Шуҳрат Ризаев. “Тонгларим тийрадир, оқшомлар пурғам”

(Устоз Абдулла Ориповни ёд этиб)

Бундан олти ой аввал “Видо” деб ёзган эдим, икки ой аввал эса “Совуқ нафас инди – кўз тегди…” деб. Энди не деб ёзай, не дебон бўзлай… яна бир томирим кетди-ей… яна бир ботирим ўтди-ей… Вой, бу ўлимнинг дастидан кун борми-ей, ёронлар, эранлар, эманлар…

Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ… Оллоҳ, Ўзинг кечир, Ўзинг ҳидоятингга, мағфиратингга бошла, хато-ю саҳвимни, заифимни кечир…

Нима қилайки, “видо” сўзини айтаверишдан юрак безиллаб қолди. Қайдадир хунук нафас эсса, “яна ким?” дея жавдираб қоляпман. Қалбим пора, юрак хун…

Бундан ўн икки сана бурун беназир устозимиз, оғамиз Бегали домла (Қосимов) ўтганларида қабрлари узра:

Тонгларим тийрадир, оқшомлар пурғам,
Бир-бир кетаётир жўраларим ҳам, –

дея Абдулла ака бўзлаб сўз айтган эди. Навбат ўзларига ҳам етаётганини, ҳадигу хавотир билан ўтаётган кунларини қалбдан ҳис этиб, фарёд чеккан эдилар, сассиз-садосиз…

Гарчи ортиғи билан ўттиз йиллар чамаси салом-алик қилган эсак-да, сўнгги йигирма йиллар анча яқин бўлиб, турли сафарларда бирга юрдик, мажлис-издиҳомларда, тўй-тантаналарда учрашдик, гурунглар қилдик. Ўзига яқин олиб улфатчиликка чорлаган паллалари ҳам кам эмас…

1985 йил – Ойбек домланинг 80 йиллик хотира тантаналарини ўтказамиз деб водий вилоятларида бўлдик. Биз Ойбек уй-музейининг Ўткир Ёрмуҳаммад бошлиқ бир-икки ходими Ёзувчилар уюшмасининг Абдулла Орипов етакчилигидаги делегациясига кўчма кўргазмамиз билан қўшилиб, Андижону Фарғона, Наманганнинг қишлоғу шаҳарларини кезиб, кўргазма-учрашувлар ўтказиб юрибмиз. Табиий, ҳар йиғинда улоқ Абдулла акада кетади. Асли тадбирга халқ Абдулла Орипов номини ҳам эшитиб келади. Гарчи орамизда бошқа шоиру номдор ҳофизлар бўлса-да, Абдулла аканинг мавқеи бўлак – халойиқнинг ростмана гуриллаб, қарсак урганини, олқишу алёрларга кўмиб, ҳиссиётлари жўш урганини дастлаб ўшанда, сўнгроқ оғамиз билан боғлиқ деярли барча сафарлар – Қашқадарёда Бегали аканинг 50 йиллик, Сурхондарёда Эркин Аъзам ва Усмон Азимнинг 60 йиллик саналарини нишонлаганда ва яна шу дамда хотирамга келиб-келмаётган ўнлаб тадбирларда кўрдим – гувоҳи бўлдим. Халқи айрича ҳарорат билан суйиб, алқайдиган шоирни, бу қадар муҳаббат ва эъзозни умрим давомида Абдулла ака мисолида кўрдим, билдим.

Бу-ку – бир томони, ташқи шакл-белгиси. Аммо бу издиҳомлар мазмуни-чи, эҳ-ҳе… Ундан-да ўтиб сафар чоғи тантана-зиёфатлардан сўнг меҳмонхона ётоқларида расмийликдан холи бўлиб, тонготар гурунг­ларнинг шукуҳи, маърифати, илмини айтиб, адоғига етиб бўлармикан… Абдулла аканинг гурунглари ўшандай чоғларда фавқулодда фикрга бой, тафаккур пучмоқларини ёритиб юборадиган, бетакрор суҳбатлар эди. Ўзбек мумтоз шеърияти, жаҳон адабиёти, катта-кичик замондош устоз ва дўст-биродар ҳам оға-ини қаламкашлар ҳақидаги мушоҳадалари, тушунча ва билимларининг теранлиги, чўнг ҳам инжалиги, хулоса ҳам умумлашмаларининг оҳору маҳобати эшитгувчини шошириб, тараддудга солиб қўярди.

