Абдурауф Фитрат (1884-1938)

Абдурауф Фитрат. Истанбул, 1908

Фитрат XX аср ўзбек адабиёти, фани ва маданиятининг йирик вакили. У қомусий билимга эга олим, адабиёт назариячиси, ўткир тилшунос, бетакрор драматург ва шоир, жанговар публицист, ношир ва журналист, талантли давлат ва жамоат арбоби эди.

Абдурауф Фитрат ўз таржимаи ҳолида ёзишича, 1884 йилда Бухорода туғилди (С. Айний уни 1886 йилда дунёга келган дейди, ҳозирги дарсликлар ва илмий тадқиқотларда ҳам шу санани такрорлашади). Фитрат — Абдурауфнинг тахаллуси бўлиб, “туғма истеъдод” маъносини беради.

Отаси Абдураҳимбой савдо билан шуғуллангани боис чет элларга чиқар, дунё аҳволидан бохабар, ўқимишли ва таниқли одам эди. Онаси Бибижон, адабиётшунос, Фитрат оиланинг тўнғич фарзанди эди. У бошланғич тарбияни диний мактабда, сўнг машҳур “Мирараб” мадрасасида олди. Форс ва ўзбек тилларининг мукаммал билимдони бўлмиш Фитрат араб тилини ҳам чуқур эгаллаб, шаҳарда юз бераётган ижтимоий-сиёсий воқеаларга, айниқса, жадидчилик ҳаракатларига қизиқиб қаради. Ўзининг айтишича, аввал жадидлар ҳаракатига қаршилик қилди, кейин унинг моҳиятини англаб етгач, бу ҳаракатга қўшилди, ҳатто ашаддий тарғиботчиларидан бирига айланди. Жадидлар маслаҳати ва ёрдами билан бир гуруҳ ёшлар, жумладан Фитрат Истамбулга ўқишга юборилади. У 1909—1913 йилларда Туркияда таҳсил олди. Туркиядаги ҳаёти Фитратнинг дунёқараши, сиёсий онги ва адабий дидини ўзгартириб, ўстириб юборди. Туркистон халқи ҳаётига Туркиядаги ўзгаришлар (бу пайтда у ерда “Ёш турклар инқилоби” воқеаси бўлган эди) ва илғор мамлакатлар нуқтаи назаридан қарай бошлади: диний хурофотларни кескин танқид қилишга, ҳатто динни, мактаб-маорифни ва Туркистондаги идора усулини ислоҳ этиш ғояси билан нафас олди. Фитрат 1909 йилда Истамбулда “Ҳиндистонда бир фаранги ила бухороли бир мударриснинг бир неча масалалар ҳам усули жадида хусусида қилган мунозараси” китоби босилиб чиқди. Амир асарни Бухорода босилишга рухсат бермагач, Истамбулда нашр эттирган эди. Асар форсча ёзилган, уни Ҳожи Муин ўзбекчага айлантирди ва “Туркистон вилоятининг газети”да бостирди (1911 й.). 1913 йилда эса асар алоҳида китоб ҳолида чиқди, унга Беҳбудий кириш сўзи ёзди. “Ҳибис қилиш, ўлдириш, сангсор қилиш кундаги одатлардан эди, — деб ёзади Фитрат, — у замонларда китоб ёзишнинг ўзи “кофир”лик эди. Мен шу вақтларда биринчи асарни ёздим. Бухоронинг идора усулини, таълим-тарбия усулини, бир куй расмий идораларни танқид қилдим. Бу китоб Бухорода тарқалар эди. Унинг ноширлари бўлғон Бухоро жадидларини таҳликага туширмаслик учун амирга қаратиб бир сўзбоши ёздим ва шунинг билан гўё, танқиднинг унга эмас, маъмурларига оид бўлғонини кўрсатдим”.

Фитрат портрети. “Унутилмас сиймолар” (1999) тўпламидан олинди.

Китоб Бухорода ижтимоий онгнинг жонланишига катта туртки бўлди, ҳатто ҳукумат томонидан таъқиб қилинаётган жадид мактабларининг кўплаб очилишига, мактаб-таълим ишларининг жонланишига ёрдам берди. Ахир ундаги “Ислом мамлакатлари нега вайрона ва харобазор қолиши керак. Бунинг сабаби нимада?”, “Бу бечораларнинг нега ейишга нони йўқ?” каби жидций савол ва мулоҳазалар халқ онгига таъсир этмасдан иложи йўқ эди.

