БИРИНЧИ ҚИСМ
ТАШВИШ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛИШ КЕРАК
1 б о б
«Бугунги кун бўлмаси»да яшанг
1871 йил баҳорида бир йигит қўлига китобни олди-да, унинг бутун келажакдаги ҳаётига чуқур таъсир қилган йигирма иккита сўзни ўқиди. Бу йигит Монреаль шаҳар касалхонасида тиббиётни ўрганган талаба эди. Унинг ташвишланиши учун сабаблар кўп эди: у битирув имтиҳонлари топшириш борасида ташвишланар, ке-йин нима қилиши кераклигини ўйлаб ташвишланарди, қаерга бош уриб бориш, ўзининг тиббиёт амалиётидан қандай фойдаланиш, қандай тирикчилик қилиш – ҳаммаси бир дунё ташвиш бўлиб бошида турарди.
Аммо мазкур талаба 1871 йилда ўқиган йигирма иккита сўз унинг жонига оро кирди ва у замонасининг машҳур терапевт врачи бўлиб етишди. У бутун дунёга машҳур Жон Хопкинс тиббиёт мактабини ташкил этди. Британия империяси шифокорга бериши мумкин бўлган энг олий унвонга сазовор бўлди ва Оксфорддаги тиббиётнинг қироллик профессорига айланди. Англия қиролининг ўзи уни дворянлик унвони билан сарафроз қилди. Унинг ўлимидан кейин у ҳақидаги ҳажми 1466 бетдан иборат икки жилдлик таржимаи ҳол асари ёзилди.
Бу одамнинг исми сэр Уильям Ослер эди. 1871 йил баҳорида у ўқишга мушарраф бўлган сўзлар қуйидагилар бўлиб, уларни Томас Карлейл ёзганди ва улар умрни ташвиш билан ўтказиб, уни исроф қилмасдан яшашга ёрдам берганди. Мана ўша сўзлар: “Айни вақтда иложи бўлган ва яққол кўриниб турган ишни қилинг. Бизнинг вазифамиз шундан иборат, нарёғи номаълум бўлган мавҳум нарсани кўришга беҳуда уринманг”.
Қирқ икки йилдан кейин баҳорнинг илиқ оқшомида, университет шаҳарчасидаги чаманзорда лолалар чўғдай товланиб турганда сэр Уильям Ослер Йэль университети талабалари ҳузурида нутқ қилди. У айтдики, у, тўрт университет профессорини, яъни оммабоп китоб-лар муаллифини “алоҳида хислатли закога эга бўлса керак” деб ҳисоблайдилар. Аммо у бундай эмас деб айтди. Унинг сўзларига кўра, дўстлари “унинг ақлий қобилияти жуда чекланган” деб билар эканлар. Унда унинг муваффақиятлари сабаби нимада? Профессорнинг айтишича, “бугунги кун бўлмаси”да яшагани шарофати билан эришган. Бунда у нимани назарда тутган? Шу нутқидан бир неча ой олдин сэр Уильям Ослер катта баҳри муҳит кемасида Атлантика баҳри муҳитини кесиб ўтганди. Шу кема дарғаси супачада турганча тугмачани босиши ва шу заҳоти механизмлар шовқини қулоққа чалиниши, кеманинг турли қисмлари бир-биридан ажралиб, сувўтмас бўлмаларга тар-қалиб кетиши мумкин эди.
“Ҳар бирингиз, – деган эди доктор Ослер талабаларга, – ўз ҳолингизча бу улкан кемадан кўра янада мукаммалроқ механизмсиз ва саёҳатингиз янада узоқроқ бўлади. “Бугунги кун бўлмасида яшаш” учун сизни мана шу механизмни ана шундай бошқаришни ўрганишингизга астойдил даъват этаман. Дарға супачасидаги ўз ўрнингизни эгалланг ва ҳеч бўлмаса, асосий қисмлар жойида эканлигини текшириб кўринг. Ҳаёт йўлингизнинг ҳар бир босқичида тугмачани босинг ва темир эшиклар ўтмишингизни, ҳаётсиз яшаган барча кунларингизни сиздан ажратиб қўяётганини эшитинг. Яна бир тугмачани босинг ва маъдан парда ҳали дунёга келмаган келажагингизни яшириб қўяди. Шунда бугунги кунингизга ҳеч нарса таҳдид солмайди! Ўлик ўтмиш кунлар ўз мурдаларини дафн этсин… нодонларга қабр йўлини ёритган ўтмиш кунлардан ўзингизни панага олинг… Ҳатто энг сербардош одамлар ҳам ўтмиш ва келажакнинг оғир юкини елкасида кўтариб юра олмайди. Келажакни мана шундай ўтиб бўлмас тўсиқ билан ажратиб қўйинг. Келажак – бу сизнинг бугунингиз. Эртага йўқ нарса. Инсон ўзини ҳозир қутқаради. Келажак борасида ташвишланган одам ўз қуввати, руҳий изтироблари ва безовталигини беҳуда зое этишга маҳкумдир… Ўшанда барча кема бўлмаларини ҳаво ўтказмайдиган қилиб ёпинг, ҳа, ёпинг ва ўзингизда бугунги кун бўлмасида яшаш одатини ишлаб чиқишга ҳаракат қилинг”.
Наҳотки, доктор Ослер келажакка тайёрланиш учун саъй-ҳаракат қилиш керак эмас, демоқчи бўлса? Йўқ, зинҳор ундай эмас. Аммо ўз нутқида эртанги кунга тайёргарлик кўришнинг энг яхши йўли бор, ақлу заковатингиз, бор иштиёқингиз билан бугун зиммангизда турган ишни астойдил адо этишдан иборатлигини таъкидлаган эди.
Сэр Уильям Ослер талабаларни кунни Худога: “Ризқ-рўзимизни ўзинг улуғ қилгин” деган дуо билан бошлашга чақирар эди. Шуни унутмангки, дуода гап фақат бугунги ризқ-рўз ҳақида кетмоқда. У ерда кечаги қотган нондан шикоят қилиш йўқ, зеро, у ерда “Э, Худо, бу йил ёз иссиқ келди, буғдой илдизигача қуриб кетди. Келаси йил ҳам шундай қурғоқчилик бўлса, унда нима қиламиз? Келаси ҳосилга донни қаердан оламиз? Ёки, фараз қилайлик, мен ишимдан айрилдим, эй, Худо. Нон сотиб олиш учун ишни қаердан топаман?” – деган сўзлар йўқ.
Бундай сўзлар дуода йўқ, фақат бугунги кун нони ҳақидаги илтижо бор, зеро, фақат шундай нонни ейиш мумкин.
Кўп йиллар муқаддам бир тиланчи файласуф мамлакат бўйлаб дайдиб юраркан, тошлоқ ва ҳосилсиз ерда одамлар қора терга ботиб, ўзларига ризқ топаётганларини кўради. Бир куни бир тепаликда у халқ олдида нутқ қилади, ҳозирда энг кўп иқтибосни шу нутқдан олишмоқда. Бу нутқда кўп асрли ҳикмат мужассамланган бир ибора мавжуд: “Шундай қилиб, эртанги кунни ўйламанг, зеро, эртанги кун ташвишини эртанги кун тортади; ҳар куннинг ташвиши ўзига етарли”.
Кўплар бу сўзлардаги ҳикматни тан олмай келмоқдалар: “Шундай қилиб, эртанги кунни ўйламанг”. Уни шарқона мутасаввуфлик ҳодисаси деб ҳисоблаб, инсон ўзини баркамоллаштириши учун бу ўгитдаги ҳикматни инкор этадилар. Улар дейдилар: “Мен эртанги кун ҳақида ташвиш чекишим керак. Мен кексаликка пул йиғиб қўйишим керак. Мен касбимни ривожлантириш чорасини кўришим керак”.
Бўлмасам-чи, сиз шундай қилишингиз керак! Гап шундаки, уч юз йилдан ҳам кўпроқ илгари таржима қилинган Исонинг бу сўзлари шоҳ Иаков замонидаги маъносидан кўра бугун бошқача маъно касб этади. Уч юз йил аввал “ғам чекмоқ” сўзи “ташвиш тортмоқ” деган маънони англатарди. Инжилнинг ҳозирги замондаги талқини аниқроқ таржимани беради: “Шундай қилиб, эртанги кундан ташвиш тортманг”.
Эртанги кун ҳақида ўйлаш, қунт билан режа тузиш ва тайёргарлик кўриш шартлиги ўз-ўзидан аён. Аммо булар барчасини амалда қилар экансиз, сиз ташвиш чекмаслигингиз керак.
Уруш вақтида саркардалар эртанги кунга режа тузганлар, аммо улар ўзларини ташвишга ботириб қўймаганлар.
“Менда яхши одамлар бор ва улар яхши техника билан таъминланганлар, – деган эди АҚШ ҳарбий-денгиз флоти қўмондони адмирал Кинг, – ва мен аъло даражада тайёрланган операция режасини бердим. Менинг қўлимдан келган бор-йўқ иш – шу. Борди-ю, кема чўктириб юборилса, мен уни денгиз тубидан чиқароламан. Борди-ю, уни чўктириб юборишмоқчи бўлишса, мен бунинг олдини олишдан ожизман. Кеча бўлиб ўтган нарсадан ташвиш тортиб ўтиришдан кўра эртанги кун муаммоларини ҳал этиш устида ишлар эканман, мен ўз вақтимдан янада самаралироқ фойдалана оламан. Бундан ташқари, агар ўзимни изтиробларга кўмиб юборсам, узоққа бормайман”. Уруш вақтида ҳам, тинчлик вақтида ҳам тафаккурнинг тўғри ва нотўғри усуллари ўртасидаги фарқ қуйидагилардан иборатдир: тўғри фикрлаш воқеалар сабаби ва натижалари билан боғлиқ, у мантиқий ва амалий режалаштиришга олиб келади, нотўғри фикрлаш эса кўпинча асабий зўриқиш ва узилиш келтириб чиқаради.
Яқинда мен жаҳондаги энг машҳур “Нью-Йорк Таймс” газетаси ношири Артур Хейс Зальцбергер билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлдим. Мистер Зальцбергер менга Европада биринчи жаҳон уруши бошланганда, у азбаройи ҳаяжонланганидан келажак ҳақида ташвиш тортганини, қарийб ухлай олмаганини сўзлаб берди. У дам-бадам ярим тунда каравотдан сакраб туриб кетар, бўз ва бўёқларни қўлга олар, кўзгуга қарар ва ўзини тасвирлашга ҳаракат қилар экан. У мутлақо расм чиза олмасди, аммо шундай бўлса ҳам безовталикдан қутулиш учун расм чизар экан. Мистер Зальцбергернинг менга айтишига қараганда, у ташвишини енга олмаган, “бир одам учун мукофот” деган черков мадҳиясидаги сўзларни ҳам ўзи учун шиор сифатида қабул қилиб олмагунча руҳи ором топмаган экан.
Тахминан шу вақтларда ҳарбий либосдаги бир йигит Европанинг аллақаерида муаммога тўқнаш келади. Унинг исми Тэд Бенгермино эди. У Мериленд штати, 5716 Нью-Холи роуд, Балтимор шаҳрида яшарди. Унинг муаммоси шунда эдики, уруш вақтидаги кечинмалар ва руҳий изтироблар унинг руҳий соғлиғига путур етказади ва унда ҳарбий ҳаракатлар асабийлиги деган касаллик кучли даражада намоён бўлади.
“1945 йилнинг апрелида, – деб ёзади Тэд Бенгермино, – шу қадар асабийлаша бошладимки, шифокорлар кучли оғриқ берувчи “кўндаланг йўғон ичак санчиғи” деб аталадиган хасталикка гирифтор бўлдим. Агар уруш тугамаганда, соғлиғим бутунлай ишдан чиқиши ҳеч гап эмасди.
Мен бутунлай ҳолдан тойгандим. Сафдан ташқари, хизмат зобити сифатида 94-пиёда дивизиясининг қабр ва дафнларни ҳисобга олиш билан шуғулланувчи бўлинмада хизмат қилардим. Менинг вазифамга жанг ҳаракатлари вақтида ўлдирилган, бедарак кетган ёки госпиталга ётқизилган барча ҳарбий хизматчиларни ҳисобга олиш кирар эди. Бундан ташқари, бизнинг бўлинмамиз жанг ҳаракатлари давомида шошилинч кўмилган ўзимизнинг ҳамда душман томоннинг аскарларини эксгумация қилиш билан шуғулланарди. Мен ўлганларнинг шахсий буюмларини тўплаш, бу буюмлар ким учун катта аҳамият касб этса, ўша қариндошлари ёки ота-оналарига қайтаришни назорат қилиш билан шуғулланардим. Биз муттасил янглишиб кетишдан ва манзилни “адаштириб” қўйишдан хавотирланардик. Мен буларнинг барчасига бардош бера оламанми, йўқми, шундан кўпроқ ташвишланар эдим. Ўн олти ойлик бўлган ўғилчамни кўриш насиб этадими, йўқми, шундан жоним ҳалакда эди, мен ўғлимни ҳали бирон марта кўрмагандим.
Ташвишларим шунга олиб келдики, 34 фунт вазнимни йўқотдим. Мен руҳий инқироз ёқасига келиб қолгандим. Қўлларимга қарайман: қоқ суяк. Уйга қуруқ жасадимни олиб борарканман-да, деган ўй даҳшатга соларди ва ёш боладай йиғлаб юборардим. Бир ўзим қолдим дегунча йиғлардим. Ардендаги жангдан сўнг мен яна шундай тез-тез йиғлаб юрган вақтимда тинч ҳаётга қайтишдан бутунлай умидимни узган эдим.
Ҳаммаси ҳарбий госпиталдаги каравот билан ниҳоясига етди. Ҳарбий шифокор менга берган бир маслаҳат ҳаётимни тубдан ўзгартириб юборди. Мени обдон тиббий кўрикдан ўтказишди, шундан кейин у менга касаллик сабаби онгда эканини айтди.
– Тэд, – деди у, – ҳаётингга қарагин-да, уни қум соат деб фараз қил. Юқори қисмида минглаб қумлар туради. Тор бўғиздан улар аста ва бир маромда пастга тушиб туради. Бўғиздан фақат битта қум ўтади. Акс ҳолда соат бузилиши мумкин. Сиз ҳам, мен ҳам ва бошқалар ҳам шу соатга ўхшаймиз. Эрталаб уйғонганимизда олдимизда қиладиган мингта ишимиз бўлади, аммо агар биз уларнинг бирини изчил адо этиб бормасак, бўғиздан ўтаётган қумлар сингари ишларимизни кунимиз орқали секин-аста ва бир маромда ўтказиб турмасак, биз жисмоний ва руҳий қудратимизни барбод этамиз”.
Ҳарбий шифокор билан бўлган ўша машҳур суҳбатдан кейин мен шу фалсафага амал қилиб келаяпман. Бир қум зарраси ортидан бош-қаси тушади. Бир ишнинг ортидан бошқаси пайдо бўлади. Мана шу маслаҳат мени урушда ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан сақлаб қолди. Энди урушдан кейин ҳам у менга “Эдкрафтерз Принтинг энд Офсет” компаниясида жамоатчилик билан муносабат ва реклама бўйича директорлик ишимда ёрдам бермоқда. Бизнесда мен уруш вақтида ҳам юзага келадиган муаммолар билан тўқнаш келдим. Бир вақтнинг ўзида ўнлаб ишни қилишингга тўғри келарди, бунинг устига бари учун озгинадан вақт бериларди. Биржада акцияларимиз котировкаси тушиб кетмоқда эди. Биз ўз фаолиятимизни бошқатдан тартибга солиб, янги акциялар чиқарар эдик, бошқа жойга кўчиб ўтардик. Ваколатхоналаримизнинг бирини очиб, бирини ёпардик ва ҳоказо. Бироқ ташвишга тушиш ва асабийлашиш ўрнига мен ҳарбий шифокорнинг сўзларини эслардим: “Бир қум зарраси ортидан бошқаси тушади. Бир ишнинг ортидан бошқаси пайдо бўлади”. Шу тамойилга риоя қилиб, мен ўз вазифамни уруш вақтида бор-йўғимни қарийб барбод этган зўриқишу салбий ҳиссиётларсиз ғоят оқилона тарзда адо этмоқдаман”.
Кишини ҳаммадан хафа қиладиган нарса шуки, бугунги кунда кўпгина касалхоналарнинг ярмидан кўпини руҳий ва асаб касалликларидан жабр кўрувчи, кечаги кунларини барбод этувчи юки ва келажак олдидаги қўрқувга бардош беролмайдиган касаллар билан банд. Борди-ю, Исо Масиҳнинг: “Эртанги кун ғамини еманг” сўзларига ёки сэр Уильям Ослернинг “Бугунги кун бўлмасида яшанг”, деган маслаҳатига риоя қилганларида, бу одамлар бугунги кунда бахтли ва мазмунли ҳаёт кечирган бўлармидилар. Сиз ҳам, биз ҳам ҳаётимизнинг ҳар бир сониясида икки абадият: улкан, абадий мавжуд ўтмиш ва ниҳоясиз олдинга интилувчи келажак ўртасида турамиз. Биз, албатта, бир вақтнинг ўзида унисида ҳам, бунисида ҳам яшай олмаймиз, ҳатто сониянинг бир улушича ҳам у ерда, ҳам бу ерда бўла олмаймиз. Боз устига, бундай қилишга уриниб, вужудимиз ва онгимизни барбод этамиз. Шу боис, келинг, биз фақат яшай оладиган вақтдаги ҳаёт билан қаноатланиб қўя қолайлик: бу “ҳозир”дан тортиб то ухлагунимизгача бўлган вақтдир.