Водийдаги ойбекхонлик – ўша дастлабки яқинлашув чизгилари пайдо бўлган кунларда, хоссатан, Намангандаги меҳмонхонада тонготар суҳбат қурарканмиз, Абдулла ака не бир сабаб билан бори мумтоз адабиётимизга экскурс қилиб, мушоҳадаларини сўйларкан, бирдан Зокиржон Фурқатга тўхтаб, узоқ гапирди. Фурқатга айрича муҳаббат, завқ-шавқ билан ёндашиб, шоирга бағишланган машҳур шеърини, унинг тарихини айтиб берди. Фурқатнинг ғурбати фақат Ватандан айро тушганида эмас, балки замонга сиғмаганида, ўз юртида ҳам мусофир бўлиб, қалбига малҳам ёру вафодор, ғамгусор тополмаганида, яқинлари ичра меҳр кўрмай, сайду сайёра ҳолида умр ўтказганида эканин аламланиб, эзилиб сўйлади. Кўз қароғи сувга тўлиб, пиёладаги “оқ сув”дан ҳўплаб-ҳўплаб, узоқ гапирди. Гарчи Фурқат ижодини университетда махсус ўрганиб, унинг услуби, ўзига хослиги ҳақида илмий тадқиқот олиб бораётган эсам-да, Абдулла аканинг аксарият фикрлари мени ниҳоятда мутаассир этди. Шоирнинг шоир ҳақидаги ўйлари ўзи бир зўр мақола эди…

Гапираверса, гапнинг адоғи йўқ. 1997 йил кузида Германияда ўзбек маданияти кунларини ўтказиб юрибмиз. Берлин кўчаларида лайлакқор майин укпар каби оби раҳматдек ёғиб турганда, Оврупонинг юрагида икковлон яёв кезиндик. Каттагина гавжум майдоннинг бир чеккасида хитойликлар ўзларининг қандайдир хос мазали аччиқ шўрваларини очиқ осмон остида бақириб-чақириб мақтаб сотиб турибдилар. Елим товоқларда шу таомдан олиб, тик турганча укпар ёғдулари остида оғзимизни куйдириб, хўриллатиб ичиб олдик. Шўрвасидан ташқари товуқ қайлали лағмонсифат қуюғини еёлмай, зарқоғозга ўратиб олдик. Абдулла ака: “Сўранг-чи, бундай мазали таомининг номи нима экан?” деб қолди. Хитойлик ошпаздан имо билан сўрасам, Абдулла акага ишора қилиб, нималарнидир сўйлаб кетди. Мен унча англамадим. Шунда Абдулла аканинг ўзи ёнимга келди-да: “Бу мени хитойлик деб ўйлаяпти, ўзидан сўра деяпти”, деди кулиб. Сўнг Москвада Озод домла, шоир Отаёр билан бирга юрганларида учовларини хитой, вьетнам ва индонезияликлар деб ўйлаганларини хандон отиб сўйлаб берди ва: “Кўрдингизми, иним, шоирни ҳамма халқ ўзидан деб ўйлайди”, дея беғубор лутф қилди… Ҳа, шоирни ўз халқи ҳам, ўзга халқлар ҳам қалбига яқин олиб муносабат кўрсатади. Чунки у яхшилик, эзгулик элчиси, Оллоҳдан инсониятга тинчлик, омонлик, фаровонлик, бахту иқбол тилагувчи зот. Ўзининг ана шу покиза нияти ва беғубор ўйлари билан элда ҳам, ўзга элларда ҳам ардоқли ва суюмли инсон.

Германия сафаридан уч-тўрт сана ўтиб, Абдулла ака, камина ва Беҳзод исмли йигит Қозоғистонга – Олмаота шаҳрига сафар қилдик. У ерда Умумжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг халқаро йиғилиши ўтказилар экан. Абдулла ака Ўзбекистон Муаллифлик ҳуқуқи агентлигининг раҳбари, Беҳзод – ҳуқуқшунос, камина эса Вазирлар Маҳкамаси вакили сифатида иштирок этдик. Уч кунлик анжуманнинг биринчи куни – биринчи йиғилишидаёқ халқаро ташкилотнинг мутасадди вакилларидан бири Абдулла акани Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлгани билан қизғин табриклади ва бутун тадбир давомида ҳурматини ошкора намоён этиб юрди, шундай нуфузли ташкилотда Абдулла Ориповдек баланд рутбали инсоннинг борлиги ўзлари учун шараф эканини қайта-қайта таъкидлаб турди. Мен шоир зоти барча халқу элатларнинг “ўзиники”дек эканини, у жаҳон элчиси, тинчлик элчиси эканлигини яна бир марта дилдан ҳис этдим.

