Бу фикр мендан эмас, дўстим Тонидан чиқди. Биз учовлон, мен, Тони ва жажжи Жейн исмли қизалоқ дўстим билан эндигина кинодан чиқиб келардик. Чўнтагимиздаги охирги чақаларимизни сарфлаб бетайин бир фильм кўрганимиздан жаҳлимиз чиқиб турарди. Вақт аллақачон тун ярми бўлиб қолган ва беўрин кетган пулларимизни ўрнини қандай қилиб тўлдириш чорасини ўйлаб топишимиз лозим эди. Бу чорани қанчалик тез топсак, шунчалик яхши эди. Айни ўша дақиқаларда кўзимизга ўша лаънати Бақалоқ кўриниб қолди. У кинотеатр олдида турар ва кинодан чиқаётган жонончаларга еб қўйгудек тикиларди. Семиз думбалари камари остидан осилиб кўриниб турган бу олифтанинг кўриниши жудаям жирканч бўлса-да, ундан шундайгина жарақ-жарақ долларлар ҳиди анқиб тургандек эди. Эгнида қимматбаҳо спортча костюм, кўйлагининг енгларида эса сап-сариқ тугмалар ялт-ялт қиларди. Улар ҳақиқий олтиндан ясалганди!
Мен унинг нафақат жирканч кўринишига, балки унинг рангпар юмалоқ башарасидаги бир-бирига жуда яқин жойлашган иккита чўчқаникига ўхшаш кўзлари ёнидан ўтаётган аёлларни ечинтириб юборар даражада таъқиб қилаётганига ҳам эътибор бердим. Унинг юқори лаблари устидан дамбадам тер томчилари оқиб тушар ва у рўмолчаси билан башарасини тинимсиз артиб турарди. Вақти-вақти билан у қалин лабларини беўхшов табассумга ёйиб, худди суякка талпинаётган кўппак мисол бироз олдинга энгашар ва ёнидан ўтаётган аёлларга беорларча суқланиб тикиларди. Тўсатдан унинг нигоҳи Жейнга тушиб, қалқиб кетгандек бўлди ва башарасини рўмолчаси билан янада тезроқ арта бошлади. Об-ҳаво салқин эди деёлмайман. Аммо бу Бақалоқнинг жирканч турқиёқ мени жунжиктириб юборди. Гўё бутун вужудимни ғалати совуқлик қоплаб олаётгандек бўлди. Жейн эса бу оқшом дарҳақиқат мафтункор эди. Унинг гўзал қоматини унчалик ҳам бекитмаган, ярим ҳарир матодан тикилган юбкачаси тиззасидан баланд жойигача қоплаб турар, қизил ранг булузкасининг очиқ кўкрак кесма ёқалари унинг бор қад-қоматини манаман, деб кўрсатиб турарди. Биз ўз ўлжамизни пайқаган овчилардек кинотеатр биноси бурчагида тўхтадик. Тони сигарета тутатди.
— Анаву Бақалоқни бир силкилаб кўришимиз керак, — деди у бармоғи билан бояги олифтани кўрсатиб.
Бу таклиф менга маъқул келмади ва буни Тонидан яшириб ўтирмадим.
— Миянгни ишлат, пандавақи, — жавоб берди Тони. – Бу Бақалоқнинг чўнтагида кўкидан тиқилиб ётибти. Унинг тугмалари қанақа эканлигини кўрмаяпсанми?
— Унинг турқи ёқмаяпти. У худди психга ўхшайди.
— У ҳирсдан ақлдан озаяпти демоқчимисан? Ўзингнинг ҳам айни шу сабаб бироз томинг кетиб қолмаганми, қария? Кўрмаяпсанми, у ҳозир ёввойи ҳирсдан ўлар даражасига келган. Унинг психлиги бор-йўғи шундан холос.
— Бу иш менга ёқмаяпти. Ёқмаяпти, билдингми?
— Э, бу арзимас иш-ку!. Дарров ҳал қиламиз, қўямиз!
Мен Тонига бас келолмаслигимни билардим. Чунки у нима деса, аввал қаршилик қилсам-да, кейин барибир кўнаман. Мен Жейнга қарадим.
— Сен нима дейсан, қизалоқ?
