Орхан Памук. Турт ёзувчи қиссаси

Болалигимда уларни сал-пал танирдим. Бирининг, катта семиз шоир Яҳё Камолнинг бутун эл танийдиган шеърларини бироз ўқигандим. Бошқа бирининг, таниқли тарихчи Рашод Акрам Қўчунинг газеталарнинг тарих саҳифасида чиққан мақолаларига доимий шерик дея чиздирган Усмонли тазйиқ йўналишларини кўрсатувчи расмлари диққатимни тортганди. Ўн яшарлигимдаёқ ҳаммаларининг исмларини билардим, чунки китоблари отамнинг кутубхонасида бор эди. Аммо у пайтлари Истанбул ҳақидаги ҳамон шаклланишда давом этаётган фикрларим ҳам улардан таъсирланган эди. Мен туғилган пайтимда тўртовлари ҳам ҳали соғ-саломат ва мен яшаётган ерларга ярим соат юрса етадиган масофада яшардилар. Ўн ёшга тўлганимда эса, биттасидан бўлак ҳаммаси ҳаётдан кўз юмган ва уларнинг ҳеч бирини тириклигида кўрмаганман.
Кейинги йилларда хаёлимда болалигимнинг Истанбулини тикларканман, миямдаги қора-оқ расмлар билан уларнинг Истанбул ҳақидаги мақолалари бир-бирига қоришиб кетди ва менинг Истанбулимни уларсиз тушунолмай қолдим. 35 ёшларимда “Улисс” тарзидаги катта бир Истанбул романи ёзишни хаёл қиларканман, болалигимда ўзим кезган Истанбул кўчаларида ҳам шу тўрт ҳазин ёзувчининг ҳам кезишларини хаёл қилиб завқландим: масалан, семиз шоир доим бориб юрган Бейўғлидаги (Бейўғли — шаҳардаги бир даҳанинг номи — таржимон.) Абдуллоҳ Афанди ресторанига бувим (онамнинг онаси) ҳам бир пайтлар ҳафтада бир марта келиб овқатланар, кейин эса еган овқатларидан шикоят қиларди. Атоқли шоир у ерда тушлик қилиб қайтаркан, Истанбул энциклопедияси учун материал ахтараётган тарихчи Қаяўчу витринасининг олдидан ўтажагини хаёлимдан кечирардим. Сўнгра ёш ва гўзал йигитни севган журналист-тарихчининг Бейўғлининг бир орқа кўчасидаги боладан, ичида романнавис Тонгпинарнинг мақоласи бўлган газета олишни хаёл қилардим. Уйидан кам чиқадиган, паст бўйли, покизалик ошиғи оқ қўлқопли хотиранавис Абдулҳақ Шиносий Ҳисор у вақтда мушугига олган жигарларини тоза бир қоғозга эмас, газетага ўрагани учун қассоб билан ғовға қилаётган бўларди. Бу тўрт қаҳрамонимнинг баъзан айни дақиқаларда, баъзан шундай ёмғир остида, баъзан битта гўшада, баъзан бир тепаликка қараб юрганликларини ёки йўлларининг кесишажагини хаёлга келтирардим. Кўз ўнгимда таниқли хорват суғурта картографи Первитичнинг Бейўғли-Тақсим — Жаҳонгир-Ғалата хариталарини очар, қаҳрамонларимнинг юрадиган жойларида кўча-кўча, бино-бино белгилар, хотираларини йўқлама қилиб қайси гулчи, қаҳвахона, майхона ёки дўконга дуч келишларини бутун тафсилоти билан тасаввур қилардим. Бу дўконлардаги егуликларнинг ҳиди, қаҳвахоналарда ўқила-ўқила титилиб кетган газеталарнинг сатрлари, мен учун шаҳарни шаҳар қилган девор афишалари, кўча сотувчилари, автобусларга осилган рекламалар, менинг бу турт ҳазин қаҳрамонимнинг диққатлари кесишадиган нуқталар бўлиши керак эди. Бу шаҳарни ўзига ҳикоя қилган нарсанинг топографияси, бинолари ва инсонларининг кўпи замона зайли билан шаклланган ўзига хос ҳикоя манзаралари эмас, у ерда менингдек 50 йилларча, айнан ўша кўчаларда яшаганларнинг бирлаштирганлари хотиралар билан, ҳарфларнинг, рангларнинг, товушларнинг ўз ораларида яширин очиқ дуч келишларининг даражалари ҳам бўлганини бу ёзувчиларни эслаганимда ўйлаб кетаман. У даврда бу тўрт ёзувчи билан болалигимда балки учрашган бўлишим мумкинлигини хаёлимга келтираман.
Бу ёзувчилар орасида ўзимни унга яқин деб ҳис қилганим романнавис Тонгпинар билан онам мени Бейўғлига илк бор келтирган пайтларида учрашган бўлсам керак. Биз ҳам у каби ер ости ўтиш йўлидаги Ҳашет Китоб Уйига кириб турардик. “Шўрлик”, “Бечора” лақабини олган ёзувчи бу китобчининг рўпарасидаги “Нормонли Юрти”нинг кичик бир хонасида яшарди. Ҳали Памуқларнинг кўп уй жойли ўз иморатлари битмагани учун мен туғилишим билан келтирилганим Аёзпошодаги Ўнган биноси Тонгпинарнинг устози шоир Яҳё Камол ҳаётининг сўнгги йилларида қолдирган “Парк отел”ининг шундоқ қаршисида эди. Кейинроқ Нишонтошига кўчганимизда онамнинг тез-тез ширинликлар олиш учун бориб турадиган отелининг қандолатхонасида ҳам уларни кўрган бўлсам керак. Хотиранавис деб тилга олганим Абдулҳақ Шиноси Ҳисор ҳам, худди эларо таниқли тарихчи Қўчу каби тез-тез ул-бул сотиб олишга, овқатланишга чиқиб турган ва мен улар билан ҳам кўришган бўлсам керак.
Худди кўпчиликни танг қолдирган машҳур кино юлдузларининг суратга олинган фильмларидаги ва шахсий ҳаётларидаги эътибордан четда қолган тафсилотлар билан ўз ҳаётлари орасидаги тасодифлар ва ўхшашликларни ҳақиқий мухлислар ҳолига тушганимни эсма-эс хотирлайман. Аммо менинг бу китобда ора-чора гап очиб баҳс юритадиганим бу тўрт қаҳрамоннинг шеърлари, романлари, ҳикоя ва энциклопедиялари мени ўзим яшаган шаҳар руҳига ҳозирладилар. Ўтмиш билан ҳозирги кун ёки ғарбликларнинг тили билан айтганда, Шарқ ва ғарб орасида аралаш-қуралаш ва бунёдкорлик тарзи билан бу тўрт ёзувчи, менга севикли китоблар ва модерн санъат завқи билан яшаган шаҳримнинг ҳаёти ва маданияти орасида қандай бир алоқа қура олишим мумкинлигини ҳис қилишга ўргатдилар.
Бу ёзувчиларнинг барчаси ҳаётларининг айнан бир даврида ғарб адабиётининг, кўпроқ француз адабиёти ва санъатининг порлоқлигидан кўзлари қамашганди. Шоир Яҳё Камол ёшлигида тўққиз йил Парижда яшаган. Уни қайсидир маънода ўзига ота деб билган Тонгпинар ҳам Валерига мухлис эди.
Француз адабиёти ва ғарб маданиятига ёшлигида, эҳтимолки, болалигида яқинлашган катта бир ҳайратни ҳис қилишлари бу ёзувчиларга асарлари-да модерн ёки ғарблик бўлишлари кераклигини ортга қайтиб бўлмайдиган бир тарзда ўргатди. Улар французлар каби ёзишни хоҳлардилар, бунга шак-шубҳалари ҳам йўқ эди. Аммо ақлларининг бир четида агар ғарбча ёзсалар, улардай ўзига хос бўла олмасликларини билардилар. Ана шу ҳолатда француз маданияти уларга модерн адабиёт билан бирга ҳаққонийлик, ўзига хослик, софлик фикрини ҳам воз кечиб бўлмайдиган тарзда ўргатди. Илк асарларини бера бошлаган йилларида бу ижодкорларни ғарблик бўлиш билан “ҳаққоний” бўлишлари кераклиги фикри орасида ҳис қилганлари қарама-қарши хусусият уларни эзди.
Ўзига хослик ва ҳаққонийлик фикри билан муроса қилиш истаклари бошқа бир нарса ё Готъе ёки Малларме каби ёзувчилардан ўрганганлари “санъат санъат учун” ёки “соф шеър” каби тушунчалар эди. Ўз муҳитларидан четдаги баъзи ёзувчи ва шоирлар, айнан шу кўзлари қамашиб ўқиган бошқа баъзи француз ёзувчиларидан таъсирланганлар, аммо ўрганган нарсалари, улардаги ҳаққоний бўлиш истагидан кўра кўпроқ “фойдали бўлиш” ва ўргатиш савқи табиийсига жавоб бўлгани учун эзилмагандилар. Бир учи таълим-маърифат адабиётига, бир учи эса кундалик сиёсатнинг талабига қараб йўналган йўлдаги ёзувчилар Гюго ёки Золя каби намуналар билан юзма-юз келаркан, Яҳё Камол, Тонгпинар, Абдулҳақ Шиноси Ҳисор — Верлин, Малларме ва Пруст билан нима қилишлари тўғрисида ўйланишарди. Уларни эзаётган бошқа бир нарса, олдин Усмонли Салтанати йиқилишининг, Ғарб мустамлакаси бўлиб қолиш таҳликасининг, сўнгра Туркия Жумҳуриятининг ўртага қўяётган турк миллатчилиги эди.
Францияда ўзлаштирган эстетик дунёқараш, фақатгина модерн ўлароқ Туркияда асло Малларме ёки Пруст каби кучли ва ҳаққоний бир овоз чиқара олмасликларини ҳам уларга аниқ ҳис қилдирган эди.
Излаганлари жуда ҳаққоний ва шеърий бўлган бир нарсада, буюк тараққиётнинг парчаси ўлароқ туғилиб, улғайганлари Усмонли Салтанатининг йиқилишида деб билдилар. Усмонли тараққиётининг ҳеч ўнглаб бўлмайдиган томонлари кўплигини йиқилганини теран бир шаклда англаганлари бу ёзувчиларга юзаки бир соғинчнинг, тарих билан мақтанишнинг ёки жуда кўп замондошларининг қурбони бўлгани, зўраки миллатчилик ва жамоатчиликнинг тахдикаларига тушмасдан, ўтмишдан сўз айта олишлари шеърий бир дунёқараш азобини берарди. Буюк бир йўқотиш изларининг йиқилган ҳолида яшаётган Истанбул — уларнинг она шаҳри эди. Ўзларини йиқилишнинг ва йиқитишнинг ҳазин шеърларига бағишласалар, фақат ўзларига хос бир овоз топиши мумкинлигини англадилар.

Турк тилидан Миразиз Аъзам таржима қилган.