Масъуд Абдуллаев. Юмушнинг энг савоби (1990)

Дадам оналарига жуда меҳрибон эдилар. Жосият бибим биз билан турардилар. Бибимнинг уч келинлари: Робия, Раҳбар (менинг онам), Марҳамат опоқилар эди. Келинлар бир оиланинг фарзандидек аҳил яшашарди. Энг севикли келин менинг онам бўлса керакки, бибим: — Раҳбар қизим, деб мурожаат этардилар. (Бибимнинг қизлари бўлмаган).

Жосият бибим ҳаётларининг сўнггида жуда қариб қолган, тез-тез нафаслари қисар, ҳарсиллаб турардилар. Бибим шифокорларнинг дориси кор қилмагач, табиблар берган қора дорини истеъмол қилардилар. Эсимда, шунда дадам бибимни аяб: «Ойимга дорини кўп бераверманглар» деб тайинлар эдилар. Дорининг таъсири сусайиши билан бибим, исмларимизни бирма-бир айтиб, дадамни сўрар, дадам ижодхоналаридан чиқиб келиб: «Ҳа, ойи, нафасингиз безовта қиляртими?» деб сўрардилар. Бибим: «Ҳалиги қурғурдан бермасанг бўлмайди», — дер эдилар. Шунда дадам бибини аяб, қора сақични думалоқлаб берар, бибим дуо қилиб пинакка кетардилар.

Эртасига нонушта пайтида: — Абдулла, кечаги қурғурингни қайси табибдан олгандинг? — деб сўрардилар. Дадам кулимсирай: — Нима эди? — дердилар. Бибим бечора энтикиб: — Олдингиси яхши эди. Тез таъсир қилиб, жонимга оро кирарди. Кейингисининг таъсири суст. Кечаси ухлолмай қийналдим, — деб шикоятланар эдилар. Дадам: — Майли, бугун бошқасини олиб келаман, — деб онамни овқат ейишга ундар, бибим емасалар: — Кўнглингиз нима тусайди? Келинингиз айтганингизни тайёрлаб беради, — дердилар.

1936 йил ёзда Жосиятбибим вафот этдилар. Бибимни пешинда дафн қиладиган бўлдик. Қавм-қариндошлар йиғилгач, онамиз жасадлари солинган тобутни қўлма-қўл олишиб, Комолон қабристонига йўл олдик. Тобут олдида бибимнииг барча яқинлари: Раҳимберди, Қудратилла амакиларим, уларнинг ўғиллари, куёвлари қўлларида ҳасса, белларида белбоғ «онам»лаб йиғлаб боришарди. Уларнинг сафида мен ҳам ҳасса ушлаб бораман. Дадам эса ҳассасиз тобутни дамба-дам кўтариш билан бандлар.

Дафн маросимининг иккинчи куни, дадам ёзувчилар уюшмасининг топшириғи билан (Татаристон ёзувчилар қурултойига) Қозонга кетадиган бўлиб, эшикда бел боғлаб турган яқинларга ва маҳалламиздаги (дадамиздан ёши катта) Мулла Юсуф домлага ҳам узрларини айтдилар. Мулла Юсуф домла дадамга: — Мулла Абдулла, кўнглингиз хотиржам бўлсин. Менинг вақтим бисёр. Ўрнингизни билдирмай, маросимларнинг охирига қадар шу шийпонда ўтираман. Ой бориб, омон қайтинг, — деб дуо қилган эдилар.

Юсуф домланинг илгари ҳам шийпонда дадам билан тез-тез суҳбатлашиб ўтирганларини эслайман. Домла бир куни дадамга: — Мулла Абдулла, мени биласиз, Оллоҳнинг фақир бандасвиман. Кейинги йилларда рўзғорда қийинчиликлар бўлиб турибди. Эшитишимча, боғ ишларига унча-мунча одам ёллаб ишлатар экансиз. Шулар қатори мени ҳам йўқлаб турсангиз. Куч-қувватимиз бор, — деган эканлар. Шундан сўнг дадам боғда иш бўлса, бўлмаса домлани чақириб, нон-чой ва овқат билан сийлаб, кетишда пул ҳам берар эканлар.

Дадам кетгач, уйда маракаларга Мулла Юсуф домла бош бўлиб қолдилар.

— Абдулла ҳукумат иши билан кетди. Мени «ўрнимни билдирманг», — деб ташлаб кетди, — деб келганларнинг исм-фамилиясини, касб-корини сўраб қоларди. Баъзи танишларга: — Тақсир фалон куни пайшанбалик, — деб қоларднлар. Кеч кириши билан қариндошларни шийпонга ўтқазиб, Қуръон ўқир, амри маъруфдан сўзлардилар…

Кейинчалик «Калвак Махзум хотира дафтаридан» ҳажвий ҳикояларидаги Калвак домла образини ўқиганимда Мулла Юсуф домланинг эзма, пойма-пой гаплари ёдимга тушарди.

