Худди занжиларникидек жингалак сочлари, самимият, ишонч ва улуғворлик балқиб турган кўзлари, тропик нақшлар билан безатилган кўйлаклари Габога одамларни дарров ўзига маҳлиё этувчи ажойиб жозиба бахш этарди. ХХ асрнинг энг буюк ёзувчиси дея эътироф этилган колумбиялик Нобель мукофоти совриндори Габриэль Гарсиа Маркесни ана шу ном билан алқаб тилга олардилар.
У 1967 йили, 40 ёшида ”Ёлғизликнинг юз йили” деган романини чоп эттирди. Бу асар янги адабий услуб юзага келгани ва янги адабий давр бошланганидан дарак эди. Бу услубга мансуб ёзувчилар кейинроқ янги ҳаёт ва хаёл дунёси чегарасини белгиловчилар ўлароқ ”Жаҳон адабиётида портлаш қилган лотин америкаликлар” деб аталдилар.
Маркеснинг болалик йиллари Колумбия шимолидаги Аракатака шаҳарчасида – хаёл ва рўёлар дунёсида ҳасрату армон билан яшаётган тўпори, қашшоқ кишилар орасида кечди. Бувиси Габони ажойиб ва ғаройиб эртагу афсоналар оламида тарбиялади. Маркес қиссахонлик санъатини ана шу доно аёлдан ўрганди. Унинг ўзи ҳам буни шундай эътироф этган эди: ”Ёлғизликнинг юз йили” романининг баён услубини узоқ йиллар изласам-да, лекин, афсуски, ҳеч топа олмасдим. Охири шундай хулосага келдимки, энг мақбул ечим бувимнинг ўша услуби экан. У юракни ҳапқиртириб юборувчи ғаройиб воқеаларни шундай табиий ҳикоя қилардики, сиз бу воқеаларга ҳеч шак-шубҳасиз ишонар эдингиз.
АҚШлик буюк адиб Уильям Фолкнер асарлари мутолаа қилиш орқали модернистик роман яратиш йўлини эгаллаган Маркес бувисининг ривоя услубидан илҳомланиб, ҳаётнинг ҳаққоний манзараларига кўҳна асотирларни пайвандлаган ҳолда гўзал бадий асар яратди. Тадқиқотчилар фикрича, ҳаёт ва хаёлни Маркесдек зўр маҳорат билан ўзаро чатиштирувчи ва ўтмишу ҳозир орасига кўприк ташловчи қалам соҳиби камдан-кам топилади.
“Ёлғизликнинг юз йили” асари манбалари Габога бувиси сўзлаб берган ривоятлару Фолкнернинг адабий таъсири билангина чекланмайди, албатта. Аниқроғи, бу манбаларни санаб адоғига етишнинг ўзи душвор. Бу икки манба билан бирга Кариб денгизи бўйида яшовчи халқлар фольклори, Колумбгача бўлган давр Америка эпоси ҳам бу роман “томир”ларини ҳаёт суви билан таъминлади. Маркес мусиқа тинглашни-да бениҳоя севар, бунга китоб ўқишдан ҳам кўпроқ вақт сарфлар эди. Шунга кўра, у ўз ривоясини Колумбия анъанавий мусиқалари темпи ва ритми асосига қурди. Ниҳоят, Колумбиянинг XVIII–XX асрлардаги қонли тарихи ҳам бу манбалар орасида алоҳида ўрин тутишини таъкидлаш зарур.
“Ёлғизликнинг юз йили” романинг қоғозга тушиши жуда оғир кечди. Уни Маркес 20 йил мобайнида бир санчиқ мисол кўксида олиб юрди. Охири эса ижодхонасига қамалиб олди-да, бир ярим йил қалам ва қоғоз билан ёлғиз қолди. Бу вақтда у хотини Мерседес ва ўғиллари Родриго ҳамда Гонсало билан Мексика пойтахти Мехикода яшарди. У Колумбияда давлат тепасига келган ўта ўнг ҳукумат таъқибидан қочиб, шу ерда қўним топишга мажбур бўлганди. Романни ёзиш жараёнида Маркес баққолдан тортиб то уй эгасигача 120 минг песо қарз бўлиб қолади. Асарни ноширга жўнатиш учун эса Мерседеснинг миксер ва фени гаровга қўйилади. “Мабодо роман ёмон чиққудек бўлса, биз аниқ касодга учрардик”, деб тан олган эди кейинроқ Мерседес.
