Унинг ҳаётлиги давридаёқ у ҳақида ғалати уйдирмалар тўқишган эди: у бутунлай бошқа одам, фамилияси ҳам мутлақо Шолоховмас бўлган эмас, Вешенск қишлоғидаги уйи ертўласида қандайдир бир истеъдодли, далли-дарвиш ёзувчи қамалганмиш, ҳамма асарларни ўша ёзувчи ёзиб берармиш.
“Отам бу миш-мишларнинг барини ҳасадгўй касбдошлари тарқатганлигига ишончи комил эди”,— дейди Светлана Шолохова.
Комиссарми ёки сирли агентми?
Оғиздан-оғизга кўчиб юрган гапларга кўра, Михаил Шолоховни ёшлигида айнан Нестор Махнонинг ўзи қўлга туширганди. Шолохов отахонга қизил комиссар эмаслигини айтганлиги учун қўйиб юборган.
— Отам менга бу ҳақда ўзи гапириб берганди,— дейди Светлана Михайловна. — У пайтлар ёш йигитча экан. Отда дашт бўйлаб кетаётганда махночилар уни тутиб олишади. Қишлоққа олиб боришади. У ерда уни Махнога рўпара қилишади. Отам Махнони ушоқ жуссали, пакана ва қотма эканлигини кўриб ажабланади. У дастлаб отамни отиб ташламоқчи бўлади. У Шолоховни қизилармиячи деб ўйлайди. Бироқ шу пайт қандайдир аёл унинг ёнини олиб дейди: “ Отахон, кунинг шу болакайлар билан олишишга қолдими?!”.Шунда Махно отамни қўйиб юбориб, орқасидан: “Бу ерда иккинчи бор қорангни кўр-май!”– деб қолади.
Отам ҳеч қачон комиссар бўлмаган. Балки комиссар бўлганлиги ҳақидаги гап-сўз унинг қандай “комиссарлик” қилганлиги ҳақида ўзи гапириб берганидан кейин чиққан, яъни у озиқ-овқат гуруҳида ишлаётганида солиқларни камайтиришга жонбозлик кўрсатган эди. Чунки энг қашшоқ оилалардан ҳам пул ундиришарди. Уни пулни нотўғри санаганликда айблашиб, судга беришади. Бахтига, ҳаммаси яхшилик билан тугайди.
Шолохов ва Сталин муносабатлари борасида кўп миш-мишлар юради. Улардан бирида Сталин Шолоховни яхши ёзувчи деб баҳолаганлиги ва унга марҳамат кўрсатганлиги ҳақида айтилади. Бошқалар Шолоховни доҳийнинг адиблар муҳитидаги махфий агенти деб ҳам ҳисоблаган.
Доҳийга нимагадир отам уни очиқчасига танқид қилганлиги маъқул келган. Бир куни отам унга шундай деди: “Деворда ҳам — Сталин, ҳавода ҳам— Сталин, газеталарда —Сталин, наҳотки бу сизнинг бадингизга урмаган бўлса?”. Сталин шундай жавоб беради: “Инсонга бир худоча керак, токи у унга ишонсин, сажда қилсин. Майли, у худоча Сталин бўла қолсин”. Агар отам ўзини ҳақ билса, охирига қадар курашарди. Қачондир у Сталин ва Горкий билан учрашади. Суҳбат Корнилов ҳақида борарди. Сталин сўзини таъна-дашномдан бошлайди: “ Нега сиз уни қаҳрамон қилиб тасвирлагансиз?”. Отам бу саволга хотиржам жавоб қайтаради: “У ҳақиқатдан ҳам қаҳрамон эди. Софдил, жасур ва истеъдодли саркарда”.
Отам ҳеч кимдан қўрқмаган. Бир куни Сталин ҳузурига келиб, у 1938 йилда ҳибсга олинган дўстлари учун бошини беражагини айтади. Сталин Шолоховга жиддий тикилиб сўз қотади: “ Бошинигизни арзон баҳолаб юбормаяпсизмикин?”.
Ҳукуматни “сенлаб”
Хрушчев билан Шолохов ўртасида Сталин каби яқин муносабат бўлмаган. Брежневга эса Шолохов ҳамиша “сен”лаб мурожаат қилган. Кўплар Брежнев Шолохов олдида қайсидир маънода қарздор деб ўйлашган, шунинг учун жўраларча муносабатга тоқат қилади, дейишган.
