Жан-Мари Леклезио. Диего ва Фрида (ҳужжатли роман)

МУҚАДДИМА

1910 йилнинг бешинчи октябрида президент Порфирио Диас Мексика мустақиллигининг юз йиллигини мутлақ монархияга хос тарзда ўта дабдабабозлик билан нишонлашга ҳозирлик кўраётган кезларда жаҳон тарихида мисли кўрилмаган ва испан конкистадорлари томонидан истило этилган даврлардан буён жиддий ўзгариш бўлмаган ана шу мамлакатни ларзага солган воқеа юз берди. Франциско Мадеронинг даъвати билан (унинг “Сан-Луис” режаси Порфирио Диаснинг сохталаштирилган сайловлари натижаларини бекор қилади ва исён бошлашга ундайди) халқ қўлига қурол олди. Шу тариқа, бир миллиондан зиёд кишининг ҳаётига зомин бўлган ҳамда мавжуд тузумнинг ағдарилишига сабаб бўлган қисқа ва шиддатли уруш бошланди.
 Бехосдан бошланган бу ҳаракатнинг чинакам қаҳрамонлари деҳқонлар бўлгани боис у бутун мамлакатга ёйилди. 1910 йилда ҳам Мексика испан кўчманчилари давридан деярли фарқ қилмасди: йирик ер мулкдорлари, бир ҳовуч маҳаллий ҳукмдорлар ва уларнинг қуролланган тузилмалари деҳқонлар оммасини эзиб келарди. Ер бепоён майдонга эга (масалан, Синалоа штатидаги Сан-Блас ёки Юкатан штатидаги Прогрессода жойлашган ҳар бир асьенданинг ер майдони бир миллион гектардан зиёд бўлган) ўн бешта мулкдор ўртасида бўлиб олинган; заминдорларнинг ҳокимияти чексиз, улар дарё ва ҳиндулар қишлоқларининг эгаси ҳисобланар ва ҳатто айримлари улкан ер майдонларини айланиб чиқиш учун темир йўл қурган эди. Ер мулкдорлари тўплаган бойликларни тасаввур этиш амримаҳол. Улар болаларини ўқитиш учун Англиядан тарбиячи келтиришар, кирларини ювдириш учун Парижга жўнатишар, ўтда ёнмайдиган улкан сейфларни эса Австрияда тайёрлатишар эди.
Ўша замонларда Мексика — келгиндилар ҳукмронлик қилаётган тобе мамлакат эди. Саноат ва савдо-сотиқ тўлиқ уларнинг измида: кўмир конлари ва цемент заводларига америкаликлар эгалик қиларди, қурол-яроғ ва майда-чуйда металл буюмларни немислар ишлаб чиқарарди, озиқ-овқат савдоси билан испанлар, мато-газлама савдоси билан французлар шуғулланарди. Тағин, французлар улгуржи савдони қўлга олиб, машҳур “Барселонет” дўконлар тармоғини назорат этарди. Темир йўллар инглизлар ва бельгияликлар, нефтга бой ерларга эса Дохени, Гуггенхайм ва Куклар сингари америка нефть саноати корчалонларининг сулолалари эгалик қилар эди.
Порфирио Диас ҳукмронлиги даврида Мексика европача мезонлар бўйича яшарди. Ҳатто санъат ва маданиятда ҳам европа андозалари устувор эди. Париж кўча ва хиёбонларидан руҳланган ҳукмдор талаби билан Мехикода барпо этилаётган бино ва иншоотларда европача андозаларга кўр-кўрона тақлид қилинарди. Мамлакатдаги деярли ҳар бир шаҳарда, худди Австриядагидек, вальс ва кадрилларни чалиб турган оркестр жойлашган павильонлар барпо этилган эди. Мусаввир Сатурнино Эрран томонидан тасвирланган ацтекларнинг шонли тарихига оид асарлар ҳисобга олинмаса, маҳаллий аҳолининг кўҳна маданияти, қадриятлари деярли унутилаёзганди.
Порфирио Диас якка ҳукмронлигининг сўнгги йилларида мамлакатда кулгили ва шу билан биргаликда ғоят аянчли дабдабабозлик муҳити ҳукм сурар, аксарият адиб ва мусаввирлар, чунончи, Васконселос, Альфонса Рейес, Сикейрос ва Ороско сингари ижодкорлар сарой санъатининг димиққан муҳитидан қочиб, Европадаги озодлик нашидасидан баҳраманд бўлишга интиларди.
Мадеро даъвати билан бошланган инқилоб сабабларини шунчаки жунбушга келган оломоннинг зўравонлиги билангина изоҳлаб бўлмайди. Бу ҳаракат босқинчиларнинг шафқатсизлиги, ҳиндуларнинг истило этилиши, қисқаси, тўрт асрлик азоб-уқубатларга қарши кўтарилган улкан тўлқин эди. Мамлакат тарихида тенги йўқ икки шахс инқилобий жараёнларга етакчилик қилди. Ҳар иккиси ҳам — жиловланмаган, оми, муросасиз, яъни маҳаллий аҳоли вакили эди. Инқилобий тўлқин уларни юксакликка — бир вақтлар Теночтитланнинг илоҳий ҳукмдорлари ва испан вице-қироллари истиқомат қилган Мехиконинг бош майдонидаги Миллий саройга етаклади.
Жон Рид “Бош кўтарган Мексика” туркум очеркларида исёнчилар етакчиларидан бири — чўпон, кейинчалик “жанубий дивизия” генерали бўлган Франциско Вилья ҳақида шундай деб ёзади: “Вилья мен кўрган одамларнинг энг тўпориси эди. У шу жиҳати билан ёввойи махлуқлардан унчалик фарқ қилмайди”.
“Жануб Аттиласи” Эмилиано Сапата тимсолида эса — чинакам романтик, мачете1 билан қуролланган, сомбреро2сида Гваделупа муқаддас авлиёси сурати акс эттирилган деҳқонлар армиясига етакчилик қилган ва “Ер ва эрк учун” курашга отланган ҳиндулар вакили намоён бўлади.
Мексикада инқилоб юз берганда йигирма тўрт ёшни қаршилаган Дие-го узоқда бўлгани сабабли (санъатда эркинликка мойиллиги уни кубистлар макони — Парижга етаклаган эди) бу жараёнларда иштирок эта олмас эди. У фақат золимнинг тахтдан ағдарилганига хурсанд эди; бироқ, тақдирнинг ўйинини қарангки, собиқ ҳукмдор мусаввир истиқомат қилган шаҳарда қувғинликда яшашни ихтиёр этади. Мадеро даъвати жаранглаганда Фрида Кало уч ёшга тўлган ва шу боис Мехикодаги воқеа-ҳодисалар унинг Койоакандаги ҳаётига деярли таъсир этмаган эди.
Аслида, ҳар иккиси — Диего ҳам, Фрида ҳам мамлакатнинг чекка ҳудудларида туғилиб ўсган. Диего ўзгаришлар эпкинлари ҳамиша четлаб ўтадиган, ҳиндулар билан муомалада аллақандай беписандлик ва калондимоғлик урф бўлган кончилар шаҳарчаси — Гуанохуатода дунёга келган. Фрида эса онаси — Матильда “қишлоқ” деб атайдиган, “Маркиз” Эрнан Кортеснинг руҳи кезиб юрган, теварак-атрофдаги Хочимилко, Сан-Херонимо, Истапалапа, Мильпа Альта қишлоқларидан келган ҳинду деҳқонлар тўпланадиган ҳар ҳафталик бозордан бошқа деярли ҳеч қандай воқеа-ҳодиса юз бермайдиган Койоакан шаҳарчасида туғилиб вояга етган.
Диегони ҳам, кейинчалик Фридани ҳам индустриал давр асирлари учун ўзига хос пистирмага ўхшаб қолган ҳозирги мегаполис эмас, айнан инқилобдан сўнг талабалар, авантюристлар, севишганлар, мутафаккирлар, иззатталаб сиёсатчилар ҳамда замонавий санъат асосларини эгаллашга интилаётган назариётчи-санъатшунослар учрашадиган чарақлаб турган, беғам ва шу билан бирга, жўшқин шаҳар — Мехико ўзига оҳанрабодек тортар эди.
Инқилобдан кейин Мексика пойтахти ниҳоятда гавжум шаҳарга айланиб қолди. Вилья ва Сапата ортидан келган исёнчиларнинг улкан оқими шаҳарнинг маркази ва Сокало майдонини тўлиқ эгаллаб олди. Ҳар куни мамлакатнинг турли бурчакларидан минг-минглаб деҳқонлар ва қизиқувчан одамлар келиб, шаҳар кўчалари, бозорлар, хиёбонларда кезишар, илгарилари фақат асилзодалар кўриши мумкин бўлган кўҳна обидалар атрофида тўпланиб, бир-бири билан учрашар, танишишарди. Шаҳарда кўчада савдо қиладиганлар, ресторанлар, арзон меҳмонхоналар ҳамда жамоат транспорти кундан-кун кўпайиб борарди. Ўзлигини англашга интилаётган мексикаликлар миллий санъати ва халқ мусиқасини қайтадан кашф этиш имконига эга бўлди.
Диего ва Фриданинг Мехикоси. Ижод руҳи, сир-синоат ва янгиликларга ташналик ҳукмрон бўлган шаҳар. Назаримда, биронта ҳам бошқа шаҳар Мехико сингари инқилобнинг чинакам тимсоли, эзилган америка халқлари учун ҳақиқий маёқ бўлгани йўқ. Ўтган асрнинг йигирманчи йилларида Мексика пойтахти Диккенс давридаги Лондон ёхуд Монпарнас гуллаб-яшнаган даврдаги Париж сингари санъат ва тафаккур ривожи учун озиқ берадиган шаҳар эди.
1926 йилнинг августида Миллий саройни таъмирлаш жараёнида ишчилар тепасида қуёш акс этган тош қўйилган улкан Теночтитлан эҳроми қолдиқларига дуч келади. Шу тариқа, қуёш акси туширилган буюк ибодатхона тикланган кунда ҳокимият аждодлардан авлодларга ўтиши ҳақидаги кўҳна афсона ҳақиқатга айланди. Диего Ривера Чапингодаги Миллий деҳқончилик мактабида безаш ишларига киришганда ана шу эҳромнинг очилиш маросими ўтказилди. Бу ҳол ҳиндуларнинг қадимий маданиятини тиклашга киришилганидан далолат берарди.
Маълум маънода, Диего ва Фрида Мексика маданий қадриятлари, Колумбгача бўлган тамаддунлар санъати ва ижодий тафаккури тикланаётган ана шу даврга хос ижобий ва салбий жиҳатларни ўзида мужассам этган ижодкорлар эди. Диего биринчилардан бўлиб Мексиканинг инқилобий истиқболи ва ҳиндулар ўтмиши билан узвий боғлиқлиги ҳақида гапира бошлаган: унинг фикрича, “қадимий мексикаликлар учун коҳинларнинг ажабтовур расм-русумларидан тортиб энг оддий кундалик ишларгача — барча-барчаси юксак гўзаллик туйғулари билан йўғрилган. Тоғ-тошлар, булутлар, қушлар ва балиқлар улар учун завқ-шавқ манбаи ҳамда Буюк Моҳият ифодаси бўлиб келган”.
Диего ва Фрида бутун умри ва истеъдодини ҳиндуларнинг ана шу идеалини излашга сарфлади.
Диего ва Фриданинг Мехикоси — улкан имкониятларга эга ва ташқи дунёга очиқ шаҳар эди: унинг кўчалари санъат галереясидан ўрин олган гўё тугалланмаган санъат асарига ўхшаб кетарди.
Бу ерда, шаҳарнинг қоқ марказида, нисбатан чекланган ҳудудда(Архентина, Монеда – Соказо мавзелари, Аламеда боғи ҳамда Долорес кўчаси оралиғида) ҳар иккисининг ҳаётидаги асосий воқеалар бўлиб ўтади. Диегонинг дастлабки фрескалари яратилган ва Фрида билан илк учрашуви бўлиб ўтган Тайёрлов мактаби Архентина кўчасида жойлашган. Икки кўча нарида, Архентина ва Белезарио Домингес кўчалари муюлишида таълим вазирлиги, Фридани майиб-мажруҳ қилган автофалокат содир бўлган Сан-Хуан бозори эса олти кўча нарида жойлашган. Диего умрининг ўттиз йилини бағишлаган Миллий сарой шаҳарнинг қоқ марказида, бир вақтлар Теночтитлан ҳукм-дори яшаган макон — Монтесума ўрнида барпо этилган. Фриданинг, кейинроқ Диегонинг дафн маросими ўтказилган, оқ катафалкка ўхшаб кетадиган Нафис санъат саройи севишганларнинг тунги макони — Аламеда боғи билан туташиб кетган.
Ана шу шаҳар ва икки ижодкор ўртасида ғаройиб боғлиқлик бордек: назаримда, уларни инқилобий эътиқод, Мексика ҳиндулари ўтмишини тараннум этишга интилиш бирлаштирган эди.
Диего ва Фрида ўртасидаги муҳаббат тарихи ўтмишга айлангани йўқ, чунки у Мексика билан, гавжум шаҳар шовқин-сурони, кўчалар ва бозорлар ифори, кўҳна ибодатхоналар ва асрий дарахтлар билан уйғунлашиб кетган.
Чинакам санъат асарлари вақт ўтиши билан ўзгармайди, эскириб қолмайди. Бугунги кунда не-не орзу-умидлар армонга айланганига, кўримсиз савдо империялари томонидан ҳиндуларнинг бетакрор маданияти ҳар куни оёқости қилинаётганига гувоҳ бўлган бу дунёда Диего ва Фрида яратган муҳаббат ва ҳақиқатга ташна тимсоллар кишини ҳайратга солади. Мексика тарихида улар жонли маёқ сингари ҳамон порлаб турибди.

“ОДАМХЎР” БИЛАН УЧРАШУВ

Диегонинг Фрида билан илк учрашуви Таълим вазирлиги буюртмаси билан университетнинг бўлғуси талабалари ўқийдиган Тайёрлов мактаби биносини деворий суратлар билан безаш ишлари бошлаган пайтда бўлиб ўтади. Кейинчалик Диего ҳаётини тубдан ўзгартириб юборган, Фрида тақдирида ҳам муҳим босқич бўлган ана шу учрашувни бот-бот эсга олар эди.
У концертлар ўтказиладиган ва саҳна асарлари қўйиладиган Боливар амфитеатрида ишлаб турган пайтида устунлар ортидан кимнингдир масхаромуз овози қулоғига чалинди: “Эҳтиёт бўл, Диего! Науи келаётир!” Науи Олин деганлари — ҳақиқий исми шарифи Кармен Мондрагон, мусаввир Мурильо ҳамда машҳур доктор Атлнинг хуштори, ўзи ҳам тасвирий санъат билан қизиқадиган, расм чизишда Диегога кўмаклашадиган хонимлардан бири. Бошқа куни Науи Олин расм олдириш учун унинг олдида турганда яна ўша истеҳзоли овоз эшитилади: “Эҳтиёт бўл, Диего! Лупе келаётир!” Кунларнинг бирида Диего кечки маҳал ҳавозанинг юқори қисмида ишлаётганда, Лупе Марин эса пастда кашта тикиб ўтирган пайтда эшик ортидан қандайдир овозлар эшитилди ва гўё кимдир атайлаб итариб юборгандек, тўсатдан залда ёшгина қизалоқ пайдо бўлди.
Диего Тайёрлов мактаби талабалари кийимидаги, аммо уларнинг ҳеч бировига ўхшамайдиган “ўн-ўн икки яшарлик қизалоқ”қа (аслида у ўн бешда эди) ҳайрон бўлиб тикилди. Кейинчалик 1944-1957 йилларда Глэдис Марч билан бўлиб ўтган суҳбатларида ўша учрашувни эслаб, Диего шундай деган эди: “У ўзига ишонган, қадр-қимматини биладиган одамдек тутар, кўзлари порлаб турарди. У хушрўй, кўкраклари бўлиқ эди”. Ким билади, Фрида ва Лупе Марин юзма-юз туриб, нигоҳлари билан тешиб юборгудек бир-бирига қараб қолгани ҳақидаги гаплари ҳақиқатдан йироқ бўлиши ҳам мумкин. Ҳарҳолда, тақдир тақозоси билан раққосалардек ҳаракатчан, шумтака ва шу билан бирга ўта жиддий қизалоқнинг «одамхўр» — аёлларнинг кушандаси ва ишга жон-дили билан берилган мусаввирнинг юзма-юз бўлгани айни ҳақиқат.
Қанчадан-қанча воқеа-ҳодисалар юз берган, бир-бири билан тўқнашадиган ва бир-бирини бойитадиган ғаройиб ғоялар пайдо бўлган инқилобдан кейинги даврдаги бу учрашув уларнинг тақдирини ҳал қилди-қўйди. Бу учрашув Диегонинг ҳаётини тубдан ўзгартирди, шахсиятининг илгарилари у мутлақо хаёлига ҳам келтирмаган янги-янги қирраларини намоён этди, ўша қизалоқни эса замонамизнинг ўзига хос, энг истеъдодли мусаввирларидан бирига айлантирди.
Шундай қилиб, Фрида ҳавоза устида турган девқомат одамга қўрқмасдан юзланиб, у қандай ишлаётганини кўришга рухсат сўраганда чиндан ҳам Боливар амфитеатрида қандайдир ғаройиб ҳодиса юз берган кўринарди. Ҳарҳолда Диегонинг Фрида ҳақидаги “ўзига ишонган, қадр-қимматини биладиган одамдек тутарди”, деган сўзлари қизнинг болаларча содда ва дадил нигоҳи ҳамда жозибаси унинг ҳиссиётларини қитиқлаб, мусаввир қалбини ром этганидан далолат берарди. Кейинчалик Диего у билан Лупе Марин ўртасидаги ришталар узилгандан сўнг амфитеатрдаги ўша учрашув қанчалик муҳим бўлганини тушуниб етади, қайта-қайта уни хаёлидан ўтказади.
1928 йилда маориф вазирлигида рус инқилобининг фожиавий оқибатлари таъсирида ғамгин фрескалар яратаётган пайтда залга кириб келган “ўн саккиз яшар ғоят хушсурат, қораялоқнинг думига ўхшаб кетадиган қалин тим қора қошлари чимирилган”, сочлари узун қизни кўриб, Диего аввалига Боливар амфитеатрига югуриб кирган ўша қизалоқни танимайди. Эҳтимол, уларни умрбод бир-бири билан боғлаган иккинчи учрашув бошқача бўлгандир, аммо мусаввирнинг ўзи уни айнан шундай тасвирланишини истайди. Бир вақтлар амфитеатр устунлари ортидан истеҳзоли овози эшитилган қизалоқ ўтган беш йил ичида мислсиз азоб-уқубатларни бошидан кечирган, ўзи ҳам мусаввирликка меҳр қўйган қизга айланган эди. Фрида уни мафтун этган, жуфти ҳалоли бўлишга қарор қилган ҳамда бир этак фарзанд кўришни орзу қилган инсон билан учрашишни сабрсизлик билан кутарди. Тасвирий санъат эса хоҳлаган пайтда учрашиш, яна ва яна амфитеатр эшикларини очиб, севгилисининг ҳаётига шиддат билан кириб боришга имкон берарди.
Албатта, бу қадар кичик ва ҳаводек енгил жисмдаги мислсиз жасорат ва кучли ирода, тим қора кўзларнинг жозибали нигоҳи Диегони беэътибор қолдириши мумкин эмасди. У ҳавозадан оҳиста пастга тушиб, Фрида томон юра бошлади. У Фридани дарров таниёлмади: қирқ икки ёшлик эркак учун беш йил бир йилдек ўтиб кетгандек бўлса, бўйи етган қизга айланган Фрида учун бу йиллар ниҳоятда оғир ва изтиробли бўлган эди. Фрида яратган асарлари ва зўр мусаввир бўлиш истаги ҳақида гапира бошлаганда Диегонинг кўнгли бирдан ёришиб кетди: ахир, бу хуштори Лупе Маринга рақиб сифатида қараган, у билан қўрқмасдан тиллашган ва танобини тортиб қўйган ўша шартаки, шумтака қизалоқ-ку! Ҳатто ўзига бино қўйган Лупе бир оз эсанкираб, “Буни қаранглар-а! Ҳали оғзида она сути қуримаган бу қизалоқ мендек дуркун ва қудратли аёлдан қўрқмаса-я!” деганини ўзи ҳам билмай қолди.
Ким билади, дейсиз, бу гаплар Диегонинг хаёлий мушоҳадалари маҳсули бўлиши ҳам мумкин. Нима бўлганда ҳам, орадан беш ўтиб, Лупе Марин ёнида йўқ, унинг эрки ўзида. Дарвоқе, Фрида ҳам бундан хабардор, шу боис у Диегони ўзига ром эта олишини, уники бўлишини яхши биларди.
Диего билан иккинчи бор учрашганда (бу пайтда мусаввир Маориф вазирлигида деворий суратлар устида ишлаётган эди) Фриданинг кўз ўнгида етук, ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб кўрган одам намоён бўлди. Девсифат (ҳазиллашиб Фрида уни “Фил” деб атарди) бу одамнинг ёши икки баробар катта, икки бор уйланган, тўрт фарзанднинг отаси: Ангелинадан ўғли, хуштори Моревнадан қизи ва Лупе Мариндан икки қизи бор эди.
Аммо сураткаш Эдвард Вестон кундалигида ёзганидек, юзининг қиёфаси худди боланикидек, пешонаси кенг, боши улкан гумбаздек эди; унинг юз тузилиши ва қиёфасида гўё барча ирқлар Васконселос тасаввуридаги ғаройиб тимсолга бирлашгандек. Уни нью-йорк-лик муштарийларга таништирган Анита Бреннер (“Тасвирий санъатнинг жасоратли рицари”, “Нью-Йорк таймс”, 1933 йил апрель) мусаввирнинг ҳайратомуз тимсолини яратади: “Мулойим хулқ-атвор, муомала ва жуссани италияликлардан, гапга чечанлик ва жиддий қиёфани испанлардан, терининг рангини, кичик ва кенг кафтларни мексикалик ҳиндулардан, жонли ва теран нигоҳни яҳудийлардан, индамасликни руслардан олган; бундан ташқари, унга хос бўлган ёқимтойлик, ўткир зеҳн, ақл-заковат, фикрни тизгинга сола билиш хислати билан ҳар қандай суҳбатдошни ўзига ром этарди”.
Унинг қиёфасидаги ана шу тафовут: улкан, девқомат ҳамда ма-йин қиёфа ва кичиккина безовта қўллар барчани ҳайратга солар эди. Қиёфаси ҳарчанд беўхшов бўлмасин, унинг жисмидаги аллақандай ибтидоий кучга камдан-кам аёл дош бера оларди. Албатта, Диегонинг шуҳрати ва бадавлатлиги ҳам аёлларни жалб этарди: унинг атрофида ҳамиша таниқли сиёсатчилар ва ақл соҳиблари ўралашиб юрарди. Қолаверса, унинг кўзларидаги қандайдир илоҳий нур, жисмидаги ҳайбат, эҳтиросларидаги заифлик, унинг устидан ҳукмронлик қилишдан лаззатланиш мумкинлиги барчанинг диққат-эътиборини тортар эди. Кунларнинг бирида урушдан кейин Монпарнасда унга дуч келган Эли Фор1 унинг жисмоний куч-қудратига қойил қолиб, шундай деб ёзади: “Ўн икки йил муқаддам Парижда улкан ақл-заковат соҳибига дуч келдим. Гомердан ўн аср илгари Пинда ва Эгей ороллари соҳилларида яшаган кўплаб оқинларни шундай тасаввур қилардим. Уни афсунгар деса ҳам бўлади”. Дарҳақиқат, Диего Ривера фақат девсифат қомати билан эмас, ғайритабиийлиги, сўзлаш услуби билан ҳам барчани ҳайратга соларди. У бир вақтнинг ўзида ҳам афсунгар, ҳам мақтанчоқ, ҳам хаёлпараст эди.
Диего ўзига тегишли бўлган ҳар қандай афсонавий шов-шувларни жон-дили билан қабул қиларди. Айтишларича, у Гуатохуато тоғ ён-бағридаги ўрмонда туғилиб ўсган, отоми қабиласига мансуб ҳинду аёл қўлида тарбия топган эмиш. Олти ёшга тўлганда у Гуатохуато исловатхонаси “тарбиячи”лари даврасининг тўрида бўлган экан. Ўн ёшида тасвирий санъатга муҳаббат ва шуҳратпарастлик уни Мехикодаги Сан-Карлос бадиий академиясига етаклаган.
Диего ўзи ҳақидаги даҳшатли воқеаларни гапириб юришни хуш кўрарди. У қадар ишончли бўлмаган таржимаи ҳолларидан бирида унинг ҳатто “одамхўрлик тажриба”лари ҳақида ҳам сўз боради…
Албатта, тоғни талқон қиладиган девсифат одам, аёллар кушандаси тимсоли — бу шунчаки Диего хаёлоти маҳсули бўлса, болалик даври ҳақидаги гаплари, эҳтимол, ҳақиқатга яқинроқ бўлса ажаб эмас. Бир ярим яшарлигида эгизак укаси Карлос вафот этиб, онаси ғам-аламдан тўшакка михланиб қолганда, у бутун фарзандлик эҳтироси билан энагаси — ҳинду аёл Антониога боғланиб қолади.
Антонио ҳақида маълумот кўп эмас. Диегонинг синглиси Мария дель Пьеронинг таъкидлашича, у шунчаки садоқатли хизматкор,тўпори, аммо соғлом фикрлайдиган оддий деҳқон аёли бўлган экан. Баъзан у болани ўзи билан Гуанахуато яқинида жойлашган тоғ ён бағридаги ўрмонга олиб борар, бу ерда Диего тенгқурлари ва фермадаги жониворлар билан ўйнар эди. Диегонинг ўзи эса энагасини тамоман бошқача тасвирлайди, у ҳақда ҳайрат ва чексиз меҳр-муҳаббат билан сўзлайди. Унинг айтишича, бу ҳинду аёл болалик давридаги энг яқин кишиларидан бири бўлган, айнан Антонио Диего ҳаётида чуқур из қолдирган ҳиндуларнинг ранг-баранг ва ғаройиб оламига уни ошно қилган экан. “У мен учун ҳамиша барҳаёт, — деб ёзади Диего таржимаи ҳолида. — Йигирма яшар сарвқомат, хотиржам, ҳаракатлари нозик, оёқлари ғоят чиройли бу аёл, бошида қандайдир юк кўтариб тургандек, доимо ўзини ғоз тутиб юрарди”.
Диего умрининг охиригача Американинг Колумбгача бўлган мисл-сиз гўзаллиги ва куч-қудратини ўзида мужассам этган ана шу тимсолга содиқ қолди. “Мусаввир учун, — деб ёзади у, — Антонио ҳинду аёлининг чинакам тимсоли эди; мен кўп бора хотирамга таяниб, уни мексикача узун қизил либосда ва катта кўк рўмол боғлаб турган ҳолда тасвирлаганман”.
Отоми қабиласи таомилига кўра, қизил либос кийиб, бошига кўк рўмол боғлаб юрадиган ана шу аёл Диего ижодини озиқлантириб келган ҳиндулар оламига олиб кирди. Айнан Антонио туфайли унинг болалиги мароқли ўтди: у ўрмонда ўсиб-улғайди, кўҳна афсунгарлик санъати ҳамда доривор ўтлар билан даволаш муолажаси билан танишди. Диего эркинлик нашидасини сурар, эчки сутидан симирар, ўрмон жониворларининг барчасини, ҳатто энг йиртқич ва заҳарлиларини ҳам ўзига дўст деб биларди. Бошқача айтганда, Диего тимсолида навқирон Геракл ёхуд афсонавий чақалоқ Пантагрюэль намоён бўлди. Ҳайратланарлиси шундаки, Диего учун ҳинду энага ва сут берувчи эчки ҳамма нарсадан ҳам муҳим ва қимматлидир; улар болалигидаги барча яқинлари — онаси, холалари, ҳатто синглиси Марияни хотирасидан сиқиб чиқарган эди.
Сирасини айтганда, Диего аксарият ёлғиз кишилар сингари болалик нималигини билмаганман, аслида чинакам ҳаёт тасвирий санъатга қизиқишдан ҳамда муҳаббат эҳтиросидан бошланган демоқчи.
Айнан шу жиҳати билан у Фридага жозибали кўринади: у иззатталаб, эҳтиросларга лиммо-лим ҳақиқий эркак, аёллар назарида боладек заиф, ўта худпараст, ҳавойи, рашкчи, хаёлпараст, уйдирмачи, шу билан бирга, куч, жўшқинлик ҳамда фақат ўта содда одамларда учрайдиган аллақандай латифлик унга хос эди. У ҳаёт берадиган ҳамма неъматлардан баҳраманд бўлишни хоҳларди: тасвирий санъат оламида шуҳрат чўққисига кўтарилишни, аёлларнинг диққат-эътиборини қозонишни, мол-дунё ва ҳокимиятга эришишни орзу қиларди.
 Бир гал яланғоч аёл суратини чизиб, Сан-Карлос академиясидаги устози Рибэлнинг эътиборини жалб этганини Диего ғурур билан гапириб берганди. Ўшанда устози унга: ишни таомилга кўра бошламабсан, энди уни охирига етказишинг амримаҳол дея, танбеҳ берганда, у пинагини бузмай чизишда давом этар, курсдошлари эса устоз яна нима деркин дея, Диего атрофида тўпланишди. Этюд якунланиши билан, анча вақт сукут сақлаган устоз: “Нима ҳам дердим: асар қизиқарли чиқибди. Эрталаб устахонага келсангиз, гаплашиб олардик”, деди. Бу ўринда устознинг баҳоси ва Диегонинг санъатдаги қарашлари бир-бирига мос тушган эди: “Энг муҳими — ҳаракат ва ҳаётга қизиқишингиз сўнмагани. Танқидчилар ва ҳасадчи ҳамкасбларингизга эса парво қилмаганингиз маъқул”.
Ана шу оддий сўзларда Диегонинг келажаги мужассам эди: тинимсиз ҳаракат, ҳаётга чанқоқлик ва руҳий эркинлик. Мусаввирнинг ижодий камолот йўлида буюк истеъдод соҳиби, чинакам ижодкорни эмас, қандайдир афсунгар ва хаёлпарастни “кашф этган” ҳасадгўйлар ҳам унга ҳамроҳ бўлиши табиий ҳол эди.
Мехикодаги ўқишнинг дастлабки йилларида Диего XIX аср охирида яшаб ижод этган мексикалик буюк мусаввир, миллий санъат ривожига улкан ҳисса қўшган хассос ижодкор, кейинчалик устоз дея ардоқлаган зот — Хосе Гуадалупе Посада билан танишади.
Зўр безакчи рассом, карикатура устаси, буюк ўймакор асли Гуанохуатода туғилиб ўсган. Улар учрашган кезларда Мехиконинг марказида, бадиий академиянинг ёнгинасида Сан-Инес (ҳозирги пайтда Монеда) кўчасидаги 5-уйда Посаданинг ўймакорлик дўкони ва устахонаси жойлашган эди. Диего деярли ҳар куни, бўш вақти бўлди дегунча, устахона ойнасига қўйилган янги суратларни томоша қилишга шошиларди. Бу асарлар (кўча кўринишлари, таниқли сиёсатчилар, руҳонийлар, генераллар, судьялар, Гойянинг “Капричос”лари ва Домьенинг шаржларига ўхшаб кетадиган зодагон аёллар) Сан-Карлос академиясидаги кўримсиз анъанавий расмлардан кўра унинг эҳтиросларига мос бўлиб, кучли таъсир этарди.
Айнан Хосе Гуадалупе Посада дўкони олдида унинг мусаввирлик миссиясини белгилаб берган нарсалар: халқ номидан сўзлашга интилиш, Уйғониш давридаги итальян усталар ёхуд барокко даврида испан тасвирий санъат усталари сингари азалий маданиятидан узилиб қолган, эзилган халқлар орзу-интилишларини акс эттиришни кўнглига жо этди. Кейинчалик у Глэдис Марчга бу ҳақда шундай деган эди: “Айнан Посада Мексика халқининг бетакрор гўзаллиги, унинг орзу-умидлари, мақсад-муддаоларини англашимга кўмаклашди. У ҳар қандай санъатнинг мазмун-моҳиятини белгилайдиган асосий тамойилни тушунтириб берди: ҳис-туйғулар кучига таянмасдан туриб ҳеч нимани ифода этиб бўлмайди, асарнинг руҳи ана шу ҳис-туйғуларнинг кучи билан белгиланади”.
Ўлим ва изтироб, дўзах манзараси ва азоб-уқубатлари акс эттирилган, ҳатто ҳаёт қувончлари ҳам даҳшатли якун муқаррарлигини эслатадиган Посада асарлари кишилар ҳаётининг беқарорлигини ҳар сонияда ҳис этиш мумкин бўлган дон Диас давридаги Мексика воқелигини (қуролсиз аҳолининг ўққа тутилиши, ташқи тажовуз хавфи, ҳокимият тепасида ўтирганларнинг баднафслиги, жангариларнинг шафқатсизлиги, оммавий қирғинлар, майдонлардаги байрам, ўйин ва томошалар ҳамда тобора аён бўлиб бораётган исён, қўзғолон таҳдиди) аниқ намоён этарди. Диего худди Посада сингари ўлим ва ҳаёт доимо ёнма-ён юрадиган ана шу мамлакат руҳининг чинакам ифодаловчиси эди.
Бертрам Вольф Диегога бағишланган китобида унинг Посада асарларини Микеланжело гравюраларига қиёслаб, болаларча ҳайрат ва завқ-шавқ билан сўзлагани ҳақида ҳикоя қилади. Посада Диего ҳаётининг мазмун-моҳиятини белгилаб берган ижодий “мен”ининг икки қиррасини англаб етишига кўмаклашган эди. Биринчидан, Диегонинг мексиканча ўзига хослиги: кўҳна ҳиндулар маданиятидан озиқланадиган халқ бадиий ижодиёти умрининг охиригача унинг учун илҳом манбаи сифатида хизмат қилди. “Мексикалик ҳиндулар санъатининг ҳаётбахш қудрати, — деган эди у Глэдис Марчга, — ватан, замин, табиат, ҳайвонот олами, уларни қуршаб турган турфа рангларнинг узвий боғлиқлиги ва муштараклиги билан белгиланади. Ҳис-туйғу эса ана шу санъатнинг, акс эттирмоқчи бўлган энг муҳим нарсаларнинг ўзагини ташкил этади. У кишилар орзу-умидлари, қувонч-ташвишлари, хурофот ва изтироблари билан йўғрилган”. Айнан устози туфайли Диегонинг ҳиндулар санъатига бундай муносабати умрининг охиригача унга илҳом бахш этган, йўналтирган ҳамда Фрида билан яқинлаштирган асосий ижодий тамойилга айланди, оғир, мусибатли кунларда унга куч бағишлади, ўзлигидан воз кечмаган ҳолда турли зиддиятларни ҳал этишга кўмак берди.
Посада асарларини кўздан кечирган Диего англаб етган иккинчи жиҳат бу — инқилобий кураш зарурати. Посаданинг ҳажвий расмлари, Диас режимига қарши чиқишлари, димоғдор зодагонлар устидан истеҳзоли кулиши, руҳонийлар ва ҳарбийларга қаратилган заҳарханда асарлари Диегонинг қалбига исёнкорлик руҳини олиб кирди. Ҳеч қандай сиёсий воқеа-ҳодисалар эътиқодини ўзгартира олмайди: у сиёсатчи бўлиб туғилмаган эди. Бу Посада гравюралари кашф этган яна бир ҳақиқат. Вақт ўтиб, сиёсий арбоб Троцкий ёки адабиётдаги аслзодалардан бири Андре Бретон билан учрашганда, у ўзга ғояларга дуч келган одам сингари ўзини ноқулай ҳис этганди. Унинг учун бу ғоялардан кўра, мексикаликларнинг дағал истеҳзоси ва донишмандлиги, ўлим акси ва ҳиндуларнинг бетакрор гўзаллиги, гулларга бурканган ҳинду қиз ва ғаройиб нақшларнинг ўзаро муштараклигини тасвирлаш муҳимроқ эди: 1947-1948 йилларда, мусаввир умрининг охирида яратилган асарларда ана шу ғаройиб олам юксак маҳорат билан акс эттирилди.

