“УРАЛ ҲИКОЯЛАРИ”ДАН
ДОКТОР ОСОКИННИНГ СОҒАЙИШИ
I
Доктор Осокин стаканидаги чойни қошиқча билан узоқ аралаштириб ўтирди, сўнг бирмунча қўпол оҳангда деди:
– Матрёна, мен ҳозир сенга нима демоқчилигимни биласанми? Ўлай агар, сен трихинага шундай ўхшайсанки…
– Трихинагами?– деди дил оғриб Матрёна Ивановна; у сапчиб дивандан туриб кетди.– Сен, Семён Павлич, ақлдан озганга ўхшайсан… Мен трихинанинг нима эканлигини жуда яхши биламан: анавинақа… ветчина га тушади-ку, оппоқ қурт… Трихина деганинг ингичка бўлади, бир қара менга, Худога шукур…
Матрёна Ивановна гапларини исботлаш учун лоп этиб, бутун гавдаси билан нақ докторнинг тумшуғи қаршисида туриб олди ва ҳаттоки унга оппоқ, дўмбоқ, калта қўлларини намойиш қилди, гарчанд акушер аёл сифатида бунинг акси бўлиши керак эса-да, ана шу қўллари билан мақтанган вақтлари кўп бўлган эди. Матрёна Ивановнанинг териси шалвираб қолган, лўппи юзи ҳам юм-юмалоқ эди, ана шу юзда худди ранги ўчиб кетган феруза тош қўйилганга ўхшаш бир жуфт кичкина мовий кўзлари болаларча қизиқувчанлик билан ялтираб турарди.
– Ҳа, шундай, трихина,– гапида туриб олди доктор қисқа қилиб олдирилган, оқиш сочларини ҳурпайтириб.– Трихина нима дегани? Трихина дегани жониворларни ичига кириб олиб, ўз туриш-турмуши билан уларни еб битирадиган хавфли паразитдир, сен эсанг давосиз эзмалигинг, тайинсиз гапларинг заҳри билан одамларни касал қиласан. Кўнглингни кўтариш учун айтиб қўяй, Матрёна, ҳозир тиббиётда трихинага қарши ҳеч қанақа чораю дори топилмади, бундан келиб чиқадики, бу қуртлар мутлақо жазо олмай яшайверишлари мумкин…
– Бўлди-да энди, сафсатангни бас қилсанг-чи… Яна ҳамма сени ақлли одам санаганига ўлайми!.. Туф-эй! Ўргилдим сендақа донодан!..
– Албатта, дономан, бўлмаса-чи!
– Кечириб қўясан, азизим, сендами, Семён Павлич, ақл дегани эмас, шундан зиғирдайгина бор, уям бўлса, шапалоқ туширишга етади… Қари хўроз, бошқа нима йўқ!
Доктор Осокин Матрёна Ивановна қизишиб айтган гапларини ўта хотиржамлик билан тинглади, афтидан, у бундан мамнун кўринди, узун трубкасини тортаркан, бир муддат оппоқ тутун пардасига кўмилди. У Матрёна Ивановнанинг жиғига тегишдан ҳузур қиларди, баъзан бу аёл билан кўздан ёш чиққунча тортишарди. Матрёна Ивановна шундай дамларда ич-ичидан уни ёмон кўриб кетарди, докторнинг бутун син-симбати– кенг елкалари, кучли, сержун қўлларини, ана шу катта, қарияларга хос донишманднамо калласи, яна ўзидан мамнун, манман ифода қалққан башарасини кўргани кўзи йўқ эди. Аёл баъзан қаттиқ ғазаб ичида уни аҳмоқ ё лаънати, деб койир, доктор эса пинагини бузмай, писанд қилмай ўтираверар, фақат аҳён-аҳёндагина кулимсираб қўяр, ҳа, айнан кулимсираб қўярди, чунки Матрёна Ивановна унинг ўзини бундай тутиши ясамалигини, доно қилиб кўрсатиши эса мақтанчоқ одамнинг туриш-турмишини кўз-кўз қилаётганлигига амин эди.
– Ақлли одам-а!– Матрёна Ивановна ҳеч тинчлана олмай калта қўлларини силкиганча авжига чиқди.– Ҳамма айб ақлли, ақлли, деб мияларига қуйиб олган ана шу пропадинсклик хонимларимизда-да. Қози Берестечкиннинг хотинини биргина ички кўйлакда қабул қиласан. Бўлмаса-чи, унинг ҳузурига мўътабар хоним маслаҳатга келармиш-да, бу киши бўлса, эгниларига, жиллақурса, бирор-бир халат илиб олишни ҳам эп кўрмай пириллаб чиқиб келармишлар… Қойил-э, сўз ҳам ҳайф сендай одамга!
Доктор ҳозир уй либосида ўтирарди: эгнида халат, пайпоқсиз оёқларида туфли, тунги кўйлагининг ёқалари елвагай очиқ; бу унинг одатий уй либоси эди. Бироқ Матрёна Ивановна доктор кийинишидаги ана шундай қусурларга эътибор бериб ўтирмас, сон-саноқсиз таниш-билишларига шундай дегани деган эди: “Оҳ, отагинам, не-не қиёфатларини кўрдикки!”
– Фаҳми фаросатимча, мен ўз уйимда қандай хоҳласам, шундай ўтираман, тўғрими?– гапини тўғрилади доктор,– сиқилиб яшагим келмайди… Фақат бир нарсага ҳайрон қоламан, нега айрим инсонлар меникига бошлари оғиб кириб келавераркинлар-а? Бунинг ўрнига тинчгина уйларида ўтириб, псальтир ўқисалар бўлмайдими.
– Қандай ажойиб, Семён Павлич… ақл бовар қилмайди!.. Ҳарбий котибнинг чўри хотин олдида ақл-заковатини пеш қилиши…
Биз тавсифлаб бераётган ушбу саҳна доктор Осокинга ҳам қабулхона, ҳам меҳмонхона, нимани истасангиз, шунга хизмат қилажак катта ва шифтлари баланд хонада кечаётган эди. Ёғочдан ясалган диван, ломбер қартаси столи ва бир нечта курсиларни айтмаса, хона бўм-бўш эди. Анчадан буён оқланмаган деворларда ислар осилиб ётар, полнинг ҳар-ҳар ерида ит ифлос панжаларидан из қолдириб нақш солганди, ҳадеб қўл тегаверганидан кир бўлиб кетган деворлар казармани ёдга соларди. Стол устида анча вақтлардан бери ювилмаган, сиртида яшил доғлар қотиб қолган самовар савлат тўкиб турарди ва бор идиш-товоқ шундан иборат эди.
Матрёна Ивановна ўзига чой қуяркан, думалоқ кифтларини қисди.
– Шу қадар эси пастлигингдан баъзан ҳайратга тушаман, Матрёна,– гапира туриб доктор финжонидаги чойни ичиб қўйди.– Фавқулодда ноёб нусхасан, аслида бари хотинлар ҳам сендан унчалик фарқ қилмайдиларку-я… Бир умр болаларча нимкалла эс билан яшаш, сўнгра “пақ” этиб, қариб, яна болага айланиб қолиш. Мана, жиллақурса, сени олсак, Матрёна, ўзинг бужурдай бадбашарасан, яна бунинг устига ноз-истиғно қилганингга ўлайми… Ўзинг инсоф қилиб айтгин-чи, буларнинг турган-битгани бемаънилик эмасми?
– Бунисини сен билишинг шарт эмас, Семён Павлич… ҳа. Тўғри, ҳозир қариб, кампир бўлиб қолдим, шуни билиб қўйгинки, ҳа, бир маҳаллар ўша сен билган эркаклар орқамдан илашиб юришарди, Матрёна Ивановнанинг қўлларини ўпишарди.
– Бўлмаса ўша орқангдан илашиб юрган ўша галварс эркаклардан биттасига тегмадинг? Ахир аёл кишининг пешонасига битилган вазифаси…
– Эрга тегишми? Мен-а?.. Ҳеч қачон! Кўрдим ўша турмушга чиққанларни! Етарлича кўрдим! Ўша сенинг ҳамжинсинг эркак тоифасидагилар туфайли оилали аёллар қандай азоб чекаётганларини кўриб юрагим орқамга тортади… Мен қиз боламан, ҳа!
– Қари қизми?
– Шундай ҳам дейлик.
– Исо Масиҳнинг қайлиғими?
– Дейлик.
Одатдагидай, улар уришиб қоладилар. Матрёна Ивановна, доктор хонадонига иккинчи қадамимни босганим бўлсин, энди ўз қадримни биламан, дея эълон этади. Марҳамат қилиб айтинг-чи, қандай машҳур шахс экан ҳузурингиздаги жаноби олийлари: доктор Осокин эмиш… ха-ха! Ҳар бир лойхўрак ўз балчиғининг пошшоси. Маълум бўлишича, Матрёна Ивановна пойтахтда яшайдиган, бир ташрифи юз рубль турадиган ҳақиқий машҳур докторлар билан таниш экан. Ҳа-а, қандайдир тайини йўқ доктор Осокин ўзидан буюк доктор одам ясайди… Йўқ, бу чинданам кулгили, агарда Матрёна Ивановна ёзишни билганидами, манави пандавақи докторчанинг боплаб адабини берарди, ана шунда кунини кўрарди…
– Ҳа, бир нарсани айтиш эсимдан чиқибди: қари бўйдоқ… туф-эй!– ваъз ўқиди Матрёна Ивановна бир неча марта хонадан чиқишга уриниб.– Мен аёл киши нима учун турмушга чиқмаслигини тушунаман, аммо эркак…
– Бунинг қандай ёмон томони бор экан?
– Сабаби жуда оддий: демак, бу одам қалбсиз ёки ҳақиқий эркаклик лаёқатини йўқотган.
Доктор оқариб кетган соқолига қўл юритди ва ўйчан илжайди.
– Мен Саратовда ҳарбий врач бўлиб хизмат қилганимда,– деб гап бошлади у ўчиб қолаёзган трубкасини тортиб,– мен Саратовда хизмат қилганимда бари хонимлар мени қайноқ юракли, ҳатто жуда қайноқ, дейишарди.
– Мақтанган нарсасини қаранглар… Саратовлик хонимлар!.. Мен уларни биламан; бундай аёллар бутун Волгага фақат бурга тутишга усталиги билан донг чиқарган.
Матрёна Иванованинг бу қилиғи докторнинг кулгисини қистатди, лекин бир ондан сўнг кулгани, ўз ожизлигини билдириб қўйгани учун афсус чекди: Матрёна Ивановна курсига ўтириб олди ва ҳатто шляпасига тақилган сариқ гуллар билан безалган тасмасини еча бошлади, бу унинг докторникида яна бирор соатларча ўтириш истагини англатарди.
– Йўқ, Семён Павлич, ҳамма гапни очиқчасига ҳал қилиб оламиз, – дея аёл финжонига совуқ чойдан қуйиб олди.– Агарда мен шоҳ бўлганимда биринчи навбатда мана шу бари ярамас бўйдоқларни уйлантириб қўйган бўлардим… ҳа. Мен сен шама қилган нарсани жуда яхши биламан-да, илтимос, мен билан баҳслашма!.. Сенингча, бўйи етган қиз нима дегани, Семён Павлич, а?
– Жуда оқилона ва аҳмоқона савол.
– Бўй етган қиз – бахтиқаро инсон, билсанг. Биринчи, қиз ёш ва гўзал бўлиши керак, шундай қизнинг ҳусни айни ўн олтидан йигирма тўрт ёшгачадир. Ана ундан сўнг бундай қизнинг куни кун бўлмайди, бирпасда ёшлик ўтади-кетади, қиз қарийди-қолади. Шундайми? Сизлар-чи, эркакзотлар, буни жуда яхши биласизлар. Хўш, демак, бўйқизнинг атиги саккиз йиллик ажойиб даври бор экан, у шу вақт ичида ўзига келажак қуриб олиши керак, агарда бечора ориятли ва одобли бўлса, ана унда жуда қийин бўлади, айниқса, бизнинг замонимизда. Айтайлик, ана шу бўйқиз ёш йигит билан жиддий мулоқотда бўлди, атрофда бўлса шивир-шивир авжига чиқади: ойимқиз тўрига қайлиқ илинтирмоқчи… Ориятли қиз бўлса, бу гапларга тупуради. Ахир ҳар бир қиз боланинг ўзига яраша ғурури бўлади-да… Ундан кейин бизнинг чекка Пропадинск шаҳримизда куёв зоти кўпмикин, ахир бундай зот анқонинг уруғи бўлса. Бир қарасанг, қизгина сўлиб тамом бўлади, ахир у шўрлик бундан буёғига қандай яшайди, яшаши ҳам керак-ку. Сиз пандавақиларда кўз дегани бўлса экан… Устомонлари бирпасда турмушга чиқади-кетади, ёки бирор эпчил бева бўлса, эркаклар билан очиқчасига дон олишиб юраверади. Мен ҳақиқатни гапиряпман, Семён Павлич, бор ҳақиқатни. Сизлар ана шу илмнинг барини ўтаб бўлгансизлар, фақатгина бурнингиз остида нималар бўлаётганлигини кўролмайсизлар, холос. Кўпгина яхши қизлар орияти, ғурури деб, ўтириб қоладилар, умрларини зое ўтказадилар, бошқа бирови бўлса, чидайди-чидайди, ахири биринчи дуч келган муттаҳам домига илинади…
– Бунинг менга нима алоқаси бор?
