Александр Куприн. Олеся (қисса)

I

Менинг хизматкорим, ошпазим ва овда ҳамроҳим – ўрмон қоровули Ярмола орқасида бир боғлам ўтин билан эгилиб хонага кириб келди ва уни гурсиллатиб ерга ташлади-да, музлаб қолган бармоқларини куҳлаб иситди.
– Ташқарида шундай шамолки, панич , – деди у печнинг пастки эшикчаси ёнида чўққайиб ўтириб. – Уйни яхшилаб иситиш керак. Ўт ёқиб юборайми, панич?
– Демак, эртага қуён овлашга бормаймиз, шундайми? Борса бўлмайдими, нима дейсан, Ярмола?
– Йўқ… мумкинмас… бўронни қаранг, эшитмаяпсизми? Қуён писиб ётибди пих-пих қилиб… Эртага из-пизни кўрмайсиз.
Қисмат мени нақ олти ойга Волин губерниясидаги овлоқ бир қишлоққа, Полесья чеккасига ташлади ва ов – менинг овунишим мумкин бўлган ягона машғулотим ҳамда ҳузур-ҳаловатимга айланди. Қишлоққа бориш таклифини олган пайтларим мен бу ерларда тоқат қилиб бўлмас даражада зерикаман, деб мутлақо хаёлимга келтирмаганимни тан оламан. Мен ҳаттоки хурсанд бўлиб йўлга тушганман. “Полесье… инсон оёғи етмаган чекка жойлар… табиат қучоғи… оддий турмуш тарзи… ибтидоий манзаралар, – хаёл қилардим вагонга ўтирарканман, – ғалати таомиллари, тили ҳам ўзига хос, менга бутунлай нотаниш халқ… эҳҳе, эҳтимол қанчалар кўп шоирона афсона-ю ривоятлари, қўшиқлари бор экан!” Мен бўлсам, ўша вақтлар (ҳикоями, мана, сизга ҳикоя) бир кичкина газетада икки қотиллик ва ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги бир ҳикояни босиб чиқаришга улгурган эдим ва ёзувчи учун ҳаётни кўриш, кузатиш фойдадан холи бўлмаслигини назарий жиҳатдан билар эдим.
Бироқ… ёки назаримда, Переброд деҳқонлари қандайдир айрича, қайсарона одамовиликлари билан фарқ қилардилар, ёки ўзим мулоқотга киришолмадимми – улар билан муносабатим қуйидагилар билан кифояланди, яъни улар мени узоқдан кўришлари билан бош кийимларни олардилар, менга тенглашиб, яқинлашишлари билан хўмрайганларича: “Гай буг”, дердилар, бу “Худойим, Ўзинг қўлла” маъносини англатарди назаримда. Мен улар билан гаплашишга хўп уриниб кўрдим, улар эса ажабланиб қарадилар, энг жўн, содда саволларимни ҳам тушунгилари келмади ва ҳадеб қўлларимни ўпишга уриндилар – бу поляк крепостнойлигидан қолган кўҳна одат эди.
Мен бор китобларимни яна бир бошдан қайта ўқиб чиқдим. Гарчанд аввалига менга бу нарса ёқимсиз туюлган бўлса-да, азбаройи зерикканимдан – ўн беш чақирим нарида турадиган, ихтиёрида “органчи пан”, урядник ва қўшни истеъфодаги унтер-зобитлар ер-мулки идора хизматчиси бўлган ксёндз ёрдамида туб ерлик зиёлилар билан танишишга уриниб кўрдим, лекин бу ҳаракатим бесамар кетди.
Ундан кейин перебродликларни даволашга киришдим. Бисотимда бор дори-дармон ушбулар эди: канакунжут мойи, карбол кислотаси, борат кислотаси, йод. Бироқ шунда мен бусиз ҳам танқис маълумотлардан ташқари беморларимга ташхис қўйишим мутлақо имконсиз эканини билиб қолдим, чунки уларнинг касаллик аломатлари ҳамиша айни ва бир хил эди: “ичим оғрийди” ва “на ейиш, на ичишга ҳолим йўқ”.
Дейлик, ҳузуримга кекса аёл келади. Кампир тортиниб, ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғи билан бурнини артганича қўйнидан иккита тухум чиқазади, шунда, бир сонияга аёл баданининг жигарранг териси кўриниб кетади, кейин тухумларни столга қўяди. Сўнгра аёл ўпичини тамға қилиб босиш учун қўлларимни ушлаб олишга интилади. Мен қўлларимни тортганимча кампирга уқтирмоқчи бўламан: “Бўлди-бўлди, хола… қўйинг-да энди… мен, ахир, руҳониймасман-ку… бу менга жоиз эмас… Қаерингиз оғрияпти?”
– Ичим оғрияпти, панич, ичим бураб оғрийди, на бир томчи сув ичаман, на бир нарса ейман.
– Анчадан буён шундай оғрияптими?
– Итим биладими? – дейди жавобан саволимга савол билан. – Шундай бураб оғрийди, бураб оғрийди. Бир нима ичолмайман ҳам, еёлмайман ҳам.
Қўрқмай айтишим мумкинки, муайян аломатлардан бошқа бирор касаллик топилмайди.
– Сиз кўпам ташвишланаверманг, – деб кўнглимни кўтарди унтерларнинг идора хизматчиси, – ўз-ўзидан тузалиб кетадилар. Худди итларга ўхшаб касали ичида ёпишиб қотиб қолади. Сизга бир нарсани айтиб қўяй, мен фақат биттагина дорини ишлатаман, у ҳам бўлса – новшадил спирти. Олдимга бир деҳқон келади. “Сенга нима керак?” – “Мен, дейди, касалман…” Мен дарров унга новшадил спирти шишасини тутаман. “Ҳидла!” Ҳидлайди… “Яна қаттиқроқ… ҳидла!..” Ҳидлайди… “Ҳа, босилдими?” – “Босилиб қолганга ўхшайди…” – “Бўпти, боравер, Худо ёр бўлсин”.
Устига устак, ана шу қўл ўпишлардан кўнглим кетадиган бўлди (айримлари бўлса, шундоқ оёғимга йиқилиб, жон-жаҳдлари билан этигимни ўпишга интилардилар). Бу, аслида, чин кўнгилдан чиққан ҳаракат эмас, балки асрлар бўйи қуллик ва тажовузкорлик билан одамларнинг қон-қонига сингдирилган аянчли, хунук одат эди. Менинг энг ҳайрон қолганим шу эдики, ана шу унтерлар идора хизматчиси ва урядникларнинг ўзлари деҳқонлар лабларига шундай виқор ва кибр билан қип-қизил, каттакон панжаларини тутардилар…
Энди биргина овунчим ов қолганди, холос. Январнинг охирига келиб, шундай об-ҳаво бўлиб турганидан ов қилишнинг ҳеч бир имкони бўлмади. Худонинг берган куни даҳшатли шамол эсди, бўрон турди, бир кечада қор узра қаттиқ, музсимон қатлам пайдо бўлдики, қуён муз устидан из қолдирмай югуриб кетадиган бўлди. Уй ичини қаттиқ бекитиб, шамол увиллашига қулоқ тутиб ўтирган кўйим шундай қаттиқ зерикар, шундай сиқилар эдим… Менинг ўта жонкуярлик билан ўрмон қоровули Ярмоланинг саводини чиқаришга уринишдай беозор машғулотга уринганим сабаби энди англашилгандир. Орқамга ўгирилдим ва қаршимда одатдагидай юмшоқ чиптакавушда сассиз менга яқин келган Ярмолани кўрдим.
– Нима бўлди, Ярмола? – деб сўрадим.
– Мана, қараб туриб, сизнинг ёзишингизга ҳайрон қоламан-да. Қанийди мен ҳам… Йўқ, йўқ… бундаймас, сизникига ўхшабмас, – хижолат тортиб, шошилиб деди Ярмола, менинг кулимсиганимни кўриб. – Мен фақат исми шарифимни…
– Бу сенга нима учун керак? – ажабландим мен… (Шуни айтиш керакки, Ярмола бутун Перебродда энг камбағал ва энг дангаса деҳқонлардан ҳисобланарди; олган моянаси ва деҳқончилигидан тушган даромадини ичиб қўяди; уникидай ёмон ҳўкизлар шу яқин-атрофда, ҳеч бир жойда топилмайди. Менинг фикри ожизимча, унга ҳеч бир замонда саводнинг зарурияти туғилмайди.) Мен яна ўсмоқчилаб ундан сўрадим: – Нима учун исми шарифингни ёзишни билишинг керак бўлиб қолди?
– Қаранг, аҳвол бунақа, – жавоб берди Ярмола кутилмаганда майинлик билан, – қишлоғимизда бирорта саводли кимсанинг ўзи йўқ. Қанақадир қоғозга қўл қўйиш керакми ёки бўлисда бир иш чиқадими, ё бирор… ҳеч кимнинг қўлидан келмайди… Оқсоқолнинг билгани муҳр босиш, нимага муҳр босаётганини, унда нима ёзилганини ўзи билмайди… Агарда бирор кимса қўл қўйишни билганида эди, ҳаммамиз учун яхши бўларди, дейман-да.
Ярмоланинг, ғирт браконьер, боқибеғам дайдининг, фикри билан қишлоқ йиғини ҳатто ҳисоблашмайдиган одамнинг бундай куюнчаклиги, унинг жамият манфаати ҳақида шу тариқа қайғуриши мени негадир тўлқинлантириб юборди. Мен уни ёзишга ўргатишни ўзим таклиф этдим. Мен ўзимни азобга қўйдим – уни онгли равишда ўқиш ва ёзишга ўргатиш иши жуда машаққат эди! Ўз ўрмонининг ҳар бир сўқмоғини, ҳар бир дарахтини мукаммал биладиган, кундузми-тунми, дуч келган жойни мўлжалга оладиган, бутун бошли теварак-атроф бўрилари, қуёнлари, тулкилари изларини фарқ қила оладиган Ярмола, ана шу ўрмон билимдони Ярмола, “м” ҳарфи билан “а” ҳарфи бирга қўшилиб ёзилганда нима учун “ма” ҳосил бўлишини сира ақлига сиғдиролмасди. Одатда у бундай вазифа устида ўн дақиқа, балки ундан ҳам кўпроқдир азоб билан тараддудланар, ич-ичига ботиб кетган қора кўзлари, қорача озғин юзи, қаттиқ қоп-қора соқол ва қуюқ мўйловлари қўшилиб, қиёфаси ақлий таранглик, ўйчанликнинг энг сўнгги нуқтасини ифода этиб турар эди.
– Қани, Ярмола, “ма”, дегин-чи. Шунчаки “ма”, десанг бўлди, – деб туриб олардим мен уни ўз ҳолига қўймасдан. – Сен қоғозга қарама, менга қара, мана шундай. Қани, “ма”, деб айт…
Шунда Ярмола чуқур хўрсинди, кўрсаткич таёқчани столга қўйиб, бундай деди:
– Йўқ… айтолмайман…
– Нега айтолмайсан? Бу осон-ку, ахир. Мана, мен айтганимдай, “ма” де-қўй-да, бўлди.
– Йўқ… айтолмайман, панич… эсимдан чиқди…
Бари ўқитиш усуллари, йўл-йўсинлари ана шу ғаройиб зеҳни пастликка урилиб, чилпарчин бўлди. Бироқ бу нарса барибир Ярмоланинг маърифатга бўлган интилишини сўндиролмади.
– Исми шарифимни билсам бўлди! – тортинчоқлик билан ёлворарди у мендан. – Бошқа ҳеч нима керакмас. Фақат исми шарифим: Ярмола Попружук – бўлди, шу етади.
Мен ақлий салоҳият талаб қилинадиган ўқиш ва ёзишга ўргатиш фикридан тамомила воз кечдим ва уни шунчаки имзо чекишга ўргата бошладим. Менинг оламшумул ҳайратимга кўра бу усул Ярмолага, оз бўлса-да, фойдадан холи бўлмади, алалхусус, иккинчи ойнинг охирига келиб, биз унинг шарифини ёзишни деярли уддаладик. Исмга келсак, вазифа енгиллашгани боис, биз уни ёзишдан воз кечмоқчи бўлдик.
Кечалари, Ярмола печга ўт ёқиб бўлгач, мен уни чақиришимни сабрсизлик билан кутадиган бўлди.
– Қани, Ярмола, дарсга, – чақирардим мен.
У ёнбоши билан столга яқинлашарди, унга тирсакларини тираб, қора, дағал, букилмас бармоқлари билан қаламни ушларди-да, қошларини кўтариб, мендан сўрарди:
– Ёзайми?
– Ёз.
Ярмола бирмунча дадиллик билан биринчи ҳарф – “П”ни чизади (биз бу ҳарфни шундай номладик: “иккита устун ва унинг тепасига қўйилган хари”); сўнгра у менга савол назари билан қарайди.
– Нега ёзмаяпсан? Унутдингми?
– Эсимдан чиқибди… – бошини ўкинч билан чайқайди Ярмола.
– Эй, сен қанақасан ўзи-а? Ғилдиракни қўй.
– Ҳа-а! Ғилдирак, ғилдирак!.. Биламан… – жонланади Ярмола ва ҳафсала билан қоғозга юқорига чўзилиб кетган бир шаклни чизадики, чизгани сиртдан худди Каспий денгизи кўринишига ўхшаб кетади. У ишини тамомлагач, бирмунча пайт бошини дам сўл, дам ўнг ёнга қараб, кўзларини қисганича индамай меҳнати самарасини завқланиб томоша қилади.
– Нега турибсан? Давомини ёзмайсанми.
– Пича тўхтаб туринг, панич… ҳозир.
У икки дақиқаларча ўйланиб туради-да, сўнг журъатсизлик билан сўрайди:
– Худди биринчисига ўхшабми?
– Тўппа-тўғри. Ёз.
Биз оз-оздан сўнгги ҳарфгача етиб келдик – “к” (айириш белгисидан воз кечдик) ҳарфини биз “ўртада думи ён томонларга қийшайган таёқчалари бор калтак” деб билдик.
– Сиз нима деб ўйлайсиз, панич, – деб қоларди баъзан Ярмола меҳнат қилиб бўлгач, қоғозга меҳр аралаш ифтихор билан термилиб, – агарда беш ё олти ойларча ўргансам, тамом яхши билиб олардим-а. Нима дейсиз?

II

Ярмола печь тагида, остки эшикчаси ёнида чўққайиб, ундаги чўғларни титарди, мен бўлсам хона бўйлаб диагоналига у бурчакдан бу бурчакка бориб-келардим. Мен ҳашаматли заминдор уйининг ўн иккита хоналаридан фақат биттасини, эски диванхонани банд қилиб турардим. Бошқа хоналар қулфланган, уларда штоф қопланган кўҳна мебель, ажабтовур биринж қимир этмасдан турар, XVIII асрда ишланган ва портретлар улуғворлигини сақлаганча пўпанак босиб ётарди.
Ташқарида, шамол гўё қариб-чириб кетган, совқотган, яланғоч иблис каби уй деворларига урилиб қутургандан-қутурарди. Бўрон наъраси, ўкириғида инграш, чийиллаш ва ёввойиларча қаҳ-қаҳ отган овозлар эшитиларди. Изғирин кечга бориб янада кучайди. Ташқарида кимдир ғазаб билан ойнага майда қуруқ пичан сепиб кетди. Яқин-атрофдаги ўрмон бетиним, пинҳоний, бўғиқ овозда хавфдан нолигандай гувилларди…
Шамол бўш хоналар ва печнинг мўриларига кириб олиб, шақир-шуқур қилар эди, обдан шалоғи чиққан, илма-тешик бўлиб кетган, ярим хароба кўҳна уй бехосдан ғалати овозлардан жонланиб қолди, шунда мен беихтиёр кўнглимда таҳлика билан сасга қулоқ тутдим. Мана, тайин нимадир оқ залда хўрсинди, чуқур, узиб-узиб, қайғули уф тортди. Мана, кирдилар, қаердадир олисларда қуруқ, чирик пол тахталари кимларнингдир оғир ва оҳиста қадамлари остида ғичирлади. Сўнгра хонамга ёндош даҳлизда аллаким астагина, тиришиб-тирмашиб эшик тутқичини сиқиб тортаётгандай ва кейин бирдан жаҳлланиб, ғазабнок бутун деразалар панжаралари ва эшикларини тақира-туқур қилиб уй бўйлаб елдек учаётгандай ёки мўриларга кириб олиб, шундай нола билан, сиқиқ ва узуқ-узуқ ғингшиб, дам овозини тобора кўтариб, дам пасайтириб йиртқичларча ириллаётгандай туюлди. Худо билади, хонамга бу ваҳимали меҳмон қаердан бостириб келган, бирдан вужудимни муз қоплади, абажурининг тепаси куйган, яшил қоғоз остида хира ёритган чироқ алангаси липиллай бошлади.
Мен ғалати, тушуниб бўлмайдиган хавотирга тушдим. Мана, ўйга чўмдим мен, жимжит ва серёғин қиш кечасида эскириб тўзган уйда, ўрмон ва қор уюмлари орасида қолган қишлоқда, шаҳар турмушидан, жамиятдан, аёл кулгисидан, инсоний мулоқотлардан юзлаб чақирим йироқда ўтирибман. Шунда ана шу серёғин оқшом назаримда йиллаб ва ҳатто ўн йиллаб давом этадигандай, то куним битмагунча чўзилиб кетадигандай туюлди ва худди шундай дераза ортида шамол увиллайди, худди шундай фақирона яшил қоғоз абажур остида чироқ хира нур сочади, худди шундай хонам бўйлаб дам ортга, дам олдинга юриб тураман, худди шундай печь ёнида индамас, кўзини бир нуқтага тикканича Ярмола ўтиради – ғалати, менга ёт жонзот, ёруғ оламдаги бари нарсаларга бефарқ одам ўтиради: шунинг учун ўтирадики, унинг уйида, рўзғорида ейишга ҳеч нимаси йўқ, менинг маънисиз, тушунарсиз, ич-ичимни кемирган зерикиш, ҳасратимга шоҳид бўлиб ўтиради.
Кутилмаганда ана шу кишини толиқтирувчи сукутни инсонникига ўхшаш бирор овоз билан бузишга ўзимда чидаб бўлмас истак сездим ва Ярмоладан сўрадим:
– Бугун бунақа шамол қаёқдан эсди, Ярмола?
– Шамолми? – эринчоқлик билан бошини кўтариб овоз берди Ярмола. – Буни наҳотки панич билмаса?
– Албатта, билмайман-да. Мен қаердан биламан?
– Ростдан ҳам билмайсизми? – бирдан жонланди Ярмола. – Бунисини мен сизга айтаман, – сўзида давом этди овозида сирли оҳанг билан, – буни мен сизга айтай: ўша алвасти хотин болалади, ўша жин ўйин-кулги қиляпти.
– Алвасти хотин деганинг, сизнингча, жодугар аёлми?
– Ҳа-а, шундай, жодугар.
Мен қизиққандан-қизиқиб Ярмолага тикилдим. “Ким билади, – ўйладим мен, – эҳтимол ундан сеҳргарликка, кўмилган хазина, вовкулакларга алоқадор бирор-бир қизиқарли ривоятни билиб олишнинг эвини қиларман…”
– Хўш, бу ерда, Полесьеда жодугарлар борми? – сўрадим мен.
– Қайдам… Бўлса бордир, – Ярмола жавоб бераркан, боягидай лоқайдлик билан яна печкага эгилди. – Қариялар, қачонлардир бўлган, дейди… Балки бу гап нотўғридир…
Бир онда ҳафсалам пир бўлди. Ярмоланинг табиатига хос бўлган жиҳат унинг камгаплиги эди, мен ундан ортиқ бирор қизиқарли гап оламан, деб умид ҳам қилмай қўйдим. Лекин у баногоҳ одамни ҳайрон қолдириб, гўё менга эмас, гуриллаб турган печкага қарата эриниб, лоқайд гап бошлаб қолди:
– Беш йил илгари бу ерда шундай алвасти бўларди… Фақат йигитлар уни қишлоқдан қувиб чиқардилар!
– Қаерга ҳайдадилар?
– Қаёққа?.. Ўрмонга-да… Яна қаёққа бўларди? Ўша лаънати уясидан битта пайраҳаям қолмасин деб кулбасиниям бузиб ташладилар… Алвастини ўзини бўлса қишлоқдан чиқариб юбордилар бўйнига тамға осиб.
– Нега уни бундай қилишди?
– Алвастини зарари кўп бўлди. Уйлар остига заҳарли ўт дамламасини сепиб чиқди, чилвир ўради… Алвасти бир марта қишлоқдаги бир жувондан злота (ўн беш тийин) сўрабди. У алвастига: “Менинг злотам йўқ, бор, жўна”, дебди. “Энди яхшиликча, дебди алвасти, менга нима учун ва қандай қилиб злота бермаганингни эслаб қол…” Панич, нима деб ўйлайсиз, ўшандан бери жувоннинг боласи оғриди. Оғриди, оғриди, кейин тамом ўлиб қолди. Ўшанда-да, йигитлар алвастини қувиб юбордилар, унинг кўзлари ўйилиб тушсин…
– Ҳозир ўша алвасти хотин қаерда бўлиши мумкин? – сўрадим мен қизиқиб қолиб.
– Алвастими? – одатича имиллаб қайта сўради Ярмола. – Биламанми?
– Наҳотки, унинг қишлоқда ҳеч кими қолмаган бўлса?
– Йўқ, қолмаган. У бизларга ёт, бир юлғич уруғданми ё лўлиларданми эди… Алвасти қишлоғимизга келганида мен ёш йигитча эдим. Ёнида бир қизча бор эди: қизими ё неварасими… Икковиниям ҳайдаб чиқардилар…
– Энди наҳотки унинг олдига ҳеч ким бормаса: фол очдиргани ёки бўлмаса, бирор дамлама сўраб?
– Хотинлар бориб юради, – деб қолди парвосизлик билан Ярмола.
– Оҳо! Демак, барибир унинг қаерда туриши маълум экан-да, хўш, у қаерда яшайди?
– Билмайман мен… Одамлар, Бисов Кутга яқин қайдадир яшайди, деб айтади… Ботқоқни биласизми, Иринов шляхининг (катта йўл) нариги томонида. Шунақа, у ўша ёқдаги ботқоқда, ўтиради-да, онасини эмсин.
“Жодугар хотин мен турган уйдан, узоғи билан, ўн чақиримларча нарида яшайди… ҳақиқий, тирик, Полесье алвастиси!” Бу фикр мени бир зумда қизиқтириб қўйди ва тўлқинлантириб юборди.
– Менга қара, Ярмола, – дея ўрмон қоровулига юзландим, – мен у билан, ўша жодугар аёл билан қандай учрашсам бўларкин?
– Туф-э! – тупурди Ярмола аччиқланиб. – Топган гапингизни қаранг-а, яхшими шу?
– Яхшими-ёмонми, барибир мен унинг олдига бораман. Фақат кун бир оз исисин, шу заҳотиёқ йўлга чиқаман. Менга ҳамроҳ бўларсан, албатта?
Менинг охирги айтган гапларим Ярмолани шундай эсанкиратиб қўйдики, ҳаттоки ўтирган жойидан сапчиб туриб кетди.
– Мен-а?! – хитоб қилди у қаҳр билан. – Ҳеч қачон! Худо билади, сизни қандай кулфатларга йўлиқтиради, мен бормайман.
– Аҳмоқликни бас қил, борасан.
– Йўқ, панич, бормайман… ўлиб қолсам ҳам бормайман… Мен-а?! – у ҳайқирди янада қаҳр-ғазабга тўлиб. – Мен энди ўша алвасти уясига борайми? Худо сақласин! Сизгаям маслаҳат бермайман, панич.
– Ўзинг биласан… мен барибир бораман. Мен уни кўришга жуда қизиқяпман.
– Қизиқадиган ҳеч бир жойи йўқ, – тўнғиллади Ярмола печь эшикчасини тарақлатиб ёпиб.
Орадан бир соатларча ўтди, у самоварни олиб кетди, қоронғи даҳлизда чойини ичиб, уйига отланаркан, мен ундан сўрадим:
– Ўша жодугарнинг оти нима?
– Мануйлиха, – деб жавоб берди Ярмола қўполлик билан хушламасдан.
У, гарчанд ҳеч қачон кўнглидаги туйғуларини ошкор қилмаган бўлса-да, афтидан, менга қаттиқ боғланиб қолганди; бизнинг овга бўлган умум ҳавас-у иштиёқимизга, камтарона муомала қилишимга, доимо очин-тўқин яшайдиган оиласига аҳён-аҳёнда кўрсатадиган ёрдамимга, асосийси, Ярмола сира чидолмайдигани, бутун дунёда биргина мен унинг пиянисталигини юзига солиб, таъна қилмаслигимга ўрганиб қолганди. Шу туфайли ҳам менинг жодугар хотин билан танишиш ҳақидаги қарорим унинг кайфиятини бузиб, жуда ёмон аҳволга солиб қўйганди, у буни фақат қаттиқ пишиллаб ифода этди, эшик олдига чиққач, жон-жаҳди билан ити – Рябчикнинг биқинига бир тепди. Рябчик дабдурустдан довдираб қолди, ангиллаб юборди ва ирғиб, ўзини бир чеккага отди, лекин шу заҳоти акиллаганча Ярмоланинг изидан эргашди.