– Отам Брежнев билан ҳақиқатдан ҳам “сен”лаб гаплашарди. Улар Украина фронтида учрашишган. Иккаласи ҳам полковник бўлиб, вайрон этилган шаҳарчада бир-бирига дуч келиб қолишади. Брежнев рўпарасидаги адиб Шолохов эканлигини билмайди, Шолохов эса қаршисида бўлажак Бош котиб турганлигидан воқиф эмасди. Улар тунаш учун теварак-атрофдан омон қолган биргина бинони излаб топишади. У ёғига юриб бўлмасди — миналарга дуч келиш мумкин эди. Шундай қилиб отам ва Леонид Илич кенг стол устида тагларига бир шинелни тўшаб, устларига иккинчи шинелни ёпиб ётишади. Шу тарзда кечани ўтказишади. Бу ҳолатни отам Леонид Иличнинг ёдига туширади. Шундан кейин улар “сен”лашишга ўтишади. Бироқ отам Брежневга бошқача назар билан қарарди. Унга доҳийнинг турли нишонларга ва очиқ мақтовларга ошкора муҳаббати ёқмасди.
Шолохов ҳақидаги энг катта уйдирма унинг “Тинч Дон”ни ўзига ўзлаштириб олгани ҳақида тўқилган эди. Бу миш-мишлар роман дастлаб эълон қилинган кундан бошлаб то ҳануз давом этиб келмоқда.
– Отамнинг “Тинч Дон”нинг муаллифи эмаслиги ҳақида 1929 йилданоқ гапира бошлашганди. Ёш ва қизиққон отам бундан қаттиқ асабийлашиб, буни текширишларини ва бу машмашаларнинг таг-туги билан бартараф этилишини жиддий талаб қилади. Мария Ульянова, Лениннинг синглиси бошчилигида комиссия тузилади, ўша пайтда у “Правда”да масъул котиб бўлиб ишларди. Отам бу комиссияга “Тинч Дон” яратилишида фойдаланилган жамики қораламалар ва қайдларни гувоҳлар иштирокида келтириб топширади. Хуллас, пировардида, унинг муаллифлигини тан олишади, “ Правда”да Шолохов “Тинч Дон” муаллифи эканлиги ва туҳматли гаплар учун суд олдида жавоб берилажаклиги ҳақида мақола эълон қилинади. Хунук гап-сўзлар бир муддат барҳам топади, аммо у отамнинг умри охирида яна урчий бошлайди.
Балки бу гапларнинг узил-кесил барҳам топмаганлиги отамнинг асар қўлёзмаси асл нусхасини топиб беролмаганлигидан бўлса керак. Урушда отамнинг Вёшенскда сақланаётган архиви бутунлай йўқолади. Қишлоққа тинимсиз бомба ёғдиришади, ҳамма ҳаёт учун энг зарурий ашёни, қўлига илинган нарсани олиб, қишлоқни шошилинч равишда ташлаб чиқиб кетишади. Архив ҳақида ўйлаш бу вақтда ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган. Кўрганларнинг айтишича, бизнинг уйимизга снаряд тушгандан кейин қўлёзмалар ҳавога учган ва шамолда бутун Вешенск бўйлаб сочилган. Бир солдат қизиқиб битта саҳифани қўлига олиб қарайди ва қоғозлар Шолохов қораламалари эканлигини билиб, уларни йиғишга ҳаракат қилади. У ушбу саҳифаларни бутун умри давомида ўзи билан олиб юради, ҳатто Берлингача олиб боради. Кейин уларни Вселовод Вишневский қўлига топширади. Ёзувчи уларни отамга йўллайди.”Тинч Дон”нинг бу 178 саҳифаси эндиликда Пушкин уйида сақланади.
“Қўлёзманинг яна бир варианти бўлиб, отам уни 1929 йили комиссияга ҳавола этган эди. Отам ўзи билан ортиқча юк олиб юришни хуш кўрмасди, шу боисдан “ Тинч Дон” матнини якка-ёлғиз дўсти Василий Кудашевга қолдиради. Отам, муаллифлигим тан олинибди, қораламаларнинг энди кераги бўлмайди, деб ўйлаган. Бу қўлёзмаларни у урушдан кейин эсга олади ва у ҳақда Кудашевнинг хотини Матильдадан сўрайди, бу пайтда Кудашев немис концлагерларида ўлиб кетган эди. У отамнинг кўзларига боқиб: “ Йўқ, уруш пайтида хонадон ёниб, ҳамма нарса йўқолган”, дейди. Матильда ҳаётдан кўз юмгандан кейин, унинг уйи узоқ қариндошига қолади. Ва у бизга Матильда асраган қўлёзмаларни топширади.
“Тинч Дон” муаллифлиги ҳақидаги баҳслар ҳали ҳам давом этиб келмоқда, гарчи йўқолган қўлёзмалар топилиб, эълон ҳам қилинган эса-да. Мен отамдан: “Одамлар нега тиниб-тинчимайдилар”, деб сўраганимда, у уларга ҳасад тинчлик бермайди, деган эди.
“АиФ”нинг 2010 йил 21–сонидан олинди.
Рус тилидан Мирпўлат Мирзо таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 6-сон.