Жеффри Уильям. Сукунат (ҳикоя)

Номозшомгул ва ток таналари чирмаб олган «Кингс Хед» меҳмонхонаси кўриниши захчил, бир вақтнинг ўзи­да улуғвор бино эди. Устига-устак, бу бино сайёҳлар деярли қадам босмайдиган бу гўшалардаги ягона меҳмонхона ҳисобланарди.
Кираверишдаги эшикнинг рўпарасида унчалик катта бўлмаган устун турар, унинг ортида эса холлга ўхшаб кетадиган 60-70 нафар одамни сиғдира оладиган кенггина зал бор эди. Кириш рўпарасидаги деворнинг катта қисмини улкан камин эгаллаганди. Унда деярли гулхан ёқилмас, фақатгина бир неча кун турадиганлар пайдо бўлиб қолган кунлар бундан мустасно эди. Залнинг бошқа бурчагида эса провинциядаги меҳмонхоналарга хос бўлмаган тарзда яхшигина вино, виски ва брэнди намуналарига эга бўлган бар жойлашганди. Қолган икки девор ҳам полидан шифтигача бахмал мато билан қопланганди. Қора тусли мебеллар асосан креслолар ва узун диванлардан иборат эди. Баланд шифтдан биллур қандил осилиб турарди. Меҳмонлар бир-бирига суҳбатлашаётиб халақит қилмайдиган қилиб жойлаштирилган столлар устида лампалар ҳам бор эди. Хуллас, шинамгина шароит ҳордиқ чиқаришга мослаштирилган эди.
Ўша оқшом, олдинги оқ­шомлардан фарқ қилмаган ҳолда кресло ва диванлар ёши бир жойга бориб қолган леди ва жентльменлар билан банд эди. Уларни ягона жиҳатлари — ёши бирлаштириб турарди. Уларнинг барчаси олтмишдан ошганди. Залда сукунат ҳукмрон эди, ташқаридан кузатаётган инсон уни ҳатто ўлик сукунат деб баҳолаши ҳам мумкин эди. Чоллар «Таймс» ва «Манчестер Гардиан» газеталарини ўқишар, дам-бадам сода қўшилган брэнди, шотланд вискиларидан симириб қўйишарди. Аёллар эса нимадир тикиб, тўқиб ўтиришар, шерри ёки сут ва шакар қўшилган чойдан ичишарди.
Улкан хонада ҳукмронлик қилаётган ўлик сукунатни баъзан пичирлашлар бузиб қўя­ётганди. Вақти-вақти билан Петерс исмли оғиркарвон официант шошилмасдан стол оралаб қоларди. У стаканларга ичимликлардан қуйиб кетар, кулдонларни тозаларди. Кечаси соат ўндан ўн беш дақиқа ўтаётганда залдаги ягона доимий товуш — каминда чарсиллаб ёнаётган ўтинларнинг овози эди.
Чарсиллаётган оловнинг овозини меҳмонхона олдига келиб тўхтаган машинанинг товуши ютиб юборди. Меҳмонхонага юзлари қип-қизил, қопга ўхшаб кетадиган тивит пальто, шоҳи шарф ва қимматбаҳо чарм қўлқоп кийиб олган эркак кириб келди. У эман ёғочидан ясалган оғир эшикни қаттиқ ёпди-да, атрофга аланглади. Аркадан чап тарафда шиша ва стаканлар тахланган барга кўзи тушгач, тунги портье Хэтэвейга бош ирғаб, бар томон дадил йў­налди.
— Музли скотч, — деди нотаниш эркак шошилмасдан стаканга содали брэнди қуяётган бармен Майклсга.
— Сэр? — пича ҳадиксираб деди Петерснинг айнан нусхаси, бироқ пича ёшроқ бўлган Майклс.
— Музли скотч, — қайтарди дароз меҳмон, — шошилсангизчи!
— Ҳозир, сэр.
Майклс стаканни Петерс ушлаб турган кумуш патнисга қўйиб, яна шишалар ва стаканлар қаторига ўгирилди.
— Яқин орада устахона борми? — сўради нотаниш қўлқопларини бармоғидан тортар экан.
— Устахона дедингизми, сэр?
— Ҳа, устахона! — ёқин­қирамай қайтарди у. — Дабдала йўлларингизни деб машинамнинг рулига бир нарса бўлганга ўхшайди. Энди уни механикка кўрсатмасам бўлмайдиганга ўхшайди.
— Биз томонлардаги ягона механик — Жером Босли, сэр, — секин жавоб берди Майклс. — Лекин у кўпроқ тракторларни таъмирлайди.
— Тракторларни?!
