Мўйинхоннинг Янги Карочига келганига ҳам бир йил бўлай деб қолди. Лекин унинг кайфияти на бу жойнинг расм-русумига мос тушган ва на у бу жойнинг одамлари билан ош-қатиқ бўла олганди. Фақат бир Лаълхонгина оқшом чоғи бир-икки соат ўтириб, унга Лалукҳет маҳалласидаги янгиликлардан гапириб берарди. Лаълхон ўша ердаги мактабда чапраси эди. Бу ерга у дарё бўйидаги кулбалардан кўчиб келган эди. Аввал Мўйинхоннинг жойи Гужжарнала деган жойда бўлиб, бир йил бурун Гужжарналадаги кулбаларга ўт кетгандан сўнг, у Янги Карочига кўчиб келганди.
Карочидаги кулбаларга келсак, уларга ҳар сония, ҳар дақиқада ўт кетиши мумкин эди. “Керосин ўчоққа тўкилиб кетди” ёки “Шолча ёниб кетди” деган гап қулоққа чалиндими, билингки, қиёмат қойим бўлган! Денгиздан эсаётган шамол оловни учириб олиб келади ва кўз очиб-юмгунча кулбалар устида, осмонда ҳаммаёқни тутун қоплайди, тутундан пастда эса оловнинг сариқ тўлқинлари орасидан одамларнинг қий-чувлари осмони фалакка кўтарилади. Чунончи, бир ярим соатдан сўнг машиналарнинг “би-ип”, “би-ип” овози янграйди. Ўт ўчириш гуруҳи шошиб-пишиб келади. Лекин бу пайтда ёнғин юзлаб уйларни ямлашга улгурган бўлади.
Бир йил бурун ҳам Гужжарналадаги кулбалар устида қаттиқ бир портлаш рўй берган эди ва ёнғин шундай тезлик билан ёпирилган эдики, ҳаттоки оналар ўз болалари ҳақида ўйлашга ҳам улгурмадилар. Ўт ўчириш гуруҳи етиб келиб, одамларнинг кўмагида ўртадаги эллик-олтмишта кулбани йиқитгачгина ёнғиннинг шашти қайтди. Аммо ёнғин туфайли тун бўйи одамларнинг кўзларида ҳам, қалбларида ҳам аянчли ёшлари тинмади. Қайсидир ташкилот бошпанасиз қолган одамлар учун катта чодир тикиб берди. Тўрт-беш кунгача ўша ташкилот томонидан қора қозон қайнатиб турилди. Бу пайт ичида талай одамлар қаердандир харжга бироз пул-мул топиб келди ва ғаров таёқларию тахталар ёрдамида ўзларига бошпана тиклаб олди, қолганлар эса Янги Карочига олиб борувчи юк машиналарига кўз тикиб турар эди.
Мўйинхонга ҳам Янги Карочида жой ажратиб берилди. Бу машъум ёнғин қалбини шундай ёндирдики, у Гужжарналага қўшни бўлган маҳаллада ўзининг аёли дафн этилганини ҳам унутди. У ҳар икки-уч кунда у ерга бориб дуо-фотиҳа ўқиб турарди, кўпгина ёру дўстлари билан учрашиб, кўнгли таскин топарди. Энди бу гапларни қўйиб, Мўйинхон янги уйи ҳақида ўйлаб турарди. Юк машинаси ҳақида у кўпам бош қотирмасди, ахир кўтаргулик бисоти ҳам йўқ эди-да.
Унинг бор-йўғи битта қўл аравачаси ва яккаю ягона арзанда қизи – Суғра бор эди. Ёнғин чиққанда Мўйинхон чорраҳада қўл аравачасидаги меваларни сотиб турарди. Кичкина Суғра эса уйда ёлғиз қолган эди. “Ёнғин-ёнғин!” деган қий-чувни эшитгач, у дарров пишиқ ғиштдан қурилган уйлар томон югурди ва у ерда турган аёлларнинг қий-чувига қўшилиб, у ҳам дод солиб йиғлай бошлади.