“Қуёш ботгунга қадар ҳар бир одам ўз юкини кўтариб бора олади, – деб ёзганди Роберт Луис Стивенсон. – Бир кун мобайнида ҳар бир одам ҳар қандай мураккаб ишни бажаришга қодир. Қуёш ботгунга қадар ҳар бир одам қувноқ, сабр-тоқатли, севувчан, пок бўла олади. Булар барчаси эса “ҳаёт” сўзи англатган нарсаларнинг ўзидир”.
Ҳа, ҳаётда биздан талаб этиладиган нарсалар мана шулардир. Дарвоқе, Мичиган штати, Сантино шаҳри Курт-стрит, 815 да истиқомат қилувчи мисс Э.К.Шилд “кун ботгунча яшаш” тамойили бўйича яшашни ўрганишдан олдин ўз жонига қасд қилиш ҳолатигача келтириб қўйилган ҳаётдан умидини узиб қўя қолган эди.
“1937 йилда эримни йўқотдим, – деб ҳикоя қилади мисс Шилд. – Мен эзилиб, адои тамом бўлган эдим. Илгари ишлаган “Роуч Фаулер” фирмаси эгаси мистер Леон Роучга хат ёздим ва мени қайта ишга олишини сўрадим. Илгари қишлоқ ва кичик шаҳарлардаги мактабларга жуғрофия хариталари сотиб кун кўрар эдим. Икки йил аввал эрим ётиб қолганида, машинани сотдим, бироқ кредитга тутилган машина сотиб олиш учун пул орттиришга ва яна китоб сотиш билан шуғулланишга муваффақ бўлдим. Тинимсиз юришлар билан боғлиқ иш мени чалғитар, асабий зўриқишларимни қайтарар деб ўйладим. Бироқ машинада юриш ва ёлғиз овқатланишлар турган-битгани чидаб бўлмас синовлар экан. Бундан ташқари, гарчи у қадар катта бўлмаса-да, машина бадалини тўлаб бориш учун етарли пул ишлаёлмасдим.
1938 йил баҳорида Миссури штати Версаль туманида ишлардим. У ердаги мактаблар ғариб, йўллари ёмон эди. Мен ўзимни шу қадар ёлғиз ва бечораҳол ҳис этар эдимки, бир куни ҳатто ўзимни ўлдираман, деб ўйладим. Бундан кейин яхши бўлишига умид йўқ. Пул дегани анқонинг уруғи бўлиб кетган. Эрталаб қўрқув билан уйқудан кўз очаман. Мен яшашдан қўрқардим. Машина бадалини, турган жойим ҳақини тўлаёлмайман, озиқ-овқат ололмайман деб қўрқардим. Шифокорга боргани пулим йўқлигидан оғриб қолишдан қўрқардим. Мени жонимга қасд қилишдан тўхтатиб қолган нарса – агар ўлсам, синглим мени қайси пулига кўмади, деган ўй бўлди.
Аммо бир кун қандайдир мақолани ўқиб қолдим-у, мени у тушкунлик гирдобидан олиб чиқди ва бундан кейин яшашда давом этгани жасорат бахш этди. Мени ларзага солган ва руҳлантирган фикрни айтгани учун муаллифдан умрбод миннатдорман. У бундай деганди: “Доно учун ҳар бир кун янги ҳаётдир”. Мен бу ҳикматли сўзни машинкаладим-да, юрган вақтимда ҳар доим кўриниб турадиган жойга ёпиштириб қўйдим. Фақат бир кун билан яшаш унчалик қийин эмаслигини билдим. Мен ўтмиш кунлар ҳақида эслашни ташладим ва эртанги кунни ўйламай қўйдим. Ҳар куни эрталаб ўзимга дердим: “Бугун янги ҳаёт бошланаяпти”.
Ёлғизликдан қўрқувни ва камбағаллик олдидаги қўрқувни муваффақият ила бартараф этдим. Ҳозир бахтиёрман ва ишларим унчалик ёмон кетмаяпти. Юрагим иштиёқ ва ҳаёт севгисига лиммо-лим. Энди, келажакда мени нима кутиб туришидан қатъи назар, ҳеч қачон қўрқмайман. Келажакдан қўрқиш керакмаслигини биламан. Энди фақат бир кунлик ташвишим билан яшай олишимни биламан, чунки “донолар учун ҳар бир кун – янги ҳаётдир”.
Шундай қилиб, энг асосий нарса шундан иборатки, агар ҳаётингизда ташвишдан холи бўлишингизни истасангиз, сэр Уильям Ослер қилган ишни қилинг.
Ўзингизни ўтмиш ва келажакнинг темир деворлари билан тўсинг. Бугунги кун бўлмасида яшанг.
Олдингизга бир қанча саволларни кўндаланг қўйишга ҳаракат қилинг ва уларга ёзма жавоб қайтаринг:
1. Келажак борасида ташвишланиш ва “уфқдан нарёқда боғлари чаппор уриб гуллаган қандайдир мамлакатни излаб топиш учун бугунги кунни унутиш” хаёли менда борми?
2. Ўтмишда содир бўлган, ўтиб кетган ва тугалланиб бўлганлардан афсусланиш билан ўзимнинг ҳозиримни ёмонлаштираяпманми?
3. “Ўз имкониятимни бой бермайман” ва олдиндаги йигирма тўрт соат ҳақини оламан деган қатъий ният билан ҳар тонг ўрнимдан тураманми?
4. “Бугунги кун бўлмасида” қандай қилиб ҳаётдан кўпроқ нарса оламан?
5. Булар ҳаммасини қачондан бошлашим керак? Келаси ҳафтами, эртагами, бугунми?
II б о б
Ташвиш билан боғлиқ вазиятларни ҳал этиш учун сеҳрли қоида хусусида
Ташвиш билан боғлиқ вазиятларни ҳал этиш учун тез ва ишончли йўриқни билишни истайсизми? Ушбу китобни ўқимасдан туриб, сиз ҳозирнинг ўзида қўллашингиз мумкин бўлган услубга муҳтожмисиз? Унда Нью-Йорк штати, Сиракуза шаҳридаги дунёга машҳур “Керриер” корпорациясига раҳбарлик қилаётган, кондиционерлар ишлаб чиқаришга асос солган, ажойиб истеъдод соҳиби Уиллис Х.Керриер услуби ҳақида ҳикоя қилиб беришга изн бергайсиз. Ташвиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишдаги унинг технологияси мен илгари эшитганларим ичида энг яхшиларидан биридир. Нью-Йоркдаги муҳандислар клубида бўлиб ўтган зиёфатда у ҳақда унинг ўзи менга ҳикоя қилиб берганди.
“Йигитлик чоғимда Нью-Йорк штати, Буффало шаҳридаги “Буффало Форж” компаниясида ишлар эдим. Менга Миссури штати, Кристал-Сити шаҳридаги “питтсбург Плейг Гласс” компанияси заводида газ тозалаш тизимини ўрнатиш топширилганди. Бу завод бир неча миллион доллар турарди. Газ тозалашнинг биз таклиф этган услуби янги ва фақат бир марта, шунда ҳам мутлақо бошқа шароитларда синаб кўрилган эди. Кристал-Ситида ишлаб турган вақтимда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қийинчиликлар келиб чиқди. Умуман, жиҳоз яхши ишлаб турган эди, аммо тайёрловчи заводнинг “кафолат мажбуриятларига мувофиқ бўлиш учун етарли эмасди”.
Ишим чаппасига кетганидан ҳангу манг эдим. Ўзимни худди бошимдан қаттиқ зарб егандай ҳис қилардим. Қорним, бутун ичим чидаб бўлмас даражада оғрир эди. Безовталик анча вақтгача менга уйқу бермади.
Ниҳоят, безовталикнинг охири хайрли бўлмаслигини эслатувчи оқилона насиҳатга риоя қилдим. Шунда ташвиш тортмасдан муаммони ечишга имкон берувчи услубни ишлаб чиқдим. Безовталик билан курашишнинг бу услубини мен ўттиз йилдан кўпроқ вақтдан бери қўллаб келаман. У жуда оддий. Ундан ҳар ким фойдаланса бўлади. У уч босқичдан иборат:
1. Барча бўлиб ўтган ишларни қўрқмасдан баҳолаб, вазиятни ҳаққоний тарзда таҳлил қилиб чиқдим ва агар вазият мен учун энг ёмон тарзда ривожланадиган бўлса, яна содир бўлиши мумкин деб тахмин қилдим. Мени қамоққа тиқмайдилар ва отмайдилар. Бу мутлақо аниқ эди. Шунингдек, биз жиҳозни қайта созлашимиз кераклиги ва бунга қўйилган йигирма минг долларни йўқотишимиз эҳтимоллиги ҳам мавжуд эди.
2. Муваффақиятсизлик оқибатларининг салбий имкониятларини аниқлагандан кейин мен бунга тан бердим. Бу муваффақиятсизлик менинг обрўйимга зарар етказади ва эҳтимол, ишимни йўқотишимга олиб келар. Агар шу ҳол рўй берса, мен ҳар доим бошқа жой топаман. Мен ишлаган фирма учун вазият анча хунук бўлиши мумкин. Албатта, биз газ тозалагичнинг янги услуби бўйича тажриба ўтказаётганимизни тушунишади ва агар бу тажриба уларга йигирма минг долларга тушса, бунга чидайдилар. Зарарни улар тадқиқот фаолиятига уриб юборадилар. Оқибатнинг энг ёмон эҳтимолликларини аниқлаб, уларга иқрор бўлгандан кейин, ҳаддан ташқари муҳим нарса содир бўлди: мен дарҳол тинчландим ва бу барча кунлари ҳис қилмаган хотиржамликни сездим.
3. Шу вақтдан бошлаб мен ўз ғайратимни воқеаларнинг энг ёмон ривожланишига йўл қўймасликка ҳаракат қилишга йўналтирдим. Энди мен йўл ва воситалар қидиришга тушиб кетдим, токи булар ёрдамида 20 минг долларлик тахминий зараримизни камайтириш имконига эга бўлайлик. Мен бир қанча вақт синов ўтказдим ва аниқладимки, агар биз қўшимча жиҳозга яна беш минг доллар сарфласак, олдимизда турган муаммони ҳал этар эканмиз. Биз шундай қилдик ва 20 минг доллар зарар ўрнига 15 минг доллар фойда олдик.
Агар ташвишланиб юраверган бўлганимда, мен ҳеч қачон бундай натижага эришмаган бўлар эдим, чунки ташвиш келтириш мумкин бўлган энг ёмон нарса – бу фикрни бир жойга жамлашга қобилиятсизликдир. Биз ташвишланганимизда, фикрлаш қобилиятини йўқотамиз. Бироқ, борди-ю, биз ўзимизни хаёлан воқеалар ривожини кўзда тутган сирларидан энг ёмони билан тўқнашишга мажбур бўлсак, биз хира туйғулардан халос бўламиз ва диққатимизни муаммони ечишга қаратиш ҳолатида бўламиз.
Мен ҳикоя қилган воқеа кўп йиллар илгари бўлганди. Усулим шу қадар яхши иш бердики, шундай буён мен уни бошқа ҳолатларда ҳам қўллаб келаяпман”.
Хўш, психология нуқтаи назаридан Уиллис Х.Керриернинг бу сеҳрли қоидаси нечук бу қадар бебаҳо, амалий жиҳатдан бу қадар мақсадга мувофиқ? Гап шундаки, у биз ташвишлар юки олдида кўзимиз ҳеч нарсани кўрмай, ботиб қолган маъюс ҳислар ботқоғидан чиқиб олишимизга ёрдам беради. Биз қаддимизни адл тутиш имкониятига эга бўламиз. Биз қандай аҳволга тушиб қолганимизни аниқ тушунамиз. Борди-ю, бундай тушунча бўлмаганида, унда, умуман, бизнинг бирон нарсага ақлимиз етар эдими?
Борди-ю, Уиллис Х.Карриер катта муаммолар билан тўқнашган деб ўйласангиз, демак, сиз ҳақиқий катта муаммолар қанақа бўлишини билмас экансиз. Массачусетс штати, Винчестер шаҳридан Эрл П. Хейни воқеасини олайлик. Биз у билан 1948 йил 17 ноябрда Бостондаги “Статлер” отелида учрашган эдик. “Анча илгари, йигирманчи йилларда, – деб ҳикоя қилганди у, – муттасил ташвишланиш оқибатида ошқозон яраси орттириб олгандим. Бир куни тунда қоп-қора қон қуса бошладим ва мени зудлик билан Чикаго университети қошидаги касалхонага ётқизишди. Озиб, чўп бўлиб кетдим ва қирқ кило ҳам келмайдиган болакайга айланиб қолдим. Ҳолбуки, олдин нақд етмиш кило тош босар эдим. Бетоблигим шу даражага бордики, қўлимни кўтаролмасдим. Ораларида ошқозон яраси касалликлари бўйича ғоят таниқли бир мутахассис бўлган шифокор келиб, мени тузалмайдиган хилига гирифтор бўлган деган хулосага келди. Мен ишқорли дорилар ва ҳар ярим соатда бир ош қошиқдан қаймоқли сут ичар эдим ва шунинг шарофатидан ўлмай тургандим. Ҳамшира эрталаб ва кечқурун резина найча орқали ошқозонимдаги нарсани сўриб чиқариб ташларди.
Шу зайл кўп ойлар ўтди… Охири ўзимга дедим: “Менга қара, Эрл Хейни, модомики, олдингда муқаррар ўлимдан бошқа ҳеч нима йўқ экан, қолган ҳаётингдан имконинг борича ҳақингни олиб қолсанг-чи. Сен ҳар доим дунё бўйлаб саёҳат қилишни хоҳлардинг ва борди-ю, умуман, шундай саёҳат қилиш ниятинг бор экан, ҳозир айни пайти”.
Докторимга жаҳон бўйлаб саёҳат қилмоқчи эканимни ва резина найчани ўзим эплашимни айтганимда, ҳаммалари анқайиб қолишди. Бу сира мумкин эмас! Улар бунақасини ҳеч эшитишмаган эди. Агар жаҳон бўйлаб саёҳатга чиқадиган бўлсам, мени очиқ денгизга дафн этишларини огоҳлантиришди. “Йўқ, дафн этмайдилар, – деб жавоб бердим мен, – қариндош-уруғларимдан мени Небраска штатининг Брокси Боу шаҳрида жойлашган қабристондаги бизга тааллуқли хилхонага қўйишлари ваъдасини олганман. Шу боис сафаримга, ҳар эҳтимолга қарши, тобут ҳам олиб кетаяпман”.
Тобут сотиб олдим, уни кемага юкладим ва кема компанияси билан ўлиб қолган тақдиримда тобутимни музхонага солиб қўйишларини ва шу ҳолатда уни уйга қайтариб юборишларини келишиб олдим.
Лос-Анжелесда шарқий йўналишда сузиб кетган “Президент Адамс” кемасига кўтарилишим ҳамоноқ мен ўзимни бардам ҳис қила бошладим. Аста-секин ишқорли кукун ичиш ва найчадан фойдаланишни ташладим. Кўп ўтмай мени ҳатто кафолатли тарзда тугатиб қўя қолиши мумкин бўлган тансиқ таомларни ҳам тановул қила бошладим. Вақт ўтиши баробарида мен ҳатто узун сигаралар чекиб ва унча-мунча аччиқ лимонаддан ича бошладим. Ана буни лаззат деса бўлади. Биз очиқ денгизда бўронга дуч келдик, тайфунлар билан олишдик, аслида улар мени тайёр тобутга тиқиб қўя қолишлари керак эди. Аммо бу барча саргузаштлар менга катта қувонч бағишламоқда эди. Мен ҳеч нимадан қўрқмай қўйгандим.
Кемада мен қарта ўйнар, қўшиқ айтар, дўстлар орттирар ва гоҳо тонг отгунча ўтириб, улар билан хушчақчақлик қилар эдим. Биз Хитой ва Ҳиндистонга етиб келганимизда, мен чеккан ташвиш ва ғамлар бу мамлакатларда ҳукм сурган қашшоқлик ва очликка нисбатан боғи эрамдаги ҳаловат эканини англадим. Мен бемаъни ташвишларимни бир четга суриб қўйдим-да, ўзимни жуда яхши ҳис эта бошладим. Америкага қайтиб келганимда, ўттиз килога семирган эдим ва ошқозон ярасини деярли унутган эдим. Умримда ўзимни ҳеч қачон бунақа яхши ҳис қилмагандим. Мен ишимга қайтдим ва шундан буён бошқа ҳеч қачон ҳеч нима билан оғримадим”.
