Умарали Норматов. «Ўткан кунлар» сабоқлари

романнинг ижодий тарихи, ижтимоий пафосига оид мулоҳазалар

Жаҳон адабиётидаги шоҳ асарларнинг дунёга келиш тарихи шундан далолат берадики, уларнинг ҳар бири, аввало, давр, ижтимоий вазият тақозоси, қолаверса, муаллифлар таржимаи ҳоли, оилавий ва ижодий муҳити, ҳаётий тажрибалари, билим даражаси, тафаккур тарзи, миқёси, маънавий бисоти, маслак, ақида-эътиқоди, орзу-интилишлари, энг муҳими, ижтимоий идеаллари ҳосиласидир.
Замонавий жаҳон адабиётшунослигида бу муам­мони ўрганиш бобида бой тажриба тўпланган. Бизда, хусусан, янги ўзбек адабиёти етук намуналарини шу жиҳатдан тадқиқ этиш борасида баъзи ишлар қилинган бўлсада, улар кўнгилдагидек эмас. Ҳатто «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён»дек беқиёс романларимизнинг ижодий тарихи, сир-синоати ҳали тўлалигича илмий кашф этилгани йўқ. Азиз китобхон, ана шу «очилмаган қўриқ»қа қурбимиз етгунга қадар бир нигоҳ ташлаб кўрайликчи, бу жабҳада қандай жумбоқлар, ҳикматлар бор экан…
Бошдаёқ дадил шуни айтиш мумкин: Абдулла Қодирий ўтган асрнинг 20 йиллари шароитида тарихий мавзуда ўзгача эмас, айни «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён»дек романлар ёзишга ҳар жиҳатдан тайёр эди.
Биласиз, Абдулла Қодирий дастлаб эски усулдаги, сўнг рус-тузем мактабида, маълум муддат мадрасада, кейинроқ Москвадаги адабий-бадиий инс­титутда таълим олган, туркий тиллардан ташқари араб, форс, рус тилларини яхши билган бўлғуси адиб диний, тарихий, адабий асарларни мустақил ўрганди, вақтли матбуотни мунтазам кузатиб борди.
У оқ-қорани таниб, ижтимоий ва ижодий фаолият доираларига қадам қўяр экан, даврнинг энг қайноқ, ўта мураккаб, зиддиятли жабҳалари ичида турди, асосан, матбуот майдонида қалам тебратди. Дастлаб ўлкада кечаётган миллий уйғониш, жа­дидчилик ҳаракати руҳидаги асарлар таъсирида ёзилган шеърлар, ҳикоялардан бошланган ижод кўлами то­бора кенгайиб, уч асосий йўналиш – даврнинг ўткир, долзарб муаммоларига акс-садо тарзида битилган публицистик чиқишлар, «Калвак махзум», «Тошпўлат тажанг» сингари ҳажвий асарлар ва ниҳоят, тарихий мавзудаги романлар устида иш олиб борди. Адибнинг ҳар уч йўналишдаги ижодий мероси шу пайтга қадар қанчалар ўрганилган бўлмасин, ҳали бу буюк бисотнинг очилмаган қирралари, ечилмаган жумбоқлари беҳисоб.
Биргина адиб тарихий романларининг мавзу-мун­дарижасини белгилаш масаласини олайлик. «Ўткан кунлар»га кириш тарзида битилган изоҳда шундай сўзлар бор: «Мозийга қайтиб иш кўриш хайрлик, дейдилар». Хўш, шу хайрли ишга қўл урган адиб нега миллат тарихининг сон-саноқсиз шонли саҳифалари туриб, асар учун мавзуни «яқин ўтган кунлардан», кейинги «хон замонлари»дан белгилайди, нега бу даврни «та­рихимизнинг энг кирлик, қора кунлари» деб атайди?
Маълумки, «Ўткан кунлар»ни ёзиш адиб кўнг­лида Октябрь тўнтаришидан кейин туғилган, Окт­ябрдан олдинги кайфияти хусусида у таржимаи ҳолида шундай ёзади: «Некалайнинг тахтдан йиқилиб, ҳуррият бўлғаниға хурсандлигим, албатта, дунёга сиғмас эди ва сиғмаслиги табиий эди. Айниқса, 1916 йил рабочий олиш масаласидан кейин умуман Туркистон ишчила­рида уйғонған истибдодга нафрат менда ҳам кучлик эди». Кўп сафдошлари қатори бошда унинг Октябрь тўнтаришидан умиди катта эди, аммо умидлар бирин-кетин сароб бўлиб чиқа бошлади, айниқса, Қўқон мухториятининг аянчли қисмати машъум истибдоднинг янгича кўринишидан аён далолат эди. Ўша кезларда чоризм истилоси истибдодига олиб келган омиллар, айни ўша босқин арафасидаги «қора кунлар» сабоқлари ҳақидаги тарихий асарнинг кўнгилда туғилишига туртки бўлгани, ёзувчининг қўлига қалам олишга ундагани – булар ҳам ҳаётий ҳақиқат, ҳам ҳаётий эҳтиёж, ижтимоий муҳит, виждон, имон тақозосидир.
Айни шу «Ўткан кунлар»­дек асарнинг дунёга келишида ижтимоий факторлар билан баробар оилавий муҳит омили ҳам катта бўлган. Шу пайтга қадар ижтимоий фактор хусусида озми-кўпми гапирилган, ёзилган, аммо оилавий омил негадир назардан четда қолиб келади.