“ЁВВОЙИ” ОДАМ ПАРИЖДА

Диего ҳам, Фрида ҳам, ҳар бири ўз даврида ва ўзига хос тарзда, ижодининг бурилиш палласида Ғарбий Европа маданиятининг янги шакл-шамойиллари таъсирига берилди. Айниқса Диего учун бу жараён узоқ давом этди: у умрининг ўн тўрт йилини Франция ва Испанияда ўтказди, бу мамлакатларни кезиб чиқди, санъатда бурилиш ясаган таниқли ижодкорлар билан учрашди. Шу ерда у уйланди, ўғил кўрди, ижод аҳли ҳаётини ўрганди, қашшоқлик ва урушни бошдан кечирди, санъатда ўз йўлини топишга эришди. Катта тажриба орттирган, шон-шуҳратга бурканган, инқилобий ғоялар таъсирига берилган Диего ниҳоят Мексикага қайтиб келди.
Фрида эса шахс ва мусаввир сифатида шакллангандан кейингина ҳамда унинг ёрдамида бир оз сўниб қолган нуфузини тиклашни кўзлаган Андре Бретон ва сюрреалистлар таклифи билан истар-истамас Парижга борди. Бу ерда қисқа вақт бўлган Фридада Париж ва парижлик мусаввирларга нисбатан нафрат туйғуси пайдо бўлади, ҳатто мактубларида бу шаҳарни este pinche paris — “иблислар шаҳри” деб атайди ҳамда унинг билан парижлик мусаввирлар ўртасида улкан жарлик борлигини англаб етган заҳоти Мексикага қайтиб кетади. Унинг назарида, Европа, айниқса, Франция бир вақтлар Диего билан Сан-Францискода кўргани — Гринголандиядан фарқ қилмасди. Эҳтимол, у Европага Диегосиз бир ўзи келгани учун бу саёҳатдан кўнгли тўлмагандир.
Диего учун ҳаммаси ўзгача бўлган эди: Европага саёҳат унинг ҳаётида чуқур из қолдирди. Ўспиринлик даври ва Сан-Карлос академияси билан хайрлашиб, дастлаб Испанияга боришга қарор қилди. У уйдаги ришталардан узилиш, моддий аҳволини ўнглашдан ташқари (Порфирио Диас ҳукмронлиги даврида мусаввирларнинг аҳволи танг эди), дунёқараш ва билим доирасини кенгайтириш, буюк мусаввирлар билан мусобақалашишни кўзлаганди. 1909 йили Диего илк хорижий сафарга отланган пайтда санъат асарлари ҳали экспорт товарига айланмаган эди. Музейлардаги сара асарлар ҳеч қаёққа олиб чиқилмас, репродукциялар ҳали пайдо бўлмаган, нусхалар ҳам кўнгилдагидек эмасди. Бинобарин, Эль Греко, Гойя, Веласкес, Рафаэль, Рембрандт, Брейгель, Босх, Ван Эйк ва Микеланжело асарларидан баҳраманд бўлиш учун музейга бориш лозим эди. Верактус штати губернатори Теодор Деэсадан стипендия ундирган, мусаввир Маурильонинг (доктор Атл) ҳикояларидан руҳланган Диего шу тариқа ўтган аср бошларида Европада пайдо бўлди.
У дастлаб Испанияга ташриф буюриб, Мадриддаги Прадо музейида намойиш этилаётган Гойя ва Веласкеснинг ноёб асарларини томоша қилди. Гойя ижодидан ҳайратланганидан унга тақлид қилишга интилди ва ҳатто сохта, ясама нусхалар чизишни кўнглига тугди, аммо тез орада бу ниятидан воз кечди: у ҳеч қачон бошқа мусаввирнинг услубини ўзлаштириб, мукаммал нусха олишга эриша олмаслигини англаб етди. Испанияда уни фақат тасвирий санъатгина ўзига жалб этмаган эди. Зеро, XX аср бошлари Испания — кескин зиддиятлар мамлакати бўлган: бу ерда, бир томонда, ақл бовар қилмайдиган бойлик, Карл Бешинчи империяси ва қиролича Изабелланинг мероси, иккинчи томонда, даҳшатли қашшоқлик ҳукм сурар эди. Диего учун Экстремадура деҳқонлари ва Каталония батраклари Мехико водийсида, Велакрусдаги шакарқамиш пайкалларида тонг саҳардан қош қорайгунча меҳнат қиладиган пеонлар ёхуд Герреро ва Мичоакандаги ерларни чопиқ қилаётган ҳиндулар оға-ини эди. Уларнинг азоб-уқубатларини кўрган мусаввирнинг қалбида барча эзилган халқларнинг ўзаро биродарлиги ҳақидаги орзулар ва испан зодагонларига нисбатан наф-рат туйғуси пайдо бўлади. Кейинчалик буларнинг барчаси Чапингодаги конкистадорлар акс эттирилган мусаввирнинг деворий суратларида зўр маҳорат билан ифодаланган эди.
Аммо Диего фақат Испания таассуротлари билан қониқмайди. Чунки 1909-1910-йилларда дунё миқёсидаги санъат маркази Париж ва ижодкорлар манзили — Монпарнасда бўлиш унинг азалий орзуси эди. Айнан шу ерда — Монпарнасда камхарж Диего дастлаб пансионда, кейинчалик эса Депар кўчасидаги устахонада истиқомат қилди.
Брюссельга сафари чоғида у соф славянча қиёфага эга, кўзлари мовий, кейинчалик Диегонинг ўзи хотирлаганидек, “бағоят нозик, эҳтиросли ва софкўнгил” ёш рус аёли — Ангелина билан танишди. У Диего жозибасига таслим бўлди. “Бахтиқаро бу аёлнинг, — дея эслайди мусаввир, — мен билан қонуний турмуш қуришга жазм этганига ҳайронман”. Диегонинг Париждаги ҳаёти даврида Ангелина қувончли кунларда ҳам, ташвишли дамларда ҳам ҳамиша унинг ёнида бўлди. У ўзига ўхшамаган, жаҳлдор, баъзан эса болаларча соддадиллиги, ғайритабиий қобилияти билан барчани ҳайратга солган ана шу ёш мусаввир, қизиққон мексикалик баҳодирга ошиқ бўлиб қолганди.
1915 йилда (ўша пайтда Фрида ҳали бола эди) Ангелина кўрган фарзанд кўп ўтмай вафот этди. Фрида бу фожиа ҳақидаги хотираларни юмшатиш мақсадида ҳали Диего билан учрашмасиданоқ, унга ўғил туғиб беришни кўнглига тугиб, бу ниятини Тайёрлов мактабидаги курсдошларига ғурур билан эълон қилган эди.
Париж Диего учун шунчаки маданият марказигина эмас, у тасвирий санъатнинг чинакам мактаби ҳам эди. Диего бу шаҳарга келганидан кейин тасвирий санъат асарлари билан савдо қилувчи Амбруаз Воллар дўкони ойнасидан Сезаннинг асарини кўриб, қанчалар ҳаяжонга тушганини шундай тасвирлайди:
“Мен бу асарни соат ўн бирларда томоша қила бошладим. Пешин маҳали Воллар овқатлангани кетаётиб, галерея эшигини ёпиб қўйди. Бир соатдан кейин қайтиб келгач, ҳамон асар рўпарасида туриб, ўйга толиб турганимни кўриб, менга ғалати қараб қўйди. Сўнг курсига бориб ўтирди-да, кўз қири билан мени кузата бошлади. Эгнимдаги кийимлар ҳаддан ташқари юпун бўлганидан, у ҳойнаҳой мени ўғри, деб ўйлаган бўлса керак. Кейин шиддат билан ўрнидан туриб, Сезаннинг бошқа асарини олди-да, биринчиси билан алмаштирди. Дақиқа ўтар-ўтмас, унинг ўрнига учинчи асарни келтириб қўйди. Кейин бирин-кетин Сезаннинг яна учта асарини келтирди. Бу вақтда қош қорая бошлаган эди. Воллар витринадаги чироқни ёқиб, Сезаннинг яна бир асарини келтириб қўйди. Ниҳоят, сабри тугади шекилли, ёнимга келиб бақира кетди: “Тушунсангиз-чи! Менда унинг бошқа асари йўқ!”
Диего тунги икки яримда уйга қайтди: Париж кўчаларидаги изғирин таъсириданми ёки Сезанн асарларидан ҳаяжонга тушганиданми, кечаси билан иссиғи кўтарилиб, алаҳсираб чиқди.
Қисқа вақтга ватанига келган Диего замонавий тарихнинг муҳим воқеаси — кейинчалик кўплаб инқилобий ҳаракатларнинг дебочаси бўлган 1910 йилдаги Мексика инқилобига гувоҳ бўлди. Чақмоқдек бошланган инқилоб ўтида ёнмаганларнинг барчаси: аксарияти буржуазияга мансуб хайрихоҳлар, мусаввирлар, ақл соҳиблари четга улоқтирилди. Бинобарин, Диего ҳам, унинг дўсти Васконселос ҳам инқилобда бевосита иштирок этмаган бўлса-да, бу воқеаларга бефарқ қолмади. Франциско Мадеро ҳокимият тепасига келиб, мамлакатда тинчлик-осойишталик ўрнатилганда Диего ва Васконселос назарида гўё ҳеч нима ўзгармагандек бўлиб туюлади. Ҳар иккиси ҳам зодагонлар қавмига мансуб бўлгани боис Мексика жамиятини ларзага солган туб ўзгаришнинг куч-қудратини ҳис эта ололмасди. Ҳатто диктатор Порфирио Диаснинг тахтдан ағдарилгани ҳам улар учун катта воқеа бўлмади. Диего мамлакатида рўй берган инқилобнинг мазмун-моҳиятини, бу жараёнларда ўзининг ўрнини англаб етиши учун Париж муҳитида ўн йил мобайнида улғайиш даврини бошдан кечиришига тўғри келди.
Фрида эса бундай улғайиш даврига зарурат сезгани йўқ. Чунки у инқилоб билан дунёга келган ва ўсиб-улғайган авлод вакили. Янги ғоялар унинг қон-қонига сингиб кетган эди. Унинг нигоҳида Диего аллақандай афсонавий қаҳрамон сифатида намоён бўлади: мусаввир Сапата мачете билан қуролланган деҳқонларни ортидан эргаштириб келганини кўрган, ўша кезларда Мехико кўчаларида бўлган, Москвага борганда рус инқилобчилари билан мулоқот юритган, ҳатто Сталин билан учрашган эди.
Диего инқилоб алангасида ёнаётган юртидан 1911 йилнинг қишида “инқилобий” Парижга қайтади. Аммо бу ерда у ижтимоий тўнтаришга эмас, тасвирий санъат, мусиқа, шеърият, адабиётда модернизм асосларининг шаклланиши, сюрреализм оқимининг вужудга келиши, тасвирий санъатда Пабло Пикассонинг даъваткор, афсонавий асарларидан озиқланган янги-янги йўналишларнинг пайдо бўлишига хизмат қилган том маънода туб ўзгаришлар даврига дуч келди.
 Диегони ларзага солган Сезанн асарлари билан илк учрашув уни янгиликларни тинимсиз излаш жараёнига етаклади. Парижга қайтгач, у кубизмнинг2 эстетик назарияси тарафдорига айланди ва ана шу оқим таъсирида Депар кўчасидаги устахонасида бирин-кетин асарлар ярата бошлади. Тасвирий санъатга шўнғиб, у табиатидаги жоҳилликни енгиб ўтишга интилди. Бу унинг учун ҳаётий заруратга айланди: ин-қилобдан кейинги Мексикадаги бошбошдоқлик шароитида чинакам санъатга ўрин қолмаган эди. Диегонинг назарида, кубизм ўзида инқи-лоб ясаш учун зўр имконият эди. Зеро, Эль Греко таъсирида Сан-Карлос академияси ва Толедода у ўрганган мумтоз испан тасвирий санъатининг асослари кубизм томонидан емирилиб, чилпарчин қилинган эди.
1914 йили Диегонинг яна бир азалий орзуси ушалди. У Фудзита ва Кавасима ҳамроҳлигида Пабло Пикассонинг устахонасига ташриф буюриб, мусаввир билан танишишга муяссар бўлди. Шундан эътиборан у санъатда янги йўлларни излашга интилаётган Пикассо, Пикабиа, Хуан Грис, Брак, Модильяни сингари мусаввирларни бирлаштирган кичкина ва серҳаракат тўгаракнинг аъзосига айланди. Диегонинг томирларида яҳудийлар қони ҳам (ота тарафидан бувиси Инее Акоста португалиялик яҳудийларга мансуб эди) оқаётгани боис, у Сутин, Кислинг, Макс Жакоб, Илья Эренбург сингари муҳожир – ёзувчи ва мусаввирлар билан яқинлашди. Амадео Модильяни билан унинг ўртасида чинакам дўстлик ришталари боғланди: улар биргаликда базми жамшид қилишар, баъзан бўғилиб қолгунча баҳслашишар, доимо бир-бирига кўмаклашишарди. Ҳатто маълум муддат моддий жиҳатдан қийналиб қолган Амадео ва унинг севгилиси Жанна Эбютерн Диего ва Ангелинанинг Депар кўчасидаги хонадонидан паноҳ топган эди.
Уруш бошланиши билан Мексика ҳукуматидан олаётган стипендияси тўхтатиб қўйилгани сабабли, ҳарбий ҳаракатлар давридаги Париж Модильяни ва бошқа мусаввирлар ҳаётида ўзига хос тузоққа ўхшаб қолгани сингари, Диего ҳам иситилмайдиган устахонасида маблағсиз қолиб кетди. Бироқ, ана шундай таҳликали кезларда ҳам Париж санъат шайдолари ҳаёти ўпқонига тушиб қолган Диего ўзини “одамхўр”дек, аёллар кушандасидек намоён этарди. Тўфондек пайдо бўлган эҳтирос таъсирида тақдир уни Ангелина Белованинг дугонаси, у ҳам рус миллатига мансуб, хипчабел, сариқсоч, кучли иродали ва ғоят иззатталаб хоним — Моревна Воробьева-Стебельская билан боғлади. Улар қиз кўради, унга Марика деб исм қўйишади. Ана шу ғаройиб муҳаббатдан хотира сифатида Диегонинг монпарнаслик дўстлари акс эттирилган икки эскиз ва гарданидаги чандиқ (хайрлашаётганда Моревна унинг гарданига пичоқ санчган эди) сақланиб қолади.
1918 йилнинг охирида Диего ўғлидан ажралади: бола уруш даври қийинчиликлари туфайли мененгитга чалиниб вафот этади.
Бу руҳий жароҳат мусаввир умрининг охиригача тузалмайди. Уни Ангелинанинг муҳаббати, атрофдагиларнинг илиқ, дўстона муносабати қуршаб турганига қарамай, Диего ҳаётининг Париждаги даври поёнига етгани, энди изланишларни бошқа жойда давом эттириши зарурлигини англади.
Буюк Эли Фор билан учрашганидан кейин у қатъий қарорга келади. Бертран Вольфенинг таъкидлашича, айнан Эли Фор туфайли мусаввир санъатдаги ҳақиқатнинг моҳиятини, ўзининг мақсад-муддао ҳамда миссиясини англаб етади. “Мусаввир, — дея уқтирарди унга Эли Фор, — ҳеч қачон ёлғиз қолмаслиги керак. Унинг асарлари барча учун тушунарли бўлган тақдирдагина ижодкор халқ томонидан қўллаб-қувватланади”. Шуниси аниқки, руҳан озод ва нозиктаъб Фор Диего Риверада Монпарнаснинг интеллектуал тажрибаси буйсундира олмаган мислсиз куч-қудрат, улкан истеъдод, ғайритабиий қувватни ҳис этган кўринади.
Диегонинг ўзи ҳам Фор уқтирмоқчи бўлган нарсаларни билди: у тасвир услубларининг Ғарбий Европа санъатига бегона экани ва урушдан кейинги Парижда қолиши мумкин эмаслигини яхши тушунарди. Шунинг учун у ҳаммасига қўл силтаб кетишга қарор қилди. У тинимсиз ишлаш, ўзлигини қайтадан кашф этишни мақсад қилиб, бахтиқаро Ангелинани ташлаб, бу ерлардан бутунлай кетади.
Диего Италияга бориб, Микеланжелонинг деворий суратлари, Тинтореттонинг асарлари, этрусс маданияти ноёб асарлари, Пестум, Сицилия, хуллас, унинг таъбирича, “инсоннинг ички оламини ағдар-тўнтар қиладиган” нарсаларни кўришга муяссар бўлди. Ана шу сафар чоғида унинг тасвирий асарлари тамаки тутунига димиққан Монпарнас устахоналаридан эмас, инқилобдан кейин барпо этилажак бинолар деворларидан ўрин олишини, барча улардан баҳраманд бўлишини орзу қиларди. 1921 йили Диего дўсти Альфонс Рейесга битган мактубида шундай деб ёзади: “Бу саёҳат ижодимда янги даврни бошлаб берди. Бу ерда кишилар ҳаёти ва санъат асарлари ўртасида фарқ йўқ. Ибодатхоналар эшиклари ортида қолиб кетмаган, улар кўчаларда, уйларнинг деворларида, кўзингиз тушган жойда намоён бўладиган бу деворий суратлар нақадар халқчил, барча учун қадрли ва азиз. Улар пўлат қуйиладиган заводлар, конлар, денгиз кемалари қуриладиган корхоналар, ибодатхоналар, саройлар билан ўйғунлашиб кетган. Сицилиядаги уйларнинг олд томонида эса баланд-паст тепаликларда оддий усталар қурган қишлоқ уйлари ҳам ажиб уйғунлик касб этган”.
1917 йили Россияда юз берган инқилоб дунё янги давр бўсағасида турганидан дарак берарди. Бехосдан Диегода бу жараён қандай кечаётганини кўриш истаги пайдо бўлди. Даҳшатли урушдан ҳолдан тойган, ўғлининг ўлимига зомин бўлган Европада Диегонинг ўрганадиган нарсаси қолмаган эди. Энди унинг орзу-интилишлари уммон ортида ҳали ўзи ҳам англаб етмаган, бағрига чорлаётган она юрти — Мексика билан боғлиқ эди. Мексика инқилоби натижаларини йирик ер мулкдорлари манфаатларига хизмат қилдиришга уринган Венус-тиано Карранса тахтдан ағдарилиши ва халқ ичидан етишиб чиққан арбоб — Альваро Обрегоннинг ҳокимият тепасига келиши билан Диегонинг ватанига қайтиши учун имконият туғилди.
1921 йилда Диего Мексика заминига қадам қўйганда Фрида эндигина ўн тўрт ёшга тўлган эди. Диего ҳақидаги афсоналарни у газетадаги мақоладан ва Тайёрлов мактабидаги курсдошларидан эшитганди. Сирасини айтганда, бу гап-сўзлардан афсонавий шахс эмас, маиший бузуқ ва анархист тимсоли намоён бўлади. Айтишларича, Диего бир вақтлар Мексикани истило этмоқчи бўлган, аммо 1867 йилда Пуэбло остонасида Бенито Хуарес қўшини томонидан тор-мор қилинган ғўддайган, ўзига бино қўйган французларни бетакрор санъати ва сўзамоллиги билан мафтун қилган ва шу тариқа, давр қаҳрамонига айланган эди. Қолаверса, Альваро Обрегон ҳукумати маданият ишларини мусаввирнинг дўсти, яқинда Европадан қайтиб келган Хосе Васконселосга топширган эди.
1910 йилда, Порфирио Диаснинг ҳукмронлиги даврида икки мусаввир: Доктор Атл ва Мануэль Ороско янги бир асар яратиш мақсадида Миллий Тайёрлов мактаби амфитеатрида деворий суратлар чизиш таклифи билан чиққанда кекса диктатор рад жавоби беради.
Васконселос ана шу ғояга қайтиб, тасвирий санъатнинг мумтоз йўналишларига мансуб мусаввирлардан кўнгли тўлмай бу ишни худобехабар, “одамхўр” Риверага топширади. Зеро, унинг қизиққонлиги, бетизгин эҳтирослари ва ақл бовар қилмайдиган меҳнатсеварлигига заррача шубҳа қилмасди. Шу тариқа, Пикассо кубистлар сардори бўлгани сингари, Диего эндигина шакллана бошлаган муралист-лар ҳаракатининг етакчисига айланди. Ўша кезларда Диего атрофида Херардо Мурильо, Хорхе Энсисо, Сикейрос, Жан Шарло, Фермин Ревуэльтас, Монтенегро, Хавьер Герреро, Гватемалалик Карлос Мерида, Руфино Тамайо сингари мексикалик таниқли ижодкорлар гуруҳи шаклланди. Диего биринчилардан бўлиб сиёсий инқилоб ортидан тасвирий санъатда туб ўзгаришлар юз бериши зарурлигини англаб етди. Мексика мустақиллигининг юз йиллигига бағишланган анжуманда қатнашиш учун Чьяпас ва Юкатанга борган ҳамда Талабаларнинг биринчи халқаро конгрессида иштирок этган Диего майя санъатининг бетакрор гўзаллиги ва ҳайратомуз куч-қудратини кашф этди. Чече-Ицадаги Ягуарлар ибодатхонасидаги деворий суратларни кўздан кечирар экан, мусаввир “Озод инсон” ғоясини замонавий бинолар деворларида акс эттиришни кўнглига тугиб қўйди.
Мехикога қайтгач, Диего Васконселос режалаштирган улкан лойи-ҳанинг раҳбари ва асосий ижрочисига айланди: у ёрдамчиларига фон тайёрлаш, бўёқларни ҳозирлаб, ўсимлик елими билан аралаштириш ишларини топшириб, Тайёрлов мактаби деворларини безаш ишларини тўлиқ зиммасига олди.
Иш жараёнида у чиндан ҳам девдек меҳнат қилар, жисмоний кучи ва бақувват иродаси билан барчани лол қолдирарди. Шу боис топширилган анчайин мураккаб вазифанинг уддасидан чиқишига ҳеч ким шубҳа қилгани йўқ. Диего Европадан “ахлоқан бузуқ” ва “ёввойи сифат одам” тамғасини орттириб келган бўлса, айнан шу ерда — Тайёрлов мактаби ҳавозалари ёхуд Сан-Ильдефонсо коллежи устахонасида чинакам даҳо, буюк Ривера ҳамда навқирон мусаввир Фрида Кало ҳақидаги афсона туғилади.

