Маҳкамой Турсунова. Қадим мадрасаларда таълим тизими

http://n.ziyouz.com/images/ulugbek-madrasah.jpg

Шарқ мутафаккирлари ёш авлодни диний ва дунёвий илмлардан хабардор этиш, унинг ақлу зеҳнини оширишда тинимсиз изланганлар ва самарали таълим-тарбия усулини жорий қилганлар. Улар яратган бебаҳо асарлар инсониятни олам ва одам, борлиқ тушунчаси, ҳаётнинг мазмун-моҳияти, фалсафаси, тасаввуфий дунё сирларидан бохабар этиб, турли мадрасаларда асосий ўқув қўлланмаси сифатида фойдаланилган. Шу боис юксак салоҳият соҳиблари яратган бебаҳо илмий-бадиий дурдоналар асрлар оша ардоқда бўлган.

Шундай асарлар борки, уларнинг асосини турли илмлар ташкил этган. Профессор Нажмиддин Комилов ўтмишдаги асосий илм турларини қуйидагича тасниф этади: “Шариат аҳли назарида илм фақат исломий билимлар, чунончи, Қуръон тафсири, калом, ҳадисшунослик, фикҳдан иборат. Файласуфлар (ҳакимлар) назарида илм борлиқ, инсон ва жамият ҳақидаги билимлар мажмуаси бўлса, сўфийлар назарида илм важдий (интуитив) йўл билан қабул қилинган кашфиёт, каромат, тавҳид сари элтувчи риёзиёт қоидаларидир. Бундан ташқари, риёзиёт (ҳисоб, алжабр, ҳандаса каби), табобат илмлари ҳам таснифга киритилган”[1].

Қадим замонлардан буён адабиёт илмини ўрганиш масаласида ҳамиша бир муаммо бўлган. Яъни нимани ўқитиш, ўргатиш лозим, қандай йўл, усулни қўллаш керак? Бу муаммога жавоб топиш эса талабаларни адабиётга оид маълумотлардан хабардор қилувчи мударрис зиммасига юклатилган. Ўз нав­батида, мударрис ҳам мураккаб матндаги манбаларни ўрганиш усулларига мурожаат қилган ва амалда қўллашга ҳаракат қилган. Мураккаб матнлардан бири – VII асрнинг биринчи ярмида нозил бўлган Қуръони каримдир.

Қуръони карим мумтоз араб тилига хос мураккаб услуб ва тилда сажъ шаклида ёзилганлиги, мазмун ифодасининг чуқур ва кенг қамровлилиги билан бошқа китоблардан мутлақо ажралиб туради. Табиийки, бу ноёб тарихий ёдгорликни тўлиқ тушуниб етиш, унинг ҳақиқатларини англаш ниҳоятда мушкул. Хусусан, араб тилини яхши билган киши ҳам уни тўғри ва тўлиқ тушуниш ва тушунтириб бера олиш салоҳиятига эга бўлмаган. Шу боис, бу илоҳий ёдгорликни ўрганиш эҳтиёжидан келиб чиқиб, ўрта асрлардан бошлаб, унга бағишланган тафсирлар, шарҳлар ёзиш ишлари амалга оширилган. Ёзилган тафсир ва шарҳлар миқдор жиҳатидан жуда кўп бўлишига қарамай, деярли барчаси араб тилида яратилган. Қуръонни тафсир ва шарҳ билан ўқиш ҳам ўта мураккаб бўлиб, мударрисдан ҳам, талабадан ҳам жуда катта масъулият талаб қилинган. Энг муҳими, Қуръон ва унинг тафсири ва шарҳини ўрганиш бошланғич мактабдан то мадрасагача алоҳида фан сифатида ўқув дастурига киритилган.

Ўша даврларда мударриснинг олдига қўйиладиган талаб жуда юқори бўлган. Шу сабабли, уларнинг меҳнати даражаланган, шу меъёрга кўра уларга ҳақ тўланган.