– Сенгами? Мана, барига сен айбдорсан, барига… Шунинг учун ҳам сенга гапиряпман-да, азизим Семён Павлич. Ахир сизлар ўқимишли одамсизлар-ку, биринчи эҳтиёжманд ўзингиз бўласиз. Сочингиз то оқариб битгунча ўқийсизлар-ку. Сизлар қандай эркаксизлар ўзи? Шамолдай уёқдан-буёққа эсиб юравер, ҳеч ким мушугингни “пишт” демайди. Мана, сен гимназияда ҳам ўқигансан, керак бўлса, қизлар ўқийдиган томонларга ҳам ўтиб юргансан: гапга кўнадиган, мулойим ойимтиллани тузоғингга илинтирдинг, сўнг бир хушрўйгина чўри қизга кўнглинг кетади, кеч тушди, лаззатли томонларга жўнайсан. Барини хўп ва кўп кўрасан, ахир бир кун тўясан, кейин булар нақ ҳиқилдоғингга келади… (Матрёна Ивановна қўлини калта бўйнига арра қилди.) Мен пойтахтга бориб, қандай қилиб олий маълумотли бўлганлигингизни биламан: биттаси уйига қайтиб келиб, кўнглини рўкач қилади. Хўп, билим олибсан, хизмат қиламан, деб ишга жойланибсан, кейин қиз танлашга ўтасан: у қиз яхши, буниси бўлмайди, ана униси яхши-ку, сепсиз, учинчиси сепли ҳам, ҳусни ҳам бор, аммо маълумоти йўқ, сиз ўқимишлилар билан суҳбатингизга қўшила олмайди, эркин гаплаша олмайди. Тайёр емишни обдан кўриб, титаверасан: ойимқизлар ёнида маза қиласан, яна қанақадир иш юритувчи бекани топасан, арфа чалувчи қизникига бориб, қўшиғини эшитиб келасан. Ўзини билган одобли қиз бўлса, кўшкида сўлиб ўтираверади, сен тўнғиз бўлсанг, тўнғиз каби яшайсан, яна ўзингни виждонли, ҳалол одам санаганингга ўлайми. “Мен, ҳаётга фалсафий ёндашаман” эмиш. Албатта, оилавий ҳаёт гигиена тарафидан олганда, жуда аъло, аммо турмуш ташвишлари, икир-чикирлари ҳам бўладики, булардан бош кўтариб, илм қилиб бўпсан. Буни сенга ўз тўнғизлигинг айтиб турибди, Семён Павлич, илм-фан эмас. Хўп, шундай туриш-турмушинг билан юриб-юриб элликка ҳам бориб қоласан, ундан кейин итдай қариб, ўлиб кетасан.
– Тилингни заҳарлигини, Матрёна… Майли, мен қари бўйдоқ бўла қолай, бу билан ҳеч кимнинг иши бўлмасин. Сен айтган ўша ориятли бўйқизингга қайтанга яхши бўлади, мен уни алдамоқчи эмасман.
– Вой, сен қандай тентак одамсан-а, Семён Павлич!.. Болалар-чи, фаришталар-чи? Бу нимаси ахир? Қовоқхонами, итхонами, оти нима бу ернинг (Матрёна обдан хонага тантанавор назар солиб чиқди)… Бўм-бўш, кир-чир, ифлос. Мана бу ер иш кабинетинг, у ерда ётоғинг бор, анави хонада-чи… анави хонада, чап тарафда нима бор, эсимдан чиқибди?
– У хонада итларим яшайди.
– Ҳа, ҳа… итларинг! Туф-эй сенга, итхона қилмай ҳар нарса бўл, нима бало, шайтон болалаганми ичингда? Хонамиш-а…
Матрёна Ивановна сўл томондаги хонага йўналди, эшикни очди ва бошини сарак-сарак қилганича остонада узоқ туриб қолди. Бу хонанинг икки деразаси тўғрига, боғ томонга қараган ва бўм-бўш эди, фақат ерга тўшалган похолда қулоғи кар бўлиб қолган қанжиқ ит Жойка ётарди.
– Оҳ-ҳо, яхшигина хона экан!– хўрсинди Матрёна Ивановна.– Мана шу хонада катта қизинг яшаса бўлмасмиди. Девор томонга каравотини қўярдинг, бурчакда китоб жавони, манави ерда комод, ёзув столи жойлашарди,– зўр хона чиқарди аммо. Шундай хизматдан келгач, қулоқ тутардинг, Саша қизим ҳозир нима қилаётган экан, деб. Қара, ҳаётингда мазмун ҳам бўларди, бундай тўнғиз бўлиб яшамасмидинг. Гоҳ Сашага янги бошмоқ олишим керак, гоҳ Сашанинг тоби қочиб қолган, гоҳ Саша ақлли китоблардан ўқиши керак, унга тушунтириш, кўрсатиш, ўргатиш керак, деган ташвишда юрардинг… Саша-чи, отасига эркаланармиди, шундай эпкиндай, илк баҳор майсасидай соф, беғубор… Нималар деяпман ўзи?
Доктор суҳбатдошининг гапларини анчадан буён тингламаётган эди, бошини эгиб ўтирарди. Трубкаси ўчиб қолганди, чой анчадан бери турганидан совиб қолди, хонага ғира-шира қоронғи тушди.
– Эзмаланиб ўтириб қолдим сеникида,– бирдан эсига тушиб қолиб сапчиб курсидан турди Матрёна Ивановна.– Кеч бўлди, қари бўйдоқникида ўтиришимни қара. Яхши қол, Семён Павлич.
– Хайр, трихина.
– Қари хўроз!
Доктор ёлғиз ўзи қолиб, қоронғида узоқ ўтирди. У трубка чеккиси келди, бироқ негадир буни унутиб, яна ўйга чўмди. Кўчада фонарлар ёнди; қаердадир кўприк томондами, тошйўлни зириллатиб файтон ўтди. Хонага докторнинг севимли, ирландларнинг сеттер зотли ити Нахал кириб келди; хўжасининг қўлини совуқ тумшуғи билан туртди, думини ликиллатиб турди, одатдаги эркалашни кутиб ўтирмай ўласи ётган Жойканинг хонасига жўнади.
– Ҳа-я, катта қизимнинг хонаси,– итнинг қадам товушларига қулоқ тутиб, эслади доктор ва аччиқ кулди.
Доктор оқшом узоқ вақтгача ухлагани ётмади, қўлида шам билан уйни айланиб чиқди, хонадан-хонага ўтди, ўзининг бўйдоқларча тартибсиз ҳаётини эътибор билан кузатди, гўё у бу манзарани биринчи марта кўриб тургандай бўлди. Бехосдан доктор ушбу манзарадан даҳшатга тушди: уйнинг ҳар бир бурчагидан унга ўз ёлғизлиги, боя Матрёна Ивановна айтганидай, тўнғизларча бўйдоқлиги тикилиб қараб турганга ўхшади. Уйдаги яшайдиган жой иси келган ягона хона докторнинг иш кабинети эди,– китоб жавони, тиббий асбоб-ускуналар, турли асбоблар, китоблар, қоғозлар қалашиб ётган ҳам чанг ва тамаки куллари қоплаган ёзув столи. Ётоқ бутунлай бўш, ўртасига каравот қўйилган хонадан иборат эди. Доктор тўшак ўрнида хашак устида ётар, уни ҳар куни алмаштириб турарди. Доктор Жойканинг хонасида узоқ қолиб кетди. Бу кўзлари хантал тусидаги ажойиб қаҳваранг пойнтер эди: Жойка қариб, куч-қувватдан қолган, ўсал бўлиб ётарди, бунинг ягона давоси– ўлим эди. Ақлли ит эмасми, афтидан, ўз аҳволини англаб ётарди ва негадир хўжасига ёшланган кўзлари билан айбдорларча мўлтираб қаради.
– Ишлар чатоқ, Жойка,– деди доктор итнинг қуп-қуруқ тумшуғига қўл тегизиб.
Жойка аранг орқа оёқларини похолга тираб туришга уринди, бир оз чўзилиб, бир неча одим отмоқчи бўлди, бироқ бўлмади, ҳоли келмади, фақат думини қайғули ликиллатиб қўйди, холос. Нахал ёшлигига бориб, ҳозир кўраётган саҳнасини худбинларча тушунгиси келмай, докторга тиқилди, малларанг майин жунли боши билан докторнинг тиззасига суйкалди.
– Бу Матрёна деганлари шундай тентакки!– деди овоз чиқариб доктор Нахални эркалатаркан.– Инсоннинг ягона дўсти бу– ит. Тўғрими, Жойка?
II
Уезд шаҳри Пропадинск, Матрёна Ивановна тилга олганидай, унчалик чеккадаги овлоқ жой эмасди; аксинча, озодагина ва йигирма минг кишилик аҳолиси бор, саноати тараққий этган ва айни турмуш тарзиинг қизғинлиги билан фарқ қиладиган барча Сибирь шаҳарлари каби жўшқин ҳаёт қайнаган шаҳарча эди. Тик кетган, кенг кўчалар, тош ва ёғочдан ясалган бинолар мўъжаз тоғ дарёси Пропадинка оқимига мутаносиб солинган эди. Олислардан шаҳар манзараси жуда гўзал кўринарди: иморатлар, боғлар, черковлар, маъмурий бинолар, чорбоғлар, ер-жойлар ҳаммаси ранг-баранг ва жамулжам бўлиб, бир тўпни ҳосил қиларди ва буларда қандайдир нашида бор, уларнинг ўзига хослиги сезилиб турарди. Аслида шаҳарнинг қаерда поёнига етишини билиб бўлмай қолган эди, чунки ер-жойлар ва чорбоғлар нақ шаҳар чегарасига келиб қолган, сўнгра деярли марказда худди илиб қўйилган яшил қалпоқни эслатадиган, жамоат учун сайилгоҳ бўлиб хизмат қиладиган сердарахт тепалик бор эди. Ана шу умумий кўринишда тўртта шаҳар майдони ва марҳаматли Александр замони меъморчилигига мансуб казарма типидаги қатор маҳобатли тошдан ясалган иморатлар олисдан каттакон ямоққа ўхшаб турарди.
Бу турли-туман завод эгалари ва олтин конлари хўжайинлари палаталари эди. Ушбу саройларнинг ярми бўш ва аста-секин нурамоқда эди, чунки бу жойлар эгалари ёки синган, ёки ўлиб кетган, ё пойтахт, ё хорижда яшамоқда эдилар.
Пропадинск бунёд этилгач, энг гуллаб-яшнаган даври олтин конлари, завод эгалари ва тоғ-кон инженерларининг фаолияти жуда тараққий этган, ишлар қизғин авж олган қирқинчи йилларга тўғри келарди. Айниқса, олтин конлари хўжайинлари бутун Россияга донғи кетган Гуськовлар ва Ефимовлар, улардан кейин кўпас–савдогарлар Светляковлар, ижарадор Хлиздин, ароқ заводлари эгалари Барч-Гржеляховскийлар ва бошқа бойлар номлари довруқ қозонди. Пропадинск дадил ва тез қулоч ёйди, ҳамма тўқ, фаровон яшай бошлади, фақат Сибирдагина ана шундай эртасини ўйламай боқибеғам яшаш мумкин, сўнгра эса бирдан олтин нари “чекинади”, ҳаёт ўзининг одатий изига тушиб қолади. Ёввойи миллионлар ўрнига саҳнага базўр қўлга киритилган сармоялар, саноатчилар ва янги феъл-атворли тадбиркорлар чиқади.
– Нимасини айтасан, барибир ёмон эмас, яхши яшадик… нималар ўтмади!– дерди Пропадинск тўқ ҳаётининг энг барбод бўлиш даврини ҳалигача эслаб юргувчи Матрёна Ивановна.– Гуськов-чи, Михайло Платонич, жудаям ўзини кўрсатишни биларди: миллионларининг баҳридан ўтди-я, булардан озгинаси меросхўрларига қолган бўлсаям хўп гап… Бўлмаса-чи, ўзининг театри бор эди, чолғучилари тўлиқ расмана оркестри бор эди, ҳаттоки Италиядан ҳақиқий циркни ёздириб олиб келмоқчи ҳам бўлувди, кўп ўтмай ўлиб қолди-да. Анув биринчи хотинидан туғилган иккинчи қизи бор-ку, Евлампия Михайловнани эрга берганида-чи, биргина мушакбозликнинг ўзи беш мингга тушган, тўйда қанчадан-қанча идиш-товоқлар синмади, меҳмонларнинг не-не кўйлаклари тарра-бурра қилинмади– санаб, саноғига етиб бўлмайди.
– Тўйда нима учун кўйлакларни йиртишган, Матрёна Ивановна?
– Хурсандчиликдан-да, фариштам, хурсандчиликдан. Кўпасларнинг шундай ғалати одати бор эди-да: агар келиннинг ишлари жойида бўлса, бари нима парча-парча қилиб йиртилади. Мен ўша тўйда бўлганман, кийимларимни увадаси чиқиб кетганди, барини йиртиб ташлашган эди. Ҳаттоки иш шундай шармандагарчиликка бориб етадики, Михайло Платонич қандайдир хоним олдига югуриб келади-да, унинг кўйлагини ёқасидан этагигача шариллатиб йиртади, яна эгнидаги бор кийимини қолдирмай йиртиб чиқади, ўзи бўлса, қувончдан ҳўнг-ҳўнг йиғлайди денг…
Матрёна Ивановнанинг синиб, тамом бўлган бой-бадавлат Ефимовларнинг ҳувиллаб ётган кўшклари ёнидан жой олган Соборная кўчасида ўз уйи бор эди; унинг бор-йўғи учта мўъжазгина деразалари кўчага қараган ва кираверишдаги кулранг бўёққа бўялган ёғоч эшикка “Синовдан ўтган доя хотин (Sage-femme) М. И. Пупишкина” ёзувли лавҳа, катта ҳарфлар билан кўк рангда тахтачага битилиб, илиб қўйилганди. Уй эскириб кетган эди, афтидан, уни фақатгина ёғоч қопламаси ушлаб турарди. Матрёна Ивановна уйини таъмирлашни ҳам, янгисини ҳам қуришга хоҳиши йўқ, “қолган умримга шуям етиб ортади, буни уёққа кўтариб опкетиб бўлмаса”, дерди. Матрёна Ивановнанинг ана шу уйи то шифтгача турли-туман кўҳна мебелларга тўлдириб ташланган учта қутидай кичик хоналардан иборат бўлиб, худди эски-туски лаш-лушлар дўконини эслатарди.
