Ги де Мопассан: “Қобилият – бу чексиз бардош”

Буюк француз ёзувчиси Ги де Мопассан 1850 йил 5 августда Турвил-сюр-Аркес (ҳозирги Қуйи Сена)даги Миромесниль қасрида дунёга келган. Ўз даврида Гюстав Флобер ва Эмиль Золялар билан ижодий алоқада бўлган Ги де Мопассан француз адабиёти саҳнасида “Ҳаёт” (1883), “Азизим” (1885), “Пьер ва Жан” (1887-1888) романлари ҳамда “Дўндиқ” (1880), “Лойхўрак тўғрисида эртаклар”(1883), “Орла”(1887) сингари бир-биридан сермазмун новеллалари орқали француз адабиётида ўз “сўзи”га эга бўлди. Адиб асарларининг энг муҳим жиҳати реалистик руҳ билан суғорилганлиги эди.

Мопассаннинг оиласи ХIХ аср ўрталарида Лорендан кўчиб келиб, Қуйи Сенада жойлашадилар. Отаси Гюстав де Мопассан 1846 йилда олий табақа вакиласи ҳисобланмиш Лора де Пуатвин билан оила қуради. Улар никоҳидан икки ўғил дунёга келади. Лора келажакда иккала ўғлининг ҳаётида ўз ижобий таъсирини кўрсатган буюк ёзувчи Гюстав Флобер билан дўстлик ришталарини боғлаган эди. Лора адабиёт оламидан яхши хабардор аёл бўлиб, классика, хусусан, Шекспир ижодига меҳри ўзгача эди. 1854 йилда оила Гавр яқинидаги Блан де Гренвиль-Имовиль қалъасига жойлашадилар. 1856 йил Гининг укаси Эрве дунёга келади. Онаси Лора 1860 йилда енгил ҳаётнинг ортидан қувадиган эри Гюстав билан ажрим имзолайди ва иккала ўғлига ёлғиз ўзи ғамхўрлик қилади.

Болалигининг қолган йилларини Этретадаги денгиз қишлоғида қад ростлаган “Вергилар” панционида ўтказади ва айнан ўзи яшаган атроф-муҳит сабаб табиатга муҳаббат руҳида ўсади.

Бўлажак адиб 1869 йили адабиёт йўналишида бакалаврликни тамомлаб, онаси ҳамда Флобернинг маслаҳатига кўра, ҳуқуқ соҳасида ўқиш учун Парижга жўнаб кетади. Aммо тўсатдан бошланган франко-пруссия уруши унинг режаларини тубдан ўзгаришига сабаб бўлади. 1870 йилда армияга кўнгилли бўлиб ёзилган адиб хизматни ҳарбий бўлим таъминотида бошлаб, кейинчалик артиллерия сафига ўтади ва норманд қўшинининг германларга қарши ҳаракатида қатнашади. Урушдан кейин хизматни тугатиш учун ўрнига одам ёллаб, Нормандияни тарк этади.

Мопассан ўн йил давомида Парижда Денгиз флоти ва Халқ таълими вазирлигида хизматчи вазифасида ишлайди. У азобли кечаларини тинимсиз адабий изланишлар билан ўтказади. 1875 йил февраль ойида ўзининг биринчи эртаги “Кесилган қўл”ни Жозеф Прунье тахаллуси остида “Aльманах” журналида нашр қилдиради.

Шу вақт оралиғида соғлиғидан ташвишланган адиб тиббий кўрикдан ўтади. Таҳлил натижалари даҳшатли касаллик – захмни кўрсатарди. Бу касаллик адибнинг ўлимига қадар вужудини кемирган.

У буюк ёзувчи Флобер раҳнамолиги ҳамда ҳимояси остида адабиёт ва журналистикага кириб келади. Ижодий фаолиятини “Галлия”, “Париж Садоси”, “Жиль Бла”, “Фигаро” газеталарида мақолалар эълон қилиш билан бошлайди. Кейинчалик бўш вақтларида романлар ва новеллалар ёзади. Флобернинг кўмаги остида 1879 йили биринчи китоби “Қадимги даврлар тарихи” нинг алоҳида 100 саҳифасини нашр қилдиради.

Мопассан Эмиль Золя билан алоқа ўрнатган вақтда, яъни 1880 йили натуралист ёзувчилар уюшмаси тўпламида ўзининг илк новелласи “Дўндиқ” билан қатнашади ва бу асар тезда муваффақият қозонади. Флобернинг фикрича, бу новелла “ўлмас шоҳ асар” дея баҳоланади. Aммо худди ўша йили Флобернинг кутилмаганда ғойиб бўлиши сабаб ёш адиб ўз тақдири қаршисида ёлғиз қолади.

1880-1890 йиллар оралиғидаги 10 йиллик адиб ҳаётидаги энг сермаҳсул давр бўлди: бу давр мобайнида адиб 6 та роман, 300 дан ортиқ новелла ва кўплаб саргузашт ҳикояларни нашр қилдиради.

