Чингиз Айтматов ва ўзбек театри тажрибалари

Атоқли адиб Чингиз Айтматов ижоди ўзбек театри солномасида алоҳида саҳифани ташкил этади десак, хато бўлмайди. Зеро, ёзувчи қаламига мансуб машҳур қиссаю романлар юртимиз театрларида қайта-қайта саҳналаштирилиб, режиссёр ва актёрларнинг чархланиши, саҳна поэтикасининг тараққий этишига хизмат қилди. Шунингдек, Айтматов асарларидаги фалсафий ғоялар, теран мушоҳадалар, умуминсоний туйғулар ўзбек театр санъатининг ижодий уфқлари, мавзу ва жанр доирасини кенгайтирди.

Чингиз Айтматовнинг ўзи ҳеч қачон драматургликка даъво қилмаган ва бу йўналишда “Фудзиямага кўтарилиш” номли биргина пьеса яратган, холос. Аммо бу адиб театрга қизиқмаган, деган хулосани бермайди. Аксинча, Айтматов жаҳон саҳна санъатининг энг яхши намуналаридан хабардор, атоқли режиссёру актёрлар билан ҳамсуҳбат эди. Ёзувчи драматургияда фаол эмаслиги ҳақида тўхталар экан, анчайин кескин, аччиқ мулоҳазалар билдиради: “Ростини айтсам, пьеса ёзгим келмаяпти, эҳтимол, келажакда ёзарман. Проза билан шуғулланаман. Драматургия, театр эса… Нима десам экан? Гарчанд менинг театр билан муносабатларим илиқ бўлса-да, бу борада кўп мураккабликлар бор. Ҳозиргача пьеса ёзиш ниятим бўлмаган. Чунки, ўз меҳнатинг маҳсулини ўтказиш учун эшикма-эшик кириб, асабни бузиш, бекорга вақт сарфлашнинг ҳожати йўқ деб ҳисоблайман. Айрим ёзувчилар драматургиядан шу боис узоқлашиб кетдилар. Мен ҳам ёзмаяпман, ёзишни истамайман ҳам… ” (Чингиз Айтматов. “Мен драматург эмасман…” // “Театр” журнали, 2005 йил 6-сон, 25-бет).

Бироқ ёзувчининг бахти шундаки, у пьеса ёзмай туриб ҳам ҳақиқий драматургга айланди. Унинг деярли барча асарлари театрларда саҳналаштирилиб, катта муваффақият қозонди.

Маълумки, насрий асарни саҳнага мослаштириш, яъни инсценировка қилиш осон иш эмас. Китоб саҳифаларидаги ранг-баранг образлар, қуйма тасвирлар, гўзал ташбеҳлару оҳорли жумлаларни ихчам диалог­ларга жойлаш, муаллиф ғояси ва услубини сақлаган ҳолда асарнинг драматургик шаклини яратиш инсценировка муаллифидан жиддий изланиш ва салоҳиятни талаб қилади. Айниқса, Чингиз Айтматовдек йирик адиблар ижодига мурожаат қилиш ҳар қандай режиссёр учун ҳам катта масъулиятдир.

Мамлакатимизда адиб асарларини саҳналаштириш борасидаги илк тажрибани 1964 йил атоқли режиссёр Тошхўжа Хўжаев бошлаб берган. Шоир ва драматург Ҳамид Ғулом таржимаси асосида саҳналаштирилган “Сарвиқомат дилбарим” спектакли ёшларга хос эҳтирос, гўзал ва самимий муҳаббат, покиза туйғуларни лирик-драматик шаклда ифода этиб, томошабинларга ўзгача эстетик завқ бахш этади.

“Сарвқомат дилбарим”нинг илк саҳнасида чўққилари уфққа туташиб кетган бепоён Тянь-Шань адирлари, довондан тинимсиз қатновчи автомобиллар шовқини, алқисса, жонсарак бир муҳит намоён бўлади. Ушбу тасвирларни рассом саҳна декорацияларида маҳорат билан акс эттиради, адиб тасвирлаган бетакрор пейзаж худди жонли натурадек томошабин кўз ўнгида намоён бўлади.

