Сирожиддин Аҳмад. Фитрат ва Муродий (2009)

Дўстим Абдуваҳоб Муродий!
Сиздан икки, уч мактуб олдим. Жавобларини ҳам ёзиб тураман. Бо хатим оласизми, йўқми? Сизнинг томонингиз учун ондорғи ҳайъатга қатъий амрлар юборилғондур.
Менга юборатурғон китобларингиз ҳали ҳануз келмади. Лекин мен “Оврупо ҳаёти” деган дўктўр Густав Лубаннинг асарини топиб мутолаа этдим. Бу ижтимоий муҳаррирни кўпдан бери тонийман. Яна Абдулла Жавдат тарафиндан таржима этилган “Руҳул авом”нида ҳамда Кўприлузода қалами билан таржима этилган “Руҳул жамиат”ини кўрганим бор. Бу одам жуда катта олимдир. Ижтимоиётда нуфузи назар соҳибидир. Фақат сафолаткор бир мантиқи бор, бир асар ёзмакдан тақлиди ўқувчиларға илмий бир ҳақиқат очиб бермак эмас. Унларнинг руҳларини тақлидларига ром этмакдир. Илмни Франса жаҳонгирлиги, Франса мазолимининг кенгайишига кўпрак истеъмол этадир. Бунинг асарлариндан чиқатургон натижа Франса жаҳонгирлигига “қут бермак”дир. Илмий тадбирларга олданатурғон кишиларни қаноатлантирмак учун буюк бир иқтидори бордир.
Билҳосса шулки, “ҳарби умума” деган ўрунда илмий ҳақиқатлар йўқ эмас. Кўпдур. Лекин ёлғонлар, муғолатлар, маболағалар ҳам кўпдир. Муҳаррир асл олмоқ истагани натижаларни шул сўнг қисмдан оладир.
Китобни ўқуғонимда ҳошиясинда эътирозларимни ёзиб борғон эдим. Бир мусоада вақт топсам, албатта, эътирозларимни тўплаб, сизга юборурман. Бу муҳаррир доим хатолумлар, ойнуқса, Шарқ душмани-да, шунинг учун ҳеч севмадим, ҳар асарини ўқиғонда нафрат этдим.
“Ҳинд ихтилолчилари”ни бостирмоқ учун ақча кўп керак бўлғон экан, у қадар кўп ақча билан бостуртурғонда, қиммат тушодур. Ҳеч ким олмайдур. Шунинг учун китобни бостурмоқ лозим эмас. Асл нусхасини Азизхонға таслим этсак, менга иш қилиб юборадур. “Ҳарф терувчи” мошинанинг нархи, келув масорифи, ишлаш шароити ҳақинда муфассал ёзсангиз. Эҳтимол, бир-иккита олдирарман. Зотан, бу ҳақда илмий кўмиссияга ҳам ёзғон эдим, сиз ҳам, албатта, ёзинг.
Саидали билан Аҳмад Шакурий афандиларга.
Сизга кўп узун сан-саналашиб бир мактуб ёзғон ва орқадошларингиз неча кишини ҳакама таъйини қилинғон эдим. Шул ёзғонимға муфассал жавобингиз олмағонча сизга бир нарса ёзмадим. Ақчаларингиз етушмаганлиги ҳақинда кўп яқинда жиддий чоралар кўрарман.
Берлинда ёзиб, бизга сотмоқ истагингиз асарларингиз ақча чекиб, менга юборингиз. Қийматини бериб, бунда бостирурман.
Юқорида истаганимиз жавобингиз келганча, хўш эмди.
Дўстингиз ФИТРАТ

Мавлоно Фитратнинг селекционер олим ва истиқлолчи Абдуваҳоб Муродий билан муносабатлари шу кунгача ўрганилмаган, бироқ ўрганишга арзигулик мавзу. Чунки Муродий ХХ аср биринчи чорагида Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг энг кучли шогирдларидан ва ёшларнинг жуда фаол, ниҳоятда юксак фаросат билан иш олиб борган ватанпарвар вакили, муаллим сифатида шуҳрат қозонган эди. У дастлаб Эшонхўжа Хоний ва Мунаввар қори Абдурашидхонов мактабида таълим-тарбия олган бўлса, кейинча 1916 — 1917 йилларда устозининг моддий-маънавий ёрдами билан Боку педгогика билим юртининг зироат бўлимида ҳам ўқиб келади ҳамда Тошкентдаги мактаблардан бирида ўқитувчилик қилади. Бироқ у янада чуқурроқ билим олиш учун Туркияга бориб ўқишни орзу этарди. Аммо ҳаёт унга Берлинга боришни насиб қилади.
Хўш, Фитрат билан Абдуваҳоб Муродий (1900 — 1931) қачон танишишган?
Маълумки, Фитрат 1919 йили Тошкентга келгач, ўз фаолиятини Мунаввар қори Абдурашидхонов ёрдамида у раҳбарлик қилаётган олти ойлик ўқитувчилар тайёрлаш курсида ўқитувчи сифатида бошлайди. Сўнг Машраб номидаги ўрта мактабда мудир бўлиб ишлайди. Ана шу кезларда тил ва адабиёт, тарих ва бошқа соҳаларни ўрганишни мақсад қилган “Чиғатой гурунги” уюшмасини тузади. Муродий ана шу даврда Фитрат билан танишади ва жамиятга аъзо бўлади. У жамиятни эслаб, “Бу жамиятнинг ташкилотчиси унинг (яъни, Фитратнинг) ўзи бўлиб, фаолиятчан сафдошлари: Шоҳрасул Зуннун, мен, Боту, Аъзам Айюб, Элбек, Қаюм Рамазон, Чўлпон, Санжар, Саидалихўжа, хуллас, ҳозирги адабиётчи ва тилшунослар, масъул ходимлардан Назир Тўрақулов уни қувватлайди”, дейди. Шунингдек, Фитратнинг кўпчилик билмаган “Марсельеза” номли асари бўлганини айтиб ўтади: “Шуниси диққатга сазоворки, ёшлар жадидларнинг мафкурасига қарши курашар экан, Фитратнинг ”Темур сағанаси“, ”Ҳинд ихтилолчилари“, ”Марсельеза“ асари ҳақида бир сўз демас эди”. Демак, Фитратнинг бизга номаълум яна бир саҳна асари бўлган. (Кўчирма А.Муродийнинг 1930 йил (?) сентябрда ёзилган “Фитрат ва ўзбекчилик” ёдномасидан олдинди).
Муродийнинг Фитрат билан Тошкентдаги алоқаси узоққа бормайди. Сабаби у Туркияга бориб ўқиш учун Афғонистонга йўл олади. Кобулда ноиложликдан мажбурий тўхтаб қолган бир пайтда ватанидан вакиллар келганини эшитади. Шўро ҳукуматининг топшириғига кўра, Кобулга борган Жамол пошо ва Мирзағофир Мусахонов билан учрашади. Мусахонов кўмагида Жамол пошо билан танишади. Муродийнинг қандай инсон эканлигини сезган Жамол пошо Муродийга Туркияга эмас, балки Германияга бориб ўқишни тавсия этади ва моддий ёрдам беради. Шундан сўнг у Тошкентга қайтиб келади ва Эски шаҳар ўқитувчилар уюшмаси бошлиғи Акмал Икромов, биринчи галда устози Мунаввар қори Абдурашидхонов кўмагида моддий ёрдам олиб, Германияга ўқишга бориш учун Масковга жўнайди. У Жамол пошо тавсияси билан Масковда Анвар пошо билан учрашди, ундан оиласи ва танишларига ёзган мактубларни олади. Ёш йигитнинг бу алоқаларни мустамлака ҳукуматидан пинҳон тута билиши, омонатларни манзилга омон-эсон етказиб, эга-эгаларига топшириши, мактаб, сўнг зироатчилик академиясига жойлишиши эътиборга сазовор воқеалар бўлиб, унга нисбатан устозларининг, хусусан, Фитратнинг ҳурматини орттирган эди. Германияга ўқишга борганида ҳам у Фитрат билан алоқасини узмаган ва хат ёзишиб турган.
Муродий Германияда таҳсил олаётган ёшларнинг етакчисига айланган. “Бухоро халқ шўролар жумҳуриятининг Германиядаги маориф ваколатхонаси комиссиони раиси Олимжон Идрисий Бухоро ХШЖ Маориф нозири Фитратга 1923 йил 28 августда Берлиндан ёзган хатида шундай дейди: “Абдуваҳоб Муродий Бухоро тарбиясина олинмиш туркистонли талабадир. Аъдоди таҳсили “Дорулмуаллимот” ва “Гимназия” мактабларидир. Муродий афанди 15 июл 1921нчи санадан бери Германияда, Берлин шаҳринда иқомат қиладилар. Ҳақиқий ғайрати ила таҳсил учун бу ерга келмишдир. Олмон тилин, дорилфунун дарсларин таъқиб эта олажақ қадар ўрганмиш, ғоят жиддий, мудаббир, ақлли ва ғайраткаш бир истудентдир. 1922нчи йил сана ёзғи семестрдан бери “Берлин олий зироат мактаби”н(академияси — С.А.)да асли талаба ўларли қайд этилмишдир. Дорулфунун мудири, муаллимлари юзларча талабалар орасинда Муродийни тониюрлар ва уни севаюрлар“ (ЎзР МДА).
Муродий хориждаги ватандошлари билан учрашувларини шўро ҳукумати воқеанависларидан пинҳон тута олган. Унинг ортидан қўйилган кишилар ёзғон тавсияномаларда биронта шубҳа йўқ. ”Германиядаги СССР талабалар комитети иттифоқи ижроқўми“ раҳбари Станленицкий томонидан 1927 йил 15 апрелда берилган ”гувоҳнома“да ”Уни совет ҳокимиятига садоқатли ўртоқ ва яхши ишчи сифатида тавсия этамиз“, дейилган. Шу боис ҳам, у Олимжон Идрисийнинг кўмагисиз Фитрат билан ёзма алоқа қилиб турган. Зеро, Муродий Тошкентда бошлаган ўзаро ишонч ва дўстлик, садоқатни хорижда ҳам намоён этган.
Демак, юқоридаги мактубнинг ёзилиши табиий ва тахминан 1922 йил охири, 1923 йил бошларига тааллуқли, деб ўйлаймиз. Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архивида ”Маориф нозирининг хусусий иши“ йиғмажилдида ушбу хатнинг қора қаламда ёзилган нусхаси сақланмоқда. (Хатнинг баёз нусхасини топа олмадик.)
Хатнинг мазмунидан англашиладики, Фитрат ўзидан ўнбеш ёш кичик бўлган шогирди Абдуваҳоб Муродийга дўстим, деб мурожаат қилмоқда. Бунда Фитратдек машҳур адибнинг ёш олимнинг истеъдодини, билимини тан олиб, руҳини кўтариш истаги бор. Шунингдек, улар доимо хат ёзишиб, ўзаро китоб алмашиб туриш билан кифояланмай, ижтимоий, сиёсий, саноат, зироат масалаларида ҳамфикр бўлишгани яққол сезилади. Фитратнинг “Бир мусоада вақт топсам, албатта, эътирозларимни тўплаб, сизга юборурман”, деган сўзлари фикримизнинг тасдиғидир.
Фитратнинг “юборатурғон китобларингиз ҳануз келмади” деган сўзлари, Лубан (Густав Любен (1804 — 1873) — Германиянинг Бремен шаҳридаги ўқитувчилар тайёрлаш билим юрти директори, педагогика ва жамиятшунослик тўғрисидаги талайгина асарлар муаллифи — С.А.) асари хусусидаги ўйлари, замонавий саноат-матбаа ютуғи — ҳарф териш дастгоҳини Бухоро учун сотиб олиш истаги ҳам юқоридаги фикримизни яна бир карра қувватлайди. Мактуб мазмунига қараганда, Муродий эринмасдан устози ва дўсти Фитратни Европа янгиликлари, давлат, жамият қурилиши муаммолари ҳамда сиёсат, саноат, маданият ва бошқа соҳаларга оид адабиётлар билан таништирган, янгиликлардан хабардор қилиб турган.
Мактубда Абдурауф Фитрат теран илмий сиёсий тафаккурга эга арбоб ва олим сифатида кўзга ташланади. Унинг Г. Любеннинг “Оврупо ҳаёти” асари ҳақидаги мулоҳазалари Оврупо мустамлакачилик сиёсатини теран ва изчил ўрганганини ҳамда Муродийни мутафаккир инсон сифатида тан олганини кўрсатади. Акс ҳолда Г. Любеннинг асари соддадил кишиларни алдаш учун мўлжалланганини ва муаллифнинг айрим ҳақиқатлари тўғри эканлигини айтмаган бўлур эди. Шунингдек, оврупо тилларидан таржима қилинган “Руҳул авом” ва “Руҳул жамият” каби психология, социология ва жамиятшуносликка оид асарларни ўрганмаган ва фикрларини Муродий билан ўртоқлашмаган бўлур эди.
Мактубдан яна бир хулосага келиш мумкин: Фитрат Ҳиндистонда юрганда инқилобий воқеаларга гувоҳ бўлиб, улар ҳақида Номиқ Камол драмаларига ўхшаш асар ёзишни 1914 — 1915 йилларда кўнглига тугиб, 1919 — 1920 йилларда амалга ошириб, ўша йили Тошкентда “Турон” труппаси томонидан саҳналаштирилган “Ҳинд ихтилолчилари” драмасини Абдуваҳоб Муродий воситаси билан Берлинда чоп эттиришга урингани сезилади. Бинобарин, Муродий бизгача етиб келмаган мактубида пиесани бостириш учун матбаа сарф-харажати тўғрисида алоҳида маълумот берган. Зеро, Фитрат “у қадар кўп ақча билан бостуртурғонда қиммат тушодир”, демас эди.
Хўш, асар матбаа сарф-харажатининг қимматлилиги боис босилмай қолиб кетдими? Йўқ, албатта. Берлинда таҳсил олаётган талабалар устозларига ёрдам қиладилар. Асар 1923 йилда Берлинда (улар 1924 йил С.Айнийнинг “Қиз бола ёхуд Холида” асарини ҳам бостирадилар) нашр этилади ва бунда сўзсиз Муродийнинг хизмати бор, деб ўйлаймиз.
Мактубдан тағин Фитратнинг хорижда таҳсил олиш билан чекланмай, Ватан манфаати учун илмий-адабий асар яратиш йўлида берилиб ишлаётган ёш дўстларини қўллаб-қувватлагани ҳам аён бўлади. У Саидалихўжа Усмон ва Аҳмад Шакурийга асарларини юбориш ва уларни бостиришни таклиф қилади, шу билан бирга, уларнинг “ақчалари етишмагани”ни билиб, уларни иқтисодий таъминлашга интилади. Мазкур таклифда, бир томондан, ватанпарвар инсоннинг орзу истаги намоён бўлса, иккинчи томондан, шогирдларининг саъй-ҳаракатлари натижа бераётганидан чин дилдан севинган буюк устоз сиймоси гавдаланади.
Сўнги тадқиқотлар, хусусан, Олимжон Идрисий билан ёзишмалари Фитратнинг Германияга юборилган 49 талабанинг иссиқ-совуғидан доимо хабардор бўлиб тургани, уларни моддий қўллаб-қувватлашга интилганини кўрсатмоқдаки, бу энди янги мавзудир. Насиб этса, муҳтарам ўқувчиларни бу ёзишмалар билан таништиришга ҳаракат қиламиз.

Хатни нашрга тайёрловчи ва мақола муаллифи:
Сирожиддин Аҳмад

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 30-сонидан олинди.