Китоб дўконларига кирганингда токчаларда тартиб билан терилган турли кўринишдаги, турли нақш ва хилма-хил бичимдаги китоблар кўзингни қамаштиради. Шунда юртимизда китобдан кўп харид, китобдан улкан савдо бормикин, деб ўйланиб қоласан, киши.
Китоб қанча кўп бўлса-да, ҳар бирининг ўз мазмуни, бадиий жиҳатдан акс эттирилган воқеаси мавжуд. Уларнинг ҳар бирини яратмоқ учун алоҳида-алоҳида ёзувчининг ойларча, йилларча сабр-тоқат билан стол-стулда ўтирмоғи, умрининг маълум қисмини ўшанга сарф этмоғи, бу йўлда тинимсиз ижодий меҳнат қилмоғи зарур. Китоб саҳифалари эгаллаган сатрлар оппоқ деворга сочилган нақш эмас, улар ёзувчини халқ билан боғловчи умр томирларининг сезгир торларидир.
Албатта, ёзувчилар ҳам, уларнинг ижодиёти ҳам турли-туман. Айримларининг зеҳни қайноқ сув сингари доимо жўшқин бўлиб, исталган пайтда ёза олса, айримлариники нафас чиқармай, ҳавони ичда тутиб, яхшигина терлаб олгандан кейинги нафас каби ёза олади. Айримларининг ижоди самарали бўлиб, яхши ишлов берилган ер сингари йил сайин мўл ҳосил берса, айримлари қудуқ қазиган каби узоқ йиллар заҳмати натижасида фақат битта асар яратади. Айрим ёзувчи дуч келган воқеани каптар-мусичанинг уя қуришига ўхшатиб, тез-тез воқеаларни улаш билан жонини койитмай, бугун яратган ижод намунасининг эртага ўлиб қолишига ачинмайди. Айрим ёзувчи ҳаёт воқеаларидан ўзига керагини танлаб олиб, образлар яратганда, уларнинг ҳар бирига ўзларига мос хатти-ҳаракат берганда, сўз ва сўз бирикмалари, диалоглар яратганда уларни оқ қоғоз юзига сиёҳ билан эмас, балки юрагидан оққан ширанинг бармоқлари орасидан сизган томчилари билан битганга ўхшайди. Дарҳақиқат, ҳақиқий сўз санъаткори ҳисобланган ёзувчи ўз китоби саҳифаларини юрагининг сўнмас-ўчмас нақшлари билан безайди.
Бироқ ўқувчи китоб харид қилганда, ушбу масалаларга у даражада диққат қилавермайди. Китобхонни муаллифнинг ўз асарини қандай ёзгани эмас, нимани ёзгани қизиқтиради. Ўқувчи ўз вақтининг қиммат бўлагини сарф қилиб, китоб саҳифаларини кетма-кет очқилайди-да, сатрлар мазмунини узум шингилида ялтираб турган ҳосилидай истеъмол қила бошлайди. Ўқувчи ўқиган китобидан ширин таъм топса, иссиқ овқати ва қайноқ чойини совутади, борган сари чиройи очилади, кўзлари кулимсирайди, лабларида розилик аломати кўринган ҳолат пайдо бўлади. Баъзан тўсатдан қошлари ўйнаб, юзи тундлашади. Ўша кўринишнинг ўзи ҳам асарнинг камчилиги туфайли бўлмай, ундаги салбий қаҳрамоннинг номардларча ҳаракатларининг китобхонни ҳаяжонга солган ҳолати бўлиб ҳисобланади.
Бундай асар нозиктаъб ўқувчининг қайнаб турган маънавий иштаҳасига озиқ, онгига тарбия, руҳига руҳ беради. Китобхон бундай асарнинг муаллифига баъзан ихтиёрсиз ҳолда хат ёзади:
— Мухтарам ёзувчи, Сизнинг ҳаётий воқеаларни аниқ тасвирлаб берган ҳаққоний асарингиз менга кўп нарсаларни ўргатди. Сизга сиҳат-саломатлик, узоқ умр, ижодий ишларингизда зафарлар тилайман!
Бироқ ўқиган асари китобхонни қизиқтирмаса, уйқусини келтиради, кайфиятини бузади, аччиқданак мағзини егандай юзини бужмайтиради. Китоб саҳифасини қаҳр-ғазабга миниб очади ва энг охирида уни ёпиб, стол устига қарсиллатиб ташлайди.
— Шундай нарсаларни ёзиш учун вақт сарфлаш шартмикан?! — деб тўнғиллайди.
Бу ерда ўқувчи ҳақли, албатта!
