Абай Қўнонбоев (1845-1904)

Қозоқ классик адабиётининг асосчиларидан бири, буюк шоир ва маърифатпарвар Абай (Иброҳим) Қўнонбоев (Абай Құнанбайұлы) Қозоғистоннинг Семипалатинск уездига қарашлн Чингизтов районида чорвадор оиласида туғилди. Ёшлик чоғларида мадрасада ўқиди. Кейинчалик рус мактабига қатнаб, рус тили ва адабиётини ўрганди. Абай, бир томондан, Шарқ адабиётининг буюк вакиллари Фирдавсий, Навоий, Низомий ижоди билан, иккинчи томондан, А. С. Пушкин, Л. Н. Толстой, М. Е. Салтиков-Шчедрин асарлари билан қизиқиб, ўз билимини оширди.
Абай ижоди ёшлик чоғларидан шеър ёзиш ва ўлан айтишдан бошланди. Унинг жуда кўп ўланлари халқ орасида машҳур.
Ўз даврининг илғор ғояли зиёлиси бўлган Абай маърифатпарварлик ҳаракатига бошчилик қилди. У халқни саводхон қилиш ва руслардан ўрнак олишга даъват этди.
Абай биринчи қозоқ композиторидир. У ўз шеърларига халқ куйлари асосида куй басталаган. Абай А. С. Пушкиннинг «Евгений Онегин» асаридан парчаларни қозоқ тилига таржима қилди.
Ўзбек тилида Абайнинг «Ўланлар» (1945) ва «Абай Қўнонбоев» деган ном остида айрим асарлари таржима қилиб босилган.

ЎЛАН

Ўлан — сўзнинг пошшоси, сўз сараси,
Қийиндан қийилтирар эр доноси,
Тилга енгил, юракка илиқ тегиб,
Теп-текис, силлиқ келсин айланаси.

Сараланмай булғанса сўз ораси,
Бу — оқиннинг билимсиз-бечораси.
Ҳам оқин, ҳам тингловчи кўпи нодон,
Сўз танимас бул юртнинг бир пораси.

Сўз боши аввал ҳадис, оят бўлур,
Шираси ҳам маъноси ғоят бўлур.
Пайғамбар ҳ-ам сўзини ўлан қилган;
Ўлан айтай, шоядки кўнглим тўлур.

Ўландай хутба ўқиб кекса мулло,
Ўлан айтиб йиғлаган валиюлло,
Ҳамма ҳам чамасича ўлан ўқир,
Ўлан билан ёзилган калимулло.

Ўланга ишқимиз бор қадим чоқдин,
Лекин қандай наф бўлар мақтанмоқдин!
Ичи зар, сирти кумуш сўз яхшисин —
Келиштирар ким ҳам бор мўл қозоқдин?..

Сўзни чертиб сўзласанг ҳар ким сийлар,
Мақол қўшиб сўзларкан кекса бийлар.
Оқинлари беақл, нодон экан,
Бекор сўзни теридай нуқул ийлар.

Қўлида ҳам қўбизи, ҳам дўмбира,
Ҳаммага махтов ўқир, қўймас сира.
Ўлан айтиб хайр тилар элни кезиб,
Сўз қадрин ерга урар, бўлиб хира.

Мол учун сўзни безар, виждон сотар,
Мол учун бўйин эгар, молдай ётар.
Мол учун ҳам алдайди, ҳам аврайди,
Э худо, шу оқинлар қачон қотар?

Бойларни махтай бериб сўз қолмабди,
Ўлан айтиб, мол йиғиб, бой бўлмабди.
Ўланнинг қадри кетди эл ичида,
Қадрини кеткизганлар йўқолмабди…

Кекса бийдек мақолга бурмагайман,
Ё оқиндек хайр тилаб юрмагайман.
Сўзим — ўзга, тингловчи, сен ҳам тузал,
Беҳуда гапдан суҳбат қурмагайман.

Эл чопган ботирлардан сўйлаб берсам,
Ошиқлар, маъшуқлардан куйлаб берсам,
Анчайин ҳангома деб тинглардингиз,
Сўзларнинг сарасини сўйлаб берсам…

Аммо ақл чақирилмаган меҳмон эмиш,
Ақли борга бундай умр зиндон эмиш…
Кечиринг, нодонларга тегиб ўтсам,
Бу элда тўғри айтган ёмон эмиш…

Тўғри сўзлик ўланим, ўзинг кўркам!
Майли, татимаса ҳам сўйла бардам…
Бу юрт сўз ошиғимас, мол ошиғи,
Розиман, мингдан бири тушунса ҳам…

Ўзи билан ёвлашган юртим, тингла!
Ўзи билан довлашган юртим, тингла!
Дардингга даво бўлсин ўланларим,
Бир-бирини овлашган юртим, тингла!

