Мен ўн беш йилдан бери қиёфасини ҳам унутиб юбораёзган эски қадрдоним Саймон Радевин билан учрашишга кетаётган эдим. Ёшлик чоғларимиз ҳамон ёдимда… У фикримни бир қарашда ўқий оладиган, узоқ, сокин ва шодон тунларни бирга бўлишадиган, бир-бирига ўзининг муҳаббат сурури сирларини ҳикоя қиладиган, мен учун бениҳоя қадрдон бўлган дўстим эди.
Неча йиллар давомида биз умуман ажрашмадик; бирга яшадик, саёҳат қилдик, бирга ўй суриб, бирга орзулар оғушига шўнғидик; қизиқишларимиз ҳам бир хил, бир хил китоблардан завқ олардик; бир хил муаллифларни тушуниб, бир хил ҳислар гирдобида сузар эдик; Биргина қараш орқали бир-биримизни батамом тушуниб, тез-тез бир хил шахслар устидан кулар эдик.
Кейин у оила қурди. Мутлақо кутилмаганда, у Парижга ёр излаб келган провинсиялик кичкина бир қизга уйланди. Мен ҳайратда эдим. Қандай қилиб шунчалар озғиндан келган, ўзича ҳақиқатгўй қиз ўзининг нимжон қўллари, туси, маъносиз кўзлари ва юз минглаб жуфтини топиш дардидаги қўғирчоқлардек ғалати, ёқимсиз товуши билан шундай билимдон, ақл-фаросатли ёш йигитни ўз домига илинтира олиши мумкин? Ахир бу қандай содир бўлди? Бунга ақлим бовар қилмасди. Саймон шак-шубҳасиз гўзал, нозик ва вафодор хотин қарамоғида бахтли, шунчаки оддий, осойишта ва узоқ – мустаҳкам бахтни умид қилар эди. У буларнинг барчасини оқ-сариқ сочли ана шу қизнинг қиёфасида кўрди.
Саймон аҳмоқона ҳақиқатни англаб етганида эса кеч бўлиши, шу пайтга бориб, жўшқин, хушчақчақ, бетиним одамнинг дунё ишларидан кўнгли аллақачон безиб бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйламас эди. У ҳеч нарсанинг фахмига етмайдиган, кўпол инсонга айланиб борарди.
* * *
Саймонни қайта учратганида таний олрамикан-а? Ҳануз хушчақчақ, доно, қувноқ ва ғайратли йигитми, ёки қишлоқ ҳаётига кўникканча руҳий қотиб қолган инсонмикан? Одам ўн беш йил ичида ниҳоятда катта ўзгаришларга юз тутиши мумкин.
Поезд кичик станцияга тўхтади. Вагондан тушганим заҳоти, бақалоқ, қизил ёноқли жуда семиз киши ўзининг катта қорни билан “Жорж!” дея ҳайқирганча, мен томонга шошилди. Мен уни қучдим-у аммо таниёлмадим. Сўнг ҳайрат билан сўзладим:
– О, Худойим! Тўлишиб кетибсанми?
У кулганча жавоб қайтарди:
– Нима деб ўйлагандинг? Яхши турмуш, яхши стол ва яхши оқшомлар! Емак ва уйқу билан мен тирикман!
Мен учун қадрдон бўлган ҳислатларни топиш илинжида унинг кенг юзига диққат билан тикилдим. Фақатгина унинг кўзлари ўзгармаган эди халос. Аммо уларда ифодаланган маънони қайта кўролмасдим.
“ Агар ифода – ақлнинг акси бўлса, бу бошдаги фикрлар мен яхши билган аввалги бетакрор мулоҳазалардан тубдан фарқ қилар эди”, – ҳаёлдан ўткиздим мен.
Унинг кўзларидан ҳануз бахт ва дўстлик нафаси уфуриб турарди. Бироқ уларда ўткир зеҳнни намоён этадиган соф ақлий ифода йўқ эди. Тўсатдан у сўз қотди:
– Булар менинг икки тўнғич фарзандларим.
Деярли аёл қиёфасидаги ўн тўрт яшар қиз ва лицей боласи кийимини кийган ўн уч ёшли ўғил қатъиятсизлик ва бесўнақай тарзда олдинга юрди.
– Улар сеникимиди? – сўрадим баланд овозда.
– Ҳа, албатта, – дея кулди у.
– Нечта бўлди улар?
– Бешта. Қолган учтаси уйда.
У буни фахр билан, ўзига ишонган ҳолда деярли тантанавор оҳангда эълон қилди. Ўз хилини яратган бу оддий ва мақтанчоқ кишига нисбатан бироз нафрат аралаш чуқур ачиниш ҳиссини туйдим.