Бундай сафарлар, бирга-бирга юришлар, суҳбатлар, учрашувлар, айтганимдек, кўп бўлди. Бири-биридан маънили, серзавқ, ёқимли… Айтаверсанг, адоғи йўқ. Балки ҳозирги кори-аъмолим тақозосими, асосан халқаро сафарларга доирлари қоғозга тушди. Бундан бўлаклари қанча, мен каби у кишининг суҳбатидан завқ олганлар қанча…

Аммо кўплаб учрашувлар, суҳбатлар ичра яна бир суҳбат борки, уни эсламаслик мумкин эмас. Янглишмасам, бу бафуржа ўлтириб гурунг­лашган сўнгги учрашувимиз бўлса керак.

Ўтган йил, куз бошларимиди, Абдулла ака бир неча ой Америка Қўшма Штатларида бўлиб, даволаниб қайтдилар. Ўртоғим Бобур (Алимов), шифокор дўстимиз Анвар (Ражабов), “Ижод уйи” директори Абдусаттор ака ва камина – тўртовлон пешин пайтлар аканинг ҳовлисига кириб бордик. Дарвоза очиқ, ичкарида ҳеч ким йўқдек. Билсак, пастки уйнинг иккинчи қаватида-ишхонасида Абдулла ака қандайдир хусусий киностудияга Америкада ёзиб келган янги шеърларини ўқиб бераётган, улар эса камерага ёзиб олаётган экан. Меҳмонхонага кирдик. Бироз ўтиб юқоридан Абдулла ака тушиб келди. Бизни кўриб суюнди, бағрига босиб сўрашди. Ҳол-аҳвол сўраш асноси гурунг бошланиб кетиб, ўн беш-йигирма дақиқалик мўлжалимиз уч-уч ярим соат давом этди. Орада келинойи келиб, ош ҳам дамлаб улгурдилар. Абдулла ака эса бизни қўйиб юборгиси келмас, қайсидир ишонганларидан кўнгли ранжиб, бироз гинахонлик ҳам қилар, бу билан бизга самимиятини сездирар, очиқ дил изҳор этар эди. Мавзу, табиий, сафар, муолажа, шунинг натижаси ўлароқ янги шеърлар ҳақида бўлди. Абдулла ака жўшиб кетди. “Укалар, ишонинглар, тўрт-беш кўйлакни ортиқ йиртган оғаларинг гапига ишонинглар, бизнинг ҳали билмаганларимиз жуда кўп экан, билмаймиз. Ўзи Ғаллаоролдан нарига ўтмай, “Нима бизга – Америка?” дея ёзган устозларнинг гапи билан “Сариқ иблис мамлакати”ни сўкиб юраверибмиз. Унинг қудрати, қуввати, маҳобати шунчаки гапларга сиғмайди. Кўриб, билиб, таниб, юздан ортиқ шеър ёзиб келдим. Лекин бу билан кимларнингдир ашуласини айтиб, нағмасига ўйнаганим йўқ. Агар юртда “Ватан!” деб жонини тиккан иккита одам бўлса, бири менман. Юрт­ни бемисл суйганимдан ўзгаларнинг қудратига ҳавас қилдим, неларигадир қиёс қилдим. Ўша буюк Американинг беадоқ бойлиги, қудрати негизида Хоразмий, Беруний каби боболаримизнинг закоси ётганини, ўшалардан қувват олиб банибашар илми равнақ топганини англадим, не-не шоҳидликлар кўрдим. Ғурурим ошдики, ўшаларга ҳавас қилдим. Юртимнинг ҳам одимлари ҳали ундан кам бўлмаслигини тиладим, эртанги кунимга-да ишондим, имон келтирдим. Укалар, ўзларингни эҳтиёт қилинглар, чин билан сохтанинг, яхши билан ёмоннинг фарқига боринглар. Ўткинчи шамоллардан ўзларингни асранглар!”

