– Яхши қиз?
– …
– Яхши қиз, Лионга боряпсизми?
Мен қаршимда ўтириб гапга тортишга тиришаётган одамга қарадим. У чамаси қирқ ёшни қоралаб қолган одам бўлиб, жаноблардек яхши кийинган, аммо кўримсизгина эди. Андак оқ оралаган сарғиш сочларига кўзим тушди, нигоҳларида истеҳзо бордек. “Кўча-кўйда безорилик қиладиган шилқимлардан бири бўлса керак” деб ўйладим ўзимча.
Шуни алоҳида айтиш керакки, ўша вақтда мен тушкун кайфиятда бўлиб, руҳий касалликлар шифохонасидан қайтаётган эдим ва у ерга боришим биланоқ кўрган воқеалардан ҳали ҳам ўзимга келолмагандим. Бир хил хоналарга киришингиз билан ҳар хил беморларни учратишингиз мумкин. Атрофдаги кишилар аянчли аҳволда эди. Бақир-чақирлар мени бутунлай ларзага келтириб юборди, у ерда турли хил касалларни учратиш мумкин, лекин ҳеч қайсисида инсонийлик ҳисси кўринмас эди. Ҳамма касаллар: жиннилар, хаёлпарастлар, руҳан эзилганлар, тутқаноққа чалинганлар – ҳаммаси бу ерда жамул-жам бўлиб, тинмай бақиришар, дод-вой солишар эди… Шифохонадан қайтарканман, ўзимга ўзим ҳали соппа-соғман, деб такрорладим ҳарнечук улардек бўлишимга нимадир етишмаслиги менга яққол сезилиб турарди.
Опамнинг пешонаси шўр экан. У бошқа касаллар билан бир хонада турарди. Мени зўрға таниди. Олиб борган егуликларни сумкамдан олаётганимда у умуман ҳаракатсиз турди, сўнгра бир неча узуқ-юлуқ сўз айтди, холос. У бепарво, ҳеч нарсани пайқамагандай, ўз бошига ғудранарди. Опамни олиб кетиш учун қилган барча саъй-ҳаракатларим зое кетди. Отам, болалари ва Вал де Пре ҳақида айтилган янгиликлар уни зиғирча ҳам қизиқтирмади… Унда умуман келажакка ишонч ҳисси йўқ эди.
Шифокор опамнинг аҳволи ҳақида ижобий фикр билдирганди. Опангизни вақтида олиб келмагансиз, яхши қиз, одатда бу касаллик ҳозирги кўринишидан енгилроқ кечарди, ҳозир у анча хотиржам ва эс-ҳушини йиғиб олган… Опангиз тезда оёққа туриб кетиши учун бор имкониятни қўллаймиз” – деди. У менга бор ҳақиқатни айтдимикан? Ҳар ҳолда у ҳақда бирон нарса дейиш қийин, унинг гаплари тўлиқ ишонч ҳосил қилишга етарли эмасди.
– Яхши қиз?
Купедаги қаршимда ўтирган нотаниш одам менинг жавоб беришимни кутарди. Унга эътибор қилмасдан жомадонларимни йиғиштирдим ва ўрнимни алмаштирдим.
Эндигина бошқа купега жойлашаётганимда, ўша одам орқамдан эргашиб келди ва менга қараб жилмайиб, ишонч билан мулозамат кўрсатмоқчи бўлди. Аччиқландим. Ахир кўчада қолган аёл эмасман-ку?!
– Феълингиз жуда қизиқ экан, нега эргашиб юрибсиз? Биласиз, агар сиз билан гаплашишни хоҳлаганимда купеда қолган бўлардим… Мен эса чиқиб кетдим, демак, ёлғиз қолмоқчиман.
– Қаранг-а, – деди у, – ёқимли ва мулойим овозда. – Узр, билмабман. Сиз табиатан шундай ўжарсиз шекилли?