Синчиклаб разм ташланса, «Ўткан кунлар»да қаламга олинган макон, замон, ўша макон ва замонда содир бўлган тарихий воқеалар, алоҳида та­рихий шахслар айни ҳаётдагидек аниқ-равшан, бор ҳолича берилган, ҳатто «ижодий фантазия» маҳсули бўлган «тўқима» образ – қаҳрамонларнинг ҳам ҳаётий прототиплари мавжуд. Шуниси ҳам борки, асар мутолааси чоғида ҳаётда бор тарихий шахслар билан «тўқима» образ­лар орасидаги тафовутларни сезмайсиз; уларнинг ҳар иккисига ҳам ёзувчи бирдек жон ато этган, улар худди тирик, таниш инсонлардек кўз олдингизда гавдаланади.
Шу ўринда «Ўткан кунлар» ёзиб тугатилган, аммо роман ҳали эълон этилмаган кезлари «Инқилоб» журнали­нинг 1922 йил 7–8-қўшма сонида босилган муаллиф қаламига мансуб «Отам ҳам большевик» сарлавҳали кулгулик (юмористик) хотира-ҳикояси устида тўхталиб ўтсам. Бир қарашда ҳазил-мутойиба тарзида битилган ихчамгина бу ғаройиб асар аслида ғоят жиддий – буюк адибнинг ижодий тақдири, тафаккур олами сир-синоати, асл маслаги, ақидасини аниқлаш, англатишда, тарихий романларининг ижодий тарихини ўрганишда муҳим очқич – калит вазифасини ўтайди. Кулгуликнинг аввалида адиб «Отам 1242-ҳиж­рий, 1823-милодий йиллари Тошкандда туғулуб, алҳол, 99-100 ёшларидадир» деган маълумотни беради. Шундан сўнг бу табаррук зотнинг миллат тарихи олдидаги буюк миссияси устида сўз очиб: «Руслар истилоси вақтида 42 ёшида бўлуб, Тошкандни руслардан мудофаа қилған қаҳрамонларнинг биридир» дея изоҳ беради. Ота ҳақидаги аслида ғоят жиддий, ниҳоятда қимматли маълумотларни берган асарни «кулгулик» – ҳазил-мутойиба тарзида ёзилиши тасодифий эмас. Қарангки, шўро йилларида асарда келтирилган Қодирийнинг отаси «Тошкандни руслардан мудофаа қилған қаҳрамонларнинг биридир» ибораси ўқувчилар учун шунчаки ҳазил-киноя бўлиб туйилган, ўз вақтида бунга жиддий эътибор бермаганлар. Ёзувчи бу билан чекланмайди. Кулгулик муаллифи отахон юз йиллик умрининг қирқ йили мусулмон хонлари замонида, эллик йили Русия чор истибдоди, кейинги беш йили меҳнаткашлар ҳокимияти даврида ўтаётганлигини айтиб: «Отам Русия чор ҳукуматини сира ҳам тиламайдир. Чунки унинг элли йиллик истибдодини ўзи истиқбол эткан, Чорнинг аччиғ-чучугини кўп татиған» деб ёзади. Сўнг «Бу кунги меҳнаткашлар ҳокимиятига ҳам унча дўст эмас» дея дилидаги гапини дангал айтади ва «Бунинг ҳам сабаби маълум», дейдию, сабаблари ўқув­чига маълум бўлгани учун у ёғига ўтмайди.
Аммо хон замонларини ўйлаган чоғларида отахон яйраб кетади: «Эй, хўб замоналар бор эди, тилла жобдуқлиқ отлару ва басавлат беклару ўрдаларда ҳар кун қарса базиму… Ўтуб кетди энди бир замонлар», деб афсус еб қўядир.
Сўнг ёзувчи ғоят назокат билан чол кўнглида кечган истиқлолни қўмсаш кечинмалари изҳорига ўтади:
«Худонинг хоҳлаганида, кофирнинг қўлида қолуб кетдик… Ўзимизда ғайрат йўқ. Агар юрт бир оғизға тупуруб (таъкид бизники – У.Н.), яроғ тополмағанда ҳам қора калтак бўлуб чиқса, исни-биска қўймас эди. Қадимги замоннинг йигитларидан шу кунда ҳам бўлғандачи, эй-ҳа, ўрусингга йўл бўлсун».
Сўнг яна бир «қалтис» масала – ҳозирги замонда юрт раҳбари устида сўз кетганда болшавойнинг каттаси ўзимизнинг мусулмонлардан экани айтилганида, қария бундан таскин топгандай бўлади, яна ўғлини саволга тутади:
“– Тузук, тузук, кўб яхши. Болшево­йинг одам­охун экан, сарбоздан кел, сарбоздан. Ўзимиздан сарбозлар борми?
– Бор, лекин бўлса ҳам, йўқ ҳисобида.
– Аттанг, шуниси чакки экан.
– Нима зарари бор, дада?
– Эй ўғлим, одам бўлгандан кейин ҳар нарса­нинг ҳам бошида бўлиш керак, «Нон қўйнимда, ит кейинимда!..»
Ана шундай зот оиласида, тарбиясида, таъсирида туғилиб вояга етган ўғлон нималарга қодир экани, унинг ҳаётий, ижодий ақидалари, ҳаттоки бош асарлари «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён», охирига етмай қолган «Амир Умархоннинг канизи» романларининг мавзу-мундарижаси, пафоси ўша улуғ зотнинг болаликдан қулоғига қуйилган кўрган-кечирганлари, орзу-армонлари, оила даврасидаги хотира-ҳикоялари таъсирида шакллангани сир эмас. Кулгуликда мана бундай қимматли маълумот бор: «Туркистон хонларидан Шералихонни, ундан сўнг Худоёрхон, Маллахон ҳам бу орада йиллаб ва ойлаб хонлиқ қилуб ўткан Му­родхон, Саид Султон ва бошқа хонларни, Тошканд бекларидан (ҳокимларидан) Муҳаммад Шариф оталиқ, Салимсоқбек (бу зот Бухоро амири томонидан Тошканд беклигига қўйилған эди. Мусулмонқул томонидан ўлдирилди), Азизбек, Нормуҳаммад Қушбеги, Шодмон ўроқ, Қаноат шоҳ, Мирза Аҳмад қушбеги, Маллахон (Маллахон оғаси Худоёрхоннинг хонлиғи вақтида Тошкандда уч йиллаб бек бўлиб турғандир). Энг охирдан, Қўшдодҳоларнинг беклигини кўруб, ўткузган. Хонлиқнинг бош нозири ва қўмондони ўрнида бўлғанлардан, Мусулмонқул ва мулла Алимқулларни кўрган ва урушларида бўлган. Пискатлик Қаш­ғар амири машҳур Ёқуббекни Қаш­ғарға кузаткан».
Икки-уч роман эмас, яна ўнлаб тари­хий-бадиий асарларга мавзу-материал бўлгудек қимматли маълумотлар, ўзига таниш тарихий шахслар, жангу жадаллар, улар ҳақида ҳаётий хотиралар… Ҳар икки романда бир неча бор воқеалар жараёнида ўрни билан ота номининг тилга олиниши бежиз эмас. Тарихий шахсларга баҳо беришда адиб кўп ҳолларда ота қарашларига таянади. Биргина мисол. «Ўткан кунлар»да Нормуҳаммад қушбеги устида гап кетганда, муаллиф унга шарҳ берар экан, отаси нуқтаи назарига таяниб шундай ёзади:
«Нормуҳаммад қушбегининг Тошканддаги беклик даври тахминан 1270-дан 73 йил ҳижрийгачадир. Замона бекларининг ҳушёрроғидир. Отам хон замонларида ўзи кўриб-кечирган ўнлаб беклар ичидан шу Нормуҳаммадни чиқариб: «Юртни тинч тутди, кўб яхши одам эди, худо раҳмати» деб қўяр эди». («Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён», 1992, 105-бет).
Афсуски, Абдулла Қодирий бисотида «Таржимаи ҳол»даги қисқача маълумот, «Отам ҳам большевик» кулгулик асари, романларидаги айрим қистирма, шарҳлардан ташқари бу табаррук зот ҳақида бошқа маълумотлар йўқ ҳисоб. Улар бўлса ҳам сақланмаган. Одатда, босиб ўтилган йўл ҳақидаги хотиралар ёзувчи улғайиб пайғамбар ёшига етганида ёзилади, афсус, адиб бу ёшга етмай оламдан ўтиб кетди, қанчадан-қанча кўрган-билганлари, отасидан эшитганлари ёзилмай қолди… 1924 йил Қодир бобо оламдан ўтганида набираси Ҳабибулла олти ёшли болакай эди, аммо бобоси вафотидан сўнг оила даврасида, қолаверса, уни яқиндан билганлар оғзидан эшит­ган кўплаб хотира-ҳикоялар бир умрга ёдида қолган. 1964 йили бобо ҳаётидан «Эски Тошкандда» номли тарихий қисса ёзишга чоғланган. Тошкент ҳокими Азизбек даврига оид қизиқарли ва аянчли воқеалар, асоссиз таъқиблар, бе­худа қон тўкишлар замонида Қодир бобо тутган адолат йўли ҳақида ҳикоя қилувчи қисса, афсуски, тугамай қолган. Қиссанинг қоғозга тушган қисми Ш.Қодирийнинг «37-хонадон» китобида эълон этилган. Агар асар охирига етганида Қодир бобонинг ҳаёт йўли, айниқса, унинг Тошкентдаги тарихий воқеалардаги иштироки, бинобарин, Қодирий романлари­нинг юзага келишидаги аҳамияти, ўрни янада кенгроқ очилган бўларди.

***

Маълумки, «Ўткан кунлар» романи воқеаси, муаллифнинг ўзи асарда қайд этганидек, 1264-ҳиж­рий, 1847-48-милодий йилдан бошланиб, 1269-ҳижрий, 1852-милодий йилда интиҳосига етади. Шу оралиқда Тошкентда иккита ғоят таҳликали тарихий воқеа содир бўлади. Улардан бири 1847 йили Тошкент ҳокими Азиз парвоначи сиёсатига қарши бошланган машҳур Тошкент қўзғолони ҳамда 1852 йил 9 октябрда Тошкент ва Қўқонда юз берган машъум қипчоққа қирғин воқеаси ифодаси асардаги бош қаҳрамонлар Юсуфбек ҳожи ҳамда Отабек бисотини намо­ён этишда энг олий босқич, қолаверса, асарнинг ижтимоий пафосини белгиловчи чўққи – кульминацияси деб аташ мумкин.
Ниҳоят, асар хотимасида хабар тариқасида кел­тирилган Отабек қисматига оид мана бу маълумот ҳам асарнинг асосий маъно-моҳиятини англашда муҳим аҳамият касб этади. Уни қайта ўқиб, му­шоҳада қилиб кўринга:
«1277 йилнинг (милодий 1861. – У.Н.) куз кезларида бўлса керак, Юсуфбек ҳожи Қаноатшодан бир хат олди. Қаноатшо Авлиё отадан ёзар эди:
«Ўғлингиз Отабек яна бир киши билан биз­нинг қўшунда эди. Олмаота устидаги ўрус билан тўқунишма­мизда биринчи сафларимизни шу икки йигит олди ва қаҳрамонона урушиб шаҳид бўлди. Мен ўз қўлим билан иккисини дафн этдим…»
Мактуб муаллифи Қаноатшо – тарихий шахс, та­рихий манбаларда унинг номи, хизмати зикр қилинган, жумладан, романда келтирилган изоҳда шундай де­йилган: «Қаноатшо – ҳозирги Тожикистоннинг Қоратегинидан. Қўқон хонла­рининг бир нечасида амири лашкар лавозимида, шу­нингдек, Туркистон вилоятининг ҳокими бўлган. Русларга қарши курашганлардан. Бухорога элчи бўлиб борганда амир Музаффархон томонидан 1862 йилда қатл этилади».
Романда қаламга олинган кўплаб тарихий шахслар – Худоёрхоннинг ҳокимият тепасига илк бор келган кезлардаги ҳолати, Мусулмонқул, Азизбек, Нормуҳаммад қушбеги, Алимқул каби тарихий шахсларнинг қиёфаси, маслаги, қисмати ҳам отаси хотираси, нуқтаи назари ҳам тарихий манбаларга мос тарзда жонли гавдалантирилган.
Айни ўша тарихий жараёнларда мусбат позицияда турган, бу борада муаллиф нуқтаи назарини, асл маслак-идеалларини ўзида ташув­чи чин қаҳрамонлар Юсуфбек ҳожи билан Отабеклар шунчаки «тўқима» образларми, уларнинг ҳаётий асослари – прототиплари борми? Шу ҳақда кўп йиллардан бери ўйлайман. Тарихий манбаларни, аввало, ёзувчининг ўз бисотини, қолаверса, адибнинг тўнғич ўғли Ҳабибулла ака хотираларини титкилайман, сон-саноқсиз тарихий манбаларга мурожаат этаман.
Ўша давр Тошкент тарихига оид энг мўътабар тарихий манбалардан бири «Тарихи жа­дидайи Тошканд» асарида Парчабоф маҳаллалик Муҳаммад Юсуфҳожи (шойи тўқиш устахонаси эгаси) бошчилигида қўзғолон кўтариб, Азиз парвоначи навкарларига ҳужум қилгани айтилади. Аммо Юсуфҳожи номини ҳисобга олмаганда, қўзғолон тафсилотлари романдагидан бутунлай фарқ қилади. «Тарих»га кўра, Азиз парвоначи зулмига қарши кўтарилган қўзғолон рамазон ойининг чоршанбасидан пайшанбага ўтар кечаси рўй берган, сўнг икки томон келишиб сулҳ тузишган. Бундан норози бўлган қуйи табақа вакиллари жума куни кечаси Юсуфҳожи бошчилигида айни шу битимга қарши бош кўтарган. Қўзғолон 12 кун давом этган, ниҳоят, қўзғолончилар­нинг ғалабаси билан якунланган, Азиз парвоначи мансабдан четлатилиб, солиқлар бекор қилинган… Романда эса икки-уч кунлик воқеалар қаламга олинади. Ёзувчини жараённинг барча тафсилотлари эмас, ҳодисанинг туб моҳияти, ўша жараёнда персонажларнинг руҳий-маънавий ҳолати, драмаси кўпроқ қизиқтиради.
Шу воқеа юз берган кезлари «Тарих» муаллифи тахминан 17 ёшлар атрофида бўлган, асли тошкентлик бу аллома воқеаларнинг жонли гувоҳи. Айни пайтда «Ўткан кунлар» муаллифи таянган ноёб манба – отаси Қодир бобонинг бу хусусдаги хотира-ҳикоялари ҳам эътиборга сазовор, чунки отахон ўша кезлари 25-26 ёшлардаги айни кучга тўлган, оқ-қорани таниган, хон сарбози сифатида қўзғолон воқеаларининг, жангларнинг ичида-гирдобида бўлган. Кейинчалик бўлғуси тарихчи олим ўзи шоҳид бўлган қўзғолон воқеаларини тарихий асарида ёзиб қолдирган бўлсада, сарбоз жангчи – воқеалар иштирокчиси хотира-ҳикоялари орадан йиллар ўтиб ўғлони – ноёб истеъдод соҳиби – Абдулла Қодирий қалами остида тарихий роман саҳифаларига муҳрланган. Бир тарихий воқеанинг ҳар икки манба – тарихий ва бадиий асарлардаги икки хил талқинларидан қай бири ҳақиқатга яқин – бу масалада ҳакамлик қилиш мушкул юмуш.
Романдаги Юсуфбек ҳожи қўзғолоннинг бошида турган одам, «Тарих»даги Юсуфҳожи эса сулҳга қарши бош кўтарган кимса. Бу одамнинг шахсияти, асл маслаги биз учун қоронғу. Юсуфбек ҳожи эса асарнинг бошидан охи­ригача шахсияти, маслаги, эътиқоди, дарду дунёси билан мана ман деб туради; ўша тиғиз, таҳликали вазиятлардаги хатти-ҳаракатлари ўқувчини ларзага солади. Айниқса, кейинги мудҳиш воқеа – қипчоқ қирғини асносида бу зот бутун улуғворлиги, ички олами, изтироблари билан намоён бўлади.
Абдулла Қодирий ҳақидаги икки ўғли, замондошлари хотираларини, қолаверса, адибнинг ўзи ва яқинлари ҳақида ёзиб қолдирган маълумотларни синчиклаб ўрганиш шундан далолат бераётирки, асар қаҳрамонларининг хоҳ замонавий, хоҳ тарихий бўлишидан қатъи назар, ҳаётий асоси, прототиплари мавжуд. «Хотираларда адиб сиймоси»1 сарлавҳали мақола­мизда бу хусусда қатор далил-исботлар келтирилган эди. Бу борадаги кузатиш-мулоҳазаларни давом эттириб, «Ўткан кунлар»даги Отабек, Юсуфбек ҳожи образи­нинг ҳаётий замини устида мушоҳада, тахминла­римни ҳам айтиб ўтсам.
