Абай (1845-1904)

Абай — Иброҳим Қўнонбоев — XIX асрнинг иккинчи ярмида яшаб, ижод этган қозоқ шеъриятининг машъали, бастакор, файласуф ва қозоқ ёзма адабиётини асосчиси, маърифатпарвар шоиридир. У 1845 йилнинг 8 августида Семипалатинск вилоятига карашли, ҳозирги Абай тумани, Чингизтоғ бовуридаги Қашқабулоқ маконида дунёга келган. Отаси Қўнонбой Ўсконбой ўғли қозоқ уруғлари ичидаги энг бой, бадавлат кишилардан бўлиб, Абайни ўқитишга катта аҳамият берди. Абай мадрасада тўрт йил таълим олди. Араб, форс тилларини ўрганди. Марказий Осиё алломаларини, хусусан, Саъдий Шерозий, Ҳофиз Шерозий, Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Навоий, Бобур, Нодира асарларини мутолаа қилди. Улардан таъсирланиб “Фузулий, Шамсий, Сайқалий” номли шеърий асарини яратди. Унда Шарқ алломаларини ўзига устоз деб билганлигини тан олади:

Фузулий, Шамсий, Сайқалий,
Навоий, Саъдий, Фирдавсий,
Хўжа Ҳофиз — бу ҳаммаси,
Мадад бер, ё шуаро фариёд —

дейди.

Шунингдек, шоирнинг 1855—1881 йиллар давомида ёзган “Юзи равшан”, “Алифбо”, “Фузулий, Шамсий, Сайқалий” каби ва бошқа шеърлари Шарқ алломаларига эргашиб ёзган ижод намуналари эди. Шунинг учун академик ёзувчи Мухтор Авезов “…унга тиллари тушунарли бўлганликдан Навоий, Фузулий асарлари кўп таъсир этган. Айниқса, Абай Алишер Навоийни ўзига “энг яқин устоз” деб билади ва асарларидан ўрнак олади”…

Абай Аҳмад Ризо мадрасасида узоқ таҳсил кўролмади. Отаси уни мадрасадан чиқариб олиб, эл бошқариш ишларига жалб этди. Лекин Абай қаламни ташлаб қўймади. Эл бошқариш билан бирга бадиий ижод билан қаттиқ шуғулланди, ўз билимини тинмай ошириб борди. Шоир учун айниқса 1886—1889—1895 йиллар сермаҳсул, қизғин ижодий давр бўлди. Бу даврда қозоқ уруғларининг ўзаро ички низолари авж олганди. Абай ўз асарларида уларни дўстликка, иноқликка, биродарликка ундади, илм-маърифат олишга даъват этди. Бунга шоирнинг “Менинг элим — қозоғим”, “Адашганнинг олди йўқ”, “Илм топмай мақтанма”, “Ёшликда илм деб ўйладим”, “Бойлар юрар молин ардоқлаб”, “Интернатда ўқийди” (1886) каби асарлари ёрқин мисол бўлади.

Абай ўша даврларда Семипалатинскка сургун қилинган рус демократлари И. И. Долгополов, Е. П. Михаэлис ҳамда В. Г. Белинский, Чернишевский, Добролюбов, Салтиков-Шчедрин, Л. Толстой, А С. Пушкин, М. Ю. Лермонов, И. А. Крилов асарларни ўқиб пухта ўрганди. Баъзиларини қозоқ тилига таржима қилди. Уларнинг асарлари орқали рус, жаҳон адабиёти намояндалари асарлари билан яқиндан танишди, таржималар қилди, насрий асарлар ёзди.

Абай ижодининг муҳим қирраларидан бири — ёш шоирларни таркбиялаш бўлди. Ёшларга ҳомийлик қилди. Уларга мавзулар бериб, достонлар ёздирди. Бу ўринда ўғли Мағавияга (1869—1904) “Медғат Қосим”, Оқилбойга (1863—1904) “Қиссаи Юсуф” каби достонлар ёзишга даъват этганлигининг ўзи кифоядир.

Абайдан 300 га яқин шеърий асар, “Искандар”, “Масъуд”, “Азим ҳикояси”, “Вадим” каби достонлар етиб келган. Унинг асарларидан халқни илм-маърифатга, инсонийликка, ҳалолликка, севги-садоқатга, муҳаббатга даъват этиш ғоялари асосий ўрин эгаллаган. Бу ўринда шоирнинг “Эй муҳаббат, эй дўстлик”, “Йигитлар”, “Ўйин арзон, кулги қиммат”, “Кўзимнинг қораси”, “Қиз сўзи”, “Йигит сўзи”, “Ошиқ сўзи — тилсиз сўз” каби асарларини кўрсатиб ўтиш керак. Абайнинг Пушкиннинг “Евгений Онегин” асари асосида битган “Татьянанинг қирдаги қўшиғи” деган туркум шеърлари қозоқ адабиётининг энг яхши намуналаридан бири бўлиб қолди.

Абай шеъриятида муҳаббатсиз, дўстликсиз ҳаёт бўлмайди, деган ғоя илгари сурилган. Абай ўз давридаги золим бойларни, феодалларни меҳр-мурувватли бўлишга чорлайди, эзгулик ва адолатпарварликни тўлиб-тошиб куйлайди. Абайгача қозоқ шеъриятида икки хил ўлан ўлчовлари мавжуд эди. У ҳам бўлса “Қора ўлан” билан “Жыр”дир. Абай эса рус ва жаҳон шеъриятини чуқур ўрганиб ўланлар вазнини ўн еттитага етказди. Бу борада шоирнинг “Саккиз аёқ” шеъри билан 16 тармоқли “Сен мени нетасан?” асарини эслаш лозимдир.

Абайнинг бастакорлик фаолиятида “Саккиз аёқ”, “Айтдим салом, қаламқош”, “Мен кўрдим баланд қайин қулашин”, “Желсиз тунда ёриқ ой”, “Нечаро, қайтдим сездирмай” каби асарлари қозоқ халқи мусиқа тарихида алоҳида ўрин эгаллайди.

Абай уч манбадан озиқ олиб, маънавий камолотга етди: Булар қозоқ халқ оғзаки ижодиёти, Шарқ шеърияти ва ниҳоят рус, Оврўпо адабиёти намуналари. Бу уч манба Абайни буюк шоир этиб етиштирди, оламга танитди. Асарларини элларга манзур килди. Абайнинг насрий асарлари, шеъру достонлари ўзбек, татар, қирғиз, қорақалпоқ, турк, мўғул, чин, чех тилларига таржима қилинган ва мазкур халқларнинг маънавий мулкига айланиб қолган.

Шоир асарлари биринчи марта Санкт-Петербургда “Қозоқ шоири Иброҳим Қўнонбой ўғлининг шеърлари” деган ном билан чоп этилган. Маърифатпарвар адибнинг насрий асарлари 1918 йилда Семипалатинскда, 1922 йилда “Танланган шеърлари” Тошкентда нашр қилинган.

Мухтасар қилиб айтганда, Абай қозоқ адабиёти ва қозоқ тилига асос солди. Шоирнинг шеъру достонлари, насрий асарлари, таржималари қозоқ халқининг миллий-маънавий ифтихори бўлиб қолади. Абай ижоди туркий тилларда сўзлашувчи халқларнинг умумий маънавий мулкидир. Абай халқларни дўстлик ва биродарликка, ҳамжиҳатликка чақирди. Тинчлик ва осойишталикни, меҳр-муҳаббатни улуғлади.

ф.ф.н. Қ. Сейданов

Абай асарларидан

Абай Қўнонбоев шеърларидан намуналар
Абай. Юрак амри билан (“Қора сўз” асаридан)
Абай Қўнанбоев. Насиҳатлар
Абай. Ўланлар
Абай. Шеърлар ва поэмалар
Абай. Танланган асарлар

Абай ҳақида

Мухтор Авезов. Абай (1-китоб)
Мухтор Авезов. Абай (2-китоб)
Мухтор Авезов. Абай йўли (1-китоб)
Мухтор Авезов. Абай йўли (2-китоб)