Собир Ўнар. Буюк бурч (2010)

Мустақилликнинг дастлабки йилларида, аниқроғи, 1993 йилда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев Адабиёт газетасида “Адабиёт ўладими?” деган баҳс қўзғовчи мақола билан чиққан эди. Ростдан ҳам шунгача ва бундан кейин ҳам қисса, романларда ҳануз райком, исполком, комсомол, пионерлар “жавлон уриб” юришардики, албатта, бу яқин тарихнинг тез воз кечилган қаҳрамонлари эди. Шуни ҳам тан олиш лозимки, ўша даврда жамиятда иккиланишлар, энди бу ёғи нима бўлади, деб саросимага тушиш, мустақилликнинг порлоқ келажагига ишонишни хоҳламайдиган тоифалар ҳам бор эди.

Ш.Холмирзаев эса Юртбошимиз таъкидлагани каби энди ортга қайтадиган кўприклар бузиб ташланганига чинакам ишонар, шу боис турғун адабиётни “ўладими?” дея атай “фитна” қўзитиб, ўзи эса енг шимариб янги “Динозавр” романини ёзишга киришиб кетган эди. Ва бу билан адабиёт, хусусан, ўзбек адабиётидай кўҳна ва мумтоз адабиёт нафақат ўлмайди, балки ривожланишга қодир эканини исботлашга тушган ҳам эди. Кези келганда айтиш жоизки, Мустақиллик йиллари Ш.Холмирзаев ижодининг энг гуллаган ҳамда баракали даври бўлди. Ўнлаб ҳикоя, қисса, эсселар ёзди. Эссе жанрининг имкониятлари нақадар кенг эканини кўрсатиб берди. О.Ёқубов, М.Қўшжонов, А.Орипов, Шуҳрат, Б.Зокиров, Ў.Умарбеков ва бир қатор ўзидан ёши кичик шоирлар, замондошлар ҳақидаги эсселари чинакам бадиий юксак асарлардир. Айниқса, академик М.Қўшжонов хусусидаги “Бу кишим устоз, биз шогирд” эссеси танланган асарлари жамланган китобида қарийб 400 бетлик ҳажмни эгаллайди. Аммо мароқ билан ўқилади. Ш.Бурхонов ҳақида алоҳида эссеси бўлишига қарамай, ёзувчи мазкур асарида у инсоннинг бошқа фидойи жиҳатларини ҳам йўл-йўлакай очиб беради, ўзи, илк севгиси, тенгқурлари, улар ўртасидаги садоқат, хиёнат, талабалик ҳаётининг ўчмас томонлари, ва ниҳоят, умр йўлдошига қай тахлит эришиб, тўй бўлгунича бўлган тафсилотларни ҳам киритадики, бу беихтиёр, кўз олдингда бутун борлиғи билан пайдо бўлган улкан панорамани эслатади. Шу асно ёзувчи адабиётдаги аввалдан пайдо бўлган тарафкашлик иллатларига ҳам қитмирона бир бўйлаб қўяди.

Хўш, Ш.Холмирзаев “Динозавр” романида нимани ёзган эди? Роман тугадими-тугамадими, ҳар қалай ўша биринчи китоби “Ёшлик” журналида эълон қилинди. Шукур ака аввалги романларида у ёқ-бу ёққа оғиб, ўз таъбири билан айтганда “ўтлаб кетадиган” одати бор эди. Лекин бу сафар пишиқ роман ёзди. Янги ҳаётга мослашолмаётган театрнинг актёр-режиссёри – таниқли инсон ҳақида. Бора-бора қаҳрамон ҳаёт олдига қўяётган янги талабларни қабул қилолмаётгани аён бўла боради. Зиддиятли фикрлар қуршовида қолади. Кейинги китобда қаҳрамон динозавр янги эрадаги табиий турланишга дош беролмагани сингари янги ҳаётга бегоналигича қолади ва ўз жонига қасд қилади. Чунки унинг суяги ҳам, онг-шуури, мафкураси ҳам кечаги ҳаёт билан қотиб бўлган. Демак, бугунги кўриб турган истиқлол даврини у аввал тасаввур қилмаган, эҳтимол, орзу ҳам қилмагандир, унинг жаннат даври ўша ёқда қолиб кетди. Ёзувчи уни янги даврга муносиб кўрмайди.

Бу катта интеллект, истеъдоднинг фожиаси.