Эрл Хейни менга ташвиш билан курашишим учун Уиллис Х.Керриер қўллаган усулдан билмай туриб фойдаланганини айтди.
“Биринчидан, – деб сўрадим ўзимдан, – воқеалар ривожининг энг ёмон варианти қайси?” Жавоб битта эди – ўлим.
Иккинчидан, мен ўзимни шундай қилишга чоғлаган эдим. Шундай қилишим керак эди. Мен учун бошқа йўл йўқ эди, зеро, шифокорлар умид йўқлигини айтишганди.
Учинчидан, мен юзага келган аҳволни яхшилашга уриниб кўрган эдим. Шу боис қолган вақтимдан иложи борича кўпроқ лаззат олишга аҳд қилган эдим”. Борди-ю, жаҳон бўйлаб саёҳатга йўл олиб ҳам ташвишланишда давом этганимда эди, албатта, уни тобутда ниҳоясига етказган бўлардим. Аммо мен тинчландим ва барча муаммоларимни унутдим. Бу хотиржамлик менга иккинчи ҳаёт бағишлади ва шундай ғайрат ато этдики, қайтадан тирилдим”.
Шу боис қуйидаги “2- ҚОИДА”га риоя қилинг.
Борди-ю, Сиз ташвиш билан тўла муаммога дуч келсангиз, Уиллис Х. Керриернинг сеҳрли қоидасини қўлланг:
1. Воқеалар ривожининг энг ёмон вариантини аниқланг.
2. Агар бошқаси буюрилмаган бўлса, уни қабул қилишга ҳозирлик кўринг.
3. Иш аҳволини яхшилаш учун хотиржамлик билан ҳаракат қилинг.
III б о б
Ташвишнинг сизга таъсири хусусида
Ташвиш билан курашишни эплай олмаган ишбилармонлар ёш ўладилар.
Доктор Алексис Каррель
Бирмунча муддат илгари кечқурун уйим эшиги тақиллади. Қўшним чиқибди, у ҳаммамизни қизамиқдан эмлашга астойдил ундай бошлади. У одамларни шундай чора кўриш зарурлигига ишонтирган, Нью-Йорк шаҳрида уйма-уй юрувчи кўнгиллилардан бири эди.
Кайфи учган одамлар эмлаш жойларида соатлаб навбатда турар эдилар. Эмлаш жойлари барча касалхоналардагина эмас, балки ўт ўчирувчилар депосида, полиция маҳкамаларида ва катта саноат корхоналарида ҳам очилган эди. Икки мингдан кўпроқ шифокор ва ҳамшира аҳолини эмлаб, туну кун ҳормай-толмай ишлар эдилар. Бундай ваҳиманинг сабаби нима эди? Гап шундаки, Нью-Йоркда саккиз нафар одам қизамиқ билан оғриган, шулардан иккитаси ўлган эди. Шаҳарнинг қарийб саккиз миллион аҳолисига икки ўлим.
Мен Нью-Йоркда ўттиз етти йилдан буён истиқомат қиламан ва бирон марта ҳам ҳеч ким эшигимни тақиллатмаган ва “ташвиш” аталмиш руҳий касалликка чалиниш ҳақида огоҳлантирмаган эди. Бу касаллик эса сўнгги ўттиз етти йил мобайнида қизамиққа қараганда ўн минг мартадан кўпроқ зарар етказганди.
Биронта ҳам кўнгилли эшигимга келиб тақиллатмаган ва АҚШ нинг ҳар ўнинчи фуқароси одатда ташвиш ва руҳий изтироблар натижасида юзага келувчи асаб бузилиши қурбони бўлганидан огоҳлантирилмаган эди. Шу боис бу хатардан огоҳлантириш учун ушбу бобни ёзаётирман. Эшигингизни тақиллатган мен бўламан.
Тиббиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори доктор Алексис Каррель шундай деганди: “Ташвиш билан курашишни эплолмаган ишбилармонлар ёш ўладилар”. Бу уй бекаларига ҳам, фахрийларга ҳам, ғишт терувчиларга ҳам бирдай тааллуқлидир.
Бир неча йил муқаддам таътилимни автомобилда Техас ва Нью-Мексико бўйлаб саёҳат қилиб ўтказгандим. Мен билан бирга доктор О.Ф.Гобер ҳам бор эди. У Санта Фе шаҳри темир йўл касалхонасида ишлар ва Мексика қўлтиғи, Колоради ва Санта Фе тиббиёт муассасалари ассоциациясининг бош терапевти лавозимини эгаллаганди. Орамизда ташвиш оқибатлари ҳақида қизғин суҳбат кетди ва у деди:
“Шифокор ҳузурига келган беморларнинг етмиш фоизи қўрқув-ларини енгиб, ташвишдан қутула олсалар, тузалиб кетадиган ҳолатдир. Уларнинг касалликларини ёлғондакам деб ўйлаш керак эмас. Худди тиш оғриғи каби бор касалликлардир ва гоҳо жуда ҳам хатарли ҳамдир. Мен руҳий изтироб натижасида ошқозонда овқат ҳазм бўлмаслигини, ошқозон ярасининг айрим турларини, юрак муаммоларини, уйқусизлик, бош оғриғи ва фалажнинг айрим турларини назарда тутаяпман. Бу касалликлар кўриниб туради ва мен уларни қулоғим билан эшитиб эмас, кўзим билан кўриб биламан, ахир ўзим ўн икки йил ошқозон ярасидан азоб чекканман-да.
Қўрқув ташвишга сабабчи бўлади. Нотинчлик асаб зўриқишига олиб келади, бу эса, ошқозон асаб толаларига таъсир кўрсатади ва аслини олганда, ошқозон шираси таркибини ўзгартиради. Унинг яхши ишлашига халақит беради ва кўпинча ошқозон яраси пайдо бўлишига олиб келади”.
Дарвоқе, сигареталар хусусида. Сигарета ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи дунёдаги энг машҳур компаниялар соҳиби яқинда Канада ўрмонларида қисқа дам олиш вақтида юрак хасталигидан вафот этди. У миллионлаб долларлар жамғарди, ўзи эса олтмиш бир йил умр кўрди. У ўз ҳаётини бизлар “ишдаги муваффақият” деб гапириб ўрганган нарсага сотди.
Менинг нуқтаи назаримда бу сигарета магнати ўзининг барча миллионлари билан Миссури штатидаги фермер, саксон тўққиз ёшида бир доллар ҳам жамғара олмаган отамнинг улушига тушган муваффақиятнинг ярмига ҳам етолмаганди.
Машҳур ака-ука Мэйолар айтар эдиларки, касалхоналаримиздаги жойларнинг ярмидан кўпроғини асаб касаллигидан жабр кўрувчилар эгаллайдилар. Аммо ўлганларидан кейинги тиббий кўрув вақтида бу одамларнинг асаблари аъло эканлиги маълум бўлган. Бу одамлардаги “асаб касалликлари” асаб тизимининг жисмоний бузилишидан эмас, балки тушкунлик, ташвиш, нотинчлик, қўрқув, ишдаги омадсизлик, ғазаб сингари ҳиссиётлардан келиб чиққан.
Платон айтган эдики, “шифокорларнинг энг катта хатоси шундан иборатки, улар руҳни даволаш чорасини кўрмай туриб, баданни даволашга ҳаракат қиладилар. Аммо жисм ва жон яхлитдир, уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди!”
Бу ҳақиқатни англаш учун тиббиётда йигирма уч асрлик вақт ўтди ва эндигина жонни ҳам, жисмни ҳам даволайдиган психоматика деб аталувчи янги йўналиш вужудга келмоқда. Бунинг учун аллақачон вақт етиб келган эди, чунки тиббиёт чечак, вабо, сариқ, безгак ва неча-неча миллионлаб одамларнинг бевақт ўлиб кетишига сабабчи бўлган бундай даҳшатли юқумли касалликлардан фориғ бўлишга ёрдам берди. Аммо тиббиёт фани юқумли касалликлар эмас, балки безовталик, қўрқув, нафрат, тушкунлик ва қаҳр-ғазаб каби ҳиссиётлар келтириб чиқарувчи руҳий ва жисмоний касалликларни даволай олмади.
Руҳий оламнинг бу бузилишлари қурбони сони ҳайратомуз даражада тезлик билан ортиб бормоқда. Шифокорлар шундай хулосага келдиларки, ҳозирги вақтда яшаётган америкаликларнинг ҳар йигирматасидан биттаси ўз ҳаётининг бир қисмини руҳий касалликларни даволаш билан шуғулланувчи тиббий муассасаларда ўтказмоқдалар. Иккинчи жаҳон уруши вақтида хизматга чақирилган олти йигитдан биттаси руҳий соғлиқ ҳолати бўйича яроқсиз деб эътироф этилган.
Руҳий касалликлар нимани келтириб чиқаради? Бу саволга ҳеч ким жавоб бера олмайди. Аммо кўп ҳолларда уларнинг юзага келишига имкон берувчи омиллар қўрқув ва нотинчлик эканлиги кўпроқ эҳтимол тутилмоқда. Кучли безовталикка дучор бўлган одам оғир ҳаётий қийинчиликларга бардош беролмайди, бунинг натижасида воқелик билан ҳар қанақанги муносабатни узади ва ўз орзуларига берилиб, шу йўл билан муаммоларини ҳал этган бўлади.
Ушбу сатрларни ёзар эканман, столим устида Эдвард Подольскийнинг “Ташвишланишни бас қилинг ва соғлом бўлинг” китоби ётарди. Мана шу китобдаги айрим бобларнинг номи:
1. Безовталикнинг юрак фаолиятига таъсири.
2. Безовталик кучли босимни келтириб чиқаради.
3. Безовталик боднинг сабабчиси.
4. Ташвиш қанча оз бўлса, ошқозонга шунча яхши.
5. Безовталик шамоллашни келтириб чиқаради.
6. Безовталик ва қалқонсимон без.
7. Диабет келиб чиқишида безовталикнинг роли.
Безовталик бод ёки бўғинлар боди қимирлашдан маҳрум этиб, сизни ногиронлар аравачасига михлаб қўйиши мумкин. Корнеуль университети тиббиёт факультети доктори ва бўғимлар боди бўйича дунёга таниқли доктор Рассель Л.Сесил бу касалликни келтириб чиқарувчи энг кенг тарқалган тўрт сабабни санаб ўтади:
– омадсиз никоҳ;
– молиявий фалокат ёки мусибат;
– ёлғизлик ва безовталик;
– бировга зимдан кек сақлаш.
Албатта, бу тўрт ҳиссий омил билан ушбу касалликнинг юзага келишидаги барча сабаблар барҳам топиб қолмайди. Бўғим бодининг кўплаб турлари ва уни юзага келтирувчи сонсиз сабаблар бор. Аммо юқорида санаб ўтилган омиллар, мен бунга алоҳида эътиборингизни тортаман, турли сабаблар ҳисобланади. Масалан, менинг бир дўстим зўриқиш натижасида ғоят оғир моддий аҳволга тушиб қолди, унинг уйида газни ўчириб қўйишди. Банк эса, уни уйга гаров хати сотиб олиш ҳуқуқидан маҳрум этди. Қўққисдан хотинининг бўғим боди хуруж қилиб қолди ва дори-дармону парҳезларга қарамай, то дўстимнинг ишлари жойига тушмагунча, касаллик давом этди.
Ташвишдан ҳатто кариес 1 пайдо бўлиши мумкин.
Қалқонсимон без гиперфункциясининг ошкора аломатлари бўлган одамни ҳеч кўрганмисиз?
Мен кўрганман ва айта оламанки, бундай одамлар дағ-дағ титрайдилар, силкинадилар, худди биров ўлгудай қўрқитиб қўйганга ўхшайдилар. Уларда аъзои бадан иши учун жавоб берадиган қалқонсимон без фаолияти бузилган бўлади. Натижада юрак фаолияти тезлашади ва аъзои бадани ўт бўлиб ёнади, бамисоли гуриллаб ёниб турган печкага солиб қўйгандай бўлади. Борди-ю, ўз вақтида зарурий чоралар кўрилмаса, яъни операция амалга оширилмаса, бемор ўзини ўзи еб, ўлиб қолиши мумкин.
Яқинда мен қалқонсимон без фаолияти бузилган бир дўстим билн Филадельфияда бўлган эдим. У ушбу касаллик билан ўттиз саккиз йилдан бери шуғулланиб келаётган таниқли мутахассис доктор Израель Брамдан маслаҳатлар олди. Унда қуйидаги маслаҳатлар аниқ-таниқ қилиб ёзиб қўйилганди:
Енгиллашиш ва ҳордиқ.
Соғлом эътиқод, мусиқа ва кулги энг кучли тинчлантирувчи ва енгиллаштирувчи таъсирга эга.
Худога ишонинг, қаттиқ ухлашни ўрганинг.
Яхши мусиқани севинг. Ҳаётнинг қувноқ томонига кўпроқ эътибор беринг.
Шунда сиз соғлом ва бахтли бўласиз.
У дўстимга биринчи саволни берди: “Қандай ҳиссий кечинмалар сизни бу аҳволга солди?” Кейин эса огоҳлантириб, агар ташвишланишда давом этаверсангиз, юрак, ошқозон яраси ёки диабет муаммолари асорат қолдириши мумкин, деди. “Бу барча касалликлар, – деди у, – эгизаклардир, яқин қариндош-уруғлардир”. Яқин қариндош-уруғ бўлмай нима? Ахир уларнинг сабабчиси битта – безовталик-ку.
Бугунги кунда Америкада ўлимнинг асосий сабачиси юрак касалликлари ҳисобланмоқда.
Иккинчи жаҳон урушида жангларда қарийб уч юз минг америкалик ҳарбий хизматчи ўлган эди, аммо худди шунча давр ичида юрак касалликларидан икки миллион фуқаро вафот этган, шулардан ярми – нотинчлик ва зўриқишдан келиб чиқувчи юрак хасталикларидан ўлган. Ҳа, айнан шунинг учун ҳам доктор Алексис Каррель айтган эди: “Нотинчлик билан курашишни эплолмаган ишбилармонлар ёш ўладилар”.
Қўшма Штатлар жанубидаги негрлар ва хитойликлар безовталик ҳисобланган юрак касалликлари билан оғримайдилар, чунки улар воқеаларга хотиржамлик билан муносабатда бўладилар. Шифокорлар ва фермерлар эса юрак етишмовчилигидан йигирма марта кўпроқ ўладилар, чунки уларнинг ҳаёти жуда кескин кечади ва бунинг учун соғлиқлари билан тўлов тўлайдилар.
“Гуноҳларимизни худо кечирар, – деган эди Уильям Жеймс, – аммо асаб тизимларимиз ҳеч қачон кечирмайди”.
Мана сизга ақлни лол қолдирадиган ва мутлақо ҳайратомуз далил: ҳар йили Америкада одамлар бешта энг кенг тарқалган юқумли касалликлардан ўлганларга қараганда кўпроқ ўз жонларига қасд қилиб ўладилар. Нима учун? Жавоб, асосан, бир нарсага келиб тақалади: “хавотирлик”.
Шафқатсиз хитой ҳукмдорлари асирларни қийноққа солмоқчи бўлсалар, асирларнинг қўл ва оёқларини боғлаганлар-да, бошлари узра сувли қоп осиб қўйганлар, ундан тинимсиз равишда, бир зайлда кечасию кундузи сув томчилаб турган. Аста-секин сув томчилари асирларнинг бошларига болға билан урилгандек туюла бошлаган ва улар ақлдан озганлар. Худди шу усулни испан цивилизацияси ҳам, Гитлер пайтида немис концентрацион лагерларидан ҳам қўллашган.
Безовталик мана шу муттасил томиб турувчи сув томчиларига ўхшайди. Доимий нотинчлик эса инсонни телбалик ва ўз жонига суиқасд қилишгача олиб келади.
Ёш болалик пайтимда ва Миссурида яшаганимда Билли Сандиннинг у дунёдаги дўзах азоблари ҳақидаги ёзган ҳикоялари мени ўлгудек даҳшатга солар эди. Аммо у ёруғ дунёдаги ташвишлар билан тўқнашиш инсон кечирадиган дўзах азоблари ҳақида ҳеч қачон ҳеч нарса гапирмасди. Масалан, агар сиз сурункали безовталикка мойил бўлсангиз, сиз ҳеч бир қийинчиликсиз стенокардия билан оғришингиз ва мутлақо чидаб бўлмас оғриқни бошдан кечиришингиз мумкин.
Оҳ, борди-ю, шундай оғриқни бошдан кечиришингизга тўғри келганда, сизни қийнаётган азобдан жон талвасасида ўзингизни урган бўлар эдингиз. Оҳ-воҳларингиз шунчалик кучли бўлардики, улар олдида Дантенинг “Дўзах”идаги гуноҳлар фарёди болалар ҳуштакчаси овозидай кўриниб қоларди. “Эй, Тангрим, борди-ю, шуни бошдан кечиргудек бўлсам, ҳеч қачон, ҳеч нарса ҳақида зинҳор-базинҳор ташвиш чекмаган бўлар эдим”.
