Профессионал мунаққид деб аталмиш само аҳлига мансуб бўлмаган ёзувчи бошқа ёзувчилар тўғрисида мулоҳаза юритишга жаҳд қилар экан, фақат уларни дил-дилидан яхши кўргани учун бунга журъат қилади. Лекин тирик ёзувчи бошқа тирик ёзувчиларни дил-дилидан яхши кўриши камдан-кам бўладиган ҳодиса, аксинча, у одатда бошқа тирик ёзувчиларни дил-дилидан ёмон кўради. Шунинг учун ҳам мен вафот этиб кетган тўртта адиб тўғрисида гапирмоқчи бўляпман. Ҳаётдан кўз юмганлиги уларни бир-бирига боғлаб турган ягона риштадир. Аммо ҳаётликларида ўз олдиларига қўйган вазифаларига кўра ҳам, қиёфаларига кўра ҳам улар бир-бирларидан жуда фарқ қиладилар. Бу жиҳатдан улар баайни Лондон кўчаларидаги бир-бирига туташ тўртта уйнинг эгаларига ёки беморга ташҳис қўяётган тўртта врачга ўхшайдилар.
Дюмани мен йигирма беш ёшимда — ҳали ғўргина саргузаштталаб бир йигит ўлароқ олис сафарга отланганимда ўқий бошлаган эдим. Мен “Монте-Кристо”дан бошладим. Мен уни Ҳинд океанини кесиб ўтаётган “Торренс” деган елканли кемада, ўзим ҳам хаёлотим елканларини ёйиб юбориб, бу ажойиб романнинг ақл бовар қилмайдиган кенгликлари бўйлаб сузиб юриб ўқиган эдим. Эсимда — денгиз тинч чоғларда мен яшил жилдли романни қўлтиқлаб олиб, кеманинг тумшуқ томонига ҳамроҳларимдан — бу реал дунёнинг аянчли сиймоларидан нарига бориб олардим-да, учар балиқлар ва романтика билан холи қолиб ўқийверардим, ўқийверардим. Кейинги тўрт йил мобайнида мен ичкиликка ўрганиб қолган одамдек Дюмадан ажралолмадим — “Мушкетчилар” туркумининг ва “Қиролича Марго” туркумининг муаллифи ўзига тортаверарди. Мен “Жозеф Бальзамо” билан “Қироличанинг маржони”ни ҳам татиб кўрдим, аммо мен улардан бир қултум ичдим-у, қолган тўқсонтадан ортиқ романнинг ҳеч қайсисига қўл теккизмадим. Аммо “Монте Кристо” билан ўша “Мушкетчилар” ва “Қиролича Марго” туркуми ҳар нима деганингизда ҳам йигирма беш жилдни ташкил қилади, бинобарин. Улар тўғрисида бемалол гаплашса бўлади. Балоғатга етган одамнинг мулоҳазаларига кўра “Монте Кристо” “Қиролича Марго” даражасида эмас, бу туркум ҳам уч мушкетчи ҳақидаги трилогиядан анча берида туради, лекин ҳеч шубҳа йўқки, бу трилогия ўша пайтдаги тарихий романларнинг муаллифлари ўртасида Дюмага биринчи ўринни олиб берди. Чиндан-да, Дюманинг тарихни яратиш қобилияти ҳар қандай одамни ларзага солмай қолмайди. Дюма яратган Тарих шу қадар чин, шу қадар ҳаққонийки, тарихчилар яратган Тарих унинг олдида рангсиз ва туссиз бўлиб қолади ва бу шўрликлар ҳеч қанчалик муваффақиятга эриша олмай, ёзганлари билан шалвираб қолаверадилар. У шўрликлар сизга зорланиб, “йўқ, йўқ, ундай эмас, воқеалар унақа рўй бермаган, аслида фалондай ва фалондай бўлган” деб шикоят қилишади, “воқеаларнинг иштирокчилари ҳам аслида бошқа, фалончи-пистончилар” деб сизни ҳақиқатдан огоҳ қилади. Аммо сиз аллақачон бу тўғрида Дюманинг ёзганларини ўқиб бўлгансиз ва олимларнинг гапи сизга сариқ чақалик ҳам таъсир кўрсатмайди. Тарих йўлларида телбадай жавлон урган Дюма бу йўлларни тарихчиларнинг қонсиз жасадларига тўлдириб ташлади. Унинг бири биридан бой тўқималари орасида туссиз ҳақиқат ҳақ-ҳуқуқларидан мосуво қилинган арвоҳга ўхшайди. Ришелье ва Мазарини, Карл IX, Анна Австрийская, Лиза де ла Вольер, Улуғ подшо, герцог Гизлар Генрих Наваррский ва қиролича Марголар билан бирга Дюма мактабида таҳсил кўрган китобхонларнинг қай бири кейин улар тўғрисидаги тарихий асарларни ўқиркан? Мен ўзим марҳум бош вазиримиз билан мактабда бирга ўқиганман, аммо кейинчалик унинг тўғрисида жаннати одамлардан бири тўғрисида ёзилган гапларни ўқиганимда Гарвардда мендан яхшироқ ўқиган йигитни ва мен уни футбол майдонида чалиб йиқитганимни эслаёлдим, холос. Унинг хизмат пиллапояларидан кейинча омад билан кўтарилишларига мен доимо гумон билан қараганман. Худди шунга ўхшаб, Францияда Дюма саҳифаларида муҳрланиб қолгандан бошқа тарих бўлганми-йўқми экани кишида шубҳа туғдиради.
