Алишер Навоий (1441-1501)

Алишер Навоий портрети. Маҳмуд Музаҳҳиб расми. 15-аср

XV аср жаҳон маънавиятининг буюк сиймоси Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳижрий 844 йил рамазон ойининг 17-куни (1441 йил 9 феврал) да Ҳиротда туғилган. Ҳирот шаҳри XV аср биринчи ярмида Соҳибқирон Амир Темур асос солган улуғ салтанатнинг иккинчи пойтахти, Темурнинг кенжа ўғли Шоҳрух Мирзонинг қўл остидаги обод манзилларидан бири эди.

Алишер туғилган хонадон Темурийлар саройига азалдан яқин ва юртда муайян нуфуз соҳиби эди. Бўлғуси шоирнинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад ўғлининг тарбиясига жиддий эътибор берди. Алишернинг шеъриятдаги илк устози тоғаси Мир Саййид Қобулий ва Муҳаммад Али Ғарибийлардир. Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида Қобулий ҳақида: “Яхши табъи бор эрди, туркчада майли кўпроқ эрди…” — деса, Ғарибий ҳақида: “Хуш муховара (хушсуҳбат) ва хушхулқ ва дардманд йигит эрди. Кўпроқ созларни яхши чалар эрди. Уни ва усули ҳўб эрди. Мусиқий илмидин ҳам хабардор эрди…” — дейди.

1447 йилда Шоҳруҳ вафот этгач, Темурий шаҳзодалар ўртасида тож-тахт дарди хуруж қилиб, юртда талотўп бошланди ва Ғиёсиддин Муҳаммад хонадони ҳам кўп қатори ватанни тарк этди. Ёш Алишер учун тақдир синовлари бошланди. Шоҳрухнинг набираси Абулқосим Бобур 1452 йилда Ҳирот тахтига ўтиргач, Алишернинг отасини Сабзаворга ҳоким этиб тайинлади. Лекин орадан кўп ўтмай Ғиёсиддин кичкина дунёдан кўз юмди. Бу пайтда Алишер эндигина 12 ёшга қадам қўйган эди. Абулқосим Бобур Алишер ва унинг мактабдош дўсти Ҳусайнни ўз тарбиясига олди, 1456 йили эса ўзи билан Машҳадга олиб кетди. Кейинчалик Ҳусайн Бойқаро сипоҳийлик йўлини танлади, Алишер эса замонанинг “малик ул-калом”и Мавлоно Лутфий таҳсини ва ҳайратига сазовор бўлган истеъдод эгаси бўлиб етишди. “Фақирнинг назмлари Хуросонда шуҳрат тутиб эрди”, деб ёзади Навоий 1455—1458 йиллар ҳақида.

Тақдир Алишер Навоийни замонанинг улуғ ва шарафли кишиларига яқин қилди, устоз-мураббийлик этувчи зотлар билан ошно этди. 1466—1468 йиллар Алишернинг умри асосан Самарқандда кечди. Султон Ҳусайн Бойқаро Ҳиротни эгаллаганда, Алишер Навоий 28 ёшли мукаммал билимлар эгаси, юртга танилган шоир ва тажрибали давлат арбоби даражасига етишган эди. 1469 йилда Султон Ҳусайн илтимосига кўра Алишер Навоий Самарқанддан Ҳиротга қайтади ва рамазон ҳайити муносабати билан дўсти шарафига битилган “Ҳилолия” қасидасини унга тақдим этади.

Ҳусайн Бойқаро Алишерни муҳрдор қилиб тайинлайди ва шу пайтдан шоирнинг эл хизматидаги фаол жидду жаҳди бошланади. Кўп ўтмай Навоий муҳрдорликни ўзининг яқин дўсти ва фикрдоши, шоир Амир Шайхим Сухайлийга топширади. “Бу нозиктаъб ва зукко Амир 20 йилдан ортиқ Бойқароға мулозим бўлди”. Лекин Бойқаро дўстининг норозилигига ҳам қарамай, 1472 йил февралида уни вазир лавозимига тайинлайди ва “Амири Кабир” (“Улуғ Амир”) унвонини беради. Бу лавозимда Навоий эл-улус манфаати, шаҳар ва мамлакат ободончилиги, маданият равнақи, адолат тантанаси учун фойдаланадики, буларнинг барчаси оқибат натижада Султон Ҳусайн давлатининг барқарорлиги ва нуфузини таъминлайди.