— Билмайман, — секингина жавоб берди у. – Менга унинг тикилиши ёқмаяпти. Унинг тикилишидан бутун вужудим титраб кетаётгандек бўлаяпти.
Тони сигаретасини охирги марта тортиб, қолдиғини чертиб учириб юборди.
— Қулоқ солинглар, дўстлар. Кўча тез орада кимсасиз бўлиб қолади. Бу Бақалоқнинг чўнтаги эса, нақ бизга керак хазинанинг ўзига ўхшайди.
— Билмадим Тони, билмадим. Мен фақат…
— Қария, қуён юраклик қилма. Мен бир ишни режаладимми, уни ютиб чиқишимга амин бўлмасам, таваккал қилмайман. Хўш, нима қилдик? Бошлаймизми?
— Бўпти, майли, сен айтгандек бўла қолсин, — жавоб бердим мен Жейндан кўзимни узмасдан.
Жейни ҳам Тони нима деса барибир кўнишимни жуда яхши билар ва доим бундан қўрқиб юрарди. Ҳозир ҳам ростакамига қўрқиб кетди шекилли, оғирлигини у оёғидан бу оёғига ўтказди. У гуруҳимиздаги янгилардан эди ва шу сабаб унга нима буюрилса, индамай бажараверарди. У ҳозир ўзини бутунлай йўқотиб қўйганини сездириб турар ва мен Тонини бу таклифи учун роса сўкиб беришга тайёр турардим. Бироқ мен ўз иззат-обрҲимни ҳам сақлашим лозим эди. Бўлмаса, қиз мени қўрқоқлиқ қилаяпти ёки мишиқи, деб ўйлаши ҳам мумкин.
— Охири вой бўлмаслигига аминмисан, Тони? — дедим ниҳоят иккиланиб.
— Аминман, қария, аминман, — деди у қатъият билан.
Энди мен Жейн тарафга қарашга ботина олмасдим. Бироқ у қилт этиб ютиниб қўйганини сездим. У қўлини чўзиб, менинг қўлларимдан ушлаб олди.
— Сен нима дейсан, Жейн? — сўрадим ундан.
У бироз саросималаниб тургандек бўлди ва ниҳоят «майли» дегандек бош ирҚади.
— Сен нима истасанг, ҳаммасига тайёрман, — деди у кейин овози бироз титраб.
Тони иршайиб панжаларини бир-бирига ишқалаб қўйди.
— Ана, ҳаммаси пишди. Демак… бошладикми?
— Ҳа, режа аниқ бўлгач, уни бажариш керак.
— Бўлмаса, нимадан бошлашни келишиб олайлик. Сен Жейн, орқангга қайтиб, Бақалоқни ўзингга илаштиришга урин. Уни қоронғироқ кўчага бошлаб боришинг керак. Биз Жек иккаламиз орқаларингдан борамиз. Уни тайёр ҳолга келтиришинг биланоқ, биз уни дабдаласини чиқариб, бор шуду-будини шилиб оламиз. Кейин жуфтакни ростлаш қолади холос. Уқдингми? Ҳаммаси жуда оддийгина.
Мен сигарета тутатиб чека бошладим. Тан олишим жоизки, бутун вужудим ич-ичимдан титрар, амма сигарета тутунидан йўталаётганимдек безовталигимни яширишга уринардим. Жейн билан танишганимдан бошлаб ўзимни сувга тушган товуқдек сеза бошлаганимни ўйлаб қолдим. Бироқ, биз бундай ишларни биринчи бор қилаётган эмасдик ва ҳеч қачон мушкул вазиятга тушмаганмиз. Ишимиз доим силлиққина битган.
— Уқдим, — деди секингина Жейн. — Бироқ мендан унчалик узоқлашмасаларинг бўлгани.
— Биз сенга яқин бўламиз, қизалоқ. Мен сўз бердимми, бажараман.
Жейн оёқ учида туриб Тонидан ҳеч тортинмасдан менинг лабларимдан ўпди. Бу билан гўё у менга содиқлигини изҳор қилди. Кўча фонарининг устунига суяниб унинг орқа тарафга, кинотеатр томонга кетишини кузатдим. Ва яна қалбимда ғалати безовталик сеза бошладим. Бу Бақалоқда мени асабимни қўзитаётган нимадир бор эди.