Мен унинг ўзи бошқараётган аравага чиқдим. Сўнгра кўчада изғиб юрган бир неча итлар ва икки-учта хизматкорларни ҳисобга олмаганда бўм-бўш, зерикарли, ғафлат босган маъюс шаҳарча бўйлаб жўнаб кетдик. Йўл четидаги дўкон эшиги олдида турган сотувчи унга шляпасини ечди. Саймон ҳам унинг саломига алик олиб, менга ўша кимсанинг исмини айтди. У менга барча аҳолини шахсан билишини кўз-кўз қилишдан мақсад, шубҳасиз, провинсиянинг фидоийлари қатори депутатлар палатасига номзод бўлишни ўйлаётгани миямга урилди.
Шаҳарчадан чиқиб, арава парк нусхасидаги боққа бурилди ва қалъасимон кўринишдаги минорали уй олдида тўхтади.
– Мана шу менинг кулба-и вайронам, – деди Саймон мендан бу борада хушомад қилишимни кутиб.
– Жуда жозибадор, – жавоб бердим мен.
Меҳмонлар учун кийиниб олган, зиёфатчасига айтганда – барча тайёрларни ҳозирлаган хоним зинада пайдо бўлди. У эндиликда мен ўн беш йил аввал черковда кўрган оқ-сариқ сочли, хамири ачимаган қиз эмасди. У беқарор ёшдаги хонимлар сингари ақл – фаросат тугул, умуман аёллик сифатларини берадиган фазилатлардан мосуво бўлган жингалак, тўлқин сочли семиз жувон эди. Гапнинг пўст калласини айтганда, бу муштипар хомсемиз – волида-и муҳтарама номига сазовор бўлиб, болалари ва таомномасидан бўлак ташвиши йўқ инсон наслини яратувчи машина эди халос.
У мени дўстона қаршилади. Кейин биз ҳудди шаҳар ҳокими олдида турган ўт ўчирувчиларни эслатувчи уч нафар бола бўйма-бўй сафланган залга кирдик.
– Оҳў, демак, булар қолганлари бўлса керак? – дедим мен.
Севинчга тўлган Саймон уларни таништирди:
– Жан, Софи ва Гонтран.
Меҳмонхона эшиги очиқ эди. Ичкарига киргач, кресло қаърига чўкканча титраётган нимагадир, одам, қария, фалаж кишига кўзим тушди. Мадам Радевин олдинга юриб сўзлади:
– Тақсир, бу менинг дадам. У саксон етти ёшда.
Сўнгра у қалтираётган чолнинг қулоғига бақириб гапирди:
– Дада, бу Саймоннинг дўсти.
Чол менга “хайрли кун” тилашга ҳаракат қилиб, минғиллади:
– Оуа, оуа, оуа……
– Жуда оқкўнгил экансиз, жаноб, – дедим мен унинг қўлини сиқиб, жойимга ўтирганча.
Шу пайт Саймон кириб келиб, кулганча сўз бошлади:
– Шундай қилиб, бобой билан ҳам танишиб олибсизлар-да. У хазина. Бу қария болалар қувончидир. Бироқ у овқат деса, жонини беришга тайёр даражада очкўз. Ақлингга сиғдиролмайсан, қўйиб берсанг индамасдан ҳамма нарсани паққос тушираверади. Кўрасан, ҳали кўрасан. У ширинликларга гўё тўп-тўп қизларга қарагандек тикилади. Бунчалик кулгили ҳолатни ҳали кўрмаганинг тайин гап. Ҳозир бунга ўзинг гувоҳ бўласан!
Кечки овқатгача кийимларимни алмаштириб олиш учун хонамни кўрсатишди. Орқамдаги зинада қаттиқ тапир-тупур овозлар эшитилди. Ўгирилиб қарасам, барча болалар, шубҳасиз илтифот юзасидан, отаси ортидан менга эргашиб келишарди.
Хонам деразалари ғамгин, чексиз текисликлар, океан ўтлари, буғдой ва сулизорлар томонга, биронта дарахтларсиз, ёинки тепаликлари йўқ, ҳудди ушбу уйда ҳукмрон бўлиши керакдек ажабланарли ва маъюс суръатлар тарафга қараб турарди.
Қўнғироқ чалинди. Бу кечки таомга чорлов эди. Пастга тушдим. Мадам Радевин тантанали равишда менинг қўлимдан тутиб, овқатланиш хонасига бошлади. Хизматкор эса чолни аравасида ғилдиратиб келди. У титроқли бошини қийинчилик билан у таомдан бунисига буриб, ширинликларга очкўзлик ва қизиқиш билан тикилди.
Саймон қўлларини ишқалаб, “Ҳали кўп ҳайрон қоласан” деди. Очофат буваларининг ҳолатидан кўнглим бўшаганини сезган болалар онаси жилмайганча елкасини қисиб қўйгач, кулишни бошлашди. Саймон эса қўлларини карнай қилиб, қарияга бақирди:
– Бу кеча дастурхонга ширин қуюлтирилган гуруч ҳам тортилади.
