Немислар отиб ташлашганда Маргарита ўн тўққиз баҳорни қарши олган дуркун қиз эди. Бу воқеа халоскорликдан анча олдин, 1944 йил ёзининг бошларида рўй берганди. Кўринишидан нозиккина бу қиз қамоқхонанинг барча даҳшатларига ҳайратомуз матонат ила бардош берди. Маълум бўлишича, у қийноқларга чурқ этмай чидаган ва сўнгги соатда жаллодлар сафи билан юзма-юз турганида Пардикарисларга хос аччиқ табассум ила жилмайган экан. Бу ҳақда вазифаси бўйича ўлим жазоси ижроси вақтида иштирок этган ва қиз жонини фалак ҳукмдорига бахшида этиш хутбасини ўқиган руҳоний ҳикоя қилиб берганди. Яна унинг айтишича, солдатлар милтиқларини кўтаришганда сирли қилиб, “Хайрли тун!” деган экан. Тўғрироғи, сал бошқачароқ, яъни “Бўпти, хайрли тун!..” дебди.
У шаҳарчамиз хотин-қизлари орасида бундай ғайритабиий ажал билан ўлганларнинг биринчиси эди. Шу пайтгача барча аёллар кўрпа-тўшак қилиб ётганида, касалликдан ё қариликдан, туғаётган вақтда ё туққандан кейин, қашшоқликдан, ёмон эрга текканидан ёки мусофир юртига кетган эри ё ўғлини соғинганидан ўлганлар. Бундай ўлимни ҳар ким табиий ҳол деб биларди. Пардикарислар оиласида эса аёллар одатда силдан, асаб ёки юрак хуружидан ўлар эди. Кўп ҳолларда улар қариқиз бўлиб дунёдан ўтганлар. Бу наслдан сўнггиси айнан шу Маргарита бўлиб, у ҳам ҳур қиз бўлиб ўтиб кетди.
Икки йил муқаддам Маргарита Афинадаги “Арсакио” пансионини тугатган эди. Бу имтиёзли ўқув даргоҳи бўлиб, мактаб ёшига етгандан кейин оилавий анъанага кўра уни шу пансионга жойлаб қўйишганди. Она шаҳрига қайтгач, у ўқитувчи этиб тайинланди ва ўша эски икки қаватли уйда яшай бошлади. Унда Пардикарисларнинг мўътабар хонадонига тегишли сўнгги зурриётлар ҳали-ҳануз истиқомат қилар эди. Улар ўз нуфузларини қўлдан бермай, бир вақтлардаги зодагонлик рутбалари тамойилларини кўз қорачиғидай асраб-авайлаб келар эдилар. Дарвоқе, ўз наслларининг қандай келиб чиққанини ва бу насл қачонлардир зодагон бўлганми, бордию шундай бўлса, ўз улуғлигини қачон йўқотган, буни ҳеч ким билмас ва уларнинг ўзлари ҳам буни тушунтириб беролмас эдилар.
Бироқ шаҳарчамиз жамоатчилиги шу нарсага иқрор бўлишга мажбур эдики, ўз обрўларини сақлар экан, Пардикарислар ҳеч қандай хатога йўл қўймас, анъаналаридан қилча ташқарига чиқмас ва заррача ён бериш деган нарсани билмас эдилар.
Пардикарислар хонадони аёллари сочларини эскичасига турмаклар эдилар. Сочларини бош орқасига йиғиб, қаттиқ тугиб қўяр ва буни “ўрдак” деб атар эдилар. Ростдан ҳам бу соч тутами ўрдак бошига ўхшаб кетарди. Зодагонлар орасида урф бўлганидек, улар белларидан тушиб турувчи қора бахмал нимча кияр, нимчанинг ёқаси ва этакларига то тақимгача оқ-кулранг тусдаги мўйна тикиб чиқиларди.
Пардикари аёллари ҳеч кимнинг кўзига тик қарамас – бундай қилишни одатга хилоф деб билар эдилар, улар атиги ингичка лабларини қимтиб қўйишарди, холос. Бу билан улар “саркаш”, “гуноҳкор” ёки “тубанлашганлар” деб ҳисоблайдиган одамларга нисбатан ўз нафратларини аниқ ифода этар эдилар. Умуман Пардикарислар шаҳарчамиз учун Капитолий ғозларидек табаррук бўлиб қолган эдилар.
Ушбу хонадон эркаклари ҳам – улар уч нафар эди – йил ўн икки ой қора либосга бурканиб юрар эдилар. Улар ҳеч қачон қаҳвахонага қадам изи қилмас, аммо азал-азалдан, аксар ҳолларда дорихоналар, нотариал идоралар ва ғариб-ғурабою ожизларнинг хайрия муассасаларига танда қўйиб келар эдилар. Улардан биронтаси ҳам ишламасди. Бу эса уларни “қора” халқ билан аралашиб, нопоклашишдан сақлар эди. Улар замонавий илғор бўлган ҳамма нарсадан – одамлардан, газет-журналлар, турли ишлардан нафратланар эдилар. Учала эркак ҳам арзимаган нафақа оларди, аммо мана шу арзимаган даромадга қаноат қилиб, уларнинг ‘‘егани олдида, емагани кетида’’ эди.
Шаҳарнинг барча аҳолиси Пардикарисларни жамиятнинг, унинг анъанавий тамойилларининг таянчи эканликларига ўрганиб қолганди. Митрополитнинг бадхоҳ аъёнлари шу хонадон аъзоларидан қайси бирини бўлмасин черков кенгаши таркибига аъзо қилиб олгиси келар эди.
Ахлоқ-одоб устунлари саналмиш ва муттасил обрў қозониб келган мана шу одамлар шаҳарчамиздаги меҳр-мурувват муассасаларининг муттасил тепасида бўлиб келганлар. Биронта ғарибга ёрдам пули бериш ҳақидаги қарор шулардан биттаси, аксар ҳолларда “шифокор” ва “файласуф” Периклис Пардикарис томонидан имзоланиши шарт эди. У оила бошлиғи саналар, буюк жабрдийда ва мўъжизакор авлиё Антоний ибодатгоҳи қошидаги Черков кенгашининг аъзоси эди. Айтгандай, айнан мана шу ибодатхонада мураккаб бир масала юзага келди. Зиёратчилар олиб келган мой ва бошқа қурбонлиқларни ким қабул қилиб олиши керак – митрополитми, руҳонийми ёки авлиёнинг ўз зурриётларими? Бу чигал масалани Периклис Пардикарис хамирдан қил суғургандек осон ҳал қилганига ҳамма якдиллик билан иқрор бўлди. Шу билан кетма-кет унинг олий хайр-эҳсон кўрсатиш вазифаси билан боғлиқ бўлганлардан ташқари бирон-бир бошқа иш, бошқа ташвишлар билан шуғулланмаслик ҳуқуқи тан олинди.
Табиийки, Маргарита ҳибсга олинганда, шаҳарчада тўс-тўполон кўтарилди.
Эрка ўсган Пардикарислар хонадонининг сўнгги зурриёти бўлмиш мана шу муштдеккина қизалоқ Қаршилик ҳаракатида бу қадар муҳим шахс эканига ишониш қийин эди. Уйида ўтказган сўнгги икки йил ичида Маргарита уни атрофдагилардан ажратиб турувчи бирон хатти-ҳаракатга йўл қўймаган эди. Кўриниши нозик, ёруғ дунёда ўзини ёп-ёлғиз ҳис қилувчи, чеҳрасидан мудом ғамгинлик аримайдиган бу хилқат башарият келажаги ғамини ейиш у ёқда турсин, ҳатто одамлар билан эл бўлишни ҳам истамасди. Кўплар бу воқеани маҳаллий гуруҳбозларнинг фисқ-фужурлари билан боғлашга ҳаракат қилдилар. Кимдир эса ҳаммасига митрополитнинг бадҳох аъёнлари айбдор деди, митрополит тарафдорлари эса ўз навбатида шаҳар бўйлаб кўз кўриб, қулоқ эшитмаган миш-мишларни тарқатдилар. Маргаританинг феъл-атвори ҳамманинг оғзига тамба урди. Ҳибсга олинган заҳоти бу қилтириқ қизалоқ немисларга ўзининг чин ватанпарвар ва сафдошлари ҳам ўзи каби фидойилар эканини, минг уринмасинлар, ҳеч қачон она Ватанга хиёнат қилишга мажбур эта олмасликларини дангал айтди. Қизнинг сўзига кўра, унинг уйидагилар ҳам тагхонада нималар қилинганию нималар сақланишини етти ухлаб тушларида кўрмаганлар.