Сўнгги пайтларда марказида бирон-бир тарихий шахс турган биографик пьесалар ёки романлар модага кирмоқда. Дюмани муносиб баҳоламоқ учун ана шу ҳозирги асарларни улуғ француз яратган тарихий сиймолар билан ёнма-ён қўйиб кўринг — уларнинг нақадар нимжонлиги, уларда латофат ва жозиба нақадар кам эканини яққол кўрасиз-қўясиз. Кейин яна бир нарсани таққослаб кўринг — Дюманинг тарихий шахсларини унинг хаёлоти кучи билан яратилган д’Артаньян, Арамис, Портос, Атос, Кокоина, Шико, Боссилар каби образлар билан ёнма-ён қўйиб кўринг. Бу образларнинг кўпчилиги ҳаётда прототипларга эга бўлган, бироқ бу билан кимнинг нима иши бор? Ҳаммадан аввал, уларнинг ўзларининг ҳеч қанақа иши йўқ. Бундай таққос оқибатида Дюманинг истеъдоди янада тўлароқ ва аниқроқ кўринади, негаки ҳеч нарса билан чекланмаган хаёлот кучи ёрдамида яратилган Дюма фарзандлари унинг тарихий сиймоларига қараганда тўлақонлироқ ва жонлироқ бўлиб чиқади. Эркаклар Дюмага аёлларга қараганда яхшироқ бўлиб кўринган. Анна Австрийская, Марго, Луиза, де Монсоро хоним ва герцогиня де Шаврез яхши чизилган образлар, лекин улар ҳаддан зиёд ёрқин яратилган эмас, Миледи-ку аёл либосидаги даҳшатли бир махлуқ, холос. Булардан бошқа унда тилга олишга арзийдиган тузукроқ аёл образининг ўзи йўқ. Аммо бунинг эвазига унинг эркаклари энг яхши адабий қаҳрамонлар билан беллаша олади: улар ўн йилликлар орқали мағрур қадам ташлаб ўтадилар, уларнинг қадди-қоматига қараб тўймайсан, киши. Қизиқарли ҳикоя қилиш қобилиятига кўра Дюма Диккенсга тенг келади, ёзувчига эса бундан ортиқ баҳо йўқ. Албатта, унинг баъзи бир арзон-гаров тасвирларидан бурун жийириш мумкин ёки инглиз адибининг тасвирдаги баъзи бир тийиқсизлигидан ҳам ранжиш мумкин, аммо у қадар йирик бўлмаган адибларда бизга малол келадиган қусурлар бу улуғ режиссёрларнинг асарларида мутлақо табиий кўринади. Мен баён қилиш санъатини тилга олганим учун минг бора узр сўрайман — бизнинг кунларимизда жуда кўпчилик бу шаклни аллақачон ўлган ва кўмиб юборилган деб ҳисоблайди — улар инсон ҳаётини бир-бири билан дефис орқали боғланган бир қатор портлашлар орқали ифодалашга ҳаракат қилишади. Шундоқ бўлгандан кейин Дюма тўғрисида гапирганда бу мавзуни четлаб ўтиб бўладими? У ўзининг энг яхши асарларида китобхоннинг диққатини сира чалғитмай, қаттиқ ушлаб тураолади — бунда унга деярлик ҳеч ким тенг келолмайди. Одатда у бир нечта сюжетни олади-ю, уларни аравага қўшилган тўртта отни бошқаргандай абжирлик билан бошқариб боради, отларнинг тезлиги ҳар қанча шиддатли бўлмасин, у равонликни йўқотиб қўймайди. Бир-бири билан ҳаддан зиёд мураккаб тарзда бирикиб кетган эпизодлар ва характерларнинг кўплиги жиҳатидан унинг романлари орасида биринчи ўринни “Виконт де Бражелон” эгалласа керак. Ҳа, ҳеч шак-шубҳасиз, Дюма — улуғ ровий! Унда алланечук сеҳргарлик хислати бор, лекин у жоду қилганда ўзининг дори-дармонларини ҳақиқий ҳаётдан олиб ишлатади. У ёрқин рангларни ва ўткир зираворларни яхши кўради, лекин зинҳор-базинҳор қуруқ гап сотмайди. Гомер замонларидан бери адабиётнинг олдига иккита талаб қўйиб келишади — унда сюжет бўлмоғи керак ва унда характер бўлмоғи шарт. Инсон табиати шу даражада секин ўзгарадиган нарса бўладики, минг йил муқаддам ўтган нарса ҳам унинг учун куни кеча рўй бергандек кўринади. Шунинг учун китобхон Чосер замонида қандай бўлса, бугун ҳам худди шундай тарзда сюжет билан характерни талаб қилаверади. Эклектиклар Дюмани рад қилишса қилаверишсин, унинг асарларини ҳозиргача ўқишмоқда, бундан кейин ҳам яна юз йил, яна уч юз йил ўтгандан кейин ҳам ўқий беришади. Айни чоғда, комил ишонч билан айтаманки, ҳозирги кунда бўтқа адабиёт деб атаса бўладиган, шакли йўқ, шаклсизликдан доимо лиқиллаб турадиган адабиёт асарлари ўттиз йилдан кейин хотираларда ҳеч қандай из қолдирмай ғойиб бўлиб кетади, ҳатто уларнинг номлари ҳам эсда қолмайди.
Реализм билан романтизм ўртасидаги фарқ ёзувчи ўз олдига қўядиган асосий мақсад билан белгиланади: биринчи навбатда китобхонни қизиқтириб, кўнглини чоғ қилишни мақсад қилиб олган ёзувчи романтик бўлади; тасвирлаётган нарсасини биринчи навбатда кўрсатиб беришни ёки агар истасангиз, талқин қилиб беришни мақсад қилиб олган ёзувчи реалистдир. Мен бу гапни илгари ҳам айтганман, лекин тажрибам шундан далолат берадики, бир айтган гапни яна такрорлаб турмоқ керак, акс ҳолда ҳеч ким унга эътибор бермайди. Шундай қилиб, Дюма биринчи навбатда китобхонни биронта жумбоққа қизиқтириб қўйишини эътиборга олиб, уни романтиклар сафига қўшмоқ керак. Унинг китобларига қараб Дюманинг ўзининг алланечук ғаразлари борми-йўқми — билиб бўлмайди, худди шунингдек, унда аввалдан пишиб қолган ўз қарашлари ёхуд бирон фалсафий тизими борми-йўқми — буни ҳам аниқлаш амримаҳол. Унинг романларида воқелик танқид қилинмайди, унинг кайфиятига ўраб берилмайди. Инглиз ёзувчиларидан бунақа холис ёзувчи сифатида кўрсатсак, фақат Шекспирни кўрсатиш мумкиндир, холос. Аммо Дюма романтик бўлса-да, замин узра иккала оёғида мустаҳкам туради. Кайфиятига кўра романтик бўлган бу адиб ўзининг методига кўра реалист эди ва айрим ҳолларда эса у илҳом билан характерлар яратишга ҳам қизиққан. У яратган энг буюк образ, шак-шубҳасиз, д’Артаньяндир. У шундай бир меҳвардирки, ўн бир жилд асар учун асос бўлиб хизмат қилади. У бир вақтнинг ўзида саргузаштталаб сарбоз ва ишончни қозонган мулозим. Кимда-ким олижанобликда ва довюракликда унинг олдига туша олмаса, бундай одамга қиличини санчишга тайёр. Бундай одам оғир ва босиқ бўлса-да, д’Артаньян ҳамласидан қочиб қутулолмайди, чунки д’Артаньянга айни ана шу босиқлик ва оғирлик бутунлай бегона. Билмадим, ўзининг ҳаётийлиги ва типиклигига шу қадар ишончимизни қозона олган бирор адабий қаҳрамон адабиётда яна топилармикан? д’Артаньян биронта кимсадан ёрдамини аямайдиган одам, у шундай ишларни қилиб, шундай хатти-ҳаракатларни амалга оширадики, бошқалар бундай ҳаракатларидан олам-жаҳон фойда кўрадилар; у ҳали-замон ўзининг бахт қушини ушлаб оладигандек туюлади, лекин ҳамиша бошқаларнинг бахт-саодатини барпо қилиш учун елиб-югурган бўлиб чиқади ва бундан унинг жозибадорлиги заррача камайиб қолмади. Бунақа одамларни биз ҳаётда кам учратамизми! д’Артаньян образини яратган одамнинг ҳар қандай гуноҳидан ўтса арзийди.
Учар этигимизни оёққа илайлиг-у, Дюмадан рус ёзувчиси, ҳар қандай замондошларимиздан кўра бизга замондошроқ бўлган Чеховга ўтайлик.
Чехов тўғрисида гапирганда айтмоқ керакки, унинг ҳикояларининг на боши, на думи борга ўхшайди, улар баайни тошбақага ўхшаб, ўртанинг ўзидан иборат. Аммо унга тақлид қилмоқчи бўлганларнинг кўпчилиги шуни тушунмадиларки, унинг ҳикояларида асарнинг боши ва думи ичкарига тортиб олинган, тошкосанинг тагига яшириб қўйилган. Уистлерга ўхшаб кўрмоқ ва ёзмоқ учун буни хоҳлашнинг ўзи кифоя қилмайди. Худди шунга ўхшаш Чехов каби ҳис қилмоқ ва ёзмоқ учун унинг янгича ёзиш манераси сизга ёқадими-йўқми — шуни ҳал қилиш керак.