О.Г.Большаков ўзининг «Страны и народы Востока» (Вып. X. –М., 1971, стр. 25) журналида эълон қилган «Два вакфа Иброҳима Тавгачхана в Самарканде» (“Иброҳим Табғочхоннинг Самарқанддаги икки вақфи”) мақоласида мадраса мударрисларига ва ишчи ходимларига тўланадиган маоши ҳақида қуйидаги маълумотни келтиради:

– бош мударрисга – 2000 минг дирҳам;

– фиқҳдан дарс берувчи мударрисга – 3 минг 600 дирҳам;

– илми адаб (адабиёт)дан дарс берадиган мударрисга – 1 минг 200 дирҳам;

– Қуръондан дарс берувчи мударрисга – 1 минг 500 дирҳам;

– кутубхоначига – 1 минг 200 дирҳам.

Энг муҳими, мударрисларга тўланадиган меҳнат ҳақи ўша давр ўлчовларида жуда катта маблағ ҳисобланиб, улардан ҳам шу даражада сифатли меҳнат талаб қилинган.

Бу даврда мударрислар ҳам юксак талаб ва масъулиятни ҳис қилган ҳолда ўз устида муттасил ишлаб, қатор дарслик, ўқув қўлланмалари ва мураккаб асарларни ўрганишнинг турли усулларини яратганлар. Улар томонидан яратилган ўқитиш усуллари қуйидагилардан иборатдир (Бу усуллар асрлар давомида шаклланган ва сайқал берилган):

  1. Усули ҳижоия (савтия) – бўғинга бўлиб ўқиш.
  2. Илми шарҳ – тафсир.
  3. Илми таҳлил – таҳлил, шарҳ, тавсиф масаласи.
  4. Илми мунозара – мунозара, баҳс, муносабат ифодаси.
  5. Илми қироат – оҳанг ва сўз талаффузи орқали қироат.
  6. Илми фасоҳат (илми балоға) – чиройли, ўринли сўзларни қўллаш.
  7. Илми баён – нозик маъноларни баён қилиш (риторика).
  8. Илми ғариба (ғариб) – кам сўз билан кенг маънони ифодалаш, акс эттириш.
  9. Илми маоний – баён этиш, бирор нарса ёки ҳодисанинг моҳияти, мазмунини ечиб берувчи илм.
  10. Илми наср ва иншо – ёзма иш тури, услуби, мактуб, ёзув саводхонлиги.
  11. Илми муҳозирот – латифагўйлик, ҳозиржавоблик, зукколик.
  12. Илми муаммо – бадиий санъат тури бўлиб, шеъриятдаги масала ва рамзларни ечиш усули.
  13. Илми мантиқ – сўз маъноларидаги боғланиш.
  14. Илми калом – нақлий масалани ақлий далиллаш, исбот қилиш.

Аслида эса, филологик илмлар доираси кенг бўлиб, юқоридаги саналган илмларга илми ахлоқ (этика), илми калом, илми муаммо (луғз, чистон), илми тафсир, илми қиёфа каби соҳаларга оид фанларни ҳам қўшиш мумкин. Айниқса, илми иншо ва муаммо шоирларнинг истеъдодини синовчи илм бўлиб, мадрасалар таълимида кенг ўқитилган. Бу мураккаб адабий-назарий илмга доир дарслик ва қўлланмалар яратилган. Хондамирнинг гувоҳлик беришича, Мавлоно Шамсуддин Муҳаммад Бадахшоний муаммо илмига оид бир неча рисолалар ёзган.

Юқорида тилга олинган илмлар ва усуллар муайян асарни, масалан, Ҳофиз Шерозий, Саъдий Шерозий, Хусрав Деҳлавий, Аҳмад Яссавий, Абдураҳмон Жомий ва Абдулқодир Бедил, Алишер Навоий каби мумтоз шоирларнинг ижодий меросини ўрганишда жуда қўл келганлигидан ташқари, мусулмонларнинг диний эътиқодини мустаҳкамлаш, маънавиятини бойитиш, илмий ва мафкуравий жиҳатдан шакллантиришда катта хизмат қилган.