– Буларнинг барини менга беморларим ҳадя қилган, – изоҳ берарди Матрёна Ивановна қизиқувчиларга. – Мабодо ўзларига мебеллардан бирортаси ёқмай, жонларига тегса, Матрёна Ивановнага совға қиладилар. Мен берган нарсаларини йўқ, демай олавераман, яхши одамларни хафа қилиб бўладими? Албатта, балки булар кераксиз эски-тускилардир, лекин мен ўлсам ношукур жиянларим буларни қаерга жойлашни билишади.
Меҳмонлар қабул қилинадиган хонага Карелия қайинидан ясалган диван қўйилганди, деворда бурчлари зарҳалдан жимжимадор қилиб ўйиб безак берилган, қизил оғочдан ясалган оғир ромга солинган бесўнақай кўзгу осилган эди, диван олдида юмалоқ чўян стол савлат тўкиб турарди, диван ёнбошларида мармарсимон қилиб бўялган иккита ғайритабиий тагкурси жойлашганди; қориндор ёнғоқ оғочидан комод, иккита қутисисиз бюро , бир нечта кўҳна кресло ва курсилар бу манзарани бойитиб турарди. Албатта, полга гилам ҳам тўшалганди, диванда жун ипдан тикилган, мунчоқ қадалган ёстиқ қўйилганди; столлар, комод, тагкурсилар, кресло суянчиғи ва диванга “филе” намунасидаги тўрсимон тўқима гиламчалар ва қўлсочиқлар илиб ташланган эди. Ҳақига кўчганда, Матрёна Ивановна орқадаги хонада фақат ухларди, холос, бу ерда унинг хилма-хил матоҳларга тўла сандиқлари, кейин, афтидан, шаддод кампирнинг бор бойлиги сақланадиган каттакон идиш-товоқ жавони ҳам бор эди.
– Қариганимда, нимани қаердан топишни билмай ўтирмай тағин,– танишларидан бирортаси уни хасис, деб ўпкаласа, шундай деб жавоб қайтарарди Матрёна Ивановна. – Ахир ўзим сағир бўлсам; яхши одамлар олдида юрсанг, совуқни ҳам, очликни ҳам енгасан, мана, мен яна Поленькани ҳам ўйлашим керак.
Матрёна Ивановнани уйининг ертўла қаватидаги ҳужрада бир пайтлар Пропадинскнинг шуҳрат қозонган собиқ юлдузи – Поленька Эдемова истиқомат қиларди. Ҳа, бир вақтлар бутун шаҳарнинг ақлини олган, примадонна ва олди соҳибжамолнинг энди қари бошини суқадиган бир парчагина бошпанаси йўқ эди, агарда Матрёна Ивановна бўлмаганида, собиқ театр юлдузи кўчада кимсасиз жон бериши тайин эди. Поленька олтмиш ёшни қоралаб бормоқда эди; у эгнига тўқранг кўйлак кийган, бўйнида тўқилган дуррача, бошига ажабтовур тўқа тақиб олган эди. Гарчанд кўзлари ҳамон нурли, бари тишлари бутун бўлишига қарамай, Поленьканинг тўла, хомсемиз юзи уни ўз ёшидан катта кўрсатарди; аёл сочларини қанақадир тугма билан нақ энсасига чандиб олган эди. Поленька қоматини тўғри тутолмасди, бунга Матрёна Ивановнанинг аччиғи чиқар, унга жаврагани жавраган эди. Кўпинча, Матрёна Ивановна аёлга қараб туриб, ичида ажабланарди, бу Поленька ғалати-да, мундоқ қарасанг, камсуқумгина ва ёқимтой бўлиб қолар, лекин бирдан ичидан ғурурданми, орланганиданми, қандайдир бир фарёд отилиб чиқарди-да, инжиқланиб жазавага туша бошларди, бу ҳол уни ясама ва ёқимсиз кимсага айлантириб қўярди. Одатда у бегоналар ҳузурида шундай жазавага тушарди. “Бўлди, Поленькамизга жин тегди!– дея қўл силтарди шундай пайтлар Матрёна Ивановна. – Ахир қариб қолдинг, бўлди-да, одамлар олдида томоша кўрсатишинг нимаси?” Матрёна Ивановна бу тариқа шуҳратпарастлик, хусусан, унинг изидан иззатталабликни бошидан кечириш жазавасини тушунишни истамас эди: ҳар сафар Поленька қиёфасида қачонлардир мухлислар қўлларида кўтариб юрган машҳур актриса азоб билан жон берарди, ҳақига кўчганда, аслида у гўзал бўлишга интилган малоҳатли аёл эди. Бу ҳақиқий фожиа эди, Поленька ҳар сафар одатдаги инжиқлик хуружидан сўнг мазаси қочиб қоларди. Аёл одатда бир неча кунгача кулбасига қамалиб олар, ҳеч кимни, ҳатто Матрёна Ивановнани ҳам ичкарига киритмас эди. Хонаси кичиккина ва ягона деразаси ҳовлига қараган эди. Бунинг устига Поленьканинг қизил оғочдан ясалган, айни шуҳрат чўққисига чиққан пайтлари Михайло Платонич Гуськовнинг шахсан ўзлари ҳадя қилган ғаройиб каравотидан бўлак ҳеч вақоси қолмаган эди; ана шу каравотнинг ўзини бутун бошли меъморий иншоот деса бўларди. Ғайриоддий, пастаккина ва кенг-мўл ушбу каравот суянчиқларига ажабтовур, жимжимадор қилиб ўйиб безак берилган эди. Суянчиқлар бурчларида бир-бирига ўқ узишга шайланган зарҳал амур лар ўтирарди. Поленька борадиган, бош суқадиган эшиги бўлмаган вазиятларда ҳам шу каравотни сақлаб қола олган ва унинг истаги ана шу тўшакда жон бермоқ эди. Поленька умидсизлик, тушкунликка тушган қайғули онларида ҳам каравотни беркитиб, занжирлаб, каттакон қутига солиб, судраб юрди ва анчагача юклаган буюми шунда турди. Театрда орттирган бутун шон-шуҳрат чиқиндиси ва кул-кукуни ана шу қутига жам бўлган эди; қути ичида қуриб қолган гулдасталар, гулчамбардан узиб олинган гуллар, турли ёзувларга тўла энли ипак тасмалар, сарғайиб ва ўнгиб кетган портретлар, тахлам-тахлам шеърлар, даста-даста мактублар, эҳтирос тўла қизғин номалар, назокат билан битилган севги изҳорлари ва шунчаки инсон фақат кўнглидан чиқариб муҳаббат билан ёзиб, англай олиши мумкин бўлган телбаларча сафсаталар… бари-бари шу қутида жамулжам эди. Хонанинг бор бурчини қимматбаҳо совғалар ғилоф-тиқинлари банд этган эди ва Поленька айнан ана шу ғилофлар, қутиларни қадрларди; идиш ичидаги қимматли буюм аллақачонлар ҳар хил олғир, чангали ўткир гаровгирлар қўлига ўтиб кетган эди, аммо энди, жиллақурса, ана шу ғилофлар устидаги қорайиб кетган зар билан битилган ёзувларни ўқиб таскин олиш мумкин эди. Шундай, қимматбаҳо тош – кўкиш сафсар маржон тиқини сиртига шундай сўзлар ёзилган эди: Пропадинск шаҳридан Ягона хонимга; фермуар – илгакли маржон шодаси ғилофига: Мағлуб бўлганлардан Ғолиба аёлга; гавҳар тошли тўғнағич идишига: Гуськовдан Мафтункор хонимга; сўнгра: Ишбошилар клубидан Мислсиз гўзаллик соҳибасига; майор Передериндан Менинг маъбудамга, гўзалликдан кўзлари қамашган тоғ-кон инженерларидан ва ҳ.к, ва ҳ.к. Бу совғалар ижтимоий табиат касб этган эди, уларда кўпроқ ғилофларга зеб берилган бўлиб, энг қимматли буюмларга эса баъзан биргина ҳарф билан, сана ёки йил қайд этилган эди. Олтин кони эгаси Гуськов ва ижарадор Хлиздин Поленька Эдемовага қимматбаҳо ҳадялар қилишда бир-бирлари билан гўё кимўзарга чиққандилар ва иккаласи ҳам кўнгилларида комил ишонч билан айнан Поленька Эдемова уни, ягона ўзини севишига амин эдилар.
“Худойим, буларнинг бари қаёққа ғойиб бўлди? – ғалати даҳшат ичра Поленька ўтмиш хотираларини бирма-бир ёдга оларкан.– Гуськов синиб, аллақачон ўлиб кетди, Хлиздин ҳам, Ефимов ақлдан озди… Бошқалар ҳаммаси: кимдир ўлди, кимдир эски гуноҳларидан тавба қилиб, Худога истиғфор айтиб ўтирибди, яна кимдир қариган чоғида сўнгги виждониниям ютган”.
Поленька баъзан ўзини ўзининг сояси деб ҳис қилар ва ҳаёти унга алоқ-чалоқ туш бўлиб туюларди. Тўғри, ўтмиш хусусида гап қўзғалганида, Поленька, ночор-ноилож, бутун Пропадинскни беш панжасидай биладиган мана шу Матрёна билан кўнглини бўшатган чоғлари жонланиб қоларди.
– Буларнинг бари қаёққа ғойиб бўлганини сира ақлимга сиғдиролмайман,– дерди Поленька билан қаҳва ичиб, мулоҳаза юритаркан Матрёна Иванова. – Илгарилари, илгарилари, масалан, қандай қизлар бўларди-я!..
– Менам шуни айтаман-да, – унинг гапини маъқулларди Поленька,– негадир ҳозир мен бундай қизларни кўрмаяпман, балки ёшлар ичидан чиқиб қолар.
– Йўқ, илгарилари: Гуськовларнинг Евлампияси, Хлиздиннинг қайнсинглиси Евпраксия, Ефимовларнинг Лидочка ва Капочкалари, протопоп Катоновнинг гумгурсдай уч қизи, генералнинг хотини Отметишева, маслаҳатчининг хотини Голубковалар… Бир-биридан чиройли, бири биридан ўзаман дерди!.. Эсингдами, протопоп қизларининг гитара чалгани, маслаҳатчининг хотини Голубкова бўлса, русча шалворларда, шоҳи кўйлакда қандай ўйнаганди?.. Менга ҳаммадан ҳам Евлампия Гуськова ёққанди: худди қошлари сувсардай қуюқ, кўзлари чақнаб туради, кўкраклари маъбудаларкиникидай, қўллари-чи, қўллари қандай эди!.. Худди ямшчик дай уч отли извошни ҳайдагани, вой, қўллари то кифтигача йўниб қўйилганга ўхшарди!
У ўшандан сўнг ичкиликка берилди… Оҳ-ҳо! Бари эскида қолиб кетди, энди нолиганлари нолиган, инграйдилар, йўталадилар… Биргина биз, сен билан, Поленька, омон қолдик! Тўғри, агарда ёшлар билан солиштирганда, биз ҳали, эҳтимол…
– Машенька Светлякова, Эммочка Бодман, айтишларича, гўзалмишлар?– ўзича деди Поленька.
– Машенька Светляковами? Эммочка дейсанми? Ха-ха!.. Чиройлимишлар!.. Немис мовути дегин: Эммочканинг бели жуда узун, Светлякованинг қомати худди стерлядь балиққа ўхшайди… Уларнинг ҳаммасини биламан!.. Мана энди кўп қози, инженерлар, кўпасларнинг хотинлари, – афтлари одамга ўхшайди, уларнинг ичида биттаям чиндан чиройлиси йўқ, биттаям! Мен уларни дудланган майда балиқ дейман, ҳаммаси… ҳа, турган-битганлари дудланган майда балиқ. Мана, масалан, сени олайлик: Поленька, ёшинг бир жойга борган бўлса ҳам, эски қўзиқорин бўлсанг ҳам, Худо ҳаққи, ана шу гўзалларнинг ҳаммасини бир жойга тўплаганда улар биргина оёғингга арзимайди. Оҳ, сенинг оёқларинг қандай чиройли эди, Поленька, қандай эди!.. Бекорга Хлиздин шампань виноси билан мана шу оёқларингни ювиб, кейин шу шампань ювиндиси билан меҳмонларни сийламаганди.
Поленька бу мақтовларни эшитгач, кексаларга хос юзлари қизариб, уялиб кўзларини ерга қадарди.
– Ахир мен сенга тилёғламалик қилмайман-ку, онагинам, – қўя қолмасди Матрёна Ивановна, – мен доим тўғри гапни айтаман… Фақат ўзинг қадрингни билмадинг, беҳудага ана шу разил эркакзотларга ишондинг. Мен нега шундай деяпман?.. Тўғри, Худойим мени ҳеч бир ҳусн билан сийламади, лекин мен бир нарса учун Яратганга шукур қиламан: ҳеч бир замон ҳеч бир эркакка ишонмадим, бўлмаса, бўйнимга тўрва-халта илиб, ҳар жойда сарсон-саргардон юрармидим.
– Йўқ, бунга мен ўзим айбдорман, Матрёна Ивановна…
– Оғзингни очма!.. Яна ўша песларни ҳимоя қилади-я… Афтидан, менинг қайлиғимни тортиб олганингни унутганга ўхшайсан?.. Қариб қолдим-да, бўлмаса, сен билан қандай ҳисоб-китоб қилишни билардим… Қани, виждонингни ўртага қўйиб айтгин-чи, мен кимнинг айби билан қари қиз бўлиб ўтяпман?
– Матрёна Ивановна… қўйинг… – бўғиқ овозда шивирлади Поленька юзларини қўллари билан яшириб. – Яхшиси, мени қувиб юборинг, лекин бундай қийнаманг.
– Сенинг оёқларинг ҳаққи, яхшилик қилгим келди, – кулиб дерди Матрёна Ивановна.– Бўлмаса сенинг эмас, менинг каллам жойида эмасди. Мен ўшанда ақл билан иш қилмаган бўлардим…
Ушбу эски ҳисоб-китоблар ҳикояси қуйидагидай тарзда кечган эди, Матрёна Ивановнанинг қайлиғи бўлган, у қандайдир муаллим Гогоритскийми эди, Поленька Эдемова бўлса, ўша вақтлар шон-шуҳрат чўққисида бўлиб, қанақадир шум гаров туфайли эндигина бахтли бўлиш арафасида турган ёшлар орасига нифоқ солади, актриса кўримсиз доядан унинг қайлиғини тортиб олади. Гогоритский зум ўтмай қармоққа тушади. Поленька бир неча кун у билан вақтичоғлик қилади-қилади, кейин муаллимнинг паттасини қўлига беради; йигит аламидан ичкиликка ружу қўяди ва тез орада нариги дунёга равона бўлади, Матрёна Ивановна бўлса, весталка бўлиб қолаверади.
