Азиз Несин. Назокату нафосат (ҳикоя)

Стол тагидан муқоваси кўк, мўъжазгина, усти зарҳал ён дафтарча топиб олдим. Кимники бўлди экан, деган хаёлда ичини очдим. Ия, бу нимаси? Дафтарчанинг биринчи бетига баобрў бир кишининг, жуда ҳам баобрў кишининг турар жойи, телефон номери ёзиб қўйилган. Қани, бу ёғини кўрай-чи! Войбўй, иккинчи бетида бир эмас, нақ учта шунақа одамнинг номи бор-а. Дафтарни бетма-бет варақлаганим сари ҳайратим ошаверди.
Нега десангиз, мамлакатимизда сиёсат ва давлат тепасида турган нуфузли одамларнинг ҳаммаси дафтарга бирма-бир ёзиб чиқилган экан. Бундоқ қарасам, буларнинг ичида энг кичиги бош директорлик лавозимида. Қизиғи шундаки, номи дафтарга тушган сиёсат арбобларининг ҳаммаси ҳозир ҳокимият тепасида.
Шу топда ўрнимда бошқа одам бўлганида ҳам барибир боши қотиб гаранг бўлиши турган гап эди. Рост-да, казо-казоларимизнинг турар жойи аниқ кўрсатилган, бу дафтарча худди бирор фалокатни бошлаб берадиган бомбага ўхшайди. Буни менинг пайимга тушган бирор одам атайлаб ташлаб кетган бўлса керак. Улуғларимизнинг исму шарифлари битилган бу рўйхат ҳали бошимга қандай кулфатлар солишини аниқ билмасам ҳам шунисига аминманки, уни уйимдаги стол тагига холис ният билан ташлаб кетишмаган. Мени ваҳима босди. Назаримда, шу топда ҳозир эшик дукиллайди-ю, уйга беформа полициячилар бостириб кириб: «Қани, дафтарни чўз!» дея менга дўқ уради. Дир-дир қалтираб: «Қанақа дафтар?» деб сўрайдиган бўлсам, уйда тинтув бошлашади, кейин худди ўзлари илгари яшириб қўйгандай бирпасда стол тагидаги дафтарни топиб олишади.
Шундай бўлишига имоним комил. Менинг уйимга дафтарни ташлаб кетган ўша разил одам, албатта полицияга шипшитиб қўйган. Каттакон фитнага мен ҳам аралашиб қолганга ўхшайман.
«Қани, сайра энди! — дейди менга дафтарни топиб олган полициячилар. — Сен нима учун каттадан-кичик ҳамма улуғларимизнинг турар жойларини бу дафтарга ёзиб олгансан? Хўш, сен уларга махсус дафтар очганмисан? Ёки товламачилик ҳунаринг борми? Тўғрисини айт, ёки уларнинг жонига қасд қилганмисан?
Худоё мушкулимни ўзинг осон қил. Рост, агар шунақа деб қолишса, қўлимдан нима келади? Ҳозироқ дафтарга ўт қўйиб, кулини кўкка совуришим керак!
Мени домига илинтирмоқчи бўлган пасткашнинг ўзи ким бўлди экан? Кеча кечқурун учта ошнам уйимга келган эди. Уларнинг қўлидан бунақа иш келмаслигига аминман. Сабаби, бири доцент, иккинчиси университет кутубхонасида хизматчи, учинчиси эса адабиёт ўқитувчиси.
Ваннахонага кириб, дафтарни энди ўтхонага ташлайман деб турган эдим, тўсатдан эшик дукиллаб қолди. Юрак ўйноғида бориб эшикни очган эдим, қарасам, кечаги улфатлардан бири, университет кутубхонасида ишлайдигани келган экан. Холид — йигирма йиллик қадрдон дўстим. Менга ўхшаб у ҳам жуда серташвиш кўринади.
— Нима гап, нега рангинг қув ўчган? — деб сўради у.
— Ўзинг-чи? Ўзингга нима бўлди?
— Кеча шу ерда дафтарим тушиб қолмабдими?
— Манавими? — қўлимдаги дафтарчани унга кўрсатдим.
— Ҳа, ҳа, худди шунинг ўзи, — деди у дафтарга чанг солиб. — Шунинг ўзи. Йўқолиб қолдими деб ўтакам ёрилди. Шунақаям қўрқиб кетдимки, асти қўявер.
