Тоҳир Қаҳҳор. Табиатдай гўзал бир ҳаёт

ХХ аср ўзбек адабиётида ибратли из қолдирган атоқли ижодкорларимизнинг аксарияти моҳир таржимон ҳам бўлишган. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Элбек, Ғафур Ғулом, Ойбек, Уйғун, Абдулла Қаҳҳор, Миркарим Осим, Мақсуд Шайхзода, Мирзакалон Исмоилий, Ҳамид Олимжон, Миртемир, Усмон Носир ва бошқа адиблардан қолган адабий мерос сўзимизнинг далилидир. Уларнинг давомчиларидан Зулфия, Туроб Тўла, Шуҳрат, Ҳамид Ғулом, Асқад Мухтор, Шукрулло, Рамз Бобожонлар ҳам дунё адабиётининг сара асарларини ўзбек китобхонига етказишда мислсиз хизмат қилдилар. “Мислсиз” дея таъкидлаганимизнинг сабаби, Шекспир, Шиллер, Пушкин, Лермонтов,Толстой каби жаҳон классикларининг ўзбекчага ўгирилган асарларида барча замонлар учун муҳим, сув билан ҳаводай зарур бўлган адолат, ҳақиқат, эзгулик, муҳаббат, садоқат, ёвузликка қарши исён ва курашчанлик туйғулари қайнаб туради, китобхон юрагига сингиб, уни маънавий етуклик сари етаклайди. Бу жараён тўхтамайди, асрлар оша янги-янги таржима асарлари билан бойиб, қувватланиб бораверади. Ижодкор ўтиб кетса-да, у яратган асарлар, таржималар ҳам нурланганича келгуси наслларнинг онгини ёритиб, уларга руҳ беради, халқи билан яшашда давом этади.

Биз бу ўринда адабиётимиз заҳматкашларидан бири, ХХ аср ўзбек шеърияти ва таржимачилигининг юксалишига ўз ҳиссасини қўшган ижодкор,Ўзбекистон халқ шоири Рамз Бобожон ва унинг айрим таржималари борасида фикр юритмоқчимиз.

Шоир, драматург ва моҳир таржимон Рамз Бобожон 1921 йили Тошкентда туғилган. Мактаб ва институтни битиргач, газетада, радиода муҳаррир вазифасида ишлаган, Бадиий адабиёт нашриётида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, “Ватан” жамиятида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилган. Ўн беш ёшидан шеърлари билан матбуотда кўринган шоирнинг илк “Шеърлар”тўплами 1939 йилда босилган. Кейин унинг “Ҳадя” (1940), “Олтин камалак” (1949), “Водий бўйлаб” (1949), “Танланган асарлар” (1958), “Севги сирлари” (1963), “Сенга севгилим” (1969), “Биринчи парвоз” (1989), “Муҳаббатга таъзим” (1980), уч жилдли “Танланма” (1984) “Сенинг меҳринг” (1996) каби китоблари Тошкент нашриётларида чоп этилган.

1950-1990 йиллар орасида шоирнинг рус тилида ҳам ўнларча китоби, жумладан, “Сердце не спит никогда”, “Дважди живёт поет”, “Солнце в зрачках”, “Да – я азиат”, “Тебе, любимая”, “Спасибо, родной”, “Лирика”, “Монолог”, икки жилдли танланган асарлари босилган, уни кенг шеърхонлар оммасига танитган. Русчадаги айрим шеърларига куй басталаниб, қўшиққа айланган.

Рамз Бобожон илк шеърий тўпламлари чиққан йиллардаёқ шеърий таржима билан шуғуллана бошлаган. Масалан, рус мумтоз шоири М. Лермонтовнинг 1941 йилда Тошкентда босилган икки жилдлигига унинг ҳам “Қора кўзлар”, “Оқшом” каби таржималари киритилган. Маълумки, таржимон муаллиф билан шеър санъати майдонида яккама-якка куч синашади. Сайфи Саройи айтганидек, “Жаҳон шоирлари, эй, гулшани боғ, Бири булбул эрур, бирисидир зоғ”. Булбулни булбул бўлиб таржима қилинсагина асар ўқилади. Бундан хабардор бўлган, йигирма ёшлардаги таржимон майдонда жаҳоншумул шоир қаршисида турганини яхши ҳис этган. У Лермонтовнинг “Оқшом” шеърини тилимизга шундай ўгирган:

Ложувард ер этагига нақ
Чўкар экан қип-қизарган кун,
Туман тушиб, кўланка шу чоқ
Олисларни қопларкан бутун –
Шунда, жимжит сураман хаёл,
Мангу ҳаёт, севги ҳақинда.
Кимдир менга сўзлар тағин-да:
– Бўлмайсан ҳеч бахтли, баркамол!
Ожиз кўнгил билан шу замон
Осмон сари ташлайман нигоҳ.
У мўъжиза яратмиш ногоҳ
 На сенга, на менга армуғон,
 На арзимас нодонга туҳфа,
Ки сенинг бир боқишинг бу дам
Ортиқроқдир турфа ва турфа
Кўп самовий инъомлардан ҳам!
(Лермонтов М.Ю. Танланган асарлар. Шеърлар ва поэмалар. – Т., Ўзадабийнашр, 1941, 50-б.).

Бизнингча, шеър яхши ўгирилган, яъни сатрлардаги маъно ва мазмун ҳам, шаклдаги вазн, туроғу қофияланиш тартиби ҳам тўла сақланган. Қиёслаш учун шеърдан бир парча келтирамиз:

Когда садится алый день,
За синий край земли,
Когда туман встает и тень
Скрывает все вдали, –
Тогда я мыслю в тишине
Про вечность и любовь,
И чей-то голос шепчет мне:
– Не будешь счастлив вновь!..
(Лермонтов М.Ю. Собрание сочинений в четырех томах. – М., 1983, стр.195).

Рамз Бобожон кейинчалик исёнкор рус шоирининг “Боярин Орша” достонини ҳам ўзига хос маҳорат билан таржима қилди, асар Лермонтовнинг 1964 йилда чиққан “Поэмалар” китобига киритилди. Китобга сўзбоши ёзган атоқли шоирамиз Зулфия бу асарга улуғ адабиётшунос Виссарион Белинскийнинг юксак баҳо бериб, “унинг бутун оҳанги, қандайдир ғалати лаззатга тўла. Унинг маст қилувчи даҳшатли кучидан қутулиш менга маҳол. Бундай шеърлар ҳар бир ўқиган кишини ҳар қандай шаробдан кўра кучлироқ маст қилади” деганини жуда ўринли таъкидлаган.

Рамз Бобожон “Тоға ва жиянлар” , “Лўлилар”, “Инсу жинс ёки тирик мурдалар”, “Юсуф ва Зулайҳо” каби драмалар муаллифи бўлиши билан бирга, Генрик Ибсен, Сергей Михалков, Наби Ҳазрийларнинг қатор драмалари ўзбек томошабинига етказилишига хизмат қилган таржимондир. Айниқса, унинг рус шеъриятидан А. Пушкин, М. Лермонтов, Н. Некрасов, А. Твардовский, Н.Тихонов, Н.Грибачов, қардош адабиётлардан Р.Ҳамзатов, Н.Хазрий каби ўз даврининг донгли шоирларини, уларнинг энг машҳур асарларини таржима қилгани ҳам диққатга сазовордир. Масалан, Пушкиннинг “Қўл билан тиклаб бўлмас ҳайкал қўйдим ўзимга” (матн давомида шартли равишда “Ҳайкал” деб олинди), Некрасовнинг “Темир йўл” асарлари яратилгандан бери уларнинг нафақат муаллифлар ижодида, балки адабиёт тарихида ҳам муҳим ҳодиса сифатида талқин қилингани, замонлар оша мактаб дарсликларидан ўрин олиб келаётгани маълум. Бу ўринда ана шу икки асар ва таржимаси хусусида алоҳида тўхталмоқчимиз.

“Ҳайкал” шоир лирикасининг сўнгги даврига мансуб энг муҳим асардир. Муаллиф унда ўз умрининг, ижодининг сўнг палласидаги, чўққисидаги ҳасбиҳолини тасвирлаган. Бу асар унинг авлодларга, башариятга шоирона васиятидир. Тадқиқотчилар фикрича, унда шоир шахси, аждодлар хотираси ва мангулик, яъни адабиёт ва абадият мавзуси пушкинона ифодаланган.

