Максим Горький. Она қасидаси (ҳикоя)

Шарафлайлик аёл – Онани, ғолиб ҳаётнинг мангу оби чашмасидир ул! Биз бу гал сизга Темурбек ҳақида ҳикоя сўзлаб берурмиз, ҳа, ўша, оқсоқ йўлбарс, соҳиби қирон ҳақида, малъун кимсалар Темурланг деб атайдиган, аммо бутун жаҳонга донғи ёйилган инсон тўғрисидадир бу қиссамиз.

Эллик йил у ер юзи бўйлаб жаҳонгашталик этди, темир товони шаҳарлару давлатларни, баайни фил оёғи қумурсқаларни эзиб ўтгандек, янчди, қонлар тўкилди; зеро у ажал билан олишмоққа чоғланган эди – чунки ажал унинг ўғли – нуридийдаси Жаҳонгир мирзони навқирон ёшида бағридан юлиб олгани боис, малъун ўлимга иш қолмасин, бекорчиликдан хуноб бўлсин, дея қурбон устига қурбонлар топар эди у.

Фарзанди аржуманди вафот этган, Самарқанд аҳли эса ёвуз жета эли устидан ғалаба қозониб қайтаётган жаҳонгирни қора ва кўк жандалар кийиб, бошига кул ва тупроқ сочиб, мотамсаро кутиб олган кундан – Ажал билан Ўтрорда рўбарў келиб, мағлуб бўлган ўша наҳс кундан бошлаб у бирон марта ҳам кулмади, ҳамиша лабларини қимтиб, мағрур бошини ҳеч кимнинг олдида хам қилмай яшади, ўшандан бери эса… оз эмас, кўп эмас, ўттиз йил ўтди, изтироблар учун жой қолмаган эди унинг қалбида!

Шарафлайлик бу дунёда аёл – Онани, унинг қошида ожиз бўлиб юкунади ҳатто Ажал ҳам! Бу нақлимизда эса Ажалнинг ўзи билан баҳс боғлашга жаҳд этган, замину замонни зор титратган Темурбекдай зот ҳам Она қошида бош эгиб таъзим бажо айлагани ҳақидаги ҳақиқат баён этилур.

Алқисса, ҳикояга қулоқ берсангиз.

Темурбек гул-чечаклар ва ёсуманлар қулф уриб ўсган Конигил водийсида базм қуриб ўлтирмиш эди. Мафтункор бул водийни шоирлар Конигил эмас, Конигул деб ҳам таъриф этардилар. Бу ердан азим Самарқанднинг мовий миноралари, масжиду мадрасаларнинг нилий гумбазлари кафтдагидек кўриниб турарди.

Ўн беш мингта думалоқ ўтов кенг водийда чамбар шаклида тизилган, уларнинг ҳар бири лолага менгзайдир, ҳар бирининг устида алвон-алвон шойи байроқлар ҳилпираб турадир.

Кўрагоннинг чодири эса уларнинг ўртасида қизлар мажлисидаги малика янглиғ яшнаб кўринади. Чорбурчак, ҳар томони юз қадамдан, баландлиги уч найза бўйи, ўртасида одам белидай йўғон ўн иккита олтин устун; қора, сариқ, мовий шойи матолардан қуралиб, тепасига мовий гумбаз ўрнатилган бу чодир, шамол учирмаслиги учун беш юз қизил арқон билан қозиқларга тортилган, тўртала бурчагида биттадан кумуш бургут қанот ёзиб турибди, чодирнинг энг ўртасида, бирмунча баландроқ жойда сор бургутнинг ўзи – енгилмас Темур Кўрагон, шаҳаншоҳ масрур қўр тўккан.

Устидаги осмонранг шойи чакмонига беш юзта дур қадалган, ҳа, ишонаверинг! Кўнгилларга даҳшат солувчи бошига оппоқ қалпоқ кийган, қалпоғининг чўққисига қадалган ёнғоқдай ёқут эса жимир-жимир қилади, катта қизил кўз соққаси янглиғ бу ёқут теваракка шуъла сочиб қалқийди.

Соҳибқироннинг юзи сарғиш-жигарранг, кўзлари гарчи қисиқ бўлса-да, ҳамма нарсани кўриб-билиб туради, бу кўзларнинг шуъласи араблар яхши кўрадиган сарамут тошининг, тутқаноқ касалига эм бўладиган бу қимматбаҳо тошни маъжусийлар зумрад деб атайдилар, совуқ шуъласини эслатади. Ҳукмдорнинг қулоғида эса зебо қизлар лабининг ол ранги каби Сарандиб ёқутидан ясалган исирға йилтирайди.