 “ШАЙТОН ҚИЗ”

Диего илк бор Фридани кўрганда, унинг Тайёрлов мактаби амфитеатридаги шум қилиғини айтмаса, жуссасининг ўта нозиклиги ва юз қиёфасининг гўзаллиги, тим қора кўзларининг ўйчан, саволомуз нигоҳи ва болаларча соддалиги уни ҳайратга солган эди.
Фрида у билган аёлларнинг бирортасига ҳам ўхшамасди. Юзлари қандайдир ботиний нурдан порлаб турган Ангелинага ҳам, қизиққон Моревнага ҳам, эҳтироси жиловланмаган Лупе Маринга ҳам ўхшамасди. Фрида узоқ Европага мутлақо бегона, Лупе Марин сингари қашшоқлашиб қолган гвадалахара зодагонлари оиласида тарбия топмаган, унинг қиёфасида Тина Модоттининг фаришталарникидек чиройли юзида яққол намоён бўлиб турадиган қатъиятдан асар ҳам йўқ. Бу қиз Васконселоснинг асарларида акс эттирилган ғаройиб тимсолларга ва нимаси биландир Диегонинг ўзига ўхшаб кетарди: унда ҳиндуларнинг самимий қувончи ва метисларнинг ғам-ташвишлари ҳамда отасидан ўтган яҳудийларнинг тиниб-тинчимаслиги ғаройиб тарзда уйғунлашиб кетган. Буларнинг барчаси ҳамда Фриданинг навқиронлиги дарров кўзга ташланар ва оҳанрабодек ўзига тортар эди.
Куёв бўлмиш — Диего Фриданинг туриш-турмуши ва оиласи билан яқиндан танишиш мақсадида Калоларнинг Койокандаги уйига ташриф буюрганидан кейингина жуссаси кичкина бу қизгина нақадар даҳшатли синовларни бошдан кечирганига амин бўлди. Фрида эса ўтмиш ҳақида гапиришни хуш кўрмас, дард-аламини ичида сақлаб юрарди. Теварак-атрофидаги аксарият мексикалик аёллар сингари ҳаммага ҳам кўнглини очавермас, Диегога ўхшаб дардини ҳазил-мутойиба орқали енгишга ҳаракат қиларди; унинг учун ҳаётдан нолишдан кўра икки оғиз аччиқ-чучуқ гап ёки ҳазил-ҳузул афзалроқ эди. Фрида яратган тасвирий асарларни кўрган Диего ҳайратдан тили калимага келмасди ва бир умрга бу ғаройиб мусаввир қизнинг асирига айланиб қолди. Диего назарида, бу асарларда Фриданинг улкан фожиаси, руҳий кечинма ва изтироблари, мислсиз азоб-уқубатлари у ҳеч қачон дуч келмаган аллақандай шафқатсизлик ва ботиний эркинлик билан акс эттирилган эди.
Хатти-ҳаракатлари ғоят мулойим ана шу навқирон қиз ниҳоятда аччиқ ҳаётий тажриба тўплаган эди. 1907 йилда қашшоқ оилада дунёга келган Фрида келажакдан кўп нарса кутиб бўлмаслигини эрта англаб етди. Отаси Гильермо Кало Порфирио Диас даврида сураткаш сифатида хизмат қилган, инқилобдан кейин эса бор-будидан ажралиб, Мехико марказидаги суратхонасида чўқинтирилаётганлар ва келин-куёвларни суратга олиб, бир амаллаб кун кечирарди. Оилани озиқ-овқат билан таъминлаш онаси Матильда Кальдеройнинг зиммасида эди: у жиҳоз ва бошқа буюмларни сотар, якка кишиларга хоналарни ижарага топширар, ҳар бир песони тежаб-тергаб ишлатарди.
Фрида болалик чоғидаёқ азоб-уқубат нималигини бошдан кечиришга мажбур бўлди. 1916 йилда — олти ёшлигида полиомелитга чалиниб, чап оёғи қисман фалаж бўлиб қолган эди. Ана шу майиблик туфайли у умр бўйи мислсиз азоб-уқубат, изтироб ва азият чекиб келди. У Посаданинг расмлари ёки қуриган оёқ билан тасвирланадиган ацтекларнинг уруш маъбудаси Уицилопочтлини эслатадиган чўпдеккина оёғидан уялиб юрар, ўзининг автопортретларида кўпинча мажруҳ оёғини яширишга интиларди. 1930 йилда Диего яратган асарда ҳам у ана шу оёғини яшириш учун ўриндиқда чордана қуриб, гужанак бўлиб ўтирган тарзда тасвирланган.
Фрида тузалганидан кейин маълум вақт ўтгач, туширилган оилавий суратдаги унинг қиёфасида, азоб-уқубат таъсирида бўлса керак, тушкунлик ва ёлғизлик кайфияти муҳрланган. Унда жиддий қиёфали кичкина қизалоқ бошқалардан сал нарида, Койоакандаги уйнинг айвони тагида гавдасининг пастки қисми буталар ортида яширинган ҳолатда суратга олинган. У ҳеч қачон тенгқурларидек бўлолмаслигини биларди; қўшни болалар ўзлари англаб тушунмаган шафқатсизлик билан уни масхара қилишарди; Аврора Райеснинг хотирлашича, улар пошнаси баланд пойафзал (у умр бўйи шунақасини кийиб юришга мажбур эди) кийиб, велосипедда учиб юрган Фрида ортидан “Frida, pata de palo!” (“Фрида, ёғоч оёқ!”, “Фрида, ёғоч оёқ!”), дея қичқиришарди. Улғайган сари Фрида ўзини ёлғизлик қуршовида қолиб кетаётганини ҳис этарди. Ягона дўсти — опаси Матита ҳам тез орада унинг ёрдами билан уйдан қочиб кетади. Кейинчалик ўзини айбдор деб билган Фрида кўп вақтини опасини излашга сарфлади. Орадан йиллар ўтиб, қочоқ қиз йигирма етти ёшга тўлгандагина кечирилади ва уйга қайтиб келади.
Фрида шахсиятининг шаклланишида унинг бошқаларга ўхшамаслигини тушуниши муҳим аҳамият касб этган эди. Ўша замонлар у ҳали тасвирий санъат ҳақида ўйламас, хаёлот, орзулар оламига чўмиб, ёлғизликдан қутулишга ҳаракат қилар, дераза ойнасида гўё худди ўзига ўхшаган бошқа Фридани тасаввур этиб, у билан хаёлан суҳбатлашарди. “Терлаган ойнага, — деб ёзади у кундалигида, — бармоғим билан эшикни чизардим ва қалбимдаги аллақандай қувончни боса олмай, ана шу хаёлий эшик орқали хонадан чиқардим-да, Пинсоннинг сут дўконига йўл олардим. Пештоқидаги “О” ҳарфидан ўтиб, мени ҳамиша ўзига чорлаётган хаёлий дугонам турган ернинг марказига тушиб қолардим. Мен унинг қиёфасини, сочларининг рангини эслай олмайман. Бироқ, унинг қувноқлиги, мулойимгина кулиб туриши, фаришталардек ҳаракат қилиб рақсга тушиши ҳамон кўз ўнгимда. Мен у билан рақсга тушиб, дарду ҳасратларимни унга тўкиб солардим”.
Фрида умрининг сўнгги кунларигача ана шу хаёлий тимсолдан қутула олмади. 1939 йилда яратилган “Икки Фрида” асарида сиам эгизаклари сингари ўхшаш, бир-бирининг қўлини тутиб турган, юраклари умумий томир орқали бирлашган икки қиз тасвирланган. Шу тариқа, ёлғизлик ва дард-алам Фриданинг болаларча орзусини, хаёлида қайта-қайта гавдаланадиган аллақандай хира шарпага айлантиради, ўзга “мен”га, унинг аксига афсонавий куч бахш этади.
Фрида тақдирининг ҳайратланарли жиҳати шундаки, унинг қандай кечишини ўзи ҳам, атрофдагилар ҳам мутлақо тасаввур қила олмасди. Диегодан фарқли ўлароқ, у дастлаб мусаввир бўлишни хаёлига ҳам келтиргани йўқ. Бироқ, отаси унинг қалбига санъатга муҳаббат ҳиссини сингдирган, ўзи ҳам ёш мусаввирларга қизиқиши беқиёс эди. У Тайёрлов мактабида ғалати фуражка кийиб юрадиган, ўзларини “Качучас” деб атайдиган тиниб-тинчимас ва сўзамол талабалар гуруҳига қўшилиб қолади. Васконселосни ўзининг қаҳрамони деб билган бу ёшларнинг адабиётга иштиёқи зўр эди: Фрида улар орасида хитой шеъриятига қизиққани сабабли Чунг Ли, деб лақаб қўйган Мигель Лира, мусиқачи Анхело Салас, ёзувчи Октавио Бустаманте, ҳуқуқшунослик факультети талабаси, журналист ва “Качучас” етакчиси Александро Гомес Ариас билан дўстлашади. Фрида, айниқса, Александро билан тез-тез учрашиб турар, турли кеча ва балларга биргаликда борар, мазмундор ишораларга тўла мактублар битар, ҳатто ҳазиллашиб уни novio — қаллиғим, ўзини эса унинг хотини, баъзан эса “бошпанасиз лайча”си деб атарди. Ошиқ-маъшуқ ўйинига берилиб кетган Фрида улар ўртасидаги муносабатлар жиддий тус олганини сезмай қолди. Йигирманчи йиллар Мексика жамиятида ахлоқ-одоб қонун-қоидаларига қаттиқ риоя этилган. Долорес Ольмедо Фрида Калонинг 1922 йилда Парижда бўлиб ўтган кўргазмасига бағишланган мақоласида ёзганидек, “ўша пайтларда саноқли қизларгина университетга кириши мумкин бўлган” ва “Фрида икки минг ўғил болалар қаторида ўқишига рухсат берилган ўттиз беш қиздан бири эди”. Албатта, унинг жўшқин ва жиловланмаган табиати мактабдаги муҳаббати доирасига сиғиши қийин эди. У узоқ-узоқларга кетишни, эркин ва озод яшашни орзу қиларди. 1925 йилнинг 1 январида у Александрога ёзган мактубида Қўшма Штатларга биргаликда кетишга даъват этади: “Ҳозирги туриш-турмушимизда қандайдир ўзгариш қилиш зарурлигини пайқамаяпсанми? Умримизни Мексикада ўтказадиган бўлсак, бирор нимага эришишимиз мумкинми? Умуман олганда, саёҳатдан яхшироқ нарса бормикан дунёда? Шу гапларни сенга ёзаяпман-у, шу орзуларимни рўёбга чиқариш учун менда ирода кучи етмаётгани сабабли ғазабдан ўзимни қўярга жой топа олмайман. Сен бу орзуларга етиш учун ироданинг ўзи етарли эмас, маблағ ҳам зарур дейишинг мумкин. Бир йилча ишлаб, керакли маблағ топиш наҳотки мумкин? Очиғини айтганда, бу нарсаларга унчалик ақлим етмайди, сен бу мамлакатнинг афзалликлари ва камчиликлари, чиндан ҳам гринголар ёқимсиз экани ҳақида менга гапириб беришинг керак. Кўриб турганингдек, ёзганларимнинг ҳаммаси хомхаёлдан бошқа нарса эмас. Эҳтимол, уларни ҳозироқ тарқатиб юборсанг, яхшироқ бўлармиди… ”.
Орадан бир оз вақт ўтиб, Фриданинг бутун ҳаётини ўзгартириб юборган, ёлғизлик ва чидаб бўлмас оғриқлар комига улоқтирган, санъат унинг ягона нажот воситасига айланиб қолишига сабаб бўлган ўша даҳшатли, машъум фожиа юз берди.
1925 йилнинг 17 сентябрида (ўшанда у ҳали ўн саккизга ҳам тўлмаган эди) Фрида Александро билан шаҳар кўчаларида яқиндагина пайдо бўлган ва трамвайга нисбатан тезроқ юриши сабабли шаҳарликларга маъқул келган автобуслардан бирига чиқади. Сан-Хуан бозори ёнидаги чорраҳада автобусга трамвай келиб урилади.
Кейинроқ Фрида ана шу воқеани бундай баён этади: бу ҳол автобусга чиқишимиз билан содир бўлди. Дўстим билан бирга кетаётиб, соябонимни йўқотиб қўйганимни пайқаганимдан кейин, уни топиш учун автобусдан чиқишимизга тўғри келди; шу тариқа мени бурда-бурда қилиб ташлаган автобусга чиқиб қолган эдим. Тўқнашув Сан-Хосе бозорига етмасдан, муюлишда юз берди. Автобус ёнида трамвай кетиб борарди, аммо ҳайдовчимиз ёш ва бесабр экан. Трамвай қайрилган заҳоти биз ўтирган автобус зарб билан келиб урилган трамвай ва девор орасига қисилиб қолди.
Ўша кезларда ақлим жойида бўлса-да, ҳаётий тажрибам ҳали кам эди. Шунинг учун бўлса керак, ўша дақиқаларда нималар содир бўлгани, қандай жароҳатлар олганимни тасаввур қила олмаганман.
Бундай вазиятда кишилар дастлаб нима содир бўлганини англаши ва йиғлаб-сиқташига ишонмайман. Мен йиғламаганман. Зарбанинг кучи ҳаммамизни олдинга улоқтирди, қиличсимон найза буқанинг биқинини тешиб ўтганидек, автобус зиналаридан бир бўлаги чап биқинимдан кириб, икки оёғимнинг ўртасидан ёриб чиқди. Йўловчилардан бири қонга беланиб ётганимни кўриб, аста кўтариб, бильярд столининг устига қўйди, орадан бир оз вақт ўтиб, Қизил Ҳоч ходимлари етиб келди. Шу тариқа иффатимдан айрилдим. Буйрагим жароҳатлангани сабабли, пешоб қила олмасдим, энг ёмони, умуртқаларим қаттиқ жароҳатланган эди. Назаримда, ҳеч ким шошмаётгандек, ташвишланмаётгандек эди. Ҳатто рентген ҳам қилишмади. Бир амаллаб ўрнимдан қўзғалиб ўтириб олдим-да, яқинларимга хабар беришларини илтимос қилдим. Матита рўй берган фожиа ҳақида газеталардаги хабарлардан эшитиб, биринчи бўлиб етиб келди ва уч ой кечаю кундуз ёнимдан қўзғалмади. Воқеадан хабар топган онам шу даражада эсанкираб қолган эканки, ҳатто мени келиб кўриш учун ўзида куч топа олмабди. Мен ҳақимда синглим Адрианага айтишганда, у ҳушдан кетиб қолган экан. Отамнинг асаби дош беролмай касалликка чалиниб ётиб қолди, уч ҳафтадан кейингина уни кўришга муяссар бўлдим.
Автофалокат оқибатлари чиндан ҳам даҳшатли эди. Фридани кўздан кечирган мутахассисларнинг аксарияти унинг тирик қолганига ҳайрон эди: умуртқа бел қисмида уч жойдан, сон бўйни ва бир неча қовурға, чап оёқ ўн бир жойдан, тос суяги бошқа уч жойдан синган, ўнг товон майдаланиб кетган, чап елка чиқиб кетган. Унинг бошқа жароҳатларининг даҳшатли оқибатларини гапирмаса ҳам бўлади.
Аммо у дардга чидамлилиги ва ҳаётга ташналиги туфайли тирик қолди, кейинчалик бутун вужудини қамраб олган тушкунликни ҳам енгишга ўзида куч топа олди. Ваҳоланки, унинг бошига тушган азоб-уқубатларга одам боласининг дош бериши қийин эди.
“Оғриқ қанчалар азоб бераётганини сен ҳатто тасаввур ҳам қила олмайсан, — деб ёзади у Александрога битган мактубларининг бирида, — ҳар гал тўшакда “мени ён томонга ўгиришаётганда, кўзёшларим дарё бўлиб оқади”, аммо айтганларидек, итнинг вовуллаши ва аёлларнинг кўзёшига ишониб бўлармиди”.
Ана шундай ғалати истеҳзо ва ҳазил-мутойиба билан у тушкунлик ва оғриқни енгишга ҳаракат қилади. У тинимсиз ёзар, китоб мутолаа қилар, Матита билан ҳазиллашиб кунини ўтказарди. У айнан шу ерда оддий мексикача ибора aguantar — сабр-тоқат тушунчасининг мазмун-моҳиятини англаб етади. 1925 йили у кундалигига “Фақат биргина нарса — оғриқларга кўника бошлаганим кўнглимга бир оз таскин беради”, деб ёзади.
Қизил Хоч касалхонасидан Фридани ота-онасининг Койоакандаги уйига олиб келишди. У тўшакка михланган. Ўшанда у тасвирий санъат билан шуғулланишга қарор қилади. “Мен тирик қолдим, қолаверса, энди ҳаётимда яшаш учун мақсад — тасвирий санъат пайдо бўлди”, дея ўзига ўзи таскин беради. У ўзини кўриб туриши ва чизиши учун каравотининг устига кўзгу ўрнатиб қўйишди. Ана шу каравот ва кўзгу Фрида ижодининг ўзагига айланди: энди у, ёшлик чоғларидагидек, қувноқ, латофатли, хушқомат, кўнглидаги барча гапларни айтиши мумкин бўлган бошқа Фрида билан дардлаша олади.
Ўша машъум автофалокатдан кейин Фрида инсон боласи дош бериши қийин бўлган барча азоб-уқубатларни бошдан кечирган бўлса-да, энг оғир синов ҳали олдинда эди. Зеро, у танасини бошқара олишга, бемалол, эркин ҳаракатланишга ўрганиши керак эди. Фрида ўзидаги бор куч-қувват ва иродани ана шу мақсадга йўналтирди.
Бу ўзига хос муҳораба Койоакандаги уйига қайтишдан бошланди. У ўзини мажбурлаб кўчага чиқа бошлади, Тайёрлов мактабидаги дўстлари тез-тез учрашишга ҳаракат қилди. Касалхонадан чиққанидан уч ой ўтгач, яна автобусга ўтириб Мехикога йўл олди.
Энди тасвирий санъат унинг учун энг муҳим нарса, ҳаётининг бош мазмунига айланган эди. Автопортрет жанрини у 1923 йилдаёқ ўзлаштира бошлаган, дастлабки асари — Боттичелли йўналишида яратилган портретини у Александрога тақдим этганди. Бу романтик асарда, мексикалик мусаввир Сатурнино Эрран асарларида акс эттирилган қотиб қолган тимсоллар сингари бинафшаранг фонда, кўп азоб-уқубат кўрган аёл қиёфаси намоён бўлади. Муаллифнинг ўзига хослиги қалин қошлар остидаги синчков, ақл нури билан порлаб турган тим қора кўзларда ҳамда асар учун танланган “Heute ist immer Noch” (“Ҳаёт ҳали давом этмоқда”) шиорида ифодаланган.
Бир неча йиллик изтироб ва азоб-уқубатлар туфайли Фрида катта ҳаётий тажрибага эга бўлди. Ўн тўққиз ёшида у ақли расо, ўзига ишонган, хатти-ҳаракатлари ғайритабиий, интилувчан ва эътиқодли аёлга айланганди. У бир вақтнинг ўзида мўмин-қобил, артистликка мойил отасини ҳам, уйдан қочиб кетишга дадиллиги ва иродаси етган опаси Матильдани ҳам жон-дилидан севса, зодагонлар расм-русумлари, онасининг художўйлиги ва ҳамиша рашк қилиб юрадиган синглиси Кристинадан нафратланарди.
Александро билан айрилиқ унга қимматга тушди, ёлғизлик ва тушкунлик кайфиятларини кучайтирди. Аммо у ўзининг қадр-қимматини биладиганлар тоифасидан. Ёлғизликка даво йўқлигига ишонч ҳосил қилган эди. 1927 йилнинг 17 сентябрида Александрога битган мактубида шундай деб ёзади: “Қайтиб келганингдан кейин сен истаган нарсани бера олмаслигимни биламан. Мен илгарилари ҳам ўйинқароқ ва танноз эдим, ҳозир ҳам шундайман, фақат майиб-мажруҳман, холос. Сен менинг ҳаётимсан, аммо бу ҳаётдан мен ҳеч қачон баҳра ололмайман”.
Муҳаббати саробга айланган бўлса-да, Фрида тақдирга тан беришни, ногиронлик қисматига бўйин эгишни сир-сира истамасди. 1926 йилда отаси туширган суратда у озиб-тўзиган, кўзлари ғамгин, лаблари қисилган ҳолда намоён бўлади.
Тинимсиз оғриқлар, таркидунёчилик, корсетлар ва қўлтиқтаёққа суяниб юришига қарамай, Фриданинг яшашга иштиёқи сўнмайди, аксинча, уни таъқиб этаётган ёлғизликка қарши курашишга қарор қилади. Йигирма яшар мажруҳ қизнинг жисмида ҳаётга ташналик мавж урарди. У газеталардан ташқи оламдаги ғаройиб воқеалар, Обрегон ва Кальес ўртасида ҳокимият учун кураш, Шимолий Америкадан келаётган таҳдид, Обрегонинг ўлдирилиши, Франциско Вильянинг ўлими, талабаларнинг чиқишларидан бохабар бўлади. Айниқса, рус инқилоби ва Шан-хайдаги халқ қўзғолони ҳақидаги хабарларни катта қизиқиш билан қарши олади.
Тасвирий санъат билан шуғулланиш, дўстларига мактуб битишдан ташқари секин-аста оёққа тураётган Фрида китоб мутолаасига шўнғиб кетади. У Хуан Габриэль Боркманнинг романлари, Элиас Нандинонинг шеърларини ёхуд Александр Керенскийнинг Россиядаги инқилоб ҳақидаги мақолаларини берилиб ўқийди. Ленин томонидан ҳокимиятдан маҳрум этилган яқиндагина Қўшма Штатларга келган Муваққат ҳукумат собиқ раҳбарининг рус инқилоби ҳақидаги қарашлари коммунистик идеаллардан тубдан фарқ қиларди. Шунга қарамай, 1928 йилнинг январида Тайёрлов мактабининг собиқ талабаси Херманн дель Кампонинг таъсирида у коммунистларга хайрихоҳ зиёлиларнинг гуруҳига қўшилади. Улар орасида кубалик муҳожир Хулио Антонио Мелья, италиялик хоним Тина Модоттининг хуштори мексикалик мусаввир Хавьер Герреро бор эди. Ёш, тиниб-тинчимас ва ғоят хушбичим Тина хоним Фридани ўзига ром этди. У Мексикада қўним топгунча, бир мамлакатдан иккинчисига кўчиб юришга мажбур бўлган экан. Тарихчи Даниэль Косио Вильегаснинг таъкидлашича, инқилобдан кейин Мексикада кўплаб сиёсий муҳожирлар бошпана топади, бу мамлакат “барча лотин америкаликлар учун ўз уйидек бўлиб қолган эди”.
Инқилоб Тина Модотти ва Хулио Антонио Мельяни оҳанрабодек ўзига тортар эди. Албатта, Фрида бундай ёрқин шахслар, айниқса, ёш, гўзал, истеъдодли ва инқилоб ишига ўзини бахшида этган Тина Модоттига талпинарди. Бинобарин, унинг ҳузурига тез-тез келиб турадиган Диего Риверани айтмаса ҳам бўлади. Кўзлари ҳамиша порлаб турадиган, қатъиятли, қиёфасида изтироб акс этган бу ёш аёлни ҳар гал кўрганда Диегонинг юраги тез-тез ура бошларди. Шундай бўлса ҳам Фрида унинг ҳаётига аввало тасвирий санъат орқали кириб келади. Васконселоснинг буюртмаси билан маориф вазирлиги биносининг тўртинчи қаватида яратилган деворий суратда Диего қизил либосга бурканган, Тина Модотти ва Хулио Мелье билан ёнма-ён туриб, ишчиларга қурол тарқатаётган Фридани асарнинг қоқ марказига жойлаштирди. Аммо ўша кезлардаёқ уларнинг оилавий ҳаётининг деярли охиригача давом этган можаролар бошланди. Диего севгилиси устидан кулиб, уни “иттумшуқ” деб масхараласа, Фрида ҳам ундан қолишмасдан, ўша заҳоти “сен қурбақабашарасан”, дея жавоб бериб қоя қоларди.

ИНҚИЛОБ ДАВРИДАГИ МУҲАББАТ

Йигирманчи йилларнинг охирида Мехико ҳали қашшоқлиқ ҳукм сураётган, завод мўрилари ва автомобиллар тарқатаётган заҳарли тутундан димиқиб кетган аҳоли кўп яшайдиган шаҳарга айланиб улгурмаганди. Ўша вақтда бу — дунёдаги ҳавоси энг мусаффо тропик пойтахт шаҳар, марказий кўчаларидан олисда оппоқ қор қоплаган вулқонларни, испан услубида барпо этилган қадимий саройлар ҳовлисидаги мавж ураётган фаввораларни томоша қилиб, митти қуш колибрининг қанот қоқишини кузатиш, ҳаммаёқдан мусиқа овози жаранглаб турганини эшитиш мумкин бўлган, Карлос Фуэнтес таъбири билан айтганда, “осмони мусаффо ўлка” эди.
Порфирио Диаснинг кўп йиллик ҳукмронлиги шаҳар қиёфасида ўзига хос из қолдирди: унинг турли бурчакларида улкан боғлар билан ўралган ҳашаматли виллалар, акация экилган хиёбонлар, майдонларда фавворалар, кадриль, марш ва вальсларни чалиб турган оркестрлар. Инқилоб бошланган заҳоти шаҳар кўчалари, майдон ва бозорлари мамлакатнинг барча бурчакларидан келган деҳқонлар, асосан, ҳиндулар билан тўлди.
Ана шундай таҳликали вазиятда янги давр мусаввирлари, Мигель Анхель Астуриас ибораси билан айтганда, “инқилоб солномачилари” пайдо бўлди: улар мўйқалам воситасида америка қитъаси маҳаллий халқларининг аянчли ва шу билан бирга, ғаройиботларга тўла тарихини жамоа бинолари деворларида акс эттиришга киришди. Санъат ўз навбатида маорифнинг ривожига хизмат қилди: қишлоқ жойларда саводсизликка қарши курашда қўғирчоқ театрлари, Посада гравюралари, масхарабозлар санъатидан кенг фойдаланилди, узоқ-узоқ манзилларда кўплаб мактаблар барпо этилди. Янги давр кириб келиши билан аллақандай кўтаринкилик бутун мамлакатни қамраб олди. Энг олис қишлоқларда(Толука водийси, Юкатан кенгликлари ва Сонора чўлида) ҳинду муаллимлар науатль, майя ва яки тилларини ўрганишни йўлга қўя бошлади, газеталар, луғатлар, афсоналар китоблари чоп этилди. Ибодатхоналарда ҳам, байрам мушакбозлиги пайтида самога интилган зарралар сингари теварак-атрофни нурафшон этадиган, тасвирий санъатга шиддат билан кириб келган, уни янги шакл ва дунёқараш, табиий мусаффолик билан бойитган ўта содда ва шу билан бирга, бағоят халқчил санъат асарлари шаҳар кўча ва хиёбонларидаги биноларда ҳам ўз аксини топди. Бу санъат яқин-яқинларгача мексикалик мусаввирларни ром этиб келган фовизм ва кубизм йўналишларини сиқиб чиқарди, тасвирий санъатни антик давр андозаларидан қисман халос этиб, азалий ифода шакллари, рамзий тимсоллар ва тасвирий мувозанат қонуниятларига бўйсунмайдиган ўша даврнинг мураккаб воқелигини англаш ва тасвирлашга етаклади.
1921 йилда Диего Мексикага қайтиб келганда, унинг қалбида бир умр муҳрланиб қолган ана шу жараёнларнинг гувоҳи ва бевосита иштирокчиси бўлди. Узоқ давом этган фуқаролар урушидан ҳали ўнгланмаган, сиёсий инқилоб якунига етиб бораётган мамлакатда янги инқилоб — тасвирий санъат соҳасида туб ўзгаришлар даври бошланаётганди.
Яқиндагина уруш туфайли вайронага айланган, Монпарнас зулмати, унинг фарзандини ютиб юборган минотавр Ангелинанинг муҳаббатини фожиага айлантирган Европани тарк этиб, Мексикага келганда, бу ерда уни жўшқин ҳаёт, ҳайратомуз ўзгаришлар, аёллар жозибаси, қорачадан келган Лупе Мариннинг эҳтирослари, чексиз истиқбол ва имкониятлар қарши олди. У ана шу заминда илдиз отиши, ҳиндулар маданиятининг қайтадан тикланаётган кўҳна анъаналарини қалбига жо этиши, энг муҳими, кўп нарсаларни билиши ва ўрганиши керак бўлган халқнинг орзу-интилишларини ифодалаши зарур. Бу давр-ни у “Мексика Ренессанси” дея таърифлаб, “буржуазия зиёлилари ва уларнинг хизматида бўлган газетачиларнинг тажовузига қарамай, мактаблар, меҳмонхоналар, жамоат бинолари ажойиб деворий суратлар билан безалгани”ни таъкидлайди.
Диего ана шундай ғаройиб даврда: шаклланиш, ўзгариш ва янгиланиш палласида Мексика заминига қадам қўйди. Кўрган-кечирганлари эътиқодининг бақувват бўлишига, зўр ҳаётий тажриба орттиришига хизмат қилди. Ўттиз беш ёшидаёқ у бошқаларга йўл кўрсатадиган, уларни ортидан эргаштирадиган тимсол даражасига кўтарилди. Диего атрофида у сингари тасвирий санъатда янги ифода воситаларини излашга ҳаракат қилаётган Давид Альфаро Сикейрос, Хосе Клементе Ороско, Хавьер Герреролардан иборат ҳамфикрлар гуруҳи шаклланди.
1927 йилда Мексика коммунистик партиясининг раҳбарларидан бирига айланган Диего шўролар ҳукуматининг таклифига биноан Москвага сафар қилди. Бу таклиф айни муддао бўлган эди: рашкчи Лупе Мариннинг ғавғоларидан чарчаган мусаввир ундан батамом қутулиш учун ана шу сафардан фойдаланишни кўзлаган эди. Шу тариқа, Лупе икки қизи билан ватанига, Халискога қайтди, Диего эса Совет иттифоқида уч ой бўлиб, инқилобий ҳокимиятнинг фаолияти, халқ оммасининг тартиб-интизомлилиги, ҳайбий парадларни кузатиб, ҳайратга тушади. У дунёдаги биринчи инқилобий мамлакатнинг элчиси сифатида Москвада тантанали равишда кутиб олинади. Диего партиянинг бош котиби Иосиф Сталин портретини чизишга киришади. У фикрлашида кучли мантиқ намоён бўлиб турадиган, темир иродали бу одамни Бенито Хуаресга ўхшатади. Сталиннинг ташқи қиёфаси ҳам мусаввирни беэътибор қолдирмайди. Диегонинг назарида, унинг қуёшда қорайган юзлари худди мексика деҳқонининг қиёфасига ўхшаб кетарди. Совет Итттифоқига келишдан олдин у Берлинга борган ва нацистларнинг оммавий йиғинига гувоҳ бўлган эди. Энди у коммунистлар етакчисини бўйини баландроқ қилиб кўрсатиш учун инглиз зобитларининг плашини кийиб юрадиган “кўримсиз одам”ча, бироқ ватандошларини сеҳрлаб қўйиш қобилиятига эга нацистлар фюрери билан қиёслаш имкониятига эга бўлди.
Ўша пайтларда Ленин ҳақидаги хотиралар ҳали унутилмаган ва Сталин Коминтернни астойдил қўллаб-қувватлаб турган эди. Аммо Троцкий Сталинни ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва коммунистик идеалларга хоинликда айблаганда, мусаввир Хуарес сингари инқилобнинг жонли ифодасига айланган ва ўзи билган Сталин тимсолига содиқ қолган эди.
Бироқ, сафарининг охирида унинг ҳафласаси пир бўлди. Инқилобий омма билан мулоқот юритиш учун ташриф буюрган мексикалик мусаввирнинг ишлашига имкон беришмади. Деворларни безаш ишлари қотиб қолган академизм тарафдорлари — совет мусаввирларига топширилди. Шу тариқа инқилоб ва санъат ўртасида тафовут пайдо бўлди, қолаверса, Диего ўзидаги ички ижодий инқилоб сиёсий воқеа-ҳодисалардан илгарилаб кетгани ҳамда ҳукмдорларнинг ўзгарувчан талабларига унинг бўйсунишига йўл бермаслигини тушуниб етди.
Касалликдан эндигина оёққа тура бошлаган Фриданинг қалбини забт этган инсон ана шунақа эди. Заҳматкашлиги ва ғаройиб феъл-атвори унга рўбарў келган кишиларнинг барчасини ҳайратга соларди. Ороско ва Сикейрослар қаторида у коммунистик партия ижроия қўмитасига сайланди. Европада бошдан кечирганлари, Испания, Франция, Англия ва Италия музейларидан олган улкан таассуротлари туфайли у янги Мексиканинг чинакам тимсолига айланди. Ғалати ҳазиллари ва ўзига бино қўйган кишиларга истеҳзоли муносабати уларга нисбатан устунлигини янада кучайтирди. Ана шундай инсон Фриданинг меҳр-муҳаббати, кўзларидаги ҳайрат ила сеҳрланиб, унга ошиқу беқарор бўлиб қолади. Зеро, бу аёл унинг хушторларининг биронтасига ўхшамайди. Унда Ангелинанинг беозорлиги, Моревнанинг иззатталаблиги ва енгилтаклиги, Лупенинг эҳтирослилигидан асар ҳам йўқ. Унинг навқиронлиги, тасаввур ва қарашларининг ғайритабиийлиги ҳаётида кўп нарсани кўрган, етуклик даражасига етган мусаввирни батамом ўзига асир этган эди. Фриданинг фариштадек покизалиги Диегонинг қалбини жунбушга келтиради, болаларча хаёлпарастлиги беқиёс қизиқиш уйғотади, бошдан кечирган изтироблар туфайли яққол намоён бўлган заковати ва шу билан бирга, аллақандай шумлиги ҳайратга солади.
Фриданинг шумлиги — шунчаки бир ниқоб, холос; унинг ортида чексиз ҳасрат, мулоқот қилиш, ҳурмат-эътирофга эришиш эҳтиёжи яширин. У Диегога ишқи тушган аёлгина эмас, талабчан ижодкор сифатида ўз касбининг етук устаси бўлишни кўзлаган, ҳаётда ўз ўрнини топмоқчи бўлган инсон сифатида уни ўзига жалб этади. “Такаллуфдан безорман, — дейди у Диегога. — Мен билимли одамнинг маслаҳатларига муҳтожман. Санъатда мен ҳаваскор ҳам, унинг билимдони ҳам эмасман. Мен яшаш учун ишлашга маҳкум этилган аёлман, холос”. Дарҳақиқат, у тинимсиз меҳнат қилиши зарур: санъат — унинг “мен”ини акс эттирувчи кўзгу, яшаши учун берилган ягона имконият эканини у яхши билади. Диего учун эса, аксинча, санъат — дунёни забт этиш, ўзига ром қилиш, қалбларни жунбушга келтириш, иродасига бўйсиндириш воситаси экани шубҳасиздир.
Ёлғондакам чиранишига қарамай, Фриданинг қалбини ҳис-ҳаяжон эгаллаган. Унинг 1927-1929 йиллардаги ижоди маҳсули: Алисия Талант, опаси Кристина ва синглиси Адрианаларнинг суратларини том маънода санъат асари дейиш қийин; аслида улар мусаввирнинг ҳаёт-мамот ҳақида ўзига хос тасаввурлари эди, холос.
Диего ҳаммасини англаб етди. Хатти-ҳаракатлари ғалати, болаларча беғубор бу нимжон қиз — чинакам мусаввир, унинг вужудида худди ўзидагидек, қўлга мўйқалам олишга мажбур қиладиган аллақандай сирли куч мужассам эканини тушунди. Фриданинг “нурафшон хонаси, нурли қиёфаси” яққол намоён бўлиб турган ана шу асарлар Диегонинг қалбини чексиз қувончга тўлдирарди.
У кўплаб мусаввир-аёлларни, хусусан, Испанияда учрашган ва унинг Ангелина Белова ҳамда Моревна билан танишувига сабаб бўлган Мария Гутьеррас Бланшарни биларди. Бироқ Диегонинг ҳаёт йўлида илк бор тасвирий санъат худди ўзи каби — ҳаётий эҳтиёжига айланган аёлга дуч келган эди. Навқирон бу аёл ижодида унинг таъсири яққол намоён бўлиб турарди: асарлардаги ёрқин ранглар, дайди сураткаш расмларидагидек, бир оз қийшайтирилган тарзда тасвирланган тимсоллар акси худди уникидек. Шунга қарамай, бу аёл-мусаввир асарларида бетакрор ва ўзига хос жиҳат ҳам бор эди. Диегонинг қалбини бу аёлга нисбатан тушунтириб бўлмас ҳис-туйғу: умрининг охиригача сўнмаган меҳр-муҳаббат ва ҳайрат чулғаб олди.
Ҳаёти мобайнида кўплаб ғаройиб воқеа-ҳодисаларни бошдан кечирган, Наполеоннинг Россиядан чекиниши ҳақида шахсан ўзи бунга гувоҳ бўлгандек, сўзлаб берадиган, уруш ва инқилобларни бошдан кечирган, Пикассо, Роден ва Модильяни билан учрашган ана шу замонавий санъат дарғаси, “аёллар кушандаси”, хаёлпараст мусаввир қадрдон Койоакан ва Тайёрлов мактабидан бошқа жойни кўрмаган, ёру биродарларининг портретлари ва каравоти устида осиғлиқ кўзгудаги аксинигина чизадиган ана шу навқирон қизга ошиқ бўлиб қолди.
Кунларнинг бирида у Диегонинг қўлидан тутиб, ота-онасининг уйини кўрсатди. Фрида кўп йиллик танишлардек, ҳазил-ҳузул ва сирли кулгиси билан унинг кўнглини овлашга ҳаракат қиларди. У Тайёрлов мактабида ўқиган кезларда Александро Гомес Ариас билан турмуш қурмоқчи бўлган даврлардаёқ кимдир унинг кўнглини овлашини истарди. Диего ҳам расмий куёв ролини қойилмақом қилиб бажаришга интиларди. У Калолар хонадонига тез-тез келиб турар, Фриданинг отаси билан суҳбатлашар, унинг “Фрида шайтоннинг ўзгинаси!” деган ярим чин, ярим ҳазил гапларини эшитиб ажабланарди.
Ошиқу беқарор бўлган Диего мақсадига эришиш учун ўзини гўлликка солди: гарчанд Фридалар оиласининг қарздан бошқа ҳеч вақоси бўлмаса-да, у ўзини Фридага муносиб куёв деб биларди. “Бироқ ота-онам, — деб ёзади Фрида, — коммунист бўлгани ва уларнинг таъбирича, Брейгель суратидаги семиз одамга ўхшаб кетгани сабабли никоҳга розилик бермай, оёқ тирагандек бўлишди. Бу, уларнинг айтишича, фил ва кабутар ўртасидаги никоҳ бўлар эмиш”. Матильда Калони эса мусаввирнинг кўпни кўргани, ахлоқсизлиги, бир неча бор уйлангани ташвишлантирса-да, вояга етган Фриданинг истаги унинг учун қонун. Қолаверса, Матитанинг қочиб кетганидан кейин уй ҳувиллаб қолгани ҳам ҳали унутилгани йўқ. Охири, Гильермо Кало Фридага жуда хуш тушадиган аччиқ-чучуқ ҳазил-ҳузул билан никоҳга розилик беради. “Бир нарсани эътиборга олинг, — деди у Диегога. — Қизим касалманд ва умр бўйи шундай бўлиб қолади. Ақли расо бўлса-да, уни гўзал дейиш қийин. Обдон ўйлаб кўринг: агар фикрингиздан қайтмасангиз, майли, розилик берганим бўлсин”.
Никоҳ маросими 1929 йилнинг 21 августида бўлиб ўтди. Фрида ҳинду қизлар киядиган либосга бурканди. Диего эса, “Пренса” газетаси мухбирининг ибораси билан айтганда, америкалик эркакларга хос тарзда кийинган эди: эгнида кулранг костюм, оқ кўйлак, қўлида техасликларнинг каттакон шляпаси. Маросим Койоакан шаҳар ҳокими томонидан ўтказилди.
Шундан кейин Роберт Монтенегро ресторанида тўй маросими бошланади. Фриданинг эслашича, кайфи ошиб қолган Диего ёнидан тўппончани чиқариб, тўғри келган томонга ўқ уза бошлаган ва меҳмонлардан бирини яралаган экан. Фрида кечаси ота-онасининг уйида қолиб, бир неча кундан кейингина Диегонинг Пасео де ла Реформа кўчасидаги кулбасига келади.
Матильда Кало қизининг тўйини бошқача бўлишини орзу қилганди. Шунга қарамай, ана шу ахмоқона масхарабозликдан худпараст даҳо ва навқирон қиз ўртасида, Мексикада санъат ҳақидаги тасаввурларни тубдан ўзгартирган, замонавий санъатнинг шаклланишида улкан аҳамият касб этган cевги тарихи, “фил ва кабутар” муҳаббати бошланган.