– Мен бир нарсага ҳайрон қоламан, – фикр юритди Матрёна Ивановна ўйчанлик билан, – инсонда бу қадар ваҳшийлик қаердан пайдо бўларкин-а? Икки инсонни бирданига тамом қиласан-да, ачинмайсан ҳам… Сенга маломат тошини отмаяпман, Поленька, шунчаки мисол учун гапиряпман.
– Сенинг ўша Гогоритскийинг роса кабоб бўлганди-да ўзиям! – тўлқинланиб деди Поленька хотираларга бериларкан. – Эсингдами, тоғ-кон инженери Блюдечкин мени деб ўзини отгани?.. У олдин мени, кейин ўзини ўлдирмоқчи бўлганди…
– Шунча тентак… барини санаб, саноғига етиб бўлармиди… Дунёда не-не одамларни адо қилдинг, Поленька, қанчадан-қанча эрли хотинлар сени деб кўзёш тўкдилар, кўзларини кўкартириб юрдилар. Менми, йўқ, жаҳлим чиқмаяпти… Қана, ўша қўшиқни айт-чи, эсингдами?.. Худойим-эй, Поленька, ахир сен романс куйлаётган маҳал театрда нималар бўлган эди-я…
Матрёна Ивановна протопоп Катоновнинг қизларидан бири совға қилган гитарани сақлаб юрарди, баъзида у кечмиш эски вақтларни эслаб ушбу чолғуни чалишни яхши кўрарди. Одатда Матрёна Ивановна гитара чалиб жўр бўлар, Поленька титроқ, кексайиб қолган овози билан куйларди. Икки кампир учун энг ёқимли хотира бу кўҳна: “Менинг вафодор итим” романси эди. Поленька шу романсни айтганида, Матрёна Ивановна аччиқ-аччиқ йиғларди. Поленька Матрёна Ивановнанинг кўнглини кўтариш учун “Мўри тозаловчи Ванюша” ҳақидаги урф бўлган қўшиқни айтиб берарди, хусусан, қўшиқда “юзим қора бўлса-да, қалбим топ-тоза”, дея куйланарди.
Матрёна Ивановна докторникига охирги марта бориб келгач, тўшагида уёқдан-буёққа ағдарилганича анча вақтгача ухлолмади, сўнгра чидаёлмай каравотида чироқ ёруғида сунъий гуллар учун қоғоздан япроқ кесиб ўтирган Поленьканинг олдига тушди. Собиқ юлдуз бу юмушни яхши кўрарди, бу иш унинг ўйлашига халақит қилмас, айни вақтда унга хуш кайфият бағишлар ва яна пича бўлса-да, пул ишлаб олиши мумкин эди.
– Мен анув айиқникига борувдим, – дея Матрёна Ивановна Поленьканинг каравотига чиқиб, оёқларини чалиштириб ўтираркан.
– Қайси айиқникига? – бепарволик билан сўради Поленька ҳозиргина ясаган қаймоқранг атиргулига сиртдан разм соларкан. – Чиройли чиқди-я, тўғрими?
– Бирпас бас қилсанг-чи шу тентаклигингни… Тўғриси, унинг шундай аҳволга тушиб қолгани жудаям ачинарли!
– Кимга ачиндинг? – деди Поленька ҳамон яратган асарига тўймасдан қараб ўша-ўша лоқайдлик билан.
– Қанақа бефаҳмсан, Поленька! – тутақиб деди Матрёна Ивановна унинг эътиборсизлигидан. – Ахир мен сенга Семён Павлич ҳақида гапиряпман-ку.
– Ҳа… шундай демайсанми. Яна уришиб қолдингларми?
– Менга қара, сен аввал менга қулоғингни тут. Аввалига роса тортишдик, сўнгра мен уни гап билан бопладим, доктор бўлса тилини тишлаб қолди. Бир қарасанг, қўрс одам, лекин бирдан индамай қолди… Биласанми, Поленька, назаримда, доктор жудаям бахтсиз, жуда, жудаям бахтсиз!
– Бўлиши мумкин… мен билмайман…
Матрёна Ивановна зимдан Поленькага назар ташлади ва беихтиёр шу ўй хаёлига келиб қолди: “Манави товуқмияни ўтиришини қара. Бориб турган тўнка!” Поленька болаларга ўхшаб ўзи ясаган гулдан ўзи завқ олиб ўтираверди, кейин Матрёна Ивановнани хафа қилмаслик учун ўзини эшитаётганга солишга уринди.
– Ҳа, мен сендан сўрамоқчи бўлганим,– сўзида давом этди Матрёна Ивановна самимий.– Ахир сен Семён Павлични яхши эслайсан-а, у ёш йигит бўлиб Пропадинскка келганини?
– Доктор Осокинними?– шунчаки арзимас нарсани гапираётгандай қайта сўради Поленька.– Бўлмаса-чи, эсимда… У қачонлардир орқамдан юрган эди, аҳмоқона қилиқлари билан жонимга тегиб кетган эди.
– Қандай аҳмоқликлари?
– Ҳар хил. Ўшанда унга қарагим ҳам келмас, вақтим ҳам йўқ эди: бир тарафдан Гуськов, бир тарафдан Хлиздин шилқимлик қилиб ёпишиб олишганди, яна бу доктор етишмай турувди. Қариялар дегин жуда ақлдан озганди: мени доктордан қизғанишар, мен бўлсам, улардан қандай қутулишни билмасдим.
– Сен бу гапинг билан Семён Павлич ҳам менга ошиқ бўлган демоқчимисан?
– Шубҳам йўқ, шунга ўхшаш гап бўлган эди.
Матрёна Ивановна қанчалик ижикилаб сўроққа тутмасин, Поленька аниқ-тиниқ доктор билан ораларида нималар бўлганини эслай олмади,– кекса актрисанинг хотираси панд берди.
III
Доктор Осокин Пропадинскда ғалати инсон деган ном билан довруқ қозонган эди. Ҳамма доктор Осокинни ақлли одам, жуда ақлли, деган фикрда эди, у бирдан фавқулодда жазаваси тутиб, тентаклик қила бошларди: гоҳ беморни уришар, гоҳ бирор ойимқизнинг асабига тегиб, йиғламоқдан бери қилар, гоҳ кутилмаганда найранг кўрсатар ва ҳамманинг ҳайратдан оғзи очилиб қоларди. Шуни ҳам айтиш керакки, бир вақтлар шундай воқеалар ҳам бўлгандики, доно деб довруқ қозонгиси келган бирор вилоятлик албатта бирор хурмача қилиқ чиқарар ва шу сабаб ўлароқ, баъзан қип-қизил тентаклар ҳам то ўла-ўлгунларига қадар ақлли одам, деган шараф билан умр кечириб ўтардилар. Доктор Осокиннинг ажаб қилиқлари икки турга бўлинар эди: доимий ва тасодифий ғалатиликлар. Биринчиси, доктор гигиена мақсадида бўлса керак, доимо фақат янги хашак устида ётар, фақат қайнатилган сув ичар, фақат аллақандай ўзгача усулда ўзи учун махсус пишириладиган сабзи пирогини танаввул қилар, қишда ёзги фуражка, ёзда эса қишки телпак кийиб юрарди, бўйинбоғларни тан олмас, ўзига биргина ишни раво кўрарди ва у бундан роҳатланарди – ҳовлига чиқиб, тахланган саржинларни сочиб ташларди.
– Шундай қилсам, мусиқа эшитгандай бўламан,– дея изоҳларди доктор бу қилиғини ўзича.
Гарчанд доктор Осокин, имкон қадар, ҳамиша шахсий амалиётдан қочса-да, шаҳарда катта эътибор қозонган эди, у беморларига ўта қўпол муомала қилар, айни шу ҳаракати сўнгида акс самара берганди; энг асабий ва нозиктабиат инсонлар ҳам доктор Осокиндан бошқасига ишонмай қўйганди. Улар сабр-тоқат билан докторнинг ўтакетган қўполликларини кўтарар, йиғлар, бундай вазиятларда зарур спиртни ҳидлар, шу қўрсга асло кўринмаганим бўлсин, дея қасам ичар ва фавқулодда бирор ҳодиса юз бергудай бўлса, биринчи эсларига доктор Осокин келар ва уни чақиртирар эдилар. Ҳикоя қилишларича, докторнинг чин мухлиси, унинг ғалати феъл-атворидан ҳайратланиб, қойил бўлиб юрган беморини нақ уйидан қувиб чиқаради, m-me Берестечкинани эса биргина ичкийимда қабул қилади.
Доктор Пропадинскда ўттиз йилдан ортиқ ва ҳамиша мутлақ ёлғиз яшаб келмоқда эди. Доктор хонадони тартибсизликлар ва яшаш учун ҳеч қандай қулайликлар йўқлигига нодир мисол сифатида тилларда достон эди ва бу ўзи ҳақда афсона-ривоятлар тўқилишига асос бўлиб хизмат қиларди. Гап шундаки, доктор бу ерда ўттиз йилдан зиёд яшаб келаётгани боисдир, афтидан, шаҳардан кўчиб кетишни умуман хаёлига келтирмас эди. Докторнинг биттагина хизматкори бор эди: у ҳам бўлса, ўта аҳмоқ, эси паст қарол Авель бўлиб, доктор уни дунёда биринчи инсон деб аташ учун ҳам ушлаб турарди ва яна фақатгина сабзи пирогидан бошқа таом пиширишнинг уддасидан чиқмайдиган қари ошпаз аёл Таисья бор эди. Доктор от боқмас, чунки кишига улов бўлмиш ана шу от туфайли, шаҳар бўйлаб пиёда юришдай ажойиб роҳат-фароғатдан ўзини маҳрум қилишни истамас эди.
– Мен пиёда юришни гўзал манзара асарни томоша қилишга ўхшатаман, – дея изоҳларди доктор унга от боқишни маслаҳат қилувчиларга. – Мени афв этингу, отда юриш – бу ўтакетган телбалик ва мажбуран тўғри ўз ажали томон элтувчи осон йўлдир, мен эсам буни истамайман ва юз ёшгача яшашимга умид қиламан.
Доктор Пропадинск аҳли жамоати билан унча чиқишмас ва умуман, ҳеч кимникига бормас эди; уникига ҳам меҳмонлар камдан-кам келар ва Матрёна Ивановнанинг ташриф буюриб туриши эса бахтли истисно эди. Улар қандай таниш-билиш бўлиб қолганлар ва бунга нима сабаб бўлган, уёғини айтиш мушкул эди, яна бир нарсани ҳам қайд этиш жоизки, доктор хотинларнинг ашаддий душмани эди. Бироқ Матрёна Ивановна деярли ҳар ҳафта докторникига бориб турар ва ҳаттоки ўзининг сон-саноқсиз танишларини доктор Осокин менсиз зерикиб қолади, дея ишонтирар эди.
– Сиз уникида нима қиласиз, Матрёна Ивановна? – қўймай сўраб-суриштирарди гўл хотинлар.
– Нима қилардим? Чой ичаман… Мабодо дейлик, орадан икки ҳафта ўтиб кетди, ҳар сафар: “Нима бўлди, Матрёна, мен сени ўлиб қолдингми, деб ўйлабман”, дейди. Мен ҳам уни пирог билан сийлаб ўтирмайман-ку. Барибир ақлли одам билан гурунглашиш яхши-да, худди ақлинг бир саржинга ўсгандай сезасан ўзингни. Баъзан икки соатларча суҳбатлашамиз.
– Азизам Матрёна Ивановна, айтишларича, доктор йигирма йилдан бери аллақандай илмий иш ёзаётган эмиш, тўғрими?
– Алдаб нима қиламан, мен илмий иш ҳақида ҳеч нимани билмайман. Китобларни сўрасангиз, чиндан ҳам жуда кўп, асосан ўзимизнинг тиббиёт соҳамизга доир. Энди, ҳар хил асбоблар ҳам бор, банкалар, шиша идишлар… Уларни нима қилади – Худо билади. Шунчаки ўзини ақлли одам сифатида кўрсатади-да… Баъзан шунақаси ҳам бўлади, касаллик бор-ку, фақат отини унутдим, лотинчаси нима эди-я.
Бутун Пропадинск доктор Осокиннинг фавқулодда аллақандай илмий иш устида ишлаётганига амин эди, чунки кабинетида чироқ тун қоқ ярмидан ўтиб кетса-да, ўчмас эди. Бироқ докторнинг нима билан шуғулланиши – сир эди, гарчанд бу ҳақда яхшими ёмонми, ҳар хил тахминлар юрарди: айримлар доктор “фалсафий асар” ёзяпти, деса, бошқа бировлар вивисекция ёки спиритизм билан шуғулланади, яна баъзилари эса – доктор ҳеч қандай иш қилмайди, нари борса, фельдфебелчасига отиб туради , дердилар. Докторнинг нима ишлар билан шуғулланишига ягона шоҳид– Осокиннинг итлари эди, лекин улар худди унинг хизматкори сингари бировга кўрганларини гапириб бера олмасдилар.
– Тўрамизнинг нима иши бор дейсизми? Одати, тонг ёришгунча у бурчакдан-бу бурчакка бориб келаверади, иши шу, – терс жавоб қайтарарди Авель қизиқувчиларнинг сўроқларига. – Олдинига китобини ўқийди, сўнг маёққа ўхшаб бориб келаверади-бориб келаверади… Кейин нима бўлишини ўйласанг қўрқиб кетасан: унинг калласида нима бор, Худо билади.