“Ёлғизликнинг юз йили” романи нафақат испанзабон мамлакатлар, балки бутун дунёда шон-шуҳрат қозонди. Адабиёт билимдонлари Маркесни Сервантес ва Шекспир билан қиёслай бошладилар. Романнинг эса бутун инсоният ўқиши шарт бўлган “Ибтидо”дан кейинги иккинчи китоб”, дея эътироф этилди. Нафсиламрини айтганда, Маркес ўз минтақаси – Лотин Америкасининг “Ибтидо” китобини яратган эди. Романда бир шаҳарча – Макондо ва бир оила – Буэндилар тарихи акс топса-да, лекин улар рамз ўлароқ Лотин Америкаси ва унинг жафокаш халқи тарихини мужассамлаштирар эди. Лотин Америкаси ХV–XVI асрларда дастлаб кашф этилган бўлса, Маркес XX асрда уни қайта кашф этди, деган олқишлар янграрди.
Романда Лотин Америкаси тарихи учун хос ҳарбий диктатуралар, агрессив сексизм, шунингдек, исёнлар, изтироблар, зўравонликлар бадиий гавдалантирилди. Табиийки, асарда Лотин Америкасининг ўткир ижтимоий муаммолари, фусункор реализм бадииятига мувофиқ, янада муболағадор инъикос топганди. Маркеснинг ватандоши бўлмиш журналист ва ёзувчи Фелипе Рестрепо Памбо ибораси билан айтганда, “Ёлғизликнинг юз йили” романини катталаштириб кўрсатувчи қабариқ ойнага ўхшатиш мумкин эди. Унда Лотин Америкаси ўзининг барча фазилату разолатлари билан яққол намоён бўлганди.
МАРКЕС ВА КАСТРО
Тадқиқотчилар “Ёлғизликнинг юз йили” романининг 1-қисми Куба инқилоби таъсирида ёзилган, деб таъкидлашади. Маълумки, 1959 йил 1 январда Фидель Кастро бошлиқ “26 июль ҳаракати” аъзолари ва уларга хайрихоҳ бошқа кучлар қуролли қўзғолон ёрдамида Фульхенсио Батистанинг ҳарбий диктатурасини ағдариб ташлади.
ХХ асрнинг 50-йилларида Лотин Америкасининг бир қатор мамлакатини хунта орқали ҳукуматга келган катта-кичик офицерлар бошқарарди. Уларнинг аксарияти нафақат золим ва қонхўр, балки айни чоғда айрим қудратли давлатларнинг малайлари ҳам эди. Чунончи, Куба Батиста режими даврида мутлақо арзон хомашё ўлкаси ва айш-ишрат марказига айланиб қолганди. Фидель Кастро дарҳол Кубада халқ ҳокимиятини ўрнатди ва социалистик ислоҳотларни бошлаб юборди.
Бу инқилоб Ғарбий ярим шарда ижтимоий тартиботни ўзгартириш ва АҚШ тазйиқидан озод бўлиш имкониятини очиши билан барчани лол қолдиради. Маркесда ҳам шу инқилоб таъсирида Лотин Америкасининг бахтли келажагига умид уйғонади ва бу кайфият “Ёлғизликнинг юз йили” романининг 1-қисми руҳини белгилайди.
Ўша даврнинг интеллектуал элитаси – Марио Варгас Льоса, Жан-Поль Сартр, Альбер Камю, Симона де Бовуар ва бошқалар дастлаб Куба инқилобини ҳимоя қилиб чиқади. Лекин, таассуфки, кейинчалик улар жамиятнинг Куба моделидан ҳафсаласи совиб, бу инқилоб билан орани очиқ қилади.
Маркес эса Озодлик ороли билан алоқани узмади ва унинг раҳбари билан бир умр дўст бўлиб қолди. Зеро, Маркес ХХ асрнинг 50-йилларида Шарқий Олмония ва Совет Иттифоқида бўлган, унинг сиёсий қарашлари, социализм лагери ва сўлчи ғояларга хайрихоҳликда шаклланган эди.
Лотин Америкасининг Карлос Фуэнтес ва Марио Варгас Льоса каби машҳур ёзувчилари Фидель билан дўстлигича қолгани учун Маркесни танқид остига олди. Ҳатто Льоса азбаройи жаҳли чиққанидан ўз халафини ”Кастронинг полвончаси” дея камситди. Лотин Америкасининг икки Нобель мукофоти совриндори (1982 ва 2010) кўп йиллар бир-бири билан гаплашмай юрди.
Кастро билан дўст бўлиб қолиши учун Маркесда етарлича асослар бор эди. У 1982 йили берган бир интервьюсида ўзи билан Фидель ўртасидаги дўстлик моҳияти ҳақида бундай деган эди: ”Иккимизнинг орамиздаги муносабат фикр алмашиш дўстлигидан бошқа нарса эмас. Кастронинг юксак маданият соҳиби эканини эҳтимол кўпчилик билмас. Лекин биз ҳар гал учрашганда фақат адабиёт мавзуида суҳбат қурамиз”.
Маркес ўз асарларини чоп эттиришдан аввал Кастро назаридан ўтказиб оларди, деган гап-сўзлар бор. Ҳатто шундай бўлган тақдирпда ҳам бир фактни назардан соқит этмаслик керак. Фиделнинг Маркес асарларига киритган ўзгартиришлари асло ғоявий (мафкуравий) табиатга эга бўлмаган. Буни ҳафсала билан ҳижжалаб мутолаа қилиш ва таҳрир этиш, дейилса кўпроқ тўғри бўлади. Масалан, Кастро бир ҳикояда қайиқнинг сузиш тезлигига доир хатога йўл қўйилганини кўрсатади. Бошқа асарда эса қайсидир тўппончага қанча ўқ кетиши нотўғри ёзилганини уқтиради. Яна бир ўринда эса ов милтиғи янглиш тасвирланганига эътиборни қаратади.
Маркеснинг ўзи қайд этишича, у Кастро режимининг айрим жиҳатларини танқид қилишга ҳам журъат этган. Тўғри, шу юзасидан матбуотда алоҳида чиқишлар қилмаган, аммо юзма-юз мулоқотларда уларни дадил айта олган. Маркес Фидель сиёсатидаги баъзи кескинлик-ларни юмшатишга эришгани, унинг аралашуви билан айрим диссидентлар озодликка чиққани ҳақида бирмунча маълумотлар бор.
МАРКЕС ВА АЙТМАТОВ
Маркес туркий дунёнинг буюк ёзувчиси Чингиз Айтматов билан ҳам дўстлик ришталарини боғлаган эди. Оламшумул шон-шуҳрат қозонган бу сўз санъаткорлари дунёнинг турли минтақаларидаги адабий анжуманларда кўп бор ҳамсуҳбат бўлгани табиий, албатта. Қолаверса, Чингиз Айтматов хонадонидан турли қитъалардан ташриф буюрган сўз санъаткорлари қадами аримасди.
Чингиз Айтматовнинг ўғли Элдор ўз интервьюларидан бирида “Бизнинг хонадонимизга афсонавий Габриэль Гарсиа Маркес меҳмон бўлиб келган эди… Отам билан стол атрофида суҳбат қуриб ўтиришган пайтда мен уларнинг теграсида айланиб, ўйнаб юрганимни эслайман, холос. Дарвоқе, ўша мулоқотлар акс эттирилган оилавий видео ҳам сақланиб қолган. Ҳозир уларни томоша қилиш ўзимга ҳам завқ-шавқ бағишлайди, – деган эди.