ДАҲОНИНГ РАФИҚАСИ БЎЛИШ ОСОНМИ?

Тўйдан олдинги бир неча йил Диего учун ғоят сермаҳсул давр бўлди. 1925-1927 йилларда у жамоат биноларини гўзал тасвирлар билан безаб, тинимсиз меҳнат қилди. Унинг ижодий имкониятлари чексиз, қуввати эса туганмасдек эди. Мусаввир дам олмасдан ҳар куни, баъзан ўн саккиз соатлаб ишларди. Совет Иттифоқига қисқа муддатли сафари эътиборга олинмаса, у Васконселос буюртмаси — Маориф вазирлиги биносида умумий майдони қарийб беш юз квадрат метрни ташкил этган бир юз йигирма тўрт деворий расм яратиб, безак ишларини тўрт йил деганда якунига етказди.
Худди шу даврда у Чапингодаги миллий қишлоқ хўжалик мактабида ўттиз тўққиз деворий тасвир устида иш бошлаб, тугаллайди, шунингдек Куэрнавакдаги Эрнан Кортес саройини тиклаш ишларида фаол иштирок этади. Тиклаш ишлари якунига етгач, у қисқа муддатли Европа сафарига йўл олади. Мусаввирнинг ана шундай улкан бунёдкорлик фаолиятида у таянадиган асосий ғоялар, фойдаланадиган шакллар, унинг “мен”и яққол намоён бўлади. У энди Тайёрлов мактабида яратган дастлабки асарларида шундоққина сезилиб турган Европа усталарининг таъсиридан тўлиқ халос бўлган эди. Мусаввир бугунги кун воқеа-ҳодисаларини тасвирлайдими, мексика халқининг тарихига оид лавҳаларга мурожаат этадими — барча-барчасида куч-қудрат, жўшқинлик ва соддалик мужассам эди. Унинг бу асарлари ифода эркинлиги ва юксак маҳорат билан яратилгани билан барчани ҳайратга солади: мусаввир тимсолида театр режиссёри, меъмор ёхуд халқ тарихнависи намоён бўлади. Диего деворий суратларни яратишдан олдин вазирлик биносининг ҳовлилари, заллари, хоналарининг шакл-шамойили, кўриниши, ёритилиши ҳамда музей чордевори муҳитидан фарқли ўлароқ, мўйқалам асарининг ташқи воқелик билан ўзаро уйғунлигидан пайдо бўладиган ғаройиб қувватни изчил ўрганиб чиқди.
Бинобарин, унинг асарларидаги бош мавзу — инқилоб. Зеро, ўша йиллар Мексикада ғоят муҳим сиёсий жараёнлар кечаётган давр эди. Унинг натижаларидан асосан шуҳратпараст доҳийлар ва ўз таъсирини сақлаб қолган буржуазия фойдалангани халқнинг ҳафсаласини пир қилди. Мусаввирнинг Чапингодаги деворий суратларида Эмилио Сапата жангчиларининг қони билан суғорилган Морелос штатининг тарихи акс эттирилган. Диего Чапингодаги мактаб деворидаги “Ер тақсимоти” ҳамда Меҳнат вазирлиги ҳовлисидаги “Тегирмон”асарларида деҳқонларнинг оғир меҳнатини ифодалашга ҳаракат қилган. Вазирликдаги деворий суратларнинг бирида мусаввир ўзини ишчилар кийимида меъмор тимсолида акс эттирган. Совет Иттифоқидан ҳафсаласи пир бўлганига қарамай, Диего санъат халққа хизмат қилиши зарурлигига имони комил эди. У тайёрлов мактабида бошланган ишлардан руҳланиб, Қўшма Штатларга йўл олганда ана шу ғоя унга доимий ҳамроҳ бўлган эди.
Мусаввирнинг Мексика миллий маданиятига меҳр-муҳаббати яна икки йирик асари: Миллий саройнинг асосий зинаси ва Кортес саройидаги деворий тасвирларда ўз аксини топган. Бу икки улкан асарда Мексика маҳаллий халқларининг шонли тарихи, ўзлигини англаш жараёни, мустақиллик учун кураши улуғланган, босқинчилар ва ақидапараст руҳонийлар шафқатсизлиги тасвирланган. Миллий саройга кираверишда эса Сапатанинг маҳобатли расми ва “Terra y Libertad!”(“Ер ва эркинлик!”) шиори акс эттирилган.
Маҳобатли санъат ва Диего яратган деворий расмлар мусаввирга кўнглидаги орзу-интилишларнигина эмас, ҳаётга, истиқболга ишонч-ни, аёл жисмининг беқиёс гўзаллигини тасвирлаш имконини беради.
Чапингодаги мактаб деворига Лупе Мариннинг яланғоч ҳолда акс эттирилган тасвири, бир томондан, одамнинг ғашини келтиради, иккинчи томондан, Монпарнасдаги савдогарлар дўконларида осиғлиқ турган Модильянининг худди шундай расмлари сингари аллақандай космик умумлашма даражасига кўтарилгандек бўлиб кўринади. Бу асарларни яратиш жараёнига гувоҳ бўлган Фридага улар ҳам ҳайратланарли, ҳам даҳшатли туюлади. Чунки уларда Фридага насиб қилмаган бахт — оналик тимсоли бўлган аёлнинг гўзал ва эҳтиросли қиёфаси ифодаланган эди.
Бошқа томондан қараганда, Диегонинг ижодида диний эътиқод ва ҳиссиётлар билан бу қадар йўғрилган асарлар ҳали яратилмаган эди. Албатта, бу ўша замонларда умри тинимсиз меҳнат билан ўтаётган ва заҳматкашларни дунёга келтираётган териси қаҳрабо сингари олтинранг, жуссаси нозик ҳинду қизларини агава1 тиканлари устига улоқтиришга тайёр турган генераллар ва бадавлат кишиларнинг паноҳи бўлган католик черкови эмасди. Йўқ, бу тамоман ўзгача — мажусий, ибтидоий, эътиқод, дунё ва одамлардан баландда — самода ястаниб ётган қорни катта ва сийналари бўртиб турган бағрикенг ва сермаҳсул аёл-замин эътиқодидир. Диего ана шу кўҳна ва ҳамиша навқирон тимсолни илгарилари ибодатхона вазифасини ўтаган бинонинг қоқ ўртасига — меҳробнинг ортидаги деворга акс эттирди.
Моне ва Модильянининг яланғоч аёллар акс эттирилган асарлари зодагонларда қай даражада нафрат уйғотган бўлса, Диегонинг деворий суратлари ҳам уларнинг ғашини келтирарди. Бироқ ғаройиб ва можароли бу асарлар Фридани ҳаяжонга солар, кўнглини ёриштирар, уни ижодий изланиш сари етакларди. Фрида бу асарлар унга руҳан яқинлигини чуқур ҳис этарди: чунки, уларда худди унинг асарларидагидек ўзлигини англашга интилиш, тасвирий санъат орқали ҳақиқатнинг туб-тубигача етиш иштиёқи мужассам.
Диегодан фарқли ўлароқ, Фриданинг ижод олами вазирликлар ёки музейлар деворларида акс эттирилмаган. У илгаригидек, яширин тарзда кечаётган бўлса-да, ўша — уят туйғусидан воз кечиш йўлидан ривожланиб бормоқда. Фрида ботинидаги ички инқилоб оммавий намойишни талаб этмайди. Унинг ижодида Тина Модоттининг ўз эътиқоди ҳақида театр томошасига хос тарзда бор овоз билан эълон қилишидан асар ҳам йўқ. Гарчанд Диегонинг Маориф вазирлигидаги деворий суратида у Тина ва Хулио Антонио Мелья билан ишчиларга қурол тарқатаётган ҳолда тасвирланган бўлса-да, аслида Фрида ўзгача — жисмоний оғриқ ва азоб-уқубатлардан халос этадиган, бутун борлиғини қуршаб олган чексиз муҳаббат даражасига кўтарилиш, севгилиси, унинг назарида, мукаммал инсонга муносиб ёр бўлишга хизмат қиладиган инқилоб юз беришини истайди. Ҳаётда бундай инқилобнинг рўй бериши амримаҳол, аммо уни санъат орқали ифода этиш мумкин: кейинчалик тасвирий санъат худди Диего сингари Фрида учун инқилобнинг яккаю ягона маконига айланади.
Турмушининг дастлабки ойлари Фрида учун бахтли ва қувончли кечган бўлса-да, кейинчалик севишганлар ўртасидаги муносабатларнинг совуши ва оқибатда никоҳнинг бузилишига сабаб бўлган воқеа-ҳодисаларнинг юз бериши Фриданинг юрак бағрини ғам-ғуссага тўлдирди. 1929 йилда Куэрнавакда Диего Эрнан Кортес саройини таъмирлаётган ва безаётган, Фрида эса ширин орзулар оғушига чўмган кезларда бу ғавғолардан ҳали асар ҳам йўқ эди.
Ўттизинчи йилларда Куэрнавак ҳали Малколм Лаури тасвирлаган қўрқинчли жой эмасди. Бу Мехиконинг изғиринлари, нохуш ҳавосидан безганлар: бадавлат америкаликлар, мусаввирлар, мексика буржуазиясининг йирик вакиллари тўпланадиган мўъжазгина, обод ва озода шаҳар эди. Ўша пайтларда теварак-атроф Порфирио Диас давридаги шоҳона ҳаёт, улкан асьендалар ва чексиз шакарқамиш далаларини эслатиб турарди. Йирик ер мулкдорлари “ҳиндулар”нинг (улар Сапата қўшини аскарларини шундай деб атарди) тажовузига дош бера олган эди. Инқилобчилар шашти пасайган, Каррансанинг жаллодлари Сапатанинг ўқ отилганидан илма-тешик бўлиб кетган жасадини Куэтл майдонига осиб қўйган ва “ҳиндулар” ғамга ботиб, ўз уйларига қайтган пайтлар эди. Аммо Сапатанинг руҳи тирик, у шакарқамиш далалари, тегирмонлар, бадавлат кишилар уйлари, шаҳар-қишлоқлар атрофида кезиб юргандек. Ҳиндулар қаттиқ шамол эсган пайтларда Сапата отининг туёғи остидан чанг-тўзон кўтариб елиб бораётганини ўз кўзлари билан кўрганларини гапириб юргани бежиз эмас.
Фрида ҳаётида илк бор деҳқонлар ва ҳиндулар мамлакати – чинакам Мексика билан юзма-юз келди. У сарой деворларини безаётган Диего билан ҳамнафас бўлиб турганидан бахтиёр эди: унинг деворий суратларида ягуар терисига бурканган, юзига маросим ниқоби олган ҳинду руҳонийлари ва аскарларининг испан босқинчиларини қурбонлик қилаётгани, пеонлар (деҳқонлар)нинг далалар ҳамда шакарқамишни майдалайдиган тегирмонларда оғир меҳнатдан азоб чекаётгани зўр маҳорат билан тасвирланган.
Айни шу кезларда унинг миясида руҳий инқилобни амалга ошириш, бутун умрини шу ишга бахшида этиш, ҳаётининг бош мақсадига айлантириш ғояси туғилади. У адолат учун курашга отланиши зарурлигини айнан шу ерда — ҳиндулар олами билан уйғунликда, одамни ўзига ром этадиган гўзал табиат оғушида англаб етади.
Фрида бундан чексиз бахтиёр эди. Эҳтимол, Диего учун партия билан муносабатлар иккинчи даражали бўлиб қолганининг сабаби ҳам шундадир.
Диегонинг “Партия — менинг уйим” дея бошқаларни ишонтиришга уринганига қарамай, айнан Фрида туфайли у ҳақиқий бошпана, уйга эга бўлган эди. Энди унинг америка элчиси Морроунинг вилласида яшаётгани, ундан пул олаётганини юзига солаётган марказкомдаги танқидчилар билан нима иши бор? У шу кезларда ўзини эркин ҳис этар, тасаввуридаги мусаввир ҳаёти билан яшар эди. 1929 йилнинг октябрида, турмуш қурганидан роса икки ой ўтгач, Диего коммунистик партия сафидан чиқарилади. Сиёсий ғалаён тусини олган ўша мажлис ҳақида Фриданинг коллеждаги дўсти Бальтасар Дромундо шундай ҳикоя қилган эди: Диего партиянинг бош котиби сифатида майда Мексика буржуа ҳукуматининг хизматкор-мусаввири ўртоқ Диего Риверанинг партия сафларидан чиқарилишини тантанали эълон қилади. Дромундонинг айтишича, ана шу айблов нутқидан кейин Диего, Монпарнасдаги майнавозчилиги пайтидаги жиддий қиёфада, чўнтагидан лойдан ясалган тўппончани чиқариб, стол устига қўяди-да, болғача билан майдалаб ташлайди.
Диего бу ишларга ҳар қанча истеҳзоли муносабатда бўлмасин, партия сафларидан чиқарилиши унга оғир ботган эди. Совет иттифоқидаги совуқ муносабатдан кейин Мексика коммунистик партиясининг шаклланиши ва ривожланиши учун куч ва маблағини аямаган Диего учун бу ҳол қаттиқ зарба бўлган эди. Бу унинг ёшлик чоғларидан кўнглига туккан — капитализм ва эксплуатацияга қарши биргаликда кураш олиб бориш ҳақидаги орзу-интилишларининг барбод бўлганини англатарди. Қолаверса, партия билан муносабатларининг узилиши туфайли у ўз ҳақиқатини излаётган ижодкор муқаррар равишда ёлғизликка маҳкум эканини ниҳоят тушуниб етади.
Фрида ҳам партияни тарк этади ва Диегога тош отаётган собиқ партиядошлари, жумладан, инқилобий эътиқодининг мустаҳкамлиги учун юксак қадрлайдиган Тина Модотти билан алоқаларини узишга қарор қилади. Диегонинг партия сафларидан чиқарилишидан олдин Тина Эдвард Вестонга битган мактубида шундай деб ёзади: “Ҳукумат Диего билан мушук-сичқон ўйнаётгани ва шу боис унга кўплаб буюртмалар бераётганини барчамиз биламиз; аксарият сафдошларимиз уни сотқин деб ҳисоблаши чиндан ҳам бежиз эмас”.
Фрида Диего билан ҳаётининг дастлабки ойларида яна бир улкан орзуси — юксак туйғулар билан йўғрилган муҳаббат илинжида яшайди. У Диего билан иккисининг ўртасида бошқа аёллар билан ошиқ-маъшуқлиги, шунчаки ҳирсни қондиришга интилишгина эмас (Диего ана шу майлга ўта берилгани учун замондошлари томонидан “Ҳўкиз” деган лақаб билан сийланган эди), бутун вужудни титратувчи, чек-чегарасиз ва самовий муҳаббатни орзу қиларди. Ана шу туйғу Фриданинг кучини ҳам, заифлигини ҳам намоён этади; у севгилиси билан ҳам руҳан, ҳам жисмонан бир бутун бўлишни истарди.
Диего учун ғоят сермаҳсул бўлган бу давр Фрида учун ижодий сокинлик палласи бўлди. У кечаю кундуз каравот тепасидаги ойнага тикилиб ётган ва ота-онасининг Койоакандаги уйининг асираси эмасди. У энди ногирон ҳам эмас. Эндиликда у Диегога ҳамиша ҳамроҳлик қиладиган, унинг сояси билан уйғунлашиб кетган, у таратаётган нурдан баҳраманд бўлаётган, у нимани тамадди қилиши, кун тартиби қандай бўлишини ҳал қиладиган рафиқаси эди. Фрида ўзича икки инсон — кўнглидаги барча сир-синоатларни яширмай ошкор этадиган улкан девсифат одам ва нигоҳида аллақандай дард муҳрланган нозикниҳол аёлни мустаҳкам ришталар билан боғланган хаёлий қасрни гавдалантиришга интиларди.
Ана шу давр мобайнида у атиги бир неча асарлар яратишга муяссар бўлди. Улардан бирида Диего иккиси, келин-куёвлардек, бир-бирининг қўлидан тутиб турган ҳолда тасвирланган: унда жуссаси кичиккина, нозикниҳол, боши бир оз эгилган, узун яшил либос кийган ва елкасига шолрўмол ташлаб олган ёшгина аёл ҳамда бўйлари баланд, кучли, белига юк кўтарувчиларникига ўхшаш белбоғ боғлаган ва ишчиларнинг бесўнақай пойафзалини кийиб олган девсифат одам акс эттирилган. Бу асар, ўлим уларни бир-биридан ажратмагунча, Фрида ва Диего маънавий-руҳий иттифоқининг мангу тим-солига айланди.
Фрида севгилисига ёқиш учун кийиниш одатларини ўзгартиришга қарор қилди. Энди у Теуантепеканинг ҳинду аёллари сингари қўш этакли узун кўйлак, Оахаке ва Хуастек асьендаларида урф бўлган кофта, Мичоака ва Халискода елкага ташлаб юриладиган кенг шол-рўмол, Толука водийсидаги отоми қабиласи аёллари киядиган атлас либослар ёхуд гуллар билан безатилган турфа ранг юкатан кўйлакларини кийиб юрадиган бўлди.
Шак-шубҳасиз, Диего бундай ўзгаришларнинг бош сабаби эди. Мусаввир Европадан қайтгач, имкон туғилди дегунча, мамлакат бўйлаб сафарга отланарди: у илгари бебаҳра қолган маданий бойликларни кўришга шошиларди. Париждаги изғиринли, очлик йилларидан кейин у ватанига қайтиб, ўзи учун ғаройиб нарсаларни кашф этди. Аммо у сайёҳ эмас ва Мексика ғаройиботлари ҳамда ўзига хос урф-одатларининг шинавандаларидан фарқли ўлароқ, шунчаки қизиқишини қондиришни кўзламайди. Васконселос билан Юкатанга қилган сафарлари чоғида, Веракрусдан Мехико илонизи йўлида ёки Мичоаканнинг тоғларида у фақат бир нарсани — халқ байрамлари ва анъаналарида, кундалик ҳаётда, қадимий либосларга бурканган аёллар гўзаллигида, уларнинг соч турмаклари ва ўзини тутишида, дала меҳнаткашлари, улкан хумларда сув ташувчи хуакалерослар, балиқчилар, шакарқамиш кесувчилар, бошида маис солинган қоп кўтариб олган тамемесларнинг хатти-ҳаракатларида ҳиндуларнинг қалбини излайди. Сафар чоғида Диего ён дафтарчасига кўрганларини ёзиб борар, кўплаб эскизлар чизар, Мексиканинг куч манбаи ва ягона бойлиги — халқ турмушини астойдил ўрганишга интиларди.
Мусаввир халқнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, унинг оғзаки ижоди, расм-русумлари ва маросимлари билан уйғунлашиш мексика санъатининг истиқболини белгилаб берадиган бош омил эканига чин дилдан ишонади. Йигирманчи йилларда у фольклор ҳаракатида фаол иштирок этади, урф-одат, содда портрет, пулькерия деворларини безаб турган тасвирлар ҳақида мақолалар ёзиб, “Mexikan Folkways” журналида нашр қилдиради.
Диего назарида, халқ руҳини ифода этган ҳар қандай нарсадан хавфсираган Порфирио Диас томонидан таъқиб этилган пулькерияларни безаб турган деворий расмлар — чинакам янгича санъатидир. У ана шу санъат таъсирида, аввало, рангтасвирчи сифатида мукамаллик сари интилишни мўлжаллайди. Мусаввирнинг таъкидлашича, мексика халқ санъатининг куч-қудрати эстетик инқилобнинг чинакам манбаига айланиши зарур. “Мен хом ғиштдан барпо этилган, баъзи ҳолларда шу қадар хароб ва уйдан кўра инга ўхшайдиган кўплаб кулбаларни кўрганман, — деб ёзади мусаввир, — бироқ, ана шу инларнинг ҳар бирида гуллар, гравюралар, мўйқалам асарлари ёхуд рангли қоғоздан кесиб ясалган гулчамбарларни кўришга муяссар бўлганман: буларнинг бари менга гўё ранглар динига эътиқод қилинадиган меҳробни эслатади”.