Янги Карочига келгач, Мўйинхон аравачада мева сотишни бас қилди. Ҳар куни бозорга чиқишдан чарчаган эди. Аравачанинг бир амаллаб тепасини ёпди-да, ундан бир кичкина дўконча ясаб олди ва унда пон, сигарета ва бошқа майда-чуйдаларни сота бошлади. Унга ҳар ойда ўттиз рупия нафақа пули келиб турарди. Бир йил ичида амал-тақал қилиб ўзига уй қуриб олди ва қизчасига бир жуфт кийим-кечак тикдириб, арзон тақинчоқлар ҳам ясатдирди. Суғранинг онаси тирик бўлганда эди, бу оворагарчиликни унинг ўзи эплаган бўларди. Аммо энди бу юк Мўйинхоннинг елкасида турарди – давлат ишида сочлари оқаргунча ишлаб нафақага чиққан эди. Энди бўлса бу ишни қандай эплайман деб боши қотмоқда эди. Шундай дамларда бирдан марҳума хотини эсига тушиб, йиғламоқдан бери бўларди.
Шундай ночор чоғларида кўзларига ёш ҳам келмасди. Ҳар оқшом ўринга чўзилганда у турли хаёлларга ғарқ бўларди. Баъзан шундай бўлардики, у гўё Суғранинг бошига ришта боғлаш маросимини ўтказаётибди, қизининг бошини қўллари билан силаб-силаб, мана бу сўзларни айтаётибди: “Қизим, сенинг ҳақиқий уйинг ўша ёқда. Бор! Оқ йўл!”
Гужжарналадаги кулбада яшаганида ҳам Мўйинхон, “Биронта одам Суғрага оғиз солармикан”, – деб интиқликда тўрт йилни саробга алмашди. “Менинг қизимга уйланинг”, – деб айтишга юзи чидамасди. Бир гал лалукҳетлик бир муаллим Халифажийни шу важдан жеркиб берганди. Халифажийнинг тўрт нафар бўйи етган қизи оғир юк бўлиб елкасидан босиб тушганди ва у тўғри келган жойда, мавриди бўлса-бўлмаса, қизлари ҳақида оғиз очар ва: “Дуо қилинглар, менинг қизларим ўз иззат-обрўси билан оилали бўлишсин. Ҳой биродар, кўз остингга олган бирон яхши йигит борми? Йигит меҳнаткаш бўлсин. Менга бундан бошқа ҳеч нарса керак эмас!” – дерди.
Шундай пайтларда Мўйинхон унинг гапини бўлиб, бундай дерди:
– Уялмайсанми, Халифажий? Бамисоли қизларингни бозорга солаётибсан! Мавридига қараб иш тутсанг-чи! Оллоҳни эсдан чиқарма, у нимани буюрса, ўша бўлади!
Мўйинхонга Янги Карочида ўтказган бир йил Гужжарналада ўтказган тўрт йилидан оғир туюлиб кетди. Бу бир йил давомида Халифажийнинг мана бу гапи Мўйинхоннинг ўқтин-ўқтин эсига тушарди: “Мўйинхон соҳиб! Ҳар бир янги кунда қизларнинг юки икки баравар оғирлашади”.
Урду тилидаги рўзномаларни ўқиган сари у бадтар жиғибийрон бўларди. Ўн пайсага оқшом рўзномаларидан сотиб оларди. Худди ўша пайтлари унинг олдига Лаълхон кириб келишга одатланган эди. У ўзи билан бирга биронта ўспирин болани олиб келарди-да, рўзномада босилган жиноятга оид хабарларни овоз чиқариб ўқиб берарди. Рўзномада ўғирланган қизлар ёки ўз ота-онасини менсимасдан ошиқлари билан кетиб қолган қизлар ҳақидаги хабарлар босиларди. Бундай хабарларни эшитиб, Мўйинхоннинг тепа сочи тик бўлиб кетарди ва оғзидан икки-учтагина сўз чиқарди, холос: “Тавба, тавба! Ҳой соҳиб! Ахир камбағал қизлар бошқа нима ҳам қилсин? Қачонгача уйда ўтиради!” Лаълхон ҳам доим шундай ўйларди. Мўйинхоннинг мияси Суғранинг юки остида шундай эзилиб оғрирдики, нима қилишини билмасди: “Бечора Суғра қачонгача уйда ўтиради?”
Янги Карочида унча кўп одам билан гаплашиш имкони ҳам йўқ эди. Барчаси оддий ишчилар эди. Тирикчиликдан бошқа ташвиши йўқ. Фикр-ёди автобусга бир амаллаб чиқиб олишу тирикчилик ғамида узоқ-узоқларга бориш, вассалом. Кечқурун Мўйинхоннинг аравачанамо дўконидан сигарета ва гугурт сотиб олишарди. Лекин Лаълхондан ташқари у билан икки дақиқагина гаплашадиган одамнинг ўзи йўқ эди. Булар қуруқ салом-аликдан нарига ўтмасдилар. Яқин-атрофда яшайдиган қўшнилар билан ҳам шу: “Ассалом алайкум! Ваалайкум ассалом!”
