Эсонғали Равшанов. Чўлпон

http://n.ziyouz.com/images/chulpon.jpgШарқ шоирлари “тахаллус”, қозоқларда “бурканчик, лақаб от”, руслар “псевдоним” дейдиган, турли халқларда турлича аталадиган адабий атама бор. Гап отда эмас, зотда, деганларидай, мазкур атаманинг келиб чиқиш сабаблари ва тарихи узоқ ҳамда баҳсталаб. Баҳсталаблиги боисидан ҳам у қизиқ. Шарқда шеър ёзиш нимани англатади? Бу ўзни қадрлашни, ўзликни англашни билдиради. Назмда маҳорат чўққисини забт этиб, мухлислар қалбида ҳайрат ва завқ уйғотган шоиргина тахаллусга эришади. Маҳорат чўққиси қай йўл ва қай усуллар билан забт этилиши эса алоҳида мавзудир. Гапни мухатасар қилсак, у ҳаётда бир бор берилади. Шоир эришган тахаллус унинг бир умрлик ҳамроҳи, ҳамроҳигина эмас, ўзлигига айланади.

Сўз—муқаддас. Осмондан тушган тўртта муқаддас китобнинг бирида “Сўз дастлаб Худо эди”, дейилади. Сўз—Худо.

Ҳамалнинг от қулоғи кўринмас кўройдин тунларида сафарга чиққанмисиз? Ана шунда олис-олисларда, кўз етмас ерда, нафақат кўз, балки овоз етмас йироқда, қоп-қоронғу осмоннинг бир чеккасини бехосдан тилган чақмоқ борлиқни бир лаҳза ёритиб ўтади. Бир лаҳзадан кейин олам яна қоронғуликка ғарқ бўлади… Кейин тақдир йўллари сизни қанча манзилларга бошлаб боради, қанча қоронғу ва ёруғ кунларни кўрасиз, лекин Ҳамал ойининг ўша қоронғу кечасини бир лаҳзага ёритиб ўтган чақмоқ шуъласи хотирангизга муҳрланиб қолади.

Ўзбек шоири Чўлпонни ўқиганимда ўша чақмоқ шуъласини кўз олдимга келтираман. У нега ўзига “Чўлпон” деган тахаллус танлади экан, деб қайта-қайта ўзимга савол бераман.Ўзга тахаллус қўллаганида, балки уни қуршаб келаётган зулматдан омон қолармиди, деб ўйлаб қоламан. Эрта саҳар пайти кўкда пайдо бўладиган ёруғ юлдузни “Чўлпон” дейишади.. Афсуски, унинг умри қисқа. Бор-йўғи икки-уч соатгина осмонда шуъла сочиб, тезда сўнади. “Чўлпон юлдуз ҳали чиқмаган эди” деганимизда, тун пардаси кўтарилмаган эрта саҳарни таърифлаймиз. Чўлпон шоирнинг умри ҳам ўша тонг юлдузидай қисқа бўлди. У ўзининг дастлабки шеърларини “Қаландар” ,“Андижонлик” каби тахаллуслар остида эълон қилиб юриб, ниҳоят, мана шу “Чўлпон”га тўхталганида неларни ўйлади экан?

Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон! У 1897 йили Андижонда туғилди. Шоирнинг отаси Сулаймон Муҳаммад Юнус ўғли Андижоннинг кўзга кўринган савдогарларидан бири эди. Андижон ўзгача гўзал ва сеҳрли маъво. Унинг гўзаллиги ва сеҳри буюк Бобур Мирзонинг ғазалларида ўзгача бир меҳр ва соғинч билан куйлангани бежиз эмас.