Қўлидан тутиб уни ишхонамга олиб кирдим.
— Мени ўлдираёздинг-ку, — дедим унга қараб. — Тўғрисини айт, бунақа баобрў кишиларнинг турар жойи сенга нимага керак бўлиб қолди?
Бу гал у ҳайрон бўлди:
— Ия, ҳали сен бунақа дафтарча тутмаганмисан?
— Йўқ.
— Ана холос, шу ҳам иш бўлдими. Мени дўстим десанг, сен ҳам шунақа қил. Бунақа адреслар нимага кераклигини мен сенга ҳозир тушунтириб бераман. Мана, қулоқ сол:
— Бир вақтлари мен авторучка жинниси бўлиб қолган эдим. Гоҳ ўзим дўкондан сотиб оламан, гоҳ ўртоқларим менга совға қилишади. Бир пайт ёнимда ўн бештача ручка йиғилиб қолибди. Ўша кезлари Германиядан бир шоир ошнам келган эди, шуни йўқлаб меҳмонхонага бордим. У ҳам ручка жинниси эканлигимни билиб, кетар чоғимда бир дона авторучка тақдим қилди. Меҳмонхонадан чиқиб муюлишга бурилган эдим, чидаб туролмадим, ручкасини бир кўрай дедим. Ўзинг яхши биласан, мен ҳамиша ёнимда лупа олиб юраман. Перони шу лупага солиб кўрган эдим, кўзимга қалинроқ ёзадиганга ўхшади. Ён дафтарчамни олдим-да, перони синаб кўриш учун дастлаб миямга келган сўзларни ёздим. «Назокату нафосат». Ҳа, майли, сал қалинроқ ёзар экан, уйга келиб қум қоғоз билан ишқаласам учи ингичка бўлар, деб ўйладим. Яна бир кўрмоқчи бўлиб қўлимга лупа олганимни биламан — икки елкамга икки қўл тушди:
— Нима қиляпсан?
— Менми? Ўзим, шундай, авторучкани кўраётган эдим.
— Шунақами? Ручка кўряпман дегин. Қани, ўзинг қаерда ишлайсан?
— Мен университетда… — гапим бўғзимда қолди.
— О, профессорман денг. Ҳали сиз профессор бўлдингизми? Ҳўв ўша профессор бўлган сени! Мана сенга профессор…
Биттаси чап биқинимга бир мушт туширди:
— Қани юр, талмовсирама!
— Бу қанақа гап, жаноблар… Бирон англашилмовчилик бўлганга ўхшайди!
Ўнг биқинимга яна бир мушт тушган эди, юришга мажбур бўлдим. Қани юрмай ҳам кўр-чи!
Полиция участкасига олиб келишди. Кейин тепиб-суриб бир хонага қамаб қўйишди. Тоза кутиб ўтирдим, олдимга ҳеч ким кирмади. Бир пайт аллаким эшикни очиб:
— Ерга ўтир! — деб дўқ урди.
— Ўтиролмайман, тақсир!
— Ҳа, ҳа, ҳали ўтиролмайсанми? Вой профессор бўлган сени… Қани ағдар чўнтакларингни!
Чўнтакдаги бор нарсани чиқариб столга қўйдим: ўн тўрт дона авторучка, иккита китобча, битта ён дафтар, бир дона лупа билан иккита қум қоғоз чиқди.
— Бу нима? — сўради у авторучкаларга ишора қилиб.
— Буми? Авторучка!
— Ҳм, авторучка дегин! Вой профессор бўлган сени…
Мен профессор эмасман, университет кутубхонасида оддий хизматчи бўлиб ишлайман, дегим келди-ю, қани энди оғиз очирса. Столдан лупани олди:
— Хўш, манави ннма?
— Лупа…
— Лупа дегин… Вой профессор бўлган сени…
Яна уч киши ичкари кирди. Тўрттови бир бўлиб столдаги нарсаларни синчиклаб кўздан кечиряпти. Улардан бири қум қоғозни қўлига олиб сўради:
— Бу нима?
— Қум қоғоз.
— Бу қанақа қум қоғоз ўзи? Сип-силлиқ-ку… Бизни лақиллатмоқчимисан?