Сиз ҳаётни севасизми? Узоқ яшашни ва яхши соғлиқ лаззатини суришни истайсизми? Сиз буни ҳозирнинг ўзида бошлашингиз мумкин. Мана сизга доктор Алексис Каррелнинг дил изҳорларидан бири: “Кимки ҳозирги замон шаҳри талотўпи ичида ўз қалбида теран осудаликни сақлай олса, ўша одам асаб касалликларидан мосуводир”.
Ҳозирги замон талотўплари ичида ўз қалбингизда теран осудаликни сақлашга қодирмисиз? Агар сиз соғлом одам бўлсангиз, ҳеч шубҳасиз “ҳа” деб жавоб берасиз. Кўпчилигимиз ўзимиз ўйлаганимиздан кўра кўпроқ кучлироқмиз. Биз, эҳтимол, ҳеч қачон фойдаланмаган яширин захираларга эгамиз. Торо ўзининг “Уолдей” деган ўлмас китобида бундай деган:
“Менга ҳеч нарса инсон онги саъй-ҳаракатлари асосида ўз ҳаётини такомиллаштиришга қодир, деган рад этиб бўлмас далолатни билишдек илҳом бағишламайди… Борди-ю, сиз ўз орзуингизга эришиш йўлида олға ҳаракат қилсангиз ва ўзингиз орзу қилгандек яшаш учун ўзингизни ўтга-чўққа урсангиз, одатдаги ҳаракат тарзингиз билан эришолмайдиган муваффақиятга, албатта, эришасиз”.
Ушбу китобнинг аксарият ўқувчилари Огайо штатилик Ольга К.Жорви сингари ўшандай ирода кучи ва ўшандай пинҳоний имкониятга эга эканликлари заррача шубҳа туғдирмайди. У ҳатто энг фожиали шароитларда ҳам ташвишланмасликка қодир эканини англаб етган. Иймоним комилки, ушбу китобда кўриб чиқилаётган ғоят кўҳна ҳақиқатларни қўллашдан эринмасак, сиз ҳам, мен ҳам шунга қодирмиз. Ольга К.Жорвининг менга ёзган мактубларидан бир воқеани эътиборингизга ҳавола этаман:
“Саккиз ярим йил муқаддам шифокорлар менга ўлим ҳукми чиқаришди: саратондан аста-секин азобли ўлим. Уни мамлакатнинг энг нуфузли шифокорлари ҳам тасдиқлашди. Мен боши берк кўчага кириб қолдим. Мени абадият кутарди. Мен ёш эдим. Ўлишни истамасдим. Даҳшат ичида Келлогдаги шифокоримга қўнғироқ қилдим ва кўзларимдан дув-дув ёш тўкиб, юрагимда борини унга тўкиб солдим. У тоқатсизлик билан гапимни бўлди-да, мени уришиб берди: “Нима гап, Ольга? Наҳотки курашишга кучинг етмаса? Албатта, йиғлайдиган бўлсанг, ўласан-да. Бошингга тушган энг ёмон кўргилик тушиб бўлди. Ҳақиқат юзига тик қара. Ташвишланишни бас қил ва бирон чора топишга урин”.
Шунда мен онт ичдим. Шундай пайтда ичган онтим менга шу қадар кучли таъсир кўрсатдики, тирноқларим терим ичига чуқур ботганини ва баданимдан бир совуқ нарса жимирлаб ўтганини ҳис қилдим. Мен шу сўзларни тантанавор ирод этдим: “Мен ташвишланмайман. Йиғламайман! Бирон нарса қилишим мумкин бўлса, шу нарсани қиламан ва енгиб чиқаман. Мен яшайман!”
Одатда, бундай таваккалли ҳолларда, радийни қабул қилиш мумкин бўлмаганда, рентген нурланиши сеанси ўттиз кун мобайнида ўн ярим дақиқага чўзилади. Қирқ тўққиз кун давомида мен ўн тўрт ярим дақиқа нурландим. Мен қоқ суякка айланиб қолгандим, суякларим текисликдаги тепаликлар сингари бўртиб турарди, оёқларим эса қўрғошин этик кийгандай қилт этмасди, шундай бўлса-да, мен парво қилмасдим! Бирон марта ҳам йиғламадим! Мен жилмаярдим. Мен том маънода ўзимни жилмайишга мажбур этар эдим.
Биргина жилмайиш билан саратонни енгиб бўлмаслигини англамайдиган даражада нодон эмасдим. Аммо бари бир яхши кайфият вужудга касаллик билан курашишда ёрдам беради, деб ҳисоблайман. Нима бўлганда ҳам мўъжиза рўй берди. Мен тузалиб кетдим. Сўнгги йилларда ҳеч қачон ўзимни ҳозиргидек яхши ҳис қилмаганман. Булар бари курашга даъват этувчи сўзлар шарофати билан бўлди: “Ҳақиқат юзига тик қара. Ташвишланишни бас қил ва бирон чора кўришга урин”.
Муҳаммад пайғамбарнинг мутаассиб маслакдошлари кўпинча баданларига игна билан Қуръон оятларидан чекиб олар эканлар. Мен ҳар бир ўқувчи қуйидаги сўзларни баданларига игна билан чекиб ёзиб қўйишларини хоҳлар эдим: “Ташвиш билан курашишни эплай олмаган ишбилармонлар ёш ўладилар”.
ИККИНЧИ ҚИСМ
ТАШВИШНИ ТАҲЛИЛ ҚИЛИШНИНГ АСОСИЙ УСУЛЛАРИ
IV б о б
Ташвиш билан боғлиқ муаммоларни таҳлил қилиш ва ҳал этиш хусусида
Мен эгалик қилган олти хизматкор қўлимдан келган ҳамма ишни қилишга ундаб келди. Уларнинг исмлари: Нима ва Нима учун, Қачон ва Қандай, Қаерда ва Ким.
Киплинг
Уиллис Керриернинг ушбу китобидаги иккинчи бобнинг биринчи қисмида тилга олинган сеҳрли қоидаси ташвиш туфайли юзага келувчи муаммоларни ҳал этишга қодирми? Албатта, йўқ. Хўш, бундай ҳолда нима қилиш керак? Бу саволга жавоб мана бундай: биз ўзимиз учун ҳар қандай кўринишдаги ташвишга қарши туриш имконини берадиган услубларни ишлаб чиқишимиз керак. Бунинг учун муаммолар таҳлилининг уч асосий йўли билан танишиш керак бўлади.
Мана улар:
1. Ашёвий далил тўпланг.
2. Уни таҳлилдан ўтказинг.
3. Қарорни ишлаб чиқинг ва уни амалга оширишга киришинг.
Ҳаммаси сизга кундай равшанми? Ҳа, бу шунақа. Бир вақтлар Аристотель шунга ўқиган ва ҳаётида фойдаланган эди. Бизга ташвиш туғдириб, ҳаётимизни дўзахга айлантирган муаммоларни ҳал этиш учун сиз ҳам, мен ҳам шу қоидага риоя қилмоғимиз керак.
Келинг, 1-қоидани кўриб чиқайлик. Унда бундай дейилади: ашёвий далил тўпланг. Нима учун далил тўплаш бу қадар муҳим? Гап шундаки, агар бизда далил бўлмаса, ҳатто муаммомизни оқилона ҳал этишга ҳам йўл тополмаймиз. Ашёвий далилсиз биз фақат ваҳимага тушамиз, холос. Менинг ғоям нимадан иборат? Аниқроғи, бу ғоя Колумбия университети қошидаги Колумбия коллежи декани марҳум Герберт Ё.Хокснинг ғояси. Йигирма икки йил ичида у икки юз минг талабага ташвиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда ёрдам кўрсатди, у менга “саросимага тушиш ташвиш келтирувчи асосий сабабдир”, деган эди.
У бу фикрни қуйидаги сўзлар билан ифода этди: “Одамларнинг ярми зарурий ва етарли далилларга эга бўлмай туриб қарор қабул қилишга уринганлари учун ташвишдан бошлари чиқмайди”. Масалан, у бундай деганди: “Борди-ю, мен келаси сешанбада соат учда муаммога тўқнаш келишим керак бўлса, унда мен бу вақтгача бирон-бир чора кўришга уринмайман. Ҳозирча бутун эътиборимни шу муаммога дахлдор барча далилларни олишга қаратаман. Мен ташвиш қилмайман. Ўзимни турфа мулоҳазалар билан қийнамайман. Мен яхши ухлайман. Мен далилларни тўплайман, холос. Муаммо юзага келган вақтгача бисотимда барча зарурий далиллар бўлади ва муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетади!”
Мен декан Хоксдан, бир нарса ўзингизни ташвишдан бутунлай халос қилиб олганингизни англатадими, деб сўрадим. “Ҳа, – деди у. – Назаримда, ҳаётим энди безовталикдан фориғ бўлди, мен буни виждонан айтаяпман. Шу нарсани билдимки, агар киши далилларни йиғиш билан машғул бўлса, буни зўраки эмас, холисона қилса, безовталик туйғуси одатда билимлар кучи билан ғойиб бўлади”.
Аммо кўпчилигимиз нима қиламиз? Далиллар билан танишмоқ учун вақт тополамизми, саъй-ҳаракат қиламизми? Ишқилиб, фикр қилишдан қочиш учун инсон ҳар қанақанги айёрликка боришдан тап тортмайди, деб жиддий гапирганида Эдисон ҳақ эди. Борди-ю, барибир ҳам далиллар тўплайдиган бўлсак, аллақачон бизга маълум бўлган нарсаларнигина тасдиқлайдиганлар кетидан тушамиз, қолганларни эса назар-писанд қилмаймиз! Бизга фақат аъмолларимизни оқлаётган далилларгина бизнинг тахминларимизни оқлаётган воқеликка эмас, хоҳишларимизга мос келадиган далилларгина керак!
Андре Маруа айтган эди: шахсий хоҳишларимизга мос келган нарса бизга ҳақиқат бўлиб кўринади. Унга зид келадиган ҳамма нарса эса ғазабимизни қўзитади.
Менда далилларни холисона ва аниқ баҳолайдиган ва ўз муаммоларимизга ташқаридан туриб қарашга имкон берадиган икки йўл бор. Мана улар:
1. Ашёвий далилни тўплар эканман, бу ишни ўзим учун эмас, бошқа биров учун қилаяпман деб тасаввур этаман. Бу менга беғаразлик ва холисликни сақлаб қолишимга ёрдам беради. Бу менга ушбу жараёндан ҳиссиётни бартараф этишга кўмаклашади.
2. Мени безовта қилаётган муаммо ҳақидаги ашёвий далилни тўплар эканман, мен ўзимни гоҳо судда рақибим томонида туриб гапиришга тайёрланаётган адвокатдай тасаввур қиламан. Бошқача айтганда, мен ўзимга қарши далилларни тўплашга ҳаракат қиламан: булар хоҳишларимга тўғри келмайдиган ва мен ёқтирмайдиган далиллардир.
Кейин мен бу ишнинг ҳар иккала томони учун далилларни ёзиб оламан ва одатдагидек, ҳақиқат мана шу икки четдаги нуқтаи назарларнинг ўрталарида ётгандек туюлади.
Ишнинг моҳияти шундаки, на сиз, на мен, на Эйнштейн ёки Қўшма Штатларнинг Олий Суди мазкур масала бўйича аввал ашёвий далилларни тўпламай туриб, бирон-бир муаммони оқилона ҳал қилиш учун бу қадар мукаммал ҳисобланмаймиз. Томас Эдисон буни биларди. Ҳаётининг охирига келиб, унинг бисотида икки минг беш юз қайд дафтарчаси тўпланган эди. Уларга уни ташвишга солган муаммолар бўйича далилларни қайд этиб борган.
Шунинг учун муаммони ҳал этишнинг биринчи қоидаси ашёвий далилни тўплашдан иборат. Келинг, декан Хоксдан ибрат олайлик-да, масалани холис ашёвий далилни бир карра тўплаб олгандан кейин ҳал этишга ўтайлик.
Аммо дунёдаги мавжуд ашёвий далилни тўплаганимизда ҳам, агар уни таҳлил ва талқин этмасак, бундан тирноқча наф бўлмайди.
Кези келганда шуни айтишим керакки, ўзимга жуда қимматга тушган тажрибам асосида агар бир варақ қоғозга олдиндан ёзиб борилса, далилларни таҳлил қилиш анча осон бўлишини англаб етдим. Ҳақиқатан ҳам, далилларни қоғозга тушириб боришимиз ва муаммоларни аниқ бир шаклга солишимиз уни оқилона ҳал этиш йўлини топишда дурустгина ёрдам беради.
Чарльз Кеттринг айтган эди: агар аниқ ифода этилган бўлса, бу муаммо ярмига ҳал бўлди деганидир.
Бу тамойиллар амалий ишини мисолларда кўрсатишимга ижозат берсангиз. Хитойларда, ўн мингта сўздан битта суврат афзал деган нақл бор. Шу боис, келинг, фараз қилайликки, мен сизга бу сувратни кўрсатаяпман, унда сиз тилга олган тамойиллар асосида муаайян қадамлар қўйилмоқда.
Гейлен Литчфилд бошидан шундай воқеа ўтди. Мен уни бир неча йилдан бери биламан. У Узоқ Шарқдаги энг омадли америка ишбилармонларидан бири, 1942 йилда мистер Литчфилд Хитойда бўлган эди, айни шу вақтларда японлар Шанхайни босиб олган эди. Литчфилд меникида меҳмон бўлганида қуйидаги воқеани ҳикоя қилиб берган эди:
Японлар Перл-Харборга зарба бергандан кейин кўп ўтмай уларнинг қўшин қисмлари Шанхайга бостириб киради. Ўшанда мен Шанхайда Осиё суғурта компанияси бошқарувчиси бўлиб ишлардим. Компаниямизда адмирал унвонидаги ҳарбий кушанда деган шахс пайдо бўлди, у менга компания активларини тугатишда унга қарашиб юборишимни буюрди. Менга хўп, демасдан иложим йўқ эди. Мен у билан ё ҳамкорлик қилишим, ё бошқа йўл танлашим керак эди. Бу “бошқа йўл” муқаррар ўлимни англатарди.
Мен нима айтсалар, шуни бажарардим, чунки бошқа иложим ҳам йўқ эди. Бироқ адмиралга берганим активларимиз рўйхатига 750 минг долларлик қимматли қоғозни киритмаган эдим. Бундай қилишимнинг сабаби, улар бизнинг Гонгкондаги филиалимизга қарар ва Шанхайдаги уруш ҳаракатларига бунинг ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. Шундай бўлса-да, буни японлар билиб қолиши мумкинлигидан хавотирланардим. Кўп ўтмай улар буни билиб қолишди ҳам.
Бу вақтда мен офисда эмасдим. Аммо у ерда компаниянинг бош ҳисобчиси бор эди. Унинг айтишича, адмирал қаттиқ дарғазаб бўлибди. Ер тепиб, мени ўғридан олиб ўғрига, сотқиндан олиб, сотқинга солибди. Мен япон армиясининг обрўйини тўккан эмишман. Бунинг нимани англатишини билардим: мени Бриж Хаусга жўнатишади.
Бриж Хаус! Бу япон истилосининг қийноқлар камераси. Менинг яқин дўстларим бўлгувчи эди. Шу қамоқхонага тушмаслик учун баъзилари ўз жонига суиқасд қилиб ўлиб кетардилар, бошқалари эса ўн кунча давом этган сўроқ ва қийноқларга бардош беролмай, жон таслим этар эдилар. Энди навбат менга келганди!
Нима қилиш керак эди? Мен бу ҳақда якшанба куни тушда хабар топдим. Аҳвол шу даражага етиб келган эдики, мен ҳамма нарсадан умидимни узишим керак эди. Агар муаммоларни ҳал этишнинг муайян услубига эга бўлмаганимда, бу шундай бўларди ҳам. Кўп йиллар бадалида менда шундай одат юзага келган эдики, бирон-бир нарсадан ғам-ташвишга ботиб қолсам, ҳар доим шартта ёзув машинкамга ўтирардим-да, иккита саволни бериб ва уларга жавобни ёзишга киришардим.
Мана ўша саволлар:
1. Ташвишланишнинг сабаби нимада?
2. Бу борада қандай чора кўрсам бўлади?
Аввалига мен бу саволларга ёзувсиз жавоб беришга ҳаракат қилардим. Аммо кўп йиллар бўлдики, бу одатни ташлаб юборгандим. Саволларнинг ҳам, жавобларнинг ҳам ёзувини фикрлаш, тафаккурни равшанлаштиришини билдим. Шу боис ўша якшанба куни тушда тўғри ёш насронийлар ассоциацияси Шанхай бўлими менга олиб берган ўз хонамга кирдим-да, машинкани олиб, ёза бошладим:
Нимадан безовталанаяпман?
Мени Бриж Хайсга жўнатишларидан қўрқаяпман
Сўнг навбатдаги саволни ёздим:
Шу муносабат билан қандай чоралар кўришим мумкин?
Бу борада кўп соат бош қотирдим. Эҳтимол тутилган амалларнинг тўртта вариантини, шунингдек, эҳтимол тутилган оқибатларни ёздим.
1. Мен ўзи ишларимни япон адвокатига тушунтириб беришга ҳаракат қила оламан. Аммо у инглизча гапирмайди. Борди-ю, у мен билан тилмоч ёрдамида гаплашадиган бўлса, у яна дарғазаб бўлиши мумкин. Бу эса, ўлимни англатиши мумкин, чунки у шу қадар бераҳмки, мен билан қийналиб гаплашишдан кўра мени Бриж Хаусга жўнатиб қўя қолади.
2. Мен қочиб кетишга ҳаракат қилишим мумкин. Бунинг иложи йўқ. У муттасил ортимдан пойлайди. Борди-ю, қочиб кетишга ҳаракат қилсам, унда мени тутиб олишлари ва отиб ташлашлари тайин.
3. Мен шу ерда қолишим ва идорада кўринмаслигим керак. Борди-ю, шундай қилсам, япон адмирали мендан шубҳаланади ва эҳтимол, мени ҳибсга олгани ва Бриж Хаусга жўнатгани аскарларни юборади. Мен, одатдагидек, душанба куни эрталаб ишга боришим мумкин. Агар шундай қилсам, адмирал ғоят банд бўлади, менинг нима қилганим борасида ўйламайди, бунга менинг ишончим комил бўлади. Шунда улар билан гаплашишга менда имконият бўлмайди. Ҳатто у буни эслаганда ҳам, эҳтиол, у тинчланган ва мени ўз ҳолимга қўйган бўларди.
4. Шу боис, агар эртага идорага борсам ва ўзимни ҳеч нарса бўлмагандек тутсам, бу менга Бриж Хайсдан қочиш учун икки қулайлик пайдо қилади.
Юзага келган аҳволни ҳар тарфлама ўйлаб кўриб, тўртинчи вариант бўйича иш тутишга қарор қабул қилиб бўлганимдан кейин идорага келганимда адмирал ўша ерда эди. У ўтириб сигара тортарди. У, одатдагидек, менга тикилиб қаради, аммо ҳеч нима демади. Ярим йилдан кейин эса Худога шукрки, у Токиога қайтди ва менинг ташвишларим ниҳоясига етди.
Олдин айтганимдек, ўша якшанбада ўзимнинг барча эҳтимол тутган амалларимни ва уларнинг эҳтимол тутилган оқибатларини қайд этиб, хотиржамлик билан бир тўхтамга келиб, ҳаётимни сақлаб қолган эдим. Борди-ю, бундай қилмаганимда, нима қилишимни билмай, изтироб чеккан ва эҳтимолки, шошилинчда хатога йўл қўйган бўлардим. Бутун якшанба оқшомида ташвиш-таҳликадан ўзимни қўйгани жой тополмасдим. Тунни мижжа қоқмай ва ҳаяжонланган ҳолда ўтказардим. Душанба куни идорага саросимада ва ҳаяжонланган ҳолда келган бўлардим ва мана шунинг ўзиёқ японнинг мендан шубҳа қилишига ва мени жазолашга туртки бўлар эди.
Ўз тажрибамдан қайта-қайта ишондимки, қарор қабул қилиш ҳолатларининг ўзи катта қийматга эга. Айнан маълум қарор қабул қилишга лаёқатсизлик ва шубҳаю гумонларнинг жирканч доирасидаги маъносиз ҳаракатларни бас қилиш одамларнинг асабини қаттиқ қақшатади ва улар ҳаётини чинакам дўзахга айлантиради.
Аниқ бир тўхтамга келдим демагунча ташвишларимнинг ярми беиз ғойиб бўлишини билдим. Тўхтамга келган нарсани бажара бошлаганингда яна қирқ фоизи йўқолади.
Шу тариқа, қуйидаги тўрт амални адо этар эканман, ташвишларимнинг тўқсон фоизидан фориғ бўламан:
1. Ёзма равишда ташвишларим боисини аниқ ифода этаман.
2. Эҳтимол тутилган амалларнинг вариантларини ёзиб қўяман.
3. Аниқ бир тўхтамга келаман.
4. Уни бажаришга дарҳол киришаман.
Ҳозирги вақтда Гейлен Литчфилд “Старр Прак энд Фримен” компанияси Узоқ Шарқ бўлими директори лавозимида ишламоқда. У ерда йирик суғурта ва молия фирмалари манфаатларини намоён этади. Дарҳақиқат, олдин айтиб ўтганимдек, у Осиёдаги энг омадли бизнесменлардан бири ҳисобланади. Ўз муваффақиятлари учун ташвиш келиб чиқиши сабабларини таҳлил этишдаги ўз услубидан ва муайян тўхтамга кела билишидан миннатдор эканини эътироф этди.
Гап услубнинг муваффақият қозонишининг сири нимада? Гап шундаки, у самарали, аниқ, бевосита муаммоли моҳиятни ҳал этишга йўналтирилган. Бундан ташқари, учинчи муқаррар қоида энг муҳим таркибий қисм ҳисобланади: юзага келган муаммони ҳал этиш учун қандайдир чора кўринг. Борди-ю, бирон-бир чора кўрмасак, ашёвий далил тўплаш бўйича бизнинг барча фаолиятимиз бу – шамолга совуриш демак.
Ташвиш билан боғлиқ муаммоларимизни ҳал этиш учун нимага Гейлен Литчфилд усулини ҳозирнинг ўзида қўллаб бўлмас экан?
Савол 1. Айни вақтда мени нима безовта қилмоқда? (Жавобини қаламда ёзинг).
Савол 2. Бу борада мен қандай чора кўраман? (Ўз жавобингизни ёзинг).
Савол 3. Менинг сўнгги қарорим.
Савол 4. Уни амалда қачон қўллай бошлайман?
V б о б
Ишингизда юзага келган ташвишнинг ярмидан қутулишингиз сири
Агар сиз бизнес билан шуғулланаётган бўлсангиз, ҳозирнинг ўзидаёқ ўзингизга бундай денг:
“Бу бобомнинг номи мутлақо нобоп. Мен ўн тўққиз йилдан бери шуғулланаман ва албатта буни мендан яхши биладиган одам бормикан?”
Кимдир менга келиб, ишимда юзага келган бир ишбилармоннинг ташвишларининг 50 фоиздан қутулгани эмас, балки одатда турли муаммоларни ҳал қилишга бағишланган йиғилишларга сарфлайдиган вақтнинг 75 фоиз тежаб қолгани тўғрисида ҳикоя қилиб бераман.
Мен қандайдир “Мистер Жонс” ёки “мистер Х” ёхуд “Огайолик бир танишим” каби номаълум одамни таништирмоқчи эмасман. Гап Леон Шимкин деган муайян шахс устида бормоқда. Кўп йиллар давомида у “Симон энд Шустер” нашриёт уйининг директори эди ва ҳозирда у Нью-Йоркдаги Рокфеллер маркази “Покет букс” компаниясининг раиси лавозимини эгаллаб турибди.
Мистер Шимкин бизга қуйидагиларни сўзлаб берди.
Ўн беш йил давомида иш вақтимнинг ярмини йиғилишларда ўтказдим. Уларда биз муаммоларни муҳокама қилар ва у ёки бу ишни қилишга ёхуд умуман ҳеч нарса қилмасликка аҳд этар эдик. Биз асабийлашар, ўриндиқларимизда типирчилар, залда у ёқдан-бу ёққа юрар, баҳслашар эдиг-у, ҳеч нарсани ҳал этолмай, яна дастлабки мушоҳадаларга қайтар эдик. Мен кечга бориб ўзимни мутлақо беҳол ҳис этардим. Қолган умримни нуқул шунақа йиғилишлардан бошим чиқмай ўтказишимни билиб турардим. Ўн беш йил шундай қилдим ва муаммони ҳал этишнинг бундан дурустроқ йўли борилигини тасаввур қилмасдим. Борди-ю, кимдир менга йиғилишларга сарфлаган вақтимнинг тўртдан уч қисмини тежаб қолишим мумкинлигини айтгудек бўлса, уни ҳаётдан орқада қолган содда одам деб ўйлардим. Дарвоқе, айнан мен кучим етмайдиган юкни итқитиб ташлашга имкон берувчи услубни ишлаб чиқдим. Ишимнинг самарадорлиги ҳайратомуз даражада ўсди. Бу усулдан саккиз йил давомида фойдаландим. Соғлиғим яхшиланиб, ўзимни гижинглаган тойчоқдек ҳис этар ва энг бахтли инсон ҳисоблардим.
Бу сеҳрга ўхшарди, аммо барча сеҳр ишлари каби менинг услубим ҳаддан ташқари жўн эди. Унинг моҳияти қуйидагидек эди. Энг аввало, ёрдамчиларим аввал-бошданоқ ҳаммасини миридан-сиригача бир-бир санаб чиқиб, уларни ташвишга солган муаммо ҳақида ҳикоя қилган ва ўз сўзларини “Нима қилмоқ керак?” деган савол билан тугатганди. Мен йиғилишларда яшаб келган ўн беш йиллик амалиётимдан шартта воз кечдим. Бундан ташқари, мен янги қоида жорий қилдим. Бу қоида шундан иборат эдики, мен билан бирон муаммони ҳал этмоқчи бўлган ҳар қандай одам қуйидаги саволларга жавоб берилган махсус маълумотни тақдим этишлари керак эди:
Савол 1. Муаммо нимадан иборат?
(Илгари биз, одатда, моҳиятини ичимиздан ҳеч ким аниқ билмайдиган муаммони муҳокама қилишга бир ё икки соат вақтимизни сарфлардик. Биз ташвишга солган муаммолар ҳақида қизғин баҳслашардик, уларнинг моҳиятини ёзма равишда аниқ баён этишга ҳатто ҳаракат қилмасдик).
Савол 2. Муаммони келтириб чиқарган сабаблар нимадан иборат?
(Орқамга қайрилиб қарар эканман, кўплаб соатларимни муаммоларни муҳокама қилишга беҳуда сарфлаб, улар сабабини аниқ билиб олишга заррача ҳаракат қилмаганимни англаб, вужудимни даҳшат кемирарди).
Савол 3. Муаммоларни ҳал этишнинг қандай имкониятлари мавжуд?
(Илгари йиғилиш вақтида, одатда, бир одам қарорни таклиф этарди. Бошқалар у билан баҳсга киришиб кетарди. Асаблар жунбушга келарди. Муҳокамаларимизда кўпинча масала моҳиятидан узоқлашиб кетардик. Йиғилиш сўнгида эса муҳокама пайтида юзага келган хилма-хил таклифларни ҳеч ким ёзиб бормагани маълум бўларди).
Савол 4. Сиз қандай ечимни таклиф қиласиз?
(Кўпинча йиғилишларда мазкур муаммо баҳонасида узоқ вақт давомида жабр чеккан, аммо бирон марта уни ҳал қилиш имкониятлари ҳақида ўйламаган ва мен мана бундай ечимни таклиф этаман деб ёзиб қўйишни эп билмаган одам билан мунозара қилар эдим).
Энди муаммоларни муҳокама қилиш учун ходимлар билан кам учрашаман. Нимага? Гап шундаки, менинг тўрт саволимга жавоб бериш учун барча далилларни тўплашлари ва аҳволни атрофлича муҳокама қилишлари керак бўларди. Бу нарсалар қилиб бўлингач эса тўрттадан уч ҳолатда ҳар ким билан маслаҳатлашишлари шарт бўлмасди, чунки зарурий ечим бодроқ донаси каби сакраб кетаверар эди. Борди-ю, барибир мен билан шундай маслаҳат қилиш шарт бўлиб қолса, унда унинг муҳокамасига илгари шу мақсадда сарфланган вақтнинг учдан бир қисмидан озроқ вақт кетарди, чунки муҳокама батартиб, мантиқли олиб борилиб, биз ҳар доим оқилона ечим топар эдик.
Энди компаниямизда ташвишлар ва муаммолар ҳақидаги суҳбатларга камроқ вақт сарф бўлмоқда, аҳволни ўйлаш учун кўриладиган зарурий чора-тадбирларга кўпроқ эътибор берилмоқда.
Суғурта бизнеси соҳасида етакчи корчалонлардан бири, дўстим М.Фрэнк Бетжер менга шундай усул ёрдамида ўз ишлари борасида камроқ ташвиш чекишгина эмас, балки ўз даромадларини икки баравар кўпайтириб олгани ҳақида ҳикоя қилиб берди:
Кўп йиллар муқаддам, суғурта полисларини энди-энди сота бошлаганимда, ўз ишимга жон-жаҳдим билан киришиб кетган эдим. Кейин нимадир содир бўлди, ҳафсалам пир бўлганини ҳис этдим, ишимдан бутунлай кўнглим совиди, бошқа иш билан шуғуллансам қандай бўларкин, деб ўйлай бошладим. Агар бир гал якшанба куни эрталаб миямга бир фикр келиб қолмаганида, балки шундай қилган ҳам бўлардим. Мен бемалол ўтириб, ташвишларим боисини билишга ҳаракат қилдим.
1. Энг аввало ўзимдан сўрадим: муаммо ўзи нимадан иборат? Жавоб: менинг сонсиз ишбилармонлик учрашувларим дурустроқ самара бермаяпти. Мижоз, эҳтимол, мендан суғурта полисини сотиб оламан деб айтиб турганида ҳаммаси жўяликкина кетаётгандек бўлиб турганди, аммо қарабсизки, битим бузилиб турибди… назаримда, мистер Бетжер, келинг, бошқа вақт учрашайлик, – дер эди мижоз. Айнан мана шу такрорий учрашувлар менинг ҳафсаламни пир қилар эди.
2. Ўзимдан сўрадим: муаммони ҳал этишнинг қандай эҳтимол тутилган йўллари бор? Аммо бу саволга жавоб айтишдан аввал мен далилларни ўрганишим керак эди. Мен кейинги йигирма йилдаги ишбилармонлик қоғозларимни олдим-да, рақамларни таҳлил этишга киришдим.
Мен ажойиб кашфиёт қилдим! Айнан ўша ерда аниқ-таниқ қилиб ёзиб қўйилгандики, ўзимнинг савдо-сотиқларимнинг 70 фоизини биринчи учрашувимда амалга оширган эканман, 23 фоизини иккинчи учрашувда, амалга оширган эканман, фақат 7 фоизинигина кейинги учрашувларда амалга оширишга муваффақ бўлган эканман. Худди мана шу сўнггилари мени нари олиб бориб, бери олиб келаётган эди ва худди мана шу учрашувларга вақтим кўпроқ исроф бўлган экан. Бошқача айтганда, мен иш кунимнинг ярмини мижозларнинг сотилган суғурта полислари умумий миқдоридан фақат 7фоиз берган қисмига беҳуда сарфлар эканман.
3. Бундай аҳволда нима қилиш лозим бўлади? Жавоб мутлақо равшан эди. Мен зудлик билан биргина мижознинг олдига қатнашни тўхтатдим, ортиб қолган вақтни истиқболдаги мижозлар билан ишлашга бағишладим. Натижа ҳайратомуз эди. Қисқа муддат ичида мижоз билан ҳар бир учрашувдан тушадиган молиявий фойдани қарийб икки баравар оширишга муваффақ бўлдим.
Аввал айтиб ўтганимдек, бугунги кунда Фрэнк Бетжер – мамла-катдаги энг яхши суғурта агентларидан бири. У Филадельфиядаги “Фиделити митчуэл” компаниясида ишлайди ва ҳар йили бир миллион долларга суғурта полисларини сотади. Аммо у бир вақтлар бу ишни ташламоқчи бўлиб юрарди. У енгилтаклигини тан олишга тайёр эди, аммо вазиятни таҳлил этиб, ўз ишида олға силжиб олди ва муваффақиятга эришди.
УЧИНЧИ ҚИСМ
СИЗНИ ЕНГМАСДАН ОЛДИН ТАШВИШНИ ЕНГИШ ХУСУСИДА
VI б о б
Ташвиш хаёлини миядан ҳайдаш
Бир қанча йиллар муқаддам тунда бўлиб ўтган бир суҳбат сира эсимдан чиқмайди. Мистер Марион Ж.Дуглас машғулотларимга қатнаб юрарди: (унинг шахсан ўтинчи билан унинг ҳақиқий исмини тилга олмайман). Аммо бу воқеа ростдан бўлиб ўтган ва мен уни мистер Дуглас қандай ҳикоя қилган бўлса, ўшандай тасвирлаяпман. У хонадони бошига бир эмас, икки марта тушган фожиани гапириб берди. Биринчи гал унинг жондан ортиқ севувчи беш яшарлик қизалоқи нобуд бўлади. У ва хотини бу ғамни кўтаролмасак керак, деб ўйлайди. “Ўн ой ўтгач, – деб ҳикоя қилади у, – худо бизга яна бир қизалоқни ҳадя этди, аммо беш кундан сўнг бу қизалоқ ҳам бизни ташлаб кетди.
Бу қўшалоқ мусибат зарбига чидашимиз амри маҳол эди. Мен на ухлар, на овқат ер, на ҳордиқ чиқара олардим. Асаб тизимларим бутунлай ишдан чиқиб, сабабсиз қўрқувлар вужудимни кемирарди.”
