳозир радиодан кутилмаганда тўхтаб қолганлик ҳақида маълумот беришади, у бугун кечки овқат, эртанги нонушта, меҳмонхонага талон учун биринчи бўлиб навбатда туради.
Гертруда билан Мадлена ҳар доимгидек қўл ушлашиб ёнидан ўтиб кетишди. Уларнинг қўғирчоқлари йўқ эди. Чамаси қизлар ( ўша қизларми ёки бошқаларми? Европадаги малласочлар бир-бирига ўхшайди) Серхио Ривера сингари кутилмаган туриб қолишга сира қарши эмасдилар. У энди барча ишларни, учрашувни қолдириш керак, деб ўйлади… ким билан эди? Қани жиллақуриса биттасининг номини эслаб кўрай-чи. Йўқ, ҳаммасини унутибди! Серхио телбаларча ҳаяжонланди.
Бирдан унинг кўзи электр календарнинг рақамларига тушди: “7, душанба”. Аҳмоқликни қаранг! У аҳамият бермасликка ҳаракат қилди. Худди шу дақиқада аэропортнинг кенг зали ҳозиргина келган пассажирлар билан тўлди. Уларнинг орасида Ривера бир ёшгина йигитчани кўрди ва юрагида таниш, унутилаёзган бир туйғуни туйди. Ўспирин Серхиога аҳамият ҳам бермай унинг ёнидан ўтиб кетди. У яшил шим ва қора этик кийган қиз билан валақлашиб келарди. Кейин ўспирин буфетга бориб икки стакан апельсин шарбатидан олиб келди. Шундоққина диванда ўтирганча Ривера эсини йўқотиб қўйгандек улардан кўзини узмасди.
“Бу ерда бир соатча бўларканмиз, акам айтди”, – деди қиз. Ўспирин лабларини рўмолчаси билан артди. “Мен тезроқ боргим келяпти”. – “Мен ҳам”, – жавоб берди қиз. “Хўш, сен менга ёзгин. Ким билади. Балки кўришармиз. Ахир биз бир-биримизга яқин бўламиз”. – “Кел ҳозир бир-биримизнинг манзилимизни ёзиб оламиз”, – деб таклиф қилди қиз.
Ўспирин ручкани олди, қиз қизил ён дафтарчасини олди. Улардан икки қадам нарида Серхио Ривера лабларини қимтиб жимгина ўтирарди.
“Ёз, – деди қиз. – Мария Элена Суарес, Кёнигштрассе, 21, Нюрнберг. Сени нима деб ёзай?” – Эдуардо Ривера. Лагергассе, 9, Вена-три”. – “У ерда неча кун бўласан?” – “Ҳозирча бир йил”, – деди йигитча. ”Бахтли экансан! Отанг қарши эмасми?”
Ўспирин нимадир деди, шу дақиқаларда радиодан ўша аёл овози келаётгани учун Серхио уни эшитмади, фақат қандайдир бўғиқ овоз эълон қилди: “Авиакомпания маълум қиладики, техник сабабларга кўра 914 – рейс эртага қолдирилади. Учиш вақти қўшимча эълон қилинади”.
Овоз ўчди. Серхио бир оздан сўнг яна йигитчанинг овозини эшитди: “Кейин, у менинг отам эмас, ўгай, тушундингми? Менинг отам аллақачон вафот этган, авиаҳалокатда ўлган”.
Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 10-сон