Франсиско Луис Бернардес (1900-1978)

Франсиско Луис Бернардес (Francisco Luis Bernárdez) 1900 йилда Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида таваллуд топган.
Унинг “Ўзга”, “Бозор”, “Болалар боғчаси” каби шеърий тўпламлари чоп этилган.
Бернардес “Кема” асари учун Буэнос-Айреснинг Муниципал Шеърият Мукофотига, “Илк шеърлар”, “Ҳақиқий шеърлар” асарлари учун Шеърият Миллий Мукофотига (1944, Аргентина) сазовор бўлди. Шоир 1978 йилда вафот этган.

МЕВА

Юрагимни қолдирдим
кўмиб. Товуш дарахтинг
соя берган ерларда.

Ва товушинг дарахти
гуллар очди муҳаббат
йўғрилган сўзлардан.

Товушинг дарахтида
акс этарди оқлиги
юрагимнинг поклигин.

Товушинг дарахтидан
таралар эди ифор –
туйғуларимдан изҳор.

Товушинг дарахтида
етилди қизил мева –
бу муҳаббат меваси.

Ва товуш дарахтингдан
узилиб тушди мева
қоқ юрагим устига.

Бамисоли юрагим
эди товуш дарахтинг
етилтирган меваси.

БОДОМ ДАРХТИГА ТАШБЕҲЛАР

I
(Алла)

Янги туғилган ерни
Кўклам – меҳрибон она.
Бодом гуллари билан
Йўргаклар ғойибона.

II
(Ташаккур)

Далаларга буюк табиат
Бергани-чун соғлиғин қайта.
Ҳар бир бодом дарахти билан
Оппоқ гулли ташаккур айтар.

III
(Упадон)

Келганида доктор жаноб Гул
Гарчи ғамгин бўлса-да ўтлоқ,
Дарҳол очар табассум билан
Упадонин баҳорий оппоқ.

IV
(Мактублар)

Кўкламдаги бодомлар:
Қайлиғимнинг мактуби,
Баҳорда кўрдим уни.

Кўкламдаги бодомлар:
Мактублардан парчалар,
Кутган эдим қанчалар.

V
(Таътил)

Қишки машғулотлардан
Чиқдилар толиб диллар.
Гуллаётган бодомдан
Қўлларида оқ дафтар.

VI
(Баҳорий тақдимот)

Бутун борлиқ ранги пар
Бежо боқар ҳаммага.
Чунки либосин илк бор
Тақдим этар оммага.

VII
(Лид)*

Гулгун бодом нозик ҳилолга
Айлантирди лидни ногаҳон.
Янграб кетди Рембо сўзи-ю,
Дебюссининг куйи шу замон.

______________
*Лид – Вокал мусиқа жанри.

VIII
(Илми баҳор)

Хўп тажриба бўлди бодомга
Оқартирди соқолини қор.
Энди эса куртак ёзмоқда
Назокат-ла илми баҳор.

IX
(Нонушта)

Ярим мудроқ далалар
Эриниб кўзин очар.
Кийиниб, сўнг бодомгул
Пиёладан чой ичар.

X
(Ибтидо)

Йигитча – бодомвойга
Кўклам кўз қирин ташлар.
Қоғоздан қушча ясаб
Ўзи суҳбатни бошлар.

Испан тилидан Ҳилола Рўзиева таржимаси