— Ҳа, сэр, — деди Майклс ўртасида биллур стакан ялтираб турган кичик патнисни меҳмоннинг олдига қўяр экан. Бармен анча йиллар илгари шу ишга ўтаётганида ўргатишганидек, «Кингс Хед» эмблемаси мижозга қараб турганини текширди. — Вақти-вақти билан юк машиналарига ҳам қарашади. — шоша-пиша қўшимча қилди у. — Лекин гап шундаки, Босли Бридглинтонга ойисини кўргани кетган, шу билан эртага кечқурун қайтса керак. Афсуски, яқин қирқ мил масофада бош­қа механик бўмаса керак.
— Ажойиб, жуда ажойиб! — заҳарханда қилди нотаниш эркак бошини силкитиб ва афтини янада буриштириб олди. — Шунча вақт нима қилиш керак энди?
— Билмайман, сэр, — елка қисди Майклс ва уч бармоқ скотч қуйди.
— Муз, — ғўлдиради нотаниш.
— Кечирасиз?
— Жин урсин, муз дедим! Муз! — деди пальтоли эркак стаканга бармоғини ниқтаб. — Музни унутдингиз. Ёки мени илиқ вискини ичади, деб ўйлаяпсизми?!
— Йўқ, сэр. Албатта йўқ, сэр… Петерс, сен…
Петерс енгилгина таъзим қилиб, чиқиш эшигига йўналди. У қоронғу ошхонага кириб кетиб, унинг ортидаги хонада кўздан ғойиб бўлди. Нотаниш эркак официнатни кўзлари билан еб қўйгудек кузатиб, залга ўгирилди. Залдагилар унинг нигоҳидан қо­чишга ҳаракат қилишарди.
Тунги сайёҳ қаттиқ «Ҳм-м» деди-да, Майклсга ўгирилиб, ялтиратиб артилган пештахта устига қўлқопларини ташлади. Сўнг худди ўзи билан ўзи гапираётгандек, фақатгина ўз наздида паст овозда деди:
— Археологнинг орзуси — ичига турли қимматбаҳо тақинчоқлар тўлдирилган даҳмани топиб олиш.
Майклс худди қу­лоқ­ларига ишонмаётган одамдек қотиб қолди. Истеъфодаги полковник Глостер-Смит чуқур нафас олди, бева Пемблингтон хоним эса кутилмаганда қўлидан тўқиш симини тушириб юборди. Қолганлар эса ўзларини ҳеч нарса эшитмагандек тутишди. Зал ҳалиям осуда кундаги ўрмондаги ялангликни эслатарди.
— Мен зудлик билан қўнғироқ қилишим керак, — деди меҳмон. — Телефонларингиз қаерда?
— Бизда телефон йўқ, сэр.
— Нима??? — ишонмади у.
— Бизда телефон йўқ, — дадил қайтарди Майклс.
— Қанақасига йўқ?! Телефон ҳозир ҳамма ёқда бор-ку!?
— Бизда йўқ-да, сэр, — шоша-пиша тушунтирди бармен. — Бу ердагилар телефонсиз ҳам яшаб юришибди. Устига устак, телефонларнинг ярим тунда ва эрта тонгда жиринглаб уйқуни қочирадиган одати бор.
— Бу ердан телеграмма ҳам жўната олмасам керак ҳали? — ҳайрон бўлиб сўради нотаниш меҳмон.
— Афсуски, шундай, сэр.
— Жин урсин, оғайни! — портлади нотаниш меҳмон. — Мен қандай қилиб бўлса ҳам Лондондаги ҳамкорларим билан боғланиб, уларга қаердалигимни айтишим керак. Улар бугун мен Манчестерга отланганимдан бехабар.
— Кечирасиз-у, сэр, сизга ёрдам бера олмаймиз.
— «Кечирасиз» эмиш, жин урсин! — тунги меҳмоннинг асабийлашиши чегара билмасди. Чинни идишда тўрт ку­бик муз ушлаб турган Петерс барга яқинлашганда, меҳмон заҳарханда қилди: — Ва ниҳоят! Сизни адашиб кетганмисиз деб қўрқиб тургандим.
Кенг залда йиғилганлар банд бўлиб турган ишларидан норозиларча чалғий бошлашди. Чоллар газета устидан шовқин кўтараётган меҳмонга норозилик нигоҳларини қадашса, аёллар тикиш ва тўқишини четга йиғиштириб, бар томон ўғринча қараб қўйишарди.
Гарчи жабрдийда ҳайдовчи елкаси оша норози нигоҳлар қадалаётганини сезаётган бўлса ҳам, буни билдирмади. У Петерс қачон қичқич ёрдамида стаканига икки кубик муз солиб беришини шошилмасдан кутаётганди. Кейин у қаҳрабо тусли суюқликни бармоғи билан аралаштириб, «Борига шукр», дедида бир ютишда стаканни бўшатди. Лабларини ялар экан, стаканни пештахтага қўйди ва такрорлашни буюрди.