Абдулла ака бу гапларни, бизга ростмана оға бўлиб, бизни ўзига қадрдон билиб, яқин тутиб, дилдан айтди. Неки бизга, назаримда, барчамизга, элимизга айтди…

Шуни бугун, машъум хабарни эшитгач, яхши бир инсоннинг ҳиммати ила келиб қолганим Германиянинг Бавария ерлари марказида туриб, чоғроққина меҳмонхонанинг чоғроққина ётоғида кимсасиз кўнгил, дилгир кайфият билан қоғозга тушириб ўтирибман… “Кимсасиз” деган сўзни ишлатиб, шу сўз ва Абдулла ака билан боғлиқ яна бир кичик хотира хаёлимга келяпти. Беш-олти сана аввал, 9 апрель – Соҳибқирон Амир Темур таваллуди куни Тошкент марказий хиёбонидаги ҳайкал пойига гуллар қўйиб қайтар эканмиз, иттифоқо, Абдулла ака билан учрашиб қолдик. Ёнимда театршунос Омонулла (Ризаев) бор эди. Шу ерда Абдулла ака нима учундир Тамарахонимдан сўз очиб, Опа билан учрашганида, у кимсасизлик ҳақида туркча бир тўртлик айтганини эслади ва ёддан ўқиб берди. Омонулла қўл телефонига дарҳол ёзиб олди:

Ҳеч кимса йўқдур кимсасиз,
Ҳар кимсанинг бор кимсаси.
Кимсасиз бир кимсаям ё
Кимсасизлар кимсаси.

Эй, Оллоҳ, дунёларинг қизиқ, бандаларинг ғофил… Тамарахонимдек довруқли санъаткор шунча асъасаю дабдабаси билан “кимсасизман” деса, ўзбекнинг асрларга татигулик буюк шоири шону шуҳратининг авжу адосида “кимсасизлик” шевасини ёд этиб турса, биз шўрликларнинг ёзуғимизму эканки, Яратгандан нуқул нажот тилаймиз, синовли дамларда таваллолар ила тириклик таъмаларини қиламиз…

Шифокор дардимни эшитиб, текшириб, ташхис қўйиб, жарроҳлик амалиётини қилмаса бўлмайди деб турибди. Йўқса, қолган умрим оқсоқлик билан ўтар экан…

Бандаи ожиз, ҳаётдан умидим бор… Ёшим умр фусулининг кузида эрса ҳам, сафларга ярагим, жабҳаларда бўлгим келяпти. Юрт учун не бир хизматим сингиб, элимнинг маънавий тўкислигини кўргим, баркамоллик қўрғонини қурмоқда иштирок этгум бор; неларгадир ярашга ҳақлиман деб ўйлайман ўзимни… Вақти-соати етиб, ўлимни ҳам саодат билиб қабул қилмоққа-да қурбим етар, иншооллоҳ… Дунёга келиб одамлигимни англаб, юртимни, аждодим, ота-бобомни таниб, ўзбеклигимни билиб, энди эса шуларни кимларгадир, жилла қурса, авлодларимга, набираларимга билдириб кетмасам, бу оламга нега келдиму нега кетаман?!

Шифокорнинг жарроҳлик амалиёти олдидан “мабодо жараёнда бирор кутилмаган кор-ҳол бўлиб қолса ёки юрагингиз уришдан тўхтаб қолса ҳам розимисиз?” дея турли қоғозларга қўл қўйдиргани тўлиб турган юрагимни қақшатиб юборди. Устига-устак, машъум хабар… Бугун қаердасан, эрта қаён бўлурсан… Холиқи қудратнинг Ўзигагина аён. Аммо бир ҳақиқат борки, буни кураш – ҳаёт, тириклик учун мамот кураши дейдилар. Абдулла ака бу кураш яловбардори эди. Худди Ислом ака (Каримов), Эркин ака (Воҳидов) каби элимизни нурли манзилларга олиб чиқиб, шу йўлда тиним, ҳаловат билмаган кўнгли-вужуди нисор жон эди. Уларнинг тафаккури умр бўйи тўхтовсиз ишлади, юраклари халқ, Ватан, миллат деб урди, ёнди ва шу сўнмас ёлқин-ҳарорат бугун ўттиз икки миллион халқнинг қалбини иситиб, ҳаётига нур таратиб турибди.

Буюклар ўлмайди, улар бир фурсат тин олиб, маънавий барҳаётликка кўчиб, шу билан жисмоний барҳаётларнинг тириклигини эслатиб, одамлигини билдириб туради…

Жойингиз равзайи райҳон, жаннати наимларда бўлсин, Абдулла оғажон! Буюклар каҳкашонида ўрнингиз ва номингиз мудом пойдор бўлғай!

Германия, Мюнхен шаҳри, 6 ноябрь 

“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 11-сон