Гулҳаё Узоқова. Реп ҳақида гап (2012)

Ярим асрдан зиёд тараққиёт йўлини босиб ўтган ўзбек эстрада қўшиқчилиги бугунги кунга келиб шоу-бизнес оламига айланиб қолди. У бугун сон-соноқсиз ёш қўшиқчиларни ўзига жалб этган. Оммавий ахборот воситалари, телевидение ва радио дастурлари орқали эфирга узатилаётган қўшиқларнинг салмоқли қисмини эстрада жанри эгаллаб турганлиги фикримиз далилидир. Ҳатто Наврўз, Мустақиллик каби умум халқ байрамларини, халқимиз тўю томошаларини, турли маросимларни эстрада қўшиқларисиз тасаввур этиш мушкул. Демак, биз хоҳласак-хaоҳламасак эстрада мусиқасининг оҳанглари-ю усуллари, йўналиш-у услублари онгимизни забт этиб, руҳиятимиз, маънавий дунёмизга кириб бораверади. Бутун жаҳон маданиятининг таъсири натижаси ўлароқ Ўзбекистонга ҳам эстрада мусиқанинг кўплаб услуб ва йўналишлари кириб келди. Жумладан: жаз, поп, рок, диско, техно ва хип-хоп кабиларни санаб ўтишимиз мумкин. Шунингдек, бугунги кунда ёшларимизнинг репга бўлган қизиқишлари тобора ортиб бораётганлиги кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда. Бироқ, тингловчилар орасида ёки мутахассислар даврасида ушбу эстрада мусиқасининг йўналишларига бўлган муносабатларини кўриб ҳар кимда ҳам турли фикрлар туғилиши бегумондир. Шу бизга керакми? Ундан манавий озуқа, эстетик завқ олиш мумкинми? Қолаверса, бизнинг менталитетимизга тўғри келадими? Шу каби саволлар кўпчиликни ўйлантиради. Ва ушбу жанрларнинг негизида қандай фалсафа яширинганлиги борасида қизиқиб қоласиз.
RAP – бу “Rhythmical African poetry”, яъни “Ритмли Африка поэзияси (шеърияти)” сўзларининг қисқартма шакли. Rap (реп) – инглизчада “таққиллатмоқ”, “урмоқ”, “зарба бермоқ” каби луғавий маъноларни билдиради. Одатда реп речитатив тарзда оғир ритмга асосланган мусиқа остида ўқиладиган шеърий ҳикоя ва тарихан афро-америка анъанавий маданиятининг бир кўриниши сифатида пайдо бўлган. Бироқ қадимдан реп ва у сингари айтимлар нафақат қора танлилар фольклорида, балки ҳар қандай халқ анъанавий маданиятида у ёки бу шаклда мавжуд бўлганлиги ҳам маълум. Фикримиз далили сифатида қуйида қисқача тарихий маълумотларни келтириб ўтамиз.
Исломгача бўлган араб дунёси бозорларида репга ўхшаш жанр кенг тарқалади. Ҳар бир кўчманчи араб қабиласидан бир шоир-нотиқ (ритор) даврага чиқиб, бошқа қабилаларга қарата бадиҳагўйлик билан очиқ-ойдин ҳақоратли айтимни бошлайди. Ўз навбатида бошқа қабилалардан чиққан шоир-нотиқлар ҳам унга ўз жавобларини айтишади. Одатда бундай “айтишув”лар оммавий жанжаллар билан якун топган.
“Ямб” деб аталувчи худди шундай мусобақа қадимги Юнонистонда Дионис ва Деметрилар шарафига бағишланган байрамларда ҳам уюштирилган. Қадимги скандинавия анъанасида мазкур мусобақалар “манжафбр”(эркаклар олишуви) сифатида машҳур бўлиб, асосан у святки (рождество) кунларида ўтказиладиган ўйин ҳисобланади.
Аввалдан афро-америкаликлар ўртасида репга ўхшаш мусобақалар бўлганлиги ҳақида баъзи (чала-чулпа) маълумотлар учраса-да, реп ва унинг (“Dozens”(ўн иккилар), “Signifying” (изҳор қилмоқ), “Talking shits” (кемалар суҳбати) каби шакллари ҳақидаги илк илмий тавсифлар 30-йилларда Гарлем ва Жанубий Бронксда бўлган. Ўсмирлар муайян қатъий каноник қоидалар асосида тузилган 3 та тўртлик шеър матнини (“дюжин”– 12 лар, реп шакли шундан келиб чиққан) навбатма-навбат айтиб, имкон қадар аниқ ва ритмик импровизация қилиш борасида беллашадилар. Икки рақиб, кескин ўзгарувчан ритм асосида тўртлик алмашадилар. Улардан бирининг (риторика) – нутқи бошқасидан афзал чиққунга қадар давом этади. Репнинг асосий мақсади рақибни ҳақоратлаб ерга уриш бўлган.
1. “Дюжинс” – репнинг махсус шаклларидан бўлиб, унда дастлабки тўртлик мақтанчоқликка асосланиб, бадиҳагўй-муаллифни ўз обрўсини кучли даражада орттириб кўрсатишга қаратилган бўлади. Шундан сўнг рақиб томондан ҳам бунинг сўзларидан кулимсираб нафратланиб айтилган (мендек моҳир репчига қарши чиқишга қандай журъат қилдинг деган маънодаги) жавоби янграйди. Кейинги тўртлиги маҳалла ҳаётидаги воқеалар, турли ғоялар ва умуман янги туғилган фикрлар асосида қурилади. Бу жараён соатлаб давом этиши мумкин ва агар ғолиб аниқланмаса, унда қатнашувчи ва ишқибоз-мухлисларнинг ўзаро уриш-жанжали билан якун топади.
2. “Сигнифйинг” (бошқа бир шакли) – дюжиндан чекланмаган бадиҳагўйлиги билан фарқланади. У ритмнинг мақсадли бузилиши ва синкопаланиши асосида бўлиб, охири дастлабки ритмга қайтилади. “Сигнифйинг” рус тез айтишларига яқиндир. У ўз навбатида 10 сатрдан иборат матннинг ягона қофияга асосланганлиги билан мукаммал ҳисобланади. Бу жанрлар аста-секин Нью-Йорк дискотекаларида ривожланади.
Айтиш жоизки, реп даврлар оша ривожланиб халқлар ижрочилик амалиётида ўрнини топди ва ижро анъаналари ҳам тубдан ўзгарди. Жанр сифатида қўшиққа яқинроқ кўринишга келди ва энг муҳими саҳна санъатидан жой олди. Жумладан: “Сугар Хилл Ганг” гуруҳининг “Репперс Делайт” қўшиғи илк реп ёзувларидан биридир. Мазкур қўшиқ дунё миқиёсида хит даражага кўтарилади.
Юқорида келтирилган реп мусиқасининг типологиясидан кўриниб турибдики, жанрнинг илк шаклланиши ғализроқ бўлса-да, ривожланиш жараёнида мусиқий жанр сифатида ва халқона матнларни ифода этишга мўлжалланган кўринишга келган. Яъни, репнинг сўз-матнининг маъно-мазмуни, мақсади ўзгарган, лекин ундаги шакл, йўл-йўлакай мос келиб қолувчи қофияга асосланган ҳикоя тарзидаги сўз бадиҳагўйлиги сақланиб қолган.
Мустақилликка эришганимиздан сўнг ўзбек эстрада ижрочилигига турли услублар билан бир қаторда реп йўналиши ҳам кириб келди. Албатта, бу услубнинг намоёндалари сифатида Шоҳрух, Шаҳриёр ва “Радиус 21” номларини тилга оламиз. Мазкур хонандалар ижоди ёшлар томонидан илиқ кутиб олинганлиги ҳам рост. Лекин, назаримизда, ўзбекларнинг менталитетига тўғри келиши ёки келмаслиги маънавият ва маданиятга таъсири хусусида ҳам ўйлаб кўриш зарур. Чет эл реп ижрочиларининг эгнидаги либоси, тақинчоқлари, соч турмаклари ва ҳатто беҳаё рақс ҳаракатларини ҳам ўзбекларда кўриб ажабланмай қолдик.
Реп қўшиқларининг мазмунига аҳамият берадиган бўлсак, сўз қўллаш санъатининг фожиасига гувоҳ бўламиз:

Мадорим йўқ шу бугунда бор-у йўғим мана шу
Юрагимда абсолютний бардак, вот так.
Кечагина берилган бу ваъдаларинг
Унутилди дарров, гапирилди просто так.
Яна нима-нима, ҳар гал битта гапингга ишониб
Яшадим ман ахмоқ.
Сани гапинг мана бундоқ:
– Келинг энди илтимос мани кечиринг,
Энди яхши яшайлик.

Шоҳрух репнинг “Хато” номли бу қўшиғи кўпчилликка манзур бўлар балки, лекин, хақиқатни айтиш лозим. Бу қўшиқ эмас, сафсата, бемаъни валдираш эмасми? Бу бизга керакми? Нима учун? Кўча сўзлари, қолаверса, икки тил (ўзбек ва рус) қоришиб ётибди. Менинг назаримда бундай сўз матнларини санъатда қўллаш шарқ маданияти, шеърияти, сўзамоллигига путур етказишдан бошқа иш эмас. Афсуски, бу йўлдан шиддат билан бораётган ёшларимизнинг сафи талайгина. Жумладан, “Уммон” гуруҳи ҳам бугун кўплаб мухлисларга эга бўлди, ўзининг концерт дастурларини ўтказди. Репертуаридан ўрин олган қўшиқлари сони ҳам ортиб бормоқда. Сифати эса юқорида айтилганидек, холос. Айниқса “Уммон барибир уммон-де”, “Майли кетавер”, “Севавераман”, шу каби бир қатор қўшиқларини эшитиб ёқа ушлайсан киши.
Балки, репнинг ижро услуби мазкур хонандаларга ёқар, лекин, шуни эсдан чиқармаслик лозимки, санъат бедарвоза эмас, истаган киши кириб, ўз ишини қиладиган. Санъатнинг мақсади:
– Маънавиятни юксалтириш, эстетик завқ улашиш ва эзгуликка етаклаш. Ҳар қандай ижодкор бу мақсадни ёддан чиқармаслиги зарур. Санъат халқнинг маънавияти учун хизмат қилиши керак.
Биз ўзбек эстрада ижрочилигида реп услубини умуман инкор этиш мақсадида эмасмиз. Аксинча, ўзбек мусиқасининг негизида ўзбекона одоб, ахлоқ, муносабат ва лутф доимо гўзалликка интилиш, гўзаллик ҳақида куйлаш, гўзалликнинг жозибасини намоён этиш, ҳаётга завқ бериш ва фаолиятга чорлаш каби мезонлар ётади. Ва бу баркамол авлод тарбиясида муқобил келадиган омиллар сифатида қадрланиб келади.

«Ёшлик» журналининг 2012 йил 6-сонидан олинди.