Жаҳон тасвирий санъати тарихига назар ташланса, унда шундай беқиёс гўзалликлар ва уларни ифода этишнинг ранг-баранг шакллари борки, замони ва маконидан қатъи назар, уларни яратган ҳар бир ижодкорнинг шахси бугунги кун нигоҳида улуғворлик касб этиб туради. Асил санъатнинг баҳосини биладиган, унинг сиру асрори, моҳиятини англашга талабгор киши номи тарих саҳифаларида, асарлари ардоқ билан санъат уйлари, музейларнинг бебаҳо мулки сифатида сақланиб келаётган мусаввир аҳлининг босиб ўтган ижод йўли алоҳида илм эканлигини яхши тушунади.
Импрессионизм XIX аср сўнгида юзага келган муҳташам ижодий оқим сифатида дунёнинг кўплаб мўйқалам соҳиблари ижодини бирлаштириб туради. Айниқса, унинг ибтидоси француз тасвирий санъатида бошланиб, Ван Гог, Поль Гогень, Эдгар Дега, Эдвард Мане, Камиль Коро, Гюстав Курбе, Пер Ренуар, Клод Моне, Поль Сезанн, Анри де Тулуз-Лортек, Жорж Сёра сингари ўнлаб машҳур фаранг рассомлари ижодида камолотга етганини эътироф этиш керак. Ушбу оқим намояндалари классицизм ва романтизм анъаналаридан чекинган ҳолда ранг-тасвир оламида таассурот қолдиришнинг янги босқичига ўтишди. Эдуард Мане бу йўлни бошлаб берган дастлабки ижодкорлардан бўлди. Мане ёшлик чоғидаёқ тасвирий санъатга ўзгача нигоҳ билан кириб келган, янгича қарашлари билан замондош мусаввирларнинг аксариятини ҳайратга солган бўлса, яна кўпларнинг эътирозига сабаб бўлган. Бугун Эдуард Мане асарлари ўз мавзуси ва ифода услуби билан алоҳида мавқе касб этиб, ўз баҳосини топиб келаётган санъат ҳисобланади.
Эдуард Мане 1832 йил 23 январда Парижда дунёга келган. 1883 йили оёғи кесилиб, оғир операцияни бошидан ўтказади ва кўп ўтмай 51 ёшида оламдан кўз юмган. Шу ярим асрлик ҳаёт йўли давомида Мане мустаҳкам ирода билан яшаб, ижод қилди. Сабаби, у навқирон ёшида ревматизм касалини орттирган ва умр бўйи оқсоқланиб, оғриқдан азоб чекиб ўтган. Унинг бу дарди мольберт қаршисида бетиним ишлаши учун тўсқинлик қилган, бироқ, у доим ижод ишқини қаноатлантириш уддасидан чиқиб келган. Умрининг аксарият қисми шифохонада, шаҳарма шаҳар кезишларда кечган бўлса ҳам рассом ўз касби аъмолидан сира тинган эмас. Имкон борича сермаҳсул бўлишга интилган ва бунга эришган ҳам.
Мане мусаввирликни эмас, мусаввирлик Манени танлаган, яъни тасвирий санъат табиатан инъом этилган йўл эди. Унинг отаси бошқа зодагон оилалари каби ўғли Эдуарднинг мансабдор бўлишини истаган ва юрист касбини эгаллаши учун мажбурлаб ҳам кўрган. Аммо, бундан бирон иш чиқмагач, 1850 йилда уни ўз даврининг таниқли рассоми Том Куртюрга шогирдликка беради. Унгача бўлган йилларда бўлажак рассом Луврдаги асарлардан таъсирланиб, изланиб юрган. Денгиз кемачилик мактабида ўқишга рози бўлган, имтиҳондан йиқилиб, “Гувр ва Гваделупа” елканли кемасида ишлаб, Бразилияга сафари давомида кўрган-кечирганлари – экзотик табиат манзаралари, жануб аёлларини этюдларда қойилмақом тасвирлаган. У ишлаган расмлар Эдуарднинг чиндан ҳам рассом бўлишига отасининг шубҳаларини йўқотганди. Рассом айни Куртюр устахонасида ўқиётган даврида Франция тасвирий санъатида етакчилик қилаётган буржуа мавзуси, классик-романтик анъаналарни инкор қила бошлайди. Танқидий қарашлари туфайли Том Куртюр билан муносабатлари ёмонлашиб, унинг устахонасидан ҳайдалади. Отасининг ҳаракатлари билан яна қайтади.
Унинг академизмга зид усулда ишланган “Балкон”, “Финжондаги пива”, “Ўтлоқ устида нонушта”, “Олимпия” картиналари айни шу дамларда яратилди. Ушбу асарлар матбуот ва кўплаб рассомлар аҳли томонидан танқид қилинди, шунинг баробарида унинг янгича қарашлари Эдгар Дега, Пол Сезанн, Клод Монелар томонидан қаттиқ ҳимоя қилинди.
1856–58 йилларда Маненинг нуфузи ортиб, турли салонлар унинг асарларига талабгор бўлади. 1859 йилда изланишларидан қаноатланиб, илк бор ишларини ҳар йили Париж салонида ўтказиладиган нуфузли кўргазмага тақдим этади. “Майхўр” номли реалистик усулдаги картинасини катта умид билан кўргазмага топширади. Куртюр бу сафар ҳам унинг асарига салбий муносабат билдиргач, унинг устахонасини бутунлай тарк этади. У билан алоқалари узилиб, ўзи алоҳида устахона ижарага олади. 1870–71 йилларда Франция-Пруссия урушида қатнашади. Ўша оғир дамларда ҳам ижодини қўймай порт манзараларини ишлайди.
