Ўрхон Камол. Инжу ва унинг отаси (ҳикоя)

Инжунинг отасини фабрикадан ҳайдаб юборишди. У мастер олдида таъзим қилиб эгилиб-букилишни хоҳламади. Иззат-нафсини суйган кишиларни ишончли одам деб ўйлаб, бўладими?
У бир неча кунгача иш ахтариб давлат, акция ширкатлари, хусусий идора ва корхоналарга роса қатнади, лекин ҳеч нарса чиқмади.
Бирон ерга жойланишининг иложи бўлмагандан кейин, ўз оиласини олиб марказий Анатолиянинг вилоятларидан бирига жўнаб кетди, бу вилоят ўзининг тўқимачилик фабрикалари билан машҳур эди.
Инжунинг отаси бу ерга келиб ҳам иш ахтаришга тушди. У дастлаб тўқимачилик фабрикасига учрашди: илгари ишлаган фабрикаларидан олинган мақтов қоғозларини курсатди. Аввал уни ишга қабул қиладиган бўлишди. Кейин уни ишга оладиган одамлар ўртасида келишмовчилик юз бериб, ҳолвани ҳоким еди, калтакни етим деганларидек улар ўзаро тортишиб қолишди. Шундай қилиб бу иш ҳам йўққа чиқди. Уришган улар-у, жабрини бу тортди. Ҳар куни эрталаб Инжунинг отаси иш қидириб кетаркан, ойиси унинг кетидан бир нималарни айтиб пичирлаб қоларди. Инжу ҳам, ойиси сингари лабларини қимирлатиб, шивирлашга ўрганган эди. У отаси кетаётганда ойиси ёнида туриб лабларини қимирлатар эди. Инжу илгари отаси ишлаб юрган кезларда онасининг қанчалик қувноқ бўлиб юришини эслади. Отаси кечқурунлари ишдан қайтаркан, Инжуга баъзан шоколадлар олиб келар, уни тиззасига олиб, юз-кўзидан ўпар эди. Отаси ишлаб юрган пайтида, кичкина укаси бунчалик йиғламагани Инжунинг эсида. Ҳозир унга нима бўлдийкин? Фақат додлагани-додлаган. Ўхтин-ўхтин укаси, худди бирон нарса чақиб олгандай чинқириб йиғлаганда, ойисининг жаҳли чиқиб: «Сени қараб тур ҳали! Укангга қарайсанми-йўқми?» деб қаҳрини Инжуга сочарди. Ёинки Инжу эшик қабзасига осилиб олиб, поездда юргандек қилиб учса, ойиси кўриб: «Шўхлик қилма Инжу! Шўхлик қилма, деяпман сенга!» деб бақириб қоларди.
— Оббо.
Ўша куни эрталаб отаси барвақт уйғонди. У кийинар экан, хотини:
— Азизим, шу туморни олиб кет!— деди.
Инжу ўзини уйқуга солиб, отаси билан ойиси нималар тўғрисида гапираётганликларини диққат билан эшитиб ётди. Лекин тумор нима эканлигини у билмас эди.
Инжунинг отаси кулиб қўйди, лекин хотинини хафа қилмаслик учун туморни олиб адвокатнинг олдига қараб йўл олди.
Адвокат бундан икки йил олдин Анқарада юридик факультетни тамомлаган эди. Адвокат ўтакетган такаббур, сарғиш мўйловли ёшгина бир киши эди.
Адвокат ўзига секретарлик қиладиган одам ахтариб юрганлигидан Инжунинг отаси хабар топди ва «агар шу ишга лойиқ кўрсангиз мени хизматга олинг» деб секин шипшиди. Адвокат уни бошидан-оёғигача разм солиб чиқди. У Америка киноактери Дуглас Фербенксга ўхшаган мўйловини қимтиди-да, уни менсимагандек башарасини буриштириб, деди:
— Майли! Эртага идорага бир келингчи!
Отаси келгандан сўнг Инжу кўчага чопиб чиқди-да, таниш қиз билан ўз уйларининг остонасига ўтирди.
— Бугун дадам адвокатнинг олдига боради, — деди Инжу. — Отам жуда ақлли-да… Илгари бизникида ҳамма нарса бор эди! Ойим билагузугини сотди, ўша пул билан бу ерга келиб олдик!
— Нима, менинг отам аҳмоқми? — дугонасининг жаҳли чиқди.
— Сенинг отанг извошчи…
— Извошчи бўлса ҳам аҳмоқ эмас!
— Бор, ана, отанг извошчилар ичида энг ақллиси ҳам бўла қолсин, лекин менинг отам бойларнинг энг ақллиси!
Қиз елкасини қисиб қўйди-да:
— Отам ҳеч қачон ойим билан айланишга чиқмайди… — деди у.
— Албатта, сизларда шунақадир. Аммо бизлар катта шаҳарданмиз. Бизда эркаклар ўз хотинлари билан қўлтиқлашнб юришаверади.
— Худди кофирларга ўхшаб-а?
— Нима, биз кофирми?
— Нега аччиғинг чиқади! Сизларни ким кофир деяпти?
Инжу суҳбатни бошқа томонга бурди.
— Агар отам ишга жойлаша қолса, онам мени ҳар кун кўчага чиқиб ўйнашга рухсат беради… Сен ҳозир унинг жаҳли чиқиб турганига қараб иш тутма. Илгари у қандай яхши эди! Отам менга нималарни сотиб олиб бермасди, дейсан! У топган пулини ойимнинг қўлига келтириб берарди, ойим сандиққа яшириб қўярди. Ўшанда отам билан ойим қўлимдан ушлаб… Ҳозир ҳеч ким: на отам, на ойим қўлимдан ушлашмайди. Укам ҳам кунитун йиғлагани-йиғлаган…
— Илгари у йиғламасмиди?
— Йиғларди, лекин бунчалик…
— Нега йиғлайди?
— Отам ишсиз қолиб, пулимиз тамом бўлгандан буён, ойим ҳатто овқат ҳам пиширмайди.
— Укангга бунинг нима дахли бор?.
— Нега бўлмас экан? Ойим тўйиб овқат емагандан кейин, сут қаердан бўлсин… Унинг ҳозир айни яхшилаб парвариш қиладиган вақт. Ойимнинг бўлса ҳеч сути йўқ… Мен ҳам тўйиб овқат емаётганим учун тишларим ҳам жуда секин ўсяпти!