Разиллар, иғвогарлар ва шаҳар ғийбатчилари ўша заҳоти ундан юз ўгирдилар. Уларнинг дарди дунёси билан сариқ чақалик иши бўлмаган бу қизни бошларига урсинми?! Бу тоифа одамларнинг Маргаритадан юз ўгиришлари бежиз эмасди, улар қизни ва шаҳарда ҳаддан ташқари кўп урчиб кетган бошқа “малъун чурвақалар”ни немислар кетмасларидан олдиноқ битта қўймай қириб ташлашига умидвор эдилар. Фақат бир нарса номаълум эди: булар бари нечун фош бўлган, нима учун тинтувни айнан Пардикарислар уйининг тагхонасидан бошлашган? Кимдир Маргаритани сотганига ҳеч ким шубҳа қилмасди. Полициячилар унча катта бўлмаган матбаа ускунаси, қоғоз тахламлари, бўёқ солинган шишалар, бошқача айтганда, хуфия босмахона яширилган ертўлага тўппа-тўғри, ишонч билан йўл олганлар. Маргарита буларнинг барини эски қутига солиб, устидан мато ташлаб қўйганди. Шипдан ўргимчак тўрлари осилиб, тўсин ёғочи қуртлаган, эски кийим-кечакларга куя туша бошлаган эди. Бу тагхонага яқин орада одам оёғи тегмагандай кўринарди.
Бироқ барибир ҳам тўппа-тўғри ўша ерга кириб келишди. Демак, кимдир Маргаритани сотгани аниқ!
Пардикарислар хонадонидаги бошқа барча одамлар каби Маргарита ҳам қора либосини эгнидан туширмасди. Кўз очиб кўргани ҳам шу қора либос бўлди. Дунёдан ҳам қора либосда ўтди. Фақат сўнгги йилларда “Арсакио”дан ёзги таътилга келганида, олди капалакнусха қилиб боғланадиган оқ ёқали пешбанд тақиб юрарди. Боғичнинг учлари кўкрагига тушиб, қора кўйлак устидан кўзга яққол ташланиб турарди. Фарқи тўғри очилиб таралган ва боши орқасига қаттиқ тугилган (сал-пал “ўрдак”ка ўхшаб кетарди) сочлари, дўнг пешонаси тагидан маъюс боқувчи кўзлари, узун оёқлари ва дидсизларча кийиниши – булар бари уни бесўнақай кўрсатиб, деярли кулгили таассурот уйғотарди.
– Мишиқи қиз келди, – дея ёз бошланиши билан катта кўчада тўда-тўда бўлиб кезиб юрувчи шаҳар қизлари заҳархандалик ва киноя билан бир-бирларига шивирлашар эдилар. У ҳар доим ёлғиз юрарди. Собиқ синфдош қизлардан ўзини тортар, қўшни бўлиб яшайдиган бою камбағал бошқа қизлар билан ҳам сира очилиб-сочилиб гаплашмасди. Унинг таътилга келиши оилани мушкул аҳволга солиб қўйди. Маргарита кўринишдан беғубор, барча бирдек ҳурмат қиладиган, аслида у истиқомат қилаётган уй каби парти кетиб, шарти қолган хонадоннинг чинакам ҳаётини билмасди. Зеро Маргарита бу ердан кетганида ҳали қизалоқ эди, энди эса унга ҳақиқатни очиқ айтиш мавриди ўтиб бўлганди. Пардикарислар хонадони аъзоларининг ўзлари ҳам ҳақиқатни яширишга интилиш уларнинг бутун ҳаётини бўҳтонга кўмиб юборишини билмас эдилар.
Қишда, Маргарита ҳам “Арсакио”да эканлигида Катерина хола тонг саҳарлаб турар, ҳўл латтани тахтага урар ва устидан гўшт қиймалайдиган катта чопқи пичоқ билан тақ-тақ ура бошлар эди, – токи қўшнилар Пардикарислар яна тушликка гўштли овқат қилишяпти, деб ўйласинлар. Сира қорнилари тўйиб овқат емайдиган бу қўшнилар бир-бирлари устидан ана шундай мағзава ағдариб, обрўларини тўкар эдилар. Аммо Маргарита булар ҳақида ҳеч нарса билмаслиги керак эди. Баҳор келиши билан улар ёз яқинлашиб, “чақалоқ”нинг келиши ҳақида ўйлаб, ташвишлана бошлар эдилар. Пулни қаердан олишади, “қизалоқ” учун кийим-кечак, бошпана, кўрпа-тўшакни нима қилишади? Опаси Катеринанинг яшириб қўйган олтини борлигига Периклиснинг имони комил эди. “Чақалоқ” учун пулни у бериши керак, ҳозироқ ва айнан унга бериши керак, шундагина унинг кўнгли хотиржам бўлади.
– Бор-йўғимни еб битирдинглар, – ғазаб билан қичқирарди Катерина, – илоё уруғларингга ўт тушсин! – тинимсиз қарғанар экан, букри гавдасини тик тутишга ҳаракат қилганча қўлларини ҳавода баланд кўтариб ўйнатарди. Пул ё олтин тўғрисида битта-яримта одам унга оғиз очди дегунча иккала кўзидан ёш жилғадай оқа кетарди. Унинг Канавас исмли эри бир вақтлар Руминиядан бир халта – халтача эмас! – олтин лира олиб қайтган эди. Пардикарислар Канавосга очофатларча ташландилар. Канавас аввалига ҳайрон бўлди, – у ҳали виждонини йўқотиб улгурмаган эди, – кейин тушкунликка тушди. Бир куни деразани ланг очди-да, олтинларни кўчага улоқтирди, – ялинчоқликлару уруш-жанжаллару ғиди-бидилар уни шунчалик жонидан тўйдириб юборганди. Кўчада камбағаллар талашиб, олтин тангаларни кўз очиб юмгунча гумдон қилишди.
– Одамни еб ташлашди! Тағин қанақа одамни – чинордай баҳайбат гавдали одамни… Ўзлари етим қилиб қўйиб шўрлик қизчани, тағин…
“Шифокор” ва “файласуф” Периклисга бу сўзларнинг унчалик дахли йўқ эди – бу ўтмишдаги гап бўлиб, бунинг устига кўпиртириб юборилганди, бинобарин, у суҳбатни ҳозирги ишларга бурди, сен менинг бўйнимдасан, то менга яратганнинг раҳми келиб, сени ёнига чақириб олмагунча бўйнимда бўйинтириқ бўлиб қолаверасан, деб Катеринанинг миясини қоқиб, нақ қўлига берди.
– Бекорларнинг бештасни айтибсан, – тутақиб эътироз билдирди ғазабланган Катерина. – Пулларим ҳисобига кун кўраётган, мендан нафақа олиб турган, пул деб даргоҳимга тинмай бош урган сен ўзинг эмасми? Бўлди, энди қадам босма меникига!
– Ҳай, ҳай, секинроқ, – қўрққанидан кўзлари жовдираб деди Периклис, у биров эшитиб қолишидан хавотирланарди.
