Агар чиндан бўлиб ўтган воқеага асосланмаганида ушбу ҳикоя ортиқча бир тақлиддан ўзга нарса бўлмас эди. Бундай мавзулар унчалик кўп эмас, аммо улар қайта-қайта жонланаверади, ҳар гал бошқача қиёфада намоён бўлаверади. Шунда ёзувчи беихтиёр уларни иншо этишга киришади.
Зелдвиладан унча узоқ бўлмаган, пиёда юрганда ярим соатлик масофадаги дарё ортида обдон ишлов берилган ҳосилдор адир бор. Унинг чеккасида бир неча деҳқон ҳовлиларидан иборат қишлоқ жойлашган, қия ёнбағирлик бўйлаб эса узоқ йиллардан буён бамисоли учта улкан тасма каби, бир-бирига туташган учта ҳайдалган дала ястаниб ётибди.
Қуёш чарақлаб турган сентябр тонгларининг бирида икки деҳқон ёнма-ён далада ер ҳайдар эди. Ўртадаги дала, афтидан, кўп йиллардан буён ташлаб қўйилганди, зеро, уни тош ва сершох буталар қоплаб олган, ҳавода эса ҳад-ҳисобсиз қанотли ҳашаротлар ғужғон ўйнайди. Ҳар икки томондан омочлари ортидан одимлаётган деҳқонлар – ёшлари қирқларга борган, барваста, чорпаҳилдан келган кишилар бўлиб, бир қарашдан уларнинг ўзига тўқ, бадавлатгина эканликларини билиб олиш қийин эмасди. Улар пишиқ матодан тикилган калта шим кийиб олишганди. Ернинг қаттиқ жойига дуч келганларида гавдалари билан омоч устига ётиб олар эдилар, шунда кўйлакларининг енглари салгина силкиниб кетарди, обдон қиртишланган юзлари эса ўша-ўша хотиржамлиги ва қатъиятини йўқотмасди. Иккаласи ҳам офтобдан кўзларини қисганча олдинга тикилар, шудгор узунлигини чамалар ёки шунчаки атрофга қараб қўяр эдилар. Улар чурқ этмай, баравар қадам ташлар, ора-сира отларни етаклаган қаролга кўрсатмалар беришарди, холос. Узоқдан уларнинг иккаласи ҳам бир-бирига жуда ҳам ўхшаб кетарди, зеро, бу ердаги деҳқоннинг асл қиёфаси шунақа эди, уларни фақат биргина белгидан ажратиш мумкин эди – бири ўткир учли қалпоғини пешонасига бостириб кийиб олган бўлса, иккинчиси уни бошининг орқасига суриб қўйганди. Бироқ бу белги ҳам ўзгариб турарди: улар қарама-қарши йўналишда ер ҳайдар эдилар, адир тепасида учрашган чоғларида бир-бирининг ёнидан ўтар экан, ёқимли машриқ шамолига қарши келаётган деҳқоннинг қалпоғи орқага суриб қўйилар, шамол орқасидан ураётганиники эса манглайига қўндириларди. Гоҳо шундоқ ҳам бўлардики, офтобда ярқираган қалпоқлар бошларда тўғри туриб қоларди. Шу тариқа деҳқонлар бамайлихотир ер ҳайдар эдилар. Жимжит далада, сентябрнинг заррин қуёши остида, уларнинг тепаликда бир-бири билан учрашиши, сўнг сўзсиз ажралиши ва аста-секин бир-биридан узоқлашиши, ботаётган бир жуфт қуёшдек тепалик ортида кўздан йўқолиши, бирмунча вақтдан кейин яна пайдо бўлишини кузатиш ғоят мароқли эди. Деҳқонларнинг омочлари тагидан тош чиқиб қолгудек бўлса, улар тошни олардилар-да, кучларининг борича эгасиз дала ўртасига итқитар эдилар, бундай ҳол кам учрарди, чунки икки четдаги қўшни даладан чиққан тошлар аллақачон ўртадаги ерда қалашиб ётарди.
Узоқ тонгнинг бир қисми ўтиб бўлганда, қишлоқ томондан келаётган чиройликкина аравача эндигина қир ёнбағридан кўтарила бошлаганди. Яшилга бўялган бу аравачада иккала қўшнининг болалари – бир болакай ва бир қизалоқ – оталарига нонушта олиб келарди. Нонушталикда деҳқонларнинг ҳар бири учун сочиққа ўралган хуштаъм нон, стаканлари билан бир хумчада мусаллас ва яна ғамхўр бека меҳнаткаш эри учун бериб юборган қандайдир ширин луқма бўларди. Бундан ташқари, аравачада болалар йўлда териб олиб, чала еб ташланган олма, олмурутлар уюлиб ётар, нонларнинг ўртасида эса худди ўзини олиб кетишаётганидан миннатдор ойимқиздек фақат бир оёғи қолган ва юзини кир босган қип-яланғоч қўғирчоқ қиз гердайиб ўтирарди. Бир қанча туртиниш ва тўхташлардан кейин аравача, ниҳоят, тепалик ўртасига етиб келди ва шудгор чеккасидаги ёш жўка дарахти тагига қўнди. Энди аравачанинг ҳар иккала соҳибини бемалол ажратса бўларди – болакай етти ёшларда, қизалоқ эса беш ёшларда, иккаласи ҳам тетик, шўх, жозибадор эди, қизалоқнинг юзи буғдойранг, сочлари жингалак бўлиб, чеҳрасида жўшқин ва самимий ифода бахш этиб турарди.
Қўшчилар яна тепалик ўртасига етиб келишди-да, отларга беда ташлашди, омочни ярим йўлда, охирига етмаган эгатда қолдиришди, ўзлари эса иноқ қўшнилардек нонуштага ўтиришди ва шундагина салом-алик қилишди, чунки бу куни улар ҳали бир-бирлари билан бир оғиз ҳам гаплашишгани йўқ эди. Улар болаларга шўх-шўх гап отганча, мамнуният билан нонушта қилишди, болалар эса оталари еб-ичиб олгунча бир жойда қимир этмай, теварак-атрофни мириқиб томоша қилар эдилар. Уларнинг нигоҳи тоғлар орасидаги устини тутун қоплаган ва кумушдай ярқираб турган шаҳарчага қадалганди. Зелдвилаликлар ҳар куни куйдириб-пиширишдан бошлари чиқмас, шу боисдан уйлари мўрисидан мудом тутун бўралаб турар ва тоғлар узра паға-паға бўлиб сузиб юрарди.
– Бу ишёқмас зелдвилаликлар тағин қозон осишга тушиб кетибди-ку! – деди деҳқонлардан Манц деган бири, унга жавобан Марти деган иккинчиси:
– Кеча улардан биттаси олдимга кириб, даладан гап очаётувди, – деди.
– Округ кенгашиданми? У менинг олдимга ҳам келганди.
– Шунақами? У ҳам, ҳойнаҳой, сенга ердан фойдаланавер деб таклиф қилган чиқар? Ижара пулини шу жанобларга тўлаймизми?
– Ҳа, бу ер кимники ва уни нима қилиш мумкинлиги бир ёқлик бўлмагунча. Лекин мен аллақандай бир одам учун бу даштни ер қилишга кўнмадим, то эгаси топилгунча сотиб, фойдасини чўнтакка уравер, деб маслаҳат бердим. Икки дунёда ҳам бунақа бўлмайди, чунки Зелдвила девонхонасига тушган нарса туя гўшти ейди. Бундан ташқари, бу анов-мановнинг қўлидан келадиган иш бўлса ҳам кошки. Бу ишёқмаслар бўлса, шуни кутиб ўтирибди – олма пиш, оғзимга туш, деб. Савдодан тушган чўтал ҳам мўмайгина пул бўлишини билишади-да, галварслар. Лекин биз беш қўлни баравар оғизга тиқадиганлардан эмасмиз, борди-ю, сотиб олганимизда ҳам роса у ёқ-бу ёғини ўйлаймиз: нимани олдигу, бу ер кимга қарашли – аввал шунинг тагига етамиз.
– Рост, мен ҳам ҳалиги олифтага худди шуни айтдим.
Улар бирмунча муддат жим қолишди, сўнг Манц яна тилга кирди:
– Лекин шундоқ ер хор бўлиб ётганига ичинг ачийди, киши. Кўзинг билан кўрмасанг – бу бошқа гап. Оз эмас-кўп эмас, нақ йигирма йилдан буён бир тирик жон унга қарай демаса-я. Бу ерда, қишлоқда бўлса, бу ернинг эгасиман деб бировдан садо чиқмайди. Ўлиб кетган трубачининг зурёдлари қай гўрга кетганини ҳам ҳеч ким билмайди.
– Ҳм, – деди Марти, – ҳамма гап шунда-да! Анови лўлиларга илашиб, қишлоқ дайдиларига ғижжак чалишдан бошқани билмайдиган қора ғижжакчига ҳар кўзим тушганида, трубачининг невараси бўласан деб оёғига йиқилгудек бўламан. Тўғри, ер уники эканини шўрлик қаёқдан ҳам билсин. Лекин унинг қўлидан нима ҳам келарди? Бир ой ичиб-нетиб юради-да, яна эски ҳаммом, эски тос! Модомики, ҳеч нарса маълум бўлмагач, ким ҳам оғиз очиб бир нима дейолсин.
– Ҳа, ҳамма иш хуржун, – қўшилди Манц. – Бу ғижжакчини жамоамизда муқим яшаб қолишдан маҳрум этишгунча, сен билан менинг ҳам қўлимиздан ҳеч нарса келмайди, – бу саёқни бўйнимизга осиб қўйишмоқчи, холос. Унинг ота-онаси ўзи бошпанасиз эди, энди бу ҳам уйсиз-жойсиз, лўлиларга ғижжак чалиб юраверсин, вассалом. Ўзинг инсоф билан айт-чи, у ростданам трубачининг неварасими ё йўқми эканини биз қаёқдан билиб ўтирибмиз? Менга келсак, агар мўъжиза рўй бериб, бу жулдурвоқининг чолга невара бўлишини билолганимда ҳам, барибир, мен сенга айтсам, бандаси хато қилиши мумкин, бунга ўхшаш ўнта гуноҳкорга ўхшагандан кўра, бир парча қоғоз – чўқинганлик ҳақидаги гувоҳнома виждонимни кўпроқ тинчлантирган бўларди.
– Ҳа, бўлмаса-чи, – жавоб қилди Манц. – Тўғри, ғижжакчи, агар мени чўқинтиришган бўлмаса, менда нима айб, деяпти. Нима, энди кўчма жом ясаб, уни ўрмонма-ўрмон кўтариб юрайликми? Йўқ, бу жом черковдаги ўз жойида маҳкам турибди, фақат черков деворидан ташқарида осиғлиқ тобутнигина бир жойдан бошқа жойга олиб бориш мумкин. Бусиз ҳам қишлоғимиз тўлиб-тошиб кетган, эрта-индин ҳали иккинчи муаллим ҳам керак бўлади.
Шу билан деҳқонларнинг нонуштасию суҳбати адоғига етди, улар бугун эрталабга мўлжалланган ишни ниҳоясига етказгани ўринларидан туришди. Болалар эса уйга оталари билан бирга кетишга ўзаро аҳд қилиб, аравачани жўка тагига қўйиб қўйишди ва айлангани кетишди; хас-хашак, бута ва тош қоплаган ташландиқ дала уларга ғайриоддий, ҳайратомуз чакалак бўлиб кўринмоқда эди. Бир-бирининг қўлидан тутганча, улар ана шу кўм-кўк чакалакзордан юриб кетишди, бир-бирига чалкашган қўлларини қушқўнмаснинг баланд шохлари устидан юргизиш олам-олам завқ бағишларди; сўнг буталардан бири соясига ўтириб олишди ва қизалоқ зубтурумнинг йирик баргларидан кунгурадор жиякли чиройли яшил кўйлак ясаб, қўғирчоғини ясантира бошлади; ёлғиз лолақизғалдоқнинг ҳали тўкилмаган гулини қўғирчоқнинг бошига қалпоқча қилиб кийинтириб, майса пояси билан боғлаган эди, қўғирчоқ фариштанинг ўзи бўлди-қўйди, айниқса, қизил мева доналаридан маржон ва камар қилиб таққач, қўғирчоқ яна ҳам очилиб кетди. Кейин уни тепага, қушқўнмас поясига ўтказиб қўйди ва бир неча лаҳза иккаласи ундан кўз узмай қараб қолишди. Шу пайт болакай, томоша қилиб тўйгандан кейин, тош билан бир уриб, қўғирчоқни бута устидан тушириб юборди. Қизалоқ қўғирчоқни қайта ясантирмоқчи бўлиб, шоша-пиша тозалай кетди; бироқ шум бола қизалоқнинг қўлидан уни юлқиб олди-да, осмонга отди. Қизалоқ йиғлаганча қўғирчоққа талпинди, лекин бола чаққонлик қилиб, қўғирчоқни илиб олди ва яна улоқтирди. Шу тариқа қўғирчоқни тутишга беҳуда уринаётган қизалоқни роса овора қилди. Қўғирчоқ бола қўлидан омон чиқмади; унинг ягона оёғи тиззасида тирқиш ҳосил бўлиб, ундан қипиқ тўкила бошлади. Буни сезиб қолган бола ўзини тийди ва оғзини катта очиб, бу қипиқ қаердан келаётганини кўриш ниятида тирноғи билан тирқишни зўр бериб кавлай бошлади. Бу жимлик шўрлик қизалоққа ўта ваҳимали туюлиб кетди, у югуриб келди-да, боланинг ёвузларча қилиғини кўриб, даҳшатга тушди.
– Мана, қара! – деди у қизнинг бурни тагида қўғирчоқнинг оёғини силкиганча, қипиқ тўғри қизнинг башарасига сочилди. Қизалоқ йиғлаб, ялиниб-ёлворганча, қўғирчоқ томон қўлини чўзди, бола тағин қочиб қолди ва қўғирчоқнинг бўм-бўш чўпоёғи осилиб қолгандан кейингина тинчиди. Сўнгра у дабдаласи чиққан ўйинчоқни отиб юборди ва жудаям сурбетлик ва совуққонлик билан безрайиб тураверди, қизалоқ эса йиғлаган кўйи қўғирчоққа ташланди ва уни пешбандига ўраб олди. Бироқ у яна пешбандини очди-да, бечора қўғирчоққа ачиниб қарай бошлади; оёқчани кўриб, қизалоқ ҳўнграб йиғлаб юборди, зеро, оёқча калтакесак думидай танадан осилиб турарди. Қизалоқ шунақанги ўксиб йиғлар эдики, ниҳоят, жиноятчига ҳам таъсир қилиб кетди, қўрқув ва пушаймон ичида қизнинг ёнига келиб туриб олди; буни кўриб қизалоқ таққа йиғидан тўхтади ва қўғирчоқ билан уни икки-уч тушириб қолди, бола эса қўғирчоқ ёмон теккандай ростакамига “вой!” деб юборди. Шундан кейин қиз тинчланди ва энди иккаласи баравар қўғирчоқни майдалаб, бўлакларга ажрата кетишди. Улар шўрлик жабрдийда баданидаги тешикларни биттама-битта оча бошлашди, улардан нуқул қипиқ тўкилар, қипиқни япалоқ тош устига тўплашар, обдон қориб, диққат билан кўздан кечиришар эди. Қўғирчоқнинг фақат бошигина омон қолганди ва болалар бутун диққатларини шунга жамлашганди; аввал уни титиғи чиқиб кетган бадандан авайлабгина ажратиб олишди ва бўм-бўш ичига қизиқиб қарай бошлашди. Бу қўрқинчли бўшлиқни кўргач, улар дарҳол қипиққа қарашди, иккаласининг миясига бир хил фикр келганди – бошни қипиқ билан тўлдириш керак. Шу заҳоти болаларнинг қўли шиддат билан ҳаракат қила кетди, хуллас, умрида биринчи бор қўғирчоқнинг боши нима биландир банд бўлганди. Бироқ болакай, афтидан, бош ичидаги нарсада ҳаёт етишмаётганини англаб қолди; у дарҳол бир кўкиштоб пашшани тутиб олди ва ғинғиллаб турган ҳашаротни кафтлари орасида сақлаганча қизга бошдаги қипиқни тўкиб ташлашни айтди. Кейин унга пашшани солишди-да, майса билан тешикни беркитиб қўйишди. Улар навбатма-навбат қўғирчоқ бошини қулоқларига қўйиб тинглашди ва ниҳоят, тантанали суратда уни тош устига қўйиб қўйишди. Лолақизғалдоқ ҳали ҳам бошга зеб бериб турганидан ва қанақадир товуш чиқараётганидан у кароматли бошга ўхшаб туюлмоқда эди, болалар жимгина бир-бирининг пинжига сиқилганча сирли латифаларни тинглай бошладилар. Бироқ ҳар бир каромат ваҳимадор ва хосиятсиз бўлади, қўғирчоқнинг бу аянчли вужудидаги бир томчи ҳаёт болаларни шафқатсиз қилиб қўйганди. Улар қабр қазишди-да, тутиб олинган пашшадан бир оғиз ҳам сўраб-нетиб ўтирмай, бошни чуқурга жойлашди ва дала тошларидан қабр устига салобатли ёдгорлик тиклашди. Шунда жонли мавжудотни дафн этганликларидан бирдан дилларини қўрқув эгаллади ва бу мудҳиш жойдан иложи борича узоқроқ кетишга қарор қилишди. Азбаройи чарчаганидан қизалоқ серўт бир жойни топди-да, ерга чалқанча тушиб ётиб олди ва қандайдир бир хилдаги сўзларни минғиллаб хиргойи қила бошлади, бола эса унга жўр бўлишга ҳаракат қилганча унинг ёнгинасида чўк тушиб ўтириб олди, чарчоқ ва эринчоқлик зўридан унинг ҳам қизалоқ билан ёнма-ён чўзилгиси бор эди-ю, лекин нимагадир бунга журъат қилмади. Қуёш нурлари куйлаётган қизалоқнинг очиқ оғзи, марвариддай тишлари, чўғдай лаблари узра жилва қиларди. Беихтиёр қизалоқнинг тишлари боланинг диққатини тортди, у қизиқиш билан уларни кўздан кечирган бўлди-да, қизалоқнинг бошидан тутиб қичқирди:
– Топ-чи, оғизда нечта тиш бўлади?
Қизалоқ тишларни хаёлан санагандек бир лаҳза ўйланиб қолди ва кейин тўғри топганига шубҳа қилмай:
– Юзта! – деди.
– Ана, тополмадинг! Ўттиз иккита! – деди бола. – Шошмай тур, мен санайман. – У қизалоқнинг тишларини санай бошлади, лекин ҳар гал янглишиб, бошқатдан бошлар эди. Қизалоқ анчагача чидаб турди, бироқ тиришқоқ ҳисобчининг иши ҳеч тугамаётганини кўриб, сапчиб туриб ўтирди ва қичқириб:
– Энди эса, мен сенинг тишларингни санайман! – деди.
Бола ўт устига чўзилди, қизча энгашиб, унинг бошини чангаллади, бола оғзини очди ва саноқ бошланиб кетди: бир, икки, етти, беш, икки, бир… зеро, митти соҳибжамол ҳали санашни билмасди. Бола унга сонларни қай тартибда айтиш кераклигини уқтириб борарди, шу тариқа қиз яна ҳаммасини бошидан бошлашга мажбур бўларди, бугун улар қилган барча ишлардан ҳам мана бу ўйин уларга жуда маъқул келиб қолганди. Охири, қизалоқ жажжи ҳисоб муаллими устига таппа ўзини ташладию чарақлаган тушки қуёш остида иккаласи ҳам донг қотиб ухлаб қолди.
Бу орада оталар ўз ерларини ҳайдаб бўлишди, тўқ жигарранг шудгорнинг намчил тупроғидан ёқимли ҳовур кўтариларди. Улардан бирининг қароли охирги марта юриб ўтиб, тўхтаган эди, хўжайин унга қараб қичқирди:
– Нега тўхтадинг? Яна бир йўл ўт!
– Бўлди қилиб қўя қолайлик-да, – деди қарол.
– Овозингни ўчир-да, одамнинг айтганини қил, – такрорлади хўжайин.
Улар бурилишди-да, ўртадаги эгасиз даладан ўқ чизиқ торта кетишди, тош ва хашаклар атрофга аёвсиз уча бошлади. Бироқ деҳқон уларни тўплаб ўтирмади. “Ҳали бунинг ҳам вақт-соати келар”, – кўнглидан кечирди у ва афтидан, бугунча бу парчадан хомаки ўқ чизиқ тортиб олганидан мамнун эди. Шу тариқа у тезгина ёнбағирликдан тепаликка ўрлаб кетди ва майин шабада қалпоғини тағин орқага сурган жойда пайдо бўлгач, нариги томондан қалпоғи олдинга сурилган қўшниси ўтиб қолди, ўз навбатида у ҳам ўртадаги ерда худди шундай энликда жойни ажратиб, ўқ чизиқ тортмоқда, кесаклар ҳавога учмоқда эди. Уларнинг ҳар бири, тўғрисини айтганда, наригиси нима қилаётганини кўриб-билиб турарди, бироқ иккови ҳам ўзини кўрмаганга солмоқда эди. Бир-бирининг ёнидан оҳиста юриб ўтдилар-да, сўнг бир-биридан узоқлаша кетдилар.
Тақдир мокиси ана шу тариқа бориб-келаверади, аммо “тўқувчи нима қилаётганини билмайди”.
Ўрим кетидан ўрим ўтаверди ва йил сайин болалар улғайиб, балоғатга етиб боравердилар, ташландиқ ер эса тобора энга тортиб кетаётган қўшни далалар ўртасида ингичкалашиб борарди. Ҳар гал шудгорлаш чоғида у нариги томондан ҳам, бериги томондан ҳам бир омоч йўқотар, аммо ҳеч ким бу тўғрида чурқ этиб оғиз очмас ва ҳеч бир кўз бу бедодликни кўрмас эди. Тошлар бутун дала бўйлаб хирмон ҳосил қилганча тобора сиқилиб келарди, ёввойи буталар тупи эса шунчалик баландлашиб кетдики, гарчи анча вояга етиб қолган бўлса-да, агар бола шудгорнинг нариги томонида, қиз бу томонида тургудек бўлса, энди бир-бирини кўролмас ҳам эди. Улар энди далада бирга юрмай қўйишганди, чунки ўн яшар Соломон ёки Сали (энди уни шундай деб чақиришарди) ўзини ёши каттароқ болалар ва бўз йигитларга яқин тута бошлаганди, буғдойранг ва жўшқин Френхен эса унинг жинсига тегишли қонун-қоидаларга бўйсунишига тўғри келмоқда эди, акс ҳолда ўғил болаларга илакишадиган қиз деб устидан кулишлари ҳеч гап эмасди. Барибир, ҳар йили ўрим кунларида ҳамма далага кетганида, иккови ҳам фурсатдан фойдаланиб, уларни ажратиб турган тош марза устига чиқиб, бир-бири билан юз кўришиб турар эдилар. Бошқа пайтлари улар учрашмас, аммо мана бу одатни жон-диллари билан канда қилмай келишарди, чунки оталарининг даласи ҳеч бир жойда бир-бирига туташмас эди-да.
Бу орада ўша ерни сотишга ва тушган пулни ҳозирча маҳаллий ҳокимият ғазнасида сақлашга қарор қилинди. Савдо ўша жойнинг ўзида пишиди, лекин Манц ва Мартидан ташқари бир неча бекорчи хўжагина ташриф буюрди, зеро, бу ташландиқ ерни сотиб олишга ва икки қўшни ўртасида ҳайдаб, ер қилишга кимнинг ҳам кўзи учиб турувди, дейсиз. Гарчи иккала деҳқон ҳам қишлоқдаги манаман деган одамлардан ҳисобланмаса-да, бундай ҳолларда қолган учдан икки қисм одамлар қандай йўл тутиши лозим бўлса, шундай йўл тутишди, – энди уларни жимгина маломат қила бошлашган эди, бироқ юлиб-юлқинган ташландиқ ерни деб деҳқонлар ўртасига суқилиб киришни ҳеч ким истамади. Агар жойи топилгудек бўлса, кўпчилик одамлар ҳар қандай иблислик қилишга қодир ёки тайёр эди-ю, лекин буни бошқа биров қилиб кўрсин-чи! Яхшиямки, шу ишга бош суқмаганимиз, бўлмаса бекорга ёмонотлиқ бўлганимиз қоларди, худо ўзи бир асради-да, деб хурсанд бўлишарди. Бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган балохўрлардан ўзинг сақла, дея ҳалиги иблисдан ҳазар қилган бўлишарди-ю, лекин етти ёт бегонага насиб қилган текин фойда кўзларига оловдай кўриниб, оғизларидан сўлак оқарди. Шу боисдан ҳам Манц билан Марти ягона жиддий харидор бўлиб чиқишди, узоқ давом этган бор-баракадан кейин ер Манцга насиб этди ва расман унга хатлаб берилди. Амалдорлар билан бекорчи хўжалар кетишди, ҳали ҳам далада ўралашиб юрган иккала деҳқон кетишдан олдин юзма-юз бўлди ва Марти деди:
– Балки, янги билан эски далани битта қилиб қўшасан-да, уни қоқ иккига бўлиб, иккита ер қиларсан? Агар ер менинг қўлимга тушганида, ҳар қалай шундай қилган бўлардим.
– Мен ҳам шундай қиламан, – жавоб берди Манц. – Битта ер қилгани дала жудаям катталик қилади. Дарвоқе, мен сенга бир гапни айтмоқчи эдим: сезишимча, яқинда сен зимдан ҳозир менга қарашли бўлган ернинг пастки қисмига киргансан ва талайгина бўлтакни ўзингга қўшиб олгансан. Эҳтимол, бутун ерни сотиб олсам, бу бўлтак ҳам менга қолади, деган хаёлда шундай қилган бўлсанг керак. Лекин энди ер меники, ўйлайманки, мана бу тошларни мен бошимга урмайман, бунақа ётишига ҳам йўл қўймайман, энди уни текислаб, еримга қўшиб олсам, қаршилик қилмассан, тўғрими, оғайни? Шугина нарса деб сен-менга бориб ўтирмасмиз, ахир?