Суғрага борди-келди қилиб турган хонадоннинг бир эмас, иккита эмас, нақ олтита қизи бор эди. Мўйинхон бетини қаттиқ қилиб қўни-қўшниларга: “Менинг қизимга биронта йигит қидириб кўринглар”, – деб қандай айтсин! Мўйинхон фақат бир Лаълхон билан дилдан гаплаша оларди. Лаълхоннинг на ўғли бор эди ва на қизи. Эр-хотин иккови тирноққа зор. Улар оғирини енгил қиладиган фарзанд қанақа бўлишини умуман билишмайди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам Мўйинхон Лаълхон билан Суғра ҳақида гаплашишни эп кўрмаётгандир.
Мўйинхон Янги Карочида бир қизнинг уйидан қочиб кетаётган пайтида қўлга олингани ҳақидаги хабарни эшитгач, у Лаълхон билан Суғра борасида гаплашиб олишга қарор қилди. Шояд Лаълхон унинг жонига оро кириб, бирон жойга оғиз солиб кўрса. Ўша куни Мўйинхон дўкончасини ташлаб, икки марта уйга бориб келди. Суғра отасининг дам-бадам уйга келиб-кетаётганидан хавотирланиб сўради:
– Ота, тинчликми, нима гап?
– Ҳеч гап йўқ, қизим. Шунчаки сени кўргани келувдим.
Оқшом чоғи Лаълхон бир ўспирин йигит билан келди. У рўзномани ўқи деб ишора қилди. Йигит рўзномани ўқиб бераётган пайтда Мўйинхоннинг мияси ва қалбида бир-бирига қарама-қарши фикрлар чарх урарди. Рўзнома ўқиб бўлингач, Лаълхон деди:
– Хўш, Мўйинхон, биродарим, нечук ўй-хаёлга чўмиб кетдилар?
– Ўзим… Шунчаки…
– Барибир… бирор нарса бўлдими?
– Эй биродар, қиз ҳақида ўйлаётган эдим.
– Қайси қиз? Кеча қочиб кетаётган қизми? Рўзномада унинг ҳақидаги хабар эртага босилади.
– Йўқ, қиз ҳақида эмас… – Мўйинхон чеҳрасини хиёл маъюслик эгаллади. – Эй биродарим! Биласанми, кўзимни нега операция қилдирмаяпман? Қизимни ўйлаяпман. У ҳам ўз уй-жойига эга бўлсайди, сўнг кўзимни операция қилдирар эдим. Кундан-кунга кўришимнинг мазаси қочаяпти.
– Бўлмаса, аввал кўзингни операция қилдириб ол.
– Лекин мана бу юк бошимдан босиб турибди-ку.
– Бошладинг. Биттагина қизинг бор, у ҳам сенга юк бўлиб туюлмоқдами?
– Сен тушунмайсан, Лаълхон. Қиз боланинг юки оғир бўлади…
– Менга қара. – Лаълхон тўхтаб-тўхтаб, ниҳоят, паст овозда гапира бошлади: – Мен шуни биламанки, Оллоҳ таоло ҳар бир бандасини жуфти-ҳалоли билан яратган. Худо хоҳласа, қизингнинг бахти очилиб кетади. Совчи устига совчи келавериб, эшигингнинг турумини едириб юборадилар.
– Аммо қани ўша совчилар, Лаълхон? Мен беш йилдан буён кутаман, – маъюс оҳангда деди Мўйинхон.
– Парво қилма, биродарим, бугун бўлмаса, эртага бўлади. Кексаларнинг гаплари ҳеч қачон ёлғон бўлмаган. “Қайси ҳовлида мевали дарахт бўлса, ўша ерга, албатта, кесак отилади”, дейишади.
Мўйинхон индамади. Дўкончасини ёпиб, уйига келганида ҳам Лаълхоннинг гаплари қулоғи остида ҳамон янграб турар эди. “Унда нега ҳалигача битта ҳам одам кесак отмади? – деб ўйларди у. – Ёки шаҳардан ташқарига чиқиб дуч келган одамга: “Менинг қизимга куёв топсанг-чи?” – дейми?”
Хотинини эслади. Агар у ҳаёт бўлганида, ҳаммасини ўзи ҳал қилган бўларди, бошини қотириб юрмас эди. Ҳозир эса барча ташвишлар ўзининг бошига тушди, улар шундай оғир эдики, ўйлайвериб мияси тарс ёрилиб кетгудек бўлаяпти.
Суғра унинг олдига овқат келтириб қўйганида ҳам у ўйлаб ўтирар эди: “Менинг уйимга қачон кесак келиб тушар экан? Қандай кунларга қолдим?” Шуларни ўйлаб иштаҳаси ҳам бўғилди.
Миясига турфа хаёллар, воқеалар келар эди: гоҳо уйдан қочиб кетган қиз ёки тунлар пинҳона айшу ишратга берилган ахлоқсиз қизлар, гоҳо улар тўғрисида эркакларнинг луқмалари ёки Халифажийнинг ташвишлари ва, албатта, Лаълхоннинг кексалар тўғрисидаги гаплари: “Биродарим! Мевали дарахт бор уйга албатта, кесак отишади”.
– Унда, эй Парвардигорим, нега бундан дарак йўқ?! – Мўйинхон бехосдан гапириб юборди.
– Менга гапирдингизми, дада? – идишларни юваётиб сўради Суғра.
– Ҳа, ухлашга жойимни солиб бер, қизим, – гапни айлантириб деди у.
– Хўп, отажон.
Мўйинхон хонадан ташқарига чиқди. У ерда ота-боланинг чорпоялари ёнма-ён турар эди.
Мўйинхон ўз жойига ётиб, қўлидан ҳеч нарса келмаслигини ўйлаб, кўнгли яна вайрон бўлди. Қандай оғир кунларга қолди! Оллоҳим, мурувватингни биз бечоралардан дариғ тутма. Кўздан қолаяпман. Чор- атрофимда ҳеч кимим йўқ, бўйига етган қизимдан ташқари!
Сал туриб, Суғра ҳам келиб ётди, у ҳар галдагидек нималарнидир гапирар эди. Мўйинхон эса ўз хаёли билан банд, қизининг гапларига эътибор ҳам бермасди.
– Дадажон! Бугун сал бошқачасизми, нима гап ўзи?
– Ҳеч нарса, қизим. Бироз мазам йўқ. Ухла.
Охирги гапини у “мени тинч қўй” оҳангида айтди. Қизи индамади. Сал туриб отасига унинг хуррак отаётгани эшитилди. Ота уйғоқ эди. “Эй Худо! Менинг ҳовлимга мевали дарахтни эктирдинг. Энди кесак ҳам оттир. Сен ҳамманинг зорини эшитгувчисан, менинг ҳам зоримни эшитиб қўй. Тоқатим тоқ бўлди. Бошқа кутолмайман”, – деб дуо қилди Мўйинхон. Охири кўзи илинди. Уйғоқлигида ўйлаган хаёллари энди тушга айланиб, кўз олдидан ўтар эди. Қараса, ҳовлисига катта баҳайбат дарахт экилган ва унинг устига кесаклар ёғилиб тушмоқда. Қизи эса йиғлаб ота уйи билан хайрлашаётир. Атрофни мусиқа овози тутган, мушакбозлик авжида.
Бирдан унинг кўзи очилди. У терга ботиб кетибди. Аъзойи баданини номаълум бир кайфият чулғаб олган эди.
“Дуоларим ижобат бўлди, шекилли. Қизимнинг қўллари энди сариқ рангга бўялади”. Қайрилиб, қизининг чорпоясига қараган эди, юраги отилиб чиққудек бўлди. Кўзларига бир ишониб-бир ишонмай кўр одамдек даст жойидан туриб кетди. Суғранинг чорпоясини пайпаслади.
– Қизим, қизалоғим!!! – деб тинмай чақирар эди у.
Ҳеч қандай жавоб бўлмади. Бутун уйни айланиб чиқди, Суғрадан ном-нишон йўқ. Беркиниб олмадимикан деб чорпоясини ушлаб, қаттиқ-қаттиқ силкитиб кўрди. Охири ҳолдан тойиб: “Парвардигорим, нима бўлди ўзи?” – нидо солди. Қўли бир кичкина тошга тегди. Тошни қўлига олиб, осмонга қаради, осмон зим-зиё эди.
Урду тилидан Тошмирза Холмирзаев таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2016 йил, 3-сон