Доктор Осокин итлар билан мулоқотини инсонлар мулоқотидан афзал кўрарди ва ҳордиқ чиқармоқчи ёки кўнглини чоғ қилмоқчи бўлган кезлари бўш вақтини итлари билан бирга ўтказарди. У итларига ўз қўллари билан емак беришни яхши кўрарди, ҳар куни улар билан шаҳарни икки соатларча сайр қиларди. Шаҳарда доктор итларининг ғайритабиий ақлига мисол бўлмиш ҳақиқий мўъжиза ҳақида мишмишлар юрарди, улар ҳаттоки бошқа итлар билан ўйнамасмиш, аниқ, ўзларининг аҳмоқона ит зотига мансуб эканлигидан уяладилар.
Аслида иш, айтганларидай, унчалик сирли эмас, жўнгина эди. Доктор Осокин ҳақиқатан илм билан машғул эди, жуда тиришқоқлик илм-фан билан шуғулланарди, ўз машғулотларига қанчалик узоқ кўмилса, шунчалик унга завқ-шавқ билан берилиб кетарди. Олислаб кетган ёшлигида кўнгли тусаган ишларни қилган ҳам: роҳат-фароғатдан маҳрум бўлмаган, клубларда бўлган, ҳаваскорлик спектаклларида иштирок этган, барно-барно аёлларнинг кўнглини овлаган ҳам, кейин бирданига ҳаммасини ташлаб юборади ва уйида ўтириб қолади. Шароблар, қарталар, ғийбатлар атрофида кечадиган вилоят ҳаёти чиндан ҳам докторни қизиқтирмасди ва у бажонидил ана шу турмушни “илм-фаннинг тенгсиз бебаҳо нони”га алмашган эди. Доктор Осокин айни куч-ғайратга тўлган чоғида бир қизиқарли мавзуга киришиб кетди ва уни фавқулодда қунт, матонат билан ишлаб чиқди.
Докторнинг ҳаёти бесамар кетмади ва у фахр-ифтихор билан иш столи ва қўлёзмаларига қаради. Аслини олганда, бошқалар вилоят ҳаётининг майда-чуйдаларига ўралашиб, умрларини беҳуда совуриб юрганида, у, доктор Осокин буюк ғоялар, назариялар, гипотезалар ва оламшумул туйғулар оламида ғарқ эди. Унинг ўз ғояси бор эди ва доктор буни инсоният билимларининг умум хазинасига қўшилишини, иштирок этишини истар эди. Бироқ бор илҳомини намоён этган фатҳ этгувчи, фотиҳ олим қиёфасида унинг ифтихори ва шоирона ҳайратлари кўпинча апатия–тушкунлик, шубҳалар ва ҳаттоки умидсизлик дақиқалари билан алмашиб турарди. Бу ҳақиқатан тўлғоқ азоби эди, доктор фақат бир нарсадан чўчир эди: ахир ўлик бола туққан оналар қанчалар қаттиқ азоб чекадилар, шу сингари унинг йигирма йиллик сермашаққат меҳнати ўртага чиқиши биланоқ камалак ранглари аро сингиб кетган совун кўпиги мисол ҳавога учиб кетажак таълимотлардан бири бўлиб қолиши ҳам мумкин эди. Одатда унда ана шу умидсизлик ортидан яратгувчи тафаккургагина хос кўтаринки руҳ, яъни жуда тетик кайфият пайдо бўлардики, доктор калласида ўз-ўзидан қувончли бирикмалар, мантиқий умумлашмалар, кутилмаганда якуний фикрлар ва мутлақ янги далиллар юзага кела бошларди.
Доктор Осокиннинг турмуш тарзи ва машғулотлари ҳақида баҳс кетганда, унинг Матрёна Ивановнага муносабати англашилиб қоларди: ахир тинимсиз фаолиятда бўлган олимнинг онги дам олиши ҳам керак-ку, илм-фан чўққиларидан тушиб, кичкина одамчаларнинг ҳақиқий тор дунёси, майда манфаатлари, майда иззатталабликлари ва ўзаро муносабатларида тасаввур қилиб бўлмайдиган чалкашликларни кўриб, маза қилиши ҳам керак-ку ахир. Матрёна Ивановна майда одамнинг энг яхши тимсоли, намунаси бўла оларди, у аёлни ўзига хос патологик ҳолатни ўргангани сингари ўрганиб чиқди. Аёл олимни ҳамиша таажжубга соларди, доктор, кўзларини қисганича, унга узоқ тикилиб қоларди.
– Ҳа, намунча менга тикилиб қолдинг? – дерди аччиқланганидан Матрёна Ивановна ўзини ноқулай сезиб.
– Қани сен ҳам кимгадир кўзингни қисиб, қараб кўргин-чи: ўша қараган одаминг тобора майдалашиб-майдалашиб бораверади… сўнгра бир қурт-қумурсқага айланиб қолади.
Биз ушбуларни баён этаётган маҳал доктор ўз ишининг поёнини олдиндан кўриб бўлган эди: қачонлардан буён интилиб келгани, ниҳоят ўз меҳнатини жамоат эътиборига ҳавола этиши ва ўз ғояларини янгитдан уйғун равишда муомалага қўйиб юбориши мумкин бўлган ардоқли ва лаззатли онлар етиб келаёзган эди. Ғалаба нашидаси ва тантанаси ҳақидаги ўй доктор нафасини сиқиб қўяёзган ва энди у ишимнинг арзимас томонларини тугатмасдан бирдан ўлиб қолсам-а, дея қўрқа бошлаганди. Аллақандай пуч тасодиф юз беради-ю, бутун умри мобайнида чеккан меҳнату заҳматлари поёнига етмай қолиши мумкин эдики, бу унга ўлим билан баробар эди.
“Мабодо ақлдан озмаяпманми? – дерди у баъзан эс-ҳушини йўқотгандек аллақандай чизмалар ва математик формулалар билан тўлдириб бижир-бижир ёзиб ташланган асосий қўлёзмасини варақларкан, ўйланиб. – Яна бирор ярим йил ўтгач, бари битади”.
Доктор шундай дея чамалади, бироқ иш бутунлай бошқача кечди, кулфат у мутлақо хаёлига келтирмаган томондан келди: фалокат докторнинг нақ оқ сочли бошига Матрёна Ивановнанинг тилидан келиб тушди. Ҳа, ана шу ҳеч тузалмас, тутуриқсиз хотин доктор Осокиннинг бутун бир ҳафтасини ҳаром қилди, ҳаётини пучга чиқарди, миясига Матрёна Ивановна, албатта, мутлақо онгсизлик билан, беҳосдан айтиб қўйган ибораси тақиллатиб ураверди. Доктор кабинетида уёқдан-буёққа юраркан, ҳадеб шу сўзларни такрорлайверди: “Катта қизимнинг хонаси!.. Катта қизимнинг хонаси!” Матрёна Ивановна айнан шундай деди ва ажабланарлиси шундаки, ҳаммаси шу иборада мужассам эди: нега ўғил эмас, қиз, яна албатта каттаси?
– Ахир мен ҳаётимнинг бутун бошли бобини кўриб чиқдим-ку! – таажжубланарди доктор овозини чиқариб. – Бахтли ғоя: имкониятга қараб яшаш. Ҳа, айнан шу нарса менга етишмаган эди! Баъзи қоидалар бутунлай янгитдан ёритилади.
Соф илмий ўй-мулоҳазалар билан баравар фикрлар ўзга ўзанда кеча бошлади: доктор ўзи тўғрисида ўйлади ва беихтиёр теварак-атрофига назар сола бошлади. Яна шуниси ажабланарли эдики, доктор ҳаммадан ҳам қачонлардир қари бўйдоқ бўлиб, яъни дунёдан тоқ ўтаман, деб хаёлига келтирмаган ҳам эди, ҳақиқатда эса шундай бўлиб чиқди. Ҳаётнинг ўз мантиғи бор, аммо бу ғирт бемаъни мантиқ эди. Доктор қанчалик кўп ўйлагани сайин, шунчалик миясига ҳайратомуз ўйлар кела бошлади, ҳаммадан ҳайратланарлиси шунда эдики, шу фикрларнинг бари Матрёна Ивановнанинг ўша машъум ибораси атрофида айлана бошлади.
Ана шу кўнгил кечинмаларининг оқибати ўлароқ, ажаб ножўя иш амалга ошди.
Доктор “ажойиб тонг”ларнинг бирида уйидан чиқди ва одатича, шаҳар чеккаси томон эмас, балки Проломная кўчасидан шаҳар маркази томон қараб юрди. Куз кирган, ҳар ер-ҳар ерда шаҳар кўчалари бутунлай лой-балчиққа ботган эди, бироқ доктор ўтиладиган йўллардан олға қадам ташлаб ўтди ва йўлида дуч келган танишларига қўлини эски телпагига қўйганича алоҳида эътибор билан таъзим қилди. У Проломная кўчасидан ўтиб, лой-балчиққа ботиб ётган Чайқов бозорига чиқди, сўнг ун дўконлари мўл, деҳқонлар аравалари ва гурра каптарлар галаси донлаган торгина Мучная кўчасига қайрилди. Ниҳоят, доктор шаҳар марказига кўҳна расталар билан банд Соборная майдонига келиб қолди. Доктор бинолар тепасига осилган лавҳаларга кўз югуртираркан, ғўлдиради: “Йўқ, бу ер эмас…” Атторлик моллари расталари, колониал дўконлар, қизил газмоллар расталари, саррожлик дўконлари– буларнинг докторга кераги йўқ эди.
– А-ҳа, мана бу ерда экан,– доктор овозини чиқариб деди, Соборная майдонига чиқадиган бино бурчига осилган лавҳани ўқиркан. – “M-me Раскепованинг мода ва кўйлаклари”. Мана… шу ерда…
Доктор бутун бошли Соборная майдонидан осонгина ўтиб олиб, тўғри мода дўконига йўналди ва фақат бир оз нафас ростлаб олиш учун пиллапоя ёнида тўхтади. Сўнгра салмоқланиб, тош зиналарни ҳатлаб, иккинчи қаватга чиқди, шиша фонардан сиқилиб ўтди ва ниҳоят дўконга кириб келди. Доктор Осокин ҳеч қачон бундай жойларда бўлмаганди, у учала ойнаси майдонга қараган узун хонага бирма-бир назар солиб чиқди. Деворга яқинроқда тайёр кўйлаклар жавони турарди; ушбу жавонлар ўртасида кўкранг картонларга лиқ тўла тасмалар, тўрлар ва ранг-баранг кашталар намуналари учлари чиқариб кўргазма қилиб қўйилган, узунасига локланган ёғоч рафлар чўзилиб кетганди. Алоҳида ойналарда, энлигина пештахталарда доктор вазифаси нима эканлигини базўр фаҳмлаши мумкин бўлган қуйидаги буюмлар чиройли қилиб териб қўйилган эди: тўқа тўрбезаклар, тасма парчалари, капалакнусха безаклар, қийиқ дурралар, шарфлар, бўялган патлар, турфа рангли найчасимон шиша мунчоқлар, қанақадир биринждан ясалган шақилдоқлар ва ҳ.к. Мўъжазгина ярим доира шаклидаги арк, полга турли-туман газмоллар ўрами уйиб ташланиб, банд этган кейинги хонани бирлаштириб турарди. Ана шу ранго-ранг тутун пардаси орасидан ёшгина тикувчи қизларнинг шаддодгина кўзлари қизиққонлик билан докторга тикилди.
– Нима хизмат, доктор? – ёқимли овозда сўради m-me Раскепова аркда пайдо бўлиб. – Сиз ҳузуримга биринчи марта келишингиз шекилли… Марҳамат, ўтиринг.
– Ҳа, менинг сизда жиддий ишим бор, – сўз бошлади доктор телпагини беҳуда картон қоғозлар орасига тиқишга уриниб. – Нима десамикин, менга бир ёш қизга керакли анжомлар керак, ҳаммаси… Оти нимайди, кечирасиз, шундай сўз бор-ку…
– Сеп.
– Ҳа, ҳа, айнан сеп, – енгил тортиб деди доктор ва қўлларини оқ сочларига олиб бориб, таради. – Диққат қилинг, сеп ёшгина хонимга керак.
M-me Раскепова илтифот билан кулди:
– Сеп кекса аёлларга қилинмайди-ку.
Қўшни хонада ёш тикувчилар калака қилгандай кулдилар ва ҳаттоки манекен ўрнида хона ўртасида турган рангпар, озғин қиз ҳам илжайиб қўйди; тикувчиларнинг онабоши тикувчиси, кўзлари жаҳлдор, сарғиш аёл кула олмади, чунки оғзи нинатўғнағичларга тўла эди, у манекенга кўйлакни кийдириб кўраётганида шу ниналар қадаш учун керак бўларди.
– Доктор, жиянингизними ёки камбағал қариндошингизни турмушга беряпсизми дейман? – сўз қистирди m-me Раскепова.
– Й-йўқ… ундай эмас,– деди хижолат тортиб доктор ва ҳаттоки телпаги билан бир нечта картон қоғозни тушириб юборди. – Бир ёшгина хоним бор, менга жуда яқин…
M-me Раскепованинг юзи жиддий тортди, пистадай кичкина лабларини қаттиқ юмди-да, докторга қисқача қилиб, “ёшгина хонимга” нималар кераклигини айтди. Хонимнинг бўйи масаласида қийинчилик юзага келди, бироқ доктор унинг ўлчамини келтиришни ваъда қилди.
– Ўзингиз бир тасаввур қилинг-а, madame, бу хонимнинг қатъиян ҳеч вақоси йўқ, – дея изоҳ берди доктор оқиш қошларини кўтариб.
– Яна, иш бўлмаса, ўша ёш хоним тақадиган қўлқопи нечанчи эканлигини билиб келинг, кейин нечанчи пойабзал кийишиниям, – қуруққина қилиб тушунтирди m-me Раскепова тундлик билан жиддий оҳангда.– Бизнинг вазифамиз ҳар қандай буюртмани ўз вақтида ва виждонан бажариш.