— Ўзи шунақа, махсус силлиқ ишланган.
— Ҳиҳ, ҳиҳ… Силлиқ қоғоз дегин! Вой профессор бўлган сени…
Елкамга бир мушт тушди. Бундоқ қарасам, аҳвол тобора чатоқлашиб кетяпти.
— Жаноблар, — дедим уларга қараб, — бу ерда бирор англашилмовчилик борга ўхшайди… Мени бу ерга нима сабабдан олиб келганингизни билмайману, лекин бутун университет, ҳамма журналистлар қандай одамлигимни яхши билишади. Менга бундай муомала қилишингиз яхши эмас.
Ён дафтаримни титкилаб турган одам бақириб берди:
— Ўчир овозингни!
Кейин тўсатдан кўзи чақнаб кетди:
— Манави нима?
У авгорудкани синаб кўриш учун ёзилган бояги «Назокату нафосат» деган сўзларга ишора қилаётган эди.
— Нима бўларди, «назокату нафосат».
— Назокату нафосат?
— Ҳа, «назокату нафосат!»
— Бунинг маъноси нима?
— Ҳеч нима…
— Ҳеч нима бўлса нега ёздинг?
— Перони синаб кўрмоқчи бўлган эдим…
— Шунақами ҳали! Хўш, унақа бўлса нима учун келиб-келиб шу сўзларни ёзасан? Гапир!
Тўғрисини айтсам, бу ҳақда ўйламаган эдим.
— Билмадим, калламга шу келувди, ёздим-қўйдим.
— Хўш! Назокату нафосат-а! Вой профессор бўлган сени… Назокату нафосат нималигини кўрсатиб қўямиз сенга! Ҳали каллангизга шу келдими? Бошқаси топилмабди-да, а?
Бири машинистканинг ёнига келиб протокол ёздира бошлади. Мени даҳшат босди. «Назокату нафосат» дегани бирор жосуслар ташкилотининг шартли белгиси бўлиб чиқса-я? Ўн тўрт дона авторучка, ён дафтар, лупа, иккита китоб, қум қоғоз, бунинг устига «назокату нафосат» деган ёзув. Буларни кўрган ҳар қанақа одам ҳам шубҳага тушиши мумкин. Энди нима қилсамикин? Протокол бўлса шиғиллаб ёзиляпти, ён дафтарим ҳали титкилаб бўлингани йўқ. Шу пайт дафтарни ковлаштириб ўтирган одам таққа тўхтади. Сўнгра ўзи кўраётган варақни ёйидаги шерикларига тутди. Ўрталарида пичир-пичир гап бошланиб, бир нимани келишиб олишди. Ҳеч кутилмаганда бирпасда вазият ўзгарди. Ҳалиги одам ён дафтарчага ёзилган бир адресни менга кўрсата туриб сўради:
— Айбга буюрмайсиз, бейафандим, бу киши сизга ким бўладилар?
— Синфдош ўртоғим бўлади, — дедим. — Тунов куни учрашиб қолган эдик, қўярда-қўймай мени ресторанга олиб борди. Кета туриб уй адресини берган эди, шу дафтарга ёзиб олдим.
Тўғриси ҳам шу. Кўпдан кўрмаган ўртоғим билан учрашиб қолганим рост. Ҳаттоки мен унинг бош директор бўлиб ишлашидан ҳам бехабар эдим.
У истиҳола аралаш кулган бўлди:
— Буни қаранг-а, демак, бош директор ўзларининг яқин ўртоқлари бўларкан-да.
— Ҳа, шунақа. Бирга ўқиганмиз, мактабда биз уни Риза тиртиқ деб чақирардик.
— Жуда хурсандман, бейафандим. Ия, ия, нега тикка туриб қолдингиз? Қани, марҳамат, ўтирсинлар!
Кейин шерикларидан сўради:
— Бейафандимни бу ерга нега олиб келдиларинг?
У сўроғига жавоб кутмай, яна менга мурожаат қилди:
— Қани, марҳамат қилинг, бейафандим!
Яхшилаб жиҳозланган хонага ўтдик. Эшикдан олдин мен, кетимдан улар киришди.
— Бугун ҳаво жудаям дим бўлди-я, — деди улардан бири менга кўз қирини ташлаб. — Жанобларига газли сув буюрайликми?