Шу даврда таниқли ёзувчи Одил Ёқубов “Бир хонадон сирлари” номли саҳна асари ёзди. У Миллий театримизда муваффақият билан қўйилди. Гарчи маиший мавзуда бўлса-да, ёзувчи ўзига хос теран нигоҳи ила янги одамларнинг нақадар ўзгарганини, охир-оқибат ҳалоллик чирик бойликка нафақат бас келади, балки ғалаба қилишини маҳорат билан, қизиқарли, жонли диалоглар асосида кўрсатиб берди.

Менимча, 1995 йил эди. Муҳтарам Президентимиз бир гуруҳ олимлар, таниқли адибларни қароргоҳига чорлаб, атрофлича суҳбат қурди, фикр алмашди. (Чамаси “Жаҳон адабиёти” журналининг зуваласи ҳам ўшанда пишувди). Ва гап айланиб замонавий қаҳрамонга тақалган, Юртбошимиз кечаги замонда қаҳрамонлар яратолган улкан адиблар бугуннинг қаҳрамонларини ҳам яратмайсизларми, деган ҳақли савол, керак бўлса, талабни қўйган эди.

Мана, келаси йили шонли Мустақиллигимизнинг 20 йиллигини нишонлаймиз. Бу улуғ сана. Бир йигитнинг навқирон, кучга тўлган ёши. Ўтган йиллар мобайнида адабиёт ҳам кучга тўлмадими?

Шунча вақт ичида кўплаб тарихий мавзудаги асарлар, романлар ёзилди. Романларнинг ҳаммасини ҳисоблаганда 120 тадан ошар экан. Рақам мақтанарлик. Аммо уларнинг ичида эсда қолмайдиган, тор маиший мавзудагилари, бадиий савияси саёзлари чунон кўпки, яхшилари-чи, деган саволга каловланиб фалон-писмадон деб тўрт-бештасинигина айта оламиз.

Хўш, ўтган йиллар ичида адабиёт бойимадими, ривожланмадими?

Айтиш жоизки, Адабиёт деб аталмиш катта, улкан оқим депсиниб тургани йўқ. У ривожланишда, турли хил кўринишда, турли йўналишда, шаклда қайнаб ётибди. Бир нарсани қувонч билан эътироф этишим мумкин. Мустақиллик йилларида том маънодаги аёллар насри пайдо бўлди ва кучайди. Зулфия Қуролбой қизи ва Саломат Вафо иккитадан роман ёзди. Салмоқли асарлар бўлгани, ҳар ким ҳам роман ёзишга қурби етмаслигини ҳисобга олганим учун айтяпман. Аслида улар адабий жамоатчилик томонидан жуда яхши асарлар сифатида эътироф этилди. Маъсума Аҳмедова, Меҳринисо Қурбонова, Дилфуза Қўзиева, Мамлакат Нормуродоваларнинг бадиий савияси баланд асарларини матбуот орқали ўқияпмиз. Жиззахлик ёш талаба Гулноз Мамарасулова, хивалик Гўзалой Матёқубова, нукуслик Гулойим Айимбетовалар ҳам талаба бўлишларига қарамай қисса ва ҳикоялари билан адабиётда ёрқин истеъдодлар сифатида бўй кўрсатишмоқда.

Эҳтимол, адабиётда эркак, аёл насри деган гап ғализроқ жаранглар, аммо аёл-қизларимизнинг кейинги йиллардаги фаоллиги, маҳоратларини намоён этаётганлиги уларни алоҳида таъкидлаб ўтишга ундайди.

Оқсоқол адиблар қатори Эркин Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад, Назар Эшон-қул, Аҳмад Аъзам, Нормурод Норқобилов, Улуғбек Ҳамдам, Луқмон Бўрихон, Абдуқаюм Йўлдошев, Исмоил Шомуродов, Исажон Султон, Ғафур Шермуҳаммад, Наби Жалолиддин, Шойим Бўтаев сингари ёзувчиларнинг чинакам ижод қилишаётгани бугунги адабийнаср муҳитини белгилаб турибди. Улар қаламидан яралган кўплаб қиссалар кинога олиниб, телевизор ёки киноэкран орқали томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди.