ДУНЁНИ ТИТРАТГАН ШАҲАР

1930 йилнинг ўнинчи ноябрида Диего ва Фрида пароходда Сан-Францискога келишади. Бу ерда уларни Қўшма Штатларда деворий расмлар яратиш учун Диегонинг буюртмалар олишини ташкил этган меъмор Ральф Стекпол қарши олади. Диего учун бу шунчаки сайёҳлик сафари ёки қисқа муддатли ташриф эмас, у ҳатто Мексикага қачон қайтишини ҳам билмасди. У биринчи бор аёл билан сафарга чиққан эди: илгарилари жонига теккан ишқий муносабатларни узиш учун ватанини тарк этарди.
Мусаввирнинг ҳаётида бир босқич якунига етиб, иккинчиси бошланаётган эди. У 1926 йилдаёқ Уильям Льюис Герстдан мактуб олган ва унга Тасвирий санъат мактабида деворий расм чизиб бериш таклиф этилган эди. Ўшандан буён кўп нарса ўзгарди: Диего Америка билан танишиш фурсати етганини эндигина англаб етди. Ўтган тўрт йил мобайнида қанчадан-қанча воқеалар бўлиб ўтди. Мусаввир фисқи-фасод ва хусумат ҳалқаси тобора сиқиб келаётганини ҳис этарди. Ҳатто азалий сафдошлари — Ороско, Сикейрос ва Жан-Карлолар ҳам ютуқларини кўролмасдан, унга тош отган, ҳиндулар санъатига бўлган меҳр-муҳаббати устидан ошкора кула бошлаган эди.
Мексикада сиёсий можаролар кескин тус олгани, инқилобий ҳаракатнинг заифлашуви, жамият ҳаётида яққол намоён бўлаётган маънавий емирилиш, қишлоқларда бошланган диний асосдаги қуролли тўқнашувларга гувоҳ бўлган мусаввир мамлакатни тарк этишга қарор қилди. Устига-устак, Ортис Рубио ва Диегонинг собиқ ҳомийси, сиёсий сафсатабозга айланиб қолган ёзувчи Васконселослар ўртасида ҳокимият учун курашга айланадиган сайловлар ҳам яқинлашиб қолган эди.
Ҳаммасидан ҳам ачинарлиси — боласидан маҳрум бўлиб қолган Фриданинг руҳий ҳолати ғоят оғир эди. Ахир, у Мексикадан кетишга, саёҳат қилишга, “дунёвий шаҳар” деб атаган Сан-Францискони ўз кўзи билан кўришни доимо орзу қиларди. Ниҳоят, унинг орзуси рўёбга чиқадиган бўлди. Диегонинг хотирлашича, Тимоти Пфлюгердан Сан-Францискодаги фонд биржаси биносини безаш ҳақидаги таклифини олишидан бир кун илгари Фрида орзу-хаёлларга берилиб, қариндош-уруғлари билан қандай хайрлашиши ва пароходга ўтириб, “дунёвий шаҳар”га йўл олишини гапирган экан. Бу сафар унинг учун худди Диего сингари шунчаки қисқа муддатли ташриф эмас. Бу унинг учун янги ҳаёт ва янги оламга шўнғиш демакдир.
Америка санъат ихлосмандлари уларни катта хурсандчилик билан қарши олди. Собиқ коммунистлар мамлакатга киритилмаса-да, суғурта агенти ва санъат асарлари коллекционери — Бендер уларнинг ташрифига бир амаллаб рухсат олишга эришган эди. Бундай ҳимматдан уларнинг боши осмонга етди.
Сан-Францискога саёҳат Диего ва Фрида учун асал ойи бўлди. Стекпол шаҳар марказидаги кичкина хонадонини уларнинг ихтиёрига топширишди. Эр-хотин қаёққа боришмасин, уларни азиз меҳмонлардек қарши олишар, концертларга, университетда маъруза ўқишга таклиф қилишар эди. Диегонинг қувончи ичига сиғмасди: биринчидан, у бу заминда ҳеч қаерда кўрмаган эътироф ва ҳурмат-эътиборга сазовор бўлди, иккинчидан, санъатини янада такомил-лаштириш учун Калифорнияда зўр имкониятлар мавжудлигидан мамнун эди.
Бу ерда у илк бор ҳақиқий америкаликлар билан учрашди. Диего назарида, Америка ўтмиш шарпаси ва давр зиддиятлари, дунёнинг турли минтақаларидан келиб қолган муҳожирларга хос миллий хусусиятлар аралаш-қуралаш бўлиб кетган улкан қозонга ўхшаб кетарди. Келгусида у фаровон, жаннатмонанд маконга айланиши керак эди.
Сан-Францискода кўрган-кечирганлари Фридага Диегочалик завқ-шавқ бағишламади. Атертонда эр-хотин Стернларникида бир муддат меҳмон бўлиб турган пайтда у 1931 йилнинг 3 майида ёшликдаги дугонаси Исабель Компосга шундай деб ёзади: “Бу нақадар ажойиб шаҳар эканини ҳатто тасаввур ҳам қила олмайсан. Шаҳар ва бўғозлар ҳайратланарли даражада гўзал. Аммо гринголар ёқимсиз, ғалатироқ одамлар экан, барчасининг, айниқса, аёлларининг юзлари пишмаган кулчага ўхшаб кетади. Бироқ бу ерда хитойликлар истиқомат қиладиган мавзе ва хитойликларнинг ўзи ҳам ғоят жозибали. Мен хитойлик болалардек чиройли, келишган болаларни ҳеч қаерда учратмаганман. Бунга ишонч ҳосил қилишинг учун уларнинг бирини ҳатто ўғирлашга ҳам тайёрман”.
Шу тариқа, Диего тун-кун иш билан банд, Фрида эса, аксинча, ёлғизликдан ўзини қўярга жой топа олмас, тил билмаслиги вазиятни янада чигаллаштирарди. У бир амаллаб зарур нарсаларни билиб оларди-ю, аммо ҳеч ким билан дилдан суҳбатлаша олмасди. Ўшанда у узун мексиканча рўмол, ҳиндулар либослари ва тақинчоқларига бурканиб, ўзининг тор оламида яшай бошлайди. Айнан шу ерда — Сан-Францискода унинг тимсолида бошқаларга мутлақо ўхшамайдиган, ўн олти яшар жонли ва истеҳзоли Фридадан фарқли ўлароқ, бир оз одамови ҳамда калондимоғ аёл қиёфаси намоён бўлади.
Фрида Калифорниядаги қарийб олти ойлик сафар чоғида қўлига деярли мўйқалам олмади. У асосан шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини тормоша қилар, ўзининг таъбири билан айтганда, “кўришни ҳис этишни” ўрганаётганди. Бу сафар чоғида жисмоний оғриқлар ҳам, руҳий изтироблар ҳам бир оз унутилгандек эди гўё.
Сан-Францискода улар бир оз бўлса-да дам олиш, бир-бирининг дийдорига тўйишга фурсат топа олмади. Калифорнияликларнинг меҳмондўстлиги ҳам бунга имкон бермас эди. Диего обрў-эътибори, салобати, ёқимтойлиги билан нафақат зиёлиларни, балки матбуот нашрларининг эътиборини қозонган журналистлар учун қизиқарли суҳбатдош, ғоят машҳур шахсга айланган эди. Ҳали пароходдан тушмасиданоқ Диегони уйига таклиф этмоқчи, турли масалалар бўйича унинг фикрини билмоқчи бўлганларнинг сон-саноғи йўқ эди. Ҳатто бир гал футбол ўйинига тушганда ҳам уни ҳоли-жонига қўйишмади. Журналистлардан бирининг ўйин таассуротлари ҳақидаги саволига Диего ўйингоҳдаги муҳитни оммавий санъат шаклларидан бири — корридага қиёслаган эди. Ўттизинчи йилларда Калифорния космополитизм кенг тарқалган ҳудудлардан саналган ва шу маънода Мексика унинг ўтмишини эслатиб турарди.
Диего аллақандай кўтаринкилик билан фонд биржаси ошхонаси деворларини безашга киришди. Сан-Франциско бу — Американинг ўзига хос даврвозаси бўлгани боис Диего ундан тезроқ ҳатлаб ўтишга шошиларди.
“Дунё миқёсидаги шаҳар” — Сан-Франциско Диего учун Америкага кириб борадиган дарвоза вазифасини ўтаган бўлса, Фрида учун ана шу ярим йиллик ёлғизлик, одатланиб қолган муҳитдан узоқлашув ўзлигини англашга, ўз қалбида воқеликдан йироқ мавҳум тимсоллар ва сир-синоатларни кўришни ўрганишга хизмат қилди. Фақат бу гал Койоакандаги кўзгунинг ўрнига ёшлик чоғида ўзининг чинакам оламига олиб кирадиган сеҳрли ойнага ўхшаш бир хилқат пайдо бўлди.
 1931 йилнинг ёзида Мексикага қайтиб келган Диего Миллий саройдаги ишларга шўнғиб кетди: ёрдамчиларнинг чизганларини тузатиш, айрим суратларни эса ювиб ташлашга тўғри келди. У жуда ҳам шошиларди. Зеро, яна Қўшма Штатларга боришга ошиқар, у ердаги чексиз имконият ва таассуротлар уни ўзига оҳанрабодек тортар эди.
Бу Фрида учун кутилмаган нохуш хабар эди. “Дунё миқёсидаги шаҳар”да бўлиб, ёшлик чоғларида орзу қилган ғаройиб, саргузаштларга бой саёҳат қанчалар ёқимсиз ва хатарли бўлиши мумкинлигини англаб етганди. Бундай кезларда у ўзи севган, қон-қонига сингиб кетган, ўзи билган ва одатланиб қолган оламга мурожаат этади: Койакандаги қизил-оқ рангга бўялган, болалиги кечган уй, қинғир-қийшиқ кўчалар, сокин кечалар, боғларда қушларнинг чуғур-чуғури, фаввораларда сувнинг мавжланиши, Кристина болаларининг бақир-чақири, севишганларнинг дил изҳори, мусиқа, бозорларда ҳинду қизларнинг хиргойиси. Диего Миллий саройдаги безак ишларидан ҳарчанд ҳорган бўлмасин, қўшни болалар, ўзининг таъбири билан айтганда, Фриданинг кичик дўстларининг суратларини чизишга вақт топар ва шу орқали унга муҳаббатини изҳор этарди. Улар ҳам бир бурчакка тиқилиб ёки курсига бежиримгина ўтириб, ҳиндуларнинг мунчоқларига ўхшаб кетадиган тим қора кўзлари ва маъюс юзларини мусаввирга қадаб турарди; бекаси гўзал, фақат бир оз ғалатироқ, ҳатто жодугарга ўхшаб кетадиган синьора яшайдиган бу уйнинг — болалар назаридаги улкан “сарой”нинг эшиги улар учун ҳамиша очиқ эди. Фрида қадрдон товушлар ва ифорлар, қалампирли кулча ва қовурилган ловияни қанчалар соғинганини, “дунё миқёсидаги шаҳар”да ўзини азалий ришталардан узилган ва ҳар томондан душманлар билан ўраб олинган ҳиндулардек ҳис этганини Сан-Францискодаги дўсти ва уни даволаган доктор Лео Элоэссерга битган мактубларида алам билан ёзади: “Мексикада илгаригидек тартиб йўқ, ҳамма нарса номигагина қилинади, аммо унинг гўзал ва бетакрор замини ва ҳиндулари бор. Ҳар куни америкаликлар ана шу гўзаликдан бир чимдимини ўғирлаётганидан ташвишдаман. Аммо одамларга ҳам емак керак, шу боис йирик балиқларга майда-чуйда балиқчаларни ютиб-ямлашига тўсқинлик қила олмаслигимиздан афсусдаман”.
Фриданинг тушкун кайфияти Диегога заррача таъсир қилмасди. Унинг назарида, айнан Америка санъатдаги янги ўзгаришлар, кашфиётлар маконига айланиши керак. “Америка, — дейди у, — асрлар мобайнида мана шу заминда илдиз отган ҳиндулар санъатининг ижодий руҳи билан озиқланиб келган. Америкаликлар! Чанг юткични олинг-да, кераксиз нақш-безакларни ва бетайин шаклларни сидириб ташланг! Миянгиздан эски анъаналар ва асоссиз қўрқувни қувинг, ўзлигингизни англанг! Американинг чексиз имкониятларига ишонинг: Америка қитъасининг эстетик мустақиллигини эълон қилинг!”

ИНҚИЛОБИЙ АМЕРИКА МАНЗАРАСИ

Эр-хотин Ривералар ёзни Мехикода ўтказиб, Фриданинг иккиланишларига қарамай, 1931 йилнинг ноябрида Нью-Йоркка йўл олаётган “Морро Кастл” пароходига чиқишди. Диего Детройтдаги Санъат институти директори Уильям Р.Вален-Тайнер ва унинг шериги меъмор Эдгар П. Ричардсондан институт боғида деворий сурат чизиб беришга буюртма олган эди. Ёзда эса бундан-да қизиқарлироқ буюртма келиб қолди. Рокфеллер фондининг маслаҳатчиси, Нью-Йоркда санъат асарлари савдоси билан шуғулланадиганлар орасида энг обрўли одам — Фрэнсис Флинн Пейн Диегога мурожаат этиб, Замонавий санъат музейида унинг асарлари кўзгазмасини ўтказишни таклиф қилди.
Сан-Францискодан Мексикага қайтиб келганда, Диего ва Фрида кўз ўнгида аянчли вазият намоён бўлди. 1928–1929-йиллардаги иқтисодий инқироз биринчи навбатда қашшоқ мамлакатларга зарба берган эди. Фуқаролик уруши нафақат Марказий-Ғарбий вилоят, Мичоакан, Халиско ва Наярит штатлари, балки мамлакатнинг илгарилари гуллаб-яшнаган минтақаларини ҳам вайронага айлан-тирган эди.
Ўша кезларда Диего ва Фрида маблағга катта эҳтиёж сезаётгани боис Валентайнер ва Ричардсоннинг таклифи айни муддао бўлди. Диего Сан-Анхеледа уй, аниқроғи, улар алоҳида-алоҳида яшаши мумкин бўлган ҳамда галерея билан туташтирилган иккита уйча қура бошлаган эди. Койакандаги Калолар хонадонининг моддий аҳволи ҳам борган сари қийинлашиб борар, Диего қайнотасига кўмаклашиш мақсадида, уларнинг умрбод яшаб қолиш шарти билан бу уйни сотиб олишга мажбур бўлган эди.
Албатта, гап фақат пулда эмас. Диегони бу мамлакатга пулнинг куч-қудрати ёки эркинлик нашидасидан тўйиб-тўйиб нафаси олиш истагигина етаклагани йўқ. У, аввало, тасвирий санъат воситасида тарихдаги энг қудратли индустриал империяни барпо этган одамларни англаш ва тушуниш, ана шу улкан механизмнинг сир-синоатларидан воқиф бўлиш, унинг қувват манбаини излаб топиш ва, шак-шубҳасиз, асарлари билан барчани ҳайратга солишни кўзлаган эди.
Узоқ кутилган кўргазма ниҳоят 1931 йилнинг 22 декабрида сешанба куни Бешинчи авенюдаги Замонавий санъат музейи биносида очилди. Унда мусаввир ижодий йўлини мужассам этган бир юз қирқ учта асари (шу жумладан, кубизм давригача яратилган) намойиш этилди. “Барбизон-Плаза” меҳмонхонасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Диего Италия Уйғониш даври ва Колумбгача Мексика материаллари асосида деворий суратларни яратиш техникаси ва услублари ҳақида сўзлаб берди.
Риверанинг шон-шуҳрати ҳамда Замонавий санъат музейининг катта обрў-эътиборга (бундан олдинги кўргазма Матисс ижодига бағишланган эди) эга эканидан қатъи назар, мусаввирнинг кўзгазмадан кўнгли тўлмади. Матбуотда Ривера ижоди ҳақида танқидий мақолалар чоп этилди, айниқса, қулликнинг ҳамон сақланиб қолаётганида ўзаро келишиб фаолият юритаётган пул ва полиция айбдор этиб тасвирланган деворий сурат кескин норозиликларга сабаб бўлди. “Нью-Йорк таймс”нинг кечки сонида чоп этилган мақолада мусаввирнинг деворий суратлари Чапинго ва Мехикодаги асарларнинг “беўхшов нусхалари, холос” дея баҳоланди. Танқидчи ва журналистлар унинг ҳиндулар санъатини тиклаш ҳақидаги ғоялари устидан ошкора кулиб, ҳиндулар санъатини “тўқима тўрвалар ва гулдор кўрпалар” билан қиёслайди, ҳомийларни эса маҳаллий ижодкорлардан юз ўгириб, хорижлик мусаввирларни қўллаб-қувватлаётганини кескин танқид қилади. Дарҳақиқат, иқтисодий инқироз оқибатида қабул қилинган қонунга биноан хорижликларга доимий иш бериш тақиқланган эди. Шунга қарамай, нью-йорклик зиёлиларнинг аксарияти анча шов-шувларга сабаб бўлган бу кўргазмани ўз кўзи билан бориб кўришга иштиёқманд эди.
Фрида учун Нью-Йоркдаги дастлабки ойлар оғир кечди. Мексиканча либос ва тақинчоқларга бурканганига қарамай, у алпқомат эрининг сояси ортида қолиб, бу шаҳарни зўравонлик ва тубанлик ботқоғига ботган, доктор Элоэссерга битган мактубида “товуқлар учун қурилган улкан, булғанган тор катак” дея таърифлайди. Фриданинг кўнглида Сан-Франциско таассуротлари таъсирида кейин “минг-минглаб одамлар очликдан жон таслим қилаётган бир пайтда кечаю кундуз айш-ишратга берилган” бой-бадавлат америкаликларга нисбатан чексиз нафрат пайдо бўлди.
Ўша кезларда аҳвол чиндан ҳам оғир эди. Янги йил арафасида иқтисодий қийинчиликлар айниқса яққол намоён бўлар, қашшоқлар билан тўлиб-тошган Нью-Йорк Рокфеллер сингари киборлар шаҳридан кўра Диккенснинг Лондонига ўхшаб кетарди. Газеталар “қанчадан-қанча муносиб одамларнинг қашшоқликдан азоб чекаётгани” ва уларга ёрдам қўлини чўзиш кераклиги ҳақидаги даъватлар билан тўлиб-тошган. Кўпчиликнинг ойлик маоши энг кам иш ҳақи даражасига ҳам етмаган, тикув устахоналарида ишлайдиганлар эса ойига атиги эллик, ҳатто ўттиз долларга кун кўрар эди.
Диего деворий суратлар устида ишлаётган пайтда Фрида Манхэттен кўчаларида сайр қилиб юрарди. Бу ернинг қиши юмшоқ, тез-тез ёмғир аралаш қор ёғиб турарди. Шу кезларда Фрида Койоакандаги мовий осмон, субҳидамдаги ёқимли шабада, обакидандон сўриб юрган болакайлар, янги йил учун гуллар ҳамда кўчатлар учун ўғитли тупроқ сотиб юрган ҳинду қизларини аллақандай соғинч билан хаёлидан ўтказди. “Барбизон-Плаза” меҳмонхонаси ўлгудек зерикарли, устига-устак, Фрида инглиз тилини билмагани боис теварак-атрофдаги воқеа-ҳодисаларни тушунолмай гарангсираб қолган эди.
Бекорчилик жонига тегиб кетди. Киборлар жамияти уни мутлақо қизиқтирмас, Нью-Йорк авоми эса унга нафрат билан қарайдиган уюшган оммадек бўлиб туюларди. Расм чизайин деса, меҳмонхона хонаси ҳаддан ташқари тор. Ҳар қалай, Диегонинг ёрдамчиси Люсьена Блох билан дўстлашиб қолгани яхши бўлди, улар гоҳ театрга, гоҳ Зигфельд томошасига, гоҳ кинога бориб кўнгилхушлик қилишарди.
Март ойида Диего ва Фрида Филадельфияга Диегонинг ғояси ва безаклари ҳамда мексикалик композитор Карлос Чавеснинг мусиқаси асосида яратилган балетга боришди. Унда мусаввирнинг азалий орзуси ушалди: спектаклда Мексиканинг ҳиндуча ўтмиши замонавий индустриал воқелик билан қоришиб кетиши акс эттирилганди. Унинг назарида, бу Детройтда амалга оширмоқчи бўлган лойиҳасининг дебочаси бўлиб хизмат қилади. Аммо Фрида доктор Элоэссерга битган мактубида спектаклни аёвсиз танқид қилади: “Оқ-сариқдан келган қандайдир заиф кимсалар ҳундулар тимсолини яратишга жазм этганига ҳайронман; улар сандунгу рақсига тушаётганда томирларида қон эмас, гўё қўрғошин оқаётгандек тасаввур ҳосил бўлади”.
Фрида англосаксон оламини сира ҳазм эта олмади: бу олам унинг қалбида қўрқув ва, эҳтимол, эрини ундан узоқлаштираётгани учун ишончсизлик туйғусини уйғотарди. Индустриал олам ва унинг адолатсизликлари Фрида қалбини жароҳатлади, аммо у Диего сингари ижод воситасида бу дарддан халос бўлишга қодир эмасди. У ўзини ўзлигидан, ўз аксидан, қувват манбаидан узилиб қолгандек ҳис этарди. Унинг учун дунёда Диегодан азиз инсон йўқ, Фрида унинг учун ота-онасидан айрилиб, узоқ-узоқларга кетишга, ҳатто маълум маънода санъатини ҳам қурбон қилишга тайёр. У анчадан буён Диегога кўнглидагини ошкор этмаган бўлса-да, шу кезларда у яна фарзандлик бўлиш орзусида яшарди. 1932 йилнинг апрелида Диего Детройтда иш бошлашга қарор қилганда Фрида у билан кетаётганидан, кўнглига қўрқув солган улкан ваҳимали шаҳарни тарк этаётганидан хурсанд эди.
Детройтда эр-хотинни кутиб олиш чоғида уларга кўрсатилган ҳурмат-эҳтиромдан Фриданинг боши осмонга етди. Санъат институти директори Валентайнер ва унинг ёрдамчиси Берроуз уларни вокзалда қарши олишди. Кутиб олувчилар орасида мексикаликлар (асосан Форд заводида ишлайдиган ишчиларни Мексика консули олиб келган экан) ҳам кўп эди. Диего бу заминга Лотин Америкасининг маданий элчиси сифатида ташриф буюрган эди. Бинобарин, ҳар иккиси учун муҳожир ишчилар билан мулоқот, Нью-Йоркдаги олий доира вакиллари билан учрашувлардан муҳимроқ эди. Институт томонидан Диего учун ажратилган каттагина маблағ унинг кучига куч қўшди. Бу маблағнинг анчагина қисмини у ватандошларини, айниқса, Мексикага қайтиш учун пул топа олмаётган юртдошларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун сарфлади.
Диего Детройтда чиндан ҳам ўзига хос элчига айланиб қолди. Ўттизинчи йилларда Президент Гувер, кўп йиллик узилишдан кейин жанубдаги нотинч қўшни билан иқтисодий ва савдо алоқаларини мустаҳкамлашга бел боғлади. Американинг Мексикадаги элчиси Морроу Куэрнавакдаги Эрнан Кортеснинг саройини тиклаш ва безаш ишларини Диегога топширгани туфайли мусаввир икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг яқинлашувига хизмат қиладиган расмий вакилга айланиб қолган эди. Дарҳақиқат, деворий санъат халқчиллиги ва ҳаммабоплиги билан ана шундай яқинлашувнинг чинакам тимсоли сифатида хизмат қилиши мумкин эди.
Бундай яқинлашувга ундаган бошқа сабаблар ҳам бор эди. Айниқса, 1929 йилда биржалардаги фалокат Америка иқтисодиётига жиддий зарба берганди.
Инқироз ҳатто Форд заводларини ҳам четлаб ўтмади. Диего билан Фрида келган кезларда Детройт аллақачон фалокат ўчоғига айланиб улгурган, завод маъмурлари инқироз оқибатларини тугатиш йўлларини излаш билан банд эди. Чигал вазиятдан чиқиш учун Форд компанияси бошқа мамлакатларга кўпроқ эътибор қаратиши, хусусан, тобора истиқболли бозорга айланиб бораётган Мексикага жиддийроқ назар солишига тўғри келди. Эдсел Форд маҳсулот сотувини кўпайтиришда санъатнинг, айниқса, тасвирий санъатнинг аҳамияти нақадар катта эканини биринчилардан бўлиб тушуниб етди. Эдсел Форднинг Уильям Валентайнер билан учрашувидан кейин компания Детройтдаги замонавий санъат музейи ва Санъат институтини таъмирлаш ва коллекциясини бойитишга маблағ ажратишга қарор қилди. Валентайнернинг эса Калифорнияда Диего Ривера билан учрашуви мусаввирнинг Детройтга ташриф буюришига сабаб бўлди. 1932 йилнинг 21 апрелида поезддан тушишлари билан Диего ва Фрида Нью-Йоркдаги киборлар доирасидаги хотиржамликдан фарқли ўлароқ, ижтимоий кескинлик ҳукм сураётган, кўплаб ишлаб чиқариш муаммолари пайдо бўлган муҳитга шўнғиди. Ана шундай вазиятда Диегонинг кайфияти чоғ, у куни билан завод бинолари ва ишчилар яшайдиган турар жойларни бориб кўрар, ишчи-хизматчилар, муҳандислар билан суҳбатлашар, юзлаб эскизлар қоралаб, завод боғи деворларини безаш ишларига тайёргарлик ишларини бошлаб юборган эди. Айниқса, Руже дарёси яқинида пўлат ва цементдан барпо этилган ҳамда мусаввирнинг меҳнат олами ҳақидаги тасаввурларига мос келадиган улкан ғаройиб иншоот унинг ҳайратини янада оширди. “Нью-Йорк геральд трибюн” газетасида чоп этилган мақоласида у бу ҳақда шундай деб ёзади: “Инсониятнинг бутун тарихи мобайнида бунёд этилган биронта ҳам иншоот унга тенглаша олмайди. Унда қитъамизнинг куч-қудрати, имкониятлари, қувонч-қайғулари, шон-шуҳрати ва ўтмиши тажассум топган”.
Шу тариқа, фордлар сулоласининг асосчиси, кекса Генри Биринчи ва алпқомат мексикалик ўртасида ғаройиб, ҳатто қай бир жиҳатлари билан ғайритабиий дўстлик ришталари боғланди. Оддий халқ орасидан чиқиб, Бразилиягача ястаниб ётган улкан империяни барпо этган метин иродали бу одам мусаввирнинг чексиз ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди. У ҳам худди Диего сингари Америка қитъасининг кимсасиз ҳудудида, кончилар ўлкасида дунёга келган эди. Мислсиз ижодий салоҳиятга эга бу икки инсонни хомашёнинг тайёр маҳсулотга айланиш жараёни, тараққиётнинг куч-қудрати, пўлат эритувчи печларнинг алангаси, пресслар, дастгоҳлар, кўплаб одамларнинг биргаликдаги меҳнати ҳайратга соларди, тинимсиз изланиш, ҳаракат қилишга ундарди. Диего Дирборндаги кўргазмага қўйилган экспо-натларда машиналар тарихи акс этган Саноат музейини бориб кўрганда, “бир уюм темир” уни шу қадар ҳайратга солдики, вақт тундан оққанини ҳам сезмай қолди. Эртасига Форд билан учрашиб, унинг олдида бош эгишини айтади. Ортга қайтаётиб, у завод ва унинг бош биноси ёнидан ўтар экан, лойиҳа устидаги ишларни тезроқ бошлаш кераклигини тушунди. “Детройтга қайтаётганимда, — деб ёзади мусаввир, — Форднинг саноат империяси доимо кўз ўнгимда намоён бўлиб турар, одамзотга хизмат қилиш учун дастгоҳ ва машиналарга айланаётган цехлардан таралаётган ажиб симфония қулоқларим остида жаранглаб турарди. Бу янги мусиқа одамлар тушунадиган шаклга тушира оладиган даҳо — композиторни кутиб турарди”.
Келгусида Диегонинг Америка билан муносабатлари қандай тус олишидан қатъи назар, Генри Форднинг ижодий салоҳияти, индустриал даврнинг кириб келишига кўшган хизматини у ҳамиша тан оларди. Кейинчалик Глэдис Марч билан суҳбатларининг бирида у бу даврни шундай хотирлайди: “Генри Форд дунёдаги энг бадавлат кишилардан бири бўлгани сабабли унинг хизматига яраша ўзим истаганимдек очиқ-ошкора баҳо беришга жазм эта олмадим. Акс ҳолда, кўз ўнгимда намоён бўлган, назаримда, дунёдаги энг буюк бу ижодкор инсон ҳақида китоб ёзиб қолдирган бўлардим”.
Форд ҳаддан ташқари уни ўзига ром этганиданми, Диего унга хос айрим иллатларни, хусусан, ашаддий антисемитизмни пайқамайди. Зеро,Форд 1921–1924 йилларда “Дирборн индепендент” газетасида жаз мусиқаси ва коррупциянинг оммалашиб бораётганига айбдор бўлган, унинг таъбирича, “Американи зулукдек сўраётганлар” — яҳудийларга қарши ўта кескин мақолалар нашр эттирган эди.
Фрида эса, Диегодан фарқли ўлароқ, ҳаммасини сезиб-билиб турарди. Форд компанияси уларни жойлаштирган “Уорделл” меҳмонхонасига яҳудийларнинг киритилмаётганини билгач, у Диегодан бунинг бирон-бир чорасини топишни талаб қилди. Улар бошқа меҳмонхонага кўчиб ўтамиз, дея қўрқитгандан кейин яҳудийларни таҳқирловчи қоида бекор қилинди, ҳатто яшаш ҳақи ҳам бир оз пасайтирилди. Аммо Фриданинг кўнгли барибир таскин топмади. Генри Форднинг қароргоҳида берилган зиёфатларнинг бирида, ўртадаги сукунатдан фойдаланиб, у чолга анчадан буён тилининг учида турган “Мистер Форд, Сиз мабодо яҳудий эмасмисиз?” деган саволни беришдан ўзини тия олмади.
Аммо Фриданинг бундай қилиқлари ҳам Диего ва Эдсел Форд ўртасидаги дўстликка рахна сола олмади. Кекса Форд тайёрлов ишлари кетаётган кезларда ижодкорлар меҳнатини енгиллаштириш учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилишга ҳаракат қиларди. Мутахассислар керакли бўёқларни топиб келишар, сураткашлар эса Диего деворларни безашда фойдаланмоқчи бўлган завод манзараларини суратга олиш билан банд эди.
1932 йилнинг баҳори ва ёзида Диего деворий суратлар учун андозаларни тайёрлашга шўнғиб кетган бир маҳалда Фрида ҳаётидаги энг оғир, изтиробли даврни бошдан кечираётган эди. Диегодан фарқли ўлароқ, нима учун у Детройтга, доктор Элоэссерга юборган мактубида ёзганидек, “хароба уйлардан иборат бу қишлоққа” бунчалик меҳр қўйганини сира тушуна олмасди. Унга ҳам Ружедаги заводлар зўр таассурот қолдирган бўлса-да, “Қолган барчаси, — деб ёзади у мактубида, — Қўшма Штатларнинг ҳамма жойидаги шаҳарлари-дагидек кўримсиз ва аҳмоқона”. Узоқ ойлар мобайнида ватандан йироқда яшаган Фриданинг қалбини азиз юрти, тинч ва хотиржам Койоакани, қадрдон дўстлари, ҳатто ота-онасининг бесаранжом хонадонига нисбатан соғинч ҳисси қуршаб олган эди. У саратон хасталигига чалинган онасининг аҳволи кун сайин оғирла-шаётганини ҳис этиб, юрак-бағри эзиларди. Тағин, Матита ва Кристинадан бирон-бир хат-хабар келмаётгани сабабли ўзини ёлғиз, кимсасиз ҳис этарди.
Диего ҳар жиҳатдан унинг кўнглини олишга ҳаракат қиларди. Эр-хотин Ривералар билан бирга Нью-Йоркдан бир неча инглизлар: ви-конт Жон Хастингс, граф Хантингтон ва унинг рафиқаси келишган эди. Улар Ривералар истиқомат қилаётган уйга қўшни хонадонни ижарага олиб, ҳар куни кечки овқатга ташриф буюришар, алламаҳалгача суҳбатлашиб ўтиришарди. Диего Детройтда Монпарнаснинг ўзига хос эркин муҳитини шакллантиришга муваффақ бўлган эди. Ана шу пайтларда у Валентайнерга бўлғуси деворий расмларнинг эскизларини намойиш этарди.
Аммо Фриданинг кўнгли ёришмади-ёришмади. Шу тариқа, унинг мусаввирлик истеъдодини емираётган ёлғизлик ва бекорчи кунлар ортидан кунлар ўтаверди. Детройтда бўлган вақт мобайнида у мўйқаламга деярли қўл ургани йўқ. Ўз ёғига ўзи қовурилиб, изтироб чекар, жисмоний оғриқлар туфайлигина у яшаётгани, яшаши кераклигини тушунарди.
Устига-устак, миясини, бутун вужудини қуршаб олган ғоя унга сира тинчлик бермасди. Фрида Куэрнавакдаги фожиадан кейин, қандай бўлмасин, фарзандлик бўлишга қарор қилган эди. Энди бу истак унинг ўй-хаёлини бутунлай эгаллаб олган эди. Чап оёғидаги ярани даволаш учун Форд касалхонасига мурожаат этганда уни доктор Пратт билан таништиришди. Доктор қалбидаги орзу-армон ва хавотирларини сўзлаб берган бу навқирон аёл мислсиз азоб-уқубатларни бошдан кечирганини тушунди. У шахсан ўзи текширув ўтказиб, Фриданинг барча жисмоний нуқсонларини аниқлашга уринди: автофалокатнинг даҳшатли оқибатларидан ташқари, унинг бола туғишни қийинлаштирадиган туғма нуқсони — тос суяги ҳаддан ташқари тор экани маълум бўлди. Хуллас, унинг ҳолати ғоят ачинарли ва хатарли эди. Шу боис доктор даставвал, имкон борида(унинг ҳомиласи ҳали уч ойга ҳам етмаганди), ҳомилани олдириб ташлашни маслаҳат берди. Фарзандли бўлишни орзу қилган Фрида учун бу улкан фожиа эди.
Албатта, аввало, Фриданинг ўзи бир қарорга келиши керак эди. Ниҳоят у, мўъжиза рўй беришига умид қилиб, умр бўйи интилган ва кўнглига туккани — фарзандли бўлиш орзусига эришиш мақсадида ҳомилани олдирмасликка, институт биносидаги улкан деворий расмнинг қоқ марказида Диего тасвирламоқчи бўлган тимсол — болани сақлаб қолишга қарор қилди. Бу бола Детройт фарзанди бўлади. Фрида август ойигача Мексикага қайтиб, уйида, Койоаканда туғишни режалаштирди.
Бироқ, орадан бир ярим ой ўтгач, Мичиган ёзининг диққинафас кунларининг бирида кутилмаган фожиа юз берди. 4 июлга ўтар кечаси кўп қон йўқотган Фрида боладан маҳрум бўлиб қолди. Форд касалхонасига кузатиб борган Диего севиклисига таскин беришга ҳаракат қиларди. Эртасига унга қалам ва бўёқ келтириб берди. Зеро, бу Фрида учун ягона нажот воситаси экани, фақат тасвирий санъатгина унинг қалбига таскин бериши мумкинлигини у яхши биларди.
Касалхонадан чиққач, Фрида ижодида туб бурилиш ясаган, унинг ўзига хос, ғоят жозибали тасвирлаш усулини намоён этган, кундалик турмуш воқеа-ҳодисалари, орзу-армонлари, хавотирлари ва ҳиссиётлари рамзий тарзда ва шу билан биргаликда, ғоят аниқ шаклларда ифодаланган икки асар яратди. Асарларнинг бирида у ўзини касалхонада операциядан кейинги ҳолатда боласи билан биргаликда тасвирлаган. Иккинчисида эса тўшакда ётган қип-яланғоч, қонга ботган аёл, каравотнинг тепасида эса бошдан кечирганларининг тимсоли сифатида: синган тос суяги, жарроҳ анжомлари жойланган қутича, орхидея гули, улкан шиллиққурт, ғаройиб туғ ва уч ойлик ҳомила, худди даҳшатли тушдагидек, хонада гир-гир айланиб турган ҳолда ифодаланган. Ана шу асарни чизиш учун у Диегодан расмли тиббий қомусни келтириб беришни илтимос қилган эди. Асарда тасвирланган касалхона каравотининг ён қисмига ўша машъум сана — 1932 йилнинг июл ойи муҳрлаб қўйилган.
Диегонинг таъкидлашича, Фрида ана шу санадан бошлаб “санъат тарихида ҳали мисли кўрилмаган шоҳ асарлар — аёлнинг шафқатсиз воқелик, аччиқ тақдир, одамларнинг бағритошлиги, жисмоний ва руҳий изтироблар қаршисидаги қатъияти ва чексиз иродасини тараннум этган асарлар устида иш бошлаган эди. Шу вақтгача изтироб ва ғам-андуҳни бу қадар юксак маҳорат билан тасвирлаш бахти ҳали бирорта ҳам аёлга насиб қилмаган”.
Фрида ўша машъум воқеадан кейинги бир неча ҳафта мобайнида тинимсиз ижод қилди. Зеро, тасвирий санъат уни воқелик даҳшатидан бир оз бўлса-да чалғитарди. Бу паллада у яратган ҳар бир асар, ҳар бир расм — уни қуршаб турган одамларга мурожаати, илтижосидек қабул қилинади. “Икки дунё оралиғида” асарида унинг икки ўт ўртасидаги ҳаёти: Детройтга меҳр қўйган севгилиси Диего ва жонажон Мексикасига муҳаббати тасвирланган бўлса, қалам билан чизилган расмларда касалхона палатасида бошдан кечирган азоб-уқубатлари, Детройт марказидаги бинолар, Диегонинг юлдуз сингари узоқдан порлаб турган қиёфаси ғайритабиий тимсол — иероглиф воситасида акс эттирилган.
Диего эса ўша йилнинг ёзи ва кузида бутун вужуди билан деворий суратлар устида меҳнат қилди. Кун тобора қисқараётгани боис у ёруғликдан имкон борича самаралироқ фойдаланишга ҳаракат қиларди. Худди Уйғониш давридагидек, устахона тўла одам у билан ёнма-ён меҳнат қилар, Диего эса оркестрни бошқараётган дирижёр сингари, бутун ижодий жараённи бошқариб турарди. Унинг ишини дастлаб тайёрлов, кейинчалик ҳал қилувчи босқичда кузатиб борган Эдсел Форд мусаввирнинг санъати ва чизиш маҳоратига тан берди. Эрта тонгда мусаввирнинг шогирдлари Клиффорд ва Люсьенда Блох андоза асосида композициянинг чизиқ белгиларини чизиб чиқиш ва дастлабки бўёқ ишларини бажариш учун ярим тунданоқ деворлар ёнида барпо этилган ҳавозаларда сувоқчи-усталар деворни суваб, безашга тайёрлаб қўйишарди. Тонг отиши билан мусаввирнинг ўзи ҳавозага кўтарилиб, асарни яхлит кўринишга келтирар, безар ва жило берарди. У мўйқаламни узун таёқчага боғлаб кун бўйи, баъзан ярим тунгача, дам олмасдан меҳнат қиларди.
Шу тариқа, аста-секин Санъат институти деворларида яратувчан, бунёдкор инсонни шарафлайдиган ҳайратомуз тимсоллар намоён бўла бошлайди. Неоклассицизм услубида барпо этилган бино деворлари ва шифтида замонавий тамаддун тараққиётининг турли босқич ва даврларининг бадиий тасвирини кўриш мумкин. Ғарбий дарвоза ортидаги боғдорчилик маъбудаси образи орқали тасвирланган башарият тарихининг тимсолий куртаги шарқий деворда акс эттирилган меҳнат олами, улкан қувурлар, қудратли техника тимсоллари билан ажиб бир уйғунлик касб этган. Шимолий ва жанубий деворлардаги улкан суратларда индустриал даврнинг ғаройиб манзараси: илонизи дарёлар, геологик қатламлар, инсоният ҳаётининг турли босқичларини ўзаро боғлаётган электр импульслар, сифатли пўлат ишлаб чиқариш мақсадида табиат қаъридан қазиб олинаётган вольфрам, никель, молибден ҳамда вулқон сингари олов пуркаётган домна печлари юксак маҳорат билан акс эттирилган. Саноат хомашёсининг кўпгина турлари: оҳак, қум, кўмир ҳамда тиббиёт, саноат ва ҳарбий соҳа борасидаги изланишларнинг турли босқичлари бир-бири билан гоҳ низолашаётган, гоҳ тинч-тотув яшаётган одамзот ирқларининг ифодасини Микеланжелонинг деворий суратлари ёхуд Яратганнинг илоҳий тимсолига қиёслаш мумкин.
Деворий суратдаги ҳар бир чизги, ҳар бир детал — юксак истеъдод маҳсули; томошабин нигоҳида мажмуа манзарасида инсониятнинг ўтмиши ва истиқболи, мангуликка дахлдор бетакрор асар намоён бўлади. Шу вақтгача Диего Ривера бу қадар теран ва маҳобатли асарга қул урмаган эди. Мусаввир классицизм, кубизм ва экпрессионизм, хуллас, тасвирий санъатдаги барча усулларни қўллаб, Санъат институтининг мўъжазгина ҳовлисида башарият тарихий силсиласи, улкан бунёдкорлик, ҳаётга ташналик, чексиз азоб-уқубат ва роҳат-фароғат, шайтон қилмишларию илҳом фаришталарини бетакрор чизги ва бўёқлар воситасида тасвирлаб, мукаммал асар яратишга муваффақ бўлган эди.
Диего ва Фрида мажмуанинг тантанали очилишидан бир ҳафта олдин Детройтни тарк этишди. Журналистларнинг дастлабки таассуротлари “бўрон” яқинлашаётганидан далолат берарди. Деворий суратлар кескин танқидга учради. Авлиё Ральф Хингинс ва роҳиб Юджин Полас бошчилигидаги руҳонийлар томонидан бу асар Рождество устидан кулиш, таҳқирлаш дея баҳоланди. Аёллар ташкилоти ва католиклар клуби яланғоч аёлларнинг тасвирланиши “Америка аёлларини ошкора оёқости қилишдан бошқа нарса эмас”, деган хулосага келди. Бу ғавғо бошланганда Ривералар аллақачон Нью-Йоркка етиб олишган эди: мусаввир “Радио-Сити” — бўлғуси Рокфеллер марказининг катта залини безаш учун таклиф этилганди. Диего Детройтдаги асарини танқид қилганларга йўллаган мактубида ачиниш ҳисси ва шу билан биргаликда, ғурурини ифода этади: “Детройтдаги деворий расмлар бузиб ташланадиган бўлса, бу асарни яратиш учун бир йиллик меҳнатим ва бор истеъдодимни сафарбар этганим боис, қалбимни тилка-пора қилиши шубҳасиздир. Шунга қарамай, эртагаёқ янги асар яратишга киришаман. Чунки мен шунчаки “мусаввир” эмас, балки маълум маънода гуллаб, мева тугадиган дарахт сингари, ўз биологик вазифасини бажараётган инсонман. Бинобарин, гули ва мевалари тўкилган дарахт ҳеч қачон зорланмайди, чунки бу йил бўлмаса келаси йили яна гуллаши ва мева тугишини яхши билади”.