Бу бежиз эмасди ҳам… Унинг даромади хайрия маблағларидан эди. Ҳар гал камбағалларга нафақа тарқатилганда унинг чўнтаги росманасига қаппаярди. Албатта, ўзи учун эмас – Худо сақласин! – балки бева бўлиб қолган опаси Катерина учун, бечора қариқиз жияни Фотини учун, Маргаританинг онаси Антигона учун – унга ҳам нафақа тегарди… Бу пулларга тилхат ёздирмасди – бундай олийжаноб зотларга раво кўриладиган марҳаматлар лутфу карам эгасининг инон-ихтиёридаги нарса ҳисобланарди. Периклис Пардикарис хайри эҳсон деб атаган катта-катта пулларни унга ибодатхона руҳонийлари берар эдилар. Катерина буларнинг барчасидан воқиф эди ва Периклисни оғзидан гуллаб қўймасликка мажбур қилиш ҳам ўз улушини талаб қиларди. Кўп ўтмай жанжалга Маргаританинг онаси Антигона ҳам бош қўшди. Бир қўли шол Стефанос атайлаб оловга ёғ сепиб, бадтар уларнинг ғазабини қўзитар, қизи, қариқиз Фотини эса ҳар доимгидек қариндош-уруғларимиз биз қизларга, яъни у ва Маргаритага, жуда бемеҳр бўлиб кетишган деб сира гинахонликдан боши чиқмас эди. Бу можароларга қўшилишдан ўзини тийиб юрган ягона одам Василис эди. Ёнида сариқ чақаси бўлмаса ҳам қайсидир йўл билан пул топарди-да, қачон қарама, кайфи тарақ бўлиб юрарди.
Пардикарислар хонадони ҳаётининг бошига етган бу барча уриш-жанжаллар, бўҳтонларнинг асосий сабабчиси Маргарита эди. Зеро Маргаританинг ҳаёти, унинг фароғати хонадондаги барчанинг ва ҳар бир одамнинг ҳаёти, ғам-ташвишига айланган эди. Маргаританинг тақдири бутун қиш мобайнида бир-бирини ҳайвондан олиб, ҳайвонга солиш, ерга уриб, радди маърака қилиш учун яхши бир баҳона бўлди.
Ёзда Маргарита келганида уруш янги куч билан забтига олди, бироқ “чақалоқ” ҳеч нарсани кўрмаслиги, ҳеч нарсани эшитмаслиги, ҳеч нарсадан гумон қилмаслиги учун шовқинсиз, яширинча олиб борилмоқда эди. Маргарита кўчага бир ўзи чиқа олмас эди, ҳар доим унга биров ҳамроҳлик қиларди – тағин қулоғига у-бу гаплар илиниб қолмасин. Уйда ҳам у сал бир ёққа жилса, бироз кўздан пана бўлса, бирон-бир ғайриоддий юмуш билан банд бўлса, ҳамма ўтакаси ёрилиб, югур-югурга тушиб қоларди. У пайдо бўлиши билан бирдан суҳбатни тўхтатишларини, ундан бир нимани атайлаб яширишаётганини ва дарҳол мамнуният ила жилмая бошлашларини у кўп бора сезганди. Ҳар ёзда келганининг биринчи куниданоқ уни қуршаб олган бу сохта муҳитдан нафаси қайтар эди. У ҳеч кимнинг хонасига оёқ босиб кирмасди, ишхонада қорасини кўрсатмасди, уйда у ёқдан-бу ёққа юрмасди, ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамасди ва бутун хонадонда урф бўлганидек, барчага жилмайиб қарар эди. Кўпинча у хонасига кириб, эшикни ичидан қулфлаб оларди, йиғламасди ҳам, мутолаа ҳам қилмасди, дераза олдидаги стулга чўкарди-да, кўчани томоша қиларди. Бутун ёз бўйи ўткинчилар ва қўни-қўшнилар Пардикарисларнинг кўҳна уйи деразасида рангпар қизалоқ чеҳрасини кўрар эдилар, холос.
Оғир ва самарасиз куннинг якуни сифатида барча учун жоннинг азоби ва заволи бўлган оқшом бошланади – умрдан яна бир кун ўтади.
– У ётдими?
– Ҳа…
Ҳамма хотиржам тортади, уйқуга ётиш олдидан улар бирин-кетин Маргаританинг ҳузурига кириб чиқа бошлашади.
– Яхши ётиб туринг, – эшикни қия очиб, Периклис амаки ҳомийларга хос оҳангда тилак билдиради.
– Яхши ётиб туринг, – жавоб беради қиз.
– Хайрли тун, Маргарита, – дейди хиёл тутилиб Василис амаки.
– Хайрли тун, амакижон.
– Ётиш олдидан китоб ўқима… Кўзларинг… Умуман ўқимаслик керак.
– Умуман, дейсизми?
– Фақат астрономияни ўқи.
– Астрономияни?
– Яхши ётиб тур, олтиним менинг, Худонинг суйган бандаси, – бир дақиқадан кейин овоз келади эшикдан – остонада бутун гавдаси билан чайқалиб Катерина хола турган бўлади.
– Яхши ётиб туринг, холажон.
– Яхши ётиб тур, – дейди бир қўли шол Стефанос амаки. У ҳар доим Маргаританинг нигоҳида бир яширин нарсани уқиб олмоқчидай бўлади.
– Яхши ётиб туринг, – жавоб беради Маргарита унга ҳам ва яна биров келишини кута бошлайди.
– Хайрли тун, менинг Маргаритам, – дейди охирида она амрона оҳангда.
– Оҳ, хайрли тун, – такрорлайди Маргарита ва ҳамма ўтиб бўлдимикан дея ҳисоблаб чиқади. Кейин у чироқни ўчиради ва қоронғида қўлларини очиб ёйиб ётади. Охири унинг лабларида аччиқ, кинояли табассум пайдо бўлади.
– Бўпти, яхши ётиб тур, – шивирлаб дейди у ва “Арсакио”га қайтгунига довур қолган кунларидан яна биттасини ортга итқитади.
Бироқ у ёқда, “Арсакио”да ҳам у ёлғиз ва ғамгин эди, кўзлари ҳам ҳозиргидай катта-катта очиқ, интиқ, ёниқ бўларди.
У вазмин ва камсуқум бўлишга одатланиб қолганди. Унинг сира жаҳли чиқмаслигини, инжиқлик қилмаслигини, айтган нарсани жойида адо этишини ҳамма биларди. Аммо ўйинларда ҳеч қачон иштирок этмасди. Фақат аҳён-аҳёнда, қизлар ётоқхонасида чуввос солиб, бир-бирларига ёстиқларни ота бошлашганида у қўлларини боши орқасига қўйганича тўсатдан қизларга қарата қичқирар эди: “Бўпти, яхши ётиб туринглар!..” Бу унинг ҳазили, ягона аччиқ сўзи эди, бу сўзларни эшитиб, қизлар ҳар доим кулар эдилар. Шовқин икки баравар кучаярди, охири мураббия пайдо бўларди-да, чироқни ўчирар ва кетидан: “Бўпти, яхши ётиб туринглар!” – дерди. Ҳамма ёқ сув қуйгандек жимжит бўлиб қоларди. Маргарита эса қўлларини боши орқасига қўйиб, қоронғуда кўзларини катта-катта очиб ётаверарди.
Мактабни тугатиб, уйга қайтгач, унга тезда ҳамма нарса кундай равшанлаша борди. Қариндошларининг ҳеч нарсани тушунтиришларига ҳожат йўқ эди. У ҳеч нарсадан таажжубланмас, ҳамма нарса унга азалдан маълумдек ҳеч нарсани сўрамасди.
Пардикарислар хонадонидагилар ягона энг барқарор даромад ҳисобланмиш унинг зиғирдайгина маошига суяниб қолишган эди. Маргарита ҳатто қаршилик кўрсатишнинг ҳам эвидан чиқмасди. Бор топганини қўш-қўллаб уларга топширарди – унинг қўлидан шугина иш келарди, холос. Шунга қарамай, у янада каттароқ жанжалларнинг сабабчисига айланарди. Хонадондаги ҳаёт чархпалаги яна унинг атрофида айланар эди, бироқ энди у тескари томонга ҳаракат қиларди. Энди ҳамма унга бўлган телбаларча муҳаббатлари учун товон тўлашини талаб қила бошлаганди. Онаси ўз даъвосини биринчи бўлиб баён этди – иккаласи хотиржам умргузаронлик қилиши ва Маргаритага сеп тўплаш учун барча пулларни ундан бошқа ҳеч ким олиши мумкин эмас. Келинининг худбинлигидан фиғони чиққан Периклис амаки оила бошлиғи сифатида, Маргаритага мен васий бўламан, деб норозилик билдирди. Бунинг устига Маргаританинг отаси ўлимидан олдин қизига ғамхўрлик қилишни унга васият қилган эди.