Наҳот сенда қолмаган номус ва ор?
Наҳот номус ва инсоф эмас даркор?
Теран ўй, теран илм йўлинг очсин,
Ёлғон ўлан ва сўздан олам безор…
1887

КЎКЛАМ

Кўклам келса, қолмайди қишнинг изи,
Қулп урар кўкаламзор ернинг юзи;
Жон киради борлиққа, табиатга,
Она янглиғ жилмаяр куннинг кўзи.

Кулишар, ўлан айтар йигит-яланг,
Утовда ўтиролмас қари-қартанг;
Жон-жонивор, одамизод яйраб кетар,
Қушларнинг қўшиғидан ҳаво жаранг.

Қирдаги, сойдаги эл аралашар,
Қўй қўзилаб, оёққа ўралашар,
Қиш бўйи бир-бирини кўрмаганлар
Қучоқлашар, ўйнашар, ҳол сўрашар.

Туя бўзлар, от кишнар, қўра шов-шув,
Капалаклар гул излаб учар дув-дув.
Етти рангли гиламдай яшил тусда —
Сулув қиздай буралиб оқади сув.

Кўл ёқалаб учишар ўрдак ҳам ғоз,
Уя излаб югурар бола шоввоз;
Учар бтни эгарлаб кўлга тушсанг,
Чақмоқдай тез ов олар бўз довулбоз.

Қанжиғада ўлжаси — овчи қайтар,
Сулув қизлар нозланиб, салом айтар.
Қуш гўштига мос тушар нордон қимиз,
Баданингни балқитар, жимирлатар.

Кўкламдай кийинишар келинчаклар,
Чеккасида гунафша, бойчечаклар,
Қирда тўрғай сайраса, сойда булбул,
Гул билан тўлиб кетар — тул этаклар.

Деҳқонлар қўш қўшади, экар экин,
Ҳафта ўтмай кўкарар экин-тикин,
Савдогарлар мол юклаб, туя қўмлаб,
Олис-олис йўллардан келар секин.

Оламга безак берган қодир мавлон,
Ер — она, қуёш — ота, нури жаҳон,
Онадай эмиздирар кўксидан ер,
Отадай меҳр тўкар ёруғ осмон.

Булут ўтса ариллаб оқади сой,
Кечаси чаман юлдуз ва тўлин ой,
Не қилсин қоронғида ярқйрамай,
Қуёш чиқар чоғида ҳолига вой.

Қуёш — ошиқ ерни кўп севар эмиш,
Ер ишқида ўртаниб, куяр эмиш,
Ошиқ йигит уфқдан кўринганда,
Юлдуз ва ой севгини қўяр эмиш.

Ошиқ — қуёш тун бўйи кутар эмиш.
Висол пайтин пойлаб кўз тутар эмиш,
Саҳардан оғуш очиб севганини,
Муҳаббат оловида ўртар эмиш…

Қиш бўйи ер — қуёшни излар муштоқ,
Кута бериб сочлари бўлармиш оқ;
Кўклам ва ёз васлига қониб тоза,
Гул очилиб, тўлишармиш, етмай қучоқ.

Қуёшга тўғри боққан — кўр бўлади,
Қуёш кулса оламга нур тўлади.
Не билай, ўзим кўрдим, қуёш ҳар кеч —
Олтин чодирига кириб дам олади.
1890

* * *

Қозоғим, шўрли юртим, вайрон юртим!
Қоронғуда йўл топмай, ҳайрон юртим!
Ёмон билан яхшини фарқ қилолмай,
Оғзида ҳам қон, ҳам мой, сарсон юртим!

Қарасам, ажабтовур юзинг сенинг,
Нечун ахир, алдамчи сўзинг сенинг?
Доноларнинг ҳикмати писанд эмас,
Ғофил қолган, адашган ўзинг сенинг!

Тунда уйқунг бузилар, кундуз – кулгинг,
Дардингга эм бўлади, молинг-мулкинг!
Очкўзсан, таъмакорсан, қурумсоқсан,
Бор савлатинг бошингга кийган тулкинг…

Бий бўлди қийқим бойлар бош-бошига,
Доғ солди, заҳар солди юрт ошига,
Қўрқаман, асоси йўқ кўр сингари,
Элим унар бузуқлар алдашига!..

