Жон Голсуорси. Олти адибнинг қиёфасига чизгилар

Мен биринчи навбатда 1812 йилда Лондонда туғилиб, 1870 йилда Гедехиллда вафот этган Чарльз Диккенснинг қиёфасини чизиб бермоқчиман. Ўша йиллар қай бир даражада бўлса-да, илк викторианлик даврининг улуғвор йиллари бўлган эди. Инглиз романнавислари гарчи ижтимоий адолатсизлик ҳолатлари намоён бўлаётганини кўриб, жуда қаттиқ норози бўлишаётган бўлсаларда, тартиб-қоидаларни, ахлоқни, урф-одатларни, ўз даврининг белгилаб қўйилган тартибларини ҳарҳолда ҳурмат қилишарди, улар бутун қалблари билан яшамоқнинг соз эканига ишонганлар, умум томонидан қабул қилинган қадриятларнинг мутлақо барқарор эканига имон келтирганлар ва воқеликни фожеий бир комедия тарзида киноя билан қабул қилмаганлар. Улар Тақдирнинг чеҳрасидаги истеҳзоли табассумни пайқамаганлар. Уларнинг асарларида деярли улуғвор даража касб этган самимият сезилиб турарди. Ўз асрининг чинакам фарзанди бўлмиш Диккенс ҳам айни ана шундай эди.
Диккенсдан икки юз эллик йил аввал яшаган Шекспир Диккенс билан таққос қилганда ўз-ўзини таҳлил қилишга ва мулоҳаза юритишга кўпроқ мойил бўлган.
Диккенс фавқулодда даражада сунъийликдан қочадиган адиб ва шунинг учун ҳам ҳамиша ўз истеъдодининг жиловини бутунлай бўшатиб қўяди. У турли-туман қувноқ майда-чуйдаларни тасвирлашга бениҳоя моҳир ва бениҳоя қудратли бир услуб эгасидир. У ровийлик санъатида туғма қобилиятга эга эди ва инсон табиатини ҳамда инсон характерини ҳаддан ташқари нозик ҳис қилар эди. Бу улуғ санъаткорда худди рождество таътилидаги мактаб болаларидагига ўхшаган алланечук шўхлик бор эди.
Диккенс ҳар қандай сохтакорликнинг ашаддий душмани эди, у эҳтирос билан шафқатсизликдан ва нодонлиги сабаб ўзига-ўзи бино қўйган ақли қосирлардан ҳазар қиларди; у ўзининг бутун адабий фаолияти давомида ҳаёт йўлларида рўпара келган ижтимоий иллатларни узлуксиз фош қилиб келган. Диккенс бюрократизмни, мунофиқликни, амалини суиистеъмол қилишни фош қилган. У ҳар қанча ҳажвиётга мойил бўлмасин, асарда ҳар нарсадан аввал диққатни сюжетга ва характерларга жалб қилади. Унинг ўзига хос, ич-ичидан тўлқин уриб келадиган бой истеъдодида жўшқин эҳтиросли инсонийлик муҳри бор ва унинг нигоҳи ғоятда кенг. “Одамлардан зинҳор-базинҳор миннатдорлик кутиш ҳақидаги фикрни хаёлга ҳам келтирмай, уларни деб ва улар учун яхши ишлар қилм¬қ керак“,—деган эди у бир куни.
Афтидан, кўпгина романнависларга ўхшаб, Диккенс ўзини шоир деб ҳисоблаган бўлса керак. Аммо бизнинг ихтиёримизда унинг бу гуноҳини тасдиқловчи далилимиз кам. Диккенс асарларида мажусий ибтидо йўқ, унда нафақат юнон ва лотин маданиятининг, балки бошқа бирон-бир хорижий маданиятнинг таъсири сезилади. У ҳақиқий инглиз, Диккенснинг романлари орқали ҳатто ҳозир ҳам Англияни бошқа ҳар қандай асардан кўра яхшироқ тушуниб олса бўлади. Бу романлардаги баъзи бир персонажлар ғаройиб қилиқлар қиладиган сиймолардан ўзга кимсалар эмас, аммо айни ана шу хусусияти туфайли биз ёзувчи истеъдодини янада аниқроқ кўрамиз, негаки, биз уларни жонли одамлар тарзида қабул қиламиз. У жуда ширадор ёзар эди, унинг ёзганлари буюк ҳаётий қудратга эга эди. Диккенсда олижаноблик — олижаноблик, иллат — иллатдир, ҳолбуки, ўз-ўзидан аёнки, бизларнинг ижтимоий арбобларимизни истисно қилганда, кўпчилик одамларда олижаноблик — билан иллат бир-бирига қоришиб кетган бўлади. Диккенс инсоннинг маънавий қиёфасини кенг қўл ҳаракати билан чизади ва у яратган манзараларда жиндай бўлса-да, санъатга даъвогарлик бўлганида улар бизга қизил ранг буқага таъсир қилгандай таъсир қиларди. Аммо у пайтларда ёзувчилар ўз асарларининг санъат даражасида бўлиши устида кўп ҳам қайғуриб ўтирмасдилар. Назаримда, ўша пайтдаги адабий мажлисларда аскиялар қилишни, чиғаноқлар тановвул қилиб, устидан шароб ичиб, сиёсат тўғрисида гап сотиб вақт ўтказишган бўлсалар керак. Диккенснинг улуғ замондоши Теккерейнинг қулоғига санъат тўғрисида у-бу гаплар чалинган ва у санъатни жиндай диққатга муносиб нарса деб ҳисоблаган, лекин Диккенс масаласига келсак, у санъатни бирон-бир “хорижий” нарса бўлса керак деб ҳисоблаган ва уларни ўз асарларига йўлатмаган.
Диккенс ўзига хос соғлом истеъдод эгаси эди, аммо ундан бор-йўғи икки юз миля нарида Проспер Меремедек баркамол санъаткор “Кармен” билан “Илль Вемера”сини, Тургенев “Тутун” ва “Баҳор сувлари”ни, океан ортида эса Натамиел Готорн “Қизил ҳариф”ини ва Эдгар По ўзининг “қўрқинчли ҳикоялари”ни яратиб турган бир вақтда, унинг тўғрисида ёзувчи сифатида гапириш алланечук ғалати туюлади. Ҳеч ким Диккенсдан роман ёзиш санъатини ўрганишни хаёлига ҳам келтирмайди, аммо ғайришуурий тарзда ундан услуб асосларини ўзлаштиришлари мумкин, негаки, у туғма ёзувчи бўлган эди, гарча у файласуф бўлган бўлмаса-да, ундан фалсафа асосларини ҳам ўзлаштириб олса бўлади.
Мен учун Диккенс, шак-шубҳасиз, Англиянинг энг улуғ романнависидир ва роман тарихидаги чинакам истеъдод тантанасининг энг улуғ намунасидир. У табиий хаёлотининг кучи ва ёрқин бадиий тасвири билан одамлар хотирасида инсон табиати тўғрисида шу қадар хилма-хил ва рангдор тасаввурларни муҳрлаб қолдирганки, бунақа тасвирни ғарб романнависларидан бошқа ҳеч кимда учрата олмайсан.