Ҳирот бу даврда ниҳотяда кўркамлашди, халқ турмуши яхшиланди, шеърият, нафис санъатлар ривож олди. Талабалар учун “Ихлосия” мадрасаси, дарвешлар учун “Халосия” хонақоҳи, беморлар учун “Шифоия” шифохонаси, масжиди Жомеъ ёнига Қорихона (“Дор ул-ҳуффоз”) қурилди. Улуғ амирнинг кутубхонасида 70 дан ортиқ хаттот ва мусаввирлар қўлёзмаларни оққа кўчириш, уларни бадиий безаш билан банд эдилар. Ҳиротда яна “Низомия”, Марвда “Хусравия” ва бошқа мадрасалар бино этилди.

Навоий мадраса, шифохоналар қурдириб қўя қолмасдан, уларни керакли даражада жиҳозлаш, ўз-ўзини таъминлаш учун вақф ерлар ажратиб бериш, мударрислар, табиблар ва бошқа ходимлар билан таъминлаш, уларга ойлик маош, озуқа, кийим-бош белгилашгача, талабалар нафақаси ва китобларигача, барча-барчасини мукаммал бошқариб, ташкил этиб берар эди ва ўзи доимо хабар олиб, назорат қилиб туришни ҳам унутмасди. Бинолар қурилиши тарҳи билан бевосита шуғулланар, уста ва шогирдлар меҳнатидан бохабар бўлиб турарди. Шоир ўз ҳузурига тез-тез шеър, илм ва санъат ахдини чорлаб, маърифий суҳбатлар уюштириб турар, ёш истеъдодларни тарбият қилиб, уларга шароит яратарди. Хондамир, Беҳзод, Восифий ва ўнлаб ушбу тарбиятга ноил бўлган истеъдод эгалари шулар жумласидандир.

Шу давр ичида Алишер Навоий ўз қўли билан биринчи девони “Бадойиул-бидоя” (“Бадиийлик ибтидоси”)ни тузди. Бу девонга унинг ёшлик ва йигитлик пайтларида ёзган 800 дан ортиқ шеърлари жамланган бўлиб, шоир ижодий камолотининг биринчи босқичини акс эттиради.

Алишер Навоийга бағишланган тарихий ва илмий асарларда батафсил тавсиф қилинишича, 1469—1481 йиллар Алишер Навоийнинг ижтимоий ҳаёт ва ободончилик борасидаги энг фаол хизмат кўрсатган йиллари бўлган. Шоир 1481 йили “Вақфия” асарини ёзиб, унда ўзининг бинокорлик ва хайрия ишларига якун ясаб, ўз-ўзига ҳисоб берган.

Навоий деҳқончилик ишларини йўлга қўйиб, жуда яхши натижаларга эришган. Тарихчиларнинг ёзишича, Навоийнинг бир кунлик даромади 18 минг шоҳрухий динор микдорида эди. Улуғ Амир бу даромаднинг кўп қисмини хайрли ишларга сарф қилган. Тарихчи Хондамир Навоий қурган 52 работ, 20 ҳовуз, 16 кўприк, бир қанча тўғон, ариқ, ҳаммом, масжид-мадрасаларни эслайди. Навоий турли соҳа олимларига ҳомийлик қилиб, ўнлаб илмий рисолалар битилишига бевосита сабабчи бўлган.

1483 йилдан Алишер Навоий ўзининг буюк “Хамса” асарини ёзишга киришди ва уни уч йилда тугаллади. Беш достонни ўз ичига олган бу улкан бадиий қомус 50 минг мисрадан ошиқ бўлиб, Навоийнинг барча шеърий меросини деярли ярмини ташкил қилади. “Хамса” — Алишер Навоий ижодининг қалбидир.