НЬЮ-ЙОРКДАГИ МУҲОРАБА

1933 йил мартининг бошларида Диего ва Фрида Нью-Йоркка ташриф буюришди; бу ерда уларни изғиринли шамол қарши олган бўлса, ортларида — Детройтдаги Санъат институти ҳовлисида чинакам “бўрон” бошланган эди. Фрида қанчадан-қанча изтиробли кунларни бошдан кечирган бу шаҳарни тарк этганидан афсус чеккани йўқ. Аммо аҳволи тобора оғирлашаётган онаси билан видолашиш учун бир муддат Мехикога келганида қадрдон хонадонидаги мотамсаро вазиятни кўриб, кўнгли бузилди. Бу ерда — Нью-Йоркда эса Диего Риверани яна бир буюртма кутиб турар ва у тезроқ янги ишга шўнғишга шошиларди.
Детройтдаги деворий суратлар яратиш ишларининг тайёрлов босқичидаёқ Диего миссис Пейн орқали “Радио-Сити” — кичик Жон Рокфеллер томонидан Нью-Йоркда барпо этилаётган янги маданий ва ижодий марказни безашда иштирок этиш учун таклиф этилганди. Дастлаб лойиҳада Матисс, Пикассо ва Ривера иштирок этиши режалаштирилган бўлса-да, фақат Диего уни амалга ошириш бўйича масъулиятни зиммасига олган эди. Унга йигирма бир минг доллар меҳнат ҳақи эвазига бинонинг асосий хоналари: лифт ва вестибюл-лардан иборат катта зални (жами юз квадрат метрдан кўпроқ) безаш ишларини бажариш топширилди.
Ҳар бир мусаввирнинг орзуси — дунёдаги энг йирик шаҳарнинг қоқ марказида ўз истеъдодини намоён этиш бу — Диего учун зўр имконият эди. Детройтдаги ишни якунига етказмасиданоқ у Нью-Йоркдаги деворий суратларнинг манзарасини аниқ тасаввур қиларди. Барпо этилаётган марказ учун санъат асарларини танлаш ишларига масъул бўлган ҳайъат томонидан таклиф этилган, бир қарашда, меъдага теккан мавзу (деворий суратда “йўллар кесишган жойда тасвирланган ва вужудида ёруғ келажакка умид ва ишонч уфуриб турган инсон қиёфасини акс эттириш” талаб этилганди) унинг тасаввурларига мос келгани боис бутун ўй-хаёлларини эгаллаб олди. Нима бўлганда ҳам, мусаввир ўзини янги ижодий мақсад ва энг муҳими, кўплаб одамлар билан учрашувлар кутиб турганидан хушнуд эди.
Бироқ Детройтдаги ижодий жараёндан фарқли ўлароқ, Нью-Йоркдаги Рокфеллер марказини безаш ишлари ғоят кенг кўламли лойиҳа бўлиб, у иқтисодий инқироз авж олган, шаҳар кўчаларида минглаб қашшоқ ва кимсасиз кишилар изғиб юрган, озгина бепул бўтқа учун одамлар узундан-узоқ навбатга тизилиб турадиган пайтда амалга оширилиши керак эди. Дастлаб худди шу жойда Метрополитен-опера театри биносини қуриш режалаштирилганди. Аммо, инқироз ҳаммасини чиппакка чиқарди: театр қурилиши ишлари тўхтатилиб, Манхэттен марказидаги каттагина ер майдонида улкан бино-мажмуа барпо этилди. Қурилиш харажатлари бир юз йигирма миллион долларни ташкил этган бўлса, ҳар йили ер ижараси учун уч миллион доллар тўлаш талаб этиларди. Кичик Жон Рокфеллер бино майдо-нининг бир қисмини ижарага топшириб, вазиятни бир оз бўлса-да ўнглашга эришди. Унинг назарида, мазкур мажмуа капитализмнинг энг йирик қўрғони, пул куч-қудратининг чинакам тимсолига айланиши керак эди.
Рокфеллерларнинг ўзи ҳам аллақачон капитализм тимсолига айланиб улгурган бўлса-да, Жон Рокфеллер шахс сифатида мусаввир ҳурмат қиладиган ва қадрлайдиган кишилар сирасига кирмасди. Ўзига ва атрофидагиларга ўта шафқатсиз бўлган бу инсон даромад олиш учунгина яшар, чумолига хос тинимсиз ҳаракат ва сабр-матонат билан улкан империяга асос солган эди. Диегонинг унга нисбатан муносабатини шундан ҳам билса бўладики, бир вақтлар Мексика маориф вазирлиги ҳовлисида яратган деворий расмда очкўз капиталист ва ахлоқсизликнинг умумлаштирилган тимсоли орқали айнан Жон Рокфеллер қиёфаси акс эттирилган эди.
Қолаверса, илғор фикрлайдиган кишилар учун Рокфеллернинг номи “Стандарт ойл” компанияси ва “Ладлоудаги қирғин”1 билан чамбарчас боғлиқ эди. Ўшанда қирққа яқин одам жойида отиб ўлдирилган, шахта биносининг ичида яширинишга уринган икки болалик аёл эса оловдан куйиб жизғанак бўлган эди. Агарда президент Вудро Вильсон қўшин юбориб, вазиятни назорат остига олмаганда, ишчилар ҳаракати инқилобий тус олиши ҳеч гап эмасди. Бу қонли воқеаларнинг сабабчиси Рокфеллер маркази лойиҳасининг муаллифи, сўл зиёлилар назаридаги манфур кимса — кичик Жон Рокфеллер эди.
Бироқ Диего, Фриданинг қаршилигига қарамай, ишга киришишга қарор қилди. Унинг назарида, бажарилажак иш ҳар қандай сиёсий қарашлардан устундир. Диего бу улкан меъморий иншоот барча нью-йоркликларга тегишли, деб ҳисобларди. Шу боис мазкур бинонинг қурилишида иштирок этган етмиш беш минг ишчининг ҳар бири у яратмоқчи бўлган санъат асарини ўз мулки деб билишга ҳақли. Бундан ташқари, рокфеллерлар бино вестибюлини унинг ихтиёрига топшириб, асрлар мобайнида барчани ҳайратга солиб келаётган Миср ва Шольтек эҳромлари сингари, тақиқ ва адолатсизликларга қарамай, мусаввир номини жаҳон санъат тарихи саҳифаларида абадул-абад муҳрланиб қолишига имкон яратган эди.
Диего ғоявий жиҳатдан ғайриоддий (у таклиф этилган мавзу доирасида меҳнаткашлар тимсоли ва тараққиётнинг узлуксизлиги ғоясини акс эттиришни мўлжаллаган эди) асар режаси маълум маънода инқилобий моҳият касб этган бўлишига қарамай, лойиҳа бино меъмори Гуд ва Нельсон Рокфеллер томонидан маъқулланди. Детройтдаги деворий расмлар туфайли бошланган “бўрон” мусаввирнинг обрў-эътиборига унчалик таъсир қилмаган ва у Нью-Йоркда катта иззат-икром билан қарши олинган эди.
Эр-хотин Ривералар “Барбизон-Плаза” меҳмонхонасининг ўтган сафардаги хонасида жойлашишди. Йўл азоби, ҳадеб кўчаверишдан ҳориган, Койоакандаги азадорликдан тинкаси қуриган Фрида бир оз бўлса-да, овунишни истарди. Шу тариқа, асилзодаларга мансуб “қари эчкилар” Люсьенда Блох ва Фрида ўйлаб топган шумликлар “қурбон”ига айланди. Шу боис “Барбизон-Плаза” хонасида Люсьенда томонидан олинган унинг расмларида талабалик давридаги Фрида қайтадан туғилгандек бўлди: унинг қиёфасида яна ўша истеҳзоли табассум, аллақандай шумтакалик, эгнида хитойлик аёллар либоси, бошида эса ғаройиб бош кийим намоён бўлади. Унинг яна бир нишони — Диего атрофида гирдикапалак бўлиб юрган журналистлар эди. Нью-Йоркка кетиш арафасида, Детройтда бўлган чоғида унинг “мусаввир сифатида мен Риверадан устунроқман”, деган сўзлари роса шов-шувга сабаб бўлган эди. Нью-Йоркка келгач, у Люсьенда Блох ва Кристина Хестинг билан Хитой мавзеси бўйлаб соатлаб кезар, турли майда-чуйда безаклар харид қилар ёхуд бежирим либос ва шляпалар кийиб, Бешинчи авенюда сайр қилар эди. Аммо, аслида бундай қувноқлик замирида боласи ва онасидан маҳрум бўлиб қолгандан буён қалбини тилка-пора қилаётган чексиз ғам-ғусса ва ёлғизлик яширинган эди.
Бу даврда Фрида “Радио-Сити” вестибюлини безатаётган Диего сингари бор вужуди билан ижод қилади ва изтиробга тўла бир неча асарларни яратади. Жумладан, уларнинг бирида онаси ва боласидан айрилиб қолган одамнинг қайғуси, Нью-Йорк манзарасида ҳилпираб турган ҳинду аёлларнинг ғаройиб либоси, Америка ҳаётининг энг жирканч манзараси: ҳаммаёқда ташландиқлар уюми, ҳавони заҳарлаётган мўрилар, тасвирланган. Шоир Сальвадор Новонинг фикрича, бу асарда Фриданинг ҳиндуларга хос табиати ҳамда унинг индустриал дунёга нафрати мужассам этилган. Нью-Йоркда Фрида энг ажойиб авто-портретлардан бирини яратди: унда олтинранг ёруғлик гардиши манзарасида гўё мумланган қиёфасида ёлғизлик белгилари акс эттирилган, тим қора кўзлари порлаб турган, бўйнида қадимий даврларни эслатиб турган ҳиндулар мунчоғи ажиб тароват бағишлаган бағоят гўзал аёл тимсоли тасвирланган.
Диего эса аллақандай важоҳат билан кечаю-кундуз меҳнат қилар, асарни, қандай бўлмасин, икки ой ичида — биринчи майгача якунлашга интиларди. Рокфеллер маркази томонидан ажратилган маблағ ишни жадаллаштиришга кўмаклашадиган ёрдамчи-ассистентларнинг каттагина гуруҳини шакллантириш имкониятини берди (Люсьенда Блохдан ташқари, у билан Детройтдаги Санъат институти ходими Димитров, Бен Шейн, Лу Блох ва япониялик мусаввир Хидэо Нода меҳнат қиларди). Вестибюлда Брэнгуин ва Сертанинг ўртамиёна расмлари билан ёнма-ён инсоният тарихининг тўкис силсиласи: ибтидоий даврдан бошлаб фаннинг пайдо бўлишигача, мустабид тузумларнинг ағдарилишидан тортиб ҳокимиятнинг халқ қўлига ўтишигача бўлган давр акс эттирилган улкан триптих пайдо бўлди. Унинг марказида икки коинот – микро ва макрокоинот кесишган жойда машинани бошқараётган ишчи, машиналар теварагида эса эркинлик сари интилаётган эркак ва аёллар тимсоли гавдалантирилган.
Лойиҳа устидаги иш охирига етган сайин Диегонинг асл мақсад-муддаолари аён бўла бошлади. “Радио-Сити”га ташриф буюрган “Уорлд телеграмм” ходими “Ривера коммунистларнинг тажовузкорона мақсадларини ифода этмоқда” деган сарлавҳа остидаги мақоласи билан биринчи бўлиб Диегога қарши “ўт” очди. Мақолада деворий расмларга берилган шарҳ, бир томондан, уларга нисбатан қизиқиш уйғотса, иккинчи томондан, айрим томошабинларнинг ғазабини қўзғатди. Нельсон Рокфеллернинг ўзи ҳам капитализмни тажовузкорона, шафқатсиз тузум, “махлуқ қиёфасидаги молия корчалонлари, маиший бузуқ аёллар” жамияти сифатида тасвирланган тимсолларнинг кескинлигидан ҳайратга тушди. Агар Дейтройтда Рождествога боғланган истеҳзоли саҳна “бўрон”ни келтириб чиқарган бўлса, Нью-Йоркдаги муҳорабанинг сабабчиси — суратда акс эттирилган Ленин қиёфаси эди.
4 майда Нельсон Рокфеллер мусаввирга мактуб йўллаб, “кўплаб одамларнинг ҳис-туйғуларини поймол қиладиган қиёфани олиб ташлашни” ва “унинг ўрнига бошқа бирон-бир нотаниш одам қиёфа”сини тасвирлашни талаб қилади. Бертрам Вольфе мусаввирга эҳтиёткорлик важидан ҳамда “деворий расмни яхлит ҳолда сақлаб қолиш учун” Лениннинг ўрнига Авраам Линкольн қиёфасини акс эттиришни маслаҳат қилди. Аммо Диегонинг яқинлари унга босим ўтказиб, ўз маслагида қатъий туриши лозимлигини уқтирарди. Хуллас, икки кун ўтиб, Диего Нельсон Рокфеллерга мактуб йўллаб, ниятидан қайтмаслигини баён этди. Албатта, бундай қарор жиддий оқибатларга сабаб бўлишини Диего яхши англарди. Шундай бўлишига қарамай, у маълум маънода санъатни сиёсий маслаги йўлида қурбон қилди. Қолаверса, унинг бундай кескин ҳаракати Америка жамиятидан нафратланадиган Фридага нисбатан муҳаббати билан ҳам боғлиқ эди. Зеро, унинг назарида, Фрида тимсолида мексикаликларнинг қаҳрамонлиги, Америка капиталининг зўравонлигига қарши курашга отланган Сапата ва Хуарес руҳи тажассум топган эди. Бундан ташқари, Рокфеллернинг босимига парво қилмасдан, унинг талабини рад этишида, моҳиятан қараганда, мусаввирнинг якдиллиги, эътиқодига садоқати яққол намоён бўлади. У ҳамиша деворий тасвирий санъатнинг бош мақсади — халқчиллик, деворий суратлар “халқ учун яратилган халқ мулки”, дея ҳисобларди.
Низо қандай якун топиши мумкинлигини билган мусаввир, Рокфеллернинг тақиқига қарамай (унинг буйруғи билан Марказ ёпилган ва қуролланган кишилар томонидан қўриқланаётган эди), деворий расмларни яшириб олиб ўтилган фотоаппарат ёрдамида суратга олишга муваффақ бўлди. 9 майда тоқати-тоқ бўлган қуролланган қўриқчилар куч ишлатиб, мусаввир ва унинг ёрдамчиларини бинодан чиқариб ташлашди, деворий расмларни эса қалин мато билан ёпиб қўйишди.
Дастлабки бир неча кун мобайнида Диего санъат ҳимоясига жамоатчиликни сафарбар этишга ҳаракат қилди. У матбуотда бир неча баёнотлар билан чиққандан кейин жаҳондаги кўплаб таниқли мусаввирлардан ҳамдардлик ифодаланган мактублар олди. Нью-Йоркдаги радиостанциялардан бирида қилган чиқишида у масалани кескин қўяди: “Америкалик миллионерларнинг бири Микелан-желонинг шоҳ асари — Секстин капелласини сотиб олди деб тасаввур қилайлик. У мазкур деворий расмни бузиб ташлашга ҳаққи борми ёки йўқ. Биз бутун инсоният мулки ҳисобланган санъат асарларининг мавжудлигини тан олишимиз ва бирон-бир одам бу асар унинг мулки бўлгани учун бузиб ташлашга ёки ундан фақат ўзи баҳраманд бўлишга ҳаққи йўқлигини эътироф этишимиз лозим”.
Ажабланарлиси шундаки, “Рокфеллер маркази учун” муҳораба Диего ва Фрида ўртасидаги муҳаббат ришталарини мустаҳкамлаш ўрнига уларнинг бир-биридан узоқлашувига хизмат қилди. Деворий расмларни яратиш, Рокфеллерлар билан жангу жадал жараёнидаги ижодий ва ҳиссий кўтаринкиликдан кейин мусаввирда тушкунлик кайфияти пайдо бўлади. У энди худди Фрида сингари Нью-Йоркда ўзини якка-ёлғиз ҳис этарди. Шу чоғда Бертрам Вольфе, Люсьена Блох, Санчес Флорес, Артур Нидендорф сингари бир неча дўстлари унга кўмак бера олмайди. Ҳатто Хосе Хуан Табладанинг Мексика газеталаридаги жўшқин чиқишлари, Анита Бреннернинг “Нью-Йорк таймс”даги мақолалари ҳам уни ҳимоя қилишга қурби етмади.
Айни шу кезларда Фрида ҳам ўзини ҳар қачонгидан ёмон ҳис этарди. У ёзнинг жазирамасидан қийналар, автоҳалокат пайтида жароҳатланган оёғидаги оғриқлар бемалол юришига имкон бермасди. Диего “Нью-Йоркерс” мактабидаги кичик панноларда деворий суратларни яратиш билан банд бўлган пайтда Фрида ўша мактаб яқинидаги Ўн учинчи кўчада ижарага олинган хонадонда бир ўзи зерикиб ўтирарди. Диего ҳар оқшом кечалар уюштирар, ишда унга кўмаклашадиган ёки у билан инглиз тили бўйича машғулот ўтказяпмиз дея барчани ишонтиришга уринадиган ёш хонимлар билан базми жамшид қиларди. Диего улар яшаётган уйда истиқомат қиладиган ҳамда тез-тез унинг олдига келиб турадиган, 1899 йили Киевда туғилган ва оиласи билан бу ерга кўчиб келган ёш мусаввир хоним — Луиза Невельсонга бефарқ эмаслигини яшириб ўтирмасди. Унинг ажрашгани ва айни пайтда озод аёл эканидан хабар топган Фриданинг қалбини рашк ўти тирнайди. Хуллас, мексикалик “одамхўр”, аёллар кушандаси ва монпарнаслик алдоқчи яна “ов”га чиққан эди. Фрида эса ёлғизлигини янада чуқурроқ ҳис этар, ўз ёғига ўзи қовурилиб ётарди. У оддийгина меҳрга, мексикаликларнинг дағал ҳазил-мутойибаси, қувноқлигига муҳтож эди. Фрида янкиларнинг такаббурлиги, протестантларга хос расмиятпарастлини сира ҳазм қила олмасди. Бир неча йилдан кейин у дўсти Лео Элоэссерга битган мактубида бу борадаги ҳис-туйғуларини яшириб ўтирмайди: “Мен гринголарнинг барча фазилатларидан, нуқсонларидан, уларнинг руҳий оламидан ва ўша ярамас сиполигидан нафратланаман. Гринголандияда энг аввало инсоннинг шахсиятпарастлиги, қандай бўлмасин, ўз мақсади-муддаосига эришиш майлининг қадрланиши ғашимни келтиради. Мен бундай интилишлардан йироқман ва қандайдир “катта одам” бўлиш иштиёқи менга бегона”.
Ниҳоят, Фриданинг изтиробларини сезган Диего ватанга қайтишга қарор қилди. Луиза Невельсоннинг таъкидлашича, бу пайтга келиб улар ғоят камхарж бўлиб қолган, ҳатто Мексикагача чипталарни дўстларининг кўмаги билан олишган эди. 1933 йилнинг 20 сентябрида улар Гавана орқали Велакрусгача борадиган денгиз кемасига чиқишди.

