Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий (1889-1929)

Ҳамза XX аср ўзбек адабиётига тамал тошини қўйганлардан бири. XIX аср охири XX аср бошидаги ўзбек маданиятининг энг йирик намояндаларидан, фаол маърифатпарвар шоир, ўқитувчи, жамоат арбоби. У шеъриятни ҳаётга ва халққа яқинлаштириш, ҳозирги замон насрини ўзбек адабиётида қарор топдириш, айниқса драма, комедия, трагедия яратиш бобида ва театр санъатини ривожлантиришда улкан изланишлар ва кашфиётлар қилган санъаткордир. Ҳамза композитор, режиссёр, журналист, педагог ва дарсликлар муаллифи сифатида ҳам кенг маълумдир.

Ҳамзанинг “Миллий ашулалар учун миллий шеърлар мажмуаси” (1915—1917), “Заҳарли ҳаёт” (1916), “Паранжи сирларидан бир лавҳа ёки яллачилар иши” (1927), “Майсаранинг иши” (1926) каби драматик асарлари ўзбек адабиётида янги ҳодисадир.

Ҳамза 1889 йилда Қўқонда табиб оиласида туғилди. Отаси маърифатли, илғор зиёли эди. Ҳамза эски мактабда, рус-тузем мактабида ва мадрасада ўқиди, форс, араб ва рус тилларини ўрганди. Шу билан бирга Фузулий, Навоий, Ҳофиз каби машҳур Шарқ шоирлари, Фурқат, Муқимий асарлари устида мустақил мутолаа қилди, улардан ўрганди, илҳомланди ва улар таъсирида 1905 йилдан бошлаб “Ниҳон” тахаллуси билан шеърлар ёза бошлади ва 25 ёшдаёқ “Девон” тузди. Уларда Шарқ шеъриятига хос муҳаббат, диний тематика билан бирга маърифатга чақириш муҳим ўрин эгаллайди. Ҳамза ўзининг педагогик фаолиятини 1910 йилда Тошкентда Қашқар маҳалласида, 1911 йилда Кўқонда, 1914 йилда Марғилонда ва яна Қўқонда мактаблар очиб, болаларни ўқитишдан бошлади. Ҳамза бу мактабларда дарс берибгина қолмасдан, айни чоқда “Енгил адабиёт”, “Ўқиш китоби”, “Қироат китоби” (1914—1915) каби дарсликлар ҳам ёзди. У бир шаҳарда усули савтия мактабини очиб қувғин қилинса, иккинчи шаҳарда яна шундай жадид мактабини ташкил қилди, кўпроқ камбағал болаларни ва камбағалларни ўқитишга интилди. Ҳамзанинг маориф-ўқитиш ишларидаги ютуғи шунда бўлдики, исломни усули савтия билан боғлай олди — Қуръон ва Хадисларни фаол ёрдамта тортиб, халқни илм-маърифатга, янгиликка даъват этди.

1913—1914-йилларда Ҳамза чет элларда Афғонистон, Ҳиндистон, Сурия, Туркия мамлакатларида, Маккада саёҳатда бўлди, у мамлакатлар ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар билан танишди. 1915— 1917-йиллар давомидаҲамза қатор асарлар яратиб, унда халқ ҳаёти, унинг орзу-интилишларини ифодалади, ўзининг инсонпарварлик ғояларини халқ тили билан содда ва равон услубда баён этди, оммани илм-маърифатгачақирди, бидъатни қоралади. Унинг “Янги саодат” повести, “Гул” туркумидаги тўпламлари (“Миллий ашулалар учун миллий шеърлар мажмуаси”) шу даврларда ёзилгандир. У маърифатпарварлик ғояларини оммалаштиришда театрдан ҳам унумли фойдаланди. 1915—1916-йилларда “Ферузахоним”, “Илм ҳидояти”, “Лошман фожиаси” каби қатор драма ва комедиялар ёзиб, баъзиларини ўзи тузган “Ҳаваскор труппа”сида саҳналаштирди.

