Элизабет Кеннеди Трюдо: АҚШ Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ниятида собит

Фото: Cенат матбуот хизмати

4 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева АҚШ Давлат котибининг жамоатчилик билан ҳалқаро алоқалар бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элизабет Кеннеди Трюдони қабул қилди.

Сенат матбуот хизматига кўра, учрашувда Ўзбекистон–Америка ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, жумладан, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Парламентлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришда “Ўзбекистон бўйича Кокус”нинг (дўстлик гуруҳи) ўрни ва фаолияти самарадорлиги таъкидлаб ўтилди.

Мулоқот давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан аёллар тадбиркорлиги ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш, гендер тенгликни таъминлаш борасида фикр алмашилди. Шу билан бирга, икки давлат ҳукуматлари ўртасидаги мунтазам сиёсий алоқаларни фаоллаштириш, маҳаллий ҳокимият органлари билан яқин алоқаларни йўлга қўйиш лозимлиги, бундай ёндашув барча соҳаларда икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан кенгайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.

АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, Давлат котиби ёрдамчиси в.б. Элизабет Кеннеди Трюдо Танзила Норбоева билан мулоқотда расмий Вашингтон ислоҳотлар жараёнини қўллаб-қувватлаш ҳамда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги устувор вазифаларни амалга ошириш йўлида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, Трюдо хоним 28 сентябрдан 9 октябргача қадар давом этадиган сафари давомида Непал, Бирлашган Араб Амирликлари, Ўзбекистон ва Қирғизистонда бўлади. Ушбу ташрифлар АҚШ дипломатик миссияларининг сиёсий масалалар бўйича ишлари, устувор маълумотларни алмашиш, хусусан, Россия ва Хитойнинг ёлғон ахборотларига қарши туриш, Афғонистон халқини доимий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий тенглик, ОАВ эркинлиги ва иқлим масалаларига бағишланган.

Аввал хабар берганимиздек, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен жорий йил март ойида Вашингтонда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири билан учрашувда ҳам мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлидаги ислоҳотлар давом этишига хайрихоҳлик билдирган, республика суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги қўллаб-қувватланишини таъкидлаган эди.