Катерина холанинг “чақалоқ”қа ҳеч қандай даъво-маъвои йўқ эди, бироқ модомики акаси ва мана бу заҳарли илон – унинг хотини Маргаританинг маошини жиғилдонларига урмоқчи экан, улар, айнан улар, “чақалоқ” эмас, унга (Катерина холага) Маргаритани ўқитиш учун сотилган учта тилла узукнинг ҳаққини тўлаб қўйишсин.
Маргаританинг синглиси Фотини бағритош қариндошларидан шикоят қилиб, куну тун нола қилар эди. У ҳар куни оқшом Маргаританинг хонасига келарди-да, Маргарита ҳам унга қўшилиб кўз ёши тўкмагунча қон йиғлагани-йиғлаган эди.
Фотинининг отаси, бир қўли шол Стефанос амаки Маргаритадан ҳақ сўрамайдиган ягона одам эди. У гоҳ-гоҳ жиянининг сумкачасини қоқиштириб олишни маъқул кўрарди, бу ишни шундай дўндириб бажарардики, ўғриликда ҳар қандай одамни айблаш мумкин бўларди. Ҳолбуки, пулни ким олганини ҳамма билиб турарди, шундан кейин бошаланадиган жанжал-тўполонларни Стефанос амаки завқ билан томоша қиларди. Василис амакига келсак, бу доно “астроном” бир куни Маргарита билан юзма-юз ўтириб гаплашмоқчиман, деб қолди. У оталарча меҳрибонлик билан қизга хонадонга нисбатан ҳам, қизнинг ўзига нисбатан ҳам ҳеч қандай ғараз-паразим йўқ, умуман бу ёруғ оламдан мен ҳеч нарса умид ё тамаъ қилмайман, деб ётиғи билан тушунтирди. Айтишича, унинг учун маънавий, руҳоний бойлик ҳаммасидан устун – бошқаси абас. Биргина илинж – кунда бир стакандан ракия бўлса бўлгани, Маргарита ортиқча ғиди-пиди қилмасдан шугина сабилни мендан дариғ тутмасин. Шунда у бечора ниҳоят анави ифлосдан қутуларди. (У тунлари ўликларни кавлаб, кийимларни ечиб оладиган гўрковни назарда тутмоқда эди.) Гўрков унинг бурнидан ип ўтказиб олган, алдайди ва деярли ҳеч нарса бермайди. Бергани ҳам лоақал бир стакан ракияга етмайди. Аммо бу катта сир, фақат жиянини азбаройи яхши кўрганидан унга ҳаммасини очиб солаяпти… Пансионнинг ўн етти яшар қизлари учун қариндошлик муносабатлари, севги ва меҳр туйғулари, бир-бирига ғамхўр бўлишларини ўз ичига олган, “уй” тушунчасини билдирувчи ҳамма нарса Маргаританинг кўзи олдида маҳв бўлди.
У отаси ҳақидаги ҳақиқатни билди. Эрининг улуғлиги ва донолиги ҳурматига онаси Маргаритани тарбия қилганди. Доришунос ҳаким Григорис Пардикарис шаҳардаги энг жирканч бесоқол бўлган. Руҳонийлар, черков кенгаш аъзолари, дўкондорлар ва бошқа саховатпеша ва муҳтарам фуқаролар орасида бундайлар Худо уриб ётарди. Сўнгги йилларда у ўзидаги иллат ботқоғига шу қадар чуқур ботдики, унинг уйини қулфлаб, дорихонасини ёпишга тўғри келди.
Айтишларича, кўпчиликка маълум Канавос – Катерина холанинг эри, “бир халта пулнинг эгаси” Руминияда одам ўлдирган эмиш. У одам ўлдирмаган бўлиши ҳам мумкин, аммо четда, ҳар ҳолда унга шундай айб тақашаяпти экан! Эри йўқлигида Катерина хола бир ёш турк билан ўйнашиб қўйиб, ўзини шарманда қилган. Эҳтимол, бу ҳам бўлмагандир, бироқ азбаройи дарғазаб бўлганидан Пардикарислар бу гуноҳни Маргаританинг юзига солар эдилар. Периклис амаки ибодат меҳробига келтириладиган мойда унинг ҳам улуши бор деб билади ва шу боис мойни тўғри уйига ташиб келган. Стефанос амаки хотини ҳаётлигидаёқ энг ифлос фоҳишалардан касаллик юқтириб олган. Фотинига тақилган айблар ҳам даҳшатлиликда бири иккинчисидан қолишмайди. Василис амакини ҳаммадан яхши эди, деса хато бўлмасди. Оқкўнгилликда бу одамнинг олдига тушадигани йўқ. Фақат биргина айби шундаки, гўрковни қанчалик жинидан ёмон кўрса, “астрономия” ва ракияни шунчалик яхши кўради. Бундан шу нарса келиб чиқадики, Пардикарисларнинг саховатпеша хонадони бошдан-оёғигача иллатларга ботган экан. Маргарита жомедаги, муниципалитетдаги ўғриликлар ҳақида ва ҳамма жойда ҳукм сурган разилликлар ҳақида билиб олди. Черков, одил суд, ҳокимият, зодагонлар – булар бари унинг кўзи олдида ер билан яксон бўлди. У билган ва унинг киндик қони тўкилган бутун ёруғ олам ер бўлиб қолди. Дастлабки вақтларда у ҳар куни тез-тез ва узоқ-узоқ йиғлар эди. Бошқалардан яшириб, гоҳ мактабда навбатдаги оилавий жанжалдан кейин барча билан бирга, аксар ҳолларда тунда мутлақо танҳоликда йиғларди. Шундай дамларда қизгина Пардикарисларнинг умумий қисмати, касалликлар, ақлдан озишлар, бўҳтонлардан қочиб кетолмаслиги ҳақида ўйлар эди. Ҳатто оддий одамларнинг ташвишларидан ҳам у бенасиб эди. Тишини тишига қўйиб, оиласининг барча аъзолари каби унинг кўз олдида ер билан яксон бўлиб бораётган анъанавий тартиб-интизомга риоя қилиб яшашга мажбур. У бошқача йўл тута олмасди: бу маъносиз ақидалардан юз ўгирдими, шаҳарчадаги барча аҳолининг қарғишига қолиши тайин. Шу боис у бошқа Пардикарислар орасида ажралиб турмай, улар билан теппа-тенг яшар эди. Кун кетидан кун ўтиб, аста-секин, фикр- ларга чўмган, кўз ёшлари шашқатор бир алфозда у шундай хулосага келди: ҳаётда ҳар кимнинг нимасидир бор – севинч, муҳаббат, орзу, унинг эса ҳеч нимаси йўқ. Демак, дунёда ундан бахтсизроқ мавжудот йўқ экан-да? Одам бўлиб одамлардай эмас – заиф, аёл бўлиб аёллардай эмас – хунук; Худо ақлдан ҳам, салоҳиятдан ҳам қисган, журъатсиз, бу ёруғ оламда ўзини якранг, якнасақ ҳис этади. Ҳолбуки, оила билан у минглаб ришталар ила боғлаб ташланган. Ришталар шу қадар пухтаки, қиз уни минг чирангани билан узиб ташлай олмайди. Начора, қисматида шу ёзилган экан-да, уни ўзгартира олмайсан, ундан қочиб қутула олмайсан, ширин гап билан ҳам, аччиқ гап билан ҳам уни йўриғидан чалғита олмайсан. Ҳақиқатнинг кўзига тик қараш керак, вассалом.