Оталарга ўхшамай қолди турқинг,
Ёпирай, мунча кетди, элим, хулқинг!
Бирлик йўқ, барака йўқ, бузулди феъл,
Қани йиққан давлатинг, боққан йилқинг?

Элат билан – элат ёв бойлик учун,
Оға билан – ини ёв сийлик учун,
Қозоғим, ўз-ўзингни ўйламасанг,
Бадбахт кунга қолмасми тақдир бутун?

Мен нетай, ахир кимга умид боғлай?
Қўрқоқ қуллар юртида не бахт чоғлай?
Бир йўлчи топилмасми сарсон элга,
Мен излай, мен ахтарай, мен сўроқлай…

Миртемир таржималари

* * *

Бозорга қараб турсам, ҳар ким борар,
Излагани не бўлса – шу топилар.
Биров овқат олади, биров маржон.
Ҳар кимга бир хил нарса бермас бозор.

Ҳар кимнинг излаган бир нарсаси бор,
Чамалаб оқчасига шундан олар.
Биров уқмас бу сўзни, биров уқар,
Баҳосин фаҳмламай ҳайрон қолар.

Сўз уқар ушбу кунда киши борми?
Демайман: сўзим юртга бирдай ёқар.
Ёзган сўнг ерда қолмас тешик мунчоқ.
Бировдан биров олиб, элга тарқар.

Бир кишимас, ёзганим ялпи юрт-ку,
Ғижинмасдан, чироқлар, уқсанг ярар.
“Ит маржонни не қилсин” деган сўз бор
Дили ўтли йигитлар бир уйланар.

* * *

Ярқ этмас қаро кўнглим не қилса ҳам,
Осмонда ой билан кун чақилса ҳам.
Дунёда сира сендай менга ёр йўқ,
Сенга ёр мендан ортиқ топилса ҳам.

Шўрлик ошиқ сарғайса, соғинса ҳам,
Ёр кетиб, тўғри сўздан янглишса ҳам,
Чидайди ёр ҳажрига рози бўлиб,
Масхара ва хўрликда топинса ҳам.

* * *

Талай сўз бундан бурун кўп айтганман,
Тағин ўйлаб, кўп қайғу еб айтганман.
Ақллилар орланиб уялган-чун,
Ўйланиб, тузаларми, деб айтганман.

Қозоқнинг бошқа юртдан сўзи узун,
Бирининг бири уқмас айтган сўзин.
Кўзнинг ёши, юракнинг қони билан
Эритишга бўлмайди ички музин.

Юртим-ай, ҳаволанмай, сўзга тушун,
Ўйлан-чи сиртин қўйиб, сўзнинг ичин.
Иржангламай тингласанг ниманг кетар,
Ахир, сўзни яратган тинглаш учун.

Адашиб англама йўл тополмай,
Берироқ тўғри йўлга чиқ қамалмай.
На илминг бор ва меҳнат қиласан,
Ўтмоқдасан ҳатто мол ҳам боқолмай.

Уйғун таржимаси

КУЗ

Сур булутлар қоплаб олар кўкни бутун,
Қуюқ туман босиб келар бамисли тун.
Тўқлигидан ё совуққа йўқлигидан —
Уйир тўзар, ҳар томонга чопар қулун.

Майсаю гул-кўкатлар йўқ бурунгидай,
Ёш-яланг ҳам сурон солмас, ҳар ишга шай.
Кексайган чол-кампирдайин қовжирамиш
Баргларини тўкиб бўлган янтоқ, қуврай.

Вақти келиб қор кўтарар бунда қуюн,
Лекин ҳозир куз чалмоқда мунгли куйин.
Болаларин бувисига жун йигиртиб,
Ёш хотинлар ямаб-ясқар ўтов-уйин.

Ғоз, турналар учар кўкда жануб сари,
Кун бир тутам, завқу сурур кўздан нари.
Овуллар ҳам файзи кетиб, мунғаймишдир
Эшитилмас элнинг ўйин-кулгулари.

Ел заҳридан изиллайди танлар жовраб,
Қора совуқ яланг қирда кезар довлаб.
Кўмик суяк, сарқит таом тегмагандан
Уйда ит ҳам йўқдир, кетган сичқон овлаб.