Кўча бир зумда кимсасиз бўлиб қолди. Жейн ва Бақалоқдан бошқа ҳеч ким кўринмасди. Бақалоқ менинг жонончамни кўриб бир зумда қоматини тик тутди ва зўр бериб башарасини рўмолчаси билан арта бошлади. Айтишим мумкинки, у Жейн ташлаган қармоққа худди очкўз акула бир парча янги гўштга ташлангандек илинди-қолди. Илинмай ҳам кўрсинчи! У шунчалик мафтункор, эндигина ўн олти ёшга тўлган қиз бўлса! У ёш бўлсаям бизнинг ўйинни қандай ўйнашни жуда яхши биларди. Улар бир неча дақиқа жойларида турганларича гаплашишди. Кейин Бақалоқ қўполларча унинг қўйлаги қўкрагидаги чуқур ўйилган жойни сийпалади. Унинг завқланиб, қиқирлаб кулганини эшитдим ва шу лаҳзанинг ўзидаёқ унинг ичак-чавоқларини ағдариб ташлаш истаги билан ёна бошладим.
— Қизишма, қизишма, — шивирлади Тони ва мен бирдан овоз чиқариб Бақалоқни энг қабиҳ сўзлар билан сўкаётганимни сезиб қолдим.
Олифта Жейнни белидан қучиб, бизнинг ёнгинамиздан қоронҚи подъезд томон бошлаб кетди. Қўғирчоғимнинг қандай қадам ташлаб кетаётганидан унинг қандай ваҳима билан кетаётганини сездим.
— Бўлди, Тони, кетдик! –дедим ниҳоят сабрим чидамай.
— Сабр қил. Сенга нима бўлди? Ишни пачавасини чиқармоқчимисан?
Мен ўзимни босишга уриндим. Эҳтимол у ҳақдир. Бироз кутиш лозимга ўхшайди. Агар Бақалоқ ҳозир бизни сезиб қолса, албатта эҳтиёт чораларини кўради. Мен бор кучим билан муштларимни сиқдим ва бундан ўзга чорам ҳам йўқ эди. Кайфиятим бутунлай тушиб кетди.
Жейн ва Бақалоқ тор кўчага етишиб у томон бурилишди ва бутунлай кўздан йўқолишди.
— Ана энди олға! – буйруқ берди Тони.
Мен учун бу гапни икки марта такрорлашига ҳожат йўқ эди.
Биз тор кўча томон отилдик. Чопиб борарканмиз бутун вужудим музлаб бораётгандек, бир сония бир соатга чўзилиб кетаётгандек туюларди.
Шу пайт олдимизда полиция машинаси тўхтаб, ундан икки фараон тушиб, биз томон кела бошлади.
— Икковингиз ҳам тўхтанг ва қимирламанг! — буюрди улардан бири.
— Нима гап? — сўради Тони.
— Ҳозир билиб оласан, йигитча. Қани, деворга орқа ўгириб, биз томонга қарангларчи!
— Қулоқ солинг , мистер… -гап бошладим мен.
— Нима, кармисан? Деворга орқа ўгир деяпман!
Эътироз билдиришдан ҳеч қандай маъно йўқ эди. Биз деворга яқинлашиб қўлларимиз билан унга суяндик. Фараонлардан бири менинг бутун танамни пайпаслаб кўрди ва ҳеч нарса топа олмади.
— Қаерда эдинглар? — сўради яна ўша бераҳм овоз.
— Биз кинода эдик. Ҳозиргина у ердан чиқдик.
— Наҳотки?
— Биз рост гапиряпмиз, мистер. Нима, кинога кириш тақиқланганми?
— Иккинчисидан бирор нарса чиқдими? — сўради полициячи шеригидан.
— Ундаям ҳеч вақо йўқ. Нима дейсан, уларни полиция участкасига олиб борамизми?
Тўсатдан ақлу-ҳушимни йўқотаётганимни сезиб қолдим. Тизззаларим қалтираб, йиқилиб тушмаслигим учун деворга суяниб қолдим. Мен ўзимни бақувват йигит ҳисоблардим. Фараонларни ҳеч қачон ёқтирмасдим ва улардан қўрқмасдим ҳам. Бироқ бу оқшом!.. Мен қоронғи тор кўчада ҳозир нима бўлаётганини тинмасдан ўйлар, бундан ваҳимага тушар, агар бизни бу ердан икки миллар наридаги полиция участкасига олиб боришсалар…
— Қулоқ солинг, мистер. Биз ростдан ҳам кинога киргандик. Чин сўзим!