Охири у шифокорга мурожаат қилди. Улардан бири уйқу дори ичинг, бошқаси – саёҳатга чиқинг, деб маслаҳат берди. У иккаласини ҳам қилди, лекин булар ҳам ёрдам бермади. Назаримда, – дейди у, – вужудимни нимадир исканжага олиб, тобора кучлироқ қисиб келаётгандай. Борди-ю, оғир мусибат тушган бўлса, бунинг қанақа бўлишини ўзингиз биласиз.
Аммо Худога шукрки, менинг яна бир болам қолганди: тўрт яшар ўғилчам. Муаммони қандай ечишни менга мана шу болам айтди. Бир куни кечга яқин ўриндиқда ўтирганча қисматим шўрлигидан Худога нола қилардим. Ўғлим аста келиб, дада, менга кема ясаб беринг, деб илтимос қилиб қолди. Тўғриси, қўлим ҳеч нарсага бормай қўйганди. Аммо фарзанд – фарзанд экан-да, унинг мўлтираб туришидан юрак-бағрим эзилиб кетди.
Кемани яссашга уч соат вақт кетди. Кемани ясаб бўлгач, мана шу ўтган уч соат ичида банд бўлганимдан, сўнгги кўплаб ойлардан кейин биринчи марта мен учун одат бўлиб қолган асабий зўриқишни ҳис этмаганимни ва ўзимни хотиржам тутганимни англадим.
Бу кашфиёт кўзимни мошдай очди ва бироз ўйлашга мажбур этди. Сўнгги вақт давомида мен чинакамига ўйландим. Режалаштириш ва фикрлашни талаб этувчи бирон-бир иш билан банд бўлсанг, ташвишга ўрин қолмаслигини тушундим. Мендаги ҳолатда ўғлимга кемача ясаб бериш баҳонаси ёрдамида миямдан ташвиш хаёлини чиқариб ташлагандим. Шу боис муттасил нима биландир шуғулланишга қарор қилдим.
Эртасига кечқурун уйда у хонадан-бу хонага ўтиб юрар эканман, қилишим керак бўлган ишлар режасини тузар эдим. Ўнлаб буюмларнинг синиқ ва чиқиқларини созлаш лозим эди. Китоб жавонлари, зинапоя поғоналари, дераза дарчаси, дераза пардаси, қулфлар, сув жўмраклари – бари таъмирталаб бўлиб ётарди.
Ҳайрон қолдим: бир ҳафта ичида оз эмас, кўп эмас, нақд 242 банддан иборат зарурий ишлар рўйхатини туздим.
Икки йил ичида улардан кўпчилигини бажариб бўлдим. Бундан ташқари, менга куч бағишловчи ишлар билан ҳаётимни тўлдирдим. Ҳафтасига икки марта кечқурунлари Нью-Йоркдаги кечки мактабга қатнардим. Она шаҳримда ижтимоий фаолият билан шуғуллана бошладим ва ҳозирги вақтда мактаб кенгаши раисиман. Ўнлаб йиғилишларда иштирок этаман. Қизил Хоч учун пул тўплашда ёрдам қиламан ва яна кўплаб ишлар билан машғул бўламан. Шу қадар банд бўламанки, ташвишланиш учун менда вақт бўлмайди.
Орамиздан кўпчилигимиз осонгина “иш билан андармон” бўламиз, чунки ҳар доим иш ва кундалик юмушлардан сира бошимиз чиқмайди. Аммо хатар ишдан кейинги вақтда бошланади. Биз иш билан машғул бўлмаган ва бўш вақтдан лаззатланишимиз мумкин бўлган вақтда ўзимизни бахтиёр ҳис этишимиз керакдай туюлади, бироқ айни шу пайтда ташвишдан келиб чиқувчи қора кучлар бало-қазодай ёпирилиб келади. Айни шу паллада ҳаётда тўғри йўлни танлай олмаганимиз фикрлари бизга азоб бера бошлайди, бошлиғимиз томдан тараша тушгандай айтган иборадан пинҳоний фикрни ўлиб-тирилиб қидирамиз ёки сочимиз тўкилаётганидан изтироб чекамиз.
Бирон-бир юмуш билан банд бўлмаганимизда миямиз бўшлиқ деб аталувчи ҳолатга интилади. Ҳар қандай физик талаба табиат бўшлиққа тоқат қилолмаслигини билади. Бўшлиқнинг энг осон тушунарли мисоли – бу оддий электр чироғи. Уни синдиринг, тамом, табиат бу назарий бўм-бўшлиқни ҳаво билан тўлдиришга мажбур этади.
Агар бирон-бир фаолият билан банд бўлмаса, табиат худди ўшандайин онгимиздаги бўшлиқни тўлдиришга интилади. Нима билан тўлдиради? Одатда, ҳиссиётлар билан тўлдиради. Нима учун? Чунки ташвиш, қўрқув, нафрат ва ҳасад сингари ҳиссий ҳолатлар ёввойиликнинг ибтидоий кучлари ва жўшқин қуввати билан ҳаракатга келадилар. Бу ҳиссиётлар шу қадар кучлики, улар барча дунёвий ҳамда бахтиёр фикр ва туйғуларимизни шууримиздан сиқиб чиқариб ташлаши мумкин.
Колумбия педагогика коллежи профессори Жеймс Л.Митчелл бу фикрни жуда яхши ифодалаган. У қуйидагиларни айтган: кундалик юмушларингиздан холи пайтингизда ташвиш сизни айниқса кўпроқ ҳолдан тойдириши мумкин. Ихтиёрингиз қўлдан кетиши ва бошингизга турли балоларни ёғдириши, арзимаган эҳтиётсизлигингиз туфайли пашшадан фил ясаши мумкин. Бундай вақтда миянгиз бор кучи билан ишлаб турган моторга ўхшайди. У ақл бовар қилмас тезликда чириллаб айланади, подшипниклар эрий бошлайди, мотор ана-мана бўлакларга бўлиниб, ҳар томонга сочилиб кетадигандек бўлаверади. Бу ташвишни енгиш учун сиз ўзингизни дарҳол қандайдир яратувчилик фаолияти билан банд қилишингиз керак.
Аммо бу ҳақиқатни англаш ва уни амалда қўллаш учун коллеж профессори бўлиш шарт эмас. Уруш вақтида мен чикаголик бир уй бекасини учратганман ва у менга ташвишни енгиш учун дарҳол ўзини биронта яратувчанлик фаолияти билан банд этиш зарурлигини англашга муваффақ бўлганини сўзлаб берганди. Ёнида эри ҳам бўлиб, улар поезднинг ресторанли вагонида Нью-Йоркдан Миссуридаги менинг фермамга кетишаётган эди.
Уларнинг айтишича, Перл-Харборга ҳужум қилишганининг эртасига ўғиллари армияга жўнатилган. Ўғилларини ўйлайвериб, бечора хотин адойи тамом бўлибди. Қаерда у? Тан-жони соғмикан? Ё жандамикан? Ярадор бўлдимикан? Ўлиб кетдимикан?
Ташвишингизни қандай енгдингиз, деб берган саволимга у: бошим билан юмушларга кўмилиб кетдим, деб жавоб берди. У энг аввало чўри ёллашни бас қилибди ва уйдаги юмушларни ўзи тиндира бошлабди. Аммо бу ҳам айтарли дардини енгиллатмабди.
Ҳамма бало шундаки, деди у, мен юмушларимни деярли беихтиёр бажарар эдим, миям ҳеч нарса билан банд бўлмасди. Шу боис кўрпа-тўшакларни йиққанда ва идиш-товоқларни чайганда ташвиш мени сира тарк этмасди. Шунда фақат жисмоний эмас, ақлий жиҳатдан ҳам мени банд қилиб турадиган бошқа бир иш қилишим кераклигини англадим. Кейин катта универсал дўконига сотувчи бўлиб ишга кирдим.
Шу ёрдам берди. Мен дарҳол хилма-хил ишлар гидобига шўнғиб кетдим: олдинига харидорлар келарди, нархини сўрарди, буюм ўлчамлари ва рангларини танларди. Ўз муаммомни ўйлашга бир сония ҳам вақт бўлмасди. Тунлари эса оёғимдаги оғриқни ўйлардим, холос. Кечликни ердиму таппа ташлаб ухлардим. Ташвишланиш учун на вақтим бўларди, на мажолим.
Аёл ўзи учун кашфиёт ясади ва Жон Каунгер Поупс ўзининг “Ташвишни унутиш санъати” китобида ёзган қуйидаги гаплар билан нимани назарда тутганини ўз тажрибасида тушуниб етди: Инсон зоти унга топширилган иш билан банд бўлганида уни хавфсизликнинг аллақандай ёқимли туйғуси, теран хотиржамлик ва сирли бахтиёр туйғу қамраб олади.
Шунга қодирлигимизнинг ўзи бир бахт эмасми?
Одамзоддаги бахсизлик сирини бир жумлада умумлаштириб, бўш вақтингиз бўлишига эришиш ва ундан бахтиёрмисиз ёки йўқлигини ўйлаш учун фойдаланинг деганида Жорж Бернард Шоу мутлақо ҳақ эди. Шу боис ташвиш ҳақида ўйламанг. Енг шимариб ишга киришинг. Сиз ўша заҳоти томирингизда қон жўша бошлаганини, миянгиз ишлай бошлаганини ва ҳаётий қувватнинг қудрат оқими сизни ташвиш балосидан халос қилганини ҳис этасиз, ишга киришинг. Ишланг. Бу ер юзидаги энг арзон ва энг яхши дорилардан биридир.
Ташвишланиш одатидан қутулиш учун қуйидаги қоидага риоя қилинг.
Қоида 1:
Ишга киришинг. Ташвишга ботган одам боши билан ишга шўнғиши керак, акс ҳолда, тушкунлик унинг соғлиғини еб битиради.
VII б о б
Қўрққанга қўшалоқ кўринади
Бу ҳайратомуз воқеани бир умр эсдан чиқармасам керак. Уни менга Нью-Жерси штати, Мемплвуд шаҳридан Роберт Мур ҳикоя қилиб берганди.
1945 йил мартида 276 фут чуқурликда Ҳинди-Хитой соҳиллари яқинида ҳаёт менга зўр сабоқ берганди. Мен “Байа СС 318” сувости кемасининг саксон саккиз кишилик командасида эдим. Радарлар япон кемаларининг унча катта бўлмаган қўриқчи гуруҳи биз томон келаётганини кўрсатиб турарди. Тонгда биз сув остига тушиб кетдик ва ҳужумга тайёрлана бошладик. Перископда япон эсминеци, танкери ва миноносецини кўрдим. Эсминецдан отилган учта торпедо ёнимиздан ўтиб кетди. Бу торпедоларнинг механик қисмидаги носозликдан шундай бўлди. Ҳужумни сезмаган эсминец ўз йўлидан ҳаракат қилиб келарди. Кемалар қаторининг охирида келаётган миноносецга ҳамла қилишга шайландик. Бироқ у тўсатдан бурилди-да, тўғри биз томонга қараб йўл олди. Бизни япон самолёти олтмиш фут чуқурликдан пайқаб қолганди ва бу ахборот кемага узатилганди. Душмандан яшириниш учун биз 150 фут чуқурликка тушдик ва чуқурликдан отилувчи бомбалар билан ҳужумга ўтишга шайлана бошладик. Қўшимча болтлар билан люкларни маҳкам беркитдик ва тўла сукунат сақлаш учун барча парракларни, совутиш тизимини ва электр тизимини ўчириб қўйдик.
Уч дақиқадан сўнг биз дўзах оташгоҳига тушиб қолдик. Атрофимизда чуқурликда отилувчи олти бомба портлади ва портлаш кучи бизни нақ денгизнинг тубига, 276 фут чуқурликка итқитиб юборди. Бизни даҳшат қамраб олди. Сувости кемаси учун 1000 фут чуқурликда ҳамлага учраш хатарли бўлади, 500 футдан камроқ чуқурликда эса ҳар доим ўлимга дуч келинади. Биз эса 250 футдан сал кўпроқ чуқурликда ҳамлага дуч келгандик, хавфсизлик нуқтаи назаридан биз бамисоли тиззамизда сувда турардик. Япон миноносеци бизга 15 соат мобайнида бомба ёғлириб турди. Сувости кемасидан ўн етти фут радиусда бомба портлаши унинг корпусида ёриқ пайдо бўлишини англатарди. Ўнлаб бомбалар биз турган жойдан эллик фут нарида портларди. Биз эҳтиёт чораларини кўриш ва койкаларда тинчгина ётишга буйруқ олдик. Менинг қўрққаним шунчаликки, зўрға нафас олардим.
Ажалим етди, – тинимсиз такрорлардим мен, – ажалим етди. Сувости кемасидаги барча парраклар ва электр тизими ўчириб қўйилганидан кема ичидаги ҳарорат 100 даражадан ошиб кетганди, бироқ мен қўрқувдан шундай қалтирардимки, свитер ва мўйна нимчамга ўраниб олдим, барибир совқотганимдан тишларим такирларди. Баданим муздай, ёпишқоқ тердан жиққа ҳўл. Ҳужум ўн беш соат давом этди. Кейин бирданига портлашлар тўхтади. Афтидан, япон эсминеци захирадаги барча чуқурликдан отилувчи бомбаларни отиб бўлган ва кетганди. Мана шу ўн беш соат менга ўн беш йилдай туюлиб кетганди. Мен онадан қайта туғилгандай бўлдим. Мен қилган барча ёмон ишларим, мени ташвишга солган барча беҳуда қилиқларимни эсладим. Флотдаги хизматгача банкда клерк1 бўлиб ишлардим. Мени бир нарса ташвишга соларди – иш куни жуда чўзилиб кетарди, оладиган маошим эса арзимагангина бўларди, боз устига хизматдаги олға силжишим учун яхши истиқбол ҳам йўқ эди. Уйим йўқлиги, янги машина сотиб ололмаслигим, хотинимга янги кийим олиб беролмаслигимни ўйлаб, ич-этимни ердим. Оҳ, мудом ҳаммадан хафа бўлиб юрадиган тунд бошлиқ чолни шунақанги ёмон кўрардимки. Кеч хуфтонда силлам қуриган ҳолда уйга қайтиб келганимда хотиним билан жиқиллашларимни эсладим. Автомобиль ҳалокатида орттирган пешонамдаги хунук чандиқни ўйлаб, хафа бўлиб кетардим.
Булар бўлиб ўтгани қачонлар эди! Чор атрофингда чуқурликда бомбалар портлаб, ҳар лаҳзада нариги дунёга кетишим мумкин бўлиб турган бир пайтда бу муаммолар шунчалик бачкана кўриниб кетарди. Агар қуёш ва юлдузларни кўриш тағин насиб этса, бошқа ҳеч қачон ғам чекмайман, деб ўзимга сўз бердим. Ҳеч қачон! Ҳеч қачон! Сиракуза университетида ўқиган тўрт йилдан кўра мана бу ўн беш соат ичида яшаш санъати ҳақида кўпроқ нарса билиб олдим.
Ўзи тез-тез шундай бўлиб туради: жиддий ҳаёт синовларини мардонаворларча қарши оламиз-да, умуман бир чақага арзимайдиган турмуш икир-чикирларига бардош беролмаймиз.
Бизга ташвиш келтирувчи кўплаб майда-чуйда нарсалар хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Биз уларни ёқтирмаймиз ва уларга ҳаддан ташқари кўп аҳамият бериб юборганимиздан ғашимиз келади.
Дизраели: “Майда ишлар билан шуғулланиш учун умримиз ғоят қисқалик қилади”, деганди. Бу сўзлар, – деб ёзганди Андре Моруа “Шу ҳафтада” журналида, – жуда кўп синовлардан муваффақиятли ўтишимга ёрдам берганди. Аслида биз ёмон кўришимиз ва унутиб юборишимиз лозим бўлган майда-чуйда нарсалардан жиғибийрон бўлишга ўзимиз йўл қўйишимизни англадим. Ёруғ дунёда яшашимиз учун бир неча ўн йилликкина ато этилган, биз эса йиллар ўтиб, ўзимиз ҳам, бошқалар ҳам унутиб юборадиган нарсалар устида ташвишланиб ва хафа бўлиб, қимматли соатларимизни бой берамиз. Йўқ, бунга йўл қўйиб бўлмайди. Келинг, ҳаётимизни муносиб ишлар ва орзуларга, буюк ғояларни ижро этишга, пок туйғулар ва кўламдор режаларга бағишлайлик. Зеро, умримизни ғоят қисқа, майда ишларга сарфлаб, зое кетказмайлик.
Ҳатто Редьярд Киплингдек истеъдодли шахс ҳам “умримиз ғоят қисқалигини, уни майда-чуйдаларга исроф қилмаслик”ни гоҳо унутиб қўяр эди. Бунинг натижасида у ўз қайниси билан судлашганди, бу суд жараёни Вермонт тарихидаги энг машҳур судлардан бўлиб қолди. У жамоатчиликда шундай кучли таассурот қолдирдики, бу воқеа муносабати билан ҳатто Редьярд Киплингнинг “Вермонтдаги суд жараёни” деган китоби ҳам чиқди.