Ерга ёйилган гиламлар устида… э, бунақа гиламларни энди топиб бўлмайди, уч юзта кўзада эса мусаллас ҳамда шоҳона базми жамшид учун нимаики лозим бўлса, бари муҳайё. Темурбекнинг орқасида созандалар тизилишган, ёнида ҳеч ким йўқ, оёқ учидан эса қариндошлари, шоҳлару беклар, саркардалар жой эгаллашган, бироқ ҳаммадан яқинроқ ўтирган одам – кайфдан кўзлари сузилган шоир Кирмоний эдики, бир куни шаҳаншоҳ шоирнинг тилини қичитиш учун унга:

– Аё, Кирмоний! Агар мени бозорга олиб чиқиб сотсалар, сен қанча оқча берар эдинг? – деб савол бериб қолади.

– Йигирма беш аскарий берардим, олампаноҳ!

– Қизиқмисан, белимдаги тилло камарнинг ўзи шунча туради-ку?

– Мен ҳам камарнинг нархини айтяпман-да, бўлмаса, ўзингизни ҳемирига ҳам олмасдим!

Ана шундай деган эди Кирмоний подшоҳнинг ўзига. Шоирларга шараф муносиб, зеро улар бадиий қилиб айтилган ҳақ сўзни ҳақдан деб билишади.

Ҳа, мана шу базму ишрат, ўйин-кулги, хурсандчилик айёмида, жанг- жадаллар ва қозонилган зафарлар ғурур ила эсга олинаётган, машшоқлар дилтортар наво чалаётган ва буюк ҳукмдор чодири олдидаги майдонда ола-була кийинган сон-саноқсиз масхаралар сакраб-сакраб нағма кўрсатаётган, паҳлавонлар гўштигирлик қилаётган, муаллақчилар эса дор узра чир айланиб, кўрган кўзларни лол қолдириб, буларнинг суяги йўқ бўлса керак, деб ўйлашга мажбур этаётган, моҳир жангчилар қилич ўйнатиш ҳунарини кўрсатаётган, нарироқда эса танаси қизил ва яшил тусларга бўялгани боис бири қўрқинчли ва иккинчиси кулгили бўлиб кўринган икки фил ўйинга солинган мана шу шоду хуррамлик онида – Темур Кўрагоннинг одамлари шаҳаншоҳнинг салобатидан эсанкираб, унинг шон-шарафидан ғурурланиб, ғалабалар ҳордиғини чиқариш учун ҳордиқ чиқариб, май ва қимиз симириб, сархуш ҳолда хушчақчақлик билан шовқин солиб, чуввос кўтараётган бир паллада қора булутлар аро чақнаган яшиндай бўлиб, мода бургутнинг қичқириғи янглиғ бир аёлнинг чинқирган товуши Боязидни мағлуб этган соҳибқироннинг динг қулоқларига етиб келдики, бундайин товуш унинг Ажал пораланган, шу боис, одамларга ҳам, ҳаётнинг ўзига нисбатан ҳам шафқат ҳислари бегоналашган қалбига чандон ошно ва ҳамоҳанг эди!

Темурбекнинг ким фарёд чекаётгани ҳақидаги сўроғига мулозимлар афт-ангори чанг, кийимлари пора-пора, ўзи телбасифат бир аёл келганини, арабча сўзлаётганини, дунёнинг ярмини қаламравига киритган подшоҳи аъзамнинг ҳузурига кириш талабида эканини етказишди.

– Олиб кирингиз уни! – деди ҳукмдор.

Зум ўтмай қаршисида бояги аёл пайдо бўлди, оёқлари яланг, эгнида ранги ўнгиб кетган жулдур ва йиртиқ кийимлар, қоп-қора сочлари очиқ кўксини ёпиб турибди, юзи жездан қуйилган каби, кўзлари эса амирона боқади, Соҳибқирон сари чўзган қорамтир қўллари титрамайди.

– Султон Боязидни мағлуб этган сенмисан? – деб сўради аёл.

– Ҳа, мен. Мен кўпларни енгдим, аммо ғалабага ҳали тўйганим йўқ. Хўш, ўзинг кимсан, нечун ҳузуримга келдинг, эй аёл?