Тоғлар ортида ёнма-ён жойлашган уч ўлка – Наманган, Фарғона, Андижонни ўзбеклар “Водий” деб улуғлайдилар. Водийнинг туб аҳолиси ўзларини тоза ўзбеклармиз, дейишади. Аслида бугунги ўзбек адабий тили Фарғона билан Тошкент шевалари асосида шаклланиб, ривожланган. Ўзбекларда ҳар бир вилоят ўз шевасида гапиради. Шевалар ҳар хил бўлганидан баъзан бир-бирларининг гапларини қийналиб тушунишлари ҳам мумкин.

Чўлпон мана шундай ажойиб, шарафли заминда туғилди. Ўзбекларда оддий кишиларга касбига қараб лақаб бериш одати ҳам бор.

Шоир Чўлпоннинг отасини андижонликлар “Сулаймон баззоз” дейишган. Бу мато ёки газлама сотувчи дегани. Болалик чоғларидаёқ бўлажак шоирга отасининг газлама дўкони торлик қилди. Буни сезган Сулаймон баззоз “Газлама сотишни истамаса, унда мулла бўла қолсин” деган ниятда боласини мадрасага ўқишга беради. Кейинчалик Чўлпон: “Мадрасада ўқиб юрган кезларимда бир турк билан танишдим. У Қуръонни бошдан-оёқ ёд биладиган ғоят саводхон киши эди. Кейин билсам, Истамбулдаги пантуркистлар уюшмаси томонидан у Шарқий Туркистонга умумтурк ғояларини тарғиб қилиш учун юборилган экан. Газета-журналларни мутолаа қилишни ўшандан ўргандим. Мадрасадаги сабоқлар бир чеккада қолиб кетди. Бир йўла адабиётга юз бурдим”, – деб ёзади жадидчилик йўлига қандай кирганини ҳикоя қилар экан.

Шундай қилиб, Сулаймон отанинг орзуси ушалмади. Баззоз бўлади, деган фарзанди “Зўр шоир бўламан” деди. Отанинг режалари бирма-бир чиппакка чиқа бошлади. Қурбон ҳайитлари-ю, ифтор оқшомларида, лайлатулқадр тунлари, таробиҳ намозларида Қуръони Каримни бошдан охиригача, охиридан бошигача ўқиб, муҳтарам жамоатни ҳайратга соладиган уламо бўлар деган ўғли қўлига тасбеҳ ўрнига ҳасса тутди, бошига салла ўрнига бежирим шляпа кийди. Андижондаги рус-тузем мактабида ўқиб юриб, жаҳон халқлари адабиётининг мумтоз асарлари билан танишди ва замонавий ўзбек таржима мактабига асос солди… У Туркистонда биринчи бўлиб Шекспирнинг “Гамлет”ини, Пушкиннинг “Дубровский”си, Гоголнинг “Ревизор”ини ва Рабиндранат Тагорнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган шоир эди. Бизнинг Мағжон каби Чўлпон ҳам ўзбек шеъриятига янги оҳанг, янги услуб билан кириб келган эди.

Жадидчилик ҳаракати бошқа туркий халқларга қараганда ўзбекларга ғоят қийинчиликлар билан сингди. Бу табиий ҳол эди. Асрлар бўйи шаклланиб келган удумлардан халос бўлиш осон кечмайди. Ўтроқ халқ ҳар қандай янгиликни эҳтиёткорлик билан қабул қилади. Шунда ҳам қабул қилса…