Ишнинг моҳият-мазмуни эса мана бундай эди. Киплинг вермонтлик Каролина Белестьер деган қизга уйланди, Братлборода шинам уй қурди ва қолган умрини шу ерда ўтказишга аҳд қилди. Унинг қайниси Битти Балестьер Киплингнинг энг яхши дўстига айланди.
Кейин мана бундай воқеа юз берди. Киплинг Балестьердан ер сотиб олди, аммо шу шарт биланки, Балестьер ҳар йили ердаги пичанни ўриб, йиғиб олиши мумкин. Бироқ бир куни Балестьер қарасаки, Киплинг пичан босишга мўлжалланган жойни ағдариб, гулзор қилишга киришиб кетибди. Ғазабдан қайнисининг чапараста жаҳли чиқиб кетди. Киплинг ҳам ундан паст келгани йўқ. Вермонтнинг ям-яшил тоғлари узра булут қуюқлаша борди. Бир неча кундан кейин мана бундай бўлди.
Киплинг одатдагидек велосипедда кетаётганди. Шу пайт қўққисдан от қўшилган усти ёпиқ арава унинг йўлини кесиб ўтди. Ўриндиқда Балестьер ўтирарди. Киплинг ўзини тутолмай, йиқилиб тушди. Мана шу одам: “Серғулу халойиқ орасида ўзингни тут, кўнгилларига ғулу солганинг бу халойиқ сени лаънатлагай”, деб ёзган шу одам ўзини йўқотди-да, Балестьерни ҳибс этишларини сўради. Шов-шувга сабаб бўлган суд жараёни бошланди-ку. Шаҳарни йирик газеталарнинг мухбирлари босиб кетди. Хабар бутун дунёга тарқалди. Мана шу суд Киплинг ва хотинини бутунлай Америкага кетишга мажбур қилди. Булар бари арзимаган нарса – бир боғ пичан туфайли содир бўлди.
Бундан йигирма тўрт аср муқаддам Перикс бизларни огоҳлантирганди: Аҳли дунё, тўхтанг, энди майда-чуйдалар билан шуғулланишни бас қилинг. Афтидан, биз айнан шу нарса билан шуғулланаяпмиз, чоғи.
Бир неча йил муқаддам Вашингтон штатининг катта йўл нозири Чарльз Сейфред ва яна бир қанча дўстлар билан биргаликда биз Тетон миллий боғида сайр қилар эдик. Биз Жон Д.Рокфеллернинг боғ ҳудудида жойлашган мулкига боришни мўлжаллаб қўйгандик. Бироқ автомобиль у йўл қолиб, адашиб бошқасидан юриб кетди, натижада биз ўша жойга бошқалардан ярим соат кейин етиб бордик.
Дарвоза калити мистер Сейфредда эди. Аммо у бизни жазирамадан куйган ва чивинга таланган ҳолда ўрмонда кутарди. Чивинлар шунақанги кўп эдики, уларнинг чақишига анов-манов одам чидаёлмасди. Биз етиб келгач, Сейфреднинг оғзидан безори чивинлар шаънига лаънатларни эшитдик дерсиз? Қаёқда, бизни кутиб, у тоғтерак шохидан ҳуштак ясабди-да, ҳуштак чалиб ўтираверибди.
Ҳаётимизда тўлиб-тошиб ётган икир-чикирлардан қандай баланд келиш кераклигини билган шу ҳуштак эгасидан эсдалик сифатида мен уни асраб келаман.
Сизни енгмасидан олдин ташвишни енгишингиз учун қуйидаги қоидага риоя қилинг.
Қоида 2:
Ёмон кўришимиз ва унутиб юборишимиз лозим бўлган майда-чуйдалардан жаҳлингиз чиқишига йўл қўйманг. Эсингизда бўлсин, майда-чуйдалар билан машғул бўлишга умримиз ғоят қисқалик қилади.
VIII б о б
Ташвишлар кучини қирқувчи қонун
Мен Миссури штатидаги фермада ўсганман. Бир куни олчани данагидан тозалашда онамга ёрдам бераётган эдим, тўсатдан кўзларимда ёш тирқиради. Онам сўради: “Эй, Худойим, Дейл, нима бўлди?” жавобига ғудраниб дедим: “Мени тириклай кўмишларидан қўрқаяпман”.
Ўша кунлари ташвиш нақ жонимни суғуриб олаётганди. Момақалдироқ вақтида яшин уришидан қўрқардим. Бошимизга оғир кунлар тушганда ейишга ҳеч нарса бўлмаслигидан қўрқардим. Ўлганимдан кейин дўзахга тушишдан қўрқардим. Акам Сэм Кайт ўзи пўписа қилганидек, қулоқларимни кесиб ташлашидан ўлгудай қўрқардим.
Қизларга озгина эътибор бериб қараганим учун уларнинг устимдан боплаб кулишларидан қўрқардим. Биронта ҳам қиз бола менга хотин бўлишга рози бўлмаслигидан, тўйдан кейин хотинимга нима дейишимни билмаслигимдан қўрқардим. Биронта кичикроқ қишлоқ черковида никоҳдан ўтгач, шокилалар билан безатилган аравага ўтирамиз-да, хотиним билан фермага йўл оламиз, деб тасаввур қилардим. Шунда йўлда нима дейман? Нима дейман, хўш, нима дейман? Ер ҳайдар эканман, бир неча соат давомида ана шундай саволлар билан бошимни қотирганим-қотирган эди.
Бироқ йиллар ўтиб билдимки, мени қийнаган ташвишларнинг тўқсон фоизи ҳеч қачон амалга ошмас экан.
Маслан, боя айтганимдай, яшиндан ўлгудек қўрқардим. Аммо энди биламанки, қайси бир йилда мени яшин уриши Хавфсизлик бўйича миллий кенгаш ҳисоб-китобларига кўра, уч юз эллик мингдан биттасини ташкил этар экан.
Мени тириклайин кўмишларидан хавфсирашим эса ундан ҳам бемаънироқ бўлиб чиқди. Ҳатто ўша олис замонларда, ўлганларни ҳали мўмиёлаб дафн этиш расм бўлмаган вақтларда ҳам ўн миллиондан бир одамни тириклайин кўмишган экан. Аммо шундан қўрқиб йиғлаган пайтларим бўлган. Ҳар саккизтадан бир одам саратондан ўлади. Агар ташвиш қиладиган бўлсам, мени яшин уриб кетиши ёки тириклайин кўмишлари эмас, балки мен саратондан ўлиб кетишим керак эди.
Албатта, шуни назарда тутиш керакки, бу ерда гап менинг болалигим ёки ўсмирлигимда пайдо бўлган ташвиш ҳақида кетмоқда. Аммо катта ёшдаги одамларда пайдо бўладиган ташвишларнинг кўпчилиги у қадар бемаъни эмас. Балки катта сонлар қонунини белгилаб қўйиш имкониятига эга бўлмоқ ва ташвиш ҳамда хавотирларимиз учун аниқ асосларга хотиржам инонмоқ учун анча муддат хотиржам яшай олсаккина ташвишларимизнинг ўнтадан тўққизтасини бартараф этган бўлардик, балки.
Лондонда жойлашган энг машҳур “Ллойд” суғурта компанияси кўпгина одамларнинг ҳар замонда содир бўладиган нарсалардан ташвишланишга мойилликларидан фойдаланиб, неча-неча миллионлаб доллар ишлаб олганди. Сирасини айтганда, “Ллойд” ўз мижозлари билан ўзига хос битим тузди: эҳтимоллигидан ташвишланаётган ҳалокат содир бўладими? Аммо улар буни битим эмас, балки суғурта деб айтадилар. Ҳақиқатда эса бу катта сонлар қонунига асос солган чинакам битим-ку. Бу компания икки юз йилдан бери гуркираб келмоқда ва борди-ю, башарият табиати ўзгармаса, у яна эллик асрлик истиқбол билан таъминланган деяверинг, бу вақт давомида у катта сонлар қонуни бўйича одамлар одатда ўйлагандек, ҳеч ҳам тез-тез содир бўлавермайдиган ҳалокат чоғида илгаригидек пойабзал, кемалар ёки сургун суғуртаси билан шуғулланиб келаверади.
Агар катта сонлар қонунини батафсилроқ қараб чиқадиган бўлсак, кашфиётимздан ўзимиз ёқа ушлаймиз. Масалан, келажакдаги беш йилда, худди Геттсбургда бўлганидек, қаттиқ ва қонли жангда иштирок этадиган бўлсам, бу мени даҳшатга солишини билар эдим. Ўлиш эҳтимолига деб барча суғурта қоғозларини тартибга солган бўлардим. Васият ёзган ва ишларимни тартибга келтирган бўлардим. Шундай деган бўлардим: бу жангда ўлиб кетишим ҳеч гап эмас, шунинг учун қолган вақтимни жуда яхши ўтказишим керак. Бироқ катта сонлар қонуни бўйича тинчлик вақтида одам умри элликдан эллик беш ёшгача, худди Геттсбургдаги жангда иштирок этгандаги каби, ҳар лаҳзада ўлим хавф солиб туради. Бу билан айтмоқчиманки, тинчлик вақтида ҳар минг одамга элликдан эллик беш ёшгача шу жангдаги 163000 иштирокчидан ҳар мингтасига тўғри келганчалик ўлим тўғри келади.
Бир кун мен мистер Герберт Х.Сэлинжер ва хотини миссис Сэлинжер билан танишиб қолдим. Улар Сан-Францискодан келишган экан. Менга миссис Сэлинжер ҳеч қачон ҳеч нарсадан ташвиш чекмайдигандек бўлиб туюлди. У ўзини хотиржам ва вазмин тутарди.
– Ҳеч ғам-ташвиш чекканмисиз? – сўрадим мен ундан.
– Ҳам-ташвиш дейсизми? – жилмайди хоним. – Бинойи умрим ташвишу ғамлардан чиқмай келаман-ку. Ташвиш билан курашишни ўргангунимга қадар ўн бир йилни мен ўз қўлим билан яратган дўзахда ўтказдим. Мен ўзимга етганча жонсарак ва қизиққон эдим. Дунё кўзимга тордек кўриниб кетарди. Ҳар ҳафтада ўзим яшайдиган Сан-Матеодан Сан-Францискога харид қилгани борар эдим. Аммо ҳаттоки дўконда ҳам йўқ жойдан ташвиш туғдириб олардим. Ишқилиб, дазмолни суғуриб қўйган бўлай-да, ишқилиб хизматкор бир ёққа чиқиб кетиб, болалар қаровсиз қолмасин-да, велосипедни миниб, кўчага чиқиб кетишмасин-да, машина уриб юбориб, ўлиб-нетиб қолмаган бўлсин-да, деб ўйлайверардим. Харидимнинг ярмини қилар-қилмас ташвишимнинг зўридан нақ қора терга тушардим. Тинч-омонликни кўзим билан кўрай деб автобусга чиқардим-да, уйга жўнаворар эдим. Биринчи эрим билан нега ажрашганимга ажабланмаса ҳам бўлади.
Иккинчи эрим ҳуқуқшунос. У вазмин, етти ўлчаб бир кесадиган одам, дунёни сел босса тўпиғига чиқмайди. Мен бир нарсадан ташвишланиб, безовталана бошласам, у менга дейди: тинчлан, азизам, кел, буни ўйлаб кўрайлик. Хўш, қани, сен ўзи нимадан бунча ташвиш чекаяпсан? Кел, катта сонлар қонунини ишлатайлик-да, ваҳиманг қанчалик тўғрилигини билиб олайлик.
Масалан, бир нарса эсимда, бир куни машинада Нью-Мексико штати, Аль-Букеке шаҳридан Карлсбад мағоралари томон кетиб борардик. Тупроқ йўлда эдик, бирдан кучли бўрон кўтарилди. Машина юролмай қолди, ивиган йўлда ғилдирак чириллаб айланар ва сирпанар эди, холос. Рулни сира бошқариб бўлмасди. Бўрон бизни йўл четига учириб юборишига амин бўлдим. Лекин эрим фақат битта гапни гапирарди. Мен жуда секин юраман, ҳеч бир ёмон нарса бўлиши мумкин эмас. Ҳатто бўрон машинани учириб юборган тақдирда ҳам, катта сонлар қонунига кўра биз жабрланмаймиз. Ундаги хотиржамлик ва ишонч менга ўтарди.
Бир куни ёзда Канада тоғларига сафарга чиқдик. Тунда денгиз сатҳидан етти минг фут баландликда чодир тикдик. Шу пайт бўрон қўзғолиб қолса бўладими? Шамол чодиримизни тилка-тилка қилиб ташлагудек кучли эсарди. Арқонлар билан ерга қоқилган ходаларга маҳкамланган бўлишига қарамай, бирдан чодир шамолга дош беролмай, чайқала бошлади. Даҳшат ичида чодирнинг учиб кетишини кутардим. Аммо эрим яккаш дерди: ташвишланма, жоним, ёнимизда “Брюстер” етакчилари бор, улар ўзларининг ишларини яхши билишади. Улар олтмиш йилдан буён бу тоғларда чодир тикиб келаяптилар. Шунча йилдан буён битта ҳам чодирни бўрон қўзғатолмаган. Бунинг устига, катта сонлар қонунига биноан, бу тунда чодирни бўрон учиролмайди. Учирганда ҳам биз бошқасига ўтиб оламиз. Шунинг учун тинчлан, ўзингни бос…
Бир неча йил муқаддам Калифорниянинг биз яшайдиган қисмида полиомиелит (асаб фалажи) тарқади. Илгари бўлганда, албатта, ваҳимага тушган бўлардим. Аммо эрим мени ўзимни босишимни айтди. Биз барча эҳтиёт чораларини кўрдик: болаларни одам тўп бўлиб турган жойларга яқин йўлатмадик, на мактабга, на кинога юборардик. Соғлиқни сақлаш маҳаллий департаментидан билдикки, ҳатто Калифорнияда қачонлардир содир бўлган даҳшатли ўлатда ҳаммаси бўлиб 1835 нафар бола касалга чалинган, одатда оғриганлар сони 200–300 атрофида бўлар эди. Бу рақамлар қанчалик даҳшатли бўлмасин, катта сонлар қонунига биноан болаларимизнинг касалликка чалиниш эҳтимоли жуда оз эди.
“Катта сонлар қонунига кўра, бундай бўлмайди”. Ташвишларимнинг 90 фоизидан халос бўлишим ва ҳаётимнинг сўнгги йигирма йилини барча дадил орзуларим ушалган мана шундай тинч ва осуда ўтказишга ёрдам берган сеҳрли ибора шу бўлади.
Ташвишланиш одатидан халос бўлиш учун қуйидаги қоидага риоя қилинг:
Қоида 3:
Келинг, ишнинг моҳиятини кўриб чиқайлик ва ўзимиздан сўрайлик: менда нотинчлик келтириб чиқарувчи воқеа ҳақиқатан ҳам содир бўлиши эҳтимоли қандай?
IX б о б
Тақдирга тан беринг
Болалигимда Миссурининг шимоли-ғарбидаги эски ташландиқ ёғоч уйнинг чордоғида болалар билан ўйнаётган эдим. Чордоқдан тушаётиб, бир лаҳза оёғимни дераза раҳига қўйдим ва пастга сакрадим. Чап қўлимнинг кўрсаткич бармоғида узугим бўларди. Сакраётган вақтимда у мих қалпоқчасига илиниб қолди ва бармоғим узилиб тушди.
Оғриқдан қичқириб юбордим. Азбаройи даҳшатга тушганимдан ўлишимга чиппа-чин ишонган эдим. Бироқ ярам битиб кетганидан кейин бу борада бошқа бирон марта озор чекмадим. Бунда қандай маъно бор эди? Мен ҳақиқатни тан олган эдим. Энди чап қўлимда атиги тўртта бармоғим борлигига ойлаб эътибор бермайман.
Бир неча йил муқаддам Нью-Йорк марказидаги офис биноларидан бирида юкчи лифтда нозим бўлиб ишлайдиган бир одам билан танишиб қолдим. Унинг чап қўлининг панжаси йўқлигини кўрдим, бу уни ташвишга соладими, деб сўрадим.
“Ҳе, йўқ, – деди у, – мен буни деярли ўйламайман. Уйланмаганман ва нинага ип ўтказаётганимдагина панжам йўқлиги эсимга тушади”.
Борди-ю, биз ночор аҳволга тушиб қолсак, ҳайратомуз тезлик билан қарийб ҳар қандай вазиятга кўнамиз. Биз унга мослашамиз ва уни эсдан чиқарамиз.
Мен кўпинча бир битикни ўйлайман, уни Голландиянинг Амстердам шаҳридаги XV аср Жомеси харобаларидан ўқиган эдим: “Бу шундай. Бошқача бўлиши мумкин эмас”.
Сиз ҳам, мен ҳам ўз ҳаётимизда неча марталаб ўзгартириб бўлмайдиган ноқулай вазиятларга тушиб қоламиз. Улар бошқача бўлиши мумкин эмас. Биз танлаш имконига эгамиз: ё ҳақиқатни қабул қилишимиз ва янги вазиятга мослашишимиз ёки исён кўтариб, ўз ҳаётимизни барбод этишимиз мумкин ва эҳтимол, бу асабларимиз бардош беролмаслиги билан тугайди, вассалом.