Ҳамзанинг 1917 йилга қадар бўлган фаолияти ва ижоди ўз даври маданий-маънавий ҳаёти, маърифатчилик ва жадидчилик таъсирида шаклланиб, унинг фаол иштирокчиси бўлганлиги, мустамлака зулмига қарши халқ орасида маърифат тарқатиш йўлида тинимсиз кураш олиб борганлигини кўрсатади. У жадидларга эргашди ва жадидчиликнинг илғор вакилларидан бирига айланди. Жадидлар отаси Исмоил Ғаспирали вафот этганда Ҳамза марсия ёзиб, “Дод қил даври фалақдин, ботди хуршиди жаҳон”, деб ёзди. Мунаввар қорини “муҳтарам устози олий”, “маънавий ота”, деб атади. Ҳамза бир мақоласида бундай деб ёзди: “Агар бу аҳволда яшайверсак, бир муддатдан сўнг бу бидъатлар орасида бир миллат туғулуб бутун ислом фақат исми бор, жисми йўқ бир ҳолға келиб қолур. Ўзимизнинг бидаътларға мубтало бўлғонимиз етар, ўзимиздан кейинги авлодларимизнинг хуршид саодатларин заволга еткурмайлик ва ҳозирдан бу дардларнинг давосига киришуб, чорасини излайлук… Бунинг каби бидъат ва мажусият одатларини йўқ қилмак учун ёлғиз икки калима сўзни яхши тушунмак лозим: ўқимоқ ва ўқимоқ”. Яна бошқа бир мақоласида у “ўқув-ўқитув усулларини замонга мувофиқ таҳсил қилмоқ чораларини ахтармоқ лозим”лигини уқтиради. Ҳамза дарсликлар ёзиб, янги услубдаги мактаб очиб, журналлар чиқариб жадидчиликни тарғиб қилиш билан чекланмади, балки айни чокда ўзининг бадиий асарларида жадидчилик руҳини кенг, дадил ва теран тарғиб этди. Маълумки, жадидчиликка рус мустамлакачилари ҳам, бойлар ва мутаассиб руҳонийлар ҳам қарши турган. Шунинг учун Ҳамза ўз асарларида ана шуларга қарши кураш олиб борди. “Заҳарли ҳаёт” драмасида Марямхон “Шариатда жабр ҳаром!”, “Шариатда адолат бор”, “Исломият ўлмайди”, дейди. Ҳамза “пора олиб, диндан кечиб” халкни алдаганларни “миллат ҳиси йўқ экан” деб таъкидлайди.

1917 йил феврал воқеаси муносабати билан ёзган мақоласида Ҳамза бундай дейди: “Мана бу кун ҳақиқатан, ҳуррият воситаси билан эски хоин ва золим, мустабид ҳукумати 50 йилдан бери бўйин, қўл ва оёғимизга сезимсиз солуб келган умрлик оғир занжирларни қўлга кўрсатуб ечди, холос қилди. Бу ҳақиқат, мусовот воситаси била, бир тараф, золим амалдорлар, иккинчи тарафдан, раҳмсиз, шафқатсиз талончилар темир тирноғи остида пўстлари бутун сидирилуб, юраклари эзилуб, чўкуб хонимонларидан ажроб келуб турган мазлум, ноҳақ фақиру бечора, етим, ғарибларнинг бургутларнинг панжаи маргидан раҳо қилди… Бу кун Остроумов, Ильминский кабиларнинг тарбиясида яшаган ва анинг маслакига хизмат этувчи, ватандаги ўз орамиздан чиққан дин хоинларини хиёнатларин ҳақиқат майдонига отур. Ноҳақларни шарманда ва марнигун қилур”.

Ҳамза ўз асарларида ҳуррият, бахт-саодатга бирлашиш, ўқиш-ўрганиш, меҳнат ва кураш орқали эришиш мумкинлигини таъкидлаб: “Бирлашсун эмди бошимиз, маслакда карши ёшимиз”, “Бирлашинг, Туркистон!”, “Қўл ушлашинг, бирлашинг эмди, Туркистон!”, “Ҳақ йўлида жон берсак, бўлсак миллат қурбони”, дейди. 1917 йили ўрталарида ёзган “Уён Ватан” шеърида Ҳамза “Эй Ислом эли! Бу кун миллатга ўлсун ҳарна ҳимматимиз!”, “Битди истибдод! Етсун ҳуррият! Битсун назорат, қуллик, асорат!” деб ҳайқирди. “Туркистон мухториятина” шеърида “Тўрт юз йиллик Романов битгач давлати кўтарилди асорат, хўрлик иллати”, “Бир санжоқда тўплансин ислом давлати” деб куйлайди.