Буванинг бурушган юзи ёришиб, тушунгани ва жуда хурсандлигини кўрсатиб, бошдан оёқ янада қаттиқроқ титради. Кечки овқат бошланди.
– Ана сенга томоша! – шивирлади Саймон.
Чол шўрвани ёқтирмай, уни ейишдан бош тортди. Аммо соғлиги учун буни қилиши шарт эди. Хизматкор унинг оғзига қошиқни мажбурлаб солганди ҳамки, қария уни ютмаслик учун чаққонлик билан ҳудди пуркагичдек бутун стол ва ёнида ўтирганларга қаратиб пуркаб, расво қилди.
“Жуда ҳазилкаш қария-а?!” дея роҳатланаётган оталари каби болалар ҳам қотиб-қотиб кулишарди.
Кечки овқат давомида улар фақат чолни кузатиш билан овора бўлишди. У дастурхондаги таомларни кўзлари билан очофатларча ямлаб, титроқ қўллари билан уларни ўзига тортиб, ушлаб олишга интиларди. Унинг фойдасиз уринишлари, нарсаларни қалтираганча ушлаб олиши, табиатининг ачинарли кўриниши, таомни ҳидлагандаги оғзи ва бурни, кўзларини томоша қилиш истагида улар емакларни янада яқинроқ қўйишди. У сабрсизлик билан ноаниқ хириллаганида, столдаги қўл сочиғига оғзидаги сўлаги оқиб тушди. Бутун оила бундайин жирканчли ва ғалати томошадан ҳайратда қотиб қолишди.
Бироздан сўнг, улар чолнинг ликопчасига миттигина ширинлик бўлагини қўйишди. Қария имкон қадар кўпроқ олиш мақсадида нафсибузуқлик билан уни паққос туширди. Қуюлтирилган гуруч келтирилгач, у деярли талвасага тушиб, очофатларча ингради. Гонтран овозини баландлатиб деди:
– Сиз жуда кўп еб қўйдингиз. Бошқа емаслигингиз керак.
Улар чолга ортиқ бермасликни ишора қилишди. Чол эса бақира бошлади. Болалар қиқирлаб кулгани сайин , қария аввалгиларидан-да кучлироқ қалтираб, йиғларди. Ваниҳоят унинг олдига бир бўлак улушини қўйишди. У бир тишламни еяётганида томоғида кулгили товуш чиқарди; Жуда катта бўлагини ютаётганида эса бўйни ҳудди ўрдакларники каби ҳаракатланди. Уни еб бўлгач, яна беришлари учун оёқларида депсина бошлади.
Бу ачинарли ва кулгули Танталага раҳмим келиб, унга ён босдим:
– Келинг, унга яна бирозгина гуруч беринг!
– О, йўқ! Дўстим, кўп ейиш , бу ёшида унга хавф туғдириши мумкин, – дарҳол жавоб қайтарди Саймон.
Мен тилимни тийганча, бу сўзлар мағзини чақа бошладим. О, одоб-аҳлоқ! О, мантиқ! О, заковат! Унинг бу ёшида эмиш! Гўёки унинг соғлиги ҳаққи-ҳурмати, улар чолнинг ягона лаззатидан жудо қилишмоқда! Унинг сиҳат – саломатлиги эмиш! У нимжон ва қалтироқ абгори билан буни бошига ўрадими?! Ўзларича қариянинг ҳаётига ғамхўрлик қилаётган эмиш! Унинг ҳаёти? Неча кун? Ўн, йигирма, эллик ёки юз? Нега? Фақат уни ўйлабми? Ёки оилада чолнинг ожизона очкўзлик томошасини узоқроқ вақт сақлаб туриш учунми?
Унинг бу ҳаётда қиладиган ҳеч қандай иши қолмади, мутлақо ҳеч қандай… Унинг биргина истаги – ёлғиз лаззатигина бор. Нима учун мана шуни унга то ўлимига қадар эҳсон қилишмайди?
Узоқ чўзилган қарта ўйинидан кейин, хонамга кўтарилиб, ухлашга ётдим. Руҳим анча чўккан… маъюс, маъюс, маъюс эдим! Деразам олдига чўқдим. Ташқарини сукунат қоплаганди. Аммо йироқ-йироқлардаги дарахтда сайраётган қушнинг гўзал хониши қулоққа чалинарди. Қуш тухумлари устида ухлаётган ўз жуфтига ором бериб, шубҳасизки, тун бўйи паст овозда куйлаб чиқарди. Кўз олдимда беш фарзанди ва бесўнақай хотини ёнида хуррак отаётган бечора дўстим гавдаланди.
Инглиз тилидан Гулноз Мамарасулова таржима қилди.