Нега шундай, сув биз учун энг зарур нарса,
сувсиз ҳаёт бўлмайди, лекин шу билан бирга
сув деярли қадрланмайди, ваҳоланки, ҳеч қандай фойда келтирмайдиган олмосларнинг
қадр-қиймати жуда баланд.
Адам СМИТ
Иқлим шароити Скандинавиянинг тоғли ҳудудлариникидан ҳам оғир бўлган Шарқий Африканинг инсон қадами етмас ерларида қадимги одамлар қароргоҳларининг излари топилгани маълум. Жазирама саҳро, тирик жон кўринмайди. Гоҳида ибтидоий одамларнинг мўъжазгина қабиласи дағал ишлов берган тошлар учрайди. Бирданига қумда чиғаноқлар қатламининг аниқ излари кўзга ташланади. Демак, қадим замонларда бу ерлар денгиз бўлган.
Дарҳол тасаввурингизда ён-атрофи яшил ўрмонлардан иборат, чиғаноқлар йиғилган қирғоқ ва суви ялтираб турган кўл пайдо бўлади. Қадимги одамлар ўз маконларини ичимлик суви бўйига қурганлари табиий ҳол…
Инсон ўзининг қора қитъадаги илк ватанини тарк этиб, яланг оёқ ҳолда саёҳатини бошлаганида, асосан, дарё ва денгизларнинг қирғоқлари бўйлаб юрган. Харитага кўз ташлар экансан, улкан осмон жисмининг бепоён ҳудудларига кўчиб борган аждодларимиз учун табиат томонидан белгилаб берилган йўлларни аниқ кўрамиз. Сув йўллари — инсон йўллари.
Нил дарёсининг ўрта ва қуйи оқимида инсон томонидан яратилган воҳа пайдо бўлди. Икки тарафидан саҳронинг иссиқ нафаси уфуриб турган бу воҳа дарё бўйлаб минглаб чақиримга илон изи бўлиб чўзилган. Бу, Буюк Саҳролар ўлкасининг бор-йўғи юздан уч қисми, бироқ айнан шу ерда одамлар яшаши мумкин эди. Қадимги мисрликларнинг ҳаётида дарёнинг аҳамияти шунчалик муҳим бўлганки, улар учун йил дарёнинг ҳолатига боғлиқ уч мавсумдан иборат деб қабул қилинган: йилнинг бошланиши ёзга, яъни Нил тошиши вақтига тўғри келган, сўнг экинларнинг ўсиши мавсуми ва ниҳоят, сув сатҳи энг паст бўлган мавсум — йиғим-терим мавсуми келган. Йил бошланишида дарёдаги сув сатҳининг баландлиги тўкин-сочинлик бўлиш-бўлмаслигидан дарак берган.
Саждаларнинг энг қадимийси, бу сув манбасига сажда қилиш бўлса керак. Юзлаб, минглаб диний эътиқодлар ўзгарди, лекин сув манбаси ёнида қурбонлик келтириш анъанаси сақланиб келмоқда. Кузда қуриб қолувчи ва баҳорда қайта туғилувчи оқим — ҳаётнинг жўшиб қайнаши ва давом этишининг тимсоли сифатида қабул қилинади.
Бизнинг кунларгача ҳам баъзи нарсалар етиб келган. Баланд тоғларнинг музликларидан бошланувчи, «Шива худосининг таралмаган жамалаклари» орасидан ўтиб, қуйироқда тинчийдиган муқаддас дарё — Ганг минг йиллардан бери беқиёс даражада эъзозланади. Ҳиндийларнинг мана ман деган руҳонийлари учун Ганг дарёсини зиёрат қилиш уларнинг ҳаётларидаги энг олий мақсад бўлиб келган. Муқаддас дарё сувларида таҳорат қилиш — покланиш ва янгиланиш, унинг сувини ичиш — буюк шараф, ўз хокини дарё сув билан аралаштириб юбориш учун ўлимидан сўнг дарё қирғоғида куйдирилиши — ҳар бир ҳиндийнинг муқаддас орзуси. Қариялар, ўлим арафасида, ўзларини Ганг қирғоғига олиб боришларини илтимос қилишади.
Кимда ким, тонгда ҳиндийларнинг Ганг дарёсида таҳорат қила туриб чиқаётган қуёшни қўлларини кўтарган ҳолда қутлаганини ва Ҳимолай қорлари ортига ботаётган қуёшни Непал тоғларидаги Будда ибодатхонасидаги қўнғироқлар бонги кузатиб қолишини кузатган бўлса, у ҳаёт берувчи кучларга бўлган доимий мурожаатга гувоҳлик қилган бўлади.
Шундай таомил ва маросимлар борки, уларни йўқолиб кетган динларнинг акс-садоси деб қабул қилиш керак, уларга ишонишингиз ёки ишонмаслигингиздан қатъи назар, фарқи йўқ. Масалан, Ғарбнинг христиан жамиятида чақалоқ чўқинтирилаётганида унга сув сачратилади, бу покланиш удуми. Тхай халқлари марҳумнинг бармоқларига сув томизишади; никоҳ маросими вақтида келин ва куёвнинг қўлларига муқаддас кўзадан сув қуйишади. Братск ГЭСидан қуйироқда эса яна бир қизиқ удум мавжуд — никоҳлари расмийлаштирилган келин-куёвлар буюк дарёга гулдаста инъом этишади.
Дастлаб муқаддас ва фойдали деган тушунчалар бир-бирларига чамбарчас боғлиқ эдилар. Инсон сувнинг табиатдаги узлуксиз алмашинуви аралаша бошлаганидан сўнг муқаддас деган тушунча иккинчи даражали бўлиб қолди, фойда эса — тахмин қилинадиган фойда — мутлақ бўлиб қолди. Янги туғилган чақалоқларни чўқинтираётган, марҳум қўлларини намлаётган ёки никоҳ гулдастасини дарёга инъом этаётганлар таомилнинг бирламчи мазмуни ҳақида ўйламай қўйдилар, бу маросимлар «гўзал ва қадимий» ва хўжакўрсин маросимларга айландилар. Сув, битмас-туганмас бойлик манбаи сифатида қабул қилина бошлади ва бу манбани хоҳлаганча ўзгартириш ва таҳқирлаш мумкин бўлиб қолди.
Бундай муносабатнинг қисмати аксарият ҳолларда аянчли бўлди. Қадимги тамаддунларнинг гуллаб-яшнашига сабаб бўлган каналлар охир-оқибат айнан шу ҳудудларнинг заволига айланди. Тоғ сувлари ювиб тушган тузлар денгизларга етиб боролмай тупроқда чексиз миқдорда йиғила бошлади, натижада шўрланган тупроқда ҳеч нарса битмайдиган бўлди. Бесамар суғорилаётган далаларда сизот сувларининг миқдори бениҳоя ортиб кетди ва улкан ҳудудлар ботқоққа айланиб қолди. Одамларнинг очкўзлиги ва омилиги Дажла ва Фрот дарёлари оралиғидаги ҳосилдор ерларни абгорликка дучор қилди. Бир вақтлар муқаддас бўлган дарёлар ҳозирги кунга келиб қўнғир ранг, қақшаган ҳудудлардан оқиб ўтаяпти, Бобилнинг машҳур осма боғлари туз туфайли сўлиб, маъсуда Ниневия ботқоқларда қолиб кетди.
Дарё бўйида гуллаган тамаддунларнинг аянчли тақдири Нил воҳасини анча вақт четлаб ўтаётган эди. Дарёнинг тошиши ерни суғорар, тузлар эса ер ости сувларида эриб, қайтиб дарёга оқиб тушарди. Бу, бизнинг замонимизгача, яъни техник маҳорат ва ишбилармон нодонларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Нил тарихидаги энг катта ўзгариш содир этилмагунча давом этди.
Инсон сувнинг табиатдаги айланишларига аралашар экан, у бир вақтнинг ўзида геологик жараёнларга ҳам таъсир кўрсатади. Дарёда тўғон бунёд қила туриб биз на фақат сув йўлини, балки денгиз қирғоқлари ва шельфларни янгиловчи лойқа ва балчиқлар йўлини ҳам тўсамиз, натижада, дарё оқизиб келадиган қум ва чўкмалар бўлмагани туфайли қирғоқнинг мустаҳкамлиги йўқолади ва денгиз уни ютиб юборади. Шу билан бирга, сув омборларида керагидан ортиқ балчиқ йиғилади ва уларни ишдан чиқаради.
Шундай қилиб, минг йиллардан бери инсон ва дарёнинг ўзаро ҳамкорлигига энг аъло намуна бўлиб келган Нил бугунги кунга келиб, сув захираларига уқувсизларча муносабатимизнинг яққол мисоли сифатида намоён бўлаяпти. Ҳар йили саҳронинг миллион-миллион тонна қуми Нилда қурилган Асвон тўғонидан юқорироғида барпо этилган сув омборининг тубига тушади. Дарёнинг бир маромда нафас олишига чек қўйилди. Сув кўтарилиши вақтида у билан оқиб келувчи озиқабоп чўкмалардан маҳрум бўлган далаларнинг унумдорлиги йилдан-йилга камайиб кетаяпти. Ўз ҳосилдорлиги билан машҳур бўлган дарё дельтасининг майдони қисқараяпти. Дарёда инсон организмига хавфли бўлган, ичак ва гижжа касалликларини тарқалишига сабаб бўлувчи личинкалар тобора кўпайиб бормоқда. Сизот сувлар сатҳининг кўтарилиши ер шўрланишига олиб келмоқда; баъзи жойларда ер юзини тузлар худди қировга ўхшаб қоплаган. Ҳатто Буюк пирамидалар ҳам хавф остида.
Нил фожиаси ер куррасининг бошқа ҳудудларида қайтарилмоқда. Дарёларни бамисоли кишанламоқдалар, дарё ва инсон ўртасидаги азалий алоқалар узилмоқда. Замбези дарёсини Кариб тўғони билан тўсганларидан сўнг Мзи-оа-тунья шаршараси юқорисидаги воҳада истиқомат қилувчи банту халқлари катта хавф остида қолган эди. Сабаби мис конлари учун электр энергияси зарур бўлиб қолди, бу оқ танли африкаликларнинг турмуш даражасини кўтариши керак эди. Авваллари бу ўлкаларда юқумли ичак касалликлари деярли учрамасди, тўғон қурилганидан кейин икки йил ўтар-ўтмас банту халқлари, биринчи навбатда ёш болаларнинг қарийб 99 фоизи юқумли касалликка дучор бўлдилар. Далаларни суғориш ва электростанциялар қурилиши учун Гранд-Каньон орқали оқувчи Колорадо дарёсининг йўлини тўсдилар, Тинч океанга оқиб бориши керак бўлган чўкмалар ярим йўлда, сув омборларининг тубида қолиб кетди, натижада океан сувининг кўтарилиш-пасайиш кучлари бир вақтлар ўта ҳосилдор бўлган қирғоқларни емира бошлади.
Сувга чанқоқ далалар суғорилаётган ҳудудларда Бобил ва Ниневия фожиаси такрорланяпти. Ҳинд дарёсининг ҳавзасида йилига бир ярим минг квадрат километр майдонга тенг бўлган ҳайдаладиган ер йўқотилаяпти — суғориш тизими яхши йўлга қўйилмаган. Шу билан бирга, айнан шу воҳада, одамларнинг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш мақсадида, суғориладиган ерлар майдони икки баравар кўпайтирилиши режалаштирилган; саноат корхоналари томонидан сувдан фойдаланиш эса ўн бараварга ортиши лозим.
Ёғингарчиликларнинг миқдори кўпаймайди. Ер юзидаги ҳаёт денгизлар дунёга келтирадиган булутлар орқали заминга ёмғир, қор кўринишида тушувчи қирқ минг кубокилометр сувга боғлиқ. Бу неъмат ҳам бир текис тақсимланмайди. Куррамизнинг кўпгина мамлакатларида яшовчи одамларни ташналик, қурғоқчилик кўланкаси таъқиб этади. Ўттизга яқин энг қашшоқ давлат йил сайин кескинлашаётган сув танқислигидан азият чекади. У ердаги одамлар фақат хўжалик эҳтиёжлари учун зарур бўлган сувга етишиш учун жуда кўп меҳнат қилишлари керак бўлади. Аёллар қуёш тиғи остида сув олиб келиш учун бир неча чақирим пиёда юришларига тўғри келади.
Саноати ривожланган мамлакатлар, сув танқислиги нима эканлигини билмай туриб, бепарволарча шундай «ажойиб» технологиялар ўйлаб топганларки, натижада бир тонна қоғоз ишлаб чиқариш учун уч юз минг литр, бир тонна азотли ўғит учун олти юз минг литр, бир тонна пластмасса учун эса биратўласига миллион литрдан ортиқ сувни сарфлаб юборадилар. Биз, ривожланган техникамиз улкан миқдорда сувни исроф қилиши ҳақида деярли ўйламаймиз.
Хўжаликни шу тарзда юритишимиз сабабли, ер усти сувлари — дарё, кўл ва сув омборларига қамаб қўйилган сувлар — одамлар ташналигини қондириш ва ерларни суғориш учун етмаётганлиги аниқ бўлиб қолди. Ер ости сувларини тортиб чиқаришга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Ер ости сувларининг ҳажми дунёдаги барча дарё сувларининг ҳажмидан олти минг марта кўпроқ. Лекин ер ости сувлари жуда секин янгиланади. Агар улардан оқилона фойдаланилмаса, уларга ҳам худди дарёларга бўлганидек ваҳшиёна муносабатда бўлинса, охир замон етиб келиши муқаррар. Сувсизликдан қийналаётган баъзи мамлакатларда, масалан, Ҳиндистонда ер ости сувлари сатҳининг тушиб кетиши одамларни ташвишга солаяпти — сувнинг сарфланиши сув келишидан кўпроқ.
Ердаги ҳар бир одам учун тўғри келадиган сув миқдорининг борган сари камайиб кетиши етмагандай ичадиган сувимизнинг таркиби ҳам ёмонлашган.
Яқиндагина, тоғда, музлик чеккасида ҳосил бўлган ирмоқдан сув ича туриб, Линней ўз йўлбошчиси билан Норвегия тоғлари бўйлаб қандай саёҳат қилганини тасаввур қила олар эдик. Саёҳат давомида чанқоқларини босиш учун йўлбошловчи пичоғи билан музликда кичкинагина чуқурча ўяр эди ва сув ўша ерга йиғиларди. Уларга ҳамроҳ бўлган врач эслайди: «Биз тўйгунимизча ичдик, сув жуда ширин эди, кейин ирмоқда ювиндик, тоғдан оқиб тушаётган сув шундай тиниқ эдики, қўлларимизни унинг тубидаги тошлардан ажратиб бўлмас эди».
Лекин, қуйироқда тоғлар тугаганидан сўнг, сув биз яратган технологияга қўшилади ва у орқали ўтганидан сўнг индустриал жамият томонидан чиқарилган заҳар-заққумни қабул қилади ва тарқатади. Кимё саноати йилига мингга яқин янги бирикмалар ишлаб чиқаради; бу бирикмаларнинг баъзилари заҳарли хусусиятга эга ва улар сув алмашинувида иштирок этадилар. Азотли ўғитлар кўллардаги барча тирик организмларни ўлдиради, кислотали ёмғирлар эса ҳаётнинг бошланғич унсурларини бўғади. Ҳозирги кунга келиб Европа дарёларидаги сув таркибида аввалги, яъни индустриализация ривожланмаган даврга қараганда ўн баравар ортиқ олтингугурт мавжуд.
Ривожланган мамлакатларда бирон-бир ифлосланишдан ҳоли бўлган сувнинг ўзи қолмаган. Фақатгина тоғларнинг баланд чўққиларида, дарёлар тизимининг бошланишида тоза ва шаффоф сувни учратиш мумкин.
Бир неча асрлар аввал Рейн дарёси (Рейн, бу «тоза» дегани) ўз номини бемалол оқлай олар эди. Тиниқ оқим тубида ранг-баранг шағал — афсонавий «Рейн олтини» товланар эди. Энди бу Рейн олтини яланғоч қияликлардан оқиб тушган чўкинди, саноат ва маиший чиқиндилар остида. Дарё этагида яшовчи голландларнинг ичаётган сувлари ҳожатхона ва саноат қурилмаларидан қайта-қайта ўтиб келган.
Энг катта сув ҳавзалари ҳам ифлосланишдан сақлаб қолинмади. Американинг буюк кўлларидан бири – Эри кўли, олтмишинчи йилларнинг ўрталаридан бери деярли ўлик ҳисобланади. Бар вақтлар балиққа бой Азов денгизи чиқиндихонага айланиб бўлган. Байкал кўли ўзининг тиниқлиги ва тозалиги (сув остида қирқ метргача бўлган нарсалар тиниқ кўринади) билан машҳур, бунга сабаб – бошқа сув ҳавзаларида яшай олмайдиган эндемик инфузория, айнан шу инфузория кўл сувини тозалайди, бугунга келиб куррамиз учун ноёб ҳисобланувчи бу организм хавф остида – кўлга оқизилаётган саноат чиқиндиларининг миқдори йил сайин ортиб бормоқда.
Оқава сувларнинг ҳажми ўн бараварга ошган. Тоғ-тоғ чиқиндилар туфайли ифлосланаётган ер ости сувларининг ҳажми ортиб бораяпти. Қайта-қайта тозалангандан кейин ҳам ичаётган сувимиз таркибида барибир 20 фоизгача зарарли бирикмалар қолади. Бу барқарор ва зарарли бирикмаларнинг аксариятини одамларнинг ўзи яратади.
Ичимлик суви танқис бўлган кўпгина ривожлаанаётган мамлакатларда мисли кўрилмаган ҳалокат содир бўлиши мумкин. Қишлоқда яшовчиларнинг фақат бешдан бири нисбатан тоза сув ичади, еттидан бири санитария талабларига жавоб бера оладиган ҳожатхонадан фойдаланади. Дарёларда касал туғдирувчи бактериялар ғиж-ғиж.
Ер куррасида сувсизликдан нобуд бўлаётганлардан кўра ифлос сув ичиб ҳалок бўлаётганларнинг сони кўпроқ. Касалликларнинг саксон фоизи ифлосланган сув ёки антисанитария туфайли. Фақат ичбуруғнинг ўзидан йилига олти миллион бола нобуд бўлаяпти, сабаби – ифлосланган сув истеъмол қилиш. Вабо, терлама, дизентерия ва гижжа миллионларнинг ёстиғини қуритаяпти. Қуёш тизимидаги суви бор ягона сайёра – сувлари таҳқирланувчи сайёрага айланиб қолди. Норвегия тоғларида ҳукм сурувчи сокинликда қадимги заковатни аниқ эшитаётгандек бўлаяпмиз:
«Булоқнинг тиниқ сувини таҳқир қилаётган кимса – ўзини ташналикка маҳкум этади».
Бу сўзларни қадимги юнон шоири милоддан беш юз йил аввал ёзган эди.
Дарёларни ифлослантираётган инсон бир вақтнинг ўзида океанни ҳам ишдан чиқараяпти. Бизнинг индустриал жамиятимиз ердан оладиган ва кейинчалик ўзидан нари қилишга интилаётган нарсаларнинг охирги бекати океандир.
Номаъқулгарчиликни қила туриб, океан, бизнинг юқори технологияларга эга бўлган жамиятимиздан эллик миллион каттароқ ва муайян мувозанатга эга бўлган мураккаб тизим эканлиги ҳақида ўйламаймиз. Бироқ, инсон ҳеч иккиланмасдан океан кимёсини ўзгартириб ётибди. Қитъалардан оқиб тушаётган ҳамда ёмғир билан осмондан тушаётган бирикмалар океаннинг мовий қаъридаги оқимлар ёрдамида сув билан аралашиб кетаяпти. Океан айтарли даражада талофат кўрмаган бўлса-да, барибир, инсоннинг айби билан сувга тушаётган бегона моддалар тирик организмлар учун хавфли.
Денгизда нефть тўкилган жойлар тубини текширган тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, у ердаги балиқларнинг увулдириқлари ҳалок бўлар ва ихтиофауна сийраклашар экан. Сайёрамиздаги кислороднинг ўндан етти қисмини ишлаб чиқарувчи фитопланктонлар фаолияти хавф остида. Бир ҳужайрали организмлар заҳарланганларидан кейин улардан озиқланган бошқа, мураккаброқ жонзотлар ҳам зарарланади. Айниқса узоқ муддат таъсир этувчи радиоактив изотоплар хавфли, улар денгиз мавжудотлари томонидан биринчи навбатда истеъмол қилинадилар, натижада организм тўқималаридаги радиация зичлиги минглаб маротабага ортади. Озиқланиш тизими таркибига кириб олган изотоплар юзлаб, минглаб йиллар давомида турли организмларда саёҳат қилиб юришлари мумкин.
Саноат чиқиндилари, гўёки яширинча, ўзимиздан соқит қилган саноат чиқиндилари, яна ўзимизга қайтиб келаяпти. Денгиз сувидаги пуфакчалар атмосфера ҳавоси билан тўқнаш келганида ёрилади ва юқорига на фақат туз кукуни, балки денгизга ташланган чиқиндиларнинг аксарият қисми ҳам кўтарилади. Денгиз юзасидан ҳавога кўтарилаётган минглаб тонна заррачаларнинг бир неча юз тоннаси булутлар орқали қор-ёмғирга аралашиб қайтиб ерга тушади.
Энди, севимли Норвегия тоғлари бўйлаб кезиб юрганингизда нохуш фикр миянгизни доим пармалайди: музлик четидан томчилаётган, тоғдан оқиб тушаётган жилға суви сиз ўйлагандек тоза эмас, кўриниши тоза бўлса-да, барибир бирон бир кимё заводи ёки газ-нефть конидан чиққан заҳарли заррачаларни шу сув билан қўшиб ичамиз.
«Инсон ерга харобалар кўринишида белги қўяди, унинг ҳокимияти қирғоқда тугайди», – XIX аср бошида Байрон шундай ёзганди.
Энди океан ҳам харобалар майдонига айланиб қолиши мумкин. XX асрнинг олтмишинчи йилларида овланаётган балиқлар салмоғини кўпайтириб очарчилик муаммосини ҳал қилиш мумкин деб ўйлардик. Тадқиқотчилар балиқ тўдаларининг уммон бўйлаб кезиш йўлларини аниқ айтиб бера бошладилар, балиқчилар учун энг такомиллашган ов қуроллари ихтиро қилинди.
Ва бирданига бу янги билимлар, фан ва техника мўъжизаси бўлган такомиллашган ов қуроллари ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлиги маълум бўлиб қолди. Бар қатор мамлакатларнинг (Япония, Россия, Хитой, Жанубий Корея ва ҳоказо) кемалари океанларда кезиб юришади, улар етиб бормаган денгизнинг ўзи йўқ, балиқни ким тезроқ овлаш бўйича мусобақа ўйнашади. Автоматик асбоблар балиқ тўдаларининг катталиги ва сузиб юрган жойларини аниқлаб беради, ЭҲМ кемалари балиқлар йиғилган ҳудудларга йўналтириб туради. Тўрларга ўрнатилган гидрофонлар балиқларни чақирувчи сигналларни тўхтовсиз чиқариб туришади; кичик сув ости кемалари насослар ёрдамида қисқичбақаларни инларидан сўриб чиқаришади.
Техникаси ривожланган мамлакатлар денгизда йиртқичларга хос ов қилишади, уларнинг даҳшатли шиори бор: биз овламасак, бошқалар илиб кетишади… Натижада сельд ва тунец балиқларининг салмоғи анча камайди. Бу каби ваҳшиёна сиёсатдан биринчи навбатда қашшоқ давлатларнинг аҳолиси азият чекади, чунки уларнинг асосий емиши – балиқ.
Бироқ, денгизга нисбатан фақат билимлар билан қуролланган ҳолда эмас, балки масъулият билан муносабатда бўлинса, денгиз ўз сахийлигини кўрсата олади. Қирғоққа яқин сувларда балиқ ва устрица кўпайтирувчи, денгиз ўтларини ўстирувчи фермалар барпо қилиши мумкин, йиртқич балиқлардан эса, техниканинг кучи айнан шу ерда керак бўлади, ультра товуш ёрдамида ҳимоя қилишади. Энг асосийси, бу каби хўжаликларнинг фаолияти денгиз ҳаётини бошқарувчи қонунларга мувофиқ бўлиши ва ўта нозик мувозанатни бузмаслигидадир.
Азалдан денгиз инсон учун туз манбаи бўлиб хизмат қилиб келган. Тузсиз балиқчининг овлаган балиғини, овчининг ўлжасини ва чўпоннинг қорамолини узоқ муддат сақлаб бўлмас эди. Денгиз қирғоқларида лой билан сувалган чуқурликлар талайгина учрайди – қадимда денгиз сувини йиғиб, кейин буғлатиларди ва бу чуқурликларда инсон учун ўта зарур бўлган туз кристаллари ҳосил бўлар эди.
Бугунги кунга келиб биламиз, денгиз сувида фақат туз эмас, балки жуда кўп металлар, шу жумладан одамлар томонидан бениҳоя қадрланадиган олтин ҳам бор экан. Агар материклар юзасига океанда эриган бойликларни тўшаб чиқишни иложи бўлганда, қалинлиги эллик метрга тенг қатлам ҳосил бўлар эди.
Денгиз сувлари остида марганецнинг битмас-туганмас заҳиралари мавжуд. Ундан ташқари темир, мис, никель, кобальт ва бошқа ноёб металлар ҳам талайгина. Уларни биринчи бор аниқлаганларида космосдан тушган туҳфа, яъни осмондан тушган метеорит парчалари деб ўйлаганлар. Энди океан тубидаги ёриқлардан магма чиқиши ва гейзерлар қайнашини, туб қаъридан ажралиб чиққан металлар оқимлар ёрдамида океан тубига ёйилишини биламиз. Тинч океани тубининг ҳар бир квадрат метрида ўн килограммдан эллик килограммгача конкреция борлиги аниқланган. Қитъалардаги руда конлари бир кунмас бир кун тугайди, океан тубида эса доимий равишда янгиланиб турувчи конкрецияларнинг заҳиралари мавжуд.
Ҳозирги кунга келиб йирик корпорациялар келажакда кончилик ишларини денгиз тубида амалга оширишга ҳозирлик кўрмоқдалар. Денгиз тубини чуқурлаштирувчи улкан кўчма қурилмалар ёки махсус насослар ёрдамида марганец конкрецияларини қазиб олиш усулларини ишлаб чиқиш учун миллиардлаб доллар сарфлашаяпти. Масофада бошқариладиган ўзиюрар қурилмалар денгиз тубида ҳаракатланиб, у ердаги материалларнинг кимёвий ва спектрометрик таркибини ўрганади ва тадқиқот натижаларини махсус кемаларга узатади. Бу кемалар, ўз навбатида, қазилмаларни қазиб олувчи қурилмаларни энг бой захиралари мавжуд ерларга жўнатади. Лекин қудратли техника қисқа муддат ичида нозик денгиз муҳитини вайрон қилиб қўйиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Одамлар энергия манбаларини ҳам океан тубидан қазиб олмоқчи. Нефть қазувчилар чуқур денгиз қаърига тушиб олиб, ўша ерга бурғилаш қурилмаларини ўрнатишмоқчи. Қазиб олинган нефтни қуруқликка тўлқин ва шамолни писанд қилмайдиган улкан сув ости кемалари олиб чиқади.
Бироқ нефть энергетика тарихидаги кичик бир лавҳа. Сувнинг ўзидаги битмас-туганмас энергияни ўзлаштириш учун бизнинг технологиямиз қачон калит топади – номаълум, лекин топиши аниқ, чунки куррамиздаги углеводородлар захираси чексиз эмас. Бунда гап қандайдир мегаватт ёки гигаваттлар ҳақида кетмайди. Океан оқимларининг қуввати олдида материкдаги ГЭС мўриларининг гувуллаши бамисоли чивиннинг чийиллашидек бўлиб қолади. Энергиянинг яна бир улкан манбаи, бу қирғоқ тўлқини, сув кўтарилиши ва пасайишида вужудга келувчи кучли оқимлар ва дарёларнинг денгизга қуйилиш жойларидаги сув таркибида туз миқдори фарқланиши билан боғлиқ. Сувнинг пастки ва юқори қатламларидаги ҳароратнинг фарқланиши йигирма даражадан ортиқ бўлган тропик кенгликларда иссиқлик станциялари ишга тушган.
Агар биз бир неча ўн йиллик давомида ўз эҳтиёжларимизни жиловлай олсак ва ҳаво билан сувни меъёридан ортиқ олтингугурт, карбонат кислотаси, нефть ва атом чиқиндилари билан ифлосланишига йўл қўймай турсак, ишонаманки, фан тоза энергиянинг чексиз захираларига йўл топиб беради.
Қадимги Тир ва Сайда бандаргоҳлари сув остида қолиб кетди. Ҳаёт қайнаган даҳалар, буғдой ва шароб қуйилган улкан хумларга тўла омборлар, ибодатхона ва кўнгилхушлик уйлари узра сукунат ҳукм суради.
Бир кунмас бир кун шовқин-суронга тўла ҳозирги шаҳарлар ҳам сув остида қолиб кетади. Океан узра ўз ҳукмини ўтказаётган гомо техникусларнинг улкан ҳудудлари океаннинг бир бўлагига айланиб қоладилар – худди Сайда ва Тир болалари қумдан ясаган қалъалар сингари тўкилиб тушадилар.
Биз муқаррар фалокатни тезлатиб юборишимиз мумкин. Афтидан яқинлаштираяпмиз ҳам. Нефть, газ ва кўмир кўринишида ўтган даврлардан қолган ўсимликларни ёндириб ва ҳозирги ўрмонларни кесиб биз атмосферани карбонат кислота билан шу даражада тўйинтираяпмизки, океан буни қайта ишлаб улгурмаяпти. Олимларнинг хавотири йил сайин ортиб бормоқда — тобора қалинлашиб бораётган карбонат кислотали қатлам иссиқликнинг космосга бемалол учиб кетишига йўл қўймаяпти, натижада Ердаги ҳарорат кўтарилаяпти ва материклардаги катта музликлар эрий бошлади. Анарктикадаги ҳаракатланувчи музликлар денгизга сирғалиб тушадиган бўлса сув сатҳи беш ва ундан ортиқ метрга кўтарилиши мумкин. Олимлар томонидан шундай хариталар тузилган, уларда сув остида қолиб кетиши мумкин бўлган шаҳар ва мамлакатлар белгиланган.
Музликларнинг жадал емирилиши барча қитъалардаги қирғоқларнинг сув остида қолишига олиб келувчи қудратли куч – цунамилар ҳосил бўлишига сабаб бўлади ва оламни сув босиши бошланади – бу одамзоднинг табиатга қарши қилган жиноятларига табиат томонидан берилган жавобдир.
Шундай бўладики, тоғлар улкан палахса қиялик бўлиб думалаб тушади. Йиллар сайин унинг асоси аста-секин емирилиб боради, охир оқибат енгилгина туртки – шамолнинг бирдан кучайиши ёки кўкламда қор эришидан ҳосил бўлган жилғанинг томчилари баҳайбат тош кўчишига сабаб бўлади. Биз ҳанузгача билмаймиз, инсон ҳаёти учун зарур шароитларни яратиб берувчи ҳаво, денгиз ва денгиз бўйи ҳудудларига нисбатан номақбул муносабатимизга табиат қачонгача чидаб беради. Билганимизда эса кеч бўлиши аниқ.
БИЛИМ ДАРАХТИДА БИЛИШИМИЗ ШАРТ БЎЛМАГАН МЕВАЛАР БОРМИ?
Тиниб тинчимас изланишларимиз охирги ўн йилликлар давомида билимларимиз доирасини инсоният тарихида мисли кўрилмаган тезликда ва ҳажмда кенгайтираяпти. Эгалланган билимлар ва техник ривожланиш нуқтаи назарида биз боболаримиздан улар худди тош асридан ўзиб кетганчалик илгарилаб кетдик.
Бир вақтлар Гётени хавотирга солган муаммо – билимларимизнинг фойдали ёки зарарли эканлиги – янгича кўринишга эга бўлди.
Билим дарахтида билишимиз шарт бўлмаган мевалар борми? Фан ҳатлаб ўта олмайдиган муайян чегара бормикан – олға юришни эплай олмаслигимиз сабабли эмас, балки биз билишимиз шарт бўлмаган нарсалар мавжудлиги учун? Ривожланган фан ва ривожланган технологияга эга бўлган жамият ўз илдизини қуритувчи қуролни ўз қўйнида асраб юрмаяптими?
Атом қаъридаги космик кучлар ҳақидаги орттирилган билимлар бизнинг қўлимизга шундай қурол бериб қўйдики, арзимаган эҳтиётсизлик туфайли тўрт миллиардлик эволюцион тараққиётга нуқта қўйишимиз мумкин бўлиб қолди. Бу қурбонлик гулхани на фақат ҳозирги ҳаётни, балки туғилиб улгурмаган авлодларни ҳам батамом йўққа чиқаради.
Шу пайтгача ҳар бир индивидиуумнинг ўлими деган тушунча, албатта, унинг уруғи ва шу уруғга мансуб бўлган алоҳида шахс яшашига қатъий ишонч билан уйғунлашганди. Ҳаёт ва ўлимнинг мазмуни ҳаёт оқимида томчи эканлигимизни англашдан иборат эди. Ядро қуролининг соясида доимий таҳликада яшаш бундай ишончни пучга чиқарди. Фан ва техника бизни шу сайёрадаги тарихимиз ва келажагимизни ўз қўлимиз билан батамом йўқ қилувчиларга, табиат импульсларига ўта зид бўлган ҳаракатларни амалга оширувчиларга айлантирди. Бошқа, ядровий бўлмаган усуллар ёрдамида ҳам биз ўзимизнинг вақт ўлчовларимизга кўра секинлик билан, лекин вақтнинг геологик йил ҳисоби нуқтаи назарида жуда тез суръатларда табиатни ва ҳаётни ташкил этувчи негизларни вайрон қилаяпмиз.
Ўтган минг йилликлар давомида табиатни хонавайрон қилишимиз натижасида содир бўлган маъшум ҳалокатлар биз учун гўё сабоқ бўлмагандай сайёрамизнинг яшил хазинаси бўлган тропик ўрмонларни бўғишни давом этаяпмиз. Қадимги тамаддунларнинг тақдири қандай бўлгани ёдимиздан кўтарилганга ўхшайди ва биз ўтган даврлардан мерос бўлган гумусни палапартиш совураяпмиз. Соясида майсадан яшил гиламлар тўшалган, баргларининг шамолда шилдираши бамисоли кучли оқимдек бўлган дарахтзорлар саҳрога айланиб қолаяпти.
Нафсимизни қондириш мақсадида материяни бир кўринишдан бошқасига ўзгартирар эканмиз, бу жараёнда ҳосил бўлувчи иккиламчи заҳарли моддалар шамол ва сув ёрдамида атроф-муҳитни ифлослантираяпти ва заҳарлаяпти. Дарёлар ифлосланадими, уларни яратувчи ёмғирлар заҳарланадими ва ниҳоят сувнинг сўнгги манзили бўлмиш денгизлар экологик ҳалокат бўсағасида бўладими – фарқи йўқ, сув ўзининг табиатдаги айланишини тўхтатмайди. Сув ўзи билан заҳарни ва озиқлантирувчи моддаларни ҳам, касал туғдирувчи чиқиндиларни ва ўғитловчи чўкиндиларни ҳам олиб келиши мумкин. Сув оқимлари ва океан бир неча миллиард йилдан сўнг, Қуёш портлаши натижасида тугайдилар. Лекин ҳозирги ҳаёт учун тоза сув керак. Ҳужайраларни ювиб турувчи сув заҳарланса ҳаётни мувофиқлаштирувчи кимёвий жараёнлар ҳам бузилади.
Майли, ўзимизни ядро қуроли билан ҳалок қилмасак ҳам, барибир, заҳарланган, ифлосланган ва харобага айланган сайёрада аста-секин бўғилиб нобуд бўлишга маҳкум этилишимиз хавфи бор.
Балки, ҳақиқатан ҳам табиатнинг юрак уришини тўхтатишга тайёр бўлгандирмиз? Билим дарахтидан аччиқ меваларнинг яна қанчасини узиб олишимиз мумкин? Ҳаяжондан титрай-титрай ўзимга ўзим савол бераман: ҳаётнинг ўта махфий сирларини ошкор қилганимизда яна қандай натижаларга эришамиз ва уларни тадбиқ қилишимиз яна қандай кулфатлар келтириши мумкин? Биз сунъий ҳаёт ярата олмаймиз, фақат органик хомашёни синтез қилишни эплай оламиз. Агар сунъий ҳаёт яратиш масаласини ҳал қила олсак қай даражада қудратли бўла оламиз ва бу қай даражада фожиали бўлиши мумкин?
Билишимиз ва фойдаланишимиз шарт бўлмаган билим мевалари бормикан деган саволда ҳеч қандай маъно йўқ. Бизнинг генларимизда енгиб бўлмас интилиш – изланиш мавжуд. Бизнинг тафаккуримиз доим янги билимларга чанқоқ ва бунга қарши ҳеч нарса қила олмаймиз. Инсонлар учун энг асосий сўз – «нега» ва бу сўз изловчи ва иккиланувчиларнинг шиоридир. Эгаллаган билимларимиз ва биз ҳақиқат деб билувчи тушунчаларимиз айнан шу сўз туфайли. «Нега» деган сўз чексиз коинотдаги кичик сайёрада, биз учун ажратилган давр мобайнида, инсониятни олға етаклайди.
Биз хавф-хатарга тўла билимларимиз билан яшашимизга тўғри келади. Ҳаммаси билимларимизни қандай тадбиқ қиламиз ва ихтироларимиз нима мақсадларга хизмат қилади?–деган саволларга берадиган жавобларга боғлиқ.
«Наука и жизнь» журналининг 1989 йил, 11-сонидан олинди.
Русчадан Соқи Музаффаров таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 12-сон