Демак, юз фоиз чорасизлик… ўзининг аҳволини фикр тарозусига солиб, у яшашдан мақсадини англашга ҳаракат қила бошлади. Бир шоир айтганидек, ҳақиқат кўзига ғирт етимликнинг “қўрқув билмас ғурури” ила қарай олганидан унинг қалби ғурурга тўлди. Чор атрофда даҳшатли уруш авжга минганди. Одамлар очликдан, совуқдан қириларди, деярли ҳар бир оилада яқин одамини йўқотганлар фарёди юракни ларзага соларди – ҳар куни ажал кимнидир ёруғ дунёдан олиб кетарди. Бу мусибат бутун дунёни қамраб олганди. Маргарита авваллари бу содирликларга қандайдир ҳайрат билан қарарди. У одамлар тўккан кўз ёшлар, чеккан дарду аламлар, азоб- уқубатлар билан унинг орасида бир умумийлик борлигини англаб қолди. Юрагига ғулғула тушди. Қизгина уларнинг дунёдаги энг азиз ва муқаддас билгани – ёлғизлиги ичига бостириб киришларидан қўрқиб кетди. У бундай яқинликни истамасди, бахтсизлик бобида улар билан ўртоқлашувга тоб-тоқати йўқ эди. Ўз дарду алами ва қисмати билан у одамлардан четда бўлишни хоҳларди, уларнинг бахтсизлиги вақтинчалик, ўткинчи деб биларди.
У аввалгидай ёлғиз бўлишни хоҳларди. Аввалгидай ҳеч нарсадан қўрқмаслиги ва ҳеч нарсага умид қилмаслиги керак. Аммо мусибат ва вайронгарликнинг қутурган бўрони уни тобора кўпроқ куч билан ундагани-ундаган эди.
У ҳар куни мактабда болалар оғзидан даҳшатли хабарлар акс садосини эшитар эди. Унинг ўқувчиларидан айримларининг ота-оналари ва акалари ҳаётига уруш зомин бўлган, қай бири очликдан ўлган, яна бири жангда жон таслим қилган, яна бирини немислар отиб ташлаган, баъзилари концлагерга ташланса, баъзилари дом-дараксиз кетган – афтидан, тоғларга бош олиб кетиб, гумдон бўлишган. Болалар Маргаритага ишонар эдилар. Дилларини унга очиб солмоқчи бўлишар, ундан ҳеч нарсани яширмасдилар, “Буни отам айтди, Маргарита… Фақат ҳеч кимга айтманг, хўпми?” Маргаританинг гавдаси миқтигина эди ва ўқувчилардан ҳеч бири уни “муаллима хоним” деб атамасди, шунчаки, Маргарита, дейишарди.
Улар муаллимага оиладаги йўқотишлар ҳақида, оч қолишаётгани ҳақида сўйлар, ўтин йўқлигидан шикоят қилар эдилар, гитлерчиларнинг ваҳшийлиги ҳақида гапиришарди. Бирини ўлдирсалар, бирини ҳибсга оладилар; озиқ-овқатларни яшириб сотиб бойиётган муттаҳам олибсотарлар ҳақида куюниб сўзлар эдилар; бойлар ва баобрў шахслар анъаналарнинг қўзғалмас тахти узра қўл қовуштириб ўтирмаганлари, балки гитлерчилар билан ҳамкорлик қилаётганлари ҳақида ҳикоя қилишар эди. Ким очиқчасига, ким гитлерчиларнинг хуфия қўллари билан халқ бошига мусибатлар солмоқда. “Уларни кўпроқ ўлдиринг!” – ҳар куни Апостолос Дервис ўзининг “Карнай” рўзномасида ана шундай даъват қилар эди. Ориқ-тириқ маҳаллий раҳбарлардан хўппа семиз немисларни аъло кўрувчи унинг хотини Антигона эрини истар-истамас қўллаб-қувватларди. Қора халқ бошини кўтаришга журъат қилганидан жони чиққан таниқли капитан Льяратос шаҳардаги “хавфсизлик батальони”га бош бўлиб олди ва немис комендатурасининг доимий кунда-шундасига айланди.
Маргарита уларнинг гапларини аламли табассум билан тинглаб, агар болалар қаттиқ қўрқиб кетишган бўлса, уларнинг қўрқувини тарқатиш учун далда берадиган бирон нарсани сўзлаб берарди. Борди-ю, болалардан бири қаттиқ қайғуга чўккан бўлса, Маргарита уни бағрига босар, тасалли берар, унинг миттигина юраги тепишини ўз юраги билан ҳис этарди. Борди-ю, болалар немисларнинг панд еганларидан суюниб, овозлари борича кулишса, Маргарита ҳам улар билан бирга қувонар эди. Урушнинг тез орада тугашига, немислар янчиб ташланиб, уларнинг ватанидан умрбод ҳайдаб юборилишига одамлар қанчалик ишонаётганини очиқ-ойдин эътироф этадиган кун ҳам келди. Ўшанда…
Ўша куни у ишдан қайтиб келганида қаттиқ ҳаяжонда эди. Изтиробларининг ягона гувоҳи бўлмиш мўъжазгина хонада у қўлларини қовуштириб ўтирар экан, дунёнинг барча бурчакларидаги барча одамларнинг ўтмишдаги ва ҳозирдаги азоб-уқубатлари ҳақида биринчи марта мулоҳаза юрита бошлади. Келажакдаги яхши ҳаётга бўлган умид одамларда мана шу келажак учун курашишга иштиёқ уйғотиши ҳақида ҳам ўй сурарди. Барча одамларнинг бу улкан умидида унинг ҳам заррадек улуши бор бўлса, нима қилибди?
Арзимас нарса… Аммо бу ўйлар унинг бор шуурини қамраб олганди. Пардикарислар ҳовлиси Стурнаслар ҳовлиси билан туташ эди. Стурнаслар оддий одамлар бўлиб, мардикорлик қилиб кун кўришар эди. Пардикарислар билан уларнинг яқинлиги салом-аликдан нарига ўтмасди. Оила бошлиғи этикдўз бўлиб, бир неча йил аввал ўлиб кетганди. Иккита етимчани боқиб катта қилиш учун она оқсочлик қиларди. Аммо кўп ўтмай, у ҳам бандаликни бажо келтирди. Уларнинг Ангеликула деган қизлари Маргарита билан тенгқур эди. Улар бошланғич мактабга бирга қатнар эдилар. Бироқ Маргарита “Арсакио”га ўқишга киргач, унинг Ангеликула билан учрашувини тақиқлаб қўйишди. Ҳовлиларни ажратиб турган тош девор йиқилиб тушганди ва Стурнасларнинг товуқлари Пардикарислар ҳовлисида айланиб юрарди. Ангеликула кўпинча товуқларини ҳайдаб чиқармоқчи бўлгандек бузуқ девордан ошиб ўтарди. Аслида унинг мақсади Маргарита билан учрашиб, дилини очиш бўларди. Деразадан Ангеликулага кўзи тушиб, Маргарита ҳам дарҳол ҳовлига чиқарди-да, қўлларини ёйганча дугонаси томон чопарди.
– Маргарита! – Ўша заҳоти уйдан овоз келарди. Кимдир уни тағин огоҳлантирарди.
– Нима? – Қизнинг қўллари беҳол пастга тушарди ва алам тўла нигоҳи Ангеликулага қадаларди.
– Бирров юқорига чиқ, тилло қизим…
– Эртага кўриша қолайлик, Ангеликула, майлими?
– Майли, – ғамгин рози бўларди Ангеликула.
Ҳар ёзда шундай бўлар эди.
Бир гал мактабдан қайтаётиб, Маргарита тўғри Ангеликуланикига йўл олди. Унинг юраги гуп-гуп урарди. Бир дақиқа нима қилишини билмай, эшик тагида туриб қолди, кейин эшикни тақиллатди. Эшикни ҳеч ким очмади. Бошини қуйи солганча у уйга йўл олди.