Бу дўстлик замирида, аввало, уларнинг иккиси ҳам ХХ асрда Лотин Америкаси ва Туркий Дунё янги эпосини яратгани турса, ажаб эмас. Шуниси қизиқки, болалик йилларида бувисидан эшитган эртак ва афсоналар Маркес сингари Айтматовнинг адабий тақдирини ҳам белгилаб берган. “Менинг бутун ижодим ва қарийб ҳар бир асаримда мифологик мавзуга мурожаат учрайди, – дейди Чингиз Айтматов ўз интервьюларидан бирида. – Бу мавзу бадиий асар учун битмас-туганмас манба ҳисобланади. Бувим сабаб ҳали мурғаклик чоғларимдан менга афсоналар, эртаклар, ривоятлар катта таъсир кўрсатди. У жуда ноёб инсон, буюк эртакчи эди. Ўша кезлар ҳали нафақат телевизор, ҳатто радио ҳам йўқ эди. Бувим – менинг телевизорим эди, десам хато қилмаган бўламан.”
Айтматовнинг фольклор, мифология, эпосга бўлган севгиси, аввало, машҳур қирғиз достони “Манас”га бўлган севгиси билан ўлчанади. Чингиз оға дунё халқлари луғатига олиб кирган “манқурт” сўзи, тушунчаси манбаи ҳам айни шу эпос эди. Манас лашкари саҳройи бир қавмнинг жунгжанглардан озод бўлишига қандай ёрдам бергани ҳақидаги лавҳа “Асрни қаритган кун” романидаги Манқурт афсонасига хамиртуруш бўлди. Айтматов қирғиз фольклоридаги шу мавзуга доир барча мотив ва версияларни эринмай, синчиклаб ўрганди. Уларни ўз бадиий хаёлоти “олов”ида жилолантирди ва охир-оқибат жумла оламни лол қолдирган бадиий гўзалликни яратди.
Чингиз оға ижодига мифологиянинг кириб келиши дастлаб “Оқ кема” қиссасида яққолроқ кўзга ташланган эди. Бу асарда ёзувчи ХХ аср 70-йилларидаги қирғиз ҳаётини асар бош қаҳрамони – мурғак бола онги орқали бадиий гавдалантиради. Бола бу ҳаётга бобоси сўзлаб берган Шохдор Она Буғу ҳақидаги афсона кўзи билан, шу афсонага асосига қурилган соф мифологик онги орқали қарайди ва шуниси ҳайратланарлики, ундаги иллатларни катталардан кўра аниқроқ кўради ва буларга катталардан кўра ҳассосроқ муносабат билдиради. Гарчи покиза хилқат разил жамият билан курашда жисман мағлубиятга учраса – сувга чўкиб, ҳалок бўлса-да, лекин, айни чоғда маънан ғалаба қозонади – қалб софлигини асраб қолади.
Айтматовнинг “Оқ кема”дан кейинги асарларида мифологик мавзу қамрови ортиб борди ва унинг бадиий-эстетик вазифаси тобора ўзгарди. “Оқ кема”да ҳаёт бола мифологияси орқали бадиий таҳлил этилган бўлса, “Кассандра тамғаси” романида эса у энди муаллиф мифологияси орқали бадиий таҳлилга тортилди. Дастлабки асарда биргина қирғиз жамияти тақдири ҳақида аччиқ башоратлар қилинган бўлса, кейинги асарда эса Ер сайёраси қисмати ҳақида айнан шундай башоратлар қилинди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов “Кассандра тамғаси”нинг жанр хусусиятлари ҳақида фикр юритиб, роман фантазияга ҳар қанча бой бўлса-да, аммо, асосан, реалистик асар сифатида қабул қилинди, дея эътироф этганди. Аммо шуни ҳам унутмаслик жоизки, асар жанрини фантастика ёки антиутопия деб белгиловчилар ҳам, аслида, ноҳақ эмас. Чунки “Кассандра тамғаси” серқатлам асар сифатида бир неча жанр хусусиятларини ўзида мужассам этган.
