– Марти, мен Амандани ўлдиришга қарор қилдим.
Телефон станцияси техниги Жефф Бауэрс кутилмаган гапдан сесканиб кетди. Уни тармоқдаги носозликларни бартараф қилиш учун жўнатишган, тақсимловчи мослама ёнида куймаланаётганди. Жефф ҳозиргина ўз гўшагидан диспетчерга узилган жойни топганини ва тезда уни тўғрилашини хабар қилганди. Мана энди, ҳеч кутилмаганда бировнинг тармоғига уланиб қолган кўринади.
Мартига Амандани ўлдирмоқчилигини айтган эркакнинг овозини Бауэрс аниқ, худди орқасида тургандек эшитди. У Марти ҳам, суҳбатдоши ҳам уларни кимдир эшитаётганидан бехабар эканликларини биларди. Бировларнинг суҳбатини яширинча эшитиш қатъиян тақиқланганинини ҳам биларди. Қотиллик таҳдиди шунчаки бемаъни ҳазил деган хулосага келган Жефф Бауэрс тармоқдан узилмоқчи эди, лекин…
– Марти, – деди ўша эркак овози, – мени эшитяпсанми? Мен Амандани ўлдиришга қарор қилдим, дедим.
«Ҳазиллашаётганга ўхшамайди», – деб ўйлади Жефф. Нотаниш одам чиндан ҳам Амандани ўлдирмоқчилигини англаганда, нафаси ичига тушиб кетди.
– Сенингча, ҳали жуда эрта эмасмикин? – худди об-ҳаво ёки футбол ўйини ҳақида гап кетаётгандек, мутлақо хотиржам гапирди Марти. – Барбаранинг ўлимидан сўнг атиги икки ой ўтди. Озроқ кутса ҳам бўлади.
– Эрталигини биламан, лекин кутолмайман. Ташвишланма, бу гал қотиллик бенуқсон бўлади. Ҳаммасини шундай қиламанки, ҳеч ким камчилик тополмайди.
– Агар хотирам панд бермаётган бўлса, Пит, – кинояли кулди Марти, – ўтган гал ҳам худди шундай дегандинг.
– Марти, мана кўрасан, бу гал ҳаммаси сип-силлиқ ўтади, – деди қонхўр Пит ишонч билан. – Аманданинг деярли ҳамма нарсага кучли аллергияси бор. Печенье ёки пирогнинг хамирига, дейлик, бир қошиқ ер ёнғоқ ёғи аралаштирса бас, тамом бўлади.
– Исковучлар сендан шубҳаланиб қолишидан қўрқмайсанми? – ишонқирамади Марти.
– Бу иш – хатосиз, – тинчлантирди суҳбатдоши Мартини, – гапимга ишонавер. Ҳеч ким ҳеч нарсадан шубҳаланмайди, оғайни. Энг зўр томони, Аманданинг ўзи печенье ва пирог пиширишни яхши кўради.
– Ўзи пиширади дегин? – ўйчан қайта сўради Марти ва қисқа танаффусдан сўнг хитоб қилди: – Бир дақиқа тўхта-чи! Агар хотирам панд бермаётган бўлса, Барбаранг ҳам печенье ва пирог пиширарди.
– Пиширарди. Нима бўпти?
– Нима бўпти эмиш! – ажабланди Марти. – Наҳотки иккита аёлни битта йўл билан ўлдирмоқчи бўлсанг?
– Битта йўл деган гапни қаердан олдинг? – ранжиди Питер. – А, тушундим… Сен Барбарани қандай ўлдирганимни унутибсан. Эслатиб қўяйми? Мен уни никотин ёрдамида ўлдирдим! Ўшанда бир қути сигаретнинг никотинини олиб, биттасига тиққанман. Атай уч кунгача чекишга бермай, ташлайдиган пайт бўлди, дедим. Кейин раҳмим келгандай бир қутини бердим. Мен унинг сигаретани қандай танлашини билардим, шунинг учун ўлдирадиган миқдордаги никотинли сигаретани тепа қаторнинг ўртасига солгандим. У мен умид қилгандек, кеча мен ишлов берганимга ёпишди. Тўғри, Барбара сигаретанинг кучлилигини дарҳол сезди, лекин уч кун ичида тамакидан бироз чиқиб қолганман, деб ўйлади. Биласанми, уни ярмигача ҳам чеколмади. Бечоранинг юраги хуруж қилиб, шундоқ кўз олдимда бирпасда жон бериб қўя қолди. Тез ёрдам етиб елганда, юракчаси урмаётганди.
– Бу гал суғурта пули қанча? – бироз жимликдан сўнг қизиқсинди Марти.