Бундан олдин қаторасига бир неча кун у қаттиқ ўй остида қолганди – нима учун айнан энди у Ангеликула билан учрашмоқчи бўлаяпти, унга нима дейди, Ангеликула нима деб жавоб беради ва кейин нима бўлади? Бу воқеа унинг хаёл доирасидан чиқиб, улкан тортиб кетганди. Бу одамлар сари қўйилаётган биринчи қадамгина эмасди, бунинг замирида яна қандайдир муҳимроқ гаплар ётарди.
Ангеликуланинг акаси Николас Стурнас шаҳардаги илк кўнгиллилардан бири бўлиб, сўнгги йилларини аввал сургунда, кейин эса концлагерда ўтказди. Буни Маргарита биларди. Шундай бўлса ҳам, қиз унинг олдига боришга азму қарор қилди.
Аммо ҳеч ким эшикни очмади… У эртаси куни ҳам борди. Эшик яна ёпиқ. Ичкарида ҳеч ким йўқми ёки Ангеликула уни кўрса ҳам, шунчаки, эшикни очмоқчи эмасми? Маргарита яна тушкунликка тушди. У шундан кейин аввалгидай лоқайдлик бошланишини кутган эди, аммо бундай бўлмади. Маргарита қўрқиб кетди. Ҳовлиларни ажратиб турган яримвайрона девор, ҳар келганида ёпиқ бўладиган эшик, уни ортиқ кўришга тоқати қолмаган Ангеликула, одамлар чекаётган азоб-уқубатлар ва уларнинг буюк орзулари ҳақидаги ўйлар миясида айқаш-уйқаш бўлиб, унга сира тинчлик бермаётганди. Энди у қордан қутулиб, ёмғирга тутилганди – тағин ёлғиз қолганди, аммо атрофидаги одамларга нисбатан олдинги хотиржамлиги энди кўзга ташланмасди…
Кунларнинг бирида у мактабдан келиб, ўзининг хонасига кўтарилди, портфелини ирғитди-да, қоронғи тушишини пойлаб, дераза олдида ўтириб олди. Уйдагилар ухлагани ётгандан кейин ҳовлига тушди. Ёмғир қуярди. У бир сакраб девордан ошди-да, Стурнаслар ҳовлисида пайдо бўлди. Деразалардан биттасида қизғиш нур таратиб турган чироқ милтилларди. Маргарита ёмғир остида деразага тикилиб турарди… Булар бари тушга ўхшарди… У бармоғи билан ойнани чертди.
– Келдингми? – эшикни очиб ва Маргаритани қучоқлаб сўради Ангеликула, худди унинг келишини сабрсизлик билан кутиб тургандек.
Аста-секин, кун-бакун уларнинг юрагида олдинги болаларча меҳр қайта ниш ура бошлади. Чироқ заиф ёритиб турган чоққина хонада улар яна апоқ-чапоқ бўлиб кетганди. Ҳар оқшом дарсдан кейин Маргарита уйи ёнидан лип этиб ўтарди-да, Ангеликуланикида пайдо бўларди. Болалар мактабга олиб келадиган ўша янгиликлар: уруш, фронтлардаги жанглар, улардаги жиддий ўзгаришлар ҳақида суҳбатлашар эдилар. Ангеликула бу янгиликларни тўлиб-тошиб, берилиб ҳикоя қиларди. Маргарита эса уларни жон қулоғи билан тинглаб, гоҳо дугонасининг олдида ярим тунгача қолиб кетарди.
– Кўчадан кетма, – уқтирарди Ангеликула, – кейинги вақтларда полиция уйимизга бошқача қараяпти.
У дугонасини деворгача кузатиб қўяр ва Маргарита бир сакраб девордан ошиб тушарди.
Итальянлар кетгандан кейин кўнгилли Николас концлагердан қочиб, шаҳарга қайтди ва махфий тарзда яшай бошлади, Ангеликула бу сирни Маргаритага очиб солди. Сўнгги пайтларда улар бир-биридан ҳеч нарсани яширмайдиган бўлиб қолишганди.
– Биласанми, Николасга мен нима дедим?
– Нима дединг?
– Сени гапирдим…
– Мени?
– Ҳа…
– Унга айтдимки… – Ангеликула у ёғига тутилиб, маъсум, беғубор кўзлари, билан дугонасига қараб қўйди. – Мен унга сенинг ўзимизникилардан эканингни айтдим.
Маргарита унга яқинроқ келди-да, дугонасининг қўлидан ушлади.
– Ҳа… ҳа, ҳа! – деди у тез-тез, юраги муздай бўлиб, кейин юзини Ангеликуланинг кўксига қўйди-да, пиқиллаб йиғлаб юборди. Шу куни тунда у узоқ туш кўрди. Миллионларча одам уни қуршаб олган ва Маргаритани тинмай чақирар эмиш, одамларнинг бири ҳўнграб йиғласа, бири оҳ-воҳ қилармиш, бири ерга юзтубан йиқилса, бири кулармиш; таъқиблар халоскорлик билан алмашармиш ва булар бари гоҳ зулматли, гоҳ чароғон ва ажойиб, аммо номаълум жойда содир бўлаётганмиш. Николас гоҳ шу оломон ичида пайдо бўлса, гоҳ ғойиб бўлармиш. Бир вақт у қизга тикилиб қаради-да, сўради:
– “Бу сенмисан, Маргарита?”
– “Ҳа”.
– “Сен бизникиларданмисан?”
– “Ангеликула сенга айтмаганмиди?” Йигит унинг қўлидан тутди ва иккаласи ҳам бир-бирининг қўлидан маҳкам ушлаганча одамлар орасига кириб кетди…
Маргаританинг Николасни кўрмаганига талай йиллар бўлди. У йигитни сочи олинган, катта бошли бола бўлганини эслайди. Доим оёқ яланг юрар, қўлида бир тўғрам нони бўларди. Эрталаб қиз гўё йигитнинг бошини кафтларида тутиб тургандай бир ҳиссиёт билан уйғонди. Ярим яланғоч ҳолда тўшакдан сапчиб турди ва негалигини ўзи ҳам тушунмай, тошойна томон чопди. Балки у унчалик хунук эмасдир?
Мана шу баҳор кунида Маргарита ҳаддан ташқари ҳаяжонда эди. Аммо барибир ҳам қандайдир ҳадик унинг юрагини қисмоқда эди. Демак, “бизникилардан бўлиш” деганнинг тагида катта гап бор экан-да?
– Хўш, хўш, Николас нима деди, Ангеликула? – сўради у кечқурун.
– Биз сен тўғрингда гаплашдик… Николас тоққа чиқиб кетади, мен ҳам у билан бирга кетишим керак. У, агар хоҳласанг, сени ҳам бирга олишимиз мумкинлигини айтди.
– Йўқ, – деди шартта Маргарита, гўё жавобни илгаридан тайёрлаб қўйгандек. – Мен шу ерда қоламан…
Унинг томоғига бир нарса келиб тиқилди. У тишларини ғижирлатди. Қоши чимирилди ва чеҳраси қорайиб кетгандай бўлди, сўнг такрорлади:
– Йўқ, мен шу ерда қоламан, мендан шубҳаланишмайди. Мен кўп ишлар қилишим мумкин. Унга бориб айт, менга қолдирсин… – Айнан нимани қолдиришни айтмади.
Ангеликула уни қучоқлади-да, йиғлаб юборди. Маргарита кўз ёшларини аранг тутиб турарди.
Тунда иккалови Маргариталарнинг ертўласига гектографни кўтариб олиб тушишди. Бир куни кечқурун эса Ангеликула Маргаритани ўзларининг ҳовлисига чақирди. Маргаританинг титроқ, нозик панжасини эркак кишининг каттакон, иссиқ қўли оғритгудай қаттиқ қисди. Қиз қоронғулик ичида кўзларини катта-катта очиб турарди.
– Яхши қол, Маргарита.
Қиз чурқ этмади.