* * *

Инжунинг отаси сариқ мўйловли адвокат идорасига кираркан, пиджагининг у ёқ-бу ёғини тўғрилади, бошидан шапкасини олди. Кабинетда каттакон вентилятор овозсиз айланиб турарди. Адвокат уни биринчи марта кўраётгандек совуқ назар ташлади ва гўё иши бошидан ошиб ётгандек:
— Хўш, хизмат? — деди.
— Кеча, — деди Инжунинг отаси, — суд йўлагида…
— Э, ҳа! Бу кунгача қаерда ишладингиз? Юстиция соҳасида ишлаганмисиз? Маълумотингиз?
— Ишлаганим йўқ… Маълумотим…
— Машинкада тез ёза оласизми?
— Ёмон эмас…
Адвокат унга чамалаб зеҳн солди. Унинг боши катта, сочи машинада олинган, чаккалари ич-ичига кириб кетган, ориқ юзида соқоллари тикандек бўлиб ўсганди. Биринчи қарашидаёқ унга кўнгли чопиб, ишонмади. Адвокат ўзига машинистка олмоқчи эди: олайин деса унча иши кўп эмасди. Аёл «секретарь» бўлганда унинг идорасига жуда ҳам мос тушарди… Деразани ёпиб қўйса ҳам бўлади.
Адвокат синаб кўриш учун унга бир нусха ишонч қоғози узатди.
— Тўрт нусха қилиб кўчиринг.
Инжунинг отаси ёнидаги хонага кирди, у машинкага қоғоз қўйиб, мумкин қадар тезроқ босишга ҳаракат қилди.
Унинг кўзлари бармоқларида бўлса ҳам, хаёли бошқа ёқда эди. «Агар у ойига менга етмиш беш лирадан берса… Бир кунга икки ярим лирадан бўлади. Эҳтимол, тўқсон ёки юз лирадан берар. Агар қанча мояна керак деб сўраб қолгудек бўлса «ўзингиз биласиз» дейман. Эҳтимол кўпроқ белгилар. Ким билсин? Балки…»
У кўчириб бўлди. Сўнг ҳурмат юзасидан яна пиджагини тўғрилади-да, қоғозни ёзув столи устидаги ҳужжатлар орасида кўмилиб ўтирган адвокатга узатди.
Адвокат бепарволик билан қоғозни олиб, ҳамиша ишлатадиган ручкасини олди:
— Мана бу ерга точка қўймабсиз! Бу жойга точка эмас, точкали вергул қўйиш керак эди! Бу ерда эса точка ортиқча…
Адвокат бир имловий хатони бепарволик натижасида катта хатога йўл қўйилибди, саводсизлик қилинибди, деб баҳона қилар, бу нарса «мендек адвокатга секретарь бўлиб ишга кирадиган киши учун кечириб бўлмас бир ҳол» дер эди.
— Ҳозирча сиз бизнинг ишга тўғри келмайсиз, — деди у.
Бу сўзни эшитган Инжунинг отаси ерга кириб кетгандай бўлди. У, адвокат албатта ишга олади деб қатъий ишонган эди. Ҳатто юзлари ҳам музлаб кетганга ўхшаб туюлди.
— Хайр, яхши қолинг…
Адвокат у билан хайрлашишни ҳам ўзига эп кўрмади.