Форс тилидаги биринчи “Хамса” буюк шоир Низомий Ганжавий (1141—1209) томонидан яратилди. Шоир ҳеч бир ўринда ўзининг “Хамса” ёзганлигини қайд этмайди. Низомий вафотидан 100 йил ўтиб, Ҳиндистонда туғилиб ўсган форсийзабон турк ўғлони Хусрав Деҳлавий Низомий “Хамса”сига биринчи бўлиб татаббу ёзади ва “хамсачилик” анъанасини бошлаб беради. Деҳлавий “Хамса”си Низомийга ажойиб шарҳ ва ундаги мазмунларнинг янгича талқини сифатида ўзининг ҳам, салафининг ҳам шуҳратини оламга ёйди. Кейинги XIV—XV асрлар минтақа маънавияти “Хамса” анъанаси таъсирида ривож олди, шоирнинг салоҳияти ва иқтидори ҳеч бўлмаганида “Хамса”нинг бир достонига муносиб жавоб ёза билиш билан ўлчанадиган бўлди. Бу жаҳон маънавияти тарихида бетакрор ҳодисадир. Туркий адабиётда Қутб ва Ҳайдар Хоразмийлар бошлаб берган “хамсачилик” анъанаси ўзининг камолини Алишер Навоий ижодида топди.

Ислом ақидаларига кўра бир кеча-кундузда ўқиладиган беш вақт намоз “ал-Хамсату” дейилади, динимизнинг беш устуни (рукни) ҳам — тавҳид (имон), намоз, рўза, закот, ҳаж — ўзига хос “Хамса” (бешлик)ни ташкил этади. Демак, Низомий достонларини “Хамса” туркуми сифатида талқин этилиши, унга Амир Хусрав ва Навоий жавоблари бежиз эмас. Алишер Навоий “Садди Искандарий” достонининг муқаддима қисмида бу масалага махсус тўхталиб, “Хамса”нинг ҳар бир достони ёзилишини куннинг маълум вақтларида ўқиладиган саҳар, пешин, аср, шом ва хуфтон намозлари билан қиёс этади ҳамда “Хамса”ни буюк тоғ чўққисига кўтарилиш мобайнида беш ўринда тўхтаб, нафасни ростлаш учун бино этилган беш оромгоҳга ўхшатади.

Навоий ўз “Хамса”сини яратишга 1483 йилда киришган бўлса, ўнинг биринчи достони “Ҳайрат ул-аброр” (“Яхши кишиларнинг ҳайратланиши”)ни ўша йили ёзиб тугатди. 1484 йилда “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъаи сайёр” (“Етти сайёр”), 1485 йилда “Садди Искандарий (“Искандар девори”) достонини поёнига етказди. Шоир ўз “Хамса”сига киритилган достонларда ўша давр учун муҳим бўлган муаммоларни қўйди, мутафаккир сифатида илғор қарашларни илгари сурди, ўзбек тилининг қудратини оламга намойиш этди.

Навоийнинг туркийча “Хамса”сининг яратилиши XV асрда Хуросон эли учун фавқулодда шодумонлик ва саодат сифатида қабул қилинди. Даврнинг икки қутби — маънавият пири Жомий ва буюк султон Ҳусайн Бойқаронинг ҳайрати ва юксак эътирофи ушбу ҳақиқатга далилдир.

Навоий шу йиллар орасида иккинчи девони — “Наводир ун-ниҳоя” (“Беҳад нодирликлар”)ни тузишга киришди. Мутафаккир адиб тарихий ҳақиқатга ҳам муайян изчиллиқда ўз муносабатини биддириб ўтишни инсоф юзасидан лозим топди ва “Зубдат ут-таворих” (“Тарихлар қаймоғи”) асарини ёзиб тугатди.

1487 йили қишда Навоий Астробод ҳокими этиб тайинланди. Бошқа бек ва амирлар учун шарафли хисобланиши жоиз бўлган бу мартаба Амир Алишернинг нозик табиати учун муайян даражада озорли бўлди. Аммо шоҳ ҳукми вожиб, Амири Кабир ўлканинг хассос бир худудини муҳофаза ва обод қилиш ниятида жўнаб кетди. Астрободда Навоийнинг икки йил чамаси ҳокимлиги бу шаҳар аҳли учун саодатли, Бойқаро салтанати учун хайрли бўлди.

Бу орада бирин-кетин Навоийнинг энг якин устоз ва мусоҳиблари ҳаётдан кўз юмдилар. 1488 йили Сайид Ҳасан Ардашер, 1492 йили Абдураҳмон Жомий, 1493 йили Паҳлавон Муҳаммад вафот этди. Навоий устозлари хотирасига “Ҳолоти Сайид Ҳасан Ардашер”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад”, “Хамсат ул-мутаҳаййирин” (“Беш ҳайрат”) асарларини шу йиллар ичида ёзиб тугаллади. Бу асарларида ўша давр воқелигага оид қимматли маълумотлар билан бирга Навоий яратган янги бадиий оламнинг назарий асосларига оид бир қатор далил ва мулоҳазалар ҳам баён этилган. Шу йилларда яна Навоий давр шуароси хусусида “Мажолис ун-нафоис” ва ислом маънавиятининг буюк сиймолари, хусусан, турк, форс, ҳинд машойихлари тарихига оид “Насоим ул-муҳаббат” (“Муҳаббат шаббодаси”) рисолаларини ёзади. Бу асарлар ниҳоятда муҳим манба бўлиб, ўша давр маънавиятининг жонли сиймоларидан мингга яқин киши ҳақида қимматли маълумотларни ўзида жам этган. Бундан ташқари нафақат тасаввуф ирфони ва адабиёти, балки ислом даври маънавиятининг бошқа муҳим жиҳатлари ҳақида ҳам кўплаб назарий мулоҳазалар ушбу асарлар қатидан жой олган бўлиб, уларни муфассал тадқиқ этиш миллий маънавиятимизни холис англаб етишда бугунги авлодлар учун беназир манба ва асос бўлиб хизмат этади.

1492 йилда аруз илмига бағишланган “Мезон ул-авзон” (Вазнлар ўлчови”) рисоласи ёзилди ва шоир ўз лирик ижодини қайта тақсимлаб, янги девонлар мажмуи “Хазойин ул-маоний” (“Маънолар хазинаси”)ни яратиш ишига астойдил киришди. “Чор девон” номи билан шуҳрат қозонган бу буюк мажмуа 45 минг мисрага яқин турли жанрлардаги кичик ва ўрта ҳажмли шеърларни ўзида жамлаган бўлиб, “Ғаройиб ус-сиғар” (“Болалик ажойиботлари”), “Наводир уш-шабоб” (“Йигитлик даври нодирликлари”), “Бадойеъ ул-васат” (“Ўрта ёш кашфиётлари”), “Фавойид ул-кибор” (“Кексаликдаги фойдали мулоҳазалар”) номлари билан аталади. Бу тўрт жилдда 16 жанрга оид 3000 дан ортиқ шеър бўлиб, уларда 2600 ғазал, 210 қитъа, 133 рубоий, 86 фард, 52 муаммо ва бошқалар мавжуд. “Хазойин ул-маоний”га олдинги икки алоҳида девондаги шеърларнинг деярли барчаси кирган бўлиб, кейин яратилган 1400 га яқин янги асарлар қўшилган.

Бу туркий тилда ёзилган асарлари, достонлари, шеърларидан ташқари Навоий форс тилида ҳам 12 минг мисрадан ошиқ шеър, муаммо жанри ҳақида “Муфрадот” рисоласини, “Ситтайи зарурия”, “Фусули арбаа” туркум қиссаларини ёзди, “Фоний” тахаллуси билан алоҳида девон тузди. Ушбу асарлар Хоқоний, Амир Хусрав, Саъдий, Ҳофиз, Камол Хўжандий, Жомий каби форс адабиётининг мумтоз намояндалари билан ижодий баҳсда туғилган бўлиб, ҳам бадиий ифода, ҳам мазмуний теранлиқда салафлар билан тенг қудрат намойиш этади.