Қоронғи куз гирдобида адир-тоғим,
Дил тундлашар қиш забтини туйган чоғим.
Ахир, олов ёнмас уйда — сурур қайдан,
Кўрган кунинг қуриб кетсин, ай қозоғим!

ҚИШ

Оқ либосда, қурч гавдали, оқ соқолли —
Сочган заҳри тирик жонга ғовғо солди.
Уст-энгили қировда ва турқи совуқ,
Қадамини ғарч-ғурч босиб келиб қолди.

Нафасида — аксиригу аёз дуркун,
Кекса қуданг янглиғ келиб қолди бирдан.
Заб бостириб кийиб олган пахмоқ бўркин,
Ел-изғирин унга ўтмас — тетик, бардам.

Нақ булутдай қоши тўсиб икки кўзин,
Бош силкиса юрагингга қутқу солар.
Ногоҳ бўрон туриб дўқ-дов қилса шу зум,
Кенг даштдаги оқ қасрдек уй чайқалар.

Завқи тошиб чопиб юрган бола-бақра
Кўринмайди, юз-қўлини ушук урди.
Қават-қават чопон кийса ҳам молбоқар,
Аччиқ елга дош беролмай юз ўгирди.

Писандмасди йилқига қор ёғса қат-қат,
Кўк аёзга улар қандоқ қилсин тоқат!
Қўраларга оч қашқирлар тумшуқ солди,
Ҳой, чорвангни ташлаб қўйма итга фақат!

Уйқусизлик ўлдирмайди, анграймагин,
Қувват бўлар — кунгайларга ҳайда молни.
Ит еганча Қўндибою Қанай есин,
Қувиб юбор қасам урган манов чолни.

* * *

Уйғотар дилда ишқни
Яхши қўшиқ, яхши куй.
Ҳаётингда қўшиқни
Суйсанг агар менча суй.

Ҳасратларинг чекинар,
Унутасан дунёни.
Юрак завққа чулғанар
Қўшиқ тинглаган онинг.

Ҳувиллаган сахрода
Сув топгандек бўларсан.
Ожиз қолсанг мабодо,
Куч-қудратга тўларсан.

Юрагингда турфа хил
Хотиротлар уйғонар.
Вужудингни туйғулар
Дарёсида тўлғатар.

Гоҳ қўшиқ оғушида
Ёдга тушар ҳасрат-ғам.
Кўринур умр шунда
Армонларда мужассам.

Куй мавжи тебраб дардим,
Аламларни бўйлайман.
Алдамчи рўёларни
Тағин чин деб ўйлайман.

Туғиламан қайтадан —
Юрагим қўшиқ тинглар…
Қолдими мен тотмаган
Тағин заҳар-заққумлар?!.

* * *

Ўлсам, умрим қордаги из бўлмасми?
Ўткир тилим тортинчоқ қиз бўлмасми?
Муҳаббат ва ҳасратда ёниб ўтган
Менинг оташ юрагим муз бўлмасми?

Олтин деб асраганим, жез бўлмасми?
Шоҳи деб ўйлаганим, бўз бўлмасми!
Ҳаприққан бўлса бир пайт асов юрак,
Кейинча эл оғзида сўз бўлмасми?

Нажотсизман мен ғамда бахтиқора,
Ҳасратларим адоқсиз, топмам чора.
Битта қалбга зарурми шунча ёнмоқ,
Қара, ахир, бир жонман — дили пора.

Юрагингнинг тубини теран бўйла,
Мен ҳақимда сўйласанг ростин сўйла.
Мен тақир ерда ўсдим ва бир ўзим
Мингга билан олишдим, буни ўйла!

Ёшликда олғир эдим, ўйдан йироқ,
Лекин не-не қалбларда ёқдим чироқ.
Ҳар кимсани шод этмоқ орзум эди,
Элдаги ношудлардан куйдим бироқ.

Замондан тегмади ҳеч эрк ўзимга,
Шунданми дунё тордир гоҳ кўзимга.
Хор бўлдим ўз юртимда топмай қадр,
Сен, дўстим, мени ая, боқ сўзимга!

Сиртим нур, ичдан қанча қалтирамай,
Дунё ўтар мендан ҳеч ҳол сўрамай.
Ўлан — нақ аёл, сиринг ёяр элга,
Бас, сўзим тўхтатай, кўп алжирамай.

