29 август куни Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ҳамда Япониянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма томонидан “Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири яратишни ривожлантириш (2-босқич)” лойиҳаси бўйича алмашув нотаси имзоланди. Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.
Шу билан бирга, Жамшид Хўжаев ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вице-президенти Кейитиро Наказава томонидан ушбу лойиҳа бўйича кредит битими имзоланди.
15 йил муддатга (5 йил имтиёзли муддат) ажратилаётган 200 млн доллар маблағ фермер хўжаликлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларининг молиявий барқарорлигини оширишга хизмат қилади. Пировардида, лойиҳа Ўзбекистонда рақобатбардош мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имконини беради.
Маълумотларга қараганда, биринчи босқич доирасида Ўзбекистонда 300 дан ортиқ лойиҳа ҳаётга татбиқ этилган ва 5 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган. Умуман, JICA кўмагида ҳозирги кунда мамлакатимизда 4,7 миллиард долларли 13 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бу йил Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Қайд этилишича, Япония томони келгусида ҳам кўмак дастурларини давом эттиради.