Дадам бибимнинг йигирмаларига етиб келдилар. Марака ўртача ўтди. Дадамдан Қозон шаҳри ҳақида сўрадик.

— Қозон чиройлик шаҳар экан. Одамлари яхши ҳаёт кечиради, бир-бирига меҳрибон, меҳмондўст эканлар. Мен Ленин таҳсил кўрган дорилфунунда бўлдим. Қозон атрофидаги қишлоқларда бўлдик, — деб таъриф бергандилар дадам. Суҳбат охирида мен: — Дада, нега сиз бибимнинг дафн куни биздан ажраб тобут кўтариб бордингиз? — деб сўрадим. Дадам: — Энг савобли иш одамлар ичида бўлиш. Одамни елкада кўтариб, қабристонга элтиб қўйиш. Юмушнинг энг савоблиси ва хосиятлиси шудир, — деб жавоб бергандилар.

Дадам уйда баъзан тансиқроқ овқат бўлса, Қудратилла амакимни чақиртириб чиқар, овқатдан олдин қўлбола мусалласдан ичишгач, суҳбат қизирди. Қудратилла амаким озгина қизишиб олгач:

— Раҳбар опа, қозиқдаги дуторни беринг. Ўзингиз ҳам ўтиринг, — деб дуторни созлаб, дадам ва ойим севган «Навои ажам»ни чалар эдилар. Эсимда, худди шундай ўтириш Қудратилла амакимникида ҳам бўлганди. Емак-ичмоқдан сўнг, Қудратилла амаким дадамга: — Ака, кейинги кунларда негадир хомуш кўринасиз? — деб савол бердилар. Дадам: — Замон бироз нотинч, «қора булутлар» бизнинг жумҳуриятимиз осмонига ҳам ёпирилиб келмоқда. «Қора булут» юқори ҳукумат аъзоларини босди. Эрта-индин биз адабиётчиларни ҳам тинч қўймаса керак, деб маъюсландилар. Кейин «уф» тортиб давом этдилар: — Қиладиган ишларим кўп. Бироқ, қўлим ёзувга бормайди. Хаёл мени енгади. Кўз олдимдан ўзбек халқининг атоқли ёш-қари, ёзувчи, шоирларини ҳибсга олинажаги кетмайди. Шулар қатори мен ҳам четда қолмасам керак. Ҳабибулло хаста, қолган болаларим ёш, уларнинг ҳоли нима кечади?..

— Ака, кўп ўйламанг. Ахир, битган китобларингизда ҳукуматга ғараз йўқ-ку. Ёзганларингиз шоҳу гадога баробар. Халқ сизни ҳурмат қилади, — дедилар Қудратилла амаким.

Суҳбатга Раҳимберди амаким қўшилиб: — Қўй, Абдулла, сени ҳукумат билмадими, бундан буёғига китоб битма. Бир кунинг ўтар. Еринг яхши, боғинг бор. Деҳқончиликда илминг дуруст, — дедилар. Дадам башорат қилган «қора булутлар» бизнинг хонадонимизга 1937 йил 31 декабрда кечқурун кириб келди…

1936 йилларда дадам боғдорчилик билан овуниб, яқин дўстлари Иноғом ота кўмагида 10-15 қути асалари боқдилар. Кейинги йил асал жуда яхши ҳосил берди. Ҳосил бир йилда икки марта: баҳор ва кузда олинарди. Дадам ҳосилни идишларга ини билан солар, мўмини сиқиб олиб, келаси йил ҳосили учун замин тайёрлар эдилар. Ўша йили асални кўп истеъмол қилганимиз учун бўлса керак, дадам ва менинг теримда сувли пуфакчалар пайдо бўлди, қичишиб беҳузур қила бошлади. Шифокор ва табиблар ёрдамида мен тез тузалдим. Дадамнинг хасталиклари тузалмади.

Дадамнинг орзулари бўйича акам ва мен шифокор бўлиб етишдик. Кейинчалик «дадамдаги хасталик — асаб бузилиши натижасида юзага келган» деган хулосага келдим. Инсон туғилади, вақт соати битгач, бу дунёдан хайрлашади. Ўлим ҳақ. Лекин инсон ўз туғилган хонадонида, ўз туғишганлари ичида қариб (ёки бетобланиб) дунёдан ўтса бир нав. Бироқ кўз олдингизда бола-чақаси билан видолаштирмай, қора курсига ўтқазиб ўлим топтиришса ёмон экан. Мана 53 йилдирки, дадамнинг: — Менда айб йўқ. Бу тушунмовчилик. Эрта-индин қайтиб келаман, — деган сўзлари ҳамон қулоғим остида жаранглайди…

Мен эса юмушнинг энг савобли ва хосиятлисини адо этолмаганимдан армондаман.

Редакциядан: муаллиф Абдулла Қодирийнинг иккинчи ўғли. 1926 йил туғилган. Касби болалар шифокори. Шахсий пенсионер. Отасини олиб кетишганда 11 ёшда бўлган.

“Ёш ленинчи” газетаси, 1990 йил, 12 январь