– А, сен суғуртани эсладинг-а! – мамнун кулиб юборди қотил. – Бу ерда яна бир ажойиб нарса бор. Аманда билан менга ҳеч қандай суғуртанинг кераги йўқ. Қўшни… эсингдами, сенга у ҳақда бир гапиргандим… бизнинг касалхонамизда ҳамшира бўлиб ишлайди. Биласанми, ундан нимани билиб олдим? Маълум бўлишича, байрам кунлари, айниқса, кечаси касалхонада фақат навбатчи врачлар ишларкан, касаллар эса иш кунларига қараганда кўпроқ бўларкан. Қабул бўлимида навбат узайиб кетади. Баъзан кўрикни уч-тўрт соатлаб кутишга тўғри келади. Мен тақвимни кўрдим. Энг яқин байрам – Меҳнат кунигача ҳали яна деярли уч ой бор. Азиз Амандага Меҳнат куни ер ёнғоқ ёғини аралаштириб қўяман, мазаси қочганда, касалхонага олиб бораман. У ерда, албатта, ёрдам беришгунча ўлади. Мен уларни унинг ўлимида айблайман ва яна касалхонадан ўз вазифаларини бажаришда масъулиятсизликда ва беморларга эътиборсиз қарашда айблаб, суд орқали мўмайгина пул ундириб оламан.
Бу гал танаффус анча узоқ чўзилди. Афтидан, Марти эшитган гапларини мулоҳаза қилаётганди.
Жефф Бауэрс нафасини ичига ютиб, суҳбатнинг давомини кутарди. Ҳозир тармоқдан узилиш хаёлига ҳам келмасди. У суҳбатни охиригича эшитиши керак эди.
– Билмадим, – Мартининг овозида ишончсизлик оҳанглари эшитилди. – Менимча, унчалик ишончли эмас. Ҳозирча қаердалигини билмайман, лекин қаеридадир заиф жойи бўлиши керак.
– Ҳаммаси жойида бўлади, Марти. Мана кўрасан, уддалайман. Мен яхши бўлишига юз фоиз аминман. Барбара ўлдирилганда ҳам худди шундай дегандинг, эсингдами, ваҳоланки, ҳаммаси жуда яхши бўлди. Ҳеч ким мендан шубҳаланмади ҳам. Ҳамма юраги кўтаролмаган деб ўйлади… Маргаретни ҳам эсингдан чиқарма.
– Тўғри, Мэггини бутунлай унутибман! – истамайгина маъқуллади Марти. – Лекин билиб қўй, Пит, бошга ўқ узиш – энг осони.
– Менга ишон, қария, ҳаммаси жойида бўлади, – суҳбатдошини ишонтирди маккор Пит. – Мен сенга ҳуқуқшуноснинг фикрини билиш учун қўнғироқ қилдим. Нима деб ўйлайсан, ҳуқуқий томондан муаммо бўлмайдими?
– Менимча, бўлмайди, – деди Марти бироз ўйлагандан сўнг. – Сен Меҳнат куни ҳақида гапирдинг. Демак, тайёрланишга улгуруркансан-да?
– Албатта, улгураман. Аллергия ва аллергенлар ҳақида ҳамма нарсани билиб оламан, касалхонага бориб, қабул бўлимида нималар бўлаётганини кўраман. Мени биласан-ку, Марти, мен ҳеч қачон тасодифга ишонмайман. Ҳаммаси олий даражада тайёрланиши керак.
Орқа фонда кимларнингдир бўғиқ овозлари эшитиларди. Жефф суҳбатдошлардан бири идорадан гаплашаётганини тушунди. Питга маслаҳат керак бўлиб қолганидан Марти ишхонада бўлса керак, деб ўйлади.
Унинг тахминини навбатдаги танаффус тасдиқлади. Марти кафти билан гўшакни тўсиб, кимдандир нимадир сўради. Бауэрс саволни ҳам, жавобни ҳам эшитолмади. Ҳамкасбларидан врачларни масъулиятсизликда айблаб, касалхонани судга берса бўладими деб маслаҳат олаётган бўлса керак, деб ўйлади Жефф. У ҳақ бўлиб чиқди.
– Ҳаммаси жойида, – деди Марти бир дақиқадан сўнг гўшакка. – Муаммо бўлмаслиги керак… Кечирасан, Пит, лекин мен кетишим керак. Иш, ўзинг тушунасан. Шаҳарга обрўли аёл мижоз келган, уни куттириб қўёлмайман.
– Аёл мижоз дейсанми? – дарров қизиқсинди Питер.
– Дамингни ол, хотинбоз, у сенинг дидингдаги эмас. Тирикчилигига ўзи пул топади… Питер, биласанми, сен қандайдир ҳайвонга айландинг.