Чеховга ўхшаб ёзишга ҳеч ким муваффақ бўлмайди, фақат Кэтрин Мэнсфильд деган ҳозирги даврдаги бир ёш ёзувчи жувонгина бу қоидадан истисно бўла олди. Аммо у бошқалардан кўра яхшироқ тақлид қилишни эплагани учун шундай бўлгани йўқ, бунинг сабаби шундаки, бу адиба ҳам худди Чеховга ўхшаб таранг ва маҳзун туйғуларга эга эди, у ҳам худди Чеховдай ўйлар ва ҳис қиларди (таассуфлар бўлсинки, у ҳам ўша даҳшатли хасталик сабабидан вафот этган). Менинг фикримча, сўнгги йигирма йил мобайнида бир неча мамлакатда ёш ёзувчилар учун Чехов энг қудратли оҳанрабо бўлган эди. У жуда катта адиб эди, бироқ унинг таъсири кўпроқ заифлаштирувчи хусусиятга эга бўлди. Гап шундаки, унинг учун енгилдай бўлиб туюладиган бир усул билан ишламоқ табиий эди, аммо амалда текшириб кўрганда бу усул ғарб ёзувчиси учун жуда қийин бўлиб чиқди. Унинг асарлари Ғарбий Оврўпада шундай бир фурсатда шуҳрат топдики, бу пайтда ёзувчилар кўпда ортиқча меҳнат сарф қилмай муваффақиятга эришиш дардига тушиб қолишган эди — бунақа руҳий ҳолат фақат ёзувчиларгагина хос эмас, балки уни водопроводчилар ўртасида ҳам, биржа корчалонлари орасида ҳам учратиш мумкин.
Чеховда кишининг хаёлини олиб қочадиган мафтункор бир имкониятни кўргандай бўлишди — Чехов гўё ардоқли мақсадга олиб борадиган энг яқин йўл эди, бироқ дадил айтмоқ мумкинки, бу йўлдан кетганларнинг биронтаси ҳам мақсадга етиб боргани йўқ. Унинг ижоди кўз илғамас тарзда дайдиб юрадиган бир шамчироқдир. Ёзувчи ўйлаши мумкинки, кундалик туйғулар ва ҳодисаларни ҳафсала билан қайд қилиб чиқса кифоя — унинг ҳам қалами остида Чеховники сингари ажойиб ҳикоя чиқади қўяди. Қаёқда дейсиз! Бирор асарни “ажойиб” деган билан у чиндан-да ажойиб бўлиб қолавермайди. Агар шундай бўлганда эди, бугун бизнинг теграмизни қанчадан-қанча ажойиб асарлар қуршаб турган бўларди. Ҳикояда яққол кўриниб турган композициясиз қалам тебратиш рус ёзувчисига нисбатан ғарб ёзувчисига қийинроқ. Лекин шуниси ҳам борки, кўпгина ғарб ёзувчилари ҳозир бундай деб ўйламайди. Бизнинг “янги” адабиётимиз гўё аллақачон Чеховни орқада қолдириб кетди ва ҳатто ўзи отасини ҳам танимай қолди-ю, мен унинг ютуқларини ҳамда интилишларини етарли даражада қадрламаяпман деган тасаввур ҳосил қилмоқчи эмасман. Жуда қобилиятли ва жиддий ёзувчилар чин дилларидан ҳаётни ҳамма ранглари ва жилолари билан бутун турфа хиллигини сақлаган ҳолда акс эттиришга уриниб ётишипти, бунинг устига улар маҳзун ва киноявий бир фатализм билан суғорилганлар, бу фатализм уларга эҳтимол янги бир нарса бўлиб кўриниши мумкин. Уларнинг назарида бу фатализм Чехов ва яна бошқа кўпгина ёзувчилардан ўтган бўлиб туюлиши мумкин. Баъзи бир ана шу довюрак новатор ёзувчиларимизнинг услуби ва методларида чиндан ҳам бир қадар янгилик бор, лекин уларнинг ҳаётий фалсафаларида мен ҳар қанча уринмай, ҳеч қандай янгилик топа олмайман. Улар сюжетдан ва характерлардан воз кечишган ёки аниқроқ қилиб айтганда, сюжет ва характерлар яратишда аввалги драматик усуллардан воз кечишган, лекин фалсафийлик жиҳатидан қараганда улар ўзларининг Тургенев, Мопассан, Флобер, Генри Жеймс, Мередит, Гарди, Франс, Конрад каби аждодларидан унчалик ўтиб кетганлари йўқ. Бу янги ёзувчилар биз мистицизм яратдик ва у тўлалигича бизнинг кашфиётимиздир деб даъво қилишади, ҳақиқатда эса уларнинг мистицизми юқорида номлари саналган катта ёзувчиларнинг ижодлари замирида ётган мистицизмдан ортиқроқ ёхуд ўткирроқ эмас, ахир, уларнинг бари етарли даражада равшанлик билан кўрсатдиларки, улар коинот тартибининг сирли ҳамда ўз-ўзига ҳоким маромини тан олишади, инсон ҳаётига бошдан-охир сингиб кетган гўзалликни, даҳшатни, мушфиқликни ва кинояни кўриб туришипти. Ҳа, менинг фикримга кўра, янги ёзувчиларимизнинг услуби ва методи уларнинг фалсафасига қараганда анча қизиқроқдир. Мен уларнинг дадил усулларини кўриб қойил қоламан, ҳолбуки бу усул анча юзаки жойда ётади. Беихтиёр савол туғилади: эҳтимол, эпчиллик ва дадиллик билан шаклни ҳамда мунтазам сюжетни бартараф қилиб, улар бир ҳақиқатни назардан қочиргандирлар, бу ҳақиқатга кўра эса бизнинг тезкор ҳаракат қиладиган замонамизда инсон ҳаёти ҳар қанча ҳавойи кўринмасин, ҳақиқатда эса теран ва ўзига хос томирларга боғлаб қўйилгандир. Чехов бўлса ўзининг шаклсиздай кўринган ҳикояларида ҳеч қачон бу ҳақиқатни унутмайди ва ҳеч қачон унинг маҳорати мана мен деб туртиб ҳам турмайди.