III

Орадан уч кун ўтди, ҳаво ҳам исиб қолди. Бир куни саҳармардонда Ярмола хонамга кириб келди-да, совуққонлик билан шундай деди:
– Милтиқни тозалаш керак, панич.
– Нима? – сўрадим мен адёл остида керишиб.
– Қуён тунда роса кезиб юрипти: излар кўп. Балки овга чиқармиз?
Мен Ярмоланинг ўрмонга боришга сабри чидаёлмаётганини кўрдим, лекин у кўнглидаги ана шу овчиларга хос сабрсиз иштиёқини сохта лоқайдлик остига яширарди. Ҳақиқатан, даҳлизда унинг бир оғизли милтиғи турарди, гарчанд занг ва порох гази илма-тешик қилиб кемирган қувур оғзи теварагига қалайдан ямоқ солиниб, безалганига қарамай, бу милтиқдан ҳали бирорта ҳам лойхўрак қочиб қутулмаганди.
Биз эндигина ўрмонга етиб келганимизни биламиз, шу заҳоти қуён изига йўлиқдик: иккита панжа ёнма-ён ва иккитаси орқада, бирининг кетидан иккинчиси турарди. Қуён йўлга чиққан, икки юз саржин юрган-да, сўнг йўлдан ёш қарағайзорга катта-катта сакраб ўтиб кетган.
– Энди уни айланиб ўтамиз, – деди Ярмола. – Анув қозиқ белги берди, ҳозир шу ерда ётади. Сиз, панич, бораверинг… – У мени қайси томонга йўллаш учун фақат ўзигагина маълум аломатларни мушоҳада қилди. – Сиз эски қовоқхонагача бораверинг. Мен Замлиндан унинг йўлини кесиб ўтаман. Ит қуённи қувиб етганида, сизга калта-калта овоз бераман.
У шу заҳоти ғойиб бўлди, чамаси, қуюқ чакалакзорга шўнғиб кириб кетди. Мен диққат билан қулоқ солдим. Ярмола браконьерларга хос юришида қилт этган овоз чиқармади, чипта кавуш кийган оёқлари бирор бутоқчани “қирс” этиб синдирмади.
Мен шошмасдан эски қовоқхонагача – кимсасиз, харобага айланган кулбагача келдим, игнабаргли ўрмон ёқасига бориб, тикка яланғоч танали баланд қарағай остида турдим. Атрофда тошдай сукунат ҳукм сурарди, шамолсиз кун қиш пайти фақат ўрмонгина шундай жимжит бўлади. Дарахтлар шохларида осилиб қолган қалин қор парчалари бутоқларни пастга тортиб эгарди, бу билан уларга мўъжизавор, ҳашамдор ва совуқ манзара бағишларди. Вақт-вақти билан тепадан ингичка новдача узилиб тушар ва фавқулодда ерга тушаркан, унинг бошқа новдаларга урилиб чирсиллаган овози аниқ-тиниқ эшитиларди. Қор қуёш нурлари остида пуштиранг бўлиб товланар, сояда эса кўкиш тусга кирарди. Атрофни ана шу тантанавор, совуқ табиат сукутининг осойишта жозибаси чулғаб олганди ва назаримда вақт аста ва сассизгина менинг шундоқ ёнимдан ўтиб кетаётганини ҳис қилдим…
Бирдан олисдан, нақ чакалакзордан Рябчикнинг вовуллаши – жонивор ортидан қувиб бораётган итга хос ҳуриш: ингичка, жарангдор ва ангиллаган асабий овоз таралди. Мен шу он ит изидан дарғазаб Ярмоланинг қичқирганини ҳам эшитдим: “Ўл – дир! Ўл – дир!”, биринчи бўғин ўткир, чўзиқ фальцет – жуда баланд овозда, иккинчиси эса – узуқ-узуқ бас товуш нотасида айтилди (мен буни орадан кўп вақтлар ўтгач, Полесье овчиларининг ҳайқириғи “ўлдирмоқ” феълидан келиб чиққанини суриштириб билиб олдим).
Назаримда, вовуллаш овози йўналишига кўра ит чап томонимда қувиб бораётганга ўхшади, мен шунда ҳайвонни тутиб қолмоқчи бўлиб, шоша-пиша ўрмон орасидаги ялангликдан чопдим. Аммо уни тутишга улгуролмай қолдим ва йигирма қадамлар қолганда каттакон кулранг қуён кунда ёнидан лип этиб сакради-да, чиқиб кетди, худди шошмаётгандай, узун қулоқларини орқага ташлаганча, баланд-баланд, аҳён-аҳёнда сакраб-сакраб йўлдан югуриб, кесиб ўтди ва ўрмонга кириб ғойиб бўлди. Қуён изидан Рябчик шитоб билан учиб келди. Ит мени кўриб, думини ожизларча силкиди, шошилиб тишлари билан қор тишлади-да, яна қуённи қува кетди.
Тўсатдан Ярмола худди шундай овоз чиқармай чакалакзордан чиқиб келди.
– Нима бўлди, панич, йўлда қуённи тутиб қололмадингизми? – дея қичқирди у таъна билан тилини тақиллатиб.
– Ора узоқ бўлди-да… икки юз қадамдан кўп.
Ярмола менинг хижолат бўлганимни кўриб, юмшади.
– Ҳечқиси йўқ… қуён биздан қочиб қутулолмайди. Иринов шляхига қараб бораверинг, ҳозир у ўша ёқдан чиқиб келади.
Мен Иринов йўли томонга жўнадим ва орадан икки дақиқалар ўтгач, ит қуённи қаердадир менга яқин қувиб келаётганини эшитдим. Овчилик ҳаяжони вужудимни қамраб олди, милтиқни қия тутганимча қуюқ чангалзорлар орасидан бетларимга буталар қаттиқ урилиб озор беришига парво ҳам қилмай, шох-бутоқларни синдириб югурдим. Мен узоқ югурдим ва нафасим тиқилиб қолди, шунда бирдан ит вовуллаши тиниб қолди. Йўлимда индамай кетавердим. Агарда тўғрига юрадиган бўлсам, Иринов йўлида Ярмола билан тез орада учрашишимга амин эдим, югурган вақтим буталарни эгиб, тўнкалардан ўтдим, энди йўлни умуман ўйламай қўйдим, шу туфайли адашиб қолдим. Шунда мен “Ярмола!”– деб чақира бошладим. У овоз бермади.
Шу аснода мен ўйламасдан кетавердим, ўрмон аста-секин сийраклашиб борди, тупроқ тўкилиб тушиб, йўл ўйдим-чуқур бўлиб борди. Қорда оёғим қолдирган из бирпасда қорайиб, сувга тўлиб қолди. Неча марта тиззам билан қоқилиб йиқилдим. Мен у дўнгликдан бу дўнгликка ҳатлаб ўтдим; оёқларимни танакор мох, йўсин қопланган жойларда худди майин гиламни босгандай босгандим, ботиб қолди.
Бутазор тезда тугаб қолдди. Қаршимда қор қопланган катта юмалоқ ботқоқлик пайдо бўлди, оппоқ қор пардаси узра у ер-бу ерда дўнгликлар диккайиб кўриниб турарди. Ботқоқлик поёни, қарама-қарши тарафда дарахтлар орасида қандайдир кулбанинг оқ деворлари кўзга ташланди. “Балки бу ерда Иринов ўрмони қоровули яшар, – хаёл қилдим мен. – Бориб, ундан йўлни суриштирсаммикин”.
Бироқ кулбагача етиш унчалик осон эмасди. Юраман десам, ҳар қадамда ботқоққа ботиб қолавердим. Этигимнинг ичи сувга тўлди ва шундай шалоп-шалоп қилиб юришнинг ўзи бўлмади.
Ниҳоят, мен ботқоқликдан бир амаллаб ўтиб олдим, кичкина бир дўнгликка чиқдим, энди ўша кулбани яхшилаб кўриб олишим мумкин эди. Бу ҳаттоки кулба ҳам эмас, айнан эртакларда тасвирланмиш ялмоғиз кампирнинг уйчаси эди. Кулба ерга тегмай турарди, чунки қозиқоёқларга ўрнатиб қурилганди, эҳтимол баҳор пайтлари бутун Иринов ўрмонини босиб кетадиган сув тошқинлари сабабли уй шундай солингандир. Бироқ уйчанинг бир томони чўкиб қолган бўлиб, бу унга аллақандай оқсоқлик ва қайғули тус бериб турарди. Деразаларнинг бир нечта кўзи ойнасиз, уларга аллақандай увада латталар илинган бўлиб, ташқаридан дўппайиб чиқиб турарди.
Мен сурма зулфинни кўтариб, эшикни очдим. Уй ичи зим-зиё эди, қорда узоқ юрганимданми, кўз олдимда сиёҳранг ҳалқачалар пайдо бўлди, шу боис, ичкарида биров бор-йўқлигини пайқамадим.
– Эй, яхши одамлар, уйда биров борми? – сўрадим мен баланд овозда.
Печка атрофида нималардир ғимир-ғимир қила бошлади. Мен яқинроқ келиб, ерда ўтирган бир кампирни кўрдим. Олдида бир дунё товуқ пати. Кампир ҳар битта патнинг тукини юлиб, олдидаги саватга қўяр, чўпини эса ерга ташларди.
“Ҳа, ахир, бу – Мануйлиха, Иринов алвастиси-ку”, – миямга шу фикр келиб урилди, мен кампирга эътибор билан тикилдим. Халқ эртак-достонларида тасвирлангани каби унинг бутун турқи таровати ялмоғиз кампирнинг айни ўзиман деб турарди: қоқ чакаклари, ичига кириб кетган учли, узун, қурушқоқ ияги, эгик бурни; тишсиз оғзи тайин ниманидир кавшанаётгандай бетиним қимирлаб турарди, ранги ўчган, қачонлардир мовийранг бўлган кўзлари, совуқ, шишган, калта қип-қизил қовоқлари остида худди ғаройиб ваҳимали, шум қушга ўхшаб боқарди.
– Яхшимисиз, момо! – дедим мен имкон қадар хушмуомалалик билан. – Сиз Мануйлихасиз-ку, шундай дейишади, тўғрими?
Жавобан кампирнинг кўкрагида нимадир қулдиради, хириллади; сўнгра тишсиз, кавшанган оғзидан дам нафаси қайтган қари қарғанинг қағиллашига, дам вишиллаган, узуқ-юлуқ чинқириққа ўхшаш ғалати овозлар отилиб чиқди:
– Балки илгари яхши одамлар Мануйлиха деб атаган бўлишлари мумкин… Ҳозир бўлса, оти ёмон ойпора, тевараги қоп-қора. Сенга нима керак ўзи? – сўради у рўйхушлик бермасдан ва қилаётган ишидан тўхтамасдан.
– Кўрмайсизми, момо, адашиб қолдим. Балки уйингизда сут топилар?
– Сут йўқ, – жаҳл билан гапни кесди кампир. – Ўрмонда юрувчилар кўп бўлса… Ҳаммасини ичириб бўладими, едириб бўладими?
– Моможон, жуда одамови чиқиб қолдингиз-ку.
– Тўғри, отагинам: шунақаман. Сизларга анвойи ноз-неъматлар ҳозирлаб қўймаганмиз. Толиқдингми – ўтир, сени ҳеч ким уйимдан ҳайдаб чиқармайди. Бир мақол бор, маъносини биласанми: “Супамизга келинг ўтиргани, базмимиз садосини эшитгани, биз сизникида қандай зиёфат ейишни ўзимиз биламиз”. Ана шунақа…
Мен сўзлаш йўсинидан кампирнинг чиндан ҳам бу ўлкага келгинди эканига ишонч ҳосил қилдим; бу ерда сўзамол шимоллик киши сўзлаганидай, териб-териб атайин нутқини мақтаниб, ўткир, ноёб иборалар, ақлли сўзлар билан безаб гапиришни ёқтирмайдилар. Шу аснода кампир қўли ишда, ҳамон димоғида бир-бирига сира алоқаси йўқ нималарнидир минғирларди: “Мана сенга Мануйлиха момо… Кимсан ўзинг – аллаким, тайинсиз… Яшар ёшим ёш эмас… Оёқларим питир-питир, чиғир-чиғир, тоза зағизғон…”
Мен бир неча муддат индамай тинглаб ўтирдим, бирдан кўнглимга қаршимда жинни хотин турибди, деган гап келди-ю, бу менда аянчли қўрқув ҳисссини уйғотди.
Бу орада теварагимни кўздан кечириб чиқишга улгурдим. Уйчанинг аксар қисмини чеккалари нураб тушган печь эгаллаганди. Олд томондаги бурчакка икона илиб қўйилмаганди. Деворларда яшил мўйловли ва сиёҳранг ит етаклаган оддий овчилар ва бирор киши танимайдиган генераллар портретлари ўрнига бир боғ қуритилган ўт-гиёҳ, қуруқ илдиз-томирлар шодаси ва ошхона идиш-товоқлари осиғлиқ эди. Бу ерда на бойқуш, на қора мушук борлигини пайқадим, бироқ печдан бир жуфт йирик, олашақшақ менга таажжуб ва ишончсиз кепатада қараб турарди.
– Моможон, ақалли сувингиздан ичсам бўладими? – дея сўрадим овозимни кўтариб.
– Ана, ичавер, – бош ирғади кампир кадкани, ёни тик ёғоч бўчкани кўрсатиб.
Сувдан ботқоқ ҳиди келиб турарди. Мен кампирга миннатдорлик билдирдим (у бунга заррача ҳам аҳамият бергани йўқ), кейин ундан, катта йўлга қандай чиқаман, деб сўрадим.
Кампир бирдан бошини кўтарди, қушникига ўхшаш кўзлари билан менга бошдан-оёқ совуқ назар солиб чиқди ва шоша-пиша тўнғиллади:
– Бор, боравер… Бор, балли, йўлингдан қолма. Бу ерда қиладиган ишинг йўқ сенинг. Меҳмон деган қуруқ қўл билан келадими… Бор, отагинам, кетавер…
Чиндан ҳам менинг кетишдан бошқа ишим қолмаганди. Бироқ бирдан кўнглимга бу баджаҳл кампирни бироз бўлса-да, юмшатиш учун сўнгги усулни қўллаш фикри келиб қолди. Мен киссамдан яп-янги йигирма беш тийинлик кумуш танга чиқариб, унга узатдим. Янглишмабман: кампиршо пулни кўриб, ғимирлаб қолди, кўзлари янада каттароқ очилди ва у чангак бўлиб кетган, ғадир-будур, титроқ бармоқлари билан танга томон узалди.
– Э, йўқ, Мануйлиха момо, бекорга бериб бўпман, – дедим унинг жиғига тегиб, тангани опқочарканман. – Қани, фол кўриб қўйинг-чи.
Алвастининг қизғиш, ажин босган юзи норози бўлиб буришди. У, афтидан, танга қисилган муштимга иккиланиб ва қатъиятсизлик билан қаради. Бироқ унинг очкўзлиги устун келди.
– Қани, қани, ке бу ёққа, – у аранг ердан тураркан, тамшанди. – Ҳеч кимга фол очмай қўйганман, ўғлим. Эсимдан чиқиб кетган… Қаридим, кўзларим кўрмайди… Майли, фақат сен учун кўриб бераман.
У деворни ушлаганча, ҳар бир қадамда қалтираб, бутун гавдаси билан букчайганча столга яқин келди, вақтлар ўтиши билан шишиб, эскирган кулранг бир даста қарта олди, уларни чийлади-да, мен томон сурди.
– Қани сур-чи … Чап қўлинг билан сур… Чин дилдан…
Бармоқларини туфлаб-туфлаб, у аввал қарталарни ёйиб чиқди. Қарталар худди хамир зувалалар тушаётганда “пўп-пўп” дея овоз чиқаргани каби столга тўкила бошлади ва тўғри саккиз юлдузга жойланиб чиқди. Сўнгги қарта расмидаги кўйлак қирол устига тушган маҳал Мануйлиха менга қўлини узатди.
– Ҳақини бериб қўй, сахий тўрам… Бахтли бўласан, бой бўласан, бадавлат бўласан… – ашула қилиб айтди у гадойларга ўхшаб соф лўлича оҳангда.
Мен унга тайёрлаб қўйган тангамни бердим. Кампир худди маймунлардай эпчиллик билан тангани дарров юзини буриб, яширди.
– Сенга олис йўлдан катта талаб чиқяпти, – у одатий тез айтиш тарзида гап бошлаб. – Ғиштин мотка билан учрашув ва катта уйда қандайдир кўнгилли суҳбат бўлади. Тез орада чиллик қиролдан кутилмаганда хабар оласан. Бошингга ҳар хил ташвишлар тушади, сўнг яна қайдандир унча кўп бўлмаган пуллар келади. Зўр улфатчиликка борасан, маст бўласан… Қаттиқ маст бўлмайсан, барибир ичкилик сенга бориб тақалади. Агар олтмиш еттига кириб ўлмасанг, унда…
У бирдан тўхтаб қолди, аниқ бир нимани тинглагандай бошини кўтарди. Мен ҳам сергак тортдим. Қандайдир аёл овози, тоза, жарангдор ва таъсирли овоз кулбага яқинлашиб куйлаб келмоқда эди. Мен ҳам гўзал малорус қўшиғининг сўзларини танидим:

Ой чи цвит, чи не цвит,
Калиноньку ломит.
Ой чи сон, чи не сон
Головоньку клонит.

– Қани, тур, энди боравер, лочиним, – деди кампир хавотирли овозда безовта бўлиб, мени қўли билан столдан четлаштираркан. – Бегоналарникида сандироқлашни бас қил, хўпми? Бор, йўлингдан қолма…
Кампир ҳаттоки курткам енгларидан ушлаб олиб, эшик томон судради. Башарасида қандайдир йиртқичларча безовталик акс этди.
Қўшиқ куйлаган овоз бирдан кулбага жуда яқин келиб узилди, темир сурма зулфин жаранглаб очилди ва тез очилган эшик ёриғида бўйчан, кулиб турган қиз кўринди. Қиз иккала қўллари билан йўл-йўл пешбандини авайлаб ушлаб олган эди, ундан қип-қизил бўйинли ва қоп-қора чиройли кўзчали учта митти бошчалар мўралаб турарди.
– Бунга қаранг, бувижон, қизилтўшлар орқамдан эргашдилар, – дея хитоб қилди қиз баланд овозда кулиб. – Қаранг, қандай кулгили… Жуда очиққан. Аксига олиб, ёнимда нон ҳам йўқ экан.
Бироқ қизнинг кўзи менга тушди, тўсатдан жим бўлиб қолди ва ёноқлари ловуллаб ёнди. Қизнинг ингичка қора қошлари норизо чимирилди, кўзлари кампирга савол назари билан қаради.
– Мана, тўрам келган экан… Йўлни суриштириб турувди, – тушунтирди кампир. – Қани, отагинам, – кампир қатъият билан менга ўгирилди, – салқинлаганинг етар. Сувниям ичдинг, гаплашдинг, энди ҳаққинг қолмади, уят-да энди. Биз сенинг улфатингмасмиз…
– Менга қара, яхши қиз, – дедим қизга юзланиб. – Менга Ириновга чиқадиган йўлни кўрсатиб юборолмайсанми, бўлмаса, юз йил ўтсаям, ана шу ботқоғингиздан чиқиб кетолмайман.
Менинг майинлик билан, илтимос қилиб айтган сўзларим қизга таъсир қилган бўлса бордир. Қиз олиб келган қизилтўш қушларини олашақшақлар ёнига, печга авайлаб қўйди, ечган калта свиткаси – кенг кўйлагини харракка ташлади-да, индамай уйдан чиқди.
Мен унинг кетидан эргашдим.
– Сенинг ҳамма қушларинг қўлга ўргатилганми? – сўрадим мен қизни қувиб етарканман.
– Қўлга ўргатилган, – жавоб берди қиз қисқа қилиб ва ҳатто менга қарамасдан. – Мана, қаранг, – деди у четан девор олдида тўхтаб. – Анави сўқмоқни кўряпсизми, ана, ана, қарағайлар ўртасидан ўтган? Кўряпсизми?
– Кўряпман…
– Ўша сўмоқдан тўғрига кетаверинг. Эман кундасигача борасиз-да, кейин чапга қайриласиз. Шундай тўғрига қараб кетаверасиз, ўрмон, ҳа, ўрмон ичидан юринг. Ана, кейин йўлингиздан Иринов шляхи чиқади.
Қиз ўнг қўлини чўзиб, йўлга қандай чиқишни кўрсатаётган маҳал, мен беихтиёр унга маҳлиё бўлиб қараб қолдим. У туб ерлик, юзини хунукдан-хунук қилиб пешонаси, кейин оғзи ва иякларини яшириб ўраб олган “дивчина”, яъни “қизгина”ларга сира ўхшамасди, ўша қизгиналарнинг қиёфаси ҳамиша бир хилда қўрқувни ифодалаб турарди. Менга нотаниш йигирма-йигирма беш ёшлар атрофидаги баланд бўйли қорамағиз бу қиз қаддини енгил ва тик тутарди. Кенг, оппоқ кўйлаги қоматида тўкилиб, ёш қизнинг бўлиқ кўксини чиройли чирмаб турарди. Қизнинг ўзига хос гўзал чеҳрасини бир марта кўрсанг унутолмайсан, бироқ янада қийини, бунга ҳатто қараб туриб ҳам уни тасвифлаб бериш бўлса керак. Бу чеҳра жозибаси ана шу катта, порлаб турган қоп-қора кўзларида эди, ингичка қошлари узуқлиги билинар-билинмас қувлик, шаддодлик ва соддалик ифодасини акс эттириб турарди; юзининг қорача-пушти ранги, лабларининг қайсарона нафис эгиклиги, айниқса, пастки лаби қатъият ва ноз-истиғноли кўриниши билан ажралиб турарди.
– Наҳотки, шундай чекка, овлоқ жойда ўзларингиз ёлғиз яшашга қўрқмасанглар? – сўрадим мен деворга етгач, тўхтаб.
Қиз беписандлик билан кифтларини қисди.
– Нега қўрқишимиз керак экан? Бу ерга бўрилар келмайди.
– Фақат бўриларми… Қор босиши, тўсатдан ёнғин чиқиб қолиши мумкин… Нималар бўлмайди. Бу ерда ўзларингиз ёлғиз яшасанглар, ҳеч ким ёрдам беролмайди.
– Худога шукур! – қиз қўлини эътиборсиз силкиди. – Бизни бувим билан умуман тинч қўйсалар бўлди, шундай қилишса, яхши бўларди, аммо…
– Нима аммо?
– Кўп билсангиз, тез қарийсиз, – деди у кесиб. – Сиз ўзингиз ким бўласиз? – сўради қиз хавотир билан.
Мен, эҳтимол, кампир ҳам, ана шу соҳибжамол қиз ҳам уларни “тутувчилар” томонидан бирор-бир сиқув бўлишидан қўрқаётгандирлар, деб тахмин қилдим ва уни тинчлантиришга уриндим:
– О! Илтимос, хавотир олма. Мен урядник ҳам, котиб ҳам, акциз солиқчиси ҳам, қисқаси, катталардан ҳеч бири эмасман.
– Сиз чин гапиряпсизми?
– Сенга сўз бериб айтишим мумкин, тўғри. Худо ҳаққи, мен ҳеч нарсаларга алоқаси йўқ, энг четдаги, бегона одамман. Мен шунчаки бу ерларга бир неча ҳафтага меҳмон бўлиб келганман, холос, сўнг кетаман. Агар истасанг, мен ҳаттоки бу ерга келганимни, сизларни кўрганимни ҳеч кимга айтмайман. Сен менга ишонасанми?
Қизнинг чеҳраси сал ёришди.
– Хўп, демак, сиз алдамаётган, тўғри гапираётган экансиз. Бўлмаса, айтинг-чи, сиз илгари биз ҳақимизда эшитганмидингиз ёки ўзингиз келиб қолдингизми?
– Ҳозир сенга нима дейишниям билмайман… Эшитишга-ку эшитгандим, айтайлик, ҳатто сизларникига йўл-йўлакай шунчаки кириб ўтмоқчиям бўлганман, бугун эса тасодифан келиб турибман – адашиб қолдим… Қани, энди айт-чи, сизлар нега одамлардан шунчалик қўрқасизлар? Улар сизларга бирор ёмонлик қилганми?
Қиз менга синовчан ишончсизлик билан тикилди. Бироқ виждоним тоза эди, мен киприк қоқмай унинг ана шу синовчан нигоҳига чидаб турдим. Шунда у тобора ҳаяжони ортиб сўз бошлади:
– Улардан ёмонлик кўряпмиз… Оддий одамлар ҳеч нима қилмайди, катталар бўлса… Урядник келади – ташиб кетади, миршаббоши келади – ташиб кетади. Илгаригидай эмасмиз, нимамизниям оларди, бувимни ҳақорат қилади; сен, дейди, алвастисан, муғамбир, дўзахисан, дейди… Эҳ! Нимасини айтай!
– Сенга тегмайдиларми ишқилиб? – оғзимдан эҳтиётсиз савол отилиб чиқди.
Қиз ўзига ишонч ва кибр билан бошимдан оёғимгача назар солиб чиқди, унинг қисилган кўзларида ёвуз бир тантана пайдо бўлди…
– Тегмайдилар… Бир ер ўлчовчи менга тегишувди… Қаранг-а, эркалагиси кепқопти… Шундай бўлишиям керак эди, мен уни шундай эркалаб қўйдимки, то ҳанузгача эсидан чиқармаса керак.
Ана шу истеҳзоли, лекин ўзгача, мағрурона айтилган сўзларда шунчалар дағал эрк, ҳурлик янградики, кўнглимга беихтиёр шундай ўй келди: “Беҳуда мана шу Полесье қарағайзор ўрмонида катта бўлмагансан, – ҳақиқатан сен билан ҳазиллашиш хатарли.”
– Ахир, бизнинг бирор одамга зараримиз тегмаса, – сўзида давом этди у менга янада ишонч билан қараб. – Бизга, аслида, одамларнинг керагиям йўқ. Йилига бир марта қишлоққа совун билан тузга тушсам… Ҳа, яна бувимга чой олгани, бувим чойхўр. Ҳеч кимни кўрмасам.
– Мана, кўряпман, бувинг билан сен одамларга унчалик рўйхушлик бермас экансизлар… Бирор кун сизларникига бирпасга келсам бўладими?
Қиз кулиб юборди, қизиқ, кутилмаганда унинг гўзал юзи ўзгариб кетди! Бу юзда бояги жиддийликдан из ҳам қолмади: чеҳраси бирдан ёришди, уялиб, болаларникидай беғубор тус олди.
– Бизникида нимаям қилардингиз? Бувим билан мен зерикарли одамлармиз… Майли, келсангиз келаверинг, яхши одамга ўхшайсиз. Фақат бир нарса, агар бизникига келадиган бўлсангиз, яхшиси, ёнингизда милтиғингиз бўлмагани маъқул…
– Қўрқасанми?
– Нимадан қўрқаман? Мен ҳеч нимадан қўрқмайман. – Яна қизнинг овозида ўз кучига ишонч оҳанги янгради. – Фақат мен буни ёқтирмайман. Қушчаларни ёки манави қуёнларни отиб ўлдиришнинг нима кераги бор? Жониворларнинг ҳеч кимга ёмонлиги бўлмаса, уларнинг ҳам худди бизларга ўхшаб яшагилари келади. Мен уларни яхши кўраман: ахир, улар жимитдай, шундай тентаккина… Майли, хайр бўлмаса, – шошилди қиз, – отингиз нима, билмайман… Бувим койийдими, деб қўрқяпман.
У бошини эгиб, шамолда силкинган сочларини қўллари билан тутганича кулба томон қушдай учди.
– Тўхта, тўхта! – деб қичқирдим мен. – Исминг нима? Дурустроқ танишмадик ҳам.
Қиз бир онга тўхтаб, менга ўгирилди.
– Исмим Алёна… Бу ердагича айтсак – Олеся.
Елкамга милтиғимни ташлаб, кўрсатилган йўналиш бўйича йўл солдим. Мен торгина, аранг кўзга кўринарли ўрмон сўқмоғи бошланадиган мўъжазгина дўнгликка чиқиб, ортимга ўгирилиб қарадим. Олесянинг шамолда аста тебранган қизил юбкаси ҳамон кулбанинг соябонли пиллапоясида кўзга ташланиб турар, қорнинг кўзни қамаштирувчи бир текис оппоқлигида ёруғ доғга ўхшаб кетарди.
Орадан бир соатлар ўтгач, мендан кейин уйга Ярмола келди. Бекорчи гапларни хушламаслик одатича, Ярмола бир оғиз ҳам мендан қандай ва қаерда адашиб қолганим ҳақида сўрамади. У фақат шунчаки йўлакай гап қистиргандай деди:
– У ёққа… мен қуённи ошхонага қўйиб келдим… қовурамизми ёки бирортасига бериб юборасизми?
– Ярмола, бугун менинг қаерга борганимни биласанми? – дедим мен ўзимча ўрмон қоровулининг қандай таажжубланишини кўз олдимга келтириб.
– Нега билмас эканман? – тўнғиллади Ярмола терслик билан. – Ўша алвастиларникига борганингиз маълум-ку…
– Сен қаердан билдинг?
– Нима учун билмайин? Бир маҳал овоз бермай қўйдингиз, билдим, кейин изингиздан тушдим… Эҳ, пани-ич! – қўшимча қилди у таъна ва ўкинч билан. – Сиз бундай ишлар қилмасангиз яхшийди… Гуноҳ ахир!..