БИТМАЙДИГАН ЧАНДИҚ

Фриданинг Мексикага бу галги келиши ўн икки йил олдин Европадан қайтишига сира ўхшамасди. Нью-Йоркдаги бир неча ойлар давомида бошдан кечирган кўнгилхиралик ва умидсизлик изсиз кетмаган эди. Боланинг нобуд бўлиши эса унинг хаста жисмини янада заифлаштирганди. Фриданинг руҳий ҳолати шу қадар аянчли эдики, ҳатто касаллик ҳам унга мукофотдек бўлиб туюларди. Бир вақтлар унга уйланмоқчи бўлган дўсти Александро Гомес Ариасга битган мактубида “Назаримда, каллам майда қурт-қумурсқаларга тўлиб кетгандек” деган гапларидан унинг оғир руҳий ҳолати яққол намоён бўлади.
Диего эса илгари бошлаб қўйган иши — Миллий сарой деворларида Мексика ҳиндулари тамаддунининг асосий босқичлари, ацтекларнинг улуғвор Теночтитлани, тарасклар, сапотеклар, ольмеклар ва майялар маданиятини тасвирлашни кўзлаган маҳобатли асарини якунига етказишга киришади. Аммо Рокфеллер марказида яксон қилинган деворий расм унга сира тинчлик бермасди. Шу боис Нозик санъат саройида деворий сурат яратиш ишлари Ороско икковига топширил-ганда, у “Ўлдирилган асарни” тиклашни режалаштиради. Ўч олиш ниятида у мазкур асарда тунги клубда фоҳишалар даврасида айш-ишратга берилган кичик Жон-Рокфеллер қиёфасини акс эттиради.
Ватанга қайтишни сабрсизлик ва катта орзу-умидлар билан кутган Фрида қалби бу ерда ҳам ором топа олмайди. Унга ёлғизлик, жисмоний оғриқлар тинчлик бермас, унинг назарида, Калолар хонадони, айниқса, онасининг вафотидан кейин тақдири азалнинг кетма-кет зарбаларига дучор бўлаётгандек эди. Синглиси Кристинанинг хиёнати эса умуман кутилмаган ҳол бўлди.
Диегонинг Кристина билан алоқаси Фрида боладан маҳрум бўлгач, узоқ вақт даволанишга мажбур бўлган пайтларда бошланган кўринади. Фрида учун бу ақлга сиғмайдиган ва чидаб бўлмайдиган ҳолат эди. Кристина эридан ажрашгандан кейин икки боласи билан ота-онасининг Койоакандаги уйига кўчиб келганди. Опа-сингил бир-бирига сира ўхшамас, бошқа-бошқа дунё эди. Кичик синглиси ёшлик пайтларидаёқ унинг ақл-заковати, дадиллиги, ишқий муносабатларига рашк қилгани учун, бир вақтлар устидан кулиб юрган одам билан дон олишишга қарор қилганди. Фрида эса унинг болаларига боғланиб қолган, уларни гўё ўзиникидек эркалар, яхши кўрарди. Фриданинг назарида, Кристина гўё Диего билан ишқий алоқа қилиши мумкин бўлмаган унинг ягона иттифоқчиси эди.
Фрида хиёнат ҳақида 1934 йилнинг ёз кунларининг бирида Кристинанинг ўзидан эшитиб, даҳшатга тушди. Отаси оғир хасталикка чалинган, бола ҳақидаги орзу-умидлари саробга айланган бир пайтда Кристинанинг қилмиши ҳаммасидан ошиб тушди. Бирданига у ҳамма нарсадан маҳрум бўлиб қолган эди. Аммо у тақдирга тан беришни истамасди. У сира иккиланмай Диегони тарк этиб, яна ёлғизлик оламига ғарқ бўлди. Фрида бундан буён Кристина билан ҳам бир уйда яшай олмасди: у Инсурхентес кўчасида ижарага олинган хонадонга кўчиб ўтди. Ғурури бўйин эгишга, тақдирга тан беришга йўл бермас, у узилган ришталарни тиклашга биринчи бўлиб Диего ҳаракат қилиши керак, деб ҳисобларди.
Диего ва Фрида ўртасидаги муҳаббатнинг чилпарчин бўлиши бу — уларнинг оилавий ҳаётидаги шунчаки арзимас бир ҳодиса эмасди. Эри билан Қўшма Штатларда бўлган кезларда Фрида кўп нарсага эътибор бермас, кўриб кўрмасликка, эшитиб эшитмаганга олганди. Маълум маънода, у нафратланадиган англосаксон жамияти Мексика воқелигидан уни узиб қўйгандек, улар аллақандай ёрқин ва ғаройиб эртакда яшаётгандек эди: Диего унда “нажоткор”, Фрида эса “ацтеклар маликаси” ролини ижро этарди.
Диегонинг бевафолиги, Кристина билан дон олишиб, уни алдаб юргани — ҳар бир мексикалик аёлнинг тақдирида муқаррар равишда юз берадиган ҳодиса Фриданинг ҳам бошига тушганидан далолат берарди. “Қуш уясида кўрганини қилади деганларидек”, Диего ёшлик чоғида ўз оиласида кузатган фожиани такрорлаганди, холос. Унинг онаси — донья Мария умр бўйи эрининг бевафолигидан кўп азият чеккан, куйиб кул бўлган аёл эди. У ҳатто бир гал ўғлидан кўмак олиш илинжида Испанияга унинг олдига борган ва охир-оқибат тақдирга тан беришга мажбур бўлган, бахтиқаролиги ҳақида эса онда-сонда ва шаъмалар билан гапирадиган бўлиб қолган эди. Чунончи, Диего ва Ангелинанинг фарзанди — биринчи неварасига тақдим этган суратда у оиласини сақлаб қолиш ва “фарзандлари тирик етим бўлиб қолмаслиги” учун бутун умрини қурбон қилгани, қанчадан-қанча изтироб чекканинии ифода этган эди.
Диего учун жинсий эркинлик сув-ҳаводек зарур, санъатини озиқлантирувчи, илҳом бағишловчи омил эди. Аммо унинг бу иштиёқи Париж санъат аҳлининг ғайритабиий ахлоқсизлигидан тубдан фарқ қиларди. Унинг учун аёл жисми, худди Гоген ёки Матисс учун бўлгани сингари ижодий парвознинг қудратли манбаи. Мусаввир назарида, аёл жисмининг беқиёс гўзаллигида бунёдкор ҳаётий қувват, ақлнинг бесамар мавжланишидан фарқли ўлароқ, воқеликнинг чексиз куч-қудрати мужассамлашган. Унинг барча асарлари эркакларнинг ёввойи, ажал уруғини сепадиган майлларига қарши куч — ҳузур-ҳаловат, ҳаётнинг улкан имкониятлари, аёлнинг илоҳий гўзаллигига ишонч туйғуси билан йўғрилган. Мусаввир худди Матисс ёки Сезанн сингари аёл жисмининг ғоят нозик ва бетакрор гўзаллигидан дунёни фожиали ҳалокатдан асраб қолиши мумкин бўлган мутаносиблик, уйғунликни излайди. Детройтдаги деворий суратларда она-замин тимсоли — аёл жисмининг беқиёс гўзаллиги уруш, қашшоқлик, капиталнинг ёвузлиги устидан ғалабаси ғоят ишонарли ва таъсирчан тасвирланган. Шу чоққача ҳали бирорта ҳам мусаввир мўйқалам воситасида эркак ва аёл, уруш ва муҳаббат, қуёш ва ой қувватининг ўзаро мутаносиблиги ва уйғунлигини Диего сингари юксак маҳорат билан акс эттира олмаган.
Мусаввир тажовузкор Шимол — индустрия олами, техник ускуна ва қурол-аслаҳа ишлаб чиқарадиган Детройт ва Нью-Йоркнинг реал дунёсига, Матисс асарларида ифодалангани сингари, ғоят жозибадор, нозик чизгиларда акс эттирилган аёл – гўзал жинс тимсолини қарши қўяди.
Фрида учун муҳаббат эътиқод сингари муқаддасдир. У Диегосининг бошқа аёл, айниқса, синглиси билан алоқа қилишига чидай олмасди. У тақдирга тан берган донья Мария ҳам, Ангелина Белова ҳам эмас. У хиёнат олдида бош эгишни ва “саҳна ортига” кетишни сира-сира истамасди. Шунинг учун у курашишга қарор қилади; унинг учун курашнинг ягона чораси — жондан ортиқ севадиган кишисидан узоқлашиш. Бу қарорга у осонликча келгани йўқ, аммо Фрида қийинчиликларга кўникиб қолган. Ташвишлар ва тинимсиз жисмоний азоблар таъсирида тобланган кучли иродаси бир вақтлар Диегони ўзига мафтун этган, унинг учун айнан Фрида тимсолида мукаммал аёл қиёфаси намоён бўлган эди. Албатта, гап фақат унинг ташқи кўринишида эмас: Диего назарида, Фриданинг болаларча содда қиёфаси замирида аёлларга хос энг зўр, эркаклар устидан ҳукмронлик қилишга омил бўладиган фазилат — мислсиз жасорат ва сабр-бардош мужассамлашган эди. Айнан Фрида тимсолида уни ҳамиша ҳайратлантириб келган хислатлар — дадиллик, кучли эҳтирос, болаларча самимийлик ажиб уйғунлик касб этган эди. Энди у Фрида билан эҳтиросларини жунбушга келтирадиган, ўта шафқатсиз ишқий ўйинга жазм этганди.
Ёлғизлик Фриданинг силласини қуритар, чунки, Диегодан узоқда у ўзининг ҳеч ким эмаслигини чуқур ҳис этарди. 26 ноябрда, яъни айрилиқдан бир неча ҳафта кейин у доктор Элоэссерга шундай деб ёзади: “Қалбимни қуршаб олган ғам-ғуссанинг оғирлигидан кўзимга ҳеч нима кўринмайди. Диего билан муносабатларимиз кундан-кун чигаллашиб бораётир. Албатта, рўй берган воқеаларда айбим йўқ дея олмайман, чунки аввалбошданоқ унга нима кераклигини англаб етмаганман, тақдири азалга қарши борганман”.
Бир неча ойлик айрилиқдан кейин, Фриданинг тоқати-тоқ бўлиб, оиласига қайтишга қарор қилади. “Муҳаббати аввалгидек бўлса-да, ғуруридан асар ҳам қолмабди”, — деган эди ўшанда Диего истеҳзо билан. Аммо, барибир бу энди аввалги Фрида эмасди. У ҳаммасини бошидан бошлашга, одамлар олдида ўзини аввалги Фридадек тутишга ҳарчанд уринмасин, қалбида кечаётган туғёнларни яшира олмасди. Дилини тилка-пора қилган ўша пайтлардаги изтиробларини 1938 йилда яратган “Битмайдиган чандиқ”(унда танасини чуқур чандиқлар босган, ўлим талвасасида қонга ботиб ётган аёл қиёфаси акс эттирилган) асарида тасвирлашга интилган.
Диего айш-ишратга берилиб, теварак-атрофидаги ҳар бир аёлни “бир ямлаб ютаётган” кезларда Фрида ундан йироқда ўзини гўё муз заррачаларига айланиб қолаётгандек ҳис этарди. Руҳий тушкунликдан қутулиш мақсадида у кутилмаган ишга қўл уради: Анита Бреннер ҳамроҳлигида хусусий самолёт ёллаб Нью-Йоркка йўл олади ва бу ерда эркаклар билан ошкора “ишқий ўйин”ларга берилиб кетади.
1936 йилда у Луиза Невельсон орқали америкалик меъмор Исаму Ногути билан танишади. Нью-Йорк олий табақасига мансуб кўплаб таниқли кишилар, мексикалик мусаввир Хосе Клементе Оросконинг меъморий портретларини яратган ижодкор Мексикага Абелардо Родригес таклифи билан ташриф буюрган, Диего ва Фрида билан учрашган эди. Фрида ундан кейинчалик Николас Мюррей ва Лев Троцкий сингари, Диегонинг қалбида рашк ўтини ёндириш мақсадида фойдаланган бўлса ажаб эмас. Бироқ энди барбод бўлаётган никоҳни тиклаш, сўнаётган муҳаббат оловини қайтадан ёқиш имкони бой берилган эди.
Бу даврда Фрида ўзининг энг зиддиятли, эҳтиросларга бой, ғояси обдон мияда пишитилган санъат асарларидан кўра, кўпроқ дардли ҳайқириқни эслатадиган асарларини яратади.
1938 йилнинг охирида америкалик журналист Клэр Бют Люс Нью-Йоркдаги кўп қаватли бинонинг юқори қаватидаги ойнасидан ташлаб, ўзига суиқасд қилган дугонаси, актриса Дороти Хейл хотирасига атаб асар чизиб беришни илтимос қилганда, Фрида Диего билан айрилиқдан кейинги тушкунлик ҳолатини кўз олдига келтириб, асарда тасаввуридаги ўзининг суиқасдини акс эттиради. Аммо буюртмачи асарда шафқатсизлик билан акс эттирилган воқеликдан, Доротининг юзидаги қон гўё картина гардишидан оқиб тушаётганидек сесканади ва даҳшатга тушади. Фрида эса кўнглида кечаётган ҳис-туйғуларни яширмай ифода эта олганидан мамнун эди: майли, одамлар, бутун дунё унинг якка-ёлғиз, кимсасиз бўлиб қолганини билсин, бундан уялсин!
Бу оғир дамларда у имкон бўлди дегунча қалб изтиробларини акс эттиришга интиларди. Айни шу кезларда унинг асарларида илк бор мутлақо янги ифода шакллари намоён бўлади: териси арчилган, ичи ёрқин рангларда акс эттирилган, ёриб ташланган мевалар умрининг охиригача унинг поймол этилган, таҳқирланган муҳаббати, ҳис-туйғуларининг тимсолига айланади.
Бу даврда тасвирий санъат унинг учун ҳаётий зарурат, айрилиқдан кейин яшаб қолиш учун ягона имконият, маъво бўлиб қолади. Лекин барибир санъат воқеликдан устун кела олмайди. 1939 йилда Фриданинг Париждан қайтиб келиши билан Диего ундан ажралишга розилик беришини илтимос қилади.

МУҲАББАТ ГИРДОБИ

Шу кезларда Диегонинг ҳам, Фриданинг ҳам силласи батамом қуриган. Кўп йиллик моддий қийинчиликлар, бошдан кечирилган изтироб, уруш азоб-уқубатлари ва оилавий келишмовчиликлар изсиз кетмаган эди. Диего талаб қилаётган ажралиш — унинг ҳиссиёт ва майлларини занжирбанд этган, эҳтирос ва зиддиятларга тўла оилавий ҳаётнинг, никоҳ келишувининг сўнгги нуқтаси эди. Бу ҳол ҳар икковининг ҳаётидаги энг муҳим саҳифа, чинакам тарихий воқеа бўлса ажаб эмас. Негаки, улар ўртасидаги муҳаббат ришталари, биргаликдаги турмуш, ниҳоят ажралиш бу — оламни бошқараётган икки асос: қадимий хитойликлар қарашларига биноан — инь ва янь, ацтекларнинг афсонавий тасаввурларига кўра, ердаги ҳаётни вужудга келтирган эркак ва аёл маъбудалари — Ометекутли ва Омесиуатльнинг ўзаро уйғунлигининг яққол ифодаси эди. Диего севгилиси билан ажралишга қарор қилганда бу ҳақиқатни ҳали англаб етмаган эди. Фрида эса буни бошиданоқ, азоб-уқубатлар туфайли унда намоён бўлган ўзига хос сезги кучи билан пайқаган эди. Унинг учун олам доимо икки бўлакка: кун ва тун, ой ва қуёш, сув ва олов, туш ва ўнг, аёл ва эркак асосларига бўлинган эди. Фрида буни ҳамиша ақли-дан тезкор бўлган қандайдир ички бир туйғу ила ҳис этарди.
Ҳаётларининг ана шу нуқтасида Диегонинг бетизгин эҳтирослари ва мислсиз рашк ўти Фрида табиатига хос хотиржамлик, хаёлпарастлик, ёлғизликка мойиллик ва азоб-уқубатга сабр-бардош ва шу билан бирга, ундан қўрқиш ҳисси билан тўқнаш келганди. Фрида жисмоний оғриқлардан қўрқишни айш-ишрат, лаззатдан қўрқиш деб тушунарди. Бу бутун оламга, барча жамиятларга (ҳиндулар, мексикаликлар, насронийлар тамаддунларига) хос бўлган умумий қонуният сифатида, баъзи ҳолларда ана шу қонуниятлар негизида пайдо бўладиган шафқатсиз, жинояткорона мақсадларда ифодаланади. Зеро, одамларни бўйсундириш, улардан фойдаланиш, ўзгаларга етказилаётган азоб-уқубатдан, уларнинг кўз-ёшидан лаззатланиш эркак зотига азалдан хос бўлса, аёл эса ҳамиша тобелик, изтироб, ёлғизлик тимсоли бўлиб келган, шу билан биргаликда, унга келажакни кўра билиш, хавф-хатар ва қайғули дамларни олдиндан сезиш қобилияти ҳам инъом этилган.
1935–1940 йиллар оралиғида Диего ва Фрида ўртасидаги “жангу жадал” шунчаки оилавий низо, келишмовчиликни эмас, улар гўё саҳнада туриб, Марказий ва Жанубий Американинг барча ҳиндуларига хос бўлган машҳур халқ маросимидаги урф-амаллардан фойдаланган ҳолда фожиада роль ўйнаётган қаҳрамонларни эслатарди.
Бу низонинг охирига келиб, Диего ва Фрида буткул бошқа одамларга айланди, уларнинг ҳаёти ҳам ўзгариши муқаррар эди, зеро, улар жамиятни ўзгартиришдан олдин, ўз ботиний оламида туб бурилиш ясаши талаб этиларди.
Бу жараёнда Лев Троцкий ва Андре Бретоннинг маълум даражада таъсири намоён бўлгани диққатга сазовордир.
1937 йилнинг 9 январида Лев Троцкий ва унинг рафиқаси Наталья Седова “Руг” денгиз кемасида Тампико портига етиб келишганда Диего Ривера номидан қувғиндагиларни Фрида қарши олган ва ота-онасининг Койоакандаги уйидан бошпана берган эди. Диего ва Фрида учун Троцкий билан учрашув ғоят муҳим ва қувончли воқеа бўлганди. Уларнинг назарида, Сталин жосуслари томонидан ҳаммаёқда таъқиб қилинаётган, Норвегиядан бадарға этилган, Рузвельт буйруғи билан Қўшма Штатларга киритилмаган Троцкий бутун умрини коммунистик идеалларга бағишлаган, муросасиз инқилобчи тимсоли эди. Диего Риверанинг илтимосига биноан Мексиканинг янги президенти Лесаро Карденас унинг мамлакатда қолишига изн беради, ҳатто Троцкий ва унинг котибларию тансоқчиларининг Койоаканга келишлари учун Тампикога шахсий поездини жўнатади. Шу тариқа, Мехико яқинидаги кичкина шаҳарча троцкизмнинг янги марказига айланади: бу ерда инқилоб етакчиси чақириқларини ёзади, кураш тактикасини ишлаб чиқади, Сталин тажовузларига қаршилик қилишга уринади.
Троцкий ҳам Диего ва Фриданинг хайрихоҳлиги ва меҳмондўстлиги, Койоаканнинг ўзига хос жозибаси, хонадон соҳибасининг гўзаллигидан ҳайратга тушади. Фрида Троцкийни ўзига мафтун этиш мақсадида у билан ғаройиб ишқий “ўйин” бошлайди. Чунки, кейинчалик Фриданинг ўзи калондимоғлик билан “чол” деб атаган ана шу одам бугун тарих гирдобига тушганлардан бири эди. У Лениннинг вориси, сал бўлмаса, улкан шўролар давлатини бошқарадиган шахсга айланиши мумкин бўлган, ғоят жозибали қувғин эди. Тез орада Диего Ривера ва Троцкий дўстлашиб кетди. Амалий ҳаракатни хуш кўрадиган, лотин америкалик аёллар қалбининг нозик жиҳатларини ҳис этмайдиган россиялик бу муҳожир Фрида билан ўзи ўртасида қандай ўйин бошланганини тушуниши амри маҳол эди. У эҳтиросларига эрк бериб, ўзини худди мактаб ўқувчисидек тутар, Фридага махфий ишқий мактублар битар, учрашувларга чорлар ва Сан-Мигеледаги “Регла” асьендасида Фрида билан кўришар эди. Ана шу учрашувлар таъсирида Троцкийнинг бу ишқий “ўйин”лардан мутлақо бехабар бўлган Диегога нисбатан муносабати ўзгаради. 1938 йилда Троцкийнинг маслаҳатчилари Диегони троцкийчилар Интернационали сафидан чиқаришга қарор қилганида, у дўстини қўллаб-қувватлашдан бош тортди. Мексиканинг стратегик ўқ мамлакатлари1 билан нефть бўйича келишувини Ривера кескин қоралагани, Троцкий эса, аксинча, маъқуллагани улар ўртасидаги дўстона муносабатларнинг батамом узилишига сабаб бўлди. Шундан эътиборан Фрида “чол”ни ҳурмат қилмайдиган бўлди2.
Диего Фриданинг Нью-Йоркда ташкил этилган кўргазмага кетишидан фойдаланиб, ажралиш жараёнини тезлаштиришга уринарди. У оилали эркак масъулиятидан, Фриданинг рашки, изтиробларидан чарчаган, бир вақтлар унинг қалбини ром этган севиклисининг касалманд болаларга хос нимжон-нозиклигидан энди ҳафсаласи пир бўлган эди.
Фрида Нью-Йоркда ўз даврининг энг машҳур кишиларини суратга олган таниқли сураткаш, келишган, бўйчан, бақувват (у қиличбозлик бўйича икки карра АҚШ чемпиони бўлган), юз қиёфаси бир вақтлар унинг қаллиғи бўлган Александро Гомес Ариасни эслатадиган Николас Мьюрей билан танишади. Фрида ўзига хос гўзаллиги, тим қора кўзлари, ўткир ақл-заковати билан ўша заҳоти уни ўзига ром этди. У билан Нью-Йоркда ўтказган уч ой мобайнида Фрида Койоакандаги кўнгилхираликларни: Кристинанинг хоинлиги, Диегони бошқа аёллар даврасида кўрганда чеккан азиятларини унутгандек бўлди. Нью-Йорк ижод аҳлининг ёрқин ҳаётий гирдобида кечган бу ғалати ишқий саргузашт жараёнида Фрида мусаввир ва санъаткорлар: раққоса Марта Грэам, Луиза Невельсон, журналист Клэр Бут Люс, актриса Эдда Франкау, мусаввир Жоржия О’Киф, коллекционерлар А.Левинсон, Ч.Либман, ҳатто Диегонинг “Радио-Сити”даги деворий расмларини вайрон эттирган Нельсон Рокфеллер билан танишади ва мулоқот юритади.
Бу гал аввалги ташрифи чоғида улкан шаҳар меҳмонхоналарининг бирида диққинафас ҳаводан қийналиб, якка-ёлғиз қолиб кетган пайтларидаги Нью-Йорк эмасди. Унинг кўргазмаси ҳам катта муваффақият қозонди, асарларининг ярми харид қилинди. Фриданинг эса келишган, ўзига ишонган эркакка ишқи тушди. Кунларнинг бирида “Барбизон-Плаза” меҳмонхонасидаги нонуштадан кейин улар Макдугал-стритдаги суратхонасига йўл олади ва бу ерда Мьюрейнинг энг машҳур асари — бўйнига узун шолрўмол ўраб олган, кокиллари ҳинду қизлариники сингари шойи ленталар билан безатилган, юз қиёфасида ажиб хотиржамлик, кўзларида аллақандай интизорлик уфуриб турган Фриданинг бўйи баравар портрети дунёга келади. Фрида Мьюрей билан ишқий муносабатларининг умри қисқа эканини билса-да, бир неча ҳафта мобайнида унга чинакам эркинликни ва болалик чоғидаги бепарволикни ҳадя этган бу ғаройиб саргузашт унинг ҳаётидаги энг ёрқин хотира бўлиб қолади.
Бироқ, байрам ҳам бир кун келиб ўз якунига етади ва Сан-Анхельдаги бетартиб, ҳасад ва фисқ-фасод муҳитига қайтган Фрида ўша ўткинчи муҳаббат ҳақидаги хотираларини бебаҳо тумор сингари ҳамиша қалбининг тубида сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Ҳозир эса “ўйин”га бутун вужуди билан берилиб кетганидан эртами-кечми бу ишқий саргузашт шафқатсиз якун топиши, ёлғизлик унга янада аянчлироқ бўлиб кўриниши мумкинлиги ҳақида ҳали ўйлаётгани йўқ.
Фриданинг 1937 йилдаги Париж сафари Диего, атрофдагилар, барча нарсалардан ажралиш нуқтаси бўлди. Карденас томонидан Пьер Колл галереясида ташкил этилган Мексика тасвирий санъати кўргазмасида иштирок этиш учун таклиф этилган Фрида Мехико муҳитидан узоқ-лашиш, ўз ҳолати, жисмоний оғриқларини унутиш ҳамда озод ва мустақил шахс эканини Диегога кўрсатиб қўйиш учун бу имкониятдан фойдаланишга шошилди. Парижда Фридани сюрреалист-лар (у Андре ва Жаклин Бретонларнинг хонадонида яшайди), Ив Танги ва Пабло Пикассо сингари машҳур мусаввирлар илиқ қарши олади. Диегонинг сўзларига кўра, Фриданинг тасвирий асарларини кўриб ҳайратини яшира олмаган Кандинский “кўргазма залида, ҳамманинг кўз ўнгида Фридани қучоқлаб, юзларидан бўса олаётганда, кўзларидан тирқираб ёш оққан экан”.
Аммо Фриданинг назарида, Нью-Йоркда унга қувонч бағишлаган байрамона муҳитдан Парижда асар ҳам йўқ эди. 1939 йилнинг 16 февралида Николас Мьюрейга йўллаган мактубида уни яхши кутиб олмагани, қизи Об билан бир хонага жойлаштиргани учун Андре Бретонни “итвачча” деб атайди. Парижнинг ифлослигини, французча емакларни ҳазм қила олмаслигини (ўша сафар чоғида у ҳатто қандайдир касалликка ҳам чалинади) таъкидлайди; унга, бир қарашда, Мексика тасвирий санъатига бағишланган, аслида эса “миясиз муттаҳам — сюрреалистлар” асарлари босиб кетган кўргазма ҳам хўжакўрсинга ташкил этилган бўлиб кўринади. Мьюрейга йўллаган яна бир мактубида Фриданинг Париж зиёлиларига бўлган нафрати яққол ифода этилган:
“Бу ярамасни кўришга кўзим йўқ. Мен учун улар билан гаплашгандан кўра, Толука бозорида ерда ўтириб кулча сотган маъқулроқ. Бирор марта ҳам Диегонинг ёки сенинг аҳмоқона сафсата ва бўлмағур баҳс-мунозарага вақт кетгизганингизни эслай олмайман. Наҳотки, нима сабабдан Европанинг емирилиб бораётгани, мана шу нўноқ одамлар туфайли Гитлер ва Мусоллинига ўхшаганлар пайдо бўлганини тушуниш учунгина бу ерга келиш шарт бўлса?!”
Мексикага қайтиши билан уни оғир синовлар: бошқа аёлга уйланишга қарор қилган Николай Мьюрей билан айрилиқ ва Диего билан ажралиш кутиб турарди. 1939 йилнинг 6 ноябрида икки тарафнинг ўзаро келишуви билан ажралиш ҳақида берилган ариза Койоакан суди томонидан кўриб чиқилади ва қониқтирилади. Фриданинг назарида, энг оғир кунлар — Нью-Йорк ва Париждаги изтироблар, Диего билан даҳанаки жанглар ортда қолгандек эди. Шу тариқа, улар ўртасида уч йил давомида кечган муросасиз, ҳеч нима билан оқлаб бўлмайдиган ғайритабиий “жанг” натижасида никоҳ барбод бўлди. Кейинчалик Диего ўша воқеаларни бундай хотирлайди:
“Биз ўн уч йил турмуш қурдик. Бир-биримиздан кўнглимиз ҳам совимаган эди. Мен ўзим ёқтирган аёллар билан кўнгилхушлик қилиш имкониятига эга бўлишни хоҳлардим, холос. Кўпгина ҳолларда Фрида ҳам бунга эътироз билдирмас, у фақат менга муносиб бўлмаган, аллақандай шаллақилар учун ундан воз кечишимни истамас, буни сира-сира ҳазм қила олмасди. Агар мен унинг кўнглига қарайдиган бўлсам, бу билан ўз эркимни чеклаган бўлмайманми? Наҳотки, бу ҳол тубан майлларга берилганим, ахлоқсизлигимдан далолат берса? Никоҳни бекор қилиш Фриданинг азоб-уқубат ва изтиробларига чек қўяди, деб ўйлаш хомхаёллик эмасми? Ахир, ажралишдан кейин унинг изтироблари минг чандон ортиши аён-ку!”
Фриданинг ажралиш жараёни бошланган пайтда Николас Мьюрейга ёзган мактубида қалбини тирнаётган ғам-ғусса баён этилган:
“Аянчли аҳволимни ифодалашга тилим ожиз. Диегони қанчалик севишимни билганинг учун ҳам бу азоб-уқубатлар умримнинг охиригача мени тарк этмаслигини тушунсанг керак, деб ўйлайман. Шунга қарамай, у билан сўнгги бор телефон орқали гаплашганимдан кейин ажралиш Диего учун маъқул бўлишини англаб етдим… Шу кезларда ўзимни қанчалик ғариб, ёлғиз-кимсасиз ҳис этаётганимни билсанг эди. Назаримда, бу дунёда ҳеч бир инсон менчалик изтироб чекмаган бўлса керак. Лекин, барибир, бу кунлар ҳам ўтиб кетар, дея ўзимга ўзим таскин беришдан бошқа иложим йўқ”.
Шунга қарамай, Диего ва Фрида сюрреалистларнинг 1940 йилнинг бошларида Мехикода ташкил этилган ҳамда дунёнинг кўпгина таниқли ёзувчилари, мусаввирлари, санъаткорлари иштирокидаги улкан анжуманига биргаликда ташриф буюришади. Сезар Моро ва Вольфганг Пален Лотин Америкасида Мексика ва Перу ҳиндулари-нинг кўҳна маданиятига таяниб, сюрреализм оқимини жонлан-тиришга ҳарчанд уринмасин, Испаниядаги фуқаролар уруши, Европанинг бир неча давлатларида фашистлар ҳукумат тепасига келганидан кейин ушбу анжуман сюрреализм оқимининг ўзига хос мотам маросимига айланганди.
24 майда Троцкийга суиқасд уюштирилади: қуролланган гуруҳ (айтишларича, мусаввир Сикейросга ўхшаб кетадиган плашч кийган номаълум одам раҳбарлигида) унинг уйини ўққа тутиб, ичкарига ёндирувчи бомба ташлагандан кейин муҳожир билан алоқадор барча кишилар, шу жумладан, Диего ҳам шубҳа остига олинади. Эътиборли жиҳати шундаки, жони омон қолган Троцкий полициянинг Диегога нисбатан шубҳа ва гумонларини тарқатишга ҳатто уриниб ҳам кўрмайди. Уйининг рўпарасиги хонадонда истиқомат қиладиган актриса Полетт Годдарнинг огоҳлантириши туфайлигина Диего эски таниши венгриялик мусаввир Ирена Бохуснинг енгил машинасида Сан-Францискога қочиб кетишга улгуради.
Бу ерда анча қийин аҳволга тушиб қолган мусаввир Полетт Годдарнинг ёрдами билан эски танишлари Альберт Бендер ва Пфлюгерни излаб топишга, энг муҳими, Трежер-Айленд хиёбонидаги аттракционларни безаш бўйича буюртма олишга муваффақ бўлди. У панамерика бирдамлиги ғоясини ифодалашни назарда тутиб, асарнинг марказига ацтекларнинг буюк она маъбудаси — Коатликуэнинг қиёфасини акс эттиради. Ўша асарда Полетт Годдар билан ёнма-ён Чарли Чаплин тасвирланган (Диего у билан Нью-Йоркда танишган ва “Диктатор” фильмини кўриб, унинг ашаддий мухлисига айланган эди). Мусаввир фильмдаги айрим саҳналардан “Реформа” меҳмонхонасида яратмоқчи бўлган деворий суратларида фойдаланмоқчи бўлган, аммо бу ғоя ҳокимият вакиллари томонидан сиёсий важлар билан рад этилган эди1 . Мусаввирнинг Сан-Францискодаги коллежда яратган деворий расмида ҳинду аёллар либосига бурканган ҳолда акс эттирилган Фрида Кало тимсолида нафақат Шимол ва Жанубнинг бирлашуви, балки унинг севгилиси билан ярашиш ғояси ҳам сингдирилган эди.
Чиндан ҳам, воқеалар ривожи уларнинг ўзаро ярашувини тезлаштирди. 1940 йилнинг 20 августида Рамон Меркадер (ўзини Жексон деб атаган Сталин жосуси) деган кимса Троцкийнинг уйига бостириб киради ва инқилоб етакчисининг бошига музкесар болта билан уриб ўлдиради.
Шу кундан бошлаб Троцкийга алоқадор бўлган барча одамлар, жумладан, Фрида ҳам олдинги суиқасд пайтидаги Диего сингари полиция томонидан шубҳа остига олиниб, бир неча бор сўроқ қилинади. Фриданинг тушкун ҳолати, саломатлиги кундан-кун ёмонлашиб бораётганини кузатиб турган доктор Элоэссер уни даволаниш учун зудлик билан Сан-Францискога жўнашига даъват этади. Дарҳақиқат, қадрдон шаҳарга яна бир бор сафар қилиш ҳамда Диего билан учрашиш имконияти туфайли мўъжиза рўй берди. Диего доктор Элоэссер билан суҳбатда унинг “ажралиш Фриданинг саломатлиги учун даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкин” деган гапларидан кейин “яна уни рафиқаси бўлишига кўндиришга” қарор қилади. Доктор Элоэссернинг Диего ҳеч қачон вафодор эр бўла олмас-лиги ҳақида огоҳлантиришига қарамай, Фрида никоҳ шартномасига бир неча шартлар киритилсагина, унинг рафиқаси бўлишга рози бўлишини айтади. Биринчидан, улар ўртасида жинсий алоқа бўлмаслиги керак, иккинчидан, Фрида иқтисодий жиҳатдан мустақил, ўзини ўзи боқиш имкониятига эга бўлиши шарт. Аммо кейинчалик у рўзғор харажатларининг ярмини Диего ўз зиммасига олишига кўнади. “Мен у билан ярашиб олганимдан шу қадар бахтиёр эдимки, — дея хотирлайди Диего, — ўша заҳоти унинг барча шартларига рози бўлақолдим. Саккизинчи декабрда, эллик тўрт ёшга қадам қўйган куним биз иккинчи бор турмуш қуришга жазм этдик”. Шу тариқа, узоқ давом этган айрилиқ, уларнинг ҳаётини барбод қилаётган қалб изтироблари, тушкунлик, келишмовчиликлар даври поёнига етди.

ҲИМОЯСИЗ БОЛАКАЙ

Отаси Гильермо Кало вафоти муносабати билан Фрида Койоаканга қайтиб келади ва умрининг охиригача шу ерда яшайди. Ҳаётида бошланган янги босқични нишонлаш мақсадида уйни қадимий ацтеклар ибодатхона ва саройларини безашда қўлланган тўқ-кўк рангга бўятади ва шундан эътиборан у Кўк уй деб юритилади. Севиклиси бемалол ижод қилиши учун Диего уйнинг бир қанотида, Фридага ҳамиша завқ-шавқ бағишлайдиган боғ устига устахона қуриб беради.
1941 йилнинг бошида Мехикога қайтгач, улар ҳаммасини бошидан бошлашга қарор қилганларида, бунга монелик қиладиган ҳеч қандай тўсиқ йўқ эди. Чунки, Фрида имзолаган ғалати никоҳ шартномасида бутун масъулият унинг зиммасига юклатилганди. Таъбир жоиз бўлса, бу шартнома Фридани тўрт девор ичига тиқиб, “оёқ-қўлини занжирбанд” этганди. Фрида қандай бўлмасин, ғурури ва ўжарлигини енгиб, никоҳни, муҳаббатини охиригача қатъият билан ҳимоя қилишга ҳаракат қилади. Фриданинг ана шу хислати ўз майл-эҳтиросларининг қули бўлган Диегони ҳамиша лол қолдириб келган. Шу боис ҳам Сан-Францискога Фриданинг ёнига келиб, у билан яна турмуш қуришга кўндиришга уринганида, қалбидаги самимий истакларини ошкор этган эди. Чунки, Фрида ва унинг илоҳий муҳаббатисиз у заиф ва ҳимоясиз “болакай” эканини жуда яхши биларди.
Санъат тарихида эркак ва аёл ижодининг бу қадар яхлит ва уйғун ҳолда намоён бўлиши ҳали кузатилмаган. Диего ижодида унинг даҳоси — портрет ва деворий расмларида тасвирланган белги, шакл, соя, ҳаракат, жисмлар тўқнашувида мислсиз куч-қудрат, барҳаёт асос намоён бўлади. Унинг бетакрор истеъдоди Фриданинг қарашлари, иродаси, ақл-заковати, теран илмидан озиқланади. Мусаввирлар сифатида Боливар амфитеатридаги учрашувнинг илк дақиқалариданоқ улар бир бутун, ўзаро муштарак ижодкорлардир. Фрида Диегонинг кўзлари билан кўради, сезгилари билан ҳис этади, ақли билан англайди, таъбир жоиз бўлса, улар гўё бир-бирининг моҳияти, ботиний оламини ифодаларди.
Бу ҳол Фриданинг кундалигида битилган қуйидаги сатрларда тажассум топади:

Диего — ибтидо
Диего — бунёдкор
Диего — фарзандим
Диего — қаллиғим
Диего — ижодкор
Диего — хушторим
Диего — эрим
Диего — дўстим
Диего — онам
Диего — отам
Диего — ўғлим
Диего — менинг ўзим
Диего — чексиз коинот
Диего — яхлитлик зидди
Бироқ, нима учун менинг Диегом деяпман?

Зеро, у ҳеч қачон меники бўлмайди. У фақат ўзигагина тегишли.
Диего билан ажралиш ва ярашиш давридан кейин яратган асарларида Фрида руҳий хотиржамликка эришмагани кўриниб турарди. Ўша даврда чизган автопортретларида руҳий изтироб излари: буришган лаблар, тортилган бўйин мушаклари, оловли нигоҳлар ортида қотиб қолган мағрур қиёфа намоён бўлади. Турмуш кўнгилхираликлари, узлуксиз жисмоний оғриқлар ва тинчлантирувчи дорилар миқдорининг тобора ортиб бораётганига қарамай, унинг нигоҳларида қан-дайдир даъваткор учқунлар ҳамон порлаб турарди.
Фрида оналик бахтига мушарраф бўлишни қанчалар орзу қилганини биламиз. Унинг миясида ўрнашиб қолган бу орзу-интилиш нафрат ва қўрқув туйғулари билан аралаш-қуралаш бўлиб кетгани сабабли, у қандай йўл тутишни: туғишни ҳам, туғмасликни ҳам билмасди. Ташқи сабаблар: автофалокат, жисмоний ногиронлик ва касаллик оқибатларидан ташқари, она бўлиш масъулияти олдидаги ички ҳадик ҳам унга тўсқинлик қиларди. Ана шу ҳадик таъсирида унда бутун ижодий фаолиятида бўртиб турадиган айбдорлик туйғуси пайдо бўлди. Турли тахминларни илгари сурган шифокорлар ҳам унинг феъл-атворига хос бу ғаройиб ҳодисани тушунтириб беришга ожиз эди. Бу туйғу умрининг охиригача унга тинчлик бермади. Айниқса, Лупе Марин ёки синглиси Кристина олдида у ўзининг ҳаётдан узилиб қолганини, бепуштлигини янада чуқурроқ ҳис этар, бир дақиқага бўлса-да, буни эсдан чиқаролмасди.
Фрида учун санъат оналик ўрнини боса олмаса-да, аммо қалбини тилка-пора қилиб келаётган руҳий изтиробларга дош беришига кўмаклашади, юрак-бағрини тирнаётган ҳис-туйғуларни ташқи оламга ошкор этиш воситасига айланган эди гўё. Фрида учун санъат — инсондаги ғайритабиийлик, ўз-ўзидан, сабаб-оқибатсиз интилиш ифодаси бўлгани учун ҳам унинг тасвирий асарлари сюрреалистларни ҳамиша лол қолдириб келган. Уни қуршаб турган барча нарсаларда: ҳиндуларнинг тропик ўрмонлардаги гуллар сингари ёрқин либослари, она-замин маъбудаси Тласольтеотлники каби турмакланган кокиллари, хассос, бағрикенг, баъзан шафқатсиз табиатнинг сеҳр-жодуси ила олмос сингари ярқираб турган кўз ёши — барча-барчасида санъат, болалик, гўзаллик, зўравонлик, муҳаббат аралаш-қуралаш бўлиб, яхлит бир бутунлик касб этиб турарди.
Иккинчи никоҳдан кейинги йиллар Диего ҳаётидаги энг зиддиятли давр бўлди. У Фридасиз яшай олмаслигини, Фрида яккаю ягона муҳаббати эканини ва ана шу аёл фақат унинг учун яратилганлигини юракдан ҳис этарди. Бу даврда унга ёзган мактубларини Диего “Кўзларимнинг қароғи, Фридитамга” дея бошлагани бежиз эмасди.
Аммо, Фрида энди у билан тамоман бошқача, ўзи ўйлаб топган қоидаларга асосланган, баъзан ўта шафқатсиз, таъбир жоиз бўлса, ўзига хос муҳаббат билан нафрат қоришиб кетган ғаройиб “ўйин”га киришди. Бу “ўйин”да эркак — ўз майл-эҳтирослари, хоҳиш-истакларининг соҳиби, аёл эса — тобе этилган муҳаббат фариштаси тимсолида гавдаланади.
Бу даврда Ривералар моддий жиҳатдан анча қийналиб қолган бўлиб, Диего Миллий саройдаги безак ишларини тугатгандан буён давлат буюртмалари олмаётган эди. Вазиятни ўнглаш мақсадида Диего ва Фрида Мехиконинг бадавлат кишилари ва уларнинг оила аъзоларининг суратларини чизишга мажбур бўлади. Аммо ана шу асарларда ҳам улар ўз қарашлари, эътиқоди ва тамойилларига содиқ қолдилар. Фриданинг ишларида унинг ўзига хос тасвир услуби (аччиқ ҳақиқат, унсурларнинг аниқлиги, ғайритабиий тимсоллар) бўртиб турса, Диегонинг суратларида акс эттирилган қиёфаларда илиқлик, самимийлик, эҳтирослар туғёни мужассамлашган эди.
1950 йилнинг охири — 1951 йилнинг бошлари Фрида учун бениҳоя оғир давр бўлди. Ўнг оёғида қорасон касаллиги бошлангани учун панжаларини кесиб ташлашга тўғри келди. Инглизлар госпитали шифокори доктор Фариль умуртқа поғонасини операция қилиб, суяк тўқимасини кўчириб ўтқазади. Аммо инфекция тушгани сабабли соғайиш жараёни ҳаддан ташқари чўзилиб кетди. Ана шу муваффақиятсиз муолажадан кейин, 1950 йилнинг май ва ноябрь ойлари оралиғида, у кетма-кет яна олтита операцияни бошидан ўтказади. Диегонинг эътибори ва меҳрибонлигига қарамай, у жисмонан жуда заифлашиб қолган бўлса-да, руҳан ҳамон тетик эди. Касалхона тўшагига гипс ва пўлат симлар билан михланган Фрида оғир хасталикка парво қилмай, ҳазил-ҳузулга, хонасида ғаройиб театр томошасини уюштиришга ўзида куч топа олар, шу ҳолида ҳам ижод қиларди. Диего эса илк танишган пайтларидагидек, унинг атрофида парвона эди. Фриданинг кўнглини олиш учун, унга қўшиқ куйлаб берар, масхарабозлик қилар, ёлғон-яшиқ ҳангомаларни тизиб ташларди. Дугонаси Аделина Сандехас бир гал Фридадан хабар олишга келиб, Диегонинг масхарабозларга ўхшаб, қўлидаги ноғорани ўйнатиб, каравот атрофида лапанглаб рақсга тушаётганига гувоҳ бўлганини хотирлайди. Фриданинг кундалигига назар ташласак, ўша кезларда у бор куч-иродасини ишга солиб, умидсизлик ҳолатидан қутулишга ҳаракат қилганига ишонч ҳосил қиламиз. “Мен — деб ёзади у, — унчалик изтироб чекаётганим йўқ. Фақат сўз билан ифодалаб бўлмайдиган қандайдир чарчоқ, чорасизликдан ўзимни қўярга жой топа олмайман, холос. Тинимсиз чизаверсам-чизаверсам дейман. Аммо илгари асосан ўзимнинг қиёфамни чизган бўлсам, эндиликда асарларим кимгадир наф келтиришини истардим. Ҳозирги вақтда фақат шу орзугина ҳаётимга мазмун бахш этади”.
Фрида шифокорлар билан доимо киришиб кетар, тез орада улар унинг энг яқин дўст ва маслаҳатгўйига айланарди. У операция бошланишидан олдин пайдо бўладиган қўрқувдан бир оз бўлса-да халос бўлиш учун доктор Фариль билан тез-тез хат ёзишиб турар, ҳаммаси тугагандан кейин миннатдорчилик изҳор этиш мақсадида унинг портретини чизишга киришарди: ана шундай расмлардан бирида у доктор билан бирга ҳиндуча оқ кўйлак ва қора юбкада оромкурсига ўтирган ҳолда акс эттирилган; санъатнинг ҳаёт билан узвий боғлиқлигини кўрсатиш учун асарда Фриданинг чап қўлида томирлари бўртиб турган юраги, ўнг қўлида эса унинг қонига бўялган мўйқалам тасвирланганди.
Аҳволи оғирлашган сайин Фрида теварак-атрофда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни диққат билан кузатар, гўё ташқи оламни ўзига сингдириб олишга интиларди. Унинг изтироблари оламни ўта кескин тарзда идрок этишнинг воситаси, таъбир жоиз бўлса, ўзига хос ифода тилига айланган эди. Фрида ҳамиша севиб-ардоқлаб келганлари: жароҳатланган буғу кўзларида муҳрланган илтижо сингари жабрланган ҳиндулар, Койоакан аёллари ва болалари нигоҳларидаги дардли мунг унинг қалбида акс садо берарди.
Фриданинг назарида, Мехико марказидаги қайноқ ҳаёт оғушида ўз ёғига қовурилиб юрган Диего ва дўстларидан узоқда, Койоаканда вақт гўё тўхтаб қолгандек эди. У ҳаммасини бошидан бошлайди: касалхонада чизилган эскиз бўйича илк бор бу мавзуда 1936 йилда яратилган асарни тўлдирадиган картина дунёга келади: унда Калолар оиласининг шажараси, жумладан, сингиллари, жияни Антонио, асарнинг марказида эса у дунёга келтира олмаган ҳомила — зурриёти тасвирланган.
Фрида 1943 йилдан буён биринчи маротаба гуанахуатолик мусаввир Эрменехильдо Бустоснинг содда услуби йўлида ғаройиб натюрмортлар туркумини яратади. Томошабин кўз ўнгида ботиний моҳиятини кўз-кўз қилаётган, ичлари тўқ-қизил, териси шилиб ташланган ёрқин рангларга бўялган мевалар намоён бўлади. Бу асарлардаги ҳар қандай, ҳатто энг оддий деталларда ҳам аллақандай қўрқув ва хавотир бўртиб туради.
Фриданинг аҳволи тобора оғирлашиб бораётганини сабабли 1953 йилнинг бошларида Диего унинг ҳаётидаги сўнгги байрам — Нафис санъат институтида режалаштирилган асарлар кўргазмасининг очилиш маросимини тезлаштиришга қарор қилди. Сураткаш Лола Альварес Браво ўзининг Амберес кўчасида жойлашган санъат галереясини уларнинг ихтиёрига топширди. Аксарият асарлари — синглиси Кристина тасвирланган илк картиналардан тортиб “Жароҳатланган буғу”, “Диего ва мен”, “Муҳаббат риштаси” каби энг сўнгги асарла-рини намойиш этиш учун имконият пайдо бўлгани унинг руҳиятини кўтарди. У бор куч-қувватини жамлаб, кўргазмага тайёргарлик кўра бошлайди.
Кўргазма очилишидан олдин Лола Альварес Браво олган суратда Фрида ўз хонасида байрамона либосда — қўлда тикилган оқ кўйлак, сочлари чамбарак ва тақинчоқлар билан безалган, аммо юз қиёфасида хавотир ва чарчоқ ифодаланган ҳолда тасвирланган. Апрелнинг ўрталарида унинг аҳволи оғирлашгани боис Лола кўргазмани бекор қилиш керакмикан, деган хаёлга ҳам боради. Шунда Диегонинг миясида Фриданинг каравотини санъат галереясига олиб келиш ғояси пайдо бўлди. Кўргазма очиладиган куни Фрида “Тез ёрдам” машинасида ғоят гўзал сапотекча кўйлакда, бисотидаги бор тақинчоқларга бурканган ҳолда галереяга олиб келинади. Лола Альварес Браво аксарият асарлари яратилган каравотда ўтириб, кулимсираб турган бу хаста ижодкорга ҳайрати ва меҳр-муҳаббатини изҳор этиш учун уч соат галереяга одамлар оқими тўхтамаганини эслайди. Байрамда Диего ва Фриданинг барча яқинлари, дўстлари, устоз ва шогирдлари ҳозир бўлди. Мексикалик кекса мусаввир доктор Атль ҳам ташриф буюриб, унинг қўлини сиқиб қўйди. Тайёрлов мактаби давридан буён Фриданинг қадрдон дугонаси қўшиқчи Конча Мичель ва Андрее Эррестрос у севиб тинглайдиган “Аделита”, “Бечора кийикча” халқ қўшиқларини ижро этишди.
Хуллас, тантанаворлик ва кўтаринкилик руҳида ўтган кўргазма санъат ихлосмандларининг Фридага нисбатан юксак ҳурмат-эҳтироми ва муҳаббати тимсолига айланди. “Тез ёрдам машинаси”да ташриф буюрган Фридани, — дея эслайди Диего, — дўстлари ва шогирдлари қаҳрамон сингари қарши олди. Бундай юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилишини хаёлига ҳам келтирмаган Фриданинг бутун вужуди бахтиёрликдан сармаст эди. Кўргазма жараёнида у деярли гапирмаган бўлса-да, бу унинг ҳаёт билан сўнгги бор видолашуви эканини англаб етган эди, деб ўйлайман”.
Диего ҳақ бўлиб чиқди. Кўргазмадан кейин уч ой ўтар-ўтмас қорасон янада кучайгани сабабли шифокорлар ўнг оёғини кесиб ташлаш зарурлигини унга маълум қилишди. У бу хабарни ҳар доимгидек матонат билан қарши олди, қалбидаги ҳис-туйғуларини эса кундалигига тўкиб солди. Унинг бир саҳифасида бўлак-бўлак қилиб кесилган оёқни тасвирлар экан, “Парвоз учун қанот бўлса, оёқ менга не керак” деган сўзларни битиб қўяди.
Фрида туну кун яқинлари ва дўстларини унинг бағридан юлиб кетаётган ўлим, охират ҳақида ўйлар, марҳумлар билан ғойибона сўзлашар, кундалигидаги ёзувлар борган сари мавҳум, тушунарсиз, бир сўз билан айтганда, ҳардамхаёл бўлиб қолган эди. У 1953 йилнинг кузида марҳум дугонаси Исабель Вильясеньорга ғойибона мурожаат этиб, кундалигига шундай деб ёзади: “Азизим, Исабель. Мен ҳам йўлга ҳозирлик кўраяпман, тез орада сенга етиб оламан. Йўлинг хайрли бўлсин, Исабель. Қизил, қизил, қизил. Ҳаёт. Ўлим. Кийик, кийик”. Унинг руҳий ҳолати шу қадар аянчли эдики, ҳатто ўша йилнинг қишида ўзига суиқасд қилади, лекин жони омон қолади.
Операциядан кейин у дугонасига шундай деб ёзади: “Оёғимни кесиб ташлашди. Умрим бино бўлиб ҳеч қачон бундай азоб-уқубатларга дучор бўлмаганман. Вужудни қуршаб олган титроқ ҳозиргача босилмаган, танамда соғ жойнинг ўзи қолмаган, ҳатто қон айланиши бузилган. Операциядан олти ой ўтиб, кўриб турганингдек, ҳамон тўшакда михланган аҳволда ҳам Диегони ҳар қачонгидан кўпроқ севаман, ҳали унинг учун фойдали бўлишга, кўплаб асарлар яратишимга умид қиламан. Ишқилиб, Диего соғ-омон бўлса бас, чунки, у ҳаётдан кўз юмадиган бўлса, мен шу заҳоти унинг ортидан бораман. Иккимизни биргаликда дафн этишади. Диегодан кейин менинг яшашимга хомтама бўлиб юрманглар. Мен усиз яшай олмайман. У менинг ўғлим, у менинг онам, у менинг отам, у менинг турмуш ўртоғим. У менинг борлиғим”.
Аммо тақдири азалнинг ҳукми ўзгача бўлди. Операциядан кейин Фриданинг мислсиз жасорати ва матонатига қарамай, кундан-кун ҳаётий қуввати сўниб борарди. Кейинчалик Диего у билан ўтказган сўнгги дақиқаларни Глэдис Марчга сўзлаб берган эди: “Бир кун олдин Фрида тўйимизнинг йигирма беш йиллигига (уни ўн етти кундан кейин нишонламоқчи эдик) сотиб олган узукни қўлимга тутқазди. Нима учун совғани олдиндан бераётганини сўраганимда, у “кўнглим сезиб турибди: яқинда мен сени тарк этаман”, дея жавоб қилган экан.
Кундаликнинг сўнгги саҳифасида қўрқинчли ўлим фариштаси тасвири ёнида Фриданинг метиндек иродаси ва матонатининг тимсолига айланган “Кетишим хайрли бўлишига ва ҳеч қачон қайтиб келмаслигимга умид қиламан” деган даҳшатли сўзлар битилган эди.
У 13 июлда, қирқ ёшга тўлганидан роппа-роса бир ҳафта ўтиб вафот этди.
Эртасига шаррос қуяётган ёмғир остида Диего очиқ тобутда, ҳиндуларнинг оппоқ либоси кийинтирилган Фридани видолашув бўладиган жой — Нафис санъат саройига кузатиб қўйди. Маросим охирига етгач, устига қизил мато ташланган тобутни Сан-Долорес қабристонидаги крематорийга олиб кетишди.

ХОТИМА

1954 йилнинг 13 июлида, сешанба куни Лола Альварес Браво томонидан туширилган охирги суратда жонсиз жисмини акс эттираётган ойна тагидаги каравотда, сўнгги байрам чоғида кийиб борган қора юбка ва ҳинду аёлларнинг оппоқ кўйлагига бурканган ҳолда ётган Фрида юз қиёфасида марҳумларга хос ажиб бир хотиржамлик муҳрланган. Ёнида унинг учун қадрдон бўлиб қолган нарсалар: гуллар, жавонда бир тўп китоб, қўғирчоқлар, суратлар. Қўлига қўнган пашшани кўрган одамга гўё ҳаммаси тушда бўлаётгандек, у ҳозир нафас ола бошлаётгандек, уйғониб, яна ҳаётга қайтаётгандек бўлиб туюлиши мумкин. Бу пайтда эса Мовий уй афсонага айланиб бораётганди. Итлар эшик бўсағасида уй бекасининг чиқишини кутиб ўтирар, сукунатга чўмган боғдаги кўлмакчалар майдалаб ёғаётган ёмғир томчиларидан қалқиб-титраб турарди.
Кейинги пайтда Фрида бу уй ва боғни деярли тарк этмас, уни ташқи дунёнинг, бир қарашда, хаёлий, шу билан бирга, азоб-уқубатлар воқелиги билан уйғунлашган ўзига хос андозасини яратганди. Мовий уй унинг учун гўё ҳар қандай ҳаётий ташвиш ва кўнгилхиралик, ҳатто ўлимга ҳам дош бера оладиган Диегога муҳаббатининг тимсоли эди.
Фриданинг ўлимидан кейин Диего Койоаканга қайтиб келмасликка қарор қилди. Унинг оддийгина музей эмас, бу ерга ташриф буюрган ҳар бир санъат ихлосмандини Фриданинг ижодий меросига, уй деворлари, жиҳозлари, боғдаги ўсимликларда муҳрланиб қолган беқиёс гўзалликка ошно этадиган муқаддас маскан бўлиб қолишини истарди.
Диего учун Фрида ёнида ўтказган сўнгги дақиқалари жуда изтиробли ва аянчли бўлди. Нафис санъат саройининг кўркам биносида миллий мусиқа янграб турар, одамлар эса Диего Ривера ва Лесаро Карденасни ҳар томондан қуршаб олиб, сукут сақлаб туришарди. Кекса мусаввир Карденаснинг юзлари ғамдан қорайиб кетган, у теварак-атрофда нималар бўлаётганини кўрмас, ҳис этмасди. Мотам маросимига ташриф буюрган одамлар Хуарес шоҳкўчаси бўлаб тобут ортидан Сан-Долорес қабристони томон юриб боришарди. Крематорий эшиги олдида қандайдир саросималик пайдо бўлди: келганларнинг барчаси марҳума-нинг юзини яна бир бор кўриб қолишга шошиларди. Сикейроснинг хотирлашича, Фриданинг юзида пайдо бўлган олов учқунлари кунгабоқарнинг гулини эслатар, у гўё ўзининг сўнгги автопортретини чизаётгандек тасаввур ҳосил бўлар эди.
Ҳиндуларнинг қадимий урф-одатига кўра, марҳумнинг кули солинган халтача анъанавий шолрўмолга ўралган ҳолда Фриданинг хонасига қўйилди.
Қанча ғам-андуҳни бошдан кечирмасин, Диего узоқ вақт ёлғиз қолмади. 1955 йилнинг 29 июнида кўп йиллар унга ёрдамчи ва тижорат агенти сифатида хизмат қилган аёл — Эмма Уртадо билан турмуш қуради. Диегонинг синглиси Мария дель Пиларнинг хотирлашича, ўлими арафасида Фрида Эммани ёнига чақиртириб, бу дунёдан кетганидан кейин Диегога турмушга чиқишга ва унга ғамхўрлик қилишга ваъда беришини илтимос қилган экан.
Диего аввалгидек меҳнат қилар, Миллий Сарой, Кимё мактаби ва университет стадиони учун деворий суратлар лойиҳасини тайёрлаш билан банд бўлди. У ёшликдаги орзуси — Санъат шаҳарчаси режасини ишлаб чиқади ва уни Анаукальидаги эҳром атрофида барпо этишни режалаштиради.
Диего саратон хасталигига чалинганига қарамай, ҳамон ижодий куч-қувватга тўла эди. У кўплаб анжуманлар, сиёсий тадбирларда иштирок этар, ёрқин нутқлар сўзларди.
1955 йилда мусаввир рафиқаси билан даволаниш учун Совет Иттифоқига борди. Кетиш арафасида Фрида унинг бутун ўй-хаёлларини қамраб олди. Эсдалик суратида у Фридага хос услубда “Кўзларимнинг қароғи, Фридитамга. Сенинг Диегонг, 1955 йил 13 июл. Бугун ўша кундан роса бир йил ўтди”, деб ёзиб қўяди.
Диего Ривера Москвадан сон-саноқсиз суратлар, эскизлар, жумладан, ёшлик чоғида танишган шоир Маяковскийнинг портрети билан қайтди.
1956 йилнинг 13 декабрида унинг етмиш йиллик юбилейи тантанали нишонланди. Мехикода Анаукальи эҳромлари, мусаввир-нинг болалик даврлари ўтган Гуантохуатода банкетлар, баллар, мушакбозликлар ташкил этилди.
Саломатлиги тобора ёмонлашаётганига қарамай, Диего Ривера мамлакат бўйлаб тинимсиз сафарлар қилар, кўплаб табиат манзаралари, чунончи, қуёшнинг ботиши (биргина Долорес Ольмедо фондида мусаввирнинг қуёш ботиши пайтида Акапулько манзалари акс эттирилган элликта асари сақланади) тасвирини яратарди. У аввалгидек эзилган, жабрланган халқлар манфаатларини ифода этиб, инглизлар, французлар ва исроилликларнинг Суэцдаги тажовузини, Франциянинг Жазоирдаги хунрезликларини, АҚШнинг Кубани яксон қилиш борасидаги интилишларини кескин қоралайди. Шу билан бирга, 1956 йилда Венгрияда содир бўлган қўзғолонни “империалист-лар фитнаси” дея баҳолайди.
1957 йилнинг 25 июнида Диего Ривера Фрида билан руҳан уйғун ҳолда дунёга ўзининг сўнгги мурожаатини эълон қилади. Мусаввир Мигель Пантохнинг ташаббуси билан у жаҳондаги барча ижодкорлар ва маданият арбобларини сайёрамизда тинчликни сақлаб қолиш, кучли давлатлар айби билан кўплаб мамлакатлар ва халқларга таҳдид солаётган ядро синовлари ва қуролланиш пойгасини тўхтатишдек эзгу мақсад йўлида биргаликда ҳаракат қилишга даъват этади. Унинг бу даъватида умр бўйи ҳаётнинг беқиёс гўзаллигини ифода этишга интилиб келган Фриданинг шижоаткор овози ҳамоҳанг жаранглагандек бўлади: “Бор овозим билан севги-муҳаббат, инсонлараро мулоқотнинг қадрига етадиган, ҳаёт тимсоли — гўзаллик бунёдкорларига мурожаат этмоқчиман: барчамиз бирлашиб, ядро синовларини зудлик билан тўхтатиш ҳақида бонг урмоғимиз, талаб қилмоғимиз ва шунга эришмоғимиз даркор. Бундай саъй-ҳаракатимиз билан одамларни ақл билан иш тутишга, эзгу мақсад йўлида бирлашишга, одамзотнинг қирилиб кетишига олиб келадиган термоядро қурилмаларини ишлаб чиқариш ва қўллашни батамом тақиқлаш ҳақида қонун қабул қилинишига эришишимиз мумкин”.
Шу тариқа, Фрида Кало вафотидан уч йилу тўрт ой ўтиб, Диего 1957 йилнинг 24 ноябрида, қадрдон Гуанахуато аҳли унинг туғилган кунини нишонлашга ҳозирлик кўраётган пайтда Сан-Анхельдаги устахонасида миясига қон қуйилиб, ҳаётдан кўз юмди. У жасадини куйдириб, кулини жондан азиз севгилисининг кули билан аралаштиришни васият қилган эди. Бироқ унинг васияти амалга ошмайдиган бўлди: Диего Ривера Сан-Долорес қабристонидаги Мўътабар зотлар хиёбонида дафн этилди.

Русчадан Баҳодир Зокир таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил 12-сон.