Муҳаммад Юсуф. Бор бисотим олди ёшлигим (видео)

БОР БИСОТИМ ОЛДИ ЁШЛИГИМ

Бор бисотим олди ёшлигим,
Юрак шунга кўндию кетди,
Ёдда шундай қолди ёшлигим,
Қуш дарахтга қўндию кетди.

Дунёда энг катта бой эдим,
Гижинглаган якка той эдим,
Шарқираган тошқин сой эдим,
Сувим қуриб тиндию кетди.

Етишмайди менга не жиҳат,
Аллақаеримдир диққат,
Ўша қомат, ўша бўй фақат,
Юрак чил-чил синдию кетди.

Дўстларим кўп эди, дўстларим,
Кескир-кескир эди сўзларим,
Хира тортиб қолди кўзларим,
Сочга қиров индию кетди,
Дарахтга қуш қўндию кетди.

Муҳаммад Юсуф