IV

Баҳор бу йил эрта, бирдан кирди ва – ҳамишагидай Полесьега – кутилмаганда келди. Қишлоқ кўчалари бўйлаб жўшқин, ерранг, йўлида дуч келган тошларни жаҳл билан қўзғаб, майда тараша, пайраҳалар ва ғоз патларини шитоб билан айлантирганича ярқироқ жилғалар югуриб оқа бошлади; катта кўлмакларда юмалоқ, худди оппоқ булутлар айланиб, сузиб бораётганга ўхшаш ложувард осмон акс этди; томлардан кетма-кет жарангдор томчилар томди. Чумчуқлар гала-гала бўлиб йўл бўйи оқ толларга ўтириб олганларича шундай баланд ва тўлқинли чириқладиларки, уларнинг чирқ-чирқидан ҳеч нимани эшитиб бўлмай қолди. Ҳамма ёқда ҳаётнинг қувончли, шошқин ҳаяжони кезди.
Жарликлар ва серсоя кичик ўрмонларда, пана-пасқам жойларда қор юмшаб, иркитланиб ва парча-парча бўлганича эрий бошлади. Қор остидан бутун қиш бўйи обдан дам олган ва энди шира-шарбатларга лиммо-лим, янгитдан она бўлишга ҳозир, бўлиқ, яланғоч, ҳўл ва илиқ ер бўй кўрсатди, борлигича намоён бўлди. Қоп-қора далалар узра эриётган ер ҳиди – ҳатто шаҳарда ҳам юзлаб ислар орасидан сеза оларли баҳор нашидаси, майин ва қудратли кишини маст қилувчи исига қоришиқ енгил ҳовур кўтарилди. Назаримда, бу хуш бўй билан бирга қалбимга баҳорий ҳасрат, ширин ва беҳаловат кутиш онлари ҳамда кўнгилнинг номсиз туйғулари билан биргаликда – киши кўзига бари аёлларни яхши кўрсатадиган ва ҳамиша ўтган баҳорлар ҳақида мавҳум афсус-надомат хотираларига тўлиқ шоирона қайғу кириб келди. Оқшомлар илиқ бўлди; кечаларнинг қуюқ намли зим-зиёсида табиатнинг кўз илғамас, пинҳоний ва шошилинч ижодкорлиги сезилди…
Ана шундай баҳор кунлари Олеся тимсоли сира хаёлимдан кетмади. Мен ёлғиз қолиб, тўшакда чўзилганча диққатимни бир жойга яхшироқ жам қилиш ва хаёлимда бетиним қизнинг дам жиддий, дам қув, дам чеҳрасини ёриштириб юборувчи майин табассумини кўз олдимда жонлантириш, поёнсиз кўҳна қарағайзорда тик ва қудратли бўлиб улғаяётган навқирон арчалар сингари унинг навниҳол баданини тасаввур қилиш, кутилмаганда аста, майин оҳангли хуш садоси қулоғимда янграсин, дея кўзларимни юмиб, хаёл суриш кўнгил истагим бўлди. “Унинг бари ҳаракатлари, сўзларида, – ўйга чўмдим мен, – бир гўзаллик (албатта, ана шу ғализ иборанинг энг яхши маъносида), табиийлик, ажиб бир назокат, нафосат мужассам эди…” Шунингдек, мени Олеся томон ундагани – бир томондан қизни ёруғлик мисол ўраб олган сирлилиги бўлса, бошқа томондан афсунгар бувисининг алвасти дея довруқ чиқаргани, уларнинг ботқоқлик аро ўрмондаги турмуши ва менга айтган сўзларида сезилган ўз кучига мағрурона ишонч туйғуси эди.
Ажаб эмас, дея умид билан, ўрмондаги сўқмоқлар бирмунча қуриши биланоқ мен қозиқоёқли кулба томон равона бўлдим. Ҳар эҳтимолга қарши, балки вайсақи кампиршони тинчлантиришга тўғри келса, асқотиб қолар, дея ёнимда ярим қадоқча чой ва бир неча ҳовуч оққанд олволдим.
Мен иккаловини ҳам уйларида кўрдим. Кампир олов гуриллаб ёнаётган печь ёнида куймаланар, Олеся баланд курсида ўтириб олганича зиғирпоя толасини йигирар эди; мен эшикни тақиллатиб, ичкарига кирарканман, қиз ўгирилиб қаради, ип оёқлари остида узилди ва қўлидаги урчуқ ҳам ерга думалаб кетди.
Кампир бир муддат печь иссиғидан юзини буриштирди ва кафтини пана қилиб, менга қаҳр билан тикилди.
– Салом бердик, моможон! – дедим мен баланд, тетик овозда. – Мени танимадинг чоғи? Эсингдами, мен бир ойларча илгари йўл сўраб келганим? Менга фол очгандинг-ку?
– Ҳеч нима эсимда йўқ, отагинам, – кампир бошини норизо силкиганча тамшанди, – ҳа, ҳеч нима эсимда йўқ. Бизникида нимани унутдинг – сира тушунолмаяпман. Нима, биз сенга улфатмизми? Биз оддий, оми одамлар бўлсак… Бизникида нима қиласан? Ўрмон катта, кенг бўлса, борган жойингга боравермайсанми…
Мен бундай илтифотсиз, қўрс муомаладан довдираб қолаёздим, бир онда нима қилишни билмай қолган кишининг аҳмоқона ҳолатига тушдим: кампирнинг шу қадар қўполлигини ҳазилга йўйсаммикин ёки ўзимдан аччиқланишим керакми ёки нима бўлса бўлди, дея бирор оғиз сўз айтмай, шартта ортимга бурилиб кетворсаммикин? Мен беихтиёр иложсизликдан Олесяга ўгирилдим. Олеся енгил истеҳзо билан аста кулди, йигириб ўтирган чархидан туриб, кампирнинг олдига келди.
– Қўрқманг, бувижон, – деди қиз муросасозлик оҳангида, – у ёмон одаммас, бизга ёмонлик қилмайди. Марҳамат, ўтиринг, – деб таклиф қилди қиз менга олд бурчакдаги курсини кўрсатиб, кампирнинг жаврашига ортиқ аҳамият бермасдан.
Мен қизнинг эътиборидан жонландим, сўнг энг қатъий йўлни қўллашга жазм қилдим.
– Жаҳл ҳам эви билан-да, моможон… Меҳмон ҳали остона ҳатламасдан, койишга тушасан. Ахир, мен сенга ҳадя олиб келган бўлсам, сен қара-ю, – дедим мен тўрвамдан тугунчани чиқарарканман.
– Менга ҳеч қандай ҳадя-падянг керакмас, – кампир ғазабланиб, косов билан чўғни тита кетди. – Сиздақа меҳмонларни биламиз. Аввалига бир нима қилиб ичингга кириб олади-да, кейин… Халтангдаги нима? – бирдан менга ўгирилиб сўради кампир.
Мен жон деб унга чой билан қандни тутдим. Бу кампирга таъсир қилди, гарчанд ҳалиям жавраб турган бўлса-да, юмшади, энди вайсаш оҳанги боягидай муросасиз эмасди.
Олеся яна ишига ўтирди, мен, қиз яқинида пастаккина, энсиз, лиқиллаб турган курсичадан жой топдим. Олеся чап қўли билан худди ипак каби зиғирпоянинг титилган оппоқ, майин толасини тез-тез чийратиб йигирар, ўнг қўли эса чархни аста визиллатиб айлантирар, гоҳ ерга тушириб юборар, гоҳ чаққонлик билан илиб оларди-да, бармоқлар эпчил ҳаракат билан яна уни айланишга мажбур қиларди. Бу иш бир қарашда осон бўлиб кўринса-да, аммо моҳиятан улкан, кўп асрлик кўникма ва чаққонликни талаб қиларди, қиз қўллари худди шундай қизғин фаолиятда эди. Мен ихтиёрсиз ана шу қўлларга қарадим: бу қўллар меҳнатдан дағаллашган ва қорайиб кетганди, лекин улар унча катта эмасди ва чиройли кўринарди, бу қўлларга яхши тарбия кўрган хушахлоқ қизларнинг ҳаваси келиши мумкин эди.
– Қаранг, ўшанда сиз менга бувим фол очганини айтмагандингиз, – деди Олеся. Шунда у менинг қўрқа-писа орқамга ўгирилганимни кўриб, қўшиб қўйди: – Ҳеч нима қилмайди, қулоғи пича оғирроқ, эшитмайди. Бувим фақат менинг овозимни яхши ажратади.
– Ҳа, фол кўриб қўйди. Нима эди?
– Ҳеч нима… Шунчаки сўрадим-да… Сиз ишонасизми? – у менга кўз қири зимдан қаради.
– Нима учун бундай деяпсан? Ёки менга бувинг фол кўргани учун сўраяпсанми ёки умуман фолга ишониш-ишонмаслигимни айтяпсанми?
– Йўқ, мен умуман…
– Нима десамикин, фолга ишонмайман, десам тўғрироқ бўлади, лекин барибир ким билади? Айтадилар-ку, ахир, шундай воқеалар ҳам учрайди… Ҳатто илмий китоблардаям бу ҳақда ёзилган. Лекин менга бувинг айтганларига келсак, мутлақо ишонмайман. Истаган қишлоқи хотин шунақа авраши мумкин.
Олеся кулимсиради.
– Ҳа, бу тўғри, бувим энди ёмон фол кўрадиган бўлиб қолган. Қариб ҳам қолди, кейин у жуда қўрқади. Очган қартасида нима деди?
– Қизиқарли жойи йўқ эди. Ҳозир эсимдаям йўқ. Одатдагидай: олис йўл, чиллик қирол… дейдими-ей. Унутибман.
– Шундай, шундай, у яхши фолбин бўлмай қолди. Кексаликми, кўп сўзларни эсидан чиқариб қўяди… Нимаям қилсин? Қўрқади-да. Пулни кўрди дегунча рози бўлади-қолади.
– Нимадан қўрқади?
– Нималардан қўрқиши маълум-ку, ахир – катталардан қўрқади… Урядник келади, дўқ-пўписадан бошқасини билмайди: “Мен, дейди, сени истаган вақтим қамоққа тиқишим мумкин. Биласанми, дейди, сендақа жодугарларга нималар қилинишини? Умрбод каторгага сургун қилинасан, тўғри Сокол оролига жўнайсан”. Сизнингча, алдамайдими ишқилиб?
– Йўқ, у алдашга-ку алдамайди; ҳақиқатан бунга қандайдир жазо белгиланган, лекин бу унчалик қўрқинчлимас. Сен-чи, Олеся, фол очишни биласанми?
Назаримда, қиз ўзини бир оз йўқотиб қўйганга ўхшади, бироқ бу ҳол бир лаҳзада ўтиб кетди.
– Фол кўраман… Фақат пулгамас, – қўшиб қўйди у шошилиб.
– Балки менгаям очиб қўярсан?
– Йўқ, – аста, аммо қатъий жавоб берди у бошини чайқаб.
– Нега? Албатта, ҳозирмас, балки кейинчалик, бирор пайт… Негадир менга ҳақиқатни айтадиганга ўхшаяпсан.
– Йўқ, дедим-ку. Сизга фол кўрмайман. Ҳеч қачон.
– Бу ишинг яхшимас, Олеся. Биринчи танишувимиз ҳаққи, илтимосимни қайтарма… Нима учун кўнмаяпсан?
– Чунки мен сизга қартани ташлаб бўлганман, иккинчи сафар бундай қилиб бўлмайди…
– Нега бўлмайди? Нима учун? Тушунмаяпман.
– Йўқ, йўқ, мумкинмас, мумкинмас… – шивирлади қиз иримчи одам хавотири билан. – Қисматни икки марта синаб бўлмайди… Бўлмайди… У буни билади, эшитиб туради… Қисмат бу ҳақда сўраганларини ёқтирмайди. Шунинг учун ҳам бари фолбинларнинг бахтлари қаро.
Мен Олесяга бирор ҳазил билан жавоб қайтармоқчи бўлдим-у, қайтаролмадим: қизнинг сўзлари самимий ишонч туйғуларига шундай тўлиқ эдики, ҳатто қисматни тилга олган вақти ғалати қўрқинч билан эшикка ўгирилиб қаради, мен ҳам беихтиёр эшикка қайрилиб қарадим.
– Майли, агар менга фол кўришни истамасанг, унда нима чиққанини айт бўлмаса? – сўрадим мен.
Олеся бирдан чархни ташлади-да, қўлини қўлимга қўйди.
– Йўқ… Бундай қилмаганим яхши, – деди у, қизнинг кўзларида болаларча ёлворувчан ифода акс этди. – Илтимос, сўраманг… Яхши чиқмаган… Сўрамаганингиз маъқул.
Бироқ мен гапимда туриб олдим. Мен фарқ қилолмай қолгандим: унинг илтимосимни рад қилиши ва қисматга шубҳали ишоралари бир фолбин ҳийласимикин ёки у ҳақиқатан сўзлаганларига ўзи ишониб қолганмикин, негадир шу тоб ўзимни ноқулай ҳис этдим.
– Яхши, айтсам айта қолай, – ахири рози бўлди Олеся. – Фақат келишиб олайлик, лафзингизда турасиз: агар сизга ёқмаса, жаҳлингиз чиқмайди. Мана сизга нималар чиққанди: гарчи сиз олижаноб одам бўлсангиз ҳам, иродангиз бўш… Сизнинг яхшилигингиз самимиймас, юракдан чиқмайди. Сиз ўз сўзингиз соҳиби эмассиз. Гарчанд одамларга, жамият қонун-қоидаларига тобе бўлсангиз-да, ўзингизни улардан устун қўясиз. Май-шаробни яхши кўрасиз, шу билан бирга… Ҳамон гапиришга тўғри келган экан, майли, барини бир бошдан айта қолай… Аёлларга суягингиз йўқ, лекин улардан сизга кулфат келади. Пулнинг қадрига етмайсиз ва уни тўплашниям билмайсиз – ҳеч қачон бойиб кетмайсиз… Айтаверайми?
– Айт, айт! Нималарни билсанг, ҳаммасини гапир!
– Кейин мана нималар чиқди, ҳаётингиз қайғули ўтади. Сиз чин дилдан ҳеч кимни севмайсиз, чунки юрагингиз муздай совуқ, суст, сизни севганларга эса кўп азоб-уқубат келтирасиз. Сиз ҳеч қачон уйланмайсиз, шундоқ бўйдоқлигингизча ўлиб кетасиз. Ҳаётингизда катта шодиёна, хурсандчиликлар бўлмайди, лекин дилгирликлар, оғир кунлар кўп бўлади… Шундай вақт келадики, ўз қўлларингиз билан ўз жонингизга қасд қилишгача борасиз… Оёғингиз остидан шундай иш чиқиб қолади… Фақат журъат қилолмайсиз, чидайсиз… Қаттиқ муҳтожликка бардош берасиз, лекин умрингиз охирида тақдирингиз қандайдир яқин инсон ўлими орқали ва сиз учун мутлақо кутилмаганда ўзгариб қолади. Фақат буларнинг бари кўп йиллардан кейин юз беради, мана шу йил эса… Мен айнан қачонлигини билмайман, – қарталар, тез орада бўлади, дейди… Балки ҳатто шу ойдадир…
– Бу йил нималар бўлади, ахир? – сўрадим мен қиз яна тўхтаб қолганида.
– Давомини айтишгаям юрагим дов бермаяпти. Сизга қандайдир чиллик мотка томонидан катта муҳаббат тушяпти. Фақат унинг оилалими ё қизми, билолмаяпман, билганим, у қора сочли…
Мен ўзим билмаган ҳолда Олесянинг бошига бир қур назар ташладим.
– Сиз нимага қараяпсиз? – бирдан қиз менинг қарашимни баъзи аёлларгагина хос фаҳм билан ҳис этиб, қизариб кетди. – Ҳа, меникига ўхшаб кетади, – сўзида давом этди беихтиёр сочларини тузатиб, янада юзлари қизариб.
– Сен айтгандай – катта чиллик муҳаббатими? – ҳазиллашдим мен.
– Қўйинг, кулманг, кераги йўқ, – деди қиз жиддий, деярли қатъият билан. – Мен сизга фақат тўғри гапларни айтяпман.
– Бўпти, бўпти, кулмайман. Кейин-чи?
– Кейинми… Оҳ! Ана шу чиллик моткага яхши бўлмайди, ўлимдан баттар ҳолга тушади. У сиз туфайли бутун умрга эсдан чиқмайдиган иснодга йўлиқади, шармандайи шармисор бўлади, қайғу-алами узоққа кетади… Сизга бўлса у томонидан ҳеч қандай ёмонлик келмайди.
– Менга қара, Олеся, қарталаринг сени алдаган бўлиши мумкин эмасми? Нима учун чиллик моткага шунча кўнгилсизликлар келтиришим керак экан? Ахир, оғир-босиқ, камсуқум одам бўлсам, мен ҳақимда шунча қўрқинчли гапларни гапириб ташладинг.
– У ёғини билмайман. Қартада шундай чиқди-да, ахир, атайинмас, қаранг, бутун кулфатлар сизнинг орқангиздан келяпти… Сўзларим тўғри чиққан ўша пайт мени эсларсиз.
– Шу ҳамма гапларни сенга қарталаринг айтдими, Олеся?
Қиз дарҳол жавоб бермади, гапни мужмал қилди ва истар-истамас жавоб берди:
– Қарталар ҳам… Қарталарсиз ҳам кўп нарсаларни билиб оламан, жуда бўлмаса, одамнинг юзига қараб. Агарда, масалан, инсон бедаво касалдан яқин-ўртада ўлиши керак бўлса, унинг юзига қараб, буни уқиб оламан, ҳатто у билан гаплашиб ўтиришгаям ҳожат қолмайди.
– Унинг юзида нимани кўрасан?
– Буни ўзим ҳам билмайман. Бирдан менга қўрқинчли туюлиб кетади, худди ўша одам қаршимда жонсиз тургандай бўлаверади. Ана, бувимдан сўранг бўлмаса, менинг тўғри гапираётганимни айтади. Бурноғи йили тегирмончи Трофим тегирмонида бўғилиб ўлиб қолди, мен ўшанда уни икки кун илгари кўргандим, ўшанда бувимга: “Қаранг, мени айтди дерсиз, бувижон, Трофим яқинда ёмон ўлим топади”, дедим. Шундай бўлиб ҳам чиқди. Ўтган Рождество кунлари бизникига от ўғриси Яшка келиб, бувимдан фол кўриб қўйишини сўради. Бувим қарталарни ёйиб, фол оча бошлади. У шунда бувимдан ҳазил қилиб сўради: “Қани айт-чи, момо, мен қандай ўлим топаман?” Ўзи бўлса кулади денг. Мен унга қарадим дегунча, қимирлолмайман: қарасам, Яков ўтирибди, башараси нақ мурда, кўм-кўк… Кўзлари юмуқ, лаблари қорайиб кетган… Кейин, орадан бир ҳафта ўтгач, эшитсак, деҳқонлар отларни энди ўғрилаб олиб кетмоқчи бўлиб турганида Яковни тутиб олишибди… Тун бўйи уни роса калтаклашибди… Бизни халқимизнинг қаҳри шунақа қаттиқ, шафқатсиз… Товонларига мих қоқибди, бари қовурғаларини синдириб ташлашибди, тонгга бориб ундан арвоҳ ҳам қолмабди.
– Нега энди уни кулфат кутиб турганини, яқинда балога учрашини ўзига айтмадинг?
– Нега айтишим керак экан? – эътироз билдирди Олеся. – Пешонасига шундай кун битилган бўлса, бундан қочиб бўладими? Фақат инсон бекордан-бекорга сўнгги кунлари юраги сиқилиб, таҳликага тушиб қолиши мумкин… Менинг ўзимгаям бу нарса хунук кўринади, ўзимни ўзим ёмон кўриб кетаман… Лекин нима қилай? Бу менинг тақдиримда бўлса. Бувим ҳам ёшлигида ўлимни олдиндан билган, онам ҳам, бувимнинг онаси ҳам – бу ўзимизга боғлиқмас… бизнинг наслимиз шундай.
У ип йигиришдан тўхтади ва қўлларини аста тиззаларига қўйганича бошини қуйи солиб ўтирди. Қизнинг ана шу ҳаракатсиз, қорачиқлари кенгайган, жим турган кўзларида қандайдир машъум даҳшат, сирли кучлар ва кўнглига соя солган ғайритабиий илоҳий билимларга ихтиёрсиз итоат акс этди.

V

Бу вақт кампир столга этак томонларига кашта тикилган сочиқни ёйди ва унга буғ чиқиб турган хурмача қўйди.
– Ке овқатга, – чақирди у неварасини ва бир дақиқача тараддудланиб турди-да, сўнг менга юзланди, – балки сиз ҳам, жаноб, биз билан бирга овқатланарсиз? Марҳамат… Фақат таомимизнинг мазаси йўқроқ, шўрва пиширмаймиз, шунчаки ёввойи дон ёрмаси…
Кампирнинг таомга мени алоҳида ҳурмат билан қаттиқ туриб таклиф этди, деб бўлмасди, таклифни рад этмоқчи ҳам бўлдим, лекин Олеся ўз навбатида шундай оддий, шундай хуш муомала, шундай майин табассум билан дастурхонга чорладики, ноилож кўндим. Қизнинг ўзи менга товоқни тўлдириб таом – ғарғўша ёрмасидан мой, пиёз, картошка ва товуқ гўшти солиб пиширилган оби ёвғон – кутилмаганда лаззатли ва тўйимли шўрвадан қуйиб берди. Дастурхонга ўтирарканлар, буви ҳам, невараси ҳам чўқинмадилар. Мен емак устида иккала аёлни кузатиб ўтирдим, чунки комил ишонч билан шуни айтишим мумкин ва бунга ҳозирга қадар аминман, инсон ўзини ҳеч қайси жойда, овқатланиш пайтидагидай аниқ-равшан намоён этмайди. Кампир шўрвани шошқин очкўзлик билан, лабларини қаттиқ чапиллатиб, оғзига нонни катта-катта бўлаклаб тиқиштирганича апил-тапил танаввул қилмоқда эди, қуришқоқ ёноқлари шишиб, қалдир-қулдур овоз чиқарарди. Олесянинг эса ҳатто овқатланиш ҳаракатида ҳам қандайдир туғма одоб, тарбиялилик сезилди.
Мен емакдан бир соатларча ўтгач, қозиқоёқли кулба соҳибалари билан хўшлашдим.
– Истасангиз, сизни пича ергача кузатиб қўяй? – таклиф этди Олеся.
– Яна қанақа кузатиш? – тамшаниб деди жаҳл билан кампир. – Бир ерда ўтиролмайсан, ниначи.
Бироқ Олеся бошига қирмизи кашмири рўмолини ташлади ва бирдан бувиси яқинига чопиб келди-да, уни қучоқлаб, чўпиллатиб ўпди.
– Бувижон! Жоним, қимматлигим, тиллагинам… мен бир дақиқагагина… дарров кузатаман-у, изимга қайтаман.
– Майли, майли, ҳавойи қиз, – заиф қаршилик билан уни қучоғидан айирди кампир. – Сиз, жаноб, айбга буюрманг: менинг қизим шунақа ақлини йўқотган, тентак.
Биз торгина сўқмоқдан ўтиб, лой-балчиқдан қорайиб кетган ўрмон йўлига чиқиб олдик; бутун йўлни от туёғи босиб қолдирган излар босиб кетган, ғилдираклар изидан қолган ўйдим-чуқурларга сув тўлиб қолган, шу кўлмакчаларда кечки шафақнинг қонталаш нурлари аксланмоқда эди. Биз қордан кейин ҳали қуримаган, ўтган йилги қорамтир япроқлар хазони бутунлай қоплаб олган йўл ёқалаб кетдик. Қайдадир ана шу жонсиз сариқлик орасидан катта-катта “туш” қўнғироқчалари – Полесьенинг илк чечаклари бинафшаранг бошчаларини кўтариб қолганди.
– Менга қара, Олеся, – деб гап бошладим мен, – мен сендан бир нарса ҳақида жудаям сўрагим келяпти-ю, лекин жаҳлинг чиқадими тағин, деб қўрқяпман… Айт-чи, бувинг чиндан ҳам… нима десамикин?
– Афсунгарми? – осойишталик билан менга ёрдам берди Олеся.
– Йўқ… Афсунгармас… – чайналдим мен. – Ҳа, майли, афсунгар бўлса бўла қолсин… Албатта, одамлар нималар демайди. Нега энди ҳар хил ўт-гиёҳлар, дори-дармонлар, афсун-қайтариқларни билмаслиги керак экан? Ўзинг биласан, агар саволим ёқмаса, жавоб бермай қўя қол.
– Йўқ, нега энди, – деди қиз жавобан оддийгина қилиб, – бунинг қандай ёмон томони бор экан? Ҳа, тўғри, у афсунгар. Фақат ҳозир у қариб қолди, илгари қилиб юрган ишларни қилолмайди.
– Илгари нима иш қиларди? – дедим қизиққонлик билан.
– Ҳар хил ишларни. Даволашни биларди, ўқиб, одамларнинг тиш оғриғини қолдирарди, тумор, дамлама, қайтариқлар қиларди, агарда кимнидир қутурган ит қопса ёки илон чақса, ўқиб қўйса, тузалиб қоларди, бирор жойда хазина бўлса, топиб, кўрсатарди… кароматларини санаб саноғига етиб бўлмайди.
– Биласанми, Олеся?.. Кечирасан-у, мен буларнинг ҳеч бирига ишонмайман. Ке, очиғини айт, мен сени сотмайман: ахир, буларнинг ҳаммаси – кўзбўямачилик, одамларнинг бошини айлантириш, тўғрими?
У бепарво кифтини учирди.
– Нима деб ўйласангиз ўйлайверинг. Албатта, қишлоқи бир хотинни лақиллатиб ўтириш ҳеч гапмас ва бу ҳеч нимага арзимайди, лекин мен сизни алдамаган бўлардим.
– Демак, сен жоду-афсунга қатъий ишонасан, тўғрими?
– Нега энди ишонмайин? Ахир, бизнинг авлодимиз сеҳр-жоду билан… Менинг ўзим ҳам кўп нарсаларни биламан.
– Олеся, азизам… Менга бу ишлар қанчалар қизиқарли эканини билсанг эди… Наҳотки, сен менга ҳеч нимани кўрсатолмасанг?
– Нега энди кўрсатмайин, агар шунчалик хоҳларкансиз, кўрсатаман, – деди ҳозирлик билан Олеся. – Ҳозир кўрсатайми?
– Ҳа, мумкин бўлса, ҳозир.
– Қўрқмайсизми?
– Бемаънилик. Тунда, эҳтимол қўрқишим мумкиндир, ҳозир ҳали ёп-ёруғ-ку.
– Яхши. Унда қўлингизни беринг.
Мен унга итоат этдим. Олеся тезгина пальтом енгларини шимариб қўйди ва кўйлагим учига қадалган илматугмани ечди, сўнгра ёнидан мўъжазгина, узунлиги уч вершок келадиган фин паккисини олди-да, уни чарм қинидан чиқарди.
– Нима қилмоқчисан? – дея сўрадим вужудимда шайтоний бир қўрқув пайдо бўлганини сезиб.
– Мана, ҳозир… Ахир, ўзингиз қўрқмайман, дедингиз-ку!
Бирдан қиз қўллари аранг сезиларли ҳаракатланди, шунда мен билагимнинг томир уришини текширадиган ердан пича юқорироқ юмшоқ жойида сескантирувчи кескир тиғ текканини ҳис этдим. Қон бирдан кесилган жойдан қўлимга ёйилди, томчи бўлиб ерга тома бошлади. Мен қичқириб юборишдан ўзимни зўрға тийиб турдим, лекин барибир рангим оқариб кетган бўлса керак.
– Қўрқманг, тирик қоласиз, – калака қилгандай кулди Олеся.
У қўлимнинг тиғ тегиб, яра бўлган жойидан маҳкам ушлаб олди-да, унга эгилиб юзини яқинлаштирди ва теримга қайноқ узуқ-узуқ нафасини бериб, нималарнидир шивирлай бошлади. Олеся қаддини тик тутган ва бармоқларини ёзиб юборган пайт қўлимнинг яраланган ери фақат тирналгандай қизил бўлиб турар эди.
– Хўш? Етарлими? – деди қиз қув табассум билан паккисини қинига соларкан. – Яна бўлсинми?
– Албатта. Фақат имкон қадар, унчалик қўрқинчли бўлмасин ва қон тўкилмасин.
– Сизга яна нимани қўрсатсамикин? – ўйланиб қолди қиз. – Жуда бўлмаса, шунисини қилайлик: сиз мендан олдин кетаверасиз. Фақат, орқангизга қайрилмайсиз.
– Буниси қўрқинчли бўлмайдими, ишқилиб? – дедим мен қўрқа-писа ёқимсиз сюрпризни кутаётганимни гўё парвосиз табассумим ортига яширишга уриниб.
– Йўқ, йўқ… Гапиришгаям арзимайди… Бораверинг.
Мен азбаройи нима бўлишига қизиққанимдан, ортимдан Олесянинг жиддий нигоҳини ҳис қилганимча олдинда кетавердим. Бироқ йигирма қадамларча юргач, бирдан теп-текис жойда ўзимдан ўзим қоқилиб, муккамдан тушдим.
– Бораверинг, бораверинг! – қичқирди Олеся. – Қайрилмай кетаверинг! Ҳеч нима қилмайди, ҳечқиси йўқ, изиям қолмайди… Йиқилганингизда ерга маҳкам ёпишинг, суяйди.
Мен илгарилаб кетавердим. Яна ўн қадамча юрдим, яна иккинчи мартасида ҳам бор бўйим билан узала тушдим.
Олеся бор овози билан қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди ва чапак чалди.
– Ҳа? Кўнглингиз тўлдими? – оппоқ тишларини ялтиратиб қичқирди у. – Энди ишондингизми? Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ!.. Юқорига учиб кетмадингиз-ку ахир, ерга йиқилдингиз.
– Буни қандай қилдинг? – таажжуб билан сўрадим мен кийим-бошимга илашган қуруқ шох-шаббаларни қоқарканман. – Сирми бу?
– Бунинг умуман сир жойи йўқ. Мен сизга жон деб айтиб бераман. Фақат, сиз тушунмайсизми, деб қўрқаман… Буни тушунтиролмайман…
Мен ҳақиқатан қизнинг гапларига унчалик тушунмадим. Бироқ агар янглишмасам, ана шу ўзига хос ҳийла-найранг шундан иборат эдики, у менинг изимдан қадамма-қадам, оёғимдан сира кўзини узмай, фикридан қайтмай таъқиб қилиб бораверади, айни пайтда менинг ҳар бир, энг майда ҳаракатимга ҳам тақлид қилишга, шундай, ўзини худди мендай тутишга, тенглаштиришга интилади. Шу тариқа бир неча қадам юраркан, у хаёлан менинг олдимда бир қанча масофа нарида ердан бир газ нарида кўндалангига чилвир турибди, деб тасаввур қилади. Ана шу дақиқада мен хаёл қилинган чилвирни оёғим билан босиб олишим керак. Олеся бирдан йиқилгандай ҳаракат қилади ва ўшанда, унинг айтишича, энг бақувват одам ҳам йиқилиб тушиши аниқ бўлади… Мен орадан кўп вақтлар ўтгандан кейингина доктор Шарконинг Сальпетриер касалхонасида васвасага чалинган, жазавага тушиб, азоб чекаётган асли афсунгар бўлган икки бемори устидан олиб борган тажрибалари хулосаларини ўқий туриб, Олесянинг чалкаш-чулкаш қилиб тушунтирганларини хотирладим. Мен шунда авом халқдан чиққан француз афсунгарлари ҳам полесьелик яхши бир фолбин қўллаган усулдан маҳорат билан фойдаланганларини билиб, жуда ҳайратга тушдим.
– Ў! Мен яна кўп нарсаларни биламан, – ўзига ҳаддан ишонч билан деди Олеся. – Масалан, мен сизни шундай қўрқитиб қўйишим мумкинки.
– Бу нима деганинг?
– Шундай қиламанки, сиз ваҳимага тушасиз. Дейлик, кечқурун хонангизда ўтирибсиз, тўсатдан ҳе йўқ, бе йўқ бутун вужудингизни қўрқув қоплайди, қалт-қалт титрай бошлайсиз, теварак-атрофингизга аланглолмай ҳам қоласиз. Фақат мен бунинг учун сизнинг қаерда яшашингизни билишим, аввал хонангизни кўришим керак бўлади.
– Э, бу жудаям осон, – ҳадиқсираб дедим мен. – Деразага келасан-да, тақиллатасан, бирор нима деб қичқирасан.
– О, йўқ, йўқ… Мен бу вақт ўрмонда бўламан, уйдан ҳеч қаёққа чиқмайман… Лекин мен ўз жойимда ўтиравераман, шу ўтирганимча ўйлайман, фақат мана-мана, кўчада кетяпман, уйингизга кираман, эшикни очаман-да, хонангизга кираман… Сиз қаердадир шу атрофда ўтирасиз… стол ёнидами… мен орқангиздан писиб бориб астагина… сиз сасимни эшитмайсиз… кейин елкангиздан ушлаб, боса бошлайман… янада қаттикроқ, қаттиқроқ, қаттиқроқ… ўзим эса сизга қарайман… мана шундай – қаранг…
Қизнинг ингичка қошлари бирдан чимирилди, кўзлари менга даҳшат ва ўзига тортувчи ифода билан тикилди, қорачиқлари кенгайди, кўкарди. Мен шу он Москвада, Третьяков галереясида кўрганим Медузанинг боши ёдимга келди – кимнинг асари эканини эслолмайман. Ана шу диққат билан тикилган қаҳрли, ғалати нигоҳдан баданим жимирлаб кетди, бутун вужудимни ғайритабиий совуқ ваҳима қоплаб олди.
– Бўлди энди, Олеся… етар, – дедим мен ясама кулги билан. – Менга кўпроқ сенинг табассуминг ёқади – шунда юзинг ёқимтой, болаларникидай беғубор бўлиб қолади.
Биз илгарилаб кетавердик. Бирдан оддийгина қиз сўзларининг маънолилиги, нутқи ҳаттоки назокатли ибораларга бойлиги хаёлимга келди.
– Олеся, сенинг ниманг мени ҳайратга солади, биласанми? Мана, ўрмонда, бировни кўрмай ўсдинг… Албатта, ўқишга-ку, кўп ўқимагансан…
– Мен умуман ўқишни билмайман ҳам.
– Қара… Шунга қарамай яхши сўзлайсан, ҳақиқий ойимқизлардан қолишмайсан. Менга айт-чи, нега шундай? Мен нимани айтаётганимни тушуняпсанми ўзи?
– Ҳа, тушуняпман. Буларнинг бари менга бувимдан ўтган… Сиз уни сиртдан бошқача-ку, деманг. О! Бувим шундай доноки! Балки у сизнинг олдингизда гапирмас, агар кўпроқ ўрганиб қолса… Бувим ҳамма нарсани, дунёда борки, нимани сўрасанг, барини билади. Тўғри, энди қариб қолди-да.
– Демак, умрида кўп нарсаларни кўрган, шундайми? Насли кимлардан? Илгари қаерда яшаган?
Афтидан, менинг бу саволларим Олесяга ёқмади. У менга дарров жавоб бермади, мужмал ва истамайгина шундай деди:
– Билмайман… Бувим бу ҳақда гапиришни истамайди. Борди-ю, бу ҳақда бирор нарсани гапиргудай бўлиб қолса, ҳамиша буни унут ва бошқа эслаб ўтирма, дейди… Вой, кетадиган вақтим бўлди, – шошилди Олеся, – бувимнинг жаҳли чиқади. Хайр бўлмаса… Узр, исмингизни билмайман.
Исми шарифимни айтдим.
– Иван Тимофеевич? Жуда соз. Бўлмаса кўришгунча, Иван Тимофеевич! Кулбамиздан ирганманг, келиб туринг.
Мен хайрлашиш учун қўлимни узатдим ва қизнинг кичиккина, бақувват қўли менга кучли, дўстона сиқиш билан жавоб қайтарди.