1836 йил 21 августда битилган бу жаҳоншумул шеър муаллиф ўлганидан кейин, 1841 йилда В. Жуковский тайёрлаган шоирнинг “Танланган асарлар”ида босилган. Бу асарнинг ёзилишига антик даврнинг шавкатли шоири Гораций (мил.ав. 65-8 й.)нинг “Exegi monumentum” одаси туртки берган. Русчада уни “Памятник нерукотворный”, “Похвала писцам” дея аташган. Рим шоирининг бу қасидасидан илҳомланган М. Ломоносов, Г. Державин, В. Капнист, А. Востоков, С. Тучков каби XVIII аср муаллифлари ҳам ҳайкал мавзусида ўз қасидаларини ёзишган. Аммо улардан фақат Пушкиннинг доҳиёна қаламига мансуб “Ҳайкал”гина даврлар оша севиб ўқилмоқда, давронлар шамолида йиқилмай, ҳамон замонларга, инсонларга хитоб этиб турибди. Ўзбек ўқувчиси ярим асрдан бери ўқиб келаётган бу асар Р. Бобожоннинг Пушкиндан таржима қилгани – йигирмадан ортиқ шеър орасида алоҳида ажралиб туради. Асл матндаги фалсафий мазмун, соддалик, самимийлик, равонлик ўзбекчада ҳам сақланган. Русчада вазн, тўртликларга кўра, 13 ва 8 бўғинли, ўзбекчада эса 14 ва 11 қилиб олинган. Таржима санъатида бу тажрибадан ўтган, ўзини оқлайдиган усул. Сатрлардаги кучли маънони ўз тилида тўла ва равон ифодалаш учун таржимон баъзан вазнни орттириши ижобий натижа беради. Аслият билан қиёслаб кўрилса, бу фикримизга балки қўшиларсиз:

Қўл билан тиклаб бўлмас ҳайкал қўйдим ўзимга,
Халқнинг келар йўлини ўт-ўланлар қилмас банд;
У мағрур қад кўтарди бош эгмасдан таъзимга,
Александр қуббасидан ҳам баланд.

Русчаси:

Я памятник себе воздвиг нерукотворный,
К нему не зарастёт народная тропа,
Вознёсся выше он главою непокорной
Александрийского столпа.

Бу сатрлар орасидаги маънолар, мажозлар борасида тадқиқотчилар турли фикрларни билдиришган. Масалан, “воздвиг”, “нерукотворный”, “вознёсся” сўзларини Исо алайҳиссаломнинг кўкка юксалиши билан боғлаб, шоир бу сатрларда ўзига шеърияти билан илоҳий бир обида яратганига ишора қилганини таъкидлашади. Ҳақиқий шоир ва пайғамбар тарозининг бир палласига қўйилиб, даҳолар шеърияти ва пайғамбарлар мўъжизаси чоғиштирилмоқда. Буни оврупоча мушоҳада тарзи ўлароқ қабул қилиш мумкин, албатта. Тўртинчи сатрдаги Александр қуббаси, маълумки, Петербургдаги подшоҳ саройи майдонида Александр I шарафига ўрнатилган обида. Айтишларича, бу сатрда дунёнинг саккиз мўъжизасидан бири саналган Искандария маёғига ҳам ишора бор, абадиятга дахлдорлик таъкидланмоқда. Зотан, кейинги тўртликда ўлим ва ўлимсизлик, ўткинчи ва мангу ҳаёт тўғрисида фикр юритилмоқда:

Йўқ, бутунлай ўлмайман – қалбим яшар лирамда,
Тупроғим-ла чиримай яшайди у то абад,
То бирон шоир-поир қолар экан оламда,
Мени сира тарк этмайди шон-шуҳрат.

Русчаси:

Нет, весь я не умру – душа в заветной лире
Мой прах переживёт и тлeнья убежит –
И славен буду я, доколь в подлунном мире
Жив будет хоть один пиит.

Таржимоннинг маҳорати барча сатрларда, айниқса, “То бирон шоир-поир қолар экан оламда” каби мисраларда бўртиб турибди. Лира сўзини айримлар чолғу, соз, дея ўгиришади. Лирика сўзини рубобий шеър деб аташади. Аммо бу ўринда антик адабиёт билан боғлиқ айни сўзни таржимон “қалбим яшар лирамда” тарзида ўгираркан, ундаги антик дунё ва рус ижодкорига хос руҳни сақлаб қолган. Қуйидаги тўртликда эса шоирнинг Ватанга муҳаббати, унинг шуҳрати юрт билан бирга мангу яшаши тўғрисида сўз боради:

Овозим-ла чулғанар поёни йўқ улуғ Рус,
Ундаги эл-элатлар мени ёдлайди ҳар дам,
Мағрур славян насли, бугунги авом тунгус,
Фин халқию даштлар дўсти қалмоқ ҳам.