Юқоридаги фикрларнинг тасдиғи сифатида қуйидаги бир қизиқ ҳужжатни далилий ашё сифатида келтиришни лозим топдик. Бу ҳужжат Мирзо Улуғбекнинг Самарқанддаги мадрасасида таҳсил кўрган талаба Шамсиддин Муҳаммаднинг санади (шаҳодатномаси) бўлиб, у 1435 йилда мадрасанинг бош мударриси Қозизода Румийнинг рухсати ва имзоси билан берилган. Унда хусусан бундай дейилган: “…Шамсиддин Муҳаммад ал-Балхий илм таҳсил қилиш учун ватанидан узоқ ерларга сафар қилишни ихтиёр қилди. Мусофирликнинг оғир заҳматларига чидаб… у Самарқандда ўн олти йил чамаси истиқомат қилди. Унинг талаб водийсидан илмнинг тиниқ сувига ташналиги кун сари ортиб борди. Идрокли ва зийрак бўлғони учун дарсларни тез тушунар эди. Таҳсил вақтларида Абу Бакир Армавийнинг “Лавом ул-асрор мин матолеъ анвор” (“Яширин сирларнинг нур чиқиши билан равшанлашиши”) китобининг яширин сирларини тушунди. “Бадоеъ ул-ибкор мин таволеъ ул-афкор” (“Фикрларнинг туғилишидан ёш ғунчаларнинг бадиийликлари”) асарининг пардали нуқталарини очди”.

Шунингдек, мазкур шаҳодатномада турли фанларга алоқадор асарларнинг рўйхати келтирилган. Биз бу ўринда тарих ва адабиётга тааллуқли бўлган асарлар хусусида мулоҳаза юритишни лозим кўрдик.

“… “Мафотиҳ абвоб ул адаб” (“Адаб илми эшикларнинг калитлари”)ни таҳлил қилди. “Кашшоф” ва унинг ишончли шарҳларидаги чиройли ибораларнинг юзларидан пардани очди”.

“…Қуръон оятлари денгизидан дурлар олиб чиқди. Андин ташқари “Мавоқий ул-калом” (“Диний эътиқод фалсафаси”) саҳифаларидаги латиф сўзлар ҳамда мақсадларидан воқиф бўлди… “Ҳидоя” далилларига эришди, шеърий масалаларни билиш учун “Ниҳоя”, “Ҳидоя” шарҳига тўғри йўл топди”.

Бу ўринда Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ал ҳидоя фи шарҳи бидоя” асари кўзда тутиляпти. Бу асар шариат қонун-қоидалари, фиқҳ мажлисидан иборат.

“Ушбу даражаға етгач, юртдошларини ўз илмидан нафлантириш учун ватанига қайтмоқчи бўлди. Мендин олий санад билан ижозат беришимни илтимос қилди. Мен анинг илтимосини қабул қилдим…”

Бу ҳужжат фақат шаҳодатнома бўлибгина қолмай, балки мадрасалар таълим тизими ҳақида, Мирзо Улуғбекнинг илм-маърифатга бўлган эътибори ҳақида ҳам қимматли маълумот берувчи манбадир. Шунинг баробарида ўша даврнинг ижтимоий-сиёсий, маданий масалаларига ҳам ойдинлик киритади.

Мазкур толиб – Шамсиддин Муҳаммад асли Хуросоннинг Балх шаҳридан бўлиб, Мирзо Улуғбекнинг Самарқанд шаҳрида жойлашган мадрасасига ўқишга келган. Бундан кўринадики, Мирзо Улуғбек мадрасасининг шон-шуҳрати баланд эканлиги, бу масканда фақат мовароуннаҳрликлар таҳсил олмай, балки Хуросон, Ҳиндистон, Рум ва бошқа Шарқ мамлакатларидан келганлар ҳам таълим олганлигидан гувоҳлик беради. Шунингдек, мазкур мадрасада таҳсил олиш муддати 16 йил эканлигини ҳам Шамсиддин Муҳаммад таҳсили мисолида исботлайди.