VI

Шу-шу, мен қозиқоёқли кулбанинг кунда-шунда меҳмонига айландим. Ҳар сафар уларникига келганимда Олеся мени одатдагидай вазминлик ва одоб билан кутиб оларди. Бироқ ҳамиша дастлаб кирганимда, ўзи билмаган ҳолда қилган ҳаракатига кўра, у мени кўрганидан мамнун бўлишини пайқадим. Кампир мени ўша-ўша димоғида нималарнидир минғирлаш билан қарши оларди, бироқ менга кўринмас жиҳатлар туфайли, яна шак-шубҳасиз, неварасининг ёнимга тушишидандир, очиқ-ойдин норозилигини билдирмас эди; шунингдек, қайсидир маънода қачонлардир олиб борган совға-саломларим ҳам ўз ишини қилганди: иссиққина рўмол дейсизми, банкада қиём дейсизми, шишада олча шароби дейсизми, кампирга яхши таъсир кўрсатгандир. Биз Олеся билан гўё иккаламиз келишиб олганимиздай, қайтаётганимда у мени Иринов шляхи – катта йўлигача кузатиб қўйиши одатга айланган эди. Кейин ҳамиша ана шу дамлар шундай қизғин, қизиқарли суҳбатлашардикки, биз иккимиз ҳам ўзимиз ҳам сезмай сокин ўрмон ёқалаб юриб йўлни чўзишга интилардик. Мен Иринов йўлига етгач, қизни қайтишида ярим чақиримча кузатиб қўярдим, хайрлашишдан илгари яна ўткир исли қарағай шох-бутоқлари остида узоқ гаплашардик.
Мени нафақат Олесянинг зеболиги, балки шунингдек, унинг яхлит, ўзига хос, эркин табиати, ақл-заковати, айни вақтда аниқ-равшан ва авлодидан ўтган ўта иримчилиги билан бирга болаларча маъсумлиги, кейин соҳибжамол қизнинг қув ноз-карашмасига қоришиқ беғуборлиги ўзига мафтун этиб қўйганди. Қиз мендан ҳамма нарсалар ҳақида ипидан-игнасигача батафсил сўраб-суриштиришдан чарчамас эди, ибтидоий, ёрқин тасаввурлари: мамлакатлар ва халқлар, табиат ҳодисалари, ер ва оламнинг яралиши, олим-фозил кишилар, улкан шаҳарлар ҳақидаги маълумотлар уни ҳаяжонга солар, бутун хаёлотини эгаллаб олган эди… Кўп нарсалар қизга ажиб, хаёлий, қизиқ бўлиб туюларди. Мен танишувимизнинг аввал-бошидан у билан жиддий, самимий ва содда оҳангда суҳбатлашиш йўсинини танлаган эдимки, шунданми, қиз бажонидил мен айтиб берадиган ҳикояларимни беҳад ишонч билан қабул қилар эди. Баъзан унга ниманидир тушунтиришга қийналган кезларим, ҳаддан ортиқ, фикримча, қизнинг ярим асов, жиловланмаган ақл-заковати учун тушунарсиз (баъзида ўзим ҳам унчалик англамаган) бўлган вақтлар, мен унинг илмга чанқоқлик билан берган саволларига шу тарзда эътироз билдирардим: “Ўзинг бир ўйлагин… Мен буни сенга айтиб беролмайман… Сен мени тушунмайсан”.
Шунда қиз ёлвора бошларди:
– Қўйинг, ундай қилманг, илтимос, илтимос, тушунишга ҳаракат қиламан… Бир амаллаб айтиб беринг… тушунарсиз бўлсаям майли…
Олеся, ҳикоя қиларканман, мени ғалати қиёслашлар, беўхшов мисоллар келтиришга мажбур қилар, агарда ибора топишга қийналсам, унинг ўзи менга сабрсизланиб саволларни ёғдириб ташлаши билан ёрдам берарди, бу худди битта сўзда тутилиб, азобда қолган дудуқни сўроққа тутишга ўхшаб кетарди. Пировардида, унинг ҳақиқатан билимларга чанқоқ, ҳар бир нарсани тезда илғаб олувчи зеҳн-идроки ва тоза хаёлоти менинг педагогик ожизлигим устидан тантана қиларди. Мен қиз ўз муҳити, кўрган тарбияси (ёки тўғрироғи, ана шу тарбия бўлмагани) учун мисли кўрилмаган, ажойиб қобилиятларга эга эканига амин бўлишга мажбур эдим.
Мен бир куни гап орасида шунчаки Петербургни тилга олганимни биламан, шунда Олесянинг қулоғи динг бўлди:
– Петербург нима? Қишлоқми?
– Йўқ, у қишлоқмас; бу русларнинг энг катта шаҳри.
– Энг каттами? Ҳамма, ҳаммасидан, энг, энгими? Ундан каттаси йўқми? – у соддадиллик билан менга ёпишиб олди.
– Ҳа… Бари катта бошлиқлар ўша ерда яшайди… Катта-катта бойлар ҳам… У ерда ҳамма иморатлар тошдан қурилган, ёғоч уйлар йўқ.
– Ҳаттоки бизнинг Степанимиздан ҳам каттами? – дадил сўради Олеся.
– Ҳа, албатта… анча-мунча катта… айтайлик, беш юз баравар катта. У ерда шундай бинолар борки, уларнинг ҳар бирида бутун Степань аҳолисининг икки баравари яшайди.
– Оҳ, худойим! У қанақа уйлар бўлди экан-а? – деярли ваҳимага тушиб сўрарди Олеся.
Одатимча, мен яна солиштиришга ўтардим.
– Баҳайбат уйлар. Беш, олти, етти қаватлилариям учрайди. Анави қарағайни кўряпсанми?
– Анув энг баландиними? Кўряпман.
– Ана ўшандан ҳам баланд-баланд иморатлар. Юқоридан пастигача одамлар билан лиқ тўла бўлади. Ана шу кишилар худди қушлар инларида қўним топганларидай, кичкина-кичкина каталакларда яшайдилар, ҳар бир каталакда ўнлаб киши туради, шундай, уларнинг ҳар биттасига нафас олай деса ҳавоям етмайди. Бошқа одамлар бўлса, ернинг остида зах ва совуқда яшайди; баъзида бутун йил бўйи хонада қуёш нурини кўрмайдилар.
– Э, қўйинг-э, ҳеч қачон мен ўз ўрмонимни сизнинг ўша шаҳарингизга алмашмаган бўлардим, – деди Олеся бошини чайқаб. – Мен Степан бозорига тушганимда кўнглим озиб кетади, зўрға бориб келаман. Бор нарсаларимни ташласам-у, орқа-ўнгимга қарамай қочсам, дейман… Худо кўтарсин ўша шаҳарингизни, мен у ерда сираям яшамаган бўлардим.
– Бўпти, агар эринг шаҳарлик бўлса-чи? – сўрадим мен мийиғимда кулиб.
Унинг қошлари чимирилди, нозик бурун катаклари титради.
– Шуниси етмай турганди! – деди қиз димоғдорлик билан. – Менга ҳеч қандай эрнинг кераги йўқ.
– Сен ҳозир шундай деяпсан, Олеся. Деярли ҳамма қизлар ҳам худди шундай дейдилар, кейин барибир турмушга чиқадилар. Бир оз сабр қил: бирорта йигитни учратасан, уни севиб қоласан, ўшанда шаҳар экан-ку, у билан дунёнинг нариги чеккасигаям кетишга тайёр бўласан.
– Оҳ, йўқ, йўқ… илтимос, шу ҳақда гаплашмайлик, – ранжиб қўл силтади у. – Бу гап қаёқдан чиқди?.. Илтимос сиздан, бас қилинг.
– Қизиқсан-да, Олеся. Наҳотки, ҳаётингда ҳеч қачон бирор йигитни севмай ўтсанг? Сен – ҳали ёш, гўзал, соғлом бўлсанг. Қонинг қайнаб турганида, қасам-пасамга бало борми?
– Бошга тушса – севарман ҳам! – кўзлари порлаб, мағрурона жавоб берди Олеся. – Ҳеч кимдан сўраб ҳам ўтирмайман.
– Бундан чиқди, эргаям тегарсан? – жиғига тегдим мен.
– Сиз балки черковда никоҳдан ўтишни айтаётгандирсиз? – менинг нимага ишора қилаётганимни фаҳмлади у.
– Албатта, черковдаги никоҳни айтяпман… Руҳоний қия стол бўйлаб айлантиради, дьякон “Исаия ликуй”ни айтади, бошингга тож тақади…
Олесянинг қовоқлари солинди ва заифгина жилмайиб, бошини йўқ, дегандай чайқади.
– Йўқ, азизим…Эҳтимол ҳозир сизга айтадиган сўзларим ёқмаслиги мумкин, шуни сизга айтиб қўяй, бизнинг зоти авлодимизда ҳеч ким никоҳдан ўтмаган: онам ҳам, бувим ҳам шусиз яшаганлар… Бизнинг ҳатто черковга киришимиз ҳам мумкин эмас…
– Сизларнинг мана шу афсунларингиз туфайлими?
– Ҳа, бизнинг афсунгарлигимиз учун, – осойишталик билан жиддий оҳангда жавоб берди Олеся. – Мен қандай қилиб черковга киришга журъат қиламан, ахир, туғилганимданоқ қалбим унга сотилган бўлса.
– Олеся… Азизам… Менга ишон, сен ўзингни ўзинг алдаяпсан… Айтаётган гапларинг сира ақлга тўғри келмайди, кулгили-ку, ахир.
Бир куни яна Олесянинг юзида ўзининг сир-синоатли қисматига комил ишонч, аччиқ қайғу билан итоат этишнинг ғалати ифодаси пайдо бўлди:
– Йўқ, йўқ… Сиз буни тушунолмайсиз, мен буни ҳис қиламан, – у қўлини кўксига олиб бориб, қаттиқ қисди, – ич-ичимдан ҳис қиламан. Бизнинг зотимиз то абад тавқи лаънатга учраган. Ўзингиз ўйлаб кўринг: агар у ёрдам бермаса, ахир, ким бизга қайишади? Бизнинг бор қудратимиз ундан.
Ҳар сафар суҳбатимиз ана шу ғайриоддий мавзуга келиб тақалганида, шу тарзда якун топарди. Мен Олеся тушунадиган қилиб барча далил-исботларни келтириб куч сарфлашим беҳудага кетарди, гипнотизм ҳақида содда қилиб тушунтиришим, ўз-ўзини ишонтириш, психиатр докторлар ва ҳинд факирлари, яъни қаландарлари ҳақида гапиришим, унга физиологик йўллар билан, жуда бўлмаганда, масалан, тажрибалардан вена томирини усталик билан қаттиқ сиқиш йўли билан қонни қайтариш ҳақида жон куйдириб гапиришим беҳуда кетарди – бошқа масалаларда менга сўзсиз ишонадиган Олеся, қайсарона қатъият билан келтирган бари исботу далиллар ва изоҳларимни рад этарди… “Хўп, бўпти, бўпти, мен сизга қонни қандай қайтариш усулини совға қиларман, – деди у баҳс кучайганида овозини кўтариб, – қолганлари-чи, қаёқдан келган? Наҳотки, биргина мен қонни қандай қайтаришни билсам? Истасангиз, мен сизга бир кунда бари сичқонлару суваракларни уйдан чиқариб, қириб битираман. Истасангиз, ўша сизнинг ҳамма дўхтирларингиз беморни даволашдан бўйин товлаганларида мен икки кунда оддий сув билан энг ўткир безгакка чалинганларни даволай оламан. Истасангиз, мен шундай қиламанки, қандайдир бир сўзни умуман эсдан чиқариб қўясиз. Тушларни-чи, таъбирини нега айтмайин? Келажакда нималар бўлишини-чи, нега билмайин?”
Бизнинг баҳсимиз ҳамиша мен ҳам, Олеся ҳам бир-биримиздан ранжишга улгурмасимиздан, бирдан жим қолиш билан тугарди. Ҳақиқатан, ўзимнинг мўъжазгина илмим билан унинг ана шу мубҳам, қоронғи санъатидан кўп нарсаларга изоҳ тополмадим. Мен, Олеся шундай соддаларча гўл ишонч билан айтган ўша сирларнинг лоақал ярмини эгаллаганмиди-йўқми, буни билмайман ва айтолмайман, лекин бир нарсани биламанки, ўзим кўп сафар гувоҳ бўлганимдай, Олесянинг ғайришуурий, инстинктив, мавҳум, тасодифий тажриба билан эгалланган аниқ фандан бутун бир асрга ҳатлаб ўтиб, ўзиб кетган ғалати билимларга эгалиги менда қатъиян ишонч уйғотган эди, улар қизиқ ва ақл бовар қилмас хурофий афсоналарни қориштириб юборадилар, бу авлоддан-авлодга буюк сир каби ўтиб бораверади ва улар шу тарзда зулматда, маҳдуд халқ оммаси ичида яшайдилар.
Биз мана шу ягона банддаги кескин зиддиятларга қарамасдан бир-биримизга қаттиқроқ ва мустаҳкамроқ боғланиб қолгандик. Орамизда муҳаббат ҳақида ҳали бир оғиз сўз ҳам айтилмаганди, аммо бирга кўришиб туриш биз учун эҳтиёжга айланган ва аксарият нигоҳларимиз беихтиёр ва айни вақтда тўқнашиб қолиб, сукут сақлаган дақиқаларимизда, мен Олесянинг кўзлари қандай намлангани ва чаккасидаги ингичка кўкиш томири қандай уриб турганини кўрардим…
Аммо Ярмола билан орамиз бутунлай бузилиб қолди. Албатта, менинг қозиқоёқли кулбага ташрифларим ҳамда Олеся билан кечки сайрларим Ярмолага сир эмаслиги аён эди; у ҳайратланарли тарзда ўзининг ўрмонида нималар бўлаётганидан бохабар эди. Мен бирмунча вақтгача унинг мендан қочаётганини сезиб қолдим. Гарчанд бирор оғиз сўз билан менга танбеҳ бермаган бўлса-да, унинг қора кўзлари ҳар сафар ўрмонга отланаётганимда таъна ва норизолик билан кузатиб турарди. Бизнинг савод чиқариш билан боғлиқ кулгили машғулотларимиз ҳам якун топганди. Мабодо баъзида кечқурун Ярмолани ўқишга чорласам, у қўлларини силкирди.
– Менга йўл бўлсин! Бекорчи гаплар, панич, – дерди хушламайгина беписандлик билан.
Биз у билан овга ҳам чиқмай қўйдик. Мен ҳар сафар бу ҳақда гап очадиган бўлсам, албатта Ярмоланинг рад этиш учун баҳонаси тайёр турарди: дам милтиғи бузилиб қолар, дам ити касал бўларди, дам ўзининг овга мутлақо вақти бўлмас эди. “Сира вақтим йўқ-да, панич… бугун шудгор ҳайдашим керак”, – Ярмола кўпинча таклифимга шундай жавоб қайтарарди, мен эсам унинг дарди тамомила “шудгор ҳайдаш” эмаслигини, кун-уззукун монополия тагида бирор-бир егулик тегармикин, деган умидда вақт ўтказишини жуда яхши билар эдим. Ана шу сассиз, пинҳоний адоват мени сиқиб юборди ва Ярмоланинг хизматларидан воз кечиш учун бирор жўяли важ қўллашни ҳам ўйлаб қўйдим. Аммо унинг каттагина, қашшоқ оиласига раҳм-шафқат туйғуси мени тўхтатиб турарди, чунки фақат Ярмолани тўрт рубллик маошигина уларни очликдан ўлиб кетишдан сақлаб турарди.

VII

Бир куни одатдагидай кечга томон қозиқоёқли кулбага келдим, уйдагиларнинг руҳсиз, хафа ҳолда эканликларини дарров сездим. Кампир тўшагида бошларини қўллари билан ушлаганича эгилиб ўтирар, бир орқага, бир олдинга тебраниб, димоғида тушунарсиз нарсаларни минғирларди. У менинг саломимга аҳамият ҳам бергани йўқ. Олеся мен билан одатдагидай майин сўрашди-ю, лекин гапимиз гапимизга қовушмади. Қиз гапларимни паришонлик билан тинглар, саволларимга ҳам пойинтар-сойинтар жавоб қайтарарди. Унинг чиройли чеҳрасига қандайдир кети кўринмас ички хавотир шарпаси соя солиб турарди.
– Бу ерда бир кўнгилсизлик юз берганини кўриб турибман, – дедим мен курсига қўйган қизнинг қўлига эҳтиёткорона қўлимни қўйиб.
Олеся худди ташқарида ниманидир кўрадигандай тез деразага ўгирилиб қаради. У ўзини хотиржам кўрсатишга ҳаракат қиларди, бироқ қошлари чимирилган ва ўзи титраб турарди, тишлари эса пастки лабини маҳкам тишлаганди.
– Йўқ… қандай нохушлик бўлиши мумкин, – деди у бўғиқ овозда. – Ҳаммаси қандай бўлса, шундайлигича қолди.
– Олеся, нега менга тўғрисини айтмаяпсан? Бундай қилишинг яхшимас… Мен бўлсам биз, ахир, дўстлармиз-ку, деб ўйлабман.
– Айтяпман-ку, ҳеч нима бўлгани йўқ, деб… Кунда бўлиб турадиган ташвишлар, арзимаган гаплар…
– Йўқ, Олеся, арзимаган гап бўлмаслиги керак. Бир қара – ўзинг ўзингга ўхшамай қолгансан.
– Сизга шундай туюлаётгандир.
– Менга очиғини айтавер, Олеся. Мен сенга ёрдам бера оламанми-йўқми, билмайман, балки бирор маслаҳат берарман… Кейин кўнглингни очсанг, дардингни айтсанг, анча енгил тортасан.
– Тўғриси, бу гапириб ўтиришгаям арзимайди… – бетоқат бўлиб эътироз билдирди Олеся. – Сиз бизга ҳеч қанақасига ёрдам беролмайсиз.
Кампир дабдурустдан қизишгандан-қизишиб суҳбатимизга аралашиб қолди:
– Тентак қиз, нима учун ҳадеб ўзингни тарозига солиб, қайсарлик қилиб ўтирибсан? Сенга ишни гапирса, бурнингни кўтарасан. Гўёки дунёда сендан бўлак доно йўқ. Жаноб, ижозат берсангиз, бари бўлган воқеани бир бошдан сизга гапириб берай… – у мен томонимга ўгирилди.
Содир бўлган кўнгилсизликлар даражаси мен мағрур Олеся сўзларидан тахмин қилишим мумкин бўлганидан анча жиддийроқ бўлиб чиқди. Кеча кечқурун қозиқоёқли кулбага шу ерлик урядник келган.
– Аввал виқор билан керилиб ўтирди-да, шароб опке, деб туриб олди, – деди Мануйлиха, – кейин юраверди, юраверди. “Лаш-лушларингни оласан-да, деди, нақ йигирма тўрт соат ичида бу ердан туёғингни шиқиллатасан. Агар яна келганимда, деди, сени бу ерда кўрадиган бўлсам, ўзингдан кўр, ҳа, қамоққа тиқишим тайин. Иккита аскарни қўшиб, деди, сен малъунни мамлакатингга жўнатмасамми”. Отагинам, менинг ватаним, олисда, Амченск шаҳри… У ёқда энди менга на таниш бир жон қолган, кейин бизнинг паспортимизнинг муддатиям ўтиб кетган, кейин чўзилмаган. Худойим-эй, мени бу бало қаерда кутиб турган экан!
– У нега илгари яшашларингга индамасди, энди бу хаёлига келиб қолибди? – сўрадим мен.
– Ана шуни айтаман-да… Итдай акиллади-акиллади, тўғрисини айтсам, тушунмадим. Қаранг, иш бундоқ, биз турган ана шу кулба бизникимас, заминдорники. Биз илгари Олеся билан қишлоқда яшардик, кейин эса…
– Биламан, биламан, моможон, буни эшитгандим… Деҳқонлар сиздан жаҳллари чиққан экан…
– Ўзи гап мундай бўлганди. Мен ўшанда эски заминдордан, жаноб Абросимовдан мана шу уйчани сўраб олгандим. Энди бўлса, гўёки ўрмонни янги заминдор сотиб олганмиш-да, гўёки у қанақадир ботқоқликларни қуритмоқчимиш. Уларга қанақасига халақит қилишим мумкин?
– Моможон, балки буларнинг бари уйдирмадир? – дедим мен. – Шунчаки урядник “қип-қизил сўлкавой”ни ишлаб қолгиси келгандир?
– Бердим ўша ордонани, ўғлим, бердим. Олма-ди! Бўлгани шу… Чорак рубллик билетни узатдим, олмади… “Нима қиляпсан”миш! Шундай қаҳр қилди, шундай қутурди, қаерда турганимниям билмай қолдим. Ҳадеб бир гапни қайтаргани қайтарган: “Даф бўл!” Энди нима қиламиз, биз бир бечора есирлар бўлсак! Жон отагинам, бизни пича қўллаб юбор, ебтўймас, очофатни бир ақлини киритиб қўйсанг эди, бутун умр сендан миннатдор ўтардим.
– Бувижон! – дона-дона қилиб деди таъна билан Олеся.
– Нима “бувижон”! – аччиқланди кампир. – Мен йигирма беш йилдирки, сенга бувиман. Сенингча, тўрва-халтангни ортмоқлаб жўнаш осонми? Йўқ, жаноб, сиз унга қулоқ солманг. Иложи бўлса, биздан марҳаматингизни аяманг, агар қўлингиздан келса, билиб ишингизни қилаверинг.
Мен дудмал гаплар билан ҳаракат қилиб кўришимни ваъда қилган бўлсам-да, тўғрисини айтсам, бундан бирор иш чиқишига умид қилиш қийин эди. Ҳамон, бизнинг уряднигимиз “олиш”дан бош тортган экан, демак, иш ўта жиддий. Бу оқшом Олеся совуққина хайрлашди, одатга қарши, мени кузатгани бормади ҳам. Мен, иззатталаб қиз бу ишга аралашувимга жаҳли чиққани ва бувисининг нолишларидан бир оз хижолат тортганини кўрдим.