Чехов 1860 йилда рус шаҳри Таганрогда таваллуд топган ва бор-йўғи қирқ тўрт йил умр кўриб, Шварцвальдда вафот этган. У деҳқонлар тоифасидан чиқиб келган, ўзи қишлоқ врачи бўлган. Унинг авлодига мансуб бошқа рус ёзувчиларининг ҳеч қайсисида биз рус заковатини ва рус халқини бу қадар теран тушунишни кўрмаймиз, рус характерини бу қадар бехато ҳис қилишни учратмаймиз. Рус табиатига азалдан хос бўлган мужмалликни у қочиб қутулиб бўлмайдиган бир қисмат деб билади ва бутун ижоди давомида уни эринмай, узлуксиз тарзда ва холисанлилло очиб беришга ҳаракат қилади. У қишлоқ врачи бўлгани важидан, бошқа ҳар қандай одамдан ортиқроқ даражада инсон табиатини кузатиш имконига эга ва у бу табиатнинг ўз бардошидан бошқа ҳар қандай ёрдамдан маҳрум ҳолда оғир дардлар ва ёмон саргузаштлар зулми остида эзилиб ётганини кўради. Чехов ғоятда сезгир ва муайян усуллардан маҳрум бўлмаган инсон эди. Афтидан, ўз яқинларининг изтироб чекишларини кузатмоқ унинг учун ғоятда оғир бўлган бўлса керак, уларнинг ўз характерларининг миллий белгиларидан куч-қувват олабилмасликларини кўриб янада қийналгандир. Ҳарҳолда, у буларнинг бари туғма санъаткор сифатида ғоятда ўткир бир нигоҳ билан кўрган. Билмадим, кўпгина турфа хил халқлар яшайдиган бир мамлакатда рус характери тўғрисида яхлит бир нарсадай гапириш мумкинми-йўқми? Ҳарҳолда, рус характери вақт ва макон қадриятларига нисбатан бефарқдир, унинг учун энг муҳими — туйғулар, бундан ҳам ортиқ даражада муҳими туйғуларни ифодалаб беришдир. Шундай экан, у туйғуларнинг янги тўлқини уларни буткул ювиб кетмагунча ўз мақсадларига эришиб улгурмайди. Кўп масалаларда фавқулодда жозибадор бўлган рус кишиси, менинг назаримда, муайян бир нарсада ўзини тўхтатиб қолишга қодир эмас. Шунинг учун у доимо у ёки бу бюрократиянинг қурбони бўлиб келган ва менинг ўйлашимча, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Рус характери — узлуксиз равишда ёпирилиб келиб-кетиб турадиган оқимдир ва соф рус сўзи бўлмиш “ничего!” (“ҳечқиси йўқ!”) бу адоқсиз иккиланишларнинг фатализмини яхши ифодалаб беради. Рус кишиси учун моддий қадриятлар ва уларнинг ортида турган принциплар — ҳаддан зиёд даражада камдир, туйғулар ва уларнинг ифодаси эса ҳаддан зиёд кўпдир. Менинг бу гапларим, албатта, бир инглиз нуқтаи назаридан айтилаётган гаплардир. Рус кишиси айтиши мумкин эдики, унинг учун моддий қадриятлар ва уларнинг ортида турган принциплар ҳаддан зиёд даражада кўп аҳамиятга эга, туйғулар ва уларнинг ифодаси эса ҳаддан зиёд даражада кам аҳамиятга эга. Икки миллий характер ўртасидаги айни ана шу зиддият важидан Чехов ҳикояларининг шакли инглиз ёзувчиларини ўзига шу қадар мафтун этади ва улар учун шу қадар ётдир. Бу шакл худди рус текисликлари каби яссидир. Чеховнинг муваффақияти шундаки, у ясси нарсани жон олгувчи бир жозибадор нарсага айлантира олди, унинг жозибадорлиги преприя ёхуд саҳронинг биринчи бор кўришдаги жозибадорлигидан қолишмайди. Қандай қилиб унинг бунга эришгани сир, ва гарчи ўшандан бери кўпгина одамлар у сирнинг тагига етдик деб ўйлашса-да, очиғини айтмоғимиз керак — бу уларнинг назарида шундай туюлган, холос.
Чеховнинг пьесалари ҳам инглиз саҳналарида ҳеч қачон бизни тўла қаноатлантирган эмас, бунинг сабаби қисман шунда бўлса керакки, улар, афтидан, дунёда энг яхши бўлган рус актёрлари учун ёзилган, ва яна қисман шунинг учун бўлса керакки, бунга Чеховнинг характери ва методи сабаб бўлган бўлиши керак. Инглиз актёрлари Чехов пьесаларининг муҳитини ифодалашга қодир эмаслар. Чехов асарлари эса — хоҳланг улар пьеса бўлсин, хоҳланг — ҳикоя бўлсин — ўзларининг муҳити важидангина эсда қолишади. Илҳом ва инсоний туйғулар унинг нарсаларига ички шакл бахш этади, бу ички шакл драматик сюжетлар замиридаги шаклнинг ўрнини босади. Чехов биронта ҳам роман ёзган эмас, бунинг сабаби шу бўлса керакки, асар қанча узун бўлса, унда бирон муайян воқеанинг рўй бермоғи шунча муқаррар бўлмоғи керак бўлади. Характерлар масаласига келадиган бўлсак, ё улар ҳаддан ташқари бевосита ҳаётдан олинган, ёхуд ҳаддан зиёд тарзда русча характерлардир ва шунинг учун эсда яхши сақланиб қолмайдилар. “Олчазор” ёки “Ваня тоға”даги персонажлар — уларнинг баъзи бирларини мен ҳатто номма-ном ҳам айтишим мумкин — жуда жонли, жуда ишончли одамлар сифатида хотирага келадилар, бироқ улар шу даражада кайфиятга ва муҳитга бўйсундирилганки, унчалик ёруғликда турганга ўхшамайдилар, балки аллақайларда нимқоронғилик ичида тентираб юргандай кўринадилар. Аммо шунга қарамай, Чеховнинг ижоди жуда катта қимматга эга, чунки у бизга буюк бир халқнинг қалбини кўрсатиб берди ва буни шовқин-суронсиз ва ҳеч қандай даъволарсиз амалга оширди.
Дюмадан Чеховга фақат учар этик ёрдамидагина сакраб ўтиш мумкин эди. Чеховдан Стивенсонга ўтиш учун эса икки баробар зўрроқ учадиган этик керак. Агар санъат кишини эзадиган таъсир кўрсата олса, айтиш керакки, Чеховчалик кишини эзадиган ёзувчи йўқ. Кўнглингиз хуфтон бўлиб турган бўлса, ҳар қандай ёзувчидан кўра ҳам Чеховга камроқ талпинамиз. Шотландиялик Стивенсон эса бутунлай бошқа гап — биринчи навбатда айни шу ёзувчининг шапалоқдек китобларига жон-жаҳдимиз билан ёпишиб оламиз. Кези келганда бир нарсани сўраб олай — сезганингиз борми — фожеий воқеаларни тасвирлайдиган ёзувчилар одатда ўта соғлом одамлар бўлади. Руслар бу ҳисобга кирмайди, улар ҳамиша ўзлари ҳис қилиб турган нарсаларни тасвирлашади, бизга — Ғарб одамларига эса бошқача сифат хос — биз доимо ўз туйғуларимиз ва сезгиларимизга тескари борамиз. Биз агар ўзимизни ёмон ҳис қиладиган бўлсак, ижодда юморист бўлиб оламиз ёки жилла бўлмаса, романтик бўламиз. Стивенсон мустаҳкам соғлиққа эга бўлганида улуғ фожеанавис ёзувчи бўлиши мумкин эди, бироқ хасталиги сабабидан қувноқ ёзувчи бўлмоқдан ўзга иложи қолмади. У халос бўлиш иложини сиёҳдан қидирди, унинг учун энг катта бахт — қаламни ишга солиш эди. Ёшим ўтиб боргани сари мен уни кўпроқ қадрлайдиган бўлиб боряпман. Менга айтишлари мумкинки, бу — қариликдаги мия айнишининг белгиси деб. Ёшлигимда мен ўзим ҳам шунақа дердим. Негаки, мен у пайтларда француз ва рус елвизакларида ўтиришга ўрганиб қолгандим — ўша пайтдаги инглиз адабиётининг диққинафасроқ хонаси бу елвизакка тўла эди. Бундан ташқари, ўша кезларда Стивенсонни ҳуда-беҳудага улуғлаб кўкларга кўтаравериш шу қадар меъдамга теккан эдики, у менинг назаримда “ёқимли сафсатабоз”га айланиб қолганди, ўзи бироз олифтароқ ва икки дунёда тузалмайдиган романтик эди. Эндиликда билдимки, мен мутлақо ҳақ эмас эканман. Ҳа, Стивенсон биринчи даражали романнавис эмас, унинг саломатлиги жиддийроқ фалсафий изланишлар билан шуғулланишга имкон бермасди ёхуд ҳар нарсани билишга чанқоқлигини фаол қондиришга ҳам йўл қўймасди. У шу лаҳзанинг ўзи билан яшар эди, яшаганда ҳам орқа-олдига ўгирилиб қарамай яшарди, бунақа одамлар эса психологияга чуқур кириб боришга ва ҳар нарсанинг бирламчи сабабини излаб топишга мойил бўлишмайди. Бироқ Стивенсон биринчи даражали ёзувчидир, бир вақтлар унинг услубидаги менга олифтагарчиликдай туюлган жиҳатларда эса мен бугун ҳаддан ташқари ёрқин, нозик ва жасур қалбнинг табиий ифодасини кўраман. Деярлик ҳар бир жумлада бирор кутилмаган нарсани намоён этувчи унинг услуби жимжимадор эмас ва унга зўрма-зўракилик бегона. Бу услубда ҳамиша дунёда бирор янги нарсани кўришга ҳозир турган қалб, ҳаётга сўнмас қизиқиш ифодаланган, унга материални эса ҳамиша ғоятда ноёб кузатувчанлиги ҳамда ва жуда ажойиб хотираси етказиб бериб турган. Мен унинг китобларидан бирининг дуч келган саҳифасини очаман ва унда қуйидаги иборага рўпара келаман: “Манзара сўнгида юксак серқоя тоғлар виқор билан бўй чўзиб туришарди. Бу тоғлар қимматбаҳо жавоҳирдай мовий рангга чулғанганди. Уларнинг ораларида эса тизмалар кетидан тизмалар елкама-елка қалашиб кетган, арчалар билан қопланган тик ёнбағирлар осмон сари интилганди, қуёшда тошлар ярқирарди, пастқам чуқурликларда эса ерга қапишган пакана дарахтлар юқорига тармашиб, бўй ростлашга ҳаракат қилишарди. Буларнинг бари қўпол ва дағал, ўша энг бошида худо яратиб қўйган шаклда қолиб кетганди”.