– Унда, эшит! – деди аёл. – Сен нималарга эришган бўлсанг ҳам, бир одамсан, холос. Мен эса – Онаман! Сен жон оласан, мен эса ҳаёт бахш этаман. Сен қошимда гуноҳкорсан, шу сабаб, мана, келдим айбларингни ювишинг учун. Менга айтдиларки, сен “Куч – адолатда!” деяр эмишсан, аммо бунга ишонмоғим учун менга адолат қилмоғинг лозим, ахир мен – Онаман!

Подшоҳ доно одам эди, бу сўзларнинг ортидаги мубҳам маъноларни қалби сезиб:

– Аввал ўтир-да, бир бошдан сўзла, мен эшитай, – дея амр этди.

Аёл ўзи учун қулай бўлган ерга – шоҳларнинг ғуж даврасига жойлашиб олди-да, саргузаштларини баён қилди:

– Мен Салерно деган шаҳар яқинида яшар эдим, бу жуда узоқда, Италия мамлакатида, у ерларни сен билмайсан. Отам – балиқчи эди, эрим ҳам балиқчи, ҳамма бахтиёр одамлар каби жуда хушрўй эди. Мен унинг уйини бахтга лиммо-лим тўлдирган эдим-да. Боз, ўғилчам ҳам бор эди, ер юзидаги энг чиройли бола ўша эди.

– Менинг Жаҳонгир ўғлим каби, – дея пичирлади кекса жангчи.

– Менинг ўғлим – дунёдаги энг чиройли, энг ақлли бола! Аммо у энди олти ёшга тўлганида юртимизга қароқчилар бостириб келиб, отам билан эримни ўлдиришди, ўғлимни эса олиб қочишди. Мана тўрт йилдирки, уни қидираман, бормаган жойим қолмади. Ҳозир у сенинг қўлингда, чунки бояги қароқчиларни Боязиднинг аскарлари тутқун қилган, сен эса Боязидни маҳв этдинг, бас, унга тегишли нарсаларнинг бари энди сенинг қўлингда. Сен менинг ўғлим қаерда эканини биласан, уни менга қайтариб беришинг лозим!

Ўтирганларнинг бари кулиб юборишди, айниқса шоҳлар – ўзларини ҳаммадан ақлли деб билгувчилар – қаҳ-қаҳ уриб, мазахлашди.

– Телба бўпти бу! – дея шоҳлардан сўнг Темурнинг бошқа яқинлари, аъёнлару лашкарбошилар ҳам хандон уриб кулишди.

Фақат Кирмоний аёлга жиддий, Амир Темур эса ҳайрат ила боқар эди.

– Бу аёл – Она, у ақлга бегона! – деди оҳиста Кирмоний, аммо Амир Темур Кўрагон – жумла жаҳондан аламнок бу инсон – савол берди:

– Ҳой хотин, сен қандай қилиб, мен отини ҳам эшитмаган олис мамлакатдан денгизлар ошиб, дарёю тоғларни ортда қолдириб, ўрмонлар оралаб бу ерларгача етиб келдинг? Нега ваҳший даррандалар сени тилка-пора қилишмади, қандай қилиб, ҳайвондан ҳам баттар бўлган одамлар йўлда сенга зиён етказишмади? Сен, ҳимояга муҳтож одамларнинг ягона дўсти, содиқ ҳамроҳи бўлган бирон яроғинг ҳам бўлмагани ҳолда, шунча узоқдан қандай қилиб омон етиб кела олдинг? Менга бор гапни айтиб бергилки, тақдирингга ажабланиб, ҳақиқатдан ғофил қолмайин!

Шарафлайлик аёл – Онани, унинг меҳри чексиз, бепоён. Бутун олам унинг кўксидан сут эмиб улғаяди! Инсондаги жами олижаноблик – қуёш нури ва она сути шарофатидандирки, биз ҳаётни ана шулар сабаб севамиз!

Аёл Темурбекка боқиб, деди:

– Мен фақат бир денгизни ошиб келдим, унда ороллар кўп, балиқчиларнинг қайиғи эса сон-саноқсиз экан. Севган нарсангни қидирсанг, ҳатто йўловчи шамоллар ҳам сенга кўмаклашади. Денгиз қирғоғида туғилиб-ўсган мендай мунглуғ учун дарёлардан сузиб ўтиш – иш эмас! Тоғлар десанг, мен тоғларни кўрмадим ҳам.