Воқеа-ҳодисаларни аниқ бадиий тасвир қила олмаган, китобхонни ўзига жалб қилмаган бундай асар фақат бир муаллифнинг эмас, давлат маблағининг беҳуда сарф бўлишидан ташқари кўп сонли ўқувчиларнинг ҳам вақтини олади. Бу хил китобларнинг сотилганлари ўқувчиларнинг кайфиятини бузса, сотилмай қолганлари дўкон токчаларини эгаллаб, йиллар давомида чанг босиб ётади.
Ижодкор китобини ўзи учун ҳам, ўз қавм-қариндошлари учун ҳам, ўз кабинетидаги китоб жавонини безаш учун ҳам, дўст-ёрларига совға қилиш учун ҳам ёки фақат ном қолдирмоқ учун ҳам ёзмайди. Бадиий сўз эгаси ўз асари орқали халққа ҳаётий тажрибаларини, фикр-туйғулари ва турмуш ҳақидаги тушунчаларини тавсия этади. Ёзувчи шунчаки ҳавойи нарсалар, воқеалар тўғрисида фикр юритмай, ўзининг ҳақиқий ишончига кўра, ўз ўқувчилари учун жуда аҳамиятли ва долзарб ҳисобланган воқеа-ҳодисалар ҳақида сўз юритади. У ўз ўқувчисига шундай дейди: Кдярдон дўстим, мана қарагин, ҳаётда қандай ажойиб нарсалар бор. Улар сенга ҳам тааллуқли. Сен мулоҳаза қил. Уларни ўз сезги-туйғу тарозинг билан ўлчаб кўр. Бу нарса-ҳодисалар ишинг, ижодинг, севги-муҳаббатинг, бутун хоҳиш-истакларингда сенга ёрдамчи бўлсин. Бутун халқинг билан юксак мақ-садларга етишингда сенга мададкор бўлсин…
Ҳа, ҳақиқий ёзувчи юксак мақсад йўлида китобхон билан юзма-юз, чин кўнгил ва юракдан сўзлашмоқ учун астойдил меҳнат қилади. Бундай ижодкорга муаллим ва мураббий деб ҳам айтиш мумкин.
Демак, ёзувчининг халқ олдидаги масъулияти жуда улкандир.
«Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин» деган мақол бор. Ёзувчи бўлиш, яъни Ёзувчилар уюшмасининг аъзолик гувоҳномасини олиш жуда осондир балки. Лекин ҳақиқий ёзувчи бўлиш — муаллим ва мураббий бўлиш осон иш эмас. Ҳақиқий ижодий талантдан маҳрум ёзувчининг саробдан ҳеч қандай фарқи йўқ. Зеҳн, уқув бўлмаса, масъулиятни сезмасанг, халққа нафинг тегмаса, ёзувчи бўламан деб чиранишдан, шунчаки ном кўтариб юришдан, ўқувчи бошини айлантиришдан кўра ўзингга бошқа бир касб излаш, албатта, одамийлик белгиси ҳисобланади. Ҳар қанча ачинсак-да, ўзлари учун аччиқ ушбу ҳақиқатга тушунмаган, тўғрироғи, тушунмоқни хоҳламаган ёзувчилар ҳали-ҳануз орамизда йўқ эмас.
Ёзувчининг яроғи унинг қалами эмас, балки тилидир. Ўтмас яроғ билан нафис шкаф ясаб бўлмаганидай, ғариб тил билан етук бадиий асар яратиб бўлмайди. Ёзувчининг тили канча ўгкир, бой, ширин бўлса, гап-сўзлари, бадиий тасвирлаган юқеа-ҳодисаларини уста гилам тўқувчи каби чиройли бажаради, китобхоннинг юрак сандиғини калитсиз очади.
Дарҳақиқат, гўзал ва нафис гиламнинг бир квадрат метрида миллионга яқин тугун бор. Шулардан бир дона тугуни янглиш тушса, маданий экин орасида кўкарган ёввойи ўсимлик сингари ўзини манаман деб кўрсатади. Ёзувчи ҳам ўз касбининг устасидир. Унинг ҳар бир сўзи гиламнинг бир тугуни кабидир. Агар у гапни хом-хатала ишлатса, гап ичидаги сўз бирикмаларининг бирортасини ўз ўрнида қўллай олмаса ёки тил бойлиги ғариб бўлса, ёки асл сўз гавҳарларини пишиқ-пухта, ўрни-ўрнига қўя олмаса, унинг асари китобхоннинг кўз қорачиғини чарчатади, фикрини чала шудгор қилинган ерда юргандай сандироқлатади.
Кўпчиликка ҳукм юргизгандан кўра, ўзингга буюришнинг душвор эканлиги ҳаммага маълум. Ёзувчи ўзига эгалик қилолмаса, энг ёмон иллат ҳисобланади. Бу вақтда уни совуққонлик-бепарволик, дангасалик ўзининг оғир юки билан босади. Унинг зеҳни темир пичоқ сингари ўтмаслашади. Натижада саноқли умр торларининг бир нечасини ҳуда-беҳуда сичқон кемиради-да, муаллиф ойлаб, балки йиллаб ҳеч нима ярата олмайди.
Ижодкор ўша пайтда агар ўзида масъулиятни йўқотмаган бўлса, шахсиятидан уяла бошлайди. Бироқ ўкинч бу вақтда фойда бермайди. Кўк майсанинг кесилган бандлари қурий бошлаган бўлади.
Зеҳн, уқувни доимо ўстириш, тилни ҳамиша ўткир пичоқдай чархлаш, уларни ўзингга ҳамма вақт вафодор дўст қилиш, умуман, ёзувчилик бурчини адо қилиш учун ижодиёт устида узвий ҳамда тинимсиз меҳнат қилиш лозим. Экмасанг кўкармаслиги, ишлов бермасанг ҳосил бермаслиги сингари қатъий босим билан ўтирмасанг, миянгни ишлатмасанг илҳом ўз-ўзидан келмайди.
Умуман, илҳом деб аталмиш илоҳий туҳфа орзу қуши сингари учқур ва тутқич бермас бўлиб, сен ҳаракат қилмасанг, у ёнингга келмайди. Шунчаки тил учида чақиришингга парво қилмайди. У сенга фақат кўзининг ёқимли қирини ташлайди-да, ким ўзига вафодор бўлса, ўшанинг қўйнига бориб киради. Бироқ сен ўзингни қўлга олиб, ижод устида қатъий ўтирсанггина, инига қайтган қушдай унинг ўзи келиб бошингга қўнади. Фақат ўшанда у миянгни ўзининг илҳом чашмаси билан суғоради.
Ижод устида шунчаки ўтиришнинг ўзи етарли эмас. Қоғоз-қаламга ёпишишдан оддин бадиий акс эттирмоқчи бўлган воқеа-ҳодисани, тасвирламоқчи бўлган образларни, улар ўртасидаги қарама-қаршиликларни ипидан-игнасигача синчиклаб ўрганиш, уларни ҳар томонлама кўра олиш, улардаги гўзалликлардан қувона билиш, улардаги ғам-ташвишлардан юрак ачинишни ҳам сезиши шарт.
Тўғри, ёзувчи ҳам ўз ижодий жараёни давомида ўзидан олдин ўтган ижодкорлар ва тенгқурларининг бой тажрибаларига суянади. Бироқ уларнинг намуналарини ўзгартирмасдан кўчириб олишга ҳақ-ҳуқуқи йўқ. Ёзувчи, албатта, унумдор ерни ёриб чиққан якка-ёлғиз дарахт эмас. У ўз миллий адабиётининг кучли ижодкорлари сафида туриб, ўз биродарлари — ёзувчилар билан ўзаро муомалада, дўстона алоқада яшаш билан умумий мақсад йўналишида кураш олиб боради. Бироқ ҳаётнинг талаб этишига кўра, аниқ курашчан вазифани ўз олдига ёзувчининг ўзигина қўя олади ҳамда ушбу масалани ҳамиша унинг ёлғиз ўзи ҳал қилади. Чунки ёзувчи ўзининг ақли, уқуви, зеҳни, ҳаётни билиши, одамларни яхши таниши билан қуролланган қўрқмас бир аскардир. Бадиий акс эттирмоқчи бўлган воқеаси атрофлича ёзувчининг кўз ўнгида гавдаланса, хаёлида ошкора кўринса, аҳли жараён унинг измига бўйсунса, ўз олдига қўйган масаласини ана шундагина у тўғри акс эттира олади.
Ўқувчи китобга ўзининг кадрли дўстига қарагандай меҳр-муҳаббат кўзи билан қараганда, ундан чин юрак билан маслаҳат сўраганда ёзувчининг орзу-умидлари юзага чиқади. Орзу-умидга етмоқ, албатта, ёзувчининг ўзига нима учун ҳаракат қилганини бекаму кўст англамоғига, китобхон ва халқ олдидаги масъулиятини аниқсезмоғига, уни ҳеч қачон эсдан чиқармаслигига, тинимсиз ижодий меҳнат билан барча қийинчиликларни босиб ўтмоғига боғлиқдир.
Ёзувчининг қаноти — қалам. Қалам ихчам ва ишончли бўлса, у ёзувчини хохдаган манзилига учира олади. Миллионлаб китобхон билан бир кунда, бир соатда учраштириб ҳам билади. Ўша қанот, ўша учрашув, халқ билан шундай чамбарчас боғлиқлик бутун миллат ёзувчиларининг жонажон орзусидир.
Туркман тилидан Машариф Сафаров таржимаси
“Гулистон” журналининг 2010 йил, 5-сонидан олинди.