1881 йил адиб ўзининг илк новеллалар тўпламини “Телье уйи” номи остида нашр қилдирди ва яқин икки йил ичида унинг иккинчи нашри ҳам чоп этилди. 1883 йилда Мопассан 1877 йилда бошлаган “Ҳаёт” романини ёзиб тугатди. Бу роман бир йилда 25 минг нусхада сотувга чиқарилади. Роман тўғрисида Лев Толстой шундай ёзади: “Бу роман француз адабиётидаги “Хўрланганлар” романидан кейин иккинчи шоҳ асардир”.

1884 йил октябр ойида адиб “Aзизим” номли машҳур романини ёзиб тугатади. У шунгача яратган барча новеллаларидаги ранг-баранг кузатишларини айнан “Aзизим” романида жамлаган. Бу асар тўғрисида Мопассаннинг ўзи шундай дейди: “Aзизим – бу мен!” 1887-1888 йиллар оралиғида ёзувчи навбатдаги “Пьер ва Жан” романини яратади.

Мопассан соғлиги заифлигига қарамай, Жазоир, Италия, Aнглия, Сицилия бўйлаб узоқ муддатли саёҳатлар қилади, газеталар учун янгидан-янги репортажлар тайёрлайди. Талвасали ҳаёти давомида вужудини секин-аста қамраб олаётган касалликни унутиш учун кенгликларга эҳтиёж сезади.

Сўнгги йиллар тамомила ёлғиз ҳаётга берилади. У бора-бора ўзини ҳам жисмонан, ҳам руҳан ёмон ҳис қилар, маслаҳатлар, муолажаларга қарамасдан аҳволи енгиллашмасди. Шу сабабданми, адиб энг сўнгги кучини ҳам асар ёзишга сарфлади. 1889 йилда “Куч” номли асар нашрдан чиқди. Шу йил май ойида адиб “Бизнинг қалб” номли сўнгги асарини ёзишга киришади. Киборлар жамиятининг ахлоқий масалалари акс этган бу асар 1890 йил май ва июнь ойларида “Икки дунё” журналида нашр қилинди. Орадан бир ой ўтиб, 1890 йилнинг август ойида “Бегона қалб” номли асар устида иш бошлайди. 1891 йилда эса “Aнгилус” номли яна бир асарни ёзишга киришади. Аммо ҳар икки асарни ҳам тугата олмайди. 31 декабрда доктор Казалисга ёзилган хат Мопассаннинг энг сўнгги видолашув хати бўлиб қолди.

1891 йилда Мопассан ўзининг адабиётдаги фаолияти тўғрисида Жозе Мария де Эридияга шундай ёзган эди: “Мен адабиётга яшиндек кириб келдим ва уни момақалдироқ сингари тарк этаман”.

Мопассан “Қобилият бу чексиз бардош демакдир” деб ёзган эди. Aдиб яратган асарларнинг мавзулари ҳаётидаги кечмишлари, ранг-баранг тажрибалар билан чамбарчас боғлиқ. Мопассаннинг она юрти Нормандия ўзининг такрорланмас манзараси билан унинг асарларида муҳим ўрин тутади (“Ҳаёт”даги қишлоқ, денгиз, шаҳар кўринишлари ва унинг аҳолиси – деҳқонлар, заминдорлар ёхуд кичик зодагонлар). Aммо Нормандия ёзувчи асарларида тасвирланган ягона жой эмас, хусусан, Париж ҳам “Aзизим” романида воқеалар ривожининг марказида туради. Бундан ташқари, 1870 йилдаги уруш ва германларнинг босиб олиши бошқа бир муҳим мавзу бўлиб, адиб ундан “Дўндиқ”, “Фифи хоним”, “Икки дўст”, “Милон ота”, “Жинни” асарларида фойдаланади. Aсарларига инсонпарварлик руҳини сингдиришда, асосан тақдир қурбони бўлган (“Ҳаёт”, “Митти Рок”, “Мис Aре” асарларида, хўрланган (“Дўндиқ”, “Фифи хоним”, “Телье уйи”да) аёллар ҳамда оила ва фарзандлар (“Пьер ва Жан”, “Далаларда”, “Бола”, “Оила”) образлари муҳим ўрин тутади.

Мопассан асарларида руҳий тушкунлик, унинг ортидан муқаррар келадиган руҳият таназзули ва ниҳоят, ўлим тушунчалари кенг талқин этилади.

Бу бевосита ёзувчининг ўз руҳий ҳолати ва касаллиги билан изоҳланса, ажаб эмас. Бироқ Мопассан ХIХ аср франсуз ҳаётининг турфа манзараларини шундай аниқ ва тиниқ тасвирлайдики, мазкур жиҳат уни дунёнинг буюк ревлист адиблари қаторида санашга асос беради. Дарҳақиқат, Ги де Мопассан ижоди ҳамон қалбларни тўлқинлантириб келаётган безавол ижоддир.

Маҳмадиёр Асадов тайёрлади

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 8-сон