Бир қарашда эришроқ туйилсада, Отабек образида қисман муаллифнинг ўзидан, асосан, отаси Қодир бободан ўтган жиҳатлар анчагина. Ҳабибулла Қодирий берган маълумотга кўра, Қодир бобо 1821–1822 йилларда туғилган, серғайрат, шижоатли ва дунё кўрган киши бўлиб, йигитлик чоғларида хон, беклар қўлида сарбозлик, улғайиб қолгач, Эскижўвада баққоллик дўкони очиб ипак, идиш-товоқ, чой каби моллар билан савдо қилган, тижорат важи билан узоқ шаҳар – мамлакатларга кўп бор сафар қилган… Маълум бўляптики, Қодир бобо ёш жиҳатидан «Ўткан кунлар» қаҳрамони Отабекка деярли тенгдош, унинг номидаги «ота» ўзаги отага ишорадек туйилади; касб-кори жиҳатидан ҳам Отабекка ўхшаш савдогар, тижорат важи билан сафарларда бўлган, боз устига, хон, беклар қўлида сарбозлик қилган. Агар Отабек Олмота устидаги ўрус билан тўқнашувда (1861 йили) қаҳрамонона урушиб шаҳид кетган бўлса, Қодир бобо, адиб ёзганидек, орадан тўрт йил ўтиб (1865 йили) Тошкентни руслардан мудофаа қилган қаҳрамонларнинг бири сифатида эътироф этилган. Қодирий «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романларининг бир неча ўрнида, юқорида айтганимиздек, бу табаррук зот номини мамнуният билан тилга олиб ўтади. Мавжуд маълумотларга таяниб, тахмин қилиш мумкин: Қодир бобо йигитлик чоғларида тижорат, қолаверса, сарбозлик важи билан Қўқон, Марғилон шаҳарларига ҳам бот-бот ташриф буюрган, эҳтимолки, романда қаламга олинган Мирзакарим Қутидор, Акрам ҳожи, Зиё шоҳичи, уста Алимга ўхшаш марғилонлик асл инсонлар билан гурунглар қилган, олис шаҳар-мамлакатларга қилган сафарлари ҳақида сўзлаб тингловчиларни лол қолдирган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бинобарин, Отабек каби севги саргузаштларини ҳам бошидан кечирган бўлиши мумкин…
Қодирийнинг бобоси Ҳожимуҳаммад бобога келсак, гарчи исмидан бошқа у ҳақда ҳеч нарса айтилмаган, ёзилмаган бўлсада, исмидаги «ҳожи»нинг ўзи романдаги Юсуфбек ҳожига бир ишорадек туйилади. У кезлари «ҳожи» мақоми ҳар кимга ҳам насиб этаверган эмас. Қодирийлар сулоласи-шажараси бошида турган бу одам макон ва замон жиҳатидан Юсуфбек ҳожи образи учун прототип деб аташга муайян асос беради. Узоқ йиллик кўрган-кечирганлари ҳақида Қодирий айтган шу қадар кўп маълумотларни сўзлаб берган зот – Қодир бобо ўз отаси Ҳожимуҳаммад ҳақида ҳам тўхталмаслиги, гапирмаслиги мумкин эмас. Бобо ҳақида жамики эшитганлари, билганлари романдаги Юсуфбек ҳожи тимсолида намоён бўлганига ишон­гинг келади киши…
Кези келганда адибнинг ижодий принципларига оид яна бир муҳим манба «Ёзувчи ўз ижоди тўғрисида» мақоласидаги шахсий эътирофларини эслаб ўтсак. 1935 йил 10 мартда «Ёш ленинчи»нинг адабий тўгарагида сўзлаган ўша маърузасида шундай мулоҳазалар бор:
“…менинг бошимдан кечирганларим менинг ёзувчи бўлишимда каттагина роль ўйнаганлар»;
«Мен бир асар ёзишдан аввал шу ёзмоқчи бўлган нарсам ҳақидағи материалларни пухта ўрганиб чиқаман. Мен бирор жой тўғрисида асар ёзмоқчи бўлсам, ўша жойни аввал неча мартаба кўрган эсамда, яна бориб текшириб, яхшироқ ўрганиб келаман. Материални ўрганиш маҳалида энг майда нарсаларга (деталларга) ҳам эътибор бераман»;
«Ёзувчининг ўзидан қўшиши (русча айтганда «вымесель») адабий асарда катта роль ўйнайди… лекин мен турмушда кўрмаган, билмаган нарсам ҳақида ҳеч нарса ёзмайман…”
«Ҳар бир асаримнинг ёзилишига турмушда учраган бирор воқеа сабабчи бўлади. Масалан, мен колхозларда юрганимда ҳақиқатан ҳам Обид кетмоннинг баъзи хусусиятларига эга бўлган бир типни кўрдим…»
Тасаввур қилиб кўринга, мабодо, «тирик тарих» Қодир бободек отаси, Ҳожимуҳаммаддек бобоси бўлмаганида, салкам бир асрлик Тошкент беклиги, Қўқон хонлиги тари­хининг жонли шоҳиди, муҳим тарихий ҳодисалар­нинг, кўплаб урушларнинг бевосита иштирокчиси хотира-ҳикояларини тингламаганида «Ўткан кунлар», «Меҳробдан ча­ён»дек беқиёс тарихий романлар дунёга келардими? Асло! Ўзи айтганидек, Юсуфбек ҳожига, Отабекка, қолаверса, Кумушга ўхшаб кетадиган ҳаётий типлар шундоққина ёнгинасида эдику!
Замонасининг етук зиёлиси, адиби, Ватаннинг пешқадам, куюнчак, фидойи фуқароси, миллат эрки, шаъни, озодлиги йўлида жонини тиккан фидойи ўғлон учун тарихий мавзу дилдаги туғёнларни, орзу-армонларни тўкиб солиш, ёниб ўзлигини намоён этиш майдони бўлганлигини ҳам асло унутмайлик, азизлар.