— Йўғ-э…
Газли сув олиб келинди. Хонада икки киши қолдик.
Ёлғиз қолгач, у мендан сўради:
— Афандим, биз томонга ташриф буюрганларининг боиси нима? Бирор амри фармонлари борми бизга?
Ё тавба! Амри фармон дегани нимаси? Мени бу ерга уриб-сўкиб судраб келган шуларнинг ўзи эмасми?
Бу томонга мушт ва тепки зарби билан келганлигимни айтсам, ҳозир кўрсатилаётган илтифот олдида ҳурматсизлик бўлади. Шунинг учун бошқача жавоб бердим:
— Ўзларининг ҳол-аҳволларини бир сўраб ўтай деган эдим.
— О, миннатдорман, афандим, ғоят миннатдорман. Бошим осмонга етди. Биз учун катта бахт бу.
Вазият яхшиланди. Яна бирор ишкал чиқишини кутмай, иссиғида жўнаб қолганим маъқул. Шуни ўйлаб, кетишга рухсат сўрадим:
— Бейафандим, энди менга рухсат берсангиз.
У ўрнидан туриб, мени эшиккача кузатиб қўйди. Шу жойдан тезроқ чиқиб кетай деган мақсадда қадамни тезлатдим. Авторучкаларни, дафтарча билан лупани сўрай десам, бояги англашилмовчиликни эслатган бўламан. Айб бўлади!
— Бейафандим! Бейафандим! Профессор ҳазратлари! Буюмларингизни эсдан чиқарибсиз!
Боягилардан бири ручка, қум қоғоз, лупа ва ён дафтарчани кўтариб орқамдан югуриб келди.
— Бир нарсани сўрамоқчи эдим, бош директор чиндан ҳам жанобларига ўртоқ бўладими?
— Ҳа, албатта! — жавоб бердим, — Нега суриштириб қолдингиз?
— Шунчаки… Ҳозир, биласизми, бир одат пайдо бўлган. Ҳар хил бўлмағур одамлар улуғларимизнинг исми билан турар жойини ён дафтарга ёзиб қўйишади, кейин ишкал чиқиб қолса, «бу менинг ўртоғим бўлади» деб сувдан қуруқ чиқиб кетишади. Тушундингизми? Биз бўлсак бу гап тўғри ё нотўғри эканлигини билмаймиз. Демак, сиз у киши билан чиндан ўртоқсиз-а?
— Ҳа, у менинг чиндан ўртоғим бўлади.
У менга бир парча қоғоз узатди…
— Бейафандим, ўзим ҳақимда икки оғиз сўз қоралаб қўювдим. Агар бош директор жанобларини яна бир учратиб қолсангиз…
Холид воқеани гапириб бўлгач, қўшиб қўйди:
— Ўша кундан буён мен улуғларимиздан қайси бирининг турар жойини эшитиб қолсам, шу дафтарга ёзиб қўядиган бўлдим. Кеча дафтарни йўқотиб қўйдимми, деб роса қўрқиб кетдим. Бу ердаги адреслар мол-мулкни, ҳаётни суғурта қилиш билан тенг. Биродар, сен ҳам албатта шунақа дафтар тутиб ол. Лекин бир нарсага эҳтиёт бўл: дафтарга ёзилган одамлардан бирортаси истеъфога чиқиб кетса, дарров унинг номини ўчириб ташла. Акс ҳолда, бошинг балога қолади. Демак, сен улуғ одамларимизни дафтарга ёзиб юриш одатидан бехабар экансан-да…
— Ҳеч эшитмаган эдим.
— Лекин кўп нарсани бой берибсан, ошнам. Ҳозир шунақа замон. Ҳар бир киши ҳар эҳтимолга қарши ёнида мана шунақа дафтарча олиб юриши керак. Остона ҳатлаб кўчага чиққанингда бошингга қанақа бало тушишини олдиндан билиб бўладими? Қадимда одамлар касалдан, ёмон кўздан сақласин деб ёнларида дуо битилган тумор олиб юришарди… Ҳозир эса бунинг ўрнига мана шу адресли дафтарчалар чиққан. Дафтар бўлганда ҳам нафаси ўткир дафтар!

Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси