Файзи Шоҳисмоил (1938-2015)

Файзи Шоҳисмоил 1938 йил 10 ноябрда Гуржистоннинг Ахисха туманининг Минадзе қишлоғида туғилган. Болалиги Самарқанд вилояти Митан (ҳозирги Иштихон) туманида ўтди. Сўнгра Тошкент вилояти Янгийўл туманида ўсиб улғайди.

Болалар шоири, халқаро шарҳловчи, таржимон сифатида танилди. «Адашбой», «Ирмоқлар», «Чўққи билан суҳбат», «Бизнинг олам», «Йиғлоқи булут», «Баҳор қўшиқлари» шеърий тўпламлари чоп этилди. Болалар ва катталар учун ўндан ортиқ шеър ва ғазалларига Шариф Рамазонов, Ботир Умиджонов, Қаҳрамон Комилов ва Аваз Мансуров каби таниқли бастакорлар куйлар басталашган. Камолиддин Раҳимов, Нуриддин Ҳайдаров, Хурсанд Шеров, Малоҳат Дадабоева, Ғиёс Бойтоев ва бошқа санъаткорлар унинг ижод намуналарини жўшиб куйлашган.

“Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган (2004 йил).

1997 йилдан умрининг сўнгги 2015 йилгача “Жаҳон адабиёти” журналида масъул котиб лавозимида меҳнат қилган.

БАҲОР

Ўлкамнинг сийнасида
Янги олам яралди.
Ариқларнинг бўйидан
Ялпиз ҳиди таралди.

Ажиб ҳидни туйгани
Юзим бурсам даламга,
Баҳорнинг эрка қизи
Наргиз чиқди саломга.

ЙИҒЛОҚИ БУЛУТ

Чимённинг чўққисидан
Ошиб ўтарди булут.
Илинмай деб чўққига
Шошиб ўтарди булут.

Лекин илиниб қолиб
Этаклари сўкилди.
Қўйнидан марваридлар
Ерга дув-дув тўкилди.

Қир-адирлар устида
Булут йиғлади юм-юм.
Жарликларнинг пастида
Жилға бошлади o‘yin…

ЁРДАМЧИ

Артишди акам, опам,
Ойна кетди ялтираб.
Ахир ёрдамчи мен ҳам
Бекор турмадим қараб.

Бармоғимни кўк, қизил
Бўёқларга ботириб,
Артилган деразага
Расм чиздим қотириб.

ҚУЙМОҚ ПОЛВОН

Ойижоним Ботирга
Ширин қуймоқ пиширди.
Мен ҳам у билан бирга
Маза қилиб тушурдим.

Ҳайронман, ойим нега
«Полвон» деб эркалади.
Ахир мен қуймоқ егач,
Ботир қошиқ ялади.

ПИНГВИН

Қайнар ҳайвонот боғи,
Қий-чув тўла ҳар ёғи.

Кўплар панжара оша,
Филни қилар томоша.

Пингвинда ҳам одам кўп
Болалар турар тўп-тўп.

Боққанча такрор-такрор
Завқланади Шаҳриёр:

— Ада, Пингвинга қаранг,
Пати мунча ранг-баранг.

Чиройли тик турганда,
Лапангларкан юрганда.

Худди Нилуфар каби.
Нилуфар тишлаб лабин,

Аввало бўлиб ҳайрон,
Сўнг дейди тили бийрон:

— Агар ўхшаса, нега
Қанот чиқмаган менга?!

МУЗҚАЙМОҚ

Татиб кўрдим — музқаймоқ
Бирам ширин оҳ, оҳ, оҳ!

Бир маза қилай дедим,
Кетма-кет учта едим.

Яна ер эдим, бироқ
Хириллаб қолди томоқ.

Овозим хип бўғилди,
Йўтал тиқилинч қилди.

Бормадим боғчага ҳам,
Дўхтир чақирди опам.

— Оғзингни кўрайчи бир,
Ангина, — деди дўхтир.

Музқаймоқнинг иши бу,
Ўшанинг қилмиши бу!

Энди шошиб емайман,
Кўп оберинг, демайман.

Энг мазаси оз экан,
Оз-оз ейиш соз экан.

ТАЪЗИМ

Дўстларим, қуёшдан бошлайман сўзни,
Қуёшдир аввало ҳаётнинг боши.
Лекин онгимизни, шууримизни
Ёритар онанинг меҳр қуёши.
Шу боис аввало айтиб дил розим –
Онажон, мен сизга қиламан таъзим.

Менинг эшитганим энг гўзал қўшиқ,
Бешигим тебратиб айтган аллангиз.
Илк қадам босганда юракдан жўшиб
Чексиз қувончларга тўлган паллангиз,
Тасвирлашдан ожиз ҳар қандай назм –
Онажон, мен сизга қиламан таъзим.

Мени оқ ювдингиз, оқ тарадингиз,
Менинг дардларимга сиз балогардон.
Қувонч–ташвишимда сиз ярадингиз,
Мени асрадингиз не балолардан,
Бугун мағрур янграр экан овозим,
Онажон, мен сизга қиламан таъзим.

Ҳамроҳ бўлгим келар ҳар тонг уйғониб,
Жўшқин шаршаралар, тошқин сойларга.
Ичимда бир сочинг оташи ёниб,
Эрка болалигим ўтган жойларга,
Сиз берган кўз билан солганда разм
Онажон, мен сизга қиламан таъзим.

Дўстлардан ёлчисам, кулса омадим,
Хушнуд давраларда ўтирсам тўлиб.
Даврга тенглашиб ташласам одим,
Қаерда бўлмайин иқболим кулиб.
Қалбимда шодликлар бошласа базм –
Онажон, мен сизга қиламан таъзим.

Тунлари завқ билан боқамиз ойга,
Ойга қиёслаймиз маҳбубамизни,
Айтин-чи дунёда қайси чиройга
Тенглаштириб бўлар, онажон, сизни,
Сизсиз бўлармиди баҳорим, ёзим –
Онажон, мен сизга қиламан таъзим.

Севиб ардоқлаймиз она диёрни,
Юртимиз пойига тўшаймиз гуллар,
Мадҳ этган чоғимиз бир гўзал ёрни.
Ҳатто сайрашидан тўхтаб булбуллар.
Сизни таърифлашга қанча сўз лозим, –
Онажон, мен сизга қиламан таъзим.

Кўзни қамаштирар тоғлар виқори,
Самовий кенгликка талпинар юрак.
Дилни яйратсада чўққилар қори,
Жонимга сизчалик бўлолмас тирак.
Сиз билан янгроқдир қўлдаги созим
Онажон, мен сизга қиламан таъзим.
1988.

ЭСИЗ…

Эллик йил яшабман ёруғ дунёда
Эллик йил шунчалар тез ўтди наҳот?
Кеча келгандайман ахир дунёга,
Эллик йиллик умрим қайга кетди, дод?!

Ахир кўп ишларга улгурганим йўқ,
Энди танияпман сирли оламни.
Арзигулик ишга қўл урганим йўқ,
Ёлчитиб тутмадим ҳатто қаламни…
1988.

ДУРДОНА ДИЁР

Қуёш кулар доим қошингда сенинг,
Ой, юлдуз парвона бошингда сенинг,
Зар унар тупроғу тошингда сенинг,
Азиз Ўзбекистон – дурдона диёр.

Элинг меҳнатсевар шимариғлиқ енг,
Далаларнинг чексиз – бағринг каби кенг.
Дўстлар даврасида тенглар ичра тенг.
Ўғлонларинг ботир – мардона диёр.

Аму билан Сирдан сув ичдим тўйиб,
Бағрингда ўстирдинг эркалаб, суйиб.
Севдим қучоғингни мен меҳр қўйиб,
Жоним фидо сенга, эй она диёр.