Майклс виски қуйди.
— Ейишга бирор нарсаларинг борми? — қизиқди меҳмон.
— Ошхонамиз ёпиқ, сэр.
— Кўр эмасман, — жирканиб деди нотаниш меҳмон. — Балким бирор жойда сэндвичми, пишлоқли нонми ётгандир?
— Ётмаган бўлса керак, сэр.
— Нима, бутун бошли меҳмонхонада урвоқ ҳам йўқми?
— Ҳозир қараб кўраман, сэр, — елка қисди Майклс.
Анчага чўзилган қидирувдан сўнг у қутисининг ярмиси бўшатилган, қотган печенье кўтариб келди. Нотаниш меҳмон қутига норози нигоҳ ташлади-да, сўради:
— Нима бу?
— Печенье, сэр. Биз дам-бадам буни чойга қўшиб берамиз.
— Печенье? — ишонқирамай қайта сўради тунги меҳмон ва бир неча донасини пештахтага тўкди. — Демак, печенье денг? — қайтарди у эҳтиёткорлик билан бир бўлакчасини тишлади. — Бўлиши мумкин эмас. Менимча сиз «Тошга айланган бўр» демоқчи бўлгансиз! — деди меҳмон яна башасига тундликни ёйар экан.
— Бу бизда бор бўлган ягона егулик, сэр.
Меҳмон ғўлдираганча, меҳмонхона шарафига «ширин» таърифларни келтирди ва қўлидаги печеньени еб бўлди. Сўнг иккинчисини оғзига тиқди ва қарсиллатиб чайнашга тушди.
— Бўш номерлар борми ёки машинамда тунайверайми? — деди меҳмон оғзини тўлдириб печенье чайнаркан.
— О, албатта, бизда бўш номерлар бор, сизга ёқади деб ўйлайман, сэр.
— Фақат чакка ўтмаса бўл­гани, мен буни жуда ёмон кўраман! — меҳмон айлана табуретда арка томон бурилиб, қаттиқ бақирди: — Портье! Эй, портье!..
Қарияларнинг бир нечтаси қўрққанларидан қалтириб кетишди. Ярим дақиқадан сўнг холлда қадам товушлари эшитилди ва арк остида Хэтэвей кўриниш берди.
— Сэр?
Нотаниш меҳмон огоҳлантирмай у томон калитлар боғламини отди. Портье уни ушлашга улгурмади ва калитлар жаранглаганча полга тушди. Хэтэвей бир қўли билан тиззасига таяниб, калитни олиш учун эгилди.
— Зарғалдоқ тусли машинадан жомадонларни олиб, мени журналга ёзинг. Фамилиям — Расмуссен. Гарольд Расмуссен. Иккита «с» билан ёзилади, бошидагиси эмас, кейингиси. Адашиб кетманг.
Хэтэвей қийинчилик билан қаддини тик тутди ва қизиқди:
— Бир оқшомми, мистер Расмуссен?
— Жин урсин, шунга қат­тиқ умид қиламан, лекин машинамга нима бўлганини билмайман ҳам. Худо кўрсатмасин-у, балким бу ерларда бир ҳафта қолиб кетарман, — деди у оғзига навбатдаги печеньени тиқаркан, огоҳлантирди: — Номеримда ванна, иссиқ сув бўлиши шарт. Биноларинг истилмайдиганга ўхшайди, мен эса соғлиғимдан қайғураяпман.
— Ҳа, сэр, — бош ирғади Хэтэвей ва холлдан чиқиб кетди.
— Умид қиламанки, жомадонларимни таший туриб юрак хуружи тутиб қолмаса керак бу чолнинг, — деди хо-холаганча Расмуссен, бар­­га ўгириларкан.
Ўзининг ҳазилига ўзи нашъа қилиб ярим дақиқа кулгач, Гарольд Расмуссен кўз ёшларини артди ва қип-қизил шоҳи рўмолчага бурнини қоқди. У Майклсга қаради ва деди:
— Мусиқа йўқми сизларда?
— Кечирасиз?..
— Мусиқа деяяпман! Қулоғингиз карми, оғайни?! Фақат бирор замонавийроқ нарса, иложи бўлса баландроқ бўлсин. Худо унутган бу даргоҳда қолиб кетадиган бўл­сам, яхшилаб ҳордиқ чи­қармоқчиман… Худди қулоғи кар одамга ўхшайвермай, атганни қилсангиз-чи. Бир бу мавзолейнинг чангу ғуборларини учириб борайлик!