VIII

Ҳаво тунд, иссиқ тонг эди. Неча мартадирки, йирик, қисқа, баракотли ёмғир мана-мана ёғишга тараддудланди, шундай ёмғирдан сўнг кўз ўнгингда барра майсалар барқ уриб яшнайди ва янги новдалар чўзилиб, бутоқ чиқаради. Ёмғирдан сўнг, бир дақиқага бўлса-да, қуёш кўриниб қолди, қувонч билан ёмғир ювган, эндигина куртак ёзган ям-яшил настаринларни, уй олди гулзоримни сидирғасига ёриштириб юборди; юмшоқ полиз жўякларида чумчуқларнинг қувноқ чирқ-чирқи жарангдорроқ эшитила бошлади; теракларнинг жигарранг бўртиқ куртаклари муаттар ис таратди. Мен хонага Ярмола кириб келган маҳал стол ёнида ўтириб, чорбоғ режасини чизиб ўтирардим.
– Врядник бор, – деди у қовоғини солиб.
Шу он икки кун илгари урядник келганида хабар қилишини буюрганим мутлақо хаёлимдан кўтарилиб кетибди, ҳозир ҳукумат вакилининг менга нима кераги бор, деб тушунолмай ўтирибман.
– Нима? – деб сўрадим тушунмасдан таажжубланиб.
– Врядник келди, деяпман-ку, – деб такрорлади Ярмола сўнгги кунлар мен билан гаплашиб юрган ёв оҳангида. – Ҳозир мен уни тўғонда кўрдим. Шу ёққа келяпти.
Кўчада ғилдиракларнинг тарақа-туруғи эшитилди.
Бўйчан, ориқ, пастки жағи солқи, турқидан хафаҳол кўринган тўқ жигарранг тусли ахта от аста-секин йўрғалаб, шотиси фақат бир томонидан уланган баланд шалоқ аравани тортиб борар эди, иккинчи арава шотиси ўрнига йўғон арқон бойланганди (уезддаги тилига эрк берувчилар урядник бунақа ачинарли “саҳна”ни ҳар хил мишмишлардан йироқ бўлиш учун атайлаб уюштиради, дея ишонтиришга уринарди).
Урядник зобитларнинг башанг кулранг мовутидан шинель кийиб олган, бесўнақай гавдаси билан иккала ўриндиқни ҳам эгаллаб олганича ўзи аравани ҳайдаб келмоқда эди.
– Саломлар бўлсин, Евпсихий Африканович! – бақирдим мен деразадан бошимни чиқариб.
– А-а, саломлар! Соғлиқлар жойидами? – жавоб қайтарди у раҳбарларга хос илтифотли, гулдураган баритонли овоз билан.
У кафтини тўғри ростлаб, бош кийими соябонига теккизди, оғир вазнли гавдасини олдинга эгганича, ахта отини тўхтатди.
– Бир дақиқага уйга кирмайсизми? Сизда бир ишим бор эди.
Урядник қулочини кенг ёйди ва бошини чайқади.
– Иложим йўқ. Хизмат вазифаларини адо этиб юрибман. Волошага мурда жасади учун кетяпман – сувга чўкиб кетибди.
Лекин мен Евпсихий Африкановичнинг заиф томонларини билиб олгандим, шунинг учун ҳам ясама лоқайдлик билан бундай дедим:
– Афсус, афсус… Мен граф Ворцел тежаб-тергаб, авайлаб сақлаган анавинақа шишалардан бир-иккитасини қўлга киритгандим.
– Иложим йўқ. Хизмат вазифамдаман, ахир…
– У менга таниш-билишчилик қилиб буфетини сотувди… Граф буларни ертўлада майхонада худди ўз боласидай авайлаб-асраган, парваришлаган… Кирсангиз бўларди… Отингизга сули беришади, буюраман.
– Худо хайрингизни берсин, мана, сиз қандай одам экансиз, – деди ўпкаланиб урядник. – Ахир, хизмат бурчи ҳаммасидан устун туришини билмайсизми?.. Айтаётган шишаларингиз нимадан? Сливянками ?
– Қанақа сливянка?! – қўл силкидим мен. – Старка , отагинам, ана сизга!
– Рости, пича тамадди қилиб олгандик, – таассуф билан ёноғини қашиди урядник негадир юзларини буриштириб.
Мен бояги-боягидай хотиржамлик билан гапимда давом этдим:
– Билмайман-у, лекин буфетчи, шу шаробга икки юз йил бўлган, деб қасам ичди. Исини қаранг, исини, худди коньяк дейсиз, ўзи бўлса, нақ каҳрабо, сап-сариқ, тиниқ.
– Оҳ! Сиз мени нима қилмоқчисиз?! – наъра тортди кулгили тарзда алам билан урядник. – Отимни нима қиламан?
Ҳақиқатан, менинг бир неча шиша старкаларим бор эди, гарчанд мақтанганимдай, унчалик ёши улуғ бўлмаса-да, бироқ ҳисобимга кўра ишонтириш кучи билан уларнинг умрига яна бир неча ўн йилларни қўшса бўларди… Ҳар эҳтимолга қарши, бу асл қўлбола, ичган кишини довдиратиб қўядиган, синиб, кафангадо бўлган магнат ертўласининг фахр-ифтихори бўлган старкалар эди. (Евпсихий Африкановичнинг насл-насаби руҳонийлардан чиққанди; ўзи айтганидай, мабодо шамоллаб қолганларида асқотиши учун, албатта, бир шишасини эҳтиёти шарт сўраб олди…) Менда антиқа газак ҳам топила қолди, яқиндагина мойга қўшиб, яхшилаб кертилган янги редискани келтирдим.
– Хўш, ўзлари-чи, ишлар қандай кетяпти? – сўради урядник бешинчи қадаҳдан сўнг остидаги шақир-шақур қилаётган эски кресло суянчиғига ўзини ташлаб.
Мен шунда шўрлик кампиршонинг аҳволини баён этишга киришдим, унинг ночорлиги ва қанчалар умидсизликка тушиб қолганлигини эслатдим, гап орасида кераксиз расмиятчилик ҳақида қистириб ўтдим. Урядник гапларимни бошини пастга солинтириб, бир чеккадан қип-қизил, таранг, диркиллаб турган редиска пўчоғини арчиб, иштаҳа билан карс-қурс қилиб чайнаб ея бошлади. Ора-сира у менга лоқайд, хира, ҳатто одамнинг кулгисини қистатадиган кичкина ва мовий кўзлари билан назар ташлаб қўярди, бироқ унинг қип-қизил, баркашдай башарасига қараб туриб, ҳеч нимани: на хайрихоҳлик, на эътироз ифодасини уқолдим. Ниҳоят, мен жим бўлиб қолдим, у фақат шундай савол берди:
– Хўш, сиз менинг нима қилишимни истайсиз?
– Нимани дейсизми? – ҳаяжонга тушиб дедим мен. – Илтимос, ўзингиз уларнинг аҳволиниям тушунинг. Икки бечора, ҳимоясиз аёллар бўлса…
– Улардан бири боғдаги ғунча, – истеҳзо билан қўшиб қўйди урядник.
– Энди ғунчами, ғунчамасми – буни қўя турайлик. Айтинг-чи менга, нега сиз уларга ёрдам беролмайсиз? Худди сизга уларни ҳовлиқиб кўчириб юбориш зарурдай. Жуда бўлмаса, бир оз сабр қилинг, ўзим заминдорга айтиб, ёрдам қилгунимча шошмай туринг. Бир ойча сабр кутиб турсангиз, бирор нимани йўқотасизми?
– Нимани йўқотаманми? – тутақиб, креслодан туриб кетди урядник. – Кечирасиз-у, ҳамма нарсамни хатарга қўяман, аввало, хизмат жойимни. Худо билади жаноб Ильяшченко деганлари, янги заминдор қандай одам экан? Эҳтимол ғаламис бир одамдир… анавинақалардан, салга бир қоғозми-бошқами… Петербургга чақар? Ахир, бизда шунақалариям бўп туради!
Мен асабийлашган урядникни тинчлантиришга уриндим:
– Бўлди, Евпсихий Африканович. Сиз бу гапларнинг барини ортиқча бўрттиряпсиз. Нима қилдик энди? Таваккалчилик ўз йўли билан, барибир миннатдорлик ҳам керак.
– Фу-у-у! – чўзиб чинқирди урядник ва қўлларини шалворининг ич-ичига суқди. – Миннатдорликмиш! Нима деб ўйлайсиз, мен арзимаган қуриб кетгур йигирма беш рубль учун бор хизмат мавқемни гаровга қўяйми? Йўқ, сиз мен ҳақимда бошқача фикрда экансиз.
– Нега жаҳлингиз чиқади, Евпсихий Африканович? Бу ерда гап маблағнинг қанча экани ҳақида кетмаяпти, шунчаки гап… Жуда бўлмаса, инсонийлик ҳаққи ҳурмати…
– Ин-со-ний-лик денг? – пичинг қилди у ҳар бир бўғинни чертиб-чертиб айтиб. – Кечирасиз-у, ана шу одамларингиз менинг мана шу еримда ўтирибдилар!
У ёғдан буришиб ётган ёқасига осилган тушган биринж каби бақувват гарданига қаттиқ урди.
– Қўйинг энди, буниси ортиқча, Евпсихий Африканович.
– Зиғирчаям ортиқчамас-да. Машҳур масалчи жаноб Криловнинг таъбири билан айтадиган бўлсак, “Булар – шу жойларнинг яраси”. Ана шу икки хонимлар кимлар ўзи? Сиз князь Урусов жаноби олийларининг “Полиция урядниги” сарлавҳаси остидаги ажойиб асарини ўқишга мушарраф бўлганмисиз?
– Йўқ, тўғри келмаган.
– Чакки бўпти-да. Ажойиб ва хушахлоққа чақирадиган асар. Бўш вақтларингиз танишиб чиқишингизни маслаҳат берган бўлардим…
– Яхши, яхши, бажонидил танишиб чиқаман. Лекин барибир бу китобнинг шўрлик икки аёлга қандай алоқаси борлигига тушунолмаяпман.
– Қандай дейсизми? Жуда алоқаси бор-да. Биринчи модда (Евпсихий Африканович чап қўлининг йўғон, сертук кўрсаткич бармоғини букди): “Урядник ҳамманинг қунт билан Худонинг даргоҳига бориши устидан назоратни сусайтирмаслиги, ҳар бир ҳаракатини кузатиб туриши керак…” Маълум қилишга ижозат этинг, ана шу… оти нимайди… Мануйлихамиди?.. У бирор марта бўлсаям черковга борганми?
Мен гапнинг кутилмаганда бошқа томонга айланиб кетганидан лол қолиб индамай қолдим. У менга тантана билан қаради ва иккинчи бармоғини букди.
– Иккинчи модда: “Ҳамма жойда сохта башорат қилишлар ва ёлғондан фол кўришлар ман этилади…” Пайқаяпсизми? Сўнгра учинчи модда: “Ўзини авроқчи ёки сеҳргар қилиб кўрсатиш ва шу тариқа алдовларни қўллаш ман этилади”. Сиз буларга нима дейсиз? Бирдан бу ишлар ошкор бўлиб қолса ёки хуфёна раҳбарлар қулоғига етиб борса-чи? Бунга ким жавоб беради? – Мен. Хизмат мавқеига кўра кимни чақиради? – Мени. Кўрдингизми, вазиятнинг қанчалик хавфлилигини.
Урядник яна креслога ўтириб олди. Унинг тепага қадалган кўзлари хона деворлари бўйлаб эътиборсиз кезар, бармоқлари эса столни тақиллатиб урарди.
– Агарда мен сиздан илтимос қилсам-чи, Евпсихий Африканович? – мен яна хушомад оҳангида сўз бошладим. – Албатта, зиммангиздаги мажбуриятларингиз қийин ва серташвиш, лекин мен сизнинг кўнглингизни биламан, шафқатли, олтин қалбингиз бор. Менга шу аёлларга тегмайман, деб менга ваъда берсангиз, ҳаққингиз кетадими?
Бирдан урядникнинг кўзи бошим узра тўхтаб қолди.
– Яхши милтиғингиз бор экан, – урядник столни тақиллатишини қўймасдан беписанд уни тушириб юборди. – Зўр милтиқ-да! Ўтган сафар уйингизга келсам, сиз йўқ экансиз, шу милтиқни роса томоша қилгандим… Ажойиб милтиқ!
Мен ҳам орқага ўгирилиб, милтиққа қарадим.
– Ҳа, милтиқ ёмонмас, – мен ҳам мақтаб қўйдим, – Ахир, бу милтиқ қадимий, Гастин-Реннет фабрикасидан чиққан, мен уни фақат ўтган йили ўртасини қайта ясатдим. Стволига аҳамият беринг-а.
– Бўлмаса-чи, бўлмаса-чи… мен асосан стволига қарадим-да, шу жойини томоша қилгандим. Ноёб нарса-да… Шундай, хазина дейиш ҳам мумкин.
Бизнинг кўзларимиз тўқнашди, мен шунда урядникнинг лаблари учида енгил, аммо маъноли табассум пайдо бўлганини кўрдим. Мен ўрнимдан туриб, девордан милтиқни олдим ва Евпсихий Африкановичнинг олдига келдим.
– Черкасларнинг жуда чиройли бир одати бор, меҳмони мақтаган буюмни унга совға қилади, – дедим мен илтифот билан. – Биз сиз билан черкаслар эмасмиз, Евпсихий Африканович, аммо мен сиздан ана шу нарсани эсдалик учун олишингизни илтимос қиламан.
Урядник уялган киши бўлди.
– Қаранг-а, қандай ажойиб! Йўқ, йўқ, бу ҳаддан ортиқ саховатли одат экан!
Мен унинг розилигини олиш учун кўп заҳмат чекишимга тўғри келмади. Урядник милтиқни олди, уни тиззалари орасига авайлаб қўйди ва меҳр билан тепки тутқичига қўнган чангни тоза дастрўмоли билан артди. Мен, жуда бўлмаганда, милтиғим шинаванда ва қуролнинг қадрига етадиган одам қўлига тегди-ку, дея ичимда ўзимга ўзим тасалли бердим. Деярли шу заҳоти Евпсихий Африканович ўрнидан турди ва кетишга ошиқди.
– Иш кутиб турмайди, мен бу ерда сиз билан маишат қилиб ўтирибман, – деди у оёғи сиғмаётган пойабзалини полга қаттиқ уриб. – Биз томонларга айланиб борсангиз, меникига кириб ўтинг, илтимос.
– Энди Мануйлиханинг иши нима бўлади, жаноб бошлиқ? – мулойимгина эслатиб қўйдим мен.
– Кўрамиз, қўрамиз… – деди дудмал қилиб Евпсихий Африканович. – Мен сиздан яна бир нарсани сўрамоқчийдим… Редискангиз ажойиб экан…
– Ўзим экканман.
– Аж-жойиб редиска! Менинг рафиқам сабзавот десангиз, ўзини томдан ташлайди. Агар имкони бўлса, биласизми, ўшандан бир боғини…
– Жон-дилим билан, Евпсихий Африканович. Бурчим, ахир… Бугуннинг ўзидаёқ чопардан бир саватча жўнатаман. Мумкин бўлса, мой билан бирга… Мойим озроқ экан.
– Ҳа, мойми… – марҳамат қилди урядник. – Ўша хотинларга бир ишора қилиб қўйсангиз бўлди, мен уларга ҳозирча тегмайман. Фақат билиб қўйсинлар, – у бирдан овозини кўтарди, – биргина раҳмат билан мендан қутулолмайдилар. Шундан кейин саломат яшайверсинлар. Яна бир марта сизга совға ва зиёфат учун мерси .
У ҳарбийчасига пошналарини тақиллатди ва тўқ, виқорли одамнинг салмоқли юриши билан бош кийимсиз юзбоши, қишлоқ оқсоқоли билан Ярмола одоб ва ҳурмат сақлаб турган файтони олдига келди.

IX

Евпсихий Африканович сўзида турди, номаълум муддатгача ўрмондаги кулба соҳибаларини ўз ҳолларига қўйди. Бироқ Олеся билан орамиз кескинлашди ва ғалати тарзда ўзгариб қолди. Энди қизнинг менга муомаласида ишонувчан ва соддадилларча меҳрибонликдан, илгариги соҳибжамол қизнинг болаларча шўхлик, ўйинқароқлиги аралаш ноз-карашмали қувноқлигидан асар ҳам қолмаганди. Суҳбатларимизда қандайдир ўтиб бўлмас нохуш зўрма-зўракилик пайдо бўлганди… Олеся ошиғич ҳуркаклик билан илгари бизнинг суҳбатларимизга қанот бахш этувчи жонли мавзулардан қочарди.
Олеся менинг ҳузуримда жон-жаҳди билан жиддий ишга берилиб кетарди, лекин мен кўпинча бирдан унинг қўллари юмушидан ҳолсизланиб тиззаларига тушиб кетганини, кўзлари ҳаракатсиз ва ерга қарашга тиришаётганини кузатардим. Агарда мен ана шундай дақиқаларда Олесяни чақирсам ёки унга бирор-бир савол берсам, чўчиб тушарди ҳамда қўрқув ва сўзларим маъносини тушуниб етиш истаги акс этган юзини аста бурарди. Баъзан менинг борлигим, мулоқотим қизга малол келаётганга ва уни қийнаётганга ўхшаб туюларди, бироқ бу тахминим атиги бир неча кун аввал ҳар бир айтган сўзим, фикрим Олесяда катта қизиқиш уйғотгани, тўлқинлантиргани ҳақиқатига сира тўғри келмасди… Агарда унинг эркин, ҳур табиатидан келиб чиқадиган бўлсак, Олесяни ғазабга келтирган нарса, урядникка алоқадор воқеада уларни ҳимоя қилганим ва бунинг учун мени кечиргиси келмаётганидир, деган ўй эди. Лекин бу гумон ҳам мени қониқтирмади: аслида, ўрмон ичида ўсган содда қизда бундай ҳаддан ташқари иззатталаблик, ғурур қаердан бўлсин?
Буларнинг барчаси тушунтириш, изоҳни талаб этарди, Олеся эса ошкора гаплашиб олиш мумкин бўлган ҳар қандай қулай вазиятда лип этиб қочиб қоларди. Бизнинг кечки сайрларимиз ҳам барҳам топганди. Мен ҳар куни кетишга чоғланарканман, унга маъноли, ёлворувчан нигоҳ ташлардим – қиз ўзини бу қарашларни тушунмаётгандай тутарди. Бу орада қулоғи оғирлигига қарамасдан кампирнинг борлиги ҳам мени безовта қилмоқда эди.
Баъзи пайтлар мен ҳар куни Олесяларникига етаклаб келадиган одатимга қаршилик қилолмаётганим, ўз ожизлигимдан нафратланардим. Ўзим ҳам юрагим нозик, мустаҳкам кўринмас иплар билан ана шу мафтункор, мен учун тушунарсиз қизга боғланиб қолганига шубҳа қилмас эдим. Мен ҳали муҳаббат ҳақида ўйламаётгандим, аммо олдиндан таҳликали, севгининг ғалаёнга тўла, машаққатли ва изтиробли туйғуларини бошдан кечираётгандим. Мен қайда бўлмайин, ўзимни чалғитишга уринмайин, бутун хаёлим Олесянинг тимсоли билан банд эди, вужуд-вужудим билан унга интилардим, қизни ўйлаганим сари унинг шунчаки айтган сўзлари, ҳар бир ҳаракати ва табассуми юрагимни осуда ва тотли оғриқ бўлиб сиқиб келарди. Кеч кирди ва мен қиз олдида пастак, лиқиллаб турган курсида ўзимни янада журъатсиз, ношуд ва нотавон ҳис қилиб ўкинч билан узоқ ўтирдим.
Бир куни шу тахлит Олесянинг ҳузурида кун бўйи ўтирдим. Ўзимни эрталабдан ёмон ҳис қилдим, нима учун мазам бўлмаётгани сабабини аниқ билолмадим ҳам. Кечга бориб аҳволим янада ёмонлашди. Бошим оғирлашди, қулоқларим шанғиллади, қоронғида тинмай симиллаб оғриётганини ҳис қилдим, назаримда, кимдир юмшоқ, лекин кучли қўллари билан босаётгандай туюлди. Томоғим қуруқшаб қолди, бутун баданим тамоман кучдан қолди, ҳар дақиқада эснагим, чўзилиб ётгим келди. Кўзларимда худди ялтироқ нуқтага диққат билан яқиндан тикилгандаги оғриқни сездим.
Ярим тунда уйга қайтаётган маҳалим йўл ўртасида кетаётиб, тўсатдан бутун баданимда титроқ туриб, ваража тутди. Мен деярли йўлни кўрмасдан, қаерга кетаётганимни ҳам фаҳмламасдан, маст одамга ўхшаб кетавердим, кейин жағларим тез-тез ва шақир-шуқур қилиб бир-бирига урила бошлади.
Ҳанузгача ўшанда мени уйга ким олиб келганини билмайман… Нақ олти кун мени чекинмас қўрқинчли Полесье безгаги қийнади. Кундузлари дард гўёки босилиб қолгандай бўларди ва эсим жойига тушганга ўхшарди. Ўшанда мен хасталикдан бутунлай ҳолдан тойиб, оғриқдан тиззаларим кучсизланганидан букилиб, хонада аранг юрардим; қаттиқроқ ҳаракат қилган пайтларим қон иссиқ тўлқин каби миямга қуйиларди ва бари жисм-нарсаларни кўз ўнгимда зулматга буркарди. Кеч кирганда, одатдагидай соат еттиларга яқин яна касаллик хуруж қила бошлади, тўшакда, адёл остида дам совуқдан зир қақшаб, дам алангайи оташ бўлиб ёниб даҳшатли, нақ юз йилга татигулик узундан-узун тунни бошдан кечирдим. Аранг мудроқ босганини биламан, ғалати, алмойи-алжойи, азобли алоқ-чалоқ тушлар қизиб ётган миям билан ўйнашиб, толиқтириб ташлади. Дам қандайдир ранго-ранг, антиқа шаклдаги қутиларни, катталарининг ичидан кичкиналарини чиқариб олиб ажрата бошлайман, кичкиналарининг ичидан янада майдаларини оламан ва ана шу битмас-туганмас ишни сира адо қилолмайманки, назаримда, ушбу юмуш анчадан буён жонимга теккан, жирканч туюлиб келади. Дам кўзларим олдида гулқоғозларнинг узун-узун ёрқин тасмалари кишини гангитадиган даражада тезлик билан лип-лип ўтиб туради ва мен ушбу гулқоғоз нақшин расмлари ўрнида инсон афт-башараларини – гоҳ чиройли, меҳрибон ва жилмайиб турган, гоҳ тилини чиқариб, тишининг оқини кўрсатиб иршайган ва оғзини тўлдириб кўпик чиқариб, юзини ғалати бужмайтирган қиёфаларни гўё маржонлар тизмаси каби яққол, аниқ-тиниқ кўриб тураман. Сўнгра Ярмола билан баҳслашиб кетамиз, аввало, баҳсимиз одатдагиларига ўхшамайди; чалкаш-чулкаш, мураккаб кечади ва мавҳумлигича қолади. Биз бир-биримиз билан баҳслашарканмиз, гапимизга исбот-далиллар келтирамиз, ушбу дақиқалар тобора нозиклашиб, чуқурлашиб боради; кутилмаганда айрим сўзларни ва ушбу сўзларни бинога келтирган ҳарфларни сирли тарзда, беҳад аҳамият бериб қабул қиламиз; шу билан бирга, борган сари вужудимни янада кучли, номаълум, ғайритабиий куч-қудрат қаршисида бўладиган жирканч даҳшат қоплаб олади, миямни маънисиз сафсаталар бирининг изидан бири келиб, исканжага олади ва анча вақтлардан буён безорижон қилиб юборган ушбу баҳсни тўхтатиб қўйишга изн бермайди…
Инсон ва ҳайвонлар тасвирлари, манзаралар, ажабтовур шаклдаги жисмлар ва гуллар, буларни ҳаммасининг мазмуни ҳис-туйғу билан қабул қилинарди; бу – ана шуларни ифода этган сўзлар ва иборалар мисоли қуюн каби қайнаб отилиб туради… Аммо – шуниси қизиқ эдики – айни вақтда мен шифтда гир атрофи куйган яшил абажури остида чироқ соя ташлаган ёруғ текис доирани кўришни бас қилиб қўя қолмасдим. Яна мен нима учундир ана шу чеккалари нотекис, ноаниқ тинчгина доирада ғазабнок, пала-партиш тушларимга қараганда сокин, бир хилдаги ва қўрқинчли, ундан ҳам мудҳиш ва қийноққа солувчи ҳаёт яширинганини билиб турардим.
Сўнгра уйқудан турдим ёки тўғрироғи, уйғониб кетмадим, бирдан ўзимни сергак кўрдим. Ҳушим деярли ўзимга келганди. Мен тўшакда ётганимни, хасталигимни, ҳозиргина алаҳсираганимни билиб турардим, бироқ қоп-қора шифтдаги ёруғ доира негадир мени яширин машъум таҳдиди билан қўрқитмоқда эди. Кучсиз қўлларимни соатга узатдим, қарадим ва тайин-тутуриқсиз алоқ-чалоқ тушларим бор-йўғи икки-уч дақиқадан ошмаганига паришон бир таажжуб билан ишонч ҳосил қилдим. “Худойим-эй! Қачон тонг отаркин?!”– тушкун ҳолда ўйладим бошимни иссиқ ёстиққа қўярканман, шунда оғир ва қисқа-қисқа нафасим лабларимни куйдириб юбораётганини ҳис қилдим… Бироқ мана, мени аста мудроқ босди ва яна миям ола-чалпоқ, алоқ-чалоқ тушларнинг ўйинчоғига айланди ва орадан икки дақиқадан ўтгач, қўрқинч тўла азобга ғарқ бўлиб уйқуга кетдим.
Орадан олти кун ўтди, менинг бақувват танам хинин ва баргизуб дамламаси ёрдамида касалликни енгди. Мен бутун аъзойи баданим гўё майда-майда бўлиб янчилиб кетгандай, аранг оёққа қалқиб, тўшакдан турдим. Энди зўр иштиёқ билан соғая бошладим. Олти кунлик безгак босинқирашидан чарчаган миямда ўй-фикрлар йўқлиги менга хуш ёқди. Иштаҳам икки баравар ортди, баданим соғлиқ ва ҳаёт қувончларини зарралаб шимиб ола бошлади ва шу боис, соат сайин саломатлигим тикланиб борди. Қолаверса, ичимдаги бир туйғу янги куч билан ўрмонга, ундаги қийшайиб қолган ягона кулба томон чорламоқда эди. Асабларим ҳали тузалганича йўқ эди ва ҳар сафар Олесянинг юзи билан овозини хотирласам, шундай майин, нозик меҳрни туярдимки, ўпкам тўлиб йиғлагим келарди.