Русчаси:

Слух обо мне пройдёт по всей Руси великой,
И назовёт меня всяк сущий в ней язык,
И гордый внук славян, и финн, и ныне дикий
Тунгус, и друг степей калмык.

Асарнинг сўнг қисмида шоирнинг бош фикри – ёвузлик, зулм ҳукмрон бир замонда эркни, адолатни куйлагани, хор бўлган авомга ачинишга чақиргани ва бу билан халқнинг меҳрини қозонгани ифодаланган. Муаллиф бу билан шоирнинг тарихий “миссия”си ана шу фазилатларда эканига урғу берган:

Узоқ замон халқ меҳрига бўлажакман мушарраф,
Зотан, рубобим билан эзгу ҳислар туғдирдим,
Шу ёвуз замонамда куйладим эркни мақтаб,
Хор-зорларга ачинмоққа чақирдим.

Русчаси:

И долго буду тем любезен я народу,
Что чувства добрые я лирой пробуждал,
Что в мой жестокий век восславил я свободу,
И милость к падшим призывал.

Рамз Бобожоннинг ярим асрдирки суюб ўқилаётган таржималаридан яна бири халқпарвар рус шоири Н.Некрасовнинг машҳур “Темир йўл” асаридир. Ўтган асрнинг 40-50-йилларида ва ундан кейинроқ туғилганлар ҳам бу шеър билан мактабдаёқ танишган, севиб ёд олган.

Маълумки, шоир крепостной ҳуқуқи бекор қилинмаган, инсон ҳақлари топталган бир даврда яшади ва ижодкорлар ичида биринчилардан бўлиб ёвузликка қарши чиқди, рус халқининг, мужик-деҳқонларнинг аянчли тақдири ҳақида энг кўп куюниб ёзган ҳам удир. Афсуски, крепостной ҳуқуқи бекор қилингандан кейин ҳам оммага ҳақиқий эркинлик ва ҳақ-ҳуқуқ берилмади. “Русияда ким яхши яшайди” асари каби 1864 йилда битилган “Темир йўл” шеърининг мавзуси ҳам, бош лирик қаҳрамон ҳам мазлум халқдир. Бир ёндан қараганда, у – барча моддий неъматларни яратаётган, ҳурматга сазовор, улуғвор меҳнаткаш; иккинчи томондан боқилса, у – хор, увол, боши букик, сабрли қул. Шоир қулфеълли омманинг ана шу сабрли сукунатидан келажакдаги ўзгариш қалдироқларини, чақмоқларини туяди ва асарига ёрқин умидбахш оҳангларни олиб киради. Яъни, темир йўл қурилиши битади, уни кўрган бувалар ва набиралар ҳам ўтади, аммо истиқболда табиатдай гўзал бир ҳаёт бор.

Бизнингча, шоирнинг бу каби шеърларининг бугунгача ўқилаётгани, дунё тилларига таржима қилинаётгани, ўрганилинаётгани ва ибрат олинаётганининг сабаби ҳам унинг халқ тақдири билан боғланганидадир.

Шеър юртнинг инсонга завқ-шавқ, сурур берувчи гўзал тасвири билан бошланади:

Ажойиб куз келди! Шифобахш, тоза,
Ҳориган танларга бағишлар дармон.
Ҳали дарё музлаб қотмаган роса,
Турар эриётган оппоқ қандсимон.

Русчаси:

Славная осень! Здоровый, ядреный
Воздух усталые силы бодрит.
Лед неокрепший на речке студеной
Словно как тающий сахар лежит.

Асарнинг биринчи қисмида кенг ва бой, кўркам ўлка ёрқин рангларда тасвирланаркан, кейинги бўлимларда шундайин гўзалликка терсу хилоф бўлган адолатсиз, зулму зулмат муҳити, халқнинг оғир турмуши некрасовча жасорат ва санъат билан очиб берилади. Шунинг учун бу шеърни халқ ҳақидаги достон ҳам дейишади. Таржимада ана шу юртсеварлик, халқпарварлик руҳи содда ва самимий ифодасини топган.

Бизнингча, бундай машҳур шеърлар ва таржималарнинг умри боқийдир.

“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 8-сон