Суҳбат аввалида унинг гапини бўлишга уриниб кўрдим. Бироқ у кулимсираб деди:
– Эҳтимол, сиз Марселда севикли ёрингизни ташлаб кетаётгандирсиз?
– Севимли ёрим! Севги-муҳаббатнинг мен учун ҳали мавриди эмас, – маъюс жилмайиб қўйдим. – Марселдаги севгилим эмиш… Агар қаердан келаётганимни билганингизда, ҳатто ҳазиллашишга ҳам юрагингиз дов бермасди.
У қаршимга ўтирганича мендан кўз узмасди. Унинг нигоҳида ажиб бир туйғу пинҳон эди ва мендан сўради:
– Хўп, яхши қиз, менга айтинг-чи, қаердан келяпсиз ўзи?
– Шифохонадан. Опамни кўриб келяпман. Унинг бахтсизлигини тасаввур ҳам қилолмайсиз. Опам ҳатто йигирма тўрт ёшга ҳам тўлгани йўқ. Касаллигини тасвирлашга тил ожиз, эси кирди-чиқди.
Мен бир оз жим қолдим. Бу тўсатдан менга келган ҳиссиёт эдики, ўз шахсий ҳаётимни бир нотаниш кимсага айтиб беришимга бир баҳя қолди… “Барибир эмасми” – дедим ўзимча ва гапимда давом этдим:
– Бунга чидаш мен учун жуда қийин, опамнинг иккита ёш боласи бор, боқиш менинг гарданимда, етмиш беш ёшни қаршилаган отам ҳам ошимга ҳамтовоқ.
– Уларга ёлғиз ўзингиз қарайсизми?
– Бўлмасам-чи, мен Лозе лицейида дарс бераман, имкон туғилди дегунча, ҳар куни ўттиз чақирим нарида жойлашган уйга югураман… Отамнинг қиладиган иши фақат мени кутиш, уни болалар билан ёлғиз ташлаб кетолмайман. Ҳозир уйда отам неваралари билан ёлғиз қолган, билсангиз агар. Бор-йўғи оиламиз шулардан иборат…
– Бошқалар-чи ?
– Яъни?..
– Ҳартугул ука-сингилларингиз бўлса керак?
– Ҳа, албатта, лекин…
Бу сафар унга оилавий ҳаётимни айтиб беришдан ўзимни тўхтата олмадим; нотаниш бу одам гапларимга ишона бошлади… У мени бутунлай жинни қилиб қўйганлигидан шундай дейиш мумкин эдики, мен тинмай гапиришни, ўзимни овутишни хоҳлардим. “Шундай қилиб ўша одам гапларимни уқиб олади ва шу билан суҳбатимиз ҳам тугайди”, – деб ўйладим. Оилавий ҳаётимни тасвирлаб беришни тугатар эканман, у менга деди:
– Тушунарли… Шифохонада даволанаётган опангиз бор, қолаверса, икки фарзандига, кекса отангизга сиз қарайсиз, ҳаёт шундан иборат деб ўйлаяпсизми? Ҳеч нарсага ҳаққим йўқ дегандай бўлдингиз, шундайми? Бироқ ақл бовар қилмайди! Тушунишим бўйича, отангиз етмиш беш ёшда, лекин ҳали соғлиғи жойида… Сиз унинг ўлишини хоҳлайсизми? Аммо яхши қиз, ўз отаси бўлишлик қандай ажойиб, тез соғаяётган опангиз ва иккита фарзанди ҳам яшашга умидвор… Мен сизнинг ҳаётдан воз кечишингизга қаршиман… Сиз фақат ўз фикр-тушунчангиз билан дунёга қараяпсиз, сиз ҳали ёш ва жуда чиройлисиз, ҳаётни энди кўряпсиз. Сиз айтаётган эркин бўлишлик фақат куч билан бўлмайди… сиз фақат шундай деб ўйлайсиз. Мен сизга айтмоқчи бўлганим, яшашга ҳаққингиз бор!