Худди қиссада бўлганидек, спектаклда ҳам довон рамзий топилма. Яъни, Илёс ўз мақсади, бахтига эришиши учун шу довондан ўтиши лозим. Бироқ тақдирнинг турфа чигалликларига учраган йигит ёнидаги бахти Асални йўқотади, хато килганини англаб етганида эса кеч бўлади. Спектаклда Илёс образини таниқли актёр, Ўзбекистон халқ артисти Турғун Азизов ижро этган. Актёрнинг кечинмага бой, эҳтиросли ижроси, ёшликнинг беғубор ҳароратини қалбан ҳис қилиши, лирик-драматик маҳорати томошабинларда ижобий таассурот қолдиради.

Орадан бир йил ўтиб, Муқимий номидаги мусиқали драма театрида “Момо ер” қиссаси саҳна юзини кўради. Асарни Ўзбекистон халқ шоири Туроб Тўла инсценировка қилади. Режиссёр А.Раҳимов, композитор Илёс Акбаров қиссанинг гўзал поэтикасини мусиқий оҳангларга кўчиради. Бош қаҳрамон Тўлғаной образини маҳоратли актриса Ўзбекистон халқ артисти Турсунхон Жаъфарова кучли эҳтирос ва ички дард ила ижро этган. Бутун умр урушнинг даҳшатли қутқуси, оғир зарбаларига сабру матонат ила дош бериб, ҳаётга, яшашга бўлган илинжини сақлаб қололган аёлнинг кучли иродаси ва ботиний кечинмалари спектаклнинг бош ғоясини белгилайди. Спектаклнинг турли ўринларида янграйдиган Она ер лейтмотиви башариятни бирдамлик, виждон бедорлигига чорловчи гўзал топилма бўлиб, урушга қарши исён, аламу нафрат билан йўғрилган. Бамисоли ўз бағрида бўлаётган офату талотумлардан зада бўлган Ер тилга кириб, нола қилади, дард-ҳасратини Тўлғанойга сўзлаб беради.

1986 йили Ҳамза номидаги (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма) театрда таниқли режиссёр Рустам Ҳамидов Чингиз Айтматовнинг машҳур “Асрга татигулик кун” романини саҳнага қўяди. Шу вақтгача дунё­нинг турли театрларида саҳналаштирилган ва ҳар сафар турфа мунозараларга сабаб бўлган романнинг ўзбек саҳнасида талқин қилиниши катта маданий ҳодиса эди. Чунки рамзий умумлашма ва метафорага ниҳоятда бой, қадим афсона ва ривоятлар асосига қурилиб, бир миллат тақдири мисолида бутун инсониятнинг долзарб муаммоларини акс эттирган асар бамисоли саҳнага сиғмайдигандек таассурот уйғотарди. Аслида ҳам шундай. “Асрга татигулик кун” нинг дунё театрларидаги турфа талқинлари шундан шаҳодат берадики, кўп ижодий жамоалар роман воқелигини тўлалигича саҳнага мослашда  муаммоларга дуч келишган, шу боис мавзулар орасидан муайян биттасини танлаб олиш ёхуд ғоявий маслакка хизмат қилувчи сюжет линияларидан бирига кўпроқ эътибор қаратиш орқали саҳнавий талқинни юзага келтиришган. Режиссёр Рустам Ҳамидов ҳам айнан шу йўлдан бориб, асосий эътиборни бош қаҳрамон Эдигей тақдири билан боғлиқ воқеаларга қаратиб, эпик жиҳатдан қамровдор, публицис­тик руҳга йўғрилган спектакль яратишга муваффақ бўлади. Режиссёр бадиий тасаввурини жонлантиришда Ўзбекистон Қаҳрамони Зикир Муҳаммаджоновнинг ижро салоҳияти ҳал қилувчи омил бўлганини қайд этмоқ лозим. Эдигей унинг талқинида сабр-бардошли, иродаси мустаҳкам, виждонига содиқ, эл-улус дардида яшовчи жонкуяр инсон сифатида намоён бўлади. Эдигей – Зикир Муҳаммаджоновнинг бошқа персонажлар билан мулоқоти, ҳаёт, қисмат, тириклик ва атрофида юз бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги фалсафий мушоҳадалари, ўй-кечинмалари чинакам театр муҳибларини бефарқ қолдирмайди. Зикир Муҳаммаджоновнинг ижросига муаллиф Чингиз Айтматовнинг ўзи ҳам юқори баҳо берган. У ўз китобини актёрга совға қилиб, “Энг яхши Эдигейга” деб дастхат ёзган (Многогранный талант. // “Народное слово” газетаси, 1992 йил, 21 январь).

Спектакль ижодкорлари романдаги бош ғояни мужассам этган манқурт ҳақидаги афсонага алоҳида аҳамият қаратганлар. Манқурт ролини таниқли актёр Ёдгор Саъдиев, жафокаш Найман онани беназир актрисамиз Сора Эшонтўраева ижро этган. Ушбу саҳна орқали инсоннинг хотираси, ўзлигидан маҳрум бўлиши нақадар даҳшатли экани, бу фожианинг умуминсониятга дахлдорлиги очиб берилади.

Спектаклнинг бадиий ва ғоявий юкини Эдигей билан тенгма-тенг тортувчи яна бир қаҳрамон Қазонгап образини Ўзбекистон халқ артисти Тўйчи Орипов талқин этган. Кимсасиз чўлу биёбонда дўсти билан қолиб кетган Қазонгапнинг руҳий кечинмаларию, ботиний туғёнларини актёр жўшқинлик ва эҳтирос ила кўрсатиб беради.

Таъкидлаш лозимки, фикрий қолоқлик, маҳдудлик, ўзликни унутиш, тубанлик, жаҳолат, асрий қадриятлардан йироқлашиш ва яна қатор иллатларга қарши исён руҳи билан ёзилган романнинг ўзбек театридаги саҳнавий талқини истибдоддан халос бўлиш, ўз ёруғ келажагини қуриш арафасида турган халқимиз учун санъат аҳлининг ўзига хос даъватидек янгради.

Маҳоратли режиссёр, Ўзбекистон санъат арбоби Олимжон Салимов Фарғона вилояти мусиқали драма театрида фаолият бошлаган кезлари дастлаб Чингиз Айтматовнинг “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” қиссасини саҳналаштирган. Ижодий жамоа билан энди танишаётган режиссёрнинг бундай мураккаб, фалсафий асарни танлаши бир томондан анча-мунча баҳс уйғотган бўлса, бошқа жиҳатдан айнан шу танлов унинг ижодий салоҳиятини тўла-тўкис намоён этди. Асли бу қисса театр билан муроса қилолмаслигига муаллиф Чингиз Айтматовнинг ўзи ҳам иқрор бўлганди: “Ростини айтганда, бу асарим ҳеч ҳам театрбоп эмас. Саҳна учун энг зарури – ҳаракат, қиссада эса ҳаракат деярли йўқ. Воқеа очиқ денгизда, кичик бир қайиқнинг ичида содир бўлади. Тўғри, режиссёр диалогларга урғу бериши мумкин, лекин диалогни ўн дақиқа, борди-ю, жудаям зўр чиқса, ярим соат эшитиш мумкин, сўнг у томошабиннинг жонига тегиб кетади” (Тўрт йилга чўзилган… уч кун. Чингиз Айтматов билан суҳбат. // “Совет Ўзбекистони санъати” журнали,  1987 йил, 7-сон, 21-б).

Дарҳақиқат, қиссада воқеалар баёни, тасвирий ифода кучли бўлиб, театр­ ва драматургияга хос шиддат, ўткир интрига учрамайди. Шу боис режиссёр Олимжон Салимов эпик воқеани саҳна тилига кўчиришда театр­нинг шартли унсурларидан фойдаланди, қисса учун оҳорли, амалий ечим ўйлаб топди. Бу хусусида Олимжон ака ўзининг “Касбим режиссёр” номли китобида шундай ёзади: “Пьесанинг асосий ечими саҳнадаги қайиқни ҳаракатга келтириш билан боғлиқ эди. Саҳна ўртасида қайиқни фақат олд томони ўрнатилади. Унинг қолган қисми деб, томошабин ўтирган томон фараз қилинади. Худдики, бу хатарли денгиз сафарига, спектакль қаҳрамонлари билан бирга томошабинлар ҳам чиқишган. Мен бунинг учун ҳар бир томоша зали эшигига қайиққа чиқиш кўприкчалари қўйдирган эдимки, томошабинлар бу кўприклардан ўтишарди, бу эса улардан анча ҳушёрлик ва диққатни талаб қиларди ва, албатта, уларнинг хаёлидан, нимага мен бу кўприкдан ўтяпман, деган фикр кечиши керак эди” (Салимов О. Касбим режиссёр. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 22-б). 

Кўриниб турибдики, режиссёр шу орқали театр ва томошабин ўртасидаги “тўртинчи девор”дан воз кечади, томошабинни воқеанинг кузатувчиси эмас, бевосита иштирокчисига айлантиради. Шунингдек, томоша залига кираверишда саҳна деворларига эшкаклар суяб қўйилган бўлиб, бамисоли спектаклга келаётган одам шулар ёрдамида қайиқда сузиши ва асар қаҳрамонларига ҳамроҳ бўлиши лозим. Натижада томошабин ўзи сезмаган ҳолда воқеалар оқимига шўнғийди, китобда баён этилган ҳодисалар худди реал кечмишдек кўз ўнгида намоён бўлади.

Спектакль марказида турувчи қаҳрамонлардан бири – Ўрхон бобо образини Ўзбекистон халқ артисти Солижон Аҳмедов гавдалантиради. Актёрнинг ҳис-ҳаяжонга бой ижроси, лирик ва драматик ҳолатларни теран ҳис қилиб, қаҳрамон дарду изтиробларини гоҳо дардчил монологлар, гоҳида эса маъноли сукутлар орқали ифодалаши спектаклнинг бадиий салмоғини оширади. Алқисса, қайиқ ичида ўлим билан юзма-юз келган, бироқ бешафқат тақдирнинг аччиқ ёзғириқларига қарши басма-бас курашиб, барибир унинг измига қарши боролмаган тўрт қаҳрамон – Кириск, Эмрайин, Милхун ва Ўрхон бобо тимсолида томошабинни фалсафий мушоҳадага чорловчи спектакль яратилади. Мухтасар қилиб айтганда, Айтматов қиссаси саҳнада яна бир бор инкишоф этилади.

Яқинда пойтахтимизда Қирғизистон Республикасининг Бобур номидаги Ўш Давлат Академик ўзбек мусиқали драма театри меҳмон бўлди ва кенг жамоатчиликка “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар”нинг яна бир талқинини тақдим этди. Саҳналаштирувчи режиссёр ва инсценировка муаллифи Тоживой Исроилов асарни ўзига хос шаклда талқин этган. Саҳна марказида қайиқ ва унда тўртовлон узоқ сафарга отланган, денгиз шитоб билан чайқалмоқда, аҳён-аҳёнда чағалайлар овози қулоққа чалинади. Саҳнанинг бутун кенглиги денгиз тасвири билан туташиб кетган, гўё театрнинг ўзи чексиз бир уммон, томошабин ҳам илкис ҳаракат қилса, сув домига ғарқ бўладигандек реал вазият, ҳолат мужассам. Шундай театрал муҳитда теварак-атрофдан узилиб, бир ярим соат бўлса-да, рўё дунёнинг ҳақиқатларига шўнғимаслик иложсиз.

Спектаклда қиссанинг энг таъсирчан тасвирлари, муаллиф изоҳлари парда ортидан ўқиб эшиттирилади. Натижада воқелик янада қуюқлашиб, томоша бадиияти ортади. Яшашдан бирин-кетин умидини узган қаҳрамонларнинг денгизга шўнғиши, кемада ёлғиз қолган Кирснинг азобли монологи спектаклнинг авж пардаларини белгилайди.

Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема”си, шубҳасиз, жаҳон адабиётидаги нодир ҳодисалардан бири. Ўз вақтида адабий жамоатчиликни ларзага солган асар моҳиятидаги азалий мавзу – эзгулик ва ёвузлик, адолат ва разолат, гўзаллик ва бадбинлик, виждон ва нафс ўртасидаги кураш талқини ҳеч қайси замону маконда ўз аҳамиятини йўқотмайди. Шу боис мазкур асарга театр ижодкорлари ҳам қайта-қайта мурожаат қилаверади. Хусусан, юртимиз театрларида “Оқ кема” бир неча бор саҳналаштирилган бўлиб, шулардан энг муваффақиятлилари ҳақида сўз юритишни лозим топдик.

1983 йилнинг айни кузагида ҳозирги Ёш томошабинлар театрида таниқли режиссёр, Ўзбекистон санъат арбоби Маҳкам Муҳамедов саҳналаштирган “Оқ кема” спектаклининг премьераси бўлади. Тақ­димотга муаллиф Чингиз Айтматовнинг шахсан ўзи ташриф буюргани катта воқеага айланди. Боиси, адиб ўз асарлари асосида қўйилган барча спектаклларни ҳам томоша қилишга фурсат тополмагани айни ҳақиқат. Ўша дамларни режиссёр Маҳкам Муҳамедов шундай хотирлайди: “Очиғи, Чингиз Айтматовдек вақти тиғиз инсоннинг спектаклга келишига ҳатто премьера куни ҳам кўпчилик ишонмаганди. Томоша залида бўш ўрин йўқ, ҳамма ҳаяжонда. Аммо Чингиз Тўрақуловичдан дарак бўлмаяпти. Ўша пайтлар Маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган раҳматли Ўлмас Умарбеков хавотирга туша бошлади. Иттифоқо, спектакль бошланишига чамаси ўн дақиқа қолганида, театр рўпарасига оппоқ “Вольга” келиб тўхтади. Ундан худди автомобиль рангига монанд оқ костюм-шим кийган Чингиз Айтматов рафиқаси билан тушиб келди. Қувончдан ёрилай дедик. Адиб биз билан ёнма-ён ўтириб, спектаклни томоша қилди. Кейин парда ортига ўтиб, каминани ва актёрларни бирма-бир табриклади, эсдалик учун суратга ҳам тушдик. Спектакль муаллифга маъқул бўлганидан бошимиз осмонга етди”.

Режиссёр қиссанинг фалсафий оламига кириб, турфа рамз ва мажозларга бой спектакль яратади. Воқеалар марказида турувчи қаҳрамон – Бола образини таниқли актриса Ёдгора Зиёмуҳамедовага ишониб топширади. Бир қарашда бу кутилмаган танлов эди. Ҳаммани табиий савол қизиқтирарди, наҳот, театрда болани ўйнайдиган бирор актёр топилмаган бўлса? Ёдгора Зиёмуҳамедовадаги самимият, болаларча беғуборлик режиссёр эътиборини тортади. У баъзан қувноқ, баъзида ҳазин нигоҳи, ширали ва дардчил овози, маъноли сукутлари билан томошанинг чинакам камертон ижрочисига айланади. Шунингдек, спектаклдаги асосий қаҳрамонлар – Мўмин чол (Эргаш Раҳимов), Ўрозқул (Шуҳрат Зиёмуҳамедов), Сайдаҳмад (Лутфулла Саъдуллаев), Ўрозқулнинг дўсти Кўкатой (Турсунбой Маҳмудов)ни гавдалантирган актёрлар ҳам ўз маҳоратини намоён этиб, қиссанинг бадиий оламини очиб беради.

Асли “Оқ кема”нинг Ёш томошабинлар театрида қўйилиши театр­нинг ижодий қиёфаси, мазмун-моҳияти, репертуар сиёсати ва ғоявий йўналишига ижобий таъсир кўрсатди. Болалар театридаги дидактика, панд-насиҳат ўрнини эндиликда фалсафий ёндашув, интеллектуал спектакллар эгаллай бошлади. Бу эса ёш томошабинларнинг тафаккури, дунёқарашини ўзгартирди, натижада театрнинг ижодий қудрати, таъсир қуввати янада ортди.

Кейинчалик “Оқ кема” Сурхондарё вилояти мусиқали драма театрида режиссёр Неъмат Пардаев томонидан саҳналаштирилади. Воҳа театрининг спектаклида ҳам асарнинг ижтимоий залвори – шахс ва жамият, инсон ва табиат мавзусига чуқур эътибор қаратилган. Яъни, режиссёр бола тасаввурида чарх ураётган икки дунё – эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги курашни асосий планга қўяди, боланинг покиза фикратида яшаётган олий тимсол – шохдор она буғунинг маҳв этилиши орқали манфур ва нобакор тузумнинг бор иллату кирдикорларини фош этади.

Айниқса, спектакль ғояси ва режиссёр маслагини юзага чиқаришда саҳналаштирувчи рассом Виктор Михайличенко билан ҳамкорликда ишланган сценографик ечим муҳим ўрин тутди. Саҳнада чор-атрофи ёғоч билан ўралган, қўйлар қамаладиган қўрани эслатувчи доира шаклидаги декорация намоён бўлади. Спектакль финалида шу қўра олов ичида қолади, бамисоли бола тасаввуридаги жамики разолат, ёвуз тутумлар ёниб, кунфаякун бўлади. Шартли санъат ҳисобланган театрда бундай реалистик тасвирнинг кўрсатилиши воқеликни янада бўрттиради, драматизмни кучайтиради.

Яқинда Ўзбек Миллий академик драма театрида ушбу қисса яна бир бор саҳна юзини кўрди. Асарни саҳналаштириш учун Қозоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Олма-ота давлат академик драма театрининг режиссёри, профессор Абубакр Раҳимов таклиф этилди.

Хўш, бу галги “Оқ кема” аввалгиларидан қай жиҳати билан фарқланди? Наздимизда, биз эслаган талқинларнинг биринчисида фалсафийлик, иккинчисида ижтимоийлик акс этган бўлса, ушбу томошада иккала хусусиятни ҳам уйғунлаштиришга ҳаракат сезилади.

Саҳна тўрт тарафдан дов-дарахт билан қопланган. Бу бамисоли яшариш, янгиланиш, ҳаёт завқига ишорадек. Шу тасвирга зид равишда қуриган тўнкалар намоён бўлади. Буниси энди разолат, жаҳолат, зулму зўравонлик рамзидек таассурот уйғотади. Саҳналаштирувчи рассом Бахтиёр Тўраев шу пейзажга монанд оқ рангларга урғу беради, саҳнани худди мўъжазгина сайёрага менгзаб, оқликка буркайди. Ҳатто табиатан яшил дарахтлар ҳам оқ-кўкиш тусга киради. Оқ ранг бу – поклик, гўзаллик, меҳру муҳаббат, бир сўз ила айтганда, дунёдаги жамики эзгу фазилатлар тимсоли. Қисса ва спектаклнинг “Оқ кема” деб номланишини ҳам шу билан изоҳлаш мумкин.

Бу галги спектаклда йўл қўйилган жиддий нуқсон Айтматов қиссасидаги инсониятнинг энг олийжаноб фазилатларини ўзида мужассам этган рамзий образ – шохдор она буғга ниҳоятда жўн ва схематик ёндашувда кўринади. Актриса Мадина Мухторованинг буғу либосида саҳнага чиқиши ва дидактик оҳангда сўзлаши Айтматов тагматнларидаги фалсафа-ю ташбеҳларни йўққа чиқаради. Она буғу ҳақидаги кўҳна ривоят қиссанинг энг авж пардаларини белгилаб бериши, боз устига асарда кўтарилган умуминсоний ғояларни ифода этишини назарда тутсак, ушбу тимсолнинг рамзий ечимини топиш лозим эди.

Таниқли режиссёр, Ўзбекистон санъат арбоби Мансур Равшанов ижодида ҳам Чингиз Айтматов асарлари алоҳида ўрин тутади. Режиссёр Сурхондарё вилояти мусиқали драма театрида адибнинг “Момо ер” ва “Қизил дуррали нозик ниҳолим” (“Сарвқомат дилбарим”) қиссаларини ўзига хос талқинда саҳналаштиради. Ҳар икки спектакль ҳам бадиий жозибаси, ёрқин колорити, шакл ва услуби билан маданий жамоатчилик эътирофини қозонади. Айниқса, “Момо ер” спектаклида Ўзбекистон халқ артисти Гулнора Равшанова  ижро этган Тўлғаной образи театр ҳаётида унутилмас воқеа бўлган эди. Бундан бир неча йил муқаддам Миллий театрда ёш режиссёр Ғафур Мардонов ушбу асарни моноспектакль сифатида саҳнага қўйди. Тўлғаной образини гавдалантирган Ўзбекистон халқ артисти Малика Иброҳимова бутун руҳий қуввати, ҳис-туйғуларини қаҳрамонига сингдириб, уруш йиллари маънавий жасорат кўрсатган аёл сиймосини моҳирона тасвирлайди.

Истиқлол даврида яратилган саҳна асарлари орасида Қарши шаҳридаги “Эски мачит” театр-студиясининг “Найман она нидоси” спектакли алоҳида воқеа бўлди. “Асрга татигулик кун” романидаги манқурт ҳақидаги афсона асосида тожикистонлик режиссёр Фаррух Қосимов томонидан саҳналаштирилган спектакль ноодатий шакли, фалсафий ечими, рамзий топилмалари билан мухлису мутахассисларда ижобий таассурот қолдирди.

Саҳна ўртасида мойжувоз, ёшлик суруридан сармаст Жўломон (актёр Исоқ Тўраев) уни айлантириб, бор қувончу шодлигини тўкиб солади. Онаси келтирган таомни ҳузур билан тановул қиларкан, бутун вужудида йигитлик шавқи, эҳтироси жўш уради. Дафъатан саҳнадаги сокин муҳит ўрнини шовқин-сурон, қий-чув эгаллайди, қўлида арқон ўйнатган бир гала манқуртлар Жўломонни она бағридан юлқиб олиб, ўз сафларига тортади. Найман онанинг кўзларига дунёи дун қоронғи бўлади, у ҳар қанча фарёд чекмасин, фарзандини қутқариб қололмайди.

Спектаклда ушбу воқеалар драматик зиддият, ўткир конфликт, психологик ижро ва фалсафий сценография орқали кўрсатилади. Дастлаб покиза хаёлларни ифодалаган мойжувоз энди манқуртлар топинувчи, эътиқод қилувчи маскан тусини олади.

Жўломон ролини талқин этган таниқли актёр Исоқ Тўраев қаҳ­рамонидаги мураккаб ҳолатни аниқ кўрсатиб берган. Унинг нигоҳида манқуртлик фожиасининг бор даҳшату иллати акс этади. Мазкур спектакль Бишкек шаҳрида Чингиз Айтматов асарлари бўйича ўтказиладиган нуфузли театр фестивалида олий мукофот – Гран-прига сазовор бўлган. Актёр Исоқ Тўраевнинг хотирлашича, спектаклнинг видеонусхаси муаллифга ҳам юборилган ва адиб эътирофига сазовор бўлган.

Чингиз Айтматов ижодининг ҳали англанмаган, моҳият-асрорига етилмаган жиҳатлари кўп. Уларни инкишоф этиш ва кенг оммага етказишда энг таъсирчан ва юксак санъат театрнинг алоҳида ўрни бор.

Шоҳрух Абдурасулов,

 ЎзРФА Санъатшунослик институти таянч докторанти

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 7-сон