Чўлпон ўз асарлари билан халқига яқин бўлишни истади. Ўз халқи учун тушунарли, ҳаммага бирдай маъқул бўладиган тилда шеърлар ёзгиси келди. Соф ўзбек шоири бўлишга, соф ўзбек тилида ёзишга жазм қилди. У ижод учун маънавий қувватни ташқаридан эмас, ичдан, ўзбек халқининг ўзидан излади. Лекин, ўз қобиғига ўралиб қолмасдан, ўзга халқларнинг шеъриятини ҳам қунт билан ўрганди. “ Кеча ва кундуз” романининг қаҳрамони “Оренбургда, Қозонда, Уфада, Бокуда, Астраханда, айниқса, Москвада қандай ажойиб газеталар чоп этилади. Боғчасаройга беш сўм жўнатсанг, бир йилгача уйингга “Таржимон” келиб туради”,– дейди. Демак, у ёшлигиданоқ тинимсиз ўқиб-изланган, ўз устида ишлаган. Бу бир. Иккинчидан, у мумтоз шоирларнинг лирик қаҳрамонлари янги давр учун мос келмаётганини, миллий шеърга янгича замон руҳини сингдириш лозимлигини англаб етди. Ўша қизил гул билан май, Боғи Эрам билан ҳур қизлар, булбул билан фаришталардан ҳам бошқа ўхшатиш ва мавзулар борлигини, у мавзуларни ривожлантиришга ўзбек тилининг қудрати етишини исботлашга интилди. Ва буни исботлади ҳам. Уни бахтли шоир дейишимизнинг сабаби ҳам шунда.

“Замонавий ўзбек адабиётини икки буюк дарёга – Сир ва Амуга ўхшатиш мумкин. Бошқачароқ қилиб айтсак, Сир деганда – Чўлпонни, Аму деганда—Абдулла Қодирийни билмоқ керак” деган таърифга тўлиқ қўшилишимиз ҳам шундан.

Ҳар йили баҳор янгича келгани каби, ҳар бир шоир ҳам адабиётга янгилик бўлиб киради. Ўтган асрнинг боши адабиёт учун ижодий изланишлар ва ижодий кашфиётларга бой бўлди. Бу даврга келиб, миллатнинг илғор ижодкорларида туркий оламнинг миллий қадриятларига фарзандлик нигоҳи билан қараш шакллана борди. Шунинг учун ҳам шоир Чўлпон ўзининг “Адабиёт надур?” номли мақоласида “Адабиёт яшаса, миллат яшар: адабиёти гулламаган ва адабиётининг тараққийсига интилмаган ва адиблар етиштирмаган миллат охир бир кун ҳиссиётдан, ўйидан, фикридан маҳрум бўлиб, секин-аста инқироз бўлур, буни инкор қилиб бўлмас” деса, озарбайжон Муҳаммад Ҳоди “Озодликсиз умр — тул” деб таъкидлайди. Татар шоири Абдулла Тўқай ўз тили тўғрисида “Эй, туққан тил, эй матур тил, отам, онамнинг тили, дунёда кўп нарса билдим сен туққан тил орқали”,– деб хитоб қилган. Султонмуҳаммад оғанинг “Зимистон қозоқ осмонига чиқиб кун бўлай”,– дейдиган кезлари эди ўша дамлар.

Чўлпон, том маънода, миллий туйғуларни акс эттирган шоир бўлиб етишди. Ижодидаги айнан ана шу миллий туйғу кейинчалик унинг бошига етди. Лекин бу шоир учун шарафли ўлим эди, деймиз. Миллат учун жон фидо қилганлар шаҳид бўлади, дейишади аждодлар. Ишонгимиз келади. Миллат учун шаҳид кетган улуғ шоир Чўлпоннинг руҳи шод бўлиб, у дунёда жаннатда юрганига ишонгимиз келади. ..

ХIХ асрнинг ўрталарида руслар Ўрта Осиёни истило қилишга киришдилар. Аввал, 1868 йилда Бухоро амирлиги, 1873 йилда Хива хонлиги, кейин эса, 1876 йили Қўқон хонлиги босиб олиниб, оқпошшога тобе этилди-да, бу ўлка “Туркистон генерал губернаторлиги” деб аталадиган бўлди. Эл мустамлакачилар зулми остида қолди. Буларнинг бари шоирнинг юрагидан ўтиб, қалбига озор берарди. У миллат озодлиги орзусида яшади. Чўлпонни янгича шоир дейишимизга сабаб ҳам мана шу. Шундай қилиб, “Туркистонимнинг остонасидан омад бўлиб эмас, офат бўлиб 1916 йил кириб келди” (Асқар Сулаймонов), деб таърифланган замон бошланди. 1917 йилдаги февраль инқилобини ўзбек ва қозоқ зиёлилари катта қувонч билан қарши олишган эди. Афсуски, уларнинг бу қувончи узоққа бормади. Октябрь тўнтаришидан кейин Туркистон жадидлари Қўқонни “Россия Федерацияси таркибидаги мухтор республика” деб эълон қилдилар. 22 ноябрда бўлиб ўтган қурултойда Бош вазир ва ички ишлар вазирлиги лавозимига Муҳаммаджон Тинишбоев сайланди. Кейинчалик унинг ўрнига Сир бўйи қипчоқларидан бўлган Мустафо Чўқай тайинланди.

У Чўлпонни “Ўзбекнинг Мағжони” деб атади. Ўзга туркий тиллар каби ўзбек тилини мукаммал билган бу арбоб шоир икки қардош асарларини яхши билгани учун уларга юксак баҳо берган эди.

Биз юқорида Султонмуҳаммадни бекорга тилга олмадик. У ўз вақтида “Алашўрда” мадҳиясини ёзган бўлса, Чўлпон Мустафо Чўқайнинг таклифи билан Қўқон мухтор республикасининг мадҳиясини ёзди. 1918 йилнинг февралида большевиклар Қўқон мухториятини тарқатиб юборгач, Чўлпон Оренбургга кетиб, қозоқ зиёлилари билан бирлашди. 1918 йилнинг 21-26 июлларида Оренбургга тўпланган Алаш зиёлилари Умумқозоқ қурултойини ўтказиб, унда Фарғона, Сирдарё вилоятларининг зиёлилари ҳам иштирок этишади. Ана шундай йиғинларда Чўлпоннинг қозоқ зиёлилари билан учрашиб, суҳбатдош, фикрдош бўлганига шубҳаланмасак ҳам бўлади. Ўша йиллари Оренбурда қозоқ зиёлиларининг йиғинлари мунтазам бўлиб турган эди. Бундай учрашув, мулоқотларда туркий қардош халқларнинг ижодкор зиёлилари фаол иштирок этишган. Айрим маълумотларга қараганда, Чўлпон қозоқ дўстларининг таклифи билан Оренбургда тузилган Бошқирд ҳукуматининг котиби лавозимида ҳам ишлаган.

1922 йилда Назир Тўрақулов Тошкентга келиб, ўзбек тилида нашр этиладиган “Инқилоб” журналига бош муҳаррирликка тайинлангач, Чўлпоннинг қаердалиги билан қизиқади. Бу орада қизиллар Бухорони босиб олган эди. Большевикларининг қонли панжасидан зўрға қутулиб чиққан Чўлпон тузоқдан қочган тўрғай мисоли Назир Тўрақуловнинг ҳузурида паноҳ топади. У “Инқилоб” журналида ишлаган даврида кўплаб янги асарларни яратишга муваффақ бўлди. Ўша алғов-далғов замонда туркпарвар шоирлардан Чўлпонгина эмас, балки Фитрат, Элбек, Боту каби истеъдодли ўзбек ўғлонларининг асарларини Назир Тўрақулов асл нусхада ўқиган, ўқибгина қолмай, уларни юксак баҳолаб, эълон қилдирган эди. Ана шу мураккаб даврда қозоқ ва ўзбек адиблари бир-бирлари билан ҳамкорликда ижод қилишганлиги, яқин адабий алоқада бўлишганини таъкидлаш лозим. Йигирманчи йилларда Халил Дўстмуҳаммедов, шоир Мағжон Жумабоев, Ахан Бойтурсунов, Қурманбек Жандарбеков каби қозоқ зиёлилари Тошкент педагогика институтида дарс бериб, “Чўлпон” номли журнал нашр этишган.

Ўзбек халқи мустақилликка эришгандан кейин Чўлпоннинг барча асарлари нашр этила бошлади. Бизнинг Мағжон сингари ўзи туғилган юртдаги юртдошлари билан кеч топишди. Ўзбек шеъриятида Чўлпон билан Усмон Носир ёққан чироқ қайтадан порлаб, уларнинг асарлари халқнинг маънавий мулкига айланди. Шоир бир шеърида:

Тилинган тилларга қон югургуси,
Бўшалган инларга жонлар киргуси,
Тиканли боғчалар чечак кўргуси,
Ҳақ йўли, албатта, бир ўтилгуси
Жандалар жонимга теккан кунларда!..

деб ёзган эди. Шоирнинг “Кўнгил” шеъри ўз даврида ўзбек ёшларининг севикли асарига айланган эди.

Тириксан, ўлмагансан,
Сен-да одам,
сен-да инсонсен,
Кишан кийма, бўйин эгма,
Ки, сен ҳам
ҳур туғилғонсен!..

Эл мустақилликка эришгач, Чўлпоннинг асарлари, лирик шеърлари халқига қайтиб келди. Юқорида биз парча келтирган “Кўнгил” шеъри қанча шоирларга илҳом бағишламади, дейсиз. Истеъдодли ўзбек шоири Рауф Парфи унга мухаммас ёзди. Шу ўринда мухаммас жанрига қисқача тўхталиб ўтсак. Шарқда аруз вазнида ғазал ёзган шоирларнинг мухаммас ёзмагани йўқ десак бўлади. Мухаммас одатда беш сатрдан иборат бўлиб, шунинг бошланғич уч сатри муаллифдан, қолган икки сатри эса мухаммас бағишланган шоирдан олинади. Айни вақтда қозоқ шеъриятига мухаммас сингмаган…

Юзлашдинг балоларга,
аламлар ичра кўзлашдинг,
Ўзинг куйдинг, ўзинг ёндинг
ўзгалар ҳаққи ўзлашдинг,
Бу қул бозорида изғиб
қумрилар каби бўзлашдинг,
Кўнгил, сен бунчалар нега
кишанлар бирла дўстлашдинг?
На фарёдинг, на додинг бор, нечун сен бунча сустлашдинг?

/Р.Парфи. “Чўлпонга мухаммас”дан/

Чўлпоннинг муҳаббат олами қадим шоирларникидай қўл етмас, олис оламдаги хаёлий дунё бўлмаган. Ҳур қизлар ўрнида у ўзбек қизининг ҳақиқий гўзаллигини куйлади. Абай бобо “Сўз айтдим Ҳазрат Али, аждаҳосиз, мунда йўқ олтин жиғали сариқ ола қиз” деганидай Чўлпоннинг шеърларида ҳам қадимги ошиқларнинг афсонавий севгиси эмас, балки замондошларнинг қалб туйғулари, уларнинг қувонч ва қайғулари тушунарли сўзлар билан куйланиши китобхонларни мафтун этади. “Сочилган сочингдай сочилса сиринг, Анор юзларингни кимга тутасан?” деб ёзади у суйган қизига қарата. Мана шу икки сатрнинг ўзиёқ шеърият оламига янги шоир келганини айтиб турарди. Ўша давр ёшлари Чўлпон кашф этган ҳам таниш, ҳам нотаниш мана шу янги шеърият оламининг шайдосига айланишди, унинг шеърларини кўчириб оладиган, бир-бирларидан эшитиб ёдлайдиган бўлишди.“Бу куй, чиндан ҳам аввалгиларга ўхшамас”ди. Севгисини неча аср муқаддам битилган ғазал ва маснавийлар орқали изҳор этиб, қадимги байтлар ва достонларни ёдлаб улғайган ёшлар Чўлпоннинг оддий ўзбекона тилдаги гўзал ва таъсирли сатрларидан ҳайрат завқини туйишди ҳамда шеъриятга ўзгача ихлос қўйишди. “Анор юзларингни кимга тутасан?” шеъри ҳам ўша давр ёшларининг севги мадҳиясига айланди.

Ўзинг-ку
—“Уларда вафо йўқ!” дединг,
Нимага уларни тағин кутасан?

каби сатрлар қанча шоирларга илҳом бағишлаб, яна қанча шеърларнинг дунёга келишига туртки бўлмаган дейсиз. Чўлпоннинг ишқий лирикаси хаёлий малак соғинчи, ҳижронларини эмас, ҳаётий муҳаббатни ҳам мадҳ этгани билан китобхонлар қалбидан жой олди. Шоир бир ғазалида “Муҳаббат осмонида гўзал Чўлпон эдим, дўстлар” деб бежиз айтмаган эди.

Шоирнинг ҳали ўрганилмаган яна қанча эркин шеърлари, мансуралари мавжуд. Эркин шеър ўша давр учун, том маънода, диққатга сазовор янгилик бўлган эди. Шоир ижодининг яна бир ўзгачалиги шундаки, у қисқа шеър шаклини кашф этди.

Ҳар бир ижодкорни машҳур қилиб, қадрини орттирган ўзгача бир асари бўлади, десак, шоир Чўлпоннинг ана шундай юксак асарларидан бири “Гўзал”ни айтиш мумкин. Шеърият мухлислари орасида “Гўзал”ни ёд билмайдиган ўзбек кам бўлса керак. Бизнинг Мағжоннинг “Шилдир, шилдир, шилдир” сатри билан бошланган шеъри ўша давр учун қанчалик янгилик бўлса, “Гўзал” шеъри ҳам ўз даврида катта шов-шувга сабабчи бўлган эди. Бу асар ўзбек шеъриятида интим лириканинг қалдирғочи дейиш мумкин. Унгачайин, шоир Ўлжас Сулаймонов ёзганидай “Ёнар билан анорга шоир халқни қаратган, ундан пастни куйлашни тақиқлади яратган” деган ақида мавжуд бўлган шарқ учун бу шеър ноёб янгилик бўлган эди.

Қоронғу кечда кўкка кўз тикиб,
Энг ёруғ юлдуздан сени сўраймен.
Ул юлдуз уялиб, бошини букиб,
Айтадир: “Мен уни тушда кўрамен.
Тушимда кўрамен, шунчалар гўзал,
Биздан-да гўзалдир, ойдан-да гўзал!..”

Қардош тиллардан шеър таржима қилиш ғоят мураккаб. Насрнинг йўли бошқа. Бир қараганда шеър мазмуни тушунарли, осонгина таржима бўладигандай туюлади. Қўлга қалам олиб, таржимани бошлаганда кўз ўнгингизда шеърнинг гўзаллиги сўниб, ранглар униқиб бораётганини кўриб, эсанкираб қоласиз. Бунинг ўз сабаблари бор. Ҳар бир халқнинг адабий тил меъёрлари турлича шароитда шаклланган. Шу боисдан бадиийлик даражаси ҳам турлича. Бу табиий ҳол. Масалан, ўтган асрнинг 60-йилларида қозоқ шеъриятида илгари кузатилмаган сифат ўзгаришлари рўй берди. Шеър техникаси юксалди, қофиялар мукаммаллашиб, бир неча бўғинга етди, бадиийлик даражасига қўйиладиган талаблар кучайди. Натижада шеърий таржима масъулияти ҳам ортди. Тўғрисини айтганда, шоирларимиз бошқа халқ шоирларини таржима қилгандан кўра, уларнинг асарларидаги асосий фикрни олиб, қозоқча ифодалашни афзал кўрадиган бўлишди. Бу тўғри усулми? Бунга адабиётшунослар жавоб бергани маъқул. Нима бўлганда ҳам Чўлпон сингари улкан истеъдодларнинг шеърларини қозоқчага таржима қилиш зарур. Чинакам шеърият қуш сингари чегара билмайди. Айтиш жоизки, Чўлпон, Мағжон давридаги адабий алоқаларнинг жипслиги кейинги йилларда заифлаша бошлаганди. Адабий алоқаларни мустаҳкамлашда ўзбек қаламкашлари орасида Носир Фозиловнинг хизматлари беқиёс эканлигини алоҳида таъкидламоқ жоиз. Асли туркистонлик бўлган яна бир қондошимиз Раҳимжон Отаули бутун ҳаётини Ўзбекистонда қозоқ шеъриятини тарғиб қилишга бағишлаб келмоқда. Шунингдек, Мирпўлат Мирзо, Баҳром Ғойиб каби шоирлар оғзаки адабиётимиздан тортиб, бугунги шоирларимизнинг асарларигача таржима қилиш билан машғул бўлишмоқда. Баъзан қозоқ шеърияти ҳақида қозоқ танқидчилари айтмаган фикрни ўзбек қаламкашлари айтишганида, ҳайратда қоласан, киши.

Бугунги Тошкентга йўли тушган қозоқ борки, Навоий шоҳ кўчасини Абай шоҳ кўчаси кесиб ўтишига эътибор беради. Икки халқнинг буюк мутафаккир шоирлари номидаги кўчаларнинг кесишиб ўтишида ҳам ўзига хос бир рамзий маъно бордек. Асрлар оша ёнма-ён яшаб келаётган икки халқнинг ҳаёти, қизиқишлари, санъати ва адабиёти ҳам туташиб, жипслашиб кетгандек гўё…

Чўлпоннинг ижоди эса икки халқ учун ҳам бирдек қадрлидир.

Шоир ҳақидаги ҳикоямизни кўнгилли якунлаш мумкин эмас. 1937-38 йилларда мустабид шўро ҳокимияти Қозоғистонда авж олдирган зўровонлик ва хунрезликларни ўзбекларнинг ҳам бошига солди. Дастлаб миллий зиёлиларни бир-бирларига қарши гиж-гижлаш бошланди. Ўзаро арз-чақимлар кучайди. Аввал республика раҳбарлари Акмал Икромов, Файзулла Хўжаевлар қамалди. Тез орада миллат зиёлиларини ҳам тутқунга олиш бошланди. Улар орасида Усмон Носир сингари ўн гулидан бир гули очилмаган тенгсиз истеъдод соҳиблари билан бирга ўзбек бадиий сўзининг даҳоси — Абдулла Қодирийгача бор эди. Шеърият осмонида чўлпон юлдуз бўлиб чақнаган шоир Чўлпон тутқунга олинганида халқ инграб, чўкаётган чўпга ёпишган каби шўро судидан адолат кутган эди. Лекин суд ўрнига ўша йилларда миллионлаб бегуноҳ одамларни ўлимга ҳукм қилувчи мудҳиш “учлик” халқнинг суюкли шоирини ҳам “Халқ душмани” деган умумий айбнома билан отишга ҳукм қилди ва 1937 йилнинг зулматли кечасида Тошкент яқинидаги жарларнинг бирида ҳукм ижро этилди. Шундай қилиб, яна бир Чўлпон юлдуз бемаҳал сўнди. Шоирни тутқунга олишганида унинг шеърлари ва “Кеча ва кундуз” роман-дилогияси ҳам НКВДга олиб кетилган эди. Кейин романнинг биринчи қисм қўлёзмаси топилиб, қайта нашр этилди. Лекин асарнинг энг кўламли ва энг кўркам икинчи қисм қўлёзмаси топилмади. Афсуски, романнинг “Кеча”си бор-у, “Кундузи” йўқ! Қарияларнинг “Бир кам дунё” деганлари шумикан?!..

Қозоқчадан Меҳмонқул Исломқулов таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 10-сон.