– Агар бутун вужудинг билан севсанг, тоғлар водийга айланади! – деди қувноқ оҳангда сархуш шоир Кирмоний.

– Ўрмонлар бор эди йўлда, ҳа, бор эди! – дея сўзини давом эттирди аёл. – Ўрмонларда менга қозиқ тишли тўнғизлар, силовсинлар, айиқлар, шохи билан ер сузган ваҳимали буқалар учради. Ҳатто икки бор сенинг кўзингга ўхшаб тикиладиган қоплонларга ҳам дуч келдим. Аммо ҳар қандай ҳайвоннинг ҳам юраги бор, мен улар билан худди ҳозир сен билан сўзлашгандай сўзлашдим ва улар менинг Она эканимга иқрор бўлиб, хўрсиниб-пишқириб, нари кетишди. Улар менга ачинишди. Ахир, биларсан, ҳайвонлар ҳам боласини севади, болаларининг тирик, озод юриши учун одамлардан кўра кўпроқ курашишади.

– Худди шундай, эй аёл! – деди Темур. – Менинг билувимга кўра, жониворлар одамларга қараганда кучлироқ севади, болалари учун жонини ҳам аямайди!

– Одамлар – бола-ку! – дея давом этди аёл. – Чунки ҳар бир аёл юз карра бола, одамлар эса, ҳамиша онасининг фарзанди. Ахир, ҳар кимнинг Онаси бор, ҳар бир эркакни қай бир аёл туққан, ҳатто сен ҳам, мана шу ёшингда, биласанки, сени аёл тўраган. Эҳтимол сен худони тан олмассан, лекин сени она туққанини рад эта олмайсан, тўғрими, эй мўйсафид?

– Худди шундай, эй аёл! – деди ҳассос шоир Кирмоний. – Чароки, мингта буқа тўплангани билан, битта бузоқ ҳам оламга келмайди, қуёшни кўрмаса, гул очилмайди, Она бўлмаса, шоир ҳам, ботир ҳам туғилмайди!

– Шундай экан, – деди аёл, – менга боламни топиб бер, чунки мен унинг Онасиман, уни жонимдан ҳам кўпроқ яхши кўраман!

Таъзимлар айлайлик аёл – Онага: Мусо калимуллони, Исо руҳуллони, Муҳаммад ҳабибуллони дунёга келтирган зот – унинг ўзи.

Таъзимлар айлайлик, ҳеч толмасдан буюк мутафаккирларни туғиб бизга тортиқ айлагувчи хилқатга! Арасту – унинг ўғлидир, Фирдавсий ҳам, шеърлари асал каби тотли Саъдий ҳам, ашъори хушбўй шаробга заҳри ҳалоҳил омухта бўлган Умар Хайём ҳам – унинг фарзанди. Искандар Зулқарнайнни ҳам, сўқир шоир Ҳомерни ҳам – барини у дунёга келтирган, ҳаммалари Унинг сутини эмиб улғайишган, уларнинг барини шу Она деб аталмиш зот, ҳали бўйи бир қизғалдоқча ҳам келмайдиган чоғида қўлидан етаклаб, ёруғ олам билан таништирган, алҳосил, дунёнинг бор шон-шарафи – шу Она туфайли!

Бу сўзларни эшитгач, оқсоқ йўлбарс, шаҳарларни забт этиб, шоҳларни қул айлагувчи соҳибқирон Темур Кўрагон, сочлари оқарган бошини қуйи солиб, узоқ ўйга чўмди, сўнг барчага юзланиб:

– Мен, Тангри қули Темур[1], – деди. – Сўзумни қулоқларингизга исирға қилиб тоқиб олғайсиз. Барингизга аён, худо берган кунни яшадим, кўп замонларки, оёқларим остида рўйи замин титрайдир, ўттуз йилдин бери ажал ҳосилини мана шу қўлларим йиғиб толмайдир, чунки ўғлим Жаҳонгир мирзонинг ўлими учун… бу ўлим қалбимнинг қуёшини сўндиргани учун аламим босилмайдир! Менинг билан салтанатлар ва шаҳарларни талашиб ҳарб қилдилар, бироқ ҳеч ким мен билан одам талашмади, шу боис, аларнинг ҳам қошимда қадри бўлмади, билмас эдим – кимдир ул ва нечун йўлимда турур? Мен, Темурбек, Боязидни енггач, анга юзланиб дедимки: “Аё Боязид, кўргил, худонинг оллида давлатлару одамлар ҳеч эканини, қара, бирубор эгам ҳукмдорликни бир сендайин қийшиғу бир мендайин маймоққа бериб қўйибтур”. Мен бу гапларни анга кишанбанд қилиб, ҳузуримга олиб келганларида айтдим. Ул бадбахт кишанларнинг оғирлигидан аранг оёғида турар, мен эсам бу аччиғ сўзларни унинг учун энг манҳус бир кунда юзига айтар эдим, айтар эканман, кўнглим сездики, бу ҳаёт деган неъматнинг ўзи вайроналарда ўсадиган эрман ўти каби, какра каби аччиғ эркан!

– Мен, Тангрининг қули Темурбек сўзум! Мана, қошимда бир аёл ўлтирадир. Бундай аёллар бисёр, аммо у менинг қалбимда ўзимга ҳам ноаён ҳисларни қўзғатди. У мен ила ўз тенги билан сўзлашган каби сўзлашади, у мендан сўрамайди, талаб этади. Шундан сўнг анга боқиб, унинг не сабабдан бу қадар қўрқмас экани боисини англадим: у севади, дилидаги севги боис, фарзанди – ҳаёт учқуни эканини, бу учқундан талай асрларга татигулик олов алангаланишини англайди. Ахир, жами пайғамбарлар ҳам бир пайт бола бўлмаганми, не-не паҳлавонлар ўз вақтида бир парча эт эмасми эди! Аё, Жаҳонгир ўғлим, кўзимнинг нури, балки тирик бўлганингда, сен бу курраи заминни меҳр нуринг билан илитиб, саодатга йўғирармидинг? Мен эсам, уни қон ила суғордим, ерлар қоп-қорайди қаҳримдан, оҳ фарзанди аржумандим!

Соҳибқирон яна узоқ ўйга толди, сўнг бош кўтариб, фармон берди:

– Мен, Амир Темур Кўрагон сўзум! Дарҳол уч юз нафар отлиқ чопар қаламравимдаги барча ерларга жўнатилсин ва улар мана шу аёлнинг ўғлини топиб келтирсинлар, бу аёл эса, унга қадар шу ерда кутиб ўтиради, мен ҳам ҳеч қаёққа жилмай, у билан бирга кутаман хушхабарни; кимда-ким бу аёлнинг ўғлини отига мингаштириб келса, зарга белагайман, Темурбек сўзум! Шундай бўлсинми, эй аёл?

Аёл юзини тўсиб турган сочларини орқага сурди, Темурбекка қараб табассум қилди ва бош ирғаб, деди:

– Худди шундай, подшоҳим!

Бу сўзни эшитгач, оламни зир титратган қария ўрнидан туриб, бир сўз демай аёлга таъзим қилди, шоду хуррам шоир Кирмоний эса абёт ўқиди:

– Энг гўзал қўшиқ – чечаклар, юлдузу ой ҳақдадир,
– Йўқ, адашдинг, қадди шамшод,  ул ҳуснга бой ҳақдадир.

– Энг ажиб дам – ёз бошидир, кўкда порлар офтоб…
– Булъажабдур менга боқса бир кулиб ул моҳтоб!

Тим қоронғу осмонда милтирар юлдуз гўзал!
Офтобли ёз боши – жавзодаги кундуз гўзал!

Меҳр ила боқса нигорим, гуллар хижолатдан сўлар!
Бир табассум этса дилдор, офтоб шамгин бўлар!

Бир қўшиқ бордир валекин, куйланмаган, маҳбуб эрур,
Ул қўшиқ –  борча қўшиққа бош эрур, марғуб эрур.

Бул наво – энг сеҳркор, олам юраги ҳақдадир,
Биз “Она” деб айтган ул дунё тираги ҳақдадир!

Буни эшитган Амир Темур шоирга қараб:

– Балли, Кирмоний! – деди. – Оллоҳ таоло ўз донолигини аён этиш учун бежиз сени шоир қилиб танламаган экан!

– Э… Худонинг ўзи – энг яхши шоир-да! – дея каловланди ширакайф адиб.

Аёл эса табассум қилди, шоҳлару вазирлар, лашкарбошилару бошқалар – ҳамма болалар эса унга – Онага қараб жилмайдилар.

