Актёрлик санъатидаги барҳаёт ўрин (Римма Аҳмедова)

Римма Аҳмедованинг номи ҳозирги ўрта ёш ва ундан каттароқ санъат муҳибларига яхши таниш. Агар ўзбек актёрлик санъатида Римма Аҳмедованинг фақат у билангина барҳаёт ўз ўрни бор эди десам, ҳақиқатга бир оз яқинлашган бўламан. Билмадим, ҳарқалай, менга ўтган ва ўтмаган актрисаларимиз ичида Римма Аҳмедова деган ҳодиса энг маҳобатлиси бўлиб туюлади. Чунки у ҳеч қачон томошабин ортидан юрмади, эргашмади, балки аксинча, ҳамиша эргаштирди, ундан баландроқ юрди. Биз одатда актёрликни ишонтириш санъати деймиз, саҳнадаги хатти-ҳаракати, қилиқлари ва гапига томошабинни ишонтира олган актёрни ҳақиқий санъаткор деймиз. Бу қанчалар тўғри, билмадим, ахир кўзбойлоғич ёки лўттибоз ҳам кишиларни ишонтирибгина мақсадига эришади. Актёр, назаримда, албатта ҳиссиёт дунёси билан бирга тафаккурга ҳам мойил, фикрга, мушоҳадага ундовчи фикрли ва фаҳмли шахс бўлмоғи лозим. Бунга яна қалбидан сизиб чиқадиган дард ҳам қўшилса, актёр ишининг ҳалол ижроси шу. Бу ўйлар менинг кўз ўнгимда Римма Аҳмедова санъати намоён бўлаётгани учун ҳаёлимга келаяпти.

1942 йилнинг 4 август куни суронли уруш палласида таваллуд топган актрисанинг ижод йўли Тошхўжа Хўжаев ва Александр Гинзбург каби атоқли режиссёрларнинг театрдаги сўнгги йиллари ва ёш режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг янги иш бошлаган даврига тўғри келди. Ундаги изтиробнинг қудратини ҳис қилган режиссёрлар актрисани гоҳи меҳр учун азобга дучор этилган Кор¬делия (“Қирол Лир”) ёки аламкаш Тиэ (“Ўғирланган умр”) ва ёки жафокаш Таннозхон (“Тарих тилга кирди”) ёки яна дардли нидосига бирон кимса қулоқ тутмаётган бечора Шарқия (“Кўк эшик ортидаги аёл”) ёхуд яқин кишиси бахти учун ўзини бахтсизликка дучор этган Хонзодабегим (“Юлдузли тунлар”’) қиёфасига киритдилар. Актрисанинг ўзи бир вақтлар “Парвоз” спектаклидаги Санам образини қандай тасаввур этиб, қандай талқин қилганини эслаб, матбуотда эълон этилган бир суҳбатида қуйидаги фикрни баён этган эди: “Санамнинг бирор кимсага ёрилиб, юрагини ўртаган ададсиз дардларини тўкиб солишга орияти йўл қўймайди. …Шу боис у узоқ фурсат ўзини-ўзи ёзғириб, таҳқирлаб, ўзи билан ўзи курашиб яшайди. Бу образни мен ана шундай ҳис этдим ва шу аснода талқин қилдим”. Дарҳақиқат, ўзининг ҳам дардларини тўкиб солишга актрисанинг орияти йўл қўймасди…

У бу образларда очилди, сочилди, аммо баҳор бўлиб эмас… чунки у баҳорий ёшида хазон ҳидини уфурарди. Унинг кулгисида, шодон қийқириқларида маъюслик бор эди. Тақдир унинг овозигагина эмас, ижодий қисматига ҳам маҳзунлик битган экан…

Ўтган аср 80-йиллари иккинчи ярмида санъатга ношудларча раҳбарлик қилиш оқибатида 25 киши Ҳамза номидаги Академик театрдан “Ёш гвардия” ёшлар теат­рига (ҳозирги Ўзбек Давлат драма театри) ўтди. Отахон театрнинг етмиш йиллик пасту баланд тарихида бир ҳалқа узилди. Иккига бўлиниб, икки театр бўлиб яшай бошлади. Римма Аҳмедова ҳам бошқа театрга ўтиб янгитдан иш бошлади. Бири-биридан турфа, бири-бирига зид образларда жонланди. Бироқ шунда ҳам ўз моҳиятидан, табиат унга бахшида этган мунис, ўйчан, ҳамиша истиғфорга мойил ўзлигидан айрилиб кетолмади. Кетолмасди ҳaм. Зеро, унинг ҳаётдаги ҳам, санъатдаги ҳам борлиғи шу…

Мастура сатанг Ҳамза драматургиясидаги барча аёллар ичида мypaккaбpоғи. Уни бир оғиз сўз билан характерлаш мушкул. Мастура Ҳамза “аёллари”нинг энг зиддиятлиси, энг жафокаши, хўрланган ва ҳақоратланганидир. Бу аёл дунёга келибдики, эзилганнинг топталганини кўради. Инчунин, паранжи ортидаги аёлнинг дунё-дунё армонлари, ўтли “оҳ”ларини эшитади. Ҳамдард бўлиб, оғриқларига даво тополмагач, уйин-кулги, вақти хушлик, илтифотли ҳамхоналик билан уларга малҳам бермоқчи бўлади. Шу билан ўзи ҳам тирикчилик қилади. Аёлнинг кўнгилхушлик қилишида ҳақсизликка қарши ожизаларнинг туғёнини, хуфия исёнини кўради: “Биз бу кўчаларда кўнгил гадоси бўлиб юрибмиз… Менинг қўлимдан беш юзга етиб хуфия­си, сатанги, акабаччалари чиқди. Йигирмага етиб ҳар юртдан қиз қочирдим. Ҳаммаси зўрлик билан эрга тегиб, кўнгилсиз бўлганлар… Ҳозирда юртимизнинг ярмидан кўпи акабаччалик бўлса, қолгани ўйнашлик. Нима қилсин, яхши кўрганига тегмаганидан к­ейин ноилож хилват топиб ўйнайди ёки сатанглик, акабаччалик билан ўзини юпатади… Қундуздек йигитларни чимматнинг орқасидаги кўз кўрмайдими? Шундай бўлгандан кейин хотин-қизда ҳеч гуноҳ йўқ. Хўп қилади, ажаб қилади”.

Гарчи шу ишонч билан Мастура ўзини юпатса-да, кўнглининг бир четида хавотири бор: жамият ҳар қанча бузғун-бузуқ бўлмасин, бироқ ахир Худо бор. Оллоҳнинг каломи эса, гуноҳкорлар ичра гуноҳкор бўлмоқни эмас, балки муслим бокира бўлмоқни тақозо этади. Мастуранинг кўнглидаги хавотир шундан. Шу боис, қўшмачиликдан келаётган даромадни қўйиб, дўппи тикади, шундан пул тўплаб, бир куни, албатта ҳаж сафарига боришни, “…қилмишлари учун қора бўлган юзларини Байтуллоҳга суришни” орзу қилади. Шулардан кейин ҳам Мастурани оддийгина аёл деб бўладими?

Римма Аҳмедованинг Баҳодир Йўлдошев ишлаётган театрга ўтиб, ўйнаган энг залворли роли ана шу Мастура сатанг бўлди ва образнинг айни ўша ечимида яллачи аёл қиёфасига кирди. У ўзигача аввал турли атоқли актрисалар томонидан талқин этилганидек кўзлари дунёга, одамларга қаҳрли, совуққон боқувчи, дийдаси қотган аёл бўлиб эмас, балки ҳар бир сўзи ортида оғриғи бор, қилаётган ишидан иккиланиб, ички изтиробларда ўртанаётган дардманд ҳамшира бўлиб гавдаланади. Уни саҳнада кўриб қоралай олмайсан киши. Аксинча, ҳаёт бу қадар шафқатсиз бўлмаса, дея ҳамнишинлик туясан.

Зотан, бу ҳолатни, чорасизликни ўз бошидан бирон кун бўлса-да, ўткармаган кимса, шундай талқин ва ижрога эришмоғи мумкин эмас…

Римма опа Мастурадан кейин ўтган йиллар ичида яна битта роль ўйнади. Оврупо драматургиясидан олинган “Оилавий можаро” (ўзбекча таржимада “Алдагани хотин яхши”) пьесасида Римма Аҳмедовага давру даврони ўтган фоҳиша аёл роли тегди. Тақдирнинг ўйинини қарангки, энди актриса Мастура ялланинг анчагина бепарда ва суюқоёқ овруполик эгачисини ўйнамоғи керак эди. Ўйнади ҳам. Ўйнагандаям, бутун томошахонадагиларни ўзига маҳлиё қилиб, кулдириб, кўздан ёш чиқарлик даражада кулдириб ўйнади. Саҳна ҳаракати, саҳнадошлар билан муносабатга киришуви – бари катта усталарга хос. Ҳа, у катта уста бўла олди. Гарчи вақтидан анча кейин унинг маҳорати, хизматларини расман тан олиб, унвон берилган бўлса-да, Римма Аҳмедова ўзбек, балки жаҳон театр санъатининг ўзига хос намояндаларидан бўлиб мухлислар хотирасига кирди.

Театрдан ташқари Римма Аҳмедова ўттиз йилдан ортиқ давр мобайнида дубляжга борди, радио, телевидениеда жиддий ишлар қилди. Кинофильмларда ҳам суратга тушди. Айниқса, ўтган асрнинг 80-90-йиллари телевидениеда намойиш этиладиган бирор ўзбек тилидаги фильм йўқ эдики, унинг овозини эшитмасангиз. Эшитганингиз сари қулоққа хуш ёқадиган, жарангдор, хушоҳанг, соҳир овоз. Янаям aниқроғи, дардчил хушоҳанг овоз. Дардчил жарангдор. Ҳа, ҳа, дардчил жарангдор. Шундай овоз бўлади. Бу фақат унда бор эди. “Уруш ва тинчлик” фильмидаги жажжи Наташа Ростованинг бал узра югуриб, отасининг сакраб ўйнашига барчанинг диққатини жалб этиб, шодон қичқиришларида дардчил жаранг бор. Бу ҳаётнинг катта талотўплари, мураккаблик­лари олдида ҳадемай довдираб қоладиган покиза қизчанинг овозидаги ҳадикли жаранг эди.

Уни эшитишдан биз ҳамиша ёқимли ҳислар туямиз. У Римма Аҳмедова эканини ҳамиша унутамиз. Бу ҳамиша унинг маҳоратига, овоз жозибасига бизнинг ўзига хос ташаккуримиз бўлади. Буни санъаткорнинг дубляж санъатига фидойилиги, ўз устида доимо ишлаши дея баландпарвоз бўёқларга берилишнинг ҳожати йўқ. Агар шу пайтгача шундай ёзиб келган бўлсак, бу бизнинг жиндек эркалигимиз, жиндек хушомадимиз, жиндек муҳаббат ва жиндек соддалигимиз (шайтонликдан ўзинг асра!) эди, чамаси. Дубляж Римма опа учун ҳунар эди. Ахир 1000 дан ортиқ саноқ ҳунарманднинг ҳисоби эмасми?! У шунча фильмда овоз берганди. Кичик оиласининг катта ташвишларига эп бўлгувчи ризқ бир чети шундан эди. У бизни овоз жозибаси билан ҳайратга солган экан, бунинг замирида асли азбаройи ризқини ҳалоллаб топиш учун бўлган саъй-ҳаракати ҳам бор эди. Унга, унинг овозига берилган баҳолар ва ҳамиша дубляжга таклиф қилиниши эса меҳнат-машаққатига яраша ҳалоли эди. Балки ана шу ҳалоллик унинг фалсафаси ҳам бўлгандир. Демакки, Оналик фалсафаси тақозоси билан ҳам бўй кўрсатган катта санъати…

У ҳамиша оғир, вазмин, камтарин, камгап эди. Худди ҳамиша файласуф бўлгандай. Назаримда, у умрининг сўнгги даврларида кўп нарсага файласуф нигоҳи билан қарарди. Дунё ишларини файласуфона мушоҳада этарди. Римма Аҳмедова ҳаётининг охирги кунларигача шундай яшади. Бу ёруғ оламдан ҳам олтмиш тўрт ёшида – 2006 йилнинг 13 ноябрида худди ўшандай сассиз, унсиз, жимгина кўз юмди.

Шуҳрат Ризаев

“Жаҳон адабиёти, 2014 йил, 8-сон