Ҳамза шеърияти, хусусан, унинг “Миллий ашулалар учун миллий шеърлар мажмуаси” унинг ижодидагина эмас, балки умуман XIX аср охири XX аср бошидаги ўзбек шеъриятида олға ташланган катта бир қадамдир. Ҳамза бу реалистик туркумда Туркистон халқининг ҳаққоний аҳволини, ўз сўзи билан айтганда “Туркистон қиссасини” кўрсатиб беради. Тўпламдаги шеърларни содда тилда ва халқ қўшиқлари пардасида, йўсини, йўли ва оҳангида ёзади, ҳар бир шеър бошида халқ орасида машҳур бўлган бирор ашулани кўрсатиб, ундан парча келтириб ўтади. Унинг “Янги саодат” повести ҳам янгича проза асарлари яратиш соҳасида қўйилган муҳим қадамдир. Унда ҳам маърифат, эркин-бахтли ҳаётга интилиш руҳи етакчилик қилади. Асарнинг сўнгида шундай сўзларни ўқиймиз: “Худо золим эмас, бировга беруб, бировга бермай қўймас. Худойи таборак ва таоло саодат илмда, разолат жаҳлда, ҳар бир иш банданинг ўз ҳаракатига мувофиқ, деб каломида такрор хабар бергани бор”.

Ҳамза драмалари ўзбек адабиётига янгилик бўлиб кирди. “Заҳарли ҳаёт ёхуд ишқ қурбонлари” асари росмана фожиа, яъни трагедиядир. У “Истибдод қурбонлари” (“Лошмон фожиалари” трилогиясининг учинчи қисми, қолганлари топилганича йўқ) асарида истибдод тўғрисида сўзлаб, рус чиновникларини қаҳр-ғазаб билан фош этади ва айтиш мумкинки, бу давр ўзбек адабиётида рус чоризмини Ҳамзадек фош қилган ёзувчи бўлмаса керак.

Ўзбек адабиётида ҳақиқий маънодаги комедия жанрининг туғилиши ва ривожи ҳам Ҳамза номи билан боғлиқ. Ҳамза “Майсаранинг иши” (“Бурунги қозилар ёки Майсаранинг иши”) асари билан ўзбек адабиётида комедия жанрига асос солди. Ҳамза комедиялари, энг аввало, ўзбек халқ ижоди — халқ қўғирчоқ театри, аскиячилик ва Насриддин Афанди латифалари, шунингдек, халқнинг ҳазил-ҳажвий эртаклари заминида туғилди. Шунинг учун комедияларида халқ ижоди анъаналарининг салмоғи катта.

Ҳамза ўз даврида мактаб-маориф соҳасида ишлади, драм труппалар тузди. У тўғри сўзлиги, ҳақиқатгўйлиги ва муросасизлига туфайли бирор ерда муқим ишлай олмади. Бухорода, Тошкентда, Фарғона, Хўжайлида, Аввал қишлоғида — юрт бўйлаб кўчиб юрди. 1929 йили 18 мартда Шоҳимардонда фожиали ўлим уни ҳаётдан олиб кетди.

Ҳамзанинг маърифатчилик фаолияти Туркистонда XX асрнинг бошидаги умумий маънавий ўзгаришлар, илғор педагогик ва ижтимоий-фалсафий фикрлар, жадидчилик ҳаракати ривожига муҳим таъсир кўрсатди. У ўз ижоди билан ўзбек миллий адабиётининг тараққийси, ундаги реалистик йўналишнинг борган сари ривож топиб боришида катта аҳамиятга эга бўлди. Ўз халқи, ватанининг фаровонлиги, маънавий ривожи йўлида чарчамай, ниҳоятда фойдали ишларни амалга оширди.

ЎзР ФА мухбир аъзоси С. Мамажонов
«Маънавият юлдузлари» китобидан.

Мақолалар

Улуғбек Долимов. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий (1889-1929)
Ўзбек зиёлилари: Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий (1889-1929)
Сувон Мелиев. “Бой ила хизматчи” ёки тикланган нусха муаммоси (1989)
Гуландом Тоғаева. Уйғоқликка даъваткор ижод (2009)
Ўзбек шеъриятидан: Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий (1889-1929)
Биография: Хамза Хакимзада Ниязи (на русском языке)
Лирика: Хамза Хакимзада Ниязи (на русском языке)
Biograhy: Hamza Hakimzoda Niyozi (in English)

Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий китоблари

Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Тўла асарлар тўплами. 5 жилдлик. 1-жилд: Девон. Тошкент, “Фан”, 1988
Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Тўла асарлар тўплами. 5 жилдлик. 2-жилд: Шеърлар, педагогик рисолалар, насрий асарлар. Тошкент, “Фан”, 1988
Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Тўла асарлар тўплами. 5 жилдлик. 4-жилд: Драмалар (1921-1928), мақолалар. Тошкент, “Фан”, 1989
Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Тўла асарлар тўплами. 5 жилдлик. 5-жилд: Хатлар, адабиё-тарихий лавҳалар. Тошкент, “Фан”, 1989