Навоий 1498 йилда “Лисон ут-тайр”, 1499 йилда “Муҳокамат ул-луғатайн”, 1500 йили “Маҳбуб ул-қулуб” асарларини ёзди. Бу уч асар буюк шоир ва мутафаккир ижодининг авж нуқталари эди. Адиб “Муҳокамат ул-луғатайн” да ўзининг бутун ижодий йўлини сарҳисоб қилиб, туркий тилдаги шеъриятнинг қудратини таъкидлаган. Унда, жумладан, қуйидаги маълумот бор: “Чун “Лисон ут-тайр” илҳоми била тараннум тузупмен, қуш тили ишорати била ҳақиқат асрорини мажоз суратида кўргузупмен”. Алишер Навоий гўдаклик чоғларидан тасаввуф шеъриятининг устоди Фаридиддин Аттор яратган “Мантиқ ут-тайр” асарига меҳр қўйгани бизга маълум. Умрининг охирида ушбу асарга татаббу — жавоб ёзар экан, ўзининг шунгача ёзган барча асарларига фалсафий якун ясайди. Аттор асари Борлиқнинг ягона моҳияти ҳақида, Ҳақ асрори ва инсон учун уни англаб етиш имкон даражаси ҳақида эди. “Лисон ут-тайр” мазмуни “Мантиқ ут-тайр”га зид ёки ундаги фикрларнинг такрори ҳам эмас, балки янги тарихий-маънавий босқичдаги шарҳи, талқинидир.

Атторнинг қушлар тилидан ёзилган достонида ирфоний эҳтирос ниҳоятда жўшқиндир. Навоий эса босиқ воқеабанд тасвирга урғу беради, қушлар саргузаштида ва ички ҳикояларда ҳаётийликни кучайтиради. Бу бежиз эмас. Охирги хулосада Навоий салафига қараганда олға кетади, масала моҳиятини теранроқ ҳис қилади ва бадиий тасвирни ҳам шунга муносиб яратади.

Ниҳоят Навоий охирги асари “Маҳбуб ул-қулуб” (“Кўнгилларнинг севгани”) рисоласида барча саволларга яна ўзи жавоб берган. Бу асар том маънода ижтимоий-фалсафий ва ахлоқий ғояларга тўлиқ бўлиб, XV асрда мавжуд бўлган барча ижтимоий тоифалар моҳияти муфассал очиб берилган, ижтимоий ва ахлоқий ҳодисаларнинг ўзаро боғлиқлиги, яхлитлиги ишонарли таъкидланган. Бу асар турли афоризм, мақол ва матнларга бой бўлиб, халқ орасида жуда кенг тарқалган.

Алишер Навоий ўзи ва салафлари — Низомий, Деҳлавий, Ҳофиз, Ироқий ва бошқалар яратган мустақил бадиий тафаккур тарзини “мажоз тариқи” деб номлади ва унда Ҳақ асрори “мажоз сувратинда” акс этишини таъкидлаган. Бу Борлиқни ўзига хос идрок этиш тарзи Нақшбандиянинг: “Дил ба ёру даст ба кор”, қоидасига мувофиқ бўлиб, унда ибрат, илм, ирфон ва амал бир нуқтада бирлашар ва янги дунёга кўз очарди. Тавҳид таълимоти ва эътиқодини идрок этишнинг энг юқори босқичи бўлган бу дунёқараш тизими “Хамса” ва “Лисон ут-тайр” асарларида, шоир лирикасида бадиий инъикосини топган.

1500 йилларга келиб шоирнинг ҳаёт шароити қийинлашиб, соғлиги заифлашиб қолсада, ижоддан тўхтамади. 1501 йилнинг бошида Навоий касалликдан вафот этди. Бутун Ҳирот халқи ўзининг буюк шоири билан хайрлашишга чиқди ва 7 кун давомида мотам тутди.

Навоий ўз ижоди билан ўзбек адабиётининг сўнгги ривожини белгилабгина қолмай, Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг бутун маънавий маданияти тараққиётига жуда катта таъсир кўрсатди. Унинг асарлари, шеърияти қайта-қайта кўчирилиб, халқ орасида кенг тарқалиб, шоирлар учун мактаб вазифасини ўтади, мадрасаларда кенг ўрганилди.

Алишер Навоий ижодини ўрганиш, унинг илмий таҳлили бўйича сўнгги йилларда қатор таниқли тадқиқотчилар иш олиб бордилар ва бугунги кунда ҳам Навоийнинг мероси кўпгина олимларимизни илҳомлантириб келади. Ҳозирда мактаблар, хиёбонлар, кўчалар, буюк шоиримиз номи билан юритилади. Унинг номида Ўзбекистон Давлат мукофоти таъсис этилган.

фил. ф.д. М. Имомназаров