Мана, энди ўзи эътироф этган ижодий принциплар амалиётда қандай намоён бўлгани ҳақидаги мулоҳазаларга ўтсак бўлар.
Демак, аввало, ёзувчининг ўз бошидан кечирганлари, оилавий муҳит, ота-оналари ҳаёти, саргузаштлари улкан ёзувчи бўлиб етишувида, бинобарин, тарихий романларининг майдонга келишида муҳим роль ўйнаган.
Иккинчидан, адиб тарихий романлари мавзусига оид материалларни синчиклаб ўрганиб чиққан, рус, форс тилларини пухта билган аллома Қўқон хонлиги, Тошкент беклиги тарихига оид маълумотларни, жумладан, Муҳаммад Солиҳхўжанинг «Тарихи жадидайи Тошканд» (1863–88 йиллари ёзилган), Мулла Олимнинг «Тарихи Туркистон» (1915), Бартолднинг «История культурной жизни Туркестана» (1927), В.Наливкиннинг «Краткая история Кокандского ханства» (1886) каби манбалар, шунингдек, Қўқон хонлиги тарихи, хонлар ҳаётига оид ХИХ асрда Қўқонда яратилган қатор тарихий асарлар билан таниш бўлган.
Учинчидан, хотиралар, илмий-тарихий манбалар билан чекланиб қолмай, адибнинг ўзи мустақил текшириш, суриштиришлар олиб борган, роман воқеалари юз берган жойларни аввал неча марта кўрган эсада, ўзи айтганидек, яна бориб яхшироқ ўрганишга ҳаракат қилган.
Айни шу жараён талқинида «Ўткан кунлар» муаллифи ҳеч қайси тарихий асар муаллифининг қўлидан келмайдиган ниҳоятда муҳим бир аччиқ ҳақиқат­ни бадиий кашф этади. Гап оломон қиёфаси, фожиаси устида кетаётир. Оломон ўз номи билан оломон: кечагина Азизбекнинг мунофиқона алдовларига учиб, Азизбек учун «бир томчи қонимиз қолгунга қадар йўлингизда жон берамиз», деб онт ичган ва бу аҳдида қаттиқ туриб, уни ҳимоя қилган ўша халқ – оломон бугун унга қарши қўзғалади, «севикли» бекни тахтдан қулатади, «Сен бизларга нима ишни қилмадинг» дея таъна тошларини ёғдиради. Ўша «садоқатли» оломоннинг талаби билан Азизбек икки оёғидан арқон билан боғлаб отнинг човига судратма қилинганда унинг от оёқлари остида судралиб кетишини ҳузурланиб томоша қилади… «Қодирий мўъжизаси» китобимизда бу жараён талқини кенг таҳлил этилгани учун бу ўринда у ҳақда батафсил тўхтаб ўтирмадик.
Айни шундай ҳолатларга 1852 йили бўлиб ўтган машъум қипчоқ қирғини воқеаси тасвири, талқинида ҳам дуч келамиз. Тарихий манбаларда бу борада қайд этилишича, ҳодиса ўша йилнинг кузида, аниқроғи, 7 октябрь куни бир пайтнинг ўзида ҳам Тошкентда, ҳам Қўқонда содир бўлган, очиғи, пухта ўйлаб уюштирилган. Қизиқ, «Ўткан кунлар»да ҳодиса муддати куздан баҳор фаслига кўчирилади. Романда фитнага тайёргарлик жараёни батафсил қаламга олингани ҳолда бевосита жараённинг ўзи тасвир доирасидан ташқарида қолади, мудҳиш жара­ённинг оқибатлари асар қаҳрамони Отабек нигоҳи орқали гавдалантирилади.
Қодирий ижодининг илк тадқиқотчиларидан бири Ойбек бунга эътироз билдириб, «Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли» рисоласида шундай ёзади: «Қипчоқлар қирғини кўрсатилганда… Отабекни ёзувчи далага «қимиз ичиш»га чиқариб юборади. Иш битгандан сўнг у қайтади. У далада қимиз ичиб, кечқурун шаҳарга қайтганида бўлиб ўтган қирғиннинг қонли изларини кўради. Воқеа тафсилотларини одамларнинг оғзидан эшитади. Хафа бўлади, куюнади» (Ойбек. Асарлар. Ўн томлик. 9-том, 1974, 259-бет).
Эҳтимол, романнинг «Тошканд устида қонлик булутлар», «Тошканд қамалда», «Азизбек», «Истиқлол дарди» бобларида Қўқон хонлиги билан Тошкент беклиги орасида кечган можаро – жангларнинг мудҳиш манзаралари, Азизбекка қарши қўзғолон жараёни бевосита бутун даҳшату ваҳшати билан кўрсатилгани учун адиб қипчоқ қирғини воқеасини ифодалашда ўзгача йўлдан боргандир…
Дарҳақиқат, Ойбек айтганидек, романда бу жараён манзараси бевосита қаламга олинмаган, асарнинг икки етакчи қаҳрамони Юсуфбек ҳожи ҳам, Отабек ҳам мудҳиш воқеалардан четда туради. Гарчи Юсуфбек ҳожи қабиҳ можарони уюш­тиришга бағишланган мажлисда иштирок этиб, тиш-тирноғи билан унга қарши тургани қаламга олинган бўлсада, ғаламислар уни алдаб, атай ғафлатда қолдириб ўз муддаоларига эришадилар; отаси каби ғафлатда қолган Отабек ҳам айни ўша куни шаҳар чеккасида сайрда бўлади. Айни шу ҳолат тасвирида ҳам муҳим ҳақиқат, моҳият бор. Тарихдаги кўплаб мудҳиш жиноятлар айни шу тарзда – замонасининг ҳақгўй виждони саналмиш сиймолар нигоҳидан ташқарида ғоят пинҳона бир тарзда уюштирилган. Романдаги воқеалар оқимининг ўзи кўрсатиб турибди, Юсуфбек ҳожи, Отабеклар бундан огоҳ бўлганида имкон қадар унинг олдини олган бўлардида!
Гарчи қирғин оқибатлари манзаралари Отабекнинг Мингўрик сайридан қайтиш, шаҳарга кириб бо­риш асносида кўрган-кечирганлари, гувоҳлар­нинг айтганлари тарзида берилсада, унинг мудҳиш манзаралари айни жараённинг ўзидагидан кам эмас. Отабекнинг ўша кезлардаги изтироблари, ички туғёнларини ўқиганда китобхон ўзини қўярга жой тополмай қолади.
Бундан ҳам муҳими, эртаси Ота билан учрашув­да ҳодиса ва унинг асл сабаби, илдизи устида кетган баҳс-суҳбат поёнида романнинг бош пафоси баралла намоён бўлади. Бутун бошли мамлакат, миллат тарихидаги энг катта, ҳаёт-мамот аҳамиятига молик ҳодисанинг туб илдизи, асл моҳияти айни ўша дақиқаларда ярқ этиб очилади. Қирғин олдидан юқори доирада ўтказилган кенгашда ҳожининг ўртаниб-ёниб дил-дилидан айтган нутқидаги мана бу сўзларини яна бир карра ўқиб кўринга: «Мана, буродарлар! Сиз ўз қипчоғингиз учун қабр қазиған фурсатда, сизга иккинчилар тобут чопадир. Биз қипчоққа қилич кўтарганда, ўрус бизга тўп ўқлайдир. Сиз дунёда ўзингизни якка душманингиз қилиб қипчоқни кўрсангиз, мен бошқа ёвни ҳар замон ўз яқи­нимға еткан кўраман! – деди ва рўймоли билан кўз ёшисини артиб ўрнидан турди. – Агарда дунёдан ўтаёзған бир кексангизнинг маслаҳатига қулоқ берсаларингиз, бу фикрингиздан қайтинг, буродарлар!»
Афсус, минг афсус, даврада бу донишманд сиймонинг ҳақ сўзини, огоҳларини эшитадиган, англайдиган зот топилмайди, аксинча, Ҳожи даврани ташлаб кетганида унинг устидан ҳоҳолаб, «кўкнори ичган», «ваҳимачи» дея масхара қиладилар. Қирғиндан кейин Ҳожи Отабек билан учрашувда машъум ҳодиса муносабати билан дилидаги оҳу зорини яна бир карра изҳор этади. «Мен кўп умримни шу юртнинг тинчлиги ва фуқаронинг осойиши учун сарф қилиб…» деб бошланадиган машҳур монологда яқин келажакда юз берадиган мислсиз фалокат манзарасини чизиб беради. Тарих кўрсатди, айни шу фалокат юз берди, халқ салкам бир ярим аср давом этган машъум истибдод жабрини чекди…
Азизлар, Юсуфбек ҳожининг огоҳлари чоризм истилосига ярим аср бўлган, истибдоднинг янги босқичи бошланган кезлари битилган, бинобарин, асар миллатни айни шу янги фалокатдан огоҳ этиш учун ёзилган эди!
Яшириб нима қиламиз, Юсуфбек ҳожининг, Отабекнинг романдаги ана шу дил сўзлари – огоҳ­лари, аввало, Қодирийнинг дил сўзлари – башоратлари эди. Таассуфлар бўлсинким, башоратлар тўғри бўлиб чиқди, роман ёзувчи айтмоқчи, «дунёга келиши биланоқ бахтсизликка» учради, танқид уни найза кўтариб қарши олди, асар китоб ҳолида тўлиқ босилиб чиққан йили муаллиф бўҳтон билан қамоққа олинди, ҳақиқат йўлида ўлимни ҳам писанд қилмаган бу жасур сиймо қатъий туриб ўзини ҳимоя қилди, эркинликка чиқди; таъқибу таҳдидларга қарамай ижодий фаолиятини давом эттирди, афсус, ҳали отаси умрининг ярмини ҳам яшамай туриб 37 йил юҳоси уни ўз комига тортиб кетди. Айни қаҳрамони Отабек каби, романда 18 йил бурун башорат қилинганидай, ўзи ҳам юрт озодлиги йўлида қурбон бўлди. Бинобарин, ўз қўли билан яратган икки чин миллатпарвар адабий қаҳрамон – тақдирдош Отабек ва Юсуфбек ҳожи тимсоллари ўзи ва отаси учун ҳам қўйилган мангу ҳайкалдир.
Ҳаётий қисмати жиҳатидан Қодирийни эслатадиган Ойбек юқорида тилга олинган рисоласида ғоят назокат, топқирлик билан шундай ёзади:
«Ўткан кунлар»ни ўқиганда, яхшилик билан ёмонликнинг кураши каби бир ҳол сезилади. Мусбат қаҳрамонлар номидан кўпинича Абдулла Қодирий ўзи гапирганга ўхшаб кўринади. Отабек, Юсуфбек ҳожилар орқали ёзувчининг идеялари инсон қи­ёфасига кириб, гуманистик – ахлоқий, сиёсий-ижтимоий идеалларини ифода этадилар».
Ойбек сўзларини тасдиқлайдиган далил-исботларни юқорида келтирдик. Ниҳоят, яна бир асар бош қаҳрамонлари билан муаллиф шахсияти, характери, асл маслак-эътиқоди орасидаги муштаракликка оид ҳайратомуз далил келтириб ўтсам. Романда қаламга олинган тарихий воқеа – Тошкент қўзғолони арафасида Азизбек Юсуфбек ҳожини ўз томонига оғдиришга интилади, унга катта ваколатлар беради. Шунда ҳожи кўнглида шундай ўй кечади: «Солиқ йиғишда қаршилиқ қилғанни даррага ётқизиш, мувофиқ кўрилганда осдириш ҳаққи ҳам менга берилган эмиш… Гўё Юсуфбек ҳам ўзидек бир қонхўрға, бир золимга айлансин эмиш… Мен қонхўрлиқ учун худонинг фарз қилған ҳажини адо қилмадим; олдимда ўғлум бор, менда бошқаларнинг ўғлини даррага ётқизиш чоғида кўндаланг келадирган виждон бор, дин бор, диёнат бор».
Бу дил сўзлари 1920 йили қоғозга туширилган. Орадан олти йил ўтиб 1926 йили адиб теварагида уюш­тирилган бўҳтон туфайли унинг устидан жиноий иш очилиб қамоққа олинади. Судда сўзлаган машҳур нутқида, жумладан, у «Мен тўғрилик орқасида бош кетса «их» дейдирган йигит эмасман… Бир неча шахсларнинг орзусича маънавий ўлим билан ўлдирилдим. Энди жисмоний ўлим менга қўрқинч эмасдир», дейди. Кейинроқ 37 йилги машъум қатағон бўрони арафасида Ёзувчилар уюшмасида адибни сўроққа тутадилар, жумладан, унинг худога ишо­ниш-ишонмаслигини аниқламоқчи бўладилар. Шу қал­тис дақиқаларда Қодирий қатъий туриб Аллоҳнинг бор­лигига ва бирлигига имон келтиради, шу тариқа бошига бало орттиради. Эртаси хонадонида шу ҳақда гап кетганда, яқинларидан бири шунчаки оғизда «худо йўқ» деб қўяқолсанг бўлмасмиди, де­ганида, адиб қатъий туриб: «Энди мен бир кишининг икки оғиз сўзи деб, қирқ йиллик эътиқодимдан қайтайми? Мунофиқлик, виждонсизлик бўлмайдими бу» – дейди (Ҳ.Қодирий. «Қодирийнинг сўнгги кунлари», «Ёшлик», 1989, 6-сон, 37-бет). Ҳа, улуғ адиб ҳаётидаги энг қалтис вазиятда ўзи суюкли қаҳрамонининг йўлини танлайди.
Ҳайрон қоласан киши: донишманд адиб қаҳрамонининг ўта таҳликали дамлардаги чин эътиқоди ҳақидаги сатрларни қоғозга тушираётганида келгусида рўй берадиган айни шундай қалтис вазиятдаги ўз руҳий ҳолатини гўё олдиндан башорат қилгандек туюлади кишига.
Кўряпсизми, азизлар, «Ўткан кунлар»дек шоҳ асарнинг майдонга келишида, унинг ижодий, тарихий, ижтимоий-ғоявий мотивларини, етакчи қаҳрамонлари ирода йўсинини белгилашда адиб, аввало, ўз бисотига таянади; қаҳрамонлари тимсолида ўз шахсияти, оилавий муҳити, ота-боболари ҳаёти, қисматидан ўтган жиҳатлар беҳисоб, айниқса, ўз идеалларининг мужассами бўлмиш бош қаҳрамонлари Отабек билан Юсуфбек ҳожилар тимсолига ўзидан, ота ва бобосидан кўчиб ўтган қисмат, ҳикматлар кишини лол қолдиради, булар қаҳрамонларга ажиб ҳаётий жозиба бахш этади.
Бугина эмас, бу шоҳ асар бугун ҳам биз­ларга ўтган кунларнинг аччиқ қисматидан сабоқ беришда давом этаётир. «Отам ҳам большевик»да Қодир бобонинг чапаничасига айтган «Ўзимизда ғайрат йўқ. Агар юрт бир оғизға тупуруб, яроғ тополмағанда ҳам қора калтак бўлуб чиқса, исни-биска қўймас эди», «кофирнинг қўлуда қо­луб» кетмас эди, деган халқона ҳикмати романда Ҳожи билан Отабекнинг бош шиорига айланди. Асар бошидаёқ Отабек Шамай сафари хотиралари устида тўхталганда «Менимча, ўруснинг биздан юқорида­лиғи унинг иттифоқидан бўлса керак… аммо бизнинг кундан-кунга орқаға кетишимизга ўзаро низомиз сабаб бўлмоқда», дейди. Асарда қаламга олинган воқеалар жараёни бирин-кетин шу ҳикматнинг тўғри­лигини тасдиқлайди. Ниҳоят, ягона Туркистон ўлка­сининг икки бўлаги – Қўқон хонлиги билан Тошкент беклиги, ягона туркий улуснинг икки қавми – қора­чопон ва қипчоқ орасидаги низолар охир-оқибат мудҳиш қирғинга айланиб, юртни ҳалокат ёқасига келтиради. Шунда донишманд Ҳожи «Иттифоқни не эл эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб, ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Тур­кистон тупроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизга ақлим етмай қолди. Биз шу ҳолда кетадирган, бир-биримизнинг тегимизга сув қуя­дирған бўлсақ, яқиндирки, ўрус ис­тибдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғатар…» дея Қодир бобо, сўнг Отабек айтган дил сўзларини энг олий чўққига кўтаради. Ажаб, оқибат айни улар айтганидай бўлиб чиқди. Бу ҳикмат, бу башорат, бу огоҳ – тарихнинг аччиқ ҳақиқати, тажрибаси, мустақилликка эришган бугунги ёруғ кунларимизда ҳам аҳамиятини йўқотгани йўқ. Юрт ва халқнинг бирлиги мустақиллигимиз абадийлигининг гаровидир. «Ўткан кунлар»нинг энг муҳим ҳикмати, сабоғи ана шунда.

«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 2-сон