– Биз қайтганимиздан кейин, Маргарита…
– Бундай дақиқаларда нималарни ҳис қилаётганингни сўз билан ифода этиб бўлармикан?
– Энди менга бошқа ҳеч нарса керак эмас…
Йигит унинг қўлини қўйиб юборди ва елкасидан қучоқлади. Гавдаси муштдеккина бўлганидан Маргарита ўзини ғалати ҳис этди. Баландроқ кўринмоқчи бўлгандек қаддини ростлади. Энди титрамай қўйган қўлларини олдинга узатди ва йигитнинг бошини силади. Николас уни ўзига тортиб бўса олди. Ангеликула эса сал нарида туриб улардан кўзини узмас ва аста-аста йиғларди.
– Яхши қол, Маргарита.
– Худо ёр бўлсин, Николас, менинг Николасим… Хайр, Ангеликула.
Хабарчи муштдеккина бола бўлиб, тайинланган вақтда девор харобалари ортида кутиб турарди ва унга мумқоғозни тутқазарди.
Пардикарислар уйи бўйлаб кезиб юрадиган олти кўланкага яна биттаси қўшилди – буниси тун чоғида кезинар эди. Ихчам гектограф овоз чиқармай ишларди. Фақат қоғознинг шитир-шитири қулоққа чалинарди. Маргаританинг юрагида: “Яхши қол, Маргарита!..” деган овоз жаранглашига мана шу шитир-шитири кифоя эди.
Маргарита тугунни бекаларга хос саришталик билан тугади. Буни эртага оқшом чоғи девор харобалари олдида хабарчи болага беради. Бола жилмайиб, унга кўз қисиб қўяди ва:
– Ҳаммаси жойида, Маргарита, – дейди, холос.
– Эртага кечқурун кел.
– Еттидами?
– Йўқ, етти яримда кел.
– Мен эмас, Чол келади. У мактаб бурчагида бўлади.
Кўп ўтмай, навбатдаги тутқаноқ хуружидан Маргаританинг холаваччаси Фотини юраги ёрилиб ўлди. Стефанос амакининг эса миясига қон қуйилди. Бу бутун дунё гитлерчиларнинг мағлубиятидан суюниб, уруш тугаши арафасида содир бўлди. Оилада янги ташвишлар пайдо бўлганди – Фотинининг мероси ва Стефанос амакининг касаллиги. Гарчи мероснинг ўзи йўқ бўлса-да, Стефанос амакига кўп нарсанинг кераги бўлмаганига қарамай, жанжаллар авж олгандан-олди. Узоқ мунозаралардан кейин шунга келишилдики, мерос Маргаритага қолади, унинг онаси эса Стефанос амакига қарайди. Маргарита эътироз билдирмади. Кўринишидан ҳамма тинчлангандай эди. Бироқ янги ҳодиса оилани ларзага солди. Катерина хола Фотинининг сандиғидаги иккита ёстиқ, каноп дастурхон ва чинни гулдон ғойиб бўлганини билиб қолди. У оғзидан боди кириб-шоди чиқиб қарғанганича “ёш гўдакнинг жони” ҳаққи ўғирланган буюмлар жойига қайтарилишини талаб қила бошлади. Ҳамма ўзини ўғриликка дахли йўқ, деб айтарди. Тўшакка михланиб қолган амакигина бу гумондан холи эди. Оҳ-воҳ ва бақириқ-чақириқларга энг даҳшатли қарғишу лаънатлар аралашиб турарди. Барибир айбдорни топишолмади ва ҳамма аста-секин тинчлана бошлади. Бироқ шунда бемор Стефанос амаки сирли равишда “Нарсаларни Фотини ўлимидан кейиноқ уйдагилардан бири ўғирлаган, бунга иймоним комил”, деди, чунки ўлимидан сал олдин Фотини унга бор бисотини кўрсатган экан. Агар ундан гумонинг кимдан деб сўралса, ҳаммадан ҳам кўпроқ Василисдан гумон қилишини айтарди. Катерина ўша заҳоти Василисни буровга олди.
– Ёстиқни ўғирлаб нима қиламан? – хотиржам бўл, – деди “астроном”. – Менга озгина ракия бўлса бўлгани, бунга пулни Маргарита беради менга.
– У сенга пул берадими?
– Бўлмаса-чи, – мағрур жавоб берди у. – Яхши қиз.
– Яхши де… У қаердан олар экан пулни?
– Билмадим, унга биров берса керак-да…
Шунда Катерина билдирмай уйни тинтув қилишга киришди. Аввалига у Антигонанинг хонасини титкилаб чиқди. Ҳеч вақо топилмади. Кейин Периклиснинг хонасига ўтди. Яна ҳеч бало йўқ. Фотинининг сандиғини яна бир марта қараб чиқди. Йўқ. Василиснинг хонасидаги ҳамма нарсани иккинчи марта ағдар-тўнтар қилиб чиқди. У ерда ҳам ҳеч нарса йўқ.
– Шу ерда, шу ерда, уйда, мана мени айтди дерсан! – такрорларди Стефанос амаки.
Шунда Катерина чордоққа олиб чиқадиган туйнукни эслаб қолди, у ердан ишчилар томга чиқар эдилар. Катерина нарвонни олди-да, чордоққа чиқди. Қидиравериб бутунлай ҳолдан қолди. Ҳамма жойи шилиниб кетди. Аммо ҳеч нарса топилмади. Ҳеч ким билиб қолмасин деб, яраланган қўлларини яширишига ҳам тўғри келди. Ҳар куни тонгдан шомгача у барча хоналарни айланиб чиқар, каравотлар тагини қарар, кўрпалар орасига қўл суқар, зинапояни, сўнг қазноқни пайпаслаб чиқар эди. У ерда адёл ва эски кийим-кечаклар тахлаб қўйилганди.
Бир куни у ертўлада гектогрофли қутига дуч келиб, ҳайрон бўлди. Бунақа буюмни у ҳеч қачон кўрмаганди ва унинг нима эканини ҳам билмасди. У фақат бир нарсага қаттиқ амин эди: илгари бунақа буюмни уйда кўрмаганди. Бу кимнинг матоҳи бўлса экан? Шишалар-чи? Бир шишанинг оғзини очган эди, қўлига бўёқ юқиб қолди.
– Ажабо!..
Катерина халтачаларни очди. Топ-тоза қоғозлар. Буниси нима бўлдийкан? У қўлида мумқоғозни ушлаб турарди. Уни Маргарита бир кун аввал олган бўлиб, тунда ҳарф териши керак эди. Ертўла қоронғу эди. Катерина мумқоғозни олди, қолган ҳамма нарсани биттама-битта аввалги жойига қўйиб чиқди ва юқорига кўтарилди. У хонасини ичидан қулфлаб олди-да, кўзойнагина тақиб, хатни ўқий бошлади. Дастлабки жумлаларданоқ ҳаммаси равшан бўлди: итифоқдошлар мақталиб, немислар лаънатланарди. Аёл ўқишдан тўхтади. Бу қоғозлар уларникига қандай келиб қолганини билишга ҳаракат қилди. Аммо бунга жавоб тополмади. Бирдан унинг мияси ишлаб кетди. “Билмадим… балки унга кимдир берар…” Берса, бу Периклис бўлади. Катерина мумқоғозни қўлтиғига суқди ва Периклисни қидириб кетди. Укасини топди. Уни ўз хонасига олиб келди ва эшикни ёпиб олди.
– Фунтлар қани?
– Қанақа фунтлар? – Таажжуб ичида деди укаси. – Шуни сўраш учун мени бу ерга судраб олиб келдингизми?
– Бас қил, Периклис. Фунтлар қани деб сўраяпман?
– Жинни-пини бўлиб қолмаганмисиз? Қанақа фунтларни гапираяпсиз?
– Инглиз фунтларини-да, ўзингни билмасликка солма.
Периклис ўрнидан турди. Бошини чайқади ва кетмоқчи бўлган эди, лекин опаси унинг қўлидан ушлаб қолди.
– Периклис, мен ҳаммасини биламан, ўз кўзим билан кўрдим.
Периклис елка қисди. Шўрлик опажони бутунлай ақлдан озибди. Шунда Катерина мумқоғозни унинг бурни тагига олиб борди.
– Бунинг учун инглизлар тўламайдими? Мендан яшириб пул топасизлар, бойийсизлар! Василис айтди менга. Арақхўрдан ҳамма нарсани билса бўлади.
Периклис мумқоғозни олди, кўзойнагини тақиб, ўқий бошлади. Кейин бошини кўтариб опасига қаради. – Бу нима ўзи, Катерина?
– Бу менинг ишим эмас демоқчи бўляпсанми?
– Ҳеч нарса тушунмаяпман, – деди Периклис ва яна ўқишда давом этди. Унинг ўзини тутишидан Катерина ўйланиб қолди.
– Сен ростдан ҳам ҳеч нарса билмайсанми?
– Йўқ дедим-ку сизга, буни қаердан топдингиз?
– Юр буёққа.
Улар олдинма-кетин ертўлага тушишди. Периклис ҳамма нарсага диққат билан кўз югуртириб чиқди-да, паришонхотирлик билан деди:
– Йўқ, йўқ, Катерина, бу фунтлар эмас.
– Унда нима бўлмаса?
– Даҳшатли нарса, жудаям даҳшатли нарса. Ҳеч кимга бу тўғрида оғиз очманг.
– Сен нима қиласан?
– Ҳеч кимга оғиз очманг, эшитдингизми?
Йигитчанинг шунақанги кайфи учган эдики, Катеринанинг ҳам юраги шувиллади.
– Бўпти, чурқ этмайман.
Периклис мумқоғозни олди ва митрополит қароргоҳига йўл олди. Котиб орқали у қабулга киришга ижозат сўради. Холи, шахсий масала бўйича гаплашмоқчиман, деди. Периклис кабинетга кирди, ўтирди, эшикка кўзини тикди ва мумқоғозни руҳоний ҳазратларига узатди. У дастлабки сатрларини ўқибоқ бошини кўтарди.
– Ҳм… Ҳа… – ғудранди у – бу, ҳалигиларнинг иши. Буни улар чоп этадилар. Қаердан топдинг?
Тўғри айтасиз, аъло ҳазрат, бу ўшаларнинг иши.
– Нима бўпти. Бунақа нарсаларни улар ҳар куни босиб чиқарадилар.
– Ҳар куни?
– Сенга нима бўлди, Периклис? Бунинг сенга нима дахли бор?
– Буни қаерда чоп этишади, биласизми, аъло ҳазрат?
– Буни ҳеч ким билмайди, мен ҳам айтолмайман.
– Демак, ҳар куни денг, аъло ҳазрат? Мен эса биламан унинг қаерда босилишини.
Митрополит қошларини кўтарди ва Периклисга диққат билан қаради.
– Бу гапинг чакки бўлмади, сен қаердан биласан?
– Аъло ҳазрат, аъло ҳазрат, буни менинг уйимда босишади.
Авлиё ота кулиб юборди.
– Периклис Пардикарисдай ўғлимиз ақлдан озибди-да…
Афсуски… йўқ. У ақлдан озмаганди. Периклис ҳаммасини оқизмай-томизмай сўзлаб берди. Ёстиқлар, Стефанос, майпараст Василис, Катерина, Маргарита – ҳеч бири қолмади. У ҳикоя қилгани сайин руҳонийнинг чеҳраси баттар тундлашиб борарди.
– Бу гапларингни қўй, ташвишланма. Фақат бошқа ҳеч кимга гапириб юрма. Ҳеч кимга, – деди суҳбатга хотима ясаб митрополит.
Периклис кўнгли енгил тортиб чиқди. Аъло ҳазрат эса озмунча ҳаяжонланмади. Бу иш унга қимматга тушиши мумкин эди. Пардикарислар уни, митрополитни қўллаб-қувватлаши тайин, аммо буни немисларга тушунтириб бўладими! Ўша куни туш маҳали у “Миллат манфаатига дахлдор муҳим ишлар бўйича” полиция бошлиғини ҳузурига чорлади. Бу ишни мен сизга шахсан ишониб айтяпман, деди митрополит. Унинг фикрича, шовқин-сурон солишга ҳожат йўқ. Маргарита, албатта, кўнгиллилар номини айтади. Аммо бу ҳақда эслаб ўтирмаслик ҳам мумкин. Хуфия иш олиб борувчиларни топишда полициянинг хизмати, деб баҳо бериб қўя қолинади.
Полиция бошлиғи жон-дили билан рози бўлди. Секин ва эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишга сўз берди ва аъло ҳазратларининг қўлини тавозе билан ўпиб қўйди.
Ёлғиз қолгач, полиция бошлиғи ҳаммасини бошқатдан ўйлаб чиқди. Қиз унга исмларни айтади. Немисларга эса у буни шахсий хизмати сифатида тақдим этишни маъқул кўрди.
Кечқурун Маргарита уйга қайтмади. Периклис ва Катерина ўз янгиликларини аллақачон барчага “гуллаб” бўлишган эди. Яна оилада тўс-тўполон бошланди. Ўз фарзандларини сотиб қўйганлари эса етти ухлаб тушларига кирмаганди.
Эрталаб маълум бўлишича, юнон полицияси хонасидан Маргаритани гестапога олиб боришипти. Ўша куни кечқурун яна хабар тарқалдики, қизни роса қийнашибди. Бироқ у ҳеч нарса айтмабди. Тергов риштаси Маргаритада бошланиб, Маргаритада узилар эди. Аъло ҳазрат эса немисларнинг кўзи олдида шармандайи шармисор қилинди. Ўзининг боқибеғамлигидан полиция бошлиғи сочини юларди. Нега ҳам митрополитга ишонди?! Аввал бу заҳарли илонни, газандаваччани яхшилаб кузатмайдими, кейин ҳибсга олмайдими!
Шундагина Пардикарислар Маргаритани ўз қўллари билан жаллодга топширганларини англадилар. Улар ўз фарзандларининг ўлими билан ўз умрларини ниҳоясига етказдилар.
Орадан кўп ўтмай Стефанос амаки оламдан ўтди. Унинг тўшаги тагидан ёстиқлар ва дастурхон чиқди. Гулдонни у матрац ичига яширган экан, гулдон ўша жойда чил-чил бўлиб ётарди. Улар билан изма-из Катерина, Антигона ва Периклис ҳам нариги дунёга равона бўлишди. Энг охирида Василис дунёдан кўз юмди. Бир мунча вақт у қовоқхонама-қовоқхона санқиб юрди. Нуқул гўрковни, немисларни ва аъло ҳазратни сўкиб, Маргаритани соғиниб йиғларди.
Маргарита учун ҳаммаси – қийноқлар, тергов, суд жуда тез ниҳоясига етди. Айтишларича, унинг лабларидаги табассум ҳеч ўчмас экан. Кўзларида эса ўт чақнаб, жуда ҳам чиройли кўринар экан.
Сенинг кўзларинг чиройли эди, Маргарита!..
Сўнгги дақиқада соқчилар тўдаси қаршисида турар экан, қиз нигоҳини ҳали тонгги нимқоронғулик қўйнида ётган она шаҳрига қаратди. Эси паст жазавакорлар, ҳаромзодалар, ваҳшийларнинг чиркин дунёси емирилмоқда, Маргаритани дунёга келтирган олам ер билан яксон бўлмоқда эди. Унинг лабларида яна аччиқ табассум пайдо бўлди. У қўлини шарпани ҳайдагандек маъносиз силтаб қўйди.
– Бўпти, хайрли тун!
– Ўт оч!
Пинд тоғи чўққилари ортидан қуёш бош кўтарди… Ҳадемай тонг ота- ди. Бошини ўқлар ғалвир қилиб ташлаган қиз ҳаётининг сўнгги тафту ҳарорати ила мурожаат қилмоқда:
“Янги, гўзал олам яратинглар!”
Рус тилидан Амир Файзулла таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 2-сон