Булутга бош урган тоғларинг гўзал,
Жаннатдан қолишмас боғларинг гўзал.
Тўрт фасл илҳомбахш чоғларинг гўзал,
Бўлай мен бошингга парвона диёр.

Таърифинг битишга қоғоз етишмас,
Мадҳингни чертишга минг соз етишмас.
Шоҳисмоил айтар: – дил роз етишмас,
Сен менга оламда ягона диёр.

ЗУЛФИЯХОНИМ

Ёнингиздан ҳар ким ўтади шошиб,
Мен ҳам ёнингиздан ишга ўтаман.
Тош супада ўтирибсиз ярашиб,
Бош эгганча нафасимни ютаман.
Фахр билан боқиб сизга, устозим,
Ҳоки пойингизга қиламан таъзим.
Юрагимни тирнар дард билан алам,
Мунча маъюс кўзларингиз фариштам.
Ёлғиз ўтирибсиз, бунда паришон,
Эй садоқат рамзи, фидойи инсон!
Етмасмиди шунча йил кутганингиз,
Ҳасрат билан соғиниб ўтганингиз.
Шоҳ супада сиз-ла кўринмас нечун
Ўзбегимнинг дилбар шоири бугун?
Ижоди барқ уриб гуллаган дамда,
Сизни ҳам, элни ҳам, қолдириб ғамда
Уни бағрингиздан юлиб олдилар.
Чирқиратиб Ҳулкар билан Омонни,
Сизнинг қалбингизга минг дард солдилар.
Ахир бундан роса ўн йиллар бурун,
Мана шу гўшада, худди шу жойда,
Турарди Ҳамиднинг мўъжаз бюсти.
Гуллар тарк этмасди қачон қараманг,
Гулга ғарқ турарди тош супа усти.
Кўзга нур берарди, дилларга ғурур.
Юракдан битилган шоир сўзлари:
“Мен элимнинг юрагида яшайман,
Эрк деганнинг тилагида яшайман”.
Шодлик куйчисининг, бахт куйчисининг
Қуйма сатрлари ҳар кун, ҳар замон,
Қулоғим остида жаранглар ҳамон.
Қандай яшнаб турар эди бу гўша,
Шоир руҳи билан обод ҳамиша.
Ярашиб кетарди эвоҳ нақадар,
Ёнма-ён турганда икковингиз гар.
Туриб-туриб менга қилади алам.
Нега шодлик билан доим бирга ғам.
Нега айирдилар бир-бирингиздан –
Сиз Зуҳрани Тоҳирингиздан.
Доим бош эгаман ҳузурингизда.
Оналар бардоши акс этар сизда.
Зулфия – фаришта, шоира, она –
Таъзимга келаман яна ва яна!

ЎЗБЕГИМ ГЎЗАЛЛАРИ

Туроним – Туркистоним,
Обод боғу бўстоним –
Ҳур қизларинг ҳақида
Янграр бугун достоним.
Ой қизлар, пари қизлар,
Кўнгил сарвари қизлар.

Гулчеҳра паривашлар,
Оҳу кўз, қора қошлар.
Жамолингиз жилваси
Юракка олов ташлар.
Ой қизлар, пари қизлар,
Кўнгил сарвари қизлар.

Сулувликда тенги йўқ,
Киприги жон олар ўқ,
Тасанно бўйингизга
Бўлсин жонлар тасаддуқ.
Ой қизлар, пари қизлар,
Кўнгил сарвари қизлар.

Сарқомат, хипча бел,
Ифор тарар қирқ кокил,
Мунча ширин сўзингиз
Шакарданми сизда тил,
Ой қизлар, пари қизлар,
Кўнгил сарвари қизлар.

Ҳар бирингиз бир пари,
Кўз қувнар боққан сари.
Мангу яшанг оламда
Ўзбегим гўзаллари.
Ой қизлар, пари қизлар,
Кўнгил сарвари қизлар.
1997.