Фитрат адабиётнинг ҳамма жанрларида қалам тебратди ва ўз орзу-армонлари, эзгу тилакларини тарғиб эта бошлади. У 1910 йилда Истамбулда “Сайҳа” (“Бонг”) деган шеърлар тўпламини бостирди. У ҳам форс тилида эди. “Ҳинд сайёҳининг қиссаси”ни ҳам форсчада ёзди ва 1912 йилда Истамбулда нашр эттирди.

Фитрат Туркиядан кайтгач, Бухоро, Самарқанддаги қизғин адабий жараён, маданий, маориф ишларига ва сиёсий ҳаракатларига фаол аралашиб кетди. Жадидчиларнинг бир гуруҳи маориф-маърифат орқали халқ аҳволини яхшилашга интилишса, иккинчи гуруҳи давлат тизимини ислоҳ этиш, қайта қуриш орқалигина халқ ва юрт аҳволини ўнглаш мумкин, деган сиёсий йўлдан юришга интилди. Шу мақсадда 1917 йил феврал инқилобидан кейин ёш бухороликларнинг инқилобий партияси тузилди. Марказий Қўмита аъзолари орасида Фитрат саркотиб сифатида ва Файзулла Хўжаев аъзо сифатида иштирок этишди. Партия Амирни ислоҳга даъват этди ва у қоғозда кўп хайрли ишлар қилишга ваъда берди, амалда ўз билганидан қолмади. Фитрат матбуот орқали ҳам ўз ғояларини тарғиб этишга интилди. Самарқандда 1917 йил апрелидан “Ҳуррият” газетаси чиқа бошлаган эди, аввал унга Мардонқул Шоҳмуҳаммадзода, кейин 27—28-сонларига Фитрат муҳаррирлик қилди. 1917 йил Октябр тўнтариши муносабати билан шу “Ҳуррият” газетасида Фитратнинг “Русияда янги бало бош кўтарди — большевик балоси!”, деган қайди босилди (ўша газетанинг 1917 йил 49-сонида).

Қўқон мухторияти тузилганда (1917 й. ноябр) Фитрат Самарқандда эди. Шу ердан унга вакил-аъзо қилиб сайланди. Ўзининг “Ҳуррият” газетасида бу воқеани Фитрат юрақдан қувватлаб мақола эълон қилди: “Эллик йилдан бери эзилдик, таҳқир этилдик. Қўлимиз боғланди, тилимиз кесилди. Оғзимиз қопланди. Еримиз босилди. Молимиз таланди, шарафимиз емрулди. Номусимиз ғасб қилинди, инсонлигимиз оёқлар остига олинди. Тўзимли турдик. Сабр этдик. Кучга таянган ҳар буйруққа бўйсундик. Бутун борлиғимизни қўлдан бердик. Ёлғиз бир фикрни бермадук, ёшунтирдук, имонларимизга ўраб сақладук. Бу — Туркистон мухторияти.

Маҳкама эшикларидан йиғлаб қайтганда, ёруқсиз турмаларда ётганда, йиртқич жандарманинг тепкиси билан йиғилғонда, юртларимиз ёндурулғонда, диндошларимиз осулғонда онгимиз йўқолди. Миямиз бузулди. Кўзимиз ёғдусиз қолди. Бирор нарсани кўролмадик. Шул чоғда тушкун руҳимизни кўтармак учун, шул қоп-қора дунёнинг узоқ бир еридин ойдин бир юлдуз ялқиллаб турар эди. Бирор нарсага ўтмаган кўзимиз шуни кўрар эди. Ул нима эди? Туркистон мухторияти!” (“Ҳуррият”, 1917, 5 декабр).

Фитрат портрети. “Танланган асарлар” тўпламидан олинди.

Фитрат 1921 йилда Бухорога келиб давлат ишларида фаол иштирок эди. Бир қанча масъул вазифаларда ишлаб, Бухоронинг ривожи учун қўлидан келган ёрдамини берди. Аммо Ф. Хўжаев бошчилигидаги Бухоро ҳукумати раҳбарларининг миллатнинг тараққиёти учун олиб бораётган кенг кўламдаги яхши ишлари Масковга ёқмади. Масков Бухоро ҳукумати таркиби бой, савдогарлардан иборат бўлиб қолган, деган айбни қўйиб, ҳукумат аъзолигидан беш кишини, жумладан Фитратни ҳам чақиради (1923 йил 12 июн Пленуми). Фитрат Масковга кетишга мажбур бўлади. У ерда Шарқ тиллари институтида илмий ходим бўлиб ишлади (1923—1924). Шу йиллар унга профессорлик унвони берилди.

Фитрат Масковдан қайтиб келгач, Бухоро, Самарқанд, Тошкент университетларида дарс берди, Ўзбекистон Давлат илмий-тадқиқот институтида тил ва адабиёт институтида, Ўзбекистон Фанлар қўмитасида ишлади. Бу йиллари у шеърлар, пъесалар билан бирга ниҳоятда кўп ва теран илмий асарлар ёзди. Аммо Фитратнинг миллатпарварлиги большевиклар ва Шўро ҳукумати раҳбарларига ёқмас эди. Уни А. Қодирий, Чўлпон, Боту, У. Носирлар билан биргалиқда миллатчилиқда айблаш тобора авж олди. Фитрат “Мен ўзбек миллатчиси бўлган замонларда (миллатпарвари демоқчи. — С. М.) ҳар вақт Шўро ҳукуматига коммунистик фирқасига хайрихоҳ бўлиб турдим”, деб ёзган эди. Афсуски халқ идеали ва бахт-саодати, ҳақиқат, адолат, маориф, фан, маданият ва миллат тақдири учун туну кун меҳнат қилган бу улуғ зотни шу партия, шу Шўролар ҳукумати аксилинқилобчи, миллатчи, “халқ душмани” деб айблади, 1937 йил апрелда ҳибсга олди ва 1938 йил 4 октябрда А. Қодирий, Чўлпонлар билан бирга ваҳшийларча отиб ташлади. Уларни отиш ҳақидаги ҳукм бир кун кейин, яъни 1938 йил 5 октябрда чиққан. 1957 йилда Собиқ Иттифоқ Олий судининг ҳарбий коллегияси 1938 йил 5 октябрдаги ҳукмни бекор қилди ва Фитратни айбсиз деб топди.

Фитрат кўпқиррали ва сермаҳсул ижодкордир. Бу — унинг оз ва соз лирикаси, кўпқиррали драматургияси, жанговар публицистикаси ва катта ҳажмдаги чуқур илмий-тадқиқотларидир. Унинг ижодий ишлари ва ижтимоий фаолияти халқни жаҳолат, турғунлик, ғафлатдан уйғотиш, илм-маърифатга чорлаш, эркин, озод, бахт-саодатли ҳаётга, биринчи навбатда миллий мустақилликка чорлашга қаратилган эди. У ўзбекнинг ўзлигини таниши, ота-боболари каби улуғвор кашфиётлар қилишга, бирлашган, кучли, қудратли давлат тузишга ва дунёнинг илғор маданий мамлакатларига етиб олишга чақирди. Бутун ижодининг моҳияти халқнинг қалб қўзини очишга ва меҳнат, яратиш, ўқиш-униш, курашга даъватдан иборатдир. У илк тўплами “Сайҳа”нинг кучи Файзулла Хўжаев таъкидлаганидек, “Бухоро мустақиллиги ғояси ёрқин миллий шакдда биринчи бор ифодалаб берилишида эди”. Шу туфайли бу тўпламнинг Бухорода босилишига амир Олимхон қаршилик қилади. Тўплам Ватанга муҳаббат, халқнинг ғам-ғуссасига ачиниш ва зулмдан қутулишга ундаш туйғуси билан йўғрилган:

Фитрат портрети. “Танланган асарлар” тўпламидан олинди.

Ҳам моҳи мангу осойиши, иззу шарафи ман,
Ҳам Каъбаи ман, қиблаи ман, чамани ман.

(У — менинг осмондаш осойишта ойим, иззатим, шарафим,
У — менинг Каъбам, саждагоҳим, жону танимдир).

Фитратнинг “Учқун” деган тўпламининг чиққанлиги тўғрисида хабар босилган (1923 йил), лекин у топилмаган. Республика матбуотида ва “Ўзбек ёш шоирлари” тўпламида (1922 йил), бошқа манбаларда унинг талайгина шеърлари босилган. Гарчанд Фитрат форс, араб тилларини яхши билса-да, ўз шеърларида иложи борича уларни ишлатмасликка ва содда ўзбек тилида ёзишга интилди. Унинг устига Фитрат ўз бадиий ижоди ва илмий мақолалари орқали бармоқ вазнининг қулайлиги ва кенг имкониятларини тарғиб қилди. “Бир оз кул!”, “Ишқимнинг тарихи”, “Яна ёндим…”, “Қор” каби шеърлари соддалиги ва туйғу, кечинмаларни ҳаққоний ифодалаб бериши билан жозибали-дир. “Ўқитувчилар юртига” шеърида элни маърифат, ҳақиқат йўлига йўналтириш ва жаҳолатга қарши курашга даъват этади:

Орқадошлар, тўпланайлик жаҳпнинг уйин йиққали,
Эл кўзин олғон қоронғу пардаларни йиртқали.

Фитратнинг “Шарқ” шеърида Шарқни, юртини талаган, оёқости қилган, эркию бойлигини ўғирлаган босқинчиларга чексиз нафрати очиқ айтилади.

Фитратнинг машҳур шеърларидан бири “Миррих юлдузига” деб номланади. Бу шеър унинг бошига кўп кулфатлар солди, уни миллатчи деб айблашда яна бир қўшимча дастак бўлиб хизмат қилди. Шеърда Фитрат юлдуз баҳонасида Аллоҳга мурожаат этиб, большевикларнинг, босқинчи рус аскарларининг ваҳшийликларини фош этади ва юртдошларини уларга қарши озоддик курашига даъват этади:

Фитрат портрети. “Танланган асарлар” тўпламидан олинди.

Борми сенда бизим каби инсонлар,
Икки юзли ишбузарлар, шайтонлар,

Ўртоқ қонин қонмай ичган зулуклар;
Қардош этин қўймай еган қоплонлар?

Борми сенда ўксуз йўқсулнинг қонин
Гурунглашиб, чоғир каби ичканлар?

Борми сенда бутун дунё тузугин
Ўз қопчиғин тўлдиргани бузганлар?

Борми сенда бир ўлкани ёндириб,
Ўз қозонин қайнатғувчи ҳоқонлар?

Борми сенда қорин, қурсоқ йўлида
Элни, юртни, борин-йўғин сотқонлар?

Шу мисолларнинг ўзиёқ Фитрат шеъриятининг миллий уйғониш ва инқилобий руҳдаги ҳаққоний, мардона йўналишда эканлигидан далолат беради. Фитратнинг “Сайёҳ ҳинди” (“Ҳинд сайёҳининг қиссаси”) насрий асари 1912 йилда босилди. Асарда жаҳон халқлари, илғор мамлакатлар фуқароси кўзи билан Бухоро, умуман Туркистоннинг давлат тузумига, тартиб-қоидасига, маорифига назар ташлаб, улардаги ибратли жиҳатларни қўллаб-қувватлаб, иллатларини эса беаёв фош этади. Асарни Бухорони, умуман Туркистонни эрк йўлига олиб чиқиш дастури дейиш мумкин. “Умаро” бобида Фитрат амалдорлар “ҳукмронлик отига миниб, бечораю бадбахт халқнинг мол, жон, арз, номус ва шарафини шафкатсизларча поймол этдилар”, “Ҳаммага маълумки, ҳар бир миллатнинг тараққиёти учун илм асосий сабабдир” дейди.

Фитрат тижорат ва бой бўлишни тарғиб этади, аммо бойликка сажда қилиш, иймон-эътиқодни, инсофни йўқотишни қоралайди. Асарда халқни бирлашишга, завод-фабрикалар қуришга, тижоратни ривожлантиришга чақиради.

Фитрат портрети. “Танланган асарлар” тўпламидан олинди.

Бу кўчирмани келтиришимизнинг боиси яна шундаки, Фитрат 1920 йилда “Чин севиш” ва ундан уч йил кейин “Ҳинд ихтилочилари” фожиасини ёзади. Бунда инглиз босқинчиларидан Ҳиндистонни озод қилишга киришган ёшларнинг жасорати кўрсатилади. Бу ғоя “Чин севиш”да ҳам бор эди. “Чин севиш” Фитратнинг сиёсий-фалсафий йўналишдаги кучли асаридир. Фитрат тасаввуф, нақшбандлик, яссавийчилик тўғрисида рисола, мақолалар ёзган. “Чин севиш”да буларнинг таъсири сезилади. Фитрат Оврўпонинг давлат тузуми, фан-техника соҳасидаги барча ютуқларини ўрганиш, ўзлаштириш тарафдори. Аммо у ерда меҳр-шафқатлиликни бир чеккага суриб, бутун чоралар билан фойда кетидан қувишни, пул, олтинга сажда қилишни қаттиқ танқид қилади. Асардаги жуда кўп ўринлар қизил империяга ҳам қарата айтилган тиғли сўзлар эди: “Қуръонни ҳайвон тепкисидан қутқаришдек буюк”, “чўчқани масжиддан ҳайдаш” каби эзгу иш лозим, “улар таловидан қутулмоқ учун бирлашмоқ” керак ва “Масжидда намоз учун йиғилганлар — сиёсий йиғин ясағон бўлиб, тўпга боғланар, эр билан хотин ўзаро кўпроқ гапирганда ҳукуматга қарши бўлиб, дорга осилар. Бу кун, устидангина шу ўлкага қараганда йиқилғон шаҳарлар, ёндирилган қишлоқлар, таланган уйлар, кесилғон бошлар, осилғон гавдалар, тўкилган қонлардан бошқа бир нарса кўрмаймиз…” Фитрат пьесаси ҳатто “Йиртқичларидан элимизни қутқарамиз!” деган нидо билан тугайди. Фитратнинг “Абулфайзхон” (1924 й.) трагедияси гарчанд XVIII асрда яшаган Аштархонийлар сулоласининг сўнгги вакили Абулфайзхон ҳаёти ҳакида ҳикоя қилса-да, аслида ўша “босмачилик” даври — халқ озодлиги кураши даврига ҳамоҳанг эди. Фитрат зулм, адолатсизлик, зўровонлик мамлакат ва халқни хароб қилади, адолатсиз шоҳнинг қисмати ҳам фожиа билан тугайди, “подшолик қон билан суғориладиган бир ёғочдир!” дейди.

Фитрат “Арслон” ва яна бир нечта пьесалар ёзган, афсуски уларнинг кўпчилиги ўз вақтида босилмай йўқолиб кетган. У диний мавзуда илмий рисола, пьесалар, ҳикоялар ёзди. “Қиёмат” (1924 й.), “Шайтоннинг тангрига исёни” (1924 й.), “Рўзалар” “Меърож”, “Зайнабнинг иймони”, “Оқ мозор”, “Қийшиқ эшон”, “Зайд ва Зайнаб” каби асарлари шулар жумласидандир.

Фитрат зўр адабиётшунос, кучли назариячи ва ўткир тилшунос. Унинг “Ўзбек тили грамматикаси” (“Сарф”, “Наҳв”, 1924—30 йилларда олти маротаба нашр этилди), “Тожик тили грамматикаси” (1930 й.) ва тил ҳақидаги ўнлаб мақолалари улкан олимлигидан гувоҳдир. “Адабиёт қоидалари”, “Аруз ҳақида” китоблари ҳозир ҳам илмий-назарий қимматини йўқотмаган. Фитратнинг “Эски ўзбек адабиёти намуналари”, “XVI асрдан сўнгги ўзбек адабиётига умумий бир қараш”, “Чиғатой адабиёти” каби йирик тадқиқотлари ва Умар Ҳайём, Фирдавсий, Яссавий, Навоий, Муҳаммад Солиҳ, Бедил, Машраб, Турди, Фурқат, Муқимий, Нодира тўғрисидаги китоб ва мақолалари шу давр ўзбек адабиётшунослигида бир воқеа, бир давр бўлиб тарихга кирди. Унинг ўзбек мусиқаси тарихи, шахмат тўғрисидаги мақола, китоблари қомусий илм эгаси эканлигини тасдиқлайди. “Тилимиз” мақоласида битта “бил” ўзагидан 98 та сўз ясаш мумкинлигини ва туркий тилнинг сўз бойлиги форс, араб тилларига нисбатан кўпроқ эканлигини исботлаб, лекин ҳозир ўз мавқеига эга эмаслигини, “энг бахтсизлигини” таъкидлайди. Фитрат улуғ, бетакрор ижодкор эди.

ЎзР ФА мухбир аъзоси С. Мамажонов
«Маънавият юлдузлари» китобидан.