У бир оз жим қолди, мен эса юрагим тез ура бошлаганини ҳис қилдим… Бу одамнинг айтган гаплари ҳақиқат эди, у менда шундай бир куч уйғотдики, уни йиллар давомида жиловлаб тургандим. У гапининг сўнгида шундай деди:
– Сизнинг ёшингизда ҳаётнинг бу ҳақиқий мевасини ўзига мавҳум деб тушуниш ўзингиз ва оилангиз учун ҳам жиноятдек туюлади… Фараз қилинг, отангизга қилаётган совғангиз заҳарланган ва охирида шундай дейишингиз керак, – “Ҳаётимни сен учун қурбон қилдим”. Бу қандай кўргулик ахир! Йўқ, сиз бошқаларга ҳам ёрдам қилинг, айни вақтда ўзингизни ҳам ўйланг, шунда яхши бўлади… Шундагина сиз қилишингиз лозим бўлган ҳар бир иш учун ўзингизда катта куч сезасиз.
Бу одам, унинг гаплари, эътибори, мулойимлиги ва гапларининг ҳаққонийлиги менда етишмай турган шижоатни уйғотди. Бир неча ойлар, йиллардан буён мен бор кучимни Мари Роз ва отам учун бахшида этиб яшадим. Мен худди бу дунёда унутилгандек эдим, бироқ ҳар қалай “яхши сингил” бўлолган эсамда, ўзим ҳақимда қайғуришни унутгандим. Баъзида ўзимча ўйланиб қолардим: “Эмили, сен ёшликдан баҳраманд бўлмадинг, фақат ғам-қайғу ва ишни биласан, холос”… Ҳаётимниг хотимасига фақат бир қадам қолган бўлса-да, энди мен ҳаётга бардам кириб бордим. Тўсатдан, Марсел ва Бриансон темир йўл купесида бир нотаниш киши пайдо бўлди ва у менга шундай бир нур ҳадя этдики, у ҳеч қачон сўнмайди деб ўйлайман ва у менга гапиришда давом этаркан, унинг ким эканлигини, нима иш қилишини, фикрларини ва дунёқарашини билишга уриндим. Мен уни сўроққа тутишим мумкин эди, бироқ қўрққаним учун унга савол беришга ҳам журъат эта олмадим. Ўзимча дедим: “Бу ким бўлса ҳам, менга аҳамиятсиз… Очиғи у жуда маданиятли ва дилга яқин одам эди”.
Ана шу пайтда у менга исми Жон Карл, оддий ишчи, безакчи рассом эканлигини айтди, лекин унга ишонгим келмади. У юриш-туришидан умуман оддий ишчига ўхшамас, кўринишидан ҳаётни чуқур англаган ва анча юқори маданиятли кишига ўхшарди.
Вейин шаҳрига келганимизда йўлимиз айрилди. У Лионга онасини кўргани кетди, мен бўлсам, ишим, отам ва жиянларим кутаётган Бриансон томон йўл олдим. Жўнаб кетишимиздан олдин хат ёзишиб туришга келишиб олдик:
– Сиз мени қизиқтираётган тоғларнинг расмини жўнатинг, қолаверса, мана шу расмлар сиз яшаётган жой ҳақида менга хабар беради.
Шунинг билан қисқагина суҳбатимиз ниҳоясига етди. Она юртимга олиб бораётган автобусда ўша одамнинг ҳамма гапларини қайта ўйлардим. Гапларининг ҳаққонийлиги менга янада равшанроқ туюлар, аммо бу ерда бошқа нарса бўлиб, у менинг ҳаётимга тўсатдан кириб қолган ва зимистонликни ёритиб турган нурга ўхшарди.
Француз тилидан Жаҳонгир Санақулов таржимаси
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 6-сонидан олинди.