Буйруқ бераётган фараон афтидан ниманидир ўйлаб қолди.
— Улардан бирини кинотеатрга бошлаб бор ва гаплари тўғри-нотўғрилигини аниқла, — буюрди у шеригига.
Полициячи Тонини қўлтиғидан тутиб, кинотеатр томонга бошлаб кетди.
Мен эса, йиғлаб юборишга тайёр эдим.
Фараон сигарета чиқариб чека бошлади. У ҳеч ёққа шошилмасди. У мени бошдан оёғимгача синчиклаб назар солиб чиқди.
— Сен нимагадир асабийлашаяпсан, йигитча. Нима, бирор хоминг борми?
Мен зўраки жилмайишга уриндим.
— Йўғ-э, ҳаммаси жойида. Ҳаммаси жойида. Шундайми?
— Билмайман. Буни мен сендан сўраяпман.
Мен худди ақлдан озгандек хохолай бошладим. У мендан сўраётган эмиш! Агар олдимиздан анаву Бақолоқ чиқиб қолмаганида, ростдан ҳам ҳаммаси жойида бўлган бўларди! Яна биз бундан бироз олдинроқ ҳаракат қилганимизда ҳам… Мен беихтиёр тор кўча тарафга қарадим. Ҳеч қандай шовқин эшитилмайди. Ҳеч қандай! Мен яна ўзимни бепарво кўрсатиб полициячи билан гаплаша бошладим.
— Кимни қидираяпсизлар?
— Қўшни кварталдаги дўконни уриб кетган шайтонларни.
— Биз улар эмасмиз.
— Буни тез орада аниқлаб оламиз, — деди полициячи сигаретасинингучига тикилиб.
Мен яна Бақалоқ Жейнни олиб кетган тор кўча тарафга назар солдим. Пешонамдан шода-шода тер қуйиларди. Тирноқларим қонар даражада ғишт деворни тирмалай бошладим.
Бир пайт Бақалоқ тор кўчадан чиқиб кела бошлади. У бир неча лаҳза бошини ўзи келган томонга буриб, кўча ўртасида тўхтаб қолди. Худди бир нарсасини унутиб қуйгандек. Мен унинг йўлак чеккасига ниманидир отиб юборганини кўрдим. Полициячи буни пайқамади ҳам. Бақалоқ бурилди-ю, бизга қарама-қарши томонга тез-тез юриб кета бошлади.
Бирдан оғзим қуриб кетганини сездим. Мен нимадир гапирмоқчи бўлардим. Аммо сўзларим томоғимга тиқилиб қолаётгандек эди. Бу пайт Бақалоқ қандай биздан узоқлашаётганини, ниҳоят кўздан ғойиб бўлганини жимгина кузатиб турардим. Худди ана шу пайт иккинчи полициячи ва Тони бизга яқинлашаётганди.
— Улар ростдан ҳам кинога киришган экан. Кассир аёл бу йигитчани таниди.
— Нимаям дердик, йигитлар. Бугунча озодсизлар. Уйларингга кетишларинг мумкин…
Мен унинг гапларини охиригача эшитиб ўтирмадим. Оёғимни қўлимга олиб тор кўча томонга отилдим. Тони орқамдан елиб келарди. Фараонлар машинага ўтиришиб, жўнаб кетишди.
Биз тор кўча бошигача югуриб бордик. Тони энгашиб Бақалоқ отиб юборган нарсани олди. Кўча фонари ёруҚида дўстим қўлида пичоқ ушлаб турганини кўрдим. Унинг тиғлари қип-қизил қон эди. Биз бир зум бир— биримизга бақрайиб тикилиб қолдик ва яна тор кўча ичкарисига югуриб кетдик. Мен ўзимни бутунлай ёмон сеза бошладим. Чунки ҳозир нимага дуч келишлигимизни яхши билардим.
Рус тилидан Абдумурод Кўчибоев таржимаси