Муҳтарам Президентимизнинг шу йил ёзда Бухородаги янги театр биноси очилишида билдирган фикр ва мулоҳазалари нафақат театр ижодкорлари, балки Ёзувчилар олдида ҳам чинакам замонавий қаҳрамонларни юзага келтириш муаммоси кун тартибида турганини кўрсатди. Шундан сўнг Республика Киночилар уйида киноматографчилар, режиссёр, актёрлар билан бирга ёзувчи-шоирлар иштирокида давра суҳбати уюштирилди. Қилинажак ишлар, келгуси вазифалар ҳақида фикр алмашилди. Биргалашиб қилиниши мумкин бўлган ишлар ҳақида гаплашилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Президентимиз қарори билан Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида “Ижод” жамоат фонди ташкил этилди ва иш бошлади. Дўрмон ижод фонди ва ёзувчилар сиҳатгоҳи қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Ёзувчилар ундан имтиёзли тарзда фойдалана бошладилар. Фондга ҳам маблағлар тушяпти. Айтиш керакки, буларнинг барчаси адиблар учун мислсиз шарт-шароитлар туғдирди. Қалам ҳақларининг оширилиши, нашрларга молиявий ёрдам, кекса авлод вакилларига моддий кўмак бериш хусусида гаплар бормоқда. Шундай экан, нимага энди ёзувчилар керак бўлса, аввалги замонларда бўлгани каби ижтимоий буюртмалар олишлари мумкин эмас? Ҳозирги вақтда нафақага чиққан, вақти, тажрибаси кўп атоқли адибларни Дўрмон ижод боғига таклиф қилиб, киноижодкорлар билан, театр ижодкорлари билан ойлаб ҳамкорлик қилишларига шароит яратиб бериш мумкин-ку. Бу юмуш навқирон авлод вакилларининг ҳам қўлидан келади, балки замонавий шаклда, янгича қарашлар асосида қойилмақом қилиб уддалаши мумкин.

Бинобарин, Юртбошимиз қўяётган талаблар ҳар биримизга юксак масъулият юклайди. Мавжуд шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиб ижодий имкониятларимиз қай даражада эканини намоён этиш вақти келди.

Хўш, ўзи замонавий қаҳрамон ким? Пахтакорми, ғаллакорми, фермерми, қурувчими, муҳандисми, зиёлими – ким ўзи? Балки раҳбар, жамоат арбобидир? Ҳар қалай, у яхши одам. Юртнинг корига ярайдиган, бошқалар учун керакли инсон. Балки у сипогина, тартибли, тоза, ўйлаб гапирадиган доно, ўғил-қизи, хотинига меҳрибон, эрталаб кетиб кечқурун шом тушмасидан қайтиб келадиган рисоладаги одам ҳам эмасдир. Муҳими, у тақдирга бепарво эмас, бизнинг, ҳар кимнинг бошига тушаётган савдолар унинг ҳам бошига тушади, яхши-ёмоннинг қуршовида, сизу биз дуч келадиган тўсиқлар, таъмагир, фирибгарлар унинг ҳам олдидан чиқади. Аммо у енга олади, чидай олади. Шунинг учун ҳам қаҳрамон.

Бу йўлда ҳар хил савиядаги асарлар яратилади. Бу тушунарли. Чунки ҳаммаям зўр ёзолмайди. Бунинг иложи йўқ. Лекин яхшилари сараланади. Китобхон, томошабин тез ажратади. Бирданига қўл силтаб қўяқолиши мумкин. Энг ашаддий ҳукм шу. Лекин ҳаёт ҳақида, одамлар ҳақида рўй-рост ёзилган, оқибати яхшиликка етакловчи бадиий юксак асар бировни бефарқ қолдириши мумкин эмас.

Кези келганда муҳтарам Юртбошимизнинг “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” рисоласидаги қуйидаги фикрлар билан сўзимизни мухтасар қилишни лозим топдик. “…Ёзувчиларимиз ўз истеъдоди билан одамларнинг онги ва дунёқараши, маданий савиясини юксалтириш, халқ қалбининг куйчиси бўлишдек оғир ва мураккаб, улуғ бир вазифани зиммасига олган экан, аввало эл-юрт олдидаги фарзандлик бурчини, фуқаролик позицияси ва масъулиятини чуқур сезиши, англаши ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Менинг фикримча, ёзувчилик – бу оддий касб эмас. Худо берган истеъдоддир. Бу – қисмат, пешонага ёзилган тақдир. Бу касбга ҳеч қаерда ўқитиб, ўргатиб бўлмайди. Ёзувчиликнинг мактаби ҳам, дорулфунуни ҳам битта. У ҳам бўлса, бир умр ҳаётнинг ичида бўлиш, ўз халқи билан ҳамдарду ҳамнафас бўлиб яшаш, ҳақиқат ва адолатга садоқат билан хизмат қилишдир”.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 11-сон.