Доктор m-me Раскепова охирги жумлани қандай таъкидлаганини умуман пайқамади; у тўқранг сочлари силлиқ таралган тўлагина сипо хонимга ишонувчан нигоҳ билан жилмайиб қаради, мана шу дўкон, тасмалар, ерда сочилиб ётган матолар, шўх-шаддод қизларнинг кулиб турган юзлари каби бу аёл ҳам унга ёқиб қолган эди. Буларнинг бари унинг учун янгилик эди ва шунингдек, айнан унинг талабларига жавоб берарди: ўзига керакли ҳамма-ҳамма нарса шу ерда ҳозир эди. M-me Раскепова доктор қачон кетар экан, дея сабр билан кутди, у эса дўконнинг бутун анжому жиҳозларини бир бошдан синчиклаб кўришда давом этди.
– Ахир бу жуда қизиқ, жуда…– ғўлдиради у.
– Нима?
– Ҳа… Сиз, madame, эҳтимол жониворларнинг севги фаслида рангларини ўзгартириши, яъни ўз муҳитидан ажратиб бўлмайдиган туси ҳақида, кейин қушларнинг жуфтлашиш даврида қандай гўзал патлар чиқариши тўғрисида эшитгандирсиз? Худди шу нарса сизнинг соҳангизга киради ва ҳатто амалий жиҳатдан айрим йўлланмалар учун жуда фойдали манба бўлиши мумкин. Ҳайвонларнинг ўз муҳитидан ажратиб бўлмайдиган шакли ва туси– бу умумий илмий атама, гарчанд бу фақатгина алоҳида тур вакилларини муҳофаза қилиш маъносида англашилса-да, жуфтлашиш даврида чиройли патларнинг ҳосил бўлиши келгусида шу турни давом эттириш мақсадлари учун хизмат қилади. Гарчанд бу ҳолатда ўсимликлар роли пассив бўлса-да, шу ўринда ранглар ўзгариши фаҳмланади: яъни уруғлантирувчи гулларни чанглатадиган ўша ҳашаротлар эътиборга олинади. Фақат, биласизми, бир жиҳати бор: жониворлар турни давом эттириш чоғи уларнинг нари тусини ўзгартиради, холос, инсонларда эса аксинча.
– Кечирасиз, доктор, менинг вақтим йўқроқ эди, – деди энсаси қотганидан совуққонлик билан гапни кесиб m-me Раскепова.
– Айбдорман, яна бир савол: умид қиламанки, ишингиз яхши кетяпти?
– Ҳар қалай ёмон эмас, шикоятим йўқ.
– Кийим-кечакка айниқса қачон талаб кучаяди, йилнинг қайси фасли, кузатганмисиз?
– Албатта, қишда, доктор… Баллар, оилавий тадбир кечалари, театр, умуман, биз бу вақтда, айниқса катта байрамлар олди ишга кўмилиб кетамиз.
– Қизиқ… Яна бу ерда махсус инсон хусусияти кўзга ташланади. Аммо бу тушунарли ҳол, чунки инсон иқлим шароитларига азалий қарамликдан озод бўлади ва ҳаётнинг сунъий шаклини бунёдга келтиради.
– Кечирасиз, доктор…
– Бўлди, кетяпман, кетяпман… Биз яна сиз билан бирор вақт бу ҳақда бафуржа суҳбатлашамиз.
– Менга бари ўлчамларни жўнатишни унутманг.
– Албатта, – ғўлдиради доктор телпагини оқ сочли бошига бостириб кийиб.
Ҳали доктор кетидан эшикни ёпар-ёпмас, бутун дўкон кулгидан зириллаб кетди: m-me Раскепованинг ўзи иккала қўлларини силкиниб турган бўлиқ кўкракларига қўйганича кулгандан-куларди, ҳатто тикувчилар онабошисининг ўзи ҳам ҳиҳилаб кулаётган манекен олдида азбаройи кулавериб букчайиб қолганди; ҳамма чеварлар, тикувчилар ҳамда дазмол босаётган ва турли юмушларни бажарувчи кичкина югурдак қизлар ҳам кўзлари ёшлангунча кулмоқда эдилар.
– Бир қаранг-а: умуман ҳеч вақоси йўқ ёшгина хоним…– такрорларди m-me Раскепова гўштдор кифтларини кўтариб.– Бу хонимларни биламиз!.. Ха-ха…
M-me Раскепова билан бирга, афтидан, бари ана шу тўр, картонлар, тасмалар, кашталар, капалакнусха безаклар куларди, харидорларга намойиш қилиш учун осилган тайёр кўйлакларнинг бўм-бўш енглари шалпайиб, қайғули тарзда елка қисиб турарди.
IV
Бутун Пропадинск доктор Осокиннинг кўрсатган ҳунари ҳақида гапирарди, чунки m-me Раскепова бу ҳақда ҳикоя қилганда муболағаю ташбеҳларни тежаб ўтирмади, сўзда хасислик қилмади ва ўзича “предметни ёритди”. Хонимлар даҳшатга тушдилар ва бўлиб ўтган воқеани ақлдан озган докторнинг қарилик телбалигига йўйдилар. Кўплар шундай бўлганлигига ачиндилар, баъзиларнинг аччиғи келди, қолганлар елкаларини қисиб қўя қолдилар ёки маъноли қилиб томоқ қирдилар.
– Ахлоқсизлигимни пардалашим керакдир, деб ҳам ҳисобламаган, – дерди жаҳллари чиққанидан хонимлар. – Бир хил эркакларга ўйнашини таъминлашини бошқалар орқали қилсаям бўларди-ку. Бўлмаса-чи, куппа-кундуз куни тўғри дўконга кириб келадилар-да, дейдилар: “Унинг ҳеч вақоси йўқ…” Ажаб бўпти!
– Қизларим олдида жуда ёмон аҳволга тушдим, – дея m-me Раскепова буюртмачиларига уқтирарди.– Мени афв этингу, ўзининг бориб турган шармандагарчилигини шундай андишасизлик билан изоҳлашидан ёқа ушлайсан… Қаранг-а, доктор ҳамма аёлларни паррандалар, эркакларни эса ҳайвонлар дейди. У буни шундай ғалати қилиб айтадики.
Ҳамманинг хаёлини бир хилда ягона савол банд этди: ким экан докторнинг кўнглига шунчалик яқин бўлган, ҳеч вақоси йўқ ўша сирли ёшгина хоним? Эътиборли хонадонларда оналар ёш қизлар ҳузурида доктордан гап очилгудай бўлса, кўзлари мўлтирай бошларди; унинг номи юқумли маразга ўхшаб қолганди. Умуман, шаҳар аҳлининг энг покиза туйғуларига тил теккан, расво бўлган ва ҳақорат этилган эди ва шунда табиийки, ҳамма нигоҳлар доктор хонадонига бориб турадиган ягона инсон Матрёна Ивановнага қадалди.
– Хўп ажойиб дўстингиз бор экан-да ўзиям, – дея ҳужум қилди хонимлар Матрёна Ивановнага. – Ўзингиз ўйланг, ҳар бир оилада бўйи етган қизлар бор, буёқда эса бирдан шундай шармандалик, можаро чиқиб турса… Яна, устига-устак, аҳли жамоат одоб-ахлоқи, жамият фикрига тупуриб, очиқ-ойдин шунақа иш қилиб турса.
– Қариганда чол ёмон қайтибди, эсини еб қўйибди, – Матрёна Ивановна уларнинг фикрига қўшилар, бошини чайқарди. – Охирги сафар уйига борганимда мен ҳам пайқагандим буни, ўшанда тикка туриб, бетига шартта айтиб ташлаганман.
– Сиз ўзингиз докторникида ўша ёшгина аёлни кўрганмисиз?
– Ҳай-ҳай, нималар деяпсиз, бекам, ҳозир ҳаддингиздан ошдингиз; мен қизман ва бундай нарсаларни тушунмайман, ҳа. Шунақа ишдан сўнг агарда кўчада Семён Павлични кўриб қолгудай бўлсам, мен уни танимайман, ҳа… Кечирасиз, уни деб, мени бирорта тузукроқ хонадонга киритишмайди энди!
Бир сўз билан айтганда, Матрёна Ивановна доктордан қатъиян воз кечди ва ҳаттоки уникига чой ичгани борганидан ҳам тона бошлади.
– Атиги, балки икки мартача боргандирман докторникига, яна тиббиёт масаласида, нега десангиз, ахир соҳамдаги муаммони мен ким билан маслаҳатлашаман бўлмаса?
Бироқ баъзи хонимларнинг тахминлару фаразларидан осонликча қутулиб бўлмади.
– Бу ерда ишқий саҳналар яширин бўлганлиги муқаррар,– бир овоздан такрорларди улар.– Ахир сиз докторни анчадан буён биласиз, Матрёна Ивановна; эҳтимол илгари шундай ишлар ҳам бўлгандир…
– Ишқ?.. – дейди Матрёна Ивановна ўзини тушунмаганга олиб содда-муғамбирлик билан; юмалоқ бошини йўқ, дея чайқайди. – Йўқ, ишқий саргузаштга ўхшаш ҳеч бир воқеа бўлмаган. Доктор бир тўнғиздай бўйдоқлигича кун кечираяпти, бўлгани шу. Энди у ким билан ошиқ-маъшуқ ўйнасин?.. Илгарилари у, албатта, ҳамма жойга: Гуськовларникига, Ефимовларникига, протопоп Катоновларникига, маслаҳатчи Голубковларникига бориб турарди. Ҳаммаёқда бўйқизлар ва хонимлар бўларди, лекин ҳеч қандай ишқий муносабатлар бўлмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмасди. Бунисини мен яхши биламан ва бошимни кундага қўйиб айтишим мумкин. Кўзларингизга дарров ишқ саҳналари келади-қолади-я, э-ҳе, илгари бунақа ишларга қаттиқ туриларди… Албатта, ўтакетган суюғоёқ аёллар ҳам бор эди, улар эркаклар билан эркин муомалада бўлаверарди.
Матрёна Ивановна қанчалик дадиллик билан ҳужумни қайтармасин, барибир хонимлар уни шу даражага олиб келишдики, ахийри бообрў онахон хасталаниб қолди: иситмаси чиқиб, ётиб қолди. Матрёна Ивановна тўшақда нақ уч кун ётди, бу билан Поленька Эдемовага анча-мунча ташвиш орттирди: у Матрёна Ивановнага тўғри келган малҳамлардан суртди, жўка гули дамламасини ичирди ва ҳаттоки ёниб турган лаҳча чўғ кўмирдан унга сув пуркади. Тўртинчи кун деганда Матрёна Ивановна тўшакдан туриб, ўзи севган жой – дераза олдига қўйилган ижарадор Хлиздин ҳадя қилган чуқур кўҳна креслога ўтирди.
– Худди қаҳва мени тўйиб ичгин деб, деб имлаётганга ўхшайди, – ўйчан деди Матрёна Ивановна кўчага қараб. – Куним битганга ўхшайди, Поленька. Кўзимга анави лаънати доктор кўриняпти…
Поленька уйчасида қаҳва қайнатиш билан овора бўларкан, Матрёна Ивановна бирор таниш ўтиб қолармикин, деган қизиқишда кўчага қараб ўтирарди. Матрёна Ивановна кўчага қараркан, бирдан юраги “шув” этиб кетди: йўлкадан доктор Осокин телпагида тўғри унинг уйи томонга келмоқда эди. Матрёна Ивановна қичқирай деди, аммо қўрқувдан нафаси ичига тушиб кетди, фақат у гўё ошпаз устида пичоғини ўйнатган товуқ мисол кўзларини чирт юмиб олди. Бироқ Матрёна Ивановна беҳуда хавотирга тушибди: доктор телпаги эсон-омон унинг деразаси ёнидан ўтиб кетди, сўнгра дарвоза томонда ғойиб бўлди. Поленька доктор уйчасига кириб келганида финжонга қаҳва қуяётган эди; эски актриса заиф овозда қичқириб юборди, Матрёна Ивановнанинг севимли чинни финжони полга тушиб кетди.
– Мен сизни олиб кетгани келдим, – мулойим деди доктор Осокин эшик олдида тўхтаб, энди Поленька бу телба одамдан қочиб кетиши учун ҳеч қандай имкон қолмаганди. – Боринг, кийининг, кетамиз, мен сизга бир нарсаларни…
– Нега энди?.. Билмайман, кейин борсам бўлмайдими! – Поленька ўзини бутунлай йўқотиб қўйганидан пойинтар-сойинтар гапира кетди бўйнини юпқа дурра билан яширганича.
– Йўқ, ҳозир, – сўзида туриб олди доктор. – Мен сизни кийиниб чиққунингизча шу ерда, даҳлизда кутиб тураман.
Аввалига Поленька қўрқиб, ваҳимага тушди ва ҳатто лип этиб деразадан тушиб қочиб кетмоқчи ҳам бўлди, лекин сўнг ўзини тутиб олди. Ҳақиқатан нега энди доктордан қўрқиши керак, ахир улар ҳозир ташқарига чиқадилар, кўчада эса, табиий, одамлар бўлади, ҳеч бўлмаса, қоровул, деб қичқириши ҳам мумкин-ку. У шоша-пиша қайта бўялган шоҳи кўйлагини, туяқуш пати қадалган эски шляпасини кийди, устига эскиб кетган бурнус – мурсагини ташлади ва доктор зим-зиё даҳлизда сабрсизлик билан уёқдан-буёққа юриб турган даҳлизга чиқди.
– Доктор, изн берсангиз, Матрёна Ивановнанинг олдига кириб, кетаётганимни айтиб қўяй?
– Унга шунчалик ҳурматингиз баландми? Бекорчи гапни қўйинг.
– У бетоб…
– Ўлиб қолмайди.
Поленьканинг доктор изидан итоат билан эргашишдан бошқа иложи қолмади. Доктор Поленька тахмин қилганидай, шаҳарнинг у бурчидаги уйига эргаштириб жўнади. Доктор назокатли кавалер сингари ёнидаги хоним орқасидан юрди ва фақат чорраҳага келганларида қисқа қилиб қачон бурилишлари кераклигини айтди. Шундай қилиб, улар доктор уйига эсон-омон етиб келдилар, Осокин шунчалик илтифотли эдики, ҳаттоки ўзи эшикни очиб, аёлга йўл берди ва унинг бурнусини ечишига ёрдам қилди.