Абдурауф Фитрат ҳақида мақолалар

Ўзбек шеърияти: Абдурауф Фитрат (1886-1938)
Ўзбек зиёлилари: Абдурауф Фитрат (1886-1938)
Биография: Абдурауф Фитрат (на русском языке)
Biography: Abdurauf Fitrat (in English)
Сирожиддин Аҳмад. Фитрат ва Муродий (2009)
Бегали Қосимов. Абдурауф Фитрат (1886-1938)
Озод Шарафиддинов. Абдурауф Фитрат
Рауф Парфи. Фитрат шeърияти
Тоҳир Малик. Фитрат
Мутаваккил Бурхонов. Нурли сиймолар (1991)
Абдулҳамид Чўлпон. «Чин севиш» (1920)
Вадуд Маҳмуд. «Чин севиш» (1921)
Вадуд Маҳмуд. «Ҳинд ихтилолчилари» (1923)

Абдурауф Фитрат мақолалари

Абдурауф Фитрат. Бухоро вазири Насруллоҳбей парвоначига очиқ мактуб (1910)
Абдурауф Фитрат. Жоҳилона таассубға мисол (1917)
Абдурауф Фитрат. Мухторият (1917)
Абдурауф Фитрат. Сиёсий ҳоллар (1917)
Абдурауф Фитрат. Бухоро уламоси (1917)
Абдурауф Фитрат. «Шўройи исломия»нинг хатоси (1917)
Абдурауф Фитрат. Мусулмонлар, ғофил қолманг! (1917)
Абдурауф Фитрат. Бухорода инқилоб (1918)
Абдурауф Фитрат. Англиз ва Туркистон (1918)
Абдурауф Фитрат. Туркистонда руслар (1918)
Абдурауф Фитрат. Бухоронинг ҳоли (1918)
Абдурауф Фитрат. Ёпишмаган гажжаклар (1919)
Абдурауф Фитрат. Шарқ сиёсати (1919)
Абдурауф Фитрат. Тилимиз (1919)

Абдурауф Фитрат асарлари

Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. 1-жилд: Шеърлар, насрий асарлар, драмалар. Тошкент, “Маънавият”, 2000
Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. 2-жилд: Илмий асарлар. Тошкент, “Маънавият”, 2000
Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. 3-жилд: Драмалар, мақолалар. Тошкент, “Маънавият”, 2003
Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. 4-жилд: Дарслик ва ўқув қўлланмалари, илмий мақола ва тадқиқотлар. Тошкент, “Маънавият”, 2006
Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. 5-жилд: Илмий рисолалар. Тошкент, “Маънавият”, 2010
Абдурауф Фитрат. Чин севиш. Шеърлар, драмалар, мақолалар. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1996
Абдурауф Фитрат. Оила ёки оила бошқариш тартиблари. Тошкент, “Маънавият”, 2000
Абдурауф Фитрат. Мухтасар Ислом тарихи. Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2004
Абдурауф Фитрат. Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи. Тошкент, “Фан”, 1993
Абдурауф Фитрат. Қиёмат. Тошкент, 1967
Абдурауф Фитрат. Амир Олимхоннинг ҳукмронлик даври, Тошкент, 1992
Абдурауф Фитрат. Бедил, Тошкент, 1996
Абдурауф Фитрат. Адабиёт қоидалари, Тошкент, 1995
Абдурауф Фитрат. Аруз ҳақида, Тошкент, 1997
Абдурауф Фитрат. Нажот йўли, Тошкент, 2001

Абдурауф Фитрат ҳақида китоблар

Ҳамидулла Болтабоев. Фитрат ва жадидчилик. Тошкент, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2007
Ҳамидулла Болтабоев. Абдурауф Фитрат — адабиётшунос. Тошкент, “Ёзувчи” нашриёти, 1996
Бегали Қосимов. Маслакдошлар. Беҳбудий, Ажзий, Фитрат. Тошкент, “Шарқ” 1994
Бегали Қосимов. Миллий уйғониш, Тошкент, 2002
Алиев А., Абдурауф Абдураҳим ўғли Фитрат. Тошкент, 1984
Фидойилар. Тошкент, 1990
Ғаниев И., Фитрат, эътиқод, ижод. Тошкент, 1994
Ғаниев И., Фитратшунослик. Бухоро, 1994
Болтабоев Ҳ., Фитратнинг илмий мероси. Тошкент, 1996
Қурбонова М., Фитрат — тилшунос. Тошкент, 1996
Эргашева М., Абдурауф Фитрат — буюк ҳуқуқшунос. Тошкент, 2001

“Абдурауф Фитрат” (ҳужжатли фильм)