Асар бош қаҳрамони – самовий руҳоний Филофей илгари олим ўлароқ маҳкума аёлларда тажриба ўтказган ва улар ёрдамида сунъий одамлар яратишга интилган эди. Ғаройиб интиҳони қарангки, эмбрионлар ёвузликка тўлиб-тошган бу дунёга келишни хоҳламай, шу ҳақда инсониятга сигналлар юборади. Ҳомиладор аёллар манглайига нур юбориш орқали кўриш мумкин бўлган ана шу сигналлар Кассандра тамғасининг айнан ўзидир. Филофей бугунги инсониятни келажак авлодлар йўллаётган шу сигналлардан огоҳ этиб, уни ҳар қандай адолатсизлигу зўравонликка барҳам беришга чорлайди. Аммо Оллоҳ ато этган ақли туфайли барча маҳлуқотдан мумтоз этилган одамзод бу даъватга нафақат қулоқ осмайди, балки уни масҳаралаб кулади. Эзгу даъвати шундай оёқости қилинганини кўрган Филофей ўзини очиқ фазога отиб, ҳалок этади. Нигилизм ботқоғига ботган бани башар эса адолатсизлик ва зўравонликни яна аввалгидек давом эттираверади… Чингиз Айтматов “Оқ кема”да қирғиз ва бошқа барча совет халқларини маънавий илдизидан узилиб қолиш қанчалик фожеий оқибатларга олиб келишидан огоҳ этган бўлса, “Кассандра тамғаси”да эса бутун инсониятни худди шу омил сабаб одамзод ўзини ўзи биологик тур сифатида қириб юбориши мумкинлигидан огоҳ этди.
Агар ёдингизда бўлса, Маркес романи ҳам Макондони ватан тутган Буэндилар оиласи ўзини ўзи ҳалок этиши тасвирланган мунгли саҳифалар билан якунланарди. Бу ўхшашлик эса нафақат “Кассандра тамғаси” ва “Ёлғизликнинг юз йили” романлари, балки Айтматов ва Маркес бадиий олами ҳам, ўз руҳига кўра, нақадар яқинлигидан далолат беради. Ҳа, икки даҳо сўз санъаткори ХХ асрда бани башар ўзи устидан ўзи даҳшатли ҳукм ўқиётганидан аччиқ надомат чекиб яшади.
ХОТИРЛАШ МАРОСИМИ
Мексика ва Колумбия давлатлари Мехико шаҳрида Маркес вафоти муносабати била хотирлаш маросимини ўтказди. Ушбу маросимда ҳар икки давлат президентлари иштирок этди. Маркес ўз умрининг 30 йилдан кўпроғини шу шаҳарда ўтказган ва шу ерда ҳаёт билан видолашган эди.
Унинг жасади, оила аъзолари истагига кўра, куйдирилиб, ҳоки гулдонга солинди ва Мехикодаги Нафис санъатлар саройига элтилди. Ҳок солинган гулдон фахрий қоровул қуршовида сарой даҳлизидаги тамал тошига қўйилди. Ўша куни бу гўша Маркес севадиган сариқ гуллар билан безатилган, мусиқачилар у севган куйларни ижро этар эди.
Маркеснинг минглаб дўст ва мухлислари унинг ҳоки солинган гулдон олдидан ўтиб, мотамсаро рафиқаси Мерседес ва ўғиллари Родриго ҳамда Гонсалога таъзия изҳор этди.
Шу куни Мехико осмонига минглаб сариқ қоғоз капалаклар учирилди. Бу – “Ёлғизликнинг юз йили” романи қаҳрамони ортидан ҳар доим сариқ капалаклар учиб юрганига ишора эди.
Яна шу куни Колумбиянинг Маркес болалик йилларини ўтказган Аракатака шаҳрида унга рамзий дафн маросими ҳам уюштирилди.
Нобель мукофоти қўмитасининг доимий котиби Петер Энглунд Маркес вафоти муносабати билан бундай деган эди: “Гарчи буюк ёзувчи орамиздан кетган бўлса-да, унинг асарлари биз билан яшашда давом этади. Кўпчилик ёзувчилар соядан бошқа нарса эмас, аммо Габриэль Гарсиа Маркес ўзи соя солиб турувчи ёзувчилардан эди. У бу миссиясини вафотидан кейин ҳам давом эттираверади, албатта”.
Перулик Нобель мукофоти совриндори Марио Варгас Льоса эса уни буюк ёзувчи деб атади. Аслида, бу икки қаламкаш кўп йиллар давомида бир-бирига қарши бўлиб келганди. Шунга қарамай, Льоса Маркес ҳақида эҳтиром билан бундай деб таъкидлади: “Унинг ҳаётини энди романлари давом эттиради ва у ҳар бир гўшада янги ўқувчилар топади”.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 12-сон