Х

Орадан яна беш кун ўтди, мен энди шунчалик тез оёққа турдимки, ҳеч ҳормай-толмай қозиқоёқли кулбагача пиёда келдим. Уйча остонасидан ҳатларканман, юрагим ҳадик аралаш қўрқувдан дук-дук урди. Мен Олесяни салкам икки ҳафтача кўрмадим ва айниқса, ҳозир қиз менга нақадар яқин ва азиз бўлиб қолганини аниқ-равшан англадим. Эшик бандини тутганимча бир неча сония турдим ва аранг нафасимни ростладим. Деворни итаришдан аввал қатъиятсизлик қилиб ҳатто бирпасга кўзларимни юмиб турдим…
Хотирамдаги келишим билан боғлиқ шундай таассуротлардан бири кўнглингдаги бир ҳисни ҳеч қачон англаб етиб бўлмаслигидир… Наҳотки, она билан ўғил, эр билан хотин ёки икки севишганлар учрашувининг илк онларида айтилган сўзларни ёдда сақлаш мумкин бўлса? Агар шу сўзлар аниқ қилиб ёзиб қўйилса, энг жўн, кунда қўллаб юрган ибораларимиз, ҳатто кулгилилари гапириларкан. Бироқ ушбу ўринда ҳар бир сўз жой-жойида бўлади ва беҳад қадрли туюлади, чунки бу гаплар дунёда энг азиз, суюкли овозда айтилади.
Фақатгина бир нарса ёдимда, Олесянинг оқариб кетган юзи менга қандай тез ўгирилгани ҳамда ана шу гўзал, мен учун янги қиёфада бир лаҳзага ушбу туйғулар ифодаси: ҳайрат, қўрқув, хавотир ва севгининг инжа, порлоқ табассуми бирининг ўрнига бири алмашиб, акс этди… Кампир менинг олдимда куймаланиб юриб ниманидир кавшанмоқда эди, лекин мен унинг сўрашганини эшитмадим. Олесянинг овози менга худди ёқимли мусиқа сингари етиб келди:
– Сизга нима бўлди? Оғриб қолдингизми? Оҳ, озиб кетганингизни, бечорагинам!
Мен анча вақтгача қизга бирор нима деб жавоб беролмадим ва биз бир-биримизга юзма-юз туриб, қўлларимиздан тутганимизча, бир-биримизнинг кўзларимизга ич-ичимиздан севиниб, шодланиб тикилиб қолдик. Мен ана шу сукут сақлаган бир неча сонияларимизни ҳаётимдаги энг бахтли лаҳзалар деб биламан; асло, асло, илгари ҳам, кейин ҳам мен шу қадар тоза, вужуд-вужудни қамраб олган бундай кўнгил шодиёналигини ҳис қилмадим. Мен Олесянинг шаҳло кўзларида шундай кўп нарсаларни уқдимки: учрашув ҳаяжонини ҳам, узоқ вақтгача йўқ бўлиб кетганим учун ўпка-гинани ҳам, эҳтирос тўла муҳаббат изҳорини ҳам… Олесянинг ана шу нигоҳидан бирор шартларсиз ва ҳеч иккиланишсиз менга бутун борлиғини тутқазишини ҳам англадим.
Олеся биринчи бўлиб ана шу фусункор дамларни менга қовоқларини аста қимирлатиб, Мануйлихага ишора этиши билан бузди. Биз ёнма-ён ўтирдик, Олеся ғамхўрлик билан мендан касаллигим, хасталикнинг кечиши, қабул қилган дори-дармонларим, доктор айтган сўзлар ва унинг фикри (шаҳарчадан мен учун икки марта келган доктор) ҳақида майда тафсилотларигача сўраб-суриштиришга тушди. У мени кетма-кет доктор ҳақида бир неча марта гапириб беришга мажбур қилди ва баъзан қизнинг лабларида бир онлик истеҳзоли табассумни пайқадим.
– Оҳ, нега энди сизнинг бетоб бўлиб қолганини билмадим-а? – хитоб қилди у сабрсизлик ва таассуф билан. – Мен сизни бир куннинг ўзидаёқ оёққа турғизиб юборган бўлардим… Қаранг, энди қандай қилиб уларга ишониш мумкин, ахир, ҳеч нимани, ҳеч ни-ма-ни тушунмасалар? Сиз нега менинг олдимга бирортасини жўнатмадингиз?
Мен тутилиб қолдим.
– Кўрмайсанми, Олеся… бирдан шундай бўлиб қолди… кейин сени безовта қилишга қўрқдим. Ахир, ўзинг сўнгги пайтлар ғалати муомала қиладиган бўлиб қолувдинг, мендан жаҳлинг чиққани аниқ эди ёки сенинг жонингга теккандим… Қулоқ сол, Олеся, – қўшиб қўйдим мен, овозимни пасайтириб, – биз сен билан кўп, кўп нарсалар ҳақида гаплашишимиз керак… фақат ўзимиз… тушуняпсанми?
У қовоқларини “Ҳа”, деган маънода қоқди, сўнгра қўрқа-писа қайрилиб қаради-да, тезгина шивирлади:
– Ҳа… ўзим ҳам истагандим… сўнгра… тўхтаб туринг…
Ҳали кун ботар-ботмас Олеся мени уйга кетишга ундай бошлади.
– Туринг, тез бора қолинг, – дея у ўтирган жойимдан қўлимдан тортиб турғиза бошлади. – Агар зах тегиб қолса, касаллик қайталаб қолиши мумкин.
– Сен қаёққа кетяпсан, Олеся? – бирдан сўраб қолди Мануйлиха, неварасининг шошилиб бошига катта кулранг жун рўмол ташлаганини кўриб.
– Бориб… озгина кузатиб қўяй, – жавоб берди Олеся.
Қиз бу гапларни бефарқлик билан бувисига эмас, деразага қараб айтди, бироқ мен унинг овозида аранг сезиларли аччиқланиш оҳангини сездим.
– Барибир борасанми? – қайта сўради кампир сўзларига урғу бериб.
Олесянинг кўзлари чақнади ва Мануйлиханинг юзига тик боқди.
– Ҳа, бораман!– эътироз билдирди у мағрурона. – Аллақачонлар бу гап айтилган ва айтиб бўлинган… Бу менинг ишим, жавобим ҳам шу.
– Эҳ, сени қара-ю!.. – ранжиб, ўпкаланиб хитоб қилди кампир.
У яна бир нарсалар демоқчи бўлди-ю, лекин фақат қўлини силкиб қўя қолди, қалтираб юриб, имиллаб бурчакка борди-да, инқиллаганча қанақадир сават устида ғимирлади.
Мен ҳозиргина гувоҳи бўлганим – норози оҳангдаги бу гап-сўзлар ўзаро уриш-жанжалларнинг давом этишига сабаб бўлишини англадим. Олеся билан бирга қарағайзорга тушарканмиз, мен ундан сўрадим:
– Бувинг мен билан айланиб келишингни истамайди, тўғрими?
Олеся алам билан кифтларини қисди.
– Илтимос, бунга эътибор берманг. Ҳа, истамайди… Нима қипти?.. Наҳотки, ўзимга ёқадиган ишни қилишга ҳаққим бўлмаса?
Бирдан негадир ҳозир Олесяни илгари менга қилган совуққон муомалаларини юзига солгим келди.
– Демак, илгари ҳам, касал бўлишимдан олдин ҳам шундай қилишинг мумкин экан-у, фақат ўзинг мен билан ёлғиз қолишни хоҳламагансан… Эҳ, Олеся, менга қанчалар азоб берганингни билганингда эди… Ҳар оқшом мен билан бирга чиқишингни шундай кутдим, шундай кутдим… Сен бўлсанг доим менга эътибор бермасдинг, доим қовоғинг солиқ, доим жаҳлинг чиққан бўлардинг… О, мени қанчалар қийнадинг-а, Олеся!..
– Бўлди, қўйинг энди, азизим… Унутинг, – овозида майин кечирим сўраш оҳанги билан деди Олеся.
– Йўқ, мен бу гапни сенга таъна қилиш учун айтмаяпман, – шунчаки тилимга келиб қолди-да… Энди нега шундай бўлганини фаҳм этяпман… Ахир, аввалига – тўғри, ҳатто эсласам кулгим келади – мен урядник билан гаплашганим учун хафа бўлдинг, деб ўйладим. Бу фикр мени қаттиқ хафа қилди. Назаримда, сен мени ўзингдан шунчалик олис, ёт одам ҳисоблайсанки, ҳатто оддий, дўстона ёрдамимниям қабул қилолмайсан… Бу менга жуда ёмон таъсир қилди… Ахир, мен, Олеся, буларнинг барига бувинг сабабчи эканига шубҳаланмадим ҳам.
Олесянинг юзи бирдан қип-қизил бўлиб ловуллаб ёнди.
– Бунга бувимнинг умуман алоқаси йўқ!.. Мен ўзим шундай бўлишини хоҳладим! – жон-жаҳди билан қизишиб хитоб қилди у ғурур билан.
Мен унга ёнламаси қарадим, шундай, қизнинг эгилган боши, бегард, нафис ён томони кўриниб турарди. Фақат ҳозиргина Олеся шу вақтнинг ичида озиб кетганини ва кўзлари атрофига кўкимтир соя тушганини пайқадим. Олеся нигоҳимни сезиб, менга кўз қирини ташлади, бироқ шу заҳоти кўзларини олиб қочди ва уятчан жилмайди-да, ўгирилиб олди.
– Нега сен буни хоҳламадинг, Олеся? Нега? – савол бердим ҳаяжондан овозим титраб ва Олесянинг қўлларидан ушлаб олиб, уни тўхташга мажбур қилдим.
Биз бу вақт айни аччиқ ичакдай чўзилган, тор ва ўқ каби тиккасига кетган ўрмон сўқмоғининг ўртасига келиб қолгандик. Баланд, хушқад қарағайлар иккала томондан саф тортган, бир-бирига чирмашиб кетган хушбўй шох-бутоқлари тўп-тўп бўлиб, олисларга қадар гумбазсимон улкан даҳлиз ҳосил қилиб, бизни қуршаб олганди. Яланғоч, пўсти тилинган дарахт таналари ёниб битган шафақнинг қип-қизил шуъласига бўялганди.
– Нима учун? Нима учун, Олеся? – шивирлаб қайта-қайта сўрадим унинг қўлини янада қаттиқроқ сиқиб.
– Қўлимдан келмади… Қўрқдим, – Олесянинг гаплари аранг эшитилди. – Мен тақдирдан қочиб бўлади, деб ўйлабман… Энди эса… энди…
У худди нафаси етишмаётгандай энтикди, бирдан қўллари бўйнимдан тез ва маҳкам қучиб олди, лабларим эса Олесянинг шошқич, титроқ шивирини куйдириб юборди:
– Энди менга барибир, барибир!.. Чунки мен сени севаман, менинг жоним, менинг бахтим, менинг суюклигим!..
У пинжимга тобора қаттиқроқ кирди ва мен қўлларим орасида қизнинг дуркун, бақувват, қайноқ бадани тўлғанганини, кўксим остида юраги тез-тез ураётганини ҳис қилдим. Қизнинг эҳтирос тўла бўсалари худди маст қилувчи ўткир май сингари хасталикдан ҳали кучга кирмаган миямга қуйилди, шунда мен ўзимни йўқота бошладим.
– Олеся, Худо хайрингни берсин, кераги йўқ… қўяқол, – дедим мен унинг қўлларини бўшатишга ҳаракат қилиб. – Энди эса мен ўзимдан қўрқяпман… ўзим ўзимдан қўрқяпман… Қўйвор мени, Олеся.
У юзини тепага кўтарди, шунда чеҳраси интизорликдан, сокин табассумдан ёришиб кетди.
– Қўрқма, жоним, – қиз бу сўзларни шундай меҳр-ла эркалаб таъсирчан журъат билан айтдики, буни таърифлашга тил ожиз эди. – Мен ҳеч қачон сенга таъна қилмайман, сени ҳеч кимдан рашк ҳам қилмайман… Фақат бир нарсани айтсанг бўлди: севасанми?
– Севаман, Олеся! Анчадан бери севаман, қаттиқ севаман. Аммо… мени ортиқ ўпма… Бўшашиб кетяпман, бошим айланяпти, ўзимга ўзим жавоб беролмай қоламан.
Унинг лаблари яна менинг лабларимга узоқ ва азобли, тотли бўлиб жипслашди ва мен эшитмадим, муҳими, қизнинг сўзларини илғаб олдим.
– Шундай, қўрқма ва ҳеч нима ҳақида ўйлама. Бугун бизнинг кунимиз, уни ҳеч ким биздан тортиб ололмайди…
Бутун оқшом кутилмаганда сеҳрли, фусункор эртак билан қоришиб кетди. Ой чиқди, унинг ёғдуси ажиб, ранго-ранг ва сирли тарзда ўрмонни безаб юборди, зулматда нурлар кўкимтир-рангсиз нотекис доғларга ўхшаб эгри-бугри дарахт таналарига, кесик дарахтларнинг эгилган шох-шаббалари устига, майин бахмал гилам сингари мох, йўсинга қўнди. Оққайинларнинг нозик таналари кескин ва яққол оқариб кўринди, уларнинг яккам-дуккам баргларига гўё кумушсимон, шаффоф, нафис ҳарир чойшаб ёпиб қўйилганга ўхшади. Қарағай шох-бутоқлари гўё соябон каби тўсиб турганидан айрим жойларга умуман ёруғлик тушмаганди. Ўша ерларда бутунлай тимқоронғилик ҳукм сурарди, фақат ана шу зим-зиёнинг қоқ ўртасида қаердан сизиб тушгани номаълум, нур бирдан саф тортган дарахтларни ёритиб юборди ва ерга ерга тор, тик йўлаксимон бўлиб тушди – шундай ёруғ, серҳашам ва кўркам бўлиб кетдики, гўё Оберон ва Титания тантанали юриши учун эльфлар саришта қилиб, дид билан безаган хиёбонни эслатди. Биз ана шу кулиб боққан жонли афсона ўртасидан бир оғиз сўз демасдан, ўз бахтимиз билан маст бўлиб, ўрмоннинг ваҳимали сукунатида бир-биримизни қучганимизча кетмоқда эдик.
– Азизим, ахир, мен уйингга кетишинг кераклигини бутунлай унутибман, – бирдан эсига тушиб қолиб деди Олеся. – Жуда ярамас қизман-да! Эндигина тузалдинг ўзи, мен бўлсам, сени ҳалигача ўрмонда ушлаб ўтирибман.
Мен уни қучдим ва қуюқ қора сочларига рўмолини ташладим, кейин эгилиб қулоғига аранг эшитарли овозда сўйладим:
– Афсусланмайсанми, Олеся? Ачинмайсанми?
У бошини аста чайқади.
– Йўқ, йўқ… Кейин нима бўлмасин, пушаймон бўлмайман. Ҳаммаси жойида, яхшиман…
– Наҳотки, албатта, бирор ҳодиса юз бериши керак бўлса?
Қизнинг кўзларида менга таниш яна илоҳий даҳшат ифодаси кўринди.
– О, ҳа… албатта… Эсингдами, мен сенга чиллик мотка ҳақида айтганим? Ахир, ўша чиллик мотка – ўзимман, фалокат менинг бошимга тушади, қарталар шу тўғрида айтганди… Биласанми, мен сендан, бизникига бошқа келма, деб илтимос қилмоқчийдим. Айни шу вақт сен касал бўлиб қолдинг, мен сени салкам ярим ойча кўрмадим… Шунда мен сени шундай соғиндимки, шундай қаттиқ қайғуга тушдимки, ўша кунлар сени атиги бир дақиқа кўриш учун дунёда боримни берган бўлардим. Ўшанда мен шунга қарор қилдим-да. Нима бўлса бўлсин, мен ўз қувончимни ҳеч кимга бермайман…
– Бу ҳақиқат, Олеся. Мен ҳам шундай ҳолатга тушдим,– дея мен лабларимни унинг чаккасига теккиздим. – Мен токи сендан айрилмагунимча сени севишимни билмадим. Кимдир беҳуда айтмаган экан, айрилиқ муҳаббат учун худди шамолдай гап, у оловга қандай таъсир қилса, айрилиқ ҳам шундай, севги кичкина бўлса, ўчириб қўяди, катта муҳаббат бўлса, баттар оловлантиради.
– Нима дединг? Бир қайтар, қайтар, илтимос, – қизиқиб қолди Олеся.
Мен, бу ҳикмат кимга тегишли эканини билмайман-у, яна такрорладим. Олеся ўйланиб қолди, мен унинг лабларини қимирлашига қараб, қиз менинг сўзларимни такрорлаётганини кўрдим.
Мен яқиндан унинг оқариб кетган, орқага ташланган юзларига, ойнинг ёуғ шуъласида ялтираган катта қора кўзларига тикилиб қарадим – шунда яқин-орада юз беражак кулфатни олдиндан ҳис қилиш туйғуси бирдан вужудимни музлатиб юборди.

XI

Бизнинг соддагина, ажойиб муҳаббатимиз эртаги салкам бир ой давом этди ва то ҳанузгача хотирамдан Олесянинг гўзал қиёфаси асло кетмайди, ловуллаб ёнган кечки шафақ нурлари, шудринг инган, марваридгуллар хуш бўй таратган, сарин ҳаволи, жарангдор қушлар овози янграган субҳидамлар, иссиқ, интизорликда кечган, ланж июнь кунлари ҳамон қалбимда яшаб келади… Бу вақт ичида одатда юрагимни сиқадиган бирор дилгирлик, бирор зерикиш, дайди ҳаётнинг оташин эҳтироси ҳам мени безовта қилмади. Мен худди мажусийлар маъбуди ёки бўлмаса ёш, кучли жонзот каби ёруғликдан, самимий меҳр-муҳаббатдан, ҳаёт шодлик-қувончларидан ва осойишта, пок, ҳис-туйғуларга лиммо-лим севгидан лаззат олиб яшамоқда эдим.
Кекса Мануйлиха соғайганимдан сўнг тоқат қилиб бўлмас даражада вайсақи бўлиб қолганди, мени ошкора ғазаб билан қарши оларди, кулбада ўтирган вақтим тарақа-туруқ қилиб шовқин солар, зарда билан печкадаги хурмачаларни у ёқдан-бу ёққа сурарди, шу боис, биз Олеся билан ҳар оқшом ўрмонга чиқиб кетишни афзал кўрардик… Кейин қарағайзорнинг улуғвор ям-яшил гўзаллиги худди қимматбаҳо гардиш сингари бизнинг осуда муҳаббатимизни безаб турарди.
Мен ҳар куни ҳайратим ортиб, Олесяда – ўрмон ичида ўсган, ҳатто ўқишни билмайдиган саводсиз қизда – кўпгина ҳаётий вазиятларда зийракликни, назокат ва алоҳида, ўзига хос туғма одобни кўрардим. Бундай олиб қаралганда, агар тўғри, қўпол маънода тушунадиган бўлсак, севги-муҳаббат бобида асабий, нозиктабиат кишилар азобли, уялиш туйғусини бошдан кечирадиган қўрқинчли томонлар бор. Бироқ Олеся ана шу чегаралардан шундай покизалик, иффат билан қоча билардики, ҳеч қандай беандишалик бизнинг алоқамизни бузолмасди.
Шу орада менинг кетиш муддатим ҳам яқинлашиб қолганди. Аслини олганда, Переброддаги хизмат мажбуриятларим ниҳоясига етиб бўлган ва мен атайлаб шаҳарга қайтиш вақтини орқага суриб келмоқда эдим. Мен кетишим зарурлиги ҳақидаги хабарни қандай қабул қилишини тасаввур этишдан қўрқиб, бу ҳақда Олесяга ҳали чурқ этиб оғиз очмагандим. Умуман, мен мушкул аҳволда қолгандим. Олесяга ўрганиб қолгандим, у билан учрашувимиз кундалик одатга айланган ва мана шу одатий туйғуларим ҳаддан ортиқ чуқур илдиз отиб кетган эди. Ҳар куни Олесяни кўриш, унинг ёқимли овозини ва қўнғироқдай кулгисини эшитиш, майин, меҳр тўла эркалашларини ҳис қилиш мен учун заруриятгина эмас, ундан ҳам баландроқ эҳтиёж эди. Камдан-кам кунлар, мабодо ёғингарчилик учрашувимизга халал берадиган бўлса, ўзимни йўқотиб қўяр, ҳаётимда гўё энг асосий, энг муҳим нарсадан айрилгандай бўлардим. Ҳар қандай машғулот менга зерикарли, ортиқча туюларди ва бутун борлиғим билан ўрмонга, меҳр-самимиятга, ёруғликка, ўрганим қолганим – Олесянинг азиз чеҳрасини кўрмоққа ошиқардим.
Мен тез-тез Олесяга уйланишни ўйлай бошладим. Аввалига, менга айрим пайтлардагина бунинг иложи бордай кўринарди, жуда бўлмаса, назаримда, келажак муносабатларимизни ҳал қилишда ҳалол йўл шу эди. Фақат хаёлимдаги биргина ҳолат мени чўчитар ва тўхтатиб турар эди: урф бўлган замонавий кўйлак кийиб олган, афсоналар ва сирли кучларга тўлиқ кўҳна ўрмоннинг сеҳрли муҳитидан халос бўлган, меҳмонхонада хизматдошларим рафиқалари билан суҳбатлашаётган Олесяни тасаввур қилишга ҳам журъат этолмасдим.
Бироқ жўнашим муддати яқинлашгани сайин, ёлғизликнинг бениҳоя даҳшати ва қайғу-ҳасрати бутун вужудимни эгаллаб олди. Кун сайин уйланиш қарори қалбимга мустаҳкамроқ ўрнаша борди ва охир-оқибат, ана шу фикримда жамиятга қарши бирор ножўя ҳаракатни кўришни бас қилдим. “Ахир, яхшигина оқил ва олим одамлар тикувчиларга, оқсочларга уйланадилар-ку, – ўзимга ўзим тасалли берардим, – яна жуда яхши яшаб кетадилар ва то умрларининг охиригача уларни қовуштирган тақдирларидан миннатдор бўлиб ўтадилар. Аслини олганда, шундай қилсам, бошқалардан кўра бахтсизроқ бўлмайман-ку?”
Бир куни июнь ойининг ўрталарида, кечга яқин, мен одатдагидай гуллаб ётган дўланалар ичида, торгина ўрмон сўқмоғи муюлишида Олесяни кутиб турардим. Мен узоқдан унинг енгил, илдам қадам товушларини танидим.
– Салом, жоним, – деди Олеся мени қучиб ва оғир нафас олиб. – Роса кутиб қолган бўлсанг керак? Уйдан аранг чиқиб келдим-а. Бувим билан уришиб чарчадим.
– Ҳалиям тинчимадими?
– Қаёқда! “Сен, дейди, уни деб йўқ бўлиб кетасан… Сен билан тўйгунича кўнглини ёзади-да, кейин ташлайди-кетади. Мутлақо сени севмайди…”
– Бувинг мен тўғримда шундай деяптими?
– Сенинг тўғрингда-да, азизим… Барибир мен унинг бир оғиз сўзигаям ишонмайман.
– Бувинг ҳаммасидан хабардорми?
– Айтмасам керак, албатта… менимча, билади. Қисқаси, мен бувимга бу ҳақда ҳеч нимани айтмайман – ўзи фаҳмлайди. Ке, шуни гаплашиб ўтирамизми… Кетдик.
У ҳурпайма, ғуж-ғуж, оппоқ бўлиб гуллаган дўлана шохини синдириб олиб, сочига қадади. Биз аста кечки қуёшда қизара бошлаган сўқмоқдан юрдик.
Мен кеча оқшомдаёқ, нима қилиб бўлсаям, кўнглимдаги гапларни бу кеча айтаман, деб аҳд қилиб қўйгандим. Бироқ ғалати журъатсизлик тилимни тушовлаб ташлади. Агар Олесяга кетишим ва унга уйланишим ҳақида айтсам, менга ишонармикин? У менинг бу таклифимни дастлабки яраси оғриғини фақат камайтириш, юмшатиш деб тушунмайдими? “Мана, танаси тилинган заранг дарахтига етайлик, шунда гапни бошлайман”, – ичимда хаёлан шундай деб ўйладим. Мана, заранг дарахтига ҳам етиб келдик ва мен ҳаяжондан бўзариб, гапираман, деб нафас ростлаб олдим, лекин журъатим сусайди, асабийлашганимдан юрагим оғриқ билан урди ва оғзимни совуқ қоплади. “Йигирма етти – менинг фераль соним, – орадан бир неча дақиқа ўтгач, шундай деб ўйладим, – йигирма еттигача санайман-да, ўшанда!..” Мен хаёлан санай бошладим, энди йигирма еттига етдим-у, бироқ ҳамон қатъиятсиз, ҳамон бу гапни айтишга тайёр эмасдим. “Йўқ, – дедим ўзимга ўзим, яхшиси, олтмишгача санай қоламан, – бунга аниқ бир дақиқа кетади, кейин албатта, албатта…”
– Бугун сенга нима бўлди? – сўради бирдан Олеся. – Қандайдир кўнгилсиз нарса ҳақида ўйлаяпсанми дейман. Нима бўлди?
Шундагина мен гап бошладим, бироқ ўзимга ҳам ёқмайдиган, сохта, ғайритабиий беписанд оҳангда, гўё гап ҳеч арзимаган бир масала устида кетаётгандай сўз бошладим:
– Ҳақиқатан бир кичик кўнгилсизлик бор… топдинг, Олеся… Қара, бу ердаги хизмат муҳлатим тугаб қопти, энди мени раҳбарлар шаҳарга чақиришяпти.
Ён томондан Олесяга кўз ташладим ва унинг ранги қандай оқариб кетгани ва лаблари қандай титраётганини кўрдим. Лекин у менга жавобан бир оғиз ҳам сўз демади. Мен бир неча дақиқа у билан ёнма-ён юрдим. Майсалар узра чигирткалар баланд овозда чирилларди ва олислардан тартар қушнинг бир маромда зўр бериб томоғида қирр-қирр қилиб сайраган овози элас-элас келарди.
– Сен, ўзинг тушунасан, албатта, Олеся, – яна гап бошладим мен, – менинг бу ерда қолишим ноқулай ва қаерда қоламан, кейин хизматниям ўйлаш керак…
– Йўғ-е… нималар деяпсан… гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ, – Олеся худди осойишта сўзлаётгандай, бироқ фавқулодда бўғиқ, жонсиз товушда гапирдики, ўзим қўрқиб кетдим.– Агар хизмат важидан бўлса, албатта, кетиш керак.
Қиз дарахт олдида тўхтаб қолди ва орқаси билан унга суянди, ранги докадай оқариб кетган, шалвираб тушган қўллари билан, лабларида аянчли, изтиробли табассум билан дарахтга суянди. Унинг бўздай оқарган ранги мени қўрқитиб юборди. Мен унга отилдим ва қўлларини маҳкам ушладим.
– Олеся… сенга нима бўлди? Олеся… жоним!..
– Ҳеч нима… мени кечиринг… ўтиб кетади. Ўзи… бошим айланиб кетди…
У ўзини қўлга олди ва қўлларимдан қўлларини тортиб олмай олдинга юрди.
– Олеся, сен ҳозир мен ҳақимда ёмон ўйга бординг, – дедим мен ўпкаланиб.– Уят! Наҳотки, мени сени ташлаб кетишим мумкин, деб ўйласанг? Йўқ, азизам. Шунинг учун ҳам бу гапни бошладим, бугуннинг ўзидаёқ бувингнинг олдига бориб, сен энди менинг рафиқам бўлишингни айтаман.
Мен мутлақо кутмаганим, Олесяни ҳозир айтган сўзларим ҳайратга солмади.
– Сенинг рафиқанг? – У аста ва ғамгин бош чайқади. – Йўқ, Ванечка азизим, бу мумкин эмас!
– Нега энди, Олеся? Нима учун?
– Йўқ, йўқ… Сен ўзинг тушунасан, бу ҳақда ўйлашнинг ўзи кулгили. Ҳақиқатан мен сенга қанақасига хотин бўлай? Сен асилзода, ақлли, ўқимишли бўлсанг, мен-чи? Менинг саводим ҳам йўқ, ўқишни ҳам билмайман, кейин қаерга оёқ босишни ҳам билмайман. Менга уйлансанг, бошинг ғавғодан чиқмайди. Сени уялтиришдан бошқасига ярамайман.
– Буларнинг бари бўлмағур гаплар, Олеся! – эътироз билдирдим қизишиб. – Ярим йил ўтсин, сен ўзингни ўзинг танимай қоласан. Сен ҳатто ўзингда қанчалик туғма ақл ва кузатувчанлик борлигига шубҳаланмай қоласан. Биз сен билан бирга кўп яхши китобларни ўқиймиз, олижаноб, ақлли одамлар билан танишамиз, сен билан бутун оламни кўрамиз, Олеся… Биз то қаригунимизча, то ўлгунимизча қўлни қўлга бериб яшаймиз, мен сендан уялмайман, балки сен билан фахрланаман ва сендан миннатдор бўламан!..
Олеся менинг оташин нутқимга миннатдорона қўл қисиш билан жавоб берди, бироқ ўз фикридан қайтмай тураверди.
– Наҳотки, сабаб биргина шу бўлса?.. Эҳтимол сен ҳали билмассан?.. Мен буни сенга ҳеч қачон айтмаганман… Ахир, менинг отам ҳам йўқ… Мен никоҳсиз туғилганман…
– Бўлди қил, Олеся… Ҳаммасидан ҳам шу нарса мени тўхтатолмайди. Ахир, сен ўзинг менга ота ва онадан, бутун дунёдан қадрлироқ бўлсанг, сенинг уруғ-аймоғинг билан нима ишим бор? Йўқ, буларнинг бари арзимаган майда гаплар, буларнинг бари бўлмағур важ-корсонлар!..
Олеся жимгина, итоат этиб мулойимгина кифтини кифтимга яқин қўйди.
– Жоним… Сен умуман бу ҳақда гап очмаганинг яхши эди… Сен ёш, бошинг очиқ бўлса… Наҳотки, сенинг қўл-оёқларингни бутун умрга боғлаб қўйишга жазм этолсам?.. Дейлик, агар сенга бошқа бир аёл ёқиб қолса-чи? Ахир, сен ўшанда мендан нафратланмайсанми, мен сенга турмушга чиқишга рози бўлган кун ва соатларга лаънатлар ўқимайсанми? Азизим, жаҳлинг чиқмасин! – у менга бу сўзлар қанчалик ёқмаётганини кўриб, илтижо билан хитоб қилди. – Мен сени хафа қилишни истамайман. Мен, ахир, фақат сенинг бахтингни ўйлаяпман. Ниҳоят, бувимни эсингдан чиқардинг. Ўзинг бир ўйлаб кўр, уни ташлаб кетсам, яхши иш қилган бўламанми?
– Нима қипти… бизнинг уйимизда бувинггаям жой топилади. (Тан олиш керакки, бувиси ҳақидаги гап мени эсанкиратиб қўйди.) Агар бувинг бизникида яшашни истамаса, ҳар бир шаҳарда шундай уйлар бор… бундай уйлар мискинлар уйи, дейилади… Бундай жойларда қариялар учун тинчлик-хотиржамлик таъминланади, ундан кейин уларга яхши қарашади…
– Йўғ-е, нималар деяпсан! Бувим ўрмондан ҳеч қаёққа кетмайди. У одамлардан қўрқади.
– Бўлмаса, ўзинг нима қилсак, яхши бўлишини ўйла, Олеся. Сен энди мен билан бувинг ўртасида биримизни танлашингга тўғри келади. Фақат бир нарсани билиб қўй – сенсиз менга ҳаёт заҳар-заққум бўлади.
– Жонгинам! – теран назокат, бениҳоя мулойимлик билан гапирди Олеся. – Фақатгина шу сўзларинг учун ҳам сенга раҳмат. Кўнглимни кўтардинг… Лекин барибир мен сенга турмушга чиқмайман… Яхшиси, агарда қувмасанг, мен сен билан бирга юрай… Фақат ошиқма, илтимос, мени шоширма. Менга бир-икки кун муҳлат бер, ҳаммасини яхшилаб ўйлаб кўрай. Кейин бувим билан ҳам гаплашиб олишим керак.
– Менга қара, Олеся, – дедим мен миямга “ялт” этиб бир фикр келиб урилгач. – Балки сен яна… черковдан қўрқаётгандирсан?
Эҳтимол гапни ана шундан бошлаш керакмиди. Худонинг берган куни мен Олеся билан сеҳр-жоду кучларини эгаллашга алоқадор авлоди устидан уларни қийнаб, ҳукм ўтказиб келаётган сохта тавқи лаънат ҳақидаги фикридан қайтаришга уриниб баҳслашардим. Аслини олганда, ҳар бир рус зиёлисида бир оз тараққийпарвар яшайди. Бу нарса қонимизда бор, буни бизга сўнгги ўн йилликларда рус беллетристикаси сингдирган. Яна ким билади? Агарда Олеся динга астойдил эътиқод қилганида, ҳамма амалларини сидқидилдан бажарганида ва черковга канда қилмай бориб турганида – у ҳолда мен қизнинг диндорлиги устидан киноя қилсам (фақат енгилгина, чунки мен ўзим доимо динга эътиқод қилиб келаман) ва қизда танқидий жиҳатдан билимга интилишини ривожлантирсам бўларди. Аммо қиз қатъиян ва соддадилларча ишонч билан қора кучлар билан мулоқоти ҳамда ҳатто Худодан ётлашгани ҳақида кўнглидаги гапларни тўкарди, шуни айтиш керакки, Худо ҳақида ҳатто гапиришга ҳам қўрқарди.
Олесяни ирим-чирим, бидъатдан сусайтиришга қасд қилишим бесамар кетарди. Барча келтирган мантиқий далил-исботларим, баъзан барча қўпол ва аччиқ пичингларим унинг сирли қисматидаги афсунгарлигига бўлган итоаткорона ишончига урилиб парчаланиб кетарди.
– Сен черковдан қўрқасанми, Олеся? – қайтариб сўрадим мен.
У индамай бошини эгди.
– Сен, Худо мени қабул қилмайди, деб ўйлайсанми? – мен тобора қизишиб гапимда давом этдим. – Худо сендан марҳаматини аяйдими? Миллионлаб фаришталар амрига шай турган бўлишига қарамай, ерга тушиб, барча инсонларни қутқариш учун даҳшатли, шармандали ўлимни қабул қилган зотда марҳамат-мурувват йўқми?! Фоҳиша аёлнинг афсус-надомати, пушаймонлигини қабул қилиб, уни кечирган ва қароқчи қотилга бугун жаннатда бирга бўлишга ваъда берган зотда йўқми раҳмдиллик?
Менинг талқинимда бу фикрларнинг бари Олесяга янгилик бўлмай қолганди, аммо бу сафар у ҳатто гапларимни эшитмади ҳам. У рўмолини тезгина олди-да, уни ғижимлаб юзимга отди. Ана, югур-югур бошланди. Мен ундан дўлана гулини оламан деб интилдим. Қиз бунга қаршилик кўрсатаркан, ерга йиқилиб тушди ва хуррам кулди ва тез-тез нафас олиб турган тотли лабларини чўзганича ўзи билан бирга мени ҳам тортиб кетди…
Кеч оқшом хайрлашиб, анча жойгача бориб қолганимизда бирдан ортимдан Олесянинг овозини эшитдим:
– Ванечка! Бир дақиқага тўхтаб тур… Мен сенга бир гап айтаман!
Мен орқамга ўгирилдим ва унга пешвоз юрдим. Олеся шошилганича мен томон югуриб келди. Кўкда ингичка, кумушсимон ўтмас ўроқ бўлиб янги ой чиққанди, мен янги ойнинг бўзарган ёруғида Олесянинг кўзлари тўкилиб улгурмаган йирик дона ёшларга тўлалигини кўрдим.
– Олеся, нима гап? – сўрадим хавотирланиб.
У қўлларимни ушлаб олди-да, устма-уст ўпа кетди.
– Азизим… шундай яхшисанки! Шундай олижанобсан! – дерди титроқ овозда. – Ҳозир йўлда кета туриб, мени шундай севасанки, деб ўйладим!.. Биласанми, мен сенга бирор-бир жуда, жуда ёқадиган бир иш қилгим келяпти.
– Олеся… Ёқимтой қизгина, тинчлан…
– Менга қара, қани, айт-чи, – сўзида давом этди у, – агарда мен бирор кун черковга борсам, сен жуда хурсанд бўлардинг-а? Фақат тўғрисини, ростингни айт.
Мен ўйланиб қолдим. Кутилмаганда миямга иримга ўхшаш бир ўй келиб қолди: бундан бирор кўнгилсизлик чиқмасмикин?
– Нега индамайсан? Гапирсанг-чи тезроқ, бундан хурсанд бўлармидинг ёки сенга барибирми?
– Сенга нима десамикин, Олеся? – дея бошладим мен гап тополмай тутилиб. – Ҳа, балки бу менга ёқарди. Мен сенга кўп марталаб айтганман-ку, ахир, эркак киши динга ишонмаслиги, шубҳаланиши, ҳатто кулишиям мумкин. Бироқ аёл киши… аёл, сўзсиз, тақводор бўлиши керак. Мен ўзини Худо ҳимояси остига топширган аёлнинг оддий ва инжа, ҳамиша кўнгилга бориб тегадиган аёллик нафосати ва гўзаллигини ҳис қиламан.
Мен жим бўлиб қолдим. Олеся ҳам бошини кўксимга яширганча жавоб бермади.
– Нима учун сен мендан буни сўрадинг? – қизиқдим мен.
Олеся бирдан чўчиб тушди.
– Ўзим… Шунчаки сўрадим… Сен бунга эътибор берма. Бўпти, хайр бўлмаса, азизим. Эртага келгин-а.
У кўздан ғойиб бўлди. Мен яна тез, олислаган қадам товушларига қулоқ тутганимча қоронғиликка узоқ тикилиб турдим. Кутилмаганда кўнглимга келган хаёлнинг ногаҳоний даҳшати вужудимни қоплаб олди. Олесянинг изидан югургим, ҳатто черковга бормаслигини сўраб, ўтиниб-ёлвориб, ҳатто керак бўлса, талаб қилгим келиб кетди. Лекин мен ичимдаги кутилмаган хавотирли шиддатни тутиб қолдим – эсимда – йўлга тушарканман, овозимни чиқариб дедим:
– Афтидан, сиз ўзингиз, азиз Ванечкам, иримчи бўлиб қолибсиз.
О Худойим-эй! Нега энди мен ўшанда юрагимнинг ғалаёнли майлига қулоқ тутмадим – энди ўзим, шубҳасиз, бунга ишониб ўтирибман! – кўнгил ўзининг олдиндан сезажак сирли туйғуларида асло адашмайди!