Марти ҳам ўшандай совуққонлик билан жавоб берди:
– Мен ҳам сен-менга боришга арзийдиган нарсани кўрмаяпман. Сен ерни қандай бўлса, шундайича сотиб олдинг, ҳозиргина ҳаммамиз синчиклаб кўриб чиқдик, ахир, бор-йўғи бир ярим соат ичида у ўзгариб қолмас?
– Қўйсанг-чи! – деди Манц. – Ўтган ишга салавот. Лекин ортиқча нарса ортиқча-да, ҳар нарсада ҳам, ахир, тартиб бўлгани яхши. Учала дала ҳам аллазамондан буён худди қалам билан чизилгандек тўғри ётган эди. Сендан бунақа ғалати ҳазил чиқиши ақлга тўғри келмайди ва далалар ўртасида қандайдир найранг ишлатиш ярашмайди, албатта. Одамларга кулги бўлганимиз қолади, холос! Қандай қилиб бўлмасин, бу хатони тўғрилаб қўймаса бўлмайди. Марти кулиб қўйди-да, деди:
– Бирданига одамларнинг гап-сўзидан қўрқиб кетганинг нимаси? Шу ҳам иш бўлибдими, бу қийтиқ менинг парвойимга ҳам келмайди, борди-ю шундан жаҳлинг чиқаётган бўлса, марҳамат, текислаб олавер, фақат мен томонимдан эмас. Бошим кетса ҳам мен бунга йўл қўймайман.
– Ҳазилингни қўйсанг-чи, – деди Манц, – ерни тўғрилашга тўғрилайман, лекин, албатта, сен томондан тўғрилайман, нима десанг деявер.
– Қани, кўрамиз, – деди Марти ва бир-бирига қарамасдан иккаласи ажрашди; энди уларнинг нигоҳи бошқа-бошқа томонга тикилганди. Узоқларга қадалган нигоҳлар жону иймонини қурбон қилиб бўлса-да, қўлга киритиши керак бўлган гўзал эртани кўрмоқда эди.
Эртасигаёқ Манц қаролни, битта мардикорни ва ўғли Салини далага юбориб, бегона ўт ва буталарни юлишни, ташиб чиқариш қулай бўлсин учун тошларни бир жойга тўплашни буюрди.
Онасининг қаршилигига қарамай, ҳали ҳеч жойда ишламаган ўғлини – у эндигина ўн бир ёшга қадам қўйганди – бошқаларга қўшиб далага жўнатиши Манцда қандайдир ўзгариш бўлаётганидан дарак берарди. Боз устига, у айтган аччиқ-қуруқ ва насиҳат сўзларини эшитар экан, ўз пуштикамаридан бўлган зурриётга кўрсатаётган қаттиққўллик билан меваси энди-энди етилиб келаётган ҳақсизлик туйғусини бўғишга интилаяпти, деб ўйлаш мумкин эди. Бу орада далага юборилган ёшлар беғам ва қувноқ ҳолда бу ерда неча йиллардан буён барқ уриб ўсган турфа бутаю ўтларни илдиз-пилдизи билан қўпориб ташламоқда эдилар. Чунки бу ғайриоддий, айтиш мумкинки, ҳеч қандай малака, ҳеч қандай синчковлик талаб этмайдиган эркин иш бўлиб, шунчаки эрмакдай бўлиб кўринаётганди. Қуёшда қовжираган сершох буталар бир жойга тўпланиб, ёқиб юборилди, барчалари завқдан чуввос солиб қичқиришарди, гулхандан кўтарилган тутун узоқ-узоқларга тараларди, ёшлар тутун орасида телбаларча ирғишлашарди. Бу лаънати даладаги сўнгги қувончли байрам эди. Мартининг қизи жажжи Френхен ҳам бу ерга келиб, қўшниларга зўр бериб ёрдам қилмоқда эди. Бу воқеанинг ғайриоддийлиги ва қувноқ шовқин-сурон болаликдаги дўстлар билан учрашиш учун қулай баҳона эди, чунончи, болалар гулхан ёнида шодон ва беғам ўйин билан овора эдилар. Бу ерга бошқа болалар ҳам келиб, қий-чув роса авжига чиқди. Бироқ дўстлар тарқаши билан Сали яна Френхен томон интилар, қиз ҳам нуқул у билан юзма-юз бўлиш учун пайт пойлар эди. Иккаласининг ҳам чеҳрасидан кулги аримас ва бу ажойиб куннинг охири йўқ ва бўлиши мумкин эмасдай туюлмоқда эди уларга. Уларнинг қанча иш қилганини кўргани кечқурун кекса Манц келди. Гарчи ҳамма иш қилиб бўлинган эса-да, ёшларнинг ўйин-кулгини авж олдириб юборишганини кўриб, ҳаммасини ҳайдаб юборди. Шу топ ўзининг ерида Марти кўринди ва қизига кўзи тушиб, бармоқларини оғзига тиққанча, шунақанги қаттиқ ҳуштак чалдики, қизгинанинг эсхонаси чиқиб, отаси томон чопди, ота эса негалигини ўзи ҳам билмаган ҳолда қизига шапалоқ тортиб, хуллас, қиз ҳам, бола ҳам чуқур қайғуга ботганча, уйга йиғлаб қайтишди, бироз олдин нега бу қадар шодон эдилар-у, ҳозир нега бунчалик ғамгин бўлиб қолишганини иккови ҳам англаёлмаётганди. Бу беғубор хилқатлар оталарининг одатдан ташқари қаттиққўлликларини тушунмас ва уларни у қадар қаттиқ ташвишга солмас эди.
Сўнгги кунларда Манц даладан тошларни чиқариб ташлашни буюрганида иш жудаям оғирлашиб кетди, энди эркак кучи талаб этиларди. Худди бутун дунёдан келтириб ташлангандек, тошларнинг охири кўринай демасди. Бироқ Манц уларни даладан ташиб чиқармай, Марти аллақачон ҳафсала билан ҳайдаб қўйган ҳалиги можароли учбурчак қийтиқ ерга олиб бориб ташлашни буюрди. Манц олдиндан далалар ўртасидан узун марза тортиб қўйганди, улар иккаласи узоқ вақтлардан буён бўш ерга отавериб, ғарам қилиб ташлаган ва Манцнинг ўйлашича, рақиб чиқариб ташламайдиган тошларни энди шу бўлтак ерга олиб келиб тўкди. Марти бундай бўлишини кутмаганди. У қўшним аввалгидек омоч билан иш кўради деб ўйлаганди, шу боис унинг ер ҳайдагани далага чиқиб келишини сабр билан кутмоқда эди. Манц тиклаган ажойиб ёдгорлик ҳақида у иш деярли қилиб бўлингандан кейин эшитди, ғазаб ичида далага отилди, унга тайёрлаб қўйилган совғани кўрди, орқага чопди ва ерига тўкилган тош ғарамига қарши норозилик билдириш ва мана шу бўлтак ерга киришни суд орқали ман этиб қўйишдан олдин ўзи билан жамоа оқсоқолини бошлаб келди. Ўша кундан иккала деҳқоннинг судлашувдан боши чиқмай қолди ва бутунлай хонавайрон бўлишмагунча олишувдан тўхташмади.
Одатда ақлли-ҳушли юрган одамлар энди ёғоч қипиғидай майда фикрлар тутқуни бўлиб қолишганди: улардан ҳар бири ўзининг ҳуқуқи ҳақида энг туманли тасаввурлар билан тўлиб-тошган бўлиб, қандай қилиб бегона одам бахтли бир парча ерни қонунсиз ўзлаштириб олишга бу қадар очиқ-ойдин интилаётганини тушунмас ва тушунишга қодир ҳам эмас эди. Манцни, бундан ташқари, миясидан товонигача ўлик туйғуси қамраб олган эдики, бу жирканч, аҳмоқона ҳийлани амалга оширишдаги Мартининг ақл бовар қилмас қайсарлигидан ўзини қаттиқ таҳқирлангандек ҳис этмоқда эди. Лекин иккаласи ҳам бир нарсага амин эди: модомики, бири рақибига шунчалик сурбетларча фириб бераётган экан, демак, у буни бир чақага қиммат одам деб ўйлаяпти, чунки қатъий, ақлли, зарбага зарба билан жавоб берадиган одам билан эмас, аллақандай заиф, ночор кас билан шундай муомала қилинади; шуниси ажабланарлики, улардан ҳар бири менинг иззат-нафсимни ерга ураяпти деб ўйларди, аслида юзага келган можарога қасдма-қасд йўл тутган сайин улар муқаррар ҳалокат жари томон яқинлашиб борар эдилар.
Уларнинг ҳаёти шу дамдан бошлаб икки шўрлик учун дўзах азобига айланганди, улар бамисоли тошқин дарёда оқиб бораётган икки тахтада ўтирганча бир-бирига ташланар, бироқ мўлжалдан адашиб, ўзларини ўзлари уриб, абгор бўлмоқда эди. Ишлари ноҳақ бўлгани важидан улар учар муттаҳамларнинг қурбонига айланишганди, муттаҳамлар эса уларни тинмай гиж-гижлар, тобора жаҳолат ботқоғига ботирар эдилар. Айниқса, бу можаро Зелдвила шаҳрининг чайқовчиларига жуда қўл келмоқда эди. Кўп ўтмай, ҳар иккала даъвогарнинг атрофини бир тўда даллоллар, чақимчилар, маслаҳатчилар қуршаб олиб, минг хил найранглар билан чўнтакларидан охирги чақани ҳам шилиб олмоқда эдилар. Ўртасида яна қичитқи ва қушқўнмас каби ёввойи буталар ғовлаб кетган тош ғарамли бир парча ер икки мўйсафид деҳқоннинг ҳаётини остин-устун қилиб юборган чигал воқеанинг илк сабабчиси ёки уруғи эди, холос. Бинобарин, уларнинг иккисида ҳам илгари етти ухлаб тушига кирмаган янги одат ва расм-русмлар, янги қоида ва умидлар пайдо бўлганди. Улар пулни совурганлари сайин муттаҳамларнинг нафси баттар ҳакалак отар, қашшоқлашгани сайин бойиб кетиш ҳақида бир-биридан кўпроқ кўкнори хаёлларга бериларди. Уларни ҳар қанақанги муттаҳамлик усули билан лақиллатса бўларди: улар, масалан, ҳар йили Зелдвилани патталарга кўмиб юборган барча чет эл лоторея ўйинларида иштирок этар эдилар, бироқ жилла бўлса-да, ютуқ деган нарсани кўзлари билан кўришмаган, фақат мудом ўзгаларнинг ютганлари тўғрисида эшитар, ўзларининг эса ютишларига бир бахягина қолган бўларди. Бу ёқда эса азбаройи иштиёқнинг зўрлигидан бисотларидаги пулларини елга совурганлари-совурган эди. Гоҳида зелдвилаликлар иккала деҳқонни кўра-била туриб, битта паттанинг улушини сотиб олишга даъват этиб, эрмак қилишарди, натижада ҳар иккови ҳам рақибининг оёғини осмондан келтириш ниятида ўша ягона паттага пул тикар эди. Вақтларининг тенг ярмини улар ҳар бирининг қайсидир қовоқхонасида қароргоҳи бўлган шаҳарда ўтказар эдилар, унисини ҳам, бунисини ҳам осонгина ғазаб отига мингазар эдилар-да, бемаъни чиқимларга тушириб, ўзлари кунларини айш-ишратда ўтказар эдилар, лекин ҳар икковининг ҳам юраги зимдан қонга тўлиб борарди, охирида аҳмоқ бўлиб қолмаслик учун иккови ҳам боши билан олишувга шўнғиб кетарди; аслида эса уччига чиққан аҳмоқ эканликлари ошкор бўлиб, бунинг учун боплаб таъзирини ер эдилар. Қолган вақтларда улар саланглаб юрар ёки жазава ичида ва турткилар остида айбларини ювишга ҳаракат қилиб, аламларини ишдан олар эдилар, бу билан ҳалол ва меҳнаткаш қаролларнинг юрагига ғулғула солмоқда эдилар. Хуллас, иккаласи қулоғидан қарзга ботиб, бамисоли лайлакдек, ўз ерлари лабида битта оёқда қимир этмай туриб қолдилар, қилт этган шабададан ағдарилиб тушишлари ҳеч гап эмасди. Бироқ нима бўлганда ҳам улар ўртасидаги адоват тобора авж олиб бормоқда эди, ҳар бири ўзининг бундай аянчли ҳолга тушиб қолганига иккинчисини айблар, унинг тимсолида ўзининг қон душманини кўриб турар, бу дунёга менинг жонимни олгани келган азроил шу бўлади, деб кўзи тушди демагунча, бир-бирига қараб туфлай бошларди, оила аъзоларидан биронтаси аёвсиз калтак остида қолишидан қўрқиб, рақибининг хотини, боласи ёки қаролига бир оғиз гап қотмас эдилар.
Бу хонавайронлик ва қашшоқлашув уларнинг хотинларига бошқача таъсир қилмоқда эди. Табиатан ювош бўлган Мартининг хотини бу кўргуликка чидолмади, касалга чалиниб, ётиб қолди ва қизи ўн тўрт ёшга ҳам кирмасдан ғам-ҳасратда бандаликни бажо келтирди. Манцнинг хотини эса, аксинча, бошга тушган савдоларга тез кўникди ва ёмон хотин бўлиш учун ўзидаги аёлларга хос айрим камчиликларга эрк бериши кифоя қилди, чунончи, ундаги баднафслик ваҳшиёна балохўрликка, маҳмадоналик эса ғирт сохта сўзамоллигу риёкорликка айланди, у ўйлаганларининг нуқул тескарисини тўхтовсиз вайсар, ҳаммани бир-бирига қарши қайрар ва бу билан ўз эрининг ҳам кўзига чўп суққани-суққан эди. Ундаги аввалги очиқ-сочиқлик, унча-мунча беғараз вайсақиликка бўлган мойиллик уччига чиққан беҳаёлик тусини олди, у ҳеч бир тап тортмай ёлғонни қалаштириб ташлар, шу тариқа эрига бўйсуниш ўрнига унинг бурнидан ип ўтказиб, истаган кўйга соладиган бўлиб қолганди. Борди-ю, эри сал овозини кўтаргудек бўлса, у ҳечам аяб ўтирмасди, уят-пуятни йиғиштириб қўйиб, шаллақилик билан хонавайрон бўлган рўзғорни баттар етти қат ер тагига кўмиб ташларди.
Шўрлик болаларнинг ҳам ҳолига маймунлар йиғламоқда эди. Уларда на келажакка умид, на дилларида беғам ёшликнинг қувончидан асар бор. Чор-атрофдан уларни ғам-ташвиш-у, уруш-жанжаллар қуршаб олганди. Қийин бўлгандан, айниқса, Френхенга қийин эди, чунки онаси ўлиб кетиб, боёқиш қиз ҳувиллаган уйда ёлғиз яшарди, қутурган отасининг зуғумларига чидашдан бошқа иложи йўқ эди. Ўн олти ёшда у сарвқомат, дилбар қизга айланганди, жингалак қўнғир сочлари чаросдек қоп-қора кўзлари устига тушиб турарди, буғдойранг юзидан бамисоли қон томади, лаъли лаблари ёқутдек товланиб, бошқа қизлар орасида тўлинойдек дарҳол кўзга ташланарди. Юрагидаги ёшлик ҳислари жўш урган дамларда гул-гул яшнаб, хандон ташлаб кулар, ҳар қандай ғам-ташвишни ҳам унутиб, қалдирғочдек чарх урар, дугоналари билан ҳазил-мутойибалар қилар эди. Лекин унинг шодон кунлари камроқ, андуҳли кунлари кўпроқ бўларди: у нафақат отасининг ғамига ва кундан-кун авж олаётган муҳтожликка шерик бўлишга, балки ўзи ҳақида ҳам ўйлашга мажбур эди-да. У тузукроқ кийингиси, ясан-тусан қилгиси келарди-ю, бироқ отасининг пули йўқ. Қириб-қиртишлаб, Френхен ўзига одмигина байрамбоп кўйлагу деярли ҳеч нарсага арзимайдиган бир нечта дуррача сотиб олганди. Гулдек очилган соҳибжамол қиз ўзини ғоят ҳақир ва мумсик ҳис этаркан, табиийки, такаббурлик деган гаплар унга мутлақо ёт эди. Бундан ташқари, балоғатга етган чоғида онаси ўлиб, изтиробга дуч келди, бу нарса унинг юрагидаги бор жўшқинликни ҳам йўққа чиқариб, ғамгин қилиб қўйганди; шунинг учун бу масъум, ғунчадек қизнинг қуёшнинг илк нурларини кўрганда ҳеч нарсани писанд этмай хандон ташлаб кулганини кўриш ўзи бир мўъжиза, ўзи бир гўзаллик эди.
Сали, бундоқ қараганда, ёмон яшамаётгандек кўринарди, у хушрўй ва азамат йигит бўлганди, ўзини босиқ-вазмин тутар, ундаги бу сиполик эса ҳар қандай кишини унга хушмуомалалик билан мурожаат этишга мажбур қиларди. У ота-онасининг рўзғори қандай хонавайронликка юз тутаётганини кўриб-билиб турарди, ҳар доим ҳам шундай бўлиб келмаганини маъюслик билан эсларди; боз устига, отасининг олдинги, соғлом, ақлли, вазмин деҳқонлик қиёфаси хотирасида яхши сақланиб қолганди, ўшандай ота энди аҳмоқ, жанжалкаш ва танбал бир одамга айланиб, урушдан боши чиқмас, бўлар-бўлмасга мақтанар, қилдан қийиқ ахтариб сўкинар ва қисқичбақадек, тобора орқага қараб кетгани-кетган эди. Бу нарсалар Салининг нафратини қўзитар, уят ва номусдан ерга кириб кетгудек бўларди, гарчи ғўрлиги туфайли у бу савдоларнинг тагига етолмаса-да, онасининг зўр бериб қилган хушомадларидан кўнгли бироз таскин топгандек бўларди. Ўзининг бемаъни қилиқларига кўниктириш ва ўғлини ўзи томонга оғдириб олиш учун, бир чети мақтанчоқлик важидан, она унинг ҳар бир истагини бажо келтирарди, башанг кийинтириб қўяр, кўнглинг хоҳлагандай юр, хоҳлагандай тур деб пишанг солар эди. Йигит ортиқча миннатдорчилик ҳам билдириб ўтирмай, ҳаммасига хўп деб қўя қоларди, чунки онаси ҳаддан ташқари кўп гапирар ва алдар эди, севиниш ўрнига Сали ўз билганидан қолмаса-да, лекин унга ҳеч қандай ёмонлик қилмасди, чунки қарияларнинг хулқи уни бузиб улгурмаганди; чинакам ёшларга хос оддий, тинч ва ботартиб ҳаёт кечиришга бўлган эҳтиёж унда кучли эди. У деярли отасининг ёшлик чоғидагидек эди, шу боис дили нопок ва ўтмиши аламнок бу одам ўз ёшлигини унда кўриб, беихтиёр ўғлига нисбатан меҳри қандайдир жўш уриб кетарди. Унга берилган эркинликка қарамай, Сали ўзини бахтли ҳис этолмасди, олдинда уни хайрли ишлар кутмаётганини англаб турарди, хайрли ишлар бўлишига кўзи етмасди ҳам, чунки Манцнинг хонадонида аллақачондан бери дурустроқ ва бамаънироқ иш тўғрисида ҳеч ким лом-мим демай қўйганди. Шунинг учун ўзининг эркинлигию ҳозирда ғубор қўнмаган эътибори билан ғурурланишдан ўзга чораси йўқ эди унинг. Юраги фахр ҳиссига тўла-ю, аммо келажакка заррача умидсиз ҳолда умр отини елдириб борарди.
Унинг миясига фақат бир нарсани қуйишгани-қуйишган эди – у ҳам бўлса, Марти исми билан боғлиқ бўлган ҳамма нарсага отасининг адовати билан қараш. Лекин у фақат Мартининг отасига қандайдир зарар етказгани ва Мартининг хонадони ҳам уларга нисбатан адоватда эканини биларди, холос. Шунинг учун у Марти ва қизи билан кўришиш, гарчи ғараздан холи бўлса-да, ўзини уларнинг ғаними бўлиб кўрсатиш унга қийин туюлмасди. Салидан кўра кўпроқ азобларни чекаётган Френхен эса дилида адоватдан кўра кўпроқ дилгирликни ҳис этарди, лекин хиёл димоғдор ва бахтли Сали жўрттага ўзини ёмон кўргандек қилиб кўрсатаяпти, деб ўйларди, шунинг учун кўпда унга кўриниш беравермас, борди-ю, Сали ногаҳон яқинида пайдо бўлиб қолса, дарров қочиб қоларди, йигитча бўлса, унга лоақал қайрилиб қараб ҳам қўймасди. Буни қарангки, Салининг қизни яқиндан кўрмаганига бир неча йил бўлибди ва балоғат ёшида унинг қанақа кўринишини ҳам тасаввур этолмасди. Вақт-вақти билан у қизни қаттиқ ўйлаб қолар, Марти хонадони ҳақида гап очилгудек бўлса, эндигина элас-элас хотирасида қолган Френхеннинг чеҳрасини беихтиёр дўстона тарзда кўз олдига келтиришга ҳаракат қиларди.
Манц биринчи бўлиб бутунлай қашшоқлашиб, бошпанасиз қолди. Унинг хонавайрон бўлишига энг аввало хотини кўмаклашиб юборганди. Марти эса ўз салтанатидаги ягона исрофгар эди, қизи уй ҳайвонидек ишлашдан бошқа нарсани билмаса-да, ўзи учун сарф-харажат қилишнинг уддасидан чиқолмасди. Зелдвилалик ошналарининг маслаҳати билан Манц шартта шаҳарга кўчиб ўтди-да, у ерда қовоқхона очиб олди. Суяги далада қотган собиқ деҳқоннинг қандайдир қовоқхона очгани, қолган-қутган қақир-қуқури билан шаҳарга кўчиб ўтганини кўришнинг ўзи бир даҳшат эди. Бир вақтлар ҳамма билан апоқ-чапоқ ва куйди-пишди бўлиб юрадиган ажабтовур хўжайиннинг энди доим дили хуфтон, ичига чироқ ёқса ёримасди. Манцнинг оиласи ҳовлидан кўчага чиққандагина одамлар унинг нечоғлик қашшоқлашиб қолганини ўз кўзлари билан кўришди: аравага фақат парти кетиб, шарти қолган ашқол-дашқолларгина ортилган бўлиб, улар рўзғорда узоқ йиллардан бери ҳеч нарса янгиланмагани ва олинмаганидан гувоҳлик бериб турарди, холос. Шундай бўлса-да, хотини ўзининг энг яхши кийимларини кийиб олган бўлиб, ҳалиги ашқол-дашқоллар устида кибор билан гердайиб ўтирарди, шу туришда у кўпда яхшиликдан дарак бермайдиган бу кўчишни четан ортидан ачинганича кузатиб турган ҳамқишлоқларига назар солаётган шаҳарлик хонимга ўхшаб кетмоқдайди. У ўзининг уддабуронлиги ва фаросати билан бутун шаҳарнинг оғзини очириб ва эри эплолмаган нарсани бу дўндириб қўядиган каттакон қовоқхона бекасидай тасаввур қила бошлаганди.
Аслида эса, қандайдир тангу тор жинкўчада жойлашган бу емакхона деганлари аллақачон синган бир кекса ижарадорнинг қовоқхонаси эди ва зелдвилаликлар уни арзон-гаров, атиги бир неча юз галерга бериб юборишганди. Бундан ташқари икки бочка аралаш вино ва қовоқхонанинг бор бисоти – ўн-ўн бешта оддий оқ графин, шунча стакан, бир вақтлар қип-қизил қилиб бўялган, эндиликда бўёқлари кўчиб туша бошлаган бир қанча арча стол ва стулларни ҳам унга пуллашганди. Дераза олдидаги илмоқда темир тегарчик чарақлаб турарди, тегарчикнинг ичида эса тунукадан қилинган ҳўл бочкалардан стаканларга вино қуйиларди, эшикнинг тепасидан қуриб қолган нинабаргли бута шохчаси осилиб турарди; булар барчасини Манц бирваракай ижарага олганди. У хотинидек ўзини мағрур тутмаётганди, ҳовлисининг янги эгаси унга қарзга берган озғин қирчанғини ниқтар экан, кўнглида ғаразли ўйлар ва сирли адоват ҳисси жўш урарди. Қўл остида қолган сўнгги қарол ҳам бир неча ҳафта бурун уникидан жуфтакни ростлаб қолганди. Шу тариқа ҳовлидан чиқиб келар экан, йўлдан сал нарида кинояли ва ғазабнок қиёфасида у ёқдан-бу ёққа юриб турган Мартига кўзи тушди. Бахтсизлигининг ягона айбдори шу деб билган Манц уни болахонадор қилиб сўка кетди. Сали эса арава қўзғалиши билан қадамларини жадаллатди-да, отлардан ўзиб, айланма йўл билан шаҳарга ёлғиз ўзи йўл олди.
— Мана, етиб келдик! — деди Манц арава қовоқхона эшиги тагига келиб тўхтагач. Хотинининг кайфи учиб, қичқириб юборди: ошхона қани, хароб бир қовоқхона экан-ку! Одамлар янги қишлоқи қовоқхона соҳибини кўргани дераза ва кўчага отилишди ва зелдовилаликларга хос виқор билан, ҳам ачинганнамо, ҳам масхараомуз томоша қила бошлашди. Азбаройи ғазабдан кўзларига ёш олганича Манцпошша аравадан сирғалиб тушди-да, югуриб уйга кириб кетди, гарчи тили қичиб турса-да, орият зўридан бугун кўчада кўринмасликка қарор қилди, шалоғи чиққан каравотлардан иборат кўч-кўронидан у ерга кириб кетгудай бўлмоқда эди. Сали ҳам зўрға турарди, лекин у отасига қарашмаса бўлмасди. Ҳаял ўтмай гала-гала бўлиб болалар етиб келишди ва қашшоқ одамнинг ҳолини томоша қилмоқчидек, хонавайрон бўлган олдинги соҳибнинг дўконини қуршаб олишди. Ундаги манзара бундан ҳам хароб эди, уй эмас, қароқчилар яширинадиган ғор дейсиз. Чала-чулпа оқланган девор зах тортиб кетганди. Қип-қизил столлари бўлган қоронғи, ғариб хонадан ташқари яна кўрар кўз учун иккита танггина хонача ҳам бор эди, олдинги хўжайин эса барча бурчакларда ғарам-ғарам ахлатларни қолдирганди.
Уларнинг ҳаёти шу тариқа бошланди ва шу алпозда давом этаверди. Дастлабки бир-икки ҳафтада, хусусан, кечки пайтларда унча-мунча мижозлар ягона столни тўлдиришиб турди — ҳеч бўлмаса унинг ҳисобига қишлоқи хўжайинларни томоша қилишади-ку. Қовоқхонанинг ўзида ҳеч қанақанги қизиқ нарса йўқ эди. Манц қўпол, бесўнақай, тунд ва ғамгин эди, умуман, у ўзини қандай тутишини билмасди. Кружкаларни секин ва тўкиб-сочиб тўлдирар, уларни меҳмонлар олдига қовоғини уйиб келтириб қўяр, бир оғиз жўяли сўз айтишга чиранарди-ю, бироқ бунинг уддасидан чиқолмасди. Хотини ҳам очилиб гаплашгани эридан кам ҳаракат қилмасди, дарҳақиқат, у аввалига бир неча кун мижозларини тутиб турди, бироқ у ўзи ўйлагандай эмас, бутунлай бошқа сабаб билан. Ҳомиладор хотин ўзини жозибадор қилиб кўрсатиш учун уй либосига бурканиб олганди. У рангсиз бўздан эгнига юбка, эски яшил шойи нимча кийган, чит пешбанд таққан ва бошига арзон оқ рўмол ўраб олганди. Оқ оралаган сочини дам-бадам чаккаларига гажак қилиб ўрар, боши орқасига ташлаб олган сочига эса баланд тароқ тўғнаб қўярди. Шу тариқа у меҳмонлар атрофида гирдикапалак бўлар, хушқомат кўриниш учун лабларини ноз билан бурар, чиройли кўринишга ҳаракат қилар, стакан ё ликобчада тузли пишлоқ улашиш учун ҳали у, ҳали бу столга югурар, бўлар-бўлмас сўзларни алжир эди. — Ана шунақа! Ҳа, ҳа! Зўр, ажойиб, жаноблар, — дер эди у, лекин гарчанд тили бурро бўлмаса-да, ўзини ақлли қилиб кўрсатиш учун ўлиб-тириларди, чунки у бу ерда бегона бўлиб, маҳаллий одамларни билмасди. Қовоқхонада ивирсиб юрган зелдвилалик саёқлар қўллари билан оғизларини бекитганча қотиб-қотиб кулишар, стол остидан бир-бирининг оёғига туртиб, шундай дерди:
— Туф-е, дўзахи! Сен ҳам одам бўлдинг-у!
— Қойил! — дерди бошқаси. — Жоним қурбон бўлсин-а! Бўлганига яраша киройи шунақаси бўлсин-да! Бунақасини энди кўриб турибмиз!
Хотинини маъюс кузатиб турган эр буни сезиб қоларди-да, унинг биқинига туртиб шивирларди:
— Нима қиляпсан, ҳой қари сигир?
— Халақит берма менга, — жаҳл билан жавоб қайтарарди хотини. — Кўрмаяпсанми, тўнка, одамларни тортиш учун жонимни жабборга бераяпман, ахир, уддасидан чиқаяпман ҳам. Лекин бу ювиндихўрлар бари сенинг дастингдан, шошмай тур, ҳали замон бу ерга зодагонлар ҳам танда қўйиб қолади.
Бутун бир қовоқхонани бор-йўғи бир ё иккита ингичка шам ёритиб турарди, холос, ўғиллари Сали эса ошхонанинг қоронғи бурчагига кириб олар, орқаси билан деворга суянганча ота-онасининг ҳолига ачиниб, йиғлар эди.
Бироқ меҳрибон фрау Манцнинг ноз-карашмалари кўп ўтмай мижозларнинг меъдасига тегди ва яна ўзлари яхши жойга тўплана бошладилар, у ерда ғалати қовоқхона устидан мириқиб кула олар эдилар. Фақат аҳён-аҳёнда бу ерга биргина мижоз ташриф буюрарди, бир стаканни симирарди-да, эснаб, деворларга кўз югуртира бошларди. Гоҳо тўсатдан бир гала безорилар бостириб кириб қоларди ва шовқин-сурон билан камбағал одамлар дилида алдоқчи умид уйғотар эди. Қуёш нури базўр тушадиган бу хилват гўшада ўзларини эркин сеза олмасдилар. Илгарилари шаҳарда саланглаб юрадиган Манцнинг ўзига ҳам энди бу тўрт девор ичида яшаш ўлимдан оғир туюлиб кетаётганди. Кенг далаларни эслаб, у гоҳ маъюс нигоҳини шифтга ё ерга қадаб олар, гоҳ тор эшикдан кўчага отилиб чиқиб кетар ва яна қайтиб ичкарига кирарди, чунки қўшниларнинг бу “қўрс ошхоначи”га еб қўйгудек қарашларига у тоқат қилолмасди.
Кўп ўтмай Манцнинг оиласи бутунлай қашшоқлашиб қолди. Уларнинг бисотида ҳеч вақо қолмаганди: у-бу тамадди қилиб олишлари учун биронта мижознинг кириб келишини, қолган винодан бирор стакан ичиб, тўрт-беш чақа ташлаб кетишини кутишга мажбур бўлишарди. Борди-ю, мижоз колбаса ёки бирон егулик сўраб қолса, кўринг тўполонни, сўралган нарсани топиш учун ҳаммалари зир югуриб қолишарди. Ҳадемай катта графиндаги винодан бошқа уларда ҳеч нарса қолмади, киши билмас бегона қовоқхонадан тўлдириб келган графинни улар маҳкам беркитиб қўйишарди; хуллас, нонсиз, виносиз мижозлар шўрлик хўжайинларни эрмак қилар эдилар, холос: Қайтанга ҳеч ким кирмаса, энди суюнадиган бўлиб қолишганди ва ўз қовоқхоналарида ўлик бўлиб ўликмас, тирик бўлиб тирикмас, титраб-қақшаб ўтираверишарди.
Ниҳоят, бека бошқа ҳеч қандай чора қолмаганини англаб етгач, эгнидаги яшил нимчани ечиб ташлади ва бутунлай бошқа аёл бўлди-қўйди: илгари кўнгли нимани хоҳласа шуни қилишга одатлангани каби энди у ўзидаги бор аёллик қобилиятини ишга сола кетди, шундай қилмаса бўлмасди ҳам, чунки рўзғор бутунлай чўкиб қолганди-да. У сабр-тоқат билан чолининг қўлтиғига кириб, кўнглини кўтаришга, ўғлига панд-насиҳатлар беришга ҳаракат қила бошлади. У жонини аямай, юрак амри билан рўзғорни тўзиб кетишдан сақлаб қолган пайтлари кўп бўлган, гарчи рўзғорлари бутунлай оёққа туриб, аҳволлари аъло даражада яхшиланиб кетмаган бўлса-да, ҳарқалай, унча-мунча фойдаси сезиларди. Акс ҳолда қолган-қутганидан ҳам жудо бўлиш ҳеч гап эмасди. У баҳолиқудрат, қийин дамларда ақлли маслаҳатлар беришни ўрганди, борди-ю, бу маслаҳатлардан ҳеч иш чиқмаса ё бирон жўяли натижа бермаса, шартта ғазабини ўғли билан эрига соча бошларди, қисқасини айтганда, у ҳечдан кўра кеч қабилида иш тутмоқда эди — фойдаси бўладиган йилларда қилмаган нарсани у энди бир оёғи гўрга етганда қила бошлаганди.
Бир четда ризқ топиш, бир четда вақт ўтказиш ниятида ота-бола балиқчилик билан шуғуллана бошлади, яъни дарёга ташлаш барча учун баробар бўлган қармоқлар сотиб олишди. Хонавайрон бўлган зелдвилаликларнинг асосий машғулотларидан бири ҳам шу эди. Балиқлар яхши илинадиган ҳаво тинч кунларда зелдвилаликларнинг гурас-гурас бўлиб, қўлларида қармоқ ва челак билан шаҳардан чиқиб кетаётганини кўриш мумкин эди, зеро қирғоқда сайр қилиб юрганларига ҳар қадамда балиқ овловчи дуч келарди, жигарранг сюртук кийган бири оёғини сувга солганча чўнқайиб ўтирган, қуйруқли кўк фрак кийган бошқаси эса эзилган шляпасини қия қўндирганча кекса мажнунтол илдизи устида тик турган бўларди, ундан сал наридаги балиқчи бошқа кийими йўқлигидан олачалпоқ гулли серямоқ халатда бўлиб, бир қўлида қармоқ, бир қўлида трубка ушлаб олган; дарё муюлиши ортида эса тепакал бақалоқ чол кўзга ташланарди, у қип-яланғоч бўлиб олиб балиқ тутар, сув яқин бўлишига қарамай, оёқлари шунақанги кирлаб кетган эдики, этигини ечмайди деб ўйлаш мумкин эди. Ҳаммасининг олдида олдиндан тайёрлаб қўйилган чувалчангли тувакча ё банка бўларди. Осмонни булут қоплаб, ёмғир ёғишдан дарак бера бошласа, балиқчилар қирғоққа ёпирилиб келар, худди сувратлар саройидаги авлиё ва пайғамбарларнинг тасвирлари каби дарё оқими бўйлаб саф тортар эдилар. Деҳқонлар араваларида, ҳўкизларида улар ёнидан бепарво ўтиб кетаверардилар, қайиқчилар эса қайрилиб қарамасдилар ҳам, фақат балиқчилар аста минғирлаб қўйишарди, чунки қайиқлар уларга халақит берарди-да.
Борди-ю, кимдир Манцга ўн икки йил бурун, қирғоқ бўйидаги тепаликда, ажойиб ҳўкиз билан омоч тортиб, ер ҳайдаётганда, бир кун келиб сен ҳам мана шу авлиёлар сафидан жой оласан-да, балиқ овлайсан деганда борми, роса жаҳли чиққан бўларди. Мана, у энди шулар орасига беркиниб олган, гўё мунгли дарёда абадият жазосини ўташ учун қулайроқ ва хилватроқ жой қидираётган арвоҳ каби оқимдан юқори томонга шошиларди. Шу билан бирга қўлида қармоқ билан соатлаб кутишга на унинг, на ўғлининг тоқати чидайди, улар қишлоқдаги деҳқонлар балиқни бошқача усулда тутишларини эслай бошлар эдилар. Ирмоқда ўйнаб юрган балиқларни улар шундоқ қўлда тутиб олаверардилар, шу боис улар номигагина қармоқ кўтариб келишарди-да, ўзлари эса ирмоқлар томон йўл олишарди, у ерларда ноёб ва хушхўр гулмоҳи балиқлари мўллигини яхши билишарди.
Бу ёқда қишлоқда қолган Мартининг ҳаёти ҳам кундан-кунга ёмонлашиб борарди; зерикканидан ўзини қаерга қўйишни билмасди. Ўзининг бийдай даласида ишлаш ўрнига у ҳам балиқ овига ружу қўйганди ва уззу-кун сув шалоплатгани-шалоплатган эди. Френхен уйда қололмасди, энг зарур ишини ҳам ташлаб, очиқ кунда ҳам, ёмғирли кунда ҳам нам майсазор бўйлаб челак ва қармоқ кўтарганча ботқоғу ҳалқобларда отасининг ортидан эргашиб юришга мажбур эди. Уйда ундан бошқа ҳеч ким бўлмасди, унга қаролнинг ҳам кераги йўқ эди, чунки Марти ернинг катта қисмидан маҳрум бўлганди, қолган бир парчагина ерни қизининг ёрдамида бир амаллаб ҳайдаб олар ёки бутунлай ҳайдовсиз ташлаб қўяверар эди.
Бир куни кечқурун хийла чуқур, тезоқар дарё ёқалаб кетиб бораркан, тўсатдан нариги қирғоқдан келаётган эски душмани Манцни кўриб қолди. Осмонни қалин булут қоплаганидан дарёда гулмоҳи балиқлар ғужғон ўйнарди. Марти уни кўриши ҳамон юрагида ғазаб ва нафрат аланга олди, сўкиш ман этилган судлардаги кунларни ҳисобга олмаганда кўп йиллардан бери улар бир-бирини бу қадар яқиндан сира кўрмаганди. Марти тутақиб, деди:
— Кўппак, нима қилиб юрибсан бу ерда? Зелдвиланинг гадойи! Кулбангда писиб ётавермайсанми?!
— Ҳализамон ўзинг ҳам келиб қоларсан, ҳаромхўр! — жавобан деди Манц. — Мана, сен ҳам балиқ овлаб қолибсан-ку, шошмаса ҳам бўлаверади!
— Ўчир, қонхўр! — деди қичқириб Марти, чунки дарё тўлқинлари шовқини бу ерда хийла кучли эди. — Менинг бошимга етган сен бўлдинг!
Кўтарилган қаттиқ шамолдан, қирғоқ бўйидаги толлар шовуллашидан Манц янада қаттиқроқ қичқиришга мажбур бўлди:
— Ўшанда жонингни олиб қўя қолганимда хурсанд бўлардим, галварс!
— Кўппак! — бўкирди нариги қирғоқдан Марти.
— Миясини еган тентак, эшак! — жавоб қайтарди Манц бу ёқдан.
Дарёдан ўтолмай Марти шер каби қирғоқда у ёқдан-бу ёққа бориб келар эди. Манцнинг ўз қовоқхонасида қорни тўйиб еб-ичаётгани ва дориламон яшаётганини, ўзининг эса ҳеч бир гуноҳи бўлмаса ҳам хонавайрон бўлган рўзғорида ит кунини кўраётганини ўйлаб, баттар тутақиб ёнмоқда эди. Ундан кам ғазабланмаётган Манц ҳам нариги қирғоқдан юриб келарди. У билан изма-из келаётган ўғли чолларнинг сўкинишларига қулоқ солмай, отаси ортидан Френхенга ҳайрат ва қизиқиш билан қараб турарди, қизгина уятдан кўзини ердан ололмас, тим қора жингалак сочлари юзига тушиб турарди. У бир қўлида балиқлар учун ёғоч челак, иккинчи қўлида бошмоғи билан пайпоғини кўтариб, ҳўл бўлмасин деб юбкасини липпасига қистириб олганди. Нариги қирғоқда Салини кўргач, Френхен хижолат ичида юбкасини тушириб қўйди, у жудаям ноқулай аҳволда қолганди: ҳам балиқ ови буюмларини кўтариб олган, ҳам юбкасини эплолмай овора, ҳам чолларнинг мана бунақа пештаҳам сўзлари. Борди-ю, кўзларини кўтариб Салига қараганида, йигитнинг хиёл такаббурона ва мағрур қиёфасидан асар ҳам қолмаганини, ҳозирги гаплардан у ҳам ўзини қаёққа уришини билмаётганини кўрган бўларди. Азбаройи уят ва шармандаликдан ўзини йўқотган Френхен бошини қуйи солиб олганди, Сали эса хижолат ичида мунғайиб отасининг изидан бораётган қиздан кўзини олмаётганди, кийимининг ғариблиги ва ғамга қарамай у ғоятда хушқомат, гўзал эди. Бу орада чолларнинг тўсатдан жимиб қолишганини улар сезмай ҳам қолишди. Бироқ сал нарида дарёга ташланган кўприкка кўзлари тушиши ҳамон иккала чол ҳам ўша ёққа қараб югурди. Чақмоқ чақиб, дарёнинг кимсасиз мунгли қирғоқлари ёришиб кетди, қора-кулранг булутлар орасида момақалдироқнинг бўғиқ гумбури эшитилиб, ерга йирик-йирик томчилар келиб туша бошлагач, қутурган деҳқонлар бараварига энсиз, оғир қадамлардан лопиллаб турган кўприк устида пайдо бўлишди ва бир-бирига ёпишиб, ғазабдан титраб-қақшаганча, бир-бирининг юз-кўзлари аралаш мушт тушира кетишди. Кап-катта одамларнинг тўсатдан бир-бирига дуч келиб, ғаразданми, ғазабданми, ўзаро муштлашувини кўриш оғир ва аламли, албатта. Бироқ у бошқа-ю, бир вақтлар қилўтмас дўст бўлган икки кекса одам намойиш этаётган мана бу мудҳиш манзара бошқа. Юрагида чуқур адоват ва интиқом билан улар ҳеч аямасдан бир-бирини дўппослар эди. Сўнгги марта улар олис болалик пайтларида бир гал мана шундай муштлашиб қолишганди, ўшанга нари-бериси билан эллик йилча бўлгандир, шундан кейин улар бир-бирига қўлининг учини ҳам теккизмаганди, аксинча, феъллари оғирлиги ва босиқ-вазминлиги туфайли кам-кам бўлса-да, доим бир-бири билан қўл бериб кўришар, ҳол-аҳвол сўрашар эди. Улар бир-бирига мушт туширишдан тўхташди ва жимгина, ғазабдан титраб, олиша кетишди, гоҳ-гоҳ тишларини ғижирлатганча, хириллаб қўяр, бири иккинчисини лиқиллаб турган шалоқ панжарадан сувга итқитишга ҳаракат қиларди. Бир вақт болалар ҳам югуриб келишди ва мудҳиш манзаранинг гувоҳи бўлишди. Отасини ушлаб қолиш ва манфур душманини бир ёқлик қилишга ёрдам бериш учун Сали бир сакраб, олишаётганлар олдига келди, назарида отаси анча заиф бўлиб, мағлуб бўлиш арафасида тургандек эди. Бироқ Френхен ҳам қўлидаги нарсаларни ташлади-да, қичқирганича, улар томон отилди, ҳимоя қилиш ниятида отасини маҳкам қучоқлаб олди, бу билан у отасини ҳаракат қилгани қўймай, унга халал бераётган эди, холос. Унинг кўзларидан ёш тирқирарди, қиз отаси томон ташланиб, уни ерпарчин қилишга чоғланаётган Салига ёлворганнамо қаради. Сали ҳам беихтиёр қўлини ўзининг отаси елкасига қўйди ва уни тинчлан¬тиришга, бақувват қўллари билан рақибидан четлатишга ҳаракат қила бошлади. Олишув бир лаҳза тинди ёки, тўғрироғи, барчалари тарқаб кетмасдан, ҳамон нотинч ҳолда у ёқдан-бу ёққа тайсаллар эди. Шу сабаб бўлди-ю, икки ёш ниҳол чолларнинг орасига суқилиб киришга ҳаракат қилганча, ёнма-ён туриб қолди. Шу топ булутлар орасидан қуёш чарақлаб, қизнинг юзини ёритди ва Салининг кўз ўнгида яхши таниш, шу билан бирга янги, дуркун чеҳра намоён бўлди. Худди шу лаҳзада Френхеннинг ҳам кўзи йигитнинг ҳайрат тўла нигоҳига тушди, қўрқув ва кўзёшига қарамай унга жилмайиб қўйди. Отаси ўзидан четлатишга ҳаракат қилаётган Сали ҳушини тўплади ва чолни маҳкам ушлаб, “бўлди қилинг-бўлди қилинг” дея ялиниб-ёлворганича, ниҳоят, ғанимидан ажратиб олди. Чоллар бир зум нафасларини ростлаб олишди-да, яна қичқириб, бўралаб сўкина кетишди. Болалар эса, аксинча, нафасларини ичига ютиб, миқ этмай туришарди, бироқ тарқалишаётганда оталарига билдирмай бир-бирининг сув ва балчиқдан ҳўл бўлган муздай қўлларини сиқиб қўйишди.
Чоллар, ниҳоят, ғазабдан бўғилганча, уйларига йўл олишар экан, яна осмонни қоп-қора булут қоплади, қоронғилик яна ҳам қуюқлашди ва ёмғир челаклаб қуя кетди. Ёмғирдан ғужанак бўлиб, қўлларини чўнтакка тиқиб олган Манц қоп-қора лой йўлдан олдинда борарди. Унинг юзлари пир-пир қилар, тишлари тақирларди ва сир бой бермаслик учун атайлаб артмаётган кўзёшлари юз ва соқоли узра оқиб тушмоқда эди. Бироқ гўзал хаёлотга берилган ўғли ҳеч нарсани кўрмаётганди, у на ёмғир, на шамол, на зулмат, на қайғу — ҳеч нарсани пайқамай кетиб борарди, юрагидаги ва ташқаридаги ҳамма нарса унга енгил, ёруғ ва илиқ туюлмоқда, ўзини бамисоли шаҳзодалардай бахтли ва бадавлат ҳис қилмоқда эди. Унга томон юзланган гулдай чеҳрада тўсатдан ярқ этган табассум сира кўз олдидан кетмаётганди, фақат эндигина, орадан роса ярим соат ўтгач, қоп-қора тун ва ёмғир орасидан кўриниб турган қизнинг маъсум чеҳрасига тикилганча унга муҳаббатли табассум ила жавоб қайтарди, Френхен ҳам, шубҳасиз, унинг табассумини, албатта, кўради ва маъносини тушунади.
Эртасига Салининг отаси ўзини буткул ёмон ҳис қилиб, уйдан чиқмади. Мана бу можаролар ва узоқ йиллик муҳтожлик бугун бирданига янгича қиёфада, янада яққолроқ қайта гавдаланиб, диққинафас қовоқхонани зулматга тўлдирганди. Эр ва хотин, иккаласи ҳам даҳшат ва изтироб ичида қаршиларида пайдо бўлган ўтмиш арвоҳларидан гангиган ҳолда уй ичида ивирсир ва яна биронта ҳам хўранда бўлмаган хонага қайтиб келар эди. Пировардида униси ҳам, буниси ҳам ўзининг бурчагига йўл оларди-да, уззу-кун зерикарли ади-бади айтишлар ва бир-бирига мағзава ағдаришлар тинмасди; гоҳо улар ухлаб қолишарди ва нопок виждонлари тубидан кўтарилган кундузги ваҳимали тушларидан чўчиб уйғониб кетишарди. Биргина Сали ҳеч нарсани кўрмас ва эшитмасди — у Френхен ҳақида ўйларди. У ҳамон ўзини шундай ҳис қилардики, гўё у нафақат ҳаддан ташқари бой эди, балки қандайдир жуда ҳам муҳим ва чексиз гўзал нарсани англаб етгандай эди. У кеча кўрган нарсанинг ростлигига ҳамон ишонмаётганди. Рўёдек туюлган бу ҳақиқат унга осмондан тушгандек бўлди ва у ўзини ҳайратомуз бахт қўйнида ҳис қилмоқда эди ва шу билан бирга ҳозир унинг вужудини қамраб олган ғайриоддий ширин туйғу унга узоқ вақтдан буён танишдек туюлаётганди. Зеро, ҳеч нарсани инсонга чўқинтирилаётган вақтда оламдаги барча исмлардан кўра жаранглироқ исмни олган хилқатнинг аниқ ва ёрқин қиёфасида ташриф буюрувчи бахт ва бойлик билан таққослаб бўлмайди.
Шу куни Сали ўзини бахтли ҳам, бахтсиз ҳам ҳис қилмаётганди, ўзига ўзи қашшоқ ё ночор ҳам бўлиб кўринмаётганди, аксинча, у узлуксиз, дам сайин Френхеннинг чеҳраси ва қадди-қоматини тасаввур этишга уриниш билан банд эди, бироқ қанча ўйлагани сайин қизнинг қиёфаси хотирасида деярли бутунлай эриб, чаплашиб кетаётганди. Пировардида, Салига шундай туюла бошлади, аслида Френхеннинг кўриниши қанақалигини у билмас экан. Гарчи хотирасида қизнинг қиёфаси ҳеч бўлмаганда умумий тарзда сақланиб қолган бўлса-да, агар уни тасвирлаб бер деганларида ҳам у бунинг уддасидан чиқолмас экан. Шу сиймо Салининг сира кўз олдидан кетмас, бутун вужуди билан унинг латофатини ҳис этиб турарди, бироқ бу гал кўз ўнгида жилва қилган ва шуурини туғёнга солган, аммо ҳамон нотанишлигича қолиб келаётган хилқатдан бошқа нарса эмасди. У кеча кўргани эмас, балки илгариги жажжи қизалоқ чеҳрасининг энг майда белгиларигача битта қўймай сурур билан эсга олмоқда эди. Борди-ю, Френхенни яна кўриш насиб қилмаганида ҳам у қандай қилиб бўлмасин, ҳофиза кучи билан унинг чеҳрасини қандай бўлса, шундайлигича хотирасида қайта жонлантирган бўларди. Бироқ энди хотираси унга фириб бермоқда эди, кўзлари эса ўз ҳуқуқини рўкач қилиб, қизни кўришга муштоқу интизор бўла бошлади, тушки қуёш чарақлаб, борлиқни илиқ нурга тўлдирган палласида Сали ҳеч кимга билдирмай шаҳар дарвозасидан чиқди-да, эндиликда унга жаннат эшигидай табаррук гўшага айланган қадрдон қишлоқ томонга йўл олди; у қишлоққа яқинлашганда юраги дукиллаб кетди.
Йўлда у Френхеннинг отасини учратди, афтидан, у шаҳарга кетмоқда эди, чолнинг авзойи ниҳоятда бузуқ эди, оқ оралаган соқолига неча ҳафтадан бери устара тегмаганди, шу туришда у ўз еридан ажраб, аламига биров учун гўр қазишга қасд қилган дарғазаб деҳқоннинг ўзи бўлган-қўйганди. Улар бир-бирига дуч келганда Сали чолга нафрат билан эмас, балки қандайдир хижолат ва ҳадик билан қараб қўйди, гўё унинг ҳаёти Мартининг қўлида-ю, чол билан олишиш ўрнига ҳаётимни қайтиб бер деб ёлвораётгандек. Марти эса ғазабли нигоҳи билан унга бошидан-оёқ кўз югуртириб чиқди-да, йўлига қараб кетаверди. Бу, ҳар қалай, Салига қўл келди, шундагина у чолнинг қишлоқдан чиқиб кетаётганини кўргач, бу ерга нима учун келганини англади. Сали охири Марти қўрғони қаршисида пайдо бўлгунга қадар ўша азалдан таниш эски сўқмоқлар ва қишлоқнинг кимсасиз жинкўчалари бўйлаб санқиб юрди. Бу ерларни яқиндан кўрмаганига ҳам кўп йиллар бўлганди, ҳатто улар бу ерда яшаб турганларида ҳам адоватли қўшнилар бир-бирининг кўзига тушмасликка ҳаракат қилар эдилар. Қадрдон уйидаги парокандаликдан руҳи қаттиқ синган Сали кўз ўнгида намоён бўлган хароба манзарага ҳайрат билан қараб қолди. Мартининг ери бўлак-бўлакларга ажратилиб, қарзга бериб юборилганди. Унинг бисотида уйча, унинг олдидаги кафтдек ер, жажжи боғ ва дарё бўйидаги тепалик шудгордан бошқа ҳеч вақо қолмаганди, ана шу шудгорни қўлдан чиқармаслик учун у жон-жаҳди билан тармашиб олганди.
Ернинг тўғри ишланиши тўғрисида ўйламаса ҳам бўларди, бир вақтлар бошоқлар бошоқларга урилиб, кўзни яшнатувчи пайкалларга энди дуч келган экинлар экиб ташланганди, йиртиқ қопларда чириб ётган карам, картошка ва турпларнинг уруғидан ўсиб чиққан новдалар ғовлаб, чалкашиб ётар, шу боис дала ташландиқ полиз кўринишига эга бўлганди. Далада эринмаган банда борки, экинларни пайҳон қилиб айланиб юрар, бунинг натижаси ўлароқ, бир вақтлар сабил қолган ер ҳисобланган дала бориб турган балойи азимга айланганди.
Уй олдида деҳқон хўжалигининг изи ҳам сезилмасди. Оғил бўм-бўш эди, эшикнинг бир табақаси қолган бўлиб, у ҳам битта ошиқ-мошиқда осилиб турарди, оғилга кираверишда эса ёз бўйи ўргимчаклар тўқиган тўрлар қуёшда йилтирарди. Илгари бўлиқ далалардан олинган ҳосил сақлаб қўйиладиган омбор эшиги ланг очиқ бўлиб, у ерга энди балиқ ови жиҳозлари пала-партиш осиб ташланган, бу эса уй эгасининг балиқ ови касбига нечоғлик нўноқлигини намойиш этиб турарди. Ҳовлида на товуқ, на ит, на каптар, на мушукдан асар бор, фақат қудуққина бу ерда ҳаёт ҳали бутунлай тугамаганидан дарак бериб турарди, бироқ сув ундан қувур орқали шариллаб эмас, ундаги тирқишдан сизиб оқарди. Тушган сув ерда ҳалқоб бўлиб тўпланиб қолмоқда эди. Бинобарин, қудуқ бепарволикнинг энг ёрқин тимсолига айланганди. Агар қизнинг отаси озгина меҳнат сарф қилиб, қувур тирқишини бекитиб қўйганида, сув яна ажабтовур оқавериши мумкин эди. Шўрлик Френхен бузуқ қудуқдан ичгани озгина тоза сув олиш учун озмунча овора бўлмаса керак. Кир ювиш учун эса ердаги майда ҳалқобчалардан фойдаланиши турган гап, чунки тоғора ҳам тешилиб, бутунлай яроқсиз ҳолга келганди.
Уйнинг ўзи ҳам ҳайратланарли даражада хароб аҳволда эди: дераза кўзларининг кўп жойи синиб тушган ва қоғоз ёпиштириб ташланганди. Лекин ойналари тоза қилиб артилган, улар бамисоли Френхеннинг кўзларидай жозибадор чарақлаб, боёқиш қизнинг барча тақинчоқлари ўрнини босгандай эди. Жингалак сочлар ва сариқ-қизил чит рўмол Френхеннинг кўзларига ярашиб тургани каби дераза атрофидан чирмалиб ўсган чирмовуқгул ва ловия поялари ҳам ўзгача тароват, ўзига хос ҳусн бағишлаб турарди. Ловия пояси дуч келган нарсага чирмашиб кетаверган: хаскаш ёки ерга тескари суқиб қўйилган супурги дастаси ҳам, занг еган алебарда ёки экспонтон ҳам чирмовуқ орасида қолиб кетган. Ўша пайтларда шундай номлар билан аталган бу қуролни Френхеннинг бўлажак вахмистр бобоси тақар эди. Худди шу ерда ловия поялари қачонлардан бери уйга суяниб турган чирик нарвонга ҳам ўрлаб чиқиб, худди Френхеннинг кўзларига тушган сочларидай тепадан чарақлаган ойна узра осилиб ётарди. Тартибдан кўра ўзининг ажойиблиги билан ажралиб турган бу ҳовли бошқаларидан хийла нарида жойлашганди. Айни пайтда бу ерда жон асари сезилмасди, шу боис Сали ҳеч бир ҳадиксиз ўттиз одимча наридаги эски саройга бориб суянди ва сукунат ҳукм суриб турган бўм-бўш ҳовлини томоша қила бошлади. То Френхен уйдан чиқиб, фикрини бир жойга жамламоқчи бўлгандай чексиз бўшлиқ томон тикилиб қолмагунча Сали ўша алпозда узоқ туриб қолди. Сали жойидан қилт этмас ва қиздан кўзини узмасди. Тасодифан шу томонга қараб, ниҳоят, қиз уни кўриб қолди. Бирмунча вақтгача улар худди туш кўраётгандек бир-бирига қараб туришди. Охири Сали қаддини ростлади ва битта-битта одимлаб, йўлдан ўтди-да, ҳовлига, Френхеннинг олдига қараб кетди. У қизга яқин келгач, қиз унга иккала қўлини узатиб:
— Сали! — деди.
Йигит унинг қўлларидан тутди ва унга тикилиб қарай бошлади. Қизнинг кўзларида ёш томчилари қалқди, йигитнинг қарашлари бардош беролмай қип-қизариб кетди.
— Нега келдинг бу ерга? — сўради Френхен.
— Сени кўргани, холос, — жавоб берди Сали. – Биз яна дўст бўлиб қоламиз, шундай эмасми?
— Ота-оналаримиз-чи? — сўради қиз ёш думалаб тушаётган юзини бир четга бурганча, чунки қўллари банд бўлгани учун у юзини беркитолмаётган эди.
— Уларнинг бунақа бўлиб қолганига биз айбдорми? — деди Сали. — Агар биз аҳил бўлсак ва бир-биримизни севсак, биз улардаги ёмон одатларни йўқотишга ёрдам берган бўлардик.
— Уларнинг яхши бўлиб кетишларига кўзим етмайди, — чуқур хўрсиниб деди Френхен, — худо ҳаққи, йўлингдан қолма, Сали!
— Бир ўзингмисан? — сўради йигит. — Уйларингга кирсам майлими?
— Отам сенинг отангни тузлагани шаҳарга кетди, у шундай деди, лекин уйга киришинг мумкин эмас, чунки кейин чиқиб кетаётганингни кимдир сезиб қолади. Ҳозир ҳаммаёқ жимлигида, йўлда ҳеч ким йўқлигида, илтимос, кета қол!
— Йўқ, кетмайман, кечадан бери фақат сени ўйлаганим-ўйлаган ва ҳайдаганинг билан кетмайман, бизлар лоақал бир соат бўлса ҳам, ярим соат бўлса ҳам гаплашиб олишимиз керак, ана шунда бизга яхши бўлади.
Френхен бир зум ўйланди-да, деди:
— Кечқурун даламизга чиқаман, биласан-ку, бисотимизда фақат ўша парча ер қолган, бироз сабзавот олиб келишим керак. У ерда ҳеч ким бўлмайди, ҳамма бошқа жойда яшайди. Агар хоҳласанг, ўша ерга кел, ҳозир эса, кет, эҳтиёт бўл, битта-яримта кўриб қолмасин. Ҳеч кимнинг бу ерда биз билан иши бўлмаса ҳам, барибир, гап-сўз кўпаяди ва отам ҳаммасидан хабар топади.
Улар бир-бирларидан ажралишди, бироқ ўша заҳоти яна қўлларидан ушлашиб, бараварига сўрашди:
— Аҳволларинг қалай?
Бироқ жавоб бериш ўрнига улар яна ўз саволларини такрорлашди, жавобни эса уларнинг кўзларидан уқиш мумкин эди. Барча севишганлар каби улар гапириш қобилиятларини йўқотишганди ва ортиқ ҳеч нарса демай, бироз бахтли, бироз ғамгин ҳолда, ниҳоят, бир-бирларидан узоқлашдилар.
— Мен тезда етиб бораман, тўғри ўша ерга боравер! — қичқириб қолди орқадан Френхен.
Сали ўша заҳотиёқ икки шудгор ястаниб ётган мўъжизий сокин тепаликка кўтарилди ва кўп йиллар сўнгида биринчи марта ажойиб тинч июл қуёши, пишган жавдар тўлқинлари узра сузаётган оппоқ булутлар, пастдан ялтираб кўриниб турган мовий дарё энди қалбини мунгга эмас, бахт ва осудалик туйғусига тўлдирди, Мартининг ташландиқ даласига тақалиб борган жавдар пояларининг шаффоф соясида қаддини азот тутиб, шукроналик билан осмонга боқди.
Гарчи қизнинг келишигача энди чорак соатча ўтган бўлса-да, у бу вақт ичида фақат бахти ҳақида ва бу бахт қандай ном билан аталиши ҳақида ўй сурди. Кулиб турган Френхен унинг қаршисида тўсатдан пайдо бўлди ва йигит енгил сесканиб тушди.
— Фрели! — хитоб қилди Сали. Қиз унга иккала қўлини узатди ва улар бир-бирининг қўлидан ушлаганча деярли сўзлашмай юриб кетишди. Улар шовуллаган жавдарпоя ёқалаб ҳув пастга, дарёгача боришди ва орқага қайтишди, шу тариқа уч карра бориб келишди. Иккаласи ҳам сукутда, хотиржам, бахтиёр эди. Шу туришда бу ёш жуфт тепаликнинг қуёшли гумбазида чарақлаган икки юлдузга ўхшарди, бир вақтлар омоч ортидан бир зайлда одим ташлаган оталари каби гоҳ тепалик устида пайдо бўлиб, гоҳ тепалик ортига ўтиб, кўздан яширинар эди.
Бироқ улар нигоҳлари қадалган кўм-кўк бўтакўздан ногаҳон кўзларини узган ҳам эдиларки, қаршиларида хўмрайган башарани кўрдилар, ердан чиқдими, осмондан тушдими, рўпараларида занжига ўхшаган бир йигит турарди. Афтидан, у жавдарпояга аввалроқ келиб ётиб олганди. Френхен қалтираб кетди, Сали эса қўрқиб, деди:
— Қора ғижжакчи!
Дарҳақиқат, олдинда кетаётган йигитнинг қўлтиғида ғижжак ва камонча бор эди. Нафақат бошидаги юнг қалпоғи ва қурум доғларига ботган курткаси, балки сочлари, олинмаган соқоли ҳам мумдай қоп-қора эди: ҳатто юз ва қўллари ҳам қурумдай қорайиб кетганди, чунки у турли ҳунарлар билан шуғулланарди — кўпроқ тунука идишларга қалайи суркаб оқартирар ва ўрмонларда кўмирчи ва шира йиғувчиларга кўмаклашарди, ғижжакни эса деҳқонларнинг базми жамшидларида ёки биронта байрамни нишонлашганидагина чаларди. Унинг даладан кетишига ва орқасига қарамай кўздан йўқолишига умид қилганча Сали билан Френхен индамай ғижжакчининг изидан кета бошлашди, шундай бўлиши муқаррардек эди, чунки у йигит билан қизни кўрмаганга олмоқда эди ўзини. Худди сеҳрланган каби икковлон тор сўқмоқдан чиқишга журъат этолмай, зимдан даҳшатга солиб турган ғижжакчи ортидан кетаверишди. Шу алпозда улар ҳануз шудгорнинг можароли қозиғини бағрида яшириб ётган лаънати тош уюмигача, даланинг энг охиригача боришди. Мўъжазгина дўнгча устида бир туп ёввойи лолақизғалдоқ ўсиб ётарди, гуллари бамисоли оловдек ёнарди. Бирдан қора ғижжакчи бир сакраб, қип-қизил гулга бурканган тош уюми устига чиқди-да, орқасига ўгирилиб, атрофга разм сола бошлади. Сали билан Френхен тўхтади ва хижолат ичида қора ғижжакчига қаради: унинг рўпарасидан ўтиб кета олишмасди, чунки йўл қишлоққа қараб кетарди, унинг кўзи олдида орқага қайтиш ҳам ноқулай эди. Ғижжакчи уларга тешиб юборгудек қараркан, деди:
— Мен сенларни биламан: сенлар мана шу ерни мендан тортиб олган одамларнинг болалари бўласанлар! Қойил, шу даражага етибсизлар-а! Худо ажалимга сабр берса, сенларнинг у дунёга жўнашларингни ҳам кўраман ҳали. Башарамга бир қаранглар-чи, зумрашалар! Бурним сизларга ёқадими, а? — Унинг бурни ростакамига қўрқинчли эди: каттакон илмоққа ўхшаб, озғин қора юзидан олдинга ирғиб чиққанди. Бурнининг тагида ғалати қимтинган оғзи тинимсиз вишиллар, чийиллар ва ҳуштак чаларди. Айлана бўлиб айлана эмас, бурчакли бўлиб бурчакли эмас — бошидаги юнг қалпоқ кишида нохуш таассурот уйғотарди, гарчи у эгасининг бошида қимирламай турса-да, худди ҳаммавақт шаклини ўзгартираётгандек бўлаверарди. Бу йигитнинг кўзидан ҳам фақат оқи кўриниб турарди, чунки қорачиғи тутқич бермай қочаётган қуёндек тинимсиз у ёқдан-бу ёққа бориб келарди.
— Менга қаранглар, — давом этди у, — оталарингиз мени яхши билишади, қишлоқда менинг кимлигимни билмайдиган одамнинг ўзи йўқ. Кўп йиллар аввал бу дала меросхўри учун қанчадир ҳам пул сақланиб келаётгани эълон қилинганди. Мен йигирма марта ўз ҳуқуқимни англатдим, бироқ менинг туғилганлик ҳақидаги ва яшаш жойим ҳақидаги гувоҳномам йўқ эди, лекин туғилганимни кўрган дайди-санқи дўстларимнинг гувоҳликлари эса ҳисобга олинмади. Мана, энди қонуний муддат аллақачон ўтиб кетди, мен жигаримдан оқиб чиққан пулларимдан айрилдим, ҳолбуки, ўша пул билан бирон бошқа ҳовли-жой сотиб олармидим. Мени виждонан ўзларининг қонуний меросхўри қилиб олишларини сўраб оталарингизга роса ялиниб-ёлвордим, лекин улар мени орқамга тепиб, еримдан ҳайдаб чиқаришди, энди бўлса, ўзлари ҳам бир йўла гумдон бўлишди! Мана! Ҳаёт шунақа! Менга нима? Борди-ю, рақс тушишни хоҳласанглар, ғижжак чалиб беришим мумкин.
Шу сўзларни айтиб, у тош уюми устидан нариги томонга сакраб тушди-да, қишлоқ томон равона бўлди. У ғойиб бўлгач, ўзларини йўқотган ва қайғуга ботган икки ёш тош устига ўлтирди, улар қўлларини ажратиб, хомуш бошларини солинтиришди. Ғижжакчининг пайдо бўлиши ёшларнинг гўзал бахт ва туйғусини чилпарчин қилиб ташлади, ҳамма балоларнинг сабабчиси бўлган тош уюми устида ўлтиришаркан, ўзларини ҳаёт чироғи ўчгандек ҳис эта бошладилар, юраклари тошдек зил тортиб кетмоқда эди.
Ғижжакчининг бесўнақай гавдаси ва катта бурнини эслаб, бирдан Френхен шарақлаб кулиб юборди:
— Бу шўрликнинг афт-ангори шунақаям кулгилики! Бурнини айтмайсанми, бурнини!
Қизнинг чеҳраси қуёшдай ёришиб кетди, у ғижжакчининг бурни ҳақидаги ўйдилидаги ғуборни тарқатиб юборишини кутиб тургандек эди гўё. Сали қизнинг қувноқ юзига қаради. Бироқ қиз бу қувноқлик сабабини аллақачон унутган бўлиб, ҳеч бир баҳонасиз Салига қараб кулишда давом этарди. Йигит эса мунг ва ҳайрат ичида кулимсираб, унинг кўзларига тикилиб қараркан, хуштаъм буғдой нонини кўриб қолган оч одамдай нидо солди:
— Худо ҳаққи, Фрели, шунақаям чиройлисанки!
Френхен яна қаҳ-қаҳ уриб кулди, унинг жарангдор кулгиси бечора Салига булбул сайроғидай туюлиб кетди.
— Оббо жодугар-ей! Қаердан ўргана қолдинг буни? Бу қанақа сеҳр-жоду бўлди ўзи?
— Эҳ, худойим-ей, — эркалаб деди Френхен ва Салининг қўлидан тутди. — Бу ҳечам сеҳр-жоду эмас. Қанчадан бери юракдан кулишга интиқ эдим! Илгари бир ўзим қолганимда беихтиёр нимадандир кулар эдим, лекин буниси бутунлай бошқа; ҳозир эса сенга қараб туриб ҳар доим, абадий кулишга тайёрман. Сенга эса умрбод шундай қараб туришга ҳам тайёрман. Оз бўлса ҳам мени севасанми?
— Эҳ, Фрели! — деди йигит унинг қўлларига меҳр ва ихлос билан боққанча. — Мен ҳеч қачон илгари биронта ҳам қизга тикилиб қараган эмасман. Мен ҳар доим қачон бўлмасин сени севиб қоладигандай бўлаверардим. Юрагимга қандай кириб қолганингни ўзим ҳам билмайман.
— Мендан кўра, — деди Френхен, — сен менинг юрагимга чуқурроқ кириб қолгансан. Ахир, сен ҳеч менга қарамасдинг-ку, менинг қандай бўлганимни ҳам билмас эдинг. Мен бўлсам сени узоқдан кўрардим, ҳатто гоҳида билдирмай яқиндан туриб ҳам сенга яхшилаб қараб олардим ва сенинг қанақалигингни ҳар доим билиб турардим. Болалигимизда бу ерларга тез-тез келиб турганимиз эсингдами? Аравача эсингдами? У пайтларда жудаям кичкина эдик ва бунга жуда кўп вақтлар бўлди! Биз энди бутунлай қартайиб қолганмиз деса ҳам бўлаверади!
— Ҳозир неча ёшдасан? — сўради мамнун ва хушнуд Сали, —янглишмасам, ўн еттидасан-а?
— Ўн етти ярим, — жавоб берди Френхен. — Сен-чи? Айтганча, мен биламан — яқинда йигирмага тўласан.
— Қаердан биласан? — сўради Сали.
— Айтдим-қўйдим-да. Балки унақа эмасдир!
— Айтмайсанми?
— Йўқ.
— Ҳеч қанақасигами?
— Йўқ, йўқ!
— Айтасан!
— Нима, мажбур қиласанми мени?
— Кўрамиз.
Қўлларига эрк бериш учун Сали яна шундай жўн суҳбат олиб борди ва жазо тариқасида хушрўй қизга тегажоқлик қила бошлади. Қиз ҳам ўзини ҳимоя қилганча, сабр билан суҳбат охиригача чидаб турди. Савол-жавоблар мутлақо мазмунсиз бўлганига қарамай, иккала ёшга ҳам оқилона ва ширин туюлмоқда эди. Ниҳоят, Сали қизишиб кетди-да, Френхеннинг қўлларидан ушлаб, уни лолақизғалдоқ устига ағдарди. Қиз қуёшдан қошларини чимирганча, гуллар устида ётарди, унинг юзи ял-ял ёнар, ярим очиқ оғзидан садафдай тишлари ярқираб кўриниб турарди. Унинг тим қора камондек қошлари керилди, дуркун сийнаси бир кўтарилиб-бир туша бошлади, икки жуфт қўл эса сийнаси узра бир-бирини эркалаб, силкинар эди. Шундоқ олдида у ўзиники деб билиши мумкин бўлган бу сарвқомат, гўзал зотни кўриб, севинчдан нима қилишини билмаётганди: Сали бутун бир салтанат соҳибидек ҳис этмоқда эди ўзини.
— Оппоқ тишларингнинг ҳаммаси ҳали ҳам турибдими? — сўради у кулиб. — Эсингдами, биз кўпинча тишларимизни санардик? Энди санашни ўрганиб олгандирсан?
— Бу бутунлай бошқа тишлар-ку, нодон, — жавоб берди Френхен, — улар аллақачон тушиб кетган.
Соддадил Сали яна олдинги ўйинни бошлашни ва ярқироқ дурдай тишларини санашни истарди, бироқ Френхен бирдан оғзини ёпиб олди-да, туриб, лолақизғалдоқдан чиройли гулчамбар ясай бошлади, кейин эса бошига кийиб олди. Гулчамбар башанг чиққан эди, у буғдойранг деҳқон қизини эртакдаги маликалардек қилиб юборганди. Агар лоақал уйлари деворидаги суратдан завқланиш имкониятига эга бўлгудек бўлса, эвазига боёнлар катта пул тўлайдиган нарсани камбағал Сали қучоғида олиб ўтирарди шу топда. Тўсатдан Френхен сакраб турди-да, қичқириб юборди:
— Ё худойим, бу ер шунақанги жазирамаки! Биз бўлсак бу ерда жинниларга ўхшаб офтобнинг тагида ўтирибмиз! Юр, жонгинам, жавдарпояга кирамиз!
Улар тезгина ва шовқинсиз ўзларидан деярли ҳеч қандай нишона қолдирмай жавдар ичига шўнғишди, бамисоли тор уйчадагидек бошлари узра кўтарилиб турган бошоқлар орасига бориб жойлашишди, тепада шишдай тиниқ мовий осмондан ўзга ҳеч нарса кўринмасди. Улар қучоқлашишди-да, фурсатни қўлдан бермай ўпишавердилар, ўпишавердилар, то чарчаб, ҳолдан тойгунча ўпишдилар. Буни ҳолдан тойиш деб ҳам бўлмасди, аслида айни гулга кирган ҳаёт завқидан дунёнинг ўткинчилигини илк бор ҳис этиб, енгил ҳаяжонга берилиш деса тўғрироқ бўлар эди. Улар баланд осмонда тўрғайнинг сирли қўшиғини тинглаганча тийрак кўзлари билан уни қидира бошлашди. Ниҳоят, тўрғайни топгандек ҳам бўлишди, қушчанинг қуёшда йилт этган шарпасини илғаган ҳамон бунинг мукофоти сифатида яна ўпиша кетишди ва кучлари борича бўсаларни санаб, бир-бирини чалғитишга ҳаракат қила бошлашди.
— Қара, ҳов анави ерда тўрғай кўринди, — шивирлади Сали, Френхен бўлса ўшандай паст овозда жавоб қайтарди:
— Эшитгандай бўлаяпман-у, аммо ўзини кўрмаяпман.
— Сен яхшилаб қара, кўрдингми, ҳов ана, оқ булутнинг устида, сал ўнгроқда.
Кейин иккови ҳам зўр бериб ўша ёққа тикилишди, шу туришда улар уясида оғзини очиб турган бир жуфт полапонга ўхшарди, тўрғайни кўришлари ҳамон яна бир-бирининг пинжига суқилишга тайёр туришарди.
Бирдан Френхен тўхтаб, деди:
— Демак, масала ҳал, шундайми? Сенинг маъшуқанг бор, менинг эса севган йигитим бор, тўғрими?
— Ҳа, — деди Сали, — менга ҳам шундай туюлаяпти.
— Маъшуқанг сенга ёқадими? — сўради Френхен. — У қанақа ўзи? У ҳақда менга нима деёласан?
— У ҳаддан ташқари кетворган қиз, — деди Сали, — унинг бир жуфт шаҳло кўзи, чўғдай қизил лаблари бор, иккала оёғида юради. Лекин Рим папасидан кўра мен у ҳақда камроқ нарса биламан. Хўш, севган йигитинг тўғрисида сен менга нима дея оласан?
— Унинг бир жуфт мовий кўзи, ҳеч нарсага ярамайдиган оғзи ва иккита кучли бесўнақай қўли бор, бироқ турк султонининг кўнглига ўхшаб, унинг ҳам кўнглида нима гап борлигини билиб бўлмади.
— Ҳа, худди шунақа, — деди Сали, — биз ҳеч қачон кўришмагандек бир-биримизни жуда оз биламиз: то вояга етгунча бизлар узоқ йиллар давомида шунақа бегона бўлиб қолганмиз. Сенинг бу бошингга яна қанақа ўйлар келмайди, қоқвош қизалоқ?
— Э, ҳеч қанақа! Унда минг хил бемаъни ўйлар айланишгани-айланишган, лекин шунақанги қийналиб яшадимки, у ўйлардан ҳеч нарса чиққани йўқ.
— Эҳ, бечора қизалоқ! Барибир ҳам, менимча, сен ҳаддан ташқари фаросатлисан, шундай эмасми?
— Агар ростдан ҳам мени севсанг, буни мендан сўрамасдан ўзинг билиб олаверасан.
— Қачон сен менинг хотиним бўласан?
Бу сўзлардан Френхен енгил титраб кетди. Салига маҳкамроқ ёпишиб олди ва яна оҳиста ўпа бошлади; унинг кўзларига ёш қалқди ва ўзларининг умидсиз келажаклари ҳамда ота-оналари ўртасидаги адоватни эслаб, иккаласи ҳам мунғайиб қолди.
Френхен сесканиб кетди ва деди:
— Кетдик, энди мен уйга борай.
Улар ўринларидан туришди ва бир-бирининг қўлидан тутганча, жавдарпоя ичидан чиқишди. Шу топ қаршиларида уларни қидириб юрган Френхеннинг отаси кўринди. Сали билан учрашгандан кейин бу бекорчи хўжанинг астойдил кетига тушганди, унинг ёлғиз йўл олиши нега керак бўлиб қолди экан, деб ўйлади-ю, то унинг аниқ изини топмагунча тинчимади. Куни-кеча бўлиб ўтган воқеадан у ҳалигача ҳовуридан тушмаганди. Шубҳаси тўғрилигига имони комил бўлгач, Зелдвила кўчасининг ярмидан ғирра изига қайтди ва қишлоқ томон йўл олди. Қизини уйдан, ҳовлидан, буталар орасидан обдон қидирди. Ҳап сеними, деди-да, далага қараб югурди, одатда, Френхен сабзавот терадиган саватни кўрди-ю, қизнинг ўзини ҳеч қаерда учратмагач, уни жавдарпоя ичидан, қўшнининг даласидан қидирди ва тўсатдан қаршисида капалаги учган иккала ёшга дуч келди.
Болалар тахта бўлиб қолишди, аввалига Марти бир тўхтади, ранги бўздек оқарганча уларга ғазабнок тикилди. Кейин чапараста ғазабга келди, оғзидан боди кириб, шоди чиқиб, қўлларини ўйнатиб, йигитга шердек ташланди ва уни бўға бошлади. Бироқ Сали чап бериб қолди ва Мартининг ваҳшиёна важоҳатидан қўрқиб кетиб, бир неча қадам ортга тисарилди. Бироқ Мартининг дағ-дағ титраётган қизга ташланганини кўриб, яна унга томон югурди. Чол қизга шапалоқ тортган эди, бошидаги қизил гулчамбар ерга учиб тушди. Сўнг қизнинг сочидан буриб, боплаб савалаш учун сургаб кетди.
Френхенни бир бало қилиб қўйишидан қўрққан ва ғазабдан ўзини йўқотган Сали қўлига тош олди ва чолнинг бошига туширди. Марти хиёл чайқалиб кетди ва аянчли қичқираётган Френхенни судраганча тош уюми устига ҳушсиз ағдарилди. Сали қизнинг сочларини отасининг қўлидан бўшатди-да, уни ердан кўтарди; кейин мияси ҳам ўйлашдан тўхтаб, чорасиз бир алпозда ҳайкалдай тек туриб қолди. Қиз отасининг ўликдай чўзилиб ётганини кўриб титраб кетди ва унинг оқариб кетган юзини силаб, деди:
— Уни ўлдириб қўйдингми?
Сали унсиз бош ирғади ва Френхен қичқириб юборди:
— Эй худойим-ей! Ахир бу менинг отам-ку! Шўрлик отажоним! — шундай дея телбаларча отасига ташланди ва унинг бошини кўтарди, лекин бошда қон изи кўринмасди. Қиз яна отасининг бошини қўйиб юборди. Сали чолнинг нариги томонида чўк тушиб ўтириб олди ва иккаласи қўлларини осилтирганча чолнинг ҳаёт асари қолмаган юзига тикилиб қолишди.
Сукунатни бузиш ниятида, ниҳоят, Сали сўз қотиб, деди:
— Салга ўлиб қолавермаса керак, ахир! Буни аниқлаш керак ҳали.
Френхен лолақизғалдоқ гулидан бир япроқни юлиб олди-да, уни чолнинг оғзига қўйди, япроқ билинар-билинмас титради.
— У нафас олаяпти! — қичқирди қиз. — Ёрдамга тез қишлоққа югур!
Чопишга ҳозирланиб, Сали дик этиб турган эди, қиз унга қўлини узатиб, тўхта ишорасини қилди.
— Бу ерга қайтиб келма, нима бўлганини ҳам айтиб ўтирма, мен ҳам ҳеч нарса демайман, мендан ҳеч нарсани билиб ололмайдилар, — деди у ва саросимада қолган йигитга ўгирилди, юзи ёшдан жиққа ҳўл эди. — Бу ёққа кел, мени яна бир марта ўп! Йўқ, бор, кет! Ҳаммаси тамом бўлди, биз энди бирга яшолмаймиз.
Қиз йигитни итариб юборди ва Сали қишлоқ томон югуриб кетди. У бир нотаниш болани учратиб қолди, у болага, яқин орада яшайдиган одамларни ёрдамга чақир, деб тайинлади ва ёрдам керак бўлган жойни яхшилаб тушунтирди. Кейин тушкун ҳолда узоқлашди ва тун бўйи қишлоқ атрофидаги ўрмонда санқиб юрди. Эрталаб Мартининг ҳолидан хабар олгани далага писиб келди. Каллаи саҳарлаб дала ишларига чиққан одамлардан суриштириб билдики, Марти тирик экан, лекин ҳалигача ўзига келмабди. Шуниси қизиқки, унга нима бўлганини ҳеч ким билмасди. Шундан кейингина йигит шаҳарга қайтиб кетди ва гўристондай зим-зиё уйига кўмилиб олди.
Френхен сўзининг устидан чиқди: у отасини беҳуш ҳолда топиб олган — одамларнинг билгани шу эди, холос. Эртасига Марти қимирлай ва росмана нафас ола бошлаган бўлса-да, лекин ҳамон ўзига келмаётган эди. Ҳеч ким бировни айблагани йўқ, фақат маст ҳолда тошга йиқилиб тушган деган қарорга келиб, бу ишни ортиқ суриштириб ўтиришмади. Френхен отасининг қошидан бир қадам жилмай, уни парвариш қилмоқда эди; Фақат доктордан дори олиб келгани кетган ёки суюққина обиёвғон қилиб бергани ўчоққа уннаган пайтларигина уни ёлғиз қолдиришга тўғри келарди. Гарчи туну кун оёқда бўлиб, ҳеч ким унга қарашмаса ҳам, боёқиш қиз деярли туз тотмасди.
Олти ҳафта ўтгандан кейингина бемор аста-секин ҳушига қайта бошлади, дарвоқе, у аллақачоноқ овқат ея бошлаган бўлиб, тўшакда ўзини анча тетик ҳис қиларди. Бироқ ҳушига келгани билан аввалгидек эмасди, у тилга кира бошлаган сари шу нарса яққолроқ сезила бошлагандики, унинг ақли заифлашиб қолган ва бунинг устига бу заифлик сал бошқачароқ хусусиятга эга эди. У бўлган воқеани элас-элас эсларди. Бу унга завқлидек ва унга ҳечам дахли йўқдек бўлиб кўринарди; у тўхтовсиз жиннилардек қиқирлаб кулар ва кайфияти доим аъло бўларди. Тўшакда ётганча турли қилиқлар билан ҳаммани ҳайрон қолдирар, бўлар-бўлмас сўзларни қалаштириб ташлар, афтини бужмайтирар ва қора юнг қалпоғини кўз ва бурни устига тушириб оларди, шунда у қора чойшабли тобутда ётган ўликка ўхшаб қоларди. Оқариб, толиққан Френхен отасининг сўзларига тоқат билан қулоқ солар, унинг телба бўлиб қолганидан юм-юм йиғлар, олдинги ғазабидан кўра ҳозирги қилиқларидан шўрлик қиз қўпроқ қўрқар эди, бироқ гоҳида чол жудаям бир кулгили гапни айтиб қолса, қийналиб турганига қарамай у қаҳ-қаҳ отиб кулар эди, чунки унинг ғам эзиб ташлаган вужуди тортилган камондек таранглашишга, ҳушчақчақ бўлишга зор-интиқ бўларди, ҳолбуки, бирпасдан кейин уни бундан кўра оғирроқ дилгирлик кутиб турарди. Бироқ чол оёққа тура бошлагач, уни сира эплаб бўлмай қолди: у нуқул бемаъни ҳаракатлар қилар, уй ичини айланиб, хахолаб кулар, офтобшувоқда ўлтирар, тилини чиқарар ёки бўшлиққа тикилганча узундан-узоқ нутқ ирод қилар эди.
Бу орада у олдинги мулкининг қолган-қутганларидан ҳам маҳрум бўлди, иш шу даражага бориб етдики, уйи ва қачонлардир гаровга қўйилган сўнгги парча ери ҳам сувтекин сотилиб кетди. Ерни сотиб олган деҳқон Мартининг касали ва тўла хонавайронлигидан фойдаланиб қолди: тош тўкилган можаролар ер ҳақидаги эски ишни тез ва узил-кесил ўз фойдасига ҳал қилди. Мағлубият Мартининг бутунлай оёғини осмондан келтирди, ҳолбуки, сирасини айтганда, телбалиги туфайли у бу нарсаларнинг тагига етгани ҳам йўқ эди. Шу билан ер олди-сотдиси ҳам ниҳоясига етди-ю, чолни унга ўхшаган бошқа шўрпешона одамлар сақланадиган пошшолик меҳр-мурувват муассасасига жойлаб қўйишди. Муассаса ўша музофотнинг шаҳар марказида жойлашганди. Соғлом ва мечкай жиннини жўнаш олдидан яна бир тўйдириб овқатлантиришди, ҳўкиз қўшилган аравага ўтқазишди. Арава бир-икки қоп картошкани бир йўла пуллаб келгани шаҳарга бораётган бир камбағал деҳқонники эди. Тириклай ерга кўмиб, сўнгги йўлга кузатиб қўйиш учун ҳамроҳлик қилишни истаган Френхен ҳам аравага чиқиб, отасининг ёнидан жой олди. Бу қайғули ва оғир сафар эди, бироқ Френхен отасини диққат билан кузатиб турарди, уни ўнғайроқ ўтқазиб қўяр, орқага қайрилиб қарамас ва улар ўтган жойларда одамларнинг орқаларидан чопиб, телбанинг қилиқларига, кула-кула луқма ташлашларига сабр-тоқат билан чидар эди. Ниҳоят, улар шаҳардаги кенг-ковул бир бинога етиб келишди, унинг узун-узун йўлаклари, ҳовлилари ва шинамгина боғида шундай афтодаҳол кимсалар ивирсиб юрар эди. Уларнинг барчаси оқ либосда бўлиб, телба бошларига қўпол чарм қалпоқни бостириб кийиб олишганди. Кекса Мартига Френхеннинг кўз ўнгидаёқ шундай кийим кийдиришди, у эса боладай бундан суюнганча ирғишлаб, қўшиқ айта бошлади.
— Барчамизни худонинг ўзи ёрлақасин, муҳтарам жаноблар! — қичқирарди у ўзининг янги шерикларига. — Жуда зўр жойда экансизлар-ку! Бор уйга, Френхен, ойингга айт, мен энди қайтмайман, менга бу ер ёқиб қолди, ўлай агар! Ура! Ура! Биласизларми, биздаги типратикон қанақа: у дарвоза олдида ҳуради! Чолларни бошингга урасанми, ҳой қиз, бу лаблар йигитлар учун! Барча дарёлар Рейнга қуйилади, шундай бўлган ва шундай бўлиб қолади. Кўзлари чарос қиз бор-ку, ўша менинг қайлиғим бўлади! Сен кетаяпсанми, Фрели? Сен бамисоли сопол тувакдаги ажалнинг ўзисан, мен эса шунақанги хурсандманки! Тулки далада қичқиради: халло, халло! Унинг юраги ачишади: хохо, хохо!
Назоратчи унга жим бўл деб қичқирди ва бирон енгилроқ иш билан банд қилгани олиб кетди, Френхен эса қайтиб аравага ўтирди-да, бир бурда нондан узиб, оғзига солди, шуни чайнай-чайнай, ухлаб қолди. Деҳқон қайтиб келгач, улар яна қишлоққа равона бўлишди. Қишлоққа тун чўкканда етиб келишди. Френхен ўзи туғилган ва бор-йўғи икки кунгина яшашга рухсат беришган уйга кирди, умрида биринчи марта у бу ерда мутлақо ёлғиз қолди, у сўнгги қолдиқларидан қаҳва дамлаш учун олов ёқди ва чорпояга чўкди. У ўзини зилдай ҳис этмоқда эди. Ғусса ва изтиробга тўлган ҳолда у қандай қилиб Салини ҳеч бўлмаганда яна бирров кўриш ҳақида бош қотира бошлади, унинг бутун фикр-ёди йигитда эди, бироқ ташвиш унинг ғуссасини янада заққумроқ, ғуссаси эса ташвишини ўн чандон душворроқ қилиб юбормоқда эди… Бошини қўллари орасига олиб, шу алпозда ўлтирар экан, бирдан ланг очиқ эшикдан кимдир кириб келди.
— Сали! — кириб келган одамга қичқириб юборди Френхен, сўнг иккаласи бир-бирига ҳадиксираб қараб турди-да, бараварига гапирди:
— Бунча озиб, чўп бўлиб қолмасанг!
Сали Френхендан кам оқармаган ва эзилмаган эди. Ҳамма нарсани унутиб, қиз уни ўзи томон чорпояга тортди.
— Тобинг қочиб қолдими? — сўради у, — ёки тирикчилигинг шунақа оғир кечаяптими?
— Йўқ, тобим қочгани йўқ, лекин сени ўлгудек соғиндим, — жавоб қилди Сали. — Ҳозир уйимиз — очил дастурхон. Отамнинг карвонсаройи ва ҳар турли қаланғи-қасанғилар учун қўноқхонаси бор, назаримда, ўғирланган молларни босиб ётганга ўхшайди. Ҳозир қовоқхонамиз гуркираган пайт, албатта, вақт-соати билан ҳаммаси даҳшатли тугайди. Ойим очкўзлигидан отамга қарашиб турибди, нима бўлса ҳам рўзғорга бўлсин, дейди-да. У ҳам қарашиб турсам, уйда тартиб бўлса, айбимиз бекилади деб ўйласа керак-да. Мен ҳисобда йўқман, бундан ортиқча қайғурмайман ҳам, кечасию кундузи фақат сени ўйлайман. Чунки уйимизга турли-туман саёқлар кириб-чиқиб туради, сизларникида бўлаётган гапларни ҳар куни эшитиб турамиз, отам эса бундан болалардай суюнади. Отангни касалхонага олиб кетишларини ҳам билдик. Сен бир ўзинг бўлсанг керак, деб ўйладим-да, бу ёққа чопдим.
Ўз навбатида Френхен ҳам дилидаги борини тўкиб солди, нимадан қийналганларини гапириб берди, у гўё улуғ бахтни таърифу тавсиф қилаётгандай, бурро-бурро сўзлар билан очилиб-сочилиб ҳикоя қилади. Ҳа, дарҳақиқат, Сали у билан бирга бўлганидан қиз бахтиёр эди. Бу орада у кострюлда қаҳва қайнатди-да, Салини ичишга ундади.
— Демак, индинга бу ердан кетишингга тўғри келаркан-да? — деди Сали. — Ҳолинг нима кечаркин-а, эй худойим!
— Билмадим, — ҳазин оҳангда деди Френхен. — Кишилар эшигида ишлай бошлайман, бу ердан кетаман. Сендан айрилиб яшаш менга оғир, аммо сенга хотин ҳам бўлолмайман — ахир, сен менинг отамни урдинг, сенинг айбинг билан у жинни бўлиб қолди. Никоҳимиз учун бу яхши аломат эмас, турмуш қуриб ҳам ёлчимасак керак!
Сали хўрсинди.
— Мен ҳам аскарликка кетишга ёки мусофир юртларда қароллик қилишга юз марта аҳд қилдим, лекин то сен шу ерда экансан, ҳеч ёққа кетолмайман, фироқ ўтида куйиб адойи тамом бўлсам керак. Қайғу сенга бўлган муҳаббатимни баттар алангалатиб, оғирроқ қилиб юборгандек туюлади, бу муҳаббат мени ҳаётга эмас, ўлимга олиб боради. Шундай севиш мумкинлигини билмас эканман!
Френхен жилмайганча ишқ тўла кўзларини унга тикди, иккаласи ҳам деворга суянганча, жим бўлиб қолди, ғам устидан ғалаба қилган бахт туйғуси вужудларини қамраб олганди: буюк мусибатда улар аҳил эдилар, бир-бирларини қаттиқ севар эдилар. Кейин иккови ноўнғай чорпояда, кўрпа-ёстиқсиз ухлаб қолишди, шу ётишда улар бешикда осуда ва ширин уйқуда ётган эгизакларга ўхшарди.
Биринчи бўлиб Сали уйғонди. Тонг бўзара бошлаган эди. У иложи борича мулойим ҳаракатлар билан Френхенни уйғотишга тутинди, бироқ қизнинг уйқуси очилмай, ҳар гал бошини солинтириб, ўзини “тўшак”ка ташлар ва яна уйқуга кетар эди. Охири йигит унинг лабларидан қаттиқ ўпди ва Френхен гавдасини кўтарди, кўзини очиб, Салини кўрди ва тилга кирди:
— Эй худойим-ей! Ҳозиргина сени туш кўраётувдим. Тушимда тўйимиз бўлаётган эмиш ва иккаламиз роса ўйинга тушаётган эмишмиз. Шунақанги бахтиёр эканмизки, шоҳона либосларга бурканиб олган эмишмиз, уйда еганимиз олдимизда, емаганимиз кетимизда эмиш. Охири бўса олмоқчи бўлиб, бир-биримизга талпина бошлабмиз, бироқ нимадир бизларни ўпишгани қўймаётганмиш, охири сен ўзинг уйғотиб юбориб, ишнинг пачавасини чиқардинг! Лекин шу ердалигинг қандай яхши! — Қиз шартта унинг бўйнидан қучоқлаб олди ва тўхтовсиз ўпа кетди. — Сен-чи, қанақа туш кўрдинг? — сўради қиз йигитнинг бўйни ва иягини силаб.
— Тушимда мен ўрмонда узун бир йўлдан кетаётганмишман, олдинда ҳув олисда, сен кетаётганмишсан, дам-бадам бурилиб, менга қараб-қараб қўярмишсан ва бошингни ирғаб, кулармишсан. Шунда ўзимни осмони фалакда юргандек ҳис қилармишман. Бор тушим — шу!
Кейин улар ҳар доим очиқ турадиган ошхона эшигидан тўғри ҳовлига, тоза ҳавога чиқишди ва бир-бирига қараб, хохолаб кулиб юборишди: Френхеннинг ўнг юзи ва Салининг чап юзи уйқудалик чоғларида бир-бирига қаттиқ ёпишиб тургандан қип-қизариб кетганди, икковининг ҳам иккинчи юзлари эса тунги салқин ҳаводан баттар қони қочиб, оқариб турарди. Улар бир-бирининг оқарган юзини оҳиста ишқалаб қизартиришга ҳаракат қила бошлашди. Шудрингли салқин тонг ҳавоси, бутун қишлоқда ҳукм сурган жимжит сокинлик, энди оқаришиб келаётган субҳидам улар қалбини сурур ва бахтга тўлдирмоқда, айниқса, бу қизга ўзгача ҳаловат, ўзгача ҳаяжон бағишламоқда эди.
— Шундай қилиб, эртага кечқурун мен бу уйни тарк этишимга тўғри келади, — деди Френхен, — ўзимга бошқа бошпана топишим керак. Лекин ундан олдин мен бир марта, ҳа, фақат бир марта сен билан чин дилдан яйрашим лозим, биз қаердадир узоқ ва беташвиш рақс тушишимиз зарур. Тушимда қанақанги мириқиб рақс тушганимни сира миямдан чиқариб ташлолмаяпман.
— Лекин нима бўлганда ҳам то сен ўзингга бошпана топгунингча мен сенинг ёнингда бўлишим керак, — деди Сали, — жонгинам, мен ҳам сен билан рақс тушишни жуда-жуда хоҳлайман. Аммо қаерда?
— Эртага шу яқин атрофдаги икки қишлоқда эҳром байрами бўлади, — деди Френхен. — У ерда бизни яхши билишмайди, бизга кўпда эътибор ҳам қилишмайди. Мен сени дарё бўйида кутиб тураман, кейин бир марта, фақат бир марта яйраб олишимиз учун хоҳлаган ёққа кетамиз! Шошма-шошма, ахир, пулимиз йўқ-ку? — маъюс қўшимча қилди қиз. — Демак, бундан ҳеч нарса чиқмайди!
— Ўйланма! — деди Сали, — мен бироз пул олиб келаман.
— Лекин отангдан олмайсан-а? Ўғирланган… пулдан?
— Бу ёғини қўявер, менинг яна иккита яхши кумуш соатим бор, ўшаларни сотаман.
— Сени йўлдан қайтармоқчи эмасман, — деди қизариб Френхен, — назаримда, агар эртага сен билан рақс тушмасам, ўлиб қоладиганга ўхшайман.
— Иккаламиз бирга ўлсак, жуда аъло иш бўлар эди, — деди Сали.
Хайрлашув маъносида улар ғам ва изтироб ичида бир-бирини қучоқлади. Бир-бирининг бағридан чиқар экан, эртага учрашишга қаттиқ умид қилган ҳолда мамнун жилмайишди.
— Қай пайтда келасан? — қичқирди яна Френхен.
— Эрталаб, ўн бирга қолмай, — жавоб қайтарди йигит, — икковимиз яхшилаб овқатланиб ҳам оламиз!
— Қандай яхши! Ўн яримда келсанг, ундан ҳам яхши бўларди!
Сали анча нарига кетган эди, қиз уни яна чақириб олди, унинг чеҳраси бирдан ўзгариб кетганди, юзига ташвиш соя солиб турарди.
— Бундан ҳеч нарса чиқмайди, — алам билан деди у, — менинг байрамлик бошмоғим йўқ! Шаҳарга борганимда, мана бу рўдапони кийиб олишимга тўғри келганди. Бошқасини қаердан олишимни билмайман.
Сали яна хомуш тортиб, тарвузи қўлтиғидан тушди.
— Бошмоғинг йўқми? — такрорлади у. — Шунда келаверасан-да, энди, нима қилибди?
— Йўқ, йўқ, бунда рақс тушиб бўлмайди.
— Начора, янгисини сотиб олишга тўғри келади унда.
— Қаердан? Қайси пулга?
— Эҳ, Зелдвилада пойафзал дўкони дегани худо уриб ётибди. Пулни эса мен топаман, икки соатга қолмай олиб келаман уни.
— Лекин Зелдвилада мен сен билан юролмайман-ку, бунинг устига, ҳойнаҳой, бошмоққа ҳам пул етмаса керак.
— Етади! Бошмоқни ўзим сотиб оламан ва эртага сенга келтириб бераман!
— Эй нодон, у менинг оёғимга лойиқ келмайди-ку!
— Менга эски бошмоғингни бер-чи… ёки шошма, мен оёғингни ўлчаб оламан, энг яхши йўл шу, бу нарса худойимнинг ҳам хаёлига келмаса керак.
— Ўлчаб оламан дейсанми? Рост-а! Шу миямга келмабди. Шошмай тур, ип топай.
Қиз яна чорпояга ўтирди, юбкасини хиёл кўтариб, кечаги сафардан бери оқ пайпоғи ечилмаган оёғидан бошмоғини олди. Сали чўккалади-да, ипни жажжи оёқчанинг эни ва бўйига қўйиб, қўлидан келганча ўлчай бошлади ва ипга синчковлик билан тугунлар солди.
— Оббо бошмоқчи-ей, — деди Френхен қизаринқираб ва шўх кулиб қўйди.
Оёқчани керагидан ортиқроқ вақт қўлларида маҳкам тутганча Сали ҳам қизариб кетди, бундан Френхеннинг юзи баттар ловуллаб, оёғини тортиб олди, бироқ хижолатдан нима қилишини билмай турган йигитни маҳкам қучоқлади-да, чўлпиллатиб ўпди, кейин эса кетишини айтди.
Шаҳарга келиб, Сали соатларни соатсозга олиб борди, соатсоз унга олтими, етти гульден берди; кумуш занжир учун яна бир неча гульден олди-да, Сали ўзини бойлардек ҳис этди; эсини таниб, вояга етганидан бери ҳеч қачон шунча пул қўлига тушмаганди. “Тезроқ кун кеч бўла қолсайди, тезроқ якшанба кела қолсайди, мана бу гульденлар эвазига ўшал кун бизга бахшида этадиган бахтга тезроқ етиша қолсайдим”, — ўйларди Сали ва зим-зиё мавҳум индин қанчалик даҳшат ила яқинлашиб келгани сайин қувноқ ва завқёб, эрта шунчалик мўъжизакор, шунчалик ёрқинроқ жилва қиларди кўз ўнгида. “Ҳозирча эса Френхенга бошмоқ қидираман”, — деб у вақтдан ютишга ҳаракат қилди, бу иш шу пайтгача қилиб келган ҳар қандай ишидан кўра ёқимли туюлиб кетди. У бир косибдан бошқаси олдига борар, бисотидаги барча аёллар пойабзалини чиқариб, олдига қўйишни буюрар эди. Ниҳоят, бир жуфт енгил, нафис бошмоқ харид қилди, бунақа бежирим бошмоқни Френхен ҳали ҳеч қачон кўрмаган. Сали бошмоқни нимчаси остига яширди-да, куни билан олиб юрди, тунда эса тўшакка ётганида уни ёстиғи тагига қўйиб қўйди. Бугун эрталабдан қизни кўргани ва эртага яна кўриши кераклиги учун у донг қотиб, тинч ухлади, лекин жуда эрта уйғонди ва ўзининг кўримсизгина костюмини қўлидан келганча тозалаб, тартибга сола бошлади. Бу онасининг эътиборини тортмай қолмади, ҳайрон бўлиб ундан нима қилмоқчи эканини сўради, чунки ўғли анчадан бери бунақа ҳафсала билан кийинмаганди-да. Уйда ўтиравериш жонимга тегди, бир шаҳар айланиб келмоқчиман, деб жавоб берди Сали.
— Кейинги пайтларда сал бошқача туриб-юрадиган бўлиб қолдими, — ғудранди отаси, — нуқул аллақаерларда санқигани-санқиган…
— Борса бора қолсин, — деди онаси, — балки сал кўнгли ёзилар, ўзиям рангини кўриб, раҳмим келиб кетади.
— Ўйнагани ёнингда пулинг борми? Қаердан олдинг пулни? — сўради қария.
— Менга пул керак эмас! — деди Сали.
— Ма, ол, бир гульден! — Отаси унга тангани итқитди. — Қишлоққа борганингда қовоқхонада овқат олиб ерсан, тағин булар жуда қийналиб қолишибди-ку, деб ўйлашмасин.
— Мен қишлоққа бормайман, пул ҳам керак эмас менга, олиб қўйинг тангангизни.
— Пул берса олмайди-я! Қайсарликка бало борми, яхшиликни билмаган нонкўр! — қичқирди Манц ва пулни қайта чўнтагига солиб қўйди.
Ўғлига қараб туриб, нима учун юраги бу тахлит суст тортиб, бир тутам бўлиб кетаётганини ўзи ҳам тушунмай, онаси унга қизил ҳошияли катта қора миланча бўйинбоғни келтириб берди, — буни унинг ўзи ҳам аҳён-аҳёнда тутар, Сали эса уни жудаям ёқтирарди. У узун шалвираган учларини осилтириб, бўйинбоғни бўйнига ўради. Олифталиги тутиб кетиб, биринчи марта у кўйлагининг ёқасини эркакларга хос тарзда қишлоқча усулда қулоғигача кўтариб олди, одатда, доим ёқасини тушириб кияр эди. Соат еттига занг урганида бошмоқни курткасининг ички чўнтагига жойлади-да, йўлга тушди. У хонадан чиққанда тўсатдан негадир отаси билан онасининг қўлини сиқиб қўйгиси келди, кўчага чиққач эса, уйга яна бир карра кўз солди.
— Менимча, — деди Манц, — болакай, ҳойнаҳой, биронта жононча олдига шошаяпти. Шуниси етмай турувди бизга.
Хотини жавобан деди:
— Илоё, бахтини топгани рост бўлсин-да! Боёқиш болажонимнинг йўлини берсин!
— Бўлмаса-чи! — кесатди эри. — Унга аввал шу керак! Биронта офатига йўлиқади-да, “жаннат”да яшагандай яшайди. Ўшанда кўрасан боёқиш болангнинг йўли қандай очилганини! Гапирганинг билан кошки фойдаси бўлса.
Аввалига Сали Френхенни кутиб турмоқчи бўлган дарё томонга қараб кетди, бироқ йўлда фикри ўзгарди-да, тўғри қишлоққа, қизнинг олдига йўл олди — соат ўн яримгача кутиш унга ҳаддан ташқари узоқдек туюлиб кетди.
“Одамлар билан нима ишимиз бор? — ўйлади у. — Ҳеч ким бизга ёрдам бермаса, мен тўғри иш қилаяпман ва ҳеч кимдан қўрқмайман!”
Сали кутилмаганда Френхеннинг хонасида пайдо бўлди ва ўшандай кутилмаганда уни тўкис кийинган, шай ҳолда кўрди, фақат бошмоқ етишмасди, холос. Қизни кўриб, Сали оғзини очганча, хона ўртасида сўзсиз туриб қолди. Френхен бир қултум сув билан ютиб юборгудек эди шу топда. Унинг мовий бўздан тикилган оддийгина, аммо яп-янги тоза кўйлаги тик қоматига ёпишиб турарди. Кўйлак устидан оппоқ ҳарир рўмол ташлаб олган — бор-йўқ либоси шу, холос. Қоп-қора жингалак сочларига обдон оро берган, одатда, тартибсиз осилиб турувчи кокилларини боши теварагидан чиройли қилиб ўраб олганди. Кўп ҳафталардан бери деярли уйдан чиқмагани ва оғир ташвишлар туфайли унинг чеҳраси заҳиллашиб, тиниқ тортиб кетганди; бироқ муҳаббат ва бахт оловининг қизғиш нурлари бу заҳилликка ўзгача бир тароват бахш этиб турарди. Кўксида эса розмарин, атиргул ва саллагуллардан қилинган чиройли гулчамбар. У очиқ дераза олдида жим ўтирганча қуёшли тонг ҳавосидан тўйиб-тўйиб симирарди. Бироқ Салини кўрди-ю, тирсагигача очиқ иккала чиройли қўлини узатиб, хитоб қилди:
— Тўғри бу ерга барвақт келиб, жуда яхши қилибсан! Хўш, бошмоқ олиб келдингми? Ростданми? То уни киймагунча ўрнимдан турмайман!
Сали чўнтагидан эзгу бошмоқни суғурди ва шунга зору интиқ бўлиб ўтирган гўзалга тутди, у эски бошмоқни суриб ташлаб, янгисини кийган эди, оёғига лоппа-лойиқ келди. Шундагина у стулдан кўтарилди-да, бир жойда турганча янги бошмоқда тап-тап юрди ва бир неча бор тез-тез у ёқдан-бу ёққа бориб келди. У узун мовий кўйлагини хиёл кўтарди-да, бошмоқларни безаб турган қизил бандчаларга завқланиб қаради. Сали эса қаршисида хона бўйлаб хурсанд бориб келаётган меҳрибон, мафтункор қиздан кўзини узмай қараб турарди.
— Сен менинг гулчамбаримни томоша қилаяпсанми? — сўради Френхен. — Ростданам жуда чиройли-а? Биласанми, булар даламиздан қидириб топган сўнгги гуллар. Атиргул ҳам, саллагул ҳам унда-мундагина қолган экан, энди буларни гулчамбар ҳолида кўрган одам ўшандай ташландиқ жойдан зўрға топганимни хаёлига ҳам келтирмаса керак. Хуллас, мен бу ердан кетишим керак: боғда гулдан асар ҳам йўқ, уйда эса ҳаммаёқ шип-шийдам.
Сали атрофга разм солди ва уйда қолган ҳамма ашқол-дашқоллар ҳам олиб чиқиб кетилганини шундагина пайқади.
— Бечора Фрели! — деди у. — Ҳамма нарсангни олиб кетишдими?
— Кеча, — жавоб берди қиз, — жойидан жилдирса бўладиган ҳамма нарсани битта қўймай олиб кетишди, менга каравотдан бошқа ҳеч нарса қолмади. Лекин мен уни сотиб юбордим, энди менинг ҳам пулим бор. Мана, кўр!
У чўнтагидан бир неча яп-янги ярқироқ талерни1 олиб, унга кўрсатди.
— Шу пул билан, — давом этди қиз, — ҳалиги етимпарвар бой отанинг айтишича, — у ҳам шу ерда эди, — жой қидириб шаҳарга жўнашим ва бу ерни бугуноқ бўшатиб қўйишим керак экан.
— Бу ерда ҳам ҳеч нарса қолмабди! — деди Сали ошхонага мўралаб. — На тараша, на това, на пичоқ! Сен эрталабдан бери ҳеч нарса емадингми?
— Ҳеч нарса, — жавоб берди Френхен. — Мен ўзимга бирор нарса сотиб олсам бўларди, бироқ кейин сен билан бирга тўйиб овқатланиб олармиз деб сабр қилишга аҳд қилдим. Ахир, бундан мен росаям хурсанд бўламан-ку, ишонасанми, росаям хурсанд бўламан!
— Агар сенга тегишга журъат қилганимда эди, юрагимда нима борлигини тушунар эдинг, гўзалим!
— Тўғри, мумкин эмас, кийимимни ғижим қиласан, гулларни ҳам авайлашимиз керак, шўрлик бошимга ҳам шуниси маъқул келади, ахир, сен ҳар доим сочларимни тутамлаб ўйнайсан-ку.
— Кетдик энди, йўлга тушайлик.
— Йўқ, каравотни олиб кетгунларича кутиб турмасам бўлмайди. Кейин мен бўм-бўш уйга қулф соламан-да, бу ерга бошқа изимни босмайман! Тугунимни каравотни сотиб олган хотинга бериб қўяман.
Шу тариқа улар бир-бирларига рўпарама-рўпара ўтириб олишди-да, кута бошлашди. Кўп ўтмай хотин келди; бу гавдали сергап аёл экан, у каравотни кўтариб кетгани бир йигитни ҳам бошлаб келганди. Хотин Френхеннинг хушторини ва қизнинг дид билан кийиниб олганини кўриб, ҳайратдан оғзи очилиб қолди, қўлларини белига тиради-да:
— Гап бу ёқда де, Фрели! — деди. – Ўйлашимча, фурсатни қўлдан бермабсан: меҳмон кутиб, маликалардай ясаниб олибсан.
— Бўлмаса-чи, — деди Френхен самимий жилмайиб, — бу кимлигини биласизми, ўзи?
— Эҳ, бу Сали Манц бўлса керак. Тоғ тоғ билан учрашмайди, одам одам билан учрашади, дейдилар-ку! Лекин эҳтиёт бўл, қизалоқ, ота-оналаринг қанақа бўлишганини эсдан чиқарма.
— Э, энди ҳаммаси бошқача бўлиб кетган, ҳаммаси яна бип-бинойидек, — жилмайганча одоб билан эътироз билдирди Френхен. — Мана, кўраяпсизми, Сали менинг қаллиғим!
— Қаллиқ? Нималар деяпсан?
— Ҳа, бунинг устига бой, у лотереяда юз минг гульден ютиб олди. Ана шунақа, қўшнижон!
— Хотин жойида сапчиб тушди, ҳадик ичида қўлларини чайқаб, хитоб қилди:
— Юз? Юз минг-а?
— Ҳа, юз минг, — жиддий деди Френхен.
— Худо ўзи кечирсин, бу тўғри эмас, сен мени алдаяпсан, болажоним!
— Ишонмасангиз ишонманг, ўзингиз биласиз!
– Лекин бу тўғри бўлса, сен унга турмушга чиқсанг, шунча пулни нима қиласанлар? Сен бойвуччага айланасанми?
— Албатта, биз уч ҳафтадан кейин тўйимизни ўтказамиз!
— Йўқол кўзимдан, алдоқчи, шумтака!
— У аллақачон Зелдвилада данғиллама ҳовли сотиб олди, каттакон боғи ва узумзори билан, биз ўрнашиб олганимиздан кейин сиз бизникига, албатта, борасиз, йўқ демасангиз керак?
— Албатта, бораман, шумтака қиз, албатта!
— Қанақа зўрлигини ўшанда кўрасиз! Мен сизга ажойиб қаҳва дамлаб бераман, сариёғ ва асал сурилган нон билан меҳмон қиламан!
— Вой доғули-ей! Билиб қўй, бораман! — деди хотин кўзлари ола-кула бўлиб, оғзидан эса сўлаги оқиб.
— Агар бозордан чиқиб, ҳориб-чарчаб тушлик пайти кириб келсангиз, сиз учун сариёғ гўштли шўрва билан бир стакан шароб тайёр-да.
— Ана бунисига қойилман!
— Болаларингиз учун ширинликлар ва оппоқ кулчалар ҳам топилади.
— Жуда иштаҳамни очиб юбординг-ку!
— Бежирим рўмол ёки бир парча шойи ёки юбкангиз учун чиройли эски жияк совға қиламан ёки сандиқни кавлаб, ҳаш-паш дегунча янги пешбанд учун бир энлик мато ҳам топиб бераман.
Хотин товонида бурилди-да, ҳузур қилиб, юбкасига шапатилаб қўйди.
— Борди-ю, эрингиз фойдали бир иш қилса, айтайлик, ерми, молми сотиб оладиган бўлса-ю, пули етмаса, қаерга ва кимга мурожаат қилишни ҳам билиб олаверасиз. Менинг азиз Салигинам ҳар доим ўз мулкининг бир қисмини фойдали ишга сарф қилишга ҳозиру нозир. Яқин дугонамга ёрдам бериш учун менинг ўзимда ҳам жамғариб қўйган у-бу нарсам йўқ эмас.
Бутунлай ҳанг-манг бўлиб қолган хотин ҳовлиқиб, деди:
— Ҳар доим айтардим-а, сен ўзинг ажойиб, оқкўнгил, чиройли қизсан деб. Ишқилиб, худо сенга шу дақиқадан тўкис ҳаётни раво қилгани рост бўлсин, сенинг менга қилган яхшиликларинг учун умрбод худо ўзи сени ярлақасин.
— Лекин ўз навбатида мен ҳам сиздан бир нарсани талаб қиламан: сиз ҳам менга яхши муомала қиласиз!
— Бу ёғидан кўнглинг хотиржам бўлсин!
— Кейин менга ҳар доим ўз молларингиз — меваларми, картошка ё сабзавотми — олиб келиб туришингиз учун, уларни бозорга олиб чиқишингиздан олдин мен бир нарсага, яъни мен ишонадиган бир ҳалол деҳқон хотин борлигига амин бўлишим керак. Сизга бошқалар берадиган нархни мен бажонидил тўлайман, ахир, мени ўзингиз яхши биласиз-ку! Тўрт девор ичида ночор ўтирган шаҳарлик бойвучча билан барча турмуш ишларида тажрибакор, ҳалол, тўғри деҳқон хотин ўртасида ҳақиқий, мустаҳкам дўстликдан ҳам ортиқ нима бор? Юзлаб ҳолларда бунинг фойдаси бўлади — ғамда ҳам, шодликда ҳам, тўйда ҳам, азада ҳам, болалар мактабда ўқий бошлаганда ҳам ёки бирон устага ёллаганда ҳам, ёки ўзга юртларга сафарга кетганда ҳам — ҳамма нарсада! Худо кўрсатмасин, тошқин пайтда ҳам ё кўз ёриганда ҳам, ёнғин ёки дўл ёққанда ҳам — бунинг фарқи йўқ!
— Бундай балолардан худонинг ўзи асрасин-а! — деди соддадил хотин пиқ-пиқ йиғлаб, кўзёшини артганча. — Сен шунақаям ақлли, фаросатли қизсанки, нима ҳам дердим. Сен яхши яшаб кетасан, айланай, бўлмаса бу дунёда ҳақиқат қолармиди. Сенга ҳусндан ҳам, ақлдан ҳам худо берган, қўл-оёғинг чаққон, ҳар ишнинг уддасидан чиқасан. Қишлоқда ҳам, бутун теварак-атрофда ҳам сенга етадигани йўқ. Сени олган эр оёғингни ўпса арзийди, сен билан жаннатда яшагандай яшайди. Борди-ю, у бир ярамас бўлса, мен ўзим унга кўрсатиб қўяман. Сали, қулоқ сол! Менинг Фрелимни хафа қила кўрма, бўлмаса, нақ адабингни бераман-а. Омадинг бор экан, гулнинг энг аълосига йўлиққансан!
— Энди ваъда қилганим тугунимни олиб қўйинг, ўзим келиб олиб кетаман. Соябонли аравада келиб қолсам, тағин хафа бўлиб юрмайсиз-да, опажон, хўпми? Бир пиёла сут берсангиз менга шу кифоя, сутга қўшиб ейиладиган бодомли тортни эса ўзим олиб келаман.
— Олтин қизим менинг! Қани, ол бу ёққа тугунни!
Френхен хотин бошида кўтариб турган партўшак устидан латта-путта ва турли майда-чуйдаларга тўла қопчиқни қўйган эди, бечора хотиннинг бошида бутун бир минора пайдо бўлди.
— Ҳаммасини бирдан олиб кетолмасам керак-ов, – деди хотин. — Яна бир келсам бўлмайдими?
— Йўқ, йўқ! Биз ҳозир кетаяпмиз, йўлимиз узоқ, бойиганимизда бирдан пайдо бўлиб қолган бой қариндошларимизни бориб кўришимиз керак. Бунинг қанақа бўлишини биласиз-ку!
— Бўлмасам-чи! Сени худо ўз паноҳида асрасин, яхши кунларга етганингда мени эсдан чиқарма, болам.
Бошида бир дунё юк билан чайқала-чайқала хотин кетди, бир вақтлар турли ёзувлар ёзиб ташланган каравотни кўтарганча йигитча унинг ортидан эргашди, у сўнаётган юлдузли осмон тасвири туширилган чойшабнинг қоқ ўртасига бошини тираб олганди. Салининг қўлига суянган ҳолда кетаётганлар ортидан тикилганча Френхен деди:
— Агар бу каравотни боққа ўрнатиб, ёнига столми, скамейками қўйиб қўйилса, атрофидан чирмовуқ экилса, ажабтовур айвонча бўларди-да. Айвончада мен билан бирга ўтирармидинг, Сали?
— Ҳа, Фрели! Айниқса, ҳаммаёғи чирмовуқ билан қопланган бўлса.
— Нега турибмиз энди? — деди Френхен. — Бизни энди бу ерда ҳеч нима тутиб тургани йўқ.
— Кетдик, уйни қулфла. Калитини кимга берасан?
Френхен ҳовлига кўз югуртирди.
— Уни мана бу ерга, ойболтага илиб қўямиз, отамнинг айтишича, у бу ерда юз йилдан бери турганмиш. Энди у бу ерда охирги қоровул бўлиб қолади.
Улар занглаган калитни ловия поялари чирмалиб ётган занглаган қуролнинг илмоғига илиб қўйиб йўлга тушишди. Френхеннинг ранги қув оқарди ва бир неча сония кўзларини юмиб турди, Сали йигирма қадамча уни етаклаб борди. Лекин қиз ортига бурилиб қарамади.
— Энди қаёққа борамиз? — сўради у.
— Биз шу атрофларда бекорчи одамлардай шошмасдан айланиб юрамиз, — жавоб берди Сали, — кечқурун эса рақс тушишимиз учун бирон жой топилиб қолар.
— Зўр! — деди Френхен. — Бугун кунни бирга ўтказамиз ва қаерда хоҳласанг, ўша ерда айланамиз. Лекин ҳозир сал ўзимни ғалати сезаяпман, яқинроқдаги бир қишлоқда қаҳва ичиб олайлик!
— Яхши, — деди Сали, – фақат бу ердан тезроқ гумдон бўлсак, бас!
Кўп ўтмай улар кенг далада, пайкаллар ёнидан кетиб борар эдилар. Ажойиб сентябр тонги бўлиб, осмон булутсиз эди. Тепалик ва ўрмонларни ҳарир ғубор қоплаган, бу уларга қандайдир ўзгача синоат ва тантанаворлик бағишларди. Ҳар томондан қўнғироқларнинг жаранглаган овози қулоққа чалинарди — бойлар қишлоғидан ҳам, камбағаллар қишлоғидан ҳам янграётган турли қўнғироқларнинг тартибсиз овозлари бир зум тинмасди. Бу куннинг охирида уларни не савдолар кутаётганини иккала ёш ҳам билмасди. Улар ўзларини унсиз севинч ихтиёрига топшириб, шундан кўнгиллари тоғдек эди. Бу — далалар бўйлаб байрам либосида бемалол яйраб юриш, бир-бирига тобе бўлиш ҳуқуқига эга бўлган бахтиёр жуфтлик каби қутлуғ якшанба кунига пешвоз чиқиш севинчи эди. Якшанба арафасида таралаётган ҳар бир товуш ёки алоҳида бир ҳайқириқ улар қалбида дунёни ларзага солиб, акс-садо берарди, зеро, муҳаббат — бу энг олисдаги ва энг бефарқ нарсаларни ҳушёрликка чорловчи ва ҳамма нарсани ажойиб мусиқага айлантирувчи қўнғироқдир.
Гарчи улар қаттиқ очиққан бўлсалар-да, энг яқиндаги қишлоққача бўлган ярим соатлик йўлни кўз очиб-юмгунча босиб ўтишди. Тортиниброқ қишлоқ чеккасидаги қовоқхонага киришди; Сали мўл-кўл нонушта буюрди; нонуштани тайёр қилгунларича улар баобрў ва шинам қовоқхонада нималар бўлаётганини кузатганча меҳмонлар учун ажратилган топ-тоза кенгбар хонада жимгина ўлтиришди. Хўжайин новвойлик ҳам қилар экан. Янги пиширилган нон бутун уйни хушбўй ҳидга тўлдирди ва хонага турли навдаги нонларга лиммо-лим тўлдирилган саватларни олиб кира бошлашди, чунки одамлар тушликдан кейин оқ нон сотиб олиш ва бир кружкадан эрталабки пиводан уриб олиш учун бу ерга келар эдилар. Бека ораста, жиддий бир аёл бўлиб, болаларини эркалаганча шошилмай кийинтириб қўйди. Онаси қўлидан халос бўлган болалардан бири Френхеннинг олдига югуриб келди-да, ўзининг бутун бисотини кўз-кўз қила бошлади.
Хушбўй ҳид таралиб турган аччиқ қаҳва олиб келингач, икки ёш гўё меҳмондорчиликка келгандек ийманибгина столга келиб ўтирди, бироқ салдан кейин жонланиб, паст овозда ва қувноқ ҳолда бир-бири билан шивирлашиб гаплаша бошлади. Эҳ, қулинг ўргилсин қаҳва бахтидан ўзида йўқ қизчага шунақанги лаззатли туюлмоқда эдики! Сариёғ қаймоқ, ҳозиргина узилган бўрсилдоқ булочкалар, қайноқ сут, асал, тухум — яна қанақанги нарсалар йўқ эди бунда! Ҳаммаси қизга бирдек ёқмоқда эди, чунки столда у билан бирга Сали ўтирибди, у бир йилдан бери рўза тутгандек, таомларни иштаҳа билан тушира кетди. Чиройли идишлар, кумуш қаҳва қошиқчалар қизнинг завқига завқ қўшмоқда эди — бека, афтидан, уларни янги келин-куёв деб ўйлаган ва шунга яраша хизмат кўрсатишга аҳд қилган бўлса керак; у ҳатто бир-икки оғиз гап сотгани улар ёнига келиб ўлтирди ҳам, иккала ёш қайтарган оқилона жавоблар эса унга жуда маъқул бўлди. Сархуш Френхен ўзини шу қадар аъло ҳис этмоқда эдики, энди нима қилишини ҳам билмай қолди: севган йигити билан яна ўтлоқзор ва ўрмонзорларда айланиб юргани кетишсинми ёки гарчи бир неча соатча бўлса-да, бу шинам уйни ўзлариникидек ҳис этиб, меҳмондўст хонадонда қолишсинми? Бироқ гўё олдиндан мўлжаллаб қўйилган муҳим саёҳат кутиб тургандек, кетиш кераклигини босиқлик ва жиддий тарзда эслатиб, Сали унинг мушкулини осон қилди. Хўжайин ва бека уларни остонагача кузатиб қўйди ва меҳмонларнинг ошкора ғариблигига ҳам қарамай, уларнинг одобларидан мамнун бўлиб, ҳаддан ташқари қуюқ хайрлашишди. Иккала ёш ҳам барча одоб-ахлоқ қоидаларини бекаму кўст адо этган ҳолда иззату икром ила улар билан хайр-хўш қилиб узоқлашди. Кейин ҳам улар яна кенгликка чиқиб, чексиз эманзорга кириб келишгач, Сали билан Френхен гўё хонавайрон бўлган, қашшоқлик бошига етган оилалардан чиққан эмас, балки ширин орзуларга тўла ва беғам-беташвиш умргузаронлик қилаётган бадавлат ота-оналарнинг болаларидек, ўша алпозда мағрур кетиб борар эдилар. Френхен чуқур ўйга чўмиб, бошини гуллар безаган кўкси узра эгганча, юмшоқ нам ердан одимлар экан, кўйлагидан авайлаб ушлаб олганди. Сали эса, аксинча, қаддини ғоз тутиб, қайси дарахтни кесиш маъқулроқ эканини тусмол қилган тажрибали хўжайиндек, ўйчан нигоҳини адл эманлардан узмасди. Охири, улар ушалмас орзуларидан ўзларига келиб, бир-бирига қарашди ҳамда қовоқхонадан чиққандан бери бир зайлда келаётганларини англаб, қизариб кетишди ва бошларини ғамгин эгиб олишди.
Ҳаммаёқда навқиронлик ҳукмрон: ўрмон ўзининг яшил либосига бурканган, осмон кўм-кўк. Улар ўзларини оламда танҳо ҳис этганча кўп ўтмай яна ёшликнинг жўшқин ҳисларига тўлдилар. Лекин улардаги бу танҳолик узоққа бормади — кўркам ўрмон йўлида гурас-гурас ёш йигит-қизлар учрай бошлади, улар тушликдан кейин шўхлик қилиб қўшиқлар куйлаганча бу ерда сайр қилиб юрар эдилар, чунки шаҳарликлар каби қишлоқ ёшларининг ҳам сайр қилиши учун ўз севимли жойлари бор, фақат фарқи шундаки, бу жойларга қараб туриш учун пул сарфламайдилар ва булар шаҳардагидан кўра кўримлироқ, деҳқонлар нафақат ўзларининг гуркираган ва ҳосили етилган эгатлари бўйлаб байрамона кайфиятда кезинадилар, балки синчковлик билан йўлни танлаб, ўрмон ва ям-яшил қирларда сайр қиладилар, гоҳ манзарадор тепалик устида, гоҳ ўрмондаги ялангликда ҳордиқ чиқарадилар, улуғвор табиатдан олган таассуротларини шодон юракларига жо қиладилар, улар гуноҳларини ювиш учун эмас, балки шахсий лаззат олиш учун шундай қилганлари боис, шу нарсани тан олиш лозим бўладики, табиатдан қанчалик нафланишларидан қатъи назар, уни ортиқ севишнинг ҳам уддасидан чиқадилар. Уларнинг барчаси — ёш йигитчалардан тортиб, ёшликда сайр қилган сўқмоқларини қўмсаган қарияларгача, албатта, бирон-бир ўсимликдан синдириб олишади, ҳатто шундай ёшдаги қаттиққўл деҳқонлар ҳам фикру ўйлари ишда бўлишига қарамай ўрмондан ўтиб кетар чоғларида мўрт шохчадан кесиб олишади-да, учидаги бир тутамгина барра япроқларни қолдириб бошқаларини юлиб ташлайдилар. Новдани тантанавор кўтариб, борадиган жойларида ёки идорада авайлаб бир бурчакка қўйиб қўйишади, ҳар қанча зарур ишлари бўлишига қарамай, қайтишда яна у ердан олиб, зиён-заҳматсиз уйга олиб келишади, шундан кейингина ирим қилиб, синдириш учун энг кенжа ўғилга тақдим қилишади.
Сали билан Френхен сайр қилиб юрганларини кўриб, ўзларича кулиб қўйишди, ўзларининг ҳам жуфт бўлиб келаётганидан суюниб кетишди, бироқ бошқа томонга, торгина ўрмон сўқмоғига бурилишди-да, кўп ўтмай яна танҳо қолишди. Улар кўнгилларига ёққан жойда тўхтар, йўлларида давом этар, яна дам олар эдилар, шундай пайтларда дилларидаги дард бутунлай ариб, ўзларини қушдай енгил ҳис этар эдилар, қаёқдан келиб, қаёққа кетаяпти, бутунлай унутиб, ўзларини шу қадар самимий ва одобли тутмоқда эдиларки, ҳатто қувончли ҳаяжон ва ҳаракатларга қарамай, Френхеннинг эгнидаги одмигина кийимлари эрталаб қандай бўлса, ҳамон шундай силлиқ ва покиза ҳолатда эди. Сали ушбу сайрда ўзини хонавайрон бўлган қовоқхона соҳибининг ўғли ёки йигирма яшарлик қишлоқ йигитидек эмас, балки ундан кўра анча ёш ва тарбияси олий бойваччадек тутаётганди. У гўзал ва қувноқ Френхенга дам сайин шундай ҳурмат, ибо ва меҳр билан қараб қўяр эдики, буни кўрган кишининг ҳаваси келмай қолмасди. Ёш йигит-қиз ўзларига тақдим этилган ушбу ягона кунни муҳаббатнинг барча икир-чикиригача битта қўймай, ҳаётларини қурбон қилган чексиз иштиёқнинг интиҳоси сари муддатдан илгари интилган ва гулга кирган илк дамларида бой берилган кунлари ўрнини тўлдирган ҳолда бошдан кечиришга тўғри келмоқда эди.
Сайрдан кейин яна уларнинг қорни очқади ва соядор тоғ чўққисидан қуёшда ярқираб турган қишлоққа кўзлари тушиб, суюниб кетишди ва шу ерда овқатланиб олишга қарор қилишди. Улар тезгина пастга тушишди ва олдинги қишлоқни қандай тарк этишган бўлса, ўшандай одоб ила бу қишлоққа кириб боришди. Йўлда уларни танийдиган биронта жон учрамади, Френхен, айниқса, кейинги кунларда одамлар орасида деярли бўлмаганди, қишлоқлар тўғрисида эса гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Шундай қилиб, Сали билан Френхен иш билан аллақаёққа йўл олган жуфтлик каби кишиларда ҳурматга лойиқ таассурот уйғотди. Улар дуч келган дастлабки қовоқхонага киришди ва Сали яхши тушлик буюрди. Улар учун байрамона дастурхон тузашди ва икковлон жимгина стол ёнига ўлтириб, ёнғоқ дарахтидан оро берилган деворларга, турфа таомлар тўла буфетга, гарчи қишлоқча қўл билан тикилган бўлса-да, деразалардаги оппоқ пардаларга кўз югуртира бошлашди. Бека ёқимли жилмайганча уларнинг олдига гул солинган гулдонни келтириб қўйди.
— Шўрва беришгунча гуллардан баҳра олиб туришингиз мумкин, агар хоҳласангиз. Сўраганнинг айби йўқ, хойнаҳой, сизлар эртага шаҳарда никоҳдан ўтишга кетаётган ёш келин-куёв бўлсангиз керак, шундайми?
Френхен кўзини кўтаролмай қип-қизариб кетди, Сали ҳам жавоб бермагач, бека давом этди:
— Бўлмасам-чи, икковингиз ҳам ёшсиз, аммо ёш турмуш қурганлар узоқ яшайди, дейишади. Сизлар эса шундоқ чиройли ва ёқимлисизларки, яширишнинг ҳожати йўқ. Агар ёшликда топишишса, бунинг устига, меҳнатсевар ва вафодор бўлишса, камтар одамлар ҳаётда кўп нарсага эришадилар. Вафо эса жуда керак, вақт жуда тез ўтиб кетади ва шу билан бирга узоқ чўзилади, олдингизда кўпдан-кўп кунлар кутиб турибди. Бир-бирингизга узукка кўз қўйгандек ярашиб турибсизлар, бахтиёрсизлар, фақат бу бойликни қўлдан берманглар! Тўғрисини айтаяпман, сизларга қараб одамнинг ҳаваси келади, бир-бирингизга жудаям моссизлар!
Хизматчи қиз шўрва келтирди, беканинг баъзи сўзлари унинг ҳам қулоғига чалинган эди, ўзи ҳам бўй етиб қолганидан омади чопган Френхенга ёвқараш қилиб қўйди. Қўшни хонада у андиша-пандишани йиғиштириб, тилига баралла эрк бериб юборди ва ўша ерда қозон-товоққа уннаб юрган бекага қараб, меҳмонлар ҳам эшитсин учун баланд овозда шанғиллаб кетди:
— Қаёқдаги қашшоқ қиз! Инига сиғмаган сичқон думига ғалвир боғлабди дегандай никоҳдан ўтгани шаҳарга чопгани-чи! Бисотида на сариқ чақаси, на ёр-дўсти, на сепи бор, нимасига ишонади булар? Бор-йўғидан ажралиб, эртага гадой бўлгани қолади. Кўйлагини кийиш ё бир қошиқ шўрва пиширишни эплолмаган бундай мишиқилар турмуш қуришнинг уддасидан чиқармиди? Бу шарманда қизнинг тузоғига илинган гулдай йигитга ачинасан, холос.
— Жим, ўчирасанми, йўқми, шаллақи! — уни қайтарди бека. — Мен уларнинг кўнглини оғритмайман. Эҳтимол, булар фабрикалари бор, тоғдан келган ажабтовур одамларнинг болаларидир. Кийимлари башанг бўлмаса ҳам орастагина, модомики, улар бир-бирини севишиб, меҳнатдан қочмас экан, сен анови заҳар тилинг билан эришгандан кўра кўпроқ нарсага эришадилар улар. Бўлмасам-чи, бу тилинг билан ҳали кўп кутишингга тўғри келади, токи тилингни ширин қилмас экансан, биров сени сўрамайди ҳам, яқинингга йўламайди ҳам.
Тўйга йўл олган келинликнинг барча севинчларини Френхен ана шу тариқа тотмоқда эди: оқила хотиннинг кўнглини кўтарувчи сўзлари-ю, эрга тегишни армон қилиб юрган қариқизнинг ҳасади. Қизнинг юзи лоладай лов-лов ёнар, юраги қинидан чиққудай бўлмоқда эди, бироқ шундай бўлса-да, у овқатни иштаҳа билан туширди, гарчи хизматкор қизнинг гаплари дилига наштардек санчилаётган бўлса-да, Салининг бошидан силаб, бир нималарни шивирлар эди, унинг ҳам ҳанг-манг бўлиб қолганини кўриб, севгилисига тасалли беришга тиришарди. Бироқ ширин рўёдан уйғониб қолишдан қўрққандек, улар узоқ ва хотиржам ўтириб қолишди. Ширинликка бека печенье келтирди ва Сали у билан қўшиб ичгани ўткир вино буюрди. Бир қултум ютиши билан Френхеннинг томирларида олов югура кетди, лекин у эҳтиёткор эди, фақат аҳён-аҳёнда қадаҳга лабини теккизиб қўяр ва ҳақиқий келиндай ийманиб, одоб сақлаб ўтирарди. Бир жаҳатдан у келинлар қанақа бўлишини ўзида синаб кўриш учун шундай ролни адо этаётган бўлса, иккинчи жиҳатдан шундай, туйғулар чиндан-да унинг вужудини қамраб олганди. Ҳаяжон ва қайноқ муҳаббатдан юраги тарс ёрилиш даражасига етган эди. Афтидан, севишганларнинг ёлғиз, одамлардан бир четда қолиши хатарли эди, бинобарин, улар сўзлашмай, на бу унга, на у бунга қарамай, сершовқин ва гавжум катта йўлдан юриб кетишди. Бироқ бу қишлоқдан ўтиб, шоҳона байрам бўлаётган бошқасига етганда, Френхен йигитнинг қўлида осилиб қолди ва шивирлаган овозда деди:
— Сали, нега биз бир-биримизники ва бахтиёр бўлолмаймиз?
— Негалигини ўзим ҳам билмайман, — жавоб берди Сали ва ўтлоқзор узра жилваланаётган куз қуёшининг майин нурларига кўзларини тикди. У ўзини қўлга олишга тиришар экан, башараси ғалати бужмайди. Ўпишиш учун тўхташган эди, бироқ одамлар кўриниб, улар йўлда давом этишди.
Шоҳона байрам бўлаётган катта қишлоқда ўйин-кулги авжида эди. Ҳашаматли меҳмонхонадан рақс мусиқаси янграрди, у ерда тушдан бери ёшлар рақс тушишга киришиб кетганди, қовоқхона қаршисидаги майдонда эса унча катта бўлмаган бозор чўзилган, ширинликлар ва печеньелар қўйилган бир нечта стол ва арзон безак буюмлари териб қўйилган икки-учта пештахта; уйнинг ёнида болалар ва катта ёшдаги одамлар ғужғон ўйнайди, улар, асосан, молларни томоша қилишдан баҳра олишарди. Сали билан Френхен ҳам шу буюмлар олдига келишди ва уларга маҳлиё бўлиб қолишди. Иккаласи ҳам бараварига чўнтагига қўл солди ва ҳар қайсиси ўзича унисига совға сотиб олишга аҳд қилди, чунки улар бунақа бозорда биринчи ва сўнгги мартагина бирга бўлишлари эди. Сали Френхенга яшил томли, шакар билан оқланган каттакон ширинлик уй сотиб олди, уйнинг томида бир жуфт каптар ўлтирарди, мўридан эса мўри тозаловчи қиёфасидаги севги илоҳаси мўралаб турарди. Очиқ дераза олдидаги қучоқлашиб, чўғдек митти лабларини бир-бирига босиб, дўмбоқ ва қип-қизил юзли икки ёш турибди, зеро, тажрибали мусаввир бўёқни шундоқ чаплаб, икки оғизчани бир-бирига улаб қўя қолганди. Майда нуқталар қувноқ кўзларни ифодаларди. Пуштиранг эшикда қуйидаги шеърни ўқиш мумкин эди.
— Кел, севгилим, кира қол,
Уйим тўри сеники.
Фақат бир шарт: сўнг абад
Бўлиб қолгин меники.
— Ёр бўлишдан қўрқмайман, ¬—
Жавоб берар гўзал қиз. —
Ахир, мен ҳам дунёда
Бахтимни топай тўкис.
— Ундоқ бўлса, кира қол,
Менинг ёрим бўла қол.
Эшикнинг ўнг ва сўл томонидаги деворларга чизилган мовий фракдаги жаноб ва сийнаси жуда баланд хоним бир-бирини уйга киришга таклиф этиб, ўзаро шундай дил изҳори қилмоқда эдилар.
Френхен эса Салига юрак совға қилди, унинг бир томонига қуйидаги сўзлар битилган қоғоз ёпиштириб қўйилганди:
Юрагимда туриб қолди битта бодом донаси,
Лекин ундан тотлироқдир муҳаббатнинг бодаси.
Иккинчи томонидаги ёзув бундай эди:
Ола кетгин бу юракни, аммо унутма зинҳор,
Сендан айро тушгандан ўлганим афзал, эй ёр.
Улар бу шеърларни ҳафсала билан қироат қилишди, ҳали бирон-бир шеър ёки босма ҳарфда битилган сўзлар ҳеч кимда бу ширинликдаги шеърларчалик гўзал ва чуқур таассурот қолдирмаганди. Улар қироат қилган ҳамма сатрлар гўё атайлаб икковлари учун тўқилгандай — нима бўлганда ҳам уларнинг ҳозирги ҳолатига жуда-жуда мос тушиб турарди.
— Оҳ, — хўрсинди Френхен, — сен менга уй инъом этдинг, мен ҳам сенга уй инъом этдим — бу ҳақиқий уйлардир, чунки юракларимиз энди биз яшаб турган ростмана уй ҳисобланади, биз уни ўзимиз билан олиб кетамиз. Бизнинг бошқа уйимиз йўқ.
— Унда сенинг уйингни мен, менинг уйимни сен ола кетасан, — деди Сали. Френхен эса қўшиб қўйди:
— Шунинг учун биз ҳеч қачон айрилмаймиз, биз абадий бир-биримизнинг уйимизда қолишимиз керак.
Улар ўз гапларида турли шаклдаги ширинликларга битилган сўзлардан нуқс олишаётганини пайқаб қолишди ва катта-кичик ҳарфлар билан юракларга ёпиштириб қўйилган ёзувлар кўринишида пештахталарга териб қўйилган ушбу тотли ишқий сатрлар мағзини чақишда давом этишди. Ҳаммаси уларга гўзал кўринаётганди, ҳаммаси уларнинг туйғуларига ғоят мос келмоқда эди. Френхен худди торлари таранг тортилган созга ўхшаш зарҳал юракдаги ушбу:
Юрагимдир сознинг қўш тори,
Ундан янграр муҳаббат зори.
сатрларини ўқиган эди, худди ўзининг юраги садо бергандек, қулоғи остида мусиқа овози янграб кетди. Шу ерда Наполеоннинг ҳам суврати бор эди, унга ҳам ишқий сатрлар битилганди; суврат тагида қуйидаги сўзлар ёзиб қўйилганди: “Буюк жангчи Наполеоннинг қиличи пўлатдан бўлса ҳам, юрагини худо лойдан яратганди. Севгилисининг кўксини фақат гул безатиб турарди, лекин унинг юраги метиндан ҳам қаттиқ эди. Мен хотиржамман”.
Бироқ Сали билан Френхен шеър ўқишга ҳар қанча берилиб кетишмасин, бири иккинчисига билдирмасдан совға сотиб олиш учун пайт пойларди. Сали Френхен учун яшил шиша кўзли зарҳал узук танлади, Френхен эса тилларанг бўтакўз тасвири туширилган, қора буғу шохидан ясалган узукни. Афтидан, иккаласининг ҳам дилига бир хил, ажралишдан олдин бирга ушбу ғарибона муҳаббат рамзини совға этиш фикри келганди.
Ўз уйлари билан банд бўлиб, улар аста-секин атрофларида уларни диққат билан ва қизиқиб кузатаётган одамлар ҳалқаси пайдо бўлганини сезмай қолишди. Ёшлар орасида уларнинг қишлоғидан келган йигит ва қизлар ҳам бор эди, улар бу икковини таниб қолиб, бир четда туришар, дид билан кийинган ва бир-бирига суйкалиб, оламдаги ҳамма нарсани унутган бу жуфтликка ҳайрат билан боқар эдилар.
— Қаранглар, қаранглар, — дерди одамлар, — ахир, бу Френхен Марти билан шаҳардан келган Сали-ку! Улар бир-бири билан топишиб, қовушиб қўйганга ўхшайди. Ана буни муҳаббат, ана буни ишқ деса бўлади! Кўрамиз, охири нима билан тугаркин, ҳали!
Бу томошабинлар ҳайратида толесизликка нисбатан ачиниш, ота-оналарнинг тубан кетишлари ва қашшоқликка бўлган нафрат, ўз дилларидаги ҳаяжонни яширмаётган икки ёшнинг бахти ва муҳаббатига ҳасад омухта бўлиб кетганди. Бу қадар ғайриоддий нозик шаклда намоён бўлган комил муҳаббат, чексиз садоқат туйғулари худди ёлғизлик ва қашшоқликдагидек бу қўпол одамлардан минг чақирим нарида эди. Ниҳоят, йигит билан қиз ўзларига келиб, атрофга разм солишганда, уларга фақат қизиқиш билан қараб турган одамларни кўришди, ҳеч ким улар билан саломлашмаётганди, гарчи, бу билиб туриб қилингандан кўра ийманиш туфайли юзага келган ётсираш ва жини суймаслик бўлса-да, улар билан саломлашиш керакми, йўқлигини бу иккови ҳам билмасди. Френхен қўрқиб кетди, иситмаси чиқди, у гоҳ оқарар, гоҳ қизарарди, бироқ Сали унинг қўлидан тутди-да, бечора қизни етаклаб кетди, гарчи қовоқхонада шўх мусиқа янграб, унинг жуда ҳам рақс тушгиси келиб турганига қарамай, уйчани қўлида ушлаганча, йигитга эргашди.
— Бу ерда бизнинг рақс тушишимиз мумкин эмас, — деди Сали, сал нарига боришгач, — бу ерда охири бахайр бўлмайдиган кўринади.
— Ҳа, ¬— ғамгин деди Френхен, — ундан кўра рақсни бутунлай эсдан чиқариб, бошпана ғамини еганимиз яхшироқ бўлармиди.
— Йўқ! — қатъий деди Сали. – Сен ўйнайсан! Сенга бошмоқни нега олиб бердим бўлмаса? Юр, камбағал одамлар кўнгилхушлик қилаётган жойга кетдик, ахир, биз ўзимиз ҳам энди камбағалмиз-ку. У ерда биздан ҳазар қилишмайди. Бу ерда эҳром байрами бўлса, “Боғи эрам”да ҳам ҳар доим ўйин-кулги авжида. У ҳам яхши ерда жойлашган, кетдик, жуда бўлмаса, сен ўша ердаёқ тунай қоласан.
Умрида биринчи марта бегона уйда тунашга тўғри келишини ўйлаб, Френхен титраб кетди, лекин у беихтиёр ўз йўлбошловчиси ортидан эргашди, энди у ёруғ оламдаги ўзининг ҳамма бор-йўғини шу йигитга ишониб топширганди.
“Боғи эрам” қовоқхонаси кимсасиз тоғ ёнбағридаги ажойиб жойда жойлашган бўлиб, баландликда чор атрофдан яққол кўриниб турарди, шундай бўлса-да, бу ерга байрам кунлари фақат майда одамлар, қашшоқ деҳқонларнинг болалари, мардикорлар ва ҳатто саёқ қароллар ташриф буюрарди. Бу юз йилча бурун бир бадавлат кимса қурган шаҳар ташқарисидаги уйча бўлиб, ундан кейин ҳеч ким бу ерда яшашни хоҳламаганди, ҳовли бошқа ҳеч нарсага ярамаслигидан ғалати, қўрғон харобага айлана бошлади ва охири бир қовоқхоначининг қўлига тушиб, у шу ерда касби корини юргиза кетди. Бироқ уй ўз номини сақлаб қолди, унинг меъморчилиги ҳам шунга мос келарди. Бу бир қават уй бўлиб, устига атрофи очиқ айвон қурилган. Айвон томини тўрттала бурчагидан қумтошдан ясалган тўртта қанотли фаришта ҳайкали кўтариб турарди. Ҳайкаллар эскириб, шамолдан емирилиб кетганди. Айвон гардида, томнинг бўғоти бўйлаб юзлари ва қоринлари дум-думалоқ, ғижжак, най, чанг ва сетор чалиб турган, улар ҳам қумтошдан қилинган ва бир вақтлар ҳалга бўялган фаришталар ўтирарди. Шифт, айвон панжаралари ва уйнинг деворлари қувноқ фаришталар, рақс тушаётган ва қўшиқ айтаётган авлиёларни тасвирловчи ранги унниққан сувратлар билан қопланган эди. Лекин булар бари рўё каби хира ва ноаниқ кўринарди, бундан ташқари ҳаммаёқни ғовланган узум занглари босиб кетганди, ям-яшил барглар орасида эса ғўра узум бошлари кўкариб турарди. Уй атрофида ёввойи каштанлар, сертомир атиргул буталари тиккайган, бошқа жойлардагидек, бу ерларда ҳам маржон буталари ҳаммаёқни босиб кетганди. Айвон рақс майдонига айлантирилганди. Сали билан Френхен етиб келгач, узоқданоқ очиқ айвонда йигит-қизлар жуфт-жуфт бўлиб рақс тушаётанини кўришди, уй атрофида эса қувноқ меҳмонлар шовқин-сурон билан хушчақчақлик қилишарди. Қўлида уйчаси — севишганларнинг бошпанасини эъзозлаб кўтариб олган маъюс Френхен кўҳна сувратларда тасвирланмиш черков мулозимасини эсга соларди, бироқ Френхеннинг ўз уйига эга бўлишдек эзгу орзусининг амалга ошиши насиб этмаганди. Дарвоқе, айвондан келаётган шовқинли мусиқани эшитгач, қиз барча изтиробларини эсдан чиқариб юборди, у фақат Сали билан рақс тушишни истарди, холос. Уй олдида ва ичкарида ўтирган меҳмонлар тўдасини базўр ёриб ўтишди, кейин улар зинадан кўтарилишди-да, ўша заҳотиёқ бир-биридан кўз узмай рақсга тушиб кетишди. Мусиқа тингандан кейингина атрофга кўз югуртира бошлашди. Френхен уйчани ғижимлаб, мажақлаб юборганди, бироқ ачинишга ҳам улгурмай ёнида пайдо бўлиб қолган қора ғижжакчига кўзи тушди-ю, капалаги учиб кетди. Ғижжакчи қоп-қора тусда бўлиб, стол ёнидаги сўрида ўтирарди. Бугун у қалпоғига бир нечта арча бутоғини қистириб олган эди, оёқлари остида эса бир шиша қизил вино ва стакан турарди. Гарчи ўйнаб, мудом оёқлари билан қандайдир рақсни ижро этаётган бўлса-да, ҳали бирон марта ҳам винодан сипқормаганди. Унинг ёнида келишгангина, аммо ғамгин бир вальторнали йигит ўлтирарди, унинг ортида эса контрабаси билан букри машшоқ тик турарди. Fижжакчини кўриб, Сали ҳам қўрқиб кетди, бироқ ғижжакчи мутлақо дўстона саломлашаркан, деди:
— Қачон бўлса ҳам сизлар учун куй чалиб беришимни билардим. Шундоқ экан, бемалол ўйнаб-кулаверинглар, қароқларим, қани, битта уриштирайлик-чи.
У Салига лиммо-лим тўлдирилган стаканни тутди ва Сали у билан уриштириб, винони охиригача сипқорди. Френхеннинг қўрқиб кетганини кўриб, ғижжакчи мулойимлик билан уни тинчлантира бошлади ва бир нечта кулгили ҳазиллар айтиб, кулдирди. Френхен қайтадан қувнай бошлади ва иккаласи ҳам бу ерда таниш одам учраб қолганидан ва ғижжакчининг махсус паноҳида бўлганлигидан энди хурсанд эди. Уйда ва унинг атрофида янграётган, тоғдан аста-секин куз оқшомининг кулранг туманига чулғанган водийга таралаётган қўшиқ ва куйдан, рақсдан сархуш бўлиб, ўзини ҳам, борлиқни ҳам унутганча рақс тушмоқда эдилар. То қоронғилик чўкиб, меҳмонларнинг каттагина қисми чайқалиб, гандираклаб, ҳар томонга тарқалишмагунча, йигит ва қиз рақсдан бир зум тўхтамади. Қувноқ кунга қўшимча равишда қувноқ тун ҳам бўлишига умид боғлаб, фақат уйсиз-жойсиз қашшоқларгина қолганди. Улардан айримлари, афтидан, ғижжакчини яхши танир эди ва ўзларининг турфа жулдур кийимларида жудаям ғалати кўринардилар. Айниқса, яшил манчестердан тикилган куртка ва ғижимланган похол шляпа кийган йигит диққатни тортар эди. Шляпасига у четан бутоғининг шохларидан чамбар илиб, кийдириб қўйганди. Унинг ёнида оқ хол-хол олчаранг-қизил чит юбка кийган, бошига ток зангларидан чамбар қўндириб олган хушчақчақ қиз бор эди, унинг иккала чеккасида кўм-кўк мева ғўралари осилиб турарди. Тиниб-тинчимаган бу жуфтлик рақс тушиб ва қўшиқ айтиб, даврада чарх урарди. У ерда яна эскирган қора шойи кўйлак кийган ва бошига учлари орқасига тушириб қўйилган оқ рўмол ўраган хушқомат ёш қиз ҳам бор эди. Қизил чизиқлар тикилган бу рўмол аслида рўмол ҳам эмасди, шунчаки бўз сочиқ ё салфетка эди, холос, лекин унинг тагида бинафшадек жуфт мовий кўз чақнарди. Бўйни ва кўксида ипга тизилган ва энг чиройли маржондан қолишмайдиган, четан мевасидан қилинган олти шода мунчоқ осилиб турарди. Қиз йигитлардан биронтаси билан айланишни қаттиқ инкор этганча, нуқул бир ўзи рақс тушарди. У таманно билан енгил ҳаракат қилар ва ғамгин валторначига ишва билан кулиб қўяр эди, ҳар гал машшоқнинг ёнидан ўтганда, у қизга, албатта, бурилиб қарарди. Ўз эрлари билан у ерда бошқа хотинлар ҳам бор эди, уларнинг барчасидан камбағаллик мана мен деб турса-да, хушчақчақ ва ўзаро аҳил эдилар.
Бутунлай қоронғилик чўккандан кейин эса хўжайин шамларни ёқиб қўйишга рухсат бермади, чунки барибир шамол учириб юборади, деди у. Бундан ташқари, ҳадемай ой чиқади, меҳмонларидан оладиган пул эса ой ёруғидаги жойлари учун аранг етади. Бу гап ҳаммага маъқул тушди. Бутун жамоа уфқни бўзартириб чиқиб келаётган ойни пойлаганча айвон тўсини ёнида тўпланиб турди. Ой кўриниб, ўзининг кумуш нурларини “Боғи эрам”га соча бошлаши билан, гўё минг шамли чироқ ёритиб тургандек, ҳамма яна шовқинсиз, одоб ила қувноқ рақс туша кетди. Одатдан ташқари бу ойдинда ҳамма ўзини бир-бирига яқин сезмоқда эди. Сали билан Френхен умумий ўйин-кулгида иштирок этишдан бўйин товлаёлмас эдилар ва ҳар иккови ҳам бошқалар билан рақс тушишга мажбур бўлди. Бироқ ҳар гал бирпасгина ажралишиб қолганларида яна бир-бирига қараб учар ва гўё йиллар бир-бирини қидириб, энди топишгандай, учрашганларидан қаттиқ севиниб кетар эдилар. Сали бошқа қиз билан рақс тушганда, унинг қовоғи осилиб, хомуш тортиб қолар ва дам-бадам Френхенга бурилиб қарайверарди, қиз эса унга қарамасдан ёнидан ўтиб кетар экан, лоладай қизариб, юзлари ял-ял ёнар, ким билан рақс тушмасин, ўзини бениҳоят бахтли ҳис этар эди.
— Сен рашк қилаяпсанми, Сали? — сўради у мусиқа тиниб, рақслар тўхтагач.
— Худо асрасин, — деди Сали, — мен рашк деган нарсани билмайман.
— Бўлмаса, бошқа билан рақс тушганимда нега жаҳлинг чиқади?
— Мен бундан жаҳл қилганим йўқ. Лекин мен бошқа қиз билан рақс тушсам, худди қўлимда тараша ушлаб тургандай бўламан. Сен-чи, ўзингни қандай ҳис этасан?
— Оҳ-оҳ, рақс тушаётганимда, агар сенинг ёнимда эканингни билсам, ўзимни арши аълода тургандай ҳис қиламан. Лекин борди-ю, сен мени бу ерда ёлғиз ташлаб кетгудек бўлсанг, ўлиб қолсам керак.
Улар пастга тушишди ва уй олдига келиб туришди; Френхен иккала қўли билан Салини ушлаб олганча дағ-дағ титраётган сарвдек гавдаси билан унга ёпишиб олди, қайноқ ёш ювган оловли юзини унинг юзига қўйди-да, пиқиллаб йиғлаганча деди:
— Биз бирга яшай олмаймиз, лекин мен сендан бир лаҳза ҳам ажрай олмайман.
Сали уни қучоқлаб, маҳкам бағрига босганча, юзларидан ўпа кетди. Изтироб ичида у чора қидирар, лекин уни тополмасди. Борди-ю, қашшоқлик ва оилавий шароитлардан юзага келган ўтиб бўлмас тўсиқни бартараф этиш имкони бўлган тақдирда ҳам барибир унинг ёшлиги ва интилишидаги тажрибасизлик узоқ иккиланиш юкига бардош бера олмасди: бу ёқда яна Френхеннинг отаси турибди — ахир, у отани бир умр бенавою бедаво қилиб қўйган! Жамиятда фақат ҳалол, нопок виждон гуноҳи билан булғанмаган никоҳгина бахт ато эта олади, деган ақида худди Френхен каби Салининг ҳам дилидан чуқур жой олган. Ҳар иккаласи ҳам рад этган бу ақида шундай бир номус туйғусининг инъикоси эдики, у илгари вақтларда уларнинг оиласида ёлқинланиб ёнган ва оталари ўзларининг ҳақликларига ишонган ҳолда арзимаган хатолик ила ўчириб, йўқ қилган алангага ўхшарди. Шу номус йўлида улар ҳеч нарсадан тап тортмай, бедарак кетган бир одамнинг мулкини бу қадар енгилтаклик билан ўзлаштириб олиб, ўз мулкларини кенгайтириб олмоқчи бўлган эдилар. Тўғри, бундай воқеалар ҳар куни учраб туради, бироқ вақт-вақти билан тақдир, ўзгаларга ибрат бўлсин, деб, ўз хонадони номусининг бундай ашаддий фидоийларини ёки кейинчалик, албатта, йўқ қилиб юборадиган ўз бойликлари эгаларини бир-бирига шундай рўпара қилиб қўйдики, улар бамисоли икки йиртқич ҳайвон каби бир-бирининг гўштини ейди. Ахир, ўз бойлигини кўпайтирадиганлар на-фақат тахту тожларда, балки энг ғарибона кулбаларда ҳам хатога йўл қўядилар ва улар интилган мақсад ўрнига буниси мутлақо аксига эга бўладилар, номус қалқони эса кўз очиб-юмгунча шармандалик яловига айланади. Бироқ Сали билан Френхен ўз болалик йилларини, хонадонларининг гард юқмаган номусини, уларни, яъни болаларни қанчалик оқ ювиб-оқ тараганлари ва эркалаб суйганларини эслар эди, уларнинг ўзига тўқ, эл ичида обрўйи баланд оталари эса бошқалардан асло кам эмасди. Кейин болалар узоқ йил бир-бирини кўрмади ва улар қайта учрашганида, ўтмишдаги бахтли онлар шуурларида қайта жонланди, бу эса улар ўртасидаги ўзаро мойилликни янада кучайтириб, мустаҳкам¬лади. Улар шодликни, бахтни истар эдилар, аммо мустаҳкам пойдевор¬га қурилган шодлик ва бахтни истар эдилар, лекин бу иложи йўқ нарса экан. Қайноқ қон эса жўш урарди, уларни тезроқ қовушишга чорларди.
— Мана, тун ҳам бўлди, — деди Френхен, — энди хайрлашишимиз керак!
— Сени ёлғиз ташлаб, уйга кетайми? Йўқ, бу қўлимдан келмайди! — деди Сали.
— Нима қилибди? Бир тун ўтади-кетади, бундан яхшисига умид қилмаса ҳам бўлади.
— Мен сизларга бир маслаҳат бермоқчиман, нодон болалар, — бирдан кескин овози янгради ва уларнинг олдида ғижжакчи пайдо бўлди. — Мана, сизлар турибсизлар, нима қилишни билмайсизлар, ҳолбуки, бир-бирингизники бўлишни хоҳлайсизлар. Сизларга маслаҳатим: фурсатни қўлдан бермай, бир-бирингизни қандай бўлса, шундайича олинг. Мен ва дўстларим билан тоққа юринглар, у ерда сизга на нон, на пул, на қоғоз-ҳужжатлар, на номус, на тўшак керак бўлади — фақат чин дилдан хоҳласангиз бўлди! Бизнинг бу ерлар ёмон эмас: тоза ҳаво ва агар ишласа, егулик-ичгуликлар муҳайё; кўм-кўк ўрмон — уйимиз, у ерда юрагимиз қандай амр қилса, шундай севамиз, қишда эса иссиққина ин кавлаб оламиз ёки исингани деҳқонларнинг пичан ғарамлари ичига кириб кетамиз. Ҳадеб ўйлаб, фол очишни бас қилинг, дарҳол тўйни қилинг-да, биз билан бирга юринг; шунда барча ташвишлардан баравар халос топасиз, абадул-абад ёки ўзингиз қанча истасангиз, шунча бирга бўласиз, бизнинг эркин ҳаётимизда эса, ишонаверинг, қариб-чиригунча яшайсиз! Чол оталарингиз менга қилган ёмонликлари учун ўч олади деб ўйламанг, тағин. Сизларнинг бу аҳволда пайдо бўлганингизни кўриб хурсанд бўлсам-да, менга шунинг ўзи етарли, агар орқамдан юрсангиз, мен сизларга ёрдам беришга тайёрман.
У ҳақиқатан ҳам самимий ва дўстона оҳангда гапирмоқда эди.
— Хўп, бироз ўйлаб олинг-да, агар маслаҳатим сизларга тўғри келса, орқамдан юринг. Бутун дунёдан этак силкинг-да, бир-бирингизни қўлга олинг ва ҳеч кимдан нарса сўраманг! Қалин ўрмон ичидами ёки пичан ғарами устидами қувноқ никоҳ тўшаги ҳақида ўйланг, агар очиқ ҳавода сизга жуда совуқлик қилса!
Шу сўзларни айтиб у уйига кириб кетди. Френхен Салининг қучоғида дағ-дағ қалтирарди.
— Сен бунга нима дейсан? — сўради йигит. — Менимча, бутун дунёдан этак силкиб, бир-биримизни бемалол севиб юрганимиз яхшироқ бўлармиди. — Тўғри, бу гапини у жиддий эмас, ғазабланганидан, ҳазил тариқасида айтди. Бироқ Френхен уни ўпди-да, соддадиллик билан жавоб қайтарди:
— Йўқ, мен у ёққа бормайман, бу ҳаёт менга тўғри келмайди. Валторналик йигит билан шойи юбкали қиз ҳам аслида дўстлар; айтишларича, улар бир-бирини қаттиқ севган эканлар. Лекин ўтган ҳафтада мана шу қиз биринчи марта унга хиёнат қилибди, йигит сира бунга чидаёлмаётган эмиш, унинг доим қовоғини уйиб, ҳаммадан, ҳатто қиздан ҳам юзини ўгириб олаётгани сабаби шунда экан, ўзи эса ҳаммага масхара бўлибди. Қиз ўзига қувноқ бир жазо ўйлаб топибди; бир ўзи рақс тушаркан, ҳеч ким билан гаплашмас экан ва шу билан йигитнинг устидан кулган бўларкан. Кўриниб турибдики, шўрлик йигит шу бугуноқ қиз билан ярашишга тайёр. Мен бўлганимда сенга хиёнат қилмасдим, бундай савдолар бўлиб турадиган жойда бўлишни ҳам истамайман, мен ҳар қандай қийинчиликка чидашга тайёрман, фақат сеники бўлсам, бас.
Бечора қиз Салининг қучоғида кучлироқ қалтирай бошлади; қовоқхонадаги бека уни келин деб билган тушки пайтдан ва у норозилик билдирмай ўзини шундай тутганидан бери Френхен келин каби иштиёқ ўтида ёнар эди, аҳволлари оғирлашган сайин унинг қонидаги олов шунчалик кучлироқ ва чидаб бўлмас даражада авж олмоқда эди. Сали ҳам қаттиқ ҳаяжонда эди: унга ғижжакчининг сўзлари қанчалик кам таъсир қилмасин, барибир, бу сўзлар унинг қалбини ларзага солмоқда эди ва у ночор тутила-тутила деди:
— Ичкарига кириб, яна бирор нарса еб-ичиб олайлик.
Улар қовоқхонага киришди, у ерда ғарибона дастурхон устида ўтирган бир нечта дайдилар жамоасидан бошқа ҳеч ким қолмаганди.
— Ана, бизнинг келин билан куёвимиз! — қичқирди ғижжакчи. — Ўйнанглар, кулинглар, айтмоқчи, келинглар, биз уларни никоҳлаб қўямиз.
Уларни зўрлаб стол атрофига ўтқазишди, ўзларидан ўзлари халос топиш ниятида улар бунга итоат этишди. Озгина вақтга бўлса-да, одамлар қуршовида бўлишдан иккови ҳам хурсанд эди. Сали вино ва мўл-кўл овқат буюрди. Умум хушчақчақлик бошланди. Қайғули машшоқ ўзининг бевафо ёри билан ярашиб олган бўлиб, иккаласи очкўзлик ила бир-бирини ялаб-юлқашмоқда эди. Иккинчи жўшқин жуфтлик ҳам еб-ичар, қўшиқ айтар ва муҳаббатларини ошкора намоён этар эди. Fижжакчи билан букри контрабасчи бўлса жон-жаҳдлари билан дунёни бошига кўтариб шовқин соларди. Сали билан Френхен жимгина қучоқлашиб ўтиришди. Бирдан ғижжакчи жим бўлинглар, деб ҳаммани ўзига қаратди ва никоҳ расм-русмлари ифода этувчи ҳазиломуз маросимни бошқаришга киришди. Сали билан Френхен бир-бирларининг қўлидан ушлашга мажбур бўлишди ва ҳамма навбати билан уларнинг никоҳларини қутлаш учун ёнларига кела бошлади. Гарчи улар бир оғиз ҳам сўз айтиб, қаршилик кўрсатмаган ва бунга ҳазил деб қарашаётган бўлсалар-да, вужудларини гоҳ аланга олар, гоҳ устларидан муздек сув қуйгандек бўлмоқда эди.
Ўткир винодан жунбушга келган чоққина жамоа тобора шовқин солиб, ҳаддидан ошиб борар эди, бироқ тўсатдан ғижжакчи эслатиб қолди:
— Биз узоққа боришимиз керак, — деди у, — бу ёғи эса ярими тун бўлиб қолди. Жўнаш керак. Келин билан куёвни кузатиб қўяйлик, мен эса олдинда бораман ва ҳаммаси расамаддагидай бўлиши учун ҳаракат қиламан.
Ночор ва ёлғизликдан, бунинг устига бошқа иложи йўқлигидан Сали билан Френхен бутунлай саросимага тушиб, бу гал ҳам бўйсунишга мажбур бўлишди. Уларни олдинги сафга қўйишди, қолган иккала жуфт эса уларнинг ортидан маросимни ташкил этишди, энг охирида контрабасини елкасига олиб олган букри келарди. То улар тоғдан тушгунча, биринчи бўлиб бошлаган қора машшоқ йўл бўйи телбаларча соз чалди, қолганлар эса унинг ортидан эргашиб кулар, қўшиқ айтар ва рақс тушарди. Шу тариқа бу тунги маросим тинч далалар бўйлаб кетаверди ва одамлари аллақачон ухлаб қолган Сали билан Френхеннинг қадрдон қишлоғи ичидан юриб ўтди.
Улар учун энди йўқ бўлган қадрдон уйлари кўчасидан жимгина юриб боришаркан, тўсатдан вужудларида ошкора хуррамлик туйғуси жўш уриб кетди, улар аралаш-қуралаш бўлиб рақс туша, бир-бирини ўпа кетишди, бир кулиб бир йиғлар эдилар. Шу рақс тушганча улар ғижжакчи бошлаб борган ва ҳалиги уч дала ястаниб ётган тепалик устига кўтарилишди ва ўша ерда — тепалик чўққисида — қора йигит яна торларини жаранглата кетди ва арвоҳдай чир айлана бошлади, унинг ҳамроҳлари эса чаққонликда ундан қолишмасди, хуллас, сокин тепалик дев-ажиналар базм қурадиган овлоқ масканга айланди-қўйди. Ҳатто букри машшоқ ҳам ҳарсиллаганча елкасидаги юки билан ирғишламоқда эди, афтидан, энди ҳеч ким бир-бирига эътибор қилмай қўйганди.
Сали Френхенни маҳкам қучоқлаб олди ва уни тўхташга ундади: у биринчи бўлиб ўзига келганди. Жим бўлиши учун у қизнинг лабидан қаттиқ ўпди, чунки Френхен бутунлай ўзини йўқотиб, овози борича бақириб қўшиқ айтарди. Ниҳоят, у йигитнинг мақсадини англади ва жимгина қулоқ солганча то тўй маросими шовқини уларнинг йўқлигини пайқамай, даладан ўтиб, дарё соҳили ортидан кўздан ғойиб бўлгунга қадар қимир этмай туришди. Бироқ ҳамма шовқин ўрнини чуқур сукунат эгаллаб олгунча ғижжак, қизлар кулгуси ва йигитларнинг қичқириқ овозлари узоқ вақтгача тун қўйнида жаранглаб турди.
— Улардан қутулдик-а, — деди Сали, — лекин ўзимиздан ўзимиз қандай қутуламиз? Бир-биримиздан қандай кетамиз?
Френхен бирон-бир нарса деб жавоб қайтаришдан ожиз эди, оғир нафас олганча, йигитнинг бўйнидан қучди.
— Сенга бошпана беришлари учун қайтиб сени қишлоққа кузатиб қўйиб, одамларни уйғотайми? Эртага сен ўз йўлингга кетасан ва ҳаммаси жой-жойига тушади, сен ҳаммасининг уддасидан чиқасан.
— Сенсиз ниманинг уддасидан чиқардим?
— Мени унут энди!
— Ҳеч қачон! Сен-чи? Сен мени унута оласанми?
— Гап бунда эмас, жонгинам! — жавоб берди Сали, қизнинг кўкрагига босиб турган ёниқ юзини эркалаб силаганча, — энди фақат сен тўғрингда гапирамиз, сен ҳам жуда ёшсан, олдингда барча йўллар очиқ.
— Сенинг олдингда йўл йўқми, қария?
— Кетдик, — деди Сали ва унинг қўлидан тутди.
Бироқ улар бир неча одим ташлашди-да, бир-бирини бағрига босиш ва эркалаш учун яна тўхташди. Дунёни чулғаган сукунат уларнинг қалбида қўшиқ айтар ва садо берарди. Фақат пастда секин оқаётган дарё мавжларининг босиқ эркалагансимон чапиллашлари қулоққа чалинди.
— Атроф қанчалик мўъжизакор-а? Эшитаяпсанми, ғалати қўшиқ ёки қўнғироқ жарангига ўхшаган бир товуш келаяпти.
— Бу дарёнинг шовқини. Теварак-атроф сув қуйгандек жимжит.
— Йўқ, яна нимадир жаранглаяпти — бу ерда, у ерда, узоқларда. Ҳаммаёқда…
— Менимча, бу томирларимизда оқаётган ўз қонимиз шовқини бўлса керак.
Улар яна бир неча лаҳза буюк сукунатдан пайдо бўлаётган ва уларнинг назарида бир-бирига қоришиб кетаётган тасаввурдаги ёки ҳақиқий товушларга қулоқ солиб туришди. Товушлар яқин ва узоқларда, водий узра ер бағирлаб ястланаётган оппоқ куз тумани бўйлаб ойнинг сеҳрли ҳаракати билан омухта бўлиб кетмоқда эди.
Бирдан Френхен ниманидир эслаб қолди: у сийнабандини кавлай бошлади ва деди:
— Мен сенга эсдалик учун бир нима олиб қўйган эдим.
У оддий бир узукни йигитга тутди ва ўзи Салининг бармоғига тақиб қўйди.
Сали ҳам ўзининг узугини суғурди-да, уни Френхеннинг бармоғига тақиб, деди:
— Демак, иккимиз ҳам битта нарсани ўйлаб турган эканмиз-да.
Френхен қўлини кўтарди-да, ойнинг оппоқ нурида узукни томоша қила бошлади.
— Оҳ, қандай чиройли узук экан, — деди у кулиб. —Демак, энди биз никоҳдан ўтдик ва бир-биримизники бўлдик. Cен менинг эримсан, мен эса сенинг хотининг. Ой ёнидаги ҳов анави булут тарқагунча ёки биз ўн иккигача санагунимизча ҳеч бўлмаганда шундай тасаввур қилайлик. Мени ўн икки марта ўп.
Сали ҳам, эҳтимол, Френхен уни қанчалик кучли севса, шунчалик севарди, бироқ никоҳ ҳақидаги масала никоҳдаги қандайдир “ё ўлиш, ё қолиш”ни кўргувчи Френхен учун ўткир бўлиб туюлганидек, Сали учун ортиқча муаммо бўлиб кўринмаётганди. Фақат қизгина ҳаёт ёки ўлим билан ниҳояланишини у ёки бу тарзда ўта қатъият ила муқояса қилиш ва ҳис этиш қобилиятига эга эди. Бироқ энди, ниҳоят, унинг кўз олдидаги парда очилди, қизда аланга олган аёллик туйғуси Салида жиловлаб бўлмас хоҳиш қийноғини уйғотиб юборди ва алангали ёрқинлик унинг идрокини ёғдуга чулғади. Гарчи у илгари ҳам Френхенни бағрига босиб эркалаган бўлса-да, энди бу мутлақо бошқача, янада жўшқинроқ тус олиб, қизни бўсаларга кўмиб ташлади. Ўзи ҳам иштиёқ ўтида ёниб турган бўлишига қарамай, Френхен шу заҳотиёқ бу ўзгаришни сезиб қолди, унинг аъзойи бадани титраб кетди ва ой олдидаги ҳалиги парча булут тарқалишига улгурмасдан бу туйғу унга ўтиб бўлганди. Улар бир-бирини эҳтирос билан эркалар ва қучар эдилар, уларнинг узук безаган қўллари учрашди-да, гўё ўзидан-ўзи бахтиёр равишда никоҳ адо этган каби маҳкам чатишиб кетди. Салининг юраги гоҳ гурс-гурс тепар, гоҳ жим бўлиб қоларди, у эшитилар-эшитилмас, оғир ҳансираганча шивирлаб, деди:
— Энди битта ишимиз қолди, Френхен. Ҳозироқ тўйимизни нишонлаймиз-да, ҳаётдан кетамиз — анави ерда чуқур дарё бор, у ерда бизни ҳеч ким бир-биримиздан жудо қилолмайди, озгами, кўпгами, бизлар қовушганимиздан кейин бунинг ҳеч қандай аҳамияти қолмайди.
Френхен ҳам дангал жавоб қайтарди:
— Сали! Сен айтаётган нарсани мен аллақачон ўйлаб қўйганман ва ўзимча бир қарорга келганман: биз аллақачон ўлишимиз керак эди ва шунда барча мусибатлар биздан нари бўларди. Сен билан шу йўлдан боришга тайёрман деб онт ич!
— Худди шундай бўлади ҳам! — ўзини йўқотиб хитоб қилди Сали. — Ўлимдан бошқа нарса Фрелимдан жудо қилолмагай!
Френхен енгил нафас олди, кўзларидан севинч ёшлари тирқиради; у сапчиб ўрнидан турди-да, дала бўйлаб қуш каби дарё томон учиб кетди. Мендан қочиб кетаяпти деган хаёлда Сали унинг орқасидан югурди; Френхен ҳам мени бу йўлдан қайтармоқчи бўлиб, чопиб келаяпти деган хаёлга борди; шу тариқа улар бир-бирини қувлашга тушиб кетишди; Френхен тутқич бермай қочаётган бола каби нуқул куларди.
— Сен ўз аҳдингдан пушаймон қилаяпсанми? — сўради улар бараварига, дарё бўйига етиб келиб, бир-бирини тутиб олгач.
— Йўқ, бундан фақат хурсанд бўлаяпман, холос, — бараварига жавоб берди иккаласи ҳам.
Барча ташвишлардан қўл силкиб, улар сув оқимидан ўзганча, қирғоқдан юриб кетишди — улар бошпана учун ярайдиган жойни топишга шошмоқда эдилар; энди эса эҳтирос ичида улар қаршиларида висол бағишловчи фароғат манбаини кўриб турар эдилар, қолган умрнинг барча маъно ва мазмуни шунга жам бўлган эди; ундан кейин нима бўлмасин — ўлимми, ҳалокатми, — шамол эпкинидай арзимас, ҳеч нарсадир, беғам исрофгар охирги бисотини тугиб қўйиб, эртанги кунги тирикчилик ҳақида ўйлаганидан кўра ҳам улар бу ҳақда ўйлар эдилар.
— Гулларим мендан илгарироқ отни қамчилаб қолибди! — деди Френхен. — Қара, улар бутунлай сўлиб, тугаб бўлибди.
У кўксидаги гулчамбарни олди-да, уни сувга ташлади ва баланд овозда куйлай бошлади:
— Сенга бўлган ишқим бодомдан тотли!
— Тўхта! — деди Сали. — Шу ерда сенинг никоҳ тўшагинг бор.
Улар қишлоқдан дарёга олиб борадиган катта йўлга боришди, у ерда тепасигача пичан ортилган катта сол боғлаб қўйилган сув қўналғаси жойлашганди. Кескин шиддат билан у бақувват арқонларни еча бошлади. Френхен кулиб, уни қучоқлаб олди:
— Нималар қилаяпсан? Наҳотки, сўнгги дамда деҳқоннинг пичанли солини ўғирламоқчи бўлсак?
— Бу уларнинг бизга берадиган сепи бўлади — сузувчи гўшанга ва тўшак, бунақаси ҳали биронта келинга насиб қилган эмас. Деҳқонлар эса ўзларининг бисотларини дарёдан, барибир сув оқизиб борадиган ҳув қуйироқдан топиб олишади, улар ҳатто бунинг қандай содир бўлганини тушунолмай ҳам қоладилар. Қара, сол аллақачон чайқалиб, сузиб кетишга чоғланаяпти.
Сол қирғоқдан бир неча қадам нарида, хийла чуқур жойида турарди. Сали Френхенни баланд кўтариб олди-да, сувда одимлай кетди. Бироқ қиз унинг қўлида балиқ каби типирчилаб, йигитни жон-жаҳди билан эркалай бошлади ва Сали тез оқаётган сувда мувозанатини йўқотиб қўйди. Қиз юз ва қўлларини сувга тиқишга ҳаракат қилар экан, шундай деди:
— Мен ҳам муздай сувда сузгим келаяпти, эсингдами, биз биринчи марта бир-биримизга сув берганимизда ҳам қўлларимиз шундоқ ҳўл бўлиб, музлаб қолганди? Биз ўшанда балиқ тутган эдик, энди эса ўзимиз балиқ бўлаяпмиз, катта-катта, чиройли-чиройли балиқлармиз!
— Тинчлан, жажжигина шумтака қиз, — илтимос қилди Сали, у тўлқинлар ва маҳбубаси билан олишганча оёқда зўрға турарди, — бўлмаса, оқим мени суриб кетади!
У қизни солга чиқариб қўйди ва ўзи ҳам Френхеннинг ортидан ўша ерга кўтарилди; кейин у қизни баланд қилиб босилган хушбўй, юмшоқ пичан устига ётқизиб қўйди-да, ўзи ҳам тирмашиб у ерга чиқди. Иккаласи тепага ўлтириб олгач, сол аста-секин дарё ўртасига сурилиб борди ва аста бурилиб, оқим бўйлаб сузиб кетди.
Дарё гоҳ уни сояси остига олган қоп-қора ўрмонлар орасидан, гоҳ очиқ майдон бўйлаб, ухлаб ётган қишлоқлару ёлғиз кулбалар ёнидан оқиб ўтар, гоҳ сокин кўл каби тинч кўринар эди. Шунда сол қарийб бир жойда туриб қолганга ўхшарди, гоҳо эса ғафлатдаги қирғоқларни тезда ортда қолдириб, куч билан бориб, қояга урилар эди.
Тонг бўзара бошлаганда, кумушранг дарё уфқидан шаҳар миноралари кўзга ташлана бошлади. Ботаётган заррин ой оқим бўйлаб узун ёрқин из ташлаб турарди, ана шу нурли чизиқни кўндалангига кесганча сол кўринди. Совуқ куз тонгида, у шаҳарга яқинлашай деб қолганда, икки оппоқ тана бир-бирини маҳкам қучоқлаганча солнинг қоп-қора бағридан муздек тўлқинлар орасига сирғалиб тушди.
Бирмунча муддатдан кейин сол эсон-омон кўприккача етиб келди-да, тўхтаб қолди. Кейин дарёда, шаҳардан қуйироқда жасадлар топилиб, кимлиги аниқлангач, газеталар муттассил бир-бирига тиш қайраб келган, ҳаддан ташқари камбағал, хонавайрон бўлган оилалардан чиққан икки гулдек ёшнинг сувдан ўликлари топилгани ҳақида хабар эълон қилишди, бунгача улар пошшолик байрами бўлиб ўтган қишлоқда қарийб кун бўйи рақс тушиб, хушчақчақлик қилишган экан. Бу ҳодиса эгасининг рухсатисиз шаҳаргача сузиб келган пичанли сол билан боғлиқлиги эътиборни тортди. Ошиқ-маъшуқлар солда ўзларининг мудҳиш, нопок никоҳ маросимларини нишонлаш мақсадида уни ўғирлаб қочганлар — бу ёшлардаги ахлоқсизлик ва бебошликлар қай даражада авж олганлигини яна бир карра исботлайди.
Русчадан Амир Файзулла ва Гулнора Муҳаммадёрова таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 5-сон