Кунларнинг бирида Учбурчак ҳақиқий ишбилармонлардек мудом иш билан банд бўлишни хоҳлаб қолибди ва вақтини уйларнинг томи бўлишга, шамолларни тутиш учун қайиқларга елкан, ширин тортларнинг кесилган бўлаги бўлишга ва яна шунга ўхшаш қизиқарли ишларни бажаришга сарфлабди.
Айниқса, у ялқовлар қўлларини белига тираб турган ҳолатидаги “иши”ни яхши кўрар экан.
— Чунки мен бундай пайтда одамлардан энг сўнгги янгиликларни эшитаман ва бир зумда яқин дўстларимга гапириб бераман, — дерди Учбурчак.
Унинг дўстлари эса, албатта, Учбурчакдан ажабтовур хабарларни эшитишга ишқибоз эди.
Орадан кунлар, ойлар ўтиб Учбурчак ҳаётидан норози бўла бошлабди:
— Нуқул бир хил ишни бажаришдан чарчадим. Яхши яшашим учун ҳар хил ишлар билан машғул бўлишим керак.
Шу пайтда у Шаклгар қиролнинг олдига борибди.
—Сизга қандай ёрдам беришим мумкин, — ўйланибди Шаклгар.
—Менга яна битта бурчак қўшсанг, тўртбурчакка айлансам ҳаётим янада қизиқарлироқ бўлармиди, дегандим… ёрдам бера оласанми?
— Бу жуда осон-ку. Майли, — дебди Шаклгар ва бир “кууф-сууф” дейиши билан Учбурчак Тўртбурчакка айланибди. Энди у шахмат тахтасида, телевизорда ва компютерда намоён бўла бошлабди. Деразалар, суратлар ва чиройли расмларда вазифа-сини қойиллатиб бажара бошлаган Тўртбурчакнинг, айниқса, севимли иши китоб саҳифаларида бўлиш экан. “Мен бу ерда жуда қизиқарли ҳикояларни ўқийман ва уларни яқин дўстларимга айтиб бераман”, дея мақтанибди Тўртбурчак.
Дўстлар энди ундаги ғаройиб ҳикояларни эшита бошлашибди. Лекин кўп ўтмай Тўртбурчак яна турмушидан нолий бошлабди: “Мен бир хил ишдан чарчадим. Ҳаётим бундан-да қизиқарли бўлишини хоҳлайман. Мени бошқа шаклга айлантирсанг яхши бўларди”, — дебди. Шаклгар: “Бу жуда осон”, дея уни Бешбурчакка айлантириб қўйибди. Ана серзавқ ҳаёт! У қимматбаҳо олмосда, футбол коптогида, сабзи тўғрайдиган тахтада намоён бўлибди. Севимли машғулоти катта шаҳардаги кўпқаватли уй шаклида бўлиш экан. Чунки у ердаги қизиқ суҳбатларни дўстларига айтиб берар экан-да.
Вақт ўтиб яна якранг ҳаётдан зериккан Бешбурчак тағин Шаклгарнинг ҳузурига борибди. Шаклгар уни энди Олтиб-урчакка айлантирибди. Унинг асосий иши қор парчаси бўлиш экан. Дўстлари уни яна суҳбатларга чорлашибди. Аммо у энди вақти йўқлигини рўкач қилибди. Орадан кунлар, ойлар ўтиб у тағин турли шаклларга кирибди: етти, саккиз, тўққиз ҳатто ўнбурчакка айланиб, ниҳоят думалоқ шаклга кириб қолибди. Лекин бу шаклларда сира омади чопмабди. Олманинг шаклига кириб дарахтда осилиб турган пайтда ерга тушиб лат ебди. Велосипеднинг балони бўлган экан, куни бўйи айланишдан жуда толиқиб қолибди. Ўзини ёлғиз, чарчаган ва бахтсиз санай бошлабди. Чунки дўстлари ҳам ундан манманлиги боис юз ўгириб, хабар олмай қўйишибди-да. Умид билан Шаклгарнинг олдига борган Думалоқвой:
—Етар, мен бу шаклга кирганимдан бери битта жойда туролмаяпман, айланганим-айланган. Жуда ёлғизман. Дўстларим ҳам йўқ, — дебди ўксиниб.
Шаклгар:
— Наҳот, сен ҳали ҳам бахтли эмассан?
— Ҳа, мен асл ҳолимга қайтишни хоҳлайман. Бу сенга қийин эмас-ку, шундайми?
— Албатта, сени яна оддий учбурчакка айлантириш жуда осон, — дебди ва “кууф-сууф” деб яна ўзимиз билган ўша Учбурчакка айлантириб қўйибди.
Энди Учбурчак тағин вақтини Мисрнинг афсонавий эҳроми, уйларнинг томи, шамолларни тутиш учун қайиқларга елкан, ширин тортларнинг кесилган бўлаги бўлишга ва шунга ўхшаш қизиқарли юмушларни бажаришга сарфлай бошлабди.
Айниқса, у ялқовларнинг қўлларини белига тутиб турган ҳолатидаги ишни яхши кўрар экан.
— Чунки мен бу пайтда улардан энг сўнгги янгиликларни эшитаман ва ўзимнинг яқин дўстларимга гапириб бераман, – дермиш Учбурчак.
Учбурчакнинг дўстлари, эса, албатта ундан ажабтовур хабарларни эшитишга ишқибоз экан.
Инглиз тилидан Ирода Муҳиддинова таржимаси.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 16-сон