“Тармашиб”, “дағал”, “энг бошида”… Стивенсон бу сўзларни атайин излаб топган бўлса керак деб ўйламайман. Улар умуман олганда жуда оддий жумлаларга бирдан кутилмаган унсурларни олиб кирадики, бу жуда ҳам қимматлидир. Ўйлайманки, улар унинг кўнглига ўз-ўзидан қуйилиб келган. Афтидан, бирон-бир бошқа инглиз ёзувчиси (Шекспирдан ташқари, албатта, ва эҳтимолки, яна мистер Водхауздан ҳам ташқари) кутилмаган унсурни жумлага бу қадар бевосита ва ўринли олиб кирган эмасди. Бу тўғрида шарҳловчилар ҳар нима дейишса дейиша берсин. Аммо мен Стивенсонни қайта ўқиганимда бунга яна қатъий ишонч ҳосил қилдим. Бу хусусият эса чиндан-да жуда қимматлидир ва кўпгина нуқсонларнинг ўрнини босиб кетиши мумкин. Услуб бобида донг чиқарган баъзи бир ёзувчилардан фарқ қилароқ Стивенсон жумлама-жумла жуда енгил ўқилади, унинг кутилмаган сўзларида қоқилмайсиз, унинг жумла тузишлари булоқ сувидек тип-тиниқ, уларда на залварли оғир иборалар учрайди, на кескин ва қўпол жойларга рўпара келасиз, на адиб кишининг энсасини қотирадиган лузумсиз такрорлар билан таъсирчанликни оширишга ҳаракат қилади.
Дюмага ўхшаш Стивенсон ҳам романтик: турли тоифадаги одамларни кўрсатишдан ёхуд инсон ҳаётининг йўлларини тасвирлаб беришдан кўра қизиқроқ воқеани ҳикоя қилиб бериш унинг учун муҳимроқдир. Тўғри, “Ўғирланган” ва “Катриона”да у деярлик баравар даражада сюжет ва характер яратиш ишига берилган, яъни “олтин меъёр”га яқин туради, умрининг охирига келиб эса “Тўлқиннинг қайтиши” ва “Гермистонлик Уир”да ҳаққонийликка мойиллик билдиради-ю, лекин, барибир, романтиклигича қолаверади. Эндр Лэнг Стивенсоннинг Стонстомда нашр этилган асарлар тўпламига ёзган муқаддимасида таъкидлаганидек, у ўз мавзуларини ҳеч қачон ҳозирги ҳаётнинг бош оқимларидан қидирмаган, ҳеч қачон китобхонларга уларга таниш воқеликни тушунтириб беришга уринмаган. Стивенсон ёзган нарсаларнинг ҳаммасида синчков ва жасур заковат эгаси сезилиб туради, у маиший масалаларда ҳамиша олижаноблик билан иш юритади, у ўз-ўзини оғриқли тарзда таҳлил қилишга мойил экан, бунда унинг гуноҳи йўқ, у ҳатто нарсаларнинг моҳиятини излашга ҳаддан ташқари берилиб кетиб адашиб қолишдан ҳам қўрқади. Унинг романнавис сифатидаги асосий камчилиги шундаки, кўпинча у ўз истеъдодига унча муносиб бўлмаган мавзуларга қўл уради. Мавзу “Доктор Жекил ва мистер Хейде”даги каби етарли даражада жиддий бўлса, Стивенсон бундай мавзуларни охиригача очиб беришга журъат қилолмайди, натижада асар қай бир даражада кемтикроқ чиқади. “Тўлқиннинг қайтиши”да мавзуга ўзининг муросасиз ёндашувидан ўзи анча ташвишга тушиб қолган, бизнинг танқидчиларимиз буни “ҳаётнинг авра-астари” деб аташни яхши кўришади. “Гермистонлик Уир”ни у қандай тугатиши мумкинлигини айтиб бериш қийин, лекин у, эҳтимол, белгилаб қўйилган фожеали йўналишдан ўзини олиб қочиши ҳам мумкин эди. (Эҳтимол, сизнинг эсингизда бўлса керак — унинг севгилилари муроду мақсадларига эришадилар, яъни аниқроқ айтганда, Америкага жўнаб кетишади).
Ровийлик бобида эса Стивенсон гарчи кичикроқ кўламда бўлса-да, Дюма ва Диккенсдан қолишмайди, ҳатто абжирлик ва тезлик жиҳатидан улардан ўзиб ҳам кетади. Стивенсонда чўзилиб кетган жойлар йўқ. Унинг мавзуи ҳамиша битта — ҳамма романтикларнинг мавзуси унинг ҳам диққат марказида — бу яхшилик билан ёвузлик ўртасидаги, қаҳрамон билан ёвуз одам ўртасидаги курашдир. Лекин шуниси ҳам борки, бундай курашда қаҳрамон аёл кўпинча иштирок этмайди, балки, бирон тўсиқлик орқасидан қараб туради, холос.
Чунки Стивенсонда алланечук мангу навқирон бир нарса бордирки, унинг “Қизлар ва йигитларга” деган ҳикоялар тўпламини яратгани ҳам бежиз эмас.