Умумий маданий савия роман ёзишни ўргата олмайди. Тор маънода олинган маърифат сўзи хаёлот қувватини ривожлантиришдан кўра, бўғади. Асар ёзишни бошлашимдан аввал менга мактабда ва дорилфунунда ўргатган нарсаларининг деярлик ҳаммасини унутиб улгурган эди. Аниқ фанларнинг одамлари камдан-кам ҳолларда бақувват рассом бўладилар: улар ҳаддан ташқари кўп нарса билишади ва айни чоқда жуда кам нарса билишади. Хаёлоти бой бўлган одамлар эса ҳаётдан бошқа бирон нарсани синчиклаб ўрганишга унча мойил эмаслар. Сўз туйғусини, нутқ оҳанглари ва рангларини шеър ўқиш ва яхши проза асарини мутолаа қилиш йўли билан одам ўзида ўстирса бўлади, аммо яхлит оладиган бўлсак, бу нарса кўпроқ туғма дидга ва мусиқий туйғуга боғлиқ. Композиция иқтидори ҳам табиат томонидан берилади, ифоданинг теранлигига туғма равишда эришилади, уларни ташқаридан ўзлаштириб олиб бўлмайди, уларни фақат ривожлантириш мумкин. Ҳеч ким ёзувчини ҳаётни бундай кўрмасликка ва бундай ҳис қилмасликка, балки бошқача ҳис қилиб, бошқача кўришга мажбур қилолмайди. Ўқиш ва ёзишни ўрганиб олгандан сўнг у бошқалардан фақат бир нарсани — қандай ёзмаслик кераклигинигина ўрганмоғи мумкин. Ёзувчининг ҳақиқий мураббийси — ҳаётнинг ўзидир.
Эндиликда биз роман тўғрисида гапирганда ”санъат” сўзини қўллашни яхши кўрамиз. Модомики, шундоқ экан, биз роман тарихини эсламоғимиз керак. Бу тарих ҳозир ҳам давом этмоқда ва ғарбнинг биринчи улуғ романи — Сервантеснинг “Дон Кихот”идан бошлаб, ҳозирга қадар турли-туман шаклларини ўзгартириб келмоқда. Ғарбнинг илк романлари саргузаштлар шаклини, “маккорликлар романи” шаклини олган эди. Улар битта ёки бир нечта марказий персонажларнинг бир қатор саргузаштларидан иборат бўларди. Унинг тузилиши қат-қат пиёзни эслатарди ва унинг таъми ҳам пиёзнинг таъмига ўхшаб кетарди. Қисмларнинг ўзаро нисбати ва бирлиги кўриб турганимиздек жуда жўн характерга эга эди ва бунинг ташвишини чекиб юришмас эдилар. У пайтларда роман узун бўларди, аммо унинг узунлигидан у на кенглик, на теранлик касб этарди. ХIХ асрнинг бошига келганда романнинг шакл-шамойили борган сари мураккаблаша борди. Диккенс ёзиб юрган кезларда унинг шакли образли қилиб айтадиган бўлсак, бамисоли тухумга ўхшаб қолди, ўртаси семириб кетган, учи билан кети эса омади юришган адабиётчининг қадди-қоматидек ингичкалашиб қолганди. Аста-секин содир бўлган бундай ўзгариш ниманинг таъсирида рўй берганини аниқ айтиб беролмайман-у, лекин унинг ривожланиши Уйғониш давридаги рассомликнинг ривожига ўхшаб кетади. Жейн Отсин, Диккенс, Бальзак, Стендал, Скотт, Дюма, Теккерей ва Гюголар ижодида романнинг қисмлари билан яхлитлиги ўртасида муайян нисбат майдонга келди, аммо романнинг мутаносиблигини мукаммал даражага етказмоқ учун, материал танлаш принципини жорий этиб, биз асарни санъат асари деб аташимизга имкон берувчи асар барпо этмоғимиз учун зарур бўлган қисмлар ва яхлитлик ўртасида тўла бирликка эришмоқ учун янада поэтикроқ дунёқарашга эга бўлган ёзувчининг майдонга келиши зарур эди. Бу ёзувчи Тургенев бўлиб чиқди — Диккенс қай даражада ясамаликдан холи ёзувчи бўлган бўлса, Тургенев романнавислик санъатини шу даражада эгаллаган ёзувчи эди.
Иван Тургенев 1818 йилда рус шаҳри Орелда таваллуд топган ва 1883 йилда Париж яқинидаги Буживал шаҳарчасида вафот этган. Мунаққидлар одатда Тургеневнинг туғишган рус маданиятидан узилиб қолгани тўғрисида, у билан стихияли гигант Гоголь ўртасидаги, шунингдек яна бир шакл-шамойили бетайинроқ гигант Достоевский ўртасидаги тафовут тўғрисида узундан-узоқ мулоҳаза юритишади. Улар ҳафсала билан Тургеневни “ғарбчилар” қаторига қўшар эканлар. Ғарб унга кўрсатган таъсирдан кўра у Ғарбга кўпроқ таъсир кўрсатганини пайқамай қолишди. Тургенев ўз-ўзича фавқулодда юксак мавқега кўтарилиб олди, у табиатан туғма шоир эди. Қачонлардир роман ёзган шоирлар ўртасида энг инжа, энг нозиктаъб шоир эди. Айни ана шу хислат уни улуғ рус замондошларидан ажратиб турар эди ва адабиётда ҳамда Ғарбга таъсир қилишда бениҳоят катта ўрин тутишига олиб келган эди. Россия Тургеневни ёқтирмас эди, чунки ҳақиқатни айтишда унинг тилини тийиб туролмайдиган ярамас одати бор эди. Бу хусусият ҳамма жойда ҳам унчалик маъқул келавермайди, айниқса, ёзувчи одамнинг ҳақиқатгўйлигини ёқтиришмайди. Шунинг учун ҳам Россия уни бартараф қилди. Бироқ у Россияни тарк этмаганда ҳам, унинг асарлари қандай яралган бўлса, шундай бўлиб қолаверарди, чунки туғма шакл туйғуси уни бошқача ёзишга қўймасди. Тургенев тасвир санъатини бенуқсон ва бетакрор эгаллаган эди, у мавзуларни шу қадар чуқур ўйлаб чиқар ва ҳар томонлама пишитар эдики, уларни тўғридан-тўғри қоғозга кўчиравериш мумкин эди, ҳолбуки у объектив воқеликка беписанд қарамас эди, лекин шундай бўлса-да, унинг бадиий тафаккурини белгилайдиган нарса фактдан кўра кўпроқ кайфият воситалари бўларди. Тургенев — зодагон эди, юксак маданият одами эди, хорижий адабиётларни миридан-сиригача яхши биларди, музика ва тасвирий санъатни ҳаддан зиёд яхши кўрар эди, у драматург эди ва шеърлар ёзарди. Шу инсонни Диккенсга яқинлаштириб турадиган учта муштарак, аммо айни чоқда ҳаддан ташқари муҳим аҳамиятга эга бўлган белги мавжуд: буларнинг бири инсон табиатини бағоят теран англаш, ҳаётга жуда теран қизиқиш билан қараш ҳамда золимликка ва қалбакиликка чуқур нафрат билан қарашдир. Кимда-ким унинг ана шу нафратига гумон билан қараса, унинг “Муму” деган ҳикоясини ўқиб чиқсин. Бу ҳикоя соқов фаррош, крепостной Герасим ва унинг ити ҳақидаги ҳикоядир. Шу пайтга қадар ҳали ҳеч қачон санъат — зулмга ва шафқатсизликка қарши норозиликни бу қадар баланд пардада ифода қилган эмасдир. Диккенс ёзувчи сифатида воситаларни танлашда унчалик ҳам талабчан эмас эди. Тургенев эса бу ишга ҳаддан ташқари талабчанлик билан ёндашарди. Диккенс шафқатсизлик, суиистеъмоллар ва ўзбошимчаликларни фош қилар экан буни ошкора тарзда ёхуд очиқчасига масхара қилиш йўли билан амалга оширарди. Тургенев эса ўз танқидини холисона бадиий тасвир шаклига ўраб берарди. Айтишларича, Тургеневнинг услуби ҳам ғоятда нафис ва нозик бўлган, бунга ишониш унча қийин эмас, чунки ҳатто таржимада ҳам унинг услубининг латофати ва муаттар бўйи яққол сезилиб туради. Тургеневда диалог жонли, енгил ва табиий, айни чоқда ғоятда мазмундор ҳамда характерларни жуда ажойиб тарзда очиб беради. Бу характерлар гарчи ёзувчини банд қилган асосий мавзуга ёхуд ғояга бўйсунсалар-да, жонли одамлар бўлишдан тўхтаб қолмаганлар. Тургеневда табиат тасвири бағоят гўзалдир. “Бежин ўтлоғи”нинг, “Учрашув”нинг, “Баҳор сувлари”нинг гўзаллиги, ҳусн-таровати бизни мангуга асир қилади. Унинг ҳамма асарлари алланечук ҳазин бир завққа чулғанган. Одатда шоирона табиатга эга бўлган одам табиат билан юзма-юз тўқнашганда шундай ҳолатга тушади. Тургеневнинг насрда ёзилган баъзи бир шеърлари унинг ҳикоялари ва романларига қараганда камроқ даражада шоирона характерга эга. Зўрма-зўракилик чинакам поэзияни барбод қилади, негаки чинакам поэзия шоирнинг ўзига деярлик боғлиқ бўлмаган ҳолда кайфиятдан ва туйғудан туғилади. Тургенев асарларида ҳали пародия унсурлари, ҳажвий муболаға белгилари, хуллас, эскириб, модадан тушиб қолган нарсаларнинг излари сезилиб турарди. Аммо унинг ижоди гуллаб-яшнаган замонлардан бери аллақачон олтмиш йил ўтиб кетганини инобатга олсак, унинг санъатининг замирида ётган мурувватлар шу қадар кам ғижирлашини кўриб, лол қолмасдан илож йўқ.