Мана сизга Уильям Жеймснинг доно маслаҳати: бор нарсани ҳозиржавоблик билан қабул қилинг, деган эди у. Рўй берганни қабул қилиш ҳар қандай мусибат оқибатларини бартараф этиш томон қўйилган биринчи қадам ҳисобланади.
Оригон штати, Портланд шаҳридан Элизабет Канилей ўзининг қайғули тажрибасида бу фикрнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилди. Мен ундан яқиндагина ушбу мактубни олдим.
Америка Шимолий Африкадаги қуролли кучларимиз ғалабасини байрам қилган кунда, – деб ёзади хоним, – менга махсус хабарнома келди. Унда дунёдаги ҳамма нарсадан ортиқ севувчи жиянимнинг ҳарбий ҳаракатлар вақтида бедарак кетгани айтилганди. Кўп ўтмай яна бир хабарнома келди. Унда жиянимнинг ҳалок бўлгани айтилганди.
Мен қайғудан тамом бўлдим. Шу вақтгача ҳаётим жуда яхши кетаяпти деб ҳисоблаб келар эдим. Ўзим севган ишда ишлардим. Жиянимни катта қилишда ёрдам берардим. У ёшликка хос бўлган барча фазилатни ўзида мужассам этганди.
Саъй-ҳаракатларим зое кетмайди, қанча қилган бўлсам, икки баравар бўлиб ўзимга қайтади, деб умид қилардим. Тўсатдан, мана бу телеграмма. Мен яшаётган дунё остин-устун бўлди. Мен ишимни ташладим. Дўстларим билан учрашмай қўйдим. Бадгумон бўлиб қолдим. Нима учун келиб-келиб менинг жияним бошига бундай қисмат тушади? Нима учун қаршисида бутун бошли ҳаёт ланг очилган шундай яхши бола нобуд бўлиши керак? Мен бу билан муроса қила олмасдим. Ғам-андуҳим шу қадар улкан эдики, иш-пишни йиғиштириб қўйиб, кўз ёшлариму аламли хаёлларга кўмилиб ётишга қарор қилдик.
Мен столимни тартибга солиб, энди кетишга ҳозирланаётган ҳам эдимки, бирдан кўзим унут бўлган бир мактубга тушди. Бу хатни эндиликда ҳалок бўлиб кетган жияним ёзган эди. У бу хатни менга бир неча йил муқаддам онам вафотидан кейин ёзганди. “Албатта, бу барчамиз учун оғир йўқотиш бўлди, – деб ёзганди у. – Айниқса, сиз учун. Аммо биламан, сиз руҳингизни туширмайсиз”. Мен бу хатни қайта-қайта ўқидим. Назаримда, у ёнгинамда ўтиргандай. Назаримда, у менга нима учун ўргатган нарсаларингизни ўзингиз қилмайсиз? Нима бўлганда ҳам бардош беринг ва руҳингизни туширманг. Ғам-қайғунгизни табассум билан яширинг-да, олға боринг, дегандай туюлди.
Сўнг мен ишга қайтишга қарор қилдим. Исён кўтариш ва ғам-андуҳ чекишни тўхтатдим. Ўз-ўзимга дедим: “Бўлар иш бўлди. Мен буни ўзгартира олмайман. Аммо жияним истагандек бўла оламан ва олға юра оламан. Ўзимнинг бор билимим ва ғайратимни ишга қаратдим. Мен аскарларга, бошқа одамларнинг болаларига хатлар ёзар эдим. Кечқурун курсларга қатнардим.
Янги машғулотлар ва янги дўстлар топдим. Менда шундай ўзгариш содир бўлганига ўзим ҳам ишонардим. Мен ўтмишдан афсусланмай қўйдим ва ўшандан буён бегидир яшаб келаяпман. Худди жияним илтимос қилганидек, менинг ҳар бир куним шодликка тўла. Ҳаёт билан муросага келиб олдим. Тақдиримга тан бердим. Энди мен ҳар доимгидек янада мазмунлироқ, янада тўкисроқ ҳаёт кечираяпман”.
Оригон штати, Портланд шаҳридан Элизабет Каннлей бизлар эртами, кечми ўрганишимиз керак бўлган нарсага ўрганди: муқаррарни қабул қилиш ва у билан ҳисоблашиш. “Бу шундай. Бошқача бўлиши мумкин эмас”. Бунга ўрганишнинг ўзи бўлмайди. Ҳатто қироллар ҳам ҳақиқатни ўзларига муттасил эслатиб туришлари керак. Букингем саройидаги марҳум Георг V кутубхонасининг деворидаги рамкада шундай сўзлар осиб қўйилган: “Менга имкони бўлмаган нарсани орзу қилмасликни ва содир бўлган нарсадан куйиб-ёнмасликни ўргат”. Худди ўша фикрни Шопенгауэр қуйидаги сўзлар билан ифодалаган. “Ҳаёт бўйлаб қилинган сафар учун мусофирнинг бисотида итоаткорликнинг каттагина захираси бўлмоғи биринчи даражали аҳамият касб этади”.
Тўғри, бизнинг бахтимиз ёки бахтсизлигимиз фақат муайян вазиятларгагина боғлиқ эмас. Туйғуларимиз айнан уларга қандай мўлжал қилган бўлсак, ўшани аниқлайди. Исо айтган эдики, “Арши аъло қалбимиздадир”. Бинобарин, Худо ҳам қалбимизда жойлашган. Борди-ю, биз мана шундай заруриятга ато этилган эканмиз, барчамиз ҳалокату фожиаларни бошдан кечиришимиз ҳам мумкин, улар устидан ғалаба қилишимиз ҳам мумкин, шу биринчи имкониятларимиздан устунлик қила оладигандай бўлиб кўриниши мумкин, аммо бизда шундай ҳайратомуз ботиний кучлар яширинки, агар биз улардан фойдалансак, ҳаммасига барҳам беришимизда қўл келади. Биз ўзимиз ўйлагандан кўра ҳам кучлимиз. Марҳум Бут Тарингтон яхши кўрган бир гап бор эди: “Дунёда фақат бир нарса – кўрликдан бошқа ҳамма нарсага чидай оламан. Кўрликка асло тоқатим йўқ”.
Тарингтон ёши олтмишдан ошганда бир куни ердаги гиламга қараб туриб, гилам ўрнида чаплашиб кетган бир доғни кўради. У гилам гулларини ажратолмади. У шифокорга борди ва фожиадан хабардор бўлди. У кўр бўлмоқда экан. Кўп ўтмай иккинчи кўзига навбат келаркан. У ҳаммадан кўра кўпроқ қўрқиб юрган нарса содир бўлганди.
Хўш, бу барча эҳтимол туюлган мусибатлар ичида энг ёмонига Таркингтон қандай муносабат билдирди? “Ана, холос. Бу тамом дегани”, деб тақдирга тан бериб қўя қолдими? Йўқ. Қувноқ кайфияти сақланиб қолганига унинг ўзи ҳам ҳайрон қолган бўлса, не ажаб. У ҳатто аския қилар эди. Кўз олдидаги доғлар унинг ғашига тегарди. Доғлар нигоҳи олдида сузиб юрар ва кўзларини қоплаб оларди. Бироқ ҳаммасидан йириги пайдо бўлганда у дерди: – “Салом! Яна бобомиз марҳамат қилибдилар-да. Қизиқ. Бундай ажойиб тонгда у қаёққа йўл олдийкин?!”
Қайта кўришга умид қилиб, Таркингтон бир йилда ўн икки мартадан ортиқ операцияни бошидан ўтказишига тўғри келди, тағин оғриқни ўлдириш йўли билан. У бундан нолирмиди? Шундай бўлиши кераклигини у биларди. Бундан қочиб бўлмасликни у биларди, шу боис азобни камайтиришнинг ягона йўли – уни мардона туриб қарши олиш эди. У ёлғиз бўлмада ётишдан воз кечди ва бошқа беморлар билан муносабатда бўлиши мумкин бўлган умумий бўлмага ўтказишларини илтимос қилди. У беморлар руҳини кўтаришга ҳаракат қиларди. У бирин-кетин янги-янги операцияларни ўтказиши керак бўлган, ҳуши ҳали тамоман ўзида бўлган вақтда унинг жуда омади келгани ҳақида ўзига эслатиб қўйишга ҳаракат қиларди. “Гап йўқ, – дерди у, – Гап йўқ, ҳозир фан ҳатто инсон кўзидек нозик аъзони ҳам операция қилишга қодир”. Бошқа одам бўлганда ўн икки марта операцияни бошдан ўтказгандан ва кўрлик билан тўқнашгандан кейин қаттиқ асабий ҳолатга тушган бўлар эди. Таркингтон эса бундай дерди: “Ўзимнинг бу тажрибамни бошқа бахтлироқ тажрибага алишмаган бўлар эдим”. Тажриба уни ҳаётни қабул қилишга ўргатган эди. Тажриба уни яна шу нарсага ўргатган эдики, ҳаёт унга инъом этиши мумкин бўлгандан бошқа ҳеч бир нарса унинг иродасидан ортиқ эмас. Тажриба яна шу нарсани ўргатган эдики, Милтон сўзлари билан айтганда, “Кўр бўлиб қолган одам бахтсиз эмас, кўрликка чидай олмаган одам бахтсиздир”.
Сара Бернерни ким танимайди – уни илоҳий аёл дейишарди, бундан ташқари, у борига барака дея тақдирга тан бергувчилар учун ёрқин мисол ҳамдир. Ярим аср тўрттала қитъа театр саҳналарининг қироличаси бўлиб келди. У дунёдаги энг эъзозли актрисалардан бири эди. У етмиш бир ёшга кирганида бор-йўғидан ажралди – хонавайрон бўлди, унинг шифокори, парижлик профессор Пацци эса унинг оёғини кесишга тўғри келади деган хабарни эълон қилди. Атлантика орқали саёҳат қилаётганида бўрон пайти йиқилиб тушган ва оёғини қаттиқ лат едириб олганди. Лат флебитга айланди. Оёғи шишиб кетди. Оғриқ кучайгандан-кучайиб борарди ва доктор унга оёғини кесиш зарурлигини айтди. Шифокор қизиққон илоҳий Сарага бундай операция зарурлиги ҳақида гапирганида ўзи қандайдир даҳшатга тушганди. Бу хабарни эшитиб, артист хоним қаттиқ талвасага тушса керак, деб ўйлаганди. Бироқ Сара хотиржам тусда деди: “Агар шундай қилиш керак бўлса, майли, шундай қилишсин”.
Уни операцияга олиб кириб кетишаётганда унинг ўғли йиғларди. Онаси эса унга қувноқ қўл силкитиб тетик овозда деди: “Кетмай тур, мен дарров чиқаман”.
Актрисани операция хонасига олиб келишар экан, у саҳнадаги қайсидир бир ролини такрорлаб борарди. Кимдир ундан: “Ўзингизга далда бериш учун атайлаб шундай қилаяпсизми?” – деганида, у: “Мен докторлар ва ҳамшираларга далда бериш учун шундай қилаяпман”, деган.
Операциядан кейин тузалгач, Сара бутун жаҳон бўйлаб кезиб чиқди ва яна етти йил томошабинлар олқишига сазовор бўлди.
Нима учун автомобил шиналари йўлда кетаётиб, барча зўриқишларга бардош беради? Аввал-бошда покришка ишлаб чиқарувчилар ҳаракат пайтида юзага келувчи кучларга чидамли покришкалар ишлаб чиқарганлар. Аммо бундай шиналар узоқ чидамаган ва йиртилиб кетган. Кейин улар зарбаларни ютувчи покришкалар ишлаб чиқара бошлаганлар.
Агар зарбаларга, ҳаёт йўлимизга тўшалган тошларга урилишларни ютишга ўргансак, биз кўпроқ чидаймиз ва ҳаётдаги ҳаракатимиз янада тинчроқ кечади.
Биз кўплаб ички зиддиятларга тўқнаш келамиз. Биз ҳаяжонланамиз, асабий ҳолатдан зўриқамиз. Борди-ю, қайсарлик қилсак, ҳаётимизнинг аччиқ-чучукларига тан беришдан бўйин товласак, аввалига ўзимиз яратган сароб дунёсига кириб яширинамиз-да, кейин ақлдан озамиз.
Уруш вақтида миллионлаб ўтакалари ёрилган аскарлар ё тақдирга тан беришлари, ё зўриқишга тан беролмай синишлари керак бўлган. Мисол тариқасида Уильям Х.Кассемус бошидан кечирган воқеани олайлик. Нью-Йоркдаги машғулотларимиз вақтида мукофот олган унинг мана бу ҳикоясига қулоқ беринг.
“Соҳил муҳофазасида хизмат қила бошлаганимдан кўп ўтмай, мени Атлантика океани қирғоғидаги энг оловли жойга юборишди. Мени портловчи моддалар нозири этиб тайинлашди. Бунинг нима эканини тасаввур қила оласизми? Мени-я? Крекерфурушдан портловчи моддалар нозири бўлсам-а!
Минг-минг тонналаб тротил билан ишлашни ўйлагандаёқ қоним музлаб кетарди. Ўқиш курси икки кун вақтни олди. Билганларимнинг ўзиданоқ даҳшатга тушар эдим. Биринчи топшириқни ҳеч қачон ёдимдан чиқармайман.
Нью-Жерси штати, Бейонна шаҳридаги Кейвен-Пойнт бандаргоҳида туманли, совуқ ва қоронғи кунда кемадаги беш рақамли трюмга масъул эдим. Беш нафар юкчи билан бирга мен Тюрмга тушишим керак эди. Бу юкчилар мушакдор йигитлар эди, аммо улар портловчи моддалар ҳақида ҳеч нарса билмасди. Улар оғир ва жуда оғир бомбаларни юклар эдилар, ҳар бир бомба ичида бир тоннадан торотил бор. Мана бу шалоқ рўдапони қипиқдай учириб юбориш учун шунинг ўзи бемалол кифоя қиларди. Бомбалар иккита арқонда тушириларди. Мен ўзимча тинимсиз такрорлардим: арқонлардан бири узилиб кетса, тамом! Эй, Худо! Қўрқувдан адойи тамом бўлгандим. Худди терак баргидек титрардим. Оғзим қуриб кетган. Тиззаларим букилиб-букилиб кетарди. Юрагим қинидан чиққудек бўларди. Аммо қочиб кета олмасдим, бу қочоқлик мен ва ота-онам учун шармандаликни англатарди. Мени отиб ташлашлари мумкин эди. Қочиб кета олмасдим. Мен қолишга мажбур эдим. Юкчилар ажал юки билан жуда эътиборсиз муомала қилаётганларини кўриб турардим. Ҳар дақиқада кема ҳавога учиб кетиши мумкин эди. Мен бир соатми ёки ундан кўпроқми, ана шундай даҳшатли ҳолат ичида бўлдим, кейин эса ҳушимни жойига қўйиб, мулоҳаза юрита бошладим. Ўзимга-ўзим дедим: менга қара, портлаб кетса, хўш, нима бўлади? Сен ҳеч нарсани сезмайсан. Бу энг осон ўлим. Эсингни йиғ. Абадий яшаб қололмайсан. Сен ё шуни бажаришинг керак, ё сени отиб ташлайдилар. Ундан кўра дурустроқ нарсаларни ўйласанг-чи.
Шу тариқа мен соатлаб ўзим билан ўзим гаплашдим ва охири енгил нафас олдим. Ниҳоят, шундай палла етиб келдики, ўзимни тақдирга тан беришга мажбур қилиб, ташвиш ва қўрқувларимни бартараф этдим. Мен бу сабоқни ҳеч қачон унутмайман. Ҳозир ҳам ҳар гал вазият туфайли менда ўзгариб бўлмас ташвишланиш пайдо бўлса, елка учириб қўяман-да, ўзимча дейман: “Кетдик”. Қизиғи шундаки, бу крекерфурушга ҳам қўл келаркан. Ура! Ура! Азамат крекерфурушга шарафлар бўлсин!
Башарият тарихида, сирасини айтганда, фақат Суқротнинг ўлими ўз фожиаси билан Исонинг хочга тортилишига қайсидир даражада тўғри келади. Ўн минг йилдан кейин ҳам одамлар Платон тасвирлаб кетган бу ўлмас воқеадан ҳаяжонга тушгайлар. Бир қанча афиналик фуқаро оёқяланг Суқротга ҳасад қилиб суд қилдилар ва ўлим ҳукми чиқардилар. Дўстона кайфиятдаги қамоқхона қўриқчиси унга бир пиёла заҳар олиб келиб: “Тақдир ёзуқларига осонгина тан бериб қўя қолинг”, деди. Суқрот тақдирга тан берди ҳам. У ўлимини муқаддас, фараҳбахш бир нарсадай мардона қарши олди.
Қоида 4:
Тақдирга тан беринг.
Русчадан Амир Файзулла таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил 9-10-сонлар