* * *

Отасини кўчанинг муюлишидан чиқиб шу томонга келаётганини кўрган Инжу:
— Отам келяпти, — деб қичқирди. У ўрнидан турдида, отаси томон югура кетди. Инжунинг ўртоғи бармоғини оғзига солиб, дарахтнинг ширали баргларини ялтиратиб турган қуёш нурлари остида мўралаб уларга қараб турарди. Инжунинг отаси тентираб уйга кирди. У ғамгин, ҳолдан тойган эди. Унинг оёғидаги бошмоғини чанг босган, костюми ўзига янада кенг бўлиб қолгандек туюлди. Инжу қўрқув остида отасига бир қараб олди-да, кетидан уйга кирди.
— Эр-хотин зинапояда учрашдилар. Улар бир-бирларининг кўзларига бир дам қараб олишдилар. Хотини ҳеч нарса сўрамагач, эри ҳам индамади.
Ориқ мушук эса қўрққанидан лип этиб ташқарига чиқиб кетди. Эшик ёпилди. Инжу отасининг юзига тикилиб қараб турарди. Отаси гўё ҳозир йиғлаб юборадигандек эди. Кейин Инжу онасига ўгирилди. Онаси нарсаларни йиғиштирмоқда эди. «Агар адвокатдан ҳам бир нарса чиқмайдиган бўлса, ўз юртимизга қайтишимиз керак!» деган қарорга у аллақачон келган эди.
— Мен буюмларни сандиққа жойлаштираман, — деди ойиси.
— Майли, — деб тўнғиллади отаси ва деразадан кўриниб турган фабриканинг қўрғошин рангли деворларига, ундан ҳам олисларга — уфққа туташиб турган, кишини зериктирувчи кўкиш тоғ тизмаларига қаради. Сўнгра унинг назари, қуёшда ялтираб турган қуёшли уйларнинг черепица томларига тушди. У ҳаво етишмаётгандек, чуқур нафас олди.
Шу пайт Инжу ойисининг уйидан чиқиб кетганлигидан фойдаланиб, отасининг бағрига ташланди: «Хафа бўлманг! Хафа бўлманг, нима гап ўзи!» дегандек у итоат билан, юзини отасининг тиззасига қўйди. Отаси қизининг бошини силар экан, ачиниб унга қараб қўйди.
Инжу дадилланиб:
— Қалай? Адвокат сизга иш бердими, дадажон? — деди.
— Йўқ.
— Энди нима қиламиз?
— Ҳечқиси йўқ! Бошқа ёққа кетамиз.
— Агар у ёқдан ҳам иш тополмасак-чи?
— Агар у ердан ҳам иш тополмасак… ўламиз…
Инжу ўйланиб қолди Кейин хонага кирган ойиси олдига югурди.
— Ойи-чи, ойи! Дадам айтяптиларки, биз ўлармишмиз. Мен ўлишни сира ҳам истамайман!
Ойиси юзини печкага ёпиштирганича, ҳеч нарса демай турарди.

Туркчадан Носир Содиқов таржимаси