XII

Бу учрашувнинг эртаси куни муқаддас Троица байрами айни шаҳид Тимофей кунига тўғри келди, халқ ривоятларида нақл қилинишича, экин битмаган вақтлар, ҳосилсизлик олдидан у хотирланади. Черковга оидлиги бўйича Переброд қишлоғи рўйхатга илова қилинган ҳолда белгиланганди, яъни бу ўринда гарчанд алоҳида ўз поплари назарда тутилмаган, Волчье қишлоғининг попи аҳён-аҳёнда, рўза ва катта байрамларда келиб турарди.
Мен шу куни хизмат ишлари важидан қўшни қишлоққа боришим зарур бўлиб қолди, у ёққа эрталаб саккизларда, ҳали ҳаво салқинлигида от миниб жўнадим. Мен бирор жойларга бориб-келиш эҳтиёжлари учун аллақачонлар шу ердан, кўримсиз наслли беш-олти ёшли той сотиб олгандим, аммо отим хунук бўлса-да, илгариги эгаси, уезд ер ўлчовчиси уни меҳр билан ардоқлаб парвариш қилиб боққанди. Отимнинг лақаби Таранчик эди. Мен оёқлари бақувват, ингичка, силлиқ, чигал ёллари остидан жаҳл ва ишонқирамай қараб турган чақноқ кўзли, лаблари маҳкам жипслашган ана шу қадрдон жониворга жуда ўрганиб қолгандим. От туси яккам-дуккам ва кулгили кўринарди: ҳамма ёғи кулранг, бўз, фақат унинг сағрисига чипор, оқ ва қора доғлар тошганди.
Мен бутун қишлоқдан ўтиб, йўл босишимга тўғри келди. Черковдан то қовоқхонагача кетган ям-яшил майдон саф тортган араваларга тўлиб кетганди, ушбу уловларда теварак-атрофдаги қишлоқлар: Волоша, Зульна ва Печаловкадан деҳқонлар хотинлар ва болалари билан байрамга келгандилар. Одамлар аравалар ўртасида у ёқдан- бу ёққа зир югурардилар. Ҳали эрта саҳар экани ва қатъий қарорлар қабул қилинганига қарамай, улар орасида маст-аластлар учрарди (собиқ майхоначи Сруль байрамлар ва тун пайтлари яширинча ароқ сотарди). Тонгда шамол эсмаётган ва ҳаво дим эди. Ҳаво ёнмоқда ва кун чидаб бўлмас иссиқ бўлиши кутилмоқда эди. Қизиган ва худди қўрғошин ютгандай кумушсимон чанг қоплаган осмонда бир парча ҳам булут кўринмас эди.
Қишлоқда ўзимга керакли барча ишларни тўғрилаб бўлгач, қўнаржойда қийма солиб пиширилган яҳудийча чўртанбалиқни апил-тапил маза-матрасиз, хира пиво билан танаввул қилдим-да, уйга жўнадим. Лекин темирчилик устахонаси ёнидан ўтиб кетаётиб, Таранчикнинг олдинги чап оёғини тақаси анчадан буён лиқиллаб қолгани эсимга тушди ва отимга тақа қоқтириш учун тўхтадим. Отга тақа қоқтириш бир ярим соат вақтимни олди, Перебродга кириб келганимда соат тушдан кейинги тўрт ва беш оралиғи бўлиб қолганди.
Бутун майдонда ғуж-ғуж маст-аластлар, чуғурлашган одамлар қайнаб ётарди. Қовоқхона панжаралари ва эшик олдлари том маънода бир-бирини туртган, эзган харидорларга лиқ тўла эди; перебродлик деҳқонлар ўтлар устида, аравалар соясида ўтириб олганларича четдан келганлар билан аралаш-қуралаш бўлиб кетганди. Ҳамма ёқда орқага ташланган бошлар ва тепага кўтарилган шишалар кўриниб турарди. Бирорта ҳушёр кимсанинг ўзи йўқ эди. Ялписига ичиб, маст бўлиш шу даражага етгандики, бир деҳқон ўзидан кетиб, керилиб, кайфи ошгандан-оша бошлайди, ўзини идора қилолмай қолади, масалан, бошини тасдиқлайман, деб ирғаш ўрнига бутун гавдаси билан “шилқ” этиб ерга ўтириб қолади, тиззаларини букаркан, бирдан ўзини тутолмай, гандираклаб орқасига тисланиб кетади. Чурвақалар чувиллашар, бепарво хашак кавшаётган отлар оёқлари остида чийиллашиб ўйнарди. Бир қарасанг, бир хотин ўзи аранг оёғида турибди, йиғламсираб, койиганча оёқ тираб олган, ичганида бетига қараб бўлмаган беўхшов, ғирт маст эрининг енгларидан тортиб уйга опкетишга уринади. Девор соясида йигирматачаларча эркагу аёл кўр лирник атрофини ғуж бўлиб ўраб олганди, лира чолғусининг бир маромда ғиз-ғиз этиб жаранглаган садосига лирникнинг титроқ, димоғида куйлаган тенор овози жўр бўлмоқда эди. Мен узоқданоқ думканинг таниш сўзларини эшитдим.

Ой, зийшла зоря, тай вечирняя
Над Почаевым стала.
Ой вышло вийско турецкое,
Як та черная хмара…

Сўнгида бу думкада турклар қандай қилиб ҳужум қилмасдан туриб, ҳийла билан Почаев лаврасини олмоқчи бўлгани ҳақида ҳикоя қилинарди. Улар шу мақсадда гўё монастирга совға тариқасида порох тиқиб, тўлдирилган баҳайбат шам жўнатадилар. Ушбу шамни ўн икки жуфт ҳўкизларда олиб келадилар, роҳиблар териларига сиғмай хурсанд бўлганларидан шамни Почаев Биби Марям иконаси олдида ёқмоқчи бўлибдилар, лекин Худо ушбу қабиҳ ниятнинг амалга ошишига йўл қўймабди:

А приснился старшему чтецу,
Той свечи не брати.
Вывезти еи в чистое поле,
Сокирами зрубати.

Шунда иноклар куйлайди:

Вывезли еи в чистое поле,
Стали еи рубати.
Кули и патрони на вси стороны
Сталы – геть! – роскидати…

Тоқат қилиб бўлмас куннинг иссиқ ҳарорати ароқнинг куйинди иси, пиёз, қўй пўстини, ўткир бакун махоркаси ва инсон баданидан чиққан терларнинг бадбўй ҳидлари бари қоришиб, бутун ҳавони тутиб кетганди. Тинмай калласини қимирлатаётган Таранчикни базўр тутиб, одамлар орасини эҳтиёт бўлиб ёриб ўтдим, ҳар томондан мени сурбетлик, қизиқувчанлик ва ёвқараш қилиб таъқиб қилган нигоҳларни сезмаслигим мумкин эмасди. Одатга қарши, бирорта одам бош кийимини олмади, лекин мен пайдо бўлишим билан шовқин-сурон бирдан тиниб қолгандай бўлди. Тўсатдан қайдадир оломон орасидан маст, хирилдоқ бақириқ эшитилди, бироқ аниқ-тиниқ эшитмадим, бақириққа жавобан тийиқсиз хахолаш таралди. Қандайдир аёл овози қўрқа-писа бақироқни тинчитишга тиришди:
– Жим, аҳмоқмисан… Нега бақирасан! Эшитиб қолади…
– Менга нима, эшитса эшитар! – гапида давом этди жўшиб. – Нима, менга у бошлиқми, ким? У фақат ўрмонда анавиниси билан…
Жирканч, узундан-узун, даҳшатли жумла тийиқсиз хахолаш жазаваси билан бирга ҳавода муаллақ осилиб қолди. Мен отимни тез орқага қайтардим ва ҳеч нимани кўрмай, ҳеч нимани ўйламай, дея телбаларча қаҳр билан ўрма қамчин сопини титраб-қақшаб қисдим. Шунда бирдан миямга ғалати, азобли, қайғули фикр келиб урилди. “Буларнинг ҳаммаси қачонлардир, ҳаётимда кўп, кўп йиллар илгари юз берганди… Худди шундай қуёш аёвсиз қиздираётганди… Худди шундай улкан майдонни шовқин солган, жазавага тушган оломон босганди… Мен қаҳр-ғазабдан қутуриб ортимга ўгирилдим… Лекин бу воқеа қаерда бўлганди? Қачон? Қачон?..” Мен қамчинни қўйиб юбордим ва уй томон шамолдай елдим.
Ошхонадан секин чиқиб келган Ярмола отни мендан олиб, дағаллик билан деди:
– У ёқда, панич, Маринов ер-мулкидан гумашта келган, хонангизда ўтирибди.
Назаримда, Ярмола яна нимадир, мен учун жуда муҳим ва кўнгилсиз бир нима демоқчидай туюлди, ҳатто унинг юзида заҳарли калака ифодаси лип этиб ўтгандай туюлди. Мен эшик олдида атайин ушланиб қолдим ва жиғига тегиш учун Ярмолага қайрилиб қарадим. Лекин у менга қарамасдан бўйнидан чўзилиб тушган ва оёқлари билан аста босиб борган от юганидан судради.
Хонамда қўшни ер-мулк идора хизматчиси – Никита Назарич Мишченкони кўрдим. У катта-катта малларанг катакли кулранг пиджак, тўқ зангориранг тор-танқис шим кийиб олган ва бўйнида оловранг-қирмизи бўйинбоғ, сочининг ўртасидан суркаб фарқ очиб қўйилган, ундан форс настаринининг ўткир иси гупиллаб уриб турарди. У мени кўриб курсидан сапчиб турди ва иккала жағини очганида рангсиз милкларини кўрсатиб, табассум билан эгилмасдан, белини букмоқчи бўлиб, таъзим қилишга уринди.
– Сизга таъзим қилиш шарафига муяссар бўлганимдан мамнунман, – илтифот билан бидир-бидир қилди Никита Назарич. – Кўришганимиздан хурсандман… Мен сизни бу ерда ибодатдан бери кутиб ўтирибман. Сизни кўрмаганимга анча бўлди, ҳатто сизни соғиндим ҳам. Сиз ўзингиз нега биз томонларга ҳеч ўтмайсиз? Ҳатто бизнинг степанлик ойимқизларимиз сиздан куладилар ҳам.
Шунда бирдан ногаҳон бир нарса эсига тушиб қолиб, ўзини тутолмай хахолаб кулиб юборди.
– Мана, мен сизга айтсам, бугун шунақа бир ҳангома бўлдики, қўяверасиз! – хитоб қилди у кулгидан нафаси бўғзига тиқилиб. –Ха-ха-ха-ха… Мен ҳатто кулавериб ичакларим узилаёзди!..
– Нима бўлди? Қандай ҳангома? – сўрадим мен қўполлик билан норозилигимни яширолмай.
– Ибодатдан кейин у ерда жанжал чиқди, – давом этди Никита Назарич ора-орада ҳаҳолаш тутқаноғи билан нутқини узиб-узиб. – Перебродлик қизгиналар… Йўқ, Худо ҳаққи, чидаёлмайман… Перебродлик қизлар бу ерда, майдонда алвастини тутиб олишибди… Яъни, албатта, улар уни алвасти деб ҳисоблайдилар омиликларидан… Қизлар унинг таъзирини бериб қўйибдилар!.. Қатрон суркаб безаб қўймоқчи бўлган эканлар, у бир амаллаб ораларидан қутулиб чиқиб кетибди…
Миямда “ялт” этиб, даҳшатли бир гумон пайдо бўлди. Мен идора хизматчисига ташландим, азбаройи хавотирдан унинг кифтларига қўлим билан хиппа ёпишдим.
– Нималар деяпсиз?! – бақирдим мен ғазабнок овозда. – Ҳи-ҳилашни бас қилсангиз-чи, падари қусур! Қандай алвасти ҳақида гапиряпсиз ўзи?
У бирдан кулишдан тўхтади ва менга юмалоқ, қўрқув тўла кўзларини дўлайтирди.
– Мен… мен, тўғриси, билмайман, – ўзини йўқотиб ғўлдиради у. – Менимча, қандайдир Самуйлихамиди… Мануйлихамиди… ёки… Афв этасиз… Қанақадир Мануйлиханинг қизимикин?.. Бу ерда нималардир деб лақиллашаётганиди эркаклар, аммо мен, тан олиб айтаман, эсимдан чиқибди.
Мен уни нимани кўрган ва эшитган бўлса, барчасини бир бошдан тартиб билан гапириб беришга мажбур қилдим. У тутуриқсиз, пойинтар-сойинтар қилиб чалкаш гапирди, мен бўлсам ҳар бир дақиқада уни сабрсизлик билан сўраб-суриштиришлар, ҳайқириқлар ва деярли сўкиш билан гапларини бўлиб турдим. Мен унинг ҳикоя қилиб беришидан жуда оз маълумотларни билдим ва фақат орадан икки ой ўтгач, ушбу лаънати воқеага шоҳид бўлганларнинг, ўша куни ибодат чоғи давлат ўрмон участкаси мудирини хотинининг айтиб беришига қараб ўша ҳодисани бирма-бир тиклаб олдим.
Менинг ўшанда кўнглим сезган экан. Ўша куни Олеся қўрқувини енгиб, черковга келади; гарчанд у фақат черковда хизмат кўрсатилаётгани маросими ўртасига етиб борган ва черков даҳлизида турган бўлса-да, унинг келганини шу заҳоти ўша ерда ҳозир бўлган ҳамма деҳқонлар билиб қолади. Черковда хизмат чоғи аёллар шивир-шивир қилган ва орқаларига ўгирилиб қараганлар.
Бироқ Олеся ибодат тамом бўлгунича тура олиш учун ўзида етарли куч топади. Эҳтимол у ана шу ёвқарашларнинг асл маъносини тушунмаган, эҳтимол ориятли бўлгани учун парво қилмагандир. Аммо у черковдан чиқаркан, иҳотанинг олдидаёқ ҳар томондан бир тўда хотин-халаж, ҳар дақиқа сайин кўпайишиб ва бари янада жипслашиб Олесянинг атрофини қуршаб олганлар. Аввалига, улар ҳар тарафга қўрқув билан аланглаган якка ўзи, бундай вазиятда ожиза бўлиб қолган қизга фақат жимгина ва густоҳона тикилиб қараб турганлар. Сўнгра масхарали кулгилар жўрлигида қўпол пичинглар, қабиҳона сўзлар, қарғашлар ёғилган, давомида айрим наъралар ялписига қулоқни тешворгудай қий-чувга айланадики, ушбу можарода ҳеч нимани англаб олишнинг иложи бўлмайди ва бунда кўпроқ у ёқ-бу ёққа югурган тўданинг асаблари таранг тортилиб, жиғибийрон бўлади. Олеся бир неча марта ана шу жонли, даҳшатли қуршов ҳалқаси орасидан чиқиб кетишга интилади, аммо ҳар сафар уни яна ўртага итарадилар. Тўсатдан қаердандир тўда орқасидан чийиллаган кекса овоз: “Манжалақига қатрон сурканглар, қатрон!”– дея бақиради. (Маълумки, Малороссияда қиз бола яшайдиган ҳатто уй дарвозасига қатрон суриш унинг учун сира ювиб бўлмайдиган ҳаддан ортиқ шармандалик ҳисобланади.) Деярли шу дақиқанинг ўзидаёқ қутурган хотинлар галасининг бошлари узра қўлдан қўлга ўтиб, қатрон ва қатронли чўтка пайдо бўлади.
Шунда Олеся ғазаб, даҳшат ва аламидан, дуч келган биринчи азоблаган аёлга жон-жаҳди билан ташланиб, уни уриб йиқитади. Шу заҳоти ерда бир тўда қайнайди ва ўнлаб таналар аралаш-қуралашиб, ягона ялпи қичқирган оломонга айланади. Бироқ Олеся қай бир мўъжиза билан ана шу тугуннинг ичидан сирғалиб чиқиб кетишга муваффақ бўлади, у ўйлаб ўтирмасдан йўлдан – рўмолсиз, дабдаласи чиққан, баъзи жойларидан яланғоч бадани кўриниб турган йиртиқ кийимда чопиб боради. Унинг изидан ҳақоратлар, калака қилиб кулишлар, очиқдан-очиқ таҳқирли сўзлар билан бирга тошлар отилади. Аммо унинг орқасидан бир нечта хотин югуради, ўшалар ҳам орқада қолиб кетадилар. Олеся эллик қадамларча чопиб боргач, тўхтайди, йиртқичга айланган тўдага бўздай оқариб кетган, тимдаланган, қонаб ётган юзини ўгиради ва шундай баланд овозда бақирадики, унинг сўзларини майдонда ҳозир бўлган ҳар бир одам эшитади:
– Жуда яхши-да!.. Сизлар ҳали буни эслаб қоласизлар! Сизлар ҳали буларнинг бари учун бурнингиздан булоқ келгунча тўлаб қўясизлар!
Бу таҳдид, кейинчалик ўша воқеанинг гувоҳи айтиб берганига кўра шундай ғазаб, шундай нафрат, шундай қатъият билан валиларча оҳангда айтиладики, бир онга ушбу оломон худди донг қотиб қолгандай бўлади, лекин фақат бир онга сукунат чўкади, чунки шу дамда яна ҳақорат-таҳқирларнинг янги тўлқини отилади.
Такрор айтаман, содир бўлган ушбу можаронинг кўпгина тафсилотларини анча кеч билдим. Мишченконинг ҳикоясини охиригача эшитиб ўтиришга кучим ҳам, сабрим ҳам етмади. Тўсатдан хаёлимга Ярмола ҳали отнинг эгар-жабдуқларини олиб қўймагандир, деган гап келди ва ҳайратда лол қолган идора хизматчисига бир оғиз сўз ҳам демай шошилиб ҳовлига чиқдим. Ярмола ҳақиқатан ҳали Таранчикни девор ёқалаб олиб юрарди. Мен отни тез юганладим, айилни таранг тортиб боғладим ва яна маст оломонга йўлиқиб, улар орасидан ёриб ўтмаслик учун айланма йўл билан ўрмон томон елдим.

XIII

Менинг ғазабнок от чоптиришимнинг давомида қандай аҳволга тушганимни тасвирлаб бериб бўлмайди. Қай бир дақиқаларда қаерга ва нима учун кетаётганимни мутлақо унутдим; фақатгина қандайдир тузатиб бўлмас ва қўрқинчли ҳодиса юз берганини изтироб билан англаб етиш – ана шу англаш баъзан безгак пайти инсонни қамраб олган алаҳсирашидаги сабабсиз оғир таҳликани ёдга солади. Айни пайтда – шуниси ғалати! – миямда от дукур-дукурига монанд, кўр машшоқнинг манқа, синиқ овози титрашини қўймасди:

Ой вийско турецкое,
Як та черная хмара.