Унинг романларидан “Ўғирланган” билан “Катриона” биргаликда шак-шубҳасиз бошқа асарларининг ҳаммасидан кўра салмоқлироқдир. Буларда асар фабуласининг қизиқарли бўлишидан ташқари, маҳорат билан чизиб берилган типлар бор. Алан Брек билан Давид Вальфурлар бир умрга тоғли Шотландиянинг ҳам, Шотландия водийсининг ҳам тасвирчилари бўлиб қолиш имконига эгадирлар. Катриона билан Барбара Грант эса адиб яратган аёл характерлари ичида энг яхшиларидир. Бундан ташқари бу асарлар бошдан-оёқ Шотландияга нисбатан мағрур бир муҳаббатга йўғрилган, ҳамма нарса ўрмонлар ва денгизнинг хушбўй ҳиди билан суғорилган, камдан-кам асарда оилавий муҳит бу қадар теран ва ёрқин ифодаланган. Иккинчи ўринга мен “Балантрэнинг эгаси”ни қўяман. Бу китоб биринчи шахс номидан ҳикоя қилинган, бу усулнинг ўзига хос қийинчиликлари ва мураккаблиги бор, лекин адиб унинг уддасидан чиққан. Балантрэнинг эгаси эса уччига чиққан разил одам. Мен “Қора ўқ”ни ҳам жуда маъқул кўраман, унинг воқеалари бениҳоя қизиқарли ва унда ўрта асрлар ҳаётининг манзаралари камдан-кам учрайдиган тарзда жонли тасвирланган. Ўз-ўзидан равшанки, “Хазиналар ороли” алоҳида ажралиб туради. У соф ҳолда тўқима асардир. “Тўлқиннинг қайтиши” ва “Денгиз ўлаксахўри”да воқеалар тасвири бироз хира тортгандек кўринади, аммо иккита муаллиф шерик бўлиб ёзган асарларда одатда муқаррар тарзда шунақа бўлади, шундай бўлса-да, мен уларни завқ билан мароқланиб ўқийман. “Сент-Ив” эслаб қолиш қийин бўлган ажойиб китоблар сирасига киради, лекин уни ҳамиша қайта ўқиса бўлади. Бу асар аслида тугалланмай қолганида яхши бўлар эди. “Мушкулотлар исканжасида” — чинакамига қувноқ асардир. “Доктор Жеквил ва мистер Зайд”сиз ҳам менинг куним ўтаверар эди. Бу асар Стивенсон ёзган асарлар ичида энг кам даражада Стивенсонникига ўхшайди, ҳолбуки — китобхон оммасининг туғма зиддиятли руҳи шунақаки, айни ана шу асар унга жуда катта шуҳрат келтирди, мен яқинда ўқиганимга қараганда, ҳозирга қадар бу асар унинг ижодининг чўққиси ҳисобланар экан. “Гермистонлик Уир” масаласига келсак, айтишим керакки, мен шу пайтга қадар сэр Сидней Кольвиннинг фикрига қўшилмайман. Унинг фикрича, бу китоб Стивенсоннинг энг яхши асари бўлиб қолмоғи керак эди. Бу китоб қизиқарли, чунки унда романтизмдан қутулишга қатъий ҳаракат қилинган, аммо унда Стивенсоннинг бир заифлиги сезилиб қолган. Бу, айниқса, инсоннинг ички дунёсини очишда яққол кўриниб қолади. Арчи маваффақиятли чиққан эмас, менинг назаримда, Кристинанинг бошига ҳам шу қисмат тушган.
Стивенсон шу даражада ёрқин ва салобатли одам эдики, унинг саёҳатлари ва бутун турмуш тарзи шу даражада ранго-ранг, унинг очерклари ва мактублари шу қадар кўп ва қизиқ, унинг шеърлари шу қадар ёқимли эдики, шахсиятининг бунақа кўп қирралилиги ундаги романнависни тўсиб қолган эди. Бироқ сиз унинг китоблари билан ундан кейин ёзилган романтик қиссаларнинг ҳаммасини, ҳатто донг чиқарган ёқимтой эгизаклар — Энтони Хоупнинг “Зенда маҳбуси” билан “Рупент фон Хенцау” романларини таққослаб кўринг — Стивенсоннинг қанчалик юқори туришига яна бир карра амин бўласиз. Чиндан ҳам Дюмадан кейин у романтик йўналишдаги ҳамма носирнавислар орасида яхшисидир, Англияда-ку, албатта, энг яхшиси. Агар борди-ю, бизнинг давримизда бирорта одам чиқиб, уни бу ўриндан сиқиб чиқариб қўйса, мен бунга ғоятда ҳайрон қолган бўлардим. Негаки, дунё ҳали романтик адабиётдан лаззат ололмайдиган даражада қариб қолган бўлмаса-да, менинг фикримча, у Стивенсонга ўхшаган шодмон қалбли ва бу қадар навқирон хаёлот қувватига эга бўлган ёзувчини барпо этишга борган сари ноқобилроқ бўлиб бормоқда. Хўш, шундоқ экан, биз ўзимиз ўқтин-ўқтин қаламимизни романтик хаёлот сиёҳдонига ботириб турсак бўлмайдими? Аммо Дюма билан Стивенсон ёзабошлаган замонлардан бери нимадир рўй берди. Бу дунёни куй деган нарса тарк этди. Бизнинг кунларимизда романтиклар жуда абжирлик билан бочкалар ичида яшириб қўйилган мурдалар ҳақидаги ва шунга ўхшаш бошқа ваҳима гапларни тўкиб ташлайверадилар-у, аммо Илҳом отини жиловлаб олишни истаган одам, айтайлик, Жон Мэнсфильд “Сарда Харкер”нинг ёхуд “Жон Бьюкен”нинг муаллифи сифатида романтика деган жонворда қанот бўлмоғи кераклигини анча-мунча яхши билади. Романтиклар ўз китобларига 9,15 даги поездни киритишга тўла ҳақлидирлар, аммо бу поездда Чизлхерстдаги ёки Клойдондаги корчалонлар юради. Биз ҳаммамиз лимузинлар ва самолётлар деган жойда ақлимиз шошиб қоладиган бўлиб қолдик. Романтик адабиётга машиналар суқилиб кириб олишди — миянгда машина гувиллаб турса, қулоғингга най навоси кирмас экан. Шунинг учун менинг назаримда биз Стивенсонни шоҳсупасидан ағдариб ташлайдиган замонларга етиб боролмаймиз. Ва мен деярлик шунга аминманки, Стивенсон XIX асрда яшаган ҳамма инглиз ёзувчилари орасида Диккенсдан кейин энг узоқ умр кўрадигани бўлади.
Гарчи У.Г.Хадсон кўпроқ табиатни кузатувчи ва табиат шайдоси сифатида шуҳрат топган бўлса-да, мен унинг тағрисида фақат санъаткор сифатида — “Қирмизи замин”, “Эль омбу” ва “Зангори кулба” каби романларнинг муаллифи сифатида гапираман. Бу асарларнинг ҳар бири бир дурдонадир. Хадсон катта истеъдод эгаси, аммо мен бу катта истеъдодни Табиат деб аталмиш маккора нозанин тўғри йўлдан уриб чалғитди ва нобуд қилди деган гапни айтмоқчи эмасман. Мен ҳатто бадиий ижод қилмоқ учун унда ортиқроқ материалнинг ўзи бўлмаган бўлиши мумкин деб ўйлайман, чунки қатъият билан айтиш мумкинки, ёзувчи одам ёзадиганини ёзмай қўймайди. Аммо ана шу уч китобнинг ҳар бири ёзувчи эришган ўзига хос катта ғалабадир. “Қирмизи замин” — сўнгги юз йилдан ортиқроқ вақт ичида инглиз тилида яратилган энг яхши ҳазил-мутойибали романдир: “Эль омбу” — жўн ва фожеий қиссанинг жуда гўзал бир намунасидир, “Зангори кулба” эса бизнинг давримиздаги энг жимжимадор фантазиядир. Хадсон — мутлақо ўзига хос бир адибдир, у ғоятда эркин ва самимий. У ҳеч қандай мактабга мансуб эмас, у ўз ижодида бирон-бир маҳоратли санъаткорнинг таъсирини кўрган эмас. У ўзи туғилиб ўсган жойлардаги Пампа шамоли каби эркин шамол қанотларида адабиётга кириб келди. Ёки у Кормуэл бўронларидан ғоятда завқланар эди — у адабиётга ана шу бўронлардан бири янглиғ ёпирилиб келди. “Қирмизи замин” саксонинчи йилларда ёзилган эди, шекилли, балки олдинроқ ҳам ёзилгандир. Бу асар бир замонлардаги Аргентинада ёш йигитнинг бошидан кечирганлари тўғрисидаги ҳикоядир. Афтидан, китобда автобиографик унсурлар бор ёки айрим-айрим шахсий хотиралар мавжуд — шак-шубҳа йўқ — айрим воқеалар муаллифнинг бошидан кечгани яққол кўриниб туради, баъзан вазиятларни эса муаллиф ўзидан ўғирлаб олган. Агар асардаги Дики Лемб Хадсоннинг ўзи бўлмаган тақдирда ҳам, кўриниб туриптики, Хадсоннинг ёшлик пайтидаги саргузаштлари ва таниш-билишларидан яхши хабардор. Бу тоифа романларнинг моҳияти янги маконларга ва янги одамларга қизиқишининг кучли эканида, унда, айниқса, аёл кишининг табиати ва қисматига қизиқиш зўр, табиийки, “Қирмизи замин”нинг ҳам моҳияти айнан шундай. Бу китоб ҳаётга ошиқ одамнинг асари, шунинг учун ҳам у ҳеч қачон тузукроқ муваффақият қозонган эмас. Кўпчилик одамлар ҳаётни яхши кўрмайди, улар ҳаётга парвоз вақтида ўқ узишмайди, улар ҳаётнинг қўнишини пойлаб туришади, шунда ҳам аввал уни тановвул қилиш мумкинми-йўқми эканига ишонч ҳосил қилганларидан сўнг унга қарата ўқ узадилар. Биз ўзимизга наф келтирмайдиган қуруқ саргузаштларни ёқтирмаймиз: биз кафолатлар даврида яшамоқдамиз. “Қирмизи замин” — бошқа дунё ҳақидаги ҳикоядир, унда шундай кунлар тасвирланганки, у пайтларда ҳеч қандай кафолатлар бўлган эмас — одамлар эса ғалаба ва муҳаббатга эришмоқ ниятида сафарларга жўнайверганлар. Бундан ташқари, китобда Испаниянинг таъми сезилиб туради, инглиз тили тарқалган мамлакатларда бу китобнинг совуқ қабул қилинишининг сабабларидан бири ҳам ана шунда. Ахир, бизни гитаралардан кўра панд-насиҳатлар кўпроқ қизиқтиради.
“Эль омбу” — Хадсоннинг иккинчи китобининг марказий қиссаси, унинг умуминсоний мавзуи фожеона характерга эга, лекин мен уни Тургеневнинг “Чўл қироли Лир” ёки “Баҳор сувлари”, Конраднинг “Ёшлик”, “Зулмат қалби” ва “Бўрон” асарлари ёхуд Мерименинг “Кармен”и, Мопассаннинг “Дўндиқча”си, ё Флобернинг “Оддий қалб”, ё мистер Моэмнинг “Ёмғир” каби асарлари қаторига қўймаган бўлардим. Бу қиссаларнинг ҳаммаси ҳажмига кўра тахминан “Эль омбу” билан бир хил ҳажмга эга, уларнинг ҳаммаси умуминсоний мавзуларда ёзилган, “Ёшлик” билан “Бўрон”дан бошқа ҳаммасининг мазмуни фожеона. “Эль омбу” ҳикоясининг номи шу ҳикояда тасвирланган улкан дарахтнинг номидан олинган. Гарчи бу дарахт ҳикояда ҳамма қисмларни бирлаштириб турадиган бир омил сифатида кўринса-да, унда юқорида зикр этилган ажойиб қиссалардаги каби мустаҳкам устун йўқ ва муқаррарлик туйғуси ҳам мавжуд эмас. Кекса чўпон тилидан ҳикоя қилинадиган, бир-бири билан унча боғланмаган лавҳалардан ташкил топган бу асар — кулфатлар ва бахтсизликларнинг чамбарчас уланиб кетган занжири тўғрисидадир — у инсоний эҳтирослар қуюни ҳақидаги мавзунинг ўзига хос кўринишларидан биридир. Аммо асар тилига хос бўлган ажиб бир соддалик ва асарнинг умумий муҳити унга салмоқ бахш этиб турипти. Афтидан, у ҳам “Қирмизи замин” каби фактларга асосланган бўлса ажаб эмас, асар Панпадаги халқ ижоди материалларидан тўқилган ва бу материаллар анча рангдор ҳамда долғали бўлган қадимги замонларда майдонга келган. Кези келганда айтмоқ керакки, Конраднинг ижодида денгиз қандай ўрин тутса, Хадсоннинг ижодида текислик ҳам шундай ўрин тутади. Фақат фарқи шундаки, Хадсонда табиат муҳаббатни қўзғайди, Конрадда эса у кишини даҳшатга солади. Масалан, Конраднинг “Зулмат қалби”даги ўрмон билан Хадсоннинг “Зангори кулба”сидаги ўрмонни таққослаб кўринг, уларнинг биринчиси мудҳиш, юракларни орзиқтирувчи хатар, иккинчиси эса хилватдаги ажиб бир бошпана.
“Зангори кулба” — Хадсонга катта ёзувчи деган номни олишга ҳуқуқ берувчи учинчи китобидир. Бу асар шу даражада ўзига хос, бошқа адабий асарларга шу даражада ўхшамайдиган асарки, биринчи марта ўқиганимда унинг гўзаллигини ҳатто ҳис қилолганим ҳам йўқ. Орадан ўн йил ўтиб, уни иккинчи марта ўқиганимдагина мен бу китобнинг қадрига етдим. У менга маълум бўлган шундай бир ягона китобки, унда “ўрмондаги шовур-шувур овозларни бир оҳангга жамлашга муваффақ бўлинган”. Асарда Райма деган ўрмон қизи бор — у айни чоқда қуш ҳам. Бу қуш — қиз бир вақтнинг ўзида табиатнинг сеҳркор жозибасини ҳам, инсоннинг табиат билан бирикиб кетишга иштиёқини ҳам ўзида тажассум этади. Афсуски, ўз-ўзини таҳлил қилишнинг кучайишими ёхуд, айтайлик, бизнинг шаҳарда яшашга кўникиб қолганимизми — бизни ана шу табиат билан бирикиб кетиш имконидан маҳрум этган. Ана шу Райна ўзининг ғайримоддий гўзаллиги билан ўзига хос тарздаги ягона адабий қаҳрамондир. Бундан уч йил муқаддам Ҳайд-паркда Райманинг ҳайкалини ўрнатишди. Ҳайкал атрофида қизғин баҳслар бўлиб ўтди. Очиғини айтсам, ҳайкал менга сира ёқмади. Дарҳақиқат, бу ҳатто шу даражадаги ўзига хос санъаткор учун ҳам бажариш мумкин бўлмаган вазифа эди. Сезгилар билан сезиб кўриш, қўл билан ушлаб, кўриш мумкин бўлмаган нарсани тасвирлаш учун металл билан тош ярамайди. Райма образида Хадсон бошқа ҳар қандай одамдан кўра ўткирроқ ҳис қилган нарсасини — инсондан бошқа ҳамма жонзотларга ва, айниқса, ширин-ширин куйлар куйлайдиган паррандаларга рағбатини ифодалашга ҳаракат қилган. Шунинг учун ҳам Хадсонни билган одамлар учун ҳайкалтарошнинг устахонасидан чиққан ана шу оғирдан-оғир буюмда қандайдир куфрона ва таҳқирли жиҳат бор. Бунақа нарсани фақат жаҳл устидагина ясаб қўйиб, кейин бекорчиликда азасини тутиб юрса бўлади.
Хадсонни шахсан билган одамлар учун унинг шахсиятида инсон ёзувчидан кўра устунроқ эди: у ўз даврининг энг ҳайрон қоладиган, энг бетакрор одами эди, ҳеч кимнинг диққат-эътибори соф инсоний ҳудудлардан ташқарида бу қадар олисларга йўналтирилмаган эди, ҳеч ким табиат қиёфасини унингчалик аниқ-таниқ кўришга муваффақ бўлмаган эди. У ҳар қанча маърифатли ва маданиятли бўлмасин, унда ибтидоий одамга хос бўлган қандайдир жиҳатлар бор эди, ҳаттоки унинг ўзи яхши кўрадиган жониворлар ва паррандаларда нимадир бор эди. Шундай бўлганда ҳам, агар у ўзидан шахс сифатида бирон хотира қолдирмаган бўлса ва табиат ҳақида махсус асарлар қолдирмаган бўлса-да, фақат юқорида зикр этганимиз учта бадиий асарнигина қолдирган тақдирда ҳам уни жуда ажойиб бир сиймо деб ва ниҳоятда йирик ижодкор деб эътироф этмоқ лозим бўларди.
Муҳаррирлар баъзан мендан “келажак романини қандай тасаввур қиласиз?” деб сўрашади. Бу саволга ҳеч ким жавоб бера олмайди. Романнинг келажаги ёзувчилик услубидаги у ёки бу модага боғлиқ эмас. У бирон-бир иқтисодий шароитга ҳам боғлиқ эмас. Романнинг келажаги фақат бир нарсага боғлиқ — иккита хусусият мавжуд — уларнинг икковини ҳам таърифлаш анча қийин — тасодиф ана шу сифатлардан бирига эга бўлган ёки янада яхшиси ҳар иккала хусусиятга эга бўлган ёзувчини барпо қиладими-йўқми — роман истиқболи ана шунга боғлиқ. Бу хусусиятлар — Улуғворлик ва Жозибадорликдир. Ўртача сонлар қонуниятига кўра ҳар ўн йилликда тахминан баравар миқдорда бундай ёзувчилар пайдо бўлиб турмоғи лозим, аммо менинг ўйлашимча, биз ўтмишни ўрганар эканмиз, бундай ёзувчилар пайдо бўлмаган даврларни кўплаб учратамиз, ҳозирги даврни ўрганадиган бўлсак, эҳтимол, келажак масаласида анча ташвишга тушиб қолишимиз ҳам мумкин. Бизнинг давримизда улуғворликка душман бўлган алланечук бир нарса бор. Ҳатто инсоннинг индивидуал белгилари ҳам реклама таъсирида, лампа чироқларида, стандартлашиш, мутахассислашиш таъсирида, суръати тез алоқа воситалари важидан секин-аста едирилиб, йўқ бўлиб бормоқда. Ҳар қанча ғалати кўринмасин, ҳеч қандай шак-шубҳа йўқки, менимча, биз амалий ақл-заковат деб атайдиган хусусият улуғворликка батамом ётдир, бизнинг давримиз эса бағоят оқил ва кун сайин оқилроқ бўлиб бормоқда.
Жозибадорликка хавф солиб турган хатар, эҳтимол, унчалик жиддий эмасдир, лекин нима бўлганда ҳам, жозибадорлик тепасида хатар бор. Негаки, жозибадорлик интим хусусиятдир, шойиста сифатдир, ҳаётимизда эса шойисталик борган сари камайиб бормоқда. Биз шу даражада мукаммаллашиб бормоқдамизки, аввалги барқарор хомаки умргузаронлигимиздан ҳадемай ҳеч вақо қолмайди. Бу умргузаронлик одамлар қалбига ўз муҳрини босиб улгурган ва уларнинг фикрлари учун севимли ёхуд ёқимсиз иқлим яратган.
Ҳаёт бўронларидан юқорироқ кўтарилишга қобил бўлган ёхуд мийиғида кула оладиган санъатнинг илдизлари анча теран бўлади ва у жўшқин ҳамда ардоқли туйғуларга асосланади. Биз ўз давримизда фикрларимиз ва туйғуларимизнинг ўзига хослигини қанчалик сақлаб қола олишимизни ўзингиз ўйлаб кўринг.
Шундай қилиб, улуғворлик ёхуд жозибадорлик ёки баъзан уларнинг иккови ҳам биргаликда — бизни бир китобнинг ўзига иккинчи ва ҳатто учинчи марта қайтишимизга мажбур қилади. Гап шундаки, бизни ўқтин-ўқтин ўзига қайтариб турадиган китобгина умрбоқий бўлиши мумкин. Китоб босиб чиқаришнинг охир-кети кўринмайди, унинг тўғрисидаги гап-сўзлар эса авж олгандан авж олиб бормоқда. Шунинг учун мен мақоламни ўша гапирадиганлар тўғрисида айтилган уч-тўрт оғиз гап билан якунламоқчи бўлдим. Бу гапирадиганлар сирасига ўзимни ҳам қўшаман, албатта. Ҳеч қандай гап-сўзлар билан муаллифга ёки унинг китобига обрў орттириб бериб бўлмайди. Мен қўлимга қалам олгандан бери ўтган ўттиз йил мобайнида ўнлаб китоблар тўғрисида гап-сўзлар бўлган, уларни гўё мангу умр кўрадиган асарлар сифатида баҳс юритишган, бугун эса гўё у китоблар, умуман ҳеч қачон бўлмагандек, уларни паққос унутиб юборишди. Таркибида “ҳаёт” деб аталмиш сеҳрли буюмдан асар ҳам бўлмаган нимаики бўлса, ҳаммасини Вақтнинг кўз илғамас шамоли учириб олиб кетади. Бирон ҳазилкаш солномачи оғзаки гап-сўзлар билан обрў орттирган асарларни ва бу обрўнинг нақадар бардавом бўлганини ёзиб чиқмоқчи бўлса, бизнинг танқидий дидларимиз тўғрисида кўп ғалати тасаввурлар ҳосил қилган бўларди. Шунинг учун мен ўзим ўзимга ва китобга ёхуд адибга обрў олиб берадиган, оғиздан-оғизга кўчиб юрадиган қанотли гаплар гапирадиганларнинг ҳаммасига қарата шундай дейман: “Ҳа, албатта, ўз дидларингга таяниб иш юритинглар, бироқ тарих сабоқлари ҳамиша ёдингизда бўлсин ва ўзингизнинг дидингиз анча тамизсиз экани тўғрисидаги фикрга тан беринг!”
1928 йил.
Озод Шарафиддинов таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2002 йил, 8-сон