Бу толиби илм таҳсил давомида ўрганган асарларнинг номлари алоҳида-алоҳида кўрсатилган. Ижозатнома – дипломда қайд қилинган асарлар номидан маълум бўладики, улар ҳам нақлий, ҳам ақлий, ҳам адабий илмларга дахлдор бўлган. Мадрасада ақлий илмларга доир дарслик ва қўлланмаларнинг айримлари, турли манбаларда келтирилган маълумотларга кўра, қуйидагилардан иборат бўлган:

1) Қуръони карим оятлари.

2) “Лавомеъ асрор фи шарҳ матолеъ ал-анвор” (“Нурларнинг келиб чиқиши” учун “Сирларнинг равшанлашиши” деб номланган шарҳ). Мазкур асар муаллифи Қутбиддин Муҳаммад бин Муҳаммад ар-Розий ат-Таҳтоний (ваф. 1364) бўлиб, бу китоб 1328 йили араб тилида ёзилган. Асар Сирожиддин Урмавийнинг (ваф. 1283) “Матлаъ ал-анвор” (“Нурларнинг чиқиши”) деб аталган фалсафа ва мантиқ масалаларидан баҳс юритувчи китобининг мантиқ бўлимига ёзилган шарҳдир.

3) “Ал-кашшоф ан-дақойиқ ал-танзил” (“Нузул қилинган ҳақиқатларни шарҳловчи китоб”). Китобнинг муаллифи Абулқосим Маҳмуд бин Усмон Замахшарий (ваф. 1144) бўлиб, Қуръони каримнинг тафсирига бағишланган машҳур асардир. Бу асарга Самарқандда Маъсуд Тафтазоний (1322–1390) “Шарҳи кашшоф” номи билан шарҳ ёзган. Бу шарҳ ҳам мадраса мударрис ва талабалари томонидан фойдаланилган.

4) “Ал-ҳидоя”. Фиқҳга бағишланган бу машҳур асарнинг муаллифи Бурҳониддин Марғинонийдир (1123–1196).

5) “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”. Расулуллоҳ Муҳаммад (с.а.в.) ҳадисларининг саҳиҳ (ишонарли ва тўғри) мажмуаси бўлиб, уни буюк муҳаддис аждодимиз Имом ал-Бухорий тузганлар.

6) “Китоб ал-фиқҳ ал-акбар”. Бу машҳур асар муаллифи ҳанафия мазҳаби асосчиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ан-Нўъмон ибн Собит ал-Куфий (700–767).

7) “Ал-тазкира фи-л-ҳайъат”. Астрономияга бағишланган бу асарнинг муаллифи Носириддин Тусий (1201–1274) бўлиб, унда Батлимус (Птоломей)нинг астрономияга оид асари ўрганилган. Мирзо Улуғбек мадрасада маъруза ўқиганда мазкур асардан фойдаланган.

8) “Ат-туҳфат уш-шоҳий”. Бу ҳам астрономияга бағишланган, муаллифи Қутбиддин Маҳмуд ибн Маъсуд Шерозийдир.

9) “Бадоеъ ул-ибкор мин тавомеъ ал-афкор” (“Фикрларнинг туғилишида ғунчаларнинг бадиийлиги”).

10) “Мафотеҳ абвоб ал-адаб” (“Адаб эшиклари калитлари”) ва бошқалар” дейилганда Чағминий, Тафтазоний, Саид Шариф Журжоний, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Қозизода Румий каби алломаларнинг рисолалари, шарҳлари назарда тутилади.

11) Абубакр Армавийнинг “Лавом ул-асрор мин матолеъ ул-анвор” (“Яширин сирларнинг нур чиқиш билан равшанлашиши”) асари.

12) “Талвихот ут-тавзих” (“Равшанликни ойдинлаштириш ва изоҳлаш”).

