Зуҳриддин Исомиддинов. Ҳаққоний сўз бахш этган илҳом

 

Шавкат Раҳмон ижодининг асосий пафоси – мустамлака исканжасидан қутулиш, барча туркий халқларнинг ўзаро яқинлашиши ва қудратли туркий маданиятнинг барпо бўлиши руҳидир. Шоир бир умр ватанининг озод бўлишини орзу қилди, шунга интилди. Шеърларида ўзгаларга бўйсунмаслик, миллатининг ҳурлиги, эркин яшаш, ўз мустақил фикрига эга бўлиш ғоялари бўй кўрсатиб туради.
Шавкат Раҳмоннинг ҳар бир шеъри янгилик бўларди. У қайси мавзуда неки ёзмасин, бошқаларникига ўхшамаган, янги фикр, янги туйғу берадиган хислат топар эдингиз. Шеърлари одамни уйғотар эди.
Ҳақиқий шеър муҳаббатдан туғилади, дейдилар. Шавкат Раҳмоннинг шеърлари ҳам – муҳаббат меваси. Аммо бу бирон қизга хуштор бўлганлик сабабли ишқ изҳор қилиб ёзилган байт-ғазаллар эмас, балки энг аввало она ватан муҳаббати, эрк ва эркинликка ошуфталик, лоқайдлик, ҳиссизликка нафрат, дунёи оламни мусаффо кўришга бўлган ташналик, шу йўлда юриб, бизларни ҳам ёнига чорлаш каби улкан муҳаббат самаралари эди. Аммо ажабки, шоир ҳеч бир шеърида ватанимни севаман, деб айтмайди. Унинг юртига муҳаббати қизғониш даражасида, Эркин Воҳидов айтганидек, уни ётлар тугул, ҳатто ўзидан ҳам рашк қилар эди. Шунинг учун ҳам Шавкат Раҳмоннинг турли йилларда чоп этилган тўпламларни кўздан кечирсангиз, ана шу қизғониш туйғуси бўртиб сезилиб турганини кўрасиз.
“Бахт сўзи” деган шеърининг ниҳоясида Шавкат Раҳмон шундай ёзади:

Бу сўзни бир умр айтмай яшадим,
Ҳар шодлик келганда юрдим секинроқ.
Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим,
Бахт сўзин айтаман,
элдан кейинроқ.

Шавкат Раҳмон сўзларни жуда авайлаб, эҳтиёт бўлиб қўллайди, ҳар бир калимага муқаддас ва нозик бир нарсадай ёндошади. Айниқса, улуғ тушунчаларни англатадиган сўзларни. Ундай сўзларни мисраларга териб ташлай бермайди. Чунончи, у бахт сўзини ишлатмасликка қандай ҳаракат қилса, “ватан” каломини ҳам шундай кам қўллайди. Шавкат Раҳмон “ватан” сўзини ҳадеб тилга ола беришдан ўзини тияр эди, ватанини қизғона-қизғона суяр эди.
Аммо Шавкат Раҳмон ижоди авж палласига чиққан пайтда ватан эркидан маҳрум, мазлум эди. Ватанни ҳур, озод кўриш унинг идеалига айланди, бошқа мавзулар унинг учун ўз қадрини йўқота борди. Шавкат Раҳмон шеърияти олдида Ватанни севишини байроқ қилиб кўрсатадиган, мисралар орасида “ВАТАН” сўзини бош ҳарфлар билан ёзиб, этагига икки-уч ундов белгисини қалаштирадиган баъзи қаламкашлар­нинг туйғулари нақадар сохта, ожиз ва хўжа кўрсинга экани яққол кўриниб қолади.
Шавкат Раҳмон бир умр изланди. Мен унинг етмишинчи йиллар аввалида Ўш вилоят газетаси саҳифаларида босилган талай шеърларини ўқиганман. Улар катта йўл олдида турган ёш ижодкорнинг ҳассос туйғули, дилбар шеърлари эди. У шеърларни ҳатто ҳозир ҳам бирон ёш шоир номидан эълон қилинса, адабиётда янгилик деб эътироф этилишига ишонаман. Аммо Шавкат Раҳмон Москвада, Олий адабиёт курсида ўқиб юрган чоғида улардан воз кечди. Ўша туркумнинг сўнгги шеърларидан бирида Шавкат Раҳмон шу пайтга қадар ёзган машқлари битилган дафтарни ёқиб юборганини, шеърлар алангасига лоқайд қараб ўтирганини қаламга олган эди.
Чунки бу пайтга келиб унинг дунёқарашида ўзгариш рўй берди. Шавкат Раҳмон шоирлик – назмнавислик эмаслигини, шеър одамлар ардоғида юрадиган кимса бўлиш учун ёзилмаслигини ҳис этди, шоир бўлиш – курашчилик деган йўлни танлаб олди. Унинг шеърлари матнида энди аввалги нафис-мулойим ифодалар учрамай қўйди, энг “дағал”, юракнинг тубини тирнайдиган, жонни оғритадиган қиррали, салмоғи тошдай сўзлар қўллана бошлади. Бу шеърларда нафақат босқинчи ёвларга қарши, балки ана ўша босқинчиларнинг товонини ялаб кун кўришидан ҳузурланаётган кимсаларга ҳам нафрат ёғдирилади:

Атрофга қарама,
кўзга ёш тўлар,
тузилмай турибоқ бузилган олам.
Нечун Туронзамин чечакдай сўлар,
бу замин бормиди бизларда болам?!
Эрк қани,
эр қани,
асил ер қани,
заҳарга қорилган аччиқ диллар бор,
тубан бир ҳалқада тинмай айланган
ўзликдан бехабар қанжиқ диллар бор…

Шоир, мисралари дағаллашиб кетаётганини, ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам шафқатсизлашиб бораётгани айтиб, бунинг сабабларини ҳам шарҳлаб ўтади:

Яшил шажар эдим…
Қандоқ соғиндим…
кўзимни яшнатса рубобий ранглар.
Қайси бир дунёга бунча оғриндим,
дилимни қаритди бесамар жанглар.
Мен жангчи эмасдим,
мен шоир эдим,
ниҳоят, шоирдан кўра зобитман,
ҳар нафас мусулмон миллатим дедим,
нафсига куйганлар келди оқибат.
Ҳаромни хуш кўрган маслакфурушлар
зиғирдай ҳимматин қилганда миннат,
япроқдай сарғардим буюк урушда
мусулмон йўқ эди,
йўқ эди миллат.
Бас,
қушлар сайроғи,
япроқлари мўл
яшил шажар каби турай мушаккал,
илҳомим ҳақида сўйласинлар хўб,
заҳарли тилимдан тўкилсин шаккар.
Рубобий саболар, руҳимдан эсинг,
қайтадан уйғонсин илоҳий туғён.
…Воҳ, яланг шохларим қиличдай кескир,
бир япроқ қолмаптир шивирлайтурғон.

Шавкат Раҳмон шеъриятининг гултожи деб ҳисобланишга қайси асари энг муносиб, деб савол берсалар, мен, бир ўқувчи сифатида, “Туркийлар” шеърини кўрсатган бўлар эдим. Бунда шоирнинг ижодий кредоси – туркий бирлик, туркий дунёнинг муштарак ривожланиши ғояси акс этган. Ундан бир парчага диққат берсангиз:

Туркда бош қолмади… қолмади довлар.
хотин-халаж қолди мотам кўтариб,
“Бизга тик қарама!”, буюрди ёвлар,
ёвларга терс қараб яшади бари.
Таланди самовий тулпор уюри,
таланди зарлари,
зеру забари,
“терс қараб ўлинг”, деб ёвлар буюрди,
ёвларга терс қараб жон берди бари.
Лаҳадга кирдилар ўзларин қарғаб,
қолмади арабий,
туркий хатлари,
“туғингиз”, деди ёв, “тескари қараб”,
ёвларга терс қараб туғилди бари.
Туғилди,
туғилди,
туғилди қуллар,
қирқида қирилган – имдодга муҳтож,
ёвларга терс қараб итлардай ҳурар,
бир-бирига душман,
бир-биридан кож.
…Мўминлар беш бора Аллоҳни эслар
саждага бош қўйиб жаллод тошига.
Ўгрилиб сал ортга қарайин деса,
бошига урарлар,
фақат бошига.
Борми эр йигитлар, борми эр қизлар,
борми гул бағрингда жўмард нолалар?
Борми бул туфроқда ўзлигин излаб
Осмон-у фалакка етган болалар?

Бор бўлса,
аларга еткариб қўйинг,
бир бошга бир ўлим, демаган – эрмас,
шаҳидлар ўлмайди,
бир қараб тўйинг:
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!

Сўнгги сатр шеър ниҳоясида беш бор қайтарилади, Шавкат Раҳмондай сўзга хасис шоир бу даъватни беш бор такрорлайди. Бу унинг шу эътиқодда қатъий эканининг далили. Ва бу беш вақт намозга ишора ҳам. Шоир ёвга терс қараш – қўрқиш, таслим ва тобе бўлиш ифодаси эканини яхши англайди, бизга ҳам уқтиради. Ёвдан қочмаслик, унинг қаршисида ортга бурилгандан кўра ўлиш, шаҳид кетишни ибодат калималаридай такрор-такрор уқтиради. Ёв юзига тик боқа олмай, терс қараш, қўрқоқлик – Туркистонни таназзул ботқоғига ботирган иллат эканини айтиб ку­йи­нади.
Хўш, “Ёвга терс қарамаслик” мотиви шоирда қандай пайдо бўлди?
Русларда, ҳамма янги нарса – яхшилаб унутилган эски нарсадир, деган гап бор. Мозий қаърига кўмилиб ётган, унутилиб ҳам кетган, аммо жуда зарур нарсаларни топиб, заргар сингари қадрига етиш ҳам шоир учун фазилат. Жаҳон адабиёти тарихида ўзга адиб ижодидан чуқур таъсирланиш, у қўллаган жўн бир ташбеҳнинг ҳеч ким пайқамаган хислатларидан фойдаланиб, катта бадиий умумлашмалар чиқаришга мисоллар кўп. Бир ижодкор асарида уч бериб, ривожланмай қолган ғояларни бошқа бир адиб авжига чиқаради. Бу жиҳатдан Шавкат Раҳмоннинг кўнгил кўзи жуда басир, ҳатто тошнинг гуллаётганини кўргудек ўткир эди:

(Балки тош ҳозироқ
гуллаётгандир,
минг рангли жилода яшнаб, ўзгариб,
балки бу гулларни кўрмаётгандир
ҳатто шоирнинг ҳам ўткир кўзлари…).

Шу ўринда биз шоир ижодининг фидойи мухлисларидан узр сўраб, “Туркийлар” шеърининг якунида айтилган “ёвга терс қарама” деган асосий мотив Шавкат Раҳмондан олтмиш йилча муқаддам бошқа бир шоир томонидан, панд-ўгит тариқасида бўлса-да, айтиб ўтилганига диққат қаратмоқчи эдик:

…Арғумоқни ёмон деб,
Тулпорни қайдан топасан?
Оға-инини ёмон деб,
Туққанни қайдан топасан?

Сариқ алак ёмон деб,
Бўзни қайдан топасан?
Оқинларни ёмон деб,
Сўзни қайдан топасан?

Кейинини ўйламай,
Не иш қилсанг – пушмондир.
Ҳеч кимни дўст билмаган
Ўз-ўзига душмандир.

Бойни худо урганда
Давлатига маст бўлар.
Хонни худо урганда
Ўз халқига қасд бўлар.

Қишни худо урганда
Кунлар исиб ёз бўлар.
Эрни худо урганда
Эллигинда ёш бўлар.

Пичоқ берсанг, қинлаб бер,
Қинлаб берсанг, чинлаб бер.
Баракасиз бойдан қоч,
Бу сўзни талқинлаб бер.

Очилишиб сирлашсанг,
Кўкрагингдан мунг кетар.
Баринг бўлсанг иттифоқ,
Қай душманинг чурқ этар?

Булут кетса осмондан,
Кун очилиб йилт этар.
Ажалинг етиб, кун битса,
Олтин бошинг шилқ этар.

Оқ милтиқнинг милини
Отолмасанг сунмагин,
Эркак бўлсанг, душмандан
Икки кўзинг юммагин.

Ошно бўлсанг қув билан,
Умринг ўтар дов билан.
Йиқмагунча қочмагин
Юзлашганда ёв билан…

Бу – яқинда таваллуди­нинг 150 йиллиги нишонланган улуғ қирғиз оқини Тўқтағул ижодига мансуб “Насиҳат” шеърининг бир қисми. Эътибор қилган бўлсангиз (биз таъкидлаб ҳам қўйдик), Тўқтағул “Эркак бўлсанг, душмандан Икки кўзинг юммагин”, деб қатъий буюради.
Бу – ғалати ҳукм, кутилмаган бадиий ечим. Ахир, бизнинг меҳрибон яқинларимиз муроса қилиб кун кўришни ҳаётнинг шиорига айлантирган, “душманнинг юзи қурсин, бетига қарама, қуриб кетсин”, деб тайинлар эдилар-ку? Тўқтағул эса, унинг аксини айтади, душмандан кўз юмма, дейди. Бу – ёвдан қўрқмайдиган, ёв билан юзлашганда ортга тисарилмайдиган одамнинг гапи. Ёв қаршисида ёлдор бўлишга, жасур, жўмард бўлишга чорлайди Тўқтағул.
Тўғри, Тўқтағул ёв деганда босқинчиларни эмас, шахсий ғанимни, нари борса, камбағаллар нонини туя қилиб юрган муттаҳамларни кўзда тутган. У яшаган давр, оқиннинг бошидан ўтган воқеаларнинг ҳаётий мантиғи шундай. Тўқтағул рақибдан чўчимасликни, ҳатто тўдалашиб, гуруҳлашиб ёвлашишганда ҳам қўрқмаслик, ёв олдида ерга қарамаслик, ортга бурилмасдан, унга иккала кўзни очиб тик қарашни, уни маҳв этиб, йиқмагунча тинчимасликни уқтиради.
Шавкат Раҳмон эса ёв қаршисида икки кўзингни юмма, ёвга терс қарама, деган шу мотивни янги, юксак босқичга кўтарди. Шавкат Раҳмон айтаётган ёв – бутун туркийларни, “мусулмон миллат”ни қирган, талаган, тул ва есир қилган, зўрлаган, қул қилган беомон, маккор ғаним. Шоир ана шу ғаддор ёвга терс қараган одам – мусулмон эмас, деб уқтиради. Зеро, чин мусулмонлик – қазо (ўлим)га розилик. Ўлимни бўйнига олган одамга эса… ёвдан қўрқиш чикора!
Албатта, савол беришлари мумкин: “Шавкат Раҳмон испан шоирларини таржима қилган, ҳатто испан тилини ўрганган ҳам, шундоқ бўлгач, масалан, Лоркадан таъсирланган десангиз, бошқа гап, аммо бояги мотивни Тўқтағулдан таъсирланмай туриб, унинг ўзи кашф этган бўлиши ҳам мумкин-ку”, деб.
Бу шундай, аммо Шавкат Раҳмон нафақат Лорканинг, балки Тўқтағул ижодининг ҳам ошуфтаси эди. У 1990-йилда оқиннинг бир ҳафта давомида Қирғизистонда ўтказилган юбилейи тантаналарида Ўзбекистон делегацияси таркибида қатнашган, ўша кунларда Тўқтағул ижодига жуда қизиқиб қолган эди. Тошкентга қайтгач, Тўқтағулнинг кўп шеърларини ўзбек тилига ўгирди ҳам (афсуски, ҳомий йўқлиги боис, у чоп этилганича йўқ).
Таржима қилиш – муаллиф ижодидан энг кўп таъсирланишга олиб келади. Мутаржим ҳар бир шеър, ундаги ҳар бир мисра ва мисраларга тизилган ҳар бир сўз устида мулоҳаза қилади, мушоҳада юритади. Тўқтағул шеърларини ўзбек тилига ўгираркан, Шавкат Раҳмон улар ичидан ўз руҳий оламига, гражданлик позициясига, бадиий йўналишига энг мувофиқларини танлаб олгани, ана шунга асос берадиган ўринларни янада бўрттириб таржима қилгани, шу билан бирга, тахайюл оламига чақин каби таъсир қилиб, шуурини ёритган айрим мотивларни кейинчалик ўз ижодида ҳам қўллаб, уларни кучайтириб, янги босқичга олиб чиққани табиий. Чунки Шавкат Раҳмон Тўқтағулдан салкам бир аср кейин яшаган, янги даврнинг янгича шоири эди.
Сўз санъати тарихида бундай мисоллар кўп. Зеро, адабиёт бадиий бойликларни, худди, бир хазина каби тўплаб, уларнинг ҳар бирига янгича жилолар бахш этиш орқали тобора ривожланиб борадиган жараёндир. Бунда муҳими, аввалги бир санъаткор яратган бирон нарсани яна ўша тарзда ёхуд ундан ошмайдиган бадиий тарзда қайтариб, такрорламасдан, у асарда анчайин бир детал сифатида намоён бўлган топилманинг пинҳон фазилатларини пайқаб, уни сайқаллаб, янги ижтимоий ёки бадиий руҳ бахш этиш. Юқорида биз кўриб чиққан биргина мотив (“Эркак бўлсанг, душмандан Икки кўзинг юммагин” а “Ёвга терс қараган мусулмон эмас!”) мисолида ҳам Шавкат Раҳмоннинг новатор шоир экани аён кўринади.
“Туркийлар” шеърининг бадиий ва ижтимоий юкини тўлиғича талқин этиш эса, албатта, бошқа бир мақоланинг вазифаси.

«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 9-10-сон