– Мен ҳайвонманми, Марти? – мамнун кулиб юборди Пит. – Аманда ҳайвон, мен эмас. Шунинг учун мангу уйқуга кетадиган пайти келди деган қарорга келдим.
Пит ва Марти яна бир дақиқа бир-бирларининг устиларидан кулишди-да, хайрлашиб, гўшакларни қўйишди.
Жефф Бауэрс қулоқларига ишонмай довдираганча гўшакка қараб турарди. У, албатта, нимадир қилиши керак. У кимгадир қўнғироқ қилиб, Питернинг режаси тўғрисида айтиб бериш кераклигини биларди. Лекин бировларнинг суҳбатини яширинча эшитиш тақиқланганини ҳам биларди. Агар унинг қонунни бузгани маълум бўлса, у камида ишдан ҳайдалади. Кўп деганда эса, каттагина жарима тўлаб, қамоққа тушади. Бошқа томондан, агар ҳеч нима бўлмагандек кетса, Аманда ўлади. Унинг қатъиятсизлиги бир одамнинг ҳаётига зомин бўлиши мумкин. Марти суҳбатдошини хотинбоз деб атади. Демак, Аманда унинг хотини бўлади.
Бўлди, қўнғироқ қилиш керак. Кимга? Албатта полицияга. Лекин уларга нима дейди? Икки эркакнинг суҳбатини тасодифан эшитиб қолгани, улардан бири уч ойдан сўнг хотинини ўлдирмоқчилигини айтадими? Улар ўша Питни қандай топишади? Нью-Йоркда Марти исмли дўсти ва Аманда деган хотини бор Питлар юзлаб топилса керак. Демак, полицияга қотилнинг ҳеч бўлмаса фамилияси ва манзилини билиб бериш керак.
Жефф Бауэрс Питнинг ортиқ ҳойнаҳой обрўли мижози билан шуғулланаётган Марти билан гаплашмаётганига ишонч ҳосил қилгач, телефон станцияга қўнғироқ қилди ва компьютер орқали Питнинг рақамини билиб олди. Кейин диспетчернинг рақамини териб, рақам бўйича телефон эгасини билиб беришни сўради.
Бир дақиқадан сўнг Бауэрс Амандани Қарағайзор кўчасида жойлашган 223-уйда яшайдиган қандайдир Питер Меррик ўлдирмоқчилигини билди. Меррик фамилияси унга танишдай туйилди. У ҳақида яқинда газетадан ўқиганига ишончи комил эди. Хотинининг эрта вафот этгани ҳақида ёзилган бўлса керак, лекин қайси хотини – Барбарами ёки Мэгги – бунисини эслолмасди.
Жефф қаршисидаги уйга паришон қаради ва кутилмаганда ток ургандек сесканиб кетди. У чақирув айнан Қарағайзор кўчасидан бўлганини буткул унутибди. Қолаверса, у деярли… 223 деб ёзилган оддий икки қаватли уйнинг қаршисида ишлаётганди. Питер Меррик ва Аманда шу уйда яшарди.
Иккинчи қават деразаси ёнида бир эркак Жефф Бауэрсга тикилганча телефонда гаплашарди. Бу ўша Питер Меррик эканини тушунган Жефф дарров тармоққа уланди. У ҳақ экан, Питер яна Марти билан гаплашаётганди.
– Тўғри, – маъқуллади Меррик суҳбатдошининг қандайдир эътирозини, – лекин менинг қурбонларим орасида ҳали бирорта телефон компаниясининг техниги бўлмаган. Мен тўғри гапиряпман-ку ахир, Марти, бўлмаган-а?
– Жин урсин, Пит! – чидолмади Марти. – Телефончини ўлдирганмисан ёки йўқми, мен қаердан билай? Сен шунча одамни ўлдиргансанки, ҳатто…
– Майли, майли. Шунчаки мен тасодифан бу йигитни деразадан кўриб қолдим ва уни ўлдириш хаёлимга келди. Менимча, ёмон фикр эмас, нима деб ўйлайсан? Энг асосийси – қандайдир сабабнинг умуман йўқлиги. Ўзинг ҳам мендек яхши биласан, сабабсиз қотилликни аниқлашнинг деярли имкони йўқ… Тасаввур қиляпсанми, мен кўчада ҳеч ким бўлмайдиган қулай пайтни пойлаб, унинг ёнига бораман ва – тарс! У тамом. Гувоҳлар йўқ, сабаб ва далиллар ҳам… Хўш, нима дейсан?
– Сен касалсан дейман, Пит. Биласанми, баъзида менга худди сен ҳақиқий маньякка айлангандек туюлади. Ўлдириш сенга жуда ёқади-да… Кечирасан, менинг ишларим бор! Ҳар қалай, ишдаман!