13) “Тақвим ул-мезон фи-т таъдил ва таржеҳ” (“Тарози палласини тенглаштириш ва оғирлигини тўғрилаш”).

14) “Минқонс ул-вусул ило илм ал-усул” (“Иймоннинг асилларига етишиш усуллари”).

15) “Иҳком ул-аҳком мунтаҳаби мунтаҳил амали вас-суол” (“Танлаб олинган охирги умид ва тилак ҳукмларини мустаҳкамлаш”).

16) “Мавоқий ул-калом” (“Диний эътиқод фалсафаси”).

17) “Ниҳол” (“Ҳидоя” шарҳи).

Келтирилган илмий-диний, дунёвий асарлардан кўринадики, мадрасадаги ўқиш жараёнига, ўқитиладиган соҳаларга алоҳида диққат қилинган ва таълим ишлари маълум тартиб асосида ташкил этилган. Жадидчилик ҳаракатининг асосчиларидан бири Исмоилбек Гаспринский “Туркистон уламоси” китобида туркий халқларнинг ўтмиши, маданияти ҳақида сўз юритар экан: “Туркистон қитъасинда ақлий ва нақлий илмлара чолишмоқда эмишлар”, деб изоҳ беради. У ўз фикрини тасдиқлаш учун Туркистоннинг юздан ортиқ уламоси ҳақида маълумот келтиради. “Туркистон уламоси” китоби ўн фаслга бўлинган бўлиб, фасллардан бири “умум адабия” дея номланади. Бу фасл асосан сарф, наҳв, маоний, адаб, мунозара, қофия фанларидан баҳс юритган. Шунингдек бу даврда дидактик, таълимий-тарбиявий мавзуга молик ҳикоятлардан фойдаланиш ва йирик асарлар мазмунини бойитиш мақсадида қўлланилган асарлар ҳам кўплаб учрайди.

Мадрасалар таълимида шеърий жанрларнинг ўрганилишида адабиётшунос, шоиртабиат олимларнинг мадраса мударрислари сифатида фаолият кўрсатиши катта аҳамиятга эга бўлган. Улар мударрис сифатида мадрасаларнинг ўқув дастурини тузишда, дарсликлар ёзишда фаол иштирок этганлар. Дарсликларга қўшимча тарзда тазкиралар тузганлар. Масалан, XVII асрда Шайбонийхон мадрасасида фаолият олиб борган мударрис Муҳаммад Бадоеъ Малеҳо Самарқандийнинг “Музаккир-ул-асҳоб” (“Суҳбатдошлар зикри”) тазкираси юзага келди. Бу тазкира талабаларга шоирлар ва улар яратган асарлар билан танишиш имконини берган, кейинчалик шунга ўхшаш кўплаб тазкиралар яратилиб, мадрасаларда адабиёт дарсларининг самарадорлигига хизмат қилган.

Бир сўз билан айтганда, мадрасалар таълимида адабиёт фани асосларининг ўрганилиши ҳар бир миллатнинг ҳаёти, тақдири, маънавияти билан боғлиқ ҳодисадир. Маҳмудхўжа Беҳбудий таъбири билан айтганда: “мактаб ва мадрасалар миллат ойнаси” бўлиши билан бир қаторда инсониятнинг маънавий оламини бойитишда муҳим вазифани бажариб келган, шу сабабли, ҳар бир миллатнинг ҳаёти мактаб ва мадрасалар билан боғлиқ ҳисобланади. Мактаб ва мадрасалари обод, илмий салоҳияти юксак бўлган миллатнинг муносиб авлодлари ўзининг қомусий олимлари, шоирлари изидан бориб улуғ ишлар кўникмасини ўзларида шакллантирадилар.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2016 йил, 4-сон

_________________

[1] Бедил ва ўзбек маънавияти. // Комилов Н. Ирфон нури Абулмаоний. –Теҳрон-Тошкент, 2005. 6–7-бетлар.