Мирпўлат Мирзо таржималари

НАСИҲАТЛАР

ЎТТИЗИНЧИ СЎЗ

Бизда бир мақтанчоқлик деган ярамас нарса бор. Асли шу нарсанинг нима кераги бор ўзи? Зотан, бу — ор-номуссизлик, нодонлик, ўйсиз-хаёлсизлик ҳамда на ботирлик ва на одамгарчиликдан хабари йўқликнинг аломатидир! Тағин, безрайиб туриб: «Э, бор худоё! Кимдан ким ортиқ экан шунчалик! Бировнинг насибасини биров топиб берармиди ҳеч? Кимнинг боши кимнинг эгари қошида юрибди… Биров менинг қозонимни қайнатиб берибдими, ё мен бировнинг қўлига қараб қолибманми?»—деб керилади. Баъзан эса дағдаға қилиб: «Ҳаммага бир ўлим!.. Вой онасини фалон қилай! Бундаи юргандан кўра ўлганим ортиқ! Жуда нари борса — ҳайдаб юборар, отиб юборар! Қаерга борсам ҳам бир ўлим!»—деб кекирдагини чўзадиганлар кўп-ку.
Мана, ўзларингиз кўриб юрибсизлар: ҳозир ҳеч бўйига қараб тўн бичадиган, айтган гапида қатъий турадиган қозоқ борми дунёда? Йўқ, мен ҳали ўлимга бардош бера оладиган қозоқни ҳам ёки, аксинча: мен ўлимга бардош бера олмайман, деб очиқ гапирадиган қозоқни ҳам кўрганим йўқ… Борди-ю, ақлсиз бўлса-да, шундай журъатли қозоқ топилса, у кишини ҳайратга солган бўлур эди! Афсуски, йўқ. Бунинг ўрнига шундайлар борки, зўр келганда сичқоннинг инини минг танга қилиб, қочиб кирарга тешик топ-май қолади. Хўш, бундай кишиларни нима деб атаймиз? Эй худо! Ўз жонига ортиқча ҳотамлик қиладиган, мол-дунёни писанд қилмайдиган бечораларнинг аҳволига қаранг. «Уялмас юзга тол-мас жағ беради»,— деб шуни айтишар эканлар-да… Бундай кишилар ҳам уятсиз, орсиз кишиларнинг бири-да.

ЎТТИЗ БИРИНЧИ СЎЗ

Киши эшитган нарсасини унутмаслик учун тўртта шарт бор: аввало, бунинг учун зеҳнли бўлмоқ керак; иккинчидан, бир нарсани кўрганда ё эшитганда — унга чин юракдан ихлос қўйиб, фаҳм-фаросат билан уқиб олмоқлик лозим; учинчидан, эшитганларини ичида бир неча марта такрорлаб, кўнгилга жо қилмоқ керак; тўртинчидан, кўнгилга бошқа нарсаларни мутлақо келтирмаслик ва келса ҳам унга заррача эътибор бермаслик керак. Масалан: беғамлик, бепарволик, ўйин-кулги ёки қайғу-ҳасратга берилмаслик ва бошқа нарсага ихлос қўймаслик керак. Акс ҳрлда, бу тўрт нар-са ақл билан илмга путур етказадиган омиллардир.