Мен Мануйлиханинг кулбасига элтувчи тор сўқмоққа етгач, терлик чеккалари ва от териси абзалига теккан жойларида оппоқ, юмалоқ тошдай-тошдай бўлиб қуюқ кўпик чиққан Таранчикдан тушиб, уни жиловини бўшатдим. Куннинг кучли жазирамаси ва отда тез юрганимдан гўё қандайдир улкан, бетиним насос билан ҳайдаган каби миямда қон гупурарди.
Отни четандеворга бойлаб, уйга кирдим. Дастлаб менга Олеся уйда йўқдай туюлди, ҳатто қўрқувдан кўксимда оғриқ турди, оғзим музлаб қолди, бироқ бир дақиқалардан кейин тўшакда қизнинг деворга қараб, ёстиққа бошини яшириб ётганини кўрдим.
Шу ерда, ёнимда ерда ўтирган Мануйлиха машаққат билан ўрнидан турди ва менга қўлларини силкиди.
– Жим! Шовқин солма, баттол, – шивирлаб пўписа қилди кампир менга тобора яқинлашиб. Яна кўзларимга туссиз совуқ кўзларини тик қадади, жаҳл билан вишиллади: – Нима? Ўйнаб бўлдингми, азизим?
– Менга қара, момо, – қаршилик билдирдим кескин, – ҳозир ҳисоб-китоб қилиш ва гап талашиб ўтиришнинг мавридимас. Олесяга нима бўлди?
– Тш-ш…жим! Ана, Олеся беҳуш ётибди, нима бўлганини кўр ўзинг… Тўғри келмаган жойга бурнингни суқасан, қизалоққа бўлар-бўлмас нарсаларни валдирамаганингда эди, ҳеч бир ёмонлик бўлмас эди. Мен-ку тентак, авайладим-асрадим, эркалатиб юбордим… Ахир, кўнглим бир фалокат бўлишини сезганди-я… Сен ўзинг, сал бўлмаса, уйимизга бостириб кириб келган кунингдаёқ кўнглим кўнгилсизликни сезган эди. Нима? Ахир, сен черковга кириб боришга аврамадингми уни? – бирдан ғазаб-нафратдан қийшайиб кетган юзини қаратиб менга ташланиб қолди кампир. – Сенмасмидинг, лаънати оқбилак йигитча? Ёлғон гапирма – тулки думингни кўпам ликиллатаверма, беномус! Черковга боргин, деб унинг бошини қотириш сенга нега керак бўп қолди?
– Мен уни қизиқтирмадим, момо… Сизга буни сўз бериб айтаман. Ўзи шуни хоҳлади.
– Оҳ, бош балоси, бало бўлдинг-а менга! – Мануйлиха қўлларини шалп-шалп урди. – Уйга югуриб келибди де – рангида ранг йўқ, бутун кўйлаклари тарра-бурра йиртилган… Бошяланг… Нималар бўлганини гапириб беряпти, ўзи бўлса дам кулади, дам йиғлайди… Худди жазаваси тутган тутқаноқ дейсан… Тўшакка ётди… йиғлагани йиғлаган, сўнг, қарасам, худди пинакка кетганга ўхшади. Мен қари мияси суюлган кампир, хурсанд бўлиб ўтирибман: мана энди, ухлаб олса, ўтиб кетади, барини орқага ташлайди. Қарасам, қўллари пастга осилиб тушган, тўғрилаб қўяй, деб ўйлайман, қўллари увушиб қотиб қолибди… Уни қимирлатаман, жонимни қўлидан тортаман, қизим бўлса оташ бўлиб ёняпти, ҳарорати баланд… Демак, безгакка чалинибди-да… Бир соатча тинмай гапирди, бирпасда шундай бўлса куймайсанми… Мана, ҳозир бир дақиқага тингани. Нима қилиб қўйдинг? Унга нима қилиб қўйдинг? – янгитдан алам билан дағдаға қилди кампир.
Бирдан кампирнинг башараси йиғидан қўрқинчли тарзда буришиб кетди, лаблари чўзилиб, бурчлари пастга осилди, пешонасида тарам-тарам чуқур ажинлар қолдириб, қошлари тепага кўтарилди, кўзларидан эса ноодатий йирик, нўхатдай-нўхатдай ёш томчилади. У бошини қўллари билан ушлаб, тирсакларини столга қўйди, бутун гавдаси билан бир орқага, бир олдинга тебранаркан, пичирлаб куйлагандек ув-ув йиғлади.
– Жоним қизим-ай! Майдагина неварам-ай!.. Оҳ, ичим ёниб кетяпти, сиқилиб кетяпти!..
– Ҳадеб йиғлайверасанми, кампир, – мен қўполлик билан Мануйлихани кесдим. – Уйғотиб юборасан!
Кампир жим бўлиб қолди, бироқ юзини боягидай буриштирганича бир орқага, бир олдинга чайқалаверди, шу орада йирик-йирик кўз ёшлари столга тома бошлади… Шу тариқа орадан ўн дақиқаларча ўтди. Мен Мануйлиханинг ёнида ўтирардим ва дераза ойнасига урилиб, виз-виз қилаётган пашшанинг овози каби бир хилда ва узиб-узиб визиллашини изтироб билан эшитиб ўтирардим…
– Бувижон! – кутилмаганда заиф, зўрға эшитарли Олесянинг овози эшитилди.
Мануйлиха шошилиб оқсай-оқсай каравот томон борди ва яна ув-ув қилиб йиғлади:
– Оҳ, неварам-ай, жони жаҳоним-а! Оҳ, қари ёшимда кулфат тушди бошимга, вой азобим-ай…
– Эй, буви, бўлди-да энди! – овозида шикоятомуз илтижо ва азоб-изтироб оҳанги билан деди Олеся. – Уйимизда ўтирган ким?
Мен эҳтиёткорлик билан оёқ учида каравотга яқинлашдим ва ҳамиша бемор қаршисида ҳис этажак ўзингнинг соғ эканинг ва қўполлигинг учун айбдорлигингни англаб, хижолат бўлиш туйғуси билан унинг олдига бордим.
– Бу менман, Олеся, – дедим мен овозимни пасайтириб. – Ҳозиргина отда қишлоқдан келдим… Эрталабдан шаҳарда эдим… Тобинг йўқми, Олеся?
У, юзларини ёстиқдан кўтармай, худди ҳавода ниманидир излаётганга ўхшаб яланғоч қўлини орқага чўзди. Мен бу ҳаракатни тушундим ва унинг қайноқ қўлларини қўлларимга олдим. Иккита каттакон кўкимтир доғ – бири панжасининг устида, иккинчиси тирсагидан юқорида эди – оппоқ нозик терисида яққол ажралиб турарди.
– Азизим, – сўз бошлади аста Олеся, бир сўзни иккинчисидан қийналиб ажратиб. – Сенга қарагим келяпти… бундай қилолмайман… Мени бутунлай… дабдаламни чиқардилар… Эсингдами… сенга… менинг юзим жуда ёқарди?.. Ростдан ҳам ёқарди-а, азизим?.. Мен доимо бундан хурсанд бўлиб юрардим… Энди сен… менга қарагинг келмайди… Мана энди… мен… энди истамайман…
– Олеся, мени кечир, – шивирладим мен унинг қулоғига эгилиб.
Унинг алангайи оташ бўлиб ёнаётган қўли менинг қўлимни маҳкам ва узоқ қисиб турди.
– Қўйсанг-чи!.. Нима бўлди, жоним?.. Шундай деб ўйлашга уялмайсанми? Бу ишда сенинг нима айбинг бор? Ҳаммасига ўзим айбдорман, тентак қиз… Аслида, нима учун… бундай қилдим ўзи? Йўқ, жонгинам, сен ўзингни айбдор санама…
– Илтимос, докторга одам жўнатишимга изн бер… Илтимос қиламан! Агар истасанг, у буюрган дорилардан бирортасиниям қабул қилмаслигинг мумкин. Жуда бўлмаса, мен учун рози бўл, Олеся.
– Оҳ, азизим… Мени қандай тузоққа туширдинг-а! Йўқ, яхшиси, ўз ваъдангни бажармасликка ижозат бер. Агарда мен чиндан ҳам касал бўлганимда, ўлим ёқасида ётган, ёнимга ҳеч қандай докторни йўлатмаган бўлардим. Наҳотки, мен бемор бўлсам? Шунчаки қўрққанимдан шундай бўлди, кечгача ўтиб кетади. Э, йўқ – шундай ҳам бувим марваридгул дамламасини тайёрлаб беради ёки чойнакка хўжағатни дамлайди. Докторнинг нима кераги бор? Сен – менинг энг яхши докторимсан. Мана, сен келдингу, дарҳол яхши бўлиб қолдим. Эҳ, фақат менга биргина нарса яхши бўлмаяпти: лоақал сенга бир кўз билан бўлсаям қарагим келяпти-ю, қўрқяпман…
Мен аста авайлабгина унинг бошини ёстиқдан олдим. Олесянинг юзи иситмадан ловуллаб ёнмоқда, қора кўзлари ғайритабиий ёрқин бўлиб порларди, қуруқ лаблари асабий, сесканиб титраб турарди. Узунасига қип-қизил шилинган жойлар пешонаси, ёноқлар ва бўйнида чандиқққа ўхшаб қолганди. Пешонаси ва кўзлари остлари ҳам қорайиб-кўкариб турарди.
– Менга қарама… Илтимос қиламан… Мен энди бадбашара бўлиб қолдим, – ёлвориб шивирлади Олеся кафти билан кўзларимни бекитмоқчи бўлиб.
Кўнглим ачиниш ҳисларига тўлиб-тошди. Мен эгилиб Олесянинг адёлда ҳаракатсиз ётган қўлига лабларимни қўйдим ва уни узоқ, сўзсиз бўсаларим билан бекитмоқчи бўлдим. Мен илгари ҳам баъзан қизнинг қўлларини ўпардим, лекин у ҳамиша уларни ошиқич, уятчанлик билан чўчиб тортиб оларди. Энди эса ушбу эркалашга қаршилик кўрсатмади ва иккинчи, бўш қўли билан сочларимни жимгина силади.
– Ҳаммасидан хабаринг борми? – шивирлаб сўради у.
Индамай бошимни эгдим. Тўғри, мен ҳали Никита Назарич ҳикоясидан ҳамма гапни тушуниб етганимча йўқ эди. Мен Олеся эрталабки ҳодисани эслаб яна сиқилишини истамадим. Бироқ тўсатдан қиз таҳқир, ҳақоратларга мубтало бўлгани ҳақидаги фикрдан шу он шундай ғазабим қайнади.
– О! Нима учун шу пайт мен ўша ёқда бўлмадим-а! – бақириб юбордим мен муштимни тугиб. – Мен бўлганимда… бўлганимда эди…
– Бўлди… бўлди… Жаҳлинг чиқмасин, азизим, – беозоргина Олеся гапимни бўлди.
Мен анчадан бери томоғимга келиб тиқилган, кўзларимга келган ёшларни ортиқ тутолмай қолдим. Юзимни Олесянинг кифтларига қўйиб, бутун баданим чайқалиб сассиз ва аччиқ йиғладим.
– Сен йиғлаяпсанми? Йиғлаяпсанми? – унинг овозида таажжуб, меҳр ва ҳамдардлик оҳанглари янгради. – Азизим… Қўй энди, қўй… Ўзингни қийнама, жоним. Ахир, сенинг ёнингда ўзимни жуда яхши ҳис этяпман. Токи биз бирга эканмиз, йиғламаймиз. Ке, айрилишимиз унчалик оғир бўлмаслиги учун, жиллақурса, сўнгги кунларни қувноқ ўтказайлик.
Мен ҳайрат билан бошимни кўтардим. Бирдан мавҳум, олдиндан сезиш туйғуси аста юрагимни сиқиб кела бошлади.
– Сўнгги кунлар, дейсанми, Олеся? Нима учун – сўнгги? Нима учун айрилишимиз керак экан?
Олеся кўзларини юмди ва бир неча сония жим турди.
– Биз сен билан хайрлашишимиз керак, Ванечка, – дея гап бошлади у қатъият билан. – Мана, пича ўзимга келай, биз бувим билан ҳозирнинг ўзидаёқ бу ерлардан жўнаб кетамиз. Бу ерда ортиқ қололмаймиз.
– Сен бирор нарсадан қўрқяпсанми?
– Йўқ, азизим, керак бўлса, ҳеч нимадан қўрқмайман. Фақат нима учун одамларни гуноҳ қилишларига йўл бериш керак? Сен балки билмассан… Ахир, мен у ерда… Перебродда… жаҳлдан ҳам, уятдан ҳам қўрқдим… Энди мабодо бирор гап бўлиб қолса, бизга тўнкайдилар: бировнинг мол-ҳоли йиқиладими ёки бирортасининг уйи ёниб кетадими – ҳаммасига биз гуноҳкор бўламиз. Бувижон, – у Мануйлихага мурожаат қилди овозини кўтариб: – тўғри айтяпман-а?
– Нима дединг, неваражоним? Эшитмадим-да! – тамшанди кампир яқинроқ келиб, кафтини қулоғига қўйиб.
– Мен, энди Перебродда бирор фалокат бўлса, бизни рўкач қилишади, дейман.
– Оҳ, тўғри, тўғри, Олеся, ҳаммасини биз бечораларга ағдарадилар… Бизга бу ёруғ дунёда кун йўқ, рўшнолик йўқ, жонимиздан тўйдирадилар, безорижон қиладилар, лаънатилар… Ўшанда, мени қишлоқдан қандай ҳайдаб чиқаргандилар… Нима? Ахир, шундай бўлмаганмиди? Мен аламим келиб… ўшанда бир эсидан оққан олабайроқни қўрқитувдим, ўша хотинни – пақ этиб, қараса – боласи ўлиб ўтирибди. Яъни э йўқ, бе йўқ, зинғирча гуноҳим йўқ, мени нақ ўлдираёздилар малъунлар… Тошбўрон қила кетдилар… Мен-ку улардан қочишга-ку қочаман, лекин манави гўдагимни ўйлайман, эҳтиёт қиламан… Хўп, майли, тош менга тегса, тега қолсин, лекин қўлимдаги бегуноҳ норасидада нима гуноҳ? Нега ёш болани хафа қиладилар? Қисқаси – ваҳшийлар, дордан қочган разиллар!
– Қаёққаям борасиз? Ахир, ҳеч бир ерда қариндош-уруғларингиз, танишларингиз бўлмаса… Бориб янги жойга ўрнашиш учун ҳам пул керак бўлади-ку.
– Бир йўлини қилармиз амаллаб, – беписанд деди Олеся. – Бувимда пул топилади, йиғиб қўйгани бор.
– Пулмиш-а! – норозилик билан эътироз билдирди кампир каравотдан нари кетиб. – Кўз ёшлари тўкилган етим-есирларнинг чақалари…
– Олеся… Мен-чи, мен нима қиламан? Мен ҳақимда ўйлашниям истамайсан-а! – хитоб қилдим мен, ичимда Олесяга қарши аччиқ, хасталарча, кўнгилсиз ўпка-гина қўзғалаётганини ҳис қилиб.
Қиз сал ўрнидан қўзғалди ва бувисининг шу ерда эканидан тортинмай қўллари билан бошимни ушлади, пешонам ва ёноқларимдан кетма-кет ўпди.
– Ҳаммасидан ҳам сен ҳақингда кўпроқ ўйлайман, жоним. Фақат… кўрмайсанми… бирга бўлмаслик қисматимиз экан… ана шундай!.. Эсингдами, мен сенга қарта ташлаганим? Ахир, ҳаммаси қартада очилганидай чиқди. Демак, тақдир сен билан бирга бахтли бўлишимизни истамайди… Агар ана шу нарса бўлмаганида эди, наҳотки, мени бирор нимадан қўрқади, деб ўйласанг?
– Олеся, яна тақдирингни гапиряпсанми? – овозимни кўтардим мен сабрсизлик билан. – Мен тақдирга ишонишни хоҳламайман…. ҳеч қачон ишонмайман!..
– Оҳ, йўқ, йўқ… бундай дема, – қўрқув билан пичирлади Олеся. – Мен ўзимдан эмас, сендан қўрқаман, азизим. Йўқ, яхшиси, бу ҳақда умуман гап очмай қўя қол.
Мен Олесяни фикридан қайтаришга беҳуда уриндим, ғаразгўй тақдир ҳам, ёвуз одамлар ҳам халал беролмайдиган хавф-хатардан холи бахтли ҳаётимиз манзарасини беҳуда чиздим. Олеся фақат қўлларимни ўпар ва йўқ, дея бош чайқарди.
– Йўқ… йўқ… йўқ… мен биламан, кўриб турибман, – дея таъкидларди у қатъият билан. – Қайғу-ҳасрат, азобдан бошқа бизга нима йўқ, бўлмайдиям… ҳеч нима… ҳеч нима…
Мен саросимага тушиб, ана шу хурофий қайсарликдан миям гангиб қолиб, ниҳоят сўрадим:
– Лекин, ҳар ҳолда, қайси куни жўнашингни хабар қиларсан?
Олеся ўйланиб қолди. Бирдан лабларига заиф табассум инди.
– Мен сенга кичкина бир эртак айтиб бераман… Бир куни бўри ўрмонда югуриб юриб, қуёнгинани кўриб қолибди ва унга шундай дебди: “Қуён, қуён, ахийри, мен сени ейман-қўяман”. Қуён ялиниб-ёлворишга тушибди: “Раҳм қил, бўри, менинг яна яшагим келяпти, уйимда ёш болаларим бор”. Бўри кўнмасмиш. Шунда қуён ноилож шундай дебди: “Хўп, ҳеч бўлмаганда, бу оламда уч кунгина яшашимга қўйиб бер, сўнгра ейсан. Шунда ўлишим осонроқ бўлади”. Бўри қуёнга уч кун муҳлат берибди, уни емабди-ю, кўз-қулоқ бўлиб турибди. Орадан бир кун ўтибди, икки кун ўтибди, ниҳоят, учинчи кун поёнига етиб қолибди. “Хўш, энди ҳозирлигингни кўриб тур, – дебди бўри, – ҳозир сени емоқчиман”. Шунда қуёнгинам аччиқ-аччиқ кўзёш тўкибди: “Эҳ, нима учун, бўри, менга мана шу уч кунни хайр қилдинг! Кўрган заҳотинг мени еб қўяқолсанг бўлмасмиди. Мен шу уч кун ичида яшамадим, ич-этимни еб тамом бўлдим!” Азизим, ахир, қуёнгина бор ҳақиқатни айтганди. Сен ўзинг нима деб ўйлайсан?
Мен яқинда ёлғиз қолишимни олдиндан азоб билан ҳис қилганимча жим қолдим. Олеся бирдан гавдасини кўтариб, тўшакка тиз букиб ўтирди. Қизнинг юзи бирдан жиддий тортди.
– Ваня, менга қара… – тўхтаб-тўхтаб гапирди у. – Бир нарсани айт: мен билан бирга ўтказган вақтларинг бахтли бўлганмисан? Яхшимидинг?
– Олеся! Буни сўрашга ҳожат борми?
\– Тўхта… Мени таниганингга пушаймон бўлганмисан? Мен билан кўришган пайтларинг бошқа бир аёл ҳақида ўйлаганмисан?
– Бир он ҳам! Нафақат сенинг олдингда, ҳатто бир ўзим қолганимдаям сендан бошқасини хаёлимгаям келтирмаганман.
– Мени рашк қилганмисан? Мендан норози пайтларинг бўлганми? Мен билан зерикмаганмисан?
– Ҳеч қачон, Олеся, ҳеч қачон!
Олеся иккала қўлини елкаларимга қўйди ва тавсифлаб бўлмас муҳаббат билан кўзларимга тикилди.
– Билиб қўй, жоним, шундай, ҳеч қачон мен ҳақимда ёмон кўриб ёки алам билан эсламайсан, – худди менинг кўзларимда келажакни аниқ-равшан кўриб тургандай ишонч билан деди у. – Биз сен билан айрилганимизда дастлаб сенга жуда қийин бўлади, оҳ, шундай оғир… Йиғлайсан, ўзингни қўярга жой тополмай қоласан. Сўнгра эса ҳаммаси ўтиб кетади, бари унутилади. Кейин мени ғам-алам билан эсламайдиган бўласан, енгиллик ва кўнглингда севинч билан хотирлайсан.
Олеся яна бошини ёстиққа ташлади ва заиф овоз билан шивирлади:
– Энди борақол, жоним… Уйингга бор, азизим… Бир оз чарчадим. Тўхта… мени ўпгин… Сен бувимдан қўрқма… рухсат беради. Рухсат-а, бувижон?
– Бўпти, хайрлашавер, расманасига хайрлаш-да энди, – норози бўлиб вайсади кампир. – Мендан яширишнинг нима кераги бор? Аллақачонлардан буён биламан.
– Мени бу ёғимдан, яна бу ёғимдан ўп… ва бу ёқдан, – Олеся бармоқларини кўзларига, ёноқларига ва лабига тегизди.
– Олеся! Мен билан худди биз бошқа кўришмайдигандай хайрлашяпсан-а! – бақириб юбордим мен қўрқув билан.
– Билмайман, билмайман, азизим. Ҳеч нимани билмайман. Майли, энди борақол, Худонинг паноҳига. Йўқ, тўхта… яна бир дақиқа… Қулоғимга энгашгин… Мен нимага ачинаман, биласанми? – шивирлади у лабларини ёноғимга тегизиб. – Сендан фарзанд кўрмаганимга… Оҳ, бундан шундай хурсанд бўлардим!
Мен Мануйлиха кузатувида эшик олдига чиқдим. Кўк ярмини қирралари яққол кўзга ташланиб турган патила-патила қора булутлар қоплаб олганди, бироқ қуёш кунботиш томон эгилганча нур сочиб турарди ва ана шу ёруғлик билан бирга тўсиб бораётган қоронғиликнинг қоришиб кетиши нимадандир мудҳиш хабар келтираётгандай эди. Кампир осмонга қаради, кўзларига кафтларини гўё соябон қилди ва маъноли қилиб, бошини чайқади:
– Бугун Перебродда момақалдироқ бўлади, – деди у ишонч билан. – Хайрли эмас, дўл ҳам ёғади.
XIV
Мен Перебродга яқинлашиб қолганимда тўсатдан буралиб бўрон турди ва қуюн йўл ёқаларидаги симёғочларга чанг-тўзонларни ҳайдаб, олиб келиб урди. Илк – сийрак ва оғир – ёмғир томчилари ёға бошлади.
Мануйлиха адашмаганди. Бутун куни бўйи аста-секин тўплана бориб, ана шу иссиқ, чидаб бўлмас дим кунда ғайритабиий куч билан Переброд узра момақалдироқ шиддат билан гумбурлай кетди. Осмонда бетиним чақмоқ чақиб, ялтираб турди ва момақалдироқ гумбур-гумбуридан хонамнинг деразалари титради, жаранглади. Кечки соат саккизга яқин момақалдироқ бир неча дақиқага тиниб, баттар янгитдан қаҳр-ғазаб билан қутуриб гўё гулдураш учун танаффус қилиб турди. Тўсатдан қулоқни батанг қиларли қасир-қусурдан том ва кўҳна уй деворларига нимадир тўкилди. Мен дераза томон отилдим. Зўр дўл ёғди, катталиги ёнғоқдай-ёнғоқдай келадиган доналар тепага баланд-баланд ирғиганча ерга туша кетди. Мен уй олдигинасида ўсган тут дарахтига қарадим – дарахт мутлақо яп-яланғоч турарди, дўлнинг даҳшатли залплари унинг ҳамма япроқларини уриб, тўкиб ташлаганди… Дераза ортида бошига кўйлагини пана қилганича дераза эшикларини ёпиб қўйиш учун югурган Ярмоланинг қоронғида жуссаси аранг кўзга ташланди. Бироқ у кечикди. Деразалардан бирининг ойнасига каттакон муз парчаси шундай куч билан урилдики, ойна чил-чил синди, қарсиллаб хона бўйлаб сочилиб кетди.
Мен ўзимни толиққан, ҳорғин ҳис қилиб, ечинмасдан каравотга чўзилдим. Бу тун умуман ухлолмасам керак, то саҳаргача ночорлигимдан азобланиб, у ёнбошдан бу ёнбошимга ағдарилиб ухлолмасам керак, деб ўйладим, шунинг учун ҳам кейин ақалли хона бўйлаб юриб, ўзимни пича толиқтиришим учун кўйлагимни ечмасликни маъқул кўрдим. Лекин кутилмаганда жуда ғалати ҳол рўй берди: кўзларимни бир дақиқага юмгандай эдим, сўнг уларни очганимда дераза эшиклари тирқишидан қуёшнинг узун-узун ёрқин нурлари чўзилиб тушиб турарди, унда сон-саноқсиз зарсимон чанг зарралари айланарди.
Каравотим тепасида Ярмола турарди. Унинг қиёфаси жиддий хавотир ва сабрсизлик билан кутганини ифодалаб турарди: у бу ерда менинг уйқудан уйғонишимни анча вақтдан бери кутиб турган бўлса керак.
– Панич, – деди безовталик сезилиб турган бўғиқ овозда. – Панич, жўнаш керак…
Мен оёқларимни каравотдан осилтириб туширдим ва Ярмолага ҳайрон бўлиб қарадим.
– Кетиш дейсанми? Қаёққа кетаман? Нима учун? Сен ҳақиқатан ақлдан озибсан.
– Мендан ҳеч эс-пес кетгани йўқ, – тўнғиллади Ярмола. – Сиз кечаги дўл қилиғини эшитмадингизми? Қишлоқдагиларнинг ярмини жавдар буғдойи оёқ билан тепгандай поймол бўлган. Қинғир Максимда, Козелда, Мутда, Прокопчукларда, Гордий Олефирда… алвасти шайтон зиён берган-да… у йўқолиб битсин!
Тўсатдан, бир он хаёлимга бутун кечаги кун, черков олдида Олесяга қилинган таҳдид ва унинг қўрқиб, хавфсирашлари келди.
– Энди бутун жамоа бош кўтарди, – гапида давом этди Ярмола. – Эртаматандан ҳамма яна бақир-чақир қиляпти. Сиз ҳақингизда-чи, панич, ёмон гапларни бақиряпти… Биласизми бизнинг жамоа қандай? Агар улар алвастининг адабини берса, бу ҳаққоний иш бўлади, сизга-чи, панич, бир гапим – қочиб қутулинг, тезроқ.
Шундай қилиб, Олесянинг хавфсирашлари ўз тасдиғини топди. Зудлик билан уларга таҳдид солаётган таҳлика ҳақида огоҳлантириш керак. Мен шоша-пиша кийиндим, йўл-йўлакай сувда юзимни чайдим ва ярим соатдан сўнг Бисов Кут йўналишида отимни катта-катта йўрттириб чоптириб кетдим.
Қозиқоёқли кулбага қанчалик яқинлашганим сайин ичимда мавҳум, азобли хавотир ҳам шунчалик ортиб борди. Мен ўзимга-ўзим ишонч билан ҳозир қандайдир янги, кутилмаган мусибатга йўлиқаман, дердим.
Мен қум дўнгликка олиб борувчи тор сўқмоқдан деярли югуриб ўтдим. Кулба деразалари, эшик ланг очиқ эди.
– Худойим! Нима бўлди экан? – пичирладим мен ичкарига кирарканман юрагимни ҳовучлаб.
Уй бўм-бўш эди. Одатда шошилинч жўнаб кетилгач, бўшаб қолган уйлардаги сингари бу ерда ҳам мунгли манзара, чанг-чунг, тартибсизлик ҳукм сурарди. Ерда бир уюм супуринди ва латта-путталар ётарди, охири, бурчакда каравотнинг ёғоч қобирғаси турарди…
Мен юрагим сиқилиб, ўпкам тўлиб келди, гўё кўксим тўла ёш, уйдан чиқай деб турганимда, бирдан ярқироқ бир нарса эътиборимни тортди, бунинг дераза роми бурчига атайин илиб қўйилганига шубҳа йўқ эди. Бу Полесьеда “маржон” номи билан машҳур арзон-гаров қирмизиранг мунчоқлар шодаси эди – бу Олеся ва унинг инжа, олиҳиммат муҳаббатидан менга қолган ягона эсдалик эди.

1898.

Рус тилидан Маъсума Аҳмедова таржимаси