Инглиз романи, эҳтимол, бошқа исталган мамлакатнинг романига қараганда бойроқ ва хилма-хилроқ бўлиши мумкинлигига қарамай, ҳар қалай, бу роман — “Кларисса”дан тортиб “Улисс”гача, образли қилиб айтадиган бўлсак, ўз нуқсонларини кечиришга мойилроқ бўлган ва кўпинча ширакайф ҳолда ухлагани йўл олиб турган. Агар мабодо ҳозирги пайтда инглиз романи биронбир ўзига хосликка ва нафосатга эга бўлса, бунинг учун у ҳаммадан аввал Тургеневнинг олдида бурчдордир. Инглиз романи маънавий ва техник шогирдлик мактабини айнан Тургеневда ва Мопассанда ўтаган. Бунақа мактабни ҳар бир ёш ёзувчи у ёки бу кекса устанинг қўлида алланечук ички бир қардошликнинг даъватига кўра ўтади.
Ҳатто жуда ёрқин ва маҳоратли санъатнинг авлиёси бўлмиш Флобер ҳам инглиз ёзувчиларига Тургеневчалик таъсир кўрсата олган эмас. Флобер асарларида муайян бир биқиқлик бор, ундаги кайфият торроқ кўламга эга. Тургеневга ҳеч қачон шу масалада таъна қилишган эмас, ҳатто 1907 йилдан кейин ҳам таъна қилишган эмас. Ҳолбуки, бу даврга келиб, Англияда Тургенев тўғрисида беписанд гапириш расм бўлган эди. Негаки, бизнинг баъзи бир мунаққидларимиз (афсуски, жуда кеч қолиб) рус адабиётидаги янги машъални — Достоевскийни кашф қилишган эди. Бир қараганда, ҳар иккала истеъдод эгалари учун ҳам жой етадигандек кўринган эди, аммо адабиёт дунёсида бор янги машъални ёқишдан олдин аввалгисини сўндириш одати бор. Эндиликда бу нарса ўтмишда қолиб кетди ва Тургеневнинг номи яна аввалгидек машҳур бўлиб қолди, лекин у энди одамлар тафаккурига аввалги таъсирини йўқотиб бўлган эди. Янги давр учун Тургенев ортиқ даражада босиқ ва шоирона табиат эгаси бўлиб чиқди.
Энди учинчи адибнинг шамойилига ўтаман. Баъзиларнинг айтишига қараганда, бу одамнинг асарларини ватанида, Францияда ҳамон ўқишда давом этмоқда эканлар, бошқа баъзи бир танқидчиларнинг гапига қараганда унинг китобларини аллақачон тахлаб, токчаларга йиғиб қўйишган.
1850 йилда туғилиб, 1893 йилда вафот этган Ги де Мопассаннинг буюк адабий муваффақиятлари ўн икки йилни ўз ичига оладиган унча катта бўлмаган даврга тўғри келди. Мопассан кўпроқ ҳикоянавис сифатида танилган, лекин, менимча, бу ёзувчининг истеъдоди тўла-тўкис романлари ва қиссаларида, масалан, “Дўндиқча” ва “Иветта” деган асарларида намоён бўлган. Унинг ҳамма катта-кичик асарлари фожеона ҳодисаларни тасвирлайдими ёхуд кундалик оддий воқеалардан ҳикоя қиладими — барибир, асос-эътибори билан жуда теран драматизм билан суғорилган эди. Ҳолбуки, Мопассан театр учун жуда кам асар ёзган бўлса-да, у йирик драматург фазилатларига эга эди. Услуб масаласида-ку у олий мартабали устозлар қаторидан ўрин олади, кузатувчанликда, фикрнинг ўткирлигида, уларнинг барини ихчам ва лўнда шаклга жойлашда ҳали ҳеч ким уни орқада қолдириб кетгани йўқ. Ҳар қандай одамдан кўпроқ даражада Мопассан бизни ортиқча китобларимизни ташлаб юборишга ўргатди. У ҳар қандай одамдан ортиқроқ даражада Флобернинг васиятига амал қилган эди: “Предметни бошқа предметлардан ажратиб турадиган муҳим фарқларини билиб олгунингизга қадар ва буни сўзларда ифодалай оладиган бўлгунча ўрганинг!” Мопассаннинг ижоди кўпинча санъат ўрнида қабул қиладиганимиз чалкашликка, юзаки экспрессионализмга ва мавҳум субъективизмга қарши қаратилган жонли таъмадир. Бутун вужуди билан интизомли ёзувчи бўлгани важидан у инсон туйғуларининг ич-ичига кириб бора олади ва уларни кўрсатиб беради. Унинг чақиб оладиган табиати хурофотлардан ва ҳамоқатлардан нафратланарди, камдан-кам ёзувчиларда одамларга нисбатан Мопассаникидай чинакам ва қайноқ хайрхоҳлик, ҳамдардликни топиш мумкин, у ҳар нарсани билишга қизиқадиган, назаркарда ва сезгир одам эди. Буларнинг бари унга ҳаётни тўғри акс эттиришга ёрдам берди.
Баъзан Мопассан шундай ҳикоялар ҳам ёзар эдики, улар унинг қаламига муносиб эмасди. Унинг баъзи бир асарлари ўзини мажбурлаб ёзилганга ўхшайди. Ҳаётининг сўнгида у руҳий хасталикка чалиниб қолди, унинг баъзи бир сўнгги асарларида бу хасталик ҳалокатли таъсир кўрсатди. Аммо шунга қарамай мен ҳам Толстойга эргашиб, услуб масалаларида ҳам, оригиналлик жиҳатидан ҳам Мопассанни унинг устози Флобердан юқори қўяман.
Мопассаннинг қалами остида шаклан баркамол ҳикоя, объектив метод воситасида инсон қалбининг сирли уммонларини ва инсон қалбининг саёзликларини очиб бериши керак бўлган нурли проза чўққиларга кўтарилади ва беғараз, қатъий санъатнинг шундай бир шакли майдонга келадики, бу шакл ёрдамида муаллиф темпераменти фақат мавзу ва характерларни танлашдагина ўз эркинлигини сақлаб қолади. Англияда Мопассанни бир замонлар шафқатсиз реалист деб ҳисоблаганлар. Ҳозирги адабий ёшлар учун у ҳисчан, болалардек анойи романтикдан ортиқ эмас, унинг услубини эса “эскирган ва драматизм билан суғорилган” услуб деб ҳисоблашади. Мен унинг “Пьер ва Жан” романига ёзган муқаддимасидан бир парча келтираман: “Моҳиятан ҳозир китобхонлар оммаси кўпдан-кўп гуруҳлардан ташкил топади. Уларнинг ҳар қайсиси бизга мурожаат қилиб, “менга тасалли беринг”, “Менинг кўнглимни хушланг”, “Менга бироз ҳазинлик ато этинг”, “Менга таъсир кўрсатиб, кўнглимни бўшатинг”, “Менинг орзу қилишимга имкон беринг”, “Менинг кўнглимни қўзғанг”, “Мени ларзага солинг”, “Мени йиғлашга мажбур қилинг”, “Мени мулоҳаза юритишга мажбур қилинг” дея ҳайқиришади.
Мопассаннинг идеали ўзининг темпераментига тўғри келадиган гўзал бир асар яратиш эди. “Гўзал” сўзи атрофида кети-охири кўринмайдиган баҳслар олиб борилаётган экан, таърифу тавсифлардан ўзимни тийиб туришга изн берсангиз. Фақат бир гапни айтиб ўтаман: ҳаққоний, бемалол ўзининг ҳаёти билан яшовчи асар яратадиган санъаткор ҳам гўзаллик чўққиларини забт этмоғи мумкин — мен узоқ давом этган мулоҳазалардан кейин шундай хулосага келдим. Мопассан Гўзаллик деб аталган ҳуркак қушни бир неча марта қўлга киритишга муваффақ бўлган.
Шуниси эътиборга лойиқки, Мопассанга сира ўхшамайдиган Толстой ундан завқ олган.
Лев Толстой 1828 йилда Ясная Полянада туғилган ва 1910 йилда Астаповода вафот этган. Унинг ёшлиги фаол ўтган ва таассуротларга тўла бўлган.У йигирма тўрт ёшидан ёза бошлаган. Толстой Қрим уруши вақтида армияда хизмат қилган ва ўша пайтларда унинг томонидан ёзилган “Севастопол ҳикоялари” унга тезгина вақт ичида машҳурлик олиб келади. Бу адибнинг энг дурдона асарлари “Уруш ва тинчлик” билан “Анна Каренина” бўлиб, улар 1864 — 1873 йиллар мобайнида яратилган.
Толстойни яхлит олиб қарасак, унинг кишини ҳаяжонга соладиган бир жумбоқ эканини кўрамиз. Битта одам шахсиятида санъаткор ва ислоҳотчи бирикиб кетган яна бошқа бирор одамни топиш амримаҳол. Толстой умрининг сўнгги йилларида насиҳатгўй-тарғиботчи бўлиб қолди, ҳатто тарғиботчилик бу даврда унинг шахсиятида санъаткорликдан устун кела бошлади. Масалан, “Анна Каренина”да санъаткор Толстой тарғиботчи Толстойнинг соясида қолиб кета бошлаган. Ҳатто “Уруш ва тинчлик”дай монументал асарнинг охирги қисмида ҳам баъзи жойларда Толстой насиҳатгўй тарзида қалам тебратади.
Сирасини айтганда, Толстойнинг бутун ижоди ҳам яхлитликдан маҳрумдай кўринади. У бир жанг майдонига ўхшайди, унда доимий равишда кураш боради, улкан зиддиятларнинг аёвсиз тўқнашувлари рўй беради, бу тўқнашувлар тўлқини бир кўтарилиб, бир пасайиб туради. Ҳозирги замон назариясига ишонадиган бўлсак, характернинг ривожланиши безларнинг ҳолати билан белгиланади, шунинг учун бу сирли иккиланишнинг изоҳини шифокорларга қолдира қоламиз: уларнинг тасдиқлашича, одамнинг безлари кўпроқ миқдорда гармонлар ишлаб чиқарса — одам санъаткор, камроқ ишлаб чиқарса — ахлоқпараст насиҳатгўй бўлар экан.
Агар ҳар хил саволлар ёғдириб, одамга ёрлиқ осишни яхши кўрадиганлар мендан унинг ёзганлари ичида қайси романни энг улуғ асар деб аташ мумкин?” дея сўрасалар, мен ҳеч иккиланмаган ҳолда “Уруш ва тинчлик” деб жавоб берардим. Толстой бу асарида худди циркдаги бирваракай иккита от устида ҳунарини кўрсатувчи чавандоздай ҳаракат қилиб, аллақандай мўъжизанинг қудрати билан отхонага лат емай эсон-омон етиб келади. Толстойнинг ижодий қудрати туфайли бу китобнинг ҳар саҳифаси ҳайрон қоларлик даражада мазмундор ва ёзувчи муваффақиятининг сири ҳам шунда. Роман одатдаги асарлардан олти баравар каттароқ, лекин унинг бирор қисми чўзилиб кетмаган ва кишини толиқтирмайди, ёзувчи томонидан яратилган инсоний эҳтирослар манзараси, тарихий ҳодисалар, ижтимоий ҳаёт, маиший турмуш манзаралари чиндан ҳам жуда улкан.
“Уруш ва тинчлик”да Толстой ўзининг бошқа асарларидаги каби умумлаштирувчи йиғма методдан фойдаланади — у сон-саноқсиз миқдорда ҳодисалар ва тасвирий деталларни беради. У Тургеневга тескари иш қилади — Тургенев кўпроқ фактларни танлашга ва материални расамади билан жойлаштиришга, кайфиятга ва шоирона мувозанатга таяниб иш юритарди. Толстой эса китобхоннинг хаёлоти учун ҳеч қанақа озиқ қолдирмай, оралиқдаги бўшлиқни тугал тўлдириб ташлайди ва буни шу қадар катта куч билан, шу қадар самимият билан қиладики, муқаррар тарзда ўқувчини орқасидан эргаштирмай қўймайди. Толстойнинг “услуби” деган нарсани бу сўзнинг тор маъносида олиб қарайдиган бўлсак, ҳеч нарсаси билан ажралиб турмайди. Унинг ҳамма асарларида китобхонга гапини қандай айтиш ташвиши билан эмас, нимани айтиш ташвиши билан андармон бўлган санъаткор шахсининг муҳри яққол сезилиб туради.
Маҳоратга берилган сон-саноқсиз таърифлар бор — уларнинг ёнига яна биттасини қўшиб, маҳорат ёзувчининг ўзи билан китобхон орасидаги тўсиқни олиб ташлаш қобилиятидир десак, унда улар ўртасида яқинлик вужудга келган ҳоллардагина маҳорат чўққилари забт этилади. Бундай таъриф гарчи кўпгина ёзувчиларни истисно ҳолатга солиб қўйса-да, унга таяниб туриб Толстойга ёндашсак, Толстойни бағоят моҳир уста деб аташимиз керак бўлади. Чунки у бошқа ҳар қандай ёзувчидан ҳам ортиқроқ даражада ҳақиқий ҳаётни бевосита ҳис қилиб туришга имкон берадиган манзаралар яратади. Адабиётда ясамалик, зўрма-зўракилик бўлади, бу ҳол кўпинча энг инжа, энг нозиктаъб ёзувчиларнинг асарларини ҳам барбод қилади. Шу ясамалик Толстойга бутунлай ёт. Толстой ўзининг ижодий майлларига ҳам, ислоҳотчилик майлларига ҳам бутун вужуди билан берилиб кетади. Толстой ҳеч қачон сувни синаб кўрмоқ учун аввал бир оёғини, кейин иккинчи оёғини унга тиқиб кўриб, соҳилда туриб қолмайди, ҳолбуки, бу ҳозирги санъатнинг одатдаги заифлигига айланиб қолган. Ҳаётга ва маънога тўлиқ санъат санъаткор ўз мавзуига тўла-тўкис берилиб кетган ҳолдагина вужудга келади. Санъатдаги қолган нарса — ёзиш маҳорати борасидаги машқлардан ўзга нарса эмас. Бу маҳорат улуғ ниятларни рўёбга чиқаришга ёрдам беради, лекин таассуфлар бўлғайким, улуғ ниятлар ҳар куни ҳам туғилавермайди. Рассом умрининг ярмини бошини ҳар ёнга уриб, ким бўлсам экан деган масалани ҳал қилолмай изтироб ичида ўтказади. У постимпрессионист бўлсинми, кубист бўлсинми, футурист ёки экспрессионист бўлсинми, ёки дадаист бўлгани маъқулми — ҳал қилолмай, боши қотади. Рассом тинимсиз равишда маълум бўлмаган аллақандай ажойиб бир шаклни топишга ҳаракат қилади. Шунга мувофиқ у ўзининг эстетик қарашларини ўзгартиради, лекин унинг бу ҳаракатларининг ҳаммаси беҳуда бўлиб чиқади. Бироқ санъаткор бутун вужуди билан мавзуга берилиб кетган фурсатда уни қандай ифодаласам экан деган масаладаги барча гумону шубҳалар тумандай тарқаб кетади — улар ўз-ўзидан ҳал бўлади ва қарабсизки, дурдона асар яратилади.
Толстой гарчи зодагон бўлса ҳам, Россияни ва рус деҳқонларини яхши биларди. Аммо у рус халқи ҳаётининг қайноғига Чеховчалик яқин эмасди. Чехов халқнинг ичидан чиққан эди ва у халқ ҳаётини ич томондан биларди. Толстой “Уруш ва тинчлик”да ҳамда “Анна Каренина”да тасвирлаган Россия — ўтмишдаги Россиядир, балки ўша Россиянинг фақат юқори қатламидир. Ҳозирги пайтда бу қатлам бутунлай мажақланиб ташланган ва йўқ қилинган. Не бахтки, ана шу ўтиб кетган ҳаётнинг икки улуғ манзараси сақланиб қолган!
Мен бешинчи қиёфага — Конрад портретига ўтаман.
Жозеф Конрад (Юзей Коженевский) 1857 йилда поляк заминдорининг оиласида дунёга келган. 1863 йилдаги исёндан сўнг унинг оиласи Россияга бадарға қилинади. Шу сабабдан унинг болалиги рус Польшасида ўтади. Унинг ёшлиги дарбадарлик ва саргузаштлар ичида ўтган, у бора-бора Британия савдо флотининг офицери бўлиб олгандан сўнг, Конрад жуда бой ҳаётий таассуротлар тўплайди, турли халқларнинг турмушини расм-русумларини, тилини ўрганади. Ўттиз йилча муқаддам у адабиёт билан шуғулланиш учун денгизни тарк этади ва Англияда ўрнашиб қолади-да, Жозеф Конрад деган ном билан асарлар ёза бошлайди. Унинг прозаси йигирма жилддан ортиқроқ бўлиб, она тилида ёзилмаган, лекин шундай бўлса-да, услубининг ғоятда бойлиги ва ранг-баранглиги билан ажралиб туради — шу хусусияти билан бу наср адабиёт тарихида жуда ноёб ҳодисадир. Конраднинг илк асарлари ҳайрон қолар даражада ёрқин ва тили образларга бой бўларди, кейинчалик балоғатга эриша боргани сари уларнинг ўрнига бошқа — қуюқроқ ва аниқроқ ранглар пайдо бўлди. Бироқ унинг ижодини яхлит олиб қарайдиган бўлсак, биронта ҳам инглиз ёзувчиси сўз билан тасвирлаш бобида ундан ўтиб кета олгани йўқ. Конраднинг асарлари композицияси жиҳатидан бенуқсон эмас. Асосан у манзара тасвирига ҳамда ҳикоя қилишга уста бўлгани учун, у баъзан сюжетни жуда мураккаблаштириб юборади, бу қаҳрамонлар психологиясига ва ҳикоя муҳитига алоҳида назокат, бойлик ва теранлик бахш этади. Бироқ айни чоғда адиб у китобхонни субтропик ўрмонларнинг шунақа пучмоқларига олиб кириб қўярдики, у шўрлик баъзан бу пучмоқлардан қутулиб чиқишдан умидларини узиб ҳам қўяди. Лекин барибир охир-пировардида чангалзор зулматидан қутулиб, чарақлаган қуёш нурларида чўмилаётган нурафшон водийга етиб келасан. Конрад буни маънавий кашфиёт деб атаган эди.
Конрад бошқа романнависларга қараганда кўпроқ даражада космос туйғусига эга эди. Унинг асарларининг саҳифалари бўйлаб ҳар нарсага қудрати етадиган сирли Тақдир кезиб юради, ҳар қанча кучли ва бақувват индивидуалликка эга бўлмасин, одамзод тўлалигича унга бўйсунади. Ана шу тақдирга тобеъликдан унинг образларига хос бўлган фожеона пафос ва ўта кучли таъсирчанлик ўсиб чиқади. Бу бутун умри мобайнида бир нарсага қарши кураш олиб борадиган, лекин охир-пировардида муқаррар тарзда ўша нарсадан мағлуб бўладиган одамларга хос бўлган ўзига хос эпикликдир. Конрад романларида кўпинча инсон ўзининг “мени”ни йўқотмаган ҳолда табиат билан улуғ муҳорабага киришади. Шунга қарамай, романда табиатнинг инсондан юксак экани аён бўлиб туради. Ёзувчи бу туйғуни китобхонга мажбурлаб сингдирмайди, шундай бўлса-да, бу туйғу кишибилмас тарзда китобхонни чулғаб олади — ёзувчи истеъдодининг кучи шунақа.
Одамларда космос туйғуси унчалик кўп ҳам учраб турмайди, бизнинг кўпчилигимиз ҳаддан зиёд олампарастмиз ва ҳатто илоҳий нарсаларни ҳам инсоний нуқтаи назардан тадқиқ қиламиз. Биз қадимги юнонларчалик ҳам эмасмиз — жаҳоний нарсалар тартиботида бизнинг ўрнимиз қандай эканини англамаймиз. Давлат — бизмиз, нарсалар тартиби бизимдир, биз дунёни ҳаракатлантирамиз. Эҳтимолки, бундай эътиқод инсон учун табиийдир, аммо ҳали одамлар истиқомат қилишга бошламаган замонлардан бери миллиард йиллар мобайнида ердан кўз узмай келаётган Вақт нуқтаи назаридан эса ҳовлиққан ва мақтанчоқ гўдакнинг эътиқодидан ўзга нарса эмас. Ҳаётнинг келиб чиқиши ва тугаб битиши сабаблари, ҳатто одамлар ҳаётининг чиқиб келиш сабаблари ҳам теран бир сирга чулғанган. Шу сирни тан олиш, эътироф этиш борлиққа муайян улуғворлик бахш этади. Ана шу улуғворликни биз Конрад ижодида учратамиз. Инсон психологияси, иштиёқлари, туйғуларининг энг нозик жилоларини ифодалаб беришда бутун инглиз адабиётида Конраддан ўтиб кетган адиб бўлса, у ҳам Генри Жеймсдир. Ҳолбуки, на Конрад, на Жеймс инглиз эмас. Аммо уларнинг дунёни эмоционал қабул қилишлари деярлик бир-бирига зиддир. Истиорали қилиб айтганда, Генри Жеймс чой ичиб ўтган, Конрад эса шароб тановул қилган. Генри Жеймс санъаткор сифатида ўз хаёлотининг кучи билан барпо қилган дунёда яшаган. Бу дунёда инсон табиатининг стихияли ва ибтидоий сифатларига ўрин йўқ эди. У ўз қаҳрамонларининг дағал ёхуд жунбушли эҳтирослар оғушига берилишига йўл қўймаган. Жеймсда Ақл-Заковат шундай бир меҳварки, нарсалар тартиби шу меҳвар теварагида айланади. Конрад дунёси эса, аксинча, турфа хил дунёдир, унда ҳамма нарса бор, ҳатто ёввойилик, ваҳшийлик ҳам мавжуд, бу дунёнинг яккаю ягона аҳли демаганда ҳам асосий аҳли ўзининг тизгинсизлигида чегара билмайдиган табиатдир.
Конраднинг мафтункорлиги — бетакрор бир тарзда реаллик билан романтиканинг қўшиб юборилганидадир. Конрад ўз асарларида номаълум денгизлар ва самолар, дарёлар, ўрмонлар ва одамлар дунёсини, кемалар ва олис кўрфазлар дунёсини, хуллас, бизнинг маҳдуд тасаввуримизда нимаики рутубатни мўъжизавий тажриба пардасига ўралган бўлса, шуни тасвирлайди. Конрад ўзига замондош бўлган ёзувчилардан фарқ қилароқ романтик ҳаётни яшаб ўтган. Ҳали ёзувчи бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган даврлардаёқ у кўп йиллар мобайнида ғайришуурий тарзда ўз ичида шу ҳаётнинг томир ураётганини сезиб юрган ва саргузаштларга мойил йигитнинг жамики жўшқин эҳтироси билан унга берилган. Ғайришуурий тарзда тўпланган тажриба ва таассуротлар заҳираси бўлмаса, қанчадан-қанча истеъдодлар нобуд бўлиб кетади. Қанчадан-қанча ёзувчилар тегирмонда ҳеч вақо бўлмаса ҳам ёғ чиқаришга уриниб ётадилар.
Конрад, айниқса, инглизларга ва умуман, қонида денгизга муҳаббат бўлган одамларга яқин. Биронта ҳам ёзувчи Конрадчалик денгизнинг кайфиятини ва латофатини, унинг қаърида яшириниб ётган хатарларни кўрсатиб беролган эмас. Бундан фақат Герман Мелвилл (“Оқ кит” романи) ва Пьер Лотигина (“Исланд балиқчиси” романи) мустасно, холос. Унинг асарларида денгиз манзаралари табиат қудрати қаршисидаги ҳайронлик билан суғорилган ва денгиз билан ҳарб олишиб, уни енгаётган ёхуд унинг сўнгсиз турфа хиллиги қаршисида бош эгаётган инсоннинг битмас-туганмас қизиқишига тўла. Конраднинг “Нарцисс”дан чиққан занжи”, “Бўрон”, “Ёшлик” асарлари чинакам дурдоналардир.
Сўнгги, олтинчи адибнинг шаклу шамойилига ўтмоқ, нигоҳимни Малайа соҳилларидан Орлеан соҳилига қаратмоқ демакдир. Конрад ҳаётий драмасида саҳнада ўзи роль ўйнаган эди. 1844 йилда туғилиб 1924 йилда вафот этган Анатол Франс бўлса умрининг энг сўнгги кунларигача ҳаёт драмасини ўриндиқда ўтириб кузатган.
Анатол Франс холисона олим тафаккурига эга эди. Илмий муҳитда ўсиб улғайган бу одам китобий одам эди, ноёб билим эгаси эди ва бунинг устига-устак, қалами ҳам бағоят ўткир эди. Унинг ҳажвиёт қамчиси бағоят бежирим эди ва у ҳайрон қоладиган даражада одобу назокат билан саваларди. У фош қилмоқчи бўлган нарсаларини — хурофот ва санампарастликни шу қадар абжирлик билан дабдала қилар эдики, у етказган заҳаларни илғаб олиш ҳам қийин бўларди ва унинг калтагини еганлар кўпинча шамолнинг қаёқдан эсаётганини билмай ҳам қолардилар. Унинг ёзувчилик фаолияти узоқ давом этган — у 1868 йилда ёзишга бошлаб, то вафотига қадар, яъни 1924 йилга қадар қўлидан қаламни қўймаган. Шу йиллар мобайнида — агар адашмасам, фақат уч мартагина соф романнавис сифатида қалам тебратган. “Сильвесрт Боннарнинг жинояти”, “Қизил Нилуфар” ва “Театрдаги воқеа” ёзиш усулига қараганда Франснинг бошқа асарларидан ажралиб туради. Фақат шу асарларидагина у кўпроқ инсон характерининг тадқиқотчиси ва ҳикоячи сифатида кўринади. Бошқа китобларида эса у биринчи навбатда файласуф ва ҳажвиётчи. Ҳатто “Танс”дек ажойиб санъат намунаси бўлган асар ҳам, моҳият эътибори билан олганда, танқидий йўналишга эга ва ғазабнок қалб алангасида тоблангандир. Бержер ҳақидаги романларда гарчи маҳорат билан чизилган портретлар сероб бўлса-да, улар ўз олдига характерларни тасвирлашни мақсад қилиб қўймаган, балки хурофотларни дабдала қилиш мақсадида қўлга қалам олган одам томонидан ёзилган. Ҳажман унча катта бўлмаган дурдона асар “Иудея прокуратори” бизга Понтий Пилатнинг унутилмас сувратини чизиб берган бўлса-да, у ҳажвий фикрни энг мукаммал даражага етказмоқ учунгина ёзилган асардир. Шўрлик Кренкебиль — жуда инсоний образ, бироқ шунга қарамай, биз уни ҳаммадан аввал адолатсизликни фош қилувчи жонли тимсол сифатида биламиз ва қадрлаймиз. Ҳатто Рикс деган кучук ҳам думини қилпонглатиб, гўё одамларнинг феълу атворларини танқид қилаётгандай бўлади. Агар Вольтер қўлида ятағон билан иш юритган бўлса, Франс дудама қиличини шунақа моҳирлик билан ишлатганки, унинг қурбонлари ҳанузга қадар ўзларининг ўлдирилганларидан бехабар юришипти. Улар ёзувчи асарларини ўқишда давом этиб, ҳали ҳам уни “устоз” деб юришипти. Франснинг тиниқлиги ва нафислиги жиҳатидан тенги йўқ услуби — бу соф ақл поэзиясидир. У чинакамига соф француз эди. Француз заковатини ўзида бу даражада ёрқин тажассум этган яна бир бошқа одамни бундан кейин яна учратмоғимиз амримаҳол бўлса керак. Анатол Франс ҳақли равишда ўзига ўз ватанининг номи билан оҳангдош тахаллус олгани бежиз эмас. Франс мўъжазгина мақоламда қиёфаларини чизиб бермоқчи бўлганим ҳамма ёзувчилар ичида энг эътиқодли ва энг жасоратли гуманистдир. Франс гулханда ёндирилиш ёки калласи кесилиш шарафига ноил бўлмай қолган, чунки у бизнинг бахтимизга у замонлардан анча кеч туғилган, лекин, барибир, унинг омади бор экан — Ватикан уни черковдан мосуво қилди. Унинг кўпчилик асарлари одамларга теран ҳамдардлик билан суғорилган. Бу ҳамдардлик асл манбаи қаерда экани — юракдами ёхуд ақл-заковатдами экани тўғрисида мулоҳаза юритишни Анатол Франсни шахсан таниган одамларга қолдирайлик. Бу ҳамдардлик шу қадар моҳирлик билан ва шу қадар назокатли тарзда беришга мойиллиги маълум даражада “бирон маънога эга бўлган ҳеч қандай гап айтмаслик керак ва қисқа ёзмаслик лозим” деган ақидага амал қиладиганларнинг ҳужумларидан асраб қолди. Франс ҳали модадан тушиб қолганича йўқ — ҳозирча у бундай шарафга ноил бўлгани йўқ, аммо Парижнинг айрим доираларида ва Нью-Йоркда баъзи бир фаросатсиз одамлар орасида унинг номини завқ-шавқ билан тилга олиш анча қалтис нарса. Комил ишонч билан таъкидлаш мумкинки, шафқатсизлик, маҳдудлик, қўполлик ва бошқа ҳар қандай чегарадан чиқишлар ҳамиша унинг нафратини қўзғаган. Месью Бержерс Франснинг ўзи, тўғри, фақат адибнинг аччиқ заҳархандалари ва кинояси унга кўчган эмас. У жуда юксак савияга эришган одам ва маданиятдан ташқарида кун кечира олмайди. Анатол Франсни Малайя оролларида, Россия далаларида, Лондоннинг пастқам жойларида ёки норманд деҳқонлари орасида тасаввур қилиб бўлмайди. Қадриятларни кинояли тарзда аралаш-қуралаш қилиб юборишда ҳали ҳеч ким Франсдан ўзиб кетаолгани йўқ. Бироқ унинг “Биби Марьям фокусчиси”ни олиб кўринг — унинг кинояси қанчалар майин бўлиши мумкин-а! У маъжусийликни ҳар қанча яхши кўрмасин, “Тоғдаги панд-насиҳат”ни ҳам ҳурмат қилмаслиги мумкин эмасди. Бу унинг “Бахтиёр чўллар”идан ҳам аён кўриниб туради. Бу асарда унинг кўпгина эртаклари замирида ётган панд-насиҳат бор. Франснинг деҳқонлари бир неча марта Муқаддас Бокира шарафига соф олтиндан ёки фил суягидан ҳайкал қўйишмоқчи бўлишади, лекин ҳайкал ҳар гал йиқилиб тушаверади, фақат уни оддий ёғочдан ясаганларидан кейингина ҳайкал ўрнатган жойларида туриб қолади. Франс ҳузур қилиб, христианликнинг қалб қаъридан жамики мунофиқлик, сохталик ва ирим-сиримларни худди ўткир ов пичоғи билан кўчириб ташламоқчидай ҳаракат қилади.
“Кренкебиль”ни ўқир экан, ҳар қандай кўринишдаги адолатсизлик унинг табиатига нақадар зид эканини кўриш мумкин. Дрейфус иши уни фалсафий мулоҳазалар ва хаёлот боғини тарк этишга мажбур қилади ва “Ноёб узук” ҳам худди Э.Золянинг “Мен айблайман”и сингари Адолат ишига қўшилган қудратли ҳисса бўлди. Гарчи Анатоль Франс ўзини социалист деб атаган, умрининг сўнгги йилларида эса ашаддий социалист деб ҳисоблаган бўлса-да, бошқа адабиётчиларга ўхшаб сиёсатга тузукроқ таъсир кўрсатишга муваффақ бўлган эмас. У бевосита сиёсий тарғибот ишлари билан шуғуллана бошлади, аммо бундан ҳам ҳеч қанақа самара бўлмади. Аммо унинг кўп қиррали ва эҳтиросли танқиди кўпгина хурофотларни илдизи билан суғуриб ташлади ва ўз даврининг ижтимоий тафаккурида жуда чуқур из қолдирди.
Агар мен бир гапни айтсам, ноҳақ бўлиб чиқармиканман? Ахир, биз бошимизга ўзимиз ташвиш ёғдириб, “модернизм” деб аталмиш нарсанинг кетидан ортиқча қувлаб юрмаяпмизми? Бу, ахир, янги расм бўлган, думини тутқазмайдиган бир қушдан иборат эмасми? Бундай қилсак, замон руҳи бизни бир модабоз олифтага айлантириб қўймайдими ва биз бутун вужудимиз билан бачкана нарсаларни тасвирлаб донг чиқариш пайига тушиб қолмаймизми? Ҳақиқий фикрий теранликка эга бўлмаган жимжимадор сўзларга, нотекис тарақ-туруқдан иборат бўлган музика яратишга ишқибоз бўлиб қолмаймизми? Ва наҳотки, мен бошқа томондан қараганда, биз яна ўзимизнинг соғлом косибчилигимизга қайтамиз ва ўзимизнинг “менимиз” кўрсатаётган масхарабозликларга номаъқул нигоҳ билан қарайдиган бўламиз деб ўйласам, наҳотки, хато қилган бўламан. Балки буларнинг барини биз атайин ўзимизга ўзимиз сингдираётгандирмиз? Бир нарсани рад қилиб бўлмайди — модернизмнинг, бу ажойиб парранданинг чиндан-да ўзига хос таъми бор ва бу, айниқса, уни дастурхонга тортганларида яққол сезилади. Уруш шароитида модернизмнинг бўлиши муқаррар эди. Ўқтин-ўқтин тарихда бунақа портлашлар рўй бериб туради. Шунда воқеалар юзасида замон руҳи пайдо бўлиб қолади. У ўзига диққатни жалб қилмоқчи бўлиб, сув сатҳи бўйлаб одимлайди, кейин енгилгина “шўлп” деган овоз чиқаради-ю, сув тагида ғойиб бўлади. Ундан енгилгина мавжлар қолади, холос. Адабиётда ҳеч қачон чинакамига турғунлик бўлмайди, унинг асосий оқими ҳамиша муқаррар тарзда ўз ҳаракатини давом эттираверади. Сув сатҳидаги мавжлар ва тўлқин уришлар баъзан ҳаддан зиёд бўлишлари мумкин, баъзан эса улар кўринмай кетадилар. Лекин бу мавжларни ҳамиша майда балиқчалар ҳосил қилади, катта балиқлар эса ҳеч оғишмай ўз маконига ҳаракат қилишдан тўхтамайди. Ҳойнаҳой, сиз сезган бўлсангиз керак — тасвирий санъатда, рассомликда турли оқимлар бири кетидан бири пайдо бўлаверади, янги пайдо бўлган оқимга дарҳол ёрлиқ осишади, кейин у модадан чиқади, ундан бизга турли усталарнинг нонларигина қолади — Тернер, Манэ, Милле, Уистлер, Гоген… Булар теграсида яна бошқа ўнлаб номлар айланиб юради. Адабиётда ҳам худди шу ҳодисанинг ўзи рўй беради ва фақат Вақтгина улуғларнинг баҳосини бера олади. Шакл аста-секин, сезилар-сезилмас тарзда ўзгариб боради, у ҳеч қачон саркаш йўли билан ўзгармайди, чунки консерватизм бунга тўсиқлик қилади. Санъат ҳам ҳаётга ўхшаган ички мантиққа эга бўлган нарса ва санъаткор қанчалик йирик бўлса, шунчалик тараққиётнинг асосий оқимига яқинроқ туришга ҳаракат қилади, унинг табиий суръатига яқин бўлишига интилади, ҳадеб ҳар томонга бош уравермайди, бундай қилса, бирор туриб қолган сувга шалоплаб тушиб кетиши ва авжи ёз палласининг тиниқ кунига лойқа сув сачратиши мумкин.
Санъат теварагида, ҳатто роман санъати теварагида ҳам ҳамиша иккита эстетик мактаб ўртасида кураш борган. Бир мактаб санъатдан ҳаётни очиб беришни ва танқид қилишни талаб қилади, иккинчи мактаб эса фақат ёқимли гапларни тўқиб чиқаришни талаб қилади. Аммо кураш жараёнида қизишиб кетишганда иккала мактаб ҳам баъзан бир нарсани унутиб қўйишади — яъни санъат асари танқидий ёки фош қилувчи бўладими ёхуд тўқиб чиқарилган гапларни бежаб, пардозлаб кўрсатувчи бўладими — бундан қатъи назар, унинг моҳияти, яъни уни санъат асарига айлантирадиган нарса — “ҳаётийлик” деб аталмиш сирли нарсадан иборат бўлади. Хўш, ҳаётийликнинг санъат олдига қўядиган шарт-шароити қанақа? Энг зарурларидан бири шуки, асарда унинг қисмлари билан яхлитлик ўртасида муайян нисбат бўлмоғи керак. Шунингдек, асарда санъаткорнинг индивидуаллиги ҳам сезилиб турмоғи керак. Фақат шу унсурларгина асарга оригиналлик бахш этади, унинг жонли чиқишига сабаб бўлади.
Ҳақиқий санъат асарлари ҳамиша гўзал ва ҳаётий бўлиб қолаверади, бироқ моданинг кўтарилишлари ва тушишлари баъзан қисқа муддатга бўлса-да, уни саёз жойга ўтқазиб қўйиши мумкин. У шунинг учун ҳам гўзал ва ҳаётий бўлиб қолаверадики, у ўзининг ҳаёти билан яшайди. Санъат асари табиат ва инсонни худди Еврепид драмалари ёхуд Тургенев романлари янглиғ тасвирлаши мумкин, ёки бўлмаса, Андерсеннинг эртаклари ёки “Ёз тунидаги туш” каби фантастик характерга эга бўлиши мумкин. Бундай асарлар тўғрисида гапирганимизда биз модани эсимиздан чиқарамиз.
Шунинг учун романда ҳаётнинг танқиди бўлиши керакми ёки йўқми деган мангу баҳс — беҳуда баҳсдир. Сирасини айтганда, романнавислар ҳар хил тусдаги одамлар бўлиши мумкин. Мопассан, Тургенев ва Конрадни соф санъаткорлар дейишади. Диккенс, Толстой ва Франсларда сатириклик йўналиши ёки тарғиботчилик кучли. Уларнинг олтовлари ҳам улуғ ёзувчилар эканини ва дастлабки уч ёзувчининг, яъни “соф санъаткорлар”нинг асарларида ҳам танқид унсурлари бор эканини ҳеч ким инкор этмайди. Гап шундаки, уларнинг олтовларининг ҳаммаси ҳам асарларида ҳаётни ўз шахсиятларининг призмаси орқали кўрсатганлар ва уларнинг кўламидаги санъаткор бу қадар қудратли бадиий тасвир салоҳиятига эга бўлатуриб, воқеликнинг танқидчиси бўлмай тура олмайди. Ҳатто холисликнинг пайғамбари ва эстетизмнинг ярим худоси бўлмиш Флобер ҳам ўзининг “Оддий қалб”, “Авлиё Юлиан ҳақида афсона”, “Бовари хоним” каби асарларида ҳаётнинг теран танқидини берган. Модомики, асосий нарса — ижодий руҳ ва ифоданинг теранлиги экан, очиғини айтганда, тасвирланган манзара холисанлилло тасвирга ўхшаб кетадими ёхуд матн замирида санъаткорнинг “мен”и сезилиб турадими-йўқми — бунинг нима аҳамияти бор?
Мен қиёфаларининг айрим чизгиларини чизиб берган олтита улуғ ёзувчининг ҳаммаси гуманистлардир. Уларнинг ижоди учун озуқа бўлиб хизмат қилган нарсалар инсоний туйғулардаги қинғирликлар, инсон юрагининг тепишидаги нотекисликлар, бу дунёдаги умргузаронликнинг сон-саноқсиз пародокслари бўлди. Улар расман ҳар қандай қарашларнинг тарафдорлари бўлмасин, уларнинг чинакам эътиқодлари Гриммнинг эртагидаги Пакананинг қуйидаги сўзларида ифодаланган: “Инсоний сифатлар мен учун дунёдаги ҳамма бойликлардан ортиқроқдир”.
Бу ёзувчиларнинг ҳеч қайсисида адабий олифтагарчиликдан асар ҳам йўқ, улардан биронтаси, ҳатто Толстой ҳам назариячи бўлмаган, ҳаётни назарий қолипга тиқиштиришга, асарни эса шаблонга айлантиришга уринган эмас. Профессор Эйнштейн нисбийлик назариясини олдинга сурмасдан анча олдинроқ ҳаётий қадриятлар улар учун нисбий қимматга эга бўлган. Менинг ўйлашимча, уларнинг ҳаммаси воситалар мақсадни оқлашига ишонишган. Гарчи ҳар қандай мақолда бўлгани каби бу сўзларда ҳам бор-йўғи ярим ҳақиқат мужассам топган бўлса-да, улар ақидага ёпишиб олиш иллатини енгиб ўтган бизнинг асримизга мос келади. Ўз санъати учун ҳақиқий ҳаётдан материал сифатида фойдаланган улуғ романнавис ўз асарларининг нури билан одамлар жамияти ривожининг тезлашишига кўмаклашади ва ўз даври ахлоқининг у ёки бу даражада жилваланишига йўл очади. У, албатта, онгли равишда устоз бўлиши ёхуд онгли равишда исёнчи бўлмоғи шарт эмас. Унга кенг нигоҳга эга бўлиш, теран ҳис қилиш, бошидан кечирган нарсадан ва ҳис қилган нарсалардан кейинчалик ўзининг янги ҳамда мазмундор ҳаёти билан яшай оладиган тимсоллар яратишнинг ўзи кифоя. Ахир, рассом Мане “мен учун янги сувратни ишлай бошлаш, сузишни билмай туриб денгизга сакраш билан баробар” деб айтмаганмиди? Инсон ҳаётининг майсазорларида ўтлаб юрадиган романнавис тўғрисида ҳам худди шу гапларни айтиш мумкин. Унинг ҳаракатларини ҳеч қандай ибрат, ҳеч қандай назария бирон йўналишга сололмайди. Ёзувчи кашшоф бўлмоғи керак. У ўзи акс эттирган ҳаётий хомашёдан ўзига ўрнак ясаб олмоғи керак.
Инсонпарварлик — мавжудлик жумбоқлари ҳудудида бахт борасида ҳам, ғам-ғусса борасида ҳам инсонлар тақдири охир-пировардида уларнинг ўз қўлларида эканига ишонганлар эътиқодидир. Ва бу олти адиб ўзининг жамики инсоний нарсаларга табиий дахлдорлиги билан ҳамда бадиий тасвирнинг улуғ қудрати билан шундай бир ишончни мустаҳкамлашдики, эҳтимол, бу ишонч ҳозирги замон одами учун бирдан-бир суянч бўлиб қолиши мумкиндир.
1924 йил.

Озод Шарафиддинов таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2002 йил, 8-сон