ЎТТИЗ ИККИНЧИ СЎЗ

Илм ўрганишни талаб қилган киши, аввало, уни билиши керак. Бунинг бир неча шартлари бор. Буларни билмай туриб ўрганилган илм юқмайди.
Аввало, ўрганилаётган илм-ҳунарни охир бир кун келиб бирон кори-ҳолимга яраб қолар, деб ўрганмасдан, ҳаётда уни турмушга тадбиқ қилиш мақсадида ўрганмоқ керак. Чунки илмни фақат билиб қўйиш учунгина ўргансанг ва шу билан қаноат ҳосил қилсанг, бундай илмнинг кимга кераги бор? Киши ўзининг билмаган нарсасини билиб ўрганса — бундан қанчалик ҳузур-ҳаловат топишини асти қўяверинг! Агар сен илмга астойдил меҳр қўйиб ўргансанг, сенда, яна кўпроқ билсам экан, деган муҳаббат пайдо бўлади. Шундагина сен кўзинг кўрган ҳар бир нарсани кўнглингга маҳкам тугиб, уқиб оладиган бўласан.
Агар борди-ю, кўнглинг бошқа нарсада бўлиб, ўқиб ўрганаётган илмингни шунга сабаб қилиб кўрсатсанг, яъни уни ана шу кўнглингдаги нарса учунгина ўрганаётган бўлсанг, унда илмга деган меҳринг гўё ўгай онанинг меҳри каби бўлади. Агарда чин ният билан ўрганаётган бўлсанг, унда илмга деган меҳринг худди ўз онангнинг меҳридай илиқ ва самимий бўлади. Сен илмга чиндан ҳам ихлос қўйсанг, у ҳам сенга меҳр қўяди ва сен уни тезроқ қўлингга киритасан. Агар сен унга чала меҳр қўйсанг, ўрганган ил-минг ҳам чала-чулпа бўлади.
Иккинчидан, илмни ўрганганда яхши ният билан ўрганиш керак. Аммо биров билан баҳс бойлашмоқ, талашишмоқ учун ўрганиш керак эмас. Баҳс, аввало, кўнгилдаги ишончни мустаҳкамлаш учун бўлса — бу зарар эмас, лекин ҳаддан ошиб кетса — кишини тузатишдан кўра ҳам кўпроқ бузиб қўйиши мумкин. Бунинг сабаби: баҳс қилувчилар кўпроқ ҳақиқатни аниқлаш учун эмас, балки бир-бирларини енгмоқ учун ҳаракат қилишади. Бундай баҳс хусуматни кучайтириб, одамгарчиликни йўқотишгача олиб боради. Бундай ҳолда асосий мақсад илм ўрганиш бўлмай, одамнинг юзини ёлғон сўзга бурадиган бўлиб қолади. Бундай мақсад фақат бузуқ кишилардагина бўлади. Тўғри йўлдан кетаётган юзта одамни адаштирган киши, эгри йўлдан кетаётган битта нотавонни тўғри йўлга солган кишидан сатқаи кетсин! Баҳс — бу ҳам аслида илм ўрганишнинг бир йўли. Бироқ унга ортиқча ҳирс қўйиш ярамайди. Чунки баҳсга ортиқча ҳирс қўйишдан мағрурлик, мақтанчоқлик, хусумат, ёлғончилик, ҳатто арзимаган нарсадан жанжал чиқариш ва бировга мушт кўтариш каби ёмон фазилатлар туғилади.
Учинчидан, агар ҳар бир ҳаракатинг туфайли ҳақиқатга эри-ша оладиган бўлсанг, ўлсанг ҳам бу йўлдан қайтма, маҳкам тур! Ахир, ўзинг шубҳа қилган нарсага ўзгалар қандай қилиб ишонч билдирсин? Ўзинг ҳурмат қилмаган нарсани ўзгалар нега ҳурмат қилсин?
Тўртинчидан, илмни кўпроқ ўрганиш учун одамда яна икки нарса бўлиши лозим: бири — мулоҳаза юритиш, иккинчиси эса — муҳофаза қилишликдир. Бу икки хусусиятни борган сари кучайтира бориш керак. Бу нарса кучаймай туриб илм ўрганиш қийин.
Бешинчидан, шу насиҳатларнинг ўн тўққизинчи сўзида ёзилган ақл касали деган тўрт нарса бор, шундан эҳтиёт бўлиш керак. Шуларнинг орасида беғамлик, бепарволик деган нарса бор, зинҳор-зинҳор шу нарсадан эҳтиёт бўл! Чунки бу, биринчидан — худонинг, иккинчидан — халқнинг, учинчидан — давлатнинг, тўртинчидан — ибратнинг, бешинчидан — ақлинг, ор-номуснинг душманидир; ор-номус бўлган ерда булар бўлмайди.
Олтинчидан, сенда илмни, ақлни бир меъёрда сақлайдиган феъл-атвор, хулқ деган нарса бор. Сен шу нарсани эҳтиёт сақла! Кўрган нарсангга қизиқаверсанг: ё бировнинг ўринли, ё бировнинг ўринсиз гапига ишониб кетсанг, ёки тўғри келган нарсаларга кўнгил қўяверсанг — феъл-атворингнинг бузилиб кетиши ҳеч гап эмас. Феъл-атворинг бузилганидан кейин эса ўқиб илм ўрганганингдан ҳеч фойда йўқ. Кўкрагингда унга ўрин бўлмагандан кейин, уни қаерда сақлайсан? Аксинча, киройи илминг бўлгандан кейин, уни эҳтиёт қиладиган фаҳм-фаросатинг, ақли-ҳушинг, ор-номусингни қўлдан бермайдиган феъл-атворинг ва ғайратинг бўлса — нур устига аъло нур! Лекин бу эҳтиёткорлигинг, шубҳасиз, ақл учун, ор-номус учун қилинган бўлсин!

Н. Фозилов таржималари