Марти кулаётган Меррикнинг бир сўз дейишига қўймай гўшакни қўйиб қўйди.
Жефф Бауэрснинг танасини муздек тер қоплади. Унинг ҳаётига ўлим хавф солаётганди. У ён-верига аланглаб, кўча кимсасизлигини кўрди. «Бу жиннига шу кифоя», – ўйлади у ваҳимада. Ҳозир уйдан чиқади ва чиндан ҳам уни отиб ўлдиради, бир пайтлар Барбарани ўлдиргандек.
Унинг миясида узуқ-юлуқ фикрлар чарх урарди. Тезроқ бу ердан қочиш керак, лекин аввал носозликни бартараф қилиш керак.
Жефф ошиқиб узилган симларнинг учларини улади-да, изоляцион лента билан ўраб ташлади. У кейинроқ келишга ва ҳаммасини яхшилаб тўғрилашга қарор қилди, ҳозир эса қочиш керак.
Бауэрс шошиб асбобларини катта сумкага тиқа бошлади. У қандайдир олтинчи сезги билан кимдир ёнига келаётганини сезганда, деярли йиғиштирилиб бўлганди. Жефф бошини кўтарди ва ёрқин қуёш нуридан кўзларини қосиб, ўзидан атиги икки метр нарида турган эркак шарпасини кўрди. Питер Меррикнинг, Бауэрс эса бу ўшалигига бир сония ҳам шубҳа қилмади, ўнг, кўтарилган қўлида қандайдир қора нарсани ушлаб турарди. Чап қўли пастда эди. Гарчи Жефф ўқотар қуролларни умуман тушунмаса ҳам, бу тўппонча эканига амин эди.
Жефф Бауэрснинг бутун танаси ўқ узилишини кутиб таранглашди. Меррик унга “Хайр!” деб, ҳойнаҳой, юрагини мўлжалга олиб бўлса керак, қўлини тушира бошлади. Техник беихтиёр ҳаракат қилди. У оғир сумкани қотилга отди, шундай боплаб отдики, тўғри юзига тегди. Кутилмаган ҳаракат ва зарбадан Питер Меррик ўқ егандек қулади.
Жефф Бауэрс сумкани ердан юлқиб олиб, боши узра баланд кўтарди-да, бор кучи билан Меррикка отди. Бўғиқ зарба кетидан суякларнинг шиқирлагани эшитилди. Қотил бир-икки марта силтанди-да, жимиб қолди…
– У ўлган, – деди суд тиббиёт эксперти детектив Вагнерга Питер Меррикни яхшилаб текширгач.
Ҳамма ёқда полициячилар у ёқдан-бу ёққа зир югуришарди. Қонун ҳимоячилари ва бекорчи томошаталаблардан ташқари, Жефф Бауэрснинг ёнида бошлиғи турар ва ваҳимада атрофига алангларди.
Жефф Вагнерга бўлган воқеаларнинг ҳаммасини айтиб бергач, у ажабланиб бош чайқади.
– Лекин сизнинг ҳеч қандай далилингиз йўқ, – хўрсинди детектив. – Ўзингиз ўйланг, бундай ишониб бўлмайдиган воқеага мен қандай ишонаман?
– Ҳаммаси тўғри, – кутилмаганда Жеффни қўллаб-қувватлади бекорчилар тўдаси орасидан чиққан ёш аёл. – Мен мистер Меррик билан қўшни эдим ва шундай бўлганини биламан.
Ҳамма қизга ўгирилди. Жефф Бауэрс Меррикнинг қўлида тўппонча эмас, уяли телефон бўлганини, шу телефонда гаплашаётган суҳбатдоши билан хайрлашганини билгандан бери биринчи бор енгил тортди.
Меррикнинг қўшниси унга қаттиқ қаради-да, сўради:
– У сизга Карлайллар ҳақида ҳам гапириб бермадими? Ўшанда бутун бир оилани ўлдирганди…
– Кўрдингизми? – хурсанд бўлиб кетди Бауэрс. – Сизга айтгандим-ку қотил-маньяк деб.
– Сиз мистер Меррик чиндан ҳам бу одамларнинг ҳаммасини ўлдирган деяпсизми? – аниқлаштирмоқчи бўлди детектив.
– Уларни ҳар бир китобида ўлдирарди, – бош ирғади аёл. – Наҳотки Питер Меррик детектив романлар ёзганини билмасангиз? Икки ой олдин унинг “Барбаранинг ўлими” қиссаси бестселлерлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллаганди. Ўшанда уни ҳамма газеталар мақтаган…
Севдора таржимаси