Мусаввирнинг “Майхўр” картинаси кейинчалик шуҳрат қозонган асарларидан бўлиб, унда мавзу ортиқча бўрттиришларсиз, реалистик шаклда аниқ ва ёрқин тасвирланган. Май ихлосманди бўлган объект – эркак ўтирган ҳолда акс эттирилади, унинг ёнида май қуйилган финжон ва ерда бўшаган май шишаси бор. Картинага бирон киноя ёки тагмаъно сингдирилмаган. Ҳолатнинг ўзини ифодалашда фон, ярим тон техникасини қўлламай, фигурани фондан енгил нур-соя билан ажратган. Соя туширишда ҳам фарқли йўл тутилиб, фигура сингари айнан бир хил шаклда ифодаланмаган.
1977 йилга келиб, рассом натюрморт ва портрет жанрларида асарлар яратишга эътибор қаратади. Унинг оргинал услубининг шаклланишида XVI асрнинг машҳур рассоми Диего Родригес де Сильва Веласкеснинг ижоди таъсири сезиларли даражада бўлиб, Мане бу испан мусаввирининг асарларига катта қизиқиш билан қараган.
Муваффақиятсизликларга қарамай, Маненинг изланишлари юзага чиқиб борди. У асар учун янги-янги мавзулар ахтаради. “Тюильри боғидаги мусиқа” асари, “Ота-она портрети”, “Гитарерро” асарлари яратилгач, унинг ижоди матбуот саҳифаларида эътироф этила бошлади. Ишларининг салонларга қабул қилиниши Эдуардга нуфуз ва маблағ олиб келади.
Дарвоқе, Мане ижодидаги янги қарашларни даставвал кўрган ва доимо унинг ғоялари ва тутган йўлини қўллаб-қувватлаганлардан бири француз адабиётининг йирик намояндаси Эмиль Золя бўлган. У Эдуард Мане ижодига катта қизиқиш билан қараб, ҳамиша асарларига муносабатини билдириб борган. Унинг “Тасвирий санъатнинг янги йўли: Эдуард Мане” очерки рассом ижоди хусусидаги мулоҳазалардан иборат. Рассомнинг ўзи ҳам 1868 йилда ёзувчининг машҳур портретини ишлаган. Картинада интеръер акс этган бўлиб, асосий планда ёзувчи ўтирган ҳолатда ён томондан тасвирланади. Қўлида очиқ китоб. Ён томонида китоблар, қалам-қоғозлар, журнал ва бошқа предметлар. Адиб юзида виқор ва мамнунлик кайфияти акс этган. Фон қорамтир бўлиб, деворда ва фигуранинг орқа қисмида оқ-қора рангдаги репродукция картиналар аниқ тасвирланган. Бу репродукциялар орасида рассомнинг “Олимпия” асари ҳам бор. Бу Золянинг ижодий олами ва шахси ҳақида умумий тасаввур берувчи талқиндир.
Импрессионистлар Манени ўзларининг ғоявий йўлбошчиси деб биладилар. Аммо рассомнинг ишларини бир йўналиш доирасида ўлчаб бўлмайди. Унинг асарларида реализмнинг эркин шакли учрайди. Бу академизм урф бўлган давр санъатидаги янги тўлқин эди. Мане ижодида тасвир студиядан пленэр (очиқ майдон)га чиқди. Эдвард Мане кўпроқ пейзаж фонида инсонни, унинг тимсолида табиат гўзаллигини ифодалашни афзал кўради. “Аржантей”, “Қайиқда”, “Денгиз соҳилида” асарлари шулар жумласидан. Мане Венецияга сафаридан сўнг таассуротлари асосида импрессионистик картиналар туркумини яратади. Импрессионистлар эса Мане асарлари ва услубидан катта таассурот олган ва унинг янгича қарашларини такомилга олиб чиққан.
“Фоли-Бержердаги бар” асари Мане ижодининг чўққиси деб эътироф этилади, унда классицизм ва импрессионизмнинг ўзига хос синтезини кузатиш мумкин. Асарда тасвирланишича, асосий пландаги аёл тасвири ортида унга қарама-қарши қўйилган ноаниқ, фантастик кўзгу. Унда акс этиб турган интерьерда омма ёруғлик ва бироз ёрқин бўлмаган буёқларда ифодаланган. Асосий объект ортида унга тескари қора либосли аёл кўзгу томонга қараган ва олд қисмида ичимлик идишлари ва мева тўлдирилган вазалар ишланган. Ушбу картинада Маненинг севимли мавзулари – ҳаракатдаги омма, портрет, натюрморт ва ранг эффектлари уйғунлашиб кетган.
“Олча тутган бола”, “Испан гитарачиси”, “Кўча қўшиқчиси”, “Ўтлоқ устида нонушта”, “Флейтачи”, “Император Максимиллианнинг қатли”, “Эмиль Золя портрети”, “Теадор Тюре портрети”, “Устахонада нонушта”, “Ҳордиқ”, “Париж операсидаги бал-маскарад”, “Фор Гамлет ролида”, “Нана”, “Аржантей”, “Мусаввир” сингари асарларида Маненинг ижодкорлик қиёфаси ёрқин намоён бўлади. Унинг асарлари нафақат шакл ва услуб, балки мавзу ва фикр жиҳатдан ҳам ўзига хосдир. Рассомнинг ўзи айтганидек, “Ранглар – бу дид ва сезги билан боғлиқ ишдир. Ниманидир тасвирлашни қалбан исташингиз шарт. Бусиз ҳеч қандай маъно чиқариб бўлмайди”.
Эдуард Маненинг асарлари бугун дунёнинг кўплаб нуфузли музейларида бебеҳо бойлик сифатида сақланиб келинмоқда.
Самандар Эгамбердиев,
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институти талабаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 1-сон