Бу гаплар бари – чин, айтганларимиз – ҳақиқат, буни оналаримиз яхши билади, ишонмасангиз сўраб кўринг, ўзлари ҳам айтадиларки:

– Ҳа, буларнинг барчаси ҳаққи рост, бизлар ажалдан ҳам кучли зотмиз, бу ёруғ олам яралибдики, биз доҳийларни, шоирлару қаҳрамонларни дунёга келтирамиз, бу ёруғ олам нимаики билан шараф топган бўлса, барининг сарзамини бизда!

Зуҳриддин Исомиддинов таржимаси

––––––––––––––––––––
[1] М.Горький бу сўзларни ўзбек тилида ёзган (тарж).

* * *

Таржимондан: Дунё адабиётида Соҳибқирон Амир Темур ҳақида ёзилган асарлар сон-саноқсиз. Уларни қайси даврда ёзилганига қараб (ёки жанрларига кўра ва ҳоказо) хилма-хил тасниф этиш мумкин. Аммо менимча, бу буюк тарихий сиймонинг фаолиятини реалистик ёритиш мақсадида битилган асарлар ҳамда унинг образидан фойдаланиб, муайян ғояни илгари суриш (адабиётшунослар таърифича, “бадиий ҳақиқат тарихий ҳақиқатга тўғри келмаслиги мумкин”) учун битилган асарларга бўлиб ўрганиш илм нуқтаи назаридан фойдалироқ.

Рус адабиётида Амир Темур образи ёритилган илк намуна бўлмиш бу ҳикоя, мазкур таснифимизга кўра, иккинчи гуруҳга мансуб. Максим Горький Соҳибқироннинг буюк муҳорабалари мотивини тўнғич фарзанди, йигирма ёшида оламдан ўтган Жаҳонгир мирзо ўлимининг аламини босиш учун эди, деган жўн бир баҳона билан изоҳлайдики, бу тарихий ҳақиқатга ҳам, оддий мантиққа ҳам жилла мувофиқ эмас. Аммо адиб Амир Темурнинг улуғ фазилатларга эга бўлган, беқиёс шон қозонган маҳали ҳам оддий одамларнинг дардларини ҳис эта оладиган, шу хислатлари билан ўз теварагидаги калондимоғ баъзи шоҳлару вазирлардан аллақанча поғона юксакда турадиган инсон бўлганини ишонарли тарзда кўрсата олган.

“Италия ҳақида эртаклар” туркумига мансуб бу ҳикоя Капри оролида ёзилган. Аммо асар матнидан Салерно шаҳри, Италия деган иккита сўзни олиб ташласангиз, унинг моҳиятан бу туркумга алоқаси йўқ экани маълум бўлади. Шарқ мавзуидаги, шарқона руҳдаги бу ҳикоя хамиртурушини Горький қайси манбадан олган экан, буни аниқлай олмадик, аммо кўп деталлар, жумладан, Самарқанд яқинидаги Конигил тасвири, Амир Темур нутқига хос “Мен – Тангрининг қули Темурмен” деган ифоданинг 1912 йилда Италияда туриб ўзбек тилида ёзилгани шоёни таажжубдир. 

Амир Темур ҳузурида бўлиб ўтган бир воқеа тарзида битилган бу ҳикояда она зоти шарафланиб, муаззам бир қўшиқ сингари мадҳ этилганлиги бизни шу асарни ўзбек тилига таржима қилишга ундади. У шунингдек,  рус ижтимоий тафаккуридаги янглиш бир тасаввур – Шарқда аёлларга паст назар билан қараш ҳукмрон эди, деган догмани йўққа чиқариши билан ҳам муҳим.

Ўзбек тилида М.Горький асарларининг 10 жилдлиги (1968-197.) нашр этилган. Аммо унга мазкур ҳикоя киритилмаган. Чунки Совет даврида ўзбеклар юртида Амир Темур ҳақида бирон нарса эълон қилиб бўлмас эди. Соҳибқирон борасида барча тақиқлар олиб ташланган мустақиллик даврига келиб эса… водариғ, “Шўро адабиётининг асосчиси” деган ғалча қараш туфайли Горький ижодидан “эҳтиётланиш” пайдо бўлди. Шундай бир вазиятда бу тахлит ғилофу қолипларни синдириб, таржимани чоп этишга журъат қилган “Тафаккур” журнали бош муҳаррири, Халқ ёзувчиси Эркин Аъзамга ҳазор қуллуқ.