Энди у ҳамманинг диққатини тамоман жалб қилиб бўл­ганди. Унинг сўзлари ўр­мон­даги сокин яланглик уз­ра эсаётган этни жунжиктирадиган шамолдек, безовта бўлган баргларнинг шитирларларига сабаб бўлаётганди.
Ғамгин нигоҳли полковник Глостер-Смит ўрнидан турди, хонага бир қур назар солиб чиққач, яна чуқур уҳ тортди ва ҳарбийларга хос ўктам қадамлар билан бар томон одимлади. Сўнг у Расмуссен олдида тўхтатди ва муштига енгил йўталди.
— Сиз кимсиз? — сўради меҳмон ва оқсоч полковникни совуқ нигоҳи билан чамалаб чиқди. — Сизга нима керак?!
— Истеъфодаги полковник Глостер-Смит сизнинг хизматингизга тайёр, сэр. Мен билан ичмайсизми?!
— Нима?! Мени меҳмон қилмоқчимисиз, сержант? — кулди Расмуссен.
— Полковник, — тўғирлаб қўйди, гарчи жуда жаҳли чиқса-да Глостер-Смит. — Ҳа, йигитча, сизни меҳмон қилмоқчиман. Меҳмоннавозлик ва миннатдорчилик юзасидан.
— Мени жуда хурсанд қи­лаяпсиз, сержант, — заҳарханда қилишда давом этди Гарольд Расмуссен.
— Худди шундай, — бош ирғади полковник ва Майклс­га тикилиб қаради. — Меҳмонимиз учун энг яхши вискингиздан қуйинг.
— Ҳа, сэр, — Майклс пеш­тахта остидан кичикроқ сариқ шиша чиқарди, тиқинини олиб, тўқ жигарранг суюқликни биллур стакандаги эриб бораётган муз кубиклари устига қуйди.
— Сиз мен билан ичмайсизми, сержант? — бироз ҳайрон бўлди Расмуссен.
— Йўқ, мен брэндини яхши кўраман.
— Афсус, — елка қисди келгинди. — Шотланд вискисидан яхшироқ нарсаям бормикан бу дунёда… Саломатлигингиз учун, қария, — у стаканни бурнига яқинлаштириб ҳидлаб кўради, маъқуллаш маъносида бош ирғаб, бир кўтаришда ярмисини ютди. Сўнг лабларини чаппиллатиб, ўзига кўпни кўрган киши тусини бериб, иккинчи ютишда стаканни бўшатди. — Ёмонмас, сержант, ёмонмас. Бу менимча…
Гарольд Расмуссен худди муҳим бир нарсани эслагандек тўсатдан жимиб қолди. Кўзлари олайиб кетди, оғзини каппа-каппа очиб нафас ола бошлади, ўнг қўли томоғига чиппа ёпишди, худди қизиб кетаётгандек тезроқ ёқасини бўшатишга интиларди. Сўнг чўккалаб хириллаб қолди ва гиламга қулади. Икки-уч марта қимирлаб, тинчиди…
Залда яна ўлик сукунат ҳукм­ронликни ўз қўлига олди. Полковник Глостер-Смит тиззалади. У Расмуссен билагини ушлаб кўриб, пульс урмаётганини аниқлагач, яна секин қаддини тиклади ва Петерс ҳамда Майклсга ишора қилди. Официант ва бармен жасадни кўтариб, қоронғу ошхона ортидаги хона орқали ташқарига чиқариб кетишди. Полковник улар билан бирга йўналди.
Залда эса ҳеч нарса юз бермагандек, яна кийим тўқиётган симлар ялтирай бошлади, чоллар эса газеталарини ўқишга тутиндилар. Каминда чирсиллаб ёнаётган ўтиндан сукунатни бузаётган ягона товуш таралаётган эди. Бир неча дақиқа ўтгач, залга Глостер-Смит қайтиб келди. У ўз креслосига ўтириб, қўлига газета олди.
Унинг ўнг томонида ўтирган Сесиль Уайтхед у томон энгашиб секин сўради:
— Бу нечанчиси, полковник?
— Менимча, ўн биринчиси, — жавоб берди Глостер-Смит.
— Умид қиламанки, бу охиргиси, — пичирлади Уайт­хед. — Мана шунақа тарбиясиз йигитлар бу ажойиб жимликни бузишганини умуман ҳазм қилолмайман.
— Гапингизга қўшиламан, — бош ирғади истеъфодаги полковник Глостер-Смит ва қоғози шиқирламаслиги учун қўлидаги «Таймс»ни эҳтиёткорлик билан буклади.

Жамшид БЕК таржимаси.