Киравериш қабул хонасида меҳмонни столда қайнаб турган самовар, қоқ нонли сават ва бир қути конфет кутиб турарди. Поленьканинг кўнглига батамом ғулғула тушди ва агарда қочиш фурсати туғилса, ҳар эҳтимолга қарши чиқадиган эшикни эслаб қолди, доктор эса индамай унга бўш чойнакни ишора қилди. Поленька титраб турган қўллари билан чой дамларкан, доктор оғир қадамлар билан хона бўйлаб уёқдан-буёққа юра бошлади ва вақт-вақти билан аёлга қараб-қараб қўйди. Поленька бутун вужудида докторнинг оғир назарини ҳис қилди ва бундан ўзини баттар ноқулай ҳис қилди. Доктор эгнига эски ҳарбий мундир ва ҳатто крахмалланган кўйлак кийиб олган, афтидан, шу либос баданини қисаётган эди.
– Чойни аччиқ ичасизми ёки унча эмасми?– ниҳоят Поленька ўртадаги оғир сукунатни бузди.
– Аччиқ.
Доктор чойни олиб, Поленькага тикилиб қаради ва дона-дона қилиб сўзлади:
– Сиз, муҳтожликда, жуда қашшоқ яшаяпсиз шекилли, хоним… Ҳа, ўйлаганимдек бўлиб чиқди ва бунга заррача шубҳам йўқ…
Поленька бирдан ловуллаб кетди, эътироз билдирай, деб оғиз жуфтлаган эди ҳамки, доктор уни қўлидан ушлаб тортди ва Жойканинг хонаси томон судради. Доктор бориб эшикни ланг очди, меҳмонига йўл берди ва яқиндагина жиҳозлаб ясатилган хона кўринишига қандайдир безовталик билан назар солиб чиқди. Хона янгитдан пардоздан чиқарилган эди: деворларга пуштиранг гулқоғозлар ёпиштирилган, ойналарга ипак дарпардалар илинган, полга Эрон гилами тўшалган, деворнинг бир томонида ипак парда остида оппоқ чойшаб солинган чиройли темир каравот турарди, икки дераза ўртасига аёлларнинг ёзув столи жойлашган, бурчакда китоблар тахланган очиқ китоб жавони, дераза ёнида аёллар иш столи қўйилган эди; комод, гардероб ва юз-қўл ювгич хонанинг бошқа бурчагини эгаллаган ва булар калтагина парда билан беркитилган эди. Ҳар ерда қатъий тартибда қизларнинг кундалик турмушида асқотгувчи ранг-баранг буюмлар тизилган эди: пардоз-андоз воситалари, альбомлар, тикуви бошлаб қўйилган кашталар, дераза токчасида унутиб қолдирилган похол шляпа ва ҳ.к.
– Бу ерда кимингиз туради? – ажабланди Поленька хонага қизиқувчанлик билан назар соларкан.
– Ким туради дейсизми?.. Бу бизни катта қизимизнинг хонаси.
Поленька ҳаммасини тушунди. Унинг ранги докадай оқариб кетди ва чой ичиладиган стол атрофидаги курсисига базўр етиб келди. Доктор яна хона бўйлаб юра бошлади, унинг қандай оғир нафас олаётганини эшитиш мумкин эди.
– Поленька, эсингиздами, сиз бундан ўттиз йилларча муқаддам “Оқ хоним”да ўйнагандингиз? – дея сўз бошлади доктор ўз ўрнига, совиб қолган чойига яқин келиб ўтираркан.
Поленька бошини қуйи эгганича индамай қолди; унинг юзига майда-майда кексалик кўзёшлари тома бошлади.
– Бу воқеа анча олдин, анча илгари бўлиб ўтган эди, – сўзида давом этди доктор бир оз тин олгач. – Мен ўшанда сизни биринчи марта кўрган эдим. Эгнингизда оддийгина оппоқ кўйлак эди, сочларингизга оппоқ чойгул таққан эдингиз… О, мен буларнинг барини жуда яхши эслаб қолган эдим!.. Сиз ўшанда шундай таъсирли, ажойиб куйлаган эдингиз, мен эсам ёш йигит эдим… Албатта, буларнинг бари қандай оқибатларга олиб келиши мумкин бўлганлигини англаяпсизми?
– Доктор, эсимда… лекин мен ўшанда шундай ғўр, тентак эдимки… Сиз менинг кўнглимни олмоқчи бўлиб, илтифот қилиб юрардингиз, лекин ахир ўшанда бутун шаҳар менинг ижроимдан ақлларини йўқотаёзганди. Албатта, бу воқеалар бўлиб ўтганига шунча узоқ вақтлар бўлдики, ундан кейин ким ўйлабди шундай бўлишини… Сиз менга шунга ўхшаш нималардир деган эдингиз, бироқ мен ҳали жуда ёш, ғўр…
– Ҳм…ҳа. Мен ҳам ёш эдим ва икки ёш биргаликда бинойидай яшасак керак, дея гўлларча фикр қилибман. Бу мен учун худди ёруғ кун сингари равшан эди, чунки… чунки мен сизни жуда севардим. Ҳа, мана энди кўзларингизга қараб шуни айтишим мумкинки, сиз ўшанда мени тушунишни истамагансиз… Бизни сизнинг театрда эришган ютуқларингиз, бошингизни айлантирган маст қилувчи шон-шуҳрат пардаси бир-биримиздан айирди. Буни тушуниш жуда осон: мен камбағал эдим, сизнинг атрофингизни эса бой-бадавлат одамлар ўраб олгандилар. Сизнинг ўрнингизда бўлган ҳар қандай аёл худди сиздай йўл тутарди… Бизнинг тузатиб бўлмас хатомиз шундан иборатки, иккимиз ҳам фақат ўзимиз тўғримизда ўйлаганмиз… Мен бошқа сева олмадим, сиз бўлсангиз, ўз ёшлигингизни арзимаган сариқ чақага алмаштирдингиз.
Доктор юзини қўллари билан яширди, Поленьканинг назарида, қария унсиз йиғлагандай туюлди.
– Доктор, мени афв этинг,– шивирлади Поленька, худди “Олижаноб оталар” саҳнасидаги каби кўзларига оқ рўмолчасини босиб.– Кечиринг, доктор.
Бу жумла докторни ўрнидан сапчиб туриб кетишга мажбур қилди. У Поленькага ғалати қаради, қўлини силтади ва инграб юборди– унинг кўзлари тўла ёш эди.
– Биз мана шу ерда яшаши керак бўлган қизимиздан узр сўрашимиз керак, – деди бўғиқ овозда доктор “тўнғич қизининг хонаси”ни кўрсатиб. – Биз ўз болаларимизни ўлдирдик… Бу ювиб бўлмайдиган даҳшатли гуноҳдир. Менга ана шу олранг болалар юзлари тинчлик бермаяпти… улар кўзларим олдида тирикдай турибди… О, ўйласам, ақлдан озаман!..
Доктор ҳўнграб йиғлаб юборди ва дераза томонга тескари ўгирилди. Поленька йиғламади, бироқ вақт-вақти билан худди шикоят қилгандай шинғиллаб турган, ўчиб қолаёзган самоварга маъносиз боқди; у ўзини ана шу даҳшатли саҳна остида эзилиб, янчилиб жон бераётгандай ҳис этди.
Кеч кирган, қоронғи тушганди, шунда Поленьканинг уйига қайтиши кераклиги эсига тушди. Доктор уни кузатиб қўймоқчи бўлиб отланди, у шунчалик хушмуомала эдики, ҳатто Поленькага қўлини узатди. Улар бутун йўл бўйи жим кетдилар, фақат доктор Матрёна Ивановнанинг уйига яқин қолганда деди:
– Сиз бугунги можарога унчалик эътиборингизни қаратмайсиз, деб умид қиламан… Ҳаётга фалсафий нуқтаи назардан қараш керак. Биз ҳаммамиз табиатнинг кўр қонунлари қўлида фақатгина материал ҳисобланамиз, холос.
Поленька ҳеч нима деб жавоб қайтармади, докторнинг қўлини индамай қисиб қўйди-да, индамай хонасига кириб, ғойиб бўлди. Доктор бир оз вақт йўлкада турди, сўнг деди:
– У ҳалиям ўша-ўша бефаросат тентак.
Доктор аввалига ихтиёрсиз равишда уйга йўл олди, бироқ уйига кўзи тушгач, уни қандайдир куч итарди: бу ерда нима қилади? Нимадир кўкрагидан босиб тургандай бўлди, шунда у хонасида бўғилиб, нафаси қайтгандай бўлди. Унга ҳаво, имкон қадар кўпроқ ҳаво керак эди. Доктор кейинчалик бу кечани қандай ўтказганини яхши эслаёлмади; у Пропадинскнинг лой-балчиқ кўчаларида то тонг отгунга қадар юриб вақтини ўтказди ва жуда тушкун, хароб аҳволда: балчиққа ботиб, тинка-мадори қуриб, ҳолдан тойиб, телпаксиз уйига қайтди. Ҳатто Авель хўжасини бунақа умидсиз, тушкун кепатада кўриб қўрқиб кетди.
Ана шу машъум тунда доктор яна бир карра ўз ҳаётини бошдан кечирди. У азоб-изтироб билан ўзи Пропадинскка ёш врач бўлиб келган узоқ ўтмишини аниқ-равшан кўрди. Ўшанда яқиндагина шаҳарда биринчи театр ташкил бўлган, труппа харажатларини олтин кони хўжайини Гуськов ўз ҳисобидан кўтарган эди. Ҳар қандай янгилик каби театр ҳам оммани ўзига жалб қилган, ана шу жамоат узра малла сочли, ажиб кўзлари чақноқ Поленька Эдемова давру даврон сурарди. Поленька хавфли йўлдан кетаётган эди, чунки теварагини ўраган бари тутуриқсиз саёқлару ва ҳаддини билмайдиган бойваччаларга ўта кўнгилчанлик билан муносабатда бўларди. Қизда муваффақияти гарови эҳтимоли ҳисобланмиш ўша соддалик ва ёшликнинг ғўрлиги, беғуборлиги бор эди. Поленькага изидан йигитларнинг илакишиб юриши, унга илтифот қилиб, кўнглини овлаши ёқарди ва қиз хушторларининг барига, жумладан, докторга ҳам ўз табассумини аямай улашаверарди.
Доктор энди хотирласа, ёмон театр, дидсизларча бўялган ёмон парда, ёмон оркестр ва юрагини ҳовучлаб сездирмай ўтиб борадиган жой исқирт саҳна экан. Поленьканинг пардозхонаси саҳнанинг ўнг томонида бўлиб, аллақандай ёғоч тагсупадан уч поғонача чиқиб бориш керак эди. Бу ерда ҳамиша янги бўёқ, ёниб битган шам, навқирон дарахт ва яна фақатгина вилоят театрлари кулислари ортидан анқийдиган ҳид анқиб турарди. Доктор пардозхонага кириб келган маҳал Поленька бу ерда ёлғиз бўлиб, саҳнага чиқишга шай бўлиб турарди.
– Мазангиз йўқми? – сўради Поленька докторга қараб.
– Ҳа, мен сиз билан гаплашиб олишим керак, – деб гап бошлади доктор жиддий оҳангда. – Беш дақиқа бўш вақтингиз борми?
– Гапираверинг, фақат тезроқ… ҳозир парда очилади.
Доктор, сўзларни шошилиб танлаб, одатда ҳар бир санъат даргоҳида бўлгани каби театрда ҳам машҳур кишиларни ўраб турган хавф-хатар ҳақида, ана шу шон-шуҳрат, муваффақиятларга қайғули ва аянчли келажаги эвазига эришилажаги ҳақидаги муқаддима сўзларини ирод этгач, у актрисага ўз қўли ва юрагини таклиф этди.
Поленька, аниқ, қўрқди ва ранги оқариб кетди. У бир неча лаҳза докторга жим қараб турди-да, сўнг чиройли малласоч бошини орқага ташлаганча деди:
– Доктор, менинг сира вақтим йўқ, парда…
– Бу жавоб эмас.
– Мен сизни ранжитганимдан афсусдаман, доктор, бироқ мен… мен… хуллас, сиз мени танлаб, янглишдингиз.
Алам ва умидсизликдан, бундай аҳмоқона вазиятга тушган аксарият бошқа йигитлар каби доктор ҳам бутун вужуди билан илм-фанга шўнғиб кетди. У таниш-билишчиликни йиғиштирди, ижтимоий ҳаётдан воз кечди ва ўзини уйининг тўрт девори орасига маҳкум этди, уйдан фақат ишлаётгани тиббиёт ихтисослиги ишларига тааллуқли ҳоллардагина чиқди.
Доктор Поленькадан воз кечаркан, оилавий ҳаётни бутунлай рад этаман, деб мутлақо хаёлига келтирмаган эди ва вақти келиб, пок қалбли бирор меҳрибон қизга уйланиш ва турмуш қуриш учун фақат Поленькага бўлган туйғулари сўнишини кутди. Йиллар кетидан йиллар ўтди, докторнинг қалби эса аёлларга нисбатан алам-нафратга тўлиб тошди. Аёлларда бирор-бир нуқсон топгудай бўлса, у терисига сиғмай қувониб кетадиган бўлди. Албатта, эркакларга солиштирганда, аёл энг паст жонзот ва бу жинс вакиласи бўлмиш аёл ҳеч қачон болалик ҳолатидан, кўзи очилмаган ушбу зулматдан чиқа олмайди. Эркак одамнинг севгилисига бўлган муҳаббати айнан болаларга бўлгани каби, худди шундай эркаклар ўртасидаги муносабатларда ҳақорат ҳисобланмиш аламли шафқат ҳисси англашилади. Аёллардаги ана шу тентакона болалик тўғри кексаликка ўтади, ўтганда ҳам самарасиз афсус-надоматлар, мизантропия – одамовилик ва риёкорлик билан бирга ўтади. Тентак аёллар ана шу беш-олти йиллик болалик бахтини қолган бутун туссиз умрига алмашадилар. Эркак киши эса ҳали ҳаёт шавқига тўла, айни куч-қувватга тўлган пайтда бўлади ва аёл киши бундай ҳаётга кўникканлиги сабаб яшашда давом этаётганида, ўзининг ярим онгсиз мавжудлиги ҳолатида жони узилаётган маҳал эркак олға интилиб бораверади.
Бир сўз билан айтганда, доктор мизантропияга тушиб қолган, яъни одам иқини суймайдиган бўлиб қолганди ва у ўзини дунёдаги бари аёлларга қарши ножўя хатти ҳаракатлари билан овутарди.
V
Поленька докторникидан қайтгач, қаттиқ тоби қочиб қолди. Энди унга қараш гали Матрёна Ивановнага келди. Яна ўртада сирли малҳамлар ва жўка гули пайдо бўлди. Поленька баъзан билдирмайгина йиғларди, лекин Матрёна Ивановна унинг йиғлаган кўзларини кўриб, ғазабланарди.
– Шошмай тур ҳали, ўша ярамаснинг додини бермасамми ҳали, – дўқ қиларди Матрёна Ивановна докторнинг отини атамай.
– Йўқ, у жуда яхши одам, – дея Поленька докторни ҳимоя қиларди.
– Яхши, жудаям яхши!
Матрёна Ивановна, Поленька унга ҳаммасини, унга нима бўлганини айтиб беришини кутишга тўла ҳақли эди, бироқ Поленька ўжарлик билан сукут сақларди ва фақатгина оғир хўрсинарди, холос. Албатта, Матрёна Ивановнанинг ўрнида бўлган ҳар қандай одам Поленькадан нима бўлди, қани, айт, деб тўғри сўрайверарди, бироқ Матрёна Ивановна, аввало, мағрур аёл эди ва бегона одамнинг кўнглига суқилиб киришни умуман хоҳламасди. Бундан ташқари, Матрёна Ивановнага уларнинг ўрталарида бўлиб ўтган воқеанинг ярми бутунлай равшан эди: ҳаммасига айбдор доктор Осокин ва у ўша нусханинг қандай таъзирини беришни билади.
Поленька пича тузалиб, бировнинг ёрдамисиз юра оладиган бўлгач, Матрёна Ивановна мўлжаллаган биринчи навбатдаги ишини амалга оширди, олдиндан ана шу инсон зотига мансуб газанда билан ҳисоблашиш интиқоми лаззати таъмини туйиб, докторникига жўнади. Матрёна Ивановна ўй-хаёллари билан банд, докторнинг уйига қандай келиб қолганини билмай қолди. Эшик қулф эмас экан, Матрёна Ивановна, доимгидай, доктор қабул хонасига бемалол кириб келди. Дастлаб уни ҳайратда қолдирган нарса анчадан буён уйнинг иситилмаганлиги ва бўм-бўшлиги бўлди.
– Ҳой, Семён Павлич, қаердасан? – чақирди Матрёна Ивановна теварагига аланглаб.
– Бу ердаман, – кабинетдан бўғиқ овоз эшитилди.
Доктор эгнида эски ҳарбий шинель ва бошида ёзги фуражка, клеёнка қопланган кўҳна диванда ётарди. Матрёна Ивановна уни хаста ҳолатда кўриб жойида қотиб қолди: бу бошқа биров, сап-сариқ, сўлғин, кўзлари ости қовоқлари қорайиб кетган, нигоҳлари безовта бегона одам эди.
– Нимаси бу, қари хўроз, суваракларни музлатиб қирмоқчимисан? – дея унга ташланиб қолди Матрёна Ивановна.
Доктор дивандан туриб кетди ва негадир чўчиб иккала қўлларини силкитди.
– Жим, жим… ш-ш-ш! – шивирлади у худди ғозларни қўриқлаётгандай. – У ҳалиям ухлаяпти…
– Сеникидат кимнинг ухлаётганлиги менга жудаям қизиқ-да… бирор суюғоёқ аёлдир-да.
– Худо ҳаққи, жим, – ёлворди доктор. – У кеч туради.
Доктор оёқ учида қабул хонасига чиқди, ардоқли хона эшигига хавотирланиб қаради ва Матрёна Ивановнани имо қилиб чақирди. У эшикни сал қия очди-да, кўзлари билан хонани кўрсатди. Каравотда Жойка ётар ва момиқ думини гуноҳкорона ликиллатарди. Матрёна Ивановна кимга қарашини билмай қолди: хонагами, итгами ёки докторгами.
– Бу – катта қизимнинг хонаси, – деди доктор жиддий тусда.
– Бўлди-да энди, Семён Павлич, кўнгли тоза, яхши одамларнинг бошини қотирмасанг-чи…
– Агар ишонмасанг, бориб, Поленькадан сўра: бу бизнинг қизимиз.
Матрёна Ивановна бирдан қўрқиб кетди, доктор сўзларидаги осойишта оҳангдан қўрқиб кетди. Матрёна Ивановнанинг миясига ялт этиб даҳшатли фикр келиб қолди, шунда у, ўзини-ўзи тинчлантириш учун жўрттага қаттиқ овозда сўради:
– Шундайми… Қани Авель, хизматкоринг?
– Авелми?.. Кетиб қолди… У пулларимни ўғирлаб, кетиб қолди.
– Тўхтаб тур, менга қара, Худо ҳаққи… сабзи пирогини еявериб ақлинг кирали-чиқали бўлиб қолибди. Агар Авель пулларингни ўғирлаб кетган бўлса, нега полицияга айтмадинг?
– Полицияга боришнинг нима кераги бор? Мен кеча диванда ётувдим, Авель кабинетимга кирди-да, столдан пулларни олиб, кетди… Мен ундан кўзимни узмай ётавердим. У ишини устомонлик билан пухта қилди, мени ухлаб қолган деб ўйлади шекилли. Менимча, унга пуллар жуда зарур бўлса керак-да.
– Йўқ, отагинам, сен ақлдан озибсан… мутлақо эсдан айрилибсан. Қанча эди ўша пул?
– Икки минг эди.
– Оҳ, Худойим, Худойим-ей!
Доктор, афтидан, ҳеч нимани тушунишни истамади ва фақат бир неча марта бошини ушлаб-ушлаб кўрди, калласининг ўз жойида турган-турмаганлигидан аниқ шубҳаланди.
– Эсдан оғибди, бутунлай эсидан айрилибди, – дея ўйлади Матрёна Ивановна ва энди нима қиларини билмай тамомила саросимага тушиб қолди.
– Кабинетга кирайлик, мен сенга бир нима кўрсатаман, – деди доктор.
Доктор ёзув столидаги қоғозларни узоқ титкилади ва ниҳоят, катта қалин дафтарни қидириб топди. Матрёна Ивановна ундан кўзини узмай кузатиб турди. Аёл докторнинг ақлдан озганлигига энди шубҳаланмай қўйди. Нега бу одам ақлдан озган экан-а?
– Мана бунга, – деди доктор қўлларини дафтарга уриб. – Йигирма йиллик меҳнатим сарфланган… ҳа. Айтишим мумкинки, қатъиян математик йўл билан куч ва материянинг йўқ қилиб бўлмаслик ҳақиқатини исбот қилдим. Матрёна, фақат биргина аниқ фан бор, у ҳам бўлса, бу математика, мана, мен ундан фойдаландим.
– Қани, қани, бу ерда нима ёзилган, ўқи-чи.
– “Ҳаётни тугатиб бўлмаслик қонуни”,– доктор қўлёзмада ёзилган сарлавҳани ўқиди. – Сен бирор нарсани тушунасанми ўзи?
– Тушунаман, тушунаман… ўқийвер.
– Мен сенга фақат охирини ўқиб бераман. Яқиндагина тугата олдим буни… “Куч ва материяни йўқ қилиб бўлмаслик илмий белгилаб қўйилган ҳақиқат,– ўқий бошлади доктор, – гарчанд бу низом далиллари ташқи оламнинг ўта қўпол кўринишлар доирасида айланса-да, бу нуфуздан тўла фойдаланади. Менга, биринчидан, олий математика ёрдамида, ана шу қўпол эмпирик ҳақиқатни қатъиян илмий йўл билан исбот қилиш бахти насиб этди. Олинган формула кенг миқёсда шундай ифодаланади: коинотда куч ва материянинг айланувчан ва ўзаро уйғун бирикмаларини ҳақиқий захираси плюс органик ҳаётнинг бутун захираси, дунё яралиши ибтидоси ва айрим ҳолатларнинг чексиз бепоёнликдаги ранг-баранг амальгамасидан тузилган куч ва материясининг бутун захирасига тенглашади. Куч ва материя захираси худди ўшандай қолаверади, бироқ ана шу асрлар бўйи кўз илғамас бепоёнликда узайиб кетган “плюс ўсиб бораётган органик ҳаёт” қисмат кучи ила куч ва материянинг ўзгармас доира бўйлаб тилсимли доирасини ёриб ўтади; алмашиб бораётган ўзаро уйғун бирикмалар, яъни комбинациялар ва дифференцияланишга қодирлиги олға интилиб алмашганида эмас, балки тараққиёт айнан ана шу ўсиб бораётган органик ҳаёт чегараларида ҳисобланади. Ушбу плюс, қўшув ўзининг поёнсиз равишда такрорланишида, ниҳоят, кўпайтирув белгисига айланади. Шу тариқа, ташқи олам ортидан абадий куч ва материянинг таркибий ва бузувчи таъсири куч ва материянинг йўқ бўлувчанлиги чегараларида ортидан эса узоққа силжийдиган фаолиятнинг энг мураккаб ва кўз илғамас катта ички оламининг кўринишлари ўсиб бораверади”.
Доктор қўлёзмани столга қўяркан, оғир тин олди. Матрёна Ивановна хижолат тортганидан бурчакларга қаради ва қўллари билан кўйлаги бурмаларини ўйнай бошлади.
– Ҳа, Матрёна, қайси биримиз жинни эканмиз?– сўради доктор папиросини тутатиб…– Ўқийверайми?
– Ўқи, Семён Павлич.
– Яхши… Фақат сенга фойдаси камроқ бўлади.
– Майли, ҳали уришишга улгурамиз.
Доктор папиросини чекиб бўлди ва йўталиб олди-да, қўлёзмасини ўқишда давом этди. “Шуҳратнинг ачиштирувчи нафси”-чи, ибодатнинг руҳлантирувчи ҳарорати, биринчи муҳаббатнинг соф завқи, иззат-нафс таҳқирланиши азоблари, қониқарсиз ҳаётнинг умрбод изтиробга ўта ташналиги, инсон табиатининг қонуний талабларини мажбуран бўғиш, бу нима дегани? Инсон қайғу-аламлари, азоб-уқубатларининг ана шу чексиз-чегарасиз океанида худди уммонда чўкиб кетаётган инсон каби миттигина инсоний қувонч йўқ бўлиб кетса, ўша математик тенг таъсир этувчи кучни қаердан излаймиз? Наҳотки энг аниқ ва буюк математик формула ғариб-камбағал кишини тўғридан-тўғри азобу уқубатлардан, жамиятни маънавий нифоқ-ихтилофлардан қутқара олса?”
– Бироқ шу ерда, – дея гап бошлади доктор қўлёзмани бир томонга олиб қўйиб,– янги фикр пайдо бўлди. Ҳозиргача гап бор нарсалар ҳақидаги фактлар ва борлиқ кўринишлари ҳақида кетди, воқелик, мавжудот назарда тутилди, лекин қатор ҳаётий воқеа-ҳодисалар ҳам борки, унда бу ҳаёт яширин ва жонсиз, карахт шаклга кирган бўлади. Аксарият ҳолларда айнан шу ерда тўп бўлган ҳаёт учқунлари гуриллаб ёниш учун, янги мавжудотнинг серҳашам шакли қулоч ёйиши учун пичагина, арзимас нарсалар, қандайдир тасодифлар етишмайди,– бу ғафлатда ётган кучларни, имкониятга қараб яшаш деб бўладими? Ваҳоланки буларни ҳисобга олмасдан бўлмайди, чунки уларга улкан куч-қувват сарфланган, эҳтимол шуларда мавжуд бўлишнинг юксак кўринишлари намоён бўлиши мумкиндир.
Матрёна Ивановна бошини чайқади ва ўзини докторнинг гапларини тушунаётгандай тутди.
– Мана, масалан, менинг оилам бор, имконимга кўра қизим… Мен уни, ҳа, уни, қизимни кўриб турибман; у шу ерга келади, мен билан гаплашади… Мен нега илгари шу нарсани пайқамаганимга таажжубланяпман: ахир қизим ҳаммавақт мен билан яшаган, менинг ичимда… Менга қандай яхши, қандай осон… Инсонга ато этилган, айнан такрорий ҳаётда яшаш, иккинчи маротаба ёш бўлиш ва айни сен ўлмайсан, фақат янгитдан, яхшироқ яшай бошлаганингни ҳис қилиш қандай олий бахт.
Докторнинг алаҳлаб айтган гапларини тингларкан, Матрёна Ивановна йиғлаб юборди.
Доктор Осокин аста-секин ақлдан оза бошлаган эди, бу хасталик психиатрияда idée fixe номи билан машҳур. Албатта, қария энди хусусий амалиёт билан шуғулланолмасди, яна устига-устак, яшаш учун ҳеч вақоси қолмаган эди. Матрёна Ивановна бутун Россия бўйлаб докторнинг қариндош-уруғларини излади ва қидирув ишини уни ўз уйида олиб қолиш билан тамом қилди.
– Энди мен бир йўла иккаласига қарашимга тўғри келади,– деди Матрёна Ивановна.– Ҳар ҳолда уйда эркак кишининг бўлгани яхши…
Қуёш чиқиб турган ҳаво очиқ кунлари кўпинча кўчада телпак кийиб олган ва йўлка бўйлаб ўйчан ва овоз чиқариб ўзи билан ўзи гаплашиб кетаётган телба докторни учратиш